Baxtiyor Nuriddinov. Hayhot, hayot & Rahmon Qo’chqor. O’zbekcha ariqlardek sof va iforli

Ashampoo_Snap_2016.12.17_21h39m52s_004_.png    Истеъдодли ёзувчи Бахтиёр Нуриддиновни илк китоби нашр этилгани билан чин юракдан қутлаймиз. «Шарқ» нашриёт-матбаа АК Бош таҳрияти томонидан чоп этилган ҳикоялар тўплами «Шудринг гуллари» деб номланган. Ушбу китобга таниқли адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор томонидан ёзилган сўзбоши ва тўпламдан ўрин олган «Ҳайҳот ҳаёт» ҳикоясини тақдим этамиз.

Раҳмон ҚЎЧҚОР
ЎЗБЕКЧА АРИҚЛАРДЕК СОФ ВА ИФОРЛИ…
067

Олам ва одам қанчалар қамровли, турфа тусли бўлса, улар хусусида баҳс очувчи адабий асарлар ҳам шунчалар ранг-баранг қиёфа касб этиши табиий ҳолдир. Пайдар-пай пайдо бўлаётган техник-технологик янгиликлар оқими остида кечаётган ҳаётга мос тарзда унинг моҳиятини янгича услубларда талқин этишга уринишларнинг кўпаяётгани ҳам, назаримда, фақат кўнгли тор одамларнигина асабийлаштиради. Бундай кишилар неча асрлар илгари аждодларимиз етиб келган қуйидаги ҳақиқатни ё табиатан англамайдилар ёки англашга уриниб кўрмайдилар: “Бу олам саҳнида гул кўп, чаман кўп”.

Шукрки, ҳам замонавий дунё адабиёти, ҳам миллий сўз санъатимизда анъанавий услублардан кескин фарқ қилувчи, олам ва одам ишларига кутилмаган ракурслардан ёндашиб кўриш ва ноанъанавий хулоса-ҳукмлар чиқаришга эришаётган мумтоз асарлар ҳам, оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Шоир “Кимда кимнинг кўнгли бор – қўяверинг, ўйнасин” деганидек, мана шундай ёндашув, иншо тарзи тарафдорлари ва мухлислари ҳам борки, уларнинг адабий-эстетик дидига нописанд қараш маданиятли кишининг иши эмас.

Baxtiyor-Nuriddinov-400.jpgБиз бугун асарларини Сизга тортиқ қилмоққа журъат этаётганимиз муаллифнинг ҳикоялари юқорида эслатганимиз янги – модернистик оқимлар вакиллари ёзганларига мутлақо ўхшамайди. Қорадарё бўйларида туғилиб катта бўлган Бахтиёр Нуриддиновнинг ҳикоя тарзи ўзи сув ичгани – ўзбекча ариқлардек соф анъанавий ўзанга, мавж ва оҳангга эга.

Қолаверса, Бахтиёр битган ҳикояларда яна ўша олам ва одамни жиддий ташвишга солаётган, қўли бўшки киши қаламга олиб ўзини кўрсатиш омилига айлантираётгани “глобал, умуминсоний муаммолар”, “долзарб ижтимоий-сиёсий масалалар” тўғрисида бирор сатр гап ҳам, уларга недир матности ишоралар ҳам йўқ.

“Модомики шундай экан, Сиз бизга илинаётганингиз ҳикояларда нима бор ўзи?” деб сўрашга чоғланганингизни ҳам сезиб турибман, азиз китобхон. Менинг ўзимга ўзим берган биринчи саволим ҳам шундай бўлди: бу ҳикояларда нима бор (ёки нима йўқ)ки, ўқиган одам кўнгли ва руҳида недир янгиликлар, ўзгариш ва ўйловлар пайдо қилади?

Ҳикояларни қайта-қайта ўқиб бунинг жавобини топгандек бўламан: бу мўъжаз ҳикояларда Сизу бизга ўхшаган оддий одамларнинг бир қарашда кўзга ташланавермайдиган, устки ялтироқлик, кутилмаганликдан ҳоли умри ва тақдири худди тиниқ сувдагидек аксланади. Муаллиф бу умр ва тақдирларга маъно бахш этган оҳорли туйғулар, ўй ҳамда кечинмалар ҳақида содда, равон мулоҳаза юритади, ана шундай равонлик-ла ҳикоя қилиб беради.

Ўқиган ўқувчи ҳам қўшилса керакки, “Ота ва ўғил”, “У дунё харидори”, “Эски удум” ва ҳатто “Шудринг гуллари”, “Ҳавола” ҳикоялари бир яхлит қиссанинг – ҳикоячи тақдиридан куйланувчи қўшиқнинг бир-бирига боғлиқ бандларидек таассурот қолдиради. Мазкур қиссанинг қат-қатларидан “яқинлашганда ҳаммаёқни босиб кетадиган ОТА ИСИ” уфуриб туради. Бу исдан узоқлашиш, Худо кўрсатмасин, ундан абадийга айрилиш, туйғуси тирик ҳар қандай одам “юрагининг бир четини нимадир пастга қараб тортқилаши”, бўғзига “ниманидир пахсадек қотириб” қўйиши тайин…

Биз кўникиб қолганимиз кўплаб асарларда қачон ўзбек оналари тасвирига ўтилса, нуқул муштипар, юввош, содда ва ҳатто (Ўзи кечирсин!) гўл аёллар кўз олдимизда гавдалантирилар эди. Бу муаллифнинг “Эски удум”даги онаси ундай – китобий қаҳрамон эмас. Бу онажон фикру зикри тиниқ, кузатувчан, ҳаётга тик ва реал қарай оладиган аёл. Унинг ўтаётган ва келажак кунлар тўғрисидаги мулоҳазаларининг ост-остида ҳаётнинг баъзан аччиқ, баъзан умидбахш ҳақиқатлари аксланиб туради.

Энг қадимий ва абадий туйғу – севги дардидан сўзлагувчи ҳикоялар орасида, каминага, айниқса, “Муҳаббат муҳри” бошқача таъсир қилди. Ўша ҳиссиётга тўла ёмғирли кунда чиндан-да “тил-забонсиз фариштага” ўхшаб кўринган, бир оғиз ҳам гапирмай, одамни ўзига ром этишга қодир қиз – Ҳадичанинг йиллар (уларга қандай таъриф бериш ҳар кимнинг ўзига ҳавола!) ўтиб, яхши меҳнатлари эвазига колхоз томонидан берилган эски тракторни миниб келган эри (бир пайтлар кўзига тик қарашга уялгани йигит!)га қарата: “Шунинг ўрнига кичикроқ бир ғунажин сўрамабсиз-да. Баҳоргача анчайин етаклаб олардик. Бу ўлгурни на соғиб ичиб бўлса, на бозорга сола олсанг”, дея жанжал қилувчи хотинга айлангани – ҳаёт деб аталмиш кўзга кўринмас юҳонинг деярли ҳаммага тайёрлаб қўядигани шафқатсиз манзарадир.

Шукрки, Бахтиёр Нуриддинов ўзи тақдиридан ҳикоя қилаётгани ҳар бир қаҳрамон, ҳатто кичик персонажнинг фақат унгагина хос сажиясини кўрсатишга ҳаракат қилади ва аксарият ўринларда бу мақсадига эришади ҳам. Бу даъвомизни “Мусаввир” ҳикояси асосида тўла исботласа бўлади. Ундаги рассомнинг эрталаб чойхонада иссиқ гижда нон билан янги сузилган қаймоқ танаввул қилиши ва чойхоначи билан қилган муомала-муносабатида ҳам чинакам зиёлилик барқ уриб туради. Масалан, шу ҳодиса бундан олдин гаплашганимиз ҳикоядаги Зокир тракторчи билан бу алфозда бўлмаслиги ва тасвирланмаслигини ҳис қилмай иложимиз йўқ. Қолаверса, “Мусаввир” ҳикоясида келтирилган мудҳиш ўзгариш билан юқорида айтганимиз Ҳадичадаги ўзгаришни ҳам айнийлаштириш мумкин эмас. Умуман, бу ҳикоя яхши маънодаги оқсуяк муаллифлар ёза оладиган ва шундай ўқувчилар ҳис қилиб қадрига етадиган асарлар сирасига киради.

Кейинги ҳикоя тўғрисида олдимдаги битиклар қоғозимга “Аноргул” – кўлами, дарди ва салмоғи билан қиссага тортадиган нарса экан!” деб ёзиб қўйибманки, бу борадаги гапни шу билан лўнда қиламан…

Агар менга қолса, “Унутилган хотира” ҳикоясининг номини “Ифор” атаган бўлардим. Бахтиёрда, сўзимиз аввалида таъкидлаганимиздек, умр, вақт деган беаёв куч қўлига тушган инсоннинг табиий қисмати, деярли кўзга кўринмас, бироқ, жиддий ўйланса, одамга ниҳоятда алам қиладиган аччиқ ҳаёт ҳақиқатини эсингизга қайта-қайта солиш маҳорати, шу ижодий ишга бўлган уқув анча юқоридир. Бу ўринда гаплашаётганимиз ҳикоянинг сўнгги жумлаларини келтириш кифоя, деб ўйлайман:

“У Ифорни бироз кузатиб турди. Қутини олиб ортидан югурмоқчи бўлди. Бироқ кўтараётганда тугилган тугун ечилиб, олмалар ҳаммаёққа сочилиб кетди. У шошиб уларни қайта қутига жойлади. Олмаларни кўтариб кўчага чиққанда Ифорнинг қораси ҳам йўқ эди. Аланг-жаланг атрофга қаради. Кўзи билан пана-пастқам жойларни қидирди. Қучоғида бир дунё олмалар. Уларнинг ҳар бирида ўзи каби журъатсиз болалик туйғулари яширин эди. Бири қадрдон уйини, бири дўстларини эслатса, яна бири Ифорнинг онасини, унинг йўлга ўраб берган ширинликларини ёдга соларди. Қирмизи олмаларнинг бари-бариси эса Ифордек ифор таратарди. Уларни бирма-бир қарс-қарс тишлаб ейиш кераклигини ўйлаб ўкинди. Бу қанчалик азоб бўлмасин, уларнинг қисмати шу эди…”

Албатта, Б.Нуриддинов ҳикояларининг ҳаммасини ҳам бирдек муваффаққиятли чиққан, деб бўлмайди. Дейлик, “Эгасиз уй” сал сунъийроқ асосга қурилгани, ҳикоя тарзида публицистик руҳ кучайиб кетгани, бир сўз билан айтганда, “ижтимоий буюртма” маҳсули бўлиб қолгани билан ўқувчини қониқтирмайди.

“Ушалмаган орзу”да эса, аслида, кучли бир инсоний дард – учувчи бўлиш орзуси билан яшаган йигитнинг, охир-оқибат, шиппак (ер билан бир бўлиб, эзилиб, янчилиб юришга мажбур матоҳ!)чиликка куни қолгани, шу тақдирга нафақат кўнгани, балки бу соҳадаги (шиппакчиликдаги!) режаларни 50 йил олдиндан дўндириб қўйиш билан ихтиёрини тўлиқ тақдир ҳукмига берганидек жиддий дард айтилмоқчи бўлган-у, бироқ бу мақсаднинг бадиий ижроси муваффақиятли чиқмаган. Бунақа пайт ёзувчидан Ф.Кафканинг “Эврилиш”идек юксак ижрони кутасан киши…

Қандай бўлмасин, Сизга ўқишни таклиф этаётганимиз ҳикоялар муаллифи Бахтиёр Нуриддинов инсон ҳаёти ва тақдирини синчков кузатиб, ўз кузатишлари, етиб келган ижодий хулосалари ила биз билан ўртоқлашмоқни хоҳлаган экан, унинг бу интилишларини фақат ва фақат қўллаб-қувватламоқ керак, деб ўйладик.

Қолган гапларни китоб мутолаасидан кейин давом эттираверамиз.

Бахтиёр НУРИДДИНОВ
ҲАЙҲОТ, ҲАЁТ
067

    Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

067

I

5385.jpgБариси бошқача бўлиши мумкин эди.

Аслида бу гапларни айтишига ҳам ҳожат йўқ. Аммо вужудини доимо нуқтадеккина вазмин бир оғриқ кемиради. Авваллари ҳаммасини соғлиғига йўйиб юрганди. Энди билса ундай эмас экан. Шууридаги болалик хотиралари улғайган сари юрагида улкан дардга айланаётганини ҳис қила бошлади. Айтса тили, айтмаса дили куяди.

II

Бола пайтлари ҳаёт беғубор туюлар экан-да.

Ўзи яшаган дунёнинг шаффоф манзаралари ҳозир ҳам кўз ўнгида қандай бўлса шундайлигича гардсиз гавдаланади…

…Уни кўпчилик “чуғурчуқ” деб аташарди. Онаси “сайроқи қуш”, отаси бўлса “шайтон қиз” дерди. Бундай отларнинг бариси унинг тинимсиз бидирлашларига қиёс қилинган бўлса керак. У болаликдан “опа”, “бўмбалоқ опажон” дейишга ўрганиб қолганди. Асли исми қандайлигини кичкина пайтлари очиғи билмасди. Аммо уни кўрганда “бўмбалоқ опа”сининг югургилаб келиб, “бўғирсоқвой”, “кичкинтой” дея қитиқлаб эркалатишлари ҳамон ёдида. Онасининг “қўй” дейишига қарамай аёвсиз қийноққа соларди уни. Осмонга отиб, ҳавода тутиб оларди-да, қиқир-қиқир кулмагунча туширмасди. Бир сафар қўлларидан чиқиб кетишига оз қолувди. Чамаси беш-олти ёшлар бўлса керак-да. У шу ўн бир-ўн иккилардайди чоғи. Негаки икки йиллар ўтиб, унинг отаси вафот этганда онаси “Балоғат ёшида етим қолди шўрпешона”, деб йиғлаб чиққанди. Кеч кузнинг намозшоми эди, шекилли. Отаси ҳам “Шўрликкина қиз” дея бошини сарак-сарак қилувди. Ҳали ўлим нималигини тушунмаган мурғак болага атрофдагиларнинг бу каби куйинишларининг унчалик аҳамияти йўқ эди. Не сабабки, ўша куни кечқурун онаси кўчадан яна гап топиб келди. Уни эшитиб, отасининг жиғибийрон бўлгани ҳануз кўз олдида турибди. Имом “Поччамни ҳайитга чиқарамиз” деганмиш. Таомил бўйича майитни совутмай ерга қўйишлари керак экан. Ҳали ҳайитгача бир кун бор эди. Қариндош-уруғлар қанчалик тихирлик қилишмасин, имом оёқ тираганмиш. Шундай ҳам бўлди. Тирикликда қилинмаган марҳамат олийжаноблик билан ҳайит намозидан сўнг амалга оширилди.

Байрамга оз қолгани эсида. Негаки қўшни болалар билан бу кунни орзиқиб кутишарди. Опаси ҳам ҳайитда ширинликлар улашишни ваъда қилганди. Аъза уни тушкунликка солиб қўйди. Ваъдалар ҳам унутилди. Ҳеч ким ширинликларни сўрашга ботинолмасди. Бу одоб юзасидан ҳам тўғри эмас эди. Шундай бўлса-да, опаси барча маросимларни ўтказиб, ҳайит куни кечаси болаларга у-бу егуликлар улашиб чиқди. Унинг кўзлари қизариб кетганди. Юзлари сўлғин – бир аҳвол эди. Сочлари тўзиган, афт-ангорига қараб бўлмасди. Шу вақтгача уни ҳеч қачон бундай алфозда кўришмаганди. Тўғриси ўша пайт ҳолига жуда-жуда ачинди. Авваллардагидек суйкаланиб, эркалангиси, юзларини силаб-сийпаб меҳрибончилик қилгиси келувди. Юпатиш учун ўйланган бари тадбирлар чорасиз эди. Қанчалар пойлашмасин икки-уч ҳафта уйдан кўчага ҳам чиқмади. Усиз барча ўйинлар зерикарли кечарди. Кунлар шу тарзда, бир тахлит ўта бошлади. Аста-секин бунга кўникилди. Унинг ҳамма исмлари унут бўлиб, энди катталар Нилуфар, деб чақиришарди. Бари болалар қатори у ҳам ҳайрон эди. Қулоқлари ўргангунча анча гарангсиб юрди. Кейин-кейин уни доим қийноқлар билан азоб бериб эркалагувчи опасининг асл исми Нилуфар эканлигини англаб етди.

III

Нилуфар бутунлай бошқа бир одамга айланиб қолганди. Катталардек муоамала қилар, болалар билан ўйнамас, эркалатмас ва ўз йўлида эркаланмас ҳам эди. Ажабланарлиси ҳар кунги эрмаги бўлган ўйинларни буткул унутганди. Умуман олганда ғам-ташвиш унинг бошига бир уриб улғайтириб қўйгандек эди гўё. Аслида ҳам шуйдаймиди?.. Тўғриси бунга ақли бовар қилмасди. Аммо онасининг “Балоғат ёшида етим қолди шўрпешона”, дегани ҳануз ёдида. Ҳақиқатан ҳам опаси катта қиз бўлиб, гарданига турмуш юки тушгандир?! Энди улар билан ўйнашга вақти йўқдир! Ёки буни ўзига эп кўрмас?! Нима бўлгандаям опасининг қувноқ ҳаёти ниҳоялаганди. Унинг шу кунгача кўрганлари ҳолва экан. Ҳамма ташвиш отасининг барча маросимлари тугаб, қирқи ўтгандан кейин бошланди. Имомнинг поччаси жасадига қилган эҳтироми сабаби кунлар ўтиб ошкор бўлди. Нилуфарга янги ота топибди. Бу гапни яна онаси айтиб чиқди. Ёш аёлнинг боши очиқ юриши мумкин эмасмиш! Буни эшитиб, отаси узоқ ғудранди. Ора-орада “юзсиз” деган сўзни қайта-қайта такрорларди.

Улар рўпарама-рўпара қўшни туришарди. Кўчанинг у тарафида Нилуфарларнинг, бу тарафида ўзларининг уйлари жойлашганди. Отаси билан отаси, онаси билан онаси қадрдон эдилар. Қўни-қўшничилик, кирди-чиқди қилиб анча йиллардан буён аҳил яшаб келишарди. Улар биргина қизларини еру-кўкка ишонишмасди. Самимий, ҳамманинг кўнглини олишга ҳаракат қилишарди. Отасининг жон куйдиришича ҳам бор эди. Уларни яқиндан биларди-да ахир. Доим: “Яхши одамлар”, деб мақтаб қўярди. Баъзи-баъзида “Қўшнилардан ёлчиганмиз-да!” дея кўкрак керарди. Охирги нохушликлардан эсанкираб, энди ўзига кела бошловди. Буниси ўлганнинг устига тепгандек бўлди.

— Нигорхондан сўра, бирон ёрдам керак бўлса ҳеч нарсани аяма! — деди отаси чорасиз. Онаси индамай бош ирғади.

Нигорхоним Нилуфарнинг онаси. Жудаям мулойим, хушхулқ, болажон аёл эди. Ҳар бир ишга фаросат билан қарарди. Турмушнинг барча оғирликларини кўтариш-у, қизи Нилуфарнинг тарбияси билан шуғулланиш ёлғиз ўзига қолганди. Тўғри, яқин қариндош, қўни-қўшнилар ҳам бир четда қараб туришмас. Бироқ айни дамдаги масалаларни ечиш барибир унинг измида эди.

IV

Нигорхонимнинг қарорини икки ҳафталар кутишди. Унгача ҳамманинг бўлари бўлди. Нилуфарниг йиғлаб чиққанига қараганда бечора барчасига кўнган. Онаси уни бағрига босиб анчагача юпатди. Қани тушунса: юм-юм кўз ёш тўкди.

— Менга бошқа ота керак эмас, — деб ҳиққилларди.

Беиихтиёр унинг ёнига бориб:
— Йиғламанг опа, — деди.

Нилуфар кўзёшларини артиб, унга тикилди. Бироз жилмайиб бошини силади. У ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлди. Унинг ҳовуридан тушганини кўриб, онаси ўрнидан туриб чиқиб кетди. Бироздан кейин ҳовлидан яна пиққиллаган овоз эшитилди. Иккалови ҳам шошиб деразадан ташқарига қарашди. Нилуфарнинг онаси сўрига чиқа туриб дийдиё қиларди. Ҳеч нарсага изоҳнинг ҳожати йўқ эди. Ҳаммаси тушунарли. Онаси Нигорхонимни анча овутди. “Дунёнинг бир қати ўзи шундай”, деб таскин берди. Бироқ қанийди у сўзлар оғриган дилларга малҳам бўлолса…

Ўша кундан бир ойлар ўтиб, тўй ҳам бўлди. Нигорхонимни кичикроқ ҳашам билан куёвга узатишди. Тўғрироғи бир басавлат, бесўнақай киши уларникига куёвота бўлиб тушди. Аслида у ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган бир қария эди. Тўйдан сўнг Нилуфар яна ҳам жиддийлашиб қолди. Кўп ўй сурадиган бўлиб, ҳеч кимга қўшилмасдан қўйди. Вақт ўтиб ҳамма ўз юмуши билан овуна бошлади. Болалар ҳам Нилуфарни унутишди. Аммо унинг ичида ғамгин бир оғирлик – опасига ачиниш ҳисси пайдо бўлганди. Ўгай отаси ўта баджаҳл, қаттиққўл одам экан. Кўча тугул уларникига ҳам чиқармай қўйди. Ора-орада у-бу кўтариб хабар олгани кирарди, холос. Ота-онаси ҳам ҳайрон эди.

— Бу уларнинг ҳаёти. Зинҳор бурнингни суқа кўрма! – деб танбеҳ берди бир куни отаси. Онасига табиий бунақа оҳангдаги гаплар ботмасди. Осмонга термилиб қош чимирди. Аммо ҳеч нарса демади.

Шу йўсин қўшничилик узил-кесил барҳам топди. Онда-сонда тасодиф билан кўча-кўйда учрашишмаса, уч-тўрт йилда деярли яқинлик буткул йўқолди. Бу унга унчалик ёқмаса-да, чидади. Кап-катта бўлиб қолганига қарамай, “бўмбалоқ опаси”ни ҳамон болаларча яхши кўрар эди. Узоқ-узоқдан кузатиб, кўз қирини ташлаб юрарди.

— Катта йигит бўп қопсан-ку, Камол! – деди бир куни у ҳам майинлик билан эркалаб. Ҳақиқатан ҳам мўйлари сабза уриб, билаклари кучга тўлиб, одам кепатаси кириб қолганди унга. Опасининг гапидан қизариб, ерга қараб олди. Нилуфарнинг ўзи ҳам дуркунлашиб, кўзи тушганни нақ куйдирарди. Ғамгинлик унга янаям чирой бағишлаганди. Улар онаси билан ҳар куни боғда ишлашарди. Олча пишиғида олча, олма пишиғида олма теришарди. Мева тўла оғир-оғир саватларни она-бола базўр кўтариб, уюм-уюм қилиб тахлашарди. Онда-сонда ўгай отаси келиб уларга ёрдамлашган бўларди-ю, аммо ёмон ишлашаётганини пеш қилиб вайсай-вайсай жуфтакни ростларди. Камолнинг бундан жаҳли чиқар, шундай пайтларда дўппослаб ташлагиси келарди. Унинг она-бола ҳисобига кун кечираётгани етмагандай, уларга ўтказаётган зуғумларига таажжубланарди. Нилуфар керагидан ҳам кўп ишларди. Буни кўриб унга раҳми келарди. Тушлик пайтлари ҳеч кимга билдирмай, уларнинг икки-уч саватларини меваларга тўлдириб қўярди. Нигорхоним доим ҳайрон эди. Ҳисобдан адашиб, паришонхотир бўлиб бораётганлигидан нолиб, хавотир оларди. Нилуфар ҳаммасини сезса ҳам, жилмайиб қўярди, холос. Тўғриси уларга жуда-жуда ёрдам қилгиси келарди-ку, бироқ одамлар орасидаги баъзи муносабатлар бунга йўл бермасди.

V

Бир кун Нилуфарнинг ўгай отаси боққа келиб роса жанжал қилди. Атрофдагиларнинг бари аёллар эди. Ажратишга ҳеч кимниг юраги дов бермасди. Шундай бўлса-да, улар ҳаракат қилиб кўришди. Қани энди эплай олишса. У тирик товоннинг эшшакдай кучи бор экан. Бир амаллаб йўлга солишди. Гапга кўндиришди. У бўрдоқи бўлса, истар-истамас ғудрана-ғудрана боғни тарк этди. Она-бола нима қиларини билишмай, чеккада жовдираб қараб туришарди. Иккови ҳам бир зумга ер ёрилсаю, кириб кетишга рози эди. Камол қаттиқ таъсирланди. Ортига қараганда Нилуфар йўқ эди. Уни қидира-қидира дарё бўйидан топди. Аммо ёнига боролмади. Мажнунтол соясида узоқдан кузатиб ўтирди. Бир маҳал у ўзини сувга отди. Аввалига нима қиларини билмай эсанкираб қолди. Унинг чўка бошлаганини кўриб, чопиб бориб ёрдамга шошилди. Дарё жуда тез оқарди. Уни қутқариб олишнинг ўзи бўлмади. Худога илтижо қилди. Дарёга ялиниб, ёлворди. Тўлқинлардан кўмак сўради. Ниҳоят амаллаб қирғоққа олиб чиқди. У:

— Мен чўкишни истайман, Камол! – деб телбаларча бақирарди.

Тўғриси унга ачиниб кетди. Қандай юпатишни ҳам билмай қолди. Уни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Уст-боши шалаббо бўлиб, сочлари тўзиб кетганди. Бироздан кейин ўзига келиб, у ёқ – бу ёғига қаради. Аҳволидан уялди шекилли, индамай туриб кетиб қолди.

Ўша-ўша уни анчагача кўрмади.

VI

Ҳаёт бир маромда давом этарди. Камол ҳам катта бўлиб шаҳарга ўқишга кетди. Қишлоқдаги янгиликларни хат-хабарлар орқалигина билиб турарди. Онаси эрта баҳор “бўмбалоқ опа”сининг шаҳарга турмушга чиққанини ёзиб юборибди. Эшитиб ҳурсанд бўлди. Куёвбола полвон эмиш. Наврўз байрамида қишлоққа дарбозлар билан борганда кўриб қолиб, танишишибди. Энди опаси ҳам дорда ўйнашни ўрганаётган экан. Бир-бирларисиз бир зум туришолмасмиш. Пешонасига шу ёзилгандир-да. Нима бўлгандаям опасининг бахтли эканидан суюнди. Ўгай отасининг зуғумларидан қутилибди-ку ҳарқалай, деб ўйлади. Аммо “бўмбалоқ опа”сининг қалби қишлоқда қолганини тушунмаганди. Онасининг ёлғизлигини, ўша ўгай тўнғизнинг калтаклари остида яшашга маҳкум эканлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. Буни бир куни Нилуфарнинг ўзидан эшитди. У Камолни қидириб ўқиш жойига борганди. Онасидан хабар олиб туришини ва ишлаб топган пулига сотиб олган шойи рўмолини бериб қўйишни илтимос қилиб келганди. Камол “бўмбалоқ опа”си билан яна топишганидан қувонди. Нилуфар ҳам уни қайта учратганидан терисига сиғмасди. Кейин-кейин Нигорхонимнинг саломларини етказиш баҳонасида опаси иштирокидаги дор томошаларига ҳам бориб турди. У ҳаммани ҳайратга солиб, худди ерда югургани каби дорчўпни кўтариб арқонда чопарди. Юрагига қойил. Унинг бу ишни шундай маҳорат билан эгаллаганига ҳайратланмай иложи йўқ эди. Инсон ҳаракат қилса ҳар қандай ишни эплай оларкан-да. Тасанно!..

VII

Камол таътилга чиққанда қишлоққа қайтди. Шу вақт орлиғида опасини деярли кўрмади. Бутун ёз қишлоқда бўлган пайти Нигорхоним уни учратганда қизи ҳақида сўраб ҳоли жонига қўймасди. Аҳволлари яхшилигини айтса ҳам кўз ёши қилиб юрагини сиқарди. Гапнинг яхшиси-да, ёмони-да бир эди. На иссиққа, на сувуққа кўнарди. Унинг ўзи ҳам Нигорхонимнинг маъюс нигоҳлари остида эзилиб кетди. Очиғи энди кўргудек бўлса қочадиган одат чиқарди. Бутун ёз шу каби ўйин ўйнаш билан ўтди. Ниҳоят куз келиб бу азоблардан қутулди. Ўқишлар бошланиб, яна шаҳарга қайтди. Ҳамма хотиралар қишлоқда қолди, деб ўйлаганди. Бироқ бундай бўлмади. Кетар чоғ Нигорхоним бўмбалоқ опасига бир дунё нарсалар бериб юборганди. Энди ўқиш қолиб, куни шуларни эгасига етказиш ташвиши билан ўтарди. Нилуфарни дор майдонига қидириб борди. Аммо томошалар тугаб, дорбозлар қишлоқ сари сафарга чиқишган экан. Уни минг излаб топа олмади. Яшаш манзили ҳам йўқ эди. Шу пайтгача сўраб билмагани учун ўзини ўзи сўкди. Нилуфар ҳам айтмаганди. Гўё опаси дор майдонида яшайдигандек эди. Бундай бўлиши хаёлларига ҳам келмаганди. Энди қаёқдан изласин. Нигорхоним бериб юборган нарсаларнинг баъзилари эскиб, баъзилари айний бошлаганди. Исроф бўлмасин деб ўртоқлари билан баҳам кўриб қўя қолди. Нигорхонимга ёлғон бўлса ҳам Нилуфарнинг номидан хат ёзиб юборди.

Аммо опасини қидиришдан тўхтамади. Бўш қолди дегунча шаҳар марказидаги томошагоҳга чопарди. Дарбозлар ҳамон қайтишмаганди. Охири ҳафсаласи пир бўлганда, бир кун ўқишга ўзи кириб келди. Кеч куз эди. Иссиқ кийимлар кийиб олгани учун биқсиб, семириб кетгандек кўринди кўзига. Сўраганди опаси ерга қаради. Қаҳ-қаҳ отиб кулди. Кейин билса иккиқат экан. Эшитиб хурсанд бўлиб кетди. Йўқолиб қолганини сабабини тушуниб етганди. Онасига бу ҳақида ёзиб, Нигорхонимга суюнчилашни сўради. Қишги таътилга борганда албатта хушхабар билан боришини қўшиб қўйди.

VIII

Қиш келди-ю яна эски ҳол бошланди. Опаси ғойиб бўлиб қолди. Энди манзилини аниқ биларди-ю, боришга бироз тортинди. Уйидагилари қандай тушунаркин, деб иккиланди. Яна кутишни бошлади. Бир кун ўтди. Келмади. Бир ҳафта ўтди. Келмади. Ва ниҳоят бир ой ўтди ҳамки, ҳамон дарак йўқ эди. Ўқиши тугаб, қишги таътил бошланганди. Нигорхонимнинг мўлтиллаган нигоҳларини ўйлаб ноилож излаб борди. Қўшнилари кўзи ёриганини айтишди. Бу хабарни эшитиб боши осмонга етди. Аммо ўзини кўрмади. Шифохонада экан. Ўша куннинг ўзида қишлоққа суюнчилаб борди. Нигорхоним эшитиб ўзини қўярга жой тополмай қолди. Онаси ҳам қувонди. Отаси суюнчисига “шайтон қиз” учун дея бир тутам пул тутқазди. Уч-тўрт кундан сўнг шаҳарга қайтар маҳали Нигорхоним чақалоққа аталган сарполарини олиб чиқди. Яна у-бу харажатларга, деб тугунча ичига йиллар давомида йиққан, қатлари ғижимланиб, оҳори кетиб қолган бир даста майда пулларни кўрсатиб, солиб қўйди. Албатта етказишини ўтиниб сўради. Уни билган қўни-қўшнилар-у, бу хабарни эшитган болалигидаги кичкинтой дўстлари – табиийки уларнинг бари кап-катта йигит-қизларга айланишганди – “чуғурчуқ”қа аталган топган-тутганларини бериб юборишди. Зил-замбил тугунлар билан шаҳарга қандай етиб келганини ҳам билолмади. Тўғри ўша куни қўшниларидан эшитган туғуруқхона манзили томон борди. Шифохона қайдномасидан уни қидириб топди. Ҳамширанинг “Кими бўласиз?” деган саволига “Укаси” деб жавоб берганини эслайди, холос. У ёғи даҳшат. Айниқса катта ҳамширанинг гапларига ишонгиси келмасди. Унинг “Боласи нобуд бўлди”, деган сўзлари қулоқлари остида қайта-қайта шанғилларди. “Ўзи-чи!?” дея беиихтиёр берган саволига, эсидан оғиб қолганлигидан бошқа маълумотни ололмади. Қолганини туғуруқхона шифокоридан эшитди. Бир зумда ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетгандек эди. Қўлидаги сарпо-суруғу, ашқол-дашқолларнинг ҳам ерга қўйиш хаёлидан кўтарилганди. Бу ташвишларни эшитиб юки баттарроқ оғирлашгандек бўлди. Шифокорнинг айтишича уни яқинларининг ўзи руҳий шифохонага жўнатишибди. Наҳотки бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғи – ғамбодаси бунга рози бўлган бўлса. Ҳеч ишонгиси келмайди. Бироқ эшитганларининг бари ҳақиқат эди.

Камол қўлидаги тугунларга қўшиб бутун дунёни юкини кўтариб Нилуфар ётган касалхона сари чопди. Табиийки уни опасининг олдига қўйишмади. Ялиниб ёлворса ҳам рухсат беришмади. Ниҳоят қоронғи тушганда қишлоқдан олиб келган мева-чевалару, совға-саломлари кучи билан ёнига киришга эришди. Нилуфар уни кўриб йиғлаб юборди. Қўллари боғлиқ эди. Бошини Камолнинг кўксига қўйиб:

— Сен менинг энг ақлли укамсан. Ҳаётда сендан бўлак ишонганим йўқ. Мени бу ердан олиб кет, тушуняпсанми, ҳеч ким топа олмайдиган тоғу тошларга олиб кет! — деб ялинарди.

“Ё Худо! Инсон ҳаётининг сўнгги макони шуми?..” деб бақирворгиси келди. Кўнглида чуқур бир хўрсиниқ пайдо бўлди. Болалик пайтлари юрагига тушган узун йўл ниҳоят мана шу манзилда якун топганига ишонгиси келмасди. Камол уни қандай юпатишни ҳам билмади.

Чора излай бошлади. Ҳақиқатан ҳам унинг бундай аҳволга тушганига ишонолмасди. У соппа-соғ эди. Баъзи инсонларнинг ваҳший ва жудаям тубан эканликларидан ғазабнок бўлди. Опасининг полвон эрида ғурур йўқлигига куйинди. Унингча уни шундай пайтларда ёлғиз ташлаб кетиш мард кишининг иши эмас эди.

IX

Доимгидек ўқишни ташвишлар билан бошлади. Калласида “бўмбалоқ опа”си ҳақидаги ўйлар борган сари ғовлаб борарди. Аммо унга ёрдам бера олишига заррадек ҳам бир учқун кўрмасди. У ердан қутқариш тугул ёнига кириб, хабар олишнинг ўзи мушкул юмуш эди. Бу ишларга қишлоқдагилар бериб юборган пуллар урвоқ ҳам бўлмади. Барисини шифохонадагиларга тарқатди. Энди минг ҳаракат қилган тақдирда ҳам уддасидан чиқа олмаслиги аниқ эди. Ҳафта, ойлар бир-бирини қувиб ўтарди. У бўлса кундан-кун сўлиб борарди. Нигорхонимга қизи номидан хат ёзиб турди. Уларнинг мазмуни Нилуфарнинг қўчқордек ўғил туққани-ю, анча катта бўлиб қолгани, баҳор сари яна-да тўлишиб, бувисига тортаётганлиги ҳақидаги ёлғонлардан иборат ҳар хил гап-сўзлар эди. Камол ҳатто ота-онасига ҳам ҳақиқатни айтишга жазм қилмасди. Бора-бора тўқиган ёлғонларига бошқалар тугул ўзи ишониб бораётгандек эди. Эрта баҳор ҳаммасига қўл силтаб, қўлтиққа урган вақтда ниҳоят шифокорлар опасининг анча соғайиб қолганини, энди эса жавоб беришларини айтишди. Буни кутмаган эди. Барча умидлари сўниб бўлганди. Мана энди уни олиб кетиши мумкин. Аммо қаёққа?! Ўйлай-ўйлай боши қотди. Ниҳоят узоқ тоғдаги дўстиникига олиб боришга қарор қилди. Шундай қилди ҳам. У ердагилар очиқкўнгил, худди тоғ ҳавосидек беғубор одамлар экан. Уларни тушунишди. Ўзларининг фарзандларидек қабул қилишди. Яшаб туришга бир кичикроқ хона ҳам ажратиб беришди. Нилуфар кунлар ўтган сари у жойларга кўникиб кетди. Айниқса қишлоқнинг беш-ўн чоғли кичкинтойлари билан чиқишиб қолди. Уларни йиғиб олиб ўқиб, ёзишни ўргата бошлади. Ўзи билган, болалигида куйлаб юрадиган ашулаларни айтишни машқ қилишарди. Болалар ҳам усиз туришолмасди. Кундан кун шаҳарнинг заҳмларида синиққан юзларига қон югуриб, яна аввалгидек чирой очиб борарди. Камол у билан овора бўлиб ўқишни ҳам ташлаб қўйган эди. Бир куни кеч тушиб, қуёш қоялар ортига беркинаётган пайт опаси:

— Сенга каттта раҳмат. Энди ўқишингга қайт. Мендан хавотир олма. Бу ернинг одамлариям яхши экан., — деди.
— Сиз-чи? – деган саволига.

— Мени дор устида қандай учишимни кўрганмидинг? – деб савол билан жавоб қайтарди.
— Ҳа, — деганди.

— Бу ерлар сўлим жойлар экан. Ўзимга яраша бирон юмуш топиб, кунимни кўра оламан. Ҳали ҳаётдан умидим катта. Қисматимда бу ёзиғ ҳам бор экан. Ҳаммасини бошидан бошлайман. Бу ерлик болаларга керак эканимни ҳам тушундим. Уларнинг қанақаликларини кўрдингми?.. Ҳаммаси интилувчан. Ҳаёт қийинчиликларига чидамли. Энг асосийси ҳар қандай мушкулликларни матонат билан енгиб ўта олишади. Баъзи нарсаларни улардан ўргана бошладим, тушуняпсанми. Олдимда ҳали кўп ишлар борлигини биламан. Аммо уларни қандай ташлаб кетаман, — деди.

Унинг кўзлари чақнарди. Тоғларнинг мағрур қоялари каби гапларида мардонаворлик, ўзига ишонч бор эди. Ноилож унинг гапларига кўнди. Бошқа йўл ҳам йўқ эди. Қанчалик оғир бўлмасин уни ташлаб кетишга рози бўлди. Нигорхонимга, қишлоқдагиларга унинг номидан яна хат ёзиб туради. Уларни бунга ишонтира олади-ку! Қўлидан бошқа иш келмаса ҳам ҳали янги ёлғонлар тўқиши мумкин эди. Буни дўндириб ташлайди-да.

X

Эрта тонг, ҳали қуёш тоғлар ортида қояларга тирмашаётган маҳали йўлга чиқди. Опаси билан хайрлашишни хоҳламади. Барча гапларни кеча кечаси эшитиб бўлганди. Қолганини кўтара олмайди ҳам. Уни барибир аҳдидан қайтариб бўлмасди. Яна бирон оғиз гапирса кўнгли бузилиши мумкин эди, холос. Шунинг учун уйғотиб ҳам ўтирмади. Ҳамма ширин уйқудалигида катта йўлгача етиб олишни кўзлади. Шиддат билан тинмай юрди. Уч-тўрт чақиримлардан сўнг ортига қараганда узоқдан оппоқ рўмолчасини силкитиб хайрлашаётган опасини кўрди. Ҳойнаҳой йиғлаётган бўлса керак. Эътибор бермай йўлида давом этди. Бу ёғи энди ҳаёт измида эди.

Аслида бу гапларни айтишига ҳам ҳожат йўқ. Бариси бошқача бўлиши мумкин эди. Аммо…

2016 йил, 27 май

6SDARm5CbYA.jpg    Iste’dodli yozuvchi Baxtiyor Nuriddinovni ilk kitobi nashr etilgani bilan chin yurakdan qutlaymiz. “Sharq” nashriyot-matbaa AK Bosh tahriyati tomonidan chop etilgan hikoyalar to‘plami “Shudring gullari” deb nomlangan. Ushbu kitobga taniqli adabiyotshunos olim Rahmon Qo‘chqor tomonidan yozilgan so‘zboshi va to‘plamdan o‘rin olgan “Hayhot hayot” hikoyasini taqdim etamiz.

Rahmon QO‘CHQOR
O‘ZBЕKCHA ARIQLARDЕK SOF VA IFORLI…
067

 05.png  Olam va odam qanchalar qamrovli, turfa tusli bo‘lsa, ular xususida bahs ochuvchi adabiy asarlar ham shunchalar rang-barang qiyofa kasb etishi tabiiy holdir. Paydar-pay paydo bo‘layotgan texnik-texnologik yangiliklar oqimi ostida kechayotgan hayotga mos tarzda uning mohiyatini yangicha uslublarda talqin etishga urinishlarning ko‘payayotgani ham, nazarimda, faqat ko‘ngli tor odamlarnigina asabiylashtiradi. Bunday kishilar necha asrlar ilgari ajdodlarimiz yetib kelgan quyidagi haqiqatni yo tabiatan anglamaydilar yoki anglashga urinib ko‘rmaydilar: “Bu olam sahnida gul ko‘p, chaman ko‘p”.

Shukrki, ham zamonaviy dunyo adabiyoti, ham milliy so‘z san’atimizda an’anaviy uslublardan keskin farq qiluvchi, olam va odam ishlariga kutilmagan rakurslardan yondashib ko‘rish va noan’anaviy xulosa-hukmlar chiqarishga erishayotgan mumtoz asarlar ham, oz bo‘lsa-da, paydo bo‘lmoqda. Shoir “Kimda kimning ko‘ngli bor – qo‘yavering, o‘ynasin” deganidek, mana shunday yondashuv, insho tarzi tarafdorlari va muxlislari ham borki, ularning adabiy-estetik didiga nopisand qarash madaniyatli kishining ishi emas.

Biz bugun asarlarini Sizga tortiq qilmoqqa jur’at etayotganimiz muallifning hikoyalari yuqorida eslatganimiz yangi – modernistik oqimlar vakillari yozganlariga mutlaqo o‘xshamaydi. Qoradaryo bo‘ylarida tug‘ilib katta bo‘lgan Baxtiyor Nuriddinovning hikoya tarzi o‘zi suv ichgani – o‘zbekcha ariqlardek sof an’anaviy o‘zanga, mavj va ohangga ega.

Qolaversa, Baxtiyor bitgan hikoyalarda yana o‘sha olam va odamni jiddiy tashvishga solayotgan, qo‘li bo‘shki kishi qalamga olib o‘zini ko‘rsatish omiliga aylantirayotgani “global, umuminsoniy muammolar”, “dolzarb ijtimoiy-siyosiy masalalar” to‘g‘risida biror satr gap ham, ularga nedir matnosti ishoralar ham yo‘q.

“Modomiki shunday ekan, Siz bizga ilinayotganingiz hikoyalarda nima bor o‘zi?” deb so‘rashga chog‘langaningizni ham sezib turibman, aziz kitobxon. Mening o‘zimga o‘zim bergan birinchi savolim ham shunday bo‘ldi: bu hikoyalarda nima bor (yoki nima yo‘q)ki, o‘qigan odam ko‘ngli va ruhida nedir yangiliklar, o‘zgarish va o‘ylovlar paydo qiladi?

Hikoyalarni qayta-qayta o‘qib buning javobini topgandek bo‘laman: bu mo‘’jaz hikoyalarda Sizu bizga o‘xshagan oddiy odamlarning bir qarashda ko‘zga tashlanavermaydigan, ustki yaltiroqlik, kutilmaganlikdan holi umri va taqdiri xuddi tiniq suvdagidek akslanadi. Muallif bu umr va taqdirlarga ma’no baxsh etgan ohorli tuyg‘ular, o‘y hamda kechinmalar haqida sodda, ravon mulohaza yuritadi, ana shunday ravonlik-la hikoya qilib beradi.

O‘qigan o‘quvchi ham qo‘shilsa kerakki, “Ota va o‘g‘il”, “U dunyo xaridori”, “Eski udum” va hatto “Shudring gullari”, “Havola” hikoyalari bir yaxlit qissaning – hikoyachi taqdiridan kuylanuvchi qo‘shiqning bir-biriga bog‘liq bandlaridek taassurot qoldiradi. Mazkur qissaning qat-qatlaridan “yaqinlashganda hammayoqni bosib ketadigan OTA ISI” ufurib turadi. Bu isdan uzoqlashish, Xudo ko‘rsatmasin, undan abadiyga ayrilish, tuyg‘usi tirik har qanday odam “yuragining bir chetini nimadir pastga qarab tortqilashi”, bo‘g‘ziga “nimanidir paxsadek qotirib” qo‘yishi tayin…

Biz ko‘nikib qolganimiz ko‘plab asarlarda qachon o‘zbek onalari tasviriga o‘tilsa, nuqul mushtipar, yuvvosh, sodda va hatto (O‘zi kechirsin!) go‘l ayollar ko‘z oldimizda gavdalantirilar edi. Bu muallifning “Eski udum”dagi onasi unday – kitobiy qahramon emas. Bu onajon fikru zikri tiniq, kuzatuvchan, hayotga tik va real qaray oladigan ayol. Uning o‘tayotgan va kelajak kunlar to‘g‘risidagi mulohazalarining ost-ostida hayotning ba’zan achchiq, ba’zan umidbaxsh haqiqatlari akslanib turadi.

Eng qadimiy va abadiy tuyg‘u – sevgi dardidan so‘zlaguvchi hikoyalar orasida, kaminaga, ayniqsa, “Muhabbat muhri” boshqacha ta’sir qildi. O‘sha hissiyotga to‘la yomg‘irli kunda chindan-da “til-zabonsiz farishtaga” o‘xshab ko‘ringan, bir og‘iz ham gapirmay, odamni o‘ziga rom etishga qodir qiz – Hadichaning yillar (ularga qanday ta’rif berish har kimning o‘ziga havola!) o‘tib, yaxshi mehnatlari evaziga kolxoz tomonidan berilgan eski traktorni minib kelgan eri (bir paytlar ko‘ziga tik qarashga uyalgani yigit!)ga qarata: “Shuning o‘rniga kichikroq bir g‘unajin so‘ramabsiz-da. Bahorgacha anchayin yetaklab olardik. Bu o‘lgurni na sog‘ib ichib bo‘lsa, na bozorga sola olsang”, deya janjal qiluvchi xotinga aylangani – hayot deb atalmish ko‘zga ko‘rinmas yuhoning deyarli hammaga tayyorlab qo‘yadigani shafqatsiz manzaradir.

Shukrki, Baxtiyor Nuriddinov o‘zi taqdiridan hikoya qilayotgani har bir qahramon, hatto kichik personajning faqat ungagina xos sajiyasini ko‘rsatishga harakat qiladi va aksariyat o‘rinlarda bu maqsadiga erishadi ham. Bu da’vomizni “Musavvir” hikoyasi asosida to‘la isbotlasa bo‘ladi. Undagi rassomning ertalab choyxonada issiq gijda non bilan yangi suzilgan qaymoq tanavvul qilishi va choyxonachi bilan qilgan muomala-munosabatida ham chinakam ziyolilik barq urib turadi. Masalan, shu hodisa bundan oldin gaplashganimiz hikoyadagi Zokir traktorchi bilan bu alfozda bo‘lmasligi va tasvirlanmasligini his qilmay ilojimiz yo‘q. Qolaversa, “Musavvir” hikoyasida keltirilgan mudhish o‘zgarish bilan yuqorida aytganimiz Hadichadagi o‘zgarishni ham ayniylashtirish mumkin emas. Umuman, bu hikoya yaxshi ma’nodagi oqsuyak mualliflar yoza oladigan va shunday o‘quvchilar his qilib qadriga yetadigan asarlar sirasiga kiradi.

Keyingi hikoya to‘g‘risida oldimdagi bitiklar qog‘ozimga “Anorgul” – ko‘lami, dardi va salmog‘i bilan qissaga tortadigan narsa ekan!” deb yozib qo‘yibmanki, bu boradagi gapni shu bilan lo‘nda qilaman…

Agar menga qolsa, “Unutilgan xotira” hikoyasining nomini “Ifor” atagan bo‘lardim. Baxtiyorda, so‘zimiz avvalida ta’kidlaganimizdek, umr, vaqt degan beayov kuch qo‘liga tushgan insonning tabiiy qismati, deyarli ko‘zga ko‘rinmas, biroq, jiddiy o‘ylansa, odamga nihoyatda alam qiladigan achchiq hayot haqiqatini esingizga qayta-qayta solish mahorati, shu ijodiy ishga bo‘lgan uquv ancha yuqoridir. Bu o‘rinda gaplashayotganimiz hikoyaning so‘nggi jumlalarini keltirish kifoya, deb o‘ylayman:

“U Iforni biroz kuzatib turdi. Qutini olib ortidan yugurmoqchi bo‘ldi. Biroq ko‘tarayotganda tugilgan tugun yechilib, olmalar hammayoqqa sochilib ketdi. U shoshib ularni qayta qutiga joyladi. Olmalarni ko‘tarib ko‘chaga chiqqanda Iforning qorasi ham yo‘q edi. Alang-jalang atrofga qaradi. Ko‘zi bilan pana-pastqam joylarni qidirdi. Quchog‘ida bir dunyo olmalar. Ularning har birida o‘zi kabi jur’atsiz bolalik tuyg‘ulari yashirin edi. Biri qadrdon uyini, biri do‘stlarini eslatsa, yana biri Iforning onasini, uning yo‘lga o‘rab bergan shirinliklarini yodga solardi. Qirmizi olmalarning bari-barisi esa Ifordek ifor taratardi. Ularni birma-bir qars-qars tishlab yeyish kerakligini o‘ylab o‘kindi. Bu qanchalik azob bo‘lmasin, ularning qismati shu edi…”

Albatta, B.Nuriddinov hikoyalarining hammasini ham birdek muvaffaqqiyatli chiqqan, deb bo‘lmaydi. Deylik, “Egasiz uy” sal sun’iyroq asosga qurilgani, hikoya tarzida publitsistik ruh kuchayib ketgani, bir so‘z bilan aytganda, “ijtimoiy buyurtma” mahsuli bo‘lib qolgani bilan o‘quvchini qoniqtirmaydi.

“Ushalmagan orzu”da esa, aslida, kuchli bir insoniy dard – uchuvchi bo‘lish orzusi bilan yashagan yigitning, oxir-oqibat, shippak (yer bilan bir bo‘lib, ezilib, yanchilib yurishga majbur matoh!)chilikka kuni qolgani, shu taqdirga nafaqat ko‘ngani, balki bu sohadagi (shippakchilikdagi!) rejalarni 50 yil oldindan do‘ndirib qo‘yish bilan ixtiyorini to‘liq taqdir hukmiga berganidek jiddiy dard aytilmoqchi bo‘lgan-u, biroq bu maqsadning badiiy ijrosi muvaffaqiyatli chiqmagan. Bunaqa payt yozuvchidan F.Kafkaning “Evrilish”idek yuksak ijroni kutasan kishi…

Qanday bo‘lmasin, Sizga o‘qishni taklif etayotganimiz hikoyalar muallifi Baxtiyor Nuriddinov inson hayoti va taqdirini sinchkov kuzatib, o‘z kuzatishlari, yetib kelgan ijodiy xulosalari ila biz bilan o‘rtoqlashmoqni xohlagan ekan, uning bu intilishlarini faqat va faqat qo‘llab-quvvatlamoq kerak, deb o‘yladik.

Qolgan gaplarni kitob mutolaasidan keyin davom ettiraveramiz.

Baxtiyor NURIDDINOV
HAYHOT, HAYOT
067

005  Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakultetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va ssenariylari asosida televizion badiiy filmlar suratga olingan.

067

I

Barisi boshqacha bo‘lishi mumkin edi.

Aslida bu gaplarni aytishiga ham hojat yo‘q. Ammo vujudini doimo nuqtadekkina vazmin bir og‘riq kemiradi. Avvallari hammasini sog‘lig‘iga yo‘yib yurgandi. Endi bilsa unday emas ekan. Shuuridagi bolalik xotiralari ulg‘aygan sari yuragida ulkan dardga aylanayotganini his qila boshladi. Aytsa tili, aytmasa dili kuyadi.

II

Bola paytlari hayot beg‘ubor tuyular ekan-da.

O‘zi yashagan dunyoning shaffof manzaralari hozir ham ko‘z o‘ngida qanday bo‘lsa shundayligicha gardsiz gavdalanadi…

…Uni ko‘pchilik “chug‘urchuq” deb atashardi. Onasi “sayroqi qush”, otasi bo‘lsa “shayton qiz” derdi. Bunday otlarning barisi uning tinimsiz bidirlashlariga qiyos qilingan bo‘lsa kerak. U bolalikdan “opa”, “bo‘mbaloq opajon” deyishga o‘rganib qolgandi. Asli ismi qandayligini kichkina paytlari ochig‘i bilmasdi. Ammo uni ko‘rganda “bo‘mbaloq opa”sining yugurgilab kelib, “bo‘g‘irsoqvoy”, “kichkintoy” deya qitiqlab erkalatishlari hamon yodida. Onasining “qo‘y” deyishiga qaramay ayovsiz qiynoqqa solardi uni. Osmonga otib, havoda tutib olardi-da, qiqir-qiqir kulmaguncha tushirmasdi. Bir safar qo‘llaridan chiqib ketishiga oz qoluvdi. Chamasi besh-olti yoshlar bo‘lsa kerak-da. U shu o‘n bir-o‘n ikkilardaydi chog‘i. Negaki ikki yillar o‘tib, uning otasi vafot etganda onasi “Balog‘at yoshida yetim qoldi sho‘rpeshona”, deb yig‘lab chiqqandi. Kech kuzning namozshomi edi, shekilli. Otasi ham “Sho‘rlikkina qiz” deya boshini sarak-sarak qiluvdi. Hali o‘lim nimaligini tushunmagan murg‘ak bolaga atrofdagilarning bu kabi kuyinishlarining unchalik ahamiyati yo‘q edi. Ne sababki, o‘sha kuni kechqurun onasi ko‘chadan yana gap topib keldi. Uni eshitib, otasining jig‘ibiyron bo‘lgani hanuz ko‘z oldida turibdi. Imom “Pochchamni hayitga chiqaramiz” deganmish. Taomil bo‘yicha mayitni sovutmay yerga qo‘yishlari kerak ekan. Hali hayitgacha bir kun bor edi. Qarindosh-urug‘lar qanchalik tixirlik qilishmasin, imom oyoq tiraganmish. Shunday ham bo‘ldi. Tiriklikda qilinmagan marhamat oliyjanoblik bilan hayit namozidan so‘ng amalga oshirildi.

Bayramga oz qolgani esida. Negaki qo‘shni bolalar bilan bu kunni orziqib kutishardi. Opasi ham hayitda shirinliklar ulashishni va’da qilgandi. A’za uni tushkunlikka solib qo‘ydi. Va’dalar ham unutildi. Hech kim shirinliklarni so‘rashga botinolmasdi. Bu odob yuzasidan ham to‘g‘ri emas edi. Shunday bo‘lsa-da, opasi barcha marosimlarni o‘tkazib, hayit kuni kechasi bolalarga u-bu yeguliklar ulashib chiqdi. Uning ko‘zlari qizarib ketgandi. Yuzlari so‘lg‘in – bir ahvol edi. Sochlari to‘zigan, aft-angoriga qarab bo‘lmasdi. Shu vaqtgacha uni hech qachon bunday alfozda ko‘rishmagandi. To‘g‘risi o‘sha payt holiga juda-juda achindi. Avvallardagidek suykalanib, erkalangisi, yuzlarini silab-siypab mehribonchilik qilgisi keluvdi. Yupatish uchun o‘ylangan bari tadbirlar chorasiz edi. Qanchalar poylashmasin ikki-uch hafta uydan ko‘chaga ham chiqmadi. Usiz barcha o‘yinlar zerikarli kechardi. Kunlar shu tarzda, bir taxlit o‘ta boshladi. Asta-sekin bunga ko‘nikildi. Uning hamma ismlari unut bo‘lib, endi kattalar Nilufar, deb chaqirishardi. Bari bolalar qatori u ham hayron edi. Quloqlari o‘rganguncha ancha garangsib yurdi. Keyin-keyin uni doim qiynoqlar bilan azob berib erkalaguvchi opasining asl ismi Nilufar ekanligini anglab yetdi.

III

Nilufar butunlay boshqa bir odamga aylanib qolgandi. Kattalardek muoamala qilar, bolalar bilan o‘ynamas, erkalatmas va o‘z yo‘lida erkalanmas ham edi. Ajablanarlisi har kungi ermagi bo‘lgan o‘yinlarni butkul unutgandi. Umuman olganda g‘am-tashvish uning boshiga bir urib ulg‘aytirib qo‘ygandek edi go‘yo. Aslida ham shuydaymidi?.. To‘g‘risi bunga aqli bovar qilmasdi. Ammo onasining “Balog‘at yoshida yetim qoldi sho‘rpeshona”, degani hanuz yodida. Haqiqatan ham opasi katta qiz bo‘lib, gardaniga turmush yuki tushgandir?! Endi ular bilan o‘ynashga vaqti yo‘qdir! Yoki buni o‘ziga ep ko‘rmas?! Nima bo‘lgandayam opasining quvnoq hayoti nihoyalagandi. Uning shu kungacha ko‘rganlari holva ekan. Hamma tashvish otasining barcha marosimlari tugab, qirqi o‘tgandan keyin boshlandi. Imomning pochchasi jasadiga qilgan ehtiromi sababi kunlar o‘tib oshkor bo‘ldi. Nilufarga yangi ota topibdi. Bu gapni yana onasi aytib chiqdi. Yosh ayolning boshi ochiq yurishi mumkin emasmish! Buni eshitib, otasi uzoq g‘udrandi. Ora-orada “yuzsiz” degan so‘zni qayta-qayta takrorlardi.

Ular ro‘parama-ro‘para qo‘shni turishardi. Ko‘chaning u tarafida Nilufarlarning, bu tarafida o‘zlarining uylari joylashgandi. Otasi bilan otasi, onasi bilan onasi qadrdon edilar. Qo‘ni-qo‘shnichilik, kirdi-chiqdi qilib ancha yillardan buyon ahil yashab kelishardi. Ular birgina qizlarini yeru-ko‘kka ishonishmasdi. Samimiy, hammaning ko‘nglini olishga harakat qilishardi. Otasining jon kuydirishicha ham bor edi. Ularni yaqindan bilardi-da axir. Doim: “Yaxshi odamlar”, deb maqtab qo‘yardi. Ba’zi-ba’zida “Qo‘shnilardan yolchiganmiz-da!” deya ko‘krak kerardi. Oxirgi noxushliklardan esankirab, endi o‘ziga kela boshlovdi. Bunisi o‘lganning ustiga tepgandek bo‘ldi.

— Nigorxondan so‘ra, biron yordam kerak bo‘lsa hech narsani ayama! — dedi otasi chorasiz. Onasi indamay bosh irg‘adi.
Nigorxonim Nilufarning onasi. Judayam muloyim, xushxulq, bolajon ayol edi. Har bir ishga farosat bilan qarardi. Turmushning barcha og‘irliklarini ko‘tarish-u, qizi Nilufarning tarbiyasi bilan shug‘ullanish yolg‘iz o‘ziga qolgandi. To‘g‘ri, yaqin qarindosh, qo‘ni-qo‘shnilar ham bir chetda qarab turishmas. Biroq ayni damdagi masalalarni yechish baribir uning izmida edi.

IV

Nigorxonimning qarorini ikki haftalar kutishdi. Ungacha hammaning bo‘lari bo‘ldi. Nilufarnig yig‘lab chiqqaniga qaraganda bechora barchasiga ko‘ngan. Onasi uni bag‘riga bosib anchagacha yupatdi. Qani tushunsa: yum-yum ko‘z yosh to‘kdi.
— Menga boshqa ota kerak emas, — deb hiqqillardi.

Beiixtiyor uning yoniga borib:
— Yig‘lamang opa, — dedi.

Nilufar ko‘zyoshlarini artib, unga tikildi. Biroz jilmayib boshini siladi. U yoq-bu yog‘ini to‘g‘rilagan bo‘ldi. Uning hovuridan tushganini ko‘rib, onasi o‘rnidan turib chiqib ketdi. Birozdan keyin hovlidan yana piqqillagan ovoz eshitildi. Ikkalovi ham shoshib derazadan tashqariga qarashdi. Nilufarning onasi so‘riga chiqa turib diydiyo qilardi. Hech narsaga izohning hojati yo‘q edi. Hammasi tushunarli. Onasi Nigorxonimni ancha ovutdi. “Dunyoning bir qati o‘zi shunday”, deb taskin berdi. Biroq qaniydi u so‘zlar og‘rigan dillarga malham bo‘lolsa…

O‘sha kundan bir oylar o‘tib, to‘y ham bo‘ldi. Nigorxonimni kichikroq hasham bilan kuyovga uzatishdi. To‘g‘rirog‘i bir basavlat, beso‘naqay kishi ularnikiga kuyovota bo‘lib tushdi. Aslida u yoshini yashab, oshini oshab bo‘lgan bir qariya edi. To‘ydan so‘ng Nilufar yana ham jiddiylashib qoldi. Ko‘p o‘y suradigan bo‘lib, hech kimga qo‘shilmasdan qo‘ydi. Vaqt o‘tib hamma o‘z yumushi bilan ovuna boshladi. Bolalar ham Nilufarni unutishdi. Ammo uning ichida g‘amgin bir og‘irlik – opasiga achinish hissi paydo bo‘lgandi. O‘gay otasi o‘ta badjahl, qattiqqo‘l odam ekan. Ko‘cha tugul ularnikiga ham chiqarmay qo‘ydi. Ora-orada u-bu ko‘tarib xabar olgani kirardi, xolos. Ota-onasi ham hayron edi.

— Bu ularning hayoti. Zinhor burningni suqa ko‘rma! – deb tanbeh berdi bir kuni otasi. Onasiga tabiiy bunaqa ohangdagi gaplar botmasdi. Osmonga termilib qosh chimirdi. Ammo hech narsa demadi.

Shu yo‘sin qo‘shnichilik uzil-kesil barham topdi. Onda-sonda tasodif bilan ko‘cha-ko‘yda uchrashishmasa, uch-to‘rt yilda deyarli yaqinlik butkul yo‘qoldi. Bu unga unchalik yoqmasa-da, chidadi. Kap-katta bo‘lib qolganiga qaramay, “bo‘mbaloq opasi”ni hamon bolalarcha yaxshi ko‘rar edi. Uzoq-uzoqdan kuzatib, ko‘z qirini tashlab yurardi.

— Katta yigit bo‘p qopsan-ku, Kamol! – dedi bir kuni u ham mayinlik bilan erkalab. Haqiqatan ham mo‘ylari sabza urib, bilaklari kuchga to‘lib, odam kepatasi kirib qolgandi unga. Opasining gapidan qizarib, yerga qarab oldi. Nilufarning o‘zi ham durkunlashib, ko‘zi tushganni naq kuydirardi. G‘amginlik unga yanayam chiroy bag‘ishlagandi. Ular onasi bilan har kuni bog‘da ishlashardi. Olcha pishig‘ida olcha, olma pishig‘ida olma terishardi. Meva to‘la og‘ir-og‘ir savatlarni ona-bola bazo‘r ko‘tarib, uyum-uyum qilib taxlashardi. Onda-sonda o‘gay otasi kelib ularga yordamlashgan bo‘lardi-yu, ammo yomon ishlashayotganini pesh qilib vaysay-vaysay juftakni rostlardi. Kamolning bundan jahli chiqar, shunday paytlarda do‘pposlab tashlagisi kelardi. Uning ona-bola hisobiga kun kechirayotgani yetmaganday, ularga o‘tkazayotgan zug‘umlariga taajjublanardi. Nilufar keragidan ham ko‘p ishlardi. Buni ko‘rib unga rahmi kelardi. Tushlik paytlari hech kimga bildirmay, ularning ikki-uch savatlarini mevalarga to‘ldirib qo‘yardi. Nigorxonim doim hayron edi. Hisobdan adashib, parishonxotir bo‘lib borayotganligidan nolib, xavotir olardi. Nilufar hammasini sezsa ham, jilmayib qo‘yardi, xolos. To‘g‘risi ularga juda-juda yordam qilgisi kelardi-ku, biroq odamlar orasidagi ba’zi munosabatlar bunga yo‘l bermasdi.

V

Bir kun Nilufarning o‘gay otasi boqqa kelib rosa janjal qildi. Atrofdagilarning bari ayollar edi. Ajratishga hech kimnig yuragi dov bermasdi. Shunday bo‘lsa-da, ular harakat qilib ko‘rishdi. Qani endi eplay olishsa. U tirik tovonning eshshakday kuchi bor ekan. Bir amallab yo‘lga solishdi. Gapga ko‘ndirishdi. U bo‘rdoqi bo‘lsa, istar-istamas g‘udrana-g‘udrana bog‘ni tark etdi. Ona-bola nima qilarini bilishmay, chekkada jovdirab qarab turishardi. Ikkovi ham bir zumga yer yorilsayu, kirib ketishga rozi edi. Kamol qattiq ta’sirlandi. Ortiga qaraganda Nilufar yo‘q edi. Uni qidira-qidira daryo bo‘yidan topdi. Ammo yoniga borolmadi. Majnuntol soyasida uzoqdan kuzatib o‘tirdi. Bir mahal u o‘zini suvga otdi. Avvaliga nima qilarini bilmay esankirab qoldi. Uning cho‘ka boshlaganini ko‘rib, chopib borib yordamga shoshildi. Daryo juda tez oqardi. Uni qutqarib olishning o‘zi bo‘lmadi. Xudoga iltijo qildi. Daryoga yalinib, yolvordi. To‘lqinlardan ko‘mak so‘radi. Nihoyat amallab qirg‘oqqa olib chiqdi. U:

— Men cho‘kishni istayman, Kamol! – deb telbalarcha baqirardi.

To‘g‘risi unga achinib ketdi. Qanday yupatishni ham bilmay qoldi. Uni o‘z holiga tashlab qo‘ydi. Ust-boshi shalabbo bo‘lib, sochlari to‘zib ketgandi. Birozdan keyin o‘ziga kelib, u yoq – bu yog‘iga qaradi. Ahvolidan uyaldi shekilli, indamay turib ketib qoldi.

O‘sha-o‘sha uni anchagacha ko‘rmadi.

VI

Hayot bir maromda davom etardi. Kamol ham katta bo‘lib shaharga o‘qishga ketdi. Qishloqdagi yangiliklarni xat-xabarlar orqaligina bilib turardi. Onasi erta bahor “bo‘mbaloq opa”sining shaharga turmushga chiqqanini yozib yuboribdi. Eshitib hursand bo‘ldi. Kuyovbola polvon emish. Navro‘z bayramida qishloqqa darbozlar bilan borganda ko‘rib qolib, tanishishibdi. Endi opasi ham dorda o‘ynashni o‘rganayotgan ekan. Bir-birlarisiz bir zum turisholmasmish. Peshonasiga shu yozilgandir-da. Nima bo‘lgandayam opasining baxtli ekanidan suyundi. O‘gay otasining zug‘umlaridan qutilibdi-ku harqalay, deb o‘yladi. Ammo “bo‘mbaloq opa”sining qalbi qishloqda qolganini tushunmagandi. Onasining yolg‘izligini, o‘sha o‘gay to‘ng‘izning kaltaklari ostida yashashga mahkum ekanligini xayoliga ham keltirmagandi. Buni bir kuni Nilufarning o‘zidan eshitdi. U Kamolni qidirib o‘qish joyiga borgandi. Onasidan xabar olib turishini va ishlab topgan puliga sotib olgan shoyi ro‘molini berib qo‘yishni iltimos qilib kelgandi. Kamol “bo‘mbaloq opa”si bilan yana topishganidan quvondi. Nilufar ham uni qayta uchratganidan terisiga sig‘masdi. Keyin-keyin Nigorxonimning salomlarini yetkazish bahonasida opasi ishtirokidagi dor tomoshalariga ham borib turdi. U hammani hayratga solib, xuddi yerda yugurgani kabi dorcho‘pni ko‘tarib arqonda chopardi. Yuragiga qoyil. Uning bu ishni shunday mahorat bilan egallaganiga hayratlanmay iloji yo‘q edi. Inson harakat qilsa har qanday ishni eplay olarkan-da. Tasanno!..

VII

Kamol ta’tilga chiqqanda qishloqqa qaytdi. Shu vaqt orlig‘ida opasini deyarli ko‘rmadi. Butun yoz qishloqda bo‘lgan payti Nigorxonim uni uchratganda qizi haqida so‘rab holi joniga qo‘ymasdi. Ahvollari yaxshiligini aytsa ham ko‘z yoshi qilib yuragini siqardi. Gapning yaxshisi-da, yomoni-da bir edi. Na issiqqa, na suvuqqa ko‘nardi. Uning o‘zi ham Nigorxonimning ma’yus nigohlari ostida ezilib ketdi. Ochig‘i endi ko‘rgudek bo‘lsa qochadigan odat chiqardi. Butun yoz shu kabi o‘yin o‘ynash bilan o‘tdi. Nihoyat kuz kelib bu azoblardan qutuldi. O‘qishlar boshlanib, yana shaharga qaytdi. Hamma xotiralar qishloqda qoldi, deb o‘ylagandi. Biroq bunday bo‘lmadi. Ketar chog‘ Nigorxonim bo‘mbaloq opasiga bir dunyo narsalar berib yuborgandi. Endi o‘qish qolib, kuni shularni egasiga yetkazish tashvishi bilan o‘tardi. Nilufarni dor maydoniga qidirib bordi. Ammo tomoshalar tugab, dorbozlar qishloq sari safarga chiqishgan ekan. Uni ming izlab topa olmadi. Yashash manzili ham yo‘q edi. Shu paytgacha so‘rab bilmagani uchun o‘zini o‘zi so‘kdi. Nilufar ham aytmagandi. Go‘yo opasi dor maydonida yashaydigandek edi. Bunday bo‘lishi xayollariga ham kelmagandi. Endi qayoqdan izlasin. Nigorxonim berib yuborgan narsalarning ba’zilari eskib, ba’zilari ayniy boshlagandi. Isrof bo‘lmasin deb o‘rtoqlari bilan baham ko‘rib qo‘ya qoldi. Nigorxonimga yolg‘on bo‘lsa ham Nilufarning nomidan xat yozib yubordi.

Ammo opasini qidirishdan to‘xtamadi. Bo‘sh qoldi deguncha shahar markazidagi tomoshagohga chopardi. Darbozlar hamon qaytishmagandi. Oxiri hafsalasi pir bo‘lganda, bir kun o‘qishga o‘zi kirib keldi. Kech kuz edi. Issiq kiyimlar kiyib olgani uchun biqsib, semirib ketgandek ko‘rindi ko‘ziga. So‘ragandi opasi yerga qaradi. Qah-qah otib kuldi. Keyin bilsa ikkiqat ekan. Eshitib xursand bo‘lib ketdi. Yo‘qolib qolganini sababini tushunib yetgandi. Onasiga bu haqida yozib, Nigorxonimga suyunchilashni so‘radi. Qishgi ta’tilga borganda albatta xushxabar bilan borishini qo‘shib qo‘ydi.

VIII

Qish keldi-yu yana eski hol boshlandi. Opasi g‘oyib bo‘lib qoldi. Endi manzilini aniq bilardi-yu, borishga biroz tortindi. Uyidagilari qanday tushunarkin, deb ikkilandi. Yana kutishni boshladi. Bir kun o‘tdi. Kelmadi. Bir hafta o‘tdi. Kelmadi. Va nihoyat bir oy o‘tdi hamki, hamon darak yo‘q edi. O‘qishi tugab, qishgi ta’til boshlangandi. Nigorxonimning mo‘ltillagan nigohlarini o‘ylab noiloj izlab bordi. Qo‘shnilari ko‘zi yoriganini aytishdi. Bu xabarni eshitib boshi osmonga yetdi. Ammo o‘zini ko‘rmadi. Shifoxonada ekan. O‘sha kunning o‘zida qishloqqa suyunchilab bordi. Nigorxonim eshitib o‘zini qo‘yarga joy topolmay qoldi. Onasi ham quvondi. Otasi suyunchisiga “shayton qiz” uchun deya bir tutam pul tutqazdi. Uch-to‘rt kundan so‘ng shaharga qaytar mahali Nigorxonim chaqaloqqa atalgan sarpolarini olib chiqdi. Yana u-bu xarajatlarga, deb tuguncha ichiga yillar davomida yiqqan, qatlari g‘ijimlanib, ohori ketib qolgan bir dasta mayda pullarni ko‘rsatib, solib qo‘ydi. Albatta yetkazishini o‘tinib so‘radi. Uni bilgan qo‘ni-qo‘shnilar-u, bu xabarni eshitgan bolaligidagi kichkintoy do‘stlari – tabiiyki ularning bari kap-katta yigit-qizlarga aylanishgandi – “chug‘urchuq”qa atalgan topgan-tutganlarini berib yuborishdi. Zil-zambil tugunlar bilan shaharga qanday yetib kelganini ham bilolmadi. To‘g‘ri o‘sha kuni qo‘shnilaridan eshitgan tug‘uruqxona manzili tomon bordi. Shifoxona qaydnomasidan uni qidirib topdi. Hamshiraning “Kimi bo‘lasiz?” degan savoliga “Ukasi” deb javob berganini eslaydi, xolos. U yog‘i dahshat. Ayniqsa katta hamshiraning gaplariga ishongisi kelmasdi. Uning “Bolasi nobud bo‘ldi”, degan so‘zlari quloqlari ostida qayta-qayta shang‘illardi. “O‘zi-chi!?” deya beiixtiyor bergan savoliga, esidan og‘ib qolganligidan boshqa ma’lumotni ololmadi. Qolganini tug‘uruqxona shifokoridan eshitdi. Bir zumda hammayoq ostin-ustun bo‘lib ketgandek edi. Qo‘lidagi sarpo-surug‘u, ashqol-dashqollarning ham yerga qo‘yish xayolidan ko‘tarilgandi. Bu tashvishlarni eshitib yuki battarroq og‘irlashgandek bo‘ldi. Shifokorning aytishicha uni yaqinlarining o‘zi ruhiy shifoxonaga jo‘natishibdi. Nahotki bir yostiqqa bosh qo‘ygan turmush o‘rtog‘i – g‘ambodasi bunga rozi bo‘lgan bo‘lsa. Hech ishongisi kelmaydi. Biroq eshitganlarining bari haqiqat edi.

Kamol qo‘lidagi tugunlarga qo‘shib butun dunyoni yukini ko‘tarib Nilufar yotgan kasalxona sari chopdi. Tabiiyki uni opasining oldiga qo‘yishmadi. Yalinib yolvorsa ham ruxsat berishmadi. Nihoyat qorong‘i tushganda qishloqdan olib kelgan meva-chevalaru, sovg‘a-salomlari kuchi bilan yoniga kirishga erishdi. Nilufar uni ko‘rib yig‘lab yubordi. Qo‘llari bog‘liq edi. Boshini Kamolning ko‘ksiga qo‘yib:

— Sen mening eng aqlli ukamsan. Hayotda sendan bo‘lak ishonganim yo‘q. Meni bu yerdan olib ket, tushunyapsanmi, hech kim topa olmaydigan tog‘u toshlarga olib ket! — deb yalinardi.

“Yo Xudo! Inson hayotining so‘nggi makoni shumi?..” deb baqirvorgisi keldi. Ko‘nglida chuqur bir xo‘rsiniq paydo bo‘ldi. Bolalik paytlari yuragiga tushgan uzun yo‘l nihoyat mana shu manzilda yakun topganiga ishongisi kelmasdi. Kamol uni qanday yupatishni ham bilmadi.

Chora izlay boshladi. Haqiqatan ham uning bunday ahvolga tushganiga ishonolmasdi. U soppa-sog‘ edi. Ba’zi insonlarning vahshiy va judayam tuban ekanliklaridan g‘azabnok bo‘ldi. Opasining polvon erida g‘urur yo‘qligiga kuyindi. Uningcha uni shunday paytlarda yolg‘iz tashlab ketish mard kishining ishi emas edi.

IX

Doimgidek o‘qishni tashvishlar bilan boshladi. Kallasida “bo‘mbaloq opa”si haqidagi o‘ylar borgan sari g‘ovlab borardi. Ammo unga yordam bera olishiga zarradek ham bir uchqun ko‘rmasdi. U yerdan qutqarish tugul yoniga kirib, xabar olishning o‘zi mushkul yumush edi. Bu ishlarga qishloqdagilar berib yuborgan pullar urvoq ham bo‘lmadi. Barisini shifoxonadagilarga tarqatdi. Endi ming harakat qilgan taqdirda ham uddasidan chiqa olmasligi aniq edi. Hafta, oylar bir-birini quvib o‘tardi. U bo‘lsa kundan-kun so‘lib borardi. Nigorxonimga qizi nomidan xat yozib turdi. Ularning mazmuni Nilufarning qo‘chqordek o‘g‘il tuqqani-yu, ancha katta bo‘lib qolgani, bahor sari yana-da to‘lishib, buvisiga tortayotganligi haqidagi yolg‘onlardan iborat har xil gap-so‘zlar edi. Kamol hatto ota-onasiga ham haqiqatni aytishga jazm qilmasdi. Bora-bora to‘qigan yolg‘onlariga boshqalar tugul o‘zi ishonib borayotgandek edi. Erta bahor hammasiga qo‘l siltab, qo‘ltiqqa urgan vaqtda nihoyat shifokorlar opasining ancha sog‘ayib qolganini, endi esa javob berishlarini aytishdi. Buni kutmagan edi. Barcha umidlari so‘nib bo‘lgandi. Mana endi uni olib ketishi mumkin. Ammo qayoqqa?! O‘ylay-o‘ylay boshi qotdi. Nihoyat uzoq tog‘dagi do‘stinikiga olib borishga qaror qildi. Shunday qildi ham. U yerdagilar ochiqko‘ngil, xuddi tog‘ havosidek beg‘ubor odamlar ekan. Ularni tushunishdi. O‘zlarining farzandlaridek qabul qilishdi. Yashab turishga bir kichikroq xona ham ajratib berishdi. Nilufar kunlar o‘tgan sari u joylarga ko‘nikib ketdi. Ayniqsa qishloqning besh-o‘n chog‘li kichkintoylari bilan chiqishib qoldi. Ularni yig‘ib olib o‘qib, yozishni o‘rgata boshladi. O‘zi bilgan, bolaligida kuylab yuradigan ashulalarni aytishni mashq qilishardi. Bolalar ham usiz turisholmasdi. Kundan kun shaharning zahmlarida siniqqan yuzlariga qon yugurib, yana avvalgidek chiroy ochib borardi. Kamol u bilan ovora bo‘lib o‘qishni ham tashlab qo‘ygan edi. Bir kuni kech tushib, quyosh qoyalar ortiga berkinayotgan payt opasi:

— Senga kattta rahmat. Endi o‘qishingga qayt. Mendan xavotir olma. Bu yerning odamlariyam yaxshi ekan., — dedi.
— Siz-chi? – degan savoliga.

— Meni dor ustida qanday uchishimni ko‘rganmiding? – deb savol bilan javob qaytardi.
— Ha, — degandi.

— Bu yerlar so‘lim joylar ekan. O‘zimga yarasha biron yumush topib, kunimni ko‘ra olaman. Hali hayotdan umidim katta. Qismatimda bu yozig‘ ham bor ekan. Hammasini boshidan boshlayman. Bu yerlik bolalarga kerak ekanimni ham tushundim. Ularning qanaqaliklarini ko‘rdingmi?.. Hammasi intiluvchan. Hayot qiyinchiliklariga chidamli. Eng asosiysi har qanday mushkulliklarni matonat bilan yengib o‘ta olishadi. Ba’zi narsalarni ulardan o‘rgana boshladim, tushunyapsanmi. Oldimda hali ko‘p ishlar borligini bilaman. Ammo ularni qanday tashlab ketaman, — dedi.

Uning ko‘zlari chaqnardi. Tog‘larning mag‘rur qoyalari kabi gaplarida mardonavorlik, o‘ziga ishonch bor edi. Noiloj uning gaplariga ko‘ndi. Boshqa yo‘l ham yo‘q edi. Qanchalik og‘ir bo‘lmasin uni tashlab ketishga rozi bo‘ldi. Nigorxonimga, qishloqdagilarga uning nomidan yana xat yozib turadi. Ularni bunga ishontira oladi-ku! Qo‘lidan boshqa ish kelmasa ham hali yangi yolg‘onlar to‘qishi mumkin edi. Buni do‘ndirib tashlaydi-da.

X

Erta tong, hali quyosh tog‘lar ortida qoyalarga tirmashayotgan mahali yo‘lga chiqdi. Opasi bilan xayrlashishni xohlamadi. Barcha gaplarni kecha kechasi eshitib bo‘lgandi. Qolganini ko‘tara olmaydi ham. Uni baribir ahdidan qaytarib bo‘lmasdi. Yana biron og‘iz gapirsa ko‘ngli buzilishi mumkin edi, xolos. Shuning uchun uyg‘otib ham o‘tirmadi. Hamma shirin uyqudaligida katta yo‘lgacha yetib olishni ko‘zladi. Shiddat bilan tinmay yurdi. Uch-to‘rt chaqirimlardan so‘ng ortiga qaraganda uzoqdan oppoq ro‘molchasini silkitib xayrlashayotgan opasini ko‘rdi. Hoynahoy yig‘layotgan bo‘lsa kerak. E’tibor bermay yo‘lida davom etdi. Bu yog‘i endi hayot izmida edi.

Aslida bu gaplarni aytishiga ham hojat yo‘q. Barisi boshqacha bo‘lishi mumkin edi. Ammo…

2016 yil, 27 may

003

(Tashriflar: umumiy 423, bugungi 1)

Izoh qoldiring