Zuhriddin Isomiddinov. Sarkash savollar & Zuhriddin Isomiddinov «Men bilgan haqiqatlar» teledasturida

064   Ҳаётнинг маъноси не? Яшашдан мақсад нима ўзи? Адашмасам, бундан роса қирқ йил илгари бир ўқувчи қиз “Гулхан” журналига хат ёзиб, ана шу саволларни ўртага қўйган эди. Саволнинг залворини ҳис этган таҳрир ҳайъати унга жавоб ҳам жўялироқ бўлсин деган ниятда хатни Мирзакалон Исмоилийга такдим этган экан — навбатдаги сонда қизнинг мактуби ва адибнинг жавоби ёнма-ён саҳифада босилиб чиққан эди.

САРКАШ САВОЛЛАР
Зуҳриддин Исомиддинов
022

Ҳаётнинг маъноси не?

Яшашдан мақсад нима ўзи?
033

Адашмасам, бундан роса қирқ йил илгари бир ўқувчи қиз “Гулхан” журналига хат ёзиб, ана шу саволларни ўртага қўйган эди. Саволнинг залворини ҳис этган таҳрир ҳайъати унга жавоб ҳам жўялироқ бўлсин деган ниятда хатни Мирзакалон Исмоилийга такдим этган экан — навбатдаги сонда қизнинг мактуби ва адибнинг жавоби ёнма-ён саҳифада босилиб чиққан эди.

Ҳозир, тўғриси, Мирзакалон Исмоилийнинг ҳаёт маъноси ҳақидаги гаплари тўлиқ эсимда қолмаган. Ҳар ҳолда, одамларга яхшилик қилиш, умрни эзгу мазмун билан тўлдириш лозимлиги уқтирилган эди-ёв. Савол эса, ҳамон ёдимда…

Аслида, одамнинг ҳаётида жавоб эмас, савол кўпроқ муҳим-да.

Ҳар бир одам бу дунёга катта ё кичик бир савол бўлиб келар экан, жавоб бўлиб эмас…

Саволларга жавоб топаман деб азиз умр ўтиб кетаркан. Тайин жавоб топиш амримаҳол экан. Топиб бўлмас экан.

Бировнинг қандай одамлигини билиш учун, албатта, у билан кўп нон-туз бўлиш, шоир айтмоқчи, “маъракада ўтириб туришини” кўриш керак. Аммо савия-сажиясини пайқаш учун саволига диққат қилишнинг ўзи кифоя.

Берган саволида одамнинг тийнати акс этади. Саволи орқали унинг кимлиги кўринади. Савол — одамнинг моҳияти.

Шунинг учун кўплар, Навоий айтганидек, орланиб сўрамайди, билимсизлигини яширишга тиришиб, ўзига зулм қилади. Аммо ичингдаги саволлар одамни тинч қўймай, қийнар экан-да. Жавоб топишни, жавоб топиб ҳаловатга етишни тилар экан-да, кўнгил.

Шунинг учун ҳам, бор-э дея, сизга мени доим ўйлантирадиган бир неча саволни бергим келди. Чунки… ўзим уларга узил-кесил жавоб тополмасам, жавоб бўлиб кўринганлари эса қаноатлантирмаса мени, не қилай?

Риёкорлик қилиш, бокира туйғулар гулчамбарини бўйнига осиб олган одам бўлиб кўриниш ниятида айтяпманми бу гапларни? Наузан биллоҳ. Ахир сиз ҳам ўйларсиз-ку, ҳар ким дунёга саволларини бериб, дунё ҳам унга иноят қилганича жавобини олиб кўнгли тинчигани яхши деб? Нодира ёзганидай:

Эй дил… на учун жаҳона келдинг?
Кайфиятини баён этиб кет!

Менинг саволларим…

Аввало, анови гирён қилувчи, бирён этувчи: ҳаётнинг маъноси нима? Яшашдан мақсад не ўзи? — деган сўроқлар айни пайтда меники ҳам.

Одам нима учун ва ким учун яшайди?

Тўғри, ҳар бир даврнинг бунга ўз жавоби бор. Бир пайт Ғафур Ғулом:

Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас, —

деган эди.

Ажиб мисралар! Аммо бир индивид сифатида, бундай фидойиликдан кўнглим бутунлай таскин топмайди. Ўзимча ўйлайман: нега энди мен — бу ёруғ дунёда ҳозир яшаб турган, унга қайтиб келмайдиган, ақлу шуури жойида бир одам, ҳаётимни “навқирон авлод”, “келгуси насллар миннатдор бўлиши учун бағишлашим — онгли равишда маҳв бўлишга кўникишим керак экан?

Мен ким учун яшайман?
Умуман, одам ким учун яшаши керак?

Укам бир кун менга “Ака, одам бола-чақа деб яшар экан, шуларни деб умрини ўтказар экан”, деб қолди. Мен унга, “Йўқ, одам ҳаётини бус-бутун бола-чақасига эмас, «ўзига ҳам бағишлаши керак”, деб айтдим. Умрни фақат насл қолдириш ва наслини оёққа турғазишга сарфлашнинг маъноси йўқ”, дедим. “Чунки мен умримни авлодимга бағишласам, улар ҳам болаларини деб яшаса — барчанинг умри шу тарзда ўтаверса… бунда не маъно кўрасан?”

Укам, “Ахир, ҳамманинг иши шу: одам болаларини деб яшайди, ишонмасангиз, ана, бошқалардан ҳам сўраб кўринг”, деди. Мен сўраб ўтирмадим, чунки унга қадар узоқ йўлда ҳамсафар бўлган бир кампирнинг гапини эшитганимнинг ўзи кифоя эди. У шўрлик “Э ука, умр дегани шу экан, дея зорланган эди. Бола-чақа деб яшар экансан, шуларни деб қариб ҳам кетар экансан, ўзинг емай, едирар, ўзинг киймай, кийдирар экансан. Аммо ўғлинг ўсиб ўғил бўлганида бир пахмоқнинг қўлига топширар экансан, қизинг ўсиб қиз бўлганида бир аҳмоқнинг қўлига топширар экансан, кейин ўшаларнинг куйитига куйиб юри-иб, умринг адо бўлганиниям билмай қолар экансан…”

Ўйлаб қоламан: бола-чақа топасан, уларни боқиш, оғизларига ёғлироқ луқма тутиш учун жон-жахдинг билан тиришасан… умринг ўтаберади — ўзингни унутибгина қўймай, бир кун келадики, орзу-ўйларингни ҳам тарк этасан, барига қўл силтаб, воз кечиб ҳам қўя қоласан…

Одам ўзи учун эмас, бола-чақаси учун кун кўрадими?

Ё ўзбекнинг ўзлигига хослиги шундами? Эҳтимол, бутун Шарқ олами бола-чақам деб яшар? Ғарб мардумининг ҳаёти эса аввало ўзига аталгандир?

Агар шундай бўлса, қай томон ҳақроқ?

Шундай дейман-у, истиғфор айтишгада чоғланаман: ер юзида яшаб ўтган энг улуғ инсонлар — пайғамбарларнинг ҳаёти ҳам ўзига эмас, ўзгаларга бахшида этилган эди-ку? Улардан ҳеч бири ўзи учун яшамаган-ку? Одамларни ҳидоятга чорлаган, умрини шунга сарф этган улар. Чунончи, насоролар Исо одамларнинг гуноҳу азобларини ўзига олган, деб айтадилар, Расули акрам эса охирги нафасида ҳам “уммато, уммато” дея… Ҳаққа етишган.

Шундай улуғ набилар, расуллар олдида… мен ким бўлибман?

Аммо шуниси ҳам борки, номлари бизга маълум бўлган пайғамбарларнинг ҳаммаси — Шарқ вакиллари.

Ғарб оламидан чиққанида, бошқачароқ бўлармиди уларнинг аъмоли?

Ким билади?

Оллоҳ таоло бутун оламни Муҳаммад алайҳиссалом учун яратган. Лав лака лама халақтул-афлак (сен бўлмаганинг-да фалакларни яратмаган бўлур эдим), деб марҳамат қилган… Ва лекин Тангри таоло Муҳаммаднинг (с.а.в) ўзини одамлар учун, уларни имонга даъват қилиш учун яратмаганми эди?

Навоий беш аср илгари муножотида Оллоҳга ёлборади, менинг ҳаётим “журму исён”дан иборат, шундан “ўзга ишим йўқ”, ундан халос бўлиш учун эса “сендин ўзга ҳам кишим йўқ”, деб истиғфор айтади.

Навоий ишора қилган бу журму исёнлар – ҳаёт маъносини англаш борасидаги иккиланишлар, шубҳаю саволлар, албатта.

Навоийнинг саволлари… Улар Навоийнинг жавобларидан ҳам улуғворроқ бўлган, эҳтимол. Бу журму исёнлар шоирнинг қалбида қолди, улардан биз деярли воқиф эмасмиз. Қани эди, улардан оз-моз хабардор бўлсак!

Мен ҳаётимни кимга бағишлашим керак? Одамларгами?

Хўп, бундан не маъно? Инсоният идрокининг пешравларидан бўлган Фауст ҳаётининг интиҳосини айтиб беринг менга. Хўп, у халқини денгизга дамба қураетган — озод ва эркин меҳнат билан машғул ҳолда кўриб жон таслим қилди. Чунки бу унинг олий орзуси бўлиб қолган эди. Шунга етди. Аммо… самовот сирларини очишга чоғланган, иблисга дакки берган Фаустдай одамнинг умри шундоқ жўн якун топмоғи керакмиди? Нимага эришди Фауст охир-оқибат?

Инсоният қўлга киритган билими шарофати билан самовотдан қўл силтаб, ерга термулганида эмас, балки заминда ҳосил қилган билимини самовот сари ҳам йўналтирган чоғидагина юксала олади-ку? Шу маънода, Фаустдай даҳонинг умри таназзул билан интиҳо топмаганмикан?

Бадиий адабиётнинг моҳиятига назар солинг: унинг тубида инсон армони ва андуҳи ётибди. Энг кичик лирик жанрлар ҳаётнинг ўткинчи экани ҳақидаги панд ё ишқ изтироблари баёни бўлса, ҳикоя, поема ва қиссаларнинг энг “ҳаётбахш”лари ҳам одам боласининг кураши, қийналиши, унда енгган ё енгилгани тўғрисида бўлади. Фақат эртаклар шундай қилиб, ботир йигит билан соҳибжамол қиз муроду мақсадига етибди” деб оптимистик якун топади (дарвоқе сосреал асарларда ҳам худди шундай). Бу, бир қарашда яхши. Аммо асар охирида “муроду мақсадига етган”лар умрининг энг яхши палласи ўтиб, бу ёғига яна таназзул бошланиши ҳам маълум. Энг улкан жанр — эпосларда эса йиғи асосий ўрин тутади, эпос йиғи-йўқлов билан хотималанади, йиғи билан тугамаган эпос ўз ривожининг ҳадди аълосига етмаган саналади. Адабий жанрларнинг олий тури бўлмиш трагедиянинг моҳияти эса номиданоқ аён: унинг ўзаги қайғу-ҳасрат ва ғам-аламдан иборат.

Нега шундай? Менимча, бу санъат асарининг инсон кўнглига аввало таскин бериш функсияси билан изоҳланса тўғри бўлар. Ахир табиатимизда яширин худбинлик мавжуд эмасми? Кундалик ҳаётда бировнинг кулфатини кўриб, унга ачиниб кўзёши тўкаётган чоғимизда… шу фожиа менинг бошимга тушмади-ку, дея кўнглимиз таскин ҳам топади. Автоҳалокат рўй берса, атрофдагилар чопиб келади. Нега? Ёрдам беришгами? Фақат шу учунгина эмас, аввало — авария қандай бўлганини кўриш, томоша қилиш мақсадида. Подага йиртқич ҳайвон ҳужум қилиб, бирини олиб кетса, омон қолганлари хотиржам тортгани каби, одамда ҳам бошқаларнинг қайғусига шоҳид бўлароқ, қувониш иллати мавжуд. Тўғри, яхши одамлар бировларнинг фожиасига куйинади, аммо шу билан бирга, улар дилида ҳам бир енгиллик, ачинаётганини кўрсатишдан қаноатланиш ҳисси бўлади. Бадиий асарда кишиларнинг азобланиши қанча таъсирли тасвирланса, руҳимиз шу қадар сокинлашади, кўнглимиз тозаради, бадиий асарнинг таъсири катарсис даражасига етади.

Ё бу туйғу бизга пода бўлиб яшаган чоғлардан мерос қолганмикан? Санъат асари ана шу ҳиссиётни нозикроқ, гўзалроқ тарзда етказиб, аслида ўша ибтидоий эҳтиёжларни қондирадими? Санъатнинг илдизи шумикан?

Билмадим.

Умрнинг интиҳоси фожиа — ўлимдир. Ҳеч бир кишига дунёга қайтиш, яна яшаш имкони берилмайди (таносух тарафдорларининг одам ўлгач, унинг жони янги туғилган танада дунёга қайта келиши ҳақидаги сафсаталари эса… сафсата, холос). Бинобарин, одам боласи бир марта яшар экан, ўзи учун ҳам яшаши ҳаётнинг асосий ақидаларидан бўлиши керак эмасми? Инсон қанчалик бутун шахс бўлса, у ўзи учун ҳам яшайди, қанчалик муте, бировнинг ёрдамисиз, далдасисиз ҳеч иш қилолмайдиган бўлса, умрининг кўпини бировларни деб ўтказади. Бу — одам худбин бўлиб, ёвуз бўлиб, бир-бирига бўри бўлиб яшаши дегани эмас. Ҳар бир киши такрорланмас ҳаётини тобора мукаммаллаштиришга интилмоғи, вақти ва куч-қувватини, ақл-зеҳнини комилликка эришиш учун сарфламоғи лозим. Ана ўшанда фарзандпар ҳам биздан улги олиб, ҳар бири ўз соҳасида камолга етишга ҳаракат қилади, бутун жамият шу тарзда тараққий этиб, мукаммаллашади. Йўқса… бола-чақани кўпайтириб, уларни уйли-жойли, ишли қиламан деб умримиз ўтаверади.

Ҳеч ким бошқа бировга ўзи қадар жон койитмайди. Ҳатто фарзандига ҳам. Бир тоифа ота-оналар бор: болаларининг қорнини тўйғазиб, устини бутлайди, бошпана қилиб беради, аммо уларнинг дили, кўнгли билан деярли иши бўлмайди. Фарзандим келажакда беташвиш яшасин деб уни ёғлироқ иш эгаси бўлмоғини кўзлаб, шунақа касбкорга йўналтирган ота-оналар ҳам талайгина. Уларнинг фарзандига муҳаббатли эканига шубҳам бўлмагани ҳолда, сизга бир савол берсам: ўшаларнинг дил тубида келажакдаги ана шу тўкинликдан баҳра олиш туйғуси ҳам милтираб турмайди, деб ўйлайсизми?

Яшашнинг мазмун-моҳияти… мантиғи нимадан иборат?

Ё бирон ғояга, уни рўёбга чиқаришга бағишлансинми бу азиз умр?

Мен ҳайвонларда ҳам онг бор, ақл, ҳиссиёт ва ҳоказолар оздир-кўпдир бор, десалар ишонаман, аммо уларда ғоя бўлмайди. Ғоя — фақат одамга хос. Демак, ҳаётнинг мазмуни — ғоя учун яшашда бўлиб чиқадими?

Ғоя умримнинг маъноси бўладиган бўлса, мен ғоянинг қулига айланиб — Ғояқул бўлиб қолмайманми?

Ғоя деб яшайдиганлар бор, уларнинг ҳаёти бу дунёга келишдан мақсад — ебичиш, мазза қилиб “яшаш” деб ўйлайдиганларникидан, ҳар тугул, беҳроқ, аммо ғоя-одам ҳам бўлолмайман мен, билмадим, нега? Ҳеч қандай ғояга умримни нисор эта олмайман (гарчи у шундоқ, бесамар ўтаётган бўлса ҳам). Ғояқуллардан ҳафсалам совигани учун шундай ўйларман балки…

Ўн беш йилларча муқаддам поездда Тошкентга келарканман, купемиздаги икки аёл билан суҳбатлашишга уриндим. Улар мухолифат вакиллари деб таништирди ўзларини. Қанақа одамлар эканини билгим келди. Қизиқ-да, эҳтимол уларни яхши билмаганимиз сабабли инкор этаётгандирмиз?

Аммо… биласизми, қишлоқларда, шаҳар жойларда шунақа бир тоифа одамлар бўлади: эл уларни тўй-маъракага айтмайди, бировнинг дард-ғами билан иши йўқ, ҳамиша қандайдир ғалати, одамнинг юрагини зиқ қилиб, фақат ташвишдан гапириб юришади — ўшанақалардан бўлиб чикди бу опалар. Эртаю кеч фақат ижтимоий муаммолардан сўз очадиган, ичида одамийлиги, оддий инсоний туйғулари йўқ одамлар бўлади-ку… Шундан бери ғояқулларни ёқтирмай қолдим. Битта ғояни маҳкам тутиб олиб, бошқа ҳар қандай қарашни инкор этиш, унга қарши жон-жаҳдинг билан курашиш ҳам чекланганлик эмасми? Эй инсон, атрофингга ҳам қара, умр ўтиб боряпти…

Ҳаётимни бағишлашга арзийдиган ғояни топа олмадиммикан ё?

Тақво соҳиблари умрини тоат-ибодатга бахш этади. Бундан мақсад боқий дунёда Оллоҳнинг марҳаматию пайғамбарнинг шафоатига ноил бўлиб, жаннатдан ўзига жой ҳозирлашдир. Мен имонли, савоб амаллари гуноҳ ишларидан кўпроқ бўлган одамларни жаннат аҳли бўлса керак, деб тасаввур қиламан. Аммо… бу умр фақат у дунёнинг ғамини ейиш учун бериладими одамга? Жаннати одам бўлмоқнинг фазилатини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди, албатта. Ҳатто ғирт атеист нигоҳи билан боқсангиз ҳам — дин бир афзалликка эга: тақводор одам бировга ёмонлик соғинмайди, ўз нафсидан кечиб бўлса ҳам, ўзгаларга манфаат етказишга интилади.

Аммо… жаннат умиди билан яшаш Оллоҳга иддао қилгандай бўлиб колмайдими? Яъни, мендан бу (намозу ниёз), сендан у (жаннат) дегандай? Робиъа Адавийянинг муножоти ёдингиздами? “Илоҳо, — деган эди у, — агар мен дўзахдан қўрқиб сенга топинсам, мени дўзахга ташла! Агар жаннат умиди билан топинсам, жаннатни менга ҳаром қил!.. Агар сенинг ўзинг учунгина топинсам, дийдорингни насиби рўзи айла!..”

Ибодат қилишдан мақсадим жаннатга эришиш йўлидаги риёзатгина эмас, сидқ ва ихлосим натижаси бўлса, яхшироқ эмасми?

Қачон бетамаъ ибодатга машғул бўларканман? Насиб этармикан у?

Наҳот яшашдан мақсад — охират учун захира тўплашдан иборат бўлса? Қишдан тўқ чиқиш учун ёзи билан дон ташиган чумоли сингари?

Бир тоифа мутаассиблар бор: уларнинг фикрича, ўйин-кулги ҳаром, хурсандчилик — макруҳ, изтироб чекишу нариги дунёни ўйлаш — дуруст. Билмадим… Аммо умрни фақат айш қилиб ўтказиш қанча айб бўлса, то ўлгунича ўйнаб-кулмай, фақат у дунё ғамида ғам чекиш ҳам шунча гуноҳ бўлиб туюлади менга. Ахир қодир эгам бизга бу ҳаётни яшаш, умргузаронлик қилиш учун туҳфа этди, ер юзини киши баҳрини очадиган анвои чечаклар ила безади, лазиз неъматлар берди, бунга нечун қувониб яйрамаслик керак? Агар биз доим ғам чекиб, ҳаётдан рози бўлмай, қовоғимизни уйиб юраберсак, бу Оллоҳнинг берганига норозиликни англатмайдими, ношукурликка қараб кетмайдими? Оллоҳ таолонинг нафақат жаннати, балки бу ёруғ дунёси ҳам, ҳатто… даҳшатли дўзахи ҳам азиз ва табаррук: зеро буларни у яратди. Алмисоқда пайғамбарларнинг “Илоҳо, бало тегмишда сен бизнинг бирла бўлсанг, ул онча балони бизга ҳавола қилсанг, қабул қилғаймиз” (Рабғузий) деган ахдларига биноан, Оллоҳнинг ҳар бир олами гўзал, севинчлик, азиз…

Қўлимда эски бир ёғоч парчаси. Йиллаб ер тагида ётган бўлса керак, қорайиб ҳам кетган, обдон чириган. Оёқ остига ташлаб эзсанг, уқаланиб кетгулик ҳоли бор. Қуп-қуруқ, енгил. Оловга отсанг, ёнади-кетади, сўнг унинг бу дунёда бўлган-бўлмаганини биров билмайди. Мен уни ўтга ташлайманми, тупроққа кўмаманми, ё сувга оқизаманми — барибир. Бу чирик ёғочнинг жони йўқ, шуури йўқ, унда ҳаёт асари ҳам йўқ.

Аммо ҳозирда чирик ҳолга келган бу ёғочни мен яратмаганман, йўкдан бор қилмаганман, ниҳояти — унинг ҳозирги ҳолати билан рўбарў келиб турибман. Уни ҳам, худси мени яратгани каби, Тангри яратган, бир маҳаллар у катта бир дарахтнинг шохи бўлган, ундан сурх новдалар ўсиб чиққан, новдалардаги чиройли гул-чечаклар, яшил барглар ёруғ дунёга роз айтгандир эҳтимол. Аммо ҳаёт экан-да, мана у пўк бир ҳолда менинг қўлимда турибди.

Менинг шу чирик ёғочдан фарқим кўпми яратган Зот олдида?

Менимча, кўп эмас. Чунки шу ёғоч ҳам, мен ҳам — яратилдик, йўкдан бор этилдик. Шу чирик, онгсиз-шуурсиз бир ёғоч парчаси устида менинг ихтиёрим қанча бўлса, менинг устимда Парвардигорнинг иродаси ҳам шу қадарлик… йўқ, астағфируллоҳ, бундай десам куфрга кетган бўламан. Чунки шу чирик ёғоч ҳам, бир ўргимчак ҳам, мен ҳам… ниҳояти яратилган нарсадан ўзга эмасмиз. Яратилган махлуқ билан яратган холиқ ўртасида қандайдир бир ўртача мавқе йўкдир. Антик юнонлар тасаввур этган ярим маъбудлар бўлмайди бу дунёда. Қўрқиб-қўрқиб бўлса ҳам айтишга журъат этаман: Тангрининг улуғ фаришталарию пайғамбарлари ҳам ўз улуғлигида менга ва бояги чирик ёғоч парчасига яқинроқдирлар, зеро барчамизни Оллоҳ йўкдан бор этди. Яратилишда ихтиёримиз бўлмагани каби, боқий ҳаётга кўчган чоғимизда ҳам на ихтиёр ва на ихтиёр этишга хоҳиш бўлсин бизларда. Парвардигор мени жаҳаннамда жизғанак бўлишга ташлайдими ё учмохда кавсар сувидан ичмоққа сарафроз этадими — бунда менинг на ихтиёрим бор ва на истагим. Ўша чириган ёғочга олов бўлиб ёниш ё бирон ерда аста чиришни танлаш ихтиёри берилса, унга бу қанчалик фарқсиз бўлса, мен учун ҳам боягилар — шунчалик… Албатта, агар менга бу икки интиҳонинг бирини танлаш имкони берилса, жаннатни ихтиёр этардим, зеро, бу маъвода Парвардигорнинг жалолиятини, илмини хотиржам идрок этиш, теранроқ англаш имкони бор. Мени тафаккур ўзига жазб этади, бирон нарсанинг моҳиятини қанча теран англасам, роҳати шунча кўп бўлади. Идроксиз лаззатланиш эса ҳайвон ҳиссиётига яқин нарса.

Аммо келажак қизиқтирар экан-да, барибир: айрим диний китобларда одам ўлгач, унинг жони то қиёматгача Иллиййин ёки Сижжийн деган маконларда туриши ёки шу маконларга банданинг китоби ёзиб қўйилиши айтилади. Иллиййинда савобли амаллари кўпроқ, Сижжийнда эса гуноҳлари кўп одамларнинг руҳлари жо бўлар эмиш.
Шак келтираётган бўлсам, ҳазор истиғФор айтай: бу жойларнинг бирида яхши, бирида ёмонроқ одамлар руҳи турадиган бўлса, унда рўзи қиёмат ва амаллар тарозисининг не ҳожати қолади?

Бизни бир томчи сувдан, тўғрироғи — ўша бир томчи сувнинг юз мингларча упушидан бино этган Тангри таоло ҳар бир бандага тарози қўйиб кўрсатишига эҳтиёж борми ўзи, балки бу бир рамзий далолатдир — томуғ ёки учмохга киришга лойиқ эканимизга бир онда бизни ишонтиришга қодир-ку? Эҳтимол, булар пайғамбаримизга замондош бўлган одамларнинг савия даражасидан келиб чиқиб айтилган гапдир, аммо ҳар сонияда миллиардлаб амал бажарадиган компютерлар замонида тарози жўн ускуна бўлиб қолади.

Оллоҳ  Одам атодан то қиёматгача яшаб ўтган жами одамлар, жами махлуқотнинг, коинот бағридаги жами инс-жинсларнинг бутун умри давомида қилган барча амалларини бир онда, бир лаҳзада уларга кўрсатиб, ажрини ҳисоб-китоб қилиб, уларни ўзидан рози этишга қодир зот-ку?

Қиёмат, вақти келгач, фақат Ер юзида яшаб ўтган одамлар учун содир бўладими, ё ўн саккиз минг оламнинг барида бир вақтнинг ўзида қиёмат қўпадими, билмайман. Ўзи, ўн саккиз минг олам дегани нима: Ер каби ўн саккиз минг сайёрами, ўн саккиз мингта қуёш тизимими, ё бўлмаса — ўн саккиз минг галактиками, бизнинг бу ҳад-ҳасобсиз галактикалар олами каби оламлар ўн саккиз мингта бўлсами? Оллоҳнинг “Раббул оламин” сифати бежиз эмас-ку?

Бошқа китобларда эса ўлган аллақайси одамларнинг ҳозир жаннатда ё дўзах ичида юргани ҳақида хабар берилади. Булардан қай бири тўғри? Одам ўлса, Мункар-Накирлар саволидан кейин унинг номаи аъмоли очилиб, қилмишига яраша ажрини ола бошлайдими ё охират кунини, маҳшаргоҳдаги қиёматни, Сирот кўпригидан ўтишни… кутишадими? Мункар-Накирлар қабр ичига кириб, марҳумни сўроқ-саволга тутади, дейдилар. Ўша кезда одам бир қур тирилиб, сўнг такрор ўладими, ёинки ўлгандан сўнг тирилиш (ал-баъса баъд ал-мавт) фақат рўзи қиёматда юз берадими?

Диний масалалар борасида яна бир саволим борки, уни бермаслик риёкорликка кирса керак: жаннатда ҳур қизлар бўлади, улар аҳли жаннатга ҳалол саналади, Ҳар бир жаннатига ўнлаб ҳурлар маҳрам бўлади, дейилади. Бу дуруст, аммо жаннатга тушган аёллар нима қилади? Пок ва бокира вафот этган ўсмир ёшидагилар, гўдак болаларнинг роҳати нимада?

Ё, бундай гапларни қўзғамай, истиғфор айтганим дурустмикан? Парвардигоро, мен осий бандангни кечир, илло мен фитна қўзғаш ниятида эмас, ўзим учун таҳқиқ қилиб олиш учун беряпман бу саволларни. Фикри ожизимча, жаннатда энг лазиз таомларни истеъмол қилиш, ҳурлар висолига ноил бўлиш — буларнинг бари лаззат топиш, ҳаловатга етишнинг рамзий шакллари эмасмикин? Негаки, жаннат меваларидан тановул қилиш, висол дамлари — булар вақт давомида амалга ошадиган хатти-ҳаракатдир. Абадий еб-ичиш ва лаззатланиш мумкин эмас, чунки булар давомида одам қарийди, албатта. Йўқ, роҳат-фароғат абадий давом этади, жаннат аҳли эса ҳамиша бир хил: навқирон ёшда бўлади, дейилса, унда, мантиқан, бу абадият бир онга тенг экан. Айлана нулдан бошланиб, уч юз олтмиш даражага етгач, якун топгани, яъни 360 даража — нулдан энг узоқ нуқта ва айни ҳолда унинг ўзи бўлганидек. Демоқчиманки, жаннат — руҳларнинг абадий фароғатга етиши ва дўзах — осийлар руҳининг мангу азоб чекиши бўлса керак, валло
ҳи аълам (аммо мангулик нима эканини тасаввурга сиғдириш, идрок этиш мен учун маҳол). Абадият, мангуликнинг маъноси нима эканини, кўлами к,анча эканини ким билади дейсиз? Абадият олдида фонийликнинг баҳоси к,анча бўлса экан? Дарвоқе, пайғамбаримиз бизни огоҳлантириб, динда чуқурлашмасликка буюрган: ҳазор истиғфор. Динда бу масалаларнинг узил-кесил ечими топилган бўлса, билмасдан сўраётгандирман.

Инсон онги оламни англашда, яратган зотни танишда не даражага етиб бориши мумкин? Билишда биз қай даражага ета оламиз? Ё, билими биздан юксакроқ жонзотлар ҳам борми бу коинот саҳросида? Оллоҳни англашнинг поёнига етиш мумкинми, борлиқни тўлиқ англаб бўладими?

Ўзимиз яшаб турган бу курраи арзнинг, нари борса беш чақирим усти ва беш чақиримча остини сал-пал ўргангандаймиз. Ҳатто уммон туби ҳам бизга қопқоронғи. Бирон ўттиз йиллар аввал Кола ярим оролидаги ўн олти чақиримгача мўлжалланган кавлаш ишлари ҳозир тўхтатилган. Ер бетидаги ҳаво қатламини атмосфера, ер остидагиларини эса геосфера деб, уларни ўзимизча стратосфера, мантия, ер ядроси… цингари истилоҳлар ила атаганимиз ва улар фалонфалон километрлар орасида дея тақсимлаганимиз билан, аслида, оёқ остида ётган бир бўлак қора тошни олиб қарасак, унинг хоссаларини ҳам жуда юзаки биламиз. Шавкат Раҳмон ёзганидек, бу тош… гўёки жонлидай, гўё бир куни
тўсатдан гуркираб гуллайдигандай, гўёки ҳозирча ўтмас кўзлардан сирларин яшириб ухлаётгандай.

…Балки тош ҳозироқ гуллаётгандир, минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб, балки бу гулларни кўрмаётгандир ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари…

Ори рост, бизга бир тош, ё бир томчи сув, ёки биргина япроқнинг… бағридаги сирлар қанчалик тўлиқ аён деб ўйлайсиз? Аслида, бутун дунёдаги барча соҳа олимларининг жамики илм-билимини бир жойга тўпласангиз, оддийгина бир нарсани, масалан, бир бош узумни яратишга қодир бўлолмайди. Электрон микроскоплар орқали кўз илғамас зарралар бағридаги ҳаётни, гўёки, англагандай бўламиз. Аммо нимани, қай даражада? Электрон, протон, нейтрон дея тақсимлаш билан уларнинг ичига кирган бўламизми? Энг замонавий радиотелескоплар билан ҳам биз энг яқин сайёраларда ҳаёт, ҳатто сувнинг бор-йўқлигини аниқлаёлмасакда, ўзимизни алдаб, қуёшнинг сиртидаги ҳарорат беш минг даража иссиқ, деб фолбинлик қиламиз. Коинотнинг у четидан бу четига қадар бўлган масофани “ўлчаб”, оламнинг чегараси 45-60 миллиард ёруғлик йилига тенг, деб айтамиз. Тўрт миллиард ёруғлик йили нарида бир янги қуёш пайдо бўлибди, деб суюнчилаб қўямиз.

Алберт Эйнштейндан, сизнинг бошқа одамлардан фарқингиз нимада, деб сўрашса, олим, баланд бир тепаликка ўрмалаб чиқиб кетаётган қўнғиз босиб ўтаётган йўли эгри-бугри эканини билмайди, тўғри кетяпман, деб ўйлайди. Одамзот худди қўнғиз цингари йўл босяпти, менинг бошқалардан фарқим — ана шуни билганимда, деб жавоб қилган экан.

Бу нима дегани, нима демоқчи эди Эйнштейн?

Билмайман.

Илм билан инсоният нимага эришиши мумкин? У ўзини маҳв бўлишдан қутқара оладими?

Биз яшаб юрган Ер бошқа катта ва кичик сайёралар ҳамроҳлигида қуёш теграсида пириллаб айланади, шу зайлда кунлар, ойлар, йил ва асрлар ўтади, қуёш — галактикамиз марказини тавоф қилиб айланади, галактикамиз эса коинот маркази теграсида чарх уради. Уларнинг ҳаракатида тезлик ғоят катта — ҳар сонияда минглаб, ўн минглаб километрлар… Ва бу бир зайлдаги ҳаракатгина бўлмай, баайни нур қатимида кўринган чанг зарраларининг учиб юриши каби хаотик мавжланиш ҳамдирки, “зарралар”нинг бир-бири билан дучлашиши ё абадий узоқлашишини башорат қилиб бўлмайди. Тўқнашиб кетган оламлар ҳалок бўлади. Олимларнинг башоратича, ҳар қандай космик обект яқин ё узоқ келажакда бошқа бирон шундай обект билан тўқнашиши муқаррар. Гарчи Фридманнинг Катта портлаш назариясига кўра, ҳар бир галактика ва ундаги қуёш ҳамда бошқа самовий жисмлар коинот марказидан тобора узоқлашиши ва шу тариқа коинот уфқларининг тобора кенгайиши рад этилмасада, бу “узоқлашиш” бир текисда — марказдан тобора четга қочиш ва бир-бирлари аро масофанинг ҳам олислаб боришини англатмайди, бу узоқлашиш муайян даражада хаотик тарзда бўлади.

Башариятнинг илми ортаверса, неча минглаб йиллардан сўнг (унгача цивилизация сақланиб турса, албатта) ҳатто шу даражага келсаки, Ҳимолай тоғини ҳеч бир қийинчиликсиз ўрнидан қўзғатиб, бошқа бир жойга қўйишга қадар етиб борса, ундан ҳам ошса… ана ўшанда ҳам инсоният бу галактиканинг бошқаси билан тўқнашмаслигини, галактикамиз ичидаги миллиардлаган қуёш-юлдузлар ва улар меҳварида бўлган обектларнинг ўзаро дучлашмаслигини, қуёшнинг абадий нур сочиши ва ернинг қуёш меҳварида бир зайлда айланишини таъминлай оладими?

Йўқ. Ҳеч қачон бунга қодир бўла олмайди.

Энг баттол атеистлар ҳам, энг некбин даҳрий олимлар ҳам Ер юзида ҳаётнинг абадий давом этиши ҳақида гап кетганда умидсизликка тушади.

Диний нуқтаи назардан, бу савол — инсоният ўз илми орқали охиратни орқага сура оладими, дегани. Имон аҳли бу масалада якдил: қодир Оллоҳ белгилаган бирон нарса бир он ҳам кечиктирилмайди ва орқага қайтарилмайди. Охират ҳам, қиёмат ҳам муқаррар.

Бас, инсоният ўз илми билан ҳаётни абадий давом эттиришга қодир бўла олмас, билими чандон ошиб, “дунёнинг тагига етгани”да ҳам бир кун маҳв бўлиши тайин экан, унда… илм ўрганишдан мақсад не?

Мақсад… амалий жиҳатдан, бу ёруғ оламда кун кечиришни енгиллатиш бўлса, унда, ривожланганимиз сари — дарёлар бўғилиб, сув омборлари барпо этилгани, денгизлар соҳилига улкан дамбалар қурилгани, уран маъданлари бойитилиб, АЕСларда беҳисоб энергия ҳосил қилингани, ботқоқпиклар қуритилиб, балчиғидан алюминий олингани, тоғлар сариёғдай кесиб туширилиб, йўллар солингани ва… бунинг оқибатида экология бузилгани, давлатлараро муносабатлар тобора мураккаблашгани, инсоният чалинаётган касалликлар тури ва касалланиш кўлами кўпаяётгани, глобал иқлим ўзгаришлари рўй бериб, бунинг оқибатида мисли кўрилмаган тўфон, қурғоқчилик, сув тошқинлари, денгизу дарёларнинг қуриши, ўрмон ёнғинлари каби офатлар тез-тез рўй бераётганини нима деб изоҳлаймиз?..

Бу дунёда кўп нарсанинг тубига етиш мумкин, аммо қодир Оллоҳни англашнинг охирига эмас. Оллоҳ — азал, абад ва қудрати беадад зот. Ўтмиш адиблар жами ўрмонларнинг ёғочи қалам, жами уммонлар суви сиёҳ бўлсаю ёзсанг, Худонинг васфини баён этишга кифоя қилмайди, дейишган. Бу шунчаки мадҳ эмас, уни таҳпил ва тасбиҳ маъносида тушуниш керак.

Менимча, ҳаётнинг бош маъноси — яратган Зотни англашдан иборат. Ана шу англаш даражамга қараб кимлигим, савияю моҳиятим аён бўлади.

Аммо илм чексиз эмас, маҳдуд бир ҳодиса. Унинг уфқига етиб боролмаганимиз сабаблигина у бизга чексиз жараёндек кўринади. Ўтмиш фозилларининг, “илмим ўсиб, шу даражага етдики, ҳеч нарсани билмаслигимни англадим”, дегани шунчаки афоризм ёки сўз ўйини эмас, теран қаноатдир.

Оллоҳни тугал англаш амримаҳол экан, қазову қадарни ҳам ўзгартириш, орқага “суриш”нинг иложи бўлмайди. Нимаики белгилаб қўйилган бўлса, унинг рўй бериши муқаррар…

* * *

Ҳамонки гап дин тўғрисида боряптими, яна бир қалтис саволни очиқ қолдириб ўтмайин. Бу… одамзот қандай яратилган, деган масала. Аксар диний манбалардан бу саволга конкрет жавобни қидириб топиш қийин. Уларнинг пухта жиҳати ҳам шу. Жон-руҳ, охират ва қиёмат, дунёнинг (жумладан одамнинг) яратилишидан олдинги ҳолати ва илк яратилиш чоғи, нариги дунё ҳақидаги саволларга келганда, бу ёлғиз Оллоҳнинг ўзи биладиган ишлар экани, бандаларга жуда оз илм берилгани айтилади. Шўро даврида буларнинг барчаси инкор қилиниб, материя — абадий, модда бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиб туради, бу эврилиш диалектик тараққиёт қонунларига кўра рўй беради, деб айтилар эди. Аммо бизга илгари шуни уқтириб келган, бунга энг зўр далил сифатида Дарвин назариясини пеш тутган, шу таълимот бўйича илмий даража олган бир қанча олимлар букун унинг гўрига ғишт қалаш билан овора. Энди улар учун шунинг ўзи — илм бўлиб қолди…

Эҳтимол, Дарвин назарияси батамом янглиш чиқар, унинг чиллаки мухолифлари ҳақ бўлса бордир. Аммо буни далиллаш, исбот қилиш керак-да. Бунинг учун эса кишига Дарвин билан бўйлашиш  даражасида илм керак бўлади. Афсуски, илмда уларнинг бўйи Дарвиннинг тиззасига ҳам етмайди, оқибат — Крилов масалидаги филга ҳураётган лайча ҳолига тушиб қолишяпти, холос.

“Эволюция назариясининг чиппакка чиқиши” китоби муаллифи, том ихлосли уламо жомасини эгнига илган туркиялик олим Хорун Яҳёнинг (асл исми — Аднон Октар, тахаллусини у яҳудийларнинг Хорун ва Яҳё деган пайғамбарлари шарафига (?) олган эмиш) асарида ҳам асосий йўналиш боягидай: далил ўрнига — даъво, таҳлил ўрнига — танқид, биронбир мустақил илм ва тадқиқ йўқ, аллақайси манбалардан олинган хилма-хил, узуқ-юлуқ “янгилик”лар келтирилади, гўё улар бирлашиб, Дарвин назариясини йўққа чиқарадигандай.

Чунончи, бундан неча минг йил аввал яшаб ўтган одамнинг мия чаноғи ҳажми келтирилади-да, у ҳозирги одамлар бош чаноғидан салгина кичик, холос, демак, одамлар онгида ўсиш йўқ, аждодпаримиз биздан ақлсиз бўлмаган, деб хулоса чиқарилади. Ҳолбуки, одамнинг ақли миясининг катталигига эмас, ҳажмига — бурмаларига боғлиқ экани аллақачон исботланган. Хорун Яҳёга ишонсак, жонзотлар орасида энг ақллиси ҳўкиз бўлиб чиқади. Битта калла суягининг катталиги барча илмий далилларга қарши қўйиладиган бўлса, унда, бирон уч минг йилдан сўнг Тургеневнинг бош чаноғини қўлига олган думбул бир тадқиқотчи ХИХ аср одамлари биздан ақллироқ бўлган экан, деб жар солади. Зеро, улуғ адибнинг мияси салкам 2 килограмм чиққан (бошқа одамларда — ўртача 1,5 килограмм). Энг чатоғи — Хорун Яҳё яшаш учун кураш, табиий сараланиш қонунини инкишоф этгани учун Дарвинни ижтимоий ҳаёт судининг қора курсисига ўтқазишга уринади, у фашизм ғоясининг илҳомчиси, деб даъво қилади…

Каминангиз биолог ҳам, файласуф ҳам эмас. Аммо шунга қарамай, ҳаёт ҳақида фикрлашга менинг ҳам улар каби ҳаққим бўлса керак, албатта.

Менинг қатъий эътиқодимча, Оллоҳ одамни ва умуман барча тирик табиатни мудом ривожланиб, тараққий этадиган қилиб яратган. Аждод-авлод бир зайлда такрорланиб кўпаядиган, ҳеч ўсиб ривож топмайдиган — маъносиз ва мантиқсиз ҳаётни яратишнинг Парвардигорга лузуми бўлмаса керак?

Дарҳақиқат, Оллоҳнинг олам ва одамни яратишидан мақсади ҳадисларда очиқ баён этилган:

“Кунту канзан хафийян Фа халақтун халқа” (Мен махфий бир ганжина эдим, менинг Тангрилигимни билгувчи ҳеч ким йўқ эди, халойиқ яратдим мендан фойда олсинлар), деб.

Бас, ана шу махфий хазинани очиш ва ундаги ганжиналарни тасарруф қилиш тадрижий (диалектик тарзда) амалга ошади, бирданига эмас. Одам Оллоҳни ва У яратган оламни англаш жараёнида ўзи ҳам тараққий

этади, одамнинг юксалиши унинг Оллоҳни қанчалик теран англашига боғлиқ. Чунки оламда Оллохдан ташқари нарса йўқ, ниманики англасак, инкишоф этсак, бу — Оллоҳни англашнинг бир пиллапоясидир. Ижтимоий муносабатларда ҳам, табиий ва  аниқ фанлар соҳасида ҳам, техника ва технология соҳасида ҳам, улуҳий илмлар соҳасида ҳам. Шунинг учун ҳам олим обид одамдан чандон афзал. Изоҳ бериб кетайлик. Румийнинг:

Нарса йўқки, хорижи одам эрур,
Ҳар не истарсан, ўзингда жам эрур…

байти Мансур Халложнинг машҳур “анал-ҳақ”и руҳида бўлиб, Оллоҳга сингиб, унда эриб йўқ бўлиб кетган одам ҳақидадир. Бундаги “одам” — Оллоҳда зуҳур топган.

Менимча, Дарвин одам маймундан келиб чиққанини даъво қилган, деб билиш нафақат Дарвинни, балки оддий диалектикани ҳам англамаслик оқибатидир. Дарвиннинг ўзи ҳам бундай одамлар устидан кулиб, анойи талқинларга ортиқча эътибор бермагани маълум. Чунончи, гўзал бир хоним уни мот қилмоқ ниятида,  жаноб Дарвин, наҳотки мени ҳам бадбашара бир маймундан бино бўлган деб билсангиз, деганида олим унга, йўқ хоним, сиз энг чиройли маймундан яралгансиз, деб лутф қилган экан.

Ўша хонимнинг саволини бугун биз ҳам бериб кўрайлик. Одам маймун зурриёдими?

Динда Одамато билан Момо-ҳаво жаннатда бўлгани, бироқ тақиқни бузгани ва жаннатни булғатгани учун жазоланиб, ер юзига туширилгани айтилади… Аввало буни механистик тушуниш тўғри бўлармикан: раҳмон ва раҳим Оллоҳ таоло Одамато билан Момоҳавонинг қизиқувчанлик устун келиб қилган гуноҳи — тақиқланган мевани татиб кўргани учуноқ (бу икковига қўшиб улардан тарқалган миллиард-миллиард одамни ҳам шу айб учунгина жазолаб), жаннатдан шубҳасиз тубан бўлган маъво Ер юзида яшаш азобига маҳкум этадими? Қолаверса, алмисокдаёқ Оллоҳ жами инсонлар руҳини ер юзига юборган эди-ку: сизга ҳаёт бериладиган чоғда яшаб ўтадиган маконингизни кўриб келинг, деб? Бас, бу ривоятдан бош мақсад дин исён эмас, бўйсуниш амали эканини баён этиш, динда тақиқни бузган киши жаннатдан мосуво бўлишини уқтириш бўлса-чи?

Шу ўринда Пайғамбаримизнинг Момоҳаво Одаматонинг қобирғасидан яратилган, деган ривоятга берган шарҳини эслаб ўтайлик. Расули акрам, аёллар қобирға цингари бўлади, текислашга уриниш уни синдиришга олиб келади, Дея изоҳлаб ўтган (Бухорий. Жомиъи саҳиҳ. ИИ китоб, Т., 1996, 393-бет). Бу эса диний нақпларни талқин этишда намуна бўлиши мумкин.

Тириклик Ерга яратган Зотнинг марҳамати билан такдим этилган (бу — менинг эмас, қарашларини ҳозир кўп жиззаки мухолифлар инкор этаётган буюк Дарвиннинг гапи). Шароити Ерникига яқин бошқа сайёраларда ҳаёт йўқлиги ҳам бу қарашни тасдиқлайди, албатта.

Одам лойдан ясалган, деб ҳисоблайдиган киши мўъмин-мусулмону инсон эволюцион тараққиёт оқибатида ҳозирги даражага етган, деб айтган киши баттол атеист бўлиб қоладими? Йўқ. Муҳими, имон келтириш — Оллоҳнинг биру борлигига, Муҳаммад унинг расули эканига амин бўлиш. Гап Оллоҳнинг илмини тафаккур қилиш-қила олмасликда. Аслида эса, бу қарашлар орасидаги зидсият унча катта эмас ҳар икки ҳолда ҳам гап бир ҳовуч тупроқ ва сув устида кетяпти.
Ё, баъзилар айтаётгандек, инсон оламнинг бошкд бир маъвосида яралган жонзотми? Ер сайёрасига тажриба учун келтирилиб, ҳозир асл ватани, асл аждодларини эсдан чиқарганми?

…Зоминнинг баланд тоғи устида, ямяшил арчазорнинг тўшида диаметри ўн қадамча келадиган бир доирага дуч келдик. Учар ликоб тушган, дедилар бу жойга. Ишонмайин десанг… Ўртаси хиёл ботиқроқ бу доиранинг тевараги худди биров паргор билан чизгандай теп-текис, бирон қинғайиш кўринмайди. Эҳтимол, кимдир майнавозчиликка кетмон олиб чиқиб, аниқ ўлчаб шундай қилган бўлсачи? Аммо доира ичидаги кўкатлар унинг марказидан ҳар тарафга қараб бир текисда таралиб ўсипти. Борингки, бояги ҳазилкаш хаскаш билан тараб шундай шакл бергандир, дейсиз. Ажабки, ўтўланлар ҳамма ерда қовжираб сарғайган (августнинг охирлари эди), бироқ шу доира ичидаги кўкатлар кўм-кўк, қулф уриб ўсиб турарди. Ё анови одам атайин лейкада сув олиб чиқиб, шу доира ичига пуркаб турганмикин? Ундай бўлса, доира ичида бўлган кўкатлар кўм-кўк, аммо унинг қай бир новдалари ўсиб, доира-гардиш чизиғидан четга ҳам чиққани ҳамоно сарғайиб кетган? Ахир, шу новданинг таги ям-яшил-ку? Ё тавба…

Аммо агар ана шу “учар ликоб” деганлари чиндан ҳам мавжуд бўлса, унинг олислардан келиб-кетаётган йўлчилари ҳам улар, илм-билимда ва… замин тили билан айганда, техникада ҳар қанча илгариламасин, яратган Зот олдида бизлар цингари у яратган махлуқотнинг бир тури.

Энди одамзодга келсак, у бир замонда аллақайси сайёрадан учиб келган, деб фолбинлик қилиш, номаълум кучлар томонидан назорат этиб турилибди, тажриба остида эканини ўзи билмайди, дея фантазияга берилиш динга зид эканидан ташқари, мантиқан ҳам асоссиз. Унинг жисмида Ерда мавжуд бўлмаган, бошқа самовий дунёларга хос бирон модда йўқлиги-чи, бу ҳам ниманидир англатмайдими? Танимизда қандай модда ва унсур мавжуд бўлса, уларнинг ҳаммаси Ердан эмасми? Буни ҳатто дин ҳам иқрор этади Одамни ясаш учун Ер лойи олинган, деб. Инсон жисмида ақалли бирон-бир нозаминий модда ё ўзгача бир хислат бўлса эди, уни “коинотдан келган меҳмон”, ерлик эмас, дея ҳар қанча лоф урса бўларди.

Одам коинотнинг номаълум пучмоғидан келган жонзот бўлса, биологик ҳосила сифатида у бошқа сут эмизувчилардан бирон алоҳида хоссасига кўра яққол ажралиб турмасми эди? Унинг бошқа жонзотлардан принсипиал қандай фарқи бор? Танасида тук сийракроқми? Тик туриб юра оладими? Ақли кўпроқми? Булар одамни бир жонзот сифатида шу тур — сут эмизувчиларга мансуб бошқа жонзотлардан кескин айирадими?

Унда, йўлбарс, айиқ, мушук, маймун, ит каби мукаммал ривожланган жуда кўп сут эмизувчилардек одамда ҳам оёқ ва қўл панжалари сони бештадан экани, ортиқ ҳам, кам ҳам эмаслигини қандай изоҳлаймиз? Одамда ҳам оғиз битта, кўз, қулоқ, оёқ-қўллар эса иккитадан экани, томирларда қон оқиши каби умуртқалиларга хос барча аломатлар мавжуд-ку? Одам ҳам жами жонзотлар — хордалилар цингари ўз танаси ичига қабул қилган ва қайта ишлаб, чиқариб юборадиган озиқ маҳсулотларидан яшаши учун лозим бўлган қувват ва энергияни олади, жинсий йўл билан кўпаяди, барча умуртқалилар каби бош суяги скелет тузилишига асос бўлади, суяклари бўғимлар орқали бир-бирига боғланади ва ошқозон, ўпка, юрак-қон томир тизими, жигар ва ҳоказо аъзолардан иборат бўлади, барча сут эмизувчилардек тирик туғади ва болаларини сут билан озиқлантиради, маймунсимонлар оиласининг кенжа турига мансуб махлуқлар каби сут безлари човида эмас, кўксида жойлашган, юз асаб пайлари ривожланган. Одамни хордали жониворлар типининг кенжа тури бўлган умуртқалилар гуруҳига, сут эмизувчи синфига киритиш илмий нуқтаи назардан хатоми? Ва ниҳоят, Халлоқи олам ерда органик ҳаёт ҳужайра асосида бино бўлишини белгилаган. Барча тирик организм (жумладан одам ҳам) аввало ҳужайрадан ташкил топган.

Инсон руҳини эса қайси маконда, қай замонда яратганини Оллоҳ ўзи билади. Аммо олам яралганидаёқ, одам жисмининг бир зарраси шу замин ибтидосида бор бўлган. Бир ривоятга кўра, одам ўлгач, қаерга кўмилган бўлса, тупроғи ўша ердан олинган экан, деб айтилади.

Менимча, одам — борлиғи ила Ер фарзанди. У шу сайёрада яратилган. “Қисаси Рабғузий”да ҳам айтиладики, Одамга жон киритилишдан аввал унинг лойи Тоиф ва Макка шаҳарлари ўртасидаги Дахно деган жойга қўйилган. Агар одамзод коинотнинг бошқа бир жойида яралган, сўнг Ерга юборилган бўлса, мантиқан, унда ёлғиз одамзод эмас, худди Нуҳ кемасининг йўлчилари каби жами наботот ва ҳайвонот дунёси (жумладан, у каби қон, эт, суяк, тери ва асаб толаларидан бино бўлган ҳайвонлар ҳам) у билан бирга келган. Чунки улар ҳам насл қолдириш орқали кўпаяди, жуфт яшайди ва ҳоказо.

Ер юзида органик дунё ўз-ўзидан пайДо бўлмаган. Қодир Оллоҳ тириклик хоссасини Ерга инъом этган. Миллиард йиллар давомида энг содда жониворлар ривожланиб, бир турдан иккинчи турга ўта бориши орқали биз билган биоолам шаклланган. Ана шу тараққиётнинг чўққиси — одам.

Инсон Худони ақл билан танибди, деган гап бор. Дарвин — оламнинг биологик хоссаларини бошқалардан теранроқ, нозикроқ англаган зот эди. У ҳеч бир асарида тирик ҳужайра ноорганик моддалардан бино бўлган, деган эмас. Билъакс, у тирикликни Худо энг содда ҳолида Ерга инъом этган, шундан сўнг ҳаёт эволюцион тарзда ривожлана бошланган, деб уқтирган.

Дарвин ва унинг салафлари Оллоҳнинг мўъжизалари олам яратилиши биланоқ тугаб битмагани ва тўхтаб қолмаганини, бу мўъжиза ҳар он ва ҳамма вақт, ҳар бир ҳужайрадан тортиб, бутун коинот кўламида, азал-абад бардавом бўлишини ва Парвардигор уни бир зайлда, ўзгармайдиган сифатда эмас, балки тинимсиз тараққий этадиган, тобора мураккаблашиб борадиган ва мукаммаллик сари интиладиган қилиб яратганини тўғри талқин этган эди. “Дарвин чоғиштирма анатомия ва эмбриология, шунингдек, жуда камёб бўлса-да, палеонтологик топилмаларнинг натижаларига асосланиб, одамнинг ҳозир яшаб турган одамсимон маймунларга яқин қон-қардош эканини ишонарли қилиб исботлаб берди, — деб ёзади Ф.Правдин, — Шу билан бир вақтда у, замонавий маймунларнинг биронтасини ҳам одамнинг аждоди деб ҳисоблаш мумкин эмас, деган ва моҳият эътибори билан муҳим бўлган қоидани илгари сурди” (Дарвинизм. Т., 1973, 420-бет). Ниҳоят Дарвин мухолифлари илмий савия ва мушоҳада жиҳатидан аксар ҳолларда бояги хонимдан кўпам узоққа кетмаганини эътироф этишга тўғри келади.

Шамсиддин Табризийнинг саволига жавоб бераркан, Жалолиддин Румий пайғамбаримиз амаллари мисолида илк бор диалектикага таъриф берган, деб айтадилар. Табиатдаги диалектикани эволюция деб атаймиз. Буни мушоҳада этсак, диалектика ва унинг ўзагида ётувчи эволюцияни йўққа чиқариш амалда атеизмга ҳамда диалектикани тан олмайдиган бошқа динлар фойдасига хизмат қилиши аниқ бўлади. Эволюцияни эътироф этмаслик диалектикани рад этиш демакдир. Табиат тадрижий такомиллашади дейиш эса марксизмни эътироф этиш бўлиб қолмайди. Диалектика фалсафа тарихида азалдан бор, у дунёнинг яшаш тарзидир. Бас шундай экан, Хорун Яҳёнинг оламда эволюция йўқ, уни Дарвин тўқиб чиқарган, Дарвиннинг яшаш учун кураш ғояси одам — одамга кушанда деган қарашни қонунийлаштиради ва шу жиҳати билан у фашистик ғояга асос бўлган, деган уйдирмалари эса мутлақо асоссиз ва ислом нуқтаи назаридан ҳам хатодан ўзга нарса эмас. Эволюция табиатда йўқ ҳодиса, уни Дарвин ўйлаб топган, дея жар солиш била
н Хорун Яҳё ва унинг биздаги ҳамфикрлари “диёнатли олим”лик рутбасига эришмайди, балки табиат ва жамиятдаги тадрижни инкор этувчи сохта илм — метафизика соҳасининг янги вакилига айланади, холос.

Бутун коинот, Ердаги жонли ва жонсиз табиат, ҳар бир организм бетиним ривожланишда. Олам мавжудлигини ҳаракатсиз (ва у орқали келадиган тараққиётсиз) тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода, ҳаракат — оламнинг яшаш тарзидир, деган фикрга қўшилмай иложимиз йўқ. Электронлари ядроси теварагида айланишдан тўхтаган бирорта атом, жисму жони ҳаракатсиз бирон-бир жонивор, коинотда чарх урмаётган бирон галактикани тополмайсиз — ҳаракатсиз нарса бўлиши мумкин эмас.

Ер юзидаги махлуқотнинг энг олдинги сафида инсон туради, у энг тараққий этган ва ривожланиши тобора тезлашаётган жонзотдир. Сут эмизувчиларнинг бошқа вакиллари ундан хийла суст ривож топади, умуртқалиларнинг бошқа вакиллари ундан ҳам секинроқ тараққий этади, барча хил бошқа жониворларда бу жараён янада оҳиста кечади. Ундан кейин наботот олами (дарахт ва ўсимликлар) ривожи ҳақида гапириш мумкин (одамнинг аралашуви — пайванд қилиш, чатиштириш, дурагай навлар олиш — бўлак нарса). Ҳатто ўлган организм — қуриган дарахт, ҳалок бўлган жонивор ҳам бир зайлда қотиб қолмайди — чирийди, тупроққа қўшилади ва янги ҳаёт уруғлари учун озуқага айланади. Тараққиёт, йўқ бўлиб кетмаслик, яшаш учун кураш шунга олиб келдики, бизга аксар биовакиллар — наботот, ҳайвонот турлари ўз ҳимоя воситалари — ўсимликларнинг тикани, гўштхўр ҳайвонларнинг ўткир қозиқ тишлари улар билан бирга яратилгандек туюлади. Аслида, тикон ва қозиқ тишлар (биз шу икки содда мисол билан чекланайлик) ўсим
лик ва даррандаларнинг аслий хоссаси эмас, яшаш учун курашнинг миллион йиллар давомида шаклланган иккиламчи хоссаларидир.

Тараққиётнинг энг суст даражаси эса ноорганик оламга тааллуқли. Аммо ҳар бир оддий модда ҳам миллион йиллар давомида ташқи ва ички таъсирлар, турли бошқа омиллар натижасида ривожланади, энг асл ҳолатига эришади, кейин нурайди ва бир турдан иккинчи турга ўта боради. Моддани ташкил этувчи атомлар ўзаро бириккан ва ҳар бир атом ядроси атрофида электрон, нейтрон каби “сайёра”лар айланиб, жисм мудом тараққий этади. Бу ривожланиш тарзи органик оламникидан бошқача, албатта.

Агар Оллоҳ таоло барча турдаги наботот ва ҳайвонотни ҳеч ўзгармайдиган, ривожланмайдиган сифатида яратишни ихтиёр этиб, шундай бино қилганида, мантиқан, ер юзида ҳеч бир тур қирилиб битмайдиган, ҳаммаси қиёматгача яшайдиган бўлмасми эди?

…Ер куррасининг узоқ ўтмишида бир замонлар яшаган, ҳозир йўқолиб кетган кўпгина ўсимлик, дарахт ва жониворларнинг қазилмалари топилган. Уларнинг бир қисми қандайдир сабабларга кўра тур сифатида яшашдан тўхтаган бўлса, бошқаси миллион йиллар мобайнида ривожланган, шароитга, иқлимга мослашиб, янги турга айлана борган. Буни инкор этиш ақлдан эмас.

Эволюция табиатда бор ҳодисадир. Қазилма ишлари натижасида энг кичик сут эмизувчи жонивор — кўршапалакнинг бир тури миллион йиллар илгари сувдаги ўлжани тутиб ейиш учун сузишга мослашгани, ҳавода учишни тарк этиб, сув ичида ҳаёт кечиришга ўтгани ва… китга айлангани узил-кесил далилланди. Аммо ҳали ҳам китда кўршапалакка хос белгилар — сутемизувчилик, эхолокатор орқали кўриш, ўлжасини тутган заҳоти ейиш каби хоссалар сақланиб қолган. Ёки бундан йигирма беш миллион йиллар илгари Америка қитъасидан Евроосиё қитъасига ўтган, қўл ва оёқ кафти уч бармоқли (фанда ҳиппарион деб аталадиган) кичкина ҳайвон ўрта бармоғи қаттиқ туёққа айланган отнинг аждоди эди (икки четки бармоқ рудиментлари сақланиб қолган), тараққиёт давом этиб, ундан эшак, зебра ва от шаклланган.

Табиатда эволюцион тараққиёт борлигини кўрмаслик амалда дин фойдасига эмас, аксинча атеизмни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Чунки у тараққиётга туртки берувчи Тангрини назардан қочиради. Одамзод бир яратилганича, онги ҳам, шакл-шамойили ҳам миллион йиллар ўтса-да, ўзгармайдиган бўлса, ер юзида ҳар бир ўт-ўлан ва дов-дарахт, ҳар бир жон-жонивор абадий шу ҳолича, ривож топмай, янгилана берадиган бўлса, унда Оллоҳни бу оламни яратишдан муддаосини тушуниб бўлмай қолади-ку? Абадул-абад ўзгармас нарсаларни яратишнинг унга кераги бор деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Унда оламнинг яратилишида мантиқ бўлмас эди (Гёте бу тўғрида гап кетганда, Худо ҳозир ҳам олам яратилишининг биринчи кунидаги каби қудратга молик, унга ҳориш-толиқиш бегона, деб айтган).

Лев Толстой эволюцион назарияга муносабат билдириб, диалектикани содда, теран талқин этган эди: “Агар одам номаълум замон даврида маймундан пайдо бўлган бўлса, бу нарса инсон маълум бир даврда бир ҳовуч тупрокдан яралган дегандай гап. Яъни, одам маймундан бино бўлган бўлса, маймуннинг ўзи ундан-да соддароқ бир махлукдан, униси яна ҳам тубанроқ бир жонивордан ва охир-оқибат… бир ҳовуч тупроқ жонли табиат учун хамиртуруш бўлган, илк ҳаёт нишоналари тупрокда юз кўрсатган.

Одам маймундан тарқалмаган, у маймунсимон одамнинг (питекантроп) ривожланиши натижасида пайдо бўлган. Биз билган ҳозирги маймунлар эса ана шу маймунсимон одамнинг асосий тараққиёт йўлидан четга қайрилган, ривожи таназзулга қараб кетган туридир.

Аммо ҳар нечук, одамсимон маймун бошқа сут эмизувчилар орасида энг тарақҚий этган жонзот бўлиб, ўзга барча ҳайвонлардан ўзининг серҳаракатлиги, чаққонлиги, шароитга осон мослашиши билан, шунингдек, мимика пайларининг ривожлангани ва ўз кайфиятини юзи орқали билдира олиши, миясининг массаси тана оғирлигига нисбатан бошқа жониворларникидан катта экани каби хоссалари билан алоҳида ажралиб туради. Маймунда Ҳам, одамда ҳам бошқа сут эмизувчилардан фарқли ўлароқ, қўл ва оёқ панжалари учида тирноқлар бор, бош бармоқ бошқа бармоқпар қаршисида, сут безлари эса кўкракда жойлашган ва ҳоказо.

Табиат диалектикаси ҳақида менинг фикрим бундай: одамлар турли ноорганик ва органик моддаларни минглаб хил усулда, ҳар турли шароитда ўзаро қовуштириш ва қориштириш орқали ҳарчанд уриниб бирон тирик ҳужайра, бирон-бир ўсимлик ё энг содса жониворни ҳам шакллантира олмайди (академик Опариннинг шу йўлдаги бир умрлик меҳнати зое кетган), Ерда органик ҳаётнинг илк нишонаси шаклланишини қодир Оллоҳ ихтиёр этган. Ундан кейинги тириклик эса шароитга мослашиш, кўникиш ва сараланиш орқали давом этган. Ҳеч бир ўсимлик ё жонивор космосдан ўзи келиб қолмаган ёки биздан кўра ривожланган тамаддун вакиллари томонидан Ерга туширилиб, тажриба ўтказилаётгани йўқ. Илк ўсимликлар миллион йиллар давомида аста ривожланган, бошқа шароитда ўсишга маҳкум бўлганлари эса неча ўнлаб асрлар мобайнида аста-секин янги ўсимлик турига айланган. Сувда кўчиб юришга мослашган ўсимликлар пайдо бўлган. Бирон заминга илдиз отган, аммо жонлилик хусусияти аниқ сезиладиган мураккаб ўсимликлар (масалан, гуллари ҳашаротни тутиб, ўзига емга айлантирадиган қопқон ўсимликлар) бор. Улар наботот олами билан тирик жониворлар ўртасида боғловчи ҳалқадир.  Жон-жониворлар оламида эса шароитга кўникиб мослашиш ҳам, турлараро алоқа ҳам анча фаол (Дарвин вюр деган қушчанинг турли шароитда қандай ўзгарганини жуда ишонарли исботлаб берган).

Хорун Яҳё, жонивор ё ўсимликларнинг оралиқ турлари кам экани уларнинг эволюция натижасида келиб чиқмаганини кўрсатади, деб даъво қилади. Бизнингча, оралиқ тур — бир тур бошқа турга айланаётгандаги ҳолат, у биологик хилма-хиллик жиҳатидан ҳам, хронологик жиҳатдан ҳам асосий турларга нисбатан бениҳоя кам бўлишини, ниҳоят, тушуниш керак.

Шароитга мослаша олган турларгина яшаб қолган. Ҳозир тирик жониворларнинг барчаси ўз яшайдиган муҳитига мослашганларидир, мослаша олмаганлари қирилиб битган. Чунончи, оқ айиқнинг юнги оппоқ бўлганидан қор устида ўлжага сездирмай яқинлашиш имкони кўпроқ, ови ўнгидан келиши тайинроқ. Қаҳратон совуққа мослашган қўйҳўкиз (жуни узунлиги 60-90 сантиметр) тундрада бемалол яшайди. У қўйнинг бир тури, биологик танланиш орқали ҳозирги кўринишга эга бўлган. Айрим жониворлар сонининг бугун ниҳоятда кам эканлигига сабаб кўп овланганигина эмас. Уларда ҳимоянинг заифлиги ҳам бор гап.

Ҳар бир тур аввалгисидан турли сабабларга кўра ажралиб чиққан — ё асосий яшаш жойи торлик қилиб, бошқа шароитга мослашиб яшашга мажбур бўлиш оқибатида ўзгаришлар юз берган, улар охир-оқибат сифат ўзгаришига олиб келган, ё янги, янада қулай шароитга тушиб қолиш натижасида ўзгарган ва ҳоказо. Ер юзидаги тараққиёт биз кўриб турган ҳаётнинг ўзидан ҳам мураккаб ва хилмахилдирки, бунинг натижасида бизга маълум бўлган ва бўлмаган минг-миллион наботот ва ҳайвонот тури шаклланган.

Инсон — ҳаёт дарахтининг қулф уриб ўсаётган энг тик новдаси. Одамнинг энг қадимги аждодлари нисбатан қулай яшаш шароитига тушган ва бунинг оқибатида бошқа турдошларига қараганда тезроқ камол топган. Иккинчи ёкдан, уларда курашувчанлик, ҳар қандай ноқулай шароитдан чиқиб кета олиш кўникмаси ривожланган. Бошқа жон-жониворлар мана шу тараққиёт жараёнининг маълум бир босқичида тик новдадан ажралиб чиққан ён шохлар цингари бўлиб, уларда ўсиш истиқболи қолмаган. Албатта, ён шохларда ҳам янги новдалар чиққани каби, асосий ўсиш йўлидан четда ҳам, бирон тур ичида янги ўсимлик ё ҳайвонлар шакпланиб чиққани шубҳасиз. Ҳозирги йиртқич ва ўтхўр сут эмизувчи ҳайвонлар баайни ўсиб бораётган дарахтнинг ён-атрофдаги шохшаббалари цингари бўлиб, “ҳаёт шажараси”нинг бу шохлари энди тик — юқорига ўсиш у ёкда турсин, ҳатто пастга қайрилган, яъни таназзулга юз тутган. Эндиликда уларнинг ривожи юксалиш сари эмас, аксинча бўлади. Булар — юз миллион йиллар давомида тар
аққиётнинг асосий оқимидан четга чиққан ва онги ривож топмайдиган турлардир. Жумладан, айримлар одам аждоди деб тушунган маймунлар ҳам.

Одам маймун тараққиёти туфайли пайдо бўлган эмас. Одам бошқа ҳайвонларга қараганда маймунга кўпроқ ўхшаб кетгани учуноқ унинг қадим аждоди маймун бўлган дейиш Дарвин назариясини юзаки англаш, яъни, бу бўш темир қутини протсессор деб аташ билан моҳиятан бир… Буюк табиатшуноснинг назариясини тўғри тушунадиган бўлсак, одам маймундан эмас, маймун одамдан келиб чиққан, дейиш тўғрироқ бўлади. Зеро, биологик табиат тараққиётининг асосий йўналиши одамзоднинг келиб чиқишига қаратилган бўлса, маймунлар ва умуман приматлар ана шу ривожланиш йўлининг маълум бир босқичида асосий ривожланишнинг ўқ илдизидан ажралиб чиққан ва тараққиётда илгарилай олмай қолган вакиллардир.

Хўш, одамзод ҳаёт дарахтининг тобора бўй чўзаётган марказий тик новдаси экан, вақти келиб ундан яна ён шохлар униб чиқиши — инсониятнинг тобора тезлашаётган тараққиётига ета олмаган бирон тур пайдо бўлиб, қолиб кетиши мумкинми (лўлилар ҳаётида бундан минг йил олдинги турмушдан айтарли кўп нарса ўзгардими)? Буни билиш амримаҳол. Аммо ҳозир энг қолоқ, ҳатто ибтидоий қабила ҳолида яшаётган гуруҳлар ҳам тамаддун жараёнига жадал равишда тортилиб, умумдунёвий глобаллашишга қўшилаётган экан, бундай ажралиб қолишлар бўлмас.

Одамнинг пайдо бўлишига муносабат масаласини очиқ ўртага қўйиш, бу борадаги қарашларни кўриб чиқиш ва қатъий бир қарорга келиш жуда муҳим. Бу масалада дудмоллик қилиш илмда методологик чалкашликка олиб келади. Айтайлик, мактабда биология ўқитувчиси одамнинг пайдо бўлишини қандай талқин қиляпти? Бизнинг кузатишимизча, дарсликларда одамнинг пайдо бўлиши борасидаги диний қарашлар мутлақо тилга олинмаяпти ва қарийб материалистик эволюция назарияси бир оз пардаланган ҳолда такдим этиляпти. Масжидда, диний китобларда эса болаларга Одаматони лойдан яратиб, сўнг унга жон киритгани уқтириляпти. Бунда болаларнинг ўсиб келаётган онгида мавҳумот пайдо бўлиши турган гап: мактаб дарслигига, муаллимга ишонсинми ё ўзгаларга? Бизнингча, Худо оламни, жумладан, одамни яратиб, ҳаёт берганини, бутун борлиқ — табиат ва инсоният диалектик тараққиёт ва яшаш учун кураш орҚали ўсиб камол топиши борасидаги қарашлар тизимини шакллантириш зарур. Зеро, илм мантиққа мувофиқ, ҳақиқатга  энг яқин талқин танлаб олинишини тақозо этади. Оллоҳ таоло наботот, ҳайвонот ва, шу жумладан, инсонни бир-бирига алоқасиз қилиб, айри-айри ҳолда яратганига қараганда, у ато этган ички интилиш туфайли жами мавжудот ривожланадиган, улкан даврлар мобайнида бири иккинчисидан келиб чиқадиган қилиб ҳаёт берганида ҳикмат ва жалолият бениҳоя кўп эканини англаш лозим. Бусиз биз жаҳолат сари қараб кетамиз.

Дарвин назариясини ёқлаш материализмга ён босиш дегани эмас. Диндор Дарвинни ғирт атеистга чиқариб таништирган шўро даври ҳамма нарсага марксизм нуқтаи назаридан баҳо берар, методологик масалалар атеистик дунёқараш негизига қурилар, шу сабабли кўп масалалар мавҳумлигича қолган эди. Баъзи олимларнинг дарвинизм деганДа атеизмни тушуниши, аслида, шўро даврига хос бўлган фикрлаш оқавасидир. Ойбекнинг мана бу изтиробли мисралари ёдингиздами:

Ҳақиқат яратди тартиб ва қонун,
Ҳикмат офтоби гўё бир ёлқин.
Катта фалсафанинг илдизи қани?
Топилса, бўлурди офтоб — тошқин…

Бу тўртлик 1967 йилда — шоир тилдан қолган, қўли қалам тутолмаган хаста чоғида имо-ишора билан айтиб ёздирилган. Менимча, ундаги “ҳақиқат” сўзи Ҳақ таолони билдиради ва у оламни тартибли қилиб, қонуният асосида яратгани, унинг ҳикмат офтоби ўта нурли экани, лекин мавжуд тузум эътироф этган монополистик “катта фалсафа” — материализмнинг илдизи йўқлиги, ҳаётдан узилган ҳолда экани баён этилган…

* * *

Берган саволи одамни хижолатга солади. Чунки билимсизлиги фош бўлиб қолади. Омилигидан уяладиганлар бизда етарли. Мен уларга қўшилиб, “ўзига золим”лар сафини яна кенгайтиргим келмади, азизлар.

Хайр, диний ва дунёвий ишлар борасида саволларни ҳозирча бас қилайлик. Донолар, тил битта, қулоқ эса иккита, бир гапирсанг, икки бор қулоқ сол, дейдилар. Ҳолбуки, кишини ўйлантириб, изтиробга соладиган, ҳатто келгусидан умидини йўққа чиқаришга қодир бўлган талай масалалар — миллат ахлоқининг бузилиши, экология, глобаллашиш, асл қадриятларнинг ҳозирги қиммати ҳақида ҳам “сўрорим бор” эди. Мавриди келар. Унга қадар эса, боя айтганимизДай, бу борадаги ҳар қандай мулоҳазани жон деб эшитамиз.

Мақолани доктор Саййид Муҳаммад Хотамийнинг “Ислом тафаккури тарихидан” асаридаги ушбу сўзлар билан якунласак бўлар:
“Фикр — бу инсон ҳаётининг манбаи ва инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи омил. Фикр савол қадрлангандагина мавЖУД бўла олади. Савол эса ҳамма вақт мавжуддир, бироқ у фақат аниқ ва тўғри савол бериш имкони бўладиган, самара берадиган хавфсиз ва эркин муҳитда пайдо бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ичкарида мавжуд бўлган саволлар ҳеч қачон тугамайди ва йўқолмайди, агар мабодо улар қирғин қилинадиган бўлса, улар фикрнинг зиддига айланади” (Хотамий Саййид Муҳаммад. Ислом тафаккури тарихидан. Т., “Минҳож” нашриёти, 2003 273-бет).

Зеро, биз шунчаки диндор эмас, тақволи диндор бўлишни хоҳлаймиз; мутаассиб эмас, маърифатли мусулмон бўлгимиз келади. Мақсад — фикрлашиш орқали ҳақиқатга яқинлашиш. Ахир, Оллоҳ бизга берган энг буюк неъмат ҳам тафаккур-ку! Пайғамбаримизнинг динда чуқурлашманг, деган буйруғи эса юзаки билимли бўлишга даъват эмас асло, У тамоман бошқа масала. Ахир, ўзингиз Ўйлаб кўринг: мутараққий Ғарб ривожининг руҳий негизи — андишабозликка берилмасдан, барча нарсага очиқ кўз билан қараб, реал мулоҳаза юритишда ҳам эмасмикан?..

Манба: “Тафаккур” журнали, 2009 йил, 1-сонда босилган.

Hayotning ma’nosi ne? Yashashdan maqsad nima o’zi? Adashmasam, bundan rosa qirq yil ilgari bir o’quvchi qiz “Gulxan” jurnaliga xat yozib, ana shu savollarni o’rtaga qo’ygan edi. Savolning zalvorini his etgan tahrir hay’ati unga javob ham jo’yaliroq  bo’lsin degan niyatda xatni Mirzakalon Ismoiliyga takdim etgan ekan — navbatdagi sonda qizning maktubi va adibning javobi yonma-yon sahifada bosilib chiqqan edi.

SARKASH SAVOLLAR
Zuhriddin Isomiddinov
022

Hayotning ma’nosi ne?
Yashashdan maqsad nima o‘zi?24

Adashmasam, bundan rosa qirq yil ilgari bir o‘quvchi qiz “Gulxan” jurnaliga xat yozib, ana shu savollarni o‘rtaga qo‘ygan edi. Savolning zalvorini his etgan tahrir hay’ati unga javob ham jo‘yaliroq bo‘lsin degan niyatda xatni Mirzakalon Ismoiliyga takdim etgan ekan — navbatdagi sonda qizning maktubi va adibning javobi yonma-yon sahifada bosilib chiqqan edi.

Hozir, to‘g‘risi, Mirzakalon Ismoiliyning hayot ma’nosi haqidagi gaplari to‘liq esimda qolmagan. Har holda, odamlarga yaxshilik qilish, umrni ezgu mazmun bilan to‘ldirish lozimligi uqtirilgan edi-yov. Savol esa, hamon yodimda…

Aslida, odamning hayotida javob emas, savol ko‘proq muhim-da.

Har bir odam bu dunyoga katta yo kichik bir savol bo‘lib kelar ekan, javob bo‘lib emas…

Savollarga javob topaman deb aziz umr o‘tib ketarkan. Tayin javob topish amrimahol ekan. Topib bo‘lmas ekan.

Birovning qanday odamligini bilish uchun, albatta, u bilan ko‘p non-tuz bo‘lish, shoir aytmoqchi, “ma’rakada o‘tirib turishini” ko‘rish kerak. Ammo saviya-sajiyasini payqash uchun savoliga diqqat qilishning o‘zi kifoya.

Bergan savolida odamning tiynati aks etadi. Savoli orqali uning kimligi ko‘rinadi. Savol — odamning mohiyati.

Shuning uchun ko‘plar, Navoiy aytganidek, orlanib so‘ramaydi, bilimsizligini yashirishga tirishib, o‘ziga zulm qiladi. Ammo ichingdagi savollar odamni tinch qo‘ymay, qiynar ekan-da. Javob topishni, javob topib halovatga yetishni tilar ekan-da, ko‘ngil.

Shuning uchun ham, bor-e deya, sizga meni doim o‘ylantiradigan bir necha savolni bergim keldi. Chunki… o‘zim ularga uzil-kesil javob topolmasam, javob bo‘lib ko‘ringanlari esa qanoatlantirmasa meni, ne qilay?

Riyokorlik qilish, bokira tuyg‘ular gulchambarini bo‘yniga osib olgan odam bo‘lib ko‘rinish niyatida aytyapmanmi bu gaplarni? Nauzan billoh. Axir siz ham o‘ylarsiz-ku, har kim dunyoga savollarini berib, dunyo ham unga inoyat qilganicha javobini olib ko‘ngli tinchigani yaxshi deb? Nodira yozganiday:

Ey dil… na uchun jahona kelding?
Kayfiyatini bayon etib ket!

Mening savollarim…

Avvalo, anovi giryon qiluvchi, biryon etuvchi: hayotning ma’nosi nima? Yashashdan maqsad ne o‘zi? — degan so‘roqlar ayni paytda meniki ham.

Odam nima uchun va kim uchun yashaydi?

To‘g‘ri, har bir davrning bunga o‘z javobi bor. Bir payt G‘afur G‘ulom:

Ko‘plarning baxtiga o‘zlikni jamlab,
Shu ulug‘ binoga bir g‘isht qo‘ysak bas, —

degan edi.

Ajib misralar! Ammo bir individ sifatida, bunday fidoyilikdan ko‘nglim butunlay taskin topmaydi. O‘zimcha o‘ylayman: nega endi men — bu yorug‘ dunyoda hozir yashab turgan, unga qaytib kelmaydigan, aqlu shuuri joyida bir odam, hayotimni “navqiron avlod”, “kelgusi nasllar minnatdor bo‘lishi uchun bag‘ishlashim — ongli ravishda mahv bo‘lishga ko‘nikishim kerak ekan?

Men kim uchun yashayman?
Umuman, odam kim uchun yashashi kerak?

Ukam bir kun menga “Aka, odam bola-chaqa deb yashar ekan, shularni deb umrini o‘tkazar ekan”, deb qoldi. Men unga, “Yo‘q, odam hayotini bus-butun bola-chaqasiga emas, «o‘ziga ham bag‘ishlashi kerak”, deb aytdim. Umrni faqat nasl qoldirish va naslini oyoqqa turg‘azishga sarflashning ma’nosi yo‘q”, dedim. “Chunki men umrimni avlodimga bag‘ishlasam, ular ham bolalarini deb yashasa — barchaning umri shu tarzda o‘taversa… bunda ne ma’no ko‘rasan?”

Ukam, “Axir, hammaning ishi shu: odam bolalarini deb yashaydi, ishonmasangiz, ana, boshqalardan ham so‘rab ko‘ring”, dedi. Men so‘rab o‘tirmadim, chunki unga qadar uzoq yo‘lda hamsafar bo‘lgan bir kampirning gapini eshitganimning o‘zi kifoya edi. U sho‘rlik “E uka, umr degani shu ekan, deya zorlangan edi. Bola-chaqa deb yashar ekansan, shularni deb qarib ham ketar ekansan, o‘zing yemay, yedirar, o‘zing kiymay, kiydirar ekansan. Ammo o‘g‘ling o‘sib o‘g‘il bo‘lganida bir paxmoqning qo‘liga topshirar ekansan, qizing o‘sib qiz bo‘lganida bir ahmoqning qo‘liga topshirar ekansan, keyin o‘shalarning kuyitiga kuyib yuri-ib, umring ado bo‘lganiniyam bilmay qolar ekansan…”

O‘ylab qolaman: bola-chaqa topasan, ularni boqish, og‘izlariga yog‘liroq luqma tutish uchun jon-jaxding bilan tirishasan… umring o‘taberadi — o‘zingni unutibgina qo‘ymay, bir kun keladiki, orzu-o‘ylaringni ham tark etasan, bariga qo‘l siltab, voz kechib ham qo‘ya qolasan…

Odam o‘zi uchun emas, bola-chaqasi uchun kun ko‘radimi?

Yo o‘zbekning o‘zligiga xosligi shundami? Ehtimol, butun Sharq olami bola-chaqam deb yashar? G‘arb mardumining hayoti esa avvalo o‘ziga atalgandir?

Agar shunday bo‘lsa, qay tomon haqroq?

Shunday deyman-u, istig‘for aytishgada chog‘lanaman: yer yuzida yashab o‘tgan eng ulug‘ insonlar — payg‘ambarlarning hayoti ham o‘ziga emas, o‘zgalarga baxshida etilgan edi-ku? Ulardan hech biri o‘zi uchun yashamagan-ku? Odamlarni hidoyatga chorlagan, umrini shunga sarf etgan ular. Chunonchi, nasorolar Iso odamlarning gunohu azoblarini o‘ziga olgan, deb aytadilar, Rasuli akram esa oxirgi nafasida ham “ummato, ummato” deya… Haqqa yetishgan.

Shunday ulug‘ nabilar, rasullar oldida… men kim bo‘libman?

Ammo shunisi ham borki, nomlari bizga ma’lum bo‘lgan payg‘ambarlarning hammasi — Sharq vakillari.

G‘arb olamidan chiqqanida, boshqacharoq bo‘larmidi ularning a’moli?

Kim biladi?

Olloh taolo butun olamni Muhammad alayhissalom uchun yaratgan. Lav laka lama xalaqtul-aflak (sen bo‘lmaganing-da falaklarni yaratmagan bo‘lur edim), deb marhamat qilgan… Va lekin Tangri taolo Muhammadning (s.a.v) o‘zini odamlar uchun, ularni imonga da’vat qilish uchun yaratmaganmi edi?

Navoiy besh asr ilgari munojotida Ollohga yolboradi, mening hayotim “jurmu isyon”dan iborat, shundan “o‘zga ishim yo‘q”, undan xalos bo‘lish uchun esa “sendin o‘zga ham kishim yo‘q”, deb istig‘for aytadi.

Navoiy ishora qilgan bu jurmu isyonlar – hayot ma’nosini anglash borasidagi ikkilanishlar, shubhayu savollar, albatta.

Navoiyning savollari… Ular Navoiyning javoblaridan ham ulug‘vorroq bo‘lgan, ehtimol. Bu jurmu isyonlar shoirning qalbida qoldi, ulardan biz deyarli voqif emasmiz. Qani edi, ulardan oz-moz xabardor bo‘lsak!

Men hayotimni kimga bag‘ishlashim kerak? Odamlargami?

Xo‘p, bundan ne ma’no? Insoniyat idrokining peshravlaridan bo‘lgan Faust hayotining intihosini aytib bering menga. Xo‘p, u xalqini dengizga damba qurayetgan — ozod va erkin mehnat bilan mashg‘ul holda ko‘rib jon taslim qildi. Chunki bu uning oliy orzusi bo‘lib qolgan edi. Shunga yetdi. Ammo… samovot sirlarini ochishga chog‘langan, iblisga dakki bergan Faustday odamning umri shundoq jo‘n yakun topmog‘i kerakmidi? Nimaga erishdi Faust oxir-oqibat?

Insoniyat qo‘lga kiritgan bilimi sharofati bilan samovotdan qo‘l siltab, yerga termulganida emas, balki zaminda hosil qilgan bilimini samovot sari ham yo‘naltirgan chog‘idagina yuksala oladi-ku? Shu ma’noda, Faustday dahoning umri tanazzul bilan intiho topmaganmikan?

Badiiy adabiyotning mohiyatiga nazar soling: uning tubida inson armoni va anduhi yotibdi. Eng kichik lirik janrlar hayotning o‘tkinchi ekani haqidagi pand yo ishq iztiroblari bayoni bo‘lsa, hikoya, poema va qissalarning eng “hayotbaxsh”lari ham odam bolasining kurashi, qiynalishi, unda yenggan yo yengilgani to‘g‘risida bo‘ladi. Faqat ertaklar shunday qilib, botir yigit bilan sohibjamol qiz murodu maqsadiga yetibdi” deb optimistik yakun topadi (darvoqe sosreal asarlarda ham xuddi shunday). Bu, bir qarashda yaxshi. Ammo asar oxirida “murodu maqsadiga yetgan”lar umrining eng yaxshi pallasi o‘tib, bu yog‘iga yana tanazzul boshlanishi ham ma’lum. Eng ulkan janr — eposlarda esa yig‘i asosiy o‘rin tutadi, epos yig‘i-yo‘qlov bilan xotimalanadi, yig‘i bilan tugamagan epos o‘z rivojining haddi a’losiga yetmagan sanaladi. Adabiy janrlarning oliy turi bo‘lmish tragediyaning mohiyati esa nomidanoq ayon: uning o‘zagi qayg‘u-hasrat va g‘am-alamdan iborat.

Nega shunday? Menimcha, bu san’at asarining inson ko‘ngliga avvalo taskin berish funksiyasi bilan izohlansa to‘g‘ri bo‘lar. Axir tabiatimizda yashirin xudbinlik mavjud emasmi? Kundalik hayotda birovning kulfatini ko‘rib, unga achinib ko‘zyoshi to‘kayotgan chog‘imizda… shu fojia mening boshimga tushmadi-ku, deya ko‘nglimiz taskin ham topadi. Avtohalokat ro‘y bersa, atrofdagilar chopib keladi. Nega? Yordam berishgami? Faqat shu uchungina emas, avvalo — avariya qanday bo‘lganini ko‘rish, tomosha qilish maqsadida. Podaga yirtqich hayvon hujum qilib, birini olib ketsa, omon qolganlari xotirjam tortgani kabi, odamda ham boshqalarning qayg‘usiga shohid bo‘laroq, quvonish illati mavjud. To‘g‘ri, yaxshi odamlar birovlarning fojiasiga kuyinadi, ammo shu bilan birga, ular dilida ham bir yengillik, achinayotganini ko‘rsatishdan qanoatlanish hissi bo‘ladi. Badiiy asarda kishilarning azoblanishi qancha ta’sirli tasvirlansa, ruhimiz shu qadar sokinlashadi, ko‘nglimiz tozaradi, badiiy asarning ta’siri katarsis darajasiga yetadi.

Yo bu tuyg‘u bizga poda bo‘lib yashagan chog‘lardan meros qolganmikan? San’at asari ana shu hissiyotni nozikroq, go‘zalroq tarzda yetkazib, aslida o‘sha ibtidoiy ehtiyojlarni qondiradimi? San’atning ildizi shumikan?

Bilmadim.

Umrning intihosi fojia — o‘limdir. Hech bir kishiga dunyoga qaytish, yana yashash imkoni berilmaydi (tanosux tarafdorlarining odam o‘lgach, uning joni yangi tug‘ilgan tanada dunyoga qayta kelishi haqidagi safsatalari esa… safsata, xolos). Binobarin, odam bolasi bir marta yashar ekan, o‘zi uchun ham yashashi hayotning asosiy aqidalaridan bo‘lishi kerak emasmi? Inson qanchalik butun shaxs bo‘lsa, u o‘zi uchun ham yashaydi, qanchalik mute, birovning yordamisiz, daldasisiz hech ish qilolmaydigan bo‘lsa, umrining ko‘pini birovlarni deb o‘tkazadi. Bu — odam xudbin bo‘lib, yovuz bo‘lib, bir-biriga bo‘ri bo‘lib yashashi degani emas. Har bir kishi takrorlanmas hayotini tobora mukammallashtirishga intilmog‘i, vaqti va kuch-quvvatini, aql-zehnini komillikka erishish uchun sarflamog‘i lozim. Ana o‘shanda farzandpar ham bizdan ulgi olib, har biri o‘z sohasida kamolga yetishga harakat qiladi, butun jamiyat shu tarzda taraqqiy etib, mukammallashadi. Yo‘qsa… bola-chaqani ko‘paytirib, ularni uyli-joyli, ishli qilaman deb umrimiz o‘taveradi.

Hech kim boshqa birovga o‘zi qadar jon koyitmaydi. Hatto farzandiga ham. Bir toifa ota-onalar bor: bolalarining qornini to‘yg‘azib, ustini butlaydi, boshpana qilib beradi, ammo ularning dili, ko‘ngli bilan deyarli ishi bo‘lmaydi. Farzandim kelajakda betashvish yashasin deb uni yog‘liroq ish egasi bo‘lmog‘ini ko‘zlab, shunaqa kasbkorga yo‘naltirgan ota-onalar ham talaygina. Ularning farzandiga muhabbatli ekaniga shubham bo‘lmagani holda, sizga bir savol bersam: o‘shalarning dil tubida kelajakdagi ana shu to‘kinlikdan bahra olish tuyg‘usi ham miltirab turmaydi, deb o‘ylaysizmi?

Yashashning mazmun-mohiyati… mantig‘i nimadan iborat?

Yo biron g‘oyaga, uni ro‘yobga chiqarishga bag‘ishlansinmi bu aziz umr?

Men hayvonlarda ham ong bor, aql, hissiyot va hokazolar ozdir-ko‘pdir bor, desalar ishonaman, ammo ularda g‘oya bo‘lmaydi. G‘oya — faqat odamga xos. Demak, hayotning mazmuni — g‘oya uchun yashashda bo‘lib chiqadimi?

G‘oya umrimning ma’nosi bo‘ladigan bo‘lsa, men g‘oyaning quliga aylanib — G‘oyaqul bo‘lib qolmaymanmi?

G‘oya deb yashaydiganlar bor, ularning hayoti bu dunyoga kelishdan maqsad — yebichish, mazza qilib “yashash” deb o‘ylaydiganlarnikidan, har tugul, behroq, ammo g‘oya-odam ham bo‘lolmayman men, bilmadim, nega? Hech qanday g‘oyaga umrimni nisor eta olmayman (garchi u shundoq, besamar o‘tayotgan bo‘lsa ham). G‘oyaqullardan hafsalam sovigani uchun shunday o‘ylarman balki…

O‘n besh yillarcha muqaddam poyezdda Toshkentga kelarkanman, kupemizdagi ikki ayol bilan suhbatlashishga urindim. Ular muxolifat vakillari deb tanishtirdi o‘zlarini. Qanaqa odamlar ekanini bilgim keldi. Qiziq-da, ehtimol ularni yaxshi bilmaganimiz sababli inkor etayotgandirmiz?

Ammo… bilasizmi, qishloqlarda, shahar joylarda shunaqa bir toifa odamlar bo‘ladi: el ularni to‘y-ma’rakaga aytmaydi, birovning dard-g‘ami bilan ishi yo‘q, hamisha qandaydir g‘alati, odamning yuragini ziq qilib, faqat tashvishdan gapirib yurishadi — o‘shanaqalardan bo‘lib chikdi bu opalar. Ertayu kech faqat ijtimoiy muammolardan so‘z ochadigan, ichida odamiyligi, oddiy insoniy tuyg‘ulari yo‘q odamlar bo‘ladi-ku… Shundan beri g‘oyaqullarni yoqtirmay qoldim. Bitta g‘oyani mahkam tutib olib, boshqa har qanday qarashni inkor etish, unga qarshi jon-jahding bilan kurashish ham cheklanganlik emasmi? Ey inson, atrofingga ham qara, umr o‘tib boryapti…

Hayotimni bag‘ishlashga arziydigan g‘oyani topa olmadimmikan yo?

Taqvo sohiblari umrini toat-ibodatga baxsh etadi. Bundan maqsad boqiy dunyoda Ollohning marhamatiyu payg‘ambarning shafoatiga noil bo‘lib, jannatdan o‘ziga joy hozirlashdir. Men imonli, savob amallari gunoh ishlaridan ko‘proq bo‘lgan odamlarni jannat ahli bo‘lsa kerak, deb tasavvur qilaman. Ammo… bu umr faqat u dunyoning g‘amini yeyish uchun beriladimi odamga? Jannati odam bo‘lmoqning fazilatini hech narsa bilan solishtirib bo‘lmaydi, albatta. Hatto g‘irt ateist nigohi bilan boqsangiz ham — din bir afzallikka ega: taqvodor odam birovga yomonlik sog‘inmaydi, o‘z nafsidan kechib bo‘lsa ham, o‘zgalarga manfaat yetkazishga intiladi.

Ammo… jannat umidi bilan yashash Ollohga iddao qilganday bo‘lib kolmaydimi? Ya’ni, mendan bu (namozu niyoz), sendan u (jannat) deganday? Robi’a Adaviyyaning munojoti yodingizdami? “Iloho, — degan edi u, — agar men do‘zaxdan qo‘rqib senga topinsam, meni do‘zaxga tashla! Agar jannat umidi bilan topinsam, jannatni menga harom qil!.. Agar sening o‘zing uchungina topinsam, diydoringni nasibi ro‘zi ayla!..”

Ibodat qilishdan maqsadim jannatga erishish yo‘lidagi riyozatgina emas, sidq va ixlosim natijasi bo‘lsa, yaxshiroq emasmi?

Qachon betama’ ibodatga mashg‘ul bo‘larkanman? Nasib etarmikan u?

Nahot yashashdan maqsad — oxirat uchun zaxira to‘plashdan iborat bo‘lsa? Qishdan to‘q chiqish uchun yozi bilan don tashigan chumoli singari?

Bir toifa mutaassiblar bor: ularning fikricha, o‘yin-kulgi harom, xursandchilik — makruh, iztirob chekishu narigi dunyoni o‘ylash — durust. Bilmadim… Ammo umrni faqat aysh qilib o‘tkazish qancha ayb bo‘lsa, to o‘lgunicha o‘ynab-kulmay, faqat u dunyo g‘amida g‘am chekish ham shuncha gunoh bo‘lib tuyuladi menga. Axir qodir egam bizga bu hayotni yashash, umrguzaronlik qilish uchun tuhfa etdi, yer yuzini kishi bahrini ochadigan anvoi chechaklar ila bezadi, laziz ne’matlar berdi, bunga nechun quvonib yayramaslik kerak? Agar biz doim g‘am chekib, hayotdan rozi bo‘lmay, qovog‘imizni uyib yurabersak, bu Ollohning berganiga norozilikni anglatmaydimi, noshukurlikka qarab ketmaydimi? Olloh taoloning nafaqat jannati, balki bu yorug‘ dunyosi ham, hatto… dahshatli do‘zaxi ham aziz va tabarruk: zero bularni u yaratdi. Almisoqda payg‘ambarlarning “Iloho, balo tegmishda sen bizning birla bo‘lsang, ul oncha baloni bizga havola qilsang, qabul qilg‘aymiz” (Rabg‘uziy) degan axdlariga binoan, Ollohning har bir olami go‘zal, sevinchlik, aziz…

Qo‘limda eski bir yog‘och parchasi. Yillab yer tagida yotgan bo‘lsa kerak, qorayib ham ketgan, obdon chirigan. Oyoq ostiga tashlab ezsang, uqalanib ketgulik holi bor. Qup-quruq, yengil. Olovga otsang, yonadi-ketadi, so‘ng uning bu dunyoda bo‘lgan-bo‘lmaganini birov bilmaydi. Men uni o‘tga tashlaymanmi, tuproqqa ko‘mamanmi, yo suvga oqizamanmi — baribir. Bu chirik yog‘ochning joni yo‘q, shuuri yo‘q, unda hayot asari ham yo‘q.

Ammo hozirda chirik holga kelgan bu yog‘ochni men yaratmaganman, yo‘kdan bor qilmaganman, nihoyati — uning hozirgi holati bilan ro‘baro‘ kelib turibman. Uni ham, xudsi meni yaratgani kabi, Tangri yaratgan, bir mahallar u katta bir daraxtning shoxi bo‘lgan, undan surx novdalar o‘sib chiqqan, novdalardagi chiroyli gul-chechaklar, yashil barglar yorug‘ dunyoga roz aytgandir ehtimol. Ammo hayot ekan-da, mana u po‘k bir holda mening qo‘limda turibdi.

Mening shu chirik yog‘ochdan farqim ko‘pmi yaratgan Zot oldida?

Menimcha, ko‘p emas. Chunki shu yog‘och ham, men ham — yaratildik, yo‘kdan bor etildik. Shu chirik, ongsiz-shuursiz bir yog‘och parchasi ustida mening ixtiyorim qancha bo‘lsa, mening ustimda Parvardigorning irodasi ham shu qadarlik… yo‘q, astag‘firulloh, bunday desam kufrga ketgan bo‘laman. Chunki shu chirik yog‘och ham, bir o‘rgimchak ham, men ham… nihoyati yaratilgan narsadan o‘zga emasmiz. Yaratilgan maxluq bilan yaratgan xoliq o‘rtasida qandaydir bir o‘rtacha mavqe yo‘kdir. Antik yunonlar tasavvur etgan yarim ma’budlar bo‘lmaydi bu dunyoda. Qo‘rqib-qo‘rqib bo‘lsa ham aytishga jur’at etaman: Tangrining ulug‘ farishtalariyu payg‘ambarlari ham o‘z ulug‘ligida menga va boyagi chirik yog‘och parchasiga yaqinroqdirlar, zero barchamizni Olloh yo‘kdan bor etdi. Yaratilishda ixtiyorimiz bo‘lmagani kabi, boqiy hayotga ko‘chgan chog‘imizda ham na ixtiyor va na ixtiyor etishga xohish bo‘lsin bizlarda. Parvardigor meni jahannamda jizg‘anak bo‘lishga tashlaydimi yo uchmoxda kavsar suvidan ichmoqqa sarafroz etadimi — bunda mening na ixtiyorim bor va na istagim. O‘sha chirigan yog‘ochga olov bo‘lib yonish yo biron yerda asta chirishni tanlash ixtiyori berilsa, unga bu qanchalik farqsiz bo‘lsa, men uchun ham boyagilar — shunchalik… Albatta, agar menga bu ikki intihoning birini tanlash imkoni berilsa, jannatni ixtiyor etardim, zero, bu ma’voda Parvardigorning jaloliyatini, ilmini xotirjam idrok etish, teranroq anglash imkoni bor. Meni tafakkur o‘ziga jazb etadi, biron narsaning mohiyatini qancha teran anglasam, rohati shuncha ko‘p bo‘ladi. Idroksiz lazzatlanish esa hayvon hissiyotiga yaqin narsa.

Ammo kelajak qiziqtirar ekan-da, baribir: ayrim diniy kitoblarda odam o‘lgach, uning joni to qiyomatgacha Illiyyin yoki Sijjiyn degan makonlarda turishi yoki shu makonlarga bandaning kitobi yozib qo‘yilishi aytiladi. Illiyyinda savobli amallari ko‘proq, Sijjiynda esa gunohlari ko‘p odamlarning ruhlari jo bo‘lar emish.

Shak keltirayotgan bo‘lsam, hazor istig‘For aytay: bu joylarning birida yaxshi, birida yomonroq odamlar ruhi turadigan bo‘lsa, unda ro‘zi qiyomat va amallar tarozisining ne hojati qoladi?

Bizni bir tomchi suvdan, to‘g‘rirog‘i — o‘sha bir tomchi suvning yuz minglarcha upushidan bino etgan Tangri taolo har bir bandaga tarozi qo‘yib ko‘rsatishiga ehtiyoj bormi o‘zi, balki bu bir ramziy dalolatdir — tomug‘ yoki uchmoxga kirishga loyiq ekanimizga bir onda bizni ishontirishga qodir-ku? Ehtimol, bular payg‘ambarimizga zamondosh bo‘lgan odamlarning saviya darajasidan kelib chiqib aytilgan gapdir, ammo har soniyada milliardlab amal bajaradigan kompyuterlar zamonida tarozi jo‘n uskuna bo‘lib qoladi. Olloh  Odam atodan to qiyomatgacha yashab o‘tgan jami odamlar, jami maxluqotning, koinot bag‘ridagi jami ins-jinslarning butun umri davomida qilgan barcha amallarini bir onda, bir lahzada ularga ko‘rsatib, ajrini hisob-kitob qilib, ularni o‘zidan rozi etishga qodir zot-ku?

Qiyomat, vaqti kelgach, faqat Yer yuzida yashab o‘tgan odamlar uchun sodir bo‘ladimi, yo o‘n sakkiz ming olamning barida bir vaqtning o‘zida qiyomat qo‘padimi, bilmayman. O‘zi, o‘n sakkiz ming olam degani nima: Yer kabi o‘n sakkiz ming sayyorami, o‘n sakkiz mingta quyosh tizimimi, yo bo‘lmasa — o‘n sakkiz ming galaktikami, bizning bu had-hasobsiz galaktikalar olami kabi olamlar o‘n sakkiz mingta bo‘lsami? Ollohning “Rabbul olamin” sifati bejiz emas-ku?

Boshqa kitoblarda esa o‘lgan allaqaysi odamlarning hozir jannatda yo do‘zax ichida yurgani haqida xabar beriladi. Bulardan qay biri to‘g‘ri? Odam o‘lsa, Munkar-Nakirlar savolidan keyin uning nomai a’moli ochilib, qilmishiga yarasha ajrini ola boshlaydimi yo oxirat kunini, mahshargohdagi qiyomatni, Sirot ko‘prigidan o‘tishni… kutishadimi? Munkar-Nakirlar qabr ichiga kirib, marhumni so‘roq-savolga tutadi, deydilar. O‘sha kezda odam bir qur tirilib, so‘ng takror o‘ladimi, yoinki o‘lgandan so‘ng tirilish (al-ba’sa ba’d al-mavt) faqat ro‘zi qiyomatda yuz beradimi?

Diniy masalalar borasida yana bir savolim borki, uni bermaslik riyokorlikka kirsa kerak: jannatda hur qizlar bo‘ladi, ular ahli jannatga halol sanaladi, Har bir jannatiga o‘nlab hurlar mahram bo‘ladi, deyiladi. Bu durust, ammo jannatga tushgan ayollar nima qiladi? Pok va bokira vafot etgan o‘smir yoshidagilar, go‘dak bolalarning rohati nimada?

Yo, bunday gaplarni qo‘zg‘amay, istig‘for aytganim durustmikan? Parvardigoro, men osiy bandangni kechir, illo men fitna qo‘zg‘ash niyatida emas, o‘zim uchun tahqiq qilib olish uchun beryapman bu savollarni. Fikri ojizimcha, jannatda eng laziz taomlarni iste’mol qilish, hurlar visoliga noil bo‘lish — bularning bari lazzat topish, halovatga yetishning ramziy shakllari emasmikin? Negaki, jannat mevalaridan tanovul qilish, visol damlari — bular vaqt davomida amalga oshadigan xatti-harakatdir. Abadiy yeb-ichish va lazzatlanish mumkin emas, chunki bular davomida odam qariydi, albatta. Yo‘q, rohat-farog‘at abadiy davom etadi, jannat ahli esa hamisha bir xil: navqiron yoshda bo‘ladi, deyilsa, unda, mantiqan, bu abadiyat bir onga teng ekan. Aylana nuldan boshlanib, uch yuz oltmish darajaga yetgach, yakun topgani, ya’ni 360 daraja — nuldan eng uzoq nuqta va ayni holda uning o‘zi bo‘lganidek. Demoqchimanki, jannat — ruhlarning abadiy farog‘atga yetishi va do‘zax — osiylar ruhining mangu azob chekishi bo‘lsa kerak, vallohi a’lam (ammo mangulik nima ekanini tasavvurga sig‘dirish, idrok etish men uchun mahol). Abadiyat, mangulikning ma’nosi nima ekanini, ko‘lami k,ancha ekanini kim biladi deysiz? Abadiyat oldida foniylikning bahosi k,ancha bo‘lsa ekan? Darvoqe, payg‘ambarimiz bizni ogohlantirib, dinda chuqurlashmaslikka buyurgan: hazor istig‘for. Dinda bu masalalarning uzil-kesil yechimi topilgan bo‘lsa, bilmasdan so‘rayotgandirman.

Inson ongi olamni anglashda, yaratgan zotni tanishda ne darajaga yetib borishi mumkin? Bilishda biz qay darajaga yeta olamiz? Yo, bilimi bizdan yuksakroq jonzotlar ham bormi bu koinot sahrosida? Ollohni anglashning poyoniga yetish mumkinmi, borliqni to‘liq anglab bo‘ladimi?

O‘zimiz yashab turgan bu kurrai arzning, nari borsa besh chaqirim usti va besh chaqirimcha ostini sal-pal o‘rgangandaymiz. Hatto ummon tubi ham bizga qopqorong‘i. Biron o‘ttiz yillar avval Kola yarim orolidagi o‘n olti chaqirimgacha mo‘ljallangan kavlash ishlari hozir to‘xtatilgan. Yer betidagi havo qatlamini atmosfera, yer ostidagilarini esa geosfera deb, ularni o‘zimizcha stratosfera, mantiya, yer yadrosi… singari istilohlar ila ataganimiz va ular falonfalon kilometrlar orasida deya taqsimlaganimiz bilan, aslida, oyoq ostida yotgan bir bo‘lak qora toshni olib qarasak, uning xossalarini ham juda yuzaki bilamiz. Shavkat Rahmon yozganidek, bu tosh…  go‘yoki jonliday, go‘yo bir kuni  to‘satdan gurkirab gullaydiganday, go‘yoki hozircha o‘tmas ko‘zlardan sirlarin yashirib uxlayotganday.

…Balki tosh hoziroq gullayotgandir, ming rangli jiloda yashnab, o‘zgarib, balki bu gullarni ko‘rmayotgandir hatto shoirning ham o‘tkir ko‘zlari…

Ori rost, bizga bir tosh, yo bir tomchi suv, yoki birgina yaproqning… bag‘ridagi sirlar qanchalik to‘liq ayon deb o‘ylaysiz? Aslida, butun dunyodagi barcha soha olimlarining jamiki ilm-bilimini bir joyga to‘plasangiz, oddiygina bir narsani, masalan, bir bosh uzumni yaratishga qodir bo‘lolmaydi. Elektron mikroskoplar orqali ko‘z ilg‘amas zarralar bag‘ridagi hayotni, go‘yoki, anglaganday bo‘lamiz. Ammo nimani, qay darajada? Elektron, proton, neytron deya taqsimlash bilan ularning ichiga kirgan bo‘lamizmi? Eng zamonaviy radioteleskoplar bilan ham biz eng yaqin sayyoralarda hayot, hatto suvning bor-yo‘qligini aniqlayolmasakda, o‘zimizni aldab, quyoshning sirtidagi harorat besh ming daraja issiq, deb folbinlik qilamiz. Koinotning u chetidan bu chetiga qadar bo‘lgan masofani “o‘lchab”, olamning chegarasi 45-60 milliard yorug‘lik yiliga teng, deb aytamiz. To‘rt milliard yorug‘lik yili narida bir yangi quyosh paydo bo‘libdi, deb suyunchilab qo‘yamiz.

Albert Eynshteyndan, sizning boshqa odamlardan farqingiz nimada, deb so‘rashsa, olim, baland bir tepalikka o‘rmalab chiqib ketayotgan qo‘ng‘iz bosib o‘tayotgan yo‘li egri-bugri ekanini bilmaydi, to‘g‘ri ketyapman, deb o‘ylaydi. Odamzot xuddi qo‘ng‘iz singari yo‘l bosyapti, mening boshqalardan farqim — ana shuni bilganimda, deb javob qilgan ekan.

Bu nima degani, nima demoqchi edi Eynshteyn?

Bilmayman.

Ilm bilan insoniyat nimaga erishishi mumkin? U o‘zini mahv bo‘lishdan qutqara oladimi?

Biz yashab yurgan Yer boshqa katta va kichik sayyoralar hamrohligida quyosh tegrasida pirillab aylanadi, shu zaylda kunlar, oylar, yil va asrlar o‘tadi, quyosh — galaktikamiz markazini tavof qilib aylanadi, galaktikamiz esa koinot markazi tegrasida charx uradi. Ularning harakatida tezlik g‘oyat katta — har soniyada minglab, o‘n minglab kilometrlar… Va bu bir zayldagi harakatgina bo‘lmay, baayni nur qatimida ko‘ringan chang zarralarining uchib yurishi kabi xaotik mavjlanish hamdirki, “zarralar”ning bir-biri bilan duchlashishi yo abadiy uzoqlashishini bashorat qilib bo‘lmaydi. To‘qnashib ketgan olamlar halok bo‘ladi. Olimlarning bashoraticha, har qanday kosmik obyekt yaqin yo uzoq kelajakda boshqa biron shunday obyekt bilan to‘qnashishi muqarrar. Garchi Fridmanning Katta portlash nazariyasiga ko‘ra, har bir galaktika va undagi quyosh hamda boshqa samoviy jismlar koinot markazidan tobora uzoqlashishi va shu tariqa koinot ufqlarining tobora kengayishi rad etilmasada, bu “uzoqlashish” bir tekisda — markazdan tobora chetga qochish va bir-birlari aro masofaning ham olislab borishini anglatmaydi, bu uzoqlashish muayyan darajada xaotik tarzda bo‘ladi.

Bashariyatning ilmi ortaversa, necha minglab yillardan so‘ng (ungacha sivilizatsiya saqlanib tursa, albatta) hatto shu darajaga kelsaki, Himolay tog‘ini hech bir qiyinchiliksiz o‘rnidan qo‘zg‘atib, boshqa bir joyga qo‘yishga qadar yetib borsa, undan ham oshsa… ana o‘shanda ham insoniyat bu galaktikaning boshqasi bilan to‘qnashmasligini, galaktikamiz ichidagi milliardlagan quyosh-yulduzlar va ular mehvarida bo‘lgan obyektlarning o‘zaro duchlashmasligini, quyoshning abadiy nur sochishi va yerning quyosh mehvarida bir zaylda aylanishini ta’minlay oladimi?

Yo‘q. Hech qachon bunga qodir bo‘la olmaydi.

Eng battol ateistlar ham, eng nekbin dahriy olimlar ham Yer yuzida hayotning abadiy davom etishi haqida gap ketganda umidsizlikka tushadi.

Diniy nuqtai nazardan, bu savol — insoniyat o‘z ilmi orqali oxiratni orqaga sura oladimi, degani. Imon ahli bu masalada yakdil: qodir Olloh belgilagan biron narsa bir on ham kechiktirilmaydi va orqaga qaytarilmaydi. Oxirat ham, qiyomat ham muqarrar.

Bas, insoniyat o‘z ilmi bilan hayotni abadiy davom ettirishga qodir bo‘la olmas, bilimi chandon oshib, “dunyoning tagiga yetgani”da ham bir kun mahv bo‘lishi tayin ekan, unda… ilm o‘rganishdan maqsad ne?

Maqsad… amaliy jihatdan, bu yorug‘ olamda kun kechirishni yengillatish bo‘lsa, unda, rivojlanganimiz sari — daryolar bo‘g‘ilib, suv omborlari barpo etilgani, dengizlar sohiliga ulkan dambalar qurilgani, uran ma’danlari boyitilib, AESlarda behisob energiya hosil qilingani, botqoqpiklar quritilib, balchig‘idan alyuminiy olingani, tog‘lar sariyog‘day kesib tushirilib, yo‘llar solingani va… buning oqibatida ekologiya buzilgani, davlatlararo munosabatlar tobora murakkablashgani, insoniyat chalinayotgan kasalliklar turi va kasallanish ko‘lami ko‘payayotgani, global iqlim o‘zgarishlari ro‘y berib, buning oqibatida misli ko‘rilmagan to‘fon, qurg‘oqchilik, suv toshqinlari, dengizu daryolarning qurishi, o‘rmon yong‘inlari kabi ofatlar tez-tez ro‘y berayotganini nima deb izohlaymiz?..

Bu dunyoda ko‘p narsaning tubiga yetish mumkin, ammo qodir Ollohni anglashning oxiriga emas. Olloh — azal, abad va qudrati beadad zot. O‘tmish adiblar jami o‘rmonlarning yog‘ochi qalam, jami ummonlar suvi siyoh bo‘lsayu yozsang, Xudoning vasfini bayon etishga kifoya qilmaydi, deyishgan. Bu shunchaki madh emas, uni tahpil va tasbih ma’nosida tushunish kerak.

Menimcha, hayotning bosh ma’nosi — yaratgan Zotni anglashdan iborat. Ana shu anglash darajamga qarab kimligim, saviyayu mohiyatim ayon bo‘ladi.

Ammo ilm cheksiz emas, mahdud bir hodisa. Uning ufqiga yetib borolmaganimiz sababligina u bizga cheksiz jarayondek ko‘rinadi. O‘tmish fozillarining, “ilmim o‘sib, shu darajaga yetdiki, hech narsani bilmasligimni angladim”, degani shunchaki aforizm yoki so‘z o‘yini emas, teran qanoatdir.

Ollohni tugal anglash amrimahol ekan, qazovu qadarni ham o‘zgartirish, orqaga “surish”ning iloji bo‘lmaydi. Nimaiki belgilab qo‘yilgan bo‘lsa, uning ro‘y berishi muqarrar…

* * *

Hamonki gap din to‘g‘risida boryaptimi, yana bir qaltis savolni ochiq qoldirib o‘tmayin. Bu… odamzot qanday yaratilgan, degan masala. Aksar diniy manbalardan bu savolga konkret javobni qidirib topish qiyin. Ularning puxta jihati ham shu. Jon-ruh, oxirat va qiyomat, dunyoning (jumladan odamning) yaratilishidan oldingi holati va ilk yaratilish chog‘i, narigi dunyo haqidagi savollarga kelganda, bu yolg‘iz Ollohning o‘zi biladigan ishlar ekani, bandalarga juda oz ilm berilgani aytiladi. Sho‘ro davrida bularning barchasi inkor qilinib, materiya — abadiy, modda bir shakldan ikkinchi shaklga o‘tib turadi, bu evrilish dialektik taraqqiyot qonunlariga ko‘ra ro‘y beradi, deb aytilar edi. Ammo bizga ilgari shuni uqtirib kelgan, bunga eng zo‘r dalil sifatida Darvin nazariyasini pesh tutgan, shu ta’limot bo‘yicha ilmiy daraja olgan bir qancha olimlar bukun uning go‘riga g‘isht qalash bilan ovora. Endi ular uchun shuning o‘zi — ilm bo‘lib qoldi…

Ehtimol, Darvin nazariyasi batamom yanglish chiqar, uning chillaki muxoliflari haq bo‘lsa bordir. Ammo buni dalillash, isbot qilish kerak-da. Buning uchun esa kishiga Darvin bilan bo‘ylashish  darajasida ilm kerak bo‘ladi. Afsuski, ilmda ularning bo‘yi Darvinning tizzasiga ham yetmaydi, oqibat — Krilov masalidagi filga hurayotgan laycha holiga tushib qolishyapti, xolos.

“Evolyutsiya nazariyasining chippakka chiqishi” kitobi muallifi, tom ixlosli ulamo jomasini egniga ilgan turkiyalik olim Xorun Yahyoning (asl ismi — Adnon Oktar, taxallusini u yahudiylarning Xorun va Yahyo degan payg‘ambarlari sharafiga (?) olgan emish) asarida ham asosiy yo‘nalish boyagiday: dalil o‘rniga — da’vo, tahlil o‘rniga — tanqid, bironbir mustaqil ilm va tadqiq yo‘q, allaqaysi manbalardan olingan xilma-xil, uzuq-yuluq “yangilik”lar keltiriladi, go‘yo ular birlashib, Darvin nazariyasini yo‘qqa chiqaradiganday.

Chunonchi, bundan necha ming yil avval yashab o‘tgan odamning miya chanog‘i hajmi keltiriladi-da, u hozirgi odamlar bosh chanog‘idan salgina kichik, xolos, demak, odamlar ongida o‘sish yo‘q, ajdodparimiz bizdan aqlsiz bo‘lmagan, deb xulosa chiqariladi. Holbuki, odamning aqli miyasining kattaligiga emas, hajmiga — burmalariga bog‘liq ekani allaqachon isbotlangan. Xorun Yahyoga ishonsak, jonzotlar orasida eng aqllisi ho‘kiz bo‘lib chiqadi. Bitta kalla suyagining kattaligi barcha ilmiy dalillarga qarshi qo‘yiladigan bo‘lsa, unda, biron uch ming yildan so‘ng Turgenevning bosh chanog‘ini qo‘liga olgan dumbul bir tadqiqotchi XIX asr odamlari bizdan aqlliroq bo‘lgan ekan, deb jar soladi. Zero, ulug‘ adibning miyasi salkam 2 kilogramm chiqqan (boshqa odamlarda — o‘rtacha 1,5 kilogramm). Eng chatog‘i — Xorun Yahyo yashash uchun kurash, tabiiy saralanish qonunini inkishof etgani uchun Darvinni ijtimoiy hayot sudining qora kursisiga o‘tqazishga urinadi, u fashizm g‘oyasining ilhomchisi, deb da’vo qiladi…

Kaminangiz biolog ham, faylasuf ham emas. Ammo shunga qaramay, hayot haqida fikrlashga mening ham ular kabi haqqim bo‘lsa kerak, albatta.

Mening qat’iy e’tiqodimcha, Olloh odamni va umuman barcha tirik tabiatni mudom rivojlanib, taraqqiy etadigan qilib yaratgan. Ajdod-avlod bir zaylda takrorlanib ko‘payadigan, hech o‘sib rivoj topmaydigan — ma’nosiz va mantiqsiz hayotni yaratishning Parvardigorga luzumi bo‘lmasa kerak?

Darhaqiqat, Ollohning olam va odamni yaratishidan maqsadi hadislarda ochiq bayon etilgan:

“Kuntu kanzan xafiyyan Fa xalaqtun xalqa” (Men maxfiy bir ganjina edim, mening Tangriligimni bilguvchi hech kim yo‘q edi, xaloyiq yaratdim mendan foyda olsinlar), deb. Bas, ana shu maxfiy xazinani ochish va undagi ganjinalarni tasarruf qilish tadrijiy (dialektik tarzda) amalga oshadi, birdaniga emas. Odam Ollohni va U yaratgan olamni anglash jarayonida o‘zi ham taraqqiy  etadi, odamning yuksalishi uning Ollohni qanchalik teran anglashiga bog‘liq. Chunki olamda Olloxdan tashqari narsa yo‘q,  nimaniki anglasak, inkishof etsak, bu — Ollohni anglashning bir pillapoyasidir. Ijtimoiy munosabatlarda ham, tabiiy va  aniq fanlar sohasida ham, texnika va texnologiya sohasida ham, uluhiy ilmlar sohasida ham. Shuning uchun ham olim obid odamdan chandon afzal. Izoh berib ketaylik. Rumiyning:

Narsa yo‘qki, xoriji odam erur,
Har ne istarsan, o‘zingda jam erur…

bayti Mansur Xallojning mashhur “anal-haq”i ruhida bo‘lib, Ollohga singib, unda erib yo‘q bo‘lib ketgan odam haqidadir. Bundagi “odam” — Ollohda zuhur topgan.

Menimcha, Darvin odam maymundan kelib chiqqanini da’vo qilgan, deb bilish nafaqat Darvinni, balki oddiy dialektikani ham anglamaslik oqibatidir. Darvinning o‘zi ham bunday odamlar ustidan  kulib, anoyi talqinlarga ortiqcha e’tibor bermagani ma’lum. Chunonchi, go‘zal bir xonim uni mot qilmoq niyatida, janob Darvin, nahotki meni ham badbashara bir maymundan bino bo‘lgan deb bilsangiz, deganida olim unga, yo‘q xonim, siz eng chiroyli maymundanyaralgansiz, deb lutf qilgan ekan.

O‘sha xonimning savolini bugun biz ham berib ko‘raylik. Odam maymun  zurriyodimi?

Dinda Odamato bilan Momo-havo jannatda bo‘lgani, biroq taqiqni buzgani va jannatni bulg‘atgani uchun jazolanib, yer yuziga tushirilgani aytiladi… Avvalo buni mexanistik tushunish to‘g‘ri bo‘larmikan: rahmon va rahim Olloh taolo Odamato bilan Momohavoning qiziquvchanlik ustun kelib qilgan gunohi — taqiqlangan mevani tatib ko‘rgani uchunoq (bu ikkoviga qo‘shib ulardan tarqalgan milliard-milliard odamni ham shu ayb uchungina jazolab), jannatdan shubhasiz tuban bo‘lgan ma’vo Yer yuzida yashash azobiga mahkum etadimi? Qolaversa, almisokdayoq Olloh jami insonlar ruhini yer yuziga yuborgan edi-ku: sizga hayot beriladigan chog‘da yashab o‘tadigan makoningizni ko‘rib keling, deb? Bas, bu rivoyatdan bosh maqsad din isyon emas, bo‘ysunish amali ekanini bayon etish, dinda taqiqni buzgan kishi jannatdan mosuvo bo‘lishini uqtirish bo‘lsa-chi?

Shu o‘rinda Payg‘ambarimizning Momohavo Odamatoning qobirg‘asidan yaratilgan, degan rivoyatga bergan sharhini eslab o‘taylik. Rasuli akram, ayollar qobirg‘a singari bo‘ladi, tekislashga urinish uni sindirishga olib keladi, Deya izohlab o‘tgan (Buxoriy. Jomi’i sahih. II kitob, T., 1996, 393-bet). Bu esa diniy naqplarni talqin etishda namuna bo‘lishi mumkin.
Tiriklik Yerga yaratgan Zotning marhamati bilan takdim etilgan (bu — mening emas, qarashlarini hozir ko‘p jizzaki muxoliflar inkor etayotgan buyuk Darvinning gapi). Sharoiti Yernikiga yaqin boshqa sayyoralarda hayot yo‘qligi ham bu qarashni tasdiqlaydi, albatta.

Odam loydan yasalgan, deb hisoblaydigan kishi mo‘’min-musulmonu inson evolyutsion taraqqiyot oqibatida hozirgi darajaga yetgan, deb aytgan kishi battol ateist bo‘lib qoladimi? Yo‘q. Muhimi, imon keltirish — Ollohning biru borligiga, Muhammad uning rasuli ekaniga amin bo‘lish. Gap Ollohning ilmini tafakkur qilish-qila olmaslikda. Aslida esa, bu qarashlar orasidagi zidsiyat uncha katta emas har ikki holda ham gap bir hovuch tuproq va suv ustida ketyapti.

Yo, ba’zilar aytayotgandek, inson olamning boshkd bir ma’vosida yaralgan jonzotmi? Yer sayyorasiga tajriba uchun keltirilib, hozir asl vatani, asl ajdodlarini esdan chiqarganmi?

…Zominning baland tog‘i ustida, yamyashil archazorning to‘shida diametri o‘n qadamcha keladigan bir doiraga duch keldik. Uchar likob tushgan, dedilar bu joyga. Ishonmayin desang…

O‘rtasi xiyol botiqroq bu doiraning tevaragi xuddi birov pargor bilan chizganday tep-tekis, biron qing‘ayish ko‘rinmaydi. Ehtimol, kimdir maynavozchilikka ketmon olib chiqib, aniq o‘lchab shunday qilgan bo‘lsachi? Ammo doira ichidagi ko‘katlar uning markazidan har tarafga qarab bir tekisda taralib o‘sipti. Boringki, boyagi hazilkash xaskash bilan tarab shunday shakl bergandir, deysiz. Ajabki, o‘to‘lanlar hamma yerda qovjirab sarg‘aygan (avgustning oxirlari edi), biroq shu doira ichidagi ko‘katlar ko‘m-ko‘k, qulf urib o‘sib turardi. Yo anovi odam atayin leykada suv olib chiqib, shu doira ichiga purkab turganmikin? Unday bo‘lsa, doira ichida bo‘lgan ko‘katlar ko‘m-ko‘k, ammo uning qay bir novdalari o‘sib, doira-gardish chizig‘idan chetga ham chiqqani hamono sarg‘ayib ketgan? Axir, shu novdaning tagi yam-yashil-ku? Yo tavba…

Ammo agar ana shu “uchar likob” deganlari chindan ham mavjud bo‘lsa, uning olislardan kelib-ketayotgan yo‘lchilari ham ular, ilm-bilimda va… zamin tili bilan ayganda, texnikada har qancha ilgarilamasin, yaratgan Zot oldida bizlar singari u yaratgan maxluqotning bir turi.

Endi odamzodga kelsak, u bir zamonda allaqaysi sayyoradan uchib kelgan, deb folbinlik qilish, noma’lum kuchlar tomonidan nazorat etib turilibdi, tajriba ostida ekanini o‘zi bilmaydi, deya fantaziyaga berilish dinga zid ekanidan tashqari, mantiqan ham asossiz. Uning jismida Yerda mavjud bo‘lmagan, boshqa samoviy dunyolarga xos biron modda yo‘qligi-chi, bu ham nimanidir anglatmaydimi? Tanimizda qanday modda va unsur mavjud bo‘lsa, ularning hammasi Yerdan emasmi? Buni hatto din ham iqror etadi Odamni yasash uchun Yer loyi olingan, deb. Inson jismida aqalli biron-bir nozaminiy modda yo o‘zgacha bir xislat bo‘lsa edi, uni “koinotdan kelgan mehmon”, yerlik emas, deya har qancha lof ursa bo‘lardi.

Odam koinotning noma’lum puchmog‘idan kelgan jonzot bo‘lsa, biologik hosila sifatida u boshqa sut emizuvchilardan biron alohida xossasiga ko‘ra yaqqol ajralib turmasmi edi? Uning boshqa jonzotlardan prinsipial qanday farqi bor? Tanasida tuk siyrakroqmi? Tik turib yura oladimi? Aqli ko‘proqmi? Bular odamni bir jonzot sifatida shu tur — sut emizuvchilarga mansub boshqa jonzotlardan keskin ayiradimi?

Unda, yo‘lbars, ayiq, mushuk, maymun, it kabi mukammal rivojlangan juda ko‘p sut emizuvchilardek odamda ham oyoq va qo‘l panjalari soni beshtadan ekani, ortiq ham, kam ham emasligini qanday izohlaymiz? Odamda ham og‘iz bitta, ko‘z, quloq, oyoq-qo‘llar esa ikkitadan ekani, tomirlarda qon oqishi kabi umurtqalilarga xos barcha alomatlar mavjud-ku? Odam ham jami jonzotlar — xordalilar singari o‘z tanasi ichiga qabul qilgan va qayta ishlab, chiqarib yuboradigan oziq mahsulotlaridan yashashi uchun lozim bo‘lgan quvvat va energiyani oladi, jinsiy yo‘l bilan ko‘payadi, barcha umurtqalilar kabi bosh suyagi skelet tuzilishiga asos bo‘ladi, suyaklari bo‘g‘imlar orqali bir-biriga bog‘lanadi va oshqozon, o‘pka, yurak-qon tomir tizimi, jigar va hokazo a’zolardan iborat bo‘ladi, barcha sut emizuvchilardek tirik tug‘adi va bolalarini sut bilan oziqlantiradi, maymunsimonlar oilasining kenja turiga mansub maxluqlar kabi sut bezlari chovida emas, ko‘ksida joylashgan, yuz asab paylari rivojlangan. Odamni xordali jonivorlar tipining kenja turi bo‘lgan umurtqalilar guruhiga, sut emizuvchi sinfiga kiritish ilmiy nuqtai nazardan xatomi? Va nihoyat, Xalloqi olam yerda organik hayot hujayra asosida bino bo‘lishini belgilagan. Barcha tirik organizm (jumladan odam ham) avvalo hujayradan tashkil topgan.

Inson ruhini esa qaysi makonda, qay zamonda yaratganini Olloh o‘zi biladi. Ammo olam yaralganidayoq, odam jismining bir zarrasi shu zamin ibtidosida bor bo‘lgan. Bir rivoyatga ko‘ra, odam o‘lgach, qayerga ko‘milgan bo‘lsa, tuprog‘i o‘sha yerdan olingan ekan, deb aytiladi.

Menimcha, odam — borlig‘i ila Yer farzandi. U shu sayyorada yaratilgan. “Qisasi Rabg‘uziy”da ham aytiladiki, Odamga jon kiritilishdan avval uning loyi Toif va Makka shaharlari o‘rtasidagi Daxno degan joyga qo‘yilgan. Agar odamzod koinotning boshqa bir joyida yaralgan, so‘ng Yerga yuborilgan bo‘lsa, mantiqan, unda yolg‘iz odamzod emas, xuddi Nuh kemasining yo‘lchilari kabi jami nabotot va hayvonot dunyosi (jumladan, u kabi qon, et, suyak, teri va asab tolalaridan bino bo‘lgan hayvonlar ham) u bilan birga kelgan. Chunki ular ham nasl qoldirish orqali ko‘payadi, juft yashaydi va hokazo.

Yer yuzida organik dunyo o‘z-o‘zidan payDo bo‘lmagan. Qodir Olloh tiriklik xossasini Yerga in’om etgan. Milliard yillar davomida eng sodda jonivorlar rivojlanib, bir turdan ikkinchi turga o‘ta borishi orqali biz bilgan bioolam shakllangan. Ana shu taraqqiyotning cho‘qqisi — odam.

Inson Xudoni aql bilan tanibdi, degan gap bor. Darvin — olamning biologik xossalarini boshqalardan teranroq, nozikroq anglagan zot edi. U hech bir asarida tirik hujayra noorganik moddalardan bino bo‘lgan, degan emas. Bil’aks, u tiriklikni Xudo eng sodda holida Yerga in’om etgan, shundan so‘ng hayot evolyutsion tarzda rivojlana boshlangan, deb uqtirgan.

Darvin va uning salaflari Ollohning mo‘’jizalari olam yaratilishi bilanoq tugab bitmagani va to‘xtab qolmaganini, bu mo‘’jiza har on va hamma vaqt, har bir hujayradan tortib, butun koinot ko‘lamida, azal-abad bardavom bo‘lishini va Parvardigor uni bir zaylda, o‘zgarmaydigan sifatda emas, balki tinimsiz taraqqiy etadigan, tobora murakkablashib boradigan va mukammallik sari intiladigan qilib yaratganini to‘g‘ri talqin etgan edi. “Darvin chog‘ishtirma anatomiya va embriologiya, shuningdek, juda kamyob bo‘lsa-da, paleontologik topilmalarning natijalariga asoslanib, odamning hozir yashab turgan odamsimon maymunlarga yaqin qon-qardosh ekanini ishonarli qilib isbotlab berdi, — deb yozadi F.Pravdin, — Shu bilan bir vaqtda u, zamonaviy maymunlarning birontasini ham odamning ajdodi deb hisoblash mumkin emas, degan va mohiyat e’tibori bilan muhim bo‘lgan qoidani ilgari surdi” (Darvinizm. T., 1973, 420-bet). Nihoyat Darvin muxoliflari ilmiy saviya va mushohada jihatidan aksar hollarda boyagi xonimdan ko‘pam uzoqqa ketmaganini e’tirof etishga to‘g‘ri keladi.

Shamsiddin Tabriziyning savoliga javob berarkan, Jalolidsin Rumiy payg‘ambarimiz amallari misolida ilk bor dialektikaga ta’rif bergan, deb aytadilar. Tabiatdagi dialektikani evolyutsiya deb ataymiz. Buni mushohada etsak, dialektika va uning o‘zagida yotuvchi evolyutsiyani yo‘qqa chiqarish amalda ateizmga hamda dialektikani tan olmaydigan boshqa dinlar foydasiga xizmat qilishi aniq bo‘ladi. Evolyutsiyani e’tirof etmaslik dialektikani rad etish demakdir. Tabiat tadrijiy takomillashadi deyish esa marksizmni e’tirof etish bo‘lib qolmaydi. Dialektika falsafa tarixida azaldan bor, u dunyoning yashash tarzidir. Bas shunday ekan, Xorun Yahyoning olamda evolyutsiya yo‘q, uni Darvin to‘qib chiqargan, Darvinning yashash uchun kurash g‘oyasi odam — odamga kushanda degan qarashni qonuniylashtiradi va shu jihati bilan u fashistik g‘oyaga asos bo‘lgan, degan uydirmalari esa mutlaqo asossiz va islom nuqtai nazaridan ham xatodan o‘zga narsa emas. Evolyutsiya tabiatda yo‘q hodisa, uni Darvin o‘ylab topgan, deya jar solish bilan Xorun Yahyo va uning bizdagi hamfikrlari “diyonatli olim”lik rutbasiga erishmaydi, balki tabiat va jamiyatdagi tadrijni inkor etuvchi soxta ilm — metafizika sohasining yangi vakiliga aylanadi, xolos.

Butun koinot, Yerdagi jonli va jonsiz tabiat, har bir organizm betinim rivojlanishda. Olam mavjudligini harakatsiz (va u orqali keladigan taraqqiyotsiz) tasavvur etib bo‘lmaydi. Shu ma’noda, harakat — olamning yashash tarzidir, degan fikrga qo‘shilmay ilojimiz yo‘q. Elektronlari yadrosi tevaragida aylanishdan to‘xtagan birorta atom, jismu joni harakatsiz biron-bir jonivor, koinotda charx urmayotgan biron galaktikani topolmaysiz — harakatsiz narsa bo‘lishi mumkin emas.

Yer yuzidagi maxluqotning eng oldingi safida inson turadi, u eng taraqqiy etgan va rivojlanishi tobora tezlashayotgan jonzotdir. Sut emizuvchilarning boshqa vakillari undan xiyla sust rivoj topadi, umurtqalilarning boshqa vakillari undan ham sekinroq taraqqiy etadi, barcha xil boshqa jonivorlarda bu jarayon yanada ohista kechadi. Undan keyin nabotot olami (daraxt va o‘simliklar) rivoji haqida gapirish mumkin (odamning aralashuvi — payvand qilish, chatishtirish, duragay navlar olish — bo‘lak narsa). Hatto o‘lgan organizm — qurigan daraxt, halok bo‘lgan jonivor ham bir zaylda qotib qolmaydi — chiriydi, tuproqqa qo‘shiladi va yangi hayot urug‘lari uchun ozuqaga aylanadi. Taraqqiyot, yo‘q bo‘lib ketmaslik, yashash uchun kurash shunga olib keldiki, bizga aksar biovakillar — nabotot, hayvonot turlari o‘z himoya vositalari — o‘simliklarning tikani, go‘shtxo‘r hayvonlarning o‘tkir qoziq tishlari ular bilan birga yaratilgandek tuyuladi. Aslida, tikon va qoziq tishlar (biz shu ikki sodda misol bilan cheklanaylik) o‘simlik va darrandalarning asliy xossasi emas, yashash uchun kurashning million yillar davomida shakllangan ikkilamchi xossalaridir.

Taraqqiyotning eng sust darajasi esa noorganik olamga taalluqli. Ammo har bir oddiy modda ham million yillar davomida tashqi va ichki ta’sirlar, turli boshqa omillar natijasida rivojlanadi, eng asl holatiga erishadi, keyin nuraydi va bir turdan ikkinchi turga o‘ta boradi. Moddani tashkil etuvchi atomlar o‘zaro birikkan va har bir atom yadrosi atrofida elektron, neytron kabi “sayyora”lar aylanib, jism mudom taraqqiy etadi. Bu rivojlanish tarzi organik olamnikidan boshqacha, albatta.

Agar Olloh taolo barcha turdagi nabotot va hayvonotni hech o‘zgarmaydigan, rivojlanmaydigan sifatida yaratishni ixtiyor etib, shunday bino qilganida, mantiqan, yer yuzida hech bir tur qirilib bitmaydigan, hammasi qiyomatgacha yashaydigan bo‘lmasmi edi?

…Yer kurrasining uzoq o‘tmishida bir zamonlar yashagan, hozir yo‘qolib ketgan ko‘pgina o‘simlik, daraxt va jonivorlarning qazilmalari topilgan. Ularning bir qismi qandaydir sabablarga ko‘ra tur sifatida yashashdan to‘xtagan bo‘lsa, boshqasi million yillar mobaynida rivojlangan, sharoitga, iqlimga moslashib, yangi turga aylana borgan. Buni inkor etish aqldan emas.
Evolyutsiya tabiatda bor hodisadir. Qazilma ishlari natijasida eng kichik sut emizuvchi jonivor — ko‘rshapalakning bir turi million yillar ilgari suvdagi o‘ljani tutib yeyish uchun suzishga moslashgani, havoda uchishni tark etib, suv ichida hayot kechirishga o‘tgani va… kitga aylangani uzil-kesil dalillandi. Ammo hali ham kitda ko‘rshapalakka xos belgilar — sutemizuvchilik, exolokator orqali ko‘rish, o‘ljasini tutgan zahoti yeyish kabi xossalar saqlanib qolgan. Yoki bundan yigirma besh million yillar ilgari Amerika qit’asidan Yevroosiyo qit’asiga o‘tgan, qo‘l va oyoq kafti uch barmoqli (fanda hipparion deb ataladigan) kichkina hayvon o‘rta barmog‘i qattiq tuyoqqa aylangan otning ajdodi edi (ikki chetki barmoq rudimentlari saqlanib qolgan), taraqqiyot davom etib, undan eshak, zebra va ot shakllangan.

Tabiatda evolyutsion taraqqiyot borligini ko‘rmaslik amalda din foydasiga emas, aksincha ateizmni qo‘llab-quvvatlashga xizmat qiladi. Chunki u taraqqiyotga turtki beruvchi Tangrini nazardan qochiradi. Odamzod bir yaratilganicha, ongi ham, shakl-shamoyili ham million yillar o‘tsa-da, o‘zgarmaydigan bo‘lsa, yer yuzida har bir o‘t-o‘lan va dov-daraxt, har bir jon-jonivor abadiy shu holicha, rivoj topmay, yangilana beradigan bo‘lsa, unda Ollohni bu olamni yaratishdan muddaosini tushunib bo‘lmay qoladi-ku? Abadul-abad o‘zgarmas narsalarni yaratishning unga keragi bor deb o‘ylaysizmi? Io‘q, albatta. Unda olamning yaratilishida mantiq bo‘lmas edi (Gyote bu to‘g‘rida gap ketganda, Xudo hozir ham olam yaratilishining birinchi kunidagi kabi qudratga molik, unga horish-toliqish begona, deb aytgan).

Lev Tolstoy evolyutsion nazariyaga munosabat bildirib, dialektikani sodda, teran talqin etgan edi: “Agar odam noma’lum zamon davrida maymundan paydo bo‘lgan bo‘lsa, bu narsa inson ma’lum bir davrda bir hovuch tuprokdan yaralgan deganday gap ‘. Ya’ni, odam maymundan bino bo‘lgan bo‘lsa, maymunning o‘zi undan-da soddaroq bir maxlukdan, unisi yana ham tubanroq bir jonivordan va oxir-oqibat… bir hovuch tuproq jonli tabiat uchun xamirturush bo‘lgan, ilk hayot nishonalari tuprokda yuz ko‘rsatgan.

Odam maymundan tarqalmagan, u maymunsimon odamning (pitekantrop) rivojlanishi natijasida paydo bo‘lgan. Biz bilgan hozirgi maymunlar esa ana shu maymunsimon odamning asosiy taraqqiyot yo‘lidan chetga qayrilgan, rivoji tanazzulga qarab ketgan turidir.

Ammo har nechuk, odamsimon maymun boshqa sut emizuvchilar orasida eng taraqQiy etgan jonzot bo‘lib, o‘zga barcha hayvonlardan o‘zining serharakatligi, chaqqonligi, sharoitga oson moslashishi bilan, shuningdek, mimika paylarining rivojlangani va o‘z kayfiyatini yuzi orqali bildira olishi, miyasining massasi tana og‘irligiga nisbatan boshqa jonivorlarnikidan katta ekani kabi xossalari bilan alohida ajralib turadi. Maymunda Ham, odamda ham boshqa sut emizuvchilardan farqli o‘laroq, qo‘l va oyoq panjalari uchida tirnoqlar bor, bosh barmoq boshqa barmoqpar qarshisida, sut bezlari esa ko‘krakda joylashgan va hokazo.

Tabiat dialektikasi haqida mening fikrim bunday: odamlar turli noorganik va organik moddalarni minglab xil usulda, har turli sharoitda o‘zaro qovushtirish va qorishtirish orqali harchand urinib biron tirik hujayra, biron-bir o‘simlik yo eng sodsa jonivorni ham shakllantira olmaydi (akademik Oparinning shu yo‘ldagi bir umrlik mehnati zoye ketgan), Yerda organik hayotning ilk nishonasi shakllanishini qodir Olloh ixtiyor etgan. Undan keyingi tiriklik esa sharoitga moslashish, ko‘nikish va saralanish orqali davom etgan. Hech bir o‘simlik yo jonivor kosmosdan o‘zi kelib qolmagan yoki bizdan ko‘ra rivojlangan tamaddun vakillari tomonidan Yerga tushirilib, tajriba o‘tkazilayotgani yo‘q. Ilk o‘simliklar million yillar davomida asta rivojlangan, boshqa sharoitda o‘sishga mahkum bo‘lganlari esa necha o‘nlab asrlar mobaynida asta-sekin yangi o‘simlik turiga aylangan. Suvda ko‘chib yurishga moslashgan o‘simliklar paydo bo‘lgan. Biron zaminga ildiz otgan, ammo jonlilik xususiyati aniq seziladigan murakkab o‘simliklar (masalan, gullari hasharotni tutib, o‘ziga yemga aylantiradigan qopqon o‘simliklar) bor. Ular nabotot olami bilan tirik jonivorlar o‘rtasida bog‘lovchi halqadir.

Jon-jonivorlar olamida esa sharoitga ko‘nikib moslashish ham, turlararo aloqa ham ancha faol (Darvin vyur degan qushchaning turli sharoitda qanday o‘zgarganini juda ishonarli isbotlab bergan).

Xorun Yahyo, jonivor yo o‘simliklarning oraliq turlari kam ekani ularning evolyutsiya natijasida kelib chiqmaganini ko‘rsatadi, deb da’vo qiladi. Bizningcha, oraliq tur — bir tur boshqa turga aylanayotgandagi holat, u biologik xilma-xillik jihatidan ham, xronologik jihatdan ham asosiy turlarga nisbatan benihoya kam bo‘lishini, nihoyat, tushunish kerak.

Sharoitga moslasha olgan turlargina yashab qolgan. Hozir tirik jonivorlarning barchasi o‘z yashaydigan muhitiga moslashganlaridir, moslasha olmaganlari qirilib bitgan. Chunonchi, oq ayiqning yungi oppoq bo‘lganidan qor ustida o‘ljaga sezdirmay yaqinlashish imkoni ko‘proq, ovi o‘ngidan kelishi tayinroq. Qahraton sovuqqa moslashgan qo‘yho‘kiz (juni uzunligi 60-90 santimetr) tundrada bemalol yashaydi. U qo‘yning bir turi, biologik tanlanish orqali hozirgi ko‘rinishga ega bo‘lgan. Ayrim jonivorlar sonining bugun nihoyatda kam ekanligiga sabab ko‘p ovlanganigina emas. Ularda himoyaning zaifligi ham bor gap.

Har bir tur avvalgisidan turli sabablarga ko‘ra ajralib chiqqan — yo asosiy yashash joyi torlik qilib, boshqa sharoitga moslashib yashashga majbur bo‘lish oqibatida o‘zgarishlar yuz bergan, ular oxir-oqibat sifat o‘zgarishiga olib kelgan, yo yangi, yanada qulay sharoitga tushib qolish natijasida o‘zgargan va hokazo. Yer yuzidagi taraqqiyot biz ko‘rib turgan hayotning o‘zidan ham murakkab va xilmaxildirki, buning natijasida bizga ma’lum bo‘lgan va bo‘lmagan ming-million nabotot va hayvonot turi shakllangan.

Inson — hayot daraxtining qulf urib o‘sayotgan eng tik novdasi. Odamning eng qadimgi ajdodlari nisbatan qulay yashash sharoitiga tushgan va buning oqibatida boshqa turdoshlariga qaraganda tezroq kamol topgan. Ikkinchi yokdan, ularda kurashuvchanlik, har qanday noqulay sharoitdan chiqib keta olish ko‘nikmasi rivojlangan. Boshqa jon-jonivorlar mana shu taraqqiyot jarayonining ma’lum bir bosqichida tik novdadan ajralib chiqqan yon shoxlar singari bo‘lib, ularda o‘sish istiqboli qolmagan. Albatta, yon shoxlarda ham yangi novdalar chiqqani kabi, asosiy o‘sish yo‘lidan chetda ham, biron tur ichida yangi o‘simlik yo hayvonlar shakplanib chiqqani shubhasiz. Hozirgi yirtqich va o‘txo‘r sut emizuvchi hayvonlar baayni o‘sib borayotgan daraxtning yon-atrofdagi shoxshabbalari singari bo‘lib, “hayot shajarasi”ning bu shoxlari endi tik — yuqoriga o‘sish u yokda tursin, hatto pastga qayrilgan, ya’ni tanazzulga yuz tutgan. Endilikda ularning rivoji yuksalish sari emas, aksincha bo‘ladi. Bular — yuz million yillar davomida taraqqiyotning asosiy oqimidan chetga chiqqan va ongi rivoj topmaydigan turlardir. Jumladan, ayrimlar odam ajdodi deb tushungan maymunlar ham.

Odam maymun taraqqiyoti tufayli paydo bo‘lgan emas. Odam boshqa hayvonlarga qaraganda maymunga ko‘proq o‘xshab ketgani uchunoq uning qadim ajdodi maymun bo‘lgan deyish Darvin nazariyasini yuzaki anglash, ya’ni, bu bo‘sh temir qutini protsessor deb atash bilan mohiyatan bir… Buyuk tabiatshunosning nazariyasini to‘g‘ri tushunadigan bo‘lsak, odam maymundan emas, maymun odamdan kelib chiqqan, deyish to‘g‘riroq bo‘ladi. Zero, biologik tabiat taraqqiyotining asosiy yo‘nalishi odamzodning kelib chiqishiga qaratilgan bo‘lsa, maymunlar va umuman primatlar ana shu rivojlanish yo‘lining ma’lum bir bosqichida asosiy rivojlanishning o‘q ildizidan ajralib chiqqan va taraqqiyotda ilgarilay olmay qolgan vakillardir.
Xo‘sh, odamzod hayot daraxtining tobora bo‘y cho‘zayotgan markaziy tik novdasi ekan, vaqti kelib undan yana yon shoxlar unib chiqishi — insoniyatning tobora tezlashayotgan taraqqiyotiga yeta olmagan biron tur paydo bo‘lib, qolib ketishi mumkinmi (lo‘lilar hayotida bundan ming yil oldingi turmushdan aytarli ko‘p narsa o‘zgardimi)? Buni bilish amrimahol. Ammo hozir eng qoloq, hatto ibtidoiy qabila holida yashayotgan guruhlar ham tamaddun jarayoniga jadal ravishda tortilib, umumdunyoviy globallashishga qo‘shilayotgan ekan, bunday ajralib qolishlar bo‘lmas.

Odamning paydo bo‘lishiga munosabat masalasini ochiq o‘rtaga qo‘yish, bu boradagi qarashlarni ko‘rib chiqish va qat’iy bir qarorga kelish juda muhim. Bu masalada dudmollik qilish ilmda metodologik chalkashlikka olib keladi. Aytaylik, maktabda biologiya o‘qituvchisi odamning paydo bo‘lishini qanday talqin qilyapti? Bizning kuzatishimizcha, darsliklarda odamning paydo bo‘lishi borasidagi diniy qarashlar mutlaqo tilga olinmayapti va qariyb materialistik evolyutsiya nazariyasi bir oz pardalangan holda takdim etilyapti. Masjidda, diniy kitoblarda esa bolalarga Odamatoni loydan yaratib, so‘ng unga jon kiritgani uqtirilyapti. Bunda bolalarning o‘sib kelayotgan ongida mavhumot paydo bo‘lishi turgan gap: maktab darsligiga, muallimga ishonsinmi yo o‘zgalarga? Bizningcha, Xudo olamni, jumladan, odamni yaratib, hayot berganini, butun borliq — tabiat va insoniyat dialektik taraqqiyot va yashash uchun kurash orQali o‘sib kamol topishi borasidagi qarashlar tizimini shakllantirish zarur. Zero, ilm mantiqqa muvofiq, haqiqatga eng yaqin talqin tanlab olinishini taqozo etadi. Olloh taolo nabotot, hayvonot va, shu jumladan, insonni bir-biriga aloqasiz qilib, ayri-ayri holda yaratganiga qaraganda, u ato etgan ichki intilish tufayli jami mavjudot rivojlanadigan, ulkan davrlar mobaynida biri ikkinchisidan kelib chiqadigan qilib hayot berganida hikmat va jaloliyat benihoya ko‘p ekanini anglash lozim. Busiz biz jaholat sari qarab ketamiz.

Darvin nazariyasini yoqlash materializmga yon bosish degani emas. Dindor Darvinni g‘irt ateistga chiqarib tanishtirgan sho‘ro davri hamma narsaga marksizm nuqtai nazaridan baho berar, metodologik masalalar ateistik dunyoqarash negiziga qurilar, shu sababli ko‘p masalalar mavhumligicha qolgan edi. Ba’zi olimlarning darvinizm deganDa ateizmni tushunishi, aslida, sho‘ro davriga xos bo‘lgan fikrlash oqavasidir. Oybekning mana bu iztirobli misralari yodingizdami:

Haqiqat yaratdi tartib va qonun,
Hikmat oftobi go‘yo bir yolqin.
Katta falsafaning ildizi qani?
Topilsa, bo‘lurdi oftob — toshqin…

Bu to‘rtlik 1967 yilda — shoir tildan qolgan, qo‘li qalam tutolmagan xasta chog‘ida imo-ishora bilan aytib yozdirilgan. Menimcha, undagi “haqiqat” so‘zi Haq taoloni bildiradi va u olamni tartibli qilib, qonuniyat asosida yaratgani, uning hikmat oftobi o‘ta nurli ekani, lekin mavjud tuzum e’tirof etgan monopolistik “katta falsafa” — materializmning ildizi yo‘qligi, hayotdan uzilgan holda ekani bayon etilgan…

* * *

Bergan savoli odamni xijolatga soladi. Chunki bilimsizligi fosh bo‘lib qoladi. Omiligidan uyaladiganlar bizda yetarli. Men ularga qo‘shilib, “o‘ziga zolim”lar safini yana kengaytirgim kelmadi, azizlar.

Xayr, diniy va dunyoviy ishlar borasida savollarni hozircha bas qilaylik. Donolar, til bitta, quloq esa ikkita, bir gapirsang, ikki bor quloq sol, deydilar. Holbuki, kishini o‘ylantirib, iztirobga soladigan, hatto kelgusidan umidini yo‘qqa chiqarishga qodir bo‘lgan talay masalalar — millat axloqining buzilishi, ekologiya, globallashish, asl qadriyatlarning hozirgi qimmati haqida ham “so‘rorim bor” edi. Mavridi kelar. Unga qadar esa, boya aytganimizDay, bu boradagi har qanday mulohazani jon deb eshitamiz.

Maqolani doktor Sayyid Muhammad Xotamiyning “Islom tafakkuri tarixidan” asaridagi ushbu so‘zlar bilan yakunlasak bo‘lar:

“Fikr — bu inson hayotining manbai va insonni hayvondan ajratib turuvchi omil. Fikr savol qadrlangandagina mavJUD bo‘la oladi. Savol esa hamma vaqt mavjuddir, biroq u faqat aniq va to‘g‘ri savol berish imkoni bo‘ladigan, samara beradigan xavfsiz va erkin muhitda paydo bo‘lishi mumkin. Aks holda, ichkarida mavjud bo‘lgan savollar hech qachon tugamaydi va yo‘qolmaydi, agar mabodo ular qirg‘in qilinadigan bo‘lsa, ular fikrning ziddiga aylanadi” (Xotamiy Sayyid Muhammad. Islom tafakkuri tarixidan. T., “Minhoj” nashriyoti, 2003 273-bet).

Zero, biz shunchaki dindor emas, taqvoli dindor bo‘lishni xohlaymiz; mutaassib emas, ma’rifatli musulmon bo‘lgimiz keladi. Maqsad — fikrlashish orqali haqiqatga yaqinlashish. Axir, Olloh bizga bergan eng buyuk ne’mat ham tafakkur-ku! Payg‘ambarimizning dinda chuqurlashmang, degan buyrug‘i esa yuzaki bilimli bo‘lishga da’vat emas aslo,
U tamoman boshqa masala. Axir, o‘zingiz O‘ylab ko‘ring: mutaraqqiy G‘arb rivojining ruhiy negizi — andishabozlikka berilmasdan, barcha narsaga ochiq ko‘z bilan qarab, real mulohaza yuritishda ham emasmikan?..

М: “Tafakkur” jurnali, 2009 yil, 1-son.

20

(Tashriflar: umumiy 753, bugungi 1)

Izoh qoldiring