Abu Bakr al-Xorazmiy: hayoti va ilmiy faoliyati,she’rlari va hikmatlaridan namunalar

067* Султоннннг оз (нарсаси) ҳам кўпдир, у билан муомала қилиш (учун) эҳтиёткорлик ва тадбир (керак), унинг (айбини) очиш алданиш ва алданишдир. * Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир.

АБУ БАКР АЛ-ХОРАЗМИЙ
ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ,

ШЕЪРЛАРИ ВА ҲИКМАТЛАРИДАН НАМУНАЛАР
И. Тошпўлатова (Тошкент ислом университети)
012

Мустақиллик йилларида республикамизда маданий мерос, ўтмиш алломалар ижодини ўрганиш, миллий қадриятларни тиклашга катта эътибор берилмоқда. Халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий, тарихий, маданий ва илмий ҳаётини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун қулай имкониятлар яратилди. Авваллари ўрганишга имконияти бўлмаган, асарлари тадқиқ этилмаган алломалар ҳаёти ва ижоди ўрганила бошланди.

Ўзбекистон ислом маданияти бўйича ёзма обидалар хазинаси саналади. Ўзбек халқининг бу бебаҳо маданий мероси, маданият ва маънавиятнинг ривожланиш тарихини акс эттиради. Бу тарихий жараёнларда Ўзбекистон ҳамда унинг етакчи маданий марказлар сифатида бутун мусулмон оламида машҳур бўлган Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Термиз, Хива, Шош ва бошқа шаҳарлари алоҳида ўрин тутади. Бу муқаддас заминдан бутун дунёга жаҳон цвилизацияси ва ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан.

Жаҳон фани ва маданиятининг яратилишида кўҳна Хоразмнинг ҳам улкан улуши бор. Ўрта асрларда ушбу ҳудуддан кўплаб алломаларнинг етишиб чиққанлиги, ҳамда бир неча илмий мактаб, марказ ва академияларнинг фаолият юритганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Асрлар давомида бу ерда туғилиб, тарбия топган алломалар ўз замонасининг турли илмий соҳаларида ижод қилиб, ўша давр илм-фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшдилар. Айниқса, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва калом илми каби диний билимлар ниҳоятда тараққий этди. Ана шундай алломалардан бири X асрда яшаб ижод этган Хоразмлик буюк олим, ўз замонасининг даҳоси Абу Бакр ал-Хоразмийдир.

Абу Бакр ал-Хоразмий ўз даврининг таниқли шоири ва адибларидан бўлган. Бу ҳақда Абу Мансур Саолибий шундай ёзади: «Абу Бакр Хоразмий замонасининг энг даҳоси, адаб денгизи, наср ва назмнинг туғи, фазл ва идрок соҳиби бўлган. Араблар тарихи, жанглар ва девонларини чуқур билган ва ҳар қандай бўлимидан ва дурларидан мисол келтира оладиган даражада етук олим бўлган. Адаб гўзалликларида энг олий даражага эришган. Мушоҳадасининг ёқимлилиги, саҳоватининг юксаклиги ва хазлларининг ҳаловатлилиги билан ҳар қандай йиғилишда ғолиб чиқарди. Унинг рисолалар девони (Ар-Расоил) жилдларга ажратилиб кенг тарқалган»[1].

Хоразмий луғат ва шеър ёдлашда ўз замонасининг яктоси бўлган. Бир ривоятга кўра, Абу Бакр ал-Хоразмий Исфаҳонга ас-Соҳиб ибн Аббод ҳузурига боради ва кириш учун изн сўрайди. Шунда ас-Соҳиб ясовулларига агар араб шеъриятидан йигирма минг байт ёддан айтиб берсагина рухсат беришини айтади. Бунга жавобан шоир аёл шоирларнинг шеърлариданми ёки эркак шоирларникиданми деб сўрайди. Буни ас-Соҳибга етказишганда, у Абу Бакр келибди, деб ўзи пешвоз чиқиб кутиб олган экан»[2].

Дарҳақиқат, алломанинг ижод намуналари, унинг шеърият илмида ҳақиқий қобилият эгаси бўлганлигини кўрсатади. У араб адабиёти, грамматикаси ҳамда тилшунослиги бўйича чуқур билимга эга бўлган.

Абу Бакр ал-Хоразмий ҳаёти ҳақида табақот шаклида ёзилган қатор китобларда маълумот бериб ўтилган. Лекин ушбу китоблардаги маълумотлар алломанинг фаолияти ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишимиз учун имкон бермайди. Чунки, ушбу китоблардаги маълумотларнинг деярли барчаси бир-хил бўлиб, улар бир-биридан кўчирилганлигини кўрсатади.

Манбаларда унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмий деб келтирилади. У Абу Бакр куняси билан машҳур бўлган. Абу Бакр ал-Хоразмий «Табархазий» нисбаси билан ҳам аталган. Чунки, у Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийни опасининг ўғли бўлган[3].

Абу Мансур ас-Саолибийнинг «Ятимат ад-даҳр» номли асарида Абу Бакр ал-Хоразмийни асли табаристонлик, туғилиб ўсган жойи Хоразм деб кўрсатилган[4].

Абу Бакр ал-Хоразмий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш натижасида маълум бўлдики, у дастлабки таълимни она шаҳри Хоразмда эгаллаб, сўнгра илм олиш мақсадида бошқа ўлкаларга сафар қилган. Дастлаб, Сижистонга, кейин Дамашққа борган. Бир муддат Дамашқда яшаб, Халабга йўл олган. Бу ерда машҳур Ҳамдамийлар амири Абулҳасан Сайфуддавла (944-967) билан танишган, унинг саройида ҳизмат қилиб, сўнгра Бухорога қайтиб келган. Кейинчалик Нишопурга кўчиб бориб, у ерда таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Қазвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Хакамийлар билан дўстлашган. Манбаларда ёзилишича, Хоразмий Ироқ ва Шом олимларидан илм олган.
Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурда яшаган вақтида Абу Мансур ас-Саолибий билан танишади. Саолибий ўзининг «Йатимат ад-даҳр» номли асарида Хоразмийга юксак баҳо бериб, уни муншид сифатида кўрсатади.
Хоразмий вафотидан бир йил аввал Нишопурга кўчиб келган ва ҳиж. 383, милодий 993 санада ўша ерда вафот этган[5].

Абу Бакр ал-Хоразмий нафақат етук адиб, балки ўз даврининг қомусий олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир.

Аллома илм-фаннинг турли соҳаларида қалам тебратган ва ўз даврида машҳур бўлган қатор асарлар яратган. Манбаларда Хоразмийнинг «Девон аш-шиър» («Шеърлар девони»), «Мажмуъа ар-расоил» («Мактублар тўплами») ва «Расм ал-маъмур мин ал-Билад» («Обод диёрнинг чизмаси») каби асарлар ёзганлиги таъкидланади.

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг «Мажмуъа ар-расоил» (Мактублар тўплами) асари машҳур бўлиб, қайд этилишича, ушбу асар X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Унда Хоразмийнинг дўстлари ва ҳомийлари, яъни шоир замонасидаги машҳур кишилар, амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга, ёзган хатлари жамланган. Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабаларга кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлашиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, тухфалар учун ташаккурга бағишланган.

Алломанинг илмий маънавий меросида машҳур асари «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» («Илмларга фойдали ва ташвишларни кетказувчи» китоб) нинг аҳамияти катта. Алломанинг мазкур асари илк маротаба 1903 йилда Саид
Муҳаммад Хошим ҳомийлигида Дамашқда чоп этилган. Кейинчалик 1909 йилда Мисрда, 1911 йилда такроран Мисрда нашр этилган.

Асар ўз даврининг энциклопедик манбаси нуфузига эга бўлган. Бу ҳақда асар муқаддимасида муаллифнинг ўзи: «Ушбу китобни турли диний ҳамда дунёвий масалаларда кишиларга фойдали бўлиши учун ёздим ва уни «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» дея номладим»4, деб ёзади.

Мулла Котиб Чалабий ўзининг «Кашф аз-зунун» номли асарида бу борада қуйидаги маълумотларни келтиради: «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» асарида кейинги давр олими қизиқарли маълумотларни жамлаган»[6]. Асардаги маълумотлар турли мавзуларга қаратилган бўлиб, улар муаллиф томонидан жуда аниқлик билан ифодаланган. Масалан, ислом динининг асосий беш аркони, тавҳид ва унинг моҳияти, олам ва инсоннинг яратилиши, нубувват ва унинг шартлари, турли диний-ахлоқий қоидалар, эсхотология масалалари, адашган диний фирқаларга раддиялар, инсондаги турли салбий иллатларнинг оқибатлари ва уларни муолажа қилиш усуллари, шунингдек, географик маълумотлар, ўлкашунослик масалалари, давлатни бошқариш сирлари, ҳарбий стратегия ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олади. Хоразмий асардаги мавзуларни ёритишда шеърий қофиялардан ҳам фойдаланади.
Хоразмий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо бериб, у ҳақида қимматли маълумотларни келтирганлар.

Аллома ижодининг аксарият қисми илм-фан, одоб-ахлоқ, адолат, ҳиммат, дўстлик каби муҳим ижтимоий масалаларга бағишланган бўлиб, уларда қўлланилган иборалар халқ ҳикматига айланиб кетган. Ватандошимизнинг асарларида ёритган ҳаётий-фалсафий, маънавий-маърифий фикрларини ўрганиш ва уни замонавий руҳда ривожлантириш бугунги кун ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга.

________________________________________
[1] Саолибий А.М. Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср. –Тадқиқ қилувчи, таржимон, изоҳ ва кўрсаткичларни тузувчи Абдуллаеа И., -Тошкент.: Фан, 1976. -Б236.
[2] Самьоний. Ал-Ансоб. V жилдли. Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут.: Дор ал-фикр, 1419/1998. Ж.2.-Б.156.
[3]Саад А. Ўрта Осиё олимлари қомуси. З.Мунавваров тахрири остида. –Тошкент.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. –Б.151.
[4] Саолибий А.М. Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср. –Тадқиқ қилувчи, таржимон, изоҳ ва кўрсаткичларни тузувчи Абдуллаеа И., -Тошкент.: Фан, 1976. –Б.236.
[5] Саолибий А.М. Ўша асар. –Б.246.
[6] Чалабий М.К. Кашф аз-зунун. Олам, 1310. Ж.2. –Б.226.

ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
Ҳусниддин Шарипов таржималари
012

1

Гар шикоят айласанг соч оқидан, туҳмат бўлур,
Бўлса оқ сочинг экин, умринг уруғдир ҳар қалай.

2

У шаробдир, кайфи бирлан жалб этар доим сени,
Сўнг кулиб кайфдан, шаробни мадҳ этармиз ўйламай.

3

Бу танбал ҳожатида бўлма ҳамроҳ,
Фасоддан неча солиҳ бўлди гумроҳ.

Сўнар кул бирла қоришганда чўғ ҳам,
Мараз соғ танга сингиб, чектирар оҳ.

4

Агар ёв бирла дуч келсанг, матонат айлагин зоҳир,
Бўлурсан, сустлигинг ошкор этиб, тупроққа тенг охир.

Кўрар қўлларда эъзоз кўркка тўлган фаслида райҳон,
Кўрар ахлат аро ул ўзини қолган чоғда бесоҳир.

ҲИКМАТЛАРИДАН
012

Қалбаки мақташ ҳақоратлашдир, пойдеворсиз қурилган бино қулайди.

* * *

Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир.

* * *

Ғазаб ҳурматни унутади, яхшиликларни кўмиб юборади ва гуноҳсизлар учун жиноятлар вужудга келтиради.

* * *

Инсон эҳсони билан, эҳсон султони билан, султон замони билан, замон имкони билан, имкон эса маконини белгилаб бериши билан.

* * *

Дунё — совчиси кўп келин, подшоҳлик—харидорга сероб бир мол.

* * *

Кишиларга маълум бўлмаса ҳам, ҳақиқат ҳақиқатдир, кўр кўрмаса ҳам, кундузи кундузидир.

* * *

Эҳтиётсиз (қилинган) дори-дармон касалликдир, унга ҳожат тушгандагина шифо бўлади.

* * *

Унутилган жойда эсга тушириш (бўлади), эрк берилган жойда қозига рўпара бўлинади.

* * *

Нафс ўз тузилишига мойилдир, қуш ўз зотига тортади.

* * *

Хира кўзнинг гуноҳи зулматни севиш ва ёруғликни ёмон кўришдан (иборат).

* * *

Олижаноб (киши) зафарининг каромати (шундаки), агар қўлга киритса, (бошқаларга) беради, пасткаш зафарининг қабиҳлиги шундаки, қўлга киритса, яна (кўпроқ) киритишни истайди.

* * *

Дангасанинг ҳожатида унга ҳамроҳ бўлма, қанча содиқ кишилар бошқанинг фасоди билан бузилиб кетадилар.

* * *

Коса ва чўнтакнинг иккаласини (баробар) тўлдиришга ҳукм қилинмаган, косани тўлдириш учун чўнтакни бўшатиш керак.

* * *

Қарамли киши таҳқирланса ҳам азиздир. Карамли киши гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди.

* * *

Ота-оналар икки хил: туғилиш отаси ва таълим бериш отаси; биринчиси жисмоний ҳаёт сабабли, иккинчиси руҳий ҳаёт сабабли.

* * *

Душманларга матонатни зоҳир қилиш сенга (лозим), ўзингдаги сустликни ҳеч зоҳир этмагин, (у вақтда) сен таҳқирланиб қоласан.

* * *

Райҳонни кўрганмисан? Кўкариб турганда уни ҳидлашади, қачон туси ўзгарса, таҳоратхонага ташлаб юборишади.

* * *

Китобга рашк (қилиш) карамли ишлардан, балки у оилага рашк қилишнинг ҳамшираси.

* * *

Агар эр кишини хавотирлик ипи кишанлаб қўйган бўлса, орзу-умид улови томон қўзғололмайди.

* * *

Далил кўрсатишдан мағлуб бўлган (киши) ҳамма нарсани айтиб беради, ғарқ бўлаётган эса ҳар бир ипга осилишга уринади.

* * *

Ақлли киши икки ёмон ишдан яхшисини танлаб олади ва иккита ишончли кишининг энг адолатлисига ён босади.

* * *

Карамли (киши) гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди.

* * *

Олижаноб (одам)нинг ҳиммати унинг камбағалликдан ҳимоя қилувчиси ва қисматига қарши қуролдир.

* * *

Иқрор бўлган кишига (қилинган) авф қаттиқ туриб талаб қилган кишига (қилинган) авфдан тезроқдир.

* * *

Инсоннинг келиб чиқиши тақозо қилган нарсага қандай қилиб у қаршилик қила олади, тупроғи ёмон бўлгандан кейин (қандай қилиб) ҳосил яхши бўла олади?

* * *

Даҳр қарздор, эҳтимол у ваъдасига вафо қилар, замона ҳомиладор, эҳтимол у эгизак туғар.

* * *

Муҳаббат ҳар қандай қиммат нарсанинг баҳосидир ва ҳар қандай юқори нарсанинг шотисидир.

* * *

Давр хоинлик қилгандан кейин вафо қилади, синдиргандан кейин тузатади, гуноҳдан кейин тавба қилади, ҳақорат қилгандан кейин тақдирлайди.

* * *

Мақсадга ортиқча интилиш ундан кейин қолишдир, етарликдан зиёдаси унинг кам (бўлишидир).

* * *

Қариндош қариндошнинг биродари, адиб адибнинг бир дарахт илдизидан кўкарган шохи.

* * *

Қилич аъзонинг қувватига қараб санчилади, от эса минган кишининг ҳолига қараб чопади.

* * *

Раҳбарлик (қилиш) тобеларнинг кўплигига боғлиқ, тобеларнинг кўп (бўлиши) хайру саҳоватнинг кўп бўлишига боғлиқ.

* * *

Қаерда рағбатлантириш бўлса, умид шу томонга йўл олади. Қаерга дон сепилса, шу ерга қуш қўнади.

* * *

Агар ҳокимиятда адолат ҳукм сурмаса, у инқирозга юз тутади.

* * *

Чопқир от урилса қоқилади, кескир шамшир зўр-зўракай (урилса), кесмайди, ростгўй тил ёлғон сўзласа, тутилиб қолади.

* * *

Кичикка мурувват энг латиф ва энг ёқимли бўлади, худди озгина сув энг ширин ва мазали бўлганидай.

* * *

Адабнинг меваси катта ақлдир, илмнинг меваси яхши амалдир.

* * *

Эҳсон эшиги унга киришни хоҳлаганлар учун очиқдир, мурувват қилишни хоҳлаган киши учун унинг иҳота қилинган жойи бемалалдир.

* * *

Карамли (киши) учун тўсиқ йўқдир, унинг олдидан эшик беркитилмайди ҳам.

* * *

Яхши кўрган китобни ўқиш қайғу заҳарига қарши доридир.

* * *

Фаровонликка шукр (қилиш) болага сабр (қилиш) дан осонроқдир, саломатликни сақлаш дардни даволашдан енгилроқдир.

* * *

Султоннннг оз (нарсаси) ҳам кўпдир, у билан муомала қилиш (учун) эҳтиёткорлик ва тадбир (керак), унинг (айбини) очиш алданиш ва алданишдир.

* * *

Бўҳтончидан кўра унга қулоқ солган киши ёмонроқдир, ёмон матодан уни қабул қилган киши ёмонроқдир.

* * *

Муҳаббат (сувидаги) хас-хашакларга бардош берилмаса ва унинг лойқа сувларини ичилмаса, унда яхшилик бўлмайди.

* * *

Сўзнинг энг яхшиси зиддига қарши чиқилишидан роҳатланиш, ҳазил ва жиддийлигидан хурсанд бўлишдир.

* * *

Иқболдан қалинроқ сатри-аврат бўлмайди, ишончдан қулайроқ шофе бўлмайди.

* * *

У туфайли йиғлаш мумкин бўлмаган калтак унинг энг оғритадиганидир, боланинг энг кучлиси уни шикоят енгиллаштиролмаганидир.

Ҳикматлар “Ўзбек педагогикаси антологияси”дан олинди.

003

ABU BAKR AL-XORAZMIY
HAYOTI VA ILMIY FAOLIYATI,

SHE’RLARI VA HIKMATLARIDAN NAMUNALAR
I. Tоshpo’latova (Toshkent islom universiteti)
012

Mustaqillik yillarida respublikamizda madaniy meros, o’tmish allomalar ijodini o’rganish, milliy qadriyatlarni tiklashga katta e’tibor berilmoqda. Xalqimizning ijtimoiy-iqtisodiy, tarixiy, madaniy va ilmiy hayotini chuqur o’rganish va keng targ’ib qilish uchun qulay imkoniyatlar yaratildi. Avvallari o’rganishga imkoniyati bo’lmagan, asarlari tadqiq etilmagan allomalar hayoti va ijodi o’rganila boshlandi.

O’zbekiston islom madaniyati bo’yicha yozma obidalar xazinasi sanaladi. O’zbek xalqining bu bebaho madaniy merosi, madaniyat va ma’naviyatning rivojlanish tarixini aks ettiradi. Bu tarixiy jarayonlarda O’zbekiston hamda uning yetakchi madaniy markazlar sifatida butun musulmon olamida mashhur bo’lgan Buxoro, Samarqand, Nasaf (Qarshi), Termiz, Xiva, Shosh va boshqa shaharlari alohida o’rin tutadi. Bu muqaddas zamindan butun dunyoga jahon svilizatsiyasi va islom madaniyati rivojiga ulkan hissa qo’shgan buyuk mutafakkir va allomalar yetishib chiqqan.

Jahon fani va madaniyatining yaratilishida ko’hna Xorazmning ham ulkan ulushi bor. O’rta asrlarda ushbu hududdan ko’plab allomalarning yetishib chiqqanligi, hamda bir necha ilmiy maktab, markaz va akademiyalarning faoliyat yuritganligi buning yorqin misolidir. Asrlar davomida bu yerda tug’ilib, tarbiya topgan allomalar o’z zamonasining turli ilmiy sohalarida ijod qilib, o’sha davr ilm-fan va madaniyatiga ulkan hissa qo’shdilar. Ayniqsa, tafsir, hadis, fiqh va kalom ilmi kabi diniy bilimlar nihoyatda taraqqiy etdi. Ana shunday allomalardan biri X asrda yashab ijod etgan Xorazmlik buyuk olim, o’z zamonasining dahosi Abu Bakr al-Xorazmiydir.

Abu Bakr al-Xorazmiy o’z davrining taniqli shoiri va adiblaridan bo’lgan. Bu haqda Abu Mansur Saolibiy shunday yozadi: «Abu Bakr Xorazmiy zamonasining eng dahosi, adab dengizi, nasr va nazmning tug’i, fazl va idrok sohibi bo’lgan. Arablar tarixi, janglar va devonlarini chuqur bilgan va har qanday bo’limidan va durlaridan misol keltira oladigan darajada yetuk olim bo’lgan. Adab go’zalliklarida eng oliy darajaga erishgan. Mushohadasining yoqimliligi, sahovatining yuksakligi va xazllarining halovatliligi bilan har qanday yig’ilishda g’olib chiqardi. Uning risolalar devoni (Ar-Rasoil) jildlarga ajratilib keng tarqalgan»[1].

Xorazmiy lug’at va she’r yodlashda o’z zamonasining yaktosi bo’lgan. Bir rivoyatga ko’ra, Abu Bakr al-Xorazmiy Isfahonga as-Sohib ibn Abbod huzuriga boradi va kirish uchun izn so’raydi. Shunda as-Sohib yasovullariga agar arab she’riyatidan yigirma ming bayt yoddan aytib bersagina ruxsat berishini aytadi. Bunga javoban shoir ayol shoirlarning she’rlaridanmi yoki erkak shoirlarnikidanmi deb so’raydi. Buni as-Sohibga yetkazishganda, u Abu Bakr kelibdi, deb o’zi peshvoz chiqib kutib olgan ekan»[2].

Darhaqiqat, allomaning ijod namunalari, uning she’riyat ilmida haqiqiy qobiliyat egasi bo’lganligini ko’rsatadi. U arab adabiyoti, grammatikasi hamda tilshunosligi bo’yicha chuqur bilimga ega bo’lgan.

Abu Bakr al-Xorazmiy hayoti haqida tabaqot shaklida yozilgan qator kitoblarda ma’lumot berib o’tilgan. Lekin ushbu kitoblardagi ma’lumotlar allomaning faoliyati haqida to’liq tasavvur hosil qilishimiz uchun imkon bermaydi. Chunki, ushbu kitoblardagi ma’lumotlarning deyarli barchasi bir-xil bo’lib, ular bir-biridan ko’chirilganligini ko’rsatadi.

Manbalarda uning to’liq ismi Abu Bakr Muhammad ibn al-Abbos al-Xorazmiy deb keltiriladi. U Abu Bakr kunyasi bilan mashhur bo’lgan. Abu Bakr al-Xorazmiy «Tabarxaziy» nisbasi bilan ham atalgan. Chunki, u Muhammad ibn Jarir at-Tabariyni opasining o’g’li bo’lgan[3].

Abu Mansur as-Saolibiyning «Yatimat ad-dahr» nomli asarida Abu Bakr al-Xorazmiyni asli tabaristonlik, tug’ilib o’sgan joyi Xorazm deb ko’rsatilgan[4].

Abu Bakr al-Xorazmiy hayoti va ilmiy faoliyatini o’rganish natijasida ma’lum bo’ldiki, u dastlabki ta’limni ona shahri Xorazmda egallab, so’ngra ilm olish maqsadida boshqa o’lkalarga safar qilgan. Dastlab, Sijistonga, keyin Damashqqa borgan. Bir muddat Damashqda yashab, Xalabga yo’l olgan. Bu yerda mashhur Hamdamiylar amiri Abulhasan Sayfuddavla (944-967) bilan tanishgan, uning saroyida hizmat qilib, so’ngra Buxoroga qaytib kelgan. Keyinchalik Nishopurga ko’chib borib, u yerda taniqli shoirlar Abulhasan al-Qazviniy, Abu Mansur al-Bag’aviy va Abulhasan al-Xakamiylar bilan do’stlashgan. Manbalarda yozilishicha, Xorazmiy Iroq va Shom olimlaridan ilm olgan.
Abu Bakr al-Xorazmiy Nishopurda yashagan vaqtida Abu Mansur as-Saolibiy bilan tanishadi. Saolibiy o’zining «Yatimat ad-dahr» nomli asarida Xorazmiyga yuksak baho berib, uni munshid sifatida ko’rsatadi.
Xorazmiy vafotidan bir yil avval Nishopurga ko’chib kelgan va hij. 383, milodiy 993 sanada o’sha yerda vafot etgan[5].

Abu Bakr al-Xorazmiy nafaqat yetuk adib, balki o’z davrining qomusiy olimi sifatida ham shuhrat qozongan ulug’ siymolardan biridir.

Alloma ilm-fanning turli sohalarida qalam tebratgan va o’z davrida mashhur bo’lgan qator asarlar yaratgan. Manbalarda Xorazmiyning «Devon ash-shi’r» («She’rlar devoni»), «Majmu’a ar-rasoil» («Maktublar to’plami») va «Rasm al-ma’mur min al-Bilad» («Obod diyorning chizmasi») kabi asarlar yozganligi ta’kidlanadi.

Abu Bakr al-Xorazmiyning «Majmu’a ar-rasoil» (Maktublar to’plami) asari mashhur bo’lib, qayd etilishicha, ushbu asar X asr nasriy adabiyotining mashhur yodgorligi hisoblanadi. Unda Xorazmiyning do’stlari va homiylari, ya’ni shoir zamonasidagi mashhur kishilar, amir, vazir, lashkarboshi, qozi, amaldor, faqihlarga, adib va tilshunos olimlarga, yozgan xatlari jamlangan. Risolalar mazmuni turli bayramlar, yuqori martabalarga ko’tarilish va biror muvaffaqiyatni qo’lga kiritish, o’lim, mansabdan chetlashish, kasallik yoki urush xavfi kabi munosabatlar bilan tabrik yoki qayg’u izhor etib, tasalli berish, tuxfalar uchun tashakkurga bag’ishlangan.

Allomaning ilmiy ma’naviy merosida mashhur asari «Mufid al-ulum va mubid al-humum» («Ilmlarga foydali va tashvishlarni ketkazuvchi» kitob) ning ahamiyati katta. Allomaning mazkur asari ilk marotaba 1903 yilda Said
Muhammad Xoshim homiyligida Damashqda chop etilgan. Keyinchalik 1909 yilda Misrda, 1911 yilda takroran Misrda nashr etilgan.

Asar o’z davrining entsiklopedik manbasi nufuziga ega bo’lgan. Bu haqda asar muqaddimasida muallifning o’zi: «Ushbu kitobni turli diniy hamda dunyoviy masalalarda kishilarga foydali bo’lishi uchun yozdim va uni «Mufid al-ulum va mubid al-humum» deya nomladim»4, deb yozadi.

Mulla Kotib Chalabiy o’zining «Kashf az-zunun» nomli asarida bu borada quyidagi ma’lumotlarni keltiradi: «Mufid al-ulum va mubid al-humum» asarida keyingi davr olimi qiziqarli ma’lumotlarni jamlagan»[6]. Asardagi ma’lumotlar turli mavzularga qaratilgan bo’lib, ular muallif tomonidan juda aniqlik bilan ifodalangan. Masalan, islom dinining asosiy besh arkoni, tavhid va uning mohiyati, olam va insonning yaratilishi, nubuvvat va uning shartlari, turli diniy axloqiy qoidalar, esxotologiya masalalari, adashgan diniy firqalarga raddiyalar, insondagi turli salbiy illatlarning oqibatlari va ularni muolaja qilish usullari, shuningdek, geografik ma’lumotlar, o’lkashunoslik masalalari, davlatni boshqarish sirlari, harbiy strategiya va boshqa shu kabi masalalarni o’z ichiga oladi. Xorazmiy asardagi mavzularni yoritishda she’riy qofiyalardan ham foydalanadi.
Xorazmiy ilmiy-ma’naviy merosini yaqindan o’rgangan tadqiqotchilar uning ijodiga yuksak baho berib, u haqida qimmatli ma’lumotlarni keltirganlar.

Alloma ijodining aksariyat qismi ilm-fan, odob-axloq, adolat, himmat, do’stlik kabi muhim ijtimoiy masalalarga bag’ishlangan bo’lib, ularda qo’llanilgan iboralar xalq hikmatiga aylanib ketgan. Vatandoshimizning asarlarida yoritgan hayotiy-falsafiy, ma’naviy-ma’rifiy fikrlarini o’rganish va uni zamonaviy ruhda rivojlantirish bugungi kun yosh avlod tarbiyasida beqiyos ahamiyatga ega.

________________________________________
[1] Saolibiy A.M. Yatimat ad-dahr fi mahosin ahl al-asr. –Tadqiq qiluvchi, tarjimon, izoh va ko’rsatkichlarni tuzuvchi Abdullaea I., -Toshkent.: Fan, 1976. -B236.
[2] Sam`oniy. Al-Ansob. V jildli. Abdulloh Umar al-Borudiy tahriri ostida. – Bayrut.: Dor al-fikr, 1419/1998. J.2.-B.156.
[3]Saad A. O’rta Osiyo olimlari qomusi. Z.Munavvarov taxriri ostida. –Toshkent.: Imom Buxoriy respublika ilmiy-ma’rifiy markazi nashriyoti, 2007. –B.151.
[4] Saolibiy A.M. Yatimat ad-dahr fi mahosin ahl al-asr. –Tadqiq qiluvchi, tarjimon, izoh va ko’rsatkichlarni tuzuvchi Abdullaea I., -Toshkent.: Fan, 1976. –B.236.
[5] Saolibiy A.M. O’sha asar. –B.246.
[6] Chalabiy M.K. Kashf az-zunun. Olam, 1310. J.2. –B.226.

SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
Husniddin Sharipov tarjimalari
012

1

Gar shikoyat aylasang soch oqidan, tuhmat bo’lur,
Bo’lsa oq soching ekin, umring urug’dir har qalay.

2

U sharobdir, kayfi birlan jalb etar doim seni,
So’ng kulib kayfdan, sharobni madh etarmiz o’ylamay.

3

Bu tanbal hojatida bo’lma hamroh,
Fasoddan necha solih bo’ldi gumroh.

So’nar kul birla qorishganda cho’g’ ham,
Maraz sog’ tanga singib, chektirar oh.

4

Agar yov birla duch kelsang, matonat aylagin zohir,
Bo’lursan, sustliging oshkor etib, tuproqqa teng oxir.

Ko’rar qo’llarda e’zoz ko’rkka to’lgan faslida rayhon,
Ko’rar axlat aro ul o’zini qolgan chog’da besohir.

HIKMATLARIDAN
012

Qalbaki maqtash haqoratlashdir, poydevorsiz qurilgan bino qulaydi.

* * *

Sababsiz uzr gunohdir, ishonch yo’qolishi bilan qilingan takalluf haqoratdir.

* * *

G’azab hurmatni unutadi, yaxshiliklarni ko’mib yuboradi va gunohsizlar uchun jinoyatlar vujudga keltiradi.

* * *

Inson ehsoni bilan, ehson sultoni bilan, sulton zamoni bilan, zamon imkoni bilan, imkon esa makonini belgilab berishi bilan.

* * *

Dunyo — sovchisi ko’p kelin, podshohlik—xaridorga serob bir mol.

* * *

Kishilarga ma’lum bo’lmasa ham, haqiqat haqiqatdir, ko’r ko’rmasa ham, kunduzi kunduzidir.

* * *

Ehtiyotsiz (qilingan) dori-darmon kasallikdir, unga hojat tushgandagina shifo bo’ladi.

* * *

Unutilgan joyda esga tushirish (bo’ladi), erk berilgan joyda qoziga ro’para bo’linadi.

* * *

Nafs o’z tuzilishiga moyildir, qush o’z zotiga tortadi.

* * *

Xira ko’zning gunohi zulmatni sevish va yorug’likni yomon ko’rishdan (iborat).

* * *

Olijanob (kishi) zafarining karomati (shundaki), agar qo’lga kiritsa, (boshqalarga) beradi, pastkash zafarining qabihligi shundaki, qo’lga kiritsa, yana (ko’proq) kiritishni istaydi.

* * *

Dangasaning hojatida unga hamroh bo’lma, qancha sodiq kishilar boshqaning fasodi bilan buzilib ketadilar.

* * *

Kosa va cho’ntakning ikkalasini (barobar) to’ldirishga hukm qilinmagan, kosani to’ldirish uchun cho’ntakni bo’shatish kerak.

* * *

Qaramli kishi tahqirlansa ham azizdir. Karamli kishi go’zallik bilan savdo qiladi, mol bilan savdo qilmaydi.

* * *

Ota-onalar ikki xil: tug’ilish otasi va ta’lim berish otasi; birinchisi jismoniy hayot sababli, ikkinchisi ruhiy hayot sababli.

* * *

Dushmanlarga matonatni zohir qilish senga (lozim), o’zingdagi sustlikni hech zohir etmagin, (u vaqtda) sen tahqirlanib qolasan.

* * *

Rayhonni ko’rganmisan? Ko’karib turganda uni hidlashadi, qachon tusi o’zgarsa, tahoratxonaga tashlab yuborishadi.

* * *

Kitobga rashk (qilish) karamli ishlardan, balki u oilaga rashk qilishning hamshirasi.

* * *

Agar er kishini xavotirlik ipi kishanlab qo’ygan bo’lsa, orzu-umid ulovi tomon qo’zg’ololmaydi.

* * *

Dalil ko’rsatishdan mag’lub bo’lgan (kishi) hamma narsani aytib beradi, g’arq bo’layotgan esa har bir ipga osilishga urinadi.

* * *

Aqlli kishi ikki yomon ishdan yaxshisini tanlab oladi va ikkita ishonchli kishining eng adolatlisiga yon bosadi.

* * *

Karamli (kishi) go’zallik bilan savdo qiladi, mol bilan savdo qilmaydi.

* * *

Olijanob (odam)ning himmati uning kambag’allikdan himoya qiluvchisi va qismatiga qarshi quroldir.

* * *

Iqror bo’lgan kishiga (qilingan) avf qattiq turib talab qilgan kishiga (qilingan) avfdan tezroqdir.

* * *

Insonning kelib chiqishi taqozo qilgan narsaga qanday qilib u qarshilik qila oladi, tuprog’i yomon bo’lgandan keyin (qanday qilib) hosil yaxshi bo’la oladi?

* * *

Dahr qarzdor, ehtimol u va’dasiga vafo qilar, zamona homilador, ehtimol u egizak tug’ar.

* * *

Muhabbat har qanday qimmat narsaning bahosidir va har qanday yuqori narsaning shotisidir.

* * *

Davr xoinlik qilgandan keyin vafo qiladi, sindirgandan keyin tuzatadi, gunohdan keyin tavba qiladi, haqorat qilgandan keyin taqdirlaydi.

* * *

Maqsadga ortiqcha intilish undan keyin qolishdir, yetarlikdan ziyodasi uning kam (bo’lishidir).

* * *

Qarindosh qarindoshning birodari, adib adibning bir daraxt ildizidan ko’kargan shoxi.

* * *

Qilich a’zoning quvvatiga qarab sanchiladi, ot esa mingan kishining holiga qarab chopadi.

* * *

Rahbarlik (qilish) tobelarning ko’pligiga bog’liq, tobelarning ko’p (bo’lishi) xayru sahovatning ko’p bo’lishiga bog’liq.

* * *

Qaerda rag’batlantirish bo’lsa, umid shu tomonga yo’l oladi. Qaerga don sepilsa, shu yerga qush qo’nadi.

* * *

Agar hokimiyatda adolat hukm surmasa, u inqirozga yuz tutadi.

* * *

Chopqir ot urilsa qoqiladi, keskir shamshir zo’r-zo’rakay (urilsa), kesmaydi, rostgo’y til yolg’on so’zlasa, tutilib qoladi.

* * *

Kichikka muruvvat eng latif va eng yoqimli bo’ladi, xuddi ozgina suv eng shirin va mazali bo’lganiday.

* * *

Adabning mevasi katta aqldir, ilmning mevasi yaxshi amaldir.

* * *

Ehson eshigi unga kirishni xohlaganlar uchun ochiqdir, muruvvat qilishni xohlagan kishi uchun uning ihota qilingan joyi bemalaldir.

* * *

Karamli (kishi) uchun to’siq yo’qdir, uning oldidan eshik berkitilmaydi ham.

* * *

Yaxshi ko’rgan kitobni o’qish qayg’u zahariga qarshi doridir.

* * *

Farovonlikka shukr (qilish) bolaga sabr (qilish) dan osonroqdir, salomatlikni saqlash dardni davolashdan yengilroqdir.

* * *

Sultonnnng oz (narsasi) ham ko’pdir, u bilan muomala qilish (uchun) ehtiyotkorlik va tadbir (kerak), uning (aybini) ochish aldanish va aldanishdir.

* * *

Bo’htonchidan ko’ra unga quloq solgan kishi yomonroqdir, yomon matodan uni qabul qilgan kishi yomonroqdir.

* * *

Muhabbat (suvidagi) xas-xashaklarga bardosh berilmasa va uning loyqa suvlarini ichilmasa, unda yaxshilik bo’lmaydi.

* * *

So’zning eng yaxshisi ziddiga qarshi chiqilishidan rohatlanish, hazil va jiddiyligidan xursand bo’lishdir.

* * *

Iqboldan qalinroq satri-avrat bo’lmaydi, ishonchdan qulayroq shofe bo’lmaydi.

* * *

U tufayli yig’lash mumkin bo’lmagan kaltak uning eng og’ritadiganidir, bolaning eng kuchlisi uni shikoyat yengillashtirolmaganidir.

Hikmatlar “O’zbek pedagogikasi antologiyasi”dan olindi.

003

(Tashriflar: umumiy 10 390, bugungi 1)

Izoh qoldiring