Usmon Azim. She’rlar. Shoirning o’zi oqigan.

063
Бугун атоқли шоир Усмон Азимнинг таваллуд куни. Биз севимли шоиримизни чин юракдан табриклаб,унга узоқ умр, янги ижодий ютуқлар,фарзандлар ва шогирдлар камолини кўриш бахтини тилаб қоламиз.
Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул ёзганидек: «Шеър ёзадиганлар кўп. Аммо севишга қодир, кўнглини ишқ ишғол айлаган шоирлар ниҳоятда кам. Усмонни Оллоҳ севгидан қисмаган. Шунинг учун унинг Кўнгли эркин, руҳи ва фикри эркиндир. Шунинг учун унинг энг яхши шеърларида ишқ ва эътиқод шуъласи порлаб туради. Эҳтимол мана шу учун ҳам Усмон Азимнинг “Сайланма”сини ўқиган шеърхон ташқи бир дунёга эмас, балки улкан био шоирнинг Кўнгил боғларига сайру саёҳат қилгандай бўлади. Шу боғларнинг баҳорий манзара ва қувончларидан руҳланади, куз қучоғидаги ҳолатларига нигоҳ ташлаб гоҳ ҳазин, гоҳ ўйчан, гоҳ ғам-ғуссали хаёлларга берилади. Қандай фикр ё ғоя илгари сурилишидан қатъи назар, шеър – ҳолат, кайфият, руҳоният сувратларидир. Хусусан, руҳий идрок ва руҳий англаш майллари акс этмаган шеърнинг қуруқ ва яланғочлигига тоқат қилиш қийин. Усмон бу ҳақиқатни чуқур англайди. Унинг “Руҳга кўчдим – таним қолмади”, дейиши ҳам шу ҳақиқатнинг бир эътирофидир.
Имом Ғаззолийнинг таърифлашича, “Руқ инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир”. Усмоннинг олдинги ҳамма шеърий тўпламларига нисбатан “Ғусса” деб номланган мажмуасида ана шу латифликнинг миқёси кенг ва моҳияти теранлашган. “Сайланма”да ундаги шеърларга кенгроқ ўрин ажратилган ва тўғри қилинган. “Ғусса”дан танланган шеърлар Усмоннинг фикр-қарашларида кучли силжиш содир бўлганлигини англаш жиҳатидангина эмас, балки унинг шеъриятида сифат ўзгариши ҳосил бўлганлигини билиш маъносида ҳам диққатга молик.»

099

* * *

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Замин — тилсим, осмон — тилсим… шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро…
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим.. Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана, мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана, мен, деб шеърдан боқди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Шеър ёзилар… Қийноқ, сенга бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини —
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

044

УСМОН АЗИМ «САЙЛАНМА»СИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ.

(Tashriflar: umumiy 937, bugungi 1)

Izoh qoldiring