Tog’ay Murod. Otamdan qolgan dalalar. Roman va asar asosida suratga olingan film

0543 февраль — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллуд топган кун.

«Отамдан қолган далалар» — даврнинг бадиий ҳужжати, унда жамиятнинг мустамлакачилик барҳам топиб, истиқлол неъматига ноил бўлган пайтдаги руҳияти акслангани ҳам бундан асло кам бўлмаган ҳақиқат. Зеро, унда ҳаммамизнинг — «деҳқон» («деҳқон» — ер эгаси демак эмасми?!) бўла туриб «қул»ликда умргузаронлик қилган сизу бизнинг кайфиятимиз, парчаланган занжирлар устида турганча кечмишимизга соғлом назар солган, мустабид тузумни яниб турган ҳолатимиз аксланган. Донишмандлардан бири «Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади» деган экан. Асар ёзилган пайтда на Тоғай Мурод, на сизу биз ўтмиш билан кулиб, кулиш қайда, хотиржам хайрлашишга ҳам қодир эмас, негаки, истибдод занжирлари қолдирган яралардан ҳали қон сизиб турганди. Шу маънода, «Отамдан қолган далалар» — узоқ йиллар йиғилган дарднинг мисоли вулқондай отилиши, мустамлака билан хайрлашаётган халқнинг йиғи-йўқлови. Йўқ, мустамлакага куйиб эмас, топталган қадри, ғурурини ўйлаб чеккан ноласи; юракни эзадиган, руҳни туширадиган эмас, аксинча, киши руҳини юксалтирадиган, қаддини тиклайдиган нола… (Дилмурод Қуроновнинг «Қалбларни ларзага солган хиргойи» мақоласидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Тоғай Мурод
ОТАМДАН ҚОЛГАН ДАЛАЛАР
Роман
09

Биринчи боб

1

Мен фарғоначи Жамолиддин кетмон набираси бўламан.

2

Бобомиз ҳовлиси Фарғонада бўлади.
Даласи Фарғона адоғида бўлади.
Бобомиз даласи олдидан бир ариқ сув оқади.
Сув гавҳар зилол-гавҳар зилол сув бўлади.
Сув эгилмиш толлар мажнун-мажнун солланади.
Ариқ ўнгида шаҳардан келажак йўл бўлади.
Йўл ариқ ёқалаб ўтади. Йўл мажнунтол соялаб ўтади.
Бобомиз ана шу йўлдан саҳар-саҳар далалайди.
Толга хуржун илади. Таҳорат олади. Қиблалатиб белбоғ ёяди.
Чўлпон юлдуз пойида қулоқ қоқади. Чўлпон юлдуз пойида сажда этади.

3

Бобомизда нима бўлади — кетмон бўлади. Кетмон эмас — бир балои бад бўлади!
— Жамолиддинни кетмони даласидай келади! — дейди эл.

Эл қаерда қандай улкан нима кўрса бўлди—бобомиз кетмонига нисбат беради.
— Ол-а, Жамолиддинни кетмонидай келади-я! — дейди эл.

4

Бобомиз урмиш кетмонни ўзидан ўзга ердан тортпб ололмайди.
Бобомиз калима қайтариб-қайтариб кетмон чопади. Худони ёдлаб-ёдлаб кетмон чопади. Худога шукрона айтиб-айтиб кетмон чопади.

Йўлдан ўткич-кеткичлар бобомизга ҳорманг этади.
Бобомиз йўлга қиё-да боқмайди. Даладан бош кўтармайин бор бўлинг, этади.

Шу боис, йўлдан ким ўтади-ким кетади — билмайди. Билгиси-да келмайди. Ким бўлса-да — бир мўмин, мусулмон-да, дейди.

5

Саратон жингиртоб-жингиртоб куйдирмиш бир маҳал йўлдан ажабтовур овозлар эшитилади.
Ажабтовур овозлар ўз йўлида кета беради. Бир оғиз ҳорманг этмайди.
Шунда, бобомиз кетмонини ер ботиради. Энгашмиш кўйи тиззаларига кафт тирайди. Ер остидан йўлга кўз ташлайди.

Бобомиз кўзимга тер томди-ёв, дея ўйлайди. Қўли юзи билан кўзларини артади.

Бобомиз бошқатдан қарайди.

Во дариғо, шу кўринмиш ажина бўлдими? Ҳа, йўғ-а! Умри шу далада ўтди — бир нима-да кўрмади.
Ё, шу кўринмиш туш бўлдими? Ҳ-а, йўғ-а! Ўлик-тирик сергак вақт-а!

Мусичалар узиб-узиб ку-кулайди.
Кун ёнади.
Саратон сап-сариқ товланади.

Ўткинчи балолар саратондай сап-сариқ бўлади.
Саратон балолардан сариқ бўлади, балолар саратондан-да сариқ бўлади.

Бобомиз қад ростлаб қарайди. Йўлга бетма-бет бўлиб қарайди. Ўнг кафтини қоши узра соябон қилиб қарайди.
Бобомиз пичир-пичир калима қайтаради. Кетмонини елка ола-ола қадамлайди.

Ариқ лабида ювиниб-чайинади. Хуржунидан тушлигини олади. Ариқ бўйида ёяди.
Бобомиз чордона қуриб ўтиради. Ариққа нон ботириб-нон ботириб тушлик қилади. Ариқдан қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув олиб тушлик қилади.

6

Кун қиёмдан-қиём бўлади.

Йўлдан Салоҳиддин бўйрачи ўтади.
Бобомиз бўйрачини гапга солади.
— Сиздан олдин ашиёққа бир бало ўтди, — дейди бобомиз.

Салоҳиддин бўйрачи ариқ ўнгида оёқ илади.
— Ажина бўлиб ажина бўлмади, одам бўлиб одам бўлмади, — дейди бобомиз.

Бўйрачи ариқ бўйида соялайди. Бобомиз билан муқобил бўлади.
— Кўрдим, Кетмон, кўрдим, — дейди бўйрачи. — Ўзимни йўлдан четга олиб турдим.
— Нега-нега?
— Ғайридинлар билан йўлим бир бўлмасин, дедим-да.
— Бизнинг кўчамизда ғайридинлар… еб юрибдими?
— Э-э, Кетмон, Кетмон. Сенга кетмон бўлса бўлди. Сен ҳам одамдай бўлиб, кетмондан бош кўтарсанг экан, дунёдан хабардор бўлсанг.
— Мана, кетмондан бошимни олиб ўтирибман?
— Қорнинг очгандир-да. Бўлмаса, кетмондан бош кўтарармидинг.

Салоҳидин бўйрачи шундай дея, йўл бош-адоғига қараб олади. Бобомиз, олдига лик этиб сапчиб ўтади. Бобомиз қабатига чўкади. Бобомиз билан елкама-елка бўлади.
— Фарғонаға Оқпошшо келди, — дея пичирлайди.
— Муллалар Оқпошшо бизни ололмайди, деятиб эди-ю?
— Олибди-да.
— Қўқондан Олимқули лашкарбоши Чимканга лашкар тортиб кетибди, деятиб эди-ю?
— Олибди, олибди. Ололмас экан-у, Бухоро амири Музаффархон ўтириб қўйибди. Олимқули лашкарбоши Чимканда Оқпошшо елкасини ерга теккизибди. Оқпошшолиларни битта қўймай қиличдан ўтказмоқчи бўлиб турса, Музаффархон бизнинг Қўқонга дафъа қилибди.
— Бўламан дегич эл, бир-бирини ботирим дейди, бўлмайман дегич эл, бир-бирини этини ейди.
— Олимқули лашкарбоши ғазот майдонини ташлаб, ўзимизнинг Қўқонни ўзимизнинг Бухоро амири билан мудофаалаш учун қайтиб келибди. Оқпошшо бундан фойдаланибди. Чалажон оқ лашкарлар тағин дафъа қилибди. Олдин Чимканни олибди, кейин Тошканни олибди.
— Ҳа, тавқи лаънатлар! Тошканниям олибдими-а?
— Олибди, Тошканниям олибди. Саидазимбой дегич савдогар бой Оқпошшога Тошканни сотибди. Тошканда Кайковус дегич улкан бир ариқ бор экан. Тошкан ёлғиз ана шу Кайковусдан сувлар экан, Саидазимбой Оқпошшога ана шу Кайковусни чиппа бўғиб, Чирчиққа буриб юборишни маслаҳат берибди. Оқпошшо Саидазимбой гапи билан Кайковусни чаппа қайириб, Чирчиққа оқизибди. Ана шундан Тошкан қирқ икки кеча-кундуз сувсиз қолибди. Халқ ҳолдан тойиб, Тошканни мудофаа қилолмай қолибди. Оқпошшо саҳарлайин Тошканни босибди.
— Ила-била, Қўқонгача келибдими-а?
— Тошкан билан Қўқон ораси икки қош оралиғидай келади. Етиб келади-да. Ўзимизнинг Қўқон хони ҳе йўқ, бе йўқ, шаҳар дарвозасини очиб берибди. Марҳамати учун Оқпошшодан «Аслзода» фахрия унвони олибди, нишон олибди…

Бобомиз чапараста-чапараста сўкади:
— Ҳе, эна…!

7

Худо бермиш кун бўлади — йўлда Оқподшо бўлади.

Бобомиз Оқподшога кет буриб кетмон чопади. Бобомиз Оқподшога терс бўлиб кетмон чопади.

Бобомиз Оқподшо бетини кўрмайин-да, куймайин-да, дейди.

Оқподшо арава миниб ўтади. Оқподшо соз чалиб ўтади. Оқподшо ашула айтиб ўтади. Оқподшо ҳуштак чалиб ўтади.

Бобомиз шунда-да Оқподшо бетига қайрилиб қарамайди. Энкаймиш кўйи бутлари орасидан мўралайди.

Оқподшо оёқлари осмонда бўлиб кўринади, бошлари ерда бўлиб кўринади.

Оқподшо олабўжи бўлиб кўринади!

Бобомиз тушликда-да Оқподшога кет буриб ўтиради.

Даласига юз солиб-юз солиб тушлик қилади.

Оқподшолик арава ариқ ёқасида оёқ илади.

Аравадан тап-тап Оқподшо тушади.

Бобомиз Оқподшо тарафга кўз қирида қарайди. Шунда ажаб синоат кўради.

Бир жуфт оқбадан-оқбадан олабўжи дала оралаб боради. Олдин-кетин боради. Ғоз-ғоз боради.

Оқбадан олабўжилар боради-боради — дала киндигида оёқ илади. Ғоз туради-туради — узала тушиб ётиб олади.

Бобомиз кўзларини юмиб-очиб қарайди. Бобомиз кўзларини пирпиратиб қарайди.
— Ё, тавба-а! — дейди.

Бобомиз оҳиста-оҳиста тўркалади. Кетмонини елка олади. Сўқмоқ бўйлаб боради.

Бобомиз бир капа жойни кафтдай поллаб эди. Тупроғини кафтларида эзиб-эзиб майдалаб эди. Кепакдай-кепакдай мулойимлаб эди. Кепак тупроққа дон сепиб-сепиб ташлаб эди. Чумчуқ териб кетмасин дея, кепак тупроқ узра ун мисол тупроқ сепиб-сепиб қўйиб эди.

Ана шу кепак тупроқда, ана шу ун тупроқда бир жуфт Оқподшо ялпайиб-ялпайиб ётади!

Оқподшо қип-яланғоч ётади! Оқподшо онадан энди туғилмишдай ётади!

Эркакзот Оқподшода ақалли бир энлик лунги бўлмайди.

Аёлзот Оқподшо маммалари осма қовундай-осма қовундай осилиб ётади.

Бобомиз билаклари билан бетларини бекитади.
— Ийя-ийя! — деб чаппа бурилади. Оқподшолар ана шунда калла кўтариб қарайди.

Ёнбош ётиб қарайди. Кўз қисиб қарайди. Эркакзот Оқподшо кафтида тупроқ ўйнайди.
— Тупроғингни биз учун мулойимлаб қўйибсан, миннатдорчилик билдирамиз, — дейди.
— Юриб-юриб, охири сенинг тупроғингни танладик. Бахтинг бор экан, — дейди аёлзот Оқподшо.
— Ўзиям бизбоп тупроқ бўлибди-да.
— Ана энди, қуёшда мазза қилиб тобланиб ётамиз.
— Нима учун юзингни яширасан? Сен ҳам қуёшда тоблан.

Бобомиз шу зайли лўкиллаб-лўкиллаб қайта беради.

Бобомиз ариқ лабида музтар бўлиб-музтар бўлиб ўтиради. Бетларини чангаллаб-чангаллаб ўтиради.

Бобомиз нима кўрди, қачон кўрди — ақли-да бовар этмайди.

Оқподшолар жойидан жилади. Далани қоқ оралаб келади. Ўзларини сувга ташлайди.

Оқподшолар сув шалоплатиб-сув шалоплатиб чўмилади.

Оқподшолар бобомизга тақлидан билаклари билан бетларини бекитади.

Ийя-ийя! — дея, бобомизни майна этиб-этиб сув ғарқоб бўлади. — Ийя-ийя! — дея хохолашиб-хохолашиб сув ғарқоб бўлади.

Оқподшолар қийқириб-қийқириб чўмилади.

Толларда тушламиш чумчуқлар гурр-гурр учади.

Гавҳар сув бўтана бўлади.

8

Шу-шу бўлади — бобомиз даласи юзини қайтиб кўрмас бўлади.
— Тоққа кетаман, — дейди бобомиз. — Тоғдан ер оламан.
— Тоғ олис-да, — дея минғиллайди момомиз.
— Олис бўлса бўлар. Ана, тоғдан ер олиб ишлаяптилар. Ўлиб қолмаяптилар.
— Энди дейман-да, олисни шўрвасидан яқинни ёвғони, дейман-да.
— Даламда мусулмон оёқ босар ер қолмади. Даламда деҳқон оёқ босар ер қолмади. Бўлди, энди қайтиб оёқ босмайман.
— Далада нима айб.
— Кофир юмалаб ётар далада файз қоладими?

Момомиз қувватламиш бўлиб бош ирғайди.
— Танасида мана мунча либоси бўлса, ўлсин агар! — дейди бобомиз. — Бир жойлари даламда мана бундай диркиллаб турибди!

Момомиз оғзини ушлаб-ушлаб кулади.
— Бир ётса, ётибди-да.
— Бўлди, энди у даладан барака кўтарилди.
— Босиб-босиб сувланг. Сув нималарни ювмайди.
— Сув? Сув қолдими! Оқ тўнғиздай ариқ ағнай бериб, сувни-да ҳаромлади! Ит-да ариқ лабидан ялаб-ялаб сув ичади! Оқподшо бўлса, оқ тўнғиздай ариқ ағнади!

Момомиз гап билан андармон бўлиб билмайди.

Кўйлак этаклари йиғилади-йнғилади — тиззалаб боради. Тағин йиғилади-йиғилади— тиззадан сонлаб-сонлаб боради.

Момомиз лозим улоғлари намойиш бўлади. Бобомиз бўш пиёлани зарда билан тўнтариб ташлайди. Лик этиб жойидан туради.
— Этагингизни ёпсангиз бўлмайдими? — дея ўшқиради. — Нима, Оқпошшомидингиз?

Романнинг тўлиқ матнини юклаб олинг: Кирилда Lotinda

09

08

090Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан кюлган далалар» (1993, ушбу асар асосида бадиий филм яратилган, 2001), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган. Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994). Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Tog’ay Murod (Mengnorov Tog’aymurod) 1948 yil 3 fevralda Surxondaryo viloyatining Denov tumaniga qarashli Xo’jasoat qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1999). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1972). Birinchi yirik qissasi — «Yulduzlar mangu yonadi» (1976). «Ot kishnagan oqshom» (1979), «Oydinda yurgan odamlar» (1980), «Momo Yer qo’shig’i» (1985) kabi qissalari nashr etilgan. «Otamdan kyulgan dalalar» (1993, ushbu asar asosida badiiy film yaratilgan, 2001), «Bu dunyoda o’lib bo’lmaydi» (2001) romanlari muallifi. Jek Londonning «Boyning qizi» dramasi va hikoyalarini, E. Seton-Tompsonning «Yovvoyi yo’rg’a» qissasini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Abdulla Qodiriy nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1994).Yozuvchi 2003 yil 27 mayda Toshkent shahrida vafot etgan.

09

045Таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов 1931 йилда Қўқонда туғилган. 1954 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетини, 1958 йилда «Мосфильм» киностудияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тугатган. М. Уйғур номидаги Тошкент вилоят Янгийўл мусиқали драма театри да бош режиссёр сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Ш. Аббосов Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», К Яшиннинг «Нурхон», Ҳамзанинг «Майсаранинг иши», А. Қаҳҳорнинг «Оғриқ тишлар» ва бошқа спектаклларини саҳналаштирди.

Шуҳрат Аббосов 1959 йилдан «Ўзбекфильм» киностудиясида постановкачи режиссёр сифатида иш бошлаб, «Маҳаллада дув-дув гап» (1960), «Сен етим эмассан» (1962), «Қалбингда қуёш» (1966), «Тошкент-нон шаҳри» (1967), «Муҳаббат можароси» (1971), «Абу Райҳон Беруний» (икки қисмли тарихий-биографик фильм, 1974), «Оловли йиллар», «Отамдан қолган далалар» (икки қисмли бадиий фильм, 1998) ва бошқа фильмларни экранлаштирди.
Сермазмун ва серқирра ижоди «Ўзбекистон халқ артисти» ва Давлат мукофотлари билан тақдирланган.

1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Ш. Аббосов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.

Taniqli kinorejissyor Shuhrat Abbosov 1931 yilda Qo’qonda tug’ilgan. 1954 yilda Toshkent teatr va rassomlik san’ati institutining rejissyorlik fakul`tetini, 1958 yilda «Mosfil`m» kinostudiyasi qoshidagi Oliy rejissyorlik kursini tugatgan. Mannon Uyg’ur nomidagi Toshkent viloyat Yangiyo’l musiqali drama teatri da bosh rejissyor sifatida o’z faoliyatini boshlagan. SH. Abbosov B. Rahmonovning «Yurak sirlari», K Yashinning «Nurxon», Hamzaning «Maysaraning ishi», A. Qahhorning «Og’riq tishlar» va boshqa spektakllarini sahnalashtirdi.

Shuhrat Abbosov 1959 yildan «O’zbekfil`m» kinostudiyasida postanovkachi rejissyor sifatida ish boshlab, «Mahallada duv-duv gap» (1960), «Sen yetim emassan» (1962), «Qalbingda quyosh» (1966), «Toshkent-non shahri» (1967), «Muhabbat mojarosi» (1971), «Abu Rayhon Beruniy» (ikki qismli tarixiy-biografik fil`m, 1974), «Olovli yillar», «Otamdan qolgan dalalar» (ikki qismli badiiy fil`m, 1998) va boshqa fil`mlarni ekranlashtirdi.Sermazmun va serqirra ijodi «O’zbekiston xalq artisti» va Davlat mukofotlari bilan taqdirlangan.

1998 yilda O’zbekiston Respublikasi Prezidentining Farmoniga binoan SH. Abbosov «El-yurt hurmati» ordeni bilan mukofotlandi.

056

(Tashriflar: umumiy 7 775, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bu film to’g’risidagi eshitmagan dim. Asarni o’qiganimdan so’ng bildim. Balki bu filmlar o’z vaqtida televizorda namoyish qilingandir,lekin hozir ham bunday kinolar yangi talqinda xalqqa yetib borsa, qanday yaxshi bo’lardi.Asarlarni zavq bilan o’qiyman-u nega bunday buyuk kitoblarni kino qilishmas ekan deb o’yga tolardim,aslida kinolar ham borligini endi bildim.

Izoh qoldiring