Oydinniso. «Qoralama» to’plamidan she’rlar

034  Кеча истеъдодли шоира Ойдиннисонинг «Қоралама» номли шеърий тўплами нашрдан чиқди. Шоирани чин дилдан табриклаймиз. Адабиётшунос олима  Муҳайё Йўлдошева ёзганидек,  «Ойдиннисо шеърияти учун, аввало, ўз руҳиятини бадиий тадқиқ этиш характерли. Бу вазифани у реал воқелик ва ундаги ҳодисаларни кўнглига хос йўсинда идрок этиш орқали бажаради.  (Муҳайё Йўлдошеванинг мақоласи билан мана бу саҳифада танишинг).

Ойдиннисо
ЯНГИ КИТОБДАН  ШЕЪРЛАР
077

    Ойдиннисо (Йўлдошева) 1980 йили Самарқанд вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Шеърий ва насрий асарлари мамлакат нашрларида мунтазам босилиб келмоқда. Таржимон сифатида дунё адабиётининг кўплаб нодир намуналарини, жумладан Акутагава Рюноскэ бир неча ҳикояларини ва «Сувости мамлакатида» қиссасини ўзбек тилига ўгирган.

077

ЮРТИМ

Сени куйлай олмадим, юртим,
Гарчи қўшиқ тўла борлиғим.066
Билмагайман ҳисларнинг исмин,
Сен ҳақингда куйлар борлигим.

Тупроғингга айлангач онам,
Унинг қадрин ортиқроқ туйдим;
Сени яхши кўргани учун
Мен боламни қаттиқроқ суйдим.

Денгиз кўзлим, дедим синглимни,
Дедим: укам — тоғим, осмоним.
Ҳар гуллаган оғоч исмингни
Гуллагандай, гуллар жаҳоним.

Шамол бўлиб куйладим гоҳи,
Гоҳи ёмғирингдек тўкилдим.
Тўрт фаслингга айланиб охир,
Сен бўлиб, сен бўлиб ўқилдим.

Мен бағрингда яшадим, сен-чи,
Ҳар заррамда яшадинг, юртим.
Сени куйлай олмадим, сенли
юрагимни янгратиб юрдим.

***

Қорбобо, совғалар олиб кел,
Менга юракқопинг тўлдириб.
Энг гўзал янги йил совға қил,
Яшайин дунёни кўндириб.

Бир имкон совға қил кулмоққа,
Ҳамда йиғламоққа бир имкон,
Ишонмоққа орзу, қайтмоққа
хотир бергин, этгувчи комрон.

Совға қил бир битмас жароҳат —
Ва нафаси ўтли хўрсиниқ —
Муҳаббат совға қил, муҳаббат —
Титроқли, сўроқли бир ёниқ.

Ва яна совға қил, меҳрибон,
Онам меҳрин нишонасини —
Ўпиб қўйгин исмим битилган
Дунёнинг шўр пешонасини.

Қорбобо, совқотдим, тавба-ё,
Совқотдим ўтларга топиниб.
Менга Дил совға қил, қорбобо,
Исинай мен уни ёпиниб.

***

Сен баҳорни севмагин ортиқ,
Сен баҳорга ишонма зинҳор.
Кўнглимизга шивирлаб нозик,
Не кўйларга солмади баҳор.

Бизга ҳижрон солмасди ҳадик,
Чўт эмасди дунёнинг дарди.
Бардош ила эмланган эдик,
Телбаликка, севгига қарши.

Хазонрездан сарғаймай ўтдик,
Қаҳратондан чиқолдик омон.
Биз баҳорда ўзни унутдик,
Биз баҳорга тутилдик ёмон.

Нозик букиб бардошимизни,
Не кўйларга солмади маккор.
Қўй, тўкмайлик кўзёшимизни,
Бизда айб йўқ, гуноҳкор баҳор.

***

Сенинг жонинг оғрир,
оғрийди кўнглим,
Ҳаққим йўқ
хавотир олмоққа сендан.
Сени йўқламоққа,
борламоққа ҳам,
Ҳатто
ранжимоққа ҳаққим йўқ бундан.

Балки оғригансан
мени соғиниб,
Ҳаққим йўқ
кўнглингга бўйлаб кўрмоққа.
Ҳаққим йўқ йиғлашга
сен деб оғриниб,
Ва ҳатто
бу ҳақда ўйлаб кўрмоққа.

Ҳаққим йўқ ишларга
кўмилгим келар,
Айтгил, нима қилай
мен ҳадсиз одам.
Сенли орзуларга
чўмилгим келар,
Ҳақдан сўролмайман
мен ҳақсиз одам.

***

Шундай яшасангки, шундай яшолсанг,
Армонсиз ўлолсанг исталган лаҳза.
Яна шундай яшар эдим, деёлсанг,
Мабодо юз бора туғилсанг қайта.

Ёмғирлар остида гурласа қалбинг,
Қалбингга қўшилиб ёнса ёмғири.
Майлига, кўп бўлса гуноҳинг, айбинг,
Бегона бўлмаса сенга ҳеч бири.

Сен қуёш устида қуёш бўлолсанг,
Унга бахш этолсанг ҳарорат, ҳаёт,
Ва нега борлигинг англаб билолсанг,
Ҳамда борлигингга айтолсанг раҳмат.

Шамоллар ортингдан эргашиб юрса,
Билмасанг қўрқув не, нимадир ҳадик.
Қудратинг, чархланган ҳисларинг ила
Ҳар лаҳза ўлимга бораверсанг тик.

Шундай яшсангки, шундайин дилдан,
Исталган лаҳзада бахтли ўлолсанг.
Лоақал қалбингда шу орзу билан
Тўхтаб, яшамайин туролсанг.

***

Билмам, балки муҳаббатмидинг,
Борлиғимни ишғол этган ҳис.
Ўта ўтли ҳарорат эдинг,
Ва покиза эдинг сен сўзсиз.

Сен мени еб улғаяр эдинг,
Улғаярдинг сен мени туғиб.
Боламмидинг ё онаммидинг,
Сени сира бўлмасди ўқиб.

Бизга совуқ боқарди ҳаёт,
Ёнимиздан пуфлаб ўтарди.
Сени менга ўрардим асраб,
Ва қўшилиб ёниб кетардим.

Тотли эди сен берган озор,
Қақнус янглиғ кулдан тўрардим.
Сенинг ила ёнай деб такрор,
Энди “мен”ни сенга ўрардим.

Сенинг ила ҳаётим тўлиб,
Сен туфайли кўнглим тўлмасди.
Оғир эди сен-ла тириклик,
Сенсиз эса яшаб бўлмасди.

Ўта ўтли ҳарорат эдинг,
Ва покиза эдинг сен сўзсиз!
Сени тирик олиб кетай деб,
Мен ўзимни ўлдирдим, эй Ҳис!

***

Неча ойлар ўтди, фасллар ўтди,
Эҳтимол, минг-минглаб асрлар ўтди.
Билмам соғинмадим ёки соғиндим,
Севгилим, оғриндим, тинмай оғриндим.

Севгилим, оғриндим, бир роҳат туйдим,
Сенли ғамларимни қувониб суйдим.
Ҳамон эскирмаган, ёш ва бокира —
Ҳамон жуда гўзал сенли хотирам.

Қанча бугунларни ғижимлаб отдим,
Отдиму кун излаб тўрт томон чопдим.
Фақат хотирамга тушганда йўлим,
Севгилим, мен сенда умримни кўрдим!

Севгилим, мен вақтлар ичра адашдим,
Севги лим не бахтлар ичра адашдим.
Сенли бир лаҳзамга икки дунёмни
Алмашдим, алмашдим, алмашдим…

***

Фожиа — тилимда видо эмас, йўқ,
Айрилиқ ҳам эмас бу сен ўйлаган.
Хиёнат эмасдир юракдаги ўқ,
Недир у фожиа ичра бўйлаган?

Ёнимдасан, ўзим турибман якка,
Бўм-бўш ҳаётимга ҳайрона боқиб.
Фожиа рўй берди икки юракда —
Севгини ўлдирди бепарволик!

ЁЗ МАНЗАРАСИ

Ёнаётган юрак каби еру осмон,
Бу ерда ҳукмрон ялқов саратон.
У ҳаммани бирдек оловда ёқиб,
Қалби муздай ухлайди ётиб.

Исён кўтармоқчи бўлади лайлак,
Қанотларин ёйиб учади так-так —
Шамснинг ол бармоғин қайирмоқ бўлар,
Ёзни ёзлигидан айирмоқ бўлар.

Шамол бош кўтарар енгиб мудроқни,
Дарров ҳолдан тояр силкитиб боғни.
Тупроқ кўпиради ёздан ёзғириб,
Кетса қайларгадир дилни ёздириб.

Қурбақалар жўр овозда қуриллаб,
Чигирткалар паналарда чириллаб,
Шамс уйқуга кетгач, созлашар созни —
Уйғотмоқчи бўлиб кўришар ёзни.

Ялқов ёзнинг яхшисини ошириб,
Содиқ мулозимдай сирин яшириб,
Елиб-югуради фақат ариқлар.
Ҳил-ҳил пишган Ҳисга ҳаёт бағишлар.

ОНАМСИЗ…
(Туркум)

1
Мен ўлдирганим йўқ бирор кунингни,
Алвидо, эски йил, бўл мендан рози.
Шунчаки, яшадим ютиб овозим,
Сенга ҳадя этдим бир йил умримни.

Митти гўдагимнинг кулгуси ила,
Йиғилари ила покланган умр
Сенгадир, олавер, биз дўстмиз ахир.
Энди сен-да бир бор бошимни сила,

Ўтинаман, сен-да битта ҳадя эт.
“Болаларим менсиз нетади”, дея
Кўзлари орқада қолган онамни
Ташлаб кет, эски йил, ташлаб кет!

2
Кулиб келаётир саккизинчи март.

Нима қилай бозор расталаридан
сизга совға излайверган кўзларимни?

Энг одми кўйлакнинг нархин сўрашга
беихтиёр шайланган тилимга
қандай тушунтирай барини?

Бир йилда бир сизга ҳадялар йўллаб,
ўзини шод этган тентак кўнглимни
қайларга қўяйин, қандай овутай?

Ахир кулиб келди саккизинчи март.

Нима ҳадя этиш мумкин
мангуга кўз юмган одамга?
Ширин тушми ёки иссиқ ўринми?

Хурсанд бўласизми бахт ҳадя этсам?
Хурсанд бўласизми,
кўнгилда армону кўзда ёш билан
ҳайқирсам,
“Бахтлиман!” дея ҳайқирсам!

Она, ахир келди саккизинчи март…

3
Ўн биринчи апрель, яшаяпсанми?
Наҳот хотирага дўнмадинг ҳамон?
Бу ҳаёт йўқотиб қўйди ҳадянгни,
Кечиргил, у йўқдир, мен эса борман.

Бормиз, на мен менман, на сен сендирсан,
Ўртамизда у йўқ, ёнар борлиғим.
Нега эскирмайди унинг йўқлиги,
Нега эскирмайди сенинг борлигинг?

Ўн биринчи апрель, келаяпсанми?
Келмасанг ҳам майли, келмагин, шошма,
Кундан кун улғайиб бораяпман мен,
Онам эса ҳамон эллик уч ёшда.

Келсанг ҳам, барибир эллик уч ёшда…

4
Тунлар тушларимга кирасан, онам,
Бағрингга босасан, “Мен келдим!” дейсан.
Сен шундай меҳрсан, қонар тушхонам,
Ўлгандан кейин ҳам ғамимни ейсан.

Ҳеч тинчлик бермадим сенга, онажон,
Йўқламай, тинч юриб тинчингни буздим.
Сен ойлаб соғиндинг, мана энди мен,
Соғинч, сенсизликка умрбод маҳкум.

Райхонлар исингни искаб ётибди,
Ялпизлар ўсмоқда меҳрингдан қониб.
Гарчи шу тупроқ ҳам сендай азиздир,
Она, ёнаяпман сени қизғаниб.

Мен шундай қизғанчиқ, худбин ва ғариб,
Бузмай туролмайман тинчинг энди ҳам.
Она, йиғламасам, сен таскин топиб,
Тушларимга келмай қўйсанг, нетаман?

Тушларимга келмай қўйсанг, нетаман!!!

5
Кўксимга бош уриб увлайди шамол,
Япроқлар тиз чўкиб меҳр тилайди.
Тўзғир хаёл,
тиним билмай изғир хаёл,
Она, сизни, фақат сизни излайди.

Она, юрагимга яширганим куз
Тошиб чиқса, кунлар сарғайиб кетгай.
Сиз йўқсиз,
меҳр йўқ,
йўқ бир юпанч сўз,
Бу сизсиз дунёни қандай овутай?

Бу етим дунёни қандай овутай?

6
Баҳор!
Баҳор, ростми келганинг!
Дала-қирда чопиб,
ўйноқлаб.
Юракларга
меҳр эккани
Келдингми,
онамни сўроқлаб?

Йўқ-йўқ,
ёмон ўйларга борма,
Кўнглингни чўктирма,
баҳорим.
Сен куйлаб
уйғотгин дунёни,
Чертавергин
дилларнинг торин.

Бизни ташлаб кетмади
онам,
У ҳеч кимни
ранжитмас сира.
Доим рози
кўзда ёш билан,
Кулар
гарчи юраги ғурра.

Ўйин ўйлаб топди
у яна
Болаларин
хурсанд этмоққа.
Келганингда
гуллаб чиққани,
У беркинди
она тупроққа!

Баҳор!
Баҳор, ростми келганинг!

2013—2014 йиллар

ХИРГОЙИ

Телба-одамлар ва одамликдан чиққан телбалар тилидан 99 битик

(Туркум)

044

Бу коргоҳда хато келмади чу бир саримўй,
Хато менинг назаримдандурур хато кўрсам.
Алишер Навоий

Биринчи  қисм

1
Оҳо-ҳой, эшитинг, эй ҳақпарастлар!
Мен – шаҳарнинг телба масхарабози.
Жонга тегмадими қуриган ҳислар
Ва уларнинг тарақ-туруқ овози?
Жонга тегмадими бу қуюшқонлар,
Тириклай майдалаб сотилган фикр,
Ўйингоҳга айланган руҳистонлар,
Ювинди сўзлардан қилинган зикр,
Тепага интилган юлдузсиз кўкрак,
Йўқсиллар сиғинган қашшоқ эзгулик,
Мушук каби пўсиб пойловчи кўппак,
Кўзларга кўринмас маккор кўргулик,
Жонсиз, ҳароратсиз ҳайкал нақллар –
Жонга тегмадими, ҳой, бари-бари?
Бор бўлсангиз, кетинг, озод ақллар,
Кўнглингизда бунёд хилватлар сари!
Мен бу ботқоқликда кўп узоқ қолдим,
Рости, нафратдаман нафрат созимдан.
Бироқ қурбақага айланиб бўлдим,
Вақиллаб юрибман бор овозимда.

2
Менга ёрдам бергин эй аҳли инсон,
Наҳот танимадинг, мен кимман? Кимман?!
Эга чиқолмай ўз тилакларига,
Сенинг тилакларинг бажарган жинман.

Довуд пайғамбарнинг ўғли Сулаймон
Кўзасидан қочдим, бўйнимда чилвир.
Қопқоғим бор узук муҳрли, ишон,
Гарчи шаккокдирман, сўзларим чиндир.

Уч эмас, минг шартинг бажарай сени,
Сен менинг биргина тилагим дўндир.
Еч менинг занг босган кишанларимни,
Бўйнимни чилвирсиз яшашга кўндир.

Кўнглимни чилвирсиз яшашга кўндир!

3
Мен — Исрофил малак, кутаман ҳар кун,
Адоқсиз умримда биргина юмуш —
Рўзи маҳшар куни сур тортиш учун
Кутиш, кутиш, яна умрбод кутиш.

Кутаман, кутаман, кутавераман,
Бир кун чиқарай деб мен ҳам унимни.
Кутаётиб тинмай қўрқавераман,
Келиб қолишидан кутган кунимни.

4
Дон излаб гўнг титган хўроздай,
Ё ой каби осмон излаган,
Ё қулоқ ахтарган овоздай,
Сайёҳдай хазина кўзлаган,

Ва яна ҳаммадай ғимирлаб,
Кўкни титиб, ерни тўнкариб,
Ўзимга норизо шивирлаб,
Тескари дунёни ўнгариб,

Эмаклаб ахтариб юрибман,
Умрим бўйи излаганимни.
Кўнглим хира, бошимда туман,
Топмаяпман – излаганим не?

5
Қўйинг, яшаб олай озгина,
Қўйинг, бироз адашиб олай.
Лайча эмас, бўри-одамман,
Қўлболага айланиб қолмай.

Мен ўзимни ўз иродамга
Қўйинг, бир бор бахшида этай.
Шамол йўлин тўсайин тонгда
Ё қўшилиб улоқиб кетай.

Гарчи сизга юмуш уззукун –
Фош қилиш ва огоҳ этиш – бахт.
Не истасам қила олиш-чун
Мен исташни ўрганишим шарт.

Ёниб турсин бўғзимда бир сас,
Улуғ нафрат билан севайин.
Сувга эмас, дунёга эмас,
Ўт-оловга ташна бўлайин.

Қўйинг, ҳаққим бордир-ку ахир
Бир бор бахтсиз бўлиб кўрмоққа.
Қўйинг, бир бор очайин бағир,
Қўйинг бахтдан ўлиб кўрмоққа!

6
Юриб кетмакдаман
тақдир оралаб,
Кечиб ўтмакдаман
хоҳ сув, хоҳ гирдоб.
Ҳали олдиндадир
ҳамма-ҳаммаси,
Ҳали бу –
ҳаётнинг қораламаси.

Гар тўлиб қолмаса
умр дафтарим,
Сиёҳи битмаса агар
дил қаърин,
Чиқиб кетмасам гар
мен ўз ёдимдан,
Битта софлик қолса
шу ҳаётимдан,

Ўшанда
умримга бергайман сайқал,
Қолмагай бирор гард ё
тугун, чигал.
Кирчин ёзуқларни бўяб
шошмасдан
Росмана ҳаётни
кечиргум бошдан.

Ҳали олдиндадир
ҳамма-ҳаммаси,
Ҳали бу –
ҳаётнинг қораламаси…

7
Сиз мендан ёзғирманг, сиз менга кўнинг,
Нима қилай ахир, эсим паст менинг.

Мендан ўтаяпти баҳор, ёз, куз, қиш.
Илдизи сув, боши офтоб кўрмаган,
чирмовуқ чирмаган ғўзадай
ҳали ҳамон пастдир эсим бояқиш.

Бахтлар кулиб турар чўнг қоясида.
Ўсиблар кетгиси келади эсим,
умидвор-умидвор боқар ҳаётга
юракнинг соясидан.

Эсиз,
парваришлаб бўлмайди уни,
бўлмас ҳеч ўғитлар қўшиб суғориб,
ва яна бўлмайди эс ўссин дея
юракни илдизи билан суғуриб.

Ичимга сув қуйиб чарчамас кўзим,
Гуллаб қўяверар юракни оғзим,
Эсламайин десам эсим пастлигин,
қуримас эсим…

8
Етти қават ерни шохига ортиб,
Авайлаб қоялар ва саҳроларни,
Тиндириб, қўзғотиб кўл, дарёларни,
Қанча жонли, жонсиз танларни тортиб,

Ва устига устак асраб ўз жонин,
Кетиб бораётган чорасиз очкўз,
Мангу ана шундай кетгувчи ҳўкиз
Менинг ошнам, уям худди мендайин!

Кўтариб юрибман кўксимда ҳавони,
Кафтимда кун-тунни, бошимда самони,
Ёнимда чуқурроқ олма нафасинг,
Ташлаб юбораман йўқса ҳаммасин!

9
Кунботарда кун чиққан бирда,
Кун чиқишда ботмаган куним.
Мен – адоқсиз кун кўрган телба,
Яна кунга ташнадир кўнглим.

Кўк нафаси етмаган ерда
Жинлар эмас, урчиган менман!
Ёлғон, жин йўқ менинг ичимда,
Жин ичида ўзим ҳокимман!

Ичини мен билан совутар,
Ўтдан бино бўлган ажина.
Оч кўзларим ҳар нени ютар,
Тўйдиролмас битмас ганжина.

Яшираман қашшоқ дилимни,
Жулдур, юпун эзгулик билан.
Кўргум ўн саккиз минг оламни,
Лекин мени кўролмас олам.

Куйган диллар кули устида,
Ичиб тўкилмаган хунларни.
Бошларда – мағзава остида
Мен чалиб юрибман жинларни.

10
Менга алам қилар ҳамма-ҳаммаси,
Қулаб тушаверар омонат кўнгил.
Ерда судралади кир-чир сояси,
Босиб ўтаверар уни ҳар дилгир.

Менга алам қилар – кулган баҳормас,
Ёзни судрамоқда қуёш қиш томон.
Тонг – тонг эмас, тўкилмаган оҳормас –
Шўрлик ранги учган, эскирган оқшом.

Юзимга йўл чизар баъзан табассум,
Менга алам қилар – шудир бўлганим.
Оғиз жуфтлаганда ёзғирмоқ учун,
Алам қилиб кетар бахтим кулгани.

11
Сен яхшироқ қара, ҳаммаси яхши,
Қор-ёмғир, қуёшсиз – фаслсиз куним.
Елвизак елмайди, қулаб тушмайди
Тирговуч тиралган яримта кўнглим.

Манглайим кўрсатиб ғолибман, жўра,
Тузсиз деб топилса гар юрак сўзим.
Тарвузим қўлтиқдан тушмайди сира,
Ташлаб юбораман уни мен ўзим.

Нега ишонмайсан? Ҳаммаси яхши,
Бўм-бўш умрим ҳаққи ичаман қасам!
Тўлдиргулик ҳеч йўқ, мабодо тўлса,
Ўзи кичик экан шу сабр косам.

Эртаклар сўйлайман ўз қулоғимга,
Ҳа, ҳаммаси яхши, кераман кўкрак.
Бахтли қаҳрамон, деб ном берар менга
Ўзим тўқиб, ўзим ишонган эртак.

12
Кўздан ёш, оғзимдан сўлагим оқиб,
Тиржайиб-тиржайиб боқаман сенга.
Иккала қўлимни кўксимга тақиб,
Таъзимлар қиламан чиқётган кунга.

Бир уюм тош эмас чўнтагимдаги,
Сенга ёқиш учун йиққан давлатим.
Мис эмас, нишондир кўкрагимдаги,
Эгилиб-букилиб топган савлатим.

Қор ёғиб бирда мен суянган тоққа,
Билмайин оёғим сирпаниб кетди.
Шунчаки йиқилиб ётмам ҳар ёққа,
Қаршимдаги тоғнинг этагин ўпдим.

Демак, юзимдаги оддий лой эмас,
Ҳамма кўзга сурган ватан тупроғи.
Ичганим қонимдир, май эмас,
Кўйлакда узилган юракнинг доғи.

Сенга неки қизиқ, қилиб кўрибман,
Ҳаттоки ўзимдан бўлибман озод.
Сенга ёқиш учун яшаб юрибман,
Мени-да одам деб қабул қил, ҳаёт.

13
Фақат Сизиф эмас тоққа ўрлаган
Кўтариб ўзидан оғир тошини.
Фақат тош эмасдир пастга қулаган
Емириб Сизифнинг тоғ бардошини.

Мен-да қаҳрамонман, маҳкумман ахир
Кўнглимни кўтариб кўкка чиқмоққа.
Тинмай қанот қоқдим,
қоқдим бир умр,
Кўнглим эса маҳкум фақат чўкмоққа.

14
Мен дунёни боплаб алдадим!

Ўзимга ўт қўйдиму, бироқ
Ҳароратдан бебаҳра ўтдим.
Бахт, дея кўзёшга бўлдим ғарқ,
Лаззат излаб, лаззатим йитдим.

Ўз ўзимга буюрдим, лекин,
Кўнмадим итоат қилишга.
Учиш машқин бажариб ҳар кун,
Ўрганиб қолибман қулашга.

Мен дунёни боплаб алдадим!

15
Мен – рост сўзлайдиган буюк ёлғончи,
Ва буюк ростгўйман, ёлғон сўзловчи.
Бу оламни яхши биламан, дедим,
Билмадим, билмадим билганим недир?

Севгим мангудир, деб қасамлар ичдим,
Оловлар симирдим, жаннатдан кечдим.
Алдади юракдан кечган рост сўзим,
Мангу яшармидим ахир мен ўзим?

Кулишга, йиғлашга бир Сўз тилангин,
Ёқимли алдовдир сўзим, оҳангим.
Мен рост сўзлаяпман, сен ишон, ишон!
Менинг рост сўзлашим – энг буюк ёлғон!

16
Сезгим келаётир нимани, билмам,
Сезганим нимадир, яна билмайман.
Узлуксиз не излар чанқаган кўнглим,
Ичаман, ичаман, бироқ тўймайман.

Елка тутаётир олти томоним,
Бир лаҳзада ҳар томонга йўллайман.
Йўлсизлик-да йўлдир, тинмас товоним,
Бироқ мен юрмайман, нега юрмайман?

Боққаним ҳар тараф, яна ҳар тараф,
Кўрмайман яқину узоқларим не?
Кўргим келгани не, билмам, ё Фалак,
Таржимаси йўқдир нигоҳларимнинг.

17
Мен – буюк телбаман!
Қирғоғидан тошган денгиздай,
Ортиб қолганман ўзим-ўзимдан.

Кўпириб қаҳқаҳа отяпман, қаранг,
Йиғлаяпман ўкириб-ўкириб,
Бўрондайин исён кўтараяпман.

Алдаяпти деманг, ранжиманг сира,
Шундай ўзи… мен буюк телба,
Кулгим, йиғим, исёним – жимлик!

18
Мен – телбалар шоҳи,
эгнимда зар тўн,
Ҳар замон
қўлимни қиламан пахса.
Тинмай ҳайқираман
яхшилик учун,
Бироқ айтолмайман ҳеч нарса.

Қизиқ-қизиқ
ўйин топиб ўйнайман,
Кийиб
донишмандлар ниқобин.
Ҳар қадамда халқни,
халқни ўйлайман,
Тилло эгар тақиб,
судрайман тағин.

Руҳим ўлган –
асло совуқ қотмайман,
Ёндирмайди мени
ҳеч қайноқ нафас.
Мен телбалар шоҳи…
шоҳдай яшайман,
Насиб этмас фақат
телбадай яшаш.

19
Мен ҳамма қатори… шунчаки ғариб,
Йиғлаётганда ҳам кулишга тайёр.
Гул тутишга тайёр тош отаётиб,
Лек на яшаш ва на ўлишга тайёр.

Ақллар мозори, ҳислар бозори,
Хўрлигу шодликлар бари меники.
Менинг мулким эрур бунда бор бари,
Ва менга бегона менда бор неки.

Доим қувиб ёки қочиб юраман,
Ҳаммага ўхшайман, ўхшамам менга.
Ҳозир ҳамма каби тилга кираман –
Тоқат қилинг менинг ғариблигимга!

20
Оёқ-қўлларимдан кишандай ечиб,
Мангу ўргимчаклар – ақл тўрларин.
Мен рақсга тушаман ўзимдан кечиб,
Туганмас қўшиқдир товушлар бари.

Етти сайёрадан қуйилар оҳанг,
Само само эмас, илоҳий саҳна.
Замин — юрагини дуога очган –
Қизини бағридан учирган она.

Ўйлар тошқинини бирма-бир тўкиб,
Мен рақсга тушаман, қолгани рўё.
Мен рақсга тушаман дунёни тепиб,
Мендан шафқат сўрар бешафқат дунё.

21
Саратон.
Эгнимда тўрт қават чопон.
Қишда қор отгандим осмонга,
Қайтиб тушмоқчи мен томонга.

Тис-c! Хабар топмасин бошқалар –
Кўнгли бутун, ақли қашқалар.
Ерга чувалчанг экканим он
Ана, ўсиб чиқмоқда илон…

22
Қўғирчоқ-ла сирдошмиз бизлар,
У жим туриб тушунар мени.
У жим туриб ақлли сўзлар –
У сўзлар истасам мен нени.

Мақтов бўлиб эшитилади
Унга менинг кўнгил ёришим.
Гар койисам, бахти кулади,
Ҳазин куйдай тинглар нолишим.

Мен ҳам унга ғамхўр дугона,
Белгилаб бераман кимлигин.
Нигоҳини тўғирлаб, яна
Тартибга соламан жимлигин.

23
Асов отни жиловлагандай,
Боғлаб қўяман мен тилимни.
Сув йўлин ёпгандай қамайман,
Кўкрак қафасимга дилимни.

Дунёда энг оқил одамдай
Қараб ўтираман жимгина.
Оғиз жуфтлар кўзим чидамай,
Тез олиб қочаман мен уни.

Сира-сира сўз айтмасам-да,
Билиб қолишади шу даъфа.
Сўзлаб ҳам ўтирмай, ҳар дамда
Сотиб қўяр мени қиёфам.

24
Сўрамангиз, мен рўзадорман.
Тийилишим керак сўзлашдан.
Тийилишим керак ва тағин
Бировга кўрсатиб бўзлашдан.

Билмасдим, ўргатиб кетишган
Гуноҳимдан қандай қочишни.
Оғиз ёпиш пайтим айтишган,
Билмам қачон оғиз очишни.

25
Балки тузи йўқдир сўзимнинг,
Йўқдир қалампири, зираси.
Эҳтимол, ҳеч бўлмас ҳам унинг
Сиз туйгулик таъми, шираси.

Сизникидан фарқли ўлароқ
Унинг фикри ҳам йўқ тил ёрар.
Шунинг учун чини сал кўпроқ,
Чин сўзлайди фақат телбалар.

26
Ойни қувиб юрибман дўқлаб,
У ўғри мушукдай қочяпти.
Чопсам чопиб, тўхтасам тўхтаб,
Том ортидан пўсиб боқяпти.

Тутиб беринг шум ойни менга,
Тоқ қилмасин кўп тоқатимни.
Қайтиб берсин ўғирлаб кетган
Ақлим, дилим, ҳаловатимни.

27
Томоғимда бир дунё тутқун,
Тилимда занжирлар жаранги.
Юрагимга солади қутқу
Сочимдаги фасллар жангги.

Чиқдим ҳаёт аравасига,
Куйлаяпман унинг қўшиғин.
Жўр бўлади бор овозида
Ўлим – сассиз, юзсиз ошиғим.

Гоҳ қопгиси келар аямай,
Хаёлларнинг тутар итлиги.
Фикр айта билмам сўзламай,
Сўзлаб яшираман фикримни.

28
Гўё эҳсон қилган бўлдингиз,
Сиз томон узалган қўлимга.
Чақиб олди майин кулгингиз,
Гўё боққандайман ўлимга.

Келди дилга нотаниш ғусса,
Нотанишу, келиши таниш.
Гўёки туз топиб оч кимса
Нон йўқотган каби ўртаниш.

Гўё нурдан нурсиз қалб кўзи,
Гўё дилда жанда, бошда тож,
Қилганингиз не эди ўзи –
Эҳсонмиди ё талон-тарож?

29
Гарчи қаддим эгик,
нигоҳим сағир,
Гарчи дунё билмас
бору йўғимни,
Мен барига
кулиб очаман бағир –
Шундайин алдайман
лақма очунни.

Балки бу
ғалати туюлди, дерсиз,
Сув қилиб ичганман
яшаш – кўнишни.
Йиқилганда
қайтиб туришни эмас,
Йиқилиб ётиб ҳам
хандон кулишни.

Бироқ
йўқ мен билан дунёнинг иши,
Дарғазаб бўлмайди
ҳеч ким дастимдан.
Оёғимдан чалиб
йиқитинг мени,
Бир ётиб кулайин
дунё устидан.

30
Осмонимга бостириб кирди қиш.
Мен – исёнчи дарвеш.

Қишни ҳайдамадим
печга ўт ёқиб,
Иссиқ жойда асрамадим
жонимни.
Курашдим
совуқ сув ичига ётиб,
Тишим такиллатиб
қўрқитдим уни.

Олтин ютган каби
ичимга ютдим
Энг қуёшли,
қайноқ туйғуларимни –
ўаним талон-тарож қилмасин
дедим.
Кўз остимга кўмдим
уйқуларимни.

Қишга қарши чиқдим
чархлаб ўзимни,
Қиш қутурди
урён жисмим чимчилаб.
Ҳузурландим
лўқ қилиб унга кўзимни,
Қишни енгдим охир
мен унга чидаб.

31
Мен қўрқмас тентакман!
Қўрқоқлар каби
Эзгулик саналмас
очиқ қовоғим.
Сўкканда овозим
хирилламайди,
Майда елвизаклар
бўғмас томоғим.

Зиён етказмасин дея
ҳар нодон,
Куйган калла каби
боқмам тиржайиб.
Мушт бўлиб бирлашар
бешта бармоғим,
Камсуқум айёрдай
юрмам мунғайиб.

Сувга отинг мени,
ўтларга ташланг,
Сув сувда чўкмайди,
ўт ўтда ёнмас.
Шайландим. Қай йўлга?
Билмам, сиз бошланг,
Билганим –
мард тентак йўлидан тонмас!

32
Нега тушунмайсан, кўланка?
Ортимдан юрма, деб юз айтдим.
Ҳой, сенга ўргата, ўргата,
Қолмади-ку ўзимда ақлим.

Чопсам чопиб, тўхтасам, тўхтаб,
Сен мен бўлай дедингми ҳали?
Рўй бергуси фақат бир марта
Рўй бергувчи неки бор, бари.

Билимини оширар руҳим
Азоб чекиб ва кўз ёш тўкиб.
Сенда ёш йўқ, келади раҳмим
Тушун, юрак қолмайди юқиб.

Кет, сувга отаман танамни,
Кетмадинг-а сўкканим билан?
Ўзгартирармидинг оламни
Сен қўшилиб чўкканинг билан…

33
Изимдан ўт сачрашин истаб,
Йўлларимни ўтга ташладим.
Зўрлигимни айт, дея қистаб
Сўзларнинг бошига муштладим.

Қулатдим забардаст тоғларни
Уриб тилимдаги тош билан.
Булбулга менгзадим зоғларни,
Ишонтирдим кўзда ёш билан.

Чиқяпман ёмғирга тирмашиб,
Қуршаб олмоқчиман самони.
Йўл берингиз, турибман шошиб,
Забт этишим керак дунёни!

34
Беркиниб оламан ичимга,
Пинҳонлигим сезмайди ҳеч ким.
Куч қўшилар сағир кучимга,
Дўсту ғаним ила зич ичим.

Арслон наъра тортар кўксимда,
Бағримда ку-кулар мусича.
Илон ўрмалайди қўйнимда,
Бошда кирпи яшар ўзича.

Шууримни уйғотар хўроз,
Зоғлар чўқир туйғуларимни.
Сичқон тушим кемирар оз-оз,
Мош ўғирлар уйқуларимни.

Кулар ҳолимга маймунчалар,
Одамман, деб йиғлайди шоқол.
Оҳ, бахтлиман, бахтли қанчалар –
Ҳамма мени ҳис этган маҳал!

35
Қочаяпман, қувламанг,
Қочаяпман дунёдан.
Маъно излаб увламанг
Бу бемаъни савдодан.

Сиз танирсиз, аммо мен,
Ўзим ҳаммага ётман.
Ичи тўла жон, лекин,
Жон-пони йўқ ҳаётман.

Ичманг сиқиб сувимни,
Заҳарланиб ўласиз!
У ғам ювган ювинди,
Сиз-чи, ҳали ғўласиз.

Менга яқин йўламанг,
Ҳеч юрмангиз изимдан.
Қочаяпман, қувламанг,
Қочаяпман ўзимдан.

36
Ҳар қадамда таъқиб қилар бахт,
Гўзалликлар қувар ортимдан.
Мен эгалик қилмаган қалбни
Тортиб олмоқ бўлади мендан.

Руҳим эзар ҳамиша оғриқ,
Кўксим ўяр ипак табассум.
Илон эмас, чаён эмас, йўқ,
Чақиб яшар мени ўз фикрим.

Дейман бироз ўзимдан кетай,
Қарай дейман кўзимга тикка.
Мен ақлга қандай дош берай?
Қандай чидай ақлсизликка?

37
Пўсиб, елка қисиб юрибман,
Мен туш кўрдим ғоятда муҳим.
Кўриш керак жойида лекин
Кўзим тўйиб, уйғониб қўйдим.

Уйғонмаслик вазифам эди,
Келажагим шу билан боғлиқ.
Оддий эмас, бир туш эди у
Давлат эътиборига молик.

38
Мендан қўрқиб қочади дунё,
Баъзан эса тошлар отади.
Ҳар бир сўзим ортиқча гўё,
Сўзсизлигим дилга ботади.

Сув қиқирлаб кулар устимдан,
Чуғурчуқлар ғийбат қилади.
Ёмғирга тиним йўқ дастимдан,
Мени турткилай деб келади.

Яқин борсам, шамол увлайди,
Қувиб шовқин кўтарар кўчки.
Мен ҳақимда ҳамма сўйлайди,
Аммо мени ўйламас ҳеч ким.

39
Гар тепага чиқсам, эсим оғади,
Тепадан кўп ёмон қўрқади эсим,
Мингқанотлаб учиб қочади.

Майда кўринармиш тепадан ҳаёт,
Менинг ҳуркак қадамларимдай.
Учай десам, йўқ менда қанот.

Қўрқиб додлади, деб айтманг ҳеч кимга,
Мен дағдаға қилдим тепада туриб
Оғиб бораётган эсимга…

40
Сувга яқин борсам, учади ҳушим.
Чўмилиб юрибди оқар сувларда
Айтиб берган қўрқинчли тушим.

Ёвуз ҳислар ичра тўлғонар,
Оғир ўйдан ингранади сув –
Тушларимни кўриб уйғонар.

Сув бўйига бориш бу – ўлим!
Турар чўмилмоққа шайланиб
Тушларимни қўрқитган ўнгим.

41
Асосланиб ўзга фикрига,
Мен донишманд бўлмадим, шукр.
Лек аҳмоқ ҳам эмасман, гарчи,
Калламда йўқ бирорта фикр.

Бир қарасам, бечора омма
Фикрсиз – оч, фикрсиз – юпун
Бўлар-бўлмас сафсата ила
Мақтаниб юрибди уззу кун.

Мен миямдан шартта чиқардим
Нодир, ноёб фикрларимни.
Санамасдан сочиб юбордим:
Барини! Барини! Барини!

Ана шундай, мен буюк хассос.
Энди фикр қўшай деб сўзга
Қидириб юрибман бир асос –
Ўзгаларнинг фикридан ўзга.

42
Мен – заминга мингта оёғи билан
Мустаҳкам ўрнашаган сервиқор қоя.
Минг йилки, шамол тиш-тирноғи билан
Мени ағдаролмай оввора.

Шамол не, бўронни юборгин, қисмат,
Имкон беражакман, ағдарсин мени.
Майли, олиб кетсин, йўлини тўсма,
Шу сўронли, эскирган ҳаётимни.

Янги ҳаёт қайтсин кўкракларимга,
Чин улуғлик қайтсин, қайтсин эзгулик.
Қувват, шижоат бер мағлуб танимга,
Яна курашгулик, яна ўсгулик.

Иккинчи  қисм

43
Ҳаёт нима?
Ҳаёт – қўлларинг тафти,
Ҳароратинг, кўзинг оташи – ҳаёт.
Бу оташда куймоқ,
кул бўлмоқ бахти,
Ва бу кулдан қайта тўрашинг – ҳаёт!

Қалбинг китобини ўқи, севгилим,
Ўргангин ҳаётни,
ҳаётни ўргат!
Биз мангу ўлмаймиз,
ўлгуси ўлим,
Муҳаббат ҳаётдир,
муҳаббат — ҳаёт!

44
Сен бор эдинг…

Фош этарди мени
бешафқат баҳор,
Мушки анбарларин
сепиб куларди.
Дилдан тошар эди
тутқин қўшиқлар,
Мен чўкиб ўлардим,
чўкиб ўлардим.

Сен бор эдинг…

Бахт ила бахтсизлик
чегарасида
Ўт қилиб қаларди
мени қаҳратон.
Унсиз фарёдлару
юрак сасидан
Безиб
кўзларини очарди осмон.

Сен бор эдинг…

Эритиб ўйнарди
ҳисларни қуёш,
Алар уммонида
оқарди куним.
Сен бор эдинг,
мени этишарди фош,
Ўзимники эди
менинг мазмуним.

Сен бор эдинг…

Ҳа, ҳамон
тескари айланмай яшар,
Бунда ғала-ғовур,
ҳеч кимсиз қутб.
Фақат шафқатлидир энди
фасллар,
Менга шафқат қилар
мени унутиб.

45
Мен – сайёҳ.
Мен – қўрқоқ, девона сайёҳ.
Яна йўлга чиқдим бахтимни излаб.
Хатардир,
хатардир,
хатар ҳамма ёқ,
Қай йўлдан юрай
қай манзилни кўзлаб?

Мана, сон- саноқсиз дордир
сочларинг,
Ҳар қадамда таъқиб этмоқда ўлим.
Хавф ошди,
юряпман манглайинг сари,
Қарашга қўрқаман:
ким ёзилган? Ким?!

Кўз юмиб ўтдим ва
келдим қошингга,
Дарҳол сергак тортди
икки камонинг.
Ҳатлаб кипригингга тушдим,
бағримга
санчилмоқда
сон-саноқсиз пайконинг.

Энди кўзларингга қочайми?
Кошки,
Уларда сирпаниб,
йиқилиб ўлсам.
Энг хатарли йўлдир
сенинг кўзларинг,
Қандай чидай
унда ўз ҳолим кўрсам?!

46
Қўйиб юбор вақтнинг ёқасин,
Сен ҳаводан симиргин тўйиб.
Юрагингга ёқсин-ёқмасин
Фаслларни ол тезроқ туйиб.

Кўзларингни юмиб ёдлаб ол
Қуёш нурларининг жарангин.
Очиқ кўзларинг-ла ёдлайқол
Кун ва туннинг, ҳаётнинг рангин.

Мендан пинҳон ҳамда нопинҳон
Ўйларингни сургин дасталаб.
Совиб олгин ҳали бор имкон,
Ёнгин юрагингга ўт қалаб.

Қаттиқроқ қуч қочганим сари,
Токи кетолмайин умрбод.
Мендан кейин тугайди бари,
Мендан кейин тўхтайди ҳаёт!

47
Қўйгил, истеҳзо-ла боқма, дилбарим,
Келгил, кўзларимга, юрагимга тўл.
Бутун дунё менга қарши турса ҳам,
Сен мен томон бўл!

Чайқалган мен эмас, замон — тўлқиндир,
Айланган бошиммас, соат миллари.
Кўзларимга термул – замонни тиндир,
Вақт йўлин тўсамиз, бергил қўлларинг!

Сузилган кўзларим кўзингга тушар,
Бу – кўзмас, ҳаётдек бенаво куйдир.
Қаҳқаҳа отмоқда ёлғончи тушлар,
Кел, оташ нафас-ла сен уни куйдир!

Йиғини унутиш учун йиғладим,
Юракни юракка қўйиб сен тушун.
Ичиб маст эмасман, инон, дилбарим,
Ичдим мастлигимни унутиш учун.

48
Мен сени ҳеч кимга айтмадим, рости,
Айтмадим, яширдим қучоқларимни.
Эшитмасин дея юракнинг сасин,
Ёпдим деворларнинг қулоқларини.

Ишлатдим силкитиб, тошларга уриб,
Ишлаб ўрганмаган эпсиз бошимни.
Мен сени топмаган бўлдим югуриб,
Йиғламай оқиздим кўздан ёшимни.

Кўзларим адашди, кўксим қамашди,
Айтмадим нур бўлиб тўкилганингни.
Ёзғирма, билмадим, қандай қарашди –
Кўрдилар кўксима бекинганингни.

49
Ҳайрон боқма, азизим,
Қолдирма мени ҳайрон.
Ҳажрингда ёнган ўзим,
Ўзимман ёниқ ҳижрон.

Ҳар айтганим гуноҳдир,
Гуноҳдир айтмаганим.
Қара, кўзларим “оҳ”дир,
Кўзимда оҳим маним.

Сени куйлаб бўлмайдир,
Куйлар сени сийратинг.
Қароғим сенда дайдир –
Қароғингда сувратим.

Ёмон ўйдан ҳолиман,
Ёмон ўй мендан ҳоли.
Мен маъноли сўзлолмам,
Сен тушунгин маъноли.

50
Сирли қўшиқ каби янграр тун,
Тонглар тиниқ жаранглаб отар.
Ёниб, жўшиб ҳайқиради кун,
Маҳзун хониш қилар кунботар.

Чайқалиб тинглайди тераклар,
Япроқлари олқишлаб турар.
Қушлар куйни чўқир эрмаклаб,
Шамол уни обқочиб юрар.

Куйни тутиб олар тасаввур,
Хаёл чопиб келар эртакдан.
Босилмайди кўнгилда ҳовур,
Ажиб сирлар бўйлар юракдан.

Шоир бўлиб кетаман менам,
Шеър ёзаман сатрсиз, сўзсиз.
Ва қўшиқлар куйлайман ёна,
Сасдан бино борлиққа сассиз.

51
О кўнглим, сен тўлдинг, бироқ билмассан,
Кутгайсан яна ва яна тўлмоқни.
Кутмоқдан уялиб, кутиб толмассан,
Кулгайсан, билмассан бироқ кулмоқни.

Сен кўзёш тўкмассан, ҳасрат қилмассан,
О кўнглим, раҳм қил, куйлагин, куйла!
Хуморлик қўшиғин куйла. Билмассан?
Тошиб кетмаслик-чун лоақал сўйла!

О кўнглим, боримни сенга ташладим,
Қўлларим бўм-бўшдир, бўм-бўш, билмассан.
Бермоқ – эҳтиёждир, олмоқ – дардкашлик,
Мен бериб тўлдим, сен олиб тўлмассан.

О кўнглим, сен тўлдинг, нега билмассан?

52
Қиличингни қайрамагин, ой,
Шамол, осилтирма тилингни,
Чумдугингни чўзмагин, хумой,
Ҳаёт, менга очма дилингни,
Юрагимни бермайман!

Қўлларингни узатма, табиб,
Кўксимга қадама кўзингни.
Ахир менинг бахтим – телбалик,
Сўзламагил шифо сўзингни.
Юрагимни бермайман!

Она, менга қилмагин тоқат,
Йиғламагин, ўртама бағринг.
Севма мени, севгинг — ҳақорат,
Севдим мени севмасликларин.
Юрагимни бермайман!

53
Тинглагим келяпти недир,
тинглагим,
Олам нега жимжит
куппа-кундузи?
Осмон нега бунчалик
жим йиғлади?
Хазон шитирида
сукунат сузди.

Шамол навоси-да
ажиб жимжит сас,
Қадам товушлари
товушсиз кезар.
Нега ахир
ҳеч ким ҳеч нима айтмас,
Нега бунча жимдир
сўзлаётганлар?

54
Мен – сабргул.
Очилмай турдим.
Тунлар қўриқлади
фалак лашкари.
Кунлар кулиб боқса,
қуёшни урдим,
Йўқлаб келар мени
қисматим ҳали.

Ёруғ қисматларни
туш кўрди ҳар кун
Ёнғоқнинг тагида ухлаган
кўнглим.
Ғунчадай бойланди
бағримда тугун,
Мен – сабргул.
Кутдим ва кўндим.

Алдаб ташлаб кетди
неча фасллар,
Тулпор шамол
“Қувиб ет!” деб қистади.
Шу мангу заминда
йиллаб, асрлаб
Кутдим.
Етиб келди охир қисматим:

Мен – сабргул.
Очилмай сўлдим…

55
Кўп ҳунар ўргандим чевар қизлардан,
Мана, ямаб олдим йиртиқ дилимни.
Дазмол урдим, тозалаб излардан
Ўнқир-чўнқир, паст-баланд йўлимни.

Қуёш нурлари бу – ипак толаси,
Ип эшиб, табассум тикдим юзимга.
Ташлаб кетмоқ учун, худо хоҳласа,
Янги дунё бичмоқчиман ўзимга.

56
Юрагимга
чўкиб кетди ғам,
Чўкди қароғимга
қаро тун.
Мен шундай
даҳшатли денгизман,
Ютоқаман,
ютаман беун.

Кетинг, ҳой ғаввослар,
қутқазинг,
Қутқазинг мендан
ўзингизни.
Cевиб қолсам,
қандай асрагум,
Қандайлар кузатгум
мен сизни?

57
Келдим, капалакман,
уйғон, қоғозгул,
Табассуминг кўрсат,
сочгил ифоринг.
Офтобни кулдиргин,
шамолни чақир,
Сенга олиб келдим
севган баҳоринг.

Ҳалиям
баҳорда яшаяпман мен,
Ҳу-ув ўша баҳорда,
ҳу-ув ўша кунда.
Умрим менинг бир кун –
фақат ўша кун,
Тирил, ҳой,
умримни келтирдим сенга!

58
Қара, кўзим бежо,
сўзларим ҳам терс,
Хаёлим, ҳаётим
чиқмоқда издан.
Ўша… иккимизга
ўғри тушган кез
Ўғирлабди
бизларни биздан.

Сенинг уйқунг тушсиз,
ўйларинг тақир,
Кўксинг бўш,
орзу, дард сиқмас сийнангни.
Ақлим ўғирлатиб
мен телба бўлдим,
Сен ким бўлдинг
бериб қалб хазинангни?!

59
Шамол бўламан бир куни,
пуфлаб ўчираман қуёшни.
Токи, қамашмасин кўзингиз
Мен турганда қуёшга боқиб.

Шамол бўламан бир куни
Пуфлаб ёндираман
кўксингиздаги чўғни.
Ловуллайсиз менга қўшилиб.

Шамол бўламан бир куни.
Улоқиб кетаман зерикиб.
Шамол излаб қоласиз
Ўзингизни ўчириш учун.

60
Мен – онамнинг сўнгсиз илтижоларин
ерда қолдирмаслик учун
шунчаки
қўл учида битилган китоб.

(Эҳимол, янглишиб битилган дердим,
ахир янглишишга ҳаққи йўқ Ҳақнинг)

Сизга ўқилишни истамайман ҳеч,
лек ўқиб оласиз кўз югуртириб.

Ҳеч парво қилмайсиз
муҳаррир ҳаёт
қавс ичида ёзган тагмаъноларга…

61
Туғилган куним билан
табриклайман Сизни,
одамлар!

Ким севарди Сизни
мен туғилмасам?

Ким туғилар эди
туғилганини пайқамаган
одамларни
севиш учун?

Ким ўларди
агар мен туғилмасам?

Ким ўлиб берарди
ҳар лаҳзада бир –
нафрат эмас,
муҳаббат эмас,
шунчаки бир бепарволикдан?

62
Сўзларинг қиличдир, қалбимни ёрди,
Қалбимдан шарқираб тўкилди бахтлар:
Олам тўлиб кетди бахтларга!

Мен деб чархладингми сўз қиличингни?
Бунча ўткир қилиб қачон чархладинг?
Наҳот меҳнат қилдинг мен учун?!

63
Бир сўз айтайин деб
юрак ютгандим,
Мени ютиб олди
ютилган юрак.
Мен ақлимдан оздим,
чўпдайин оздим,
Ақлим аразлаган мендан,
мен ҳалак.

Озиқланмас ақлим,
ором олмайди,
Қўймас чангалидан
айтар сўзимни.
Бошдан оёғимда
юрак ўйнайди,
Мен қайга қўярим билмам
ўзимни.

Тўлишарми энди
бу ақлгинам,
Ё бўларми
сўзни унингсиз айтиб?
Ҳовучлаб ютилган
юрагим билан
Мен
икки дунёдан қоляпман ортиб.

64
Умрим ўтмоқда.
Жийданинг тагидан
ўтмоқда у –
Гандираклаб,
сармаст тўлғаниб.
Боқар,
Ҳаёт солади ғулу,
Юраклари
кетмоқда ёниб.

У на соғдир,
на телба ошиқ,
Маккор Ҳаёт
солар ҳар кўйга.
Ўтмай деса,
тўхтовчи он йўқ,
Ўтиб борар,
ҳар тараф жийда.

Кулманг,
фасллар бор олдинда.
Тугаб қолмаса гар
манзиллар,
Умрим текис ўтар
келганда
жийдалари гулсиз
фасллар.

65
Афсунланган малика каби
Узоқ, жуда узоқ ухладим.
Кўзларимда яшаб чарчади –
Ўнгларимга дўнди тушларим.

Мен тушларга кўниккан эдим,
Чиқолмадим ўнгларга эга.
“Кун кўрмадим, кун қани?” дедим,
Кўрсатдилар кунимни менга.

Кун қошида сўзламоқ учун
Керак, деди катта жасорат.
Мен сўзладим, тушунмам нечун
Дуоларим гуё ҳақорат.

Етмаяпти яшашга ақлим,
Қизиқ ўнглар ақлимни олар.
Мен ҳаётга ҳеч кўникмадим,
Ҳаёт менга кўникиб қолар…

Учинчи  қисм

66
Бу дунё меники!
Қулфлаб қўйганман юрагимга
уммонлар шиддатини,
тоғлар виқорини,
саррин сабо ифорию
тонгларнинг оҳорини.

Кўзларимга қамаб олганман
заррин қуёш, маъсума ойни,
зарбадан кун, бахмал тунлару
жамиики чиройни,
жамиики чиройни!

Эгаллаб олганман аллақачон
ерни, самони.
Муҳрлаб қўйганман сўзларимга
бутун дунёни!

Бу дунё меники!!!

67
Сўзласам,
нигоҳлар тўқнашиб кетар,
сўнгра томоқларни йўтал тутади.

Ёки шамолмикан менинг товушим?

Курашмоқчимикан одамлар
шамолга қарши йўтал билан?..

68
Оёқлари боғлиқ дарахтлар каби
мен ҳам исён қилдим
ҳаётга қарши:
қишнинг қоқ чилласида
ҳисларимни, хаёлларимни
ечиртирдим қиппа-ялонғоч.

Хаёлдан чиқиб келдим
бир бошқача бўлиб.
Журъат топдим тартиб бузишга –
йиртиб ташладим
манглайига одам эмаслигим ёзилган
ёзуқни.

Қўлларимга кишан солинг,
ўтқизинг мени қора курсига.
(Мен ҳам би-ир курсига ўтириб кўрай)

Талаффуз этинг исмимни
жарангдор товушда дона-дона қилиб.
(Бир лаҳза ҳис этай исмим борлигин)

Сўнг ўқиб эшиттиринг,
баралла ўқинг
одам бўлганим ҳақидаги ҳукмингизни.

69
Мен даҳоман! Насибам улуғ.
Келтириб ташлашди уйимга ойни,
ярмини едим.
Инсофим бор,
қолган ярмини осиб қўйдим осмонга
инсоният ойсиз қолмасин учун.

Юлдузларни териб келишди
битта қолдирмай.
Бир-икки чўқилаб,
ҳисобини олдим-да,
учириб юбордим сахийлик қилиб.
Майли, қараб кўзлари тўйсин,
эгалик даъво қилишмаса бўлгани.

Осмон… осмонни тутиб беришганида
чанқаган эдим,
симириб қўйибман битта қолдирмай.
Яримта ой билан тўрт-беш юлдузни
бошига урадими энди
осмонсизлар?

Кўрдингизми,
менинг насибам улуғ…

70
Айтмабмидим сизга ой тўлганини?

Уни олғир қушлар ўғирламасин
ё бирор безори уриб туширмасин, деб
қўриқлаб ўтирганимни
айтмабмидим?

Тун керагидан ортиқ сокинлигини,
ой мудраб,
қадам сасига чирт узилишга таёр
осилиб турганини,
уни қўшиқ куйлаб уйғотганимни
билмасмидингиз?

Ўзим ҳақимдаги латифаларни
ёддан билишимни-чи?

Нега бунча ажабланасиз
қаҳқаҳа отаётган ойга қараб?

71
Ўтинг ўтаверинг, ҳеч назар солманг,
Суҳбатлаши-иб ўтирибман ўзим билан.
Энг қизиқарли ва
энг зерикарли мавзуларда,
эҳтимолки, мавзусизликда
суҳбат қураяпман жимгина.

Топганимда яқин дўстимни,
хавфли душманимни таниганимда
чалғитманг,
чорламанг даврага мени –
Шундай бахтли кунда,
сермазмун кунда
тортмангиз ёлғизлик гирдоби сари.

72
Яқин келманг! Гап ҳам уқтирманг!
Кўргали кўзим йўқ!
Йўқдир эшитгали қулоғим!
Сизсиз ҳам ўзимдан кўнглим тўқ,
Пуч ёнғоққа тўла қучоғим.

Сиз бинойи, мен – телба дайди,
Одам иси ёқмас, қулоқсиз.
Барча тўғри гаплар алдайди,
Яқинлашган сари узоқсиз.

73
Эшитилмай
нафаси, уни,
Чаққон
эсим кирдию чиқди.
Ушлаб қололмадим
мен уни –
у мени олиб учди.

Менда эс йўқ,
эсимда мен бор,
Ёзғирмангиз,
бежодир сўзим.
Эс не деса,
қилгум мен дастёр,
Мансубмасман
ўзимга ўзим.

74
Ой – сариқ чақа.
Болаликда
севган қизи совға қилган уни
Осмонга.

Кундузи кўзлардан яширади
уни Осмон,
тунда томоша қилади
кўксига тақиб.

Унинг дили хуфтон бўлмасин, дея
юзини яшириб йиғлайди,
йиғлагиси келиб қолса мабодо.

Ой – сариқ чақа.
Юзи доғли
сариқ чақачалик эмас
Осмонга менинг қадрим.

75
Қуёш дудламоқда дунёни,
пуф-пуфлаб юрибди
бағри оташ йўл,
пишаётир одамлар.

Пишган одамларни
ютмоқда упқон.

Ютилмаган бир мен –
пишмаган одам…

76
Бир куни омадим чопди.

Қолиб кетдим мен
орқада.

Эртаю кеч
қувлаб юрибман энди
омадимни.

77
Ёлғонман мен.
Бир бутун ёлғон.

Гоҳи кулиб,
Гоҳи йиғлайман.

Ана шу –
бор бисотим билан

Ҳеч вақосиз дунёни
овутмоқ истайман.

78
Мен умримнинг қоровулиман,
Жавобгарман мен умрим учун.
Уни сизга бермам, ҳой йиллар!

Уни сизга совурмам, еллар,
Ишлатмайман ҳатто ўзим ҳам,
Тўкилмасин дея оҳори.

Ёзғирмангиз, тушунинг ахир,
Мен умримнинг хўжайинимас,
Бор-йўғи бир қоровулиман.

79
Жарроҳ бўлмоқчиман бир буюк –
Олиб ташлайман
ўртадан масофани,

Вақтни кесиб оламан
ҳаётимиздан.

Би-ир яйраб яшаймиз,
Би-ир шошмай яшаймиз
одам эмасдай.

80
Ўкириб юрибди соқов тўлқинлар,
ўкириб юрибди
ўзини ҳар ёнга уриб.
Баданига тарқаб кетган
пешонасининг шўри,
Ёниблар кетгиси келар уларнинг.
Югуриб юрибди шамолнинг олдига тушиб,
Шовуллаб ўпмоқда оёқларимни.

Қийналиб кетасан қараб туриб,
Қараб туриб келиб кетади ҳавасинг.

Айланиб қолсайдим соқов тўлқинга,
Баданимга тарқаб кетсайди
пешонамнинг шўри,
Ёниблар кетишни истасам эди,
Югуриб юрсайдим
шамолнинг олдига тушиб,
Оёқларни ўпиб шовулласайдим,
Ўкирсайдим ўзимни ҳар ёнга уриб –

Қийналиб ўтирмас эдим бунчалар
Қийналаётган тўлқинни томоша қилиб.

81
Ўзингизни топиб беринг менга,
дўстларим!
Мен сизни кечирмоқ истайман,
Мен ўзимдан кечмоқ истайман.

Кечирмоқ истайман мен сизни
кўнглимдан,
Ўчирмоқ истайман
сизсиз кўнглимни.
Ўзингизни топиб беринг менга,
дўстларим!

82
Ҳайдаб чиқдим ўзимдан Ҳисни,
Ҳиссиз бахтни излай бошладим –
Ўққа тутдим қуши йўқ кўкни,
Оч ботқоққа қармоқ ташладим.

Кўп яшадим ўзгалар умрин,
Ўз умримни соғиндим охир.
Ичга боқдим, кўзимни юмдим,
Бирор ҳис йўқ қонимда оқар.

Бутун дунё музлар “уҳ”ласам,
Мен ўзимни нетиб оқлардим?
Бошқача бўлишни хоҳласам,
Бошқача хоҳлардим…

83
Ақлингизни бериб туринг, дўст,
ақлли кўринай мен ҳам бир марта
боламнинг кўзига.

Ўтқизиб қўйиб ўргатай унга
сизнинг ақлингизни.

84
Аллалайди мени
ўз нигоҳларим
Худди зерикарли китобдай.
Ва ўзимга қараб эснайман.

Маданиятли итлар
тинчимни бузмас –
Мушукни қувмайди,
қопмас ўғрини.
Остонамда жим ялаб ётар
бир замонлар тўккан теримни.

85
Кулдирманг, йўқ, кулдирманг,
Кундай ёришмасин тун.
Тунни бундай кўндирманг,
Қарзин ундирар бир кун.

Қўл узатинг ёрдамга,
Истамайман ўлишни.
ўамдан қўрққан одамга
Ўргатмангиз кулишни.

86
Нафратлар оралаб
дадил ва тикка
Йўл излаб йўл юрдим
узоқдан узоқ.
Ўлмай етиб келдим
манзилсизликка,
Мен –
нафрат тилини тушунмас гумроҳ.

Мен –
дунё тилини тушунмас гумроҳ,
Ҳақоратлар аро
сийланиб келдим.
Топмай йўқотилган
йўлларим қаёқ?
Келган тарафдами
қайтар манзилим?

87
Бошим айланмоқда.
Ўз ўқи атрофида айланмоқда у.
Кундуз ичимдадир, кеча ҳам.
Истасам, кундузда фош этаман
ўзимни.
Истамасам, яширинаман
кечанинг пинжига.
Ёқмаса,
ҳеч бири ёқмаса,
тескари айлантираман бошимни
ўз ўқи атрофида…

88
Менга одам керак ўлмоқ учун.
Ўлдиришим керак мен бир одамни:
бахтли ҳаёт тортиқ қилмоқ учун.

У қувониб юрсин, келмасин қайтиб,
У мақтаниб юрсин ўзга дунёда
Менинг қўлларимда ўлганин айтиб.

89
Яхши одам бўлиб яшасам, дейман,
Шундай яшаш учун ўлмоқчиман, дўст.
Мени ёмон, деган сенинг устингдан
Ўлиб туриб кулмоқчиман, дўст.

Ҳали ўзинг билмай эслайсан мени,
Дуолар қиласан йиғлаб тўйингда.
Мен ўлиб яшайман ўшанда сенинг
“Яхши одам эди”, деган ўйингда.

90
Ўлиб ётар бир бутун умрим,
Мен қотилман, қўлим, кўнглим қон.
Қочай десам, беркдир, берк йўлим,
Кун тақдири изғир ҳар томон.

Эгасидан айрилган тақдир,
Тақдиридан айрилган эга,
Икки қўли бўйнимда тахдир,
Саволи: нега? Нега? Нега?!

Йўқ, мен сира доғ туширмадим,
Калтакесак ялади уни –
Умримни атай ўлдирмадим,
Наҳот умрим ўлдирар мени?!

91
Тепди, сурди, титратди қаҳрим
белгиларин чегараларнинг.
Кулгим тоза ҳаводай баҳрин
очди бўғиқ хилхоналарнинг.

Чайир, қадоқ қўлларим билан
Олис ила яқинни сурдим,
Ўтни руҳ, шодликни ғам билан
Қориштириб, кўтариб юрдим.

Менга қарши чиққанни севдим,
Севдим топтаб, севдим курашиб.
Не истасам топаман, девдим,
Бир ТАСКИН-да топмадим яшаб.

92
Мени дайди, дея ким айтди сизга?
Ким у мени уйсиз бечора деган?
Ахир мен ўзимдай бойликка эга,
Ахир менинг уйим – ўз дунём.

Ҳечам муҳтожлигим йўқдир ҳеч кимга,
Ухлашда руҳимга чиқиб ётаман.
Совқотсам, ўранаман қобиғимга,
Оч қолганда юрагимни ютаман.

93
Кулгили, кулгили бунда ҳаммаси,
Кулгили бўшлиқда менинг тўлганим.
Қутқармоқчи бўлиб орзу-ҳавасим,
Ҳувиллаган қалбга чўкиб ўлганим.

Аламли лаҳзада кулгили бари,
Ҳаттоки бўғзимнинг бўм-бўш тургани.
Ишғол этмасин деб вақтнинг лашкари,
Ўзимга табассум қўрғон қурганим.

Йўл юриб, йўл юриб, чиқмай нафасим,
Манзилга етганда қайрилганим ҳам,
Кулгили, кулгили бунда ҳаммаси,
Кулгили кулгимдан айрилганим ҳам.

94
Оёқ битсин дейман оқсоқ ақлимга,
отга ўтқизаман уни амаллаб,
оқсоқ оёғи ҳам ўтириб олар
у билан бирга.

Ечиб юбораман боғлиқ тилимни,
Хомхаёлдек елиб кетади ақлим
Кўз-кўз қилиб оқсоқ оёқларини…

95
Изтиробга қоронғи бошим,
Йиғи улғайтирдим ичимда.

Тутатиб-тутатиб чекдим изтиробни,
Лаҳза сайин улғайди йиғи,
тошиб чиқди кўзим косаларидан.

Мен – гуноҳкор ва хасис бева –
сир бергим келмайди сира
сир тиланаётган оч нигоҳларга.

Яшириб юрибман ниқобга ўраб,
бевақт туғилган йиғимни.
Кулаяпман!
Кулаяпман қитиқлаб ўзимни…

96
Энди ҳеч юрмайман
шайтон кўприкдан,
Энди ҳеч юрмайман
раҳмон кўприкдан,
Биламан, шўнғисам,
бу дунё чуқур,
Мен-ку мен,
на хаёл тубига етур.

Тубсизликка чўкур
излаган сари,
Ёлғон бўлиб чиқур
топганинг бари.
Кўз юмиб сузаман
барча кенгликдан,
Дунёни пойлайман
бирор туйнукдан.

97
Не истадим, нимани кутдим?
Ахир ҳамма нарса
бор эди менда:
Кўнглим тўқ, кўзим тўқ,
қорним тўқ,
Нимани ахтариб кирдим
бу йўлга?

Тобора
оёғим ботқоққа ботар,
Жонга роҳат берар
дил шувиллаши.
Қулоғимга
найнинг товшидай ёқар
Бўриларнинг оч увиллаши.

Нимани ахтариб кирдим
бу йўлга?
Кўзим тўқ, кўнглим тўқ…
турибман.
Ҳамма-ҳамма нарса
бор эди менда,
Ҳойнаҳой,
очликни излаб юрибман.

98
Булбул нола қилди баъзан созимда,
Баъзан итлик тутиб, ит бўлиб ҳурдим.
Не сасни истасам, роз айтиб кўрдим,
Фақат сўзламадим ўз овозимда.

Не юмуш истасам, этагин тутдим,
Тоғни талқон қилдим, ўнгардим тушни.
Мен унутиб қўйдим фақат бир ишни —
Менга буюрилган ишни унутдим.

Сенга боролмайман очиб юзимни:
Нени билгим келса, билдим муваққат,
Билиш шарт бўлганин билмадим фақат —
Кечиргил, билмадим Ўзимни!

99
Яшадим ўнгланиб
ҳамда тушланиб,
Баҳор янглиғ иккиланиб,
учланиб.
Қишдай бирланиб ҳам айтдим
сўзимни,
Айтмай олиб қочдим
баъзан ўзимни.

Оёқда туш кўрди
босмаган изим,
Ҳуш кўрди босганим,
тупроққа тўзим.
Арқонга ун босдим
ва ғалвирга сув,
Аксини ҳам қилдим
барибир… шу-шу…

Мен балки Кимнингдир
завқли эрмаги,
Соғ каби кўринган
ажиб тентаги –
Ўлишимни била туриб
туғилдим,
Адашиб яшадим,
адашиб ўлдим!

2011-2015 йиллар

034 Oydinniso she’riyati uchun, avvalo, o’z ruhiyatini badiiy tadqiq etish xarakterli. Bu vazifani u real voqelik va undagi hodisalarni ko’ngliga xos yo’sinda idrok etish orqali bajaradi. Tabiat va tabiiy manzaralarning shoira qalamida butkul o’zgacha tus olishi, boshqa missiyani bajarishi sababi shundadir (Muhayyo Yo’ldoshevaning «Yasha meni,olam!» maqolasidan. Maqola bilan mana bu sahifada tanishing).

Oydinniso
YANGI KITOBDAN  SHE’RLAR
077

Oydinniso (Yo’ldosheva) 1980 yili Samarqand viloyatida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetini tamomlagan. She’riy va nasriy asarlari mamlakat nashrlarida muntazam bosilib kelmoqda. Tarjimon sifatida dunyo adabiyotining ko’plab nodir namunalarini, jumladan Akutagava Ryunoske bir necha hikoyalarini va «Suvosti mamlakatida» qissasini o’zbek tiliga o’girgan.

077

YURTIM

Seni kuylay olmadim, yurtim,
Garchi qo’shiq to’la borlig’im.066
Bilmagayman hislarning ismin,
Sen haqingda kuylar borligim.

Tuprog’ingga aylangach onam,
Uning qadrin ortiqroq tuydim;
Seni yaxshi ko’rgani uchun
Men bolamni qattiqroq suydim.

Dengiz ko’zlim, dedim singlimni,
Dedim: ukam — tog’im, osmonim.
Har gullagan og’och ismingni
Gullaganday, gullar jahonim.

Shamol bo’lib kuyladim gohi,
Gohi yomg’iringdek to’kildim.
To’rt faslingga aylanib oxir,
Sen bo’lib, sen bo’lib o’qildim.

Men bag’ringda yashadim, sen-chi,
Har zarramda yashading, yurtim.
Seni kuylay olmadim, senli
yuragimni yangratib yurdim.

***

Qorbobo, sovg’alar olib kel,
Menga yurakqoping to’ldirib.
Eng go’zal yangi yil sovg’a qil,
Yashayin dunyoni ko’ndirib.

Bir imkon sovg’a qil kulmoqqa,
Hamda yig’lamoqqa bir imkon,
Ishonmoqqa orzu, qaytmoqqa
xotir bergin, etguvchi komron.

Sovg’a qil bir bitmas jarohat —
Va nafasi o’tli xo’rsiniq —
Muhabbat sovg’a qil, muhabbat —
Titroqli, so’roqli bir yoniq.

Va yana sovg’a qil, mehribon,
Onam mehrin nishonasini —
O’pib qo’ygin ismim bitilgan
Dunyoning sho’r peshonasini.

Qorbobo, sovqotdim, tavba-yo,
Sovqotdim o’tlarga topinib.
Menga Dil sovg’a qil, qorbobo,
Isinay men uni yopinib.

***

Sen bahorni sevmagin ortiq,
Sen bahorga ishonma zinhor.
Ko’nglimizga shivirlab nozik,
Ne ko’ylarga solmadi bahor.

Bizga hijron solmasdi hadik,
Cho’t emasdi dunyoning dardi.
Bardosh ila emlangan edik,
Telbalikka, sevgiga qarshi.

Xazonrezdan sarg’aymay o’tdik,
Qahratondan chiqoldik omon.
Biz bahorda o’zni unutdik,
Biz bahorga tutildik yomon.

Nozik bukib bardoshimizni,
Ne ko’ylarga solmadi makkor.
Qo’y, to’kmaylik ko’zyoshimizni,
Bizda ayb yo’q, gunohkor bahor.

***

Sening joning og’rir,
og’riydi ko’nglim,
Haqqim yo’q
xavotir olmoqqa sendan.
Seni yo’qlamoqqa,
borlamoqqa ham,
Hatto
ranjimoqqa haqqim yo’q bundan.

Balki og’rigansan
meni sog’inib,
Haqqim yo’q
ko’nglingga bo’ylab ko’rmoqqa.
Haqqim yo’q yig’lashga
sen deb og’rinib,
Va hatto
bu haqda o’ylab ko’rmoqqa.

Haqqim yo’q ishlarga
ko’milgim kelar,
Aytgil, nima qilay
men hadsiz odam.
Senli orzularga
cho’milgim kelar,
Haqdan so’rolmayman
men haqsiz odam.

***

Shunday yashasangki, shunday yasholsang,
Armonsiz o’lolsang istalgan lahza.
Yana shunday yashar edim, deyolsang,
Mabodo yuz bora tug’ilsang qayta.

Yomg’irlar ostida gurlasa qalbing,
Qalbingga qo’shilib yonsa yomg’iri.
Mayliga, ko’p bo’lsa gunohing, aybing,
Begona bo’lmasa senga hech biri.

Sen quyosh ustida quyosh bo’lolsang,
Unga baxsh etolsang harorat, hayot,
Va nega borliging anglab bilolsang,
Hamda borligingga aytolsang rahmat.

Shamollar ortingdan ergashib yursa,
Bilmasang qo’rquv ne, nimadir hadik.
Qudrating, charxlangan hislaring ila
Har lahza o’limga boraversang tik.

Shunday yashsangki, shundayin dildan,
Istalgan lahzada baxtli o’lolsang.
Loaqal qalbingda shu orzu bilan
To’xtab, yashamayin turolsang.

***

Bilmam, balki muhabbatmiding,
Borlig’imni ishg’ol etgan his.
O’ta o’tli harorat eding,
Va pokiza eding sen so’zsiz.

Sen meni yeb ulg’ayar eding,
Ulg’ayarding sen meni tug’ib.
Bolammiding yo onammiding,
Seni sira bo’lmasdi o’qib.

Bizga sovuq boqardi hayot,
Yonimizdan puflab o’tardi.
Seni menga o’rardim asrab,
Va qo’shilib yonib ketardim.

Totli edi sen bergan ozor,
Qaqnus yanglig’ kuldan to’rardim.
Sening ila yonay deb takror,
Endi “men”ni senga o’rardim.

Sening ila hayotim to’lib,
Sen tufayli ko’nglim to’lmasdi.
Og’ir edi sen-la tiriklik,
Sensiz esa yashab bo’lmasdi.

O’ta o’tli harorat eding,
Va pokiza eding sen so’zsiz!
Seni tirik olib ketay deb,
Men o’zimni o’ldirdim, ey His!

***

Necha oylar o’tdi, fasllar o’tdi,
Ehtimol, ming-minglab asrlar o’tdi.
Bilmam sog’inmadim yoki sog’indim,
Sevgilim, og’rindim, tinmay og’rindim.

Sevgilim, og’rindim, bir rohat tuydim,
Senli g’amlarimni quvonib suydim.
Hamon eskirmagan, yosh va bokira —
Hamon juda go’zal senli xotiram.

Qancha bugunlarni g’ijimlab otdim,
Otdimu kun izlab to’rt tomon chopdim.
Faqat xotiramga tushganda yo’lim,
Sevgilim, men senda umrimni ko’rdim!

Sevgilim, men vaqtlar ichra adashdim,
Sevgi lim ne baxtlar ichra adashdim.
Senli bir lahzamga ikki dunyomni
Almashdim, almashdim, almashdim…

***

Fojia — tilimda vido emas, yo’q,
Ayriliq ham emas bu sen o’ylagan.
Xiyonat emasdir yurakdagi o’q,
Nedir u fojia ichra bo’ylagan?

Yonimdasan, o’zim turibman yakka,
Bo’m-bo’sh hayotimga hayrona boqib.
Fojia ro’y berdi ikki yurakda —
Sevgini o’ldirdi beparvolik!

YOZ MANZARASI

Yonayotgan yurak kabi yeru osmon,
Bu yerda hukmron yalqov saraton.
U hammani birdek olovda yoqib,
Qalbi muzday uxlaydi yotib.

Isyon ko’tarmoqchi bo’ladi laylak,
Qanotlarin yoyib uchadi tak-tak —
Shamsning ol barmog’in qayirmoq bo’lar,
Yozni yozligidan ayirmoq bo’lar.

Shamol bosh ko’tarar yengib mudroqni,
Darrov holdan toyar silkitib bog’ni.
Tuproq ko’piradi yozdan yozg’irib,
Ketsa qaylargadir dilni yozdirib.

Qurbaqalar jo’r ovozda qurillab,
Chigirtkalar panalarda chirillab,
Shams uyquga ketgach, sozlashar sozni —
Uyg’otmoqchi bo’lib ko’rishar yozni.

Yalqov yozning yaxshisini oshirib,
Sodiq mulozimday sirin yashirib,
Yelib-yuguradi faqat ariqlar.
Hil-hil pishgan Hisga hayot bag’ishlar.

ONAMSIZ…
(Turkum)

1
Men o’ldirganim yo’q biror kuningni,
Alvido, eski yil, bo’l mendan rozi.
Shunchaki, yashadim yutib ovozim,
Senga hadya etdim bir yil umrimni.

Mitti go’dagimning kulgusi ila,
Yig’ilari ila poklangan umr
Sengadir, olaver, biz do’stmiz axir.
Endi sen-da bir bor boshimni sila,

O’tinaman, sen-da bitta hadya et.
“Bolalarim mensiz netadi”, deya
Ko’zlari orqada qolgan onamni
Tashlab ket, eski yil, tashlab ket!

2
Kulib kelayotir sakkizinchi mart.

Nima qilay bozor rastalaridan
sizga sovg’a izlayvergan ko’zlarimni?

Eng odmi ko’ylakning narxin so’rashga
beixtiyor shaylangan tilimga
qanday tushuntiray barini?

Bir yilda bir sizga hadyalar yo’llab,
o’zini shod etgan tentak ko’nglimni
qaylarga qo’yayin, qanday ovutay?

Axir kulib keldi sakkizinchi mart.

Nima hadya etish mumkin
manguga ko’z yumgan odamga?
Shirin tushmi yoki issiq o’rinmi?

Xursand bo’lasizmi baxt hadya etsam?
Xursand bo’lasizmi,
ko’ngilda armonu ko’zda yosh bilan
hayqirsam,
“Baxtliman!” deya hayqirsam!

Ona, axir keldi sakkizinchi mart…

3
O’n birinchi aprel`, yashayapsanmi?
Nahot xotiraga do’nmading hamon?
Bu hayot yo’qotib qo’ydi hadyangni,
Kechirgil, u yo’qdir, men esa borman.

Bormiz, na men menman, na sen sendirsan,
O’rtamizda u yo’q, yonar borlig’im.
Nega eskirmaydi uning yo’qligi,
Nega eskirmaydi sening borliging?

O’n birinchi aprel`, kelayapsanmi?
Kelmasang ham mayli, kelmagin, shoshma,
Kundan kun ulg’ayib borayapman men,
Onam esa hamon ellik uch yoshda.

Kelsang ham, baribir ellik uch yoshda…

4
Tunlar tushlarimga kirasan, onam,
Bag’ringga bosasan, “Men keldim!” deysan.
Sen shunday mehrsan, qonar tushxonam,
O’lgandan keyin ham g’amimni yeysan.

Hech tinchlik bermadim senga, onajon,
Yo’qlamay, tinch yurib tinchingni buzdim.
Sen oylab sog’inding, mana endi men,
Sog’inch, sensizlikka umrbod mahkum.

Rayxonlar isingni iskab yotibdi,
Yalpizlar o’smoqda mehringdan qonib.
Garchi shu tuproq ham senday azizdir,
Ona, yonayapman seni qizg’anib.

Men shunday qizg’anchiq, xudbin va g’arib,
Buzmay turolmayman tinching endi ham.
Ona, yig’lamasam, sen taskin topib,
Tushlarimga kelmay qo’ysang, netaman?

Tushlarimga kelmay qo’ysang, netaman!!!

5
Ko’ksimga bosh urib uvlaydi shamol,
Yaproqlar tiz cho’kib mehr tilaydi.
To’zg’ir xayol,
tinim bilmay izg’ir xayol,
Ona, sizni, faqat sizni izlaydi.

Ona, yuragimga yashirganim kuz
Toshib chiqsa, kunlar sarg’ayib ketgay.
Siz yo’qsiz,
mehr yo’q,
yo’q bir yupanch so’z,
Bu sizsiz dunyoni qanday ovutay?

Bu yetim dunyoni qanday ovutay?

6
Bahor!
Bahor, rostmi kelganing!
Dala-qirda chopib,
o’ynoqlab.
Yuraklarga
mehr ekkani
Keldingmi,
onamni so’roqlab?

Yo’q-yo’q,
yomon o’ylarga borma,
Ko’nglingni cho’ktirma,
bahorim.
Sen kuylab
uyg’otgin dunyoni,
Chertavergin
dillarning torin.

Bizni tashlab ketmadi
onam,
U hech kimni
ranjitmas sira.
Doim rozi
ko’zda yosh bilan,
Kular
garchi yuragi g’urra.

O’yin o’ylab topdi
u yana
Bolalarin
xursand etmoqqa.
Kelganingda
gullab chiqqani,
U berkindi
ona tuproqqa!

Bahor!
Bahor, rostmi kelganing!

2013—2014 yillar

XIRGOYI

Telba-odamlar va odamlikdan chiqqan telbalar tilidan 99 bitik

(Turkum)

055

Bu korgohda xato kelmadi chu bir sarimo’y,
Xato mening nazarimdandurur xato ko’rsam.
Alisher Navoiy

Birinchi qism

1
Oho-hoy, eshiting, ey haqparastlar!
Men – shaharning telba masxarabozi.
Jonga tegmadimi qurigan hislar
Va ularning taraq-turuq ovozi?
Jonga tegmadimi bu quyushqonlar,
Tiriklay maydalab sotilgan fikr,
O’yingohga aylangan ruhistonlar,
Yuvindi so’zlardan qilingan zikr,
Tepaga intilgan yulduzsiz ko’krak,
Yo’qsillar sig’ingan qashshoq ezgulik,
Mushuk kabi po’sib poylovchi ko’ppak,
Ko’zlarga ko’rinmas makkor ko’rgulik,
Jonsiz, haroratsiz haykal naqllar –
Jonga tegmadimi, hoy, bari-bari?
Bor bo’lsangiz, keting, ozod aqllar,
Ko’nglingizda bunyod xilvatlar sari!
Men bu botqoqlikda ko’p uzoq qoldim,
Rosti, nafratdaman nafrat sozimdan.
Biroq qurbaqaga aylanib bo’ldim,
Vaqillab yuribman bor ovozimda.

2
Menga yordam bergin ey ahli inson,
Nahot tanimading, men kimman? Kimman?!
Ega chiqolmay o’z tilaklariga,
Sening tilaklaring bajargan jinman.

Dovud payg’ambarning o’g’li Sulaymon
Ko’zasidan qochdim, bo’ynimda chilvir.
Qopqog’im bor uzuk muhrli, ishon,
Garchi shakkokdirman, so’zlarim chindir.

Uch emas, ming sharting bajaray seni,
Sen mening birgina tilagim do’ndir.
Yech mening zang bosgan kishanlarimni,
Bo’ynimni chilvirsiz yashashga ko’ndir.

Ko’nglimni chilvirsiz yashashga ko’ndir!

3
Men — Isrofil malak, kutaman har kun,
Adoqsiz umrimda birgina yumush —
Ro’zi mahshar kuni sur tortish uchun
Kutish, kutish, yana umrbod kutish.

Kutaman, kutaman, kutaveraman,
Bir kun chiqaray deb men ham unimni.
Kutayotib tinmay qo’rqaveraman,
Kelib qolishidan kutgan kunimni.

4
Don izlab go’ng titgan xo’rozday,
YO oy kabi osmon izlagan,
YO quloq axtargan ovozday,
Sayyohday xazina ko’zlagan,

Va yana hammaday g’imirlab,
Ko’kni titib, yerni to’nkarib,
O’zimga norizo shivirlab,
Teskari dunyoni o’ngarib,

Emaklab axtarib yuribman,
Umrim bo’yi izlaganimni.
Ko’nglim xira, boshimda tuman,
Topmayapman – izlaganim ne?

5
Qo’ying, yashab olay ozgina,
Qo’ying, biroz adashib olay.
Laycha emas, bo’ri-odamman,
Qo’lbolaga aylanib qolmay.

Men o’zimni o’z irodamga
Qo’ying, bir bor baxshida etay.
Shamol yo’lin to’sayin tongda
YO qo’shilib uloqib ketay.

Garchi sizga yumush uzzukun –
Fosh qilish va ogoh etish – baxt.
Ne istasam qila olish-chun
Men istashni o’rganishim shart.

Yonib tursin bo’g’zimda bir sas,
Ulug’ nafrat bilan sevayin.
Suvga emas, dunyoga emas,
O’t-olovga tashna bo’layin.

Qo’ying, haqqim bordir-ku axir
Bir bor baxtsiz bo’lib ko’rmoqqa.
Qo’ying, bir bor ochayin bag’ir,
Qo’ying baxtdan o’lib ko’rmoqqa!

6
Yurib ketmakdaman
taqdir oralab,
Kechib o’tmakdaman
xoh suv, xoh girdob.
Hali oldindadir
hamma-hammasi,
Hali bu –
hayotning qoralamasi.

Gar to’lib qolmasa
umr daftarim,
Siyohi bitmasa agar
dil qa’rin,
Chiqib ketmasam gar
men o’z yodimdan,
Bitta soflik qolsa
shu hayotimdan,

O’shanda
umrimga bergayman sayqal,
Qolmagay biror gard yo
tugun, chigal.
Kirchin yozuqlarni bo’yab
shoshmasdan
Rosmana hayotni
kechirgum boshdan.

Hali oldindadir
hamma-hammasi,
Hali bu –
hayotning qoralamasi…

7
Siz mendan yozg’irmang, siz menga ko’ning,
Nima qilay axir, esim past mening.

Mendan o’tayapti bahor, yoz, kuz, qish.
Ildizi suv, boshi oftob ko’rmagan,
chirmovuq chirmagan g’o’zaday
hali hamon pastdir esim boyaqish.

Baxtlar kulib turar cho’ng qoyasida.
O’siblar ketgisi keladi esim,
umidvor-umidvor boqar hayotga
yurakning soyasidan.

Esiz,
parvarishlab bo’lmaydi uni,
bo’lmas hech o’g’itlar qo’shib sug’orib,
va yana bo’lmaydi es o’ssin deya
yurakni ildizi bilan sug’urib.

Ichimga suv quyib charchamas ko’zim,
Gullab qo’yaverar yurakni og’zim,
Eslamayin desam esim pastligin,
qurimas esim…

8
Yetti qavat yerni shoxiga ortib,
Avaylab qoyalar va sahrolarni,
Tindirib, qo’zg’otib ko’l, daryolarni,
Qancha jonli, jonsiz tanlarni tortib,

Va ustiga ustak asrab o’z jonin,
Ketib borayotgan chorasiz ochko’z,
Mangu ana shunday ketguvchi ho’kiz
Mening oshnam, uyam xuddi mendayin!

Ko’tarib yuribman ko’ksimda havoni,
Kaftimda kun-tunni, boshimda samoni,
Yonimda chuqurroq olma nafasing,
Tashlab yuboraman yo’qsa hammasin!

9
Kunbotarda kun chiqqan birda,
Kun chiqishda botmagan kunim.
Men – adoqsiz kun ko’rgan telba,
Yana kunga tashnadir ko’nglim.

Ko’k nafasi yetmagan yerda
Jinlar emas, urchigan menman!
Yolg’on, jin yo’q mening ichimda,
Jin ichida o’zim hokimman!

Ichini men bilan sovutar,
O’tdan bino bo’lgan ajina.
Och ko’zlarim har neni yutar,
To’ydirolmas bitmas ganjina.

Yashiraman qashshoq dilimni,
Juldur, yupun ezgulik bilan.
Ko’rgum o’n sakkiz ming olamni,
Lekin meni ko’rolmas olam.

Kuygan dillar kuli ustida,
Ichib to’kilmagan xunlarni.
Boshlarda – mag’zava ostida
Men chalib yuribman jinlarni.

10
Menga alam qilar hamma-hammasi,
Qulab tushaverar omonat ko’ngil.
Yerda sudraladi kir-chir soyasi,
Bosib o’taverar uni har dilgir.

Menga alam qilar – kulgan bahormas,
Yozni sudramoqda quyosh qish tomon.
Tong – tong emas, to’kilmagan ohormas –
Sho’rlik rangi uchgan, eskirgan oqshom.

Yuzimga yo’l chizar ba’zan tabassum,
Menga alam qilar – shudir bo’lganim.
Og’iz juftlaganda yozg’irmoq uchun,
Alam qilib ketar baxtim kulgani.

11
Sen yaxshiroq qara, hammasi yaxshi,
Qor-yomg’ir, quyoshsiz – faslsiz kunim.
Yelvizak yelmaydi, qulab tushmaydi
Tirgovuch tiralgan yarimta ko’nglim.

Manglayim ko’rsatib g’olibman, jo’ra,
Tuzsiz deb topilsa gar yurak so’zim.
Tarvuzim qo’ltiqdan tushmaydi sira,
Tashlab yuboraman uni men o’zim.

Nega ishonmaysan? Hammasi yaxshi,
Bo’m-bo’sh umrim haqqi ichaman qasam!
To’ldirgulik hech yo’q, mabodo to’lsa,
O’zi kichik ekan shu sabr kosam.

Ertaklar so’ylayman o’z qulog’imga,
Ha, hammasi yaxshi, keraman ko’krak.
Baxtli qahramon, deb nom berar menga
O’zim to’qib, o’zim ishongan ertak.

12
Ko’zdan yosh, og’zimdan so’lagim oqib,
Tirjayib-tirjayib boqaman senga.
Ikkala qo’limni ko’ksimga taqib,
Ta’zimlar qilaman chiqyotgan kunga.

Bir uyum tosh emas cho’ntagimdagi,
Senga yoqish uchun yiqqan davlatim.
Mis emas, nishondir ko’kragimdagi,
Egilib-bukilib topgan savlatim.

Qor yog’ib birda men suyangan toqqa,
Bilmayin oyog’im sirpanib ketdi.
Shunchaki yiqilib yotmam har yoqqa,
Qarshimdagi tog’ning etagin o’pdim.

Demak, yuzimdagi oddiy loy emas,
Hamma ko’zga surgan vatan tuprog’i.
Ichganim qonimdir, may emas,
Ko’ylakda uzilgan yurakning dog’i.

Senga neki qiziq, qilib ko’ribman,
Hattoki o’zimdan bo’libman ozod.
Senga yoqish uchun yashab yuribman,
Meni-da odam deb qabul qil, hayot.

13
Faqat Sizif emas toqqa o’rlagan
Ko’tarib o’zidan og’ir toshini.
Faqat tosh emasdir pastga qulagan
Yemirib Sizifning tog’ bardoshini.

Men-da qahramonman, mahkumman axir
Ko’nglimni ko’tarib ko’kka chiqmoqqa.
Tinmay qanot qoqdim,
qoqdim bir umr,
Ko’nglim esa mahkum faqat cho’kmoqqa.

14
Men dunyoni boplab aldadim!

O’zimga o’t qo’ydimu, biroq
Haroratdan bebahra o’tdim.
Baxt, deya ko’zyoshga bo’ldim g’arq,
Lazzat izlab, lazzatim yitdim.

O’z o’zimga buyurdim, lekin,
Ko’nmadim itoat qilishga.
Uchish mashqin bajarib har kun,
O’rganib qolibman qulashga.

Men dunyoni boplab aldadim!

15
Men – rost so’zlaydigan buyuk yolg’onchi,
Va buyuk rostgo’yman, yolg’on so’zlovchi.
Bu olamni yaxshi bilaman, dedim,
Bilmadim, bilmadim bilganim nedir?

Sevgim mangudir, deb qasamlar ichdim,
Olovlar simirdim, jannatdan kechdim.
Aldadi yurakdan kechgan rost so’zim,
Mangu yasharmidim axir men o’zim?

Kulishga, yig’lashga bir So’z tilangin,
Yoqimli aldovdir so’zim, ohangim.
Men rost so’zlayapman, sen ishon, ishon!
Mening rost so’zlashim – eng buyuk yolg’on!

16
Sezgim kelayotir nimani, bilmam,
Sezganim nimadir, yana bilmayman.
Uzluksiz ne izlar chanqagan ko’nglim,
Ichaman, ichaman, biroq to’ymayman.

Yelka tutayotir olti tomonim,
Bir lahzada har tomonga yo’llayman.
Yo’lsizlik-da yo’ldir, tinmas tovonim,
Biroq men yurmayman, nega yurmayman?

Boqqanim har taraf, yana har taraf,
Ko’rmayman yaqinu uzoqlarim ne?
Ko’rgim kelgani ne, bilmam, yo Falak,
Tarjimasi yo’qdir nigohlarimning.

17
Men – buyuk telbaman!
Qirg’og’idan toshgan dengizday,
Ortib qolganman o’zim-o’zimdan.

Ko’pirib qahqaha otyapman, qarang,
Yig’layapman o’kirib-o’kirib,
Bo’rondayin isyon ko’tarayapman.

Aldayapti demang, ranjimang sira,
Shunday o’zi… men buyuk telba,
Kulgim, yig’im, isyonim – jimlik!

18
Men – telbalar shohi,
egnimda zar to’n,
Har zamon
qo’limni qilaman paxsa.
Tinmay hayqiraman
yaxshilik uchun,
Biroq aytolmayman hech narsa.

Qiziq-qiziq
o’yin topib o’ynayman,
Kiyib
donishmandlar niqobin.
Har qadamda xalqni,
xalqni o’ylayman,
Tillo egar taqib,
sudrayman tag’in.

Ruhim o’lgan –
aslo sovuq qotmayman,
Yondirmaydi meni
hech qaynoq nafas.
Men telbalar shohi…
shohday yashayman,
Nasib etmas faqat
telbaday yashash.

19
Men hamma qatori… shunchaki g’arib,
Yig’layotganda ham kulishga tayyor.
Gul tutishga tayyor tosh otayotib,
Lek na yashash va na o’lishga tayyor.

Aqllar mozori, hislar bozori,
Xo’rligu shodliklar bari meniki.
Mening mulkim erur bunda bor bari,
Va menga begona menda bor neki.

Doim quvib yoki qochib yuraman,
Hammaga o’xshayman, o’xshamam menga.
Hozir hamma kabi tilga kiraman –
Toqat qiling mening g’aribligimga!

20
Oyoq-qo’llarimdan kishanday yechib,
Mangu o’rgimchaklar – aql to’rlarin.
Men raqsga tushaman o’zimdan kechib,
Tuganmas qo’shiqdir tovushlar bari.

Yetti sayyoradan quyilar ohang,
Samo samo emas, ilohiy sahna.
Zamin — yuragini duoga ochgan –
Qizini bag’ridan uchirgan ona.

O’ylar toshqinini birma-bir to’kib,
Men raqsga tushaman, qolgani ro’yo.
Men raqsga tushaman dunyoni tepib,
Mendan shafqat so’rar beshafqat dunyo.

21
Saraton.
Egnimda to’rt qavat chopon.
Qishda qor otgandim osmonga,
Qaytib tushmoqchi men tomonga.

Tis-c! Xabar topmasin boshqalar –
Ko’ngli butun, aqli qashqalar.
Yerga chuvalchang ekkanim on
Ana, o’sib chiqmoqda ilon…

22
Qo’g’irchoq-la sirdoshmiz bizlar,
U jim turib tushunar meni.
U jim turib aqlli so’zlar –
U so’zlar istasam men neni.

Maqtov bo’lib eshitiladi
Unga mening ko’ngil yorishim.
Gar koyisam, baxti kuladi,
Hazin kuyday tinglar nolishim.

Men ham unga g’amxo’r dugona,
Belgilab beraman kimligin.
Nigohini to’g’irlab, yana
Tartibga solaman jimligin.

23
Asov otni jilovlaganday,
Bog’lab qo’yaman men tilimni.
Suv yo’lin yopganday qamayman,
Ko’krak qafasimga dilimni.

Dunyoda eng oqil odamday
Qarab o’tiraman jimgina.
Og’iz juftlar ko’zim chidamay,
Tez olib qochaman men uni.

Sira-sira so’z aytmasam-da,
Bilib qolishadi shu da’fa.
So’zlab ham o’tirmay, har damda
Sotib qo’yar meni qiyofam.

24
So’ramangiz, men ro’zadorman.
Tiyilishim kerak so’zlashdan.
Tiyilishim kerak va tag’in
Birovga ko’rsatib bo’zlashdan.

Bilmasdim, o’rgatib ketishgan
Gunohimdan qanday qochishni.
Og’iz yopish paytim aytishgan,
Bilmam qachon og’iz ochishni.

25
Balki tuzi yo’qdir so’zimning,
Yo’qdir qalampiri, zirasi.
Ehtimol, hech bo’lmas ham uning
Siz tuygulik ta’mi, shirasi.

Siznikidan farqli o’laroq
Uning fikri ham yo’q til yorar.
Shuning uchun chini sal ko’proq,
Chin so’zlaydi faqat telbalar.

26
Oyni quvib yuribman do’qlab,
U o’g’ri mushukday qochyapti.
Chopsam chopib, to’xtasam to’xtab,
Tom ortidan po’sib boqyapti.

Tutib bering shum oyni menga,
Toq qilmasin ko’p toqatimni.
Qaytib bersin o’g’irlab ketgan
Aqlim, dilim, halovatimni.

27
Tomog’imda bir dunyo tutqun,
Tilimda zanjirlar jarangi.
Yuragimga soladi qutqu
Sochimdagi fasllar janggi.

Chiqdim hayot aravasiga,
Kuylayapman uning qo’shig’in.
Jo’r bo’ladi bor ovozida
O’lim – sassiz, yuzsiz oshig’im.

Goh qopgisi kelar ayamay,
Xayollarning tutar itligi.
Fikr ayta bilmam so’zlamay,
So’zlab yashiraman fikrimni.

28
Go’yo ehson qilgan bo’ldingiz,
Siz tomon uzalgan qo’limga.
Chaqib oldi mayin kulgingiz,
Go’yo boqqandayman o’limga.

Keldi dilga notanish g’ussa,
Notanishu, kelishi tanish.
Go’yoki tuz topib och kimsa
Non yo’qotgan kabi o’rtanish.

Go’yo nurdan nursiz qalb ko’zi,
Go’yo dilda janda, boshda toj,
Qilganingiz ne edi o’zi –
Ehsonmidi yo talon-taroj?

29
Garchi qaddim egik,
nigohim sag’ir,
Garchi dunyo bilmas
boru yo’g’imni,
Men bariga
kulib ochaman bag’ir –
Shundayin aldayman
laqma ochunni.

Balki bu
g’alati tuyuldi, dersiz,
Suv qilib ichganman
yashash – ko’nishni.
Yiqilganda
qaytib turishni emas,
Yiqilib yotib ham
xandon kulishni.

Biroq
yo’q men bilan dunyoning ishi,
Darg’azab bo’lmaydi
hech kim dastimdan.
Oyog’imdan chalib
yiqiting meni,
Bir yotib kulayin
dunyo ustidan.

30
Osmonimga bostirib kirdi qish.
Men – isyonchi darvesh.

Qishni haydamadim
pechga o’t yoqib,
Issiq joyda asramadim
jonimni.
Kurashdim
sovuq suv ichiga yotib,
Tishim takillatib
qo’rqitdim uni.

Oltin yutgan kabi
ichimga yutdim
Eng quyoshli,
qaynoq tuyg’ularimni –
o’anim talon-taroj qilmasin
dedim.
Ko’z ostimga ko’mdim
uyqularimni.

Qishga qarshi chiqdim
charxlab o’zimni,
Qish quturdi
uryon jismim chimchilab.
Huzurlandim
lo’q qilib unga ko’zimni,
Qishni yengdim oxir
men unga chidab.

31
Men qo’rqmas tentakman!
Qo’rqoqlar kabi
Ezgulik sanalmas
ochiq qovog’im.
So’kkanda ovozim
xirillamaydi,
Mayda yelvizaklar
bo’g’mas tomog’im.

Ziyon yetkazmasin deya
har nodon,
Kuygan kalla kabi
boqmam tirjayib.
Musht bo’lib birlashar
beshta barmog’im,
Kamsuqum ayyorday
yurmam mung’ayib.

Suvga oting meni,
o’tlarga tashlang,
Suv suvda cho’kmaydi,
o’t o’tda yonmas.
Shaylandim. Qay yo’lga?
Bilmam, siz boshlang,
Bilganim –
mard tentak yo’lidan tonmas!

32
Nega tushunmaysan, ko’lanka?
Ortimdan yurma, deb yuz aytdim.
Hoy, senga o’rgata, o’rgata,
Qolmadi-ku o’zimda aqlim.

Chopsam chopib, to’xtasam, to’xtab,
Sen men bo’lay dedingmi hali?
Ro’y bergusi faqat bir marta
Ro’y berguvchi neki bor, bari.

Bilimini oshirar ruhim
Azob chekib va ko’z yosh to’kib.
Senda yosh yo’q, keladi rahmim
Tushun, yurak qolmaydi yuqib.

Ket, suvga otaman tanamni,
Ketmading-a so’kkanim bilan?
O’zgartirarmiding olamni
Sen qo’shilib cho’kkaning bilan…

33
Izimdan o’t sachrashin istab,
Yo’llarimni o’tga tashladim.
Zo’rligimni ayt, deya qistab
So’zlarning boshiga mushtladim.

Qulatdim zabardast tog’larni
Urib tilimdagi tosh bilan.
Bulbulga mengzadim zog’larni,
Ishontirdim ko’zda yosh bilan.

Chiqyapman yomg’irga tirmashib,
Qurshab olmoqchiman samoni.
Yo’l beringiz, turibman shoshib,
Zabt etishim kerak dunyoni!

34
Berkinib olaman ichimga,
Pinhonligim sezmaydi hech kim.
Kuch qo’shilar sag’ir kuchimga,
Do’stu g’anim ila zich ichim.

Arslon na’ra tortar ko’ksimda,
Bag’rimda ku-kular musicha.
Ilon o’rmalaydi qo’ynimda,
Boshda kirpi yashar o’zicha.

Shuurimni uyg’otar xo’roz,
Zog’lar cho’qir tuyg’ularimni.
Sichqon tushim kemirar oz-oz,
Mosh o’g’irlar uyqularimni.

Kular holimga maymunchalar,
Odamman, deb yig’laydi shoqol.
Oh, baxtliman, baxtli qanchalar –
Hamma meni his etgan mahal!

35
Qochayapman, quvlamang,
Qochayapman dunyodan.
Ma’no izlab uvlamang
Bu bema’ni savdodan.

Siz tanirsiz, ammo men,
O’zim hammaga yotman.
Ichi to’la jon, lekin,
Jon-poni yo’q hayotman.

Ichmang siqib suvimni,
Zaharlanib o’lasiz!
U g’am yuvgan yuvindi,
Siz-chi, hali g’o’lasiz.

Menga yaqin yo’lamang,
Hech yurmangiz izimdan.
Qochayapman, quvlamang,
Qochayapman o’zimdan.

36
Har qadamda ta’qib qilar baxt,
Go’zalliklar quvar ortimdan.
Men egalik qilmagan qalbni
Tortib olmoq bo’ladi mendan.

Ruhim ezar hamisha og’riq,
Ko’ksim o’yar ipak tabassum.
Ilon emas, chayon emas, yo’q,
Chaqib yashar meni o’z fikrim.

Deyman biroz o’zimdan ketay,
Qaray deyman ko’zimga tikka.
Men aqlga qanday dosh beray?
Qanday chiday aqlsizlikka?

37
Po’sib, yelka qisib yuribman,
Men tush ko’rdim g’oyatda muhim.
Ko’rish kerak joyida lekin
Ko’zim to’yib, uyg’onib qo’ydim.

Uyg’onmaslik vazifam edi,
Kelajagim shu bilan bog’liq.
Oddiy emas, bir tush edi u
Davlat e’tiboriga molik.

38
Mendan qo’rqib qochadi dunyo,
Ba’zan esa toshlar otadi.
Har bir so’zim ortiqcha go’yo,
So’zsizligim dilga botadi.

Suv qiqirlab kular ustimdan,
Chug’urchuqlar g’iybat qiladi.
Yomg’irga tinim yo’q dastimdan,
Meni turtkilay deb keladi.

Yaqin borsam, shamol uvlaydi,
Quvib shovqin ko’tarar ko’chki.
Men haqimda hamma so’ylaydi,
Ammo meni o’ylamas hech kim.

39
Gar tepaga chiqsam, esim og’adi,
Tepadan ko’p yomon qo’rqadi esim,
Mingqanotlab uchib qochadi.

Mayda ko’rinarmish tepadan hayot,
Mening hurkak qadamlarimday.
Uchay desam, yo’q menda qanot.

Qo’rqib dodladi, deb aytmang hech kimga,
Men dag’dag’a qildim tepada turib
Og’ib borayotgan esimga…

40
Suvga yaqin borsam, uchadi hushim.
Cho’milib yuribdi oqar suvlarda
Aytib bergan qo’rqinchli tushim.

Yovuz hislar ichra to’lg’onar,
Og’ir o’ydan ingranadi suv –
Tushlarimni ko’rib uyg’onar.

Suv bo’yiga borish bu – o’lim!
Turar cho’milmoqqa shaylanib
Tushlarimni qo’rqitgan o’ngim.

41
Asoslanib o’zga fikriga,
Men donishmand bo’lmadim, shukr.
Lek ahmoq ham emasman, garchi,
Kallamda yo’q birorta fikr.

Bir qarasam, bechora omma
Fikrsiz – och, fikrsiz – yupun
Bo’lar-bo’lmas safsata ila
Maqtanib yuribdi uzzu kun.

Men miyamdan shartta chiqardim
Nodir, noyob fikrlarimni.
Sanamasdan sochib yubordim:
Barini! Barini! Barini!

Ana shunday, men buyuk xassos.
Endi fikr qo’shay deb so’zga
Qidirib yuribman bir asos –
O’zgalarning fikridan o’zga.

42
Men – zaminga mingta oyog’i bilan
Mustahkam o’rnashagan serviqor qoya.
Ming yilki, shamol tish-tirnog’i bilan
Meni ag’darolmay ovvora.

Shamol ne, bo’ronni yuborgin, qismat,
Imkon berajakman, ag’darsin meni.
Mayli, olib ketsin, yo’lini to’sma,
Shu so’ronli, eskirgan hayotimni.

Yangi hayot qaytsin ko’kraklarimga,
Chin ulug’lik qaytsin, qaytsin ezgulik.
Quvvat, shijoat ber mag’lub tanimga,
Yana kurashgulik, yana o’sgulik.

Ikkinchi qism

43
Hayot nima?
Hayot – qo’llaring tafti,
Harorating, ko’zing otashi – hayot.
Bu otashda kuymoq,
kul bo’lmoq baxti,
Va bu kuldan qayta to’rashing – hayot!

Qalbing kitobini o’qi, sevgilim,
O’rgangin hayotni,
hayotni o’rgat!
Biz mangu o’lmaymiz,
o’lgusi o’lim,
Muhabbat hayotdir,
muhabbat — hayot!

44
Sen bor eding…

Fosh etardi meni
beshafqat bahor,
Mushki anbarlarin
sepib kulardi.
Dildan toshar edi
tutqin qo’shiqlar,
Men cho’kib o’lardim,
cho’kib o’lardim.

Sen bor eding…

Baxt ila baxtsizlik
chegarasida
O’t qilib qalardi
meni qahraton.
Unsiz faryodlaru
yurak sasidan
Bezib
ko’zlarini ochardi osmon.

Sen bor eding…

Eritib o’ynardi
hislarni quyosh,
Alar ummonida
oqardi kunim.
Sen bor eding,
meni etishardi fosh,
O’zimniki edi
mening mazmunim.

Sen bor eding…

Ha, hamon
teskari aylanmay yashar,
Bunda g’ala-g’ovur,
hech kimsiz qutb.
Faqat shafqatlidir endi
fasllar,
Menga shafqat qilar
meni unutib.

45
Men – sayyoh.
Men – qo’rqoq, devona sayyoh.
Yana yo’lga chiqdim baxtimni izlab.
Xatardir,
xatardir,
xatar hamma yoq,
Qay yo’ldan yuray
qay manzilni ko’zlab?

Mana, son- sanoqsiz dordir
sochlaring,
Har qadamda ta’qib etmoqda o’lim.
Xavf oshdi,
yuryapman manglaying sari,
Qarashga qo’rqaman:
kim yozilgan? Kim?!

Ko’z yumib o’tdim va
keldim qoshingga,
Darhol sergak tortdi
ikki kamoning.
Hatlab kiprigingga tushdim,
bag’rimga
sanchilmoqda
son-sanoqsiz paykoning.

Endi ko’zlaringga qochaymi?
Koshki,
Ularda sirpanib,
yiqilib o’lsam.
Eng xatarli yo’ldir
sening ko’zlaring,
Qanday chiday
unda o’z holim ko’rsam?!

46
Qo’yib yubor vaqtning yoqasin,
Sen havodan simirgin to’yib.
Yuragingga yoqsin-yoqmasin
Fasllarni ol tezroq tuyib.

Ko’zlaringni yumib yodlab ol
Quyosh nurlarining jarangin.
Ochiq ko’zlaring-la yodlayqol
Kun va tunning, hayotning rangin.

Mendan pinhon hamda nopinhon
O’ylaringni surgin dastalab.
Sovib olgin hali bor imkon,
Yongin yuragingga o’t qalab.

Qattiqroq quch qochganim sari,
Toki ketolmayin umrbod.
Mendan keyin tugaydi bari,
Mendan keyin to’xtaydi hayot!

47
Qo’ygil, istehzo-la boqma, dilbarim,
Kelgil, ko’zlarimga, yuragimga to’l.
Butun dunyo menga qarshi tursa ham,
Sen men tomon bo’l!

Chayqalgan men emas, zamon — to’lqindir,
Aylangan boshimmas, soat millari.
Ko’zlarimga termul – zamonni tindir,
Vaqt yo’lin to’samiz, bergil qo’llaring!

Suzilgan ko’zlarim ko’zingga tushar,
Bu – ko’zmas, hayotdek benavo kuydir.
Qahqaha otmoqda yolg’onchi tushlar,
Kel, otash nafas-la sen uni kuydir!

Yig’ini unutish uchun yig’ladim,
Yurakni yurakka qo’yib sen tushun.
Ichib mast emasman, inon, dilbarim,
Ichdim mastligimni unutish uchun.

48
Men seni hech kimga aytmadim, rosti,
Aytmadim, yashirdim quchoqlarimni.
Eshitmasin deya yurakning sasin,
Yopdim devorlarning quloqlarini.

Ishlatdim silkitib, toshlarga urib,
Ishlab o’rganmagan epsiz boshimni.
Men seni topmagan bo’ldim yugurib,
Yig’lamay oqizdim ko’zdan yoshimni.

Ko’zlarim adashdi, ko’ksim qamashdi,
Aytmadim nur bo’lib to’kilganingni.
Yozg’irma, bilmadim, qanday qarashdi –
Ko’rdilar ko’ksima bekinganingni.

49
Hayron boqma, azizim,
Qoldirma meni hayron.
Hajringda yongan o’zim,
O’zimman yoniq hijron.

Har aytganim gunohdir,
Gunohdir aytmaganim.
Qara, ko’zlarim “oh”dir,
Ko’zimda ohim manim.

Seni kuylab bo’lmaydir,
Kuylar seni siyrating.
Qarog’im senda daydir –
Qarog’ingda suvratim.

Yomon o’ydan holiman,
Yomon o’y mendan holi.
Men ma’noli so’zlolmam,
Sen tushungin ma’noli.

50
Sirli qo’shiq kabi yangrar tun,
Tonglar tiniq jaranglab otar.
Yonib, jo’shib hayqiradi kun,
Mahzun xonish qilar kunbotar.

Chayqalib tinglaydi teraklar,
Yaproqlari olqishlab turar.
Qushlar kuyni cho’qir ermaklab,
Shamol uni obqochib yurar.

Kuyni tutib olar tasavvur,
Xayol chopib kelar ertakdan.
Bosilmaydi ko’ngilda hovur,
Ajib sirlar bo’ylar yurakdan.

Shoir bo’lib ketaman menam,
She’r yozaman satrsiz, so’zsiz.
Va qo’shiqlar kuylayman yona,
Sasdan bino borliqqa sassiz.

51
O ko’nglim, sen to’lding, biroq bilmassan,
Kutgaysan yana va yana to’lmoqni.
Kutmoqdan uyalib, kutib tolmassan,
Kulgaysan, bilmassan biroq kulmoqni.

Sen ko’zyosh to’kmassan, hasrat qilmassan,
O ko’nglim, rahm qil, kuylagin, kuyla!
Xumorlik qo’shig’in kuyla. Bilmassan?
Toshib ketmaslik-chun loaqal so’yla!

O ko’nglim, borimni senga tashladim,
Qo’llarim bo’m-bo’shdir, bo’m-bo’sh, bilmassan.
Bermoq – ehtiyojdir, olmoq – dardkashlik,
Men berib to’ldim, sen olib to’lmassan.

O ko’nglim, sen to’lding, nega bilmassan?

52
Qilichingni qayramagin, oy,
Shamol, osiltirma tilingni,
Chumdugingni cho’zmagin, xumoy,
Hayot, menga ochma dilingni,
Yuragimni bermayman!

Qo’llaringni uzatma, tabib,
Ko’ksimga qadama ko’zingni.
Axir mening baxtim – telbalik,
So’zlamagil shifo so’zingni.
Yuragimni bermayman!

Ona, menga qilmagin toqat,
Yig’lamagin, o’rtama bag’ring.
Sevma meni, sevging — haqorat,
Sevdim meni sevmasliklarin.
Yuragimni bermayman!

53
Tinglagim kelyapti nedir,
tinglagim,
Olam nega jimjit
kuppa-kunduzi?
Osmon nega bunchalik
jim yig’ladi?
Xazon shitirida
sukunat suzdi.

Shamol navosi-da
ajib jimjit sas,
Qadam tovushlari
tovushsiz kezar.
Nega axir
hech kim hech nima aytmas,
Nega buncha jimdir
so’zlayotganlar?

54
Men – sabrgul.
Ochilmay turdim.
Tunlar qo’riqladi
falak lashkari.
Kunlar kulib boqsa,
quyoshni urdim,
Yo’qlab kelar meni
qismatim hali.

Yorug’ qismatlarni
tush ko’rdi har kun
Yong’oqning tagida uxlagan
ko’nglim.
G’unchaday boylandi
bag’rimda tugun,
Men – sabrgul.
Kutdim va ko’ndim.

Aldab tashlab ketdi
necha fasllar,
Tulpor shamol
“Quvib yet!” deb qistadi.
Shu mangu zaminda
yillab, asrlab
Kutdim.
Yetib keldi oxir qismatim:

Men – sabrgul.
Ochilmay so’ldim…

55
Ko’p hunar o’rgandim chevar qizlardan,
Mana, yamab oldim yirtiq dilimni.
Dazmol urdim, tozalab izlardan
O’nqir-cho’nqir, past-baland yo’limni.

Quyosh nurlari bu – ipak tolasi,
Ip eshib, tabassum tikdim yuzimga.
Tashlab ketmoq uchun, xudo xohlasa,
Yangi dunyo bichmoqchiman o’zimga.

56
Yuragimga
cho’kib ketdi g’am,
Cho’kdi qarog’imga
qaro tun.
Men shunday
dahshatli dengizman,
Yutoqaman,
yutaman beun.

Keting, hoy g’avvoslar,
qutqazing,
Qutqazing mendan
o’zingizni.
Cevib qolsam,
qanday asragum,
Qandaylar kuzatgum
men sizni?

57
Keldim, kapalakman,
uyg’on, qog’ozgul,
Tabassuming ko’rsat,
sochgil iforing.
Oftobni kuldirgin,
shamolni chaqir,
Senga olib keldim
sevgan bahoring.

Haliyam
bahorda yashayapman men,
Hu-uv o’sha bahorda,
hu-uv o’sha kunda.
Umrim mening bir kun –
faqat o’sha kun,
Tiril, hoy,
umrimni keltirdim senga!

58
Qara, ko’zim bejo,
so’zlarim ham ters,
Xayolim, hayotim
chiqmoqda izdan.
O’sha… ikkimizga
o’g’ri tushgan kez
O’g’irlabdi
bizlarni bizdan.

Sening uyqung tushsiz,
o’ylaring taqir,
Ko’ksing bo’sh,
orzu, dard siqmas siynangni.
Aqlim o’g’irlatib
men telba bo’ldim,
Sen kim bo’lding
berib qalb xazinangni?!

59
Shamol bo’laman bir kuni,
puflab o’chiraman quyoshni.
Toki, qamashmasin ko’zingiz
Men turganda quyoshga boqib.

Shamol bo’laman bir kuni
Puflab yondiraman
ko’ksingizdagi cho’g’ni.
Lovullaysiz menga qo’shilib.

Shamol bo’laman bir kuni.
Uloqib ketaman zerikib.
Shamol izlab qolasiz
O’zingizni o’chirish uchun.

60
Men – onamning so’ngsiz iltijolarin
yerda qoldirmaslik uchun
shunchaki
qo’l uchida bitilgan kitob.

(Ehimol, yanglishib bitilgan derdim,
axir yanglishishga haqqi yo’q Haqning)

Sizga o’qilishni istamayman hech,
lek o’qib olasiz ko’z yugurtirib.

Hech parvo qilmaysiz
muharrir hayot
qavs ichida yozgan tagma’nolarga…

61
Tug’ilgan kunim bilan
tabriklayman Sizni,
odamlar!

Kim sevardi Sizni
men tug’ilmasam?

Kim tug’ilar edi
tug’ilganini payqamagan
odamlarni
sevish uchun?

Kim o’lardi
agar men tug’ilmasam?

Kim o’lib berardi
har lahzada bir –
nafrat emas,
muhabbat emas,
shunchaki bir beparvolikdan?

62
So’zlaring qilichdir, qalbimni yordi,
Qalbimdan sharqirab to’kildi baxtlar:
Olam to’lib ketdi baxtlarga!

Men deb charxladingmi so’z qilichingni?
Buncha o’tkir qilib qachon charxlading?
Nahot mehnat qilding men uchun?!

63
Bir so’z aytayin deb
yurak yutgandim,
Meni yutib oldi
yutilgan yurak.
Men aqlimdan ozdim,
cho’pdayin ozdim,
Aqlim arazlagan mendan,
men halak.

Oziqlanmas aqlim,
orom olmaydi,
Qo’ymas changalidan
aytar so’zimni.
Boshdan oyog’imda
yurak o’ynaydi,
Men qayga qo’yarim bilmam
o’zimni.

To’lisharmi endi
bu aqlginam,
YO bo’larmi
so’zni uningsiz aytib?
Hovuchlab yutilgan
yuragim bilan
Men
ikki dunyodan qolyapman ortib.

64
Umrim o’tmoqda.
Jiydaning tagidan
o’tmoqda u –
Gandiraklab,
sarmast to’lg’anib.
Boqar,
Hayot soladi g’ulu,
Yuraklari
ketmoqda yonib.

U na sog’dir,
na telba oshiq,
Makkor Hayot
solar har ko’yga.
O’tmay desa,
to’xtovchi on yo’q,
O’tib borar,
har taraf jiyda.

Kulmang,
fasllar bor oldinda.
Tugab qolmasa gar
manzillar,
Umrim tekis o’tar
kelganda
jiydalari gulsiz
fasllar.

65
Afsunlangan malika kabi
Uzoq, juda uzoq uxladim.
Ko’zlarimda yashab charchadi –
O’nglarimga do’ndi tushlarim.

Men tushlarga ko’nikkan edim,
Chiqolmadim o’nglarga ega.
“Kun ko’rmadim, kun qani?” dedim,
Ko’rsatdilar kunimni menga.

Kun qoshida so’zlamoq uchun
Kerak, dedi katta jasorat.
Men so’zladim, tushunmam nechun
Duolarim guyo haqorat.

Yetmayapti yashashga aqlim,
Qiziq o’nglar aqlimni olar.
Men hayotga hech ko’nikmadim,
Hayot menga ko’nikib qolar…

Uchinchi qism

66
Bu dunyo meniki!
Qulflab qo’yganman yuragimga
ummonlar shiddatini,
tog’lar viqorini,
sarrin sabo iforiyu
tonglarning ohorini.

Ko’zlarimga qamab olganman
zarrin quyosh, ma’suma oyni,
zarbadan kun, baxmal tunlaru
jamiiki chiroyni,
jamiiki chiroyni!

Egallab olganman allaqachon
yerni, samoni.
Muhrlab qo’yganman so’zlarimga
butun dunyoni!

Bu dunyo meniki!!!

67
So’zlasam,
nigohlar to’qnashib ketar,
so’ngra tomoqlarni yo’tal tutadi.

Yoki shamolmikan mening tovushim?

Kurashmoqchimikan odamlar
shamolga qarshi yo’tal bilan?..

68
Oyoqlari bog’liq daraxtlar kabi
men ham isyon qildim
hayotga qarshi:
qishning qoq chillasida
hislarimni, xayollarimni
yechirtirdim qippa-yalong’och.

Xayoldan chiqib keldim
bir boshqacha bo’lib.
Jur’at topdim tartib buzishga –
yirtib tashladim
manglayiga odam emasligim yozilgan
yozuqni.

Qo’llarimga kishan soling,
o’tqizing meni qora kursiga.
(Men ham bi-ir kursiga o’tirib ko’ray)

Talaffuz eting ismimni
jarangdor tovushda dona-dona qilib.
(Bir lahza his etay ismim borligin)

So’ng o’qib eshittiring,
baralla o’qing
odam bo’lganim haqidagi hukmingizni.

69
Men dahoman! Nasibam ulug’.
Keltirib tashlashdi uyimga oyni,
yarmini yedim.
Insofim bor,
qolgan yarmini osib qo’ydim osmonga
insoniyat oysiz qolmasin uchun.

Yulduzlarni terib kelishdi
bitta qoldirmay.
Bir-ikki cho’qilab,
hisobini oldim-da,
uchirib yubordim saxiylik qilib.
Mayli, qarab ko’zlari to’ysin,
egalik da’vo qilishmasa bo’lgani.

Osmon… osmonni tutib berishganida
chanqagan edim,
simirib qo’yibman bitta qoldirmay.
Yarimta oy bilan to’rt-besh yulduzni
boshiga uradimi endi
osmonsizlar?

Ko’rdingizmi,
mening nasibam ulug’…

70
Aytmabmidim sizga oy to’lganini?

Uni olg’ir qushlar o’g’irlamasin
yo biror bezori urib tushirmasin, deb
qo’riqlab o’tirganimni
aytmabmidim?

Tun keragidan ortiq sokinligini,
oy mudrab,
qadam sasiga chirt uzilishga tayor
osilib turganini,
uni qo’shiq kuylab uyg’otganimni
bilmasmidingiz?

O’zim haqimdagi latifalarni
yoddan bilishimni-chi?

Nega buncha ajablanasiz
qahqaha otayotgan oyga qarab?

71
O’ting o’tavering, hech nazar solmang,
Suhbatlashi-ib o’tiribman o’zim bilan.
Eng qiziqarli va
eng zerikarli mavzularda,
ehtimolki, mavzusizlikda
suhbat qurayapman jimgina.

Topganimda yaqin do’stimni,
xavfli dushmanimni taniganimda
chalg’itmang,
chorlamang davraga meni –
Shunday baxtli kunda,
sermazmun kunda
tortmangiz yolg’izlik girdobi sari.

72
Yaqin kelmang! Gap ham uqtirmang!
Ko’rgali ko’zim yo’q!
Yo’qdir eshitgali qulog’im!
Sizsiz ham o’zimdan ko’nglim to’q,
Puch yong’oqqa to’la quchog’im.

Siz binoyi, men – telba daydi,
Odam isi yoqmas, quloqsiz.
Barcha to’g’ri gaplar aldaydi,
Yaqinlashgan sari uzoqsiz.

73
Eshitilmay
nafasi, uni,
Chaqqon
esim kirdiyu chiqdi.
Ushlab qololmadim
men uni –
u meni olib uchdi.

Menda es yo’q,
esimda men bor,
Yozg’irmangiz,
bejodir so’zim.
Es ne desa,
qilgum men dastyor,
Mansubmasman
o’zimga o’zim.

74
Oy – sariq chaqa.
Bolalikda
sevgan qizi sovg’a qilgan uni
Osmonga.

Kunduzi ko’zlardan yashiradi
uni Osmon,
tunda tomosha qiladi
ko’ksiga taqib.

Uning dili xufton bo’lmasin, deya
yuzini yashirib yig’laydi,
yig’lagisi kelib qolsa mabodo.

Oy – sariq chaqa.
Yuzi dog’li
sariq chaqachalik emas
Osmonga mening qadrim.

75
Quyosh dudlamoqda dunyoni,
puf-puflab yuribdi
bag’ri otash yo’l,
pishayotir odamlar.

Pishgan odamlarni
yutmoqda upqon.

Yutilmagan bir men –
pishmagan odam…

76
Bir kuni omadim chopdi.

Qolib ketdim men
orqada.

Ertayu kech
quvlab yuribman endi
omadimni.

77
Yolg’onman men.
Bir butun yolg’on.

Gohi kulib,
Gohi yig’layman.

Ana shu –
bor bisotim bilan

Hech vaqosiz dunyoni
ovutmoq istayman.

78
Men umrimning qorovuliman,
Javobgarman men umrim uchun.
Uni sizga bermam, hoy yillar!

Uni sizga sovurmam, yellar,
Ishlatmayman hatto o’zim ham,
To’kilmasin deya ohori.

Yozg’irmangiz, tushuning axir,
Men umrimning xo’jayinimas,
Bor-yo’g’i bir qorovuliman.

79
Jarroh bo’lmoqchiman bir buyuk –
Olib tashlayman
o’rtadan masofani,

Vaqtni kesib olaman
hayotimizdan.

Bi-ir yayrab yashaymiz,
Bi-ir shoshmay yashaymiz
odam emasday.

80
O’kirib yuribdi soqov to’lqinlar,
o’kirib yuribdi
o’zini har yonga urib.
Badaniga tarqab ketgan
peshonasining sho’ri,
Yoniblar ketgisi kelar ularning.
Yugurib yuribdi shamolning oldiga tushib,
Shovullab o’pmoqda oyoqlarimni.

Qiynalib ketasan qarab turib,
Qarab turib kelib ketadi havasing.

Aylanib qolsaydim soqov to’lqinga,
Badanimga tarqab ketsaydi
peshonamning sho’ri,
Yoniblar ketishni istasam edi,
Yugurib yursaydim
shamolning oldiga tushib,
Oyoqlarni o’pib shovullasaydim,
O’kirsaydim o’zimni har yonga urib –

Qiynalib o’tirmas edim bunchalar
Qiynalayotgan to’lqinni tomosha qilib.

81
O’zingizni topib bering menga,
do’stlarim!
Men sizni kechirmoq istayman,
Men o’zimdan kechmoq istayman.

Kechirmoq istayman men sizni
ko’nglimdan,
O’chirmoq istayman
sizsiz ko’nglimni.
O’zingizni topib bering menga,
do’stlarim!

82
Haydab chiqdim o’zimdan Hisni,
Hissiz baxtni izlay boshladim –
O’qqa tutdim qushi yo’q ko’kni,
Och botqoqqa qarmoq tashladim.

Ko’p yashadim o’zgalar umrin,
O’z umrimni sog’indim oxir.
Ichga boqdim, ko’zimni yumdim,
Biror his yo’q qonimda oqar.

Butun dunyo muzlar “uh”lasam,
Men o’zimni netib oqlardim?
Boshqacha bo’lishni xohlasam,
Boshqacha xohlardim…

83
Aqlingizni berib turing, do’st,
aqlli ko’rinay men ham bir marta
bolamning ko’ziga.

O’tqizib qo’yib o’rgatay unga
sizning aqlingizni.

84
Allalaydi meni
o’z nigohlarim
Xuddi zerikarli kitobday.
Va o’zimga qarab esnayman.

Madaniyatli itlar
tinchimni buzmas –
Mushukni quvmaydi,
qopmas o’g’rini.
Ostonamda jim yalab yotar
bir zamonlar to’kkan terimni.

85
Kuldirmang, yo’q, kuldirmang,
Kunday yorishmasin tun.
Tunni bunday ko’ndirmang,
Qarzin undirar bir kun.

Qo’l uzating yordamga,
Istamayman o’lishni.
o’amdan qo’rqqan odamga
O’rgatmangiz kulishni.

86
Nafratlar oralab
dadil va tikka
Yo’l izlab yo’l yurdim
uzoqdan uzoq.
O’lmay yetib keldim
manzilsizlikka,
Men –
nafrat tilini tushunmas gumroh.

Men –
dunyo tilini tushunmas gumroh,
Haqoratlar aro
siylanib keldim.
Topmay yo’qotilgan
yo’llarim qayoq?
Kelgan tarafdami
qaytar manzilim?

87
Boshim aylanmoqda.
O’z o’qi atrofida aylanmoqda u.
Kunduz ichimdadir, kecha ham.
Istasam, kunduzda fosh etaman
o’zimni.
Istamasam, yashirinaman
kechaning pinjiga.
Yoqmasa,
hech biri yoqmasa,
teskari aylantiraman boshimni
o’z o’qi atrofida…

88
Menga odam kerak o’lmoq uchun.
O’ldirishim kerak men bir odamni:
baxtli hayot tortiq qilmoq uchun.

U quvonib yursin, kelmasin qaytib,
U maqtanib yursin o’zga dunyoda
Mening qo’llarimda o’lganin aytib.

89
Yaxshi odam bo’lib yashasam, deyman,
Shunday yashash uchun o’lmoqchiman, do’st.
Meni yomon, degan sening ustingdan
O’lib turib kulmoqchiman, do’st.

Hali o’zing bilmay eslaysan meni,
Duolar qilasan yig’lab to’yingda.
Men o’lib yashayman o’shanda sening
“Yaxshi odam edi”, degan o’yingda.

90
O’lib yotar bir butun umrim,
Men qotilman, qo’lim, ko’nglim qon.
Qochay desam, berkdir, berk yo’lim,
Kun taqdiri izg’ir har tomon.

Egasidan ayrilgan taqdir,
Taqdiridan ayrilgan ega,
Ikki qo’li bo’ynimda taxdir,
Savoli: nega? Nega? Nega?!

Yo’q, men sira dog’ tushirmadim,
Kaltakesak yaladi uni –
Umrimni atay o’ldirmadim,
Nahot umrim o’ldirar meni?!

91
Tepdi, surdi, titratdi qahrim
belgilarin chegaralarning.
Kulgim toza havoday bahrin
ochdi bo’g’iq xilxonalarning.

Chayir, qadoq qo’llarim bilan
Olis ila yaqinni surdim,
O’tni ruh, shodlikni g’am bilan
Qorishtirib, ko’tarib yurdim.

Menga qarshi chiqqanni sevdim,
Sevdim toptab, sevdim kurashib.
Ne istasam topaman, devdim,
Bir TASKIN-da topmadim yashab.

92
Meni daydi, deya kim aytdi sizga?
Kim u meni uysiz bechora degan?
Axir men o’zimday boylikka ega,
Axir mening uyim – o’z dunyom.

Hecham muhtojligim yo’qdir hech kimga,
Uxlashda ruhimga chiqib yotaman.
Sovqotsam, o’ranaman qobig’imga,
Och qolganda yuragimni yutaman.

93
Kulgili, kulgili bunda hammasi,
Kulgili bo’shliqda mening to’lganim.
Qutqarmoqchi bo’lib orzu-havasim,
Huvillagan qalbga cho’kib o’lganim.

Alamli lahzada kulgili bari,
Hattoki bo’g’zimning bo’m-bo’sh turgani.
Ishg’ol etmasin deb vaqtning lashkari,
O’zimga tabassum qo’rg’on qurganim.

Yo’l yurib, yo’l yurib, chiqmay nafasim,
Manzilga yetganda qayrilganim ham,
Kulgili, kulgili bunda hammasi,
Kulgili kulgimdan ayrilganim ham.

94
Oyoq bitsin deyman oqsoq aqlimga,
otga o’tqizaman uni amallab,
oqsoq oyog’i ham o’tirib olar
u bilan birga.

Yechib yuboraman bog’liq tilimni,
Xomxayoldek yelib ketadi aqlim
Ko’z-ko’z qilib oqsoq oyoqlarini…

95
Iztirobga qorong’i boshim,
Yig’i ulg’aytirdim ichimda.

Tutatib-tutatib chekdim iztirobni,
Lahza sayin ulg’aydi yig’i,
toshib chiqdi ko’zim kosalaridan.

Men – gunohkor va xasis beva –
sir bergim kelmaydi sira
sir tilanayotgan och nigohlarga.

Yashirib yuribman niqobga o’rab,
bevaqt tug’ilgan yig’imni.
Kulayapman!
Kulayapman qitiqlab o’zimni…

96
Endi hech yurmayman
shayton ko’prikdan,
Endi hech yurmayman
rahmon ko’prikdan,
Bilaman, sho’ng’isam,
bu dunyo chuqur,
Men-ku men,
na xayol tubiga yetur.

Tubsizlikka cho’kur
izlagan sari,
Yolg’on bo’lib chiqur
topganing bari.
Ko’z yumib suzaman
barcha kenglikdan,
Dunyoni poylayman
biror tuynukdan.

97
Ne istadim, nimani kutdim?
Axir hamma narsa
bor edi menda:
Ko’nglim to’q, ko’zim to’q,
qornim to’q,
Nimani axtarib kirdim
bu yo’lga?

Tobora
oyog’im botqoqqa botar,
Jonga rohat berar
dil shuvillashi.
Qulog’imga
nayning tovshiday yoqar
Bo’rilarning och uvillashi.

Nimani axtarib kirdim
bu yo’lga?
Ko’zim to’q, ko’nglim to’q…
turibman.
Hamma-hamma narsa
bor edi menda,
Hoynahoy,
ochlikni izlab yuribman.

98
Bulbul nola qildi ba’zan sozimda,
Ba’zan itlik tutib, it bo’lib hurdim.
Ne sasni istasam, roz aytib ko’rdim,
Faqat so’zlamadim o’z ovozimda.

Ne yumush istasam, etagin tutdim,
Tog’ni talqon qildim, o’ngardim tushni.
Men unutib qo’ydim faqat bir ishni —
Menga buyurilgan ishni unutdim.

Senga borolmayman ochib yuzimni:
Neni bilgim kelsa, bildim muvaqqat,
Bilish shart bo’lganin bilmadim faqat —
Kechirgil, bilmadim O’zimni!

99
Yashadim o’nglanib
hamda tushlanib,
Bahor yanglig’ ikkilanib,
uchlanib.
Qishday birlanib ham aytdim
so’zimni,
Aytmay olib qochdim
ba’zan o’zimni.

Oyoqda tush ko’rdi
bosmagan izim,
Hush ko’rdi bosganim,
tuproqqa to’zim.
Arqonga un bosdim
va g’alvirga suv,
Aksini ham qildim
baribir… shu-shu…

Men balki Kimningdir
zavqli ermagi,
Sog’ kabi ko’ringan
ajib tentagi –
O’lishimni bila turib
tug’ildim,
Adashib yashadim,
adashib o’ldim!

2011-2015 yillar

09

(Tashriflar: umumiy 3 170, bugungi 6)

Izoh qoldiring