Xitoyning eng boy kishisidan 10 maslahat

033

Бурчингиз нималардан иборат? Сизнинг бурчингиз меҳнатсевар бўлиш ва бошқаларга нисбатан кўпроқ мақсадларни кўзлашдир. Фақат аҳмоқларгина гапириш учун оғзидан фойдаланишади. Ақлли инсон мияси билан, доно эса қалби билан гапиради.

087
ХИТОЙНИНГ ЭНГ БОЙ КИШИСИДАН
10 МАСЛАҲАТ
044

“Alibaba” компаниясининг асосчиси бўлган Жек Ма Хитойдаги маданият инқилоби даврида зиёлилар сифатида қувғинга учраган камтаргина мусиқачилар оиласида вояга етган. Аммо оғир кечган болалигига қарамасдан, юзлаб миллиард долларни ташкил этувчи бизнесига эга бўлди. Унинг қуйидаги маслаҳатлари эса нафақат тадбиркорлар, балки барча учун фойдадан холи эмас.

Раҳбар ходимдан нимаси билан фарқ қилади?

1.Компания раҳбари техник билимларини ходимлар савияси билан солиштирмаслиги даркор. Ходимларнинг техник салоҳияти ҳар доим раҳбарникидан юқори бўлиши лозим.

2. Раҳбар компания ривожи билан боғлиқ омилларни бир неча йил олдиндан кўра олиши керак.

3. Раҳбар қатъий феъл-атворга эга бўлиши шарт, бу оддий ходимлар бажара олмайдиган вазифаларни бажаришда қўл келади.

4. Раҳбар тақдир зарбаларига тайёр бўлиши ва инқирозларни матонат билан енга олиш хусусиятига эга бўлиши керак.]

Сиёсатдан узоқроқ юринг

1Сиёсат ва пул камдан-кам ҳолларда бир кишининг қўлида бўлиши мумкин. Агар сиёсат оламига қадам қўйсангиз, бизнесни унутинг. Ва аксинча. Пул сиёсат билан тўқнаш келдими, бу гугуртнинг динамитга яқинлашиши билан баробар – портлашни кутаверинг.

Замонавий ёшларга тўрт маслаҳат

1. Ҳақиқий мағлубият нима? Ҳақиқий мағлубият бу курашишдан тўхташдир.

2. Мослашувчанлик нима? Омадсизликларга учраганингизда, ҳаётда оғир вазиятларга тушиб қолганингизда мослашувчанлик нима эканлигини тушунасиз.

3. Бурчингиз нималардан иборат? Сизнинг бурчингиз меҳнатсевар бўлиш ва бошқаларга нисбатан кўпроқ мақсадларни кўзлашдир.

4. Фақат аҳмоқларгина гапириш учун оғзидан фойдаланишади. Ақлли инсон мияси билан, доно эса қалби билан гапиради.

Ҳаётдан завқланинг

Мен доим ўзимга биз ишлаш учун эмас, ҳаётдан завқланиш учун дунёга келганимизни таъкидлайман. Бутун вақтимизни ишлашга эмас, бошқа инсонларнинг ҳаётини янада яхшилашга сарфлашимиз керак. Агар бор вақтингизни ишга сарфласангиз, эртами-кечми бундан афсусланасиз.

Рақобатчилар ва рақобат ҳақида

1. Аҳмоқларгина рақобатчиларга ёмон кўз билан қарайди.

2. Агар атрофингиздагиларга душмандек муносабатда бўлсангиз, улар ҳам сизга душман сифатида ёндашадилар.

3. Рақобатда нафратдан қочинг, бу сизни инқирозга етаклайди. Рақобат худди шахмат ўйинига ўхшайди. Ютқазсангиз, яна бир марта ўйнашингиз мумкин. Муштлашиш шарт эмас.

4. Хақиқий тадбиркорнинг душмани бўлмайди. Буни англаб етганингиз заҳоти сизни ҳеч ким тўхтатолмайди.

Нолиш ва шикоятлар ҳақида

1. Баъзида ҳаётдан нолисангиз бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Агарда тез-тез тушкунликка тушсангиз ва тинмай ҳаётдан нолийверсангиз, бу ичкиликбозликка ўхшаб қолади – қанча кўп ичсангиз, тўхташингиз шунчалик қийин бўлиб боради.

2. Муваффақиятга эришган инсонлар ҳеч қачон шикоят қилишмайди.

3. Одамларга сизнинг нима дейишингизнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ, сизнинг нима қилишингиз муҳимроқ.

Тадбиркорларга маслаҳатлар

1. Ҳақиқий имкониятлар ҳеч ким кўрмайдиган жойда бўлади. Агар мажлисда бирор таклифни йиғилганларнинг 90 фоизи маъқулласа, ўша таклифдан воз кечаман. Сабаби оддий: агар бу имкониятни шунча одам кўриб турган бўлса, демак, бунинг устида бошқа кўплаб компаниялар иш олиб бормоқда ва бунда етакчилик қилишимиз қийин бўлади.

2. Ходимларингиз ишга жон-дили билан келишларига ҳаракат қилинг.

3. 2001 йили мен хатога йўл қўйганман. Компанияга мен билан биргаликда асос солган ходимларимга уларнинг энг юқори лавозими менежерлик эканлигини билдирдим. Вице-президент ва ундан юқори даражадаги лавозимлар учун ташқаридан етакчи инсонларни топиш керак, деб ўйладим.

4. Йиллар ўтди, компанияга ёлланган ўша етакчиларнинг бирортаси ҳам бизда ишламаяпти, аммо мен ишонмаган ўша ҳамкасбларим вице-президентлик ва ундан катта лавозимларда ҳам моҳирлик билан иш юритишмоқда.

5. Мижозлар биринчи ўринда туришади. Иккинчи ўринда ходимлар. Ва ниҳоят, учинчи ўринда акциядорлар туришади.

6. Бошқалар сезишидан олдинроқ янги шароитларга мослашинг. Пул ҳақида, уни қандай топиш мумкинлиги ҳақида унутинг.

7. Мен қуйидаги тамойилга амал қиламан: сенинг қобилиятингдан кўра ишга бўлган муносабатинг ва қабул қиладиган қарорларинг муҳимроқ. Ҳаммани бир хилда ўйлашга мажбур қила олмайсиз, аммо барчани ягона мақсадга ишонтириш мумкин.

8. Ходимларингизни сиз билан бир хил ўйлашга мажбурлашга уринманг, бунинг имкони йўқ. Сиз билан бирга ишлаётганларнинг учдан бир қисми сизга ишонмайди. Уларнинг “шахс учун” ишлашига йўл қўйманг. Бунинг ўрнига, уларни бир умумий мақсад атрофида бирлаштиринг. Одамларни етакчи атрофида йиғишдан кўра умумий ғоя атрофида йиғиш осонроқ.

9. Қанчалик узоққа боришингизни сизнинг муносабатингиз белгилаб беради.

Тадбиркорлик ҳақида

1. Кўпинча яхши имкониятни тушунарли қилиб айтиб бериш қийин бўлади. Жуда осон тушунтириб бериладиган нарса эса яхши имконият бўлиб чиқмайди.

2. Ҳамкор сифатида сизнинг қобилиятингизни тўлдирадиган инсонни танланг. Сизга, албатта, муваффақиятга эришган инсон бўлиши шарт эмас.

3. Яхши одамларни эмас, тўғри одамларни танланг.

4. Дунёда энг мўрт нарса одамларнинг ўзаро муносабатидир.

5. “Текин” – жудаям қимматбаҳо сўз.

6. Бугун осон бўлмайди, эртага қийин бўлади, аммо индинга ҳаммаси яхши бўлади.

Нималарга йўл қўймаслик керак?

1. Тадбиркор учун энг ёмон хусусиятлар: дангасалик, вазиятни тўғри баҳолай олмаслик, юқори суръатда иш бошлаш ва уни давом эттиришга имконият топа олмаслик, олдинга қарай олмаслик.

2. Агар рақобатчиларингиз ҳақида ҳамма нарсани билмасангиз ёки уларни менсимасангиз ёхуд улардан келадиган хатарни кўрмасангиз, у ҳолда, албатта, мағлубиятга учрайсиз.

3. Рақобатчингиз сиздан кичикроқ ёки ўта заиф бўлса ҳам унга тенглардек муносабатда бўлинг. Агарда рақобатчингиз сизга нисбатан ўта йирик бўлса, ундан чўчиманг.

Ўз бизнесига эга бўлиш ҳақида

Ўз бизнесингизни бошлаганингиз доимий даромаддан, таътиллар ва йиллик мукофотлардан воз кечганингизни билдиради. Бошқа томондан эса бу даромадларингиз мутлақо чекланмаганлигини, ўз вақтингизни самарали сарфлашингизни, бировларга қарам бўлиб қолмаслигингизни англатади. Агар қарорларингиз тенгдошларингизнинг қарорларидан бошқача бўлса, ҳаётингиз ҳам уларникидан у ёки бу даражада фарқли бўлади.

0222

XITOYNING ENG BOY KISHISIDAN
10 MASLAHAT
044

“Alibaba” kompaniyasining asoschisi bo’lgan Jek Ma Xitoydagi madaniyat inqilobi davrida ziyolilar sifatida quvg’inga uchragan kamtargina musiqachilar oilasida voyaga yetgan. Ammo og’ir kechgan bolaligiga qaramasdan, yuzlab milliard dollarni tashkil etuvchi biznesiga ega bo’ldi. Uning quyidagi maslahatlari esa nafaqat tadbirkorlar, balki barcha uchun foydadan xoli emas.

Rahbar xodimdan nimasi bilan farq qiladi?

1.Kompaniya rahbari texnik bilimlarini xodimlar saviyasi bilan solishtirmasligi darkor. Xodimlarning texnik salohiyati har doim rahbarnikidan yuqori bo’lishi lozim.

2. Rahbar kompaniya rivoji bilan bog’liq omillarni bir necha yil oldindan ko’ra olishi kerak.

3. Rahbar qat’iy fe’l-atvorga ega bo’lishi shart, bu oddiy xodimlar bajara olmaydigan vazifalarni bajarishda qo’l keladi.

4. Rahbar taqdir zarbalariga tayyor bo’lishi va inqirozlarni matonat bilan yenga olish xususiyatiga ega bo’lishi kerak.]

Siyosatdan uzoqroq yuring

1Siyosat va pul kamdan-kam hollarda bir kishining qo’lida bo’lishi mumkin. Agar siyosat olamiga qadam qo’ysangiz, biznesni unuting. Va aksincha. Pul siyosat bilan to’qnash keldimi, bu gugurtning dinamitga yaqinlashishi bilan barobar – portlashni kutavering.

Zamonaviy yoshlarga to’rt maslahat

1. Haqiqiy mag’lubiyat nima? Haqiqiy mag’lubiyat bu kurashishdan to’xtashdir.

2. Moslashuvchanlik nima? Omadsizliklarga uchraganingizda, hayotda og’ir vaziyatlarga tushib qolganingizda moslashuvchanlik nima ekanligini tushunasiz.

3. Burchingiz nimalardan iborat? Sizning burchingiz mehnatsevar bo’lish va boshqalarga nisbatan ko’proq maqsadlarni ko’zlashdir.

4. Faqat ahmoqlargina gapirish uchun og’zidan foydalanishadi. Aqlli inson miyasi bilan, dono esa qalbi bilan gapiradi.

Hayotdan zavqlaning

Men doim o’zimga biz ishlash uchun emas, hayotdan zavqlanish uchun dunyoga kelganimizni ta’kidlayman. Butun vaqtimizni ishlashga emas, boshqa insonlarning hayotini yanada yaxshilashga sarflashimiz kerak. Agar bor vaqtingizni ishga sarflasangiz, ertami-kechmi bundan afsuslanasiz.

Raqobatchilar va raqobat haqida

1. Ahmoqlargina raqobatchilarga yomon ko’z bilan qaraydi.

2. Agar atrofingizdagilarga dushmandek munosabatda bo’lsangiz, ular ham sizga dushman sifatida yondashadilar.

3. Raqobatda nafratdan qoching, bu sizni inqirozga yetaklaydi. Raqobat xuddi shaxmat o’yiniga o’xshaydi. Yutqazsangiz, yana bir marta o’ynashingiz mumkin. Mushtlashish shart emas.

4. Xaqiqiy tadbirkorning dushmani bo’lmaydi. Buni anglab yetganingiz zahoti sizni hech kim to’xtatolmaydi.

Nolish va shikoyatlar haqida

1. Ba’zida hayotdan nolisangiz buning qo’rqinchli joyi yo’q. Agarda tez-tez tushkunlikka tushsangiz va tinmay hayotdan noliyversangiz, bu ichkilikbozlikka o’xshab qoladi – qancha ko’p ichsangiz, to’xtashingiz shunchalik qiyin bo’lib boradi.

2. Muvaffaqiyatga erishgan insonlar hech qachon shikoyat qilishmaydi.

3. Odamlarga sizning nima deyishingizning sariq chaqalik ahamiyati yo’q, sizning nima qilishingiz muhimroq.

Tadbirkorlarga maslahatlar

1. Haqiqiy imkoniyatlar hech kim ko’rmaydigan joyda bo’ladi. Agar majlisda biror taklifni yig’ilganlarning 90 foizi ma’qullasa, o’sha taklifdan voz kechaman. Sababi oddiy: agar bu imkoniyatni shuncha odam ko’rib turgan bo’lsa, demak, buning ustida boshqa ko’plab kompaniyalar ish olib bormoqda va bunda yetakchilik qilishimiz qiyin bo’ladi.

2. Xodimlaringiz ishga jon-dili bilan kelishlariga harakat qiling.

3. 2001 yili men xatoga yo’l qo’yganman. Kompaniyaga men bilan birgalikda asos solgan xodimlarimga ularning eng yuqori lavozimi menejerlik ekanligini bildirdim. Vitse-prezident va undan yuqori darajadagi lavozimlar uchun tashqaridan yetakchi insonlarni topish kerak, deb o’yladim.

4. Yillar o’tdi, kompaniyaga yollangan o’sha yetakchilarning birortasi ham bizda ishlamayapti, ammo men ishonmagan o’sha hamkasblarim vitse-prezidentlik va undan katta lavozimlarda ham mohirlik bilan ish yuritishmoqda.

5. Mijozlar birinchi o’rinda turishadi. Ikkinchi o’rinda xodimlar. Va nihoyat, uchinchi o’rinda aktsiyadorlar turishadi.

6. Boshqalar sezishidan oldinroq yangi sharoitlarga moslashing. Pul haqida, uni qanday topish mumkinligi haqida unuting.

7. Men quyidagi tamoyilga amal qilaman: sening qobiliyatingdan ko’ra ishga bo’lgan munosabating va qabul qiladigan qarorlaring muhimroq. Hammani bir xilda o’ylashga majbur qila olmaysiz, ammo barchani yagona maqsadga ishontirish mumkin.

8. Xodimlaringizni siz bilan bir xil o’ylashga majburlashga urinmang, buning imkoni yo’q. Siz bilan birga ishlayotganlarning uchdan bir qismi sizga ishonmaydi. Ularning “shaxs uchun” ishlashiga yo’l qo’ymang. Buning o’rniga, ularni bir umumiy maqsad atrofida birlashtiring. Odamlarni yetakchi atrofida yig’ishdan ko’ra umumiy g’oya atrofida yig’ish osonroq.

9. Qanchalik uzoqqa borishingizni sizning munosabatingiz belgilab beradi.

Tadbirkorlik haqida

1. Ko’pincha yaxshi imkoniyatni tushunarli qilib aytib berish qiyin bo’ladi. Juda oson tushuntirib beriladigan narsa esa yaxshi imkoniyat bo’lib chiqmaydi.

2. Hamkor sifatida sizning qobiliyatingizni to’ldiradigan insonni tanlang. Sizga, albatta, muvaffaqiyatga erishgan inson bo’lishi shart emas.

3. Yaxshi odamlarni emas, to’g’ri odamlarni tanlang.

4. Dunyoda eng mo’rt narsa odamlarning o’zaro munosabatidir.

5. “Tekin” – judayam qimmatbaho so’z.

6. Bugun oson bo’lmaydi, ertaga qiyin bo’ladi, ammo indinga hammasi yaxshi bo’ladi.

Nimalarga yo’l qo’ymaslik kerak?

1. Tadbirkor uchun eng yomon xususiyatlar: dangasalik, vaziyatni to’g’ri baholay olmaslik, yuqori sur’atda ish boshlash va uni davom ettirishga imkoniyat topa olmaslik, oldinga qaray olmaslik.

2. Agar raqobatchilaringiz haqida hamma narsani bilmasangiz yoki ularni mensimasangiz yoxud ulardan keladigan xatarni ko’rmasangiz, u holda, albatta, mag’lubiyatga uchraysiz.

3. Raqobatchingiz sizdan kichikroq yoki o’ta zaif bo’lsa ham unga tenglardek munosabatda bo’ling. Agarda
raqobatchingiz sizga nisbatan o’ta yirik bo’lsa, undan cho’chimang.

O’z biznesiga ega bo’lish haqida

O’z biznesingizni boshlaganingiz doimiy daromaddan, ta’tillar va yillik mukofotlardan voz kechganingizni bildiradi. Boshqa tomondan esa bu daromadlaringiz mutlaqo cheklanmaganligini, o’z vaqtingizni samarali sarflashingizni, birovlarga qaram bo’lib qolmasligingizni anglatadi. Agar qarorlaringiz tengdoshlaringizning qarorlaridan boshqacha bo’lsa, hayotingiz ham ularnikidan u yoki bu darajada farqli bo’ladi.

0222

(Tashriflar: umumiy 1 388, bugungi 1)

1 izoh

  1. «Бутун вактимизни ишлашга эмас, бошка инсонларнинг хаётини янада яхшилашага сарфлашимиз керак» — муваффакиятнинг илохий калиди ана шу.

Izoh qoldiring