Xosiyat Rustamova «She’r sehri» teleloyihasida.

088
Хосият Рустамова 1971 йилнинг 19 март санасида Наманган вилояти, Поп туманиниг Олмос қишлоғида таваллуд топган. 1988 йили ўрта мактабни тугатиб,Тошкент Давлат университетига (ҳозирги Миллий университет) ўқишга кирган. 1993 йилда ушбу олий даргоҳни тугатгач, турли газета ва журналларда хизмат қилган. Унинг илк шеърияти талабалик йилларидаёқ, маҳаллий матбуотларда дунё юзини кўради. Шоира 2004 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Биринчи китоби эса 1997 йилда «Осмондаги уй» номи билан босмадан чиқди. Хосият Рустамова шеърларида аёл қалбининг изтиробли онлари ишқий туйғуларга ҳамоҳанг тарзда ифодаланади, шоира шеърларида фикрий теранлик илк ижодидаёқ ўқувчини ўзига ром эта бошлаган эди. Шундан сўнг унинг «Нажот» (2003) ва «Ризо» (2004) ва бошқа китоблари чоп этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим тўғри қайд этганидек, Хосиятнинг «сўзлари ҳақиқатда рост, дардли ва ажабтовур тарзда самимий, энг муҳими, у мукаммалликнинг чексизлигини англаган ва ижод илоҳий иш эканлигини тушунган ижодкор» сифатида камолот сари интилмоқда.

1234

121

Хосият Рустамова
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

ҲАЁТ

О, қандай ўтказиб юбординг тирик,
Бутун чиқармикан тегирмондан тош?!
Мен Сенинг қаршингда туриб типпа-тик,
Қўшқават ёқамдан чиқараман бош.
Тишимни тишласам — кўзга ёш инди!
Бор экан менда ҳам оқибат, инсоф.
Балки қўрқмасам ҳам бўлади энди —
Чунки мен ютяпман — 40:0 ҳисоб!

***

Яхшиям боғланиб қолганман шеърга,
Яхшиям бор экан, уй, бола-чақам.
Бугун шу умримнинг бир бурчагига —
Ўзилиб турибди қирқинчи рақам.
Энди мен Худога қилайинми арз,
Менинг бу қилиғим кимга ёқарди?!
Наҳот шу ёшимда кўнглим кетди дарз,
Бир ишни ёлчитмай сочим оқарди.

***

Кўзимнинг ёшлари ювиб ғуборни —
Йиғлагим келганди ўшанда ичдан.
Айта оласанми,
Эсингда борми —
Қандай шароб эди ўша мен ичган?
Қанча совуқ сувга юзимни чайдим,
Шунда ҳам кўринар ранглар фақат оқ.
Бошим айланмаса, маст бўлмасайдим —
Бу дунёда асло қолмасдим узоқ.

***

Худоданми — Фалакдан,
Совутиб қўйди юзни.
Эритолмай ҳалакман —
Юрагимдаги музни.
Турибман шимариб енг,
Ўтин терилган. Йўл берк.
Авайлайман сени мен —
Сўнгги гугурт чўпидек…

***

Ўзига келолмай шамол ер ичин,
Қай тоғу тошлардан келгандай эниб.
О, мен ҳам юрибман йўқолиб тинчим —
Дунёни бошимга кўтаргим келиб…

ОНАМ

О, бахтли бўлишга — бўлмаган вақти,
Мудом таъқиб этиб келган қайғу-ғам.
Чўчитиб қўйишдан қўрққандай бахтни —
Ҳамиша шивирлаб гапирар онам.

ЎЗ

Уч-тўрт кунлик умри борми-йўқ,
Топмагандай дунёда эъзоз.
Вужудида ёниб олов-ўт,
Чуқур-чуқур нафас олар ёз.
Аямайди ҳаёт ҳеч кимни,
Бенасиба қолмас ер юзи.
Энди кўзи илинган ернинг,
Қўлтиғидан тушар тарвузи.

***

Босганда ер юзини,
Тоғ-тоғ уюм ғаллалар.
Ўйнатар қуш кўзини —
Дон ортган аравалар.
Бутун жумла-ю башар,
Қолганда одам бўлиб.
Қафасдаги қуш яшар —
Қўл учида кун кўриб.

***

Бу дунёни назарга илмай,
Эгатда сув шодон най чалар.
Ғўзаларнинг гапига кирмай —
Қаҳ-қаҳ урар кўсакваччалар.
Бўлмас сира насиҳат қилиб,
Сал ёмонроқ чиқди давраси.
Бир гап айтсанг — кетар отилиб —
Кўзларининг астар-авраси.

***

Ғийбатчи кун қия ясаркан қилдан,
Куйдирмажон қуёш бўлганда нақ қирқ.
Осмону фалакнинг муҳаббатидан
Ернинг танасига ўтади иссиқ.

***

Дуч келгандай илк дафъа хатар,
Ютган каби замин бошларни.
Ёмон кўрар жинидан баттар —
Денгиз сувга чўккан тошларни.

***

Қўрқмайман. Бу фалак чархласа чархин,
Дунё жим орқамдан тушганида ҳам.
Фақат шеър ёзаман.
Яна бир айбим —
Одамларни яхши кўраман!

***

Тезроқ ота қолса тонг,
Қолди оёқ уюшиб.
Нима қиламан — Осмон —
Бошимга кетса тушиб.
Ёпишиб қолган лабим
Қўрқиб кетдим. Қотди бош.
Нақ улкан ёнғин каби —
Чиқиб келмоқда қуёш.

***

Турар афти буришган тўнка —
Кўкрагида яшириб тошни.
Бутун дунё кўтарар кўкка —
Истараси иссиқ қуёшни.

ЁНҒОҚ

Сал бўлмаса очар кафтини,
Тошни ёмон кўрар итидан.
Бужмайтириб қўяр афтини —
Бош чиқариб яшил пўстидан.

***

Асло овоз чиқармайди ер,
Жим ўтирар узоқни ўйлаб.
Гандираклаб турганда Апрель —
Юлдузларнинг қўлини сўраб.
Ич-ичига ўт қўяр фироқ,
Йиғлаб зўрға оттирар тонгни.
Фақат рашкчи момақалдироқ,
Пўстагини қоқар осмонни.

***

Шамол аччиқланиб гоҳ,
Тескари бурар юзин.
Қарайди бошдан-оёқ —
Кўзи сузилган узум.
Кўлмакларда қуш ини,
Хазон-ла ётар чириб.
Куз ўтади кўксини —
Пуч ёнғоққа тўлдириб.

***

Қийналса ҳам асло чўкмас тиз,
Эрта-ю кеч турар типпа-тик.
Йўлакларда қолдириб из-пиз,
Бирорта қуш қоқмайди эшик.
Кўкрагини ўтмайди кериб,
Шамолларнинг йўқ каби вақти.
Яхшиямки, баҳорга келиб —
Дарахтларнинг очилар бахти.

***

Ҳатто қўлим бормас
қувишга,
Сенда не айб — ит бўлса зотинг.
Вақт сарфлашга, тиш синдиришга —
Арзийдиган суякни топдинг.

***

Кетгандим ҳаётнинг ичига кириб,
Бирор бир кунини қилмасдан канда.
Илоҳим, ўлмасдан қолмай йиқилиб —
Кўнглим айнимасин Ҳаёт деганда.

***

Ер тирнаб, ўзини ўлдириб итлар,
Қоп-қора тунларга сочар қаҳрини…
Кетмоқда тоғларни олиб бургутлар —
Остига яшириб қанотларини.

***

Агар индамасанг қўйиб ҳолига,
Ёки бош-бошини турмасанг қирқиб.
Бақиргиси келар бор овозида —
Токлар деворларнинг устига чиқиб.
Ёз қўшни томгача ёйганида сеп —
Уч ойлик баҳорнинг олиб дарсини.
Қўшни деворлардан мўралайман, деб
Анор ёриб олар пешонасини.

***

Бўлди. Етар. Энди мени тупроқлик қил,
Ўз уйимга бир ўзимни кирмоқлик қил.
Ё Раббимо, қўрқоқлик қилди, демагин —
У ён отма, бу ён отма, бир ёқлик қил!

***

Кетаман ҳаётдан йўлимни буриб,
Жонсиз бир суратман — Мусаввир чизган.
Бошимга чиқади қуш бўла туриб —
Онам бўла туриб хом сут эмизган.
Кимдан гина қилай,
Арз қилай кимга —
Ўзимни қаерга қўяй айни дам?
Балки шунинг учун таъм йўқ шеъримда —
Балки шунинг учун фикр айниган.

***

Боқиб боғнинг рангу рўйига
Қовуштирар қўлини беҳол.
Гуноҳини олиб бўйнига
Ер чизганча турар мажнунтол.
Қалдирғочлар келиб мўлтирар,
Тополмасдан оғочларини.
Дарахтларда токлар ўлтирар —
Чалиштириб оёқларини.

***

Мана, қўрқмасликни ўргандим энди,
Қанча йиллар ўтди ахир орадан.
Кўрасан. Бир куни етаклаб Сени —
Тушларимга кириб бораман.

***

Шамол кучли эсди… Ва ёмғир —
Ерга ботиб кетдими танинг.
Ё кимгадир ботдими оғир —
Деразамни қўриқлаганинг?

Не кўз билан турибман кўриб,
Сенинг мурданг, уч-тўрт қарғани.
Балки менга айтмоқчи бўлиб —
Тортгандирсан роса пардани.
Оҳ, жонима менинг ўлмаган,
Чидар еру осмон қаҳрига.
Ўлиш шартми, бўлар-бўлмаган —
Шамолларнинг силтаганига.

***

У ҳаётнинг ёз-у қишида,
Шамол каби бўлмади бахтли.
Бир тошюрак ернинг ишқида —
Умри хазон бўлди дарахтнинг.

***

Иш қизиди.
Тупроқ тортди нам,
Ерда қуёш акси ярақлар.
Пасту баланд девор ортидан —
Мўралашиб қарар дарахтлар.
Замин қолар янаям омон —
Совуқ сувга босиб ҳоврини.
Ва кун бўйи чарчаган кетмон —
Ўртасида қолар ҳовлининг.

АНҲОР

Сенинг сабр косанг тўлиб-тошдими —
Юзага чиқардинг дуру гавҳарни.
Баъзан алжираган сувлар тошқини,
Ғарқ қилмоқ пайида балиқчаларни.
Ўтиб кетаётиб кўраман баъзан,
Ўзи ҳам уялиб кетар ариқлар.
Балки шунинг учун совуқ сувни ҳам,
Пуфлаб ичар оғзи куйган балиқлар.

***

Сўрамайди тун ижозат —
Ўтар қўрқмай кечасидан.
Уйқу келар бехижолат —
Билмас ярим кечани ҳам.
Билмадимми?
Қоронғуда —
Қайси жинлар урган эди?
Шу маҳалда уйқу, Сенга —
Кўзим учиб турганмиди?

***

Во дариғ!
Мен билан бўласанми тенг —
Айбим — айтганингни қилмаганимми?
Ундан кўра уриб-тепкиламай Сен —
Ўргатсанг бўларди билмаганимни.
Салгина нарсага қиласан жаҳл,
Сени эсласам ҳам титрайди қўлим.
О, ҳаёт!
Қачонги ҳаётсан, ахир,
Ўзим ҳам қачонги —
Қирқ йиллик Ўлим!

***

Бир ҳамла қилсам бас —
Оламан кўкни,
Ҳали қувватимни Худо олмаган.
Ернинг остида ҳам бирор жой йўқки —
Менинг илдизларим кириб бормаган.

***

Нимадир янгилик борми “ярқ” этган,
Ер титраб турибди.
Кўкда йўқ ғурур.
Токи бошимизда Осмон бор экан —
Бош эгиб яшашга мажбурмиз. Мажбур!

***

Ҳаёт олиб кетар… Мени ҳам,
Сенга эса етар ўз ғаминг.
Ўлим эмас номи…
йўқ, ҳечам —
Мени олиб кетган нарсанинг.
Келармиди бошимга насим —

Қолмасмиди қўрқувдан қотиб.
Яна пасткаш ўлим юрмасин,
Дўпписини осмонга отиб.
Яшайверсин ҳали хотиржам,
Китобларим қадрини билиб.
Мен дунёни ташлаб кетаман —
Бош-кўзимдан садақа қилиб.

***

Айтсам ишонмайсан — борман ҳали ҳам,

Елкамга юкланган тўрт фасл, тўрт қиш.
Ўзи бўладими, қирқ йил наридан —
Энг оғир юракни кўтариб келиш.
Чарчадим. Оғриқлар кўксимга ботди
Бу ҳолда дунёдан ўтаман қандай?
Юрагим тўхтади бир зум — Ҳаётнинг
Қўрқинчли жойига етиб келгандай.

***

Шифтда қалдирғочлар ёймоқда қулоч,
Қуёш ер юзига сочмоқда зиё.
Болам! Болажоним!
Кўзларингни оч —
Ҳазиллашганни ҳам билмайди Дунё.

***

Бутун кекса дарахтлар учун —
Умр сўраб эгилар новда.
У билмайди — бу дунёйи дун —
Қарз бергиси келмас бировга.

ТУН

Олган каби атроф жиддий тус,
Ер ва осмон келгандай яқин.
Қулоғига ёқмас даб-дуруст —
Ит-мушуклар кўтарган шовқин.
Шошиб қолар ҳар томон қараб,
Панасига ўтар сўнг ойни.
Тонг тушириб ташлар уқалаб —
Қўлларига ёпишган лойни…

***

Йўл бошида турган кекса тол,
Бу дунёга этагин қоқди.
Раҳми келиб эркалар шамол —
Даладаги ҳар туп бошоқни.
Қатор бўлиб саккиз-ўн арча,
Бекинмачоқ ўйнаб турган чоқ.
Бош кўтарар илдизигача —
Қўй-қўзи еб битирган ўтлоқ…

***

Беҳиларни саваласа тун —
Еру кўкдан сўрарди ёрдам.
Танимайди ҳеч кимни бугун,
Кўзларини ёғ босиб қолган.

***

Шу ҳам гап бўптими,
Яхшими шу иш —
Ажрата бошласам дўсту ғанимни.
Мен бугун йиғласам —

Чиқариб товуш —
Биламан, нимага йиғлаганимни.

***

Кунлар кун тугамай орқага қайтди,
Ҳали тугамаган ишлар бир талай.
Далада нақ буғдой ўрими пайти —
Қуёш бошга чалғи тортаётгандай.
Юрак шунча тезлик билан урарми,
Бир олов ичида қолганда замин.
Куллари фалакка учган кунларни
Косасидан чиқиб кўрар кўзларим.

***

Икки ёнга ағдариб тунни,
Шудгор қилиб юрган кезларим.
Ҳар томонга отиб шовқинни —
Ўтиб кетар юк поездлари.
Кийимларни жойига тахлаб,
Энди артиб чиқсам лойларни.
Тўзитади юлдузлар сакраб,
Мен супуриб чиққан жойларни.

БАҲОР

Сал илиқлик ўтиб танига,
Қуёш каби кўтариб кўксин.
Елка тутиб бир-бирларига
Токлар кўкка бўй чўзар секин.

***

Ҳали қолар музлар ҳам эриб,
Ҳаёт ярар ортиқ-камимга.
Эрта бир кун шамоллар келиб —
Бош уради оёқларимга.

КУЗ

Ёнғоқ ўзин ҳар ёнга отиб,
Уялмасдан очар танини.
Дийдалари тош каби қотиб —
Ердан олар аламларини.

***

Жонга тегди, тўғриси, шеър ҳам
Ухласа-чи ётиб осуда.
Тунлар қанча ўқиган билан —
Қолмас сира хотирасида.
Ҳали замон кириб келар тонг,
Қучоғида терагу толни.
Кўпдан бери бўялмаган том —
Назарига тушмас шамолни.

***

О, бунча тез чиқмаса жаҳлинг,
Айтганингни қилди ахир у.
Ўтирмасдан ҳар бир кўчатнинг
Илдизига қуйиб чиқди сув.
Кетди жуда жонидан тўйиб,
Қарғишига қолди у қорни.
Алданган Март энди йил бўйи,
Кўчасига кирмас Баҳорни.

(Tashriflar: umumiy 180, bugungi 1)

2 izoh

  1. Video ochirilmagan/ U ishlab turibdi/ Demak, muammo sizdagi internet yo past tezlikda yoki yana bir boshqa muammoda

Izoh qoldiring