“Xotiram siniqlari” (Zulfiya hayoti va ijodiga bag’ishlangan spektakl)

09

Атоқли шоира Зулфия таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхонимнинг қаламига мансуб “Хотирам синиқлари” достони асосида «Дийдор» студияси томонидан саҳналаштирилган мазкур спектаклда шоир Ҳамид Олимжон ва Зулфия ўртасидаги меҳр-муҳаббат, ўтган асрнинг суронли 37- йилларидаги алғов-далғов воқеалар намойиш этилган. Саҳналаштирувчи режиссёр Баҳодир Йўлдошев

07
07


Хотирам синиқлари” cпектакли
«Дийдор» студияси
Зулфия ролида — Гулбаҳор йўлдошева
Саҳналаштирувчи режиссёр — Баҳодир Йўлдошев

07

077Таниқли ўзбек шоираси Зулфия 1915 йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлаган шоира деярли бир умр журналистика ва нашриёт соҳасида ишлади. У 1935-1938 йилларда Тил ва адабиёт институти аспиранти, 1938-1948 йиллар мобайнида Болалар нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон давлат нашриёти бўлим мудири, 1953 йилгача «Саодат» журналида бўлим мудири, 1953 йилдан то 1980 йилга қадар, салкам ўттиз йил давомида шу журналнинг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келди. Машҳур ўзбек шоири Ҳамид Олимжоннинг турмуш ўртоғи, ўзига хос шеърияти билан минглаб китобхонлар қалбини ром этган шоира Зулфия 1997 йилнинг 1 августида вафот этган.
Ҳассос шоир — Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди.

Шу йилнинг 31 октябрида “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қарори эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди ва унга юбилейни юқори савияда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Ушбу режага шоиранинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини ҳамда “Зулфия замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш; шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш; Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида “Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш; жойларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш; 2015 йил март ойида Тошкентдаги “Туркистон” саройида шоира хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш киритилган.

ЗУЛФИЯ
ШЕЪРЛАР
099

* * *

Дейдиларки, сени кўрганда
Кўзларимда ёнар жонли ўт,
Ўша ўтнинг ёлқинларида
Сендан ўзга бор нарса унут.

Мудом дилга содиқ кўзларим
Ҳақиқатни кўмиши қийин.
Кўзларимда, қонимда кезган
Ўша севинч, ўша олов сен.

Майли, ўзинг мендан узоқда,
Лекин дилнинг ўти бўлиб қол.
Менинг куйим эмас тузокда,
Шеър керакми, жон керакми, ол!

1944

ЮЛДУЗ

Уйда бўғилдиму чиқдим эшикка,
Ер устига чўккан оқшомги туман,
Гўё кўзларимга боққандай тикка
Яшнарди бир юлдуз худди сенсимон.

Худди сендай узоқ ва сендай ёрқин,
Авжи чақнаганда сўнади у ҳам,
Бир юпанч: севгимнинг осмонидан
Ўчмасдан ёнасан, эй гўзал ҳамдам!

1944

ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

«Теразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…»
Гулни кўриб ишқпараст қалбим,
Минг айтилган дарддан куйлади.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.
Ўлгудайин муштоқ бўлибман —
Висолингга, йўқ чоғи тоқат.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Кириб келдим шу таниш уйга.
Биз бир чоқлар яшаган уйда
Тунаб қолдим хаёл-ла бирга.

Бунча иссиқ, бунча ҳам шинам
Ёшлик кечган торгина шу жой.
Бунда яшар ажиб онлардан,
Ишқ-ла ўтган тунлардан чирой.

Ҳар бурчаги элитар ҳушим,
Нақадарлик ошно, яқин.
Худди тунда камолга етган
Қўшиғингда чақнаган чақин.

Бунда ҳаёт — илҳом онлари
Қаламингдан тўкилган гавҳар.
Гул бўйини олганда шамол
Рашкка тўлиб тўнган у кўзлар.

Сен тугатгач чанқоқлик билан
Ўқиб мафтун бўлганим ҳаёт.
«Қалай деган» бўлиб термулган
Кўзларингнинг оташи ҳаёт.

Ҳали ҳаёт, такрор ўқиркан
Завққа тўлиб яйраган кўксим.
Юзингдаги улуғвор, майин,
Бир жаҳонга арзир табассум.

Бари ҳаёт, муҳаббат каби,
Ҳамма ерда кўринар изинг.
Паррандалар нағма куйида
Жаранглайди товушинг, сўзинг.

Мени ўраб олди ҳаяжон,
Яна ортди севгининг кучи.
Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,
Олтинланди теракнинг учи.

Сен куйлаган ўрик шу кеча
Бурканди оқ — оппоқ чечакка.
Мен қадрдон хотира билан
Жўнаб кетдим уйимга якка.

1947

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

1968

055

(Tashriflar: umumiy 7 662, bugungi 3)

6 izoh

  1. Ushbu sayt so`zlari yuraklarni titratuvchi Xalq shoiri Zulgiyaxonimning hayoti va ijodi bilan yaqindan tanishimiz uchun juda katta yordam berdi,

  2. O’zbekiston xalq shoirasi Zulfiyaxonimga xavas qilib u kishidek bolishga intilsak. Xayotda biz yoshlar o’rnimizni topib baxtli bolishimiz osonroq boladi nazarimda

  3. Zulfiyaxonim hayoti va ijodi haqida 5,10 minutlik video rolik topib berilar iltimos

Izoh qoldiring