Samarqand viloyatidagi tarixiy joy nomlari

nom

Жой номларини текшириш, уларни географик, тарихий ва инсоний жиҳатдан ўрганиш бизга фан тараққий этаётган бир пайтда кўп нарсаларни аниқлашга ёрдам беради. Чунончи, маълум ҳудудларда яшаган халқларни, уларни уруғ ва қабилалари ҳақида у ёки бу давлатнинг маъмурий чегараси ёки бўлинишини, шунингдек, шу ҳудудда яшаган кишиларнинг урф-одати, машғулоти каби қатор масалаларни аниқлаш муҳим восита бўла олади. Жой номлари халқ тилининг ривожланиш босқичлари, унда юз берган турли ўзгаришлар ва умуман маъноси ва шаклларини аниқлашда асосий материаллардан биридир. Топонимлар географик объектнинг хусусияти, табиий шароити, ўрни, умуман геморфологик хусусиятини акс эттиради…
Маълумки, ҳар бир шаҳар, ёки қишлоқда яшовчи кишилар ўша жой тарихи, аждодлари, жойининг тарихини географик ҳолатини, жой номларининг келиб чиқиш сабаби ва моҳиятини излашни, англашни истайди. Шунинг учун ҳам жой номлари, маълум маънода Ватанимиз тарихини тадқиқ этиш, унутилган қадриятларимизни қайта тиклаш ва она юртимизнинг тарихий маданий анъаналарини эъзозлашдек улуғвор мақсадлар билан бевосита боғлангандир Матн якунида берилган изоҳимизга эътибор беринг).

033
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ
ТАРИХИЙ ЖОЙ НОМЛАРИ

011

Самарқанд Ўрта Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири. Шаҳарнинг бунёд этилган вақти ва номининг этимологияси аниқ эмас. Шаҳар Искандар Македонскийнинг ҳарбий юришлари муносабати билан юнон солномаларида милоддан авалги 329-йилда Мароқанда номи билан илк бор тилга олинган. Турли даврлардаги тарихий манбаларда шаҳар номининг Самариана, Сараманка, Саканна, Санманқин, Самакиён, Сумрон, Шамиркент, Самаран, Симроёт, 8-аср бошларига оид сўғд ҳужжатларида Смараканиа, 8-асрда ўтган венециялик сайёҳ Марко Полонинг китобида Сонмаркан шаклида тилга олинади. Кўринадики, шаҳар номининг деярли барча вариантлари “С” ҳарфи билан бошланади. Фақат юнонча Мароканда бундан мустасно. Демак, юнонлар топонимнинг асли номини нотўғри эшитганлар. Тишлар орасидан сирғалиб чиқадиган ва арабча “се” ҳарфи билан ифодаланадиган “с” товушини юнонлар илғай олмаганлар. Грек олими филология фанлари доктори Й.Иванаглиполус бу фикримизни маъқуллайди. Бегона тилларга оид нотаниш сўзларни одамлар ғалат эшитадилар деган қоида бор-ку!
Баъзи бир европалик олимлар шаҳар номи санскритча Самария – “йиғин”, “анжуман” сўзидан олинган десалар, кўпчилик муаллифлар топонимнинг биринчи қисми “Самар” шаҳарни босиб олган ёки унга асос солган шахснинг исми бўлиши мумкин, дейишади. Лекин тарихда бундай киши номи қайд қилинмайди. Бироқ Самарқанд “Семизкент”, яъни “Семиз шаҳар”, “”катта шаҳар” маъносини билдиради деган фикрни Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Бобур асарларидагина эмас, балки тарихчи Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарида, 15-асрда Амир Темур саройига келган испан элчиси Руи Гонсалез де Клавихонинг кундалик дафтарида ҳам қайд қилинган. Бироқ, Семизкент шаҳарнинг асл номи эмас, балки “сифати”, таъбир жоиз бўлса, лақаби бўлса керак. Кўпгина шаҳарларнинг сифатини ифодалайдиган лақаблари бўлганки, масалан, Бухоро – Мадинат ат-тужжор – “савдогарлар шаҳри”, Мадинат ас-Суфрия – “Мис шаҳри”, Бухорои шариф; Термиз – Мадинат ур-риёл – “Мардлар шаҳри” ва бошқалар.
Шаҳар номининг қадимданоқ Самарқанд эканлигини шундан билса ҳам бўладики, дунёда бу шаҳарга тақлид қилиб Самарқанд деб аталган шаҳар-қишлоқлар талайгина бўлган. Шулардан бир нечтасини айтиб ўтамиз.
1) Ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг жануби-шарқий бурчагидаги Самарқандақ деган катта қишлоқ бўлган. 11-асрда яратилган “Ҳудуд-ал-олам” асарида тилга олинган бу қишлоқни Самарқанд Сўғдига араблар босиб келганда Фарғонага қочиб борган сўғдийлар бунёд этганлар. Бу Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида Боткен туманидаги Самарқандиқ қишлоғидир.
2) Еттисувда қадимги Мўғулистонда 12-асрдаёқ Самарқанд шаҳри бўлган.
3) Афғонистондаги бир қишлоқ ҳам Самарқанд деб аталган.
4) Қозоғистондаги Темиртов шаҳри 1940-45 йилларгача Самарқанд деб аталган.
Бундан ташқари республикамизнинг турли жойларида турли даврларда бунёд этилган Самарқанд, Боғи Самарқанд, Самарқанд Мақой, Самарқандқитон деган қишлоқлар, ариқ ва дарвозалар бўлган.
Инсоният қадимги маданиятининг жапҳонга машҳур ўчоқлари – Бобил, Афина ва Рим каби Самарқанд ҳам кўп асрлик бой тарихга эга. Самарқанднинг тарихи жаҳон тарихининг таркибий қисмидир. Ўтган 25 аср давомида шаҳар аҳолиси кўп воқеа-ҳодисаларни бошидан кечирди. Самарқанд Искандар Македонскийнинг сонсиз суворийларини кўрди, араблар босқинини бошидан кечирди; шаҳарни Чингизхоннинг ваҳший қўшинлари вайрон қилди. Самарқандни давлатининг пойтахти қилмоқчи бўлган Амир Темур ўзининг кўп сонли лашкарини шу шаҳарга тўплаган. Биз Самарқанд тарихи ҳақида эмас, балки унинг маҳалла кўйлари тўғрисида, шаҳар тарихи ва иқтисодиётидан ҳикоя қилувчи топонимлари ҳақида сўз юритамиз.
Самарқанд вилоятида тарихий ёдгорликлар номлари, Амир Темур ва Темурийлар даври бунёдкорлик фаолияти билан боғлиқ жой номлари жуда кўп. Шулардан айримларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Тўқимдўзи – Самарқанд шаҳридаги маҳалла номи. Бу маҳалла аҳолиси ўтмишда тўқимдўзлик касби билан шуғулланган.
Сузангарон – Самарқанд шаҳридаги маҳалла номи. Маҳаллий аҳолининг ўтмишдаги асосий касби ёки машғулоти игна тайёрлаш бўлган. Тожик тилида Сузангарон сўзи игна тайёрловчилар, игна усталари деган маънони билдиради.
Омонқўтон – Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Чақилкалон тоғларининг шимолий ёнбағридаги Булбулзор сойида жойлашган ғор номи. Бу ғор Ўрта Осиёнинг палеолит давридаги ибтидоий одамларнинг манзилгоҳи бўлгани билан машҳур. Бу топонимнинг келиб чиқиши ҳақида маҳаллий халқ гувоҳлик беришича, қуйидагича бўлган. Ўтмишда пастки қишлоқлардаги бойларнинг қўйлари тоғда боқилган. Бир йил қиш жуда қаттиқ келиб, тоғни қалин қор қоплайди. Бир неча кун бўрон туради. Тоққа борлмаган бойлар қўйлар нобуд бўлди, деб ўйлашади. Совуқни заҳри қайтганда тоққа келишса, қўтондаги қўйлар ҳам, чўпонлар ҳам омон қолган экан. Шундан кейин бу жой номи Омонқўтон қишлоғи деб аталган. Ғор эса қишлоқ номи билан аталиб, Омонқўтон-1 ғори деб аталади [12].
Кўк-сарой – Амир Темур қароргоҳи. Бу ерда асосий давлат идоралари жойлашган эди. Сарой тўрт ошиенали бўлиб, кўк кошинлар билан қопланган. У ерда Кўк тош бўлиб, йирик параллелепипед шаклида ишланган, ўйма нақшлар ва гулдор чизиқлар туширилган кулранг мармардан иборатдир.
Регистон – «Қумлоқ жой» деган маънони билдиради. Самарқанддаги машҳур майдон. Савдо ва ҳунармандчилик маркази. Майдонда Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари жойлашган.
Расадхона –Самарқандда ва атрофида тўпланган олимларнинг бевосита иштироки ва ёрдамида Мирзо Улуғбек 1424-1428 йилларда Самарқанд шаҳри яқинида Обираҳмат анҳори бўйида расадхона қурдиради. Доира шаклида қурилган бу улкан иморатнинг айланаси 47 метр, баландлиги 31 метр эди. Бобурнинг ёзишича, расадхона 3 қаватли бўлган. Бинонинг сирти кошин ва сирли парчинлар билан қопланган. Бинонинг ички саҳни судси фаҳрий (“секстант”) ва коридорлар билан тўрт қисмга ажратилади. Расадхонанинг ички деворларида коинот ва Ер шарининг умумий манзараси тасвирланган бўлиб, шу туфайли бу мавзу аҳоли ўртасида “Нақши жаҳон” деган ном билан шуҳрат топган. Расадхона қурилишида самовий ёриткичларни кузатиш ва ўрганиш борасида хизмат қилувчи унинг марказий қисми – судси фахрий (секстант) қурилмаси ва уни махсус ўлчов асбоб ваа ускуналари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор берилади. Ғиёсиддин Жамшид бошчилигида расадхонанинг асосий ўлчов асбоби – улкан секстант ўрнатилади. Самарқанд секстанти ўша даврда Шарқда маълум бўлган секстантларнинг энг каттаси ҳисобланади. Али Қушчи унинг баландлигини Истамбулдаги машҳур София ибодатхонасининг бала ндлигига қиёс қилган. Унинг баландлиги 50 метр бўлган. Шу билан бирга Улуғбек расадхона қошида замонасининг бой кутубхонасин и ҳам ташкил этади. Бу кутубхонада фаннинг деярли барча соҳаларига тегишли қарийб 15 минг жилд китоб тўпланган. Расадхона теварагида олимлар ва хизматчилар учун катта-кичик ҳужралар қурилади. Унинг тагида эса Улуғбек ўзи учун иккита чорбоғ барпо этади: улардан бири Боғи-майдон, иккинчиси эса – Чиннихона номи билан шуҳрат топади. Афсуски, тарихий манбаларда аниқ кўрсатилганига қарамай, Улуғбек расадхонасининг қаерда жойлашгани узоқ вақт номаълум бўлиб келди, чунки у асрлар давомида қаровсиз қолиб, аллақачон вайронага айланган, сўнгра оддийгина тепалик манзарасини олган эди. Маҳаллий аҳоли орасида ўшанда Нақши жаҳон номи билан шуҳрат топган бу тепаликда қазиш ишлари олиб борган археолог В.Вяткин 1908 йилда Улуғбек расадхонасининг харобаларини топишга ва унинг фаҳрий секстантини ер ости қисмини ковлаб олишга муяссар бўлади. Улуғбекнинг фаол иштироки билан ва унинг бевосита раҳарлиги остида расадхона Мовароуннаҳр, хусусан, унинг пойтахти Самарқандда замонасининг анчагина бой кутубхонасига эга бўлган ва ўша замон шароитига нисбатан мукаммал астрономик асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган олий даражадаги илмгоҳга айланади. Расадхонада Улуғбек билан бирга машҳур математик ва астрономлардан замондошлари ўртасида Афлотуни замон деб ном олган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамштд Кошоний, “ўз даврининг Птоломейи” номи билан шуҳрат қозонган Али Қушчи ва кўпгина бошқа олимлар илмий кузатишлар ва тадқиқотлар олиб борганлар. Хуллас, Улуғбек Самарқандда бутун бир астрономия мактабини яратади. Самарқандда Улуғбек раҳбарлигида барпо этилган бу илмий даргоҳ математика, айниқса, астрономия соҳасида илмий дунёда оламшумул аҳамият касб этган натижаларга эришади [20, 68-б.].
Расадхонада олиб борилган кузатиш ва тадқиқотлар туфайли 1018 та робита, яъни қўзғалмас юлдузларнинг ўрни ва ҳолати аниқланиб, уларнинг астрономик жадвали тузилади. Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб жойлашган 683 географик пунктларнинг Самарқанд кенглигига нисбатан координаталари белгилаб чиқилади. Расадхонада олиб борилган тадқиқотларнинг натижалари асосида матемаика ва астрономияга оид қатор нодир асарлар намуналари яратилади.
XV аср аниқ фанларнинг равнақи ва Самарқанд астрономлари қозонган оламшумул муваффақиятларида, айниқса, Улуғбекнинг роли ва ҳиссаси буюкдир. Илм-фанга бўлган чексиз муҳаббат, зўр қобилият ва меҳнатсеварлиги туфайлигина у Самарқанд астрономия мактабининг асосчиси ва раҳбари сифатида улкан муваффақиятларга эришди. Самарқанд расадхонасида олиб борилган кўп йиллик тадқиқотларининг самараси, Шарқ классик астрономиясининг назарий ва амалий масалаларини ўзида мужассамлаштирган ва уни янги далил- исботлар билан бойитган шоҳ асар Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” номли асари дунёга келди.
Улуғбек расадхонасининг қурилиши ҳақида XV аср муаллифи Абдураззоқ Самарқандий бу тўғрисида фуйидаги сатрларни ёзади:
“Илм-у фанлар бўйича етарли манба ва тўлиқ сармоя эгаси бўлган Мирзо Улуғбек… мавлоно Салоҳиддин Қозизодайи Румий,… мавлоно Алоуддин Али Қушчи, … мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва мавлоно Муиддинлар каби барча илмлар … хусусан риёзий ва ҳикомий тадқиқотлар… зеҳнли муҳандислар-у,… файласуфлар билан биргаликда бир анжуман тузди.
Бу соҳада етук камолот ҳосил қилгач ва арбобларни шайлагач, Улуғбек расад ва зиж майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, Шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди. У расадхона биносини қад кўтариб…иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъати-ю, тўққиз осмон доиралари шаклларини, даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларгача (чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра юлдузлари, робита юлдузлар кўриниши ва ер курраси ҳайати-ю иқлимлар суратларини, тоғлар, биёбонлар ва ер куррасида нимаки тегишли бўлса, ҳаммаси билан бирга дилназир нақшлар-у, беназир рақамлар билан бирга чизишга буюрди: офтоб ва бошқа сайёраларнинг тақвимини кузатиб бориб ҳикмат эгаси бўлмиш Насириддин Тусий тузган “Зижи жадиди Элёрий”га фойдали ва нозик тафсилотлар орттирди ҳамда у зижидаги офтоб сайёралар тақвимида йўл қўйилган кўп аниқ тафовутларни кўрсатди. Бу нозик ишда унга улуғ ҳукамолар мададкор ва муовин эдилар. Бу муҳим ишнинг овозаси шаҳар ва мамлакатлар бўйлаб тарқалиб шуҳрат топди. Шаҳзода у зижда тузатишлар киритилиб, тамомланишига муваффақ бўлди ва унга “Зижи Султоний Кўрагоний” деб ном берилди. У зиж мунажжимлик санъати моҳирлари ва тақвим усталари орасида қўлланиб келмоқда” [62].
Чўпонота мақбараси — Чўпон отага қадимда чорвадорлар сиғинганлар ва уни авлие деб билганлар. Чўпон-отага аталган мақбара XV аср 40-йилларида қурдирилган.
Амир Темур жаҳонгирлик юришлари пайтида Самарқанднинг шуҳратини ошириш мақсадида пойтахт атрофида бир неча қишлоқлар қуриб, уларга машҳур Араб ва Эрон давлатларининг бош шаҳарлари Миср (Қоҳира), Димишқ (Дамашқ), Султония, Шероз, Бағдод номларини берган.
Боғи-майдон – Амир Темур томонидан бошланиб, Улуғбек томонидан тугатилган боғ. Чўпонота мақбараси ёнида жойлашган.
Чилустун (Чилсутун) – бу сарой Боғи-майдонда қурилган бўлиб, унда қирқта устун бўлган. Бобурнинг таърифлашича, Чилустун ва Чиннихона саройлари ниҳоятда муҳташам ва кўркам бўлган.
Афросиеб – ҳозирги Самарқанд шаҳри шимолидаги қадимги шаҳар харобалари. Афросиеб Туроннинг афсонавий подшоси исми. Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асаридаги афсонавий қаҳрамон ҳам шу ном билан аталган. Унинг енидан Сиеб ариғи оқиб ўтган.
Шоҳи-Зинда – машҳур меъморчилик мажмуалардан бири. Бу мажмуа 11та мақбарадан иборат бўлиб, XIV-XV асрлар давомида қурилган. Бу ерда Қозизода Румий, Қусам ибн Аббос, Амир Ҳусайн, Усто Али, Хўжа Аҳмад, Шоди-Мулк, Туман-оғо кабиларнинг мақбаралари, Шоҳи-Зинда мачити, Туман-оғо мачити, Давлат Қушбеги мадрасаси кабилар жойлашган. Улуғбек Мирзо даврида Шоҳи-Зинда ансамбли тўла қуриб битказилди. Бу меъморий комплекснинг марказий қисмида қад кўтарган нақшинкор обидалар, айниқса, Қозизода Румий мақбараси меъморий жиҳатдан энг ажойиб ҳисобланади. У пештоқли, улкан гумбазли зиёратхонадан иборат бўлиб, кошинкор ва беқиёс ранго-ранг парчинлар билан нақшланган.
Бибихоним – Самарқанддаги Амир Темур хотини Биби-Хоним томонидан қурдирилган мачит. 1399 йилда бошланиб, 1404 йилда тугатилган.
Гўри-Амир – Амир Темур мақбараси
Руҳобод – Бурҳониддин Сагаружий мақбараси
Бухоро, Коризгоҳ, Сўзангарон, Феруза, Оҳанин, Ҳайдаробод – Самарқанднинг олтита дарвозаси номи.
Самарқанд Чорсуси – 1404-йилда Самарқандда бўлган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, Самарқанд Чорсуси Амир Темур фармони билан 20 кунда қайта қурилган. Чорсу бозори рўпарасида шаҳарнинг шу номдаги дарвозаси қад кўтарган.
XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқандда ҳашаматли қурилишлар анча чекланган бўлса-да, икки қаватли “Хожа Аҳрор мақбараси” 1456 йилда, 1464 йилда Ишратхона ва XV асрнинг 70-йилларида Оқсарой каби бир неча меъморий иморатлар қад кўтарди. Темурийлардан Улуғбек, айниқса Самарқандни обод қилишга алоҳида эътибор беради. Унинг даврида Самарқанд шаҳрининг Регистон майдони шаклланди. У қайтадан лойиҳалаштириб, майдонга Улуғбек мадрасасидан ташқари, пештоқли ва улкан гумбазли хонақоҳ, карвонсарой, деворидан тортиб устун ва тоқиларигача ўймакор ёғочлардан ишланган Масжиди Муқаттаъ бино қилинди. Икки юз ўн гумбазли Кўкалдош жомеъ масжиди қад кўтарди. бу олий иморатлардан фақат Улуғбек мадрасасигина бизнинг давримизгача сақланиб қолган, холос. Мадраса меъморчилик жиҳатидан мусулмон Шарқида ана шу турдаги биноларнинг классик намунаси ҳисобланади.
Самарқанд салтанат пойтахти қилиб олингач, у алоҳида имтиёзга эга бўлган шаҳарга айланди. Самарқандда Исфахон, Шероз, Халаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳарларининг меъмор-у бинокорлари қўли билан саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар барпо этилади. 1403-1404 йилларда Самарқандда бўлган Испания элчиси Клавихо Амир Темурнинг олиб бораётган бинокорлик ишларидан ҳайратда қолган эди. Худди шу даврда Шоҳизинда меъморий йдгорликлари гуруҳининг Шодимулк оғо, Амир Ҳусайн, Ширинбека оғо каби қатор ажойиб мақбаралари, ҳозирги вақтда Бибихоним номи билан машҳур бўлган жомеъ масжиди, Гўри Амир даҳмаси ва бошқалар бино қилинди [64].
Амир Темур боғлари – Амир Темур шаҳарлардаги қурилишлардан ташқари Самарқанд атрофида ўзининг яқинларига атаб кўпгина гўзал боғлар қурдиради. Моҳир меъмор, тажрибали соҳибкорларнинг ақл-заковати, мехнатию маҳорати билан барпо этилган Боғи нақши жаҳон , Боғи Шамол, Боғи Баланд, Боғи Биҳишт, Боғи Нав, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Бўлди, Боғи Зоғон, Боғи амирзода Шоҳруҳ, Боғи Давлатобод каби чорбоғлар ва улардаги гўзал кўшклар ўша давр боғдорчилик санъатининг намуналаридандир. Манбаларда таъриф этилишича, шаҳар атрофи ўша вақтларда Самарқанднинг энг гўзал ва энг ҳашаматли қисми ҳисобланган. Бу ерда бир ярим – икки чақиримга чўзилган боғлар ва улардаги сайргоҳлардан ташқари, аркону давлатнинг ўйин-кулги қиладиган махсус жойлари бўлган. Шаҳарнинг Шарқ томонида Боғи Дилкушо жойлашган. Манбаларда эътироф этилишича, унинг ташқи ҳовлисида подшоҳ саройлари бўлиб, унда қуролланган аскарлар турган, ички ҳовлида эса туғлар билан безатилган олти фил ҳайкаллари сафга тузилган. Учинчи ҳовлида Амир Темурнинг меҳмонларни қабул қиладиган олтин тахтли қароргоҳи бўлган. Бу ҳовлиларнинг ташқарисида атрофига олма ва чинорлар ўтказилган ҳовузлар, уларнинг суви фавворасида қизил ва сариқ олмалар қалқиб ўйнаб турган. Шаҳарнинг жанубида Боғи Беҳишт ва гўзал меъморий услубда қурилган сарой ва қувончни очувчи боғи билан машҳур бўлган. Шарофиддин Али Яздийнинг тарифлашича, у табризнинг соф оқ мармаридан бино қилинган. Боғнинг бир тарафида ҳайвонот боғчаси ҳам бўлган. Амир Темур бу саройни ворисларидан бири Мироншоҳнинг қизига – суюкли набирасига ҳадя қилган эди. Бўш вақтларида у невараларининг Боғи Беҳиштдаги хилватхонасида бўларди. Боғи Чинор ҳам шаҳарнинг шу қисмида эди. Боғда кўркам чинорлар қад кўтариб турган. Сўлим жойлар салиб шаклидаги қасрга олиб борарди. Қасрнинг ташқариси Шом наққошларининг моҳирона ижоди билан, ичкариси гўзал сурат ва лавҳалар билан зийнатланган ва қимматбаҳо буюмлар билан лиқ тўла эди. Боғи Шамол ва Боғи нав саройлари тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони бир ярим минг қадам эди. Замини қайрағоч ва фил тишидан ишланган кошинли эди. Қолган боғлар ҳам ўзига хос ажойиб усулда барпо этилган эди [64].
Булардан ташқари шаарда бир қанча тарихий жойлар, меъморий осори-атиқалар бор. Улардан ҳар бирининг ўз номи, ўз тарихи бор. Уларнинг барчасини санаб ўтиш, маъносини чақишнинг иложи йўқ ва бунинг ҳожати ҳам йўқ. Юқорида келтирилган номлар қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг топонимларидан айим намуналардир, холос.

2-§. Самарқанд вилоятидаги макро ва микро топонимлар
Самарқанд республикамизнинг марказий қисмида жойлашган кўҳна тарихга эга вилоятлардан бири ҳисобланади. Вилоят таркибида 14 та туман, яъни Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ, Ургут, Қўшработ туманларидан иборат.
Самарқанд вилоятида Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Жума, Иштихон, Каттақўрғон, Нуробод, Оқтош, Пайариқ, Ургут, Челак шаҳарлари ва Даҳбед, Зиёвуддин, Ингичка, Кимёгарлар, Лойиш, Митан, Мирбозор, Пайшанба, Сув ҳовузи, Фарҳод, Хишров, Чархин шаҳарчалари мавжуд.
Вилоятнинг маъмурий маркази – Самарқанд шаҳри.
Самарқанд вилояти Зарафшон дарёси ҳавзасининг ўрта қисмида жойлашган. Зарафшон воҳаси шимолдан Туркистон тоғ тизмасининг нурота тоғи ва Оқтоғ тармоқлари, жанубдан Зарафшон тоғ тизмалари билан ўралган. Водий шарқдан ғарбга пасайиб боради, ва шимоли-шарқда Қизилқум чўлига, жануби-ғарбда Қарнобчўлга туташиб кетади. Аҳолисининг ¾ қисмидан кўпроғи ўзбеклар, қолгани оз сонли бошқа миллат вакилларидан иборат.
Вилоят топонимларининг аксарият қисми ўзбекча номлардир. Шу билан бирга сўғдча, форсча топонимлар ҳам катта ўрин тутади. Самарқанд вилояти ҳудуди қадимги Сўғдиёнанинг “юраги” бўлгани учун бу ерда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидагига қараганда сўғдча номлар кўп учрайди.
Ойконимлари. Самарқанд вилоятида 2000га яқин шаҳар, қишлоқ ва шаҳарчалар мавжуд. Ойконимларнинг асосий хусусияти шундаки, шаҳар-қишлоқ номлари орасида уруғ-аймоқларнинг номлари катта ўрин тутади. Шаҳар-қишлоқ номларининг 1/3 қисми уруғ-аймоқ номларидан иборатдир. Масалан, 2001 йил маълумотларига қараганда, Булунғур туманида 140 дан ортиқ қишлоқ бор. Шундан қарийб 40% этнотопонимлардир. Бундан чорак аср олдинги маълумотларга кўра, Булунғур туманининг суғориб, деҳқончилик қилинадиган шимолий ярми билан қўшни Жомбой туманининг жануби-шарқий қисмини ўз ичига олган 80 қишлоқдан 74 таси (яъни 92,5%) қорақалпоқларнинг қабила-уруғ номлари билан аталган эди [36, 88-93 б.]. Кейинги йиллардаги маълумотларга кўра, этнонимлар собиқ Гўзалкент туманида 20%, Жомбой туманида 45%. Иштихон туманида 33%, Пайариқ туманида — 25% ни ташкил этади. Қишлоқ-шаҳарларнинг қолган қисми антротопонимлар, яъни кишиларнинг исмлари ва лақаблари ҳамда турдош отлар – географик, тарихий, ижтимоий-сиёсий терминлар, ўсимлик ва ҳайвонлар номлари билан аталган. Ҳар бир географик номнинг ўз тарихи, ўз маъноси бор. Бир қанча шаҳар-қишлоқларнинг номлари ҳамма учун тушунарлидир, баъзилари ҳақида эса ҳар хил ривоятлар тўқилган, турли фикрлар билдирилган бўлса ҳам, етимологияси ҳамон номаълум. Бундай жойларни Самарқанд вилоятида кўпларини мисол қилишимиз мумкин.
Самарқанд шаҳри тўрт қисмдан, яъни қитъадан иборат бўлган. Қаландархона, Хайробод, Сузангарон ва Хўжа Аҳрор қисмларидан иборат бўлган. Қитъалар маҳалла-гузарларга бўлинган. 19-асрнинг охирларида 100га яқин гузар бўлган. Бу гузарларни санаб ўтишни лозим топдик. Чунки тобора унутилиб борилаётган гузарлар номларини эсга олиш фойдадан холи эмас, бунинг устига уларнинг ҳар бири шаҳар тарихининг зарраси, айни вақтда қадимий ёдгорликдир. Шундай экан, Самарқанд шаҳридаги гузарлар рўйхатини келтириб ўтамиз.
Қаландархона қитъасидаги гузарлар – Ямини-1, Ялангбек, Мирзо Пўлоди, Зомини, Якардиза, Шоҳкаш, Фақиҳ Абу Лайсий, Дори Занжве, Маҳдуми Хоразмий, Қозикалон, Қорабой оқсоқол, Муборак, Оби Машҳад, Имом Восе, Каваззор, Шарбатдор, Қози Қуфр, Урмитани, Ямини-2 (Ойсават), Чанговоли (Чанговли), Маҳаллаи Шарқ.
Хайробод қитъасидаги гузарлар номлари – Даҳбеди, Хўжа Янхўжа, Ховосий-1, Коловод, Зулмурод, Шайхулислом, Сўфи Кориқ.
Сузангарон қитъасидаги гузарлар номлари – Хўжа Нисбатдор, Мадрасаи Сафед, Қози Абдирасул, Пули Мирзо, Иброҳимхўжа, Тошкентий-1, Тошкентий-2, Мулиён-1, Тошкентий-3, Ургутий-1, Ургутий-2, Шаҳрисабзий, Мотурудий, Мулиён-2, Мулиён-3, Ҳовузи баланд, Каптархона, Ражаб Амин, Хонақоҳ, Қаболоий-1, Қаболоий-2, Намозгоҳий-1, Намозгоҳий-2, Хўжа Латиб, Бўстони-хон, Зардўзон, Ҳовузи Сангин.
Хўжа Аҳрор қитъасидаги гузарлар номлари – Руҳобод, Юсуфбой, Қўшҳовуз, Кўкмачит, Тагишўр, Боғимайдон-1, Боғимайдон-2, Боғимайдон-3, Қашқари, Янги Хайрабод, Заргарон, Ҳовоси-2, Маддаҳий, Хўжандий, Готфар, Гўри Амир, Зингарон, Чақар, Мулла Қаландар-1, Мулла Қаландар-2, Оқсарой, Лаби-Ғор, Булбулак, Луччакон, Ашур Муҳаммад, Қулбачча-1, ски Қаландархона, Кулолон, Қўрғонча, Заррофон, Дониёрбек, Тали-регак-1, Лолазор-1, Хўжақишлоқ, Пули-сафед, Дегча-бирён, Хон-Саидимом, Вайс ул-қора, Қулбачча-2, Тали-регак-2, Тали-регак-3, Тали-регак-4, Нуробод, Лолазор-2, Лолазор-3.
Самарқанд маҳалла-гузарларида аҳоли ишлаб-чиқариш ва ҳунармандчилик маҳаллаларига қараб жойлаштирилган. Масалан: Шарбатдор – қандолатпазлар, Зардўзон – зарбофлар, Зингарон – эгарсозлар, Кулолон – кулоллар, харрофон – ёғочсозлар ва чармгарон – кўнчилар кабилардир. Гузарлар аҳолиси қаердан келган бўлса, ўша қишлоқ ёки шаҳар номи билан ҳам аталган. Масалан, Ёминий – ёмликлар, Зоминий – зоминликлар, Урмитаний – урмитанликлар, Даҳбедий – даҳбедликлар, Ховосий – ховослклар, Қашқарий – қашқарликлар, Хўжандий – хўжандликлар Тошкентий – тошкентликлар, Ургутий – ургутликлар, Мотурудий – мотурудликлар, Шаҳрисабзий – шаҳрисабзликлар кабилардир.
Шаҳарнинг ариқ-ҳовузлари ҳам маҳалла-гузарларга ном берган. Масалан, Обимашҳад, Қўшқовук, Ҳовузисангин, Ҳовузибаланд, Чашма ва бошқалар.
Шаҳарнинг боғ ва кўкаламзорлари ҳам гузарларга ном берган. Масалан, Боғимайдон, Боғибаланд, Боғишамол, Каваззор, Қўшчинор, Лолазор, Олмазор ва бошқалар. Гузарлар номларида шаҳар ҳудудининг географик хусусиятлари ҳам ўз аксини топган. Масалан, Лабигўр, Тагирегак, Гилбурч, Тагишўр ва бошқалар. Бир қанча маҳалла-гузарлар меъморий ёдгорликларг қараб номланган. Масалан, Оқсарой, Гўри Амир, Мадрайи сафед, Руҳобод, Хонақоҳ, Кўкмачит, Пули Мирзо кабилардир.
Уруғ-аймоқлар, элатлар номлари – этнонимлардан ном олган маҳаллалар ҳам анчагина учрайди. Масалан, Арабхона, Жўқихона, Туркманқишлоқ, Эронқишлоқ, Яҳудиён, Қошғари ва бошқалар. Самарқанднинг машҳур олимлари номлари ҳам маҳаллалар номларида абадийлашган. Масалан, Фақиҳ Абулайсий, Маҳдум Хоразмий, Мотурудий ва бошқалардир. Шундай қилиб, Самарқанд маҳалла-кўйларининг номлари ҳам шаҳарнинг оёққа туриши ва ривожланиши ҳақида китобхонларга қимматли маълумотлар бера олади [39].
Шаҳарнинг тарихий кўчаларининг номлари ҳам шаҳар географияси, тарихи тўғрисида озми-кўпми ҳикоя қилиб бера олади. Самарқанд шаҳрида 800 дан ортиқ кўча бор. Улардан 200 га яқини киши номлари билан аталган. Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Бедил, Наовий каби машҳур тарихий шахслар, алломалар, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Усмон Носир, Ғафур Ғулом сингари ўзбек маданиятининг таниқли намояндалари, Ориф Икромов, Иброҳим Мўминов, Худойберди Дониёров каи машҳур олиму фузалолар, Низомий Ганжавий, Фирдавсий, Шота Руставелига ўхшаган жаҳон адабиётининг буюк вакиллари номлари берилган.
Антротопонимлардан ташқари шаҳар харитасидан Ашгабат, Боку, Душанбе, Минск, Москва каби ҳамдўстлик мамлакатларининг пойтахт шаҳарлари, республикамизнинг Бухоро, Денов, Жиззах, Ромитан сингари шаҳарлари, ҳамда Самарқанднинг Афросиёб, Боғизоғон, Давлатобод каби тарихий жойларининг номлари ўрин олган.
Оронимлар. Самарқанд вилояти рельефи шимолдан Туркстон тоғ тизмаларининг тармоқлари бўлган Нурота тоғлари ва Оқтов тоғлари, жанубдан Зарафшон тоғ тизмалари билан ўралган Зарафшон водийсидан иборат. Бу тоғ тизмалари ўз навбатида кўплаб пастак тоғларга бўлиниб кетади6 Айребел, Бешбармоқ, Ғўбдинтов, Ялқир, Мирҳайдар, Музтоғ, Чолтош, Тўратов, Чамбар, Чиғатойтов, Қизбиби каби оронимлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари яна қанча тоғлар борки уларнинг номларидан ҳаммасини ҳам тушунарли деб бўлмайди. Баъзи оронимларни изоҳлаб беришга ҳаракат қиламиз.
Энг аввало, географик терминлардан иборат оронимларни айтиб ўтайлик.
Авқабел довони – Қўшработ туманида жойлашган, арабча ақба (авға, овға) , довон (“тоғ йўли”), бел — довон, яъни Ўртабел довони деган маънони англатади.
Газа – тоғ қирраси.Қумгаза чўққиси. Гузар – кичик довон. Қарогузар довони. Дара – Қўшдара тоғи. Қия – тоғ йўли ўтган тик ёнбағир – Қўшқия тоғи.
Нуробод туманида ўсимлик номларидан таркиб топган оронимлар учрайди: Гужум тоғи — Қўшработ туманида, Ирғайли тоғлари – Ургут туманида, Пиёзи тоғлари – Нуробод туманида, Пистали тоғлари – Каттақўрғон туманида.
Ҳайвон номлари билан аталадиган оронимик объектлар:
Алқортепа –Булунғур туманида жойлашган. Алқор – ёввойи қўй, архар.
Кийикқайнар – Қўшработ туманида жойлашган, тоғ эчкиси – кийик кўп бўлганидан шундай аталган бўлса керак.
Қарчиғай тоғи – Қўшработ туманида жойлашган.
Қатормоя тоғи – моя – урғочи туя, одатда туя карвонига ўхшаш қатор қоялар Қатормоя деб аталади.
Жой номлари кўпгина ҳолларда шева материалларидан таркиб топган бўлади. Қўшработ туманидаги Жайлов, Жалпақ оронимлари изоҳсиз ҳам тушунарлидир. Шунингдек, Қўшработ туманида Балқонтов – яъни балқон – серўрмон пастак тоғ; Шишмўла – шиш – қозиқча, учи ўткир найча; мўла эса дала-даштларга тош-шағалдан устун шаклида ишлаган белги, қоровулхона ҳамда қабр маъносини билдиради.
Самарқанд туманидаги Кемтўқон – кем – кемтик, ўйиқ жой, тўқон – қўй суруви, отари қишлайдиган пана жой. Тоғ оронимин терминининг кўпроқ тов шаклида қайд қилиниши Самарқанд вилояти шевалари учу хосдир.
Вилоятда этнооронимлар ҳам учрайди. Буларга Қўшработ туманидаги Мириккор тоғ номи, Пахтачи туманидаги Чиғатойтоқ номи. Вақт ўтиши билан айрим топонимлар шундай ўзгариб кетадики, дастлабки шаклини умуман аниқлаб бўлмайди. Масалан, Самарқанд шаҳри яқинида Оғалиқ деган тоғ ва қишлоқ бор. Бу ерда Амир Темур даврида жоме масжиди қуриш учун тоғ кўчириб олинган, оҳактош ҳақиб чиқарилган. Шунинг учун бу жой номи Оҳаклик бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Бунинг устига оғалиқ деган ижтимоий термин — мансаб ҳамда оғалиқ деган этноним (уруғ) ҳам бўлган. Демак, тарихни билмай туриб, топонимларнинг ҳозирги шаклларига қараб лисоний хулосалар чиқариш кўпинча катта хатоларга олиб келиши мумкин [37, 48-б.].
Гидронимлар. Вилоятнинг энг катта дарёси Зарафшон бўлиб, вилоятни шарқдан ғарбга кесиб ўтади. Бу дарё тарихий манбаларда Политимет (юнон тарихчилари асарларида), Намиқ, Руди Мособ, Ҳаромком, Водий ус-Сўғд, Наҳр ул-Бухоро, Дарёи Кўҳак каби номлар билан тилга олинган. 18 асрдан бошлаб Зарафшон деб атала бошланган. Зарафшон – “зар ташувчи” деган маънони англатади. Вилоятнинг қадимий гидронимларидан бири Нарпай канали ҳисобланади. 9-10 асрларда яшаган тарихчи Табарий, араб географи Ибн Ҳавқал асарларида бу канал Наҳри Кай шаклида тилга олнган. Рус тарихчиси В.И.Вяткин вақф ҳужжатларини ўрганиб, Сўғднинг энг обод қисмини суғориб келган бу каналнинг номи Наҳри Пай эканлигини исбот қилди. Наҳри Пай – яъни наҳр – арабча ариқ, канал деган маънони англатган. Бора-бора Нарпай бўлиб қолди. Дарғом канали ҳам кўҳна сув иншоотидир. Птоломей тузган харитада Дарғом канали Даргомоний деб номланган. Бошқа манбаларда Искандаргон, Искадарём шаклларида қайд қилинган. Сўғд тилида “искандар” – баланд, юқори демакдир. Ҳинд-европа тилларида гом, ком, кам, ким – дарё деган маънони англатади [3, 54-55 б.].
Булунғур канали – мўғул тилида “лойқа сув” деган маънони англатади. Зарафшон дарёсидан сув оладиган канал номи. Қоратепа тоғининг ғарбий қисмидан бошланиб, Ём чўли бўйлаб оқади.
Ём дарёси – ём — почта станцияси, бекат маъносидаги сўзнинг мўғулча талаффуз шаклидан иборат.
Темирқовуқ – Қўшработ туманидаги гидроним. “қобуқ” термини қадимий туркий сўз бўлган қопуғ (қопқа) – дарвоза маъносининг тлаффуз шаклидир. Йўл ўтган тоғ дарасининг энг тор қисми араб, форс, туркий тилларда “дарвоза”, “қопуғ” дейилади.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида уруғ-аймоқ номлари билан аталган дарё ва сойлар бор: Сазағонсой, Тамасой, Чағатойсой, Ўроқлиариқ, Қиёт, Қарлуқчўл қудуғи ва б.
Самарқанд вилоятидаги топонимларнинг қисқача луғатини бериб ўтамиз.
Айғиртепа – Жомбой туманидаги қишлоқ номи. Айғир – эркак от. Айғир сўзининг “улкан”, “катта” деган маънолари ҳам бор. Айғир этноним ҳам бўлиши мумкин. Қозоқларнинг кирей қибиласининг айғир деган тармоғи бор.
Анҳазрат – Нуробод туманидаги қишлоқ номи. Он Ҳазрат — ҳазрати олийлари, жаноби олийлари, муқаддас зотларни ёки олий даражали мансабдорларни улуғлаш учун ишлатиладиган ибора.
Аючи — Пайариқ туманидаги қишлоқ бўлиб, Дашти қипчоқ уруғларидан бири парчаланиб, ўзбек ва қирғизларнинг таркибига кирган, Зарафшон қипчоқларининг бир уруғи аючи (аювчи) деб аталган бўлиб, қишлоқ номи шундан олинган.
Абдал — Каттақўрғон туманидаги қишлоқ номи бўлиб, ўзбеклар таркибига кирган этник гуруҳ номидан олинган.
Адас — Ургут туманидаги қишлоқ бўлиб, кенагас уруғининг бир қисми андас, яна бир қисми калпис дейилган. Андас бора-бора адас деб аталган.
Бадал – Самарқанд туманидаги қишлоқ номи, Лақай қабиласининг бир тармоғи бадал деб аталган.
Болдир – Пастдарғом туманидаги қишлоқ номи. Қадимги турк тилида болдир – “дўнглик” , “тумшуқ” деган маънони англатади. Болдир деган этноним ҳам бўлган. Туркманларда болдир уруғи бор.
Бўсалоқ – Иштихон туманидаги қишлоқ номи. Ўзбекларнинг семиз қабиласининг бир уруғи бўсалоқ деб аталган.
Занжирбоғ – Самарқад яқинидаги қишлоқ номи. Араб географлари Самарқанд вилоятининг 12 та рустоқларидан бирини Занжарфағн деб атаганлар. В.В.Бартольд Занжарфағн топоними Янгиариқ каналининг ўнг томонидаги Занжирбоғ қишлоғи номида сақланиб қолган, дейди. Вақф ҳужжатларида ҳам Санжарвағн деган жой Занжирбоғ номи билан машҳур дейилади. Санскритча “сангарма” – будда монастири, фағн – ибодатхона [49].
Жом — Нуробод туманидаги қишлоқ . бу сўз сўғдчадан олинган бўлиб, кадах, металлдан ясалган идиш демакдир. Чунки қишлоқнинг ҳамма томони тоғ бўлиб, худди жомга, яъни косага ўхшайди. Шу ўхшашликдан келиб чиқкан.
Иштихон — Самарқанд вилоятидаги туман. Ривоятларга кўра Самарқанддан Иштихонга кимиз келтирилиб, хон уни тотиб кўрган эмиш. Шундан бери қишлоқ «Ичти хон» кейинчалик, Иштихон бўлиб қолган. О.М.Смирнов бу сўзни сўғдча, «Саккиз ариқли», саккиз каналли маънони англатган, дейди .
Кавсар — Иштихон туманидаги қишлоқ. Аслида бирон-бир сув булоқ еки кул номи бўлса керак, қишлоқ суви ширин бўлганлиги учун жаннат суви жаннат булоғи деб аталган .
Нарпай — Самарқанд вилоятидаги туман номи. У 1926 йил ташкил топган. Туман ўртасида Нарпай ариғи оқиб ўтади. Туман номи шу ариқ номидан олинган. Нарпай сўзи форс тилидан олинган бўлиб, нор- туя, пой-кадам деган маънонин англатган. Бошқа манбаларда «Эркак туя» — нор, пай- катта кадам маънолари билан «Катта туя» номига қуйилган дейишади.
Каттақўрғон — Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туман номи. Зарафшон водийсининг тепалик қисмида, Нарпай аригининг чап сохилидан анча пастда жойлашган. Каттақурғон яқинида қадимги Робиижон шаҳри қолдиклари топилган. Робиижон шаҳрини XII асрда Хоразм хони талаб, вайрон қилган. Каттақурғон эски шаҳар қисми эса XVII асрдан сўнгида вужудга келган. XVIII асрда катта шаҳарлар қаторида хисобланган. Шаҳар пахса девор билан ўраб ола бошланган. Унинг 4 та дарвозаси бўлган. Шаҳар катта бўлганлиги учун ҳам Каттақурғон деб ном олган.
Ургут — Самарқанд вилоятидаги туман. Унинг тарихи тош давридан бошланган. Шарқшунос олим В.Л.Вяткин мангитлар даври манбаларида учраган Аркут қишлоғи Ургут деб атала бошлаганлигини айтади. Топонимист С.Қораев эса шаҳар номи аникланмаган дейди. Баъзи кишилар, Уркент сўзидан олинган бўлиб, ур-Ўрта, кент-шаҳар сўзларидан олинган ,қишлоқ сўзининг бузилишидан чиқкан дейишади. Вяткин фикрини уша давр тарихчиси М.Екутдан «Гулшан ул мулук » асарида маъкуллайди. Ургут арабча — офат, фалоқат, яъни ялангоч,очиқ маъноларини билдиради дейди географ Н.Г.Маллицкий . Ургут тумани 1926 йилда ташкил топган.
Челак — Пайариқ туманидаги қишлоқ. Челак — челакли уруғи номидан олинган. Дўрмон қабиласининг бир шахобчаси кўкчелак деб аталган. Челак уруғи ҳам Оқчелак, Кўкчелакка бўлинган. Қишлоқ номи уруғ номидан олинган.
Талли Барзу — Самарқанд яқинида тепалик «баланд тепалик» (талл- арабча — тепалик,бара сўғдча — баланд яъни Барзу тепалик) дегани. Фирдавсийнинг «Шохнома «(асарида) достонида кахрамонлардан бирининг набираси Барзу деган исм «узун еки буйли » деб келтирилган.
Сўғд, Сўғдиёна — Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларини уз ичига олган тарихий ўлка. Дастлаб Эрон шохи Доро миххатида тилга олинган. Араб географиялари асарида, шу жумладан . Истахрий асарида О.А,Смирнова ва немис шарқшуноси И.Марквартнинг езишича «сўғд» умумэрон тилларида сук сўзидан олинган бўлиб, ялтирамоқ, нур сочмоқ маъноларини билдирган.Шарқшунос В.Л.Вяткин маълумотига кура сўғуд — пастлик ер деб , Смирнова эса «серсув обод» жой маъносини билдиради деб келтирилган.
Сангузар — Нурота туманидаги қишлоқ бўлиб, «Тошлоқ кечиқ» маъносидаги Сангузар, еки тошлоқ маъносидаги Сангзор (қишлоқ) бўлса керак.
Булардан ташқари, Самарқанд вилоятида жуда кўп катта-кичик қишлоқлар борки, уларнинг барчасини санаб ўтиш учун битирув-малакавий иш ҳажми имкон бермайди. Ана шу топонимларни барчасини йиғиб, таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича алоҳида луғатлар тузиш вақти келди, деб ўйлаймиз. Чунки, айрим жой номлари бугунги кунга келиб ўзгариб қолган бўлиши мумкин.

Хуршид Даврон изоҳи: Ушбу матн қуйидаги манбаъдан олинди: Бектурдиев Ш.Қ., Шодиев Э.Т., Қаюмова М. Зарафшон воҳасидаги жой номлари. Ўқув қўлланма. – Гулистон: ГулДУ, 2011. 72 б.
Айтиб ўтиш лозимки,бу китобчада келтирилган ва изоҳланган тарихий номларнинг кўпчилиги ҳали чуқур изланишлар олиб борилишини талаб этади,уларнинг аксарияти ҳақида баҳс-мунозара қилиш мумкин. Биз кейинчалик уларнинг айримлари ҳақида ўз фикр мулоҳазамизни билдиришни маъқул ҳисоблаймиз.Аммо,нима бўлгандаям,китобчани ўқишни тавсия қиламиз.Зеро,у юртимиздаги тарихий номлар борасида астойдил ва чуқур тадқиқотлар олиб боришга ундайди.
Кейинчалик ҳам ушбу тўпламдан жой олган маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

09

(Tashriflar: umumiy 5 005, bugungi 1)

Izoh qoldiring