Saodat Toji. She’rlar & O’rolboy Qobil. Boladek beg’ubor edi

Ashampoo_Snap_2017.09.22_16h42m05s_003_b.png    Ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларда ҳатто пойтахт адабий давраларида Қашқа воҳсидан энг кўп тилга олинган ижодкор шубҳасиз Саодат Тожи эди. Ўша йилларда айниқса, чекка туманларда ижод қиладиганларнинг марказий газета ва журналларда шеър ёки ҳикояси чоп қилинса катта воқеа ҳисобланар, китоб нашр эттириш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермасди.

Ўролбой ҚОБИЛ
БОЛАДЕК БЕҒУБОР ЭДИ…
07

i_040.jpgШоирни ҳали-ҳонуз яқинлари ёки ижодкорларгина эмас, бадиятга алоқаси бўлмаган кишилар ҳам эсдан чиқаргани йўқ. “Ҳув, ўша, шляпа кийиб бозордаям, йўлдаям, тўйдаям шеър айтиб юрадиган кишими, озгина сархуш юрса ҳам, аммо, зўр шоир эди”, — деб хотирлаб қўйишади.

Ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларда ҳатто пойтахт адабий давраларида Қашқа воҳсидан энг кўп тилга олинган ижодкор шубҳасиз Саодат Тожи эди. Ўша йилларда айниқса, чекка туманларда ижод қиладиганларнинг марказий газета ва журналларда шеър ёки ҳикояси чоп қилинса катта воқеа ҳисобланар, китоб нашр эттириш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермасди.

Аммо Саодат Тожи бундан мустасно эди. У ўша даврнинг энг илғор болалар шоирлари билан баб-баровар ижод майдонида от суриш имконини топди. Бунинг бариси осонлик билан амалга ошадиган юмуш эмасди. У тинимсиз ижод қилар, Тошкент бориш эса унга бозорга боришдек иш бўлиб қолганди. Қайси бир куни шоир шундай деганди:
-Бир куни “Гулхан” журнали бош муҳаррири Абдулла Ориповнинг ҳузурига кирдим. Шоир мени кўриб сўради:
-Саодат ака, ҳеч тиним билмас экансиз-да, айтинг-чи, ўзбекнинг қайси уруғидансиз, ўзи?
-Мен Абдулланинг нима сабабдан савол берганини англамадим, аммо тилимга бехосдан бир сўз келди.
-Мен-ми, байналмилал уруғидан бўлсам керак…
Шоир сўзимни эшитиб қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва деди:
-Шундай дейишингизни билардим, қойил!..

***

Ҳозир ҳам гурунгларда Саодат Тожи ҳақида гап кетса, албатта ҳажвчи Турсунбой Боймиров шундай дейди:
— Саодат ака табиатан боладек беғубор, содда инсон эди. Бир куни янги шеър ёзиб, тайёрлов идораси раисининг олдига кириб, баланд овозда бошлабди:

Ер унумдор, соз бўлсин,
Кўпроқ экинг картошка.
Машаққати оз бўлсин,
Қулай бўлсин артишга.
Раис столни чертиб, шоирни шеър ўқишдан тўхтатибди.
— Бўлди, бўлди, тушунарли, шуни шеър қилиб айтиш шартмиди, -деб шошиб телефон гўшагига кўтарибди.
– Ҳой, Тиркаш ўзингдамисан? Ҳозир олдингга бир шоирни юборяпман, икки халта картошка бериб юбор. Уйида картошкаси қолмапти…

***

Ижодкорлар даврасида суҳбат буюклар ҳақида бўлди.
— Толстойга тан бердим. Гёте ҳам буюк. Алишер Навоий – даҳо.
-Булгаков, Кафкаларни айтмайсизми?
— Стендаль, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳорлар ҳам чаккимас. Саодат ака, сиз қайси ёзувчи, шоирларни буюклар сафига қўшасиз?
— Мен кеча мактаб болаларига шеър ўқиб бераётувдим, — суҳбатга қўшилди шоир. – Бир қуш келиб бошимга қўнди. Кичкина, ранги булбулнинг рангига ўхшаб кетади. Кейин елкамга қўниб, қулоғимга бир нималарни деб, чуғур – чуғур қилди. Ушлаб, бошларини силайман, деган эдим, учиб кетди. Ана шунда мен буюклигимни билдим.

***

Кекса ижодкор Бердиқобил Худойқулов шоир ҳақида шундай хотирлайди.
-Нафақага чиққач тақдир йўллари дўстим Саодат Тожи билан яна тўқнаштирди. Мен ўша пайтларда дўстлар дийдорига, меҳрига ташна эдим. Шоир дўстимни ҳар куни уйимга таклиф этиб, суҳбатлашар, шахмат ўйнардик. Кунларнинг бирида унинг “Афанди” газетасида қизиқ шеъри босилди.

Хўп гўзал замон келди,
Замона омон келди.
Орзулари йўлида,
Ҳамма зўр ишлаяпти.
Мен ҳам қараб турайми,
Бизнес қилиб кўрайми?
Шеърларимни сотаман,
Гонорарга ботаман.
Ҳой одамлар, одамлар,
Тезроқ келиб қолинг,
Шеъримдан олиб қолинг.
Туш десангиз, тушаман,
Қўш десангиз, қўшаман.
Ўт десангиз, ўтаман.
Олсангиз, ҳеч куймайсиз,
Ўқиб сира тўймайсиз.
Шеърларим мағзи ларзон,
Болалар учун арзон.
Марҳамат, савдо қилинг,
Дўстларга совға қилинг.
Мен ҳам бир бойиб қолай,
Дамасми, Тико олай.
Тожи Саодат бўлиб,
Турмушидан шод бўлиб,
Танилай одамларга,
Ер юзи, оламларга.

Ҳа, Саодат Тожи номдор болалар шоири эди. У ёзганларини инглиз рус, тожик, қозоқ тилларида равон ёддан айтарди. Унинг катталар учун битган ўнлаб шеърлари, қиссалари борлигини, ижод намуналарини тўплаб, “Саодатнома” номи билан қайсидир нашриётга топширган деб, эшитганмиз. Қани эди, бирорта мард тадбиркор бўлса-ю, шоирнинг китобларини чоп эттирса, савобнинг тагида қоларди. У яшаган уйнинг деворига “Бу уйда севимли болалар шоири Саодат Тожи яшади ва ижод қилди”, деган лавҳани осиб қўйсак …

У кетди…
Меҳрни излаб олисга.
Қушлари ёнига, гуллар ёнига.
“Шоир бобо” дея эъзозлаб севган,
Шўхчан болаларнинг сингиб бағрига.
Биздан-ку ном-нишон қолмагай балки,
Битта сўз айтайин келмасин малол.
Бир куни шеърпараст болалар албат,
Қамашида тиклар шоирга ҳайкал

Саодат Тожи
ШЕЪРЛАР
07

Саодат Тожи 1933 йилда Қамаши тумани Қоратепа қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар олийгоҳини тамомлаб, кўп йиллар Қамаши шаҳридаги мактабда ўқитувчилик қилди. Шоирнинг “Чўл қўшиғи”, “Энг яхши совға”, “Инсон севар яхшини”, “Қушлар байрами”, “Олтин болта” каби болаларга аталган шеърий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси шоир Саодат Тожи 2001 йилда вафот этди.

07

ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон гўзал ўлкам,
Мен саодат фарзанди.
Далалари ажиб кўркам,
Одамлари мард, танти.
Ўн икки ой бошидан,
Аримагай доим нур.
Боғларидан, тоғ-тошидан,
Таралади завқ-сурур.
Тупроғи зар, қори кумуш,
Жаннат макон диёрдир.
Бу ўлкани бир кўрганлар,
Кўриш учун хумордир.
Бағри тўла минг фазилат,
Халқи яшар хуррам-шод.
Тенг яшайди барча миллат,
Ҳар нарсаси бор обод.
Қуёшли юрт таърифини,
Шеърга солгим келади.
Ўзбекистон фарзанди бўп,
Мангу қолгум келади.

ҚЎШИҚ

Яхши – замона,
Қувнаб кулайлик.
Ғамдир бегона,
Дилдан қувнайлик.
Боғларда гуллар,
Нагоҳ сўлмасин.
Покиза диллар,
Озор билмасин.
Меҳнатда одам,
Бахти кулажак.
Бағрига чорлар,
Порлоқ келажак.
Ҳамма яхшилик,
Айласин одат.
Бахт тилар сизга,
Шоир Саодат.

АСАЛАРИ

Асалари, асалари,
Қўрқиб мендан қочма нари.
Гул ўстирдим сенинг учун,
Асал тўпла менинг учун.
Гул асалин маза дерлар,
Ейишга соз, тоза дерлар,
Ясаб қўйдим, уй-қутича,
Асал тўпла менга пича.
Асалари келди учиб,
Айландилар боғни қучиб.
Майли деди, тўплай асал,
Асалим еб бўлма касал.
Ёмонларга найзам ўқдир,
Яхшиларга нафим кўпдир.

Манба: ”Эзгулик гуллари”. Тўплам. “Насаф” нашриёти. 1995 йил.

ОНА

Эгизак ўғли билан
Яшаб ўтган бир она.
Эртак севар болалар,
Шу ҳақда бу афсона.
Ўғиллари меҳнаткаш,
Алпомишдек зўр экан.
Аммо онаизори,
Кўзи ожиз – кўр экан.
Она кўзин кўрмаган
Мулло, табиб қолмабди.
Ҳар қайси ҳар сўз айтиб,
Ўғлонларни алдабди.
Ўғиллар дер: -Онажон,
Эшитинг сўзимизни.
Йўқ деманг, биз биттадан
Берайлик кўзимизни.
Сиз эмасми бизларни,
Туғиб катта айлаган.
Меҳрингизни қуёшдай,
Қалбимизга жойлаган.
Бизлар учун зот йўқдир,
Сиздан ортиқ дунёда.
Еру осмон, офтобдан,
Биз учун сиз зиёда.
Она деди руҳланиб,
-Ўргилайин сизлардан.
Олар қалбим ёғду-нур,
Сизлардаги кўзлардан.
Кўзларингиз бахтимга,
Порлаб турсин юлдуздек.
Она учун буюк бахт,
Бормикан ўғил-қиздек.
Иккалангиз аслида,
Менинг икки кўзимсиз.
Гар кўз юмсам ҳаётдан,
Ортда қолар изимсиз.
Ўғиллар дер:-Топмасак,
Кўзингизга гар шифо.
Она, сизга муносиб,
Фарзанд эмас биз асло.
Шундай дея ўғиллар,
Бўлди йўлга равона.
Йўл юрса ҳам мўл юриб,
Дадил бўлиб мардона.
Ўғилларга ногоҳон,
Учрар йўлда битта чол.
Салом бериб бобога,
Сўрашдилар ҳол-аҳвол.
Сўнгра чолга иккови,
Берди дардини сўзлаб.
Онасининг кўзига,
Юрганин шифо излаб.
Бобо деди: -Ўғлонлар,
Бўлинг тетик, мард-ўктам.
Асло бўлманг ноумид,
Фойда бермас қайғу-ғам.
Мингта қайғу-аламдан,
Бир ҳаракат яхшироқ.
Хўп десангиз очайлик,
Биргалашиб бир булоқ.
Сўнгра Ҳасан-Ҳусан деб,
От қўяйлик булоққа.
Булоқ суви ҳаётбахш,
Этсин овул-қишлоққа.
Чолга бундоқ қарашса,
Турар эди ўйланиб.
Булоқ кўзин очишда,
Ёлғиз ўзи қийналиб.
Белни боғлаб Фарҳоддай,
Ишга тушди икковлон.
Улкан-улкан тошларни,
Улоқтирди ҳар томон.
Тошни кавлаб ҳар куни,
Чуқурликка бўйлайди.
Қийналса ҳам ўзлари,
Онасини ўйлайди.
Лекин қанча қазсалар,
Булоқ суви кўринмас
Отахонга ўғлонлар,
Ёрдам бермаса бўлмас.
Ташлаб кетса номардлик,
Булоқ кўзин очмоқ шарт.
Меҳнат нима одамга,
Энг оғири қайғу-дард.
Тиним билмай қўш ўғлон,
Роса терлаб ишлади.
Меҳнатидан куч олиб,
Кўнгилларин ҳушлади.
Бир кун Ҳасан йиқилиб,
Урилар харсанг тошга.
Боши шишиб кетса ҳам,
Чидам берар бардошга.
Омон бўлса бошим дер,
Қийинчилик ўтади.
Онам кўзи очилса,
Ярам битиб кетади.
Чуқур қудуқнинг ичи,
Кўринар гўё қафас.
Ҳатто ҳаво етишмай,
Икков ололмас нафас.
Кўп кун меҳнат қилса ҳам,
Сув чиқмади бари бир.
Қанча қазса, шунчалар,
Қаттиқлашиб борар ер.
Чол ачиниб уларга,
Ўғилларим, қўйинг, дер.
Сув чиқмаскан бу жойдан,
Топамиз дер бошқа ер.
Дадил бўлиб ўғлонлар,
Сув чиқар дер Бобожон.
Ҳалол меҳнат дунёда,
Бекор кетмас ҳеч қачон.
Яна икков тиришиб,
Ишларига киришар.
Тошни-тошга уришиб,
Кучларини беришар.
Бир ариқ сув қудуқдан,
Чиқар шунда шарқираб.
Мард йигитлар ишига,
Бобо турар шод қараб.
Сувлар оқди сой томон,
Пастликдаги қишлоққа.
Гиёҳларга кирди жон,
Майсаларга, ўтлоққа.
Кўриб булоқ сувини,
Қишлоқ аҳли шодланди.
Айниқса болажонлар,
Чўмилишиб завқланди.
Ҳасан-Ҳусан онаси,
Сувга келди эл билан.
Ювди юзи-кўзини,
Очиқ чеҳра дил билан.
Шунда она кўзлари,
Кетмиш бирдан очилиб.
Кўзларидан қуёшдек,
Севинч нури сочилиб.
Уйга келса ўғлонлар,
Кулиб турар онаси.
Қучоғига ташланди,
Паҳлавон қўш боласи.
Ҳасан-Ҳусан булоғин,
Донғи кетди ҳар ёққа.
Шифоталаб беморлар,
Ювинар шу булоқда.

Манба: Саодат Тожи. “Инсон севар яхшини”. Тошкент. “Камалак” нашриёти. Тошкент. 1988 йил.

74ф.jpg O‘tgan asrning yetmishinchi, saksoninchi yillarda hatto poytaxt adabiy  davralarida Qashqa vohsidan eng ko‘p tilga olingan ijodkor shubhasiz Saodat Toji edi. O‘sha yillarda ayniqsa, chekka tumanlarda ijod qiladiganlarning  markaziy gazeta va jurnallarda she’r yoki hikoyasi chop qilinsa katta voqea  hisoblanar, kitob nashr ettirish esa hammaning ham qo‘lidan kelavermasdi.

O‘rolboy QOBIL
BOLADЕK BЕG‘UBOR EDI...
07

i_018.jpgShoirni hali-honuz yaqinlari yoki ijodkorlargina emas, badiyatga aloqasi bo‘lmagan kishilar ham esdan chiqargani yo‘q. “Huv, o‘sha, shlyapa kiyib bozordayam, yo‘ldayam, to‘ydayam she’r aytib yuradigan kishimi, ozgina sarxush yursa ham, ammo, zo‘r shoir edi”, — deb xotirlab qo‘yishadi.

O‘tgan asrning yetmishinchi, saksoninchi yillarda hatto poytaxt adabiy davralarida Qashqa vohsidan eng ko‘p tilga olingan ijodkor shubhasiz Saodat Toji edi. O‘sha yillarda ayniqsa, chekka tumanlarda ijod qiladiganlarning markaziy gazeta va jurnallarda she’r yoki hikoyasi chop qilinsa katta voqea hisoblanar, kitob nashr ettirish esa hammaning ham qo‘lidan kelavermasdi.

Ammo Saodat Toji bundan mustasno edi. U o‘sha davrning eng ilg‘or bolalar shoirlari bilan bab-barovar ijod maydonida ot surish imkonini topdi. Buning barisi osonlik bilan amalga oshadigan yumush emasdi. U tinimsiz ijod qilar, Toshkent borish esa unga bozorga borishdek ish bo‘lib qolgandi. Qaysi bir kuni shoir shunday degandi:
-Bir kuni “Gulxan” jurnali bosh muharriri Abdulla Oripovning huzuriga kirdim. Shoir meni ko‘rib so‘radi:
-Saodat aka, hech tinim bilmas ekansiz-da, ayting-chi, o‘zbekning qaysi urug‘idansiz, o‘zi?
-Men Abdullaning nima sababdan savol berganini anglamadim, ammo tilimga bexosdan bir so‘z keldi.
-Men-mi, baynalmilal urug‘idan bo‘lsam kerak…
Shoir so‘zimni eshitib qah-qah otib kulib yubordi va dedi:
-Shunday deyishingizni bilardim, qoyil!..

***

Hozir ham gurunglarda Saodat Toji haqida gap ketsa, albatta hajvchi Tursunboy Boymirov shunday deydi:
— Saodat aka tabiatan boladek beg‘ubor, sodda inson edi. Bir kuni yangi she’r yozib, tayyorlov idorasi raisining oldiga kirib, baland ovozda boshlabdi:

Yer unumdor, soz bo‘lsin,
Ko‘proq eking kartoshka.
Mashaqqati oz bo‘lsin,
Qulay bo‘lsin artishga.
Rais stolni chertib, shoirni she’r o‘qishdan to‘xtatibdi.
— Bo‘ldi, bo‘ldi, tushunarli, shuni she’r qilib aytish shartmidi, -deb shoshib telefon go‘shagiga ko‘taribdi.
– Hoy, Tirkash o‘zingdamisan? Hozir oldingga bir shoirni yuboryapman, ikki xalta kartoshka berib yubor. Uyida kartoshkasi qolmapti…

***

Ijodkorlar davrasida suhbat buyuklar haqida bo‘ldi.
— Tolstoyga tan berdim. Gyote ham buyuk. Alisher Navoiy – daho.
-Bulgakov, Kafkalarni aytmaysizmi?
— Stendal, Abdulla  Qodiriy, Abdulla  Qahhorlar ham chakkimas. Saodat aka, siz qaysi yozuvchi, shoirlarni buyuklar safiga qo‘shasiz?
— Men kecha maktab bolalariga she’r o‘qib berayotuvdim, — suhbatga qo‘shildi shoir. – Bir qush kelib boshimga qo‘ndi. Kichkina, rangi bulbulning rangiga o‘xshab ketadi. Keyin yelkamga qo‘nib, qulog‘imga bir nimalarni deb, chug‘ur – chug‘ur qildi. Ushlab, boshlarini silayman, degan edim, uchib ketdi. Ana shunda men buyukligimni bildim.

***

Keksa ijodkor Berdiqobil Xudoyqulov shoir haqida shunday xotirlaydi.
-Nafaqaga chiqgach taqdir yo‘llari do‘stim Saodat Toji bilan yana to‘qnashtirdi. Men o‘sha paytlarda do‘stlar diydoriga, mehriga tashna edim. Shoir do‘stimni har kuni uyimga taklif etib, suhbatlashar, shaxmat o‘ynardik. Kunlarning birida uning “Afandi” gazetasida qiziq she’ri bosildi.

Xo‘p go‘zal zamon keldi,
Zamona omon keldi.
Orzulari yo‘lida,
Hamma zo‘r ishlayapti.
Men ham qarab turaymi,
Biznes qilib ko‘raymi?
She’rlarimni sotaman,
Gonorarga botaman.
Hoy odamlar, odamlar,
Tezroq kelib qoling,
She’rimdan olib qoling.
Tush desangiz, tushaman,
Qo‘sh desangiz, qo‘shaman.
O‘t desangiz, o‘taman.
Olsangiz, hech kuymaysiz,
O‘qib sira to‘ymaysiz.
She’rlarim mag‘zi larzon,
Bolalar uchun arzon.
Marhamat, savdo qiling,
Do‘stlarga sovg‘a qiling.
Men ham bir boyib qolay,
Damasmi, Tiko olay.
Toji Saodat bo‘lib,
Turmushidan shod bo‘lib,
Tanilay odamlarga,
Yer yuzi, olamlarga.

Ha, Saodat Toji nomdor bolalar shoiri edi. U yozganlarini ingliz rus, tojik, qozoq tillarida ravon yoddan aytardi. Uning kattalar uchun bitgan o‘nlab she’rlari, qissalari borligini, ijod namunalarini to‘plab, “Saodatnoma” nomi bilan qaysidir nashriyotga topshirgan deb, eshitganmiz. Qani edi, birorta mard tadbirkor bo‘lsa-yu, shoirning kitoblarini chop ettirsa, savobning tagida qolardi. U yashagan uyning devoriga “Bu uyda sevimli bolalar shoiri Saodat Toji yashadi va ijod qildi”, degan lavhani osib qo‘ysak …

U ketdi…
Mehrni izlab olisga.
Qushlari yoniga, gullar yoniga.
“Shoir bobo” deya e’zozlab sevgan,
Sho‘xchan bolalarning singib bag‘riga.
Bizdan-ku nom-nishon qolmagay balki,
Bitta so‘z aytayin kelmasin malol.
Bir kuni she’rparast bolalar albat,
Qamashida tiklar shoirga haykal

Saodat Toji
SHE’RLAR
07

Saodat Toji 1933 yilda Qamashi tumani Qoratepa qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat chet tillar oliygohini tamomlab, ko‘p yillar Qamashi shahridagi maktabda o‘qituvchilik qildi. Shoirning “Cho‘l qo‘shig‘i”, “Eng yaxshi sovg‘a”, “Inson sevar yaxshini”, “Qushlar bayrami”, “Oltin bolta” kabi bolalarga atalgan she’riy kitoblari nashr etilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi a’zosi shoir Saodat Toji 2001 yilda vafot etdi.

07

O‘ZBЕKISTON

O‘zbekiston go‘zal o‘lkam,
Men saodat farzandi.
Dalalari ajib ko‘rkam,
Odamlari mard, tanti.
O‘n ikki oy boshidan,
Arimagay doim nur.
Bog‘laridan, tog‘-toshidan,
Taraladi zavq-surur.
Tuprog‘i zar, qori kumush,
Jannat makon diyordir.
Bu o‘lkani bir ko‘rganlar,
Ko‘rish uchun xumordir.
Bag‘ri to‘la ming fazilat,
Xalqi yashar xurram-shod.
Teng yashaydi barcha millat,
Har narsasi bor obod.
Quyoshli yurt ta’rifini,
She’rga solgim keladi.
O‘zbekiston farzandi bo‘p,
Mangu qolgum keladi.

QO‘SHIQ

Yaxshi – zamona,
Quvnab kulaylik.
G‘amdir begona,
Dildan quvnaylik.
Bog‘larda gullar,
Nagoh so‘lmasin.
Pokiza dillar,
Ozor bilmasin.
Mehnatda odam,
Baxti kulajak.
Bag‘riga chorlar,
Porloq kelajak.
Hamma yaxshilik,
Aylasin odat.
Baxt tilar sizga,
Shoir Saodat.

ASALARI

Asalari, asalari,
Qo‘rqib mendan qochma nari.
Gul o‘stirdim sening uchun,
Asal to‘pla mening uchun.
Gul asalin maza derlar,
Yeyishga soz, toza derlar,
Yasab qo‘ydim, uy-quticha,
Asal to‘pla menga picha.
Asalari keldi uchib,
Aylandilar bog‘ni quchib.
Mayli dedi, to‘play asal,
Asalim yeb bo‘lma kasal.
Yomonlarga nayzam o‘qdir,
Yaxshilarga nafim ko‘pdir.

Manba: ”Ezgulik gullari”. To‘plam. “Nasaf” nashriyoti. 1995 yil.

ONA

Egizak o‘g‘li bilan
Yashab o‘tgan bir ona.
Ertak sevar bolalar,
Shu haqda bu afsona.
O‘g‘illari mehnatkash,
Alpomishdek zo‘r ekan.
Ammo onaizori,
Ko‘zi ojiz – ko‘r ekan.
Ona ko‘zin ko‘rmagan
Mullo, tabib qolmabdi.
Har qaysi har so‘z aytib,
O‘g‘lonlarni aldabdi.
O‘g‘illar der: -Onajon,
Eshiting so‘zimizni.
Yo‘q demang, biz bittadan
Beraylik ko‘zimizni.
Siz emasmi bizlarni,
Tug‘ib katta aylagan.
Mehringizni quyoshday,
Qalbimizga joylagan.
Bizlar uchun zot yo‘qdir,
Sizdan ortiq dunyoda.
Yeru osmon, oftobdan,
Biz uchun siz ziyoda.
Ona dedi ruhlanib,
-O‘rgilayin sizlardan.
Olar qalbim yog‘du-nur,
Sizlardagi ko‘zlardan.
Ko‘zlaringiz baxtimga,
Porlab tursin yulduzdek.
Ona uchun buyuk baxt,
Bormikan o‘g‘il-qizdek.
Ikkalangiz aslida,
Mening ikki ko‘zimsiz.
Gar ko‘z yumsam hayotdan,
Ortda qolar izimsiz.
O‘g‘illar der:-Topmasak,
Ko‘zingizga gar shifo.
Ona, sizga munosib,
Farzand emas biz aslo.
Shunday deya o‘g‘illar,
Bo‘ldi yo‘lga ravona.
Yo‘l yursa ham mo‘l yurib,
Dadil bo‘lib mardona.
O‘g‘illarga nogohon,
Uchrar yo‘lda bitta chol.
Salom berib boboga,
So‘rashdilar hol-ahvol.
So‘ngra cholga ikkovi,
Berdi dardini so‘zlab.
Onasining ko‘ziga,
Yurganin shifo izlab.
Bobo dedi: -O‘g‘lonlar,
Bo‘ling tetik, mard-o‘ktam.
Aslo bo‘lmang noumid,
Foyda bermas qayg‘u-g‘am.
Mingta qayg‘u-alamdan,
Bir harakat yaxshiroq.
Xo‘p desangiz ochaylik,
Birgalashib bir buloq.
So‘ngra Hasan-Husan deb,
Ot qo‘yaylik buloqqa.
Buloq suvi hayotbaxsh,
Etsin ovul-qishloqqa.
Cholga bundoq qarashsa,
Turar edi o‘ylanib.
Buloq ko‘zin ochishda,
Yolg‘iz o‘zi qiynalib.
Belni bog‘lab Farhodday,
Ishga tushdi ikkovlon.
Ulkan-ulkan toshlarni,
Uloqtirdi har tomon.
Toshni kavlab har kuni,
Chuqurlikka bo‘ylaydi.
Qiynalsa ham o‘zlari,
Onasini o‘ylaydi.
Lekin qancha qazsalar,
Buloq suvi ko‘rinmas
Otaxonga o‘g‘lonlar,
Yordam bermasa bo‘lmas.
Tashlab ketsa nomardlik,
Buloq ko‘zin ochmoq shart.
Mehnat nima odamga,
Eng og‘iri qayg‘u-dard.
Tinim bilmay qo‘sh o‘g‘lon,
Rosa terlab ishladi.
Mehnatidan kuch olib,
Ko‘ngillarin hushladi.
Bir kun Hasan yiqilib,
Urilar xarsang toshga.
Boshi shishib ketsa ham,
Chidam berar bardoshga.
Omon bo‘lsa boshim der,
Qiyinchilik o‘tadi.
Onam ko‘zi ochilsa,
Yaram bitib ketadi.
Chuqur quduqning ichi,
Ko‘rinar go‘yo qafas.
Hatto havo yetishmay,
Ikkov ololmas nafas.
Ko‘p kun mehnat qilsa ham,
Suv chiqmadi bari bir.
Qancha qazsa, shunchalar,
Qattiqlashib borar yer.
Chol achinib ularga,
O‘g‘illarim, qo‘ying, der.
Suv chiqmaskan bu joydan,
Topamiz der boshqa yer.
Dadil bo‘lib o‘g‘lonlar,
Suv chiqar der Bobojon.
Halol mehnat dunyoda,
Bekor ketmas hech qachon.
Yana ikkov tirishib,
Ishlariga kirishar.
Toshni-toshga urishib,
Kuchlarini berishar.
Bir ariq suv quduqdan,
Chiqar shunda sharqirab.
Mard yigitlar ishiga,
Bobo turar shod qarab.
Suvlar oqdi soy tomon,
Pastlikdagi qishloqqa.
Giyohlarga kirdi jon,
Maysalarga, o‘tloqqa.
Ko‘rib buloq suvini,
Qishloq ahli shodlandi.
Ayniqsa bolajonlar,
Cho‘milishib zavqlandi.
Hasan-Husan onasi,
Suvga keldi el bilan.
Yuvdi yuzi-ko‘zini,
Ochiq chehra dil bilan.
Shunda ona ko‘zlari,
Ketmish birdan ochilib.
Ko‘zlaridan quyoshdek,
Sevinch nuri sochilib.
Uyga kelsa o‘g‘lonlar,
Kulib turar onasi.
Quchog‘iga tashlandi,
Pahlavon qo‘sh bolasi.
Hasan-Husan bulog‘in,
Dong‘i ketdi har yoqqa.
Shifotalab bemorlar,
Yuvinar shu buloqda.

Manba: Saodat Toji. “Inson sevar yaxshini”. Toshkent. “Kamalak” nashriyoti. Toshkent. 1988 yil.

034

(Tashriflar: umumiy 579, bugungi 1)

Izoh qoldiring