Nodir hikmatlar.

0-25
Бир киши донишманднинг олдига келиб, ундан сўради: “Мен бир аёлга уйланган эдим. Қарасам, унинг оёғи чўлоқ экан. Энди ундан ажралишимга рухсат борми?” Шунда ҳилиги донишманд: “Агар хотининг билан югуриш мусобақаси ўйнамоқчи бўлсанг, бемалол ундан ажралишинг мумкин” деб жавоб берган экан.

9ee

НОДИР ҲИКМАТЛАР

Бир донишманддан “Бизга тақвонинг нималигини тушунтириб беринг” деб сўрашибди, шунда у киши: “Агар тиканзор ерга кирсанг, қандай йўл тутасан?” деб сўрабдилар. Савол берувчи: “Тиконлар оёғимга кирмаслиги учун эҳтиёт бўлиб, оёқ учида ўтаман” деб жавоб берибди. Шунда ҳалиги донишманд: “Дунёда ҳам гуноҳлардан мана шундай сақланишинг тақводир” деб жавоб берган эканлар.

Бир донишманд шундай деган экан: “Шайтонга ташқарида, ҳамманинг кўзида душман бўлиб, ёлғиз қолганингда дўст бўлишдан сақлан.

Олим киши жоҳилни танийди. Чунки, ўша одам олим бўлишидан олдин жоҳил бўлган. Жоҳил эса, олимни танимайди. Чунки, у ҳали олим бўлганича йўқ.

Бир одам хотинини талоқ қилмоқчи бўлди. Шунда ундан: “Сенга хотинингни нимаси ёқмади?” деб сўрашди. У: “Ақлли одам аёлининг айбларини ошкор қилиб ҳаммага айтмайди” деб жавоб берди. Талоқ қилганидан кейин яна ундан: “Нега уни талоқ қилдинг?” деб сўрашди. Ҳалиги одам: “Нега энди мен ўзимга бегона бўлган аёл ҳақида гапиришим керак?!” жавоб берди.

Донолардан бири шундай деган экан: “Тўрт нарса сени алдаб қўймасин: Подшоҳларнинг иззат-икроми;
Душманнинг кулгиси;
Аёлларнинг хушомади;
Қишнинг иссиқлиги.

Яширилган сирлар инсон ичидаги қимматбаҳо тошлардир.

Ҳеч нарсани ўзида сақлай олмайдиган идишда яхшилик бўлмаганидек, сир сақлай олмайдиган одамда ҳам ҳеч яхшилик йўқ.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч кишини ғазабинг келган пайтда ҳам маломат қилма: касал одамни, рўзадорни ҳамда мусофирни.

Бир донишманд шундай деган экан: “Дунё бир харобазор, вайронадир. Уни обод қилувчининг қалби эса, ундан ҳам хароброқдир. Охират ободлик диёридир. Уни истовчининг қалби эса, ундан ҳам ободроқдир.

Донолардан бири айтади: “Оқил ўз нафсининг кирдикорларидан доим қийналуви, аммо одамлар ундан ҳурсанд, аҳмоқ эса, ўз нафсидан ҳурсанд, одамлар эса ундан хафадирлар.

Бир донишманд айтган экан: “Мен шайтондан кўра аёллардан кўпроқ қўрқаман. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, шайтоннинг макри заифдир” (Нисо, 76) деган. Аёллар ҳақида эса: “Ҳақиқатан, сизларнинг макрингиз улкандир” (Юсуф, 28) деган.

Дунё мисоли денгиз сувидир. Ташна одам қанча ичган сари, ташналиги зиёдалашиб бориб, охири ўша шўр сувдан заҳарланиб ўлади.

Тўрт нарса қалбни ўлдиради:
Кўп кулиш;
Кўп ейиш;
Кўп ухлаш;
Кўп сўзлаш.

Бир киши донишманднинг олдига келиб, ундан сўради: “Мен бир аёлга уйланган эдим. Қарасам, унинг оёғи чўлоқ экан. Энди ундан ажралишимга рухсат борми?” Шунда ҳилиги донишманд: “Агар хотининг билан югуриш мусобақаси ўйнамоқчи бўлсанг, бемалол ундан ажралишинг мумкин” деб жавоб берган экан.

Шайтон айтди: “Одамзодга ҳайронман: “Аллоҳни яхши кўраман” дейди-ю, Унга исён қилади. “Шайтонни ёмон кўраман” дейди-ю, аммо менга итоат этади”.

Ҳар бир бошланиш қийинлик билан ўтади.

Ҳар бир муаммони гўзал хулқ билан ҳал қилса бўлади.

Ҳар бир оқ кўринган нарса пахта, сариқ кўрингани олтин, қора кўрингани хурмо эмас.

Ғазабнинг аввали жиннилик, охири эса, надоматдир.

Ишларнинг яхшиси ўртачасидир.

Тадбир билан иш қилиш яхши яшашнинг ярмига кафолатдир.

Сабр шодлик ва роҳат калитидир.

Ким сабр қилса ютуққа эришади.

Жоҳилнинг ишончидан олимнинг гумони яхши.

Инсонлар билмаган нарсаларига душмандирлар.

Ким сабр қилса ва шошилмаса, орзусига етади.

Ҳар бир нарсада мўътадиллик яхшидир.

Беҳуда орзу-умидлар вафот этганларнинг қабрга олиб кетган нарсасидир.

Йигит киши ухлаб эмас, фаолиятини ўзгартириб дам олади.

Олийжаноблик билан шошқалоқлик ҳеч қачон бирлашмайди.

Кўпинча шоқалоқлик билан иш қилувчи одам ишини секин битиради.

Шошилган киши кўп хато қилади.

Жоҳиллик миниладиган улов бўлиб, ким уни минса, хор бўлади, кимки унга шерик бўлиб ёнида юрса, адашади”.
“Чала мулла жоҳилдан ҳам хатарлироқдир.

Уч тоифа кишининг мустақил фикри бўлмайди: қорни очнинг, мағрурнинг ва қўрқоқнинг.

Ақлсиз одам Аллоҳдан бошқасига суянади.

Одамларга узр айтишни биладиган киши инсонларнинг энг ақллисидир.

Нодон дўстдан ақлли душман яхши.

Ақл тажрибалар орқали ривожланади.

Тафаккур нурдир,ғафлат зулматдир.

Жоҳиллик адашишдир.

Бошқалардан ўзи учун ибрат олган киши бахтиёрдир.

Ақлли одам деб муаммодан чиқиб кета оладиган кишига айтилмайди, балки, ақлли одам деб муаммога тушмайдиган кишига айтилади.

Ўқ отишдан аввал ўқдонни ўқларга тўлдириб ол.

Кўп орзу қалбни касал қилади.

Ким нафсини таниса, Роббисини танийди.

Икки ёмон ишдан бирини қилишга мажбур бўлиб қолсанг, зарари енгилроғини танла.

Камбағал, маҳрум бўлса ҳам ақлли одам бой бўлган жоҳилдан яхшидир.

Аёлнинг ақли гўзаллиги, эркакнинг гўзаллиги ақлидир.

Илму маърифат енгилмас куч-қувватдир.

Соғлик-саломатлик улкан хазинадир.

Билганига амал қилмайдиган инсонларнинг энг жоҳили, билганига амал қиладигани уларнинг энг ақллиси, Аллоҳдан кўпроқ қўрқадигани эса, инсонларнинг энг афзалидир.

Осмонда қора булут тўпланишидан мурод ёмғир ёғиши эмас, балки, ўша ёмғир сабабли пишиб-етиладиган мевалардир.

Арабча манбалар асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлаган.

(Tashriflar: umumiy 150, bugungi 1)

Izoh qoldiring