Sharof Boshbekov. Falakning gardishi & Sharof Boshbekov «Hayot davom etadi» teleloyihasida

Ashampoo_Snap_2016.11.03_01h11m12s_003_.png     «Ҳар бир ёзувчининг қандайдир ўзигагина хос жиҳати бўлади. Кимдир сюжет топишга уста, кимдир ноёб характерлар яратишга моҳир, бошқалари асар воқеаларини заргарона теришда тенги йўқ. Менинг энг яхши кўрган қуролим — юмор» (Шароф Бошбеков билан суҳбатдан.1991 й).

Шароф БОШБЕКОВ
«ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ» ТЕЛЕЛОЙИҲАСИДА
Суҳбатдош Дилшода Матчонова
005

1a912b5422bc2b0c58e693e3ee4dd1de.pngИстеъдодли драматург Шароф Бошбеков 1951 йили Самарқандда дунёга келган. У aдабиётнинг қутлуғ даргоҳига 80-йилларнинг бошларида қадам қўйган. Дастлаб ҳикоя жанрида ўз истеъдодини синаб кўрган.Унинг «Г» варианти» (1981), «Ғурур» (1982) «Жумбоқ» (1986) каби ҳикоялари юзага келган. Шундан сўнг унинг ранг-баранг мавзудаги саҳна асарлари яратилди.

У «Тушов узган тулпорлар» (1983) ҳамда «Эшик қоққан ким?» (1987) каби комедия, «Темир хотин» (1989), «Қасосли дунё» қисқа метражли фильм сценарийсини ёзди. Шунингдек, «Эски шаҳар гаврошлари» (1998) каби жиддий комедия яратди. Сўнгги вақтда унинг «Тақдир эшиги» драмаси майдонга келди. Айниқса, «Темир хотин» пьесаси адибга катта шуҳрат келтирди.

Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда умумлаштириб берилган. Адибнинг шу асари асосида кинофильм ҳам яратилди (1990). Шунингдек, у «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этди. У «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилди. «Чархпалак» номли 60 лавҳали видеофильмни ҳам яратди. Шунингдек, «Тентак фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарларини ёзди. Унинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М. Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса унга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. У «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Шароф БОШБЕКОВ
ФАЛАКНИНГ ГАРДИШИ
Киноқисса
005

Учта шарпа секин девор ошиб тушди. Эҳтиётлик билан оёқ учида юриб, ҳовлини кесиб ўтишди.
Айвонга кираверишда бир неча оёқ кийимлари тартиб билан териб қўйилган. Орасида болалар пояфзали ҳам бор.
Оғрилар ичкарига кириб, кўзи қоронғиликка ўргангунча тек қотиб туришди.
Икки чеккада эр-хотин ётишибди. Ўртада тўртта бола. Хотиннинг ёнида бешик. Ҳаммаси донг қотиб ухлаб ётибди.

Шу пайт бешик қимирлаб, ичидаги бола безовталана бошлади.
Шарпалар бошидан ҳуши учиб, тахта бўлиб қолишди. Биттаси — уларнинг каттаси бўлса керак — ёнидаги шеригига «бешикни йўқот» дегандай ишора қилди. Шериги секингина кўтариб, оёқ учида юрганича бешикни олиб чиқиб кетди.

Айвоннинг зинасидан авайлабгина кўтариб тушди. Секин олиб бориб, ҳовлидаги дарахтнинг тагига эҳтиётлик билан қўйди. Шерик деганимиз ёши йигирма беш ёшлар атрофида, қотмадан келган, қирра бурун Шавкат исмли ўғри эди. У тайинли бир жойда ишламас, қўни-қўшниларнинг майда-чуйдасини ўғирлаб тирикчилик ўтказарди. Бориб-бориб йирикроқ «иш»га ўтди — одамларнинг уй-жойи, мол-ҳолини ўғирлайдиган бўлди.

Бешикни қўйиши ҳамон аввалига ер тагидан бўғиқ гулдирак эшитилди, кейин ўз-ўзидан ҳамма йўқ титрай бошлади. Шавкат қўрққанидан дарахт танасига маҳкам ёпишиб олди. Кутилмаганда иморатлар бирин-кетин қулаб, борлиқни чанг-тўзон қоплади. Дов-дарахтлар нотабиий қийшайиб у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Ҳозиргина у ўғриликка тушмоқчи бўлиб турган уй Шавкатнинг шундоққина кўз ўнгида қулаб, ер билан яксон бўлди. Ичкаридагилар: чақалоқнинг ота-онаси, опа-акалари, Шавкатнинг иккита шериги ҳам қулаб тушган том тагида қолиб кетди…

Она-табиат гўдакни аягандай, бешик оҳиста чайқалиб, тебраниб турарди. Бу ҳол шу қадар тез содир бўлдики, Шавкат бирон нима тушунишга ҳам улгурмади. Тушунганида эса даҳшатдан тошдай қотиб қолди. Нима қилишини билмай, довдираганича ҳозиргина уй турган жой томон бир-икки қадам ташлади. Иморат остида қолиб кетганларга ёлғиз ўзи ёрдам бера олишига кўзи етмай, атрофга илинж билан боқди.
Бутун шаҳар тўзон ичида қолган эди.
Нимадир эсига тушиб, шитоб билан югуриб кетди…

Ағдарилиб ётган симёғочлар, қулаб тушган дарахтлар, пачоқланган енгил машиналар оралаб югуриб бораётган Шавкат тинмай пичирларди:
— Ботиржон, болам!.. Сурайё, жоним!.. Кўз очиб кўрганим!.. Ишқилиб омон бўлинглар!.. Ахир бу дунёда сизлардан бошқа кимим бор? Э, худойим, ўғлим билан хотинимни ўзинг паноҳингда сақла!..

Узоқ югурди у. Саросимада у ёқдан-бу ёққа бемақсад чопиб юрган одамларга урила-урила, нималаргадир қоқилиб-суқилиб, ҳеч нарсага қарамасдан олға интилади…
Ниҳоят, мўлжаллаган жойига етиб келди. қараса…ҳовлисидан ном-нишон йўқ! Фақат дарахтларгина мунгли қийшайиб турибди. У додлаб юборди. Фарёди бутун шаҳарни тутиб кетгандай бўлди гўё. Ётоқхонани чамалаб, қўлига илашган шифер парчаси билан жазавага тушиб қазий бошлади. Шифер синиб кетди. Сўнгра қўли, тирноқлари билан титраб-қақшаб қазишда давом этди. Эксковаторга ҳам кўплик қиладиган ғишт ва ёғоч уюмларига қараб туриб, чорасизликдан инграб юборди.

Ёғоч тўсинлар орасидан ойнаси дарз кетган ромли сурат топиб олди.
Унда Шавкат, хотини Сурайё ва уч-тўрт ёшлардаги ўғли — Ботир кулиб туришибди.
Суратни қўлида кўтарганича, негадир, у ёқдан-бу ёққа изиллаб югура бошлади. Сўнг ҳолдан тойиб, умидсизлик билан ўтириб қолди.
Ховли бурчагида ўғлининг уч ғилдиракли велосипедига кўзи тушиб, фиғони баттар фалакка чиқди.
Ақлдан озадиган даражага етди. Кўз ёши тугаган — энди унинг йиғиси кўпроқ хиргойига ўхшаб кетарди. Сочига қиров тушди. Эси оғиб қолган — қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмасди.

Тонг ёриша бошлади. Кўчаларда аллақачон «Тез ёрдам», милиция, ўт ўчириш машиналари ҳаракатга келган. Унда-бунда булдозер, эксковаторлар кўринади…Ҳарбий қисмлар ҳам танклари билан ёрдамга чиққан…
Шохи чиқиб кетган троллейбуслар…
Ҳаракатдан тўхтаган трамвайлар тизилишиб турибди…

Бутун шаҳар арининг уясидек қайнайди.
Шавкат ҳардамхаёллик билан кетиб боряпти. Атрофдаги шунча шовқинни ёриб, қаердандир чақалоқиинг йиқлаган овози келди. У ўз хаёли билан бўлиб эшитмади. Бола чинқириб йиғларди. Ниҳоят, тўхтаб қулоқ солди – йиғи жуда яқиндан келаётган эди. Шавкат тентираб-тентираб ҳали ўзи ўғриликка тушган ҳовлига келиб қолибди. Ва бирдан ўзи олиб чиқиб қўйган бешикка кўзи тушиб, ҳайратдан тош бўлиб қотиб қолди.

Бешик Шавкат қандай қўйиб кетган бўлса шундоқ турибди. Фақат устидаги ёпинчиқни чанг қоплаган. Чақалоқ — тонгги салқинда совуқ қотганми, ё қорни очганми – биғиллаб йиғларди.

Шавкат уқувсизлик билан уни бешиклан ечиб олди-да, ўрагани нарса қидириб атрофга аланглади. Ҳеч нарса тополмагач, бешик устига ёпилган ёпинчиққа чақалоқни шоша-пиша ўраганича, ғишт уюмларидан ҳатлаб катта кўчага чиқиб олди.
Энди кўчада одам кўпайиб қолган. Бир-биридан кўнгил сўраган, зилзила оқибатлари ва тафсилотлари билан ўртоқлашган, ҳамдардлик билдирган ва ҳоказо. Ҳаммаёқда ваҳима ва саросималик…
Шавкат болани бағрига босганича одамлар оралаб кетиб боряпти. Гўдак унинг иссиқ бағрида ором топгандай йиғидан тўхтади.

У телбанамо кайфиятда бир нималарни пичирлар, ногоҳ тўхтаганича бир нуқтага тикилиб қолар, озгина шовқиндан ҳам чўчиб тушарди. У катта кўчадан кетиб бораркан, «Бинафша кафеси» деган ёзувга кўзи тушди. «Ф» қарфи қийшайиб қолган. Калласида беихтиёр «Бинафша кафеси», «Бинафша кафеси» деган ўй чарх ура бошлади. Чақалоқнинг энди ростакам қорни очди шекилли, яна ғингший бошлали. Шавкат уни қўлида тебратиб овутар экан, оғзидан беихтиёр «Алла-ё, Бинафша кафеси, алла» деган сўзлар чиқиб кетди.
— Болангизнинг қорни очган кўринади, — деди бир аёл. — Анави ерда «роддом» бор, уларда сут бўлади.
Шундай деб аёл шошганича йўлида давом этди.

Аёл кўрсатган «роддом» эски, Николай замонида қурилган қизил ғиштли иморат бўлиб, у ерда ҳам аҳвол шу — каравот ва бошқа жиҳозларни ташқарига олиб чиқаётган ҳамширалар, бир қўлида чақалоқини, иккинчисида чойнак-пиёла ўралган тугунини кўтариб олган аёллар…

Шавкат биғиллаб йиғлаётган чақалоқни бағрига босганича рўйхатхона дарчасига рўпара бўлди.
— Синглим, — деди у хушрўйгина навбатчи ҳамширага.
— Манавини кўриб беринг, таги ҳўл бўлганми, қорни очганми…ҳамшира индамай болани олиб, ечиб кўрди.
— Тагимизам ҳўл бўпти. Қорнимизам очибли, — деди ҳамшира чақалоқни эркалаб. — Ҳозир тўғрилаймиз…

Бешик ёпгичини олиб ташлаб, эскироқ адиёлга қайта йўргаклади, шкафчадан учига сўрқич кийдирилган сутли шишани олиб келди.
— Манг… — деб у шишани Шавкатга узатди. Ўзи столга бориб ўтирди. — Бу қизалоқнинг исми нима экан?
Шавкат шишани яқинлаштириши ҳамон чакалоқ очкўзлик билан чапиллатиб эма кетди. Шавкат чақалоқнинг юзига биринчи марта дурустроқ қаради. Унинг шишасини биров олиб қўядигандек жон-жаҳди билан эмаётганини кўриб, бугун илк маротаба кулимсиради ва меҳри товланиб қараб қолди.
— қизчангизнинг исми нима, деяпман, — такрорлади ҳамшира. — Мен ёзиб қўйишим керак.

— А?.. «Бинафша кафеси»… — деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди Шавкат.
— Хўп, Бинафша. Фамилияси?
— А?.. Кимни?..
— Ўзингизнинг болангизми ахир?

Шавкат ўзини йўқотиб, довдирганча секин «йўқ.» деди, лекин тасдиқ маъносида бош ирғади.
— Бўпти-да, — деди ҳамшира унинг мужмаллигидан ғашланиб. — Сизнинг фамилиянгиз нима?
— Жалилов…ҳамшира дафтарга «Жалилова Бинафша» деб ёзиб қўйди.
— Онаси қаерда? — деди ҳамшира дафтардан бош кўтармай.

Шавкат жим. Ютиниб олди. Кўзларида ёш ўйнади. Ҳамшира унинг аҳволини кўриб, ҳамдардлик билдирди:
— Тушунаман… бандалик-да… — деди у ўзиям йиғлаб юборгудай бўлиб. — Нима қиламиз — кўпга келган тўй…
Болани нима қиласиз, ташлаб кетасизми? Бу ерда ҳамма шароит бор, ҳарқалай, эмизикли нарса…

Тўсатдан Шавкатнинг ғазаби қайнаб, йиғламсираганича бақира кетди:
— Нега ташлаб кетарканман, а, нега ташлаб кетарканман/! Ахир бу ёруғ жаҳонда шундан бошқа ҳеч кимим йўқ-ку!.. Ўйлаб гапиряпсизми, қандай ташлаб кета-а-ай?! ҳамшира унинг бунчалик куйинишини кутмаган эди — қўрқиб кетди.
— Мен… ҳалиги… «Ташлаб кетасиз»мас, «топшириб кетасизми» демоқчийдим… Ҳар куни келиб кўриб кетишингиз мумкин. Бу вақтинчалик, албатта. Озгина суяги қотиб, у-бу нарса ея бошлаганидан кейин опкетаверасиз. Нима бўлгандаям, эркак кишисиз, қийналиб қоласизми, дейман-да…

Шавкат болани бағрига босганича кўчада кетиб борар экан, ўзича тўнғилларди:
— Ташлаб кетасиз дейдими, а, болам? Айтдим, нега ташлаб кетар эканман, дедим!.. Ўзинг эшитдинг-ку… Э, ҳамшира бўлган сени…

* * *

Шавкатнинг ижарадаги уйи. Бу файзсиз ва кўримсиз хонада битта сим каравотдан бошқа ҳеч вақо, ҳатто ўтиришга стул ҳам йўқ. Ерга эски газеталар тўшалган. Бурчакда кийим-кечаклар ўралган тугун турибди.

Бинафша каравотда «га-га, гу-гу»лаб ётибди.
Шавкат ерда чордана қурганича ўша ойнаси дарз кетган суратга тикилиб ўтирибди. Суратдан кўз узмаган кўйи ўрнидан туриб, девор ёнига борди.
— Манави ерга қоқсак нима дейсан? — деб сўради у Бинафшадан. – қалай?.. Пастроқми?.. қараб тур, қийшиқ бўп қолса айтасан…
Суратни деворга қоқиб қўйди.
— Манави ойинг… — деди у Сурайёни кўрсатиб. -Манависи Ботир аканг… Сендан уч ёш катта… Ботирим..

Тўрт йил деганда худойимдан тилаб олганим… – Шундай деб Ботирнинг юзини силаб қўйди. — Бир куни ёғоч самосвал опкелдим. Ойлик олгандим… — Шундай деб, негадир, қизариб кетди. – ғилдирагиям ёғоч, рулиям ёғоч, чироқлариям ёғоч. Ким билади дейсан, шунақасидан опман-да… Ботир акангнинг севинганини кўрсанг! Деразадан қараб турган эканми, ўзиям снаряддай отилиб чиқди-ёв! Юраги ёрилгудай бахтли бўп кетди… Мен кутмовдим, ўзимни йўқотиб, довдираб қолдим. Бола халқини бахтли қилиш шунчалар осон, деб сира ўйламовдим…

У бу гапларни қийналиб, азоб билан айтди. Бинафшадан уялгандай юзини четга бурди. Чунки сассиз йиғлаётган эди У-Каравотга келиб ўтирганча бирпас қизига жилмайиб қараб турди. Кейин гапида давом қилди:
— Етимлик нима — мендан сўрайвер. Кўча-кўйда қандайдир болага кўзим тушса, етим ўтган болалигим эсимга тушиб, ғалати бўпкетаман… Ота-онам кўча бўлди, дўстим — кўча, душманим — кўча… Хуллас, мени кўча тарбиялади, ўқитди, одам қилди… Мана энди сен борсан. Мен сен туфайли ажалдан қутулиб қолдим, бўлмаса Қодир билан Ҳотамга ўхшаб… Мени сен қутқариб қолдинг ва… икковимизниям хеч кимимиз йўқ… Умр фойдага қолди… Шунинг учунам яшаймиз, қизим! қисматга қасдма-қасдига яшаймиз!..

Шу пайт бош қаҳрамоннинг ички изтироб ва туғёнлари ифодаланган қўшиқ бошланади:

Гуллар тутдим қўлингга — топганим шудиргина,
Орзулар дув тўкилди — эканми тутунгина.

Дилимни бердим дилга -вафоси бутунгина,
Айт, қисмат, не қасдинг бор -шивирпаб секингина.

Яшаб ўтдим оламдан — камтарин, фақиргина,
Гоҳида серсув бўлиб, гоҳида тақиргина.

Чарчадим бу дунёдан, олдингда чақиргин-а,
Айт, қисмат, не қасдинг бор — шивирпаб секингина.

Бўлсин, болам, дунёда бардошинг метингина,
Бўрига ўлжа эмиш қўзичоқ — текингина.

Икки дунё оралаб излайин — бекингин-а,
Айт, қисмат, не қасдинг бор -шивирлаб секингина.

Қўшиқ асносида қуйидаги кадрлар кўрсатилади:

Эшик тагида Шавкат бетоқат бўлиб кимнидир кутяпти. Ниҳоят, эшик очилиб, чақалоқ кўтарган бир келинчак кўринди. Болани унга берар экан, ярим очиқ кўкрагини шоша-пиша бекитди. Шавкат миннатдорчилик билдира-билдира хурсанд кайфиятда чиқиб кетди…

Шавкатнинг хонаси. Каравотда Бинафша пишиллаб ухлаб ётибди…
У ерда ўтирганича қатор териб қўйилган шишаларга сут қуйяпти…Ювилган таглик ва иштончаларни балкондаги дорга ёйяпти…Уйда қадам босгани жой йўқ — ҳамма ёқ ўйинчоқ. Шавкат Бинафша билан ўйнаяпти…Кўчада эски, ғилдираги ғийқиллаб қолган болалар аравачасида Бинафшани сайр қилдириб юрибди…
Шавкат қизини қўлида эркалаб ирғитаяпти. Бинафша қиқирлаб кулади. Ҳар ирғитганда бола улғая бошлайди…

* * *

Субтитр: «Орадан етти йил ўтди»

Кўп қаватли уйлар орасидаги наридан-бери қурилган қўлбола стадионда ўн чоқли олам тўпланган. Кўпчилиги аёллар, эркаклардан бир-иккитагина. Ўртада Шавкат ташвиқот қиляпти:
— Ўртоқлар! Мен «Санепидстансия» вакилиман. Ҳаммангларга яхши таниш бир жонзод бор. Ундан безор бўлмаган инсон йўқ. Бу газанданинг исми-шарифи — «таракан»!

Шу пайт ўрта ёшлардаги, қалин ойнали кўзойнак таққан зиёлинамо киши унинг гапини тўғрилади:
— Суварак денг, ука, суварак! Бу кетишда яқинда буваларам неваралари билан таржимон орқали гаплашади!
— Шундай деб ёнидаги ажабланиб қараган семиз аёлга зарурат бўлмаса ҳам ўзини оқлаб қўйди: — Ҳа, нима? Ўзбекчаси «суварак» бўлади-да…
— Хўп, ана, суварак! Номи ўзгаргани билан мазмун ўзгармайди, амаки, мазмун! Одамнинг асабига тегишидан ташқари кўплаб касалликлар тарқатади…
— Тараканнинг таърифини ўзимизам жа яхши биламиз, -деб семиз аёл кўзойнакдан узр сўраб қўйди: — Суваракнинг таърифини… — Кейин Шавкатга қараб давом қилди: — Тезроқ мақсадга ўта қолинг, ука, қозонга ёғ қўйиб чиқувдим…

Шу пайт кўзойнак лекция бошлаб қолди:
— Олимларгаям беш кетмадим лекин! Техник тараққиёт мисли кўрилмаган даражада ривожланаётган бир пайтда, битта тара… кечирасизлар, битта суваракни эплашолмаса! Одамлар ойда юрибди ахир! Уят, уят…
— Шунинг учунам бизнинг стансия суваракка қирон келтирадиган дори тарқатяпти, — давом қилди Шавкат. — Бу дори Швециями, Шветсарияданми, ишқилиб, «Ш»дан бошланадиган мамлакатда ишлаб чиқарилган! Ишонмасанглар ўзинглар бориб кўринглар, ўша швециями-шветсариями деган юртда биттаям суварак йўқ!..

Соқоли ўсиб кетган, юзининг у ер-бу ери шилинган, бурни қизил киши луқма ташлади:
— Тараканлар дорингизни ичиб олиб қўшниникидан улфатларини бошлаб чиқса нима бўлали?
— Ҳеч нима бўлмайди! — деди Шавкат ёқтирмайроқ.
— Чунки қўшниникидаям битта қолмай қирилиб кетган бўлади!

Қизилбурун яна гап қотди:
— Дорингиз қуюқми, суюқми?
Шавкатнинг жаҳли чиқиб кетди:
— Суюқ, ичадиган! — Кейин одатдаги оҳангда давом этди: — Бугун жума. Шанба, бозор — дам. Биздаям бола-чақа бор ахир… Хў-ўш, тарқатишни душанбадан бошлаймиз, ўртоқлар.

Ғала-ғовур бўлиб кетди:
— Во-ой, нега энди?
— Ҳозир тарқата қолсангиз бўлмайдими ўша зормандангизни?
— Душанба ҳамма ишда бўлади-ку?
— Уйда биров бўлиши шарт эмас, қабул қилиб оладиган одам бўлмаса, эшик тагига банка қўйиб кетсин, — деб давом қилди Шавкат. – Биз қуйиб кетаверамиз. Келишдикми?
— Келишишга келишдик, аммо нархи қанақа бўлади? — деди яна қизилбурун. — Импортний, деяпсиз?
— «Импортний»мас, «хорижники»! — тузатди кўзойнак.
— Сизларга текин! — деди Шавкат кета туриб. — Бизнинг стансияни дуо қилсаларинг бўлди!

У шундай деб кўтаринки кайфиятда йўлида давом этди. Шавкатни бир эски «Москвич» кутиб турарди.
— Гапниям роса оласан-а, «Ш»дан бошланадиган мамлакатда ишлаб чиқарилган»миш! — деб кулди Жамшид исмли рулда ўтирган шериги.
— Нима, нотўғрими. «Шавкатландия»да ишлаб чиқарилган!
Машина салони кулгидан портлагудек бўлиб кетди…

***

Бегим кунларининг бирида бизга таниш «Москвич» ўша «дом»нинг олдида тўхтади.
Ундан Шавкат билан Жамшид тушиб, битта уйнинг подездига кириб кетишди.
Подезддаги баъзи эшикларнинг тагида ярим литрлик бир литрлик банкалар қўйилган. Баъзиларида банка йўқ.
Банкасиз эшик олдидан оёқ учида, товуш чиқармасдан юриб ўтиб, битта банка қўйилган эшик олдида тўхташди. Ҳар эҳтимолга қарши қўнқироқ тугмачасини босиб, бир оз кутишди.
— Ҳеч ким йўқлигига ишончинг комилми? — сўради Жамшид шивирлаб.
— Каллам билан отвечаю! — жавоб қилди Шавкат ҳам паст овозда.
У шундай деб эшикнинг тирқишига қўлбола калит солди. Секингина ичкарига кириб, эшикни ёпиб қўйишди…

…Шавкат билан Жамшид каттакон сумка ва баҳайбат тугунларни олиб чиқиб, мошинанинг ичига ва юкхонасига жойлай бошладилар.
Шу пайт қўшни подЪезддан бир йигит чиқиб келди.
— Окалар, кўчиб келдингларми, кўчиб кетяпсизларми?- савол берди йигит.

Шавкат билан Жамшиднинг юраги чиқиб кетгудай бўлиб, қотиб қолишди. Биринчи бўлиб Шавкат ўзига келди:
— А-а, ерга ўрганган одамга дом бўлмас экан, — деди Шавкат ўзини бепарво кўрсатишга тиришиб. — Чол билан кампирга маъқул келмади.
Участка олмоқчимиз…
— Биз шунисигаям шукур қилдик, ҳар қалай бошпана-да, — деди йигит катта тугунни салонга куч билан тиқар экан.
— Бўпти, омадингларни берсин… «Москвич» шитоб билан жўнаб кетди…

* * *

«Дом»нинг иккинчи қаватидаги Шавкатнинг уйи. Хонадон соҳибининг унчалик бой бўлмаса ҳам ўзига тўқ яшаётгани кўриниб турибди: ерда чўғдай гиламу, шипда биллур қандил. Жавонда антиқа идиш-товоқлар. Тўрда телевизор, устида ўша ойнаси дарз кетган сурат. Ҳатто даҳлизга ҳам қип-қизил гилам поёндоз тўшалган.

Жамшид билан Шавкат омадли тугаган «иш»ни нишонлашяпти. Ўртада дастурхон: тузланган балиқ (селётка), қовурилган гўшт товаси билан турибди — бўйдоқчилик.
— Совнарком яхши ишлайди лекин! — деди Жамшид бармоқи билан Шавкатнинг бошини кўрсатиб. — Беш, беш!
— Ҳа энди… — камтарлик қилди Шавкат.
— Сенга гап йўқ! — деб Жамшид қадаҳларни тўлдирди.
— Энди мен паст, — деди Шавкат қўлини кўксига қўйиб. — ҳозир қизим мактабдан кепқолади. Агар тортса, ўзинг ичавер. Менга узр…
— Фарзанд деган зорманда битта сенда борми, мунча «қизим, қизим»лаб титрайсан? — деди Жамшид унинг қадаҳни бекитиб турган қўлини четга суриб. — Унақа жа талтайтирворма, кейин ўзинг қийналиб юрасан.

Жамшид дўстининг қадаҳига ҳам ароқ қуйди.
— Қани, олдик, — деб у бир кўтаришда бўшатди. – Мана, бизнинг Озодбек. Чизган чизиғмдан чиқсин-чи, онасини учқўрғондан кўради!..

Шу пайт эшик очилиб, мактаб формасидаги Бинафша кириб келди.
— Ассалому алайкум, — деди у ва туфлисини ечиб, бир чеккага қўйди-да, жилмайиб эшикдан мўралади.
— Ке, қизим, — деди Шавкат ўрнида қўзғалиб олиб.

Бинафша келиб Шавкатнинг юзидан ўпиб қўйди.
— Вой-бў-ў, катта қиз бўп қопти-ю бу! — деди Жамшид. — Нечанчи синфда ўқийсан, қизим?
— Яқинда иккинчига ўтаман, — жавоб қилди Бинафша фахр билан. Қизнинг кўзи дастурхонга тушиб, худди катта одамлардай жавраб кетди:
— Эй, худойим! — деб койинди у. — Ада, сервантда лаган дегани тиқилиб ётибди-ку, қачон одамга ўхшаб овқатланишни ўрганасиз?
Шундай деб у товани кўтариб ошхонага кириб кетди.

Жамшиднинг лаблари пастга тиришиб, қошлари кўтарилиб кетди.
Шавкат «ана, айтмадимми» деган маънода шеригига қараб қўйди.
— Шунингни ўзим келин қиламан, — деди Жамшид боши билан Бинафша чиқиб кетган эшик томонга ишора қилиб.
— Тақдир насиб қилган бўлса… — деди Шавкат унчалик рўйи-хуш бермай.
— Ҳа, нима? Бизнинг Озодбек ҳали бир йигит бўлсин-ки!..
— Катта бўлаверишсин-чи…

Бинафша қовурдоқни чиройли лаганга сузиб, атрофини кўкатлар билан безатиб, дастурхонга олиб келиб қўйди.
— Э-э-э, барака топ, қизим! — деб юборди Жамшид кафтларини бир-бирига ишқаб. — Уйда аёл киши бўлгани яхши-да! Бояги ўтиришимизни қара, буни қара! Умринг узоқ бўлсин, қизим, сен бўлмасанг аданг овқатни итялоққаям сузиб келаверади!
Жамшид маза қилиб кулди.

Шавкат айбдорона илжайиб ўтирибди.
— Олинглар, ош бўлсин, — деб Бинафша жилмайган кўйи чиқиб кетди.
— Бизнинг келин ана шунақа! — деб керилиб қўйди Жамшид.

Шавкат ҳамон маъюс жилмайиб ўтирарди…

* * *

Муҳташам хонада Шавкат шифанердан кийим-кечак, тортмадан ҳар хил тақинчоқларни олиб келиб, столдаги чойшабга ташлади. Ора-сира деразадан ҳовлига мўралаб қўйишни ҳам унутмаяпти.

Нариги хонадан катта сумка кўтариб олган Жамшид чиқди.
— Бўлдингми? — деди у даҳлиз томон йўл олиб. — Мен машинада бўламан. Тезлат!
— Ҳозир…

Шавкат навбатдаги нарсаларни чойшабга ташлар экан, деразадан ҳовлини кесиб ўтаётган Жамшидга кўзи тушди.
У катта сумкани қийшайиб кўтарганича дарвозахона эшигини оёқи билан очиб чиқиб кетди.
Шавкат тугунни орқалаб кетмоқчи бўлиб турган эди, жавондаги териб қўйилган китобларга кўзи тушиб қолди, саралаб ҳам ўтирмасдан чойшабга сидириб ташлади.
У дарвозахонадан шошиб чиқиб кетаётиб, велосипед етаклаган ўн ёшлар чамасидаги болага тўқнаш келди.

Бир-бирини кўриб, иккаласи ҳам қотиб қолди.
— Исминг нима?… — Шавкатнинг тилига келган сўз шу бўлди.
— Акмал… — деди бола довдираб. — Нимайди?
— Меникиям Акмал — адаш эканмиз, — деди Шавкат чора қидириб.
— Бизникида нима қилиб юрибсиз? — деди болакай ҳар эҳтимолга қарши велосипед насосини қўлига олиб.
— Айтдим-ку, адаш эканмиз, деб. Адашимдан хабар олгани келувдим-да…
Шавкат уни четлаб ўтиб кетмоқчи бўлиб юришда давом этди.

Акмал буни таҳдид маъносида тушуниб, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида насосни бир силтаган эди, насос чўзилиб Шавкатнинг пешонасига қарс этиб тегди.
— Э, сенга валасапид оберганниям!.. — деб у пешонасини ушлаганича тугунни ташлаб қочиб чиқиб кетди.

…Шавкат қон сизиб турган пешонасини рўмолча билан ушлаган кўйи «Москвич»да кетяпти.
— Ҳаммасиданам китоблар жалко, — деди Шавкат рулни бошқариб бораётган Жамшидга дардини дастурхон қилиб.
— Қанақа китоб? — сўради Жамшид ғижиниб.
— Люманинг ҳамма китоблари, Конан Дойлнинг тўлиқ нашри, — деди Шавкат афсусланиб. — Яна бор эди, кўришга вақт бўлмади… — Кейин армон билан қўшиб қўйди: — Уйдан чиқмай ётиб олиб бир ой ўқирдим, эссиз…

Жамшиднинг энсаси қотди:
— Китобни бошингга урасанми?! Профессор! Мен стеллажнинг олдида турганингни кўриб, китайский вазани оласанми, дебман!
— Қанақа ваза? — деди Шавкат ажабланиб. — Ҳеч қанақа ваза-паза кўрмадим.
— Шундоқ бурнингни тагида турувди!
Жамшиднинг кайфияти бузилди, ўз навбатида суҳбат ҳам узилди…

* * *

Шавкатнинг уйи. У диванда чўзилиб ётибди, Бинафша дадасининг пешонасидаги жароҳатга малҳам қўйяпти. Қизи ҳар дори суртганда Шавкат тишларининг орасидан қисқа-қисқа нафас ютиб турибди.
— Нима бўлди ўзи? — сўради Бинафша худди ўзининг жони оғриётгандай афтини тириштириб.
— А-а… — деб бепарво қўл силтади Шавкат. — қўявер, «производственная травма»…
— Ишинглар шунақа хавфлими? — сўради Бинафша кўзларини пирпиратиб.
— Ў-ў, хавфли бўлгандаки! — деди Шавкат ғурурланиб. — Масалан, эгаси кепқолиши мумкин…

— Ниманинг эгаси? — сўради Бинафша тушунмай.
— Уйнинг-да… Кейин кўрасан: бақир-чақир, дод-вой…
— Нима деб бақиради? — қизиқди Бинафша жароҳатни боғлаб бўлиб.
— Ҳар хил… — деди Шавкат гап арзимас нарса ҳақида бораётгандай. — Масалан, «Уйим куйди-и, уйим куйди-и!..» деб бақириши мумкин.
— Ўзингиз кўрганмисиз?
— Йўқ, бу тахмин. Унда биз ишни тугатиб, кетган бўламиз.
— Нима, пожарниймисиз?

Шундагина Шавкат «ўтлаб» кетаётганини англаб қолди:
— Ҳа, ҳа, пожарний… — деб гапини тўғрилади у. Кейин чалқанча ётганича иккала кафтини бошига ёстиқ қилиб олди. — Ўт ўчирувчи… Бизники — сменний: бир кун иш, икки кун дам. Зато, тунги сменасиям бор.
— Жамшид амакимлаям пожарниймила?
— Э-э, энг катта пожарний ўша-да! — деди Шавкат шипдан кўз узмай. — ҳаммасига бош-қош, қаерда нима туришини билади. Ас-да, ас! Унинг олдида мен шогирддай гап…
— Тажрибангиз кам-да, ишлайверсангиз-ишлайверсангиз хали сизам «ас» бўп кетасиз, — деган хулосага келди Бинафша.

Ногох унинг кўзи ойнаси дарз кетган суратга тушди.
— Адў-ў, ойимла хақида гапириб бери-инг, — эркаланди қиз.
— Минг марта эшитгансан.
— Яна эшитгим келяпти…

Шавкат диванда ўтириб олди. У ҳам суратга тикилиб қолди ва секин гап бошлади:
— Ойинг, қизим, дунёдаги энг чиройли, энг ақлли, энг сабрли аёл бўлган… — деди у ўйчан.
— Мен ўхшайманмиқ — сўради Бинафша илинж билан.

Шавкат қизига бирпас тикилиб турди-да унинг кўзларидаги умидворликни кўриб, жилмайганича қучоқлаб олди.
— Ўхшайсан. болам, ўхшайсан! Икки томчи сувдай ўхшайсан!..
Бинафша севиниб кетди…

* * *

Шавкатларнинг уйи олдидаги ялангликда болалар мактаб сумкаларидан «дарвоза» ясаб, футбол ўйнашяпти. Копток кимнингдир оёғидан «қочиб», четга чикиб кетди.
Ва майдон чеккасида турникка суяниб турган Жамшиднинг олдига думалаб келди. У тўпни болалар томон тепиб юбориб, турникка осилганича, тортила бошлади. Икки-уч марта даханигача тортилгач. Йиғиштириб қўя қолди.

— Хом бўп қопмиз, оғайни… — деди у ёнида турган Шавкатга. — Бунақада яқинда ишгаям ярамай қоламиз.,.
— Шу, йиғиштириб қўя қолсак нима бўлади, а?- деди Шавкат иккиланиб. Жамшиднинг ялт этиб қараганини кўриб, ўзини оқлади: — Нима, орзуям қилиб бўлмайдими эндиқ
— Уйлансанг биласан, — деди Жамшид донишмандона охангда. — Уйда «опке», «топ», «бер» деб эговлаб турадиган ялмоғизинг йўқ-да, тилинг бир қарич!
— Шунақа экан, нега «уйлан, уйлан» дейвериб бошимни гаранг қиласан?- кулимсираб сўради Шавкат.
— Мен сен каллаварамни эмас, қизингни ўйлаяпман! — деди Жамшид куйиниб. — Хали-ку Бинафша кичкина, эрта-индин бўйи чўзилиб қолганидан кейин совчилар эшигингнинг турумини бузворишади, унда нима қиласан? Сен эркак кишисан. Тоғора-поғора, латта-путта, кўрпа-тўшак, чинни-минни, дегандай…

Мактаб формасидаги Бинафша троллейбусдан тушди. Йўл чеккасидаги йўлак бўйлаб кела бошлади. Бўйи кичкиналигидан сумкаси ерга тегай-тегай деб боряпти…
Бу ёқда Жамшиднинг «амри маъриф»и давом этаётган эди:
— қиз бола тарбияси нозик бўлади. Бизнинг Наргизага ўхшаб кўзининг сийдигини оқизиб келиб ўтириб олса — тағин бир бало! Худо кўрсатмасин-у, айтаман-да… Шунинг
учун қизингга она керак. Эркак — кўчаники.

Шавкат ўйланиб қолди.
— Бунинг устига ишимиз… бунақа, — давом қилди Жамшид. — Уйлансанг уйингда тартиб бўлади. Ейиш-ичишинггаям сон кирармиди?! Рангингни қара, кечадан қолган овқатга ўхшайди!

Шавкат кулимсираб ўтирибди.
— Шундоқ дейсан-у, минг яхши аёл бўлгандаям, ўгай -ўгай-да… — деди у чуқур тин олиб, кейин орзумандлик билан қўшиб қўйди: — Сурайё тирик бўлганда-ку, тишида олиб юриб катта қиларди-я…

Чексиз армон билан айтилган бу гапдан сўнг Жамшид жим бўлиб қолди.
Бинафша узоқдан югуриб келиб, дадасининг бўйнига осилиб олди.
— Ада, бугун иккита «беш» олдим! — деди Бинафша Шавкатнинг икки юзидан ўпиб.
— Секин, секин, йиқитворасан… — деб Шавкат ҳам қизининг пешонасидан ўпиб қўйди: — Ў-ў, зўрсан-ку! Табриклайман!..
— Арифметика, ҳам ёзувдан! — деди қиз қувончи ичига сиғмай.
— Жуда зўр! — деб севинди Шавкат худди ўзи «беш» олгандай.

Жамшид ота-боланинг бир-бирини ялаб-юлқашига хавас билан қараб турибди.
— Кўришмаганингларга неча йил бўлди? — деб кулди Жамшид.
Бинафша шундагина дадаси ёлғз эмаслигини пайқади.
— Ассалому алайкум… — деди у дадасининг қўлидан тушиб.
— Ваалайкум ассалом, — алик олди Жамшид. — Математик бўларкансан-да, а?
— Бу ерда нима қилиб турибсиз, ада?
— Сени кутиб олгани чиқдим-да, асалим.

— Вой, ада-эй! — деди Бинафша қовоқини солиб. — Нима, мен кичкина боламанми, уйини тополмай адашиб қоладиганқ
— ха энди… — деб Шавкат хижолат бўлди.
— Адў, анув ерда ўйнаб келсам майлими-и? — сўради Бинафша бояги гапига бутунлай зид охангда.
— Майли, фақат узоққа кетиб қолма, — деди Шавкат. қизча сал наридаги арқимчоқ томон юрди.
— Кетиб қолсангиз кўрасиз! — деди Бинафша кўрсаткич бармоғи билан пўписа қилиб.
— Хўп бўлади, хазрати олиялари! — деди Шавкат қўлини кўксига қўйиб.

Қизча жилмайганча йўлида давом этди.
— Қиёмат қизинг бор-да лекин! — деди Жамшид чуқур тин олиб қўйиб.
Шавкат индамади.

Жамшид футбол ўйнаётган болалар томонга қараб, кимнидир чақирди:
— Озодбек!
Югуриб бораётган Озодбек таққа тўхтади:
— Ха, ада?..
— Бу ёққа ке, ўғлим… Анави қизни кўряпсанми? — сўради Жамшид ўғли олдига келгач.

Бу пайтда Бинафша арғимчоқ-курсида тебраниб ўтирарди.
— Ха, — деди Озодбек «нимайди?» деган охангда.
— Бориб ўшанинг қулоғини тишлаб ке, — буюрди
Жамшид.
— Нега? — Озодбек тушунмади.
— Мен сенга нима девдим? — тахдид қилди Жамшид.

Озодбек ёдлаб олган матнни шариллатиб айта кетди:
— «Командирнинг буйруғи мухокама қилинмайди!» Бизнинг уйда сиз — командир, ойимла — замполит, биз — солдат!
— Маладес, олға!
— Хўп бўлади!

Озодбек югуриб кетди.
— Харбийга бераман, хали бир мелиса бўлсинки! — деди Жамшид ўқлининг орқасидан фахр билан қараб қолиб.
— Мелисадан қочавериш жа жонга тегиб кетди лекин!
— Харбийга берсанг, мелиса бўларканми? – деди Шавкат мийиғида кулиб.
— Э, нима фарқи бор! — билимсизлигидан асабийлашди Жамшид. — Форма кийса бўлди-да…

Шавкат кулиб қўя қолди.
Озодбек шахдам қадамлар билан арғимчоқ курсида ўтирган Бинафшанинг олдига келди.
— Мен сенинг қулоғнгни тишларканман! — деди Озодбек харбийчасига.
— Нима-а? — деди қиз масхараомуз.
— Қулоғингни тишларканман, — деди боланинг ўзи ҳам хайрон бўлиб.
— Ким айтди ўша гапни? — сўради қиз башарасини тириштириб.
— Адам айтдила, — деди Озодбек Жамшид томонни кўрсатиб.

Жамшид қизиқсиниб қараб ўтирибди. Шавкат ҳам турникка суянганича уларни кузатиб турибди.
— Ха-а, аданг айтган бўлсала, майли… — деди

Бинафша қулоғи устига тушиб турган сочини кўтариб қўйиб.
Озодбек бу қийин масала деб ўйлаган эди, ишнинг бунақа осон кўчганидан довдираб қолди. Енги билан оғзини артди.

Бола қизнинг рўпарасига келганда Бинафша ёнидаги мактаб сумкасини олиб, Озодбекнинг бошига қулочкашлаб чунон туширдики, шўрлик боланинг кўзларидан ўт чақнаб кетди.
— Ўх!.. — деб юборди Жамшид, — Келин зўр-ку!
Озодбек кўзлари ғилайланиб, ерга қулади.

Эртаси куни.

Бинафша истирохат боғида дадаси билан музқаймоқ еб ўтирибди.
— Жамшид амаки менга ёқмайдила, — деди Бинафша бурнини жийириб.
— Нимага? — сўради Шавкат ётиб қолган қоғоз сочиқларни тўғрилай туриб.
— Нимага бўлмасам, ўзлари «келин, келин» дейвералла? — тўнғллади қизча.
— Э, гап-да… — деди Шавкат қўл силтаб. — Билиб қўй, қизим, Жамшид амакингнинг эмас, сенинг айтганинг бўлади.
— Сизнинг айтганингиз-чи? — сўради қизча секингина.
— Менинг айтганим… — деди Шавкат ўйланиб туриб, — …сенинг айтганинг-да!

Улар бараварига кулиб юборишди…

* * *

Аввал куй, сўнг ашула кетади:

Муҳаббат бу – оҳуланган шароб экан,
Ичган борки, рўй-аҳволи хароб экан.

Йўлларида ранжу алам сероб экан,
Етдим деган манзиллари сароб экан.

Таърифларинг достон қилиб ўқир бўлдим,
Алла қолиб марсиялар тўқир бўлдим.

Бош урарга тошингни бер, эй, худойим,
Ҳасратингда йиғлай-йиғлай сўқир бўлдим.

Қўшиқ асносида ушбу кадрлар кетади: Ота-бола сўлим хиёбонда юришибди… Бинафша дадасини қўлидан тутиб, арғимчоқ-қайиқлар томон етаклайди…

Шавкат пастда турганича қизини учиряпти… Бинафша қийқириб кулади…
Арқимчоқ ҳар кўтарилиб тушганда Бинафша улғая боради… Бинафша энди балоғатга етган, чиройли қизга айланади…
Қизни энди дадаси эмас, Озодбек арғимчоқда учираётган бўлиб қолади.

— Бўлди, бошим айланиб кетди… — деди Бинафша Озодбекка.
Йигит арғимчоқни тўхтатди. Озодбек қизнинг қўлидан ушлаб қайиқдан тушириб ҳам қўймади — Бинафшанинг ўзи тушди.

Уларнинг муносабати ғалати эди. Ёш йигит билан қиз, сўлим хиёбон. Лекин на бир-бирига термулиш бор, на энтикиш, на ишқ-муҳаббатдан шеърхонлик. Лоақал қўл ушлашиш ҳам йўқ. Фақат йигитнинг ўқтин-ўқтин уҳ тортиб қўйишини демаса…
— Манави ерда бирпас ўтирайлик, юришам жонга тегди, — деди Бинафша аллақаёқларгадир қараб.
— Бўпти, мениям жонимга тегди, — рози бўлди Озодбек.

Йўлка четидаги скамейкага ўтиришди. Йигит яна уҳ тортди.
— Хафа бўлманг-у, Озод, мен сизни севмайман… -деди қиз ўзини айбдор санаб.

Озодбек аввалига бирпас анграйиб турди, кейин етиб борди шекилли, кафтлари билан юзини бекитганича хитоб қилди:
— Эй, худойим! — деди у тиззасига қадар энгашиб. Бинафша қўрқиб кетди, Озодбекни бунчалик қайғуга тушади деб ўйламаган эди. Раҳми келди.
— О, қандай бахт! — деб бақирди йигит қўлларини осмонга чўзиб. Қиз ҳайрон.
— Менам сени севмайман! — деди Озодбек худди севги изҳор қилаётгандай қизнинг қўлларини кафтлари орасига олиб. — Сенга қанақа қилиб айтишни билмай юрувдим!.. Мен аҳмоқ адамлани раъйларига қараб, шунча вақтдан бери сениям, ўзимниям қийнаб юрибман-а!.. Аҳмоқ, ақмоқ!..

Бинафша унга жилмайганича термиларди. Ана энди улар ростакам севишганларга ўхшадилар. Ўртадан бегоналик пардаси кўтарилиб, ёқимли бир илиқлик пайдо бўлди.
Қиз «ҳечқиси йўқ» дегандай йигитнинг билагини сиқиб қўйди.

Озодбек ўзини анча босиб олиб, айбдорона жилмайди.
— Энди буни ювмаймизми? — деди у кулимсираб.
— Майли! — жон-жон деб рози бўлди қиз. Иккаласи шод-хуррам, қўл ушлашиб йўлга тушишди…

* * *

Столга иккита музқаймоқ, бир шиша лимонад, иккита бўш стакан қўйилди.
— Ол, ош бўлсин, — деди Озодбек кўтаринки кайфиятда.
— Кўнглингизга ўтирган битта-яримтаси бўлса тортинмай айтаверинг, совчилигам қўлимиздан келаверади! — деди қиз шайтонлик билан.

Озодбек бу гапни жиддий тушунди ва ичидагини чайналиб зўрға ёрилди:
— Бор-у… — Сўнг худди танлаган қизининг бирон қусури бордай узрона оҳангда қўшиб қўйди: — Хосият-да…
— Хосият бўлса нима қипти? Бир-бирингларни ёқтирсанглар бўлди-да.
— Болалар тушунмай «Бехосият» деб кулишади, — нолиди йигит афтини буриштириб.
— Лекин мен уни жуда яхши тушунаман. Хосият ўзи яхши қиз, фақат иши юриш-майдиган, омадсиз-да. Шунақаям бўлиши мумкин-ку…

— Ҳа, тўғри, вақти келиб «оҳ-воҳ», «ўлдим-куйдим»лар ўтиб кетади, бир-бирини тушуниш — қолади, — деди Бинафша йигитнинг кўнглини кўтариб.
— Ўзинг-чи?..
— Нима ўзинг-чи? — деди Бинафша ўзини тушунмаганга олиб.

Озодбек дангал айтишга истиҳола қилиб, чайналди:
— Кўз остига опқўйган битта-яримтанг борми? Қиз унинг гапга нўноқлигидан кулиб юборди.
— Нима, сизам совчилик қилмоқчимисиз? Озодбек ўсал бўлиб қолди.
— Йў-ў, мен айтмоқчийдимки…
— Қиз бола кўз остига олмайди, қиз бола — севади, — деди Бинафша йигитнинг гапини бўлиб. Сўнг орзумандлик билан давом қилди: — ҳа, бор…
— Мен танийманми? — сўради Озодбек қизиқаётганини сездирмасликка ҳаракат қилиб.
— Танийсиз… — деди қиз уялиб. — Биздан икки синф тепада ўқирдила… Акмал акам… ҳозир политехничскийдала…

***

— Йигит билан қиз троллейбусдан тушганда Шавкат ва Жамшид бекатдан сал наридаги болалар спорт майдончасида уларни кутиб туришарди.
— Оталарига кўзи тушган Бинафша дарров Озодбекнинг қўлини ушлаб олди.
— Жамшид хурсанд — Шавкат томонга қараб керилиб қўйди.
— Шавкат мийиғида кулимсираганича жим турарди…

***

— Ўнинчи синф. Бинафша, Озодбек, Гулмира, Санам ва бошқа ўқувчилар ўтиришибди.
— Раҳмонов деган мактаб директори физикадан дарс ўтяпти:
— Бугун янги дарс ўтамиз. Ёзинглар. Табиатда ҳеч нарса йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди. Фақат моддалар бир турдан иккинчи турга ўтади. Масалан, буғ яъни газ, сувга айланади, сув музга — яъни қаттиқ жисмга айланади, муз тағин ёмғир бўлиб суюқликка айланади. Шунинг учун ҳам реаксияга киришувчи моддалар массаси реаксия натижасида ҳосил бўлган моддалар массасига тенгдир. Бу фанда «Моддаларнинг сақланиш қонуни» деб аталади ва бу қонунни буюк рус олими Ломоносов кашф қилгани сабаб, унинг номи билан юритилади…
— Бинафша диққат билан тинглаб ўтирибди. Озодбек жиддий ва ўйчан.
— Қудрат исмли бола деразадан қараб, бутун синфга эълон қилди:
— Қаранглар, болалар, Бехосият келяпти!

Озодбек бошини кўтарди.
— Раҳмонов танбеҳ берди:
— Қудратов! — деди у ҳалиги болага.
— Исмим Қудрат, муаллим, фамилиям Умматов! – қовоғини солиб эътироз билдирди Қудрат.
— Ҳайронман, бунақа диний исмларни қаттан олишади! — деди Раҳмонов тўнғиллаб. Кейин жаҳл билан деди: — Хўп ана — Умматов! Жим ўтирмасанг, Ломоносовнинг қонунини тушунмай армонда кетасан! Ундан кейин, Қуд… э… Умматов, бировларга лақаб қўйиш яхши эмас. Лақаб итларга қўйилади.

Хосият мактабнинг узун даҳлизи бўйлаб шошиб борар экан, фаррошнинг челагига қоқилиб, ағдариб юборди.
— Ҳай, кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими? — деб бақирди фаррош аёл.
— Кечирасиз… — деб Хосият узр сўраган бўлди-ю, югуриб кетди. — Кеч қоляпман…

Йўлида бир бола дуч келди.
— Яхшимисан, Бехосият? — деди бола шунчаки.

Хосият тақдирга тан берганми, унинг «Бехосият» деганига парво қилмади. Қайтага кўнглини ёрди:
— Ўлдим энди!.. Бу сафарам Раҳмоновнинг дарси!..
— Ҳа, директорнинг дарсига кеч қолиб бўлмайди… — деди бола уҳ тортиб қўйиб. Ўзи ҳам бир-икки кеч қолиб, таъзирини еган кўринади.
Хосият эшик тагида у ёқ-буёғини тузатди. Чуқур нафас олди-ю, секин эшикни очди.

Бу вақтда Раҳмонов гапираётган эди:
— Эртаги дарсга Ломоносовнинг биографиясини ўқиб келасизлар. Қачон ва қаерда туғилган, қаерда ўқиган, қаер…

Шу пайт Хосият кириб, унинг гапи бўлиниб қолди.
— Хўш, Сафарова, бу сафар нима бўлди? Озодбекнинг қулоқи динг.
— Тағин ток бўлмай, трамвай тўхтаб қолдими?- таъкидлагандай сўради Раҳмонов.

Унинг ғалати одати бор эди: биров билан суҳбатлашган-да, кўзойнаги бор-йўқлигидан қатъи назар, худди кўзойнак тагидан қарагандай гаплашарди.
— Йў… — деди Хосият кўзларини пирпиратиб.
— Ё троллейбуснинг шохи чиқиб кетдими?
— Йў…
— Автобус бузилиб қолдими?
— Йў-ў!.. — деди Хосият саволлар жонига теккандай нолиб.
— Бўлмаса янгисидан эшитайлик! — деди Раҳмонов гавдаси билан шу томонга бурилиб.
Қиз довдираб қолди.

— Анув… дарсга келятувдим… анув… сув сепадиган мошина ҳамма жойимни шалаббо қип кетди… Анув… уйга қайтиб бориб, кийимларимни алмаштириб келдим… Ичкийимларимгаям ўтиб кетибди. Мана, қаранг…

Қиз этагини сал кўтарган эди, Раҳмоновнинг капалаги учиб ўрнидан туриб кетди. Бутун синф кулиб юборди.
— Йў-йў-йў, шарт эмас-шарт эмас!.. Бўпти, кечирдим, жойингга бор…
Хосият жойига бориб ўтирди. Раҳмонов ўзича тўнғиллаб қўйди:
— Мактабмас, боғча!..

* * *

Тун.
Филм бошидаги каби бировнинг ҳовлисига тағин ўғри тушди. Улар икки киши. Ёшгина эр-хотин ухлаб ётишибди. Ўртада бешик.

Бешик қимирлаб, чақалоқ ингранди.
Жамшид имо қилган эди, Шавкат бешикни кўтариб олиб чиқиб кетди. Ҳовлига олиб чиқиб, энди ерга қўйган ҳам эдики… аллақаёқдан гулдираган овоз келди. Шавкат тағин зилзила бошланяпти деб, дарахтни маҳкам ушлаб олди. Лекин ҳеч нима содир бўлмади.

Шавкатнинг калласида ўй-хаёллар ғужғон ўйнарди:
Мана, бешикдаги Бинафша…
Уй қулаб ҳамма ёқни чанг-тўзон босди…
Шавкат вайроналар оралаб югуряпти…
Ойнаси дарз кетган сурат…
Бинафшани бешикдан ечиб оляпти…
Туғруқхонада чақалоқ сутли шишани чалпиллатиб эмаяпти…
Чанг-тўзон ичида бешик оҳиста тебраниб турибди…

Шавкат ўзига келиб, атрофга разм солли ва бешикдаги чақалоқни чимчилаб қўйди. У чинқириб йиғлаб юборди.
Жамшид уйдан ўқдай отилиб чиқиб, деворга тирмашди.
Ичкаридан овозлар эшитилди.
— Райҳон, Суннатнинг овозими?
— Вой ўлай, ёнимда эди-ю, ҳовлида нима қилиб юрибди?..

Шавкат билан Жамшид «Москвич»да кетишяпти. Жамшид оркани кўрсатувчи ойнадан кўз узмайди.
— Эссиз, яхши кетятувди, чақалоқ ишнинг белига тепди-да!.. — деди Жамшид афсусланиб. Сўнг Шавкатга қараб писанда қилди: — қарамадингми?!
— Қарадим. — деди Шавкат беҳафсалалик билан. — Икки кўзим фақат ўшанда бўлди. Чақалоқ-да — хоҳласа йиғлайди, хоҳласа кулади.
Шавкатнинг ўзи ҳам мийиғида кулиб қўйди…

* * *

Сон-саноқсиз қушларнинг сайроғи эшитиляпти. Шавкат балконда ҳар хил қафас ва тўрқовоқлардаги қушларга гапириб-гапириб эркалаб-эркалаб дон беряпти. Ваннага кириб қўлини ювди. Меҳмонхонага кирди.
— Шу, қушларингиз жонимга тегиб кетди, ҳалигина супириб чиқувдим, яна ҳамма ёқни ифлос қип ташлабди! — деб нолиди столда дазмол босаётган Бинафша.
— Бўпти, айтиб қўяман, энди ифлос қилишмайди… — деди Шавкат ҳардамхаёллик билан. Унинг кўзи ойнаси дарз кетган суратда эди.

Бинафша ўқрайиб қўйди.

Шавкат суратга тикилиб қолди. Хаёлидан не ўйлар ўтди — ёлғиз худога аён.
Зимдан кузатиб турган қиз дадасининг ҳалиги гапи учун «ўч» олишга баҳона қидирарди.
— Эсимни таниганимдан бери шу — синиқ ойнада турибди, бу уйда ойнасини бутлаб қўядиган одамам йўқ! — деди Бинафша пичинг қилиб.
— Нима кераги бор, шуниси яхши — эсдалик… — деди Шавкат чуқур тин олиб креслога ўтирар экан. Кейин шунчаки сўради: — Нима қиляпсан?
— ўтин ёраяпман! — деди қиз дазмол босишда давом қилиб.

Бинафша бу гапни қовоқини солиб айтган бўлса ҳам кулиб юборай-кулиб юборай деб турарди.
— Эртага битирув кечаси, — деди Бинафша энди бутунлай бошқа оҳангда. – ўшанга тайёргарлигимни кўриб қўяй, деяпман-да.
Шавкат қизига тикилиб қолди: «Мана, бирпасда мактабни ҳам битиряпти…. Чиройли қиз бўлди… Шу кунларни Сурайё кўргандами…»
Шавкат қизига фахр билан бирпас тикилиб турди-да, стол тортмасидан бир нима олиб, унга яқинлашди.
— Мана… — деди у хижолатомуз илжайиб.
— Нима бу? — деди қиз дазмолни қўйиб.

Шавкатнинг кафтида бир жуфт тилла зирак турарди.
— Кимга? — сўради Бинафша ўзигалигини билиб турса ҳам сир бой бермай.
— Сенга… — деди Шавкат хижолат бўлгандай. — Мактабни битиришинг билан табриклайман, қизим…

Шунда қиз севинчини бекитиб туролмади.
— Вуй, ада-а, мунча чиройли! — деди Бинафша кўзлари порлаб. — Худди шунақасини орзу қилиб юрувдим!.. Раҳмат!..

Қиз Шавкатнинг юзидан ўпиб қўйди.
— Арзимайди… — деди Шавкат ўзини ноқулай сезиб.

Негаки, Бинафша бўйи чўзилиб қолган кап-катта қиз бўлса… Кичкина пайтидаку — бошқа гап эди.
Умуман, Шавкат кейинги пайтларда қизидан ўзини тортиброқ юрар, гаплашганда ҳам кўзига қарамасликка қаракат қиларди. Илгари қизининг асранди эканлигини кимдир айтиб қўйишидан қўрқиб, юраги така-пука бўлиб юрган бўлса, энди бунақа муносабатдан Бинафшанинг ўзи ҳам гумонсираб қоладими, деган ўй ич-этини кемирарди.
Қиз ўзини ойнага солгани даҳлизга чиқиб кетди. В дадасининг бу азобларидан бехабар — шод ва бахтиёр эди…
Шавкат секин ойнаси дарз кетган суратга термулиб қарар экан, хаёлидан ушбу ўйлар ўтди: «қийналиб кетдим, Сурайё… Сен бўлганингда бу кўргуликлар йўқ эди…Ўзинг ҳаммасини эплардинг…»

Шу пайт Бинафша қувончи ичига сиғмай эшикдан мўралади:
— Қаранг, ада, ярашиб… — деди-ю, дадасининг кайфиятини кўриб, гапи чала қолди.

Секин Шавкатнинг ёнига ўтирди, елкасига бошини қўйди. «қўйинг, сиқилманг” дегандай билагини сиқиб маъюс жилмайди.
— Ботир акамга ёғоч машина оберганингизни гапириб беринг, — деди қиз унинг елкасига иягини қўйиб.

Бинафша дадасини қайғули ўйлардан чалғитмоқчи эди, қайтага Шавкатнинг баттар диққати ошди:
— Сен буни қаёқдан биласан? — сўради у ҳайрат билан.

Бинафша ўйланиб туриб, елка қисди:
— Биламан — тамом…
— Ё ўзим айтиб берганманми?
— Эсимда йўқ…

* * *

Мактаб ҳовлиси битирувчилар билан тўла. Қизлар оппоқ фартукда, ўғил болалар қора шим, оқ кўйлакда. Ҳамманинг қўлида гул.
Бир тўп қиз олдин келган дугоналари билан ўпишиб кўришишди.
Ўғил болалар йигитчасига бир-бирининг кафтларига уриб «чапак чалиб» қўйишди.
Бир томонда ота-оналар туришибди. Уларнинг орасида Шавкат ҳам бор. Ҳамманинг юзида табассум, ўзгача кўтаринкилик ҳукмрон.

Бинафша, Хосият, яна бир нечта қизлар гаплашиб турибди. Гулмира исмли қиз Бинафшанинг қулоқидаги тилла зиракни кўриб қолди.
— Зираклар муборак, Бинуф! — деди башанг кийинган Гулмира керилиб. — Айтмайсанам, бизам тақардик!
— Вуй, чиройлилигини-и!..- деб яқин келиб қаради Санам исмли қиз. — Қаердан олдинг?
— Адам мактабни битиришимга совға қилдила! — мақтанди Бинафша.
— А-а, подумаешъ, оддий жез… — деди Гулмира ғаши келиб.
— Нега? — ажабланди Бинафша. — Адам тоза олтин дедила-ю? Ана, қара, пробасиям ёзилган. — У дугоналарига қулоғини тутди.
— Кўрмасам ҳам биламан! — чўрт кесди Гулмира асабийлашиб. — Ойимладаям шунақаси бўларди, уйимизга ўғри тушиб ўғирлаб кетган.

Гулмиранинг ҳасад қилаётганини қизлар тушуниб туришарди.
— Қани?.. — деди у яқин бориб тикиларкан. – Худди ўзи! Ойимланики! Ана, чап қулоқидагиси тирналган. Укам раковинага тушириворувди, плоскогубси билан зўрға олганмиз.
— Бу билан нима демоқчисан? — деди Бинафша хезланиб.
— Ўғирлик мол, демоқчиман! — деди Гулмира киборларча. – Ўзимам айтувдим-а, кунини зўрға кўрадиган бу ялангоёқда тилла зирак нима қилади, деб!

— Менга қара! — деди Бинфша жаҳли чиқиб. — Кўп ўзингдан кетаверма, аданг «шишка» бўлса ўзига! Нима, оддий одамлар тилла зирак тақолмайдими? Ё таъқиқланганми? Пешона терига келган бу! Ҳозиргина жез деб турувдинг-ку, энди нега ўпкангни байроқ қиласан?
— Қўйинглар, қизлар, бугун уришмайлик, — деди Хосият ожизгина эътироз билдириб.
— Сен аралашма, Бехосият! — деб Гулмира тағин Бинафшага хезланди. — Ойимам шўттала, ишонмасанг аданг билан юзлаштирамиз! Чидайсанми?
— Майли, юр! — деди Бинафша ҳақлигига ишониб.

Қизлар ичкарига йўл олишди. Хосият уларнинг ёнида пилдираб борар, яраштириш мақсадида тинмай жаврарди:
— Шундай кунда-я!.. Ахир байрам-ку бугун, охирги кун-а… Тағин қачон кўришамиз…
Баҳор ҳавоси бетайин келади. Мана, ҳозир ҳам бирпасда кўкни булут қоплаб, осмон қовоғни уйди…

* * *

Мактаб директори Раҳмоновнинг хонаси.
Бинафшанинг ҳайратдан оғзи очилиб қолган.
Шавкат эшик тагидаги стулда боши эгик ўтирибди.
Раҳмонов у ёқдан-бу ёққа юриб турибди.

Гулмиранинг онаси – оғзи тўла тилла тиш, пакана, семиз аёл — бармоқлари билан столни асабий чертиб ўтирибди.
— Кўчадан топиб олдим, деяпман-ку!.. — деб тўнғиллади Шавкат.

Ниҳоят, Бинафша дадасидан кўзини узиб, ерга қараганича стол томон кела бошлади. Уятдан қизариб, номус ўтида куйиб келаётган қизга орадаги масофа жуда узоқ туюлди. Столга яқинлашиб, зиракни қулоқидан еча бошлади.

Семиз, пакана аёл тилла тишларини яланқочлади.
Шавкат бир жойи санчгандай афтини бужмайтирди.
Раҳмонов юришдан тўхтади.

Бинафша титроқ қўллари билан зиракни столга қўйди. Ўзини аранг қўлга олиб, эшиккача бир амаллаб етиб олди.
Коридорга чиқди-ю, баралла йиғлаб юборди.
Мактаб дарвозасидан чиққанида кўкда булут қуюқлашиб ёмғир томчилай бошлади. Бахтига троллейбус ҳам кела қолди…

Асфалт йўлда пуфакчалар ҳосил қилиб, ёмғир энди ростакамига қуйиб берди.
Югуриб чиққан Шавкат троллейбусга озгина кеч қолди. Ноилож кейингисини кута бошлади…

* * *

Шавкатнинг уйи.
Бинафша эшикдан отилиб кириб, ҳўнграганича ўзини диванга ташлади. Узоқ йиЪълади. Кейин жим бўлиб қолди.
Ташқарида ёқаётган ёмғир жалага айланди.

Баҳор яримлаб, кунлар бирмунча исиб қолган пайт. Одамлар аллақачон ёзлик либосга ўтиб олган. Кутилмаганда об-ҳавонинг бундай ўзгариши ҳаммани шошириб қўйди – оёғи куйган товуқдай питирлаб қолишди.

Мана, бир аёл жемперини бошига ёпиб югуриб ўтиб кетди…
Иккита мактаб ўқувчиси нима ҳақдадир гаплашиб, ёмғирга парво ҳам қилишаётгани йўқ…
Битта чол тўнининг этакларини бошига ёпинчиқ қилиб, шошилмай кетиб боряпти…
Бир талаба газета ёпинган кўйи чопиб кетди…

Қизлар сумкачаларини пана қилиб югуришган…
Буларнинг барини Бинафша иккинчи қават деразасидан кўриб турарди. Дераза ойнасига урилиб, сизиб тушаётган ёмғир қизнинг юзидан кўз ёши бўлиб оқаётгандай таассурот уйғотади.

Ҳамма ёқи шалаббо аҳволда Шавкат кириб келди. Уст-бошидаги сув оқишини кутиб, эшик тагида бирпас туриб қолди. Сўнг қўрқа-писа овоз берди:
— Бинуф?..

Бинафша бу ёққа ўгирилди. Юзи қахрли тус олди. Лекин индамади.
— Уйдамисан?..
Унинг аҳволи одамнинг раҳмини келтирадиган даражада — уст-боши ивиб кетган, ҳўл сочлари тўзғиган, бунинг устига кайфияти ҳам дабдала эди.

Шавкат онасидан қўрққан боладай диванга омонатгина ўтирди.
— Ҳали мени шу йўл билан боқаяпсизми, ада?! – деди Бинафша йиғлаб. — Еган овқатимизам, кийган кийимимизам ўқирликми? Мен аҳмоқ бировни қон қақшатиб олган зирагингизни тақиб кеккайиб юрибман! Яхшиям зирак экан, ечиб бериб қутилдим. Агар кийим бўлганида-чи? Мана шу уст-бошим бўлганида-чи? Ундаям ечиб бериб, уйга яланғоч келармидим?..

Шавкатнинг юзи докадай оқариб кетди. Бинафша зор қақшарди:
— Аслида нима ҳалол, нима ҳаромлигини менга сиз ўргатишингиз керак эмасми? Энди синфдошларимнинг олдида нима деган одам бўлдим, нима деган одам бўлдим?!

Шавкат уҳ тортиб қўйди. Қиз давом қилди:
— Бирда бўлмаса бирда қўлга тушиб қамалиб кетсангиз, мен нима қиламан, ада? — ёшли кўзлари билан дадасига термулди қиз. — Қандай яшайман? Ахир кўза кунда эмас, кунида синади!.. Суянганим, ишонганим — битта-ю битта сизсиз-ку!.. Сизам мени алдасангиз… унда мен кимга ишонай, ада, кимга?!

Шавкатнинг хўрлиги келди. Ўрнидан сапчиб туриб, йиғламсираганича бақириб берди:
— Ҳа, мен ўғриман!!! Шу йўл билан кун кўраман! Сен туғилганинггачаям шунақа эди, туғилганингдан кейин ҳам шунақа бўп қолди, бундан кейинам шунақа бўлади!.. Ахир, ўқимаган бўлсам, бирор ҳунарим бўлмаса!.. Менинг бўлганим шу, қизим… Всё!
У ошкора йиғлаб юборди.

Бинафша жим бўлиб қолди. Кейин худди тушида гапираётгандай шивирлади:
— Болалигимда ўлимдан қўрқардим… — деди у паришонхотирлик билан. — Энди яшашдан қўрқаяпман…
— Унақа дема, жон қизим! — деди Шавкат жон холатда.
— Сенга бир нима бўлса, мен ўлиб қоламан ахир!..

Бинафша бошини кескин кўтариб, дадасига тик қаради ва босиқ, лекин қатъий оқангда деди:
— Энди гап бундай: бугундан бошлаб сиз опкеган ҳаром овқатингизниям емайман, сиз опкеган ҳаром кийимингизниям киймайман! Всё!..

* * *

Шавкат ўзида йўқ хурсанд келяпти. қўлида иккита қоғоз пакет, бўйнида бир шода тешиккулча. Кўчадаги ўткинчиларга виқор билан боқади.
Одамлар гўё унинг нега ўзидан-ўзи жилмайиб кетаётганидан хабардордай. Бугун унинг қадам ташлашлари ҳам бошқача…

Эшикдан кириб, қўлидагиларни қўймай, туфлисини ечди. Доимгидай югуриб чиқадиган Бинафша кўринмади.
Меҳмонхонага кирди.

Бинафша деразага қараб турибди. Дадаси кирганидан кейин қўлларини кўксида чамбарак қилганича бу томонга ўгирилди.
— Ассалому алайкум… — деди у хаста овозда.
— Ваалайкум ассалому ва раҳматуллоҳу ва баракатуҳ! — деди Шавкат қувноқлик билан.

Кейин қандайдир ашулани хиргойи қилганича пакетдаги нарсаларни намойишкорона чиқара бошлади. Бир шиша қатиқ (кефир), иккита тандир нон, бир таёқ колбаса, бир пачка маргарин столдан жой олди.

Бинафша қовоғини солиб турибди.
— Кўп бўзраяверма, кечаси билан вокзалда юк туширдим, — деб Шавкат қўлларини кўрсатди. — Мана…

Унинг кафтлари пуфакчалар ҳосил қилиб қавариб кетган эди. Қиз раҳми келиб қаради, аммо сир бой бермади.
— Ҳужжатлар ичида правангизга кўзим тушгандай бўлувди, шофёрликка ўқиган экансиз-ку? — деди қиз бир оз юмшаб.
— Э-э, минг йил бўп кетган… — деди Шавкат қўл силтаб.
— Минг йил бўлса-чи! — деди қиз ўжарлик билан. — Ҳозир нима кўп — қурилиш кўп, битта-яримта самосвал-памосвал беришар, бунақа қийналиб юрасизми…
— Ўйлаб кўриш керак… — мужмал жавоб қилди Шавкат.
— Сиз қирқ олти йилдан бери ўйлайсиз! — деди қиз аразли оҳангда. – Ўзингизнинг ақлингиз етмаса, ақлли одамларнинг гапига кирмасангиз — бу нима деган гап ўзи?!
— Бўлди, кўп вайсайверма! — пўписа қилди Шавкат. – Ўйлаб кўраман, деяпман-ку! Сендақа ақллидан ўргилдим… Бугунга колбаса билан картошка қовуриб қўя қол — осонгина…

Шу топда у бўйнида бир шода тешиккулча билаи жудаям кулгили кўринарди.
Бинафша аразли жилмайиб чиқиб кетди…
У бирпасда овқатни лаганга сузиб, хонага кирганида Шавкат чарчаб диванда ўтирган кўйи ухлаб қолган эди. Қиз лаганни столга қўйиб, унга кулимсирганча бир муддат меҳр билан қараб турди-да, секингина бўйнидан тешиккулча шодасини олди. Бошига ёстиқ ташлаб, оҳиста ётқизиб қўйди…

* * *

Хиёбон.

Пўрим кийиниб олган Озодбек қўлида гулдаста билан кимнидир кутяпти.

Бинафша уни узоқдан кўриши билан кулимсираб қўйди.
— Ҳа, нима ҳаракат? — деди қиз унга яқинлашгач.
— Яхшимисан, Бинуф?.. — деди Озодбек ўғрилик устида қўлга тушиб қолгандай қизариб. — Шундай… Хосият билан айланмоқчийдик…
— Да-а, «Хосиятли иш» денг? — деди Бинафша ўйноқи жиддийлик билан. — Учрашувимиз бир пайтга тўғри кеп қолмаслиги учун расписания тузиб олсак бўларкан! Бизам Акмал акамла билан айланмоқчийлик.

Озодбек хижолатдан терлаб кетди. Унинг бахтига Бинафша Хосиятни кўриб қолди-ю, қизнинг диққати ўша ёққа қадалди.
— Ана, «амри маъриф»имнинг натижасини кўриб қўйинг! — деди Бинафша ҳазиломуз. Раҳматниям сўраб оламиз, шекилли?
— Хосият бозорда юргандай бемалол музқаймоқ еб келяпти.
— Аҳ.. Раҳмат! — деб йигит ўша томон шошилди.

Лекин Хосият келаётган жойида йўқ эди.
Озодбек ҳайрон.
— Бинафша ҳайратда. Иккаласи ҳозиргина Хосият келаётган жой томон юришди. Ер остидан бўғиқ овоз эшитилди:
— Ҳой, ким бор?.. Ёрдам беринглар!..
— Кимдир водопровод қудуғининг қопқоғини ёпмай кетган экан, Хосиятнинг овози ўша ердан чиқаётганди…
— Бу орада Акмал ҳам келиб қолди. Кўплашиб Хосиятни қудуқдан чиқариб олишди.
— Хосиятнинг қўлида музқаймоқнинг фақат чўпи қолган эди…

 * * *

— Акмал билан Бинафша истироҳат боғини айланиб юришибди. Ҳа, ҳурматли томошабин, бу ўша — бирда Шавкатнинг бошига велосипед насоси билан туширган болакай эди.
— Муҳаббатдан маст ошиқларнинг ҳис-туйғуларини ифодалайдиган қўшиқ кетади:

— Ўтирганда тўр ярашган,
Юрганида йўл ярашган.
Ой тўлишган оқшомларда,
Қўлларига гул ярашган.

Ошиқ сўздан адашади,
Адашгани ярашади.
Катта-кичик ҳавас билан,
Булар ким деб қарашади.

Ёки:

Бўзтўрғайим, бўзтўрғай,
Суюклигим — йўлдошим.
Ер ҳолини ер сўрғай,
Ёлғизлигим — сирдошим.
Бўзтўрғайим, бўзтўрғай,
Ёлғизлигим — сирдошим.

Муқаббат бор, ҳижрон бор,
Орасида бўзлайсан.
Чарх ишидан сен безор,
Армонлардан сўйлайсан.
Бўзтўрғайим, бўзтўрғай,
Суюклигим — йўлдошим.

Қўшиқ клип тарзида суратга олиниб, қуйидаги кадрлар кетади:

Севишганлар болалар темир йўл изи бўйлаб кетишяпти — Бинафша изда, Акмал унинг қўлидан ушлаб боряпти…
Йигит бир қизиқ воқеани гапиради, қиз қотиб-қотиб кулади…

Улар болалар пуфакчалари (шар) сотиб ўтирган аёл томон юришади. Акмал битта пуфакча сотиб олиб, қизга бермоқчи эди, шар тепага учиб кетади.
Бинафша пуфакчага ачиниб, афсус билан осмонга қарайди. Йигит яна бир пуфакча олиб, қизга узатади. Бинафша қўл узатган пайт у тағин осмонга учиб кетади.
Бинафша йиғламоқлан бери бўлиб, нигоҳлари билан кўк сари парвоз қилаётган пуфакчани кузатади.

Учинчи марта қиз пуфакчани олмай туради. Йигит «олинг” дегандай имлайди. Ниҳоят, қиз олмоқчи бўлганида шар бу сафар ҳам осмонга учиб кетади.
Бинафша йигитнинг атай қилаётганини тушуниб қолиб, кулганича иккала қўлини мушт қилиб Акмалнинг кўкрагига тапиллатиб уради…

Трамвай келиб тўхтайди. Бинафшанинг сумкачасини олволган Акмал қизнинг қўлидан ушлаб тушириб қўяди.
Кўчага сув сепадиган машина ҳайдаб кетаётган Шавкат уларни кўриб қолади.
— Велосипедист-ку!.. — дейди у пичирлаб.

Йигит билан қиз қўл ушлашганча одамлар орасига сингиб кетади…

* * *

Шавкатларнинг уйи олдида сув сепадиган машина турибди.
У копотни очиб моторни кавлаштиряпти.
Бинафша келяпти. Кайфияти аъло.

Шавкат қўлини латта билан арта туриб бошини кўтарган эди, копотга уриб олди.
— Ҳечқиси йўқ, ўрганиб кетасиз! — деди Бинафша жилмайиб.
— Ҳа-а, сенмидинг? — деб Шавкат қизига ҳисобот бера кетди: — Бордим. ҳозирча шуни оптуринг, дейишди, яқин-да бир партия янгиси келади, хоҳлаганингизни танлаб оласиз, деб ваъда қилишди.
— Ана, айтмадимми, сиз бўлсангиз қўрқиб юрибсиз! — деди қиз насиҳатомуз.
— Эскироғ-у, лекин бир амаллаб одам қилиб оларман, — деди Шавкат ғурурланиб.
— Бунингиз одам бўлмайди. Шавкатнинг капалаги учиб кетди:
— Ие, нега?..
— Ада-а, бу мошина-ю! — деди қиз чарчоқ оҳангида.
Кета туриб аниқлик киритди: — Темир!..

Шавкат анграйиб қолди.
— Ҳа-а… — деб қўйди у. Сўнг ночоргина илжайди: — Шунақа гап бор-да…

* * *

Шавкатнинг сув сепадиган машинаси катта кўчада кетиб боряпти.
Кабина ичи машхур ҳинд актёрларининг суратлари, кокиладор попукли энсиз палак ва туморлар билан безатилган.
Бинафша худди «Мерседес»да кетаётгандай ўзида йўқ хурсанд.

Шодиёна ва тантанавор мусиқа фонида қиз машина мурватларини кўрсатиб, «бу нима», «бу нима» деб сўрайве рар, дадаси жавоб беришдан чарчамасди. Хуллас, ота-бола чексиз бахтиёр эдилар…

«Милиция» деб ёзиб қўйилган бино олдига хизмат машинаси келиб тўхтади. Иккита барваста мелиса тушиб, эшигини очди. Ва ундан Жамшид тушиб, қўлларини орқага қилганича мелисалар етовида бинога кириб кетди.

У сув сепадиган машинада анграйиб ўтиб кетган ошнасини сезмади ҳам…

* * *

Тўйхона.
Бир ёқда карнай-сурнаю, бир ёқда хонандаю созандалар. Ёшлар рақс тушиб, эчкидай сакрашяпти.

Тўрда оппоқ келинлик либосида Бинафша, ясаниб олган Акмал ўтиришибди. У куёвжўралар билаи бир нималарни гаплашяпти. Келин – Бинафша ўйчан, жиддий қиёфада ўтирибди. Уларни кўрган киши тўйдан унчалик ҳам хурсанд эмас, деб ўйлаши мумкин.

Даврани бир маҳмадана йигит бошқариб боряпти. У алоҳида столда ўтирган хонандаларнинг олдига келиб, ёши каттароқ ҳофизга мурожаат қилди:
— Маҳмуд ака, энди «она операцияси»ни бошлайверсак ҳам бўлар? Одамлар қизишиб олди…
Маҳмуд акаси «маъқул» дегандай бош ирғади. Маҳмадана пилдираганича ўртага чиқиб, микрофонни олди:
— Энди даврага дил сўзларини айтиш учун, ҳамда ўз шодликларининг изҳори сифатида бир рақсга тушиб беришларини сўраб, келинимиз — Бинафшахон ва куёвимиз —

Акмалжонларнинг муҳтарама оналарини даврага таклиф қиламиз! Марҳамат, жондан азиз онажонлар!
Бинафшанинг хавотири ана шундан эди — кескин бошини кўтариб, нажот излагандай атрофга аланглади.
Бир томондан Акмалнинг онаси, иккинчи ёқдан… довдираганича Шавкат чиқиб келди!

Бинафша хижолат ва ноқулайликдан ер чизиб қолди.
Маҳмадана бу англашилмовчиликнинг олдини олишга шошилди:
— Кечирасиз, мен «келин-куёвнинг оналари» дедим, оталарини сал кейинроқ чақирамиз, узр…

Бинафшага худди дадасини даврадан ҳайдаётгандай туюлади. Оғринди.
Куёвнинг ота-онаси ҳам хижолатда.

Меҳмонлар ҳайрон.
Ўртага ноқулай сукут чўкди — барча емоқ-ичмоқдан тийилди.
Бинафша ҳаммани ҳайрон қолдириб, стулларни наридан-бери сурганича ўртага чиқди. Шу топда, негадир, хўрлиги келди. Дадил юриб отасининг олдига бориб турди.
Тўйхона сув қуйгандек жимиб қолди. Ҳамма нима бўлишини кутарди.

Бинафша дадасининг қаршисига келиб… тиз чўкди!
Шавкатнинг капалаги учиб кетди:
— И-и-и, бу нима қилганинг, асал қизим?.. — деди у шивирлаб. — ҳамма бизга қараяпти…
— Қараса қарар, бу муҳиммас! Менга сиз муҳимсиз, қадр-қимматингиз муҳим! Ота бўлиб едирдингиз-кийдирдингиз, она бўлиб алла айтдингиз! Адажон, агар мен ёшлик қилиб гапингизга кирмаган бўлсам, овозимни сал баландлатиб гапирган бўлсам, мен аҳмоқингизни кечиринг! Мендан рози бўлинг, ўзимнинг адажоним!..

Ҳамма лолу ҳайрон. Чунки келин ўзини бунақа тутишини ҳеч ким кўрмаган эди.

Шавкат қизининг елкасидан олиб турғазди, бағрига босди.
— Нега унақа дейсан, жон қизим?.. — дея олди у томоғига бир нима тиқилиб. — Сен дунёдаги энг яхши қизсан!..

* * *

Тўйхона олди.
Шавкатнинг сув сепадиган машинаси турибди.
Рулга қўлларини қўйганча у хаёлга чўмиб ўтирибди. Хаёлида эса…

…Чанг-тўзон ичида қолган бешик ва биғиллаб йиғлаётган чақалоқ…
…Мактаб формасидаги Бинафша сумкаси билан Озодбекнинг бошига солади…
…Акмал велосипед насоси билан Шавкатнинг пешонасини қашқа қилади…

Кабина ичида ўтирган Шавкат маюс кулимсираб қўйди.
Тўйхонадан Бинафша билан Акмални қуршаб олган бир тўп куёвжўра ва келиннинг дугоналари ғала-ғовур қилиб чиқишди.

Бинафша Акмалнинг қўлидан ушлаганича шу томон югурди.
— Ада, қочдик! — деб кабинага чиқиб олди.
Шавкатнинг машинаси ўкириб жойидан қўзқалди.
Буни кўрган куёвжўра ва янгалар ўша ерда турган енгил автомобилларга шоша-пиша ўтириб, сув сепадиган машинани қувиб кетишди.
Рулда кетаётган Шавкат анчадан буён машинани бунақа тез ҳайдамаган эди. Ёнида ўтирган қизига «Қалай ҳайдаяпман?» дегандай керилиб қараб қўйди.

Бинафшанинг завқи келиб, гоҳ орқани кўрсатувчи йўн кўзгудан таъқибчиларга қарар, гоҳ дадасини янада тез юришга ундар, кўзларида ўт чақнарди.
Акмал ҳам Бинафшанинг талвасасига қўшилиб, кўзгучадан кўз узмай борарди.

Шавкат қизига кулимсираб қараб қўйди.
— Акмалжон, бу, валасапидингизнинг ғилдираги айланиб турибдими? — деди Шавкат куёв-қайнота ўртасидаги ноқулайлик пардасини кўтариш учун.

Акмал гуноҳкорона жилмайиб, бош ирғади:
— Ҳа…
— Насоси-чи? Насос омонми?
Иккаласи ҳам шарақлаб кулиб юборди.

Бинафша буларнинг нега кулаётганига тушунмаса ҳам жилмайиб боряпти.
— Шу ерда тўхтатинг, — деди қиз.

Машина тўхтади. Орқадагилар ҳам етиб келишди.
— Ваъдангиз эсингиздами, ада? — дея араз аралаш эркаланди Бинафша.
— Эсимда, эсимда… — деди Шавкат кулиб.
Қиз хурсанд бўлиб, куёвнинг ёрдамида машинадан тушди.

Кимсасиз тунги кўча.
Бинафша Акмалнинг қўлидан ушлаб машина чироқлари рўпарасига келиб турди.
Янгалару куёвжўралар ҳеч нима тушунмай, ғала-ғовур қилганча ҳар тарафдан уларни ўраб олишди.
— Бошланг! — деб бақирди Бинафша.

Шавкат машинанинг аллақандай мурватини бураб, газни босди.
Машина жўмракларидан сув отилиб чиқди. Буни кутмаган янгалар, куёвжўралар, келиннинг дугоналари дод-войлаб турли тарафга тариқдай сочилиб кетди. Фақат Бинафша билан Акмал қолди.

Уст-боши шалаббо бўлишига парво қилмай, болаларча завқу шавқ билан қийқириб сакрашарди.
Бошқалар тунги салқинда кийимларини ҳўл қилишга юраги дов бермай, бир чеккада томошабин бўлиб туришибди.
Шавкат рулга ияк тираганича ўзида йўқ шод сакраётган қизига жилмайиб қараб турар, кўзларида ёш йилтилларди.

Машинадан чиқаётган фаввора наинки келин-куёвнинг кийимларини, балки қалблардаги ғуборларни ҳам юваётган эди гўё…

Стоп кадр
Бор гап шу…

2008

M: Шароф Бошбековнинг “Мусофир бўлмагунча” китобидан олинди

Sharof Boshbekov. Falakning gardishi (Lotincha)

09

(Tashriflar: umumiy 206, bugungi 1)

Izoh qoldiring