Xurshid Davron. Ming bir rivoyat. Birinchi qism.

1001

Мен қарайиб 15 йилдан зиёд вақт давомида саноқсиз асарларда акс этган Шарқ ҳикматларига асосланган «Минг бир ривоят» телелойиҳасини тайёрлаб келдим. «Минг бир ривоят»нинг биринчи ва асосий режиссёри Мақсуд Охунов эди. Лойиҳа асосида тайёрланган видеолавҳалар дастлаб «Ёшлар» телеканалида бошланиб , кейинчалик «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилди. Мазкур лойиҳа мен муаллифлик қилган кўплаб телелойиҳалар ( «ТВ-тест», «Олтин мерос», «Ҳаёт манзаралари», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» ва ҳ.к.) ичида ўзимга кўпроқ ёққан, десам адашмайман. Ушбу лойиҳа яқин кунларда «Маданият ва маърифат» телеканалида янги ҳаётини бошлайди. Рамазони шариф давомида ушбу лойиҳадан айрим намуналарни сизга тақдим этиб боришни ният қилдим.

022

 

05
МИНГ БИР РИВОЯТ
Хуршид Даврон Шарқ халқлари ҳикматлари, Ислом фалсафаси намуналари асосида тайёрлаган
006

Ривоят қиладиларки,бир куни илми толиб устозидан сўради:
— Бир киши узоқ вақтдан буён менга меҳру муҳаббат изҳор этиб,дўстлик ва ихлос даъвосини урмоқда,унинг рост ёки ёлгон эканини қандай билмоқ керак?

Устози жавоб қилди:
— Дўстсиз яшаш мумкинмас,аммо ҳамма ҳам дўстликка арзийвермайди.Саволингга жавобим шу: Юрагингнинг тубига боқ,агар у ерда дўстлик учун жой бўлса,дўстлаш!

Ҳикматталаб шогирд яна сўради:
— Кимни содиқ ва вафодор дўст деб билмоқ керак?

Устоз айтди:
— Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темур бу хусусда нима деганларини биласанми,бўтам?

Шогирд «Йўқ» дегандек бошини эгди.

Устози сўзини давом этди:
— Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темур бу хусусда ўз тузукларида шундай демишлар: «Содиқ ва вафодор дўст улким,ўз дўстидан ранжимайди,дўстининг душманини ўз душмани деб билади.Агар керак бўлса,дўсти учун жонини ҳам аямайди.

Шогирд яна сўради:
— Асл дўстда қандай хислатлар бўлади?

Устоз жавоб қилди:
— «Нодон дўстдан ақлли душман яхши» деб бекорга айтишмаган.Агар сен биров билан дўст тутинмоқчи бўлсанг,ўша кишининг вужудида учта хислат бўлмаса,дўстлигингга арзимайди.

Шогирд сўради:
— Улар қандай хислатлар,устоз?

Устоз айтди:
— Бўтам,бу хусусда бир донишманд шоир шундай насиҳат қилган:

Ҳар дўстки,дилида уч хислат бўлмас,
Кеч ундан,дўстликка асло арзимас.
Бири – вафодорлик,бири – сир сақлаш,
Бири – молин сендан аямаса бас!

004

Кунлардан бир кун толиби илм устози – пири комилдан сўради:
— Доноларнинг айтишича,ҳар кимни ҳам дўст тутиб бўлавермайди. Ўз дўстлигини таклиф этса, қандай одамни дўст тутмоқ,қандай одамни тарк этмоқ керак?

Устоз шундай жавоб берди:
— Уч тоифа одамлар борки,улар дўст тутинишдан эҳтиёт бўлмоқ керак.

Шогирд сўради:
— Бу уч тоифа қандай одамлар,устоз?

Устоз айтди:
— Биринчиси,фисқу фасодли одамлар бўлиб,уларнинг ҳиммати нафси амморасининг остида бекилган бўлади.

Иккинчиси,аҳмоқ кишилар бўлиб,бошга тушган зарарни даф қилишда ҳам,бирор фойдага етишишда ҳам уларга ишонмаслик лозим.Кўп ҳолларда уларнинг нафи зарар,хайрли иши эса шарардан баттар бўлиб чиқади.

Учинчиси,ёлғончилар бўлиб,улар билан бўлган суҳбат жонга азоб,улфатчилиги эса дил уйини хароб қилади. Бундай кишилар бегона кишиларга сен ҳақингда ёмон гапларни етказишади,ёлгон гаплар айтиб,дўстлар орасига нифоқ солишади.

Шогирд сўради:
— Устоз,қандай кишилар билан дўст бўлмоқ керак?

Устоз шундай жавоб берди:
— Уч гуруҳ кишилар билан дўстлик йўлини тутмоқ мақсадга мувофиқдир.

Шогирд сўради:
— Бу уч гуруҳ қандай кишилар,устоз?

Устоз айтди:
— Биринчиси,илм аҳли бўлиб,улар ўз ҳаётларини илму одоб билан ўтказган ва ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тортган бўладилар.

Иккинчиси,бахтиёр,табиати саодатманд кишилар,улар ўз дўстларининг айбларини одамлардан яширадилар ва ҳеч қачон ошкор қилмайдилар.Хилватда дўстдан содир бўлган хатоларни юзларига айтиб берадилар ва улардан ҳеч бир насиҳатларини аямайдилар.

Учинчиси,беғараз ва бетаъма кишилар бўлиб,уларнинг дўстликлари ҳақиқий,бирор фойда топиш эвазига қурилмаган бўлади.

Унутма,бўтам,шоир айтганидек:

Дўст билан обод уйинг,гар бўлса ул вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас экан, вайронадир кошона ҳам.

004

Кунлардан бир кун пири комил ҳузурига шогирди – илми толибни чақириб,насиҳат қилди:
— Эй бўтам,беш тоифа киши билан дўстлик ва улфатлик қилма,улар билан ҳеч вақт суҳбат қурма!

Шогирд сўради:
— Эй устоз,улар қайси тоифалар экан?

Устоз айтди:
— Биринчиси, фисқу фужур аҳли. Улар сени халқ орасида расво ва шарманда қилади.Бир луқма нон учун сени сотишдан қайтмайдилар. Уларнинг одатлари шуки,сендан доим бир нарса тамасида бўлишади,агар бермасанг, халқ ичида сенинг ҳақингда ёмон гаплар тарқатишади,обрўйингни туширишади.

Шогирд устозидан иккинчи тоифа қандай бўлишини сўради.Устози
деди:
— Иккинчиси,бахил ва хасис кишилар. Агар сен бирор нарсага муҳтож бўлиб қолсанг,улар ҳеч қачон сенга бермайдилар.Сенинг молу давлатингни эса уялмай ейдилар.Тугаса душманингга айланадилар. Ҳар доим сенинг молу давлатингни кўп кўриб,ҳасад қиладилар.

Устоз давом этиб деди:
— Уларнинг учинчиси, ёлғончилар.Кимда бу хислат борлигини сезсанг,ундан узоқроқ юр.Улар ёлғон билан сени ўз яқин дўстларингдан айиришади ва бегоналарни яқинлаштиради. Унутма,бўтам,ёлғон билан ғийбатнинг онаси битта — ҳасаддир.

Ҳазрат Алишер Навоий шундай насиҳат этмишлар:

Ҳар кишинингки сўзи ёлғон,
Айлама бовар, неча-ким чин деса.

Устоз яна айтди:
— Эй бўтам,дўстлик ва меҳрибонлик ўғрилари борким,ҳар қадамда улардан эҳтиёт бўл.

Шогирд сўради:
— Дўстлик ва меҳрибонлик ўғрилари кимлардур?

Устоз айтди:
— Дўстлик ва меҳрибонлик ўғрилари ёлғончи,чақимчи ва иғвогар кишилардир.Ўғрилар мол ўғирласа,бундай кишилар одамлар орасидаги дўстликни,тинчликни,меҳру муҳаббатним ўғирлаб,фитна-фасод қўзғатадилар.

Шогирд айтди:
Эй устоз,беш тоифа киши билан дўстлик ва улфатлик қилма,улар билан ҳеч вақт суҳбат қурма, дедингиз ва уларнинг уч тоифаси ҳақида айтдингиз.Уларнинг тўртинчиси ва бешинчиси кимлардир?

Устоз жавоб берди:
— Тўртинчи тоифа жоҳил,нодон ва аҳмоқ кишилардир. Улар қанчалик нодон ва аҳмоқ бўлсалар,ўзларини шунчалик доно ва зукко деб биладилар.Улар билан бўлган суҳбат кишига аста-секин салбий таъсир кўрсатади,тўғри йўлдан оздиради,одамнинг ниятини бузади.

Бешинчи тоифа эса лақма,лаванд ҳамда дилида меҳри йўқ кишилардир. Бундай кишилардан ўтдан ва селдан қочгандек қоч!

Унутмагинким,бўтам,донишманд машойихлардан бири шундай ўгит бермиш:

Қўлингдан келса,дўстим,бевафога асло дил берма,
Жаҳоннинг моҳи бўлса,норасога асло дил берма.
Жафо-ю жаврпеша сержафога асло дил берма,
Бало кўпроқ истар ошнога асло дил берма.

006

01

    Men qarayib 15 yildan ziyod vaqt davomida sanoqsiz asarlarda aks etgan Sharq hikmatlariga asoslangan «Ming bir rivoyat» teleloyihasini tayyorlab keldim. Loyiha asosida tayyorlangan videolavhalar dastlab «Yoshlar» telekanalida boshlanib , keyinchalik «O’zbekiston» telekanalida namoyish etildi. Mazkur loyiha men mualliflik qilgan ko’plab teleloyihalar ( «TV-test», «Oltin meros», «Hayot manzaralari», «Turkiy guliston yoxud axloq» va h.k.) ichida o’zimga ko’proq yoqqan, desam adashmayman. Ushbu loyiha yaqin kunlarda «Madaniyat va ma’rifat» telekanalida yangi hayotini boshlaydi. Ramazoni sharif davomida ushbu loyihadan ayrim namunalarni sizga taqdim etib borishni niyat qildim.

05
MING BIR RIVOYAT
Xurshid Davron Sharq xalqlari hikmatlari, Islom falsafasi namunalari asosida tayyorlagan
006

Rivoyat qiladilarki,bir kuni ilmi tolib ustozidan so’radi:
— Bir kishi uzoq vaqtdan buyon menga mehru muhabbat izhor etib,do’stlik va ixlos da’vosini urmoqda,uning rost yoki yolgon ekanini qanday bilmoq kerak?

Ustozi javob qildi:
— Do’stsiz yashash mumkinmas,ammo hamma ham do’stlikka arziyvermaydi.Savolingga javobim shu: Yuragingning tubiga boq,agar u yerda do’stlik uchun joy bo’lsa, do’stlash!

Hikmattalab shogird yana so’radi:
— Kimni sodiq va vafodor do’st deb bilmoq kerak?

Ustoz aytdi:
— Hazrati Sohibqiron Amir Temur bu xususda nima deganlarini bilasanmi,bo’tam?

Shogird «Yo’q» degandek boshini egdi.

Ustozi so’zini davom etdi:
— Hazrati Sohibqiron Amir Temur bu xususda o’z tuzuklarida shunday demishlar: «Sodiq va vafodor do’st ulkim,o’z do’stidan ranjimaydi,do’stining dushmanini o’z dushmani deb biladi.Agar kerak bo’lsa,do’sti uchun jonini ham ayamaydi.

Shogird yana so’radi:
— Asl do’stda qanday xislatlar bo’ladi?

Ustoz javob qildi:
— «Nodon do’stdan aqlli dushman yaxshi» deb bekorga aytishmagan.Agar sen birov bilan do’st tutinmoqchi bo’lsang,o’sha kishining vujudida uchta xislat bo’lmasa,do’stligingga arzimaydi.

Shogird so’radi:
— Ular qanday xislatlar,ustoz?

Ustoz aytdi:
— Bo’tam,bu xususda bir donishmand shoir shunday nasihat qilgan:

Har do’stki,dilida uch xislat bo’lmas,
Kech undan,do’stlikka aslo arzimas.
Biri – vafodorlik,biri – sir saqlash,
Biri – molin sendan ayamasa bas!

004

Kunlardan bir kun tolibi ilm ustozi – piri komildan so’radi:
— Donolarning aytishicha,har kimni ham do’st tutib bo’lavermaydi. O’z do’stligini taklif etsa, qanday odamni do’st tutmoq,qanday odamni tark etmoq kerak?

Ustoz shunday javob berdi:
— Uch toifa odamlar borki,ular do’st tutinishdan ehtiyot bo’lmoq kerak.

Shogird so’radi:
— Bu uch toifa qanday odamlar,ustoz?

Ustoz aytdi:
— Birinchisi,fisqu fasodli odamlar bo’lib,ularning himmati nafsi ammorasining ostida bekilgan bo’ladi.

Ikkinchisi,ahmoq kishilar bo’lib,boshga tushgan zararni daf qilishda ham,biror foydaga yetishishda ham ularga ishonmaslik lozim.Ko’p hollarda ularning nafi zarar,xayrli ishi esa sharardan battar bo’lib chiqadi.

Uchinchisi,yolg’onchilar bo’lib,ular bilan bo’lgan suhbat jonga azob,ulfatchiligi esa dil uyini xarob qiladi. Bunday kishilar begona kishilarga sen haqingda yomon gaplarni yetkazishadi,yolgon gaplar aytib,do’stlar orasiga nifoq solishadi.

Shogird so’radi:
— Ustoz,qanday kishilar bilan do’st bo’lmoq kerak?

Ustoz shunday javob berdi:
— Uch guruh kishilar bilan do’stlik yo’lini tutmoq maqsadga muvofiqdir.

Shogird so’radi:
— Bu uch guruh qanday kishilar,ustoz?

Ustoz aytdi:
— Birinchisi,ilm ahli bo’lib,ular o’z hayotlarini ilmu odob bilan o’tkazgan va hayotning barcha achchiq-chuchugini tortgan bo’ladilar.

Ikkinchisi,baxtiyor,tabiati saodatmand kishilar,ular o’z do’stlarining ayblarini odamlardan yashiradilar va hech qachon oshkor qilmaydilar.Xilvatda do’stdan sodir bo’lgan xatolarni yuzlariga aytib beradilar va ulardan hech bir nasihatlarini ayamaydilar.

Uchinchisi,beg’araz va beta’ma kishilar bo’lib,ularning do’stliklari haqiqiy,biror foyda topish evaziga qurilmagan bo’ladi.

Unutma,bo’tam,shoir aytganidek:

Do’st bilan obod uying,gar bo’lsa ul vayrona ham,
Do’st qadam qo’ymas ekan, vayronadir koshona ham.

004

Kunlardan bir kun piri komil huzuriga shogirdi – ilmi tolibni chaqirib,nasihat qildi:
— Ey bo’tam,besh toifa kishi bilan do’stlik va ulfatlik qilma,ular bilan hech vaqt suhbat qurma!

Shogird so’radi:
— Ey ustoz,ular qaysi toifalar ekan?

Ustoz aytdi:
— Birinchisi, fisqu fujur ahli. Ular seni xalq orasida rasvo va sharmanda qiladi.Bir luqma non uchun seni sotishdan qaytmaydilar. Ularning odatlari shuki,sendan doim bir narsa tamasida bo’lishadi,agar bermasang, xalq ichida sening haqingda yomon gaplar tarqatishadi,obro’yingni tushirishadi.

Shogird ustozidan ikkinchi toifa qanday bo’lishini so’radi.Ustozi dedi:
— Ikkinchisi,baxil va xasis kishilar. Agar sen biror narsaga muhtoj bo’lib qolsang,ular hech qachon senga bermaydilar.Sening molu davlatingni esa uyalmay
yeydilar.Tugasa dushmaningga aylanadilar. Har doim sening molu davlatingni ko’p ko’rib,hasad qiladilar.

Ustoz davom etib dedi:
— Ularning uchinchisi, yolg’onchilar.Kimda bu xislat borligini sezsang,undan uzoqroq yur.Ular yolg’on bilan seni o’z yaqin do’stlaringdan ayirishadi va begonalarni yaqinlashtiradi. Unutma,bo’tam,yolg’on bilan g’iybatning onasi bitta — hasaddir.

Hazrat Alisher Navoiy shunday nasihat etmishlar:

Har kishiningki so’zi yolg’on,
Aylama bovar, necha-kim chin desa.

Ustoz yana aytdi:
— Ey bo’tam,do’stlik va mehribonlik o’g’rilari borkim,har qadamda ulardan ehtiyot bo’l.

Shogird so’radi:
— Do’stlik va mehribonlik o’g’rilari kimlardur?

Ustoz aytdi:
— Do’stlik va mehribonlik o’g’rilari yolg’onchi,chaqimchi va ig’vogar kishilardir.O’g’rilar mol o’g’irlasa,bunday kishilar odamlar orasidagi do’stlikni,tinchlikni,mehru muhabbatnim o’g’irlab,fitna-fasod qo’zg’atadilar.

Shogird aytdi:
Ey ustoz,besh toifa kishi bilan do’stlik va ulfatlik qilma,ular bilan hech vaqt suhbat qurma, dedingiz va ularning uch toifasi haqida aytdingiz.Ularning to’rtinchisi va beshinchisi kimlardir?

Ustoz javob berdi:
— To’rtinchi toifa johil,nodon va ahmoq kishilardir. Ular qanchalik nodon va ahmoq bo’lsalar,o’zlarini shunchalik dono va zukko deb biladilar.Ular bilan bo’lgan suhbat kishiga asta-sekin salbiy ta’sir ko’rsatadi,to’g’ri yo’ldan ozdiradi,odamning niyatini buzadi.

Beshinchi toifa esa laqma,lavand hamda dilida mehri yo’q kishilardir. Bunday kishilardan o’tdan va seldan qochgandek qoch!

Unutmaginkim,bo’tam,donishmand mashoyixlardan biri shunday o’git bermish:

Qo’lingdan kelsa,do’stim,bevafoga aslo dil berma,
Jahonning mohi bo’lsa,norasoga aslo dil berma.
Jafo-yu javrpesha serjafoga aslo dil berma,
Balo ko’proq istar oshnoga aslo dil berma.

004

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

Izoh qoldiring