Yurtimiz katta tafakkur, katta tamaddun vatani bo’lganini insonlarga yetkazishni istaganman. (To’liq nusxa)

bbc

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1952 йил 20 январь куни Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1969 йили Тошкент Давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирган.
1971-73 йилларда ҳарбий хизматни ўтайди, қайтиб таҳсилини давом эттиради.
1976 йили шеърлари Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «оқ йўли» билан «Гулистон» журналида чоп этилади. Дастлабки икки китоби — «Қадрдон қуёш» ва «Шаҳардаги олма дарахти» 1979 йилда нашрдан чиқади.
Хуршид Даврон узоқ йиллар турли нашриётларда фаолият юритган.Ўзбекистон Миллий Телерадио компаниясининг»Ёшлар», «Ўзбекистон» телеканаллари  директори  лавозимида ишлаган.
Шоирнинг  «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Самарқанд хаёли»,,»Соҳибқирон набираси», «Баҳордан бир кун олдин»  китоблари нашр этилган. Хуршид Даврон насрий жанрларда ҳам самарали ижод қилган.
Хуршид Даврон она томондан Нақшбандия тариқатининг атоқли вакили Маҳдуми Аъзам авлодидан эканини айтади. Унинг сўфийлик, Самарқанд ва Туркистон тарихига қизиқиши шу билан боғлиқ.
Ўтмишда яшаган тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи «Самарқанд хаёли» қиссалар тўплами, Амир Темур ва Мирзо Улуғбекка  бағишланган «Соҳибқирон набираси»(1995), Кубравия тариқати асосчиси Шайх Нажмиддин Кубро ҳаёти ва фаолияти  хусусида «Шаҳидлар шоҳи ёки Шайх Кубро тушлари» (1997) каби тарихий қиссалари, «Алғул (Мирзо Улуғбек)», «Бобур шоҳ», «Аврангзеб» каби тарихий мавзудаги драмаларини яратган.
У бир қанча видеофилмлар сценарийлари муаллифи.
Хуршид Даврон Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ошиқ дафтари» ва япон шоирлари шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган.
Хуршид Даврон замонавий ўзбек ижодкорлари орасида Интернет имкониятларидан кенг фойдаланаётган адиблардандир.

gul

БИ-БИ-СИ МЕҲМОНИ — ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ,ТАРИХЧИ ВА ПУБЛИЦИСТ ХУРШИД ДАВРОН БИЛАН СУҲБАТ

Би-би-си: Ассалому алайкум! Бугунги Би-би-си меҳмони Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бўладилар. Дастуримизга хуш келибсиз!

Хуршид Даврон: Раҳмат!

Би-би-си: Хуршид ака, сизга турли мавзуларда кўплаб саволлар келган. Бир нечта савол оилангиз ҳақида .Шу маънода келган кенгроқ савол Ерданлик Фахриддиндан.
Мен сизнинг «Шаҳидлар шоҳи» китобингизни ўқиб қайта-қайта дуо қилдим.Китобингизни қайта-қайта ўқидим.Бу китобни ўқиб, йиғламай иложим йўқ эди.Сиз ўзингиз аҳли тариқатмисиз?
Мен бунақа таъсирли китоб кам учратганман. Бу китобга муҳаббатимдан 100 та сотиб олиб тарқатдим. Негадир нархи арзон, деб фикр қолдирган.

Хуршид Даврон: Мен Самарқанднинг шундай биқинида жойлашган, ҳозир шаҳар таркибига кириб кетган Чордара қишлоғида туғилганман. Ота-боболарим Самарқанднинг Қўшҳовуз маҳалласидан. Менинг она тарафимдан бўлмиш бобом тасаввуфдаги йирик бир арбоб — Бобурга, Убайдийга пир, мураббий бўлган Маҳдуми Аъзам бўладилар. Балки боболаримнинг хотираси менинг қонимда айланиб юргани учун тасавуфга қизиққандирман.

«Шаҳидлар шоҳи» китоби шайх Нажмиддин Куброга бағишланган. Кўпроқ Самарқанд тарихи, Темур тарихи билан шуғуллансамда, умуман Ўзбекистон, Моворауннаҳр, Туркистон тарихини болалигимдан катта меҳр билан ўрганганман, ҳеч ким мажбур қилмаган, ўзим меҳр билан ўқиганман.

Дастлабки шеърларим ҳам аввало табиат билан бирга тарихий йўналишда бўлган. Дастлабки китобларим 1969 йилда (икки китобим) босилиб чиққан, биринчиси («Қадрдон қуёш) соф табиатга бағишланган шеърлар жамланган бўлса, иккинчиси (“Шаҳардаги олма дарахти”) тарихга бағишланган.

Боладан бир нарсани яшириб қўйсанг, бола ўшани қидирганидай, шўролар даврида тарихимизнинг жуда кўп саҳифалари ёпиб, қатағон қилиб қўйилган эди. Шунинг учунми, боболарим туфайлими, тарихга қизиқишим кучли бўлган. Биринчи шеърларим Гўри Амирга, Амир Темур мақбарасига, Шоҳи Зиндага, Регистонга, Самарқандга бағишланган. Айнан шуларнинг ҳаммаси секин-секин катта тарихга, айниқса тасаввуфга (бу умуман қатағон қилинган мавзу эди) қизиқишга айланди.

Мен фахр билан айтишим мумкин, «Шаҳидлар шоҳи» ўзбек адабиётида бадиий жиҳатдан тасаввуф тарихига, тасаввуф арбобига бағишланган биринчи китоб. Мақолалар бўлган олдин. Бу китобни мустақилликдан олдин бошлаганман. Жуда кўп тайёргарликлар кўрганман. Шу китобим уч марта нашр бўлди. Мана ҳозир янги нашри чиқяпти. Фахриддин дўстим айтгандай, одамларга маъқул бўлар экан, мен хурсанд бўламан. Бу китобни ҳозир ёзганимда бутунлай бошқача ёзган бўлардим. Бу энди 20 йил олдин ёзилган. Мустақиллик йиллари янги-янги манбалар очилди. Янги тадқиқотлар пайдо бўлди.Дунёдаги тадқиқотларни кўриш имконияти пайдо бўлди. Мен бу китобни учлик тарзида ёзмоқчи бўлганман. Биринчиси Туркистондаги тасаввуф мактаблари тарихи ҳақида бўлиши керак эди. Буни оддий китобхон учун содда қилиб ёзишга ҳаракат қилганман. Иккинчи китоб иш столимда турибди, “Шайх Атторнинг етти хотираси” деб номланган. Унда энди тасаввуфнинг ичига киришни режалаштирганман. Худо хоҳласа, бу китобим ҳам ўқувчим қўлига етиб борар, деб ўйлайман.

Тарихий йўналишда ижод қилишим бизнинг ватанимиз катта бир тафаккур, тамаддун ватани эканини ватандошларимизга билдириш истаги туфайли пайдо бўлган. Ўша пайтда мактаб дарсликларида бу одамлар ҳақида гап бўлмагани учун ватанимизда шундай одамлар ўтган, демоқчи бўлганман. Энди китобнинг нархига келадиган бўлсак, мен бир нечта китобларимнинг ҳаққини олмаганман, нархини арзонлаштиришга ҳаракат қилганман. Чунки нашриётлар берадиган пул бойитадиган даражада деб ўйламайман. Шунинг учун қанча арзон бўлса ҳам, ўқувчига етиб боришини ўйлаганман .Китобларнинг қиммат бўлиб бораётганлиги мени ҳам қийнайди. Масалан, мен шу ёшга етиб китобларни олишга пулим етса ҳам, баъзан ўйлаб оладиган пайтда, ёш, ўспирин болалар қандай сотиб олади, деб ўйлайман баъзан. Китоб нархи ёзувчи билан китобхон ўртасида тўсиқ бўлиб қолмаслигини истайман.

Би-би-си: Раҳмат! Оилангиз, фарзандларингизнинг сизнинг соҳангизга, қизиқишларингизга муносабатлари қандай?

Хуршид Даврон: Мен уларни,энг аввало,китобхон бўлишини истаганман. Энди ижод аҳли бўлиши менинг истагим билан бўлмайди. Ўзида бўлса пайдо бўлади. Катта ўғлим тилга қизиқади. Ўндан ортиқ тилни билади. Европанинг энг асосий тилларида гапира олади. Халқаро ташкилотлардан бирида ишлайди. Оилада ҳозирча учта эркакмиз. Мен, ўғлим ва набирам. Набирам бир ҳафталик бўлди. Қолганлар аёллар, Рафиқам ҳам, икки қизим ҳам, келиним ҳам шифокор. Шунинг учун ҳам ҳеч ким менга қарамайди. Энди набираларим, Худо хоҳласа, кўрамиз ким бўлишини. Ҳозир болаларимга етмаган вақтимни уларга ажратаман, тил ўргатаман. Менинг энг катта ҳавасим тил билган киши. Дунёни ўзбекча англаш тарафдориман.

Дилмурод Яккабоғли, Тошкентдан: Кубро шахсига қизиқишингизга сабаб бўлган жиҳатлар нима?

Хуршид Даврон: Умуман Хоразм тарихига қизиқишим фақат тасаввуф жиҳатидан эмас, Жалолиддин Мангуберди ҳақида қилган ишларим бор… Баъзилари эълон қилинган. Таржималар қилганман, Хоразм тарихига боғлиқ ҳикоялар ёзилган. Нажмиддин Кубро сиймоси иккита жиҳат — ҳам тасаввуф арбоби сифатида, ҳам ватанпарвар, юртини севган, ватани учун қўлда қиличи билан жон берган сиймо сифатида мени қизиқтирган. Унинг қўлида ғижимланган душман байроғини олиш учун бармоқларини қирқиб олганликларини ўқиганимда бутун вужудим жимирлаб кетган. Мени ҳаяжонга солган жиҳат: тафаккур билан жасорат мени маҳлиё қилгани Кубро ҳақидаги китобимни ёзилишига сабаб бўлган.

Юртимизда шаклланган тўртта мактаб хусусида гапирсам.Кўпроқ Яссавия, Кубравия, Нақшбандия тилга олинади-да, биринчи пайдо бўлган Ҳакимияни тилга олишмайди. Бизда тариқатнинг занжири узилган деб ўйлайман. Уларни биладиган одамлар бор. Лекин тариқатнинг ичида, ўша боболар даражасида дунёвий ва ғайбий илмларни биладиган одамлар қолмаган, деб ҳисоблайман. Лекин ишонаманки, секин-секин бу занжир боғланар. Фақат тадқиқот эмас, унинг амалий жиҳатлари ҳам халқимиз орасида пайдо бўла бошлар, деб ўйлайман.

Би-би-си: Ижодингизда 1990 йиллардан бошлаб насрга қизиқиш кўпроқ бўлганини кузатиш мумкин…

Хуршид Даврон: Шўролар даврида, айниқса унинг сўнгги йилларида шеъриятимиз маълум маънода касал бўлди, деб ўйлайман .Ижтимоий юк биринчи планга чиқа бошлади. Шеъриятнинг фақат бир жиҳати ижтимоийлик билан боғлиқ. Лекин ўша пайтда тилимиз учун, элимиз учун шеърларимиз борган сари прокламацияларга ўхшай бошлади-да. Масалан, тил ҳақида, ҳатто Гдлян билан Ивановлар ҳақида, ҳаммасини ёзганмиз. Мен ҳам ёзганман. Бу ўша пайтда зарурат бўлган. Буни нотўғри қилганмиз, деб ўйламайман. Лекин шеърнинг ўзининг ўрни бор, прозанинг ўзининг ўрни бор. Тўғри ижтимоий мавзудаги шеърлар тез, аниқ кўзланган муддаога бориб етади. Лекин ўша шеър бағишланган муаммо ўртадан кўтарилган пайтда шеър ҳам кераксиз бир нарсага айланиб қолган бўлади.

Агар шоир бўлмаганимда балки тарихчи олим бўлардим, деб ўйлайман. Ҳар бир шоирнинг ичида иккинчи бир муқобили бўлади. Раҳматли Рауф ака ичимда доим мусиқа қайнайди, деб юрарди. Менда масалан тарихга ва бўёққа, рангга бўлган иштиёқ яшаб келган руҳимда. Мени ўтмиш қизиқтирган. Ҳозирги тарихий мавзудаги асарлар афсуски мени қониқтирмайди.Жуда кўп манбаларни ўрганиш, ичига кириш йўқ. Лекин ёзувчи укаларимизнинг ҳикояларида пайдо бўлаётган янгиликлар менда умид уйғотади. Уларни тарихни ўрганинглар, модерн йўналишдаги изланишларни ҳам тарихий жараёнлар орқали бериш мумкин, деб айтиб келаман. Кейинчалик кичик янгиликлар катта нарсаларга айланишига ишонаман.

Тошкент, Дилмурод Яккабоғли: Шоир Муҳаммад Юсуф «Яхши» шеърини сизга атаган экан. Шу ҳақда, Муҳаммад Юсуфнинг ўзи ҳақида бироз гапириб берсангиз.

Хуршид Даврон: Муҳаммад Юсуфнинг бу шеъри менга бағишланганлиги оддий воқеа туфайли бўлган. Шеърнинг охирги икки сатрини мен таҳрир қилиб берганман. Ва шеър бутунлай ўзгариб кетганини шоирнинг ўзи сезгани учун миннатдорчилик маъносида менга бағишлаган.

Муҳаммаджон жуда покиза, кўнгли очиқ инсон эди. Уни эслаганимда доим ёруғ нарсалар билан эслайман.Муҳаммаджон кўпинча (ўзи жуда ёмон кўрса ҳам) «қўшиқчи шоир» сифатида таърифланарди. Лекин қўшиқнинг сифатини кўтарган шоир шу Муҳаммад Юсуф бўлди. Гапнинг рости, ўша 80- йилларда, масалан бизнинг авлод шоирлари орасида қўшиқ ёзган одам худди гуноҳ иш қилиб қўйгандек қабул қилинарди. Гўё қўшиқ иккинчи даражали шоирларнинг иши эди.

Аслида ҳам, қўшиқларнинг савияси пастроқ бўлгани учун ҳам, бирор ўртоғимиз қўшиқ ёзса устидан кулинарди. Лекин Муҳаммад Юсуфнинг адабиётдаги катта хизматларидан бири, унинг бошқа йўналишдаги шеърларини тан олган ҳолда, қўшиқ йўналишида қилиб ўтган ишларини эътироф этиб ўтиш керак. Яна бир кўнглимдаги гап. Муҳаммаджон бу дунёдан кетгандан кейин янги Муҳаммаджон яратишга уринишлар бўлди. Лекин бу кўнгил билан боғланган, шахсият билан боғланган. Ундай катта юрак, катта қалб, покизалик бўлмагандан кейин унинг ўрнини эгаллаш жуда қийин бўлади. Унинг қолипида шеър ёзиш осон. У ясаб кетган қолипда нечта одам халқ шоири бўлди. Лекин бу билан унинг ўрнини эгаллаб бўлмайди. Муҳаммаджоннинг шеърлари халқчил, тили ҳам содда ва ёқимли. Шунинг учун унинг шеърлари ўзбек шеъриятида ўзининг ўрнини бировга бериб қўймайди.

Би-би-си : Хуршид ака, ўзингизнинг ҳам бир нечта шеърларингиз қўшиқ бўлган. Улар қандай яратилган, ўзингизга маъқулми?

Хуршид Даврон: Мен агар шеърларимни қўшиқ қилишга берилганимда, Муҳаммаджонни эсладик, балки ундан ҳам қўшиқларим кўп бўлиши мумкин эди. Мен «Ёшлар» каналининг директори бўлиб ишлаганимда, артистлар директорнинг шеърини қўшиқ қилсак, бемалол чиқади деб ўйларди. Лекин менда бу нарсага қизиқиш бўлмаган.

Қўшиқ бўлган жуда кўп шеърларим китоблардан олинган. Фақат иккита қўшиқчига ўзим шеър ёзиб берганман. Бири Баҳодир Мамажонов, унинг овозини яхши кўрганим учун ёзиб берганман. Кейин Шуҳрат Қаюмовга ўзим бир-иккита шеър берганман.

Мен кўпроқ профессионал бастакорлар билан ҳамкорлик қилганман, масалан, Мустафо Бафоев билан Бухоронинг 2700 йиллигига бағишланган 24 та қўшиқ яратганмиз. Энди бу қўшиқлар тўйларда айтилмайди. Асосан, байрамларда, профессионал давраларда айтиладиган қўшиқлар. Ёш бастакор Камолиддин Азимов билан Бухорога бағишланган оратория ёздик. Ўтган ойда премьераси бўлиб ўтди. Мен ораторияни ўзим учун кашф этдим. Турк композитори Фозил Сайнинг «Нозим Ҳикмат» ораториясини эшитганимда, менга шу қадар таъсир қилдики, ҳозир ҳам шу таассуротда юрибман. Фақат ўзимнинг эмас, Чўлпон, Фитрат, умуман буюк шоирларимизнинг шеърларини ҳам оратория қилиш таклифи билан бастакорларимз билан гаплашяпман. Ўзим Самарқандга бағишланган оратория устида ишлаяпман.

Лекин мавжуд замонавий ўзбек эстрадасини мутлақо қабул қилолмайман. Бунга биз шоирларнинг ҳам айби бор албатта. Асосий сабаб:тўй. Мен қатъий айтаманки, ўзбекнинг тўйи бор экан, ўзбек эстрадасини ҳеч қачон ўнглаб бўлмайди. Ўзбек эстрадасининг 100 та қўшиғидан 99 таси рақс тушиш учун ёзилган, басталанган қўшиқлардан иборат. Асосан тўй учун ёзилган. Ўзбек рақслари ҳам бундай бўлмаган. Кавказдан келганми, бошқа жойданми келганми бу «ликинг-ликинг»лар,билмайман. Ўзбек эстрадасининг Ботир Зокиров ва бошқа акаларимиз асос солган фалсафаси йўқолиб кетади, деб қўрқаман.

Ўшдан Даврон Хотам: Ассалому алайкум ! Хуршид ака менинг ҳам севимли ижодкорларимдан бири. У кишининг шеърларини севиб ўқийман. Айниқса япон шеъриятидан қилган таржималари учун ташаккур айтаман. Саволим қуйидагича, Шавкат Раҳмон номидаги онлайн танлов эълон қилсак, бу танловга асосан ёш ижодкорларни жалб қилсак бўладими, Аниқроғи, шу ишни бошласак, сиз ҳам ёрдам бера оласизми? Сизга олдиндан раҳмат!

Хуршид Даврон: Шавкат Раҳмонни барча жўраларим ичида энг яқини бўлган, деб айта оламан. Тошкентда, мусофирчиликда Шавкат нечта ижара уйларини алмаштирган бўлса, барчасига юкни иккаламиз ташиганмиз. Биринчи уй олганда қувонганмиз. Болалари ҳам кўз олдимда катта бўлган. Ўшга кўп марта бирга борганмиз. Шунинг учун Шавкат Раҳмон ҳақидаги ҳар қандай гапни юрагимга яқин оламан. Интернетдаги китобларини ҳам ўзим скан қилиб қўйишга ҳаракат қилганман. Сирдош дўстим эди Шавкат.
Интернетга биринчи кирганимда кўп китоблар йўқ эди. 5 йил олдин «Туркистон» кутубхонасини ташкил қилиб, Навоий бобомиздан бошлаб, Шавкат Раҳмоннинг китоблари, бошқаларнинг китобларини қўйдим.
Мен юқоридаги танлов ҳақидаги таклифни албатта қабул қиламан. Бу борадаги хизматга доим тайёрман. Шавкат Раҳмоннинг ижоди, шахсияти,инсонийлиги олдида жуда кўп нарсалар қилиш керак, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Мана шу интернет имкониятларидан самарали фойдаланаётганингиз ҳам тингловчиларнинг эътиборини тортган…

Хуршид Даврон: Дўстларимга гоҳида ҳазиллашиб айтаман, интернетни билмаган одам учун у чиқиндихона, интернетни билган одам учун нодир, тенги йўқ кутубхона. Агар билмасдан кириб қолсак, бу чакалакзорда адашиб ҳам қолиш мумкин. Уни тушунишга ҳам вақт кетади. Тушуниб, интернет тарқатадиган кўп бемаъни нарсаларга эътибор бермай фойдаланилса, фақат кони-хазина. Дунёни танитади.
Лекин интернет ёшларга бутун оламни тўсиб қўймаслигини истайман. Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳам бор. Биров сенга туҳмат қилса, унга жавоб беролмайсан. Лекин интернетнинг асосий ўқувчилари ёшлар эканини ҳисобга олсак,уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишни ўйласак, уни албатта тартибга солиш керак.

Ўзбек ўқувчиси интернетга кирганида ўзбек тилидаги керакли маълумотларни топа олиши керак. Масалан, барча классик асарлар, яхши китобларимиз киритилиши керак. Лекин ҳозирча бу йўналишда қилинган ишлар унчалик етарли эмас. Масалан, озарбайжон тилидаги сайтларга кирганда кўнглим ёришади. Китобларни, ҳатто журналларни ўқишингиз мумкин. Мен интернет кутубхонани ташкил қилаётганимда Европа архивларида, Туркия, Эрон архивларида жуда кўп тарихий китобларимиз, боболаримиз ёзган, тасаввуф тарихига боғлиқ китоблар сақланиб келаётганини кўрганман.
Баъзида, биз умуман билмайдиган китоблар бор. Амир Темур,темурийлар ҳақида ёзилган юзлаб китобларни кўриш мумкин.
Интернетда биз ўзимизни намоён эта олишимиз керак. Шу билан бирга,интернетнинг асирига айланмаслигимиз керак. Мана кўчада ҳозир ёз, кейин куз, қиш келади, кейин дарахтлар гуллайди,буларнинг барчасини,интернетдан ташқари ҳаётимиз борлигини унутмаслигимиз керак.

Би-би-си : Навбатдаги савол ҳам шунга боғланиб кетса керак. Туркиядан Улуғбек ёзади:

Кейинги пайтларда интернетда нафақат мухолифатнинг, шоир-ёзувчиларнинг ҳам бир-бирини айбини айтиб халқ олдида обрўини тўкиш урф бўлиб қолди. Улар орасидаги душманлик қачон пайдо бўлган? Бир пайтлар шоир-ёзувчилар авлиёдек сирли эди…

Хуршид Даврон : Мухолифатнинг ҳаммаси ёзувчи эмас. Уларнинг бўлиниши ёзувчиликка умуман алоқаси йўқ.
Ёзувчиларда гуруҳларга бўлиниш ҳаммавақт бўлган. Бу фақат ўзбек адабиётида эмас.ҳамма адабиётда бўлган.
Энди мухолифатни ўқиб-билгандан кейин, уларнинг жанжалу фитнага кўмилганини кўриб,уларга қандай ишониш мумкин, деб ўйлайман. Мухолифатдагиларнинг кўпини ўзим биламан, танийман. Тасаввур қилиш мумкин, агар улар ҳокимиятга келса, мамлакат неча қисм, гуруҳларга бўлиниб кетган бўларди.
Уларнинг бўлиниши ҳам табиий. Қандай маънода? Ўзбекистоннинг тарихини билган одам учун табиий. Яқингинада биз учга,тўртга, йигирмага бўлиниб ётган эдик. Шўролар даврида ҳам обком, райкомлар Москва учун эди. Аслида феодал тузум пайтида қандай бўлса, яъни миядаги тушунчалар ўша хонликлар, бўлинишлар давридагидек эди.
Бу қачондир тўғри бўлар.
Демократия — тайёр қолип эмас. Унинг яхши ва ёмон томонлари бор. Масалан Ғарбни қонунлар бошқаради, Шарқни одатлар бошқаради, деган гап бор.
Жадид боболаримиз айтганидек, ҳаммаси омухта бўладиган жиҳатни топа билиш керак.

Би-би-си: Бир нечта саволлар шоир Рауф Парфи ҳақида. Шулардан бири Канададан Илҳом: Марҳум Рауф Парфи ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим.У киши тириклигида етарли эътибор кўрдими, нима деб ўйлайсиз?
Кейингиси, Қўқондан Исмоилжондан. Хуршид ака, 1999-2004 йиллар мобайнида Рауф Парфи уйсиз, нонсиз забун яшаганида сиз катта каналнинг раҳбари эдингиз. Турсунали полвон ва ўша пайтда Фридум хаусда ишлаган Ниёзова опа Рауф Парфига оз бўлса ҳам пул бериб туришган. Сизларчи?
Шу мавзудаги яна бир савол Хурсандбек Тўлибоевдан. Ассалому алайкум Хуршид ака! Саволим, ҳар доим ўзингиз ифтихор билан айтиб юрадиган авлодингиз пешқадамларидан бўлган Рауф Парфининг нега шу чоққача «Сайланма»си чоп этилгани йўқ? Ёки салафингиз, яқинингиз Шавкат Раҳмоннинг, Шукур Холмирзаевнинг асарлари чиқиши тўхтаб қолган. Уларнинг асарлари маънавиятимиз хазинасини янада бойитган бўларди…

Хуршид Даврон: Энди гапни Рауф акадан бошласак. Мен Рауф ака билан Юнусободда битта квартирада бир йилга яқин вақт давомида (у киши ўзининг оиласи билан, мен ўзимнинг оилам билан) яшаганмиз. Битта мен ишлардим. Ҳар куни бир буханка нонни кўтариб келардим. Бу гапни Рауф ака радиода кулиб гапириб бергани учун айтаяпман.
Бир тунда Рауф ака билан икковимиз бир ўлимдан қолганмиз. Буларни ҳикоя қилиш вақти келар. Мен уларни секин-асталик билан ёзмоқчиман.
Рауф ака эътибор кўрдими, пулсиз, уйсиз-жойсиз, деган гаплар кўп айтиляпти.Бу бошқа жойларда, радиоларда ҳам айтилган. Рауф акага ҳеч ким ёрдам бермади, деган гапга келсак. Мен пул ҳақида,ким қанча бергани ҳақида суриштириб юрганларни ёқтирмайман. Номма-ном кимлар ёрдам берганини ёки ўзим шунча пул бердим, деб айтмайман. Қанча пул берганимни ўзим биламан. Рауф ака афсуски йўқ.
Лекин унинг хотираси олдида виждоним пок. Чунки мен Рауф аканинг тузини еганман.У киши билан яшаганман. Рауф акани худди акамдек биламан.Биламан, Рауф акага уч марта уй олиб берилган. Лекин у кишига бир сўм берасизми, миллион сўмми фарқи йўқ эди. Бировнинг меҳри бундан баландроқ эди. Уйни ҳам ташлаб кетаверарди.

Энди Рауф Парфи етарли эътибор кўрдими, деган саволга келсак. Бу қайси томондан қарашга боғлиқ. Агар ҳукумат томонидан қарайдиган бўлсак, ҳар ҳолда Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди. Ўқувчи томонидан оладиган бўлсак, Рауф ака шеъриятнинг асл ихлосмандлари шоири эди. Шу маънода дўстлари, шогирдларидан, маълум маънода халқдан эътибор кўрган,десам хато қилмайман.

Улуғ ижодкорларнинг,барча буюкларнинг (Толстойми, бошқами) дунё билан, инсоният билан доим ҳам келиша олмайдиган табиатга эга бўлгани маълум. Бу асл ижодкорга хос нарса. Унга олтиндан фонтанлик ҳовли қуриб беринг: бир тийинлик фойдаси йўқ эди. У қабул ҳам қилолмасди, тушунмасди ҳам. Барча буюк шоирлар қатори Рауф ака ҳам тўла эътибор кўрди деб айтолмайман. Агар у эътибор кўрганида Рауф Парфи бўлмасди балки.
Китоблари масаласига келсак, Тошкентда чиқмаётган бўлса, бошқа ерда чиқяпти. Энди Ёзувчилар уюшмаси учун мен жавоб беролмайман. Шавкат Раҳмоннинг китоби ҳақида гапирсам, яқинда янгиси чиқади. Шукур аканинг тўрт-беш томлик сайланма китоби чиқди. Рауф аканинг келаси йил катта юбилейи келяпти. Шунга тайёрланиш керак.

Рауф ака ҳақида гапирганда шуни айтиш лозимки » Сиз нима қилгансиз Рауф Парфи учун?» деб сўрайдиган кўп. Аммо, “Сен ўзинг нима қилгансан?- деб сўрайдиган йўқ.. Мени ўзимга ҳам масалан, “Катта каналнинг директори бўлиб нима қилгансиз?”, дегандек саволлар беришади. 24 соат ишлайдиган канал директорлигининг ўз масъулияти бор. Телевидениеда ишлаб қўлдан келганча, Рауф ака ҳақида ҳам, Шукур ака, Шавкат Раҳмон ва бошқалар ҳақида ҳам қўлдан келганча кўрсатувлар, филмлар қилинган. Шунга бош-қош бўлганман, уюштирганман. Ижодкорга катта эътибор, бу энг аввало адабиётнинг асл ихлосмандларининг эътиборида бўлишидир. Шу маънода Рауф ака ҳамиша эътиборда бўлган деб ҳисоблайман.

Кейинги савол Ўзбекистондан: Ўзбекистон телевидениесида ишлаганингизда миллат шоири сифатида цензурага қанчалик тўсиқ қўйолдингиз?

Хуршид Даврон: Телевидениеда мен шоир эмас, раҳбар сифатида ишлаганман. «Ёшлар» каналида ҳам «Ўзбекистон» каналида ҳам ишлаганимда виждонимга хилоф иш қилмаганман. Масалан, «Ёшлар » каналида кўрсатувлар 10 фоизи ҳукумат топшириғи билан бўладиган бўлса, 90 фоизи жамоанинг, менинг буюртмам асосида бўлган. Демак бу маълум маънода ўзини оқлаган. Энди «Ўзбекистон» телеканали давлатнинг асосий канали бўлгани учун давлат буюртмаси билан соф ижодий иш 50 га 50 эди. Русларда бир гап борку, ким пулини тўласа ўша мусиқани эшитади, деган. Бу ҳамма жойда бор нарса. Менга ҳеч ким «шуни қиласан» деб мажбурламаган. Телевидениеда ишлаганимда иложи борича китоб тарғиботига, адабиётга эътибор қаратишга ҳаракат қилганман, деб ўйлайман.

Битта янгилик айтмоқчиман: Ўзбекистонда яна иккита телеканал иш бошлаяпти. Бири «Маданият ва Маърифат», иккинчиси «Дунё бўйлаб » каналлари. Буларнинг ҳаммаси халқимиз учун хизмат қилади.

Би-би-си: Телевидениега боғлиқ савол яна ўзбекистонлик мактуб эгасидан: Телевидениеда ишлаган икки журналист аёлнинг ишдан ҳайдалгани тўғрими? Улар ҳақ гапни айтишган эдику? Яна ишларига тикланиши мумкинми?

Хуршид Даврон : «Ёшлар» телеканалида у иккала журналист қиз ҳам менинг қўлимда ишлашган. Уларни биринчи қадамларидан яхши биламан. Масалан, Саодатни жуда тажрибали, яхши журналист деб тан оламан. Очиғини айтаман, улар шу ишнинг бошида турганларида бу йўлдан қайтаришга уринганман. Бу менинг позициям. Уларни бошқаларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишларини истамаганлигим учун шундай қилганман. Уларнинг бири (Саодат) шундай ён қишлоғимиздан. Бундай олганда юртдошлик туйғуси учунми, акалик туйғуси учунми, тўғрими-нотўғрими,бу йўлдан қайтаришга уринганман, бу менинг шахсий ишим.

Энди уларни ишга олиниши, олинмаслигига бир нарса дейишим қийин. Чунки бу масалани мен ҳал қилмайман. Улар қаерда бўлишмасин шу миллат учун, Ўзбекистон, унинг тақдирини ўйлаб иш тутишларини тилаб қоламан.
Маълум маънода телевидение, (бошқа матбуот тизимлари ҳам) катта бир кучларнинг ҳам сиёсий ўйинлари, ҳам сиёсий рақобати, ҳам сиёсий манфаатлари намоён бўладиган жой. Мен Ўзбекистонда ҳамма нарса ойдин, ҳамма нарса яхши деб айтишдан йироқман. Бизда ҳам Ғарбда қандай муаммолар бўлса, шундай муаммолар бор.

Оёғимизга кишан бўлиб, юз йиллардан ортиқ давом этиб келаётган камчилик-муаммоларимиз бор. Уларни ҳеч ким ташқаридан келиб бартараф қилмайди. Албатта Шарқ билан Ғарбнинг кесишолмайдиган жойлари бўлади. Лекин пайти келадики, ҳаётнинг ўзи бу муаммоларни тўғрилашни олдимизга кўндаланг қилиб қўяди.

Алишер: Ассалому алайкум» Биз Иттифоқ даврида Ҳарбий Академияларда Амир Темурнинг жанг қилиш санъати ўргатилган, деб эшитганман.
Амир Темур ҳарбий тактикалари ҳақида қандай манбалар сақланиб қолган. Темурнинг ҳарбий санъатини ўрганаётган тадқиқотчиларни биласизми?

Хуршид Даврон: Темурнинг ҳарбий санъати билан боғлиқ биринчи тадқиқотлар Россия бизни босиб олиш арафасида бошланган, кейин ҳам жуда кўп китоблар нашр этилган. Рус олим ва генераллари томонидан Темур ҳарбий санъати ҳақида бир нечта китоблар ёзилган. Бу китоблар билан қизиққанлар » Туркистон кутубхонаси» сайтига кириб, бемалол улар билан танишишлари мумкин.

Чор Россияси пайтида ҳам, Совет империяси пайтида ҳам, ҳозир ҳам дунёнинг кўп жойларида бу санъат ўрганилади. Чунки бу тарих. Темурдан кейин ўтган барча саркардалар Темурнинг ҳарбий санъатини четлаб ўтмаган, ўрганган. Мустафо Камол Отатуркнинг Темур ҳақида » Амир Темур ҳарбий саркардаларнинг энг буюгидир. У жанг тақдирини жангга кирмасдан туриб ҳал қиларди», деган гапи бор. Ўзимизда ҳам Ҳарбий Академияда бу нарса ўтилади.

Алишернинг иккинчи саволи: Суриядаги ҳозирги воқеаларга муносабатингиз қандай? Ғарбнинг асл юзи очилиб қолмаяптими?

Хуршид Даврон: Бу Ғарбнинг фақат бугунги иши эмас. Тарихга чуқур кирилса, бу нарсалар ҳар доим қилиб келингани кўринади. Араб давлатларини давлат сифатида бўлиб берганлар кимлар? Чегара солганлар кимлар? Африка қитъасини кўринг, чегаралар теп-текис қилиб,линейкада чизиб берилган. Уни ҳабашлар қилганми? Ўлжас Сулаймоновнинг Ўрта Осиё чегаралари ҳақида гапириб, «Эҳтиёт бўлмасак, бу чегараларда сонсиз миналар яширинган» деганини эсласак, ҳозирги дунёда фақат чегаралар билан эмас, масалан,шиалар билан суннийлар ўртасидаги курашни атайлаб авж олдирилиши ҳаммаси олдиндан қўйилган миналар натижаси,олдиндан кўзланган режалар дейиш мумкин. Мазҳаблар ўртасидаги бугунги курашлар ҳеч қачон ўша давлат эгалари томонидан қилинмаган. Ҳеч қачон. Эътибор берсангиз, Шарқда қаерда энергия ресурслари бўлса, ўша жойларни нотинч қилишга уринишлар бўляпти. Африканинг бирон мамлакатида бир ҳафтада 200 минг одам ўлиб кетсаям ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки ўша мамлакатда нефт йўқ, газ йўқ. Бу дунёни манфаатлар бошқаради. Демократия ниқоби остига яширилган нарсалар Шарққа тўғри келмайди. Шарқда демократия Шарқнинг табиатидан,унинг қадимий анъаналаридан келиб чиқиб пайдо бўлиши керак.

Жавлон: Ўзбек рассомлари Шуҳрат Абдурашидов, Исфандиёр Ҳайдаров, Шуҳрат Бобожон ижоди ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?

— Шуҳрат Бобожон кейинги ёш авлоддан. Энди ижодни бошлаётганда ташқарига чиқиб кетган.
Шуҳрат Абдурашид ва Исфандиёр Ҳайдаров биз билан бир даврда ижод майдонига кириб келишган. Деярли ҳар кун учрашардик. Фақат мен эмас. Ўша пайтдаги ёш шоирлар билан ёш мусаввирлар жуда яқин бўлишган, уларни кўприк бўлиб биринчи яқинлаштирган одам Шуҳрат Абдурашид эди. У ўсмирлигида шеърлар ҳам ёзган. Кейинчалик тасвирий санъатга қизиқиши баланд келган. Лекин юрагида шеърга ихлоси баланд эди. Бизларни топиб олган. Шуҳрат жуда покиза, тоза одам эди. Ундай одамларни топиш қийин. Шуҳратни шоирларнинг рассоми, рассомларнинг шоири, деб айтардик. Ёш шоирларнинг, Рауф аканинг ҳам портретини яратган. Кечқурунлари мен турган ижара уйга бир нималар кўтариб келарди ғамхўрлик қилиб. Катта потенциаллик рассом эди. Афсуски, фожеали ҳалок бўлди. Мен унга шеърлар ёзганман. Тириклигида ёзган «Ўлсак бизни ҳамма севади» деган сатрларим бор. Ўқиб ҳайрон бўлиб қўяман, нега бундай деганман деб. Исфандиёрга ҳам шеърлар ёзганман. Бунақа тунни чизадиган мусаввир камдан-кам келади. Лекин Туркияга кетгач, узоқ вақтдан буён кўрмадим. Булар тарихда қоладиган ўзбек рассомлари. Мана рўпарамда ҳам Исфандиёрнинг асари осилган. Кузни яхши кўрасиз, деб совға қилган.

Би-би-си: Нега кузни ёқтирасиз?

Хуршид Даврон: Кузда кайфият пайдо бўлади, ранглар ўзгаради. Шоирлар айниқса кузда ёза бошлашади. Гоҳида ўғлимнинг дўстлари бошқа юртлардан ёз фаслида келишса, кузда бу ерлар жудаям бошқача бўлади, кузда келинглар, деб маслаҳат бераман. Куз ва қадимийлик бир-бирига жуда мос. Иброҳим Ғофуров менинг шеърларим ҳақида гапириб, Клод Лоррен сувратларини кўргандек бўламан, дегандилар. Қейин қизиқиб, ўша француз рассомининг асарларини томоша қилганман. Ҳақиқатдан унинг асарларида менинг руҳимга яқин тарихийлик ва куз руҳи бор экан. Кузда Шоҳи Зиндага борсам худди учиб юргандек бўламан. Ҳамма нарсани тепадан кўраётгандек ҳолат пайдо бўлади.

Би-би-си: Хуршид ака, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Янги туғилган неварангиз ҳам бобосига ўхшаб элга керакли инсон бўлсин!
Тингловчиларимиз, мухлисларингизга тилакларингиз бўлса марҳамат!

Хуршид Даврон : Раҳмат! Ибн Сино бобомизнинг бир ҳикмати бор. Шуни ҳикматни яхши кўриб такрорлаб юраман. Ибн Сино бобомизга кўра, Аллоҳ Таоло инсонга учта нарсани берган бўлса, ҳамма нарсани берган бўлар экан. Биринчиси сиҳат-саломатлик. Иккинчиси хотиржамлик. Мен доим соғиниб, қўмсаб юрадиган хотиржамлик. Учинчиси, давлат. Давлат фақат пул эмас. Бу- кеча туғилган набиранг, фарзандларинг, ёру -дўстинг, оиланг, ота-онанг, нимага эришган бўлсанг, мана китобларинг, сен яшаётган юрт. Мана шу учта нарсани бизни тинглаб турган инсонларга тилаб қоламан!

Хуршид Даврон ўқиган шеърларни тингланг (BBC).
Би-би-си меҳмони Хуршид Даврон билан суҳбатнинг биринчи қисмини тингланг.

(Tashriflar: umumiy 148, bugungi 1)

Izoh qoldiring