Xurshid Davron. Ming bir rivoyat. To’rtiinchi qism.

001

   Ҳар бир кишининг ўз туғилиб ўсган гўшаси, маҳалла-куйи, шаҳар ё қишлоғи ва буларнинг барчасини бағрига олган мамлакати бор. Бу унинг ватанидир. Ватанни, уни оёққа турғизади, илму-ҳунар ўргатади, дунё танитади, башар сафига қўшади. Наинки, инсонда, жамики жонзотда ватан бор. Ватан туйғуси бор. Улар ҳам ватанларини севарлар, ватандан айро тушганида ҳаловатларини йўқотурлар…

004

002
МИНГ БИР РИВОЯТ
Хуршид Даврон Шарқ халқлари ҳикматлари,
Ислом фалсафаси намуналари асосида тайёрлаган

003

1

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан илтимос қилади:
— Энг давлатманд инсонлар ҳақида хабар берсангиз.
Устоз айтди:
— Қаноат эгаси кимдир, устоз?
Устоз жавоб берди:
— Насиб этганига шукур қилгувчи, бировларнинг мол-мулкини кўриб маъюс бўлмайдиган, таъмадан йироқ инсондир. Оламда қаноат каби дилни поклайдиган нарса йўқдур. У кишининг назарини тўқ тутади, таъма, ҳасад, очкўзлик иллатларидан асрайди ва охир-оқибатда энг саодатманд, давлатманд кишилар сафига қўшади.
Устоз бир оз сукут сақлаб, сўнгра яна давом этди:
— Бойлик, мол-мулкнинг кўплиги дегани эмас, балки кўнгилнинг тқўлигидир. Ҳазрат Алишер Навоий бу борада:
Мулк ила ўзни демагил аржуманд,
Мулки қаноат била бўл сарбаланд
дея насиҳат қиладилар.

2.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан минг бир истеҳола билан сўради:
— Устоз, севги-муҳаббат тўғрисида хабар берсангиз.

Устоз кулимсираб жавоб қилди:
— Севги-муҳаббат, бўтам, ул ёки бул нарсага кучли майл ила кўнгул қўймоқлик, ўзлигини унутмоқликдир.

Шогирд айтди:
— Устоз, ушбу таърифни яна озгина шарҳласангиз.

Устоз давом этди:
— Севган киши севгилисига мослашмоқликка, у ёқтирмайдиган ҳатти-ҳаркатлардан тийилмоққа интилади. Шу маънода Оллоҳни, унинг расулини, ота-онасини севмоқлик ғоят шарафлидир. Оилани, бола-чақани, илму-ҳунарни, устозни, яшаб турган жой-жалолни ҳам севадилар ва бу севгилар орқасидан ғайратга, жидду-жаҳдга эришурлар.
Устоз шогирдига синовчан кўз тикиб, бир зум сукут сақлади-да, сўнг давом этди:
— Инсонлар яна мансабу-мартаба, емак-ичмак ва дунё жилваларига ҳам афсуски, кўнгил қўядилар, бу эса офатдур. Шу боисдан бўтам, худбин устакларни, манманликни, нафс, аморини маҳф этгувчи шарафли севги пайида бўлинг.

3.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан сўради:
— Нима учун чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлайдилар. Улғайганларида эса уларда ҳар хил хислатлар пайдо бўлади?

Устоз жавоб берди:
— Бу тарбиянинг натижасидир.

Шогирд сўради:
— Эй маънолар хосхонасини эгаллаган пири комил, тарбиянинг ҳосиласи ёшга ҳам боғлиқми?

Доно устоз дедилар:
— Ҳа, албатта. 20 ёшда ҳиссиёт, 30 да истеъдод, 40 да ақл ҳукмронлик қилади.

Илмталаб шогирд яна сўради:
— Эшитишимча, тана қартайганда, аҳлоқ мустаҳкамланади, дейдилар. Бунинг сабаби не?

Пири комил бир лаҳза ўйга чўмгач, шундай деди:
— Чунки инсон танасидаги барча аъзолар ўз нафсини қондиравериб чарчайди, ҳолдан тояди, руҳ эса ҳаёт чарҳида чарҳланиб, аҳлоқ орзу ҳолини бойитиб бораверади.

Қизиққувчан шогирд яна сўради:
— Эй, устоз, минг машаққат ила юксаликка кўтарилган инсонни нима пастга тушириши мумкин? Мен шундан огоҳ бўлайин.

Сермулоҳазали устоз шогирдига қараб, шундай деди:
— Киши қанчалик юксакликка эришмасин, аҳлоқда оқсаса, пастга тушиб кетиши муқаррардир. Эй, шогирд, мисқоллаб йиққан обрўйинг бир зумда тўкилмасин десанг, ақлингни ҳамиша раҳнамо этгил. Нолойиқ ишлардан олисга кетгил.

4.

Ривоят қиладиларки, бир куни устоз шогирдига насиҳат қилди:
— Бўтам , Ҳадиси муборакда бундай дейилади: “Хуб бул ватани минал имани, яъни ватанни севмоқ – иймондандир”. Буни ҳар доим ёдингда тут.

Шогирд деди:
— Устоз, бу ҳикматни маъносини англатсангиз.

Устоз жавоб қилди:
— Ҳар бир кишининг ўз туғилиб ўсган гўшаси, маҳалла-куйи, шаҳар ё қишлоғи ва буларнинг барчасини бағрига олган мамлакати бор. Бу унинг ватанидир. Ватанни, уни оёққа турғизади, илму-ҳунар ўргатади, дунё танитади, башар сафига қўшади. Наинки, инсонда, жамики жонзотда ватан бор. Ватан туйғуси бор. Улар ҳам ватанларини севарлар, ватандан айро тушганида ҳаловатларини йўқотурлар:
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш
деганлар мир Алишер Навоий ҳазратлари. Унутма, бўтам, ўз туғилиб ўсган ватанига меҳрсиз бўлган зотларнинг иймони бутун экани шубҳалидир.

Шогирд яна сўради:
— Устоз, ватаннни севмоқ шартлари қандай бўлур?

Устоз жавоб берди:
— Ватанни севиш сўзда эмас, амалда кўрилмоғи шарт. Ватанни иссиқ-совуғини тенг кўрмоқ, унинг маъмурлиги, маъсудлиги учун ўзни маъсул тутмоқ, ватан ҳивзу-ҳимоясига ҳозир турмоқ, лозим эрса ҳеч иккиланмасдан жон фидо қилмоқдуо. Зеро,
“Ҳивзул ватани минал иймани, яъни ватан ҳимояси ҳам иймондандир”.

5.

Ривоят қиладиларки, бир куни устоз шогирдига насиҳат қилди:
— Нафсинг ёмонлигини англаб етдингми, ўзлигингни англаб етибсан, дейдилар Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари.

Шогирд деди:
— Устоз, нафс ҳақида тушунча берсангиз.

Устоз жавоб қилди:
— Ҳар бир тирик жонда нафс бор. Нафс эҳтиёж пайдо қилади, эҳтиёж эрса, саъйи-ҳаракатга туртки беради. Ейиш-ичиш, уй-рўзғор, жой-жалол, барчаси ҳаракатимиз маҳсули, нафсимиз талабидур.

Шогирд сўради:
— Нафснинг ёмонлиги нимада кўринади?

Устоз айтди:
— Нафснинг ёмонлиги ҳадик билмасликда намоён бўлади, чанқовумизни бир пиёла сув қондирган ҳолда бир коса сув ичамиз, худди шу таҳлитда жой-жалол, бола-чақа, от-улов каби эҳтиёжларни қондириш борасида ҳадни унутамиз, уюр-уюр молу-йилқига, қасру-кошоналар ҳавасига тушамиз. Оқибатда мол-дунё хожаси эмас, қулига айланиб қоламиз.

Шогирд айтди:
— Нафсни қандай енгадилар, устоз?

Устоз жавоб қилди:
— Саъдий Шерозий айтадиларки:
Душманингга илтифот қилсанг,
Дўстга айланади.
Илло, нафс деган нарсага илтифот қилсанг,
Сенга адовати ортиб боради.
Шундай экан, ҳеч қачон нафсга эрк бермаслик, унинг бетийиқ майилларини синдириб туриш лозим экан. Аҳли донишларнинг бу борадаги кўрсатмалари мана бундай мухтасар ва пухтадир. Улар кам егин, кам гапир, кам ухла дейдилар. Ана шунга амал қилинса, нафс тийилади, руҳ эса қувватланади. Паҳлавон Маҳмуд шундай демишлар:
Ўз нафсингни тиёлсанг мардсан,
Бировдан гина шикоят қилмасанг мардсан.
Мардлик йиқилганни тепкилаш эмас,
Балки оёққа турғиза олсанг, мардсан.

6.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан сўради:
— Устоз, мақсадга тез элтувчи фазилатлар хабарини берсангиз.

Устоз айтди:
— Бундай фазилатлар бисёр. Шулардан бири, саъйи-ҳаракат ва ғайратдир.

Шогирд яна сўради:
— Ушбу ҳикмат маъносидан хабардор этсангиз.

Пири комил жавоб қилди:
— Бўтам, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати шуки, ҳеч бир нарса у илму-ҳунар бўлсин, обрў-эътибор ё мартаба, ёхуд молу-дунё бўлсин ҳеч бири риёзатсиз, саъйи-ҳаракатсиз, ғайратсиз қўлга кирмайди. Эрк киши муҳтожликдан бировга қарам бўлиб қолишдан ор қилмоғи лозим. агар оиланг тўкис, ота-онанг рози, яқинларинг миннатдор, эл-юртинг манфаатдор бўлсин десанг ғайратни қўлдан берма. Бировнинг миннатига қолмайин, афсус-надоматлан йироқ бўлай десанг, мудом саъйи-ҳаракатда бўл.

Шогирд яна сўради:
— Устоз, ғайратсизлик оқибати ҳақида хабар берсангиз.

Устоз деди:
— Танбал, ишёқмас кимсалар ғайратсиз кишилардир. Улар ҳар нарсадан маҳрум , ўзлари ҳам, уларга қарам бўлган бола-чақа ҳам муҳтожликка гирифтор бўлур. Улар бошларига тушган бундай кўргуликдан қутулиш ҳаракатида бўлиш ўрнига ҳасрат-надоматга бериладилар. Шу нарса уларнинг табиатига сингиб, омадли инсонларга нисбатан адоват, ҳасад, кўролмаслик иллатларни пайдо қилади, демак бахт-саодат, обрў-эътибор, ёруғ истиқболу-хидоят бу саъйи-ҳаракат, ғайрат билан қўлга киритилур, унутмагингки, Тангри ғайратли бандаларини севар дея марҳамат қилинган, Ҳадиси Шарифда.

7.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан сўради:
— Сабр нима?

Устоз жавоб берди:
— Сабр – саодат калити, бўтам.

Шогирд яна сўради:
— Ушбу ҳикмат маънисидан бохабар этсангиз.

Устоз жавоб қилди:
— Сабр деб, инсон бошига тушган ҳар турли офату-шикастларга чидамли бўлмоққа айтилур. Ҳар бир ишда сабр ва совуққонлик ила ҳаракат қилмоқ лозим. шунда бошингга келган ташвишу-ғамдан безарар нажот топгайсан, иншооллоҳ. Айни чоғда кутилмаганда келган омад, мартаба, мол-дунё ҳам яратганнинг синови ва бунга ҳам сендан сабр лозим бўлади. Бундай ҳолатдаги сабр эса вазминлик билан ҳою-ҳавасдан тийилиш, саҳоват ва ҳожатбарорлик билан амалга ошади. Бу эса Яратганнинг розилиги ва неъматларнинг бардавомлигига олиб келади.

Илмталаб шогирд яна сўради:
— Сабрсизлик оқибати қандай бўлур, устоз?

Пири комил жавоб қилди:
— Сабрсизлик мусибатга мусибат қўшади, гумроҳлик, маҳрумият, маъсият – сабрсизнинг аччиқ насибасидур. Шул боис, “Саброн ас-сабр, яъни сабр қилувчилар сабрдан топадилар” деган ҳикматни қаттиқ тутгил, фарзандим.

8.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан сўради:
— Эй, устоз, муҳим воқеалар ҳақидаги маслаҳатни кимлар билан қилсам адашмайман?

Устоз жавоб берди:
— Маслаҳатни ҳикмат аҳли ва тажриба соҳиблари билан қилки, уларнинг ақллари ўткир ва фикрлари теран бўлади. Бу борада донишмандлар демишки: “Теран фикрни доим кексалардан қидиргил, баҳор сувлари куздан мусаффолик топади”.

Ҳикматталаб шогирд яна устозидан сўради:
— Эй, устози бузрук, қандай кишилар билан маслаҳатлашиш нораводир?

Пири комил бир оз ўйга толгач, шундай деди:
— Ҳакимларнинг айтишича, одам ўлдирган, хотинлар атрофида кўп айланадиган, қўрқоқ ва юраксиз кишилар билан маслаҳат килиш нораводир.

9.

Ривоят қиладиларки, бир куни шогирд устози пири комилдан сўради:
— Қандай кишилар билан дўстлик йўлини тутиш мақсадга мувофиқдир?

Устоз жавоб қилди:
— Уч гуруҳ кишилар билан дўст бўлсанг, ҳаётинг мазмунли ўтади: Биринчиси илм аҳли бўлиб, улар ўз ҳайтларини илму-одоб билан ўтказган ва ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тортган бўладилар; Иккинчиси бахтиёр табиатли, саодатманд кишилар бўлиб, улар ўз дўстлари айбларини одамлардан яширадилар ва ҳеч қачон ошкор қилмайдилар, хилватда дўстдан содир бўлган хатоларни юзларига айтиб берадилар ва улардан ҳеч бир насиҳатларини аямайдилар; Учинчиси  беғараз ва бетаъма кишилар бўлиб, уларнинг дўстликлари ҳақиқий бўлади. Бирон-бир фойда топиш эвазига қурилмаган бўлади.

Насиҳатталаб шогирд яна устозидан сўради:
— Бундай хислатли кишиларни қандай топайин?

Устози деди:
— Анбар сотувчининг олдидан ўтсанг, либосинг анбар ҳидин олади, темирчи ёнидан ўтганин замон қора дуди сенга юқиб қолади.

088

002
MING BIR RIVOYAT
Xurshid Davron Sharq xalqlari hikmatlari,
Islom falsafasi namunalari asosida tayyorlagan

003

1

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan iltimos qiladi:
— Eng davlatmand insonlar haqida xabar bersangiz.
Ustoz aytdi:
— Qanoat egasi kimdir, ustoz?
Ustoz javob berdi:
— Nasib etganiga shukur qilguvchi, birovlarning mol-mulkini ko’rib ma’yus bo’lmaydigan, ta’madan yiroq insondir. Olamda qanoat kabi dilni poklaydigan narsa yo’qdur. U kishining nazarini to’q tutadi, ta’ma, hasad, ochko’zlik illatlaridan asraydi va oxir-oqibatda eng saodatmand, davlatmand kishilar safigaqo’shadi.
Ustoz bir oz sukut saqlab, so’ngra yana davom etdi:
— Boylik, mol-mulkning ko’pligi degani emas, balki ko’ngilning tqo’ligidir. Hazrat Alisher Navoiy bu borada:
Mulk ila o’zni demagil arjumand,
Mulki qanoat bila bo’l sarbaland
deya nasihat qiladilar.

2.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan ming bir istehola bilan so’radi:
— Ustoz, sevgi-muhabbat to’g’risida xabar bersangiz.

Ustoz kulimsirab javob qildi:
— Sevgi-muhabbat, bo’tam, ul yoki bul narsaga kuchli mayl ila ko’ngul qo’ymoqlik, o’zligini unutmoqlikdir.

Shogird aytdi:
— Ustoz, ushbu ta’rifni yana ozgina sharhlasangiz.

Ustoz davom etdi:
— Sevgan kishi sevgilisiga moslashmoqlikka, u yoqtirmaydigan hatti-harkatlardan tiyilmoqqa intiladi. Shu ma’noda Ollohni, uning rasulini, ota-onasini sevmoqlik g’oyat sharaflidir. Oilani, bola-chaqani, ilmu-hunarni, ustozni, yashab turgan joy-jalolni ham sevadilar va bu sevgilar orqasidan g’ayratga, jiddu-jahdga erishurlar.
Ustoz shogirdiga sinovchan ko’z tikib, bir zum sukut saqladi-da, so’ng davom etdi:
— Insonlar yana mansabu-martaba, yemak-ichmak va dunyo jilvalariga ham afsuski, ko’ngil qo’yadilar, bu esa ofatdur. Shu boisdan bo’tam, xudbin ustaklarni, manmanlikni, nafs, amorini mahf etguvchi sharafli sevgi payida bo’ling.

3.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan so’radi:
— Nima uchun chaqaloqlar hamma yerda bir xil yig’laydilar. Ulg’ayganlarida esa ularda har xil xislatlar paydo bo’ladi?

Ustoz javob berdi:
— Bu tarbiyaning natijasidir.

Shogird so’radi:
— Ey ma’nolar xosxonasini egallagan piri komil, tarbiyaning hosilasi yoshga ham bog’liqmi?

Dono ustoz dedilar:
— Ha, albatta. 20 yoshda hissiyot, 30 da iste’dod, 40 da aql hukmronlik qiladi.

Ilmtalab shogird yana so’radi:
— Eshitishimcha, tana qartayganda, ahloq mustahkamlanadi, deydilar. Buning sababi ne?

Piri komil bir lahza o’yga cho’mgach, shunday dedi:
— Chunki inson tanasidagi barcha a’zolar o’z nafsini qondiraverib charchaydi, holdan toyadi, ruh esa hayot charhida charhlanib, ahloq orzu holini boyitib boraveradi.

Qiziqquvchan shogird yana so’radi:
— Ey, ustoz, ming mashaqqat ila yuksalikka ko’tarilgan insonni nima pastga tushirishi mumkin? Men shundan ogoh bo’layin.

Sermulohazali ustoz shogirdiga qarab, shunday dedi:
— Kishi qanchalik yuksaklikka erishmasin, ahloqda oqsasa, pastga tushib ketishi muqarrardir. Ey, shogird, misqollab yiqqan obro’ying bir zumda to’kilmasin desang, aqlingni hamisha rahnamo etgil. Noloyiq ishlardan olisga ketgil.

4.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni ustoz shogirdiga nasihat qildi:
— Bo’tam , Hadisi muborakda bunday deyiladi: “Xub bul vatani minal imani, ya’ni vatanni sevmoq – iymondandir”. Buni har doim yodingda tut.

Shogird dedi:
— Ustoz, bu hikmatni ma’nosini anglatsangiz.

Ustoz javob qildi:
— Har bir kishining o’z tug’ilib o’sgan go’shasi, mahalla-kuyi, shahar yo qishlog’i va bularning barchasini bag’riga olgan mamlakati bor. Bu uning vatanidir. Vatanni, uni oyoqqa turg’izadi, ilmu-hunar o’rgatadi, dunyo tanitadi, bashar safiga qo’shadi. Nainki, insonda, jamiki jonzotda vatan bor. Vatan tuyg’usi bor. Ular ham vatanlarini sevarlar, vatandan ayro tushganida halovatlarini yo’qoturlar:
Oltin qafas ichra gar qizil gul bitsa,
Bulbulga tikondek oshyon bo’lmas emish
deganlar mir Alisher Navoiy hazratlari. Unutma, bo’tam, o’z tug’ilib o’sgan vataniga mehrsiz bo’lgan zotlarning iymoni butun ekani shubhalidir.

Shogird yana so’radi:
— Ustoz, vatannni sevmoq shartlari qanday bo’lur?

Ustoz javob berdi:
— Vatanni sevish so’zda emas, amalda ko’rilmog’i shart. Vatanni issiq-sovug’ini teng ko’rmoq, uning ma’murligi, ma’sudligi uchun o’zni ma’sul tutmoq, vatan hivzu-himoyasiga hozir turmoq, lozim ersa hech ikkilanmasdan jon fido qilmoqduo. Zero,
“Hivzul vatani minal iymani, ya’ni vatan himoyasi ham iymondandir”.

5.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni ustoz shogirdiga nasihat qildi:
— Nafsing yomonligini anglab yetdingmi, o’zligingni anglab yetibsan, deydilar Bahovuddin Naqshband hazratlari.

Shogird dedi:
— Ustoz, nafs haqida tushuncha bersangiz.

Ustoz javob qildi:
— Har bir tirik jonda nafs bor. Nafs ehtiyoj paydo qiladi, ehtiyoj ersa, sa’yi-harakatga turtki beradi. Yeyish-ichish, uy-ro’zg’or, joy-jalol, barchasi harakatimiz mahsuli, nafsimiz talabidur.

Shogird so’radi:
— Nafsning yomonligi nimada ko’rinadi?

Ustoz aytdi:
— Nafsning yomonligi hadik bilmaslikda namoyon bo’ladi, chanqovumizni bir piyola suv qondirgan holda bir kosa suv ichamiz, xuddi shu tahlitda joy-jalol, bola-chaqa, ot-ulov kabi ehtiyojlarni qondirish borasida hadni unutamiz, uyur-uyur molu-yilqiga, qasru-koshonalar havasiga tushamiz. Oqibatda mol-dunyo xojasi emas, quliga aylanib qolamiz.

Shogird aytdi:
— Nafsni qanday yengadilar, ustoz?

Ustoz javob qildi:
— Sa’diy Sheroziy aytadilarki:
Dushmaningga iltifot qilsang,
Do’stga aylanadi.
Illo, nafs degan narsaga iltifot qilsang,
Senga adovati ortib boradi.
Shunday ekan, hech qachon nafsga erk bermaslik, uning betiyiq mayillarini sindirib turish lozim ekan. Ahli donishlarning bu boradagi ko’rsatmalari mana bunday muxtasar va puxtadir. Ular kam yegin, kam gapir, kam uxla deydilar. Ana shunga amal qilinsa, nafs tiyiladi, ruh esa quvvatlanadi. Pahlavon Mahmud shunday demishlar:
O’z nafsingni tiyolsang mardsan,
Birovdan gina shikoyat qilmasang mardsan.
Mardlik yiqilganni tepkilash emas,
Balki oyoqqa turg’iza olsang, mardsan.

6.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan so’radi:
— Ustoz, maqsadga tez eltuvchi fazilatlar xabarini bersangiz.

Ustoz aytdi:
— Bunday fazilatlar bisyor. Shulardan biri, sa’yi-harakat va g’ayratdir.

Shogird yana so’radi:
— Ushbu hikmat ma’nosidan xabardor etsangiz.

Piri komil javob qildi:
— Bo’tam, hayotning achchiq haqiqati shuki, hech bir narsa u ilmu-hunar bo’lsin, obro’-e’tibor yo martaba, yoxud molu-dunyo bo’lsin hech
biri riyozatsiz, sa’yi-harakatsiz, g’ayratsiz qo’lga kirmaydi. Erk kishi muhtojlikdan birovga qaram bo’lib qolishdan or qilmog’i lozim. agar oilang to’kis, ota-onang rozi, yaqinlaring minnatdor, el-yurting manfaatdor bo’lsin desang g’ayratni qo’ldan berma. Birovning minnatiga qolmayin, afsus-nadomatlan yiroq
bo’lay desang, mudom sa’yi-harakatda bo’l.

Shogird yana so’radi:
— Ustoz, g’ayratsizlik oqibati haqida xabar bersangiz.

Ustoz dedi:
— Tanbal, ishyoqmas kimsalar g’ayratsiz kishilardir. Ular har narsadan mahrum , o’zlari ham, ularga qaram bo’lgan bola-chaqa ham muhtojlikka giriftor bo’lur. Ular boshlariga tushgan bunday ko’rgulikdan qutulish harakatida bo’lish o’rniga hasrat-nadomatga beriladilar. Shu narsa ularning tabiatiga singib, omadli insonlarga nisbatan adovat, hasad, ko’rolmaslik illatlarni paydo qiladi, demak baxt-saodat, obro’-e’tibor, yorug’ istiqbolu-xidoyat bu sa’yi-harakat, g’ayrat bilan qo’lga kiritilur, unutmagingki, Tangri g’ayratli bandalarini sevar deya marhamat qilingan, Hadisi Sharifda.

7.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan so’radi:
— Sabr nima?

Ustoz javob berdi:
— Sabr – saodat kaliti, bo’tam.

Shogird yana so’radi:
— Ushbu hikmat ma’nisidan boxabar etsangiz.

Ustoz javob qildi:
— Sabr deb, inson boshiga tushgan har turli ofatu-shikastlarga chidamli bo’lmoqqa aytilur. Har bir ishda sabr va sovuqqonlik ila harakat qilmoq lozim. shunda boshingga kelgan tashvishu-g’amdan bezarar najot topgaysan, inshoolloh. Ayni chog’da kutilmaganda kelgan omad, martaba, mol-dunyo ham yaratganning sinovi va bunga ham sendan sabr lozim bo’ladi. Bunday holatdagi sabr esa vazminlik bilan hoyu-havasdan tiyilish, sahovat va hojatbarorlik bilan amalga oshadi. Bu esa Yaratganning roziligi va ne’matlarning bardavomligiga olib keladi.

Ilmtalab shogird yana so’radi:
— Sabrsizlik oqibati qanday bo’lur, ustoz?

Piri komil javob qildi:
— Sabrsizlik musibatga musibat qo’shadi, gumrohlik, mahrumiyat, ma’siyat – sabrsizning achchiq nasibasidur. Shul bois, “Sabron as-sabr, ya’ni sabr qiluvchilar sabrdan topadilar” degan hikmatni qattiq tutgil, farzandim.

8.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan so’radi:
— Ey, ustoz, muhim voqealar haqidagi maslahatni kimlar bilan qilsam adashmayman?

Ustoz javob berdi:
— Maslahatni hikmat ahli va tajriba sohiblari bilan qilki, ularning aqllari o’tkir va fikrlari teran bo’ladi. Bu borada donishmandlar demishki: “Teran fikrni doim keksalardan qidirgil, bahor suvlari kuzdan musaffolik topadi”.

Hikmattalab shogird yana ustozidan so’radi:
— Ey, ustozi buzruk, qanday kishilar bilan maslahatlashish noravodir?

Piri komil bir oz o’yga tolgach, shunday dedi:
— Hakimlarning aytishicha, odam o’ldirgan, xotinlar atrofida ko’p aylanadigan, qo’rqoq va yuraksiz kishilar bilan maslahat kilish noravodir.

9.

Rivoyat qiladilarki, bir kuni shogird ustozi piri komildan so’radi:
— Qanday kishilar bilan do’stlik yo’lini tutish maqsadga muvofiqdir?

Ustoz javob qildi:
— Uch guruh kishilar bilan do’st bo’lsang, hayoting mazmunli o’tadi: 1-ilm ahli bo’lib, ular o’z haytlarini ilmu-odob bilan o’tkazgan va hayotning barcha achchiq-chuchugini tortgan bo’ladilar; 2-bahtiyor tabiatli, saodatmand kishilar bo’lib, ular o’z do’stlari ayblarini odamlardan yashiradilar va hech qachon oshkor qilmaydilar, xilvatda do’stdan sodir bo’lgan xatolarni yuzlariga aytib beradilar va ulardan hech bir nasihatlarini ayamaydilar; 3-beg’araz va beta’ma kishilar bo’lib, ularning do’stliklari haqiqiy bo’ladi. Biron-bir foyda topish evaziga qurilmagan bo’ladi.

Nasihattalab shogird yana ustozidan so’radi:
— Bunday xislatli kishilarni qanday topayin?

Ustozi dedi:
— Anbar sotuvchining oldidan o’tsang, libosing anbar hidin oladi, temirchi yonidan o’tganin zamon qora dudi senga yuqib qoladi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 870, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум Хуршид домла. «Ватанни севмоқ иймондандир» дейилган жумла тўқима (мавзу) ҳадис бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ҳадисдан дейиш мумкин эмас. Ушбу ҳадис борасида уламоларнинг баъзи сўзларини келтириб ўтаман:
    Имом Муҳиддин Байрутий Шофиий дейди: «Тўқима» (Қаранг: «Асна ал-матолиб фи аҳадис мухталифатил маротиб» 1/123).
    Соғоний дейди: «Ушбу ҳадис мавзудир «тўқима»» (Қаранг: «Мавзуот ас-Соғиний» 53).
    Саҳавий дейди: «Мен уни билмайман» (Қаранг: «ал-Мақосид ал-ҳасана» 218).
    Суютий дейди: «Мен уни билмайман» (Қаранг: «ад-Дурар ал-мунтасиро» 65).
    Мулло Алий ал-Қорий дейди: «Айтишларича, ушбу ҳадиснинг асоси йўқ ёки у тўқиб чиқарилган» (Қаранг: «ал-Асару ал-марфуъа» 189).
    У киши яна айтадилар: ««Ватанни севмоқ иймондандир» ҳадисига келсак, у тўқимадир» (Қаранг: «Шарҳ Мишкатул масобиҳ» 5/316).
    Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий дейди: «Бу ҳадис эмас» (Қаранг: «Итқону ма юҳсину» 1/222).
    Раҳмат. Саломат бўлинг.

Izoh qoldiring