620 yil avval Kolumb Amerika qit’asini (yevropaliklar uchun) kashf etgan edi.

002
Роппа-роса 620 йил аввал — 1492 йилнинг 12 октабрида Христофор Колумб Америка қитъасини европаликлар учун кашф этган эди. Европаликлар учун дейишимнинг сабаби осиёликлар,хусусан қадимий турклару хитойликлар қадим-қадимдан Европа учун номаълум бўлган қитъа билан таниш эдилар.Уларнинг қадамлари Колумбдан олдинроқ бу тупроққа етиб борган эди. Қолаверса,Абдулла Орифнинг «Колумбда бор аламим маним» сатриниям асоси бор.

002
Хуршид Даврон
620 ЙИЛ АВВАЛ — 1492 ЙИЛНИНГ 12 ОКТЯБРИДА КОЛУМБ АМЕРИКА ҚИТЪАСИНИ (ЕВРОПАЛИКЛАР УЧУН) КАШФ ЭТГАН ЭДИ

Роппа-роса 620 йил аввал — 1492 йилнинг 12 октабрида Христофор Колумб Америка қитъасини  европаликлар учун кашф этган эди. Европаликлар учун дейишимнинг сабаби осиёликлар,хусусан қадимий турклару хитойликлар қадим-қадимдан  Европа учун номаълум бўлган қитъа билан таниш эдилар.Уларнинг қадамлари Колумбдан олдинроқ бу тупроққа етиб борган эди. Қолаверса,Абдулла Орифнинг «Колумбда бор аламим маним» сатриниям асоси бор.

Бу тарихий сана балки Колумб ватандошларию қитъадошларини ҳаяжонга солар,аммо кашф этилган қитъанинг туб аҳолиси учун бу кун мотам санаси бўлиб қолади. Зеро,Колумб қадамининг ортидан етиб (босиб) борган ваҳший Европа бу юксак тамаддунга бешик бўлган қитъани қонли элакдан ўтказиб, Ольмеклар, Инклар, Майяликлар,Ацтеклар (ва бошқа…) бунёд этган буюк маданият ва тараққиётдан фақат асоратларнигина қолдирди.

Колумб бу қитъани ўзи излаб чиққан Ҳиндистон деб ўйлагани учун ҳозиргача туб аҳолини «ҳиндулар» деб атаб келамиз.

Колумб орқасидан босиб борган Европа туб аҳоли учун деярли ҳеч нима бермади. Ҳозиргача демократия онаси АҚШ (бошқаларга демократия сутини ҳалигача эмизади) ҳудудида яшаётган «ҳиндулар» иккинчи даражали одамлар қаторида саналади. Биргина мисол: 2007 йилдан бошлаб АҚШ ҳукумати билан тузилган шартномани бекор бўлганини эълон қилган ва мустақил Дакота Республикасини қуришга аҳд қилган дакоталик ҳиндулар ҳақида қуйидаги рақам ва далиллар эълон қилинган:

— Ҳиндуларнинг 80 фоизи ишсиз;
— Ўртача умр муддати 44 ёш;
— Болалар ўлими АҚШ нинг бошқа халқларига солиштирганда 3 марта кўп;
— Сил касаллиги бўйича кўрсаткичлар АҚШдаги ўртача рақам билан солиштирганда 8 марта кўп;

Қолаверса,тарихдан маълумки, бугун куч-қудрати кўплигидан сармаст бўлиб бутун дунёга мушт ўқталганча: «Ҳамманг демократияга кирасан,фақат мен тузиб берган демократияга!» дея ҳайқирган АҚШ ( ва албатта,Европалик малайлари) бу ҳудудда ҳукмрон бўлиш учун 100 миллион ҳиндунинг ёстиғини қуритган эди. Аммо, ўша даҳшатли ўтмишдаям ва ундан-да даҳшатли бугунги кунда ҳам бу ҳақда Америка матбуоти лом-лим демайди.Ҳатто ҳозир ҳам туб аҳоли тарихи ҳақида китоб битган америкалик муаллифлар «Ҳиндулар Колумб келганидан бошлаб бахтиёр бўлдилар» деган гапни ёзишдан уялмайдилар.

Аммо,тарихнинг тарихчилар томонидан эмас,илоҳий қонун томонидан битилган низоми бор. Тарих қайтариқлар жараёнига бўйсунади. «Тегирмон навбати билан» дегандек, ҳиндулар барибир юз йиллар,минг йиллар ўтиб ҳам ўз она маконларига ҳукмдор бўладилар.

Roppa-rosa 620 yil avval Kolumb Amerika qit’asini yevropaliklar uchun kashf etgan edi.
Yevropaliklar uchun deyishimning sababi osiyoliklar,xususan qadimiy turklaru xitoyliklar qadim-qadimdan Yevropa uchun noma’lum bo’lgan qit’a bilan tanish edilar.Ularning qadamlari Kolumbdan oldinroq bu tuproqqa yetib borgan edi. Qolaversa,Abdulla Orifning «Kolumbda bor alamim manim» satriniyam asosi bor.
Bu tarixiy sana balki Kolumb vatandoshlariyu qit’adoshlarini hayajonga solar,ammo kashf etilgan qit’aning tub aholisi uchun bu kun motam sanasi bo’lib qoladi. Zero,Kolumb qadamining ortidan yetib (bosib) borgan vahshiy Yevropa bu yuksak tamaddunga beshik bo’lgan qit’ani qonli elakdan o’tkazib, Ol`meklar, Inklar, Mayyaliklar,Atsteklar (va boshqa…) bunyod  etgan buyuk madaniyat va taraqqiyotdan faqat asoratlarnigina qoldirdi.

Kolumb bu qit’ani o’zi izlab chiqqan Hindiston deb o’ylagani uchun hozirgacha tub aholini «hindular» deb atab kelamiz.

Kolumb orqasidan bosib borgan Yevropa tub aholi uchun deyarli hech nima bermadi. Hozirgacha demokratiya onasi AQSH (boshqalarga demokratiya sutini haligacha emizadi) hududida yashayotgan «hindular» ikkinchi darajali odamlar qatorida sanaladi. Birgina misol: 2007 yildan boshlab AQSH hukumati bilan tuzilgan shartnomani bekor bo’lganini e’lon qilgan va mustaqil Dakota Respublikasini qurishga ahd qilgan dakotalik hindular haqida quyidagi raqam va dalillar  e’lon qilingan:

— Hindularning 80 foizi ishsiz;
— O’rtacha umr muddati 44 yosh;
— Bolalar o’limi AQSH ning boshqa xalqlariga solishtirganda 3 marta ko’p;
— Sil kasalligi bo’yicha ko’rsatkichlar AQShdagi o’rtacha raqam bilan solishtirganda 8 marta
ko’p;

Qolaversa,tarixdan ma’lumki, bugun kuch-qudrati ko’pligidan sarmast bo’lib butun dunyoga musht o’qtalgancha: «Hammang demokratiyaga kirasan,faqat men tuzib bergan demokratiyaga!» deya hayqirgan AQSH ( va albatta,Yevropalik malaylari) bu hududda hukmron bo’lish uchun 100 million hinduning yostig’ini quritgan edi. Ammo, o’sha dahshatli o’tmishdayam va undan-da dahshatli bugungi kunda ham bu haqda Amerika matbuoti lom-lim demaydi.Hatto hozir ham tub aholi tarixi haqida kitob bitgan amerikalik mualliflar «Hindular Kolumb kelganidan boshlab baxtiyor bo’ldilar» degan gapni yozishdan uyalmaydilar.

Ammo,tarixning tarixchilar tomonidan emas,ilohiy qonun tomonidan bitilgan nizomi bor. Tarix qaytariqlar jarayoniga bo’ysunadi. «Tegirmon navbati bilan» degandek, hindular baribir yuz yillar,ming yillar o’tib ham o’z ona makonlariga hukmdor bo’ladilar.

(Tashriflar: umumiy 193, bugungi 1)

Izoh qoldiring