Taniqli dramaturg va shoir Turob To’la tavalludiga 95 yil to’ldi.

90
Шоир ва драматург Туроб Тўла 1918 йил 24 декабр куни Қозоғистон республикаси Чимкент вилоятига қарашли Турбат қишлоғида деҳқон оиласида туғилиб, болалар уйида тарбияланди. 1933—1941 йилларда Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Шу билан бирга, «Ёш куч» журнали, «Ёш ленинчи» газеталарида ишлади. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Радиосида бўлим бошқарувчиси, «Ўзбекфилм» киностудиясида адабий бўлим мудири, Республика киночилар уюшмаси котиби, Санъат ишлари бошқармасининг бошлиғи, Ҳамза номидаги Академик драма театри директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи марказининг раҳбари каби бир қанча масъул лавозимларда фаоллик кўрсатди.

Туроб Тўла шеър ёзишни 1934 йиллардан бошлаган. 1939 йилда унинг биринчи шеърлар тўплами босилган. Унинг «Бахт тонготари» (1948), «Сен ҳақингда», «Қанот қоқинг, қўшиқларим», «Камалак», «Нафосат» тўпламлари нашр этилган. Шоирнинг қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кишиларининг юрагига ҳамоҳангдир. У қўшиқчи шоир сифатида, айниқса, машҳур бўлган.
Бир қанча киноқиссалар, жумладан, «Раис», «Марғилонлик қиз», «Талант», «Мафтунингман», «Фурқат», «Шашмақом», «Тўққизинчи аср монологи», «Қаҳр» филмлари сценарийси Туроб Тўла қаламига мансубдир.
Туроб Тўла драматург сифатида ҳам машҳур бўлиб, унинг «Қирқ қиз», «Қизбулоқ», «Момо ер» (Ч. Айтматов асари асосида), «Нодирабегим», «Қаҳр» песалари республика театрларида саҳналаштирилган. Шунингдек, у «Зулматдан нур» (Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида) операси ҳамда «Самарқанд афсонаси» балетининг либреттоларини ёзган.Туроб Тўла Шекспирнинг «Қийиқ қизнинг қуюлиши» комедияси, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А. Некрасов, Т. Шевченко, А. Тўқай, С. Муқонов асарларини ўзбек тилига таржима қилган. У Ўзбекистон халқ шоири (1988). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1967).
Туроб Тўла 1990 йил 20 март куни Тошкент шаҳрида оламдан ўтган.

90

Туроб Тўла
ШЕЪРЛАР

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Кўнгил мулкига кирдинг, дилрабо, оҳиста-оҳиста,
Унинг дилдори бўлдинг бебаҳо оҳиста-оҳиста.

Баногоҳ беижозат кирдингу ҳайратда қолдирдинг
Олиб домингга бир оҳанрабо оҳиста-оҳиста.

Дилим боғига ўтқазган бу эзгу дард ниҳолингдин
Вафо унди, вафо унди, вафо, оҳиста-оҳиста.

Ширин дамлар ато қилдинг хаёлим коинотига,
Ўзинг кел энди жоно, марҳабо, оҳиста-оҳиста.

Кўзидин ўзга айби бормидир оламда оҳунинг,
Кўзинг мардуми-ла этгил шифо, оҳиста-оҳиста.

ИШҚ БОРКИ…

Ишқ борки гўзал олам, у кўзлар қароғинда,
У борки кўнгил сўнмас ҳаттоки фироғинда.

У борки баҳор ҳаргиз боғлайди яранг гулдан,
Масъуди, малолинг ҳам қош ила қовоғинда.

Дашт бирлан ўтиб кетди бир оҳу мисол наврўз,
Лолаи гулобингни эзғилаб оёғинда.

Қолмишди яқо йиртиб баргинда тиниқ, шабнам,
Гўёки фиғонидин ёш эрди ёноғинда.

У тобе этар гўё бахтингни қилиб гулхан,
Оламга баён айлаб машъали маёғинда.

Қанча дарди-ҳасрат бор, қанча қулфи тилсимот,
У узган кўнгил торин ҳар битта улоғинда.

Барчасин билар кўнгил, барчасин этар барҳам,
У боис ривоятлар эл-юрти қулоғинда!

ЁР ЭТМА

Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма,
Муҳаббат боғини тарк эт ва асло гулузор этма.

Агар ёв олдида беҳуда иш бирлан асир ўлсам,
Қасос нафрат билан ўлдир, мени асло хумор этма.

Ҳаром ўлсин муҳаббат гар йўлимдан бир қадам қайтсам
Рақибим бўл, рафиқам бўлмагил, мотам мазор этма.

Зафар бирла жаҳонга кўрсатурман чин муҳаббатни,
Муҳаббат фарз ҳам қарздир, қўзим, номуси ор этма,

Қўлимдан тушмагай асло қасос шамшири жангларда,.
Агар ўлсамки мардона, ўзингни ғамгузор этма.

Ва лекин қумрилар ғам бирла асло нолавор бўлмас,
Кўзингга бу жаҳонни асти, ёрим, танги тор этма.

Гўзал гулшан Туроби пок этилгай тезда ёвлардан,
Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма.

МУҲАББАТ МАДҲИ

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

Гул ўрнига дурдек териб келган каломимни
Аъло билиб ҳамиша сен «бу достон», дединг.

Қуёш бўлиб кирдинг менинг қалбимга бир йўла,
Қалбинг менга кенг, беғубор бир осмон, дединг.

Айтгил, дедим борми тағин оламда бахтиёр,
Хумор боқиб «менинг билан сен бегумон», дедннг.

Бу бахтга қилсам арзигай кошона армуғон,
Нозим билан Муҳаббатинг бўлсин омон, дединг,

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

КУЙЛАТИБ ҚЎЙДИНГ МЕНИ

Бир қиё ташлаб кўнгилга, ўйлатиб қўйдинг мени,
Бир муғанний, ошиқона куйлатиб қўйдинг мени.

Чақдингу чақмоқ, қилич солдинг дилим осмонига,
Оҳ, дилим бирла баробар ўйнатиб қўйдинг мени.

Олдингу кетдинг ўйимни, тинчиму сабримгача,
Излатиб кўйингда жон, кўй-кўйлатиб қўйдинг мени.

Шунча ҳам қиммат бўлурми бир қиё бир зорга,
Ҳар чаман, ҳар боққа бир бўй-бўйлатиб қўйдинг мени.

Энди билдим, тоғ экан Мажнун қалби, ёпирай,
Кўча-кўйда ҳар кишига сўйлатиб қўйдинг мени.

ЎЗГА

Кўз очиб кўрмади кўз мардуми сандин ўзга,
Сева олмайди менингдек сани мандин ўзга.

Бағри кенг, ишқи мусаффо гули, булбулларига
Борми оламда чаман ҳеч бу чамандин ўзга!

Билинур мард киши мардлик ила бу майдонда,
Саман ўрнини босолмайди самандин ўзга.

Юрагим торида йўқ бошқача куй, бошқача соз,
Сен отиб поралаган зарби камандин ўзга.

Бари меҳримни олиб кимга инъом айлаганинг,
Менга не қолди хаёлингда чамамдин ўзга?

ОНАИЗОР
(«Осиё устида бўрон» кинофилмидан)

Яхши сўз чиққай юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

Эй, жанубга талпиниб учган хаёл,
Соғинишдан ўртаган бағримни ол,
Онаизоримни этгил бахтиёр,
Интизор у, интизор у, интизор!

Лочининг бор, деб онамни шод қил,
Айрилиқнинг дардидан озод қнл.
Бахт бўлиб, оро бўлиб кир бағрига,
Бағрини гул, кўнглини обод қил.

Айланур тун бағри тўлган ой билан,
Айланур бош ўйнаб оққан сой билан!
Бахт келур, бахтинг келур, кутгил, она,
Ҳар на келгай жанг билан, ҳам жой билан.

Яхши сўз чиққан юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

90

ТУРОБ ТЎЛА ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР

099

КУНЛАРДАН БИР КУН ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда коридорга чиқсам, уч-тўрт ёш шоир, Рауф ака таъбири билан айтганда, “дарвеш”лар у ёқдан бу ёққа юриб туришарди, унинг ўзи эса “раҳбар” топиш йўлида жиддий изланаётган экан. Қачонлардир “раҳбар”лик қилганларнинг бугун чўнтаги қуруқ ва шу боис, албатта, бу масъул вазифага асло даъвогар бўлолмасди.
Кўчадан Туроб Тўла кириб келди. Раҳматли кўп яхши одам эди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар ўн беш кунда эринмай ёшларнинг шеърият кечасини олиб борар, шу сабабданми, феъли навқирон – ёшлар билан жуда чиқишиб кетарди.
— Мана… Мана… Туроб акам келдилар! – Рауф ака ярашимли табассум билан пешвоз чиқди.
— Ҳа, Рауф? – деди Туроб ака гап нимадалигини аллақачон пайқаб, жилмайганча.
— “Раҳбар” йўқ, — деди Рауф ака куйиниб. – Ҳеч топилмаяпти. Излаяпмиз…
— Топилмаяптими?
— Йўқ-да! Шунга… Ўзингиз… Лекин “раҳбар”лик… яхши иш…
— Менинг вақтим йўқроқ-да…
У киши костюмининг чўнтагидан битта юзталик олиб, Рауф акага узатди.
— Мана!
Рауф ака пулни қўлига олгач, юзталикнинг обрўсидан андак довдираб қолди:
— Кўп-ку!..
У пулни нима қилишини билмай турар: қайтариб бермай деса, анча катта пул, берай деса… Туроб ака “ҳа, майли” деб чўнтагига солиб кетса, нима бўлади!
Рауф ака йўлини топди.
— Биз йигирма сўмини сарфлаймиз, — деди у чин виждон билан. – Қолганини ўзингизга қайтарамиз…
— Ҳаммаси сизларга! – деди Туроб ака ва тепа қаватга элтадиган зина томон юрди. У ҳам негадир бу пулни берганидан роса хурсанддай эди.
— Оббо! – деди Рауф ака бундай сахийликдан ҳамон ўзига келмай. – Кўп-ку…
У зинадан чиқиб кетаётган Туроб акага чин кўнгилдан яна бир бор ваъда берди:
— Қолганини қайтариб берамиз!
Туроб ака ҳотамтойликда қатъий туриб олди:
— Ҳаммаси ўзларингники!..
Рауф ака ва “команда”си бўлажак буюк ишларга чоғланиб, сумкаларни кўтарганча кўчага – озодлик сари чоғланиб турарди.
Мен ҳазиллашдим:
— “Раҳбар” кетиб қолди. Ўтиришларинг энди қандай кечади?
Рауф ака шу заҳотиёқ жавоб топди:
— Туроб акам беш кун давомида ўтиришнинг фахрий раиси бўладилар…
Ана ҳурмат-у, мана ҳурмат!..

Усмон Азим хотираларидан

099

САКСОНИНЧИ ЙИЛЛАР БОШЛАРИДАН бошлаб, мен ўша „Ёзувчилар союзи“ номи билан юритиладиган ташкилотда „ поэзия совети“да консултант ( адабий маслҳатчи) бўлиб ишлардим. „Қўшиқ совети“га эса шоир Туроб Тўла раҳбарлик қиларди. Ниҳоятда эътиқодли коммунист ва яҳши инсон, бировга ёмонлиги йўқ эди. Оллоҳ унинг гуноҳларини кечирган ва раҳматига муносиб кўрган бўлсин. Кўп тарихий, ҳозир ҳам кўпчиликка номаълумлигича қолиб келаётган воқеъаларнинг жонли шоҳиди бўлиб, „ вақти- соати етиб келмагунча бировга оғзимдан гуллаб қўймаслик“ шарти билан Усмон Носирнинг қай ҳолатда қамоққа олингани, ёзувчи Ойбекни қандай тергов қилганлари ва бошқа кўп воқеъаларни гапириб берарди.

Мен ундан кўпинча „ Туроб ака, бунинг вақти- соати қачон келади?“ деб ғашига теккандай бўлардим. Ундаги қўрқув туйғусини мен табиий ҳол деб билардим. Шундай кунларнинг, шундай ишларнинг гувоҳи бўлган одам юрагини олдириб қўйган бўлиши турган гап. „ Ишқилиб бундай ишлар сенларнинг бошларингга тушмасин“ деб қўярди. Унинг эътиқоди бўйича, бу ишларда партиянинг айби йўқ, ҳукумат тепасига чиқиб олган баъзи одамларнинг хатоси эди…

Шу одам қўшиқ советига раҳбарлик қиларди. Қўшиқ ёзишни касб қилиб олган шоирлар гуруҳи бўлиб, машҳур „тўйлар муборак“ қўшиғининг муаллифи Собир Абдулла, Ҳабибий, Акмал Пўлат, Ўткир Рашид, Пўлат Мўмин, Барот Исроил, Султон Қўқонбек, ўша пайтлардаги ички ишлар министри Ҳайдар Яҳъёев, Нормурод Нарзуллаев кабилар етакчи қўшиқчилар ҳисобланишарди. Улар учун қўшиқ матнларининг ўзига ҳос қоидалари, ички қонунлари мавжуд эди. Асосан матннинг коммунистик ғоявийлигига, очиқ қофияли, равон ва жарангдорлигига қаттиқ эътибор қаратиларди. „ Тўйлар муборак“ – ҳалқ қўшиғига айланиб кетган, аслида „Тоҳир-Зуҳра“ фильми учун ёзилган.

Бизнинг ёшлигимизда бирорта тўйнинг шу қўшиқсиз ўтганини билмайман. Кейинроқ Туроб Тўланинг Муҳаббат Шамаева айтган „ Кўчалар, кўчалар, ойдин кўчалар“ қўшиғи машҳур бўлди. Ҳечбир қўшиқ ўз- ўзидан машҳур бўлмайди. Ҳалқнинг ўзиги хос удумларидан келиб чиқиб, унинг эҳтиёжларига жавоб бўлаоладиган қўшиқлар- халқ юрагига тез йўл топади. Биз, ўша йилларнинг ёшлари ҳам бу қўшиқларни севардик. Лекин негадир қўшиқчи шоирларга бироз кинояли ёндошардик…

Ёдгор Обид хотираларидан

099

ТУРОБ ТЎЛА СЦЕНАРИЙЛАРИ АСОСИДА СУРАТГА ОЛИНГАН ФИЛЬМЛАРДАН

099

«Фурқат» бадиий фильми (Ўзбекфильм, 1959)

099

Maftuningman/Мафтунингман»
Режиссёр: Йўлдаш Аъзамов
Сценарий муаллифи: Туроб Тўла
Композиторлар: Икром Акбаров, Мутал Бурҳонов, Минасай Левиев
Актёрлар: Клара Жалилова, Ғани Аъзамов, Турғун Азизов, Аббос Бакиров, Санъат Девонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамраев, Рано Ҳамроқулова, Сайиб Хўжаев, Муҳаббат Тўлахўжаева

099

«SHASHMAQOM» — «ШАШМАҚОМ» ФИЛЬМИНИНГ САҲИФАСИГА ЎТИНГ

099

(Tashriflar: umumiy 600, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring