Tasavvur ranglari. Videofilm & Nodir Normatov. Boysunlik Gogen.

011
Бойсунлик Тўра Шомирзаев теран мушоҳадали, изланувчан, истеъдодли рассом. У миллий қадриятларни рангтасвирда ўзига хос ифода этганлиги учун Ўзбекистон Бадиий Академиясининг   олтин медали билан бекорга мукофотланмаган. «O’zbekiston» телерадиоканалида  директорлик пайтимда истеъдодли режиссёр Жамшид Худойқулов томонидан мусаввирга бағишланган видефильм  суратга олинган эди. Ушбу видеофильм,менинг назаримда, ўзбек телевизионида яратилган энг сара фильмлардан бири бўлиб қолди.

Сурхондарёлик мусаввир Тўра Шомирзаев ҳақида видеофилм.
Сценарий муаллифи — Нурилла Нарзуллаев.
Режиссёр — Жамшид Худойқулов.
Оператор — Саъдулла Ўринбоев.
Монтаж устаси — Абдушукур Ҳакимжонов.
«Ўзбекистон» телерадиоканали маҳсулоти

Нодир Норматов
БОЙСУНЛИК ГОГЕН

Одатда санъат аҳли, айниқса, рассомлар пойтахтда яшашни, у ердаги ижодий муҳитдан баҳра олиб, ижод қилишни ўзларининг зарурий эҳтиёжи деб билишади. Бойсунлик рассом Тўра Шомирзаев ҳам, Республика рассомлик билим юртини, кейин, Театр ва рассомлик институтини тугатгач, Тошкент, Самарқанд ва Душанбеда ана шундай ижодий муҳитдан «нафас» олиб кўрган ижодкорлардан. Аммо, у қалб тубидаги чинакам хоҳиш-истакни орадан ўн йил ўтиб пайқади.

Рассом Тошкентда бир қанча ишлар қилиб улгурган эди. Пойтахт Либослар уйи биносига деворий мозаика ишлари, Марказий Универмаг биноси интерьерида бадиий безаклар… Самарқандда бадиий кулолчиликдан Архитектура институтида дарс берди. Йирик объектларда ишлар бажарди. Душанбеда «Помир» ресторани ва бошқа йириб биноларда сопол-кошин безаклари қилди.

Бир куни у ёзувчи Василий Шукшиннинг «Вокзалда» деган ҳикоясини ўқиб қолди. Ҳикоя қаҳрамони – улкан шаҳарда муқим яшаб қолган, аммо асли олис Сибирдаги қишлоқдан бўлган бир киши ҳар гал хотини билан жанжаллашганида, вокзал томон жўнайди. «Бўлди, бас, энди шаҳарда ортиқ яшай олмайман, қишлоққа кетаман, у ернинг одамлари оддий, қалби тоза», – дейди у вокзалда нотаниш суҳбатдошига. Аммо,у қишлоғини қанчалик соғинмасин, шаҳардан воз кечиб кетолмайди. Шаҳарнинг сеҳри-синоати ушлаб туради, охир-оқибат бутун умри шундай ўтиб кетади. Тўра Шомирзаев ҳикоядан қаттиқ таъсирланди, у ҳикоя қаҳрамонига ўхшашни истамасди. Ва… ахийри Сурхонга, Бойсунга, туғилган гўшага қайтди.

Мана умрининг ўттиз йилдан ошиғи мана шу ота маконда ўтди. Бу йиллар мобайнида ижод деб яшади, нималарнидир топди, нималарнидир йўқотди. Топганлари – меҳрибон ёстиқдоши – Нина опа, қизлари: Шоира, Зебо, Ситора ва бир дунё ижодий ишлар – портретлар, манзаралар, картиналар… ва кулоллик ишлари . Йўқотганлари – ёшлиги, ҳеч кимга қулоқ солмайдиган югурик вақт… ва шаҳар фароғати. У бунга сира ачинмайди. Тўғри, олис туманда яшаб ижод қилишнинг ўзи бўлгани йўқ, алғов-далғов замонларда қийинчиликлар ҳам кўп бўлди. Биров уни тушунди, биров эса…унинг ижодини бир бўёқчи сифатида кўрди… Аммо, «Гоген Бойсунда» номли картинасини яратганида шу қадар енгил тортдики… Тушида ўша машҳур француз рассоми Бойсунга келган эмиш. Ёнида таитилик қизлар. Тўра аканинг ёнида эса бойсунлик қизлар. Улар бир боғ ичида суҳбат қилишаётган экан. Кимнинг қўлида нок, кимнинг қўлида гул-чечак…Тўра ака картинасини худди шу тахлитда ишлади.

021

Тасвирий санъат тарихидан маълумки, XIX аср охири – ХХ аср бошида яшаб ўтган франциялик машҳур рассом Поль Гоген ўзининг буюк асарларини яратиш учун Таити ва Полинезия оролларига сафар қилиб, мақсадига эришган экан. Тўра ака кўпдан бери бу буюк рассом ижодига эҳтиром билан қарайди, унинг асарларини кўриб, ўрганиб, мушоҳада қилади. Аммо у буюк рассом сингари узоқ оролларга сафар қилгани йўқ. Чунки, Гоген излаган, топган, асарларида қўлланган илиқ рангларнинг барчаси Сурхон диёрида, Бойсун заминида бор. Фақат, уни излаш, англаш, ҳис этиш, бунинг учун эса ўлкани яёв кезмоқ, ижод машаққатларига бардош керак эди. У ана шу хислатни ўзига бир умрлик дўстдек қабул қилди.
Унинг илк ижодий ишларидан бири – бахши тимсоли бўлди. Сурхоннинг бетакрор олами, ажойиб одамларини бахшилардан ўтказиб ким ҳам куйлар оларди? Дўмбира чертаётган адирлик ёнидаги кишининг тўлқинланиб жўшиши залворли бўёқларда, шакллар ўйинида мужассам. Бойсуннинг олис тоғли қишлоғи – Хомконда ўзбекнинг қўнғирот уруғи яшайди. Бу ернинг одамлари қишлоқда қишлаб, баҳордан то кеч кузгача Баҳорюрт деб аталмиш яйловда яшашади, чорва билан шуғулланишади. Уларнинг яшаш тарзи ўзига хос. Бу ернинг манзараларини Гоген ҳам кўрганида ҳайрат бармоғини тишлаган бўлар эди. Тўра аканинг «Қўнғирот аёллари» туркум асарлари ана шундай ижодий сафарлар самараси ўлароқ туғилган. Аждодларимиз томонидан мезолит, неолит ва ундан кейинги даврларда яратилган мана бу қоядаги тасвирлар Кўҳитанг тоғлари бағридаги Зараутсой дарасида жойлашган. Бу тасвирлар Ўзбекистон тасвирий санъати тарихидаги энг қадимги суратлар ҳисобланади. Тўра Шомирзаев бу тасвирларни энг аввало Бойсундаги болалар уйида, кейин Тошкентда, Рассомлик билим юртида ҳам, Театр ва рассомлик институтида ўқиб юрганларида ҳам қайта-қайта ўрганди, ўзича хулосалар чиқарди. Кейин, улардаги сариқ, қизил, жигар ранглар «Тоғлар манзараси» асарига оқиб кирди.

002

Рассомнинг кўп сафар қиладиган жойларидан бири – Даштиғоз қишлоғи. Бу ерда довруғи оламга ёйилган полвонлар, моҳир гиламдўзлар, чевар каштачилар яшайди. Халқ амалий санъатининг қадимги турларини тиклаётган мана бу хотин-қизлар гилам номи билан аталган – «Тўдагул» этнографик ансамблини ҳам тузишган. Улар Халқаро «Бойсун баҳори» анжуманида иштирок этишиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди. Рассом ўзи излаган рангларни худди ана шу либослардан, ана шу гиламу кашталардан, қўшиғу рақслардан топади.

Бу замин тупроғи зардир, олтиндир.
Қуёш ерга тушган, минглаб ёлқиндир.
Ранглари беқиёс бу олам аро,
Сени деб ҳар юрак рассом, оқиндир

Тоғлар мавзуси эса мусаввирнинг ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Улуғвор тоғлар, асрий арчалар, ранго-ранг қоялар, табиат ҳайкалтарошдек ясаган шаклу шамойиллар рассомни ҳамиша ҳайратга солади, илҳом бахш этади.

Инсон табиатни ҳали ўрганиши керак бўлган ҳикматлар талайгина. Тоғ йўлидаги улкан тошларни ёриб чиққан дарахтнинг метин иродаси инсонга сабоқ эмасми? «Тоғ йўлида» деган асарни кўриб, шундай хулосага келасан киши. Рассом табиатда кўрганларини, олган таассуротларини қалб кўзгусидан ўтказиб, фалсафий мушоҳадалар чиқаришни яхши кўради. Рассом тоғу боғларни, дала-даштларни кезиб, ўз уйига – Бойсунга қайтганида, унинг олам-олам таассуротлари картиналарга, портретларга, манзараларга айланади.

024

Тасвирий санъатда портрет яратиш энг мураккаб жанрлардан бири ҳисобланади. Портретда тасвирланувчи ўзига ўхшаши, айни пайтда бадиий хусусиятларни ўз ичига олиши керак. Рассом бу ерда ўз услубига, тажрибасига суянади, у ўз қаҳрамонларининг ўзига хос миллий либосларига, феъл-атворига, ички дунёсига, яшаш тарзига алоҳида эътибор беради. Ҳаётий образлардан умумлашма образ даражасига етказади. «Полвон», «Қўнғирот аёли», «Момо» каби асарлари шулар жумласидан. Бу образлардан катта картиналарни яратишда моҳирона фойдаланади. Ана шундай асарлардан бири – «Бойсун баҳори» картинасидир. Биз унда Бойсунда ўтказилган йирик халқаро анжуман руҳини, унинг асосий қаҳрамони бўлган халқни, замондошларимиз тимсолларини кўрамиз. Халқ шодиёнаси, кўнгил тароналарини ифода этган бу асар Тошкентда 2002 йилда Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий кўргазмалар залида очилган рассомнинг шахсий кўргазмасида намойиш этилди, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Бу кўргазмага қўйилган «Қўнғирот аёллари» асари шуҳрат қозонди, у ҳозирги кунда Бадиий кўргазмалар дирекциясининг олтин фондида сақланади.

Тоғликлар, дала – боғлар бунёдкорлари, халқ амалий санъати ижодкорлари, халқ амалий санъати ижодкорлари, эзгулик ва муҳаббат билан яшаётган замондошларимиз рассомнинг бош мавзусидир. Рассом уларнинг ҳаётий ташвишлари ва қувончларига шерик ҳолда фалсафий умумлашмалар чиқарилган асарлар яратишга интилади. Уларнинг ҳар бирида рассом қалби, шуури, дарду-қувончлари бор. Ижод деб аталмиш бу буюк қисматнинг улуғ ҳикмати ҳам шунда эмасми?

Ҳар бир фаслнинг ўзига хос таровати бор. Айниқса, олтин куз рассомлар учун алоҳида жозиба касб этади, ўзининг сержило ранглари билан мафтун этади, илҳом бағишлайди. Тўра Шомирзаев учун ҳам куз ҳамиша илҳом манбаи бўлган. Бунинг сабаби оддий: у куз келиши билан Бойсун қишлоқларига, тоғлари-ю боғларига, дашту далаларига ижодий сафарга чиқади, табиатнинг минг бир жилваларини, куз ташвишлари-ю шодликлари билан яшаётган оддий одамларнинг яшаш тарзини, тасвири олади.

Мусаввир улуғвор тоғлар жамолига тасвирий мадҳиялар битади. Рўпарамда рассом кетма- кет қўяётган ушбу манзараларни кўриб, беихтиёр болалигимда, 5- синфда ёзган шеъримни эслайман:

Тоғлар, тоғлар, оқ-қора тоғлар
Қаранг қандай гўзал жамоли,
Кўринг, бу кўк рангни, жилвагар
Товланар оқ шоҳи рўмоли.

Боқсангиз гар тўрт фаслда ҳам
Жамолини ўзгартираркан.
Бу сирни мен ўйлаб қарасам
Гўзалликни тоғ ҳам севаркан.

Она юрт одамларини, унинг бетакрор манзараларини ўз асарларида ўзига хос услубда тасвирга олаётган рассом Тўра Шомирзаевнинг ижодий режалари кўп. «Уларни амалга ошириш учун янгича нигоҳлар, янгича фикру изланишлар лозим. Бу дегани мени яна ижодий сафарлар чорлаяпти, деганидир», – дейди рассом.
Олис Бойсунда яшаб ижод этаётган рассом Тўра Шомирзаевнинг Ўзбекистон тасвирий санъатида ўзига хос ўрни борлигини унинг ижодий изланишларидан яратилган салмоқли асарлари далолат бериб турибди.

(Tashriflar: umumiy 215, bugungi 1)

Izoh qoldiring