Abu Ali ibn Sino. Salomon va Ibsol & Abdulla Sher. Uyg’oq aql dahosi

001    Абу Али ибн Сино “ат-Танбеҳ ва-л-Ишорот» асарида ёзади: «Агар сен мусаффо қалбларга роҳат бағишловчи “Саламон ва Ибсол”  қиссасини эшитиш бахтига мушарраф бўлсанг, билгилки, Саламон – сенинг бир ўхшашинг ва Ибсол сен тасаввуф тариқатида эришадиган юксак даражангдир. Агар сен дарвишлар аҳлидан бўлсанг, бу мажоз, масалнинг маъноларини тушуна оласан..»

УЙҒОҚ АҚЛ ДАҲОСИ
Абдулла ШЕР
ғ8

09Учинчи асрда яшаб ўтган қадимги юнон файласуфи, дунёдаги биринчи фалсафа тарихининг муаллифи Диоген Лаэртий «Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимотлари ва ҳикматлари ҳақида» деган китобида фалсафа фани Шарқда вужудга келганини исботловчи бир неча қадимий манбалардан бир неча далиллар келтиради. Лекин, айни пайтда, буларнинг ҳаммаси бекор гаплар, фақат юнонларгина фалсафий фикрлашга қодир халқдир, деган фикрни баён қилади. Бу билан у, қандай бўлмасин, ўз миллатини улуғлашга жаҳд қилганидан ташқари, фалсафий-назарий тафаккур Худо ярлақаган улуғ миллатнинг насибасидир, демоқчи бўлади. Ваҳоланки, бизнинг бобокалонларимиз ҳам Аллоҳнинг ана шундай иноятига сазовор алломалардир: Форобий, Беруний, Ибн Сино, Замахшарий, Азизиддин Насафий… Бундай буюк номларни яна анча санаш мумкин.

Ислом минтақасида фалсафий тафаккурнинг энг юксак чўққига кўтарилган даври IХ–ХIII асрларга тўғри келади. Бу даврда Оврўпа Уйғонишига туртки бўлган ғояларни илгари сурган бизнинг улуғ ҳакимларимиз қадимги юнон фалсафасининг энг юксак нуқталарини тадрижий равишда давом эттирдилар. Улар Афлотун, айниқса, Арасту фалсафасига катта эътибор бердилар ва натижада мусулмон Шарқида «Шарқ перипатетчилари» (арабчасига «машшоиййунлик») деб аталган фалсафий оқим вужудга келди. Перипатетчилар – қадимги юнончада сайр қилувчилар деган маънони англатиб[1], у Афина яқинидаги Литейда милоддан аввалги 335 йилда Арасту асос солган фалсафий мактаб машғулотлари устозу шогирдларнинг сайр қилиб суҳбатлашишлари шаклида ўтказилганидан келиб чиққан. Шарқда Форобий, Ибн Мискавайҳ, Ибн Сино, Ибн Рушд, Мулло Фанорий, Оқсароий, Хўжазода ва бошқа машшоиййунлар ҳам ўз шогирдлари ва маслакдошлари билан машғулотларни одатда сайлбоғларда, карвонсарой–работларда суҳбат тарзида олиб борганлар. Ҳатто бутун-бутун китобларнинг мазмунларини устозлар ана шундай сайр ёки суҳбат кечаларида айтиб берганлар. Чунончи, Ибн Сино кўпгина асарларини, жумладан, бизгача 18 китоби етиб келган, фалсафий илмлар қомуси ҳисобланган «Аш-Шифо» асарини ҳам дастлаб оғзаки баён қилгани ҳақида маълумотлар бор. Машшоиййунлар ўз асарларини кўпинча шогирдлари ва илтимос қилган кишилар учун китоб ё рисола тарзида ёзиб берганлар. Кейин эса бу асарларнинг тақдири билан унчалик қизиқмаганлар. Шунинг натижасида буюк алломаларимизнинг анча-мунча асарлари йўқолиб кетган. Бу одат машшоиййунлар ўзига хослигининг бир томони бўлса, иккинчидан, улар ўз устозлари – Арасту назарияларини шарҳлаш, унинг энг илғор фалсафий қарашларини давом эттириш ва ривожлантириш билан шуғулланганлар. Ана шу машшоиййунлик оқимининг буюк вакилларидан бири Шайх ур-Раис ибн Синодир.

Ибн Синонинг тўла исми шарифи ва кунялари Шараф уз-Замон ва Ҳужжат ул-ҳақ Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ал-Ҳасан ибн Али ибн Синодир. У, ҳозирги мавжуд фикрга кўра, 980 йили Бухоро вилоятининг қадимдан турклар (ўзбеклар) яшаб келган Афшина қишлоғида туғилган. Ибн Сино барча даҳолар сингари зеҳни ўткир, хотираси мустаҳкам, билимга чанқоқ бўлиб, ўсмирлигиданоқ илми ҳикмат, фалсафа, табииёт фанларининг деярли барчаси билан шуғулланган. У ўн етти ёшида табобат илмида аллақачон машҳур кашфиётчи ва амалиётчи ҳисобланган, Бухоро ҳукмдори Нуҳ ибн Мансур Сомонийни даволаб, оғир хасталикдан фориғ қилган, эвазига амирликнинг давлат кутубхонасидан фойдаланишга рухсат олган. Бу даврдаги аллома фаолияти ҳақида унинг содиқ шогирди, унга 25 йил ҳамроҳлик қилган олим Абу Убайд ал-Жузжоний ўз устози тилидан ёзиб олган таржимаи ҳолда шундай сўзларни учратиш мумкин: «Тиб илми қийин илмлардан эмаслиги сабабли қисқа муддат ичида бу фанда жуда илгарилаб кетдим, натижада ҳатто билимдон табиблар ҳам келиб, ҳузуримда тиб илмидан дарс оладиган бўлдилар… Бу вақтда мен ўн етти ёшда эдим. Кейин яна бир ярим йил илм ва мутолаага берилдим, мантиқ ва фалсафанинг ҳамма қисмларини қайтадан ўрганиб чиқдим. Ўша кезларда мен бирор кечанинг охиригача ухламас, кундузлари ҳам илмдан бошқа нарса билан шуғулланмас эдим… Агар бирон масаладан бошим қотиб, қиёсда ўртача таърифни топа олмасам, жоме масжидга борардим ва намоз ўқиб, Яратувчига ёлборардим, натижада қоронғу нарсалар менга ойдинлашар, мушкуллар осон бўлар эди… Агар бир оз уйқуга кетсам, тушимда ўнгимдаги ўша масалаларни кўрардим ва кўп масалалар тушимда аён бўларди»[2].

Ибн Синонинг илмий фаолияти Мовароуннаҳр ва Хуросондаги нотинч даврларга тўғри келди. Бухорода сомонийлар ҳукмронлиги тугатилиб, Хуросондаги шаҳарлар ва мамлакатларни Маҳмуд Ғазнавий қўлга киритди. Буларнинг ҳаммаси кетма-кет олиб борилган урушлар, қон тўкишлар орқали рўй берди. Шу боис Ибн Сино гоҳ Бухорода, гоҳ Хоразмда, гоҳ Райда, гоҳ Исфахонда, гоҳ Ҳамадонда яшади. Баъзан эса сарой аъёни ва вазир сифатида ҳарбий юришларда иштирок этди. Натижада у ўз асарларини асосан кечаси ёзар ва шогирдларига ҳам кечалари дарс берар эди. Бу ҳақда Абу Убайд ал-Жузжоний шундай деб ёзади: «Ҳар куни кечаси унинг уйида толиби илмлар йиғилар эдилар. Мен «Аш-Шифо»дан ўқир эдим. Бошқалар навбати билан «Ал-Қонун»ни ўқирди. Булардан бўшаганимиздан кейин ҳар хил ашулачи, созандалар келарди ва шароб мажлиси керакли жиҳозлари ила муҳайё қилиниб, биз шу билан машғул бўлардик. Шайх кундузлари амир хизматида банд бўлгани сабабли, дарсни кечалари берарди. Шу тариқа бир қанча вақтни ўтказдик»[3].

Дарҳақиқат, Ибн Сино ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан тенгсиз иқтидор эгаси эди. Бениҳоя бандлигига қарамай, унинг ёзган асарлари 450 дан ортиқ экани илмий адабиётларда таъкидланади. Шулардан бизгача 238 таси етиб келган. Араб олими Ж. Қановатий «Муаллафат Ибн Сино» («Ибн Сино таълифлари») деган китобида Ибн Синонинг 276 та асари етиб келганини айтади, уларнинг рўйхати, сақланадиган ўрни ва варақлари ҳақида маълумот беради[4]. Таниқли синошунос Абдусодиқ Ирисов, Ибн Синога тегишлилиги шубҳали ҳисобланган асарлар ҳамда баъзи бир кичик рисолаларни ҳисобга олмаган ҳолда, бизгача етиб келган аллома асарларининг 205 номдан иборат рўйхатини келтиради[5]. Бундан ташқари, олимларимиз томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган Ибн Сино асарлари библиографияси ҳам тузилган.[6]

Шундай қилиб, ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб, Ўзбекистонда муайян маънода синошунослик вужудга келди ва дастлабки тадқиқотларнинг ўзиёқ Ибн Синонинг тенгсиз қувваи ҳофиза эгаси, қомусий аллома эканини исботлаб берди. Лекин, шуни афсус билан қайд этиш керакки, ҳали-ҳанузгача бизда кўпчилик Ибн Синони асосан улуғ табиб деб билади. Ваҳоланки, Ибн Сино ўз даври ва барча даврлар учун буюк файласуф ҳисобланади, унинг табобат илми, математика, физика, мусиқа, ахлоқшунослик, шеърий нутқ назарияси борасидаги асарлари аслида фалсафанинг муайян қисмлари сифатида вужудга келган. Алломанинг 150 дан ортиқ асари фалсафий муаммоларга бағишлангани ҳам бунинг исботидир.

Ибн Сино фалсафий меросини тадқиқ этган таниқли файласуф олимларимиз унинг қарашларидаги ўзига хос моддиятчилик жиҳатларни таъкидлаб ўтадилар[7]. Ибн Синонинг фикрича, фалсафа олдидаги вазифа барча мавжуд нарсаларнинг келиб чиқишини, тартибини, ўзаро муносабатларини, биридан иккинчисига ўтишини ва улар даражаларини ҳар томонлама ўрганишдан иборатдир. Аллома таълимотига кўра, олам яхлит, мураккаб борлиқдир. Бу борлиқни атрофлича тадқиқ этиш учун у зарурият, имконият, воқелик ва сабабият тамойилларини асос қилиб олади ва барча мавжуд нарсаларни иккига бўлади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликни ташкил этади, у энг иродали, энг қудратли, энг доно ва энг билгувчи Тангридир. Қолган ҳамма нарсалар имконий тарзда мавжуд бўлади ва зарурий вужуддан – Тангридан келиб чиқади. Демак, зарурий вужуд – сабаб, қолган нарсалар – оқибат. Мавжудлик ана шу икки вужуд муносабатлари асосида пайдо бўлади. Бу пайдолик эманация тарзида, яъни мавжудликнинг, қуёш ва ундан чиқаётган нурга ўхшаб, олий ҳамда мукаммал борлиқ даражасидан у қадар мукаммал бўлмаган даражага ўтиши тарзида аста-секин амалга ошади. Имконий вужуднинг, яъни барча нарсаларнинг зарурий вужуддан келиб чиқиши фақат бевосита Тангрининг яратувчилик қудрати туфайлигина бўлмай, балки борлиқдаги қонуният, заруриятнинг ҳам натижасидир. Тангри билан бирга имконият шаклида мавжуд бўлган моддийлик ҳам зарурий равишда воқеликка айланади. Худо билан моддий борлиқ ўртасидаги алоқа сабаб ва оқибат боғланиши сифатида талқин этилади. Тангри абадий, йўқолмас, унинг оқибати бўлмиш борлиқ ҳам абадий ва йитмасдир. Нарсаларнинг муайян кўринишлари, шакллари ўзгаради, лекин моддий асоси йўқолмайди.

Билиш масаласида ҳам Ибн Сино ўзига хос фикрларни илгари суради. Инсондаги билимлар нарса–ҳодисаларни билиш орқали вужудга келади. Билиш – сезгилар ёрдамидаги ҳиссий билишдан ва тушунчалар ёрдамидаги фикрий билишдан ташкил топади. Ибн Сино ҳиссий билиш муҳимлигини алоҳида таъкидлагани ҳолда, билишда нарса-ҳодисаларнинг моҳияти ва пайдо бўлиш қонуниятларини ўрганишда ақлнинг аҳамиятига катта эътибор беради. Ақлни ҳар қандай билиш ва амалий фаолиятнинг мезони сифатида талқин этади. Аллома фикрича, инсоннинг ақлий билиши бир неча даражаларга эга бўлиб, тўрт асосий босқични босиб ўтади ва сўнггида етук ҳақиқатни эгаллаш ҳамда оламий – фазовий ақл билан боғланиб кетиш орқали ниҳоя топади[8].

Ибн Сино фалсафий илмларни иккига: назарий ва амалий илмларга бўлади. Шайх ур-Раис инсон фаолияти билан боғлиқ бўлмаган нарса-ҳодисалар тўғрисидаги илмларни назарий ёхуд ҳақиқий илмлар деб таърифлайди. Тадқиқот доираси инсон фаолияти билан чегараланган илмларни амалий илмлар сирасига киритади. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар эзгу аъмолларни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа учга бўлинади: 1. Олий даражадаги илм – метафизика (фалсафа, илоҳиёт), яъни табиатдан ташқаридаги илм. 2. Ўрта даражадаги илм – математика ёки таълим илми. 3. Қуйи даражадаги илм – табиат ҳақидаги илм. Амалий фалсафа ҳам учга бўлинади: 1. Шахс ҳақидаги илм. 2. Инсоннинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги илм. 3. Давлатни, мамлакатни бошқариш илми. Фалсафанинг назарий қисмидаги ҳар бир илм яна ўз навбатида бирламчи (соф) ва иккиламчи (амалий) фанларга бўлинади. Соф физикага Ибн Сино моддият, шакл, ҳаракат, жавоҳирлар, ўсимликлар, ҳайвонлар, жон (қалб, нафс руҳ) ва ҳоказолар ҳақидаги таълимотларни, амалий физикага эса табобат, мунажжимлик, сўзлар талқини каби соҳаларни киритади. Соф математикадан арифметика, ҳандаса, фалакиёт ва мусиқа; амалий математикадан алгебра; амалий ҳандасадан сатҳни ўлчаш, механика; амалий фалакиётдан эса фалакиёт ва жуғрофий жадваллар тузиш; амалий мусиқадан чолғу асбоблари тузилиши ўрин олади[9].

Ибн Сино, ўз асарларини кўпинча бировларнинг илтимоси ва шоҳларнинг топшириғига биноан, гоҳо маслакдошлари ёки шогирдларининг саволларига жавоб тариқасида ёзгани туфайли маълум бир масалаларга қайта-қайта мурожаат этади, уларнинг ҳар хил ҳажмдаги талқинини яратади. Юқорида келтирилган фалсафий қарашларга доир муаммоларга, мантиққа, илмлар таснифига Ибн Сино «Китоб аш-Шифо»да алоҳида жилдлар ва қисмлар ажратган бўлса, «Донишнома» сингари асарларида уларнинг гоҳ кенг, гоҳ қисқача талқинини беради. Худди шунингдек, Ибн Синонинг ахлоқий қарашлари ҳам йирик китобларидан, ҳам рисолаларидан ўрин олган. Улар бир-бирини тўлдиради, ривожлантиради. Бу борада А. Шарипов ва X. Жонматоваларнинг тадқиқотлари диққатга сазовор[10].

Ибн Сино ахлоққа оид асарларида бир қанча ахлоқий фазилатларга таъриф беради. Чунончи, иффат, шижоат, ҳикмат, адолат, сахийлик, қаноат, сабр, юмшоқлик, карам, кечиримлилик, сир сақлай билишлик, фаросатлилик, қатъиятлилик, садоқат, раҳмдиллилик, вафо, ҳаё, камтарлик шулар жумласидан. Аллома бу фазилатлар билан бирга унинг акси бўлган ўғрилик, алдамчилик, фисқу фасод, нафрат, рашк, адоват, кин, бўҳтон, иродасизлик. такаббурлик, шафқатсизлик, нодонлик каби ахлоқий иллатларни ҳам тавсифлайди. Бу тушунчалар бир-бири билан боғлиқлигини, бир-бирига ўтиб туришини ва бу боғланиш нисбий табиатга эга эканини таъкидлаб, масалага диалектик нуқтаи назардан ёндашади. Алломанинг фикрича, фақат ахлоқий фазилатлар эмас, балки ахлоқий иллатлар ҳам ўрганилиши зарур. Зеро, Арасту айтганидек, ҳар бир ахлоқий фазилат икки нуқсон (иллат) оралиғида рўй беради. Чунончи, иффат – қизғанчиқлик билан ружу, сахийлик – бахиллик билан исрофгарчилик, адолат – зулм билан мазлумлик, қаноат – ҳирс билан бефарқлик ўртасида вужудга келади.

Алломанинг ахлоқшуносликка бағишланган асарлари ичида «Тадбир ал-манозил» («Турар жойларни бошқариш тадбирлари») рисоласи алоҳида ўрин тутади. Унда ахлоқнинг амалий томонларига эътибор қаратилади: оила, оилада аёлнинг ўрни ва фарзанд тарбияси масалалари ўртага ташланади. Ибн Сино ахлоқий тарбия кўп ҳолларда намунавийлик тамойили асосида амалга оширилишини, шу боис тарбиячининг ўзи – ота-онами ёки устозми юксак ахлоқ наманусини кўрсатиши лозимлигини қатъий шарт қилиб қўяди. Айни пайтда меҳнат тарбияси муҳимлигини у ҳам ақлий, ахлоқий ва жисмоний тарбия сингари алоҳида эътиборни талаб қиладиган маънавий ҳодиса эканини алоҳида таъкидлайди. Шу боис болаларда меҳнатга нисбатан муҳаббат ҳиссини тарбиялаш муҳим, меҳнатни қора халқнинг вазифаси деб қарайдиган бадавлат одамлар катта хотога йўл қўядилар, деган фикрларни баён қилади[11].

Умуман, Ибн Синонинг рисолалари ҳақида гап кетар экан, улар гарчанд ҳажман кичик бўлсалар-да, лекин ўзида катта муаммолар ечимини мужассам қилади. Унинг «Рисолаи фил-ишқ» («Ишқ рисоласи») асари шулар жумласидан. Унда тасаввуфнинг бош муаммоси – комил инсон масаласи ўртага ташланади. Ибн Синонинг фикрига кўра, Яратганга муҳаббат одамини инсон зоти қобил бўлган комиллик даражасига олиб чиқади. Яъни руҳнинг (қалбнинг) қуйи қисмлари унинг олий қисмлари – улуғвор ва олижаноб интилишлари таъсирига тушганда улар фазилат касб этади. Бу ўринда Ибн Сино қадимги юнон файласуфлари ёки калом фалсафаси тарафдорлари каби инсонга руҳнинг ҳайвоний қисмидан воз кечишни таклиф қилмайди. Аксинча, уни «тарбиялашни», яъни руҳнинг қуйи, ҳайвоний қисмини оқилона қисмга, оламий Ақл билан, боғлиқ олий қисмига бўйсундириш лозимлигини айтади. Демак, инсон комил бўлиши учун ўз ҳайвоний интилишлари қувватини олий интилишларга ўтказиши лозим, замонавий фалсафа тили билан айтганда, бунда сублимация рўй бериши керак, зеро, инсон ҳеч қачон фаришта бўла олмайди, унда иллатлар мавжуд ва бу иллатлар нафс тарбияси ёрдамида фазилатларга айланиши мумкин. Ибн Синонинг комил инсон ҳақидаги бу концепцияси Аллоҳга муҳаббат – комилликка эришиш фақат таркидунёчилик орқали эмас, балки росмана инсоний муносабатлар силсилсида ҳам ўзини намоён қилиши мумкин, деган хулосага бориб тақалади ва бу қараш – яна бир юртдошимиз, улуғ мутасаввиф-файласуф Шайх Азизиддин Насафийнинг комил инсон ҳақидаги машҳур таълимотига асос бўлгани шубҳасиз.

Сўнгги пайтларда ўзбек тилида илк бор эълон қилинган Ибн Сино асарларида ҳам, чунончи «Соғлом авлод учун» журналида чоп этилган Шайх ур-Раиснинг шогирди Баҳманёр саволларига берган ёзма жавобида ҳам ахлоқ масалалари кўтарилган[12]. Унда барча ахлоқий фазилатлардан учтаси – шижоат, иффат ва ҳикмат асосий мезоний тушунчалар сифатида талқин этилади. Айни пайтда, аллома бу ёзишма-жавобда юқорида айтиб ўтилган фалсафий фанлар таснифига яна бир бор тўхталади. Унда ахлоқни амалий фалсафага киритади, ахлоқшунослик (этика)нинг эса назария эканини таъкидлайди ва ахлоқ билан ахлоқшуносликни қориштириб юбормасликни қатъиян талаб этади. Ахлоқни ахлоқшуносликнинг тадқиқот объекти сифатида таърифлайди. Ибн Синонинг бундай қарашлари ҳозирги кунда ҳам ўз кучини ва ўрнини йўқотгани йўқ. Ўша журналда эълон қилинган бошқа ёзишма-баҳсда ҳам Ибн Сино Абу Саъид ибн Абул-Хайр Меҳнавий кўтарган муаммога жавоб бера туриб, масала гарчанд диний–тасаввуфий бўлса-да, унга мутакаллимлардан фарқли ўлароқ, илоҳиётчи сифатида эмас, балки файласуф-ахлоқшунос сифатида ёндашади. Унда аллома ахлоқшуносликнинг бош мезоний тушунчалари бўлмиш эзгулик ва ёвузликнинг келиб чиқиши масалаларига эътиборни қаратади ҳамда шу муносабат билан савоб ва ақоб ҳақида ўзининг айрича мулоҳазаларини билдиради. Айни пайтда мутакаллимларнинг сунъий, бирёқлама усулларини қаттиқ танқид остига олади ва мантиқий исботлаш усулларига таяниш лозимлигини таъкидлайди. Ёзишманинг бошқа бир муҳим жиҳати шундаки, унда Шайх ур-Раис диний ақидалар билан жамиятнинг ахлоқий талабларини уйгунлаштириш йўлидан боради[13].

Яна шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бундай кичик рисолалар –ёзишма-баҳслар Ибн Синонинг бошқа асарларидек кўпчилик орасида кенг ёйилган эмас. Алломанинг тириклик пайтларида ҳам улар асосан етук файласуфлар ва илм-фаннинг илғор намояндалари ўртасида тарқалган, замондош олимлар фалсафий–ахлоқий тафаккурининг юксалишига катта таъсир кўрсатган. Кейинги даврларда ҳам улар ўз аҳамиятини йўқотган йўқ. Кези келганда, шуни ҳам айтиш керакки, Ибн Синонинг фалсафий ёзишмалари устида тадқиқот олиб борган фалсафашунос Абдуқодир Зоҳидий томонидан амалга оширилган бу иккала ёзишма-баҳснинг таржимасида матнга қуруқ академик ёндашув йўлидан борилмаганлиги диққатга сазовор. Токи, буюк бобомизнинг мероси замондошларимизга осонроқ етиб борсин. Ўйлаймизки, бу матнлар Ҳэлвэций, Ҳолбах, Ҳюм, Кант, Ҳэгэл сингари машҳур Оврўпа файласуфлари фалсафий-ахлоқий назариялари замирида Ибн Синодек боболаримиз илгари сурган ғоялар мавжудлигини кўрсатиб беради ва ҳар бир ўзбек ўқувчисида ифтихор ҳиссини уйғотади.

Ғарбнинг ўзига бино қўйган, оврўпапарастлик касалига мубтало бўлган баъзи бир олимлари ўртасида Шарқ машшоиййунларини Афлотун ва айниқса, Аристунинг оддий шарҳчилари, фалсафага бирон бир янгилик олиб кирмаган тақлидчилар, деб аташ расм бўлган. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Қани, бу ҳақда Ибн Синонинг ўзи нима дер экан? у «Ҳикмат ул-мушриқиййин» («Шарқчилар фалсафаси») асарининг бизгача етиб келган мантиқ қисмида шундай деб ёзади: «Биз уни (Арастуни) қадимгилар (перипатетчилар) ичида энг буюк олим деб ҳисоблаймиз, чунки у ўз дўстлари ва устозлари қилмаган кашфиётларни яратди, фанларни тасниф этди, расмона тизимга солди, кўп муаммоларни тўғри ечиб, улардан ўз халқини хабардор қилди. Унинг издошлари эса, ақл-заковат билан иш кўриб, устозлари хатоларини тузатишлари лозим эди. Аммо уларнинг бу юмушни бажаришга иқтидорлари етмади, улар Арастунинг кучли таъсиридан чиқа олмай, умр бўйи унинг таълимотидаги тўғри томонларни тушуниш учун уринишга ва нотўғри қарашларни кўр-кўрона қўллаб-қувватлашга куч-қувватларини сарфладилар… Биз эса, улар хоҳлаган, аммо бажара олмаган ишларни қилдик, унинг таълимотидаги айрим томонларни тўлдирдик»[14].

Бу ҳақда Абу Убайд ал-Жузжоний шундай деб ёзади: «Аммо «Ал-Мажистий»га[15] келганда (шуни айтиш керакки) Шайх унга, «Ал-Мажистий»нинг охирида параллакс ҳақида ўнта теорема киритди ва астрономияга оид шун-дай нарсаларни қўшдики, буни унгача ҳеч ким амалга оширолмаган эди. Уқлидус[16] китоби билан ҳам шундай иш қилди, шу билан бирга ҳисоб қисмига ҳам чиройли ўзига хос (нарсалар) киритди.

Мусиқа ҳақидаги қисмига эса ўзидан аввалгилар бехабар бўлган кўпгина масалаларни қўшди»[17].

Ибн Сино ва ал-Жузжонийнинг юқоридаги фикрларидан шубҳаланиш мумкин эмас. Зеро, уларни Ибн Синонинг илмий мероси тўла-тўкис тасдиқлаб туради. Чунончи, аллома билишнинг инъикос эканини таъкидлар экан, кўпгина асарларида, хусусан, «Донишнома»нинг физика қисмида кўз нури ҳақидаги аввалги фикрларнинг бекор эканини тушунтиради. Чунончи, Арастунинг кўз нурига муносабати масалаларига бағишланган бобларида «биринчи устоз»гача бўлган олимларни, шу жумладан, унинг ўзини ҳам танқид остига олади. Гап шундаки, бир гуруҳ қадимги юнон олимларининг фикрича, инсон кўзидан чиққан нур жисмларга бориб тегиши натижасида уларни ёритади ва шу туфайли улар кўзга кўринади. «Бу, бўлмагур гап, – дейди Ибн Сино, – ахир, қайси кўз осмондан ергача бўлган дунёни ёритишга қуввати етадиган нур чиқаради?» Шунингдек, Шайх ур-Раис гўёки кўздан кичик ҳажмдаги нур чиқиб, ҳаво билан қоришиб кетади, натижада ўша ҳаво кўриш қуроли бўлиб хизмат қилади ва унинг ёрдамида нарсаларни кўриш мумкин, деган қадимги юнон табибларининг фикрларини ҳам бўлмагур гап деб атайди. «Зеро, – деб ёзади Ибн Сино, – агар ана шу кўздан чиққан нур билан қўшилганда, ҳаво кўринадиган бўлса, одамлар кўп йиғилган ерда ҳавонинг кўрсатув қуввати кучайган бўларди. Демак, у ҳолда кўзи заиф одам мустақил эмас, балки бошқа одамлар ёрдамида кўравериши мумкин эди»[18]. Ибн Сино қадимги файласуфлардан, шунингдек, Арастудан фарқли ўлароқ, кўзнинг асосий аъзоси мардум (гавҳар) эмас, балки тўр парда деб ҳисоблайди. Ибн Сино нуқтаи назарича, кўриш кўзимиздан ҳис қилингувчи нарса томонга чиққан нурга боғлиқ эмас, аксинча, биз ҳис қилингувчи нарсадан нимадир кўзимиз томонга келгани туфайли кўрамиз. Лекин биз томон келадиган нарса бирор-бир нарса-ҳодисанинт жисми эмас, демак, у ўша нарса-ҳодисанинг тимсолидир[19].

Маълумки, кўз муайян маънода миянинг бир қисми – ташқи мия ҳисобланади. Бирор нарса-ҳодисанинг кўриниши унинг мияда инъикос этиши оқибатидир. Кўриниб турибдики, марксчиларга, айниқса, йигирманчи асрда буюк кашфиётлардан бири деб Ленинга нисбат бериладиган инъикос назарияси Ибн Сино томонидан аллақачонлар кўриш назарияси сифатида, билишнинг бир қисми тарзида илгари сурилган. Ибн Сино инъикос назариясининг бошқа жиҳатларини эса унинг мавҳумлик ва мавҳумлаштириш ҳамда ҳиссий ва ақлий билишнинг моҳияти ҳақидаги таълимотлари ташкил этади.

Ибн Сино «Ал-Қонун» асарининг тушлар таъбирига бағишланган китобида ҳам тушлар ҳақида ўзига хос таълимот яратади. Унинг тушлар ўнгдаги воқеа-ҳодисалар, кечинмалар, баданнинг соғломлик ҳолати билан боғлиқлиги ҳақидаги ғоялари ҳозирги илмий тасаввурларга жуда яқин. Унинг инсон туш кўраётган пайтда тахайюл, тасаввур ва хотира қувватининг уйғоқ бўлиши ҳақидаги фикрлари – туш кўраётган пайтда миянинг фаоллиги тўғрисидаги ҳозирги замон фани, хусусан, руҳий таҳлил табобати тажрибалари орқали исботланган.

Мантиқ илми борасида эса Ибн Сино Арастунинг қатъий тасдиқ назариясини қабул қилгани ҳолда уни ривожлантиради ва унга қатор муҳим ўзгартиришлар киритади, натижада у кўз олдимизда Арастунинг эмас, Ибн Синонинг тасдиқ назарияси сифатида намоён бўлади. Зеро, Ибн Сино устози Арастудан катта фарқ қиладиган назарияни, яъни нафақат қатъий, балки шартли ёхуд фаразий (гипотетик) тасдиқ ҳақидаги таълимотни яратди. Шунингдек, Ибн Сино силлогизм назариясини такомиллаштишида ҳам улкан ишлар қилган. У ўз тузилиш жаҳатидан арастуча силлогизмдан фарқ қиладиган қатъий ва шартли муҳокамадан иборат уйғунлашган силлогизмларни ҳамда тенглик силлогизми деб аталадиган силлогизмларни кашф этди. Ибн Сино бевосита муроқаба – фаҳм (интуиция) орқали билиш масалаларида ҳам янгича фикрлаган. Қадимги юнон фалсафасининг Элей мактаби вакиллари айтганларидек, фаҳм ҳақиқатни ҳислар ёрдамида бевосита билиш, ёхуд Демокрит уқтирганидек, ақл орқали билиш эмас, балки қиёс – силлогизмнинг марказий иборасини ҳеч қандай таълим ва тадқиқсиз тез топа олишдан иборат инсондаги олий даражали билиш қобилиятидир, деб атайди.
Қуйидаги ривоятда, маълум маънода ана шу фикрга ишорани кўриш мумкин. Кунлардан бирида Шайх-ур-Раис Ибн Сино билан Шайх Абу Саййид ибни Абул Хайр мунозара учун учрашадилар. Ҳар икки шайхнинг шогирдлари пири муршидлари кириб кетган хона эшиги олдида йиғилиб, ичкарига қулоқ соладилар. Лекин ҳеч бир товуш эшитмасдан ҳайрон турадилар. Анча муддат ўтгач, сўзсиз суҳбат қурган, кўзу зеҳн билан бир-бирини англаган устозлар ташқарига чиқадилар ва шогирдларининг мунозарада ким ютиб чиққанлиги ҳақидаги саволларига деярли бир хилда жавоб берадилар. Ибни Сино: «Мен ақлу мантиқ билан етишган илмимга Шайх Абу Сайид қалбу фаҳм билан етишибди» дейди. Шайх Абу Сайид эса: «Мен қалбу фаҳм билан эришган илмимга Шайх ур-Раис ибни Сино ақлу мантиқ билан етишибди», дейди. Дарҳақиқат, Ибн Сино рационал ақлий билишни қанчалик юксакка кўтармасин, норационал-интуитив билиш қудратини ҳеч қачон инкор эган эмас.

Ибн Сино фалсафий қарашларини чукқурроқ англаб етишда унинг назарий асарлари билан биргаликда бадиий шаклда – рамзий-мажозий қобиққа ўралган қиссалари ҳам катта аҳамиятга эга. Бу қиссаларда ақл ва ҳиссиёт, уларнинг фарқи, ўзаро алоқалари ҳамда инсон ҳаётида тутган ўрни масалалари ўртага ташланади.

Даҳо файласуф ва адибнинг қиссалари орасида «Ҳайй ибн Яқзон» («Уйғоқ ўғли Тирик») алоҳида ўрин тутади. Чунки унда, Ибн Сино ижодининг, умуман, машоиййунлик фалсафасининг энг асосий тушунчаси – ақл ҳақида, унинг моҳияти ва аҳамияти борасида сўз боради. Уйғоқ ўғли Тирик – яъни, ақл қиссада ўз суҳбатдоши бўлмиш муаллифга киши оламни ва одамни билиши учун мантиқ илмидан ҳабардор бўлиши кераклигини, бу илм моҳиятан фаросат илми бўлиб, инсон ўз ҳаётида нима яхши-ю, нима ёмон эканини мантиқий фикрлаш орқали аниқлаштириб олиши мумкинлигини уқтиради. Қиссада уйғоқ – фаол ақл ёрдамида инсон аста-секин барча иллатлардан фориғ бўла бориши, фазилатлар эгасига айланиши таъкидланади, ҳиссиётга нисбатан ақлнинг устувор аҳамиятга эгалиги фалсафий-мажозий шаклда ифодаланади.

«Юсуф» қиссасида эса, ҳиссиётни ақлга бўйсундирган Юсуф бахтга эришади, «Саломон ва Ибсол» қиссасида ҳиссиёт (Саломоннинг хотини) ақлни (Ибсолни) ўзига бўйсундирмоқчи бўлади ва бўйсунтиролмагач, уни ҳалок қилади. Лекин ақлнинг ҳалокати – ҳиссиётнинг ҳалокатидир. Шу боис бу кураш нафақат ақл учун балки, ҳиссиётнинг ўзи учун ҳам фожиа билан тугайди. Ақл, гарчанд жисман ҳалок бўлса-да, маънан ғалаба қозонади, фожевий воқеъликнинг ибратли қаҳрамонига айланади.

Буюк алломанинг нафосатшунослик борасидаги қарашларида ҳам ана шундай янгиликлар силсиласи мавжуд. Хусусан, у гўзалликнинг асосида муҳаббат ётишини, муҳаббат эса манфаатдан холи маънавий ҳодиса эканини таъкидлар экан, гўзалликни эзгулик билан боғлайди: «Эзгулик эзгуликни севади, – деб ёзади мутафаккир, – зеро, муҳаббат аслида барча гўзаллик ва муносибликни маъқуллашдан бошқа нарса эмас»[20]. Ибн Синонинг фикрига кўра, оқилона ва ҳайвоний руҳ (оқилона руҳга яқинлашгани учун) доимо ташқи гўзаллик билан бирга ички уйғунликни севади. Шу боис ақлли мавжудот ҳамма вақт гўзал шаклни ёқтиради ва уни мушоҳада қилишни истайди.

Буюк мутафаккир хулқий гўзаллик муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтади. Маълумки, мусулмон Шарқида юз гўзаллиги инсоннинг умумий гўзаллигидан далолат берувчи яхлит ҳодиса сифатида қабул қилинади ва бу борада ҳатто ҳадисий ривоятлар ҳам мавжуд. Ибн Сино гўзал қиёфа яхши таркибда бўлишини ҳамда мукаммал уйғунлик ва тартиб инсонга ёқимли кўриниш ҳамда назокатли сифатлар бахш этиши ҳақида айтилган ҳадис сўзларини тасдиқлаган ҳолда, айни пайтда гўзаллик билан хунуклик ўртасида деалектик муносабат борлигини, баъзан хунук қиёфали инсон ботиний хислатларига кўра – гўзал, гўзал қиёфали инсоннинг феъли ботиний жиҳатлари туфайли хунук бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Бунинг сабабини файласуф ибтидодаги инсоний-табиий таркибда уйғунликнинг етшишмаслигида эмас, балки ё ташқи тасодифий таъсир ёки ички феъл- атвор натижасида вужудга келган ҳолатда деб билади.

Шунингдек, унинг мусиқа борасидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Ибн Сино фикрича, ҳиссий идрок этиладиган нарсалар ичида ўз табиатига ва жадаллигига кўра ёқимли ва ёқимсиз туйғулар уйғотадиган объектлар мавжуд; товушлар эса табиатан ёқимли ёки ёқимсиз бўлмайди, яъни, бизда ёқимли ёки ёқимсиз сезгини товушнинг ўзи эмас, балки уни пайдо қилиш усули уйғотади. Ибн Сино мусиқанинг келиб чиқишини инсон нутқидаги оҳангий бойлик билан боғлайди ва мусиқа санъатини инсон кайфиятига тақлид деб атайди[21].

Алломанинг шеърият назарияси борасидаги фикрлари ҳам асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. У «Шеър санъати» («Фан аш-шеър») асарида Арасту «Поэтика»сини шарҳлар экан, ўзига хос янгиликлар киритади ва шеърнинг кейинчалик «Фан аш-шеър»дан умумлаштирилган ҳолда олиниб, Оврўпада машҳур бўлиб кетган мана бу қоидасини яратади: «Шеър деб образли сўзлардан иборат бўлган, ритмли, бир-бирига мувофиқ иборалардан таркиб топган ҳамда мисралари бир-бирига тенг, вазнлари қайтариладиган, охирги товушлари бир-бирига ўхшаш сатрларга айтилади[22].

Ибн Синонинг фикрича, шеър, асосан, тақлидий фикр натижасидир. У уч хил йўл билан юзага келади. Биринчиси лаҳн – уйғунлик, ундан кейин калом – сўз келади. Бунда, албатта тимсолли (образли) сўз назарда тутилади. Учинчиси – вазн. Мана шу уч йўлнинг бир-бирига мос келиши натижасида шеър пайдо бўлади. Йўқса, кўнгилдагидек шеър яратиш мумкин эмас[23].

Ундан ташқари, Ибн Сино ҳақиқий шеърият билан назмий тизмаларнинг фарқи борасида фикр юритар экан, физика ҳақида асар ёзган Эмпедокл ўз китобини вазнга солганини, лекин Эмпедокл билан Ҳомер асарлари ўртасида вазндан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ эканини таъкидлаган устози Арасту қарашларини тўла қувватлайди: «Эмпедоклнинг ёзганлари вазннинг мавжуд бўлишига қарамай, табиий гаплардан иборат бўлиб қолган холос. Ҳомернинг вазнли гаплари эса, шеърий сўзлар тусини олган. Шунинг учун Эмпедоколнинг сўзлари ҳеч қачон шеър бўлолмайди»[24].

Шунингдек, ибн Сино ўз рисоласида юнон шеърияти билан араб шеъриятини солиштириб, шеъриятнинг вазифаси ҳақида фикр юритади ва бу борада юнонлардаги баъзи устунликларга ишора қилади. Унинг айтишича, юнонлар шеъриятда феъл–атворга қараб тақлид ишлатишни кўзлаганлар, араблар эса, икки важдан шеър ёзганлар. Бир томондан, улар шеър орқали одамлар руҳига таъсир этмоқчи бўлганлар. Зеро, шеър тингловчида ҳаяжонли ҳиссиёт, тўлқинланиш уйғотиши шубҳасиздир. Шеър ёзишнинг иккинчи сабаби эса одамларни таажжубга солиш бўлган. Араблар ҳар бир нарсага ташбеҳ ишлатаверганлар, улар бу ташбеҳлари билан одамни ҳайратга солмоқчи бўлганлар. Юнонлар эса, шеър воситасида одамлар феъл-атворига таъсир этишни ё бўлмаса, шеър орқали одамларни ўзлари кўзлаган хатти-ҳаракатларидан тиймоқни мақсад қилиб олганлар[25].

Бундай назарий фикрларини Ибн Сино энг аввало ўз амалиёти орқали тасдиқлайди. Бу борада, Шайх ур-Раиснинг юқорида кўриб ўтганимиз, «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф қиссаси», «Қуш рисоласи» сингари насрда ёзилган фалсафий- мажозий ва бадиий асарлари билан бирга, бизгача етиб келган шеърий асарлари ҳам катта аҳамиятга молик. Лекин аллома ўзининг ўнга яқин назмда тизилган илмий уржуза-достонларини шеърий асар деб билган эмас. Шунинг учун ҳам Ибн Синонинг бизгача етиб келган ғазаллари, қитъалари ва рубоийлари илмий уржузаларидан кескин фарқ қилади, уларда чуқур фалсафий мушоҳадалар ва буюк алломанинг таржимаи ҳолини, фаолиятини, ахлоқий қарашларини ойдинлаштирадиган фикрлар, гўзал тимсоллар, фавқулодда ташбеҳлар, хуллас, юксак бадиият орқали акс этади. У ўзини кофир деб эълон қилишга уринган, олимлик даъвосидаги баъзи калтабин, гумроҳ, ғайрлик ботқоғига ботган одамлар ҳақида шундай дейди:

Ўзни доно билган бу уч-тўрт нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон[26].

Ибн Сино бошқа бир рубоийсида коинотнинг мангулигию чексизлиги, билишнинг ҳадсизлигию инсоннинг билиш имкони чегараланганлиги ҳақидаги ўзи ва ўз устозлари фикрларини ажойиб бадиият орқали шеърхонга тақдим этади:

Ҳеч бир гап қолмади маълум бўлмаган,
Жуда оз сир қолди мафҳум бўлмаган.
Билимим ҳақида чуқур ўйласам,
Билдимки, ҳеч нарса маълум бўлмаган[27].

Ибн Сино шеъриятида буюк файласуф ва буюк шоир бир тилда – шеър тилида сўзлайди. Бу уйғунлик натижаси ўлароқ шундай дурдоналар яратилдики, улар анъанавийлик касб этиб, кейинчалик Умар Хайём ва Мирзо Бедил сингари Шарқнинг буюк рубоийнависларига намуна бўлиб хизмат қилди, десак, адашмаймиз. Шоирнинг мана бу рубоийсини шеърият чаманининг энг гўзал гули дейиш мумкин:

Дилда пинҳон йиғи, куламиз гулдек,
Бир дамгина ҳаёт қиламиз гулдек.
Ўзимизни гулдек ўртага ташлаб,
Сочилмоқни бахт деб биламиз гулдек[28].

Дарҳақиқат, инсон ҳар қандай ғам-ғусса, фожиалар олдида ҳам ўз дарди билан ўзи ўралашиб қоладиган мавжудот эмас. У замон ва макон юрагига қулоқ тутиб, шабнам қатраларини гулбарглари бағрида яшириб, оламга хандон боққан гулдек, кўз ёшларини, йиғисини пинҳон тутган ҳолда кула олади. Шоир Вақт чексизлиги олдида ўзининг бир дамликкина умр эгаси эканини ҳам, инсондаги ўзини ўзига, ўзгаларга ва борлиққа кўрсатиши учун олий мавжудотга хос бўлган интилишини ҳам бу серташвиш ҳаёт ичида ўсган гул тақдирига таққослайди. Гул нима учун ўсади? Борлиққа нафосат руҳини, хушбўй ҳидларни бағишлаб, охир-оқибатда тўкилиш учун ўсади. Инсон ҳам худди шу гулдек ўзини бу ва у дунёга бағишлаб, охир-оқибатда заминга сочилиб, тупроққа қўшилиб кетишни бахт деб билади. Ана шу нуқтаи назардан қарасак, «Садди Искандарий» достонида ҳазрат Навоий томонидан инсоннинг коинот гулшани гулига, гул бўлганда ҳам, ризвон – жаннат гулига қиёсланиши бежиз эмаслиги, Ибн Сино бадиий анъаналарининг давоми экани бизга аён бўлади:

Очилғон бу гулшанда инсон гули,
Не инсон гули, боғи ризвон гули[29].

Ибн Сино яшаган пайт ислом минтақаси тарихидаги буюк ўзгаришлар даврига тўғри келди. Ажам ва Арабнинг бир қисми асосан турклар қўл остига ўтган – бир ёнда қорахонийлар, бир ёнда ғазнавийлар ҳукмрон эди. Машҳур рус тарихчиси А. Ю. Якубовский бу давр воқеаларини ўзбек халқининг келиб чиқиши билан боғлаб таҳлил этар экан, шундай деб ёзади: «Турклашиш энг аввало турк тили ва нутқининг ғалаба қозонишида ифодаланди, буни XI асрнинг машҳур олими Кошғарий қайд қилиб ўтади. Маълумки, Ўзбекистоя вилоятларининг қорахонийлар томонидан истило қилиниши тез бир вақт ичида, ўн йил мобайнида амалга ошди. Бу истилонинг оқибати жуда зўр бўлди. Ҳаётнинг ҳамма соҳаларида катта ўзгаришлар бўлди…»[30]

Дарҳақиқат, А. Ю. Якубовский назарда тутган давр (X аср – А.Ш.) туркий тилда адиб Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» достони дунёга келган[31], ибн Синонинг Арастудан кейинги устози «Муаллими Соний» – Абу Наср ал-Форобий фаолият кўрсатаётган пайт бўлиб, Ибн Сино яшаган йилларда эса Юсуф Хос Ҳожибнинг «Кутадғу билик», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотит турк» асарлари яратилиш арафасида ёки яратилиш жараёнида эди.
Тилларнинг халқ орасида тутган мавқеи ва қудрати ҳақида анча ойдин тушунча берадиган мана бу маталнамо:

Забони арабий – араб аст,
Забони форсий – шакар аст,
Забони туркий – ҳунар аст;

Ёки

Забони арабий – забони фасоҳат,
Забони форсий – забони малоҳат,
Забони туркий – забони сиёсат, –

деган сатрлар ҳам ўша даврларда вужудга келган бўлса, ажаб эмас. Демак, арабий – ўша даврларда қудратли тил, олий ифода тили, яъни илмий тил, форсий – ширин тил, шеърият тили, туркий эса – кундалик ҳаёт тили, ҳарб ва сиёсат тили экан. Буюк қомусий олим, шоир, сиёсатчи ва тилшунос Ибн Сино ўз даврининг улуғ фарзанди сифатида бундай тарихий ўзгаришларга, хусусан, тобора мавқеини мустаҳкамлаб, ҳаётнинг деярли ҳамма соҳаларини қамраб бораётган туркийга эътиборсизлик билан қараган бўлмаса керак. Ҳақиқатан ҳам, кейинги пайтларда бу масалага маълум маънода равшанлик киритилди, дейиш мумкин. Чунончи, Азербайжан Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг илмий ходими А. Аббосов ўзининг «Туркий тилда» деб аталган жажжи тадқиқотида шундай деб ёзади: «Унинг (Ибн Синонинг – А.Ш.) туркий тилда асар ёзганлиги ҳозиргача фанда маълум эмас эди. Афғон олими Муҳаммад Руҳий Афғонистон маориф энциклопедиясига ёзган мақоласида биринчи марта бу ҳақда маълумот беради ва ибн Синонинг арабча, форсча шеърлари билан бирга туркий тилда ёзган сатрларини ҳам келтиради». Шундан сўнг олим туркий тилнинг ўша даврлардаги ҳолати ҳақида яхши тасаввур берувчи, Ибн Сино қаламига мансуб – маснавий шаклида битилган қуйидаги шеърни келтиради:

Душанба, шанба куни кетма шарқа,
На якшанба, на жума куни – ғарба.

Сешанба, чоршанба куни зинҳор
Шимола кетма, эй содиқ ёр.

Жануба қилма пайшанбада ният,
Қилибдир Буали буйла васият[32].

Юқорида биз таъкидлаб ўтган икки ёзишма-рисоланинг мазмуни ва ушбу мақолада имкон қадар келтирилган юқоридаги далиллар, қиёслар ва буюк ватандошимиз қомусий истеъдодининг айтиб ўтилган қирралари, аллома ўртага қўйган илмий муаммолар ҳамда ғояларнинг ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини англатади, Ибн Синонинг шахси ва қомусий билимини замонамиз учун, янгиланаётган жамиятимиз учун кашф этиш ҳар томонлама давом этиши кераклигини тақозо этади. Зеро, Абу Убайд ал-Жузжоний «Аш-Шифо»га ёзган муқаддимасида айтганидек, «кимки ибн Сино китобини қўлга олиб, ибрат кўзи билан қараса, ундаги нукта, нодир фикрлар, фарқ ва баёнотларга, ўтмишнинг ўзга олимлари китобида учрамаган кўп нарсаларга дуч келади…»[33] Ҳақ гап. Уйғоқ Ақл даҳосининг зиёси доимо инсоният маънавиятини нурлантириб туриши шубҳасидир.

ИЗОҲЛАР

[1] «Машшоиййунлик, машшоийя» ҳам арабчада худди шундай маънони англатади.
[2] Абу Али Ибн Сино. Шеърлар ва тиббий достон. Т., 1981,14 – 15 б.
[3] Ўша асар, 25-бет.
[4] Қ а р а н г: Абдусодиқ Ирисов. Ҳаким Ибн Сино. Т., «Ўзбекистон», 1992 , 82-б.
[5] Қ а р ан г: Абдусодиқ Ирисов. Ҳаким Ибн Сино. Т., «Ўзбекистон», 1992 , 84–100-б.
[6] Қ а р а н г: С. Мирзаев. Ибн Синонинг Шарқшунослик инстутида мавжуд асарлари. Библиография. Т., 1955; Б. Ваҳобова. Рукописи произведений Ибн Сины в собрании института Востоковедении АН УзССР. Т., 1982.
[7] Қ а р а н г: М. Хайруллаев. «Шайх ур-Раис». // М.Хай руллаев. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири. Т., 1971; М. Баратов. Абу Али ибн Сино – буюк энциклопедист олим ва файласуф.//Абу Али ибн Сино туғилган кунининг 1000 йиллиги. Т., «Фан», 1980.
[8] Қ а р а н г: Абу Али ибн Сина. Избранные произведения. Т. I, Душанбе, 1980. С. 193.
[9] Қ а р а н г: Ўша китоб. 104-бет; шунингдек, М. Баратов. Абу Али ибн Сино – буюк энциклопедист олим ва файласуф.
[10] Қ а р а н г: «Общественные науки в Узбекистане» журнали. 1980, 8-9-сонлар; Шунингдек, Х. Жонматова. Абу Али ибн Синонинг ахлоқий қарашлари. // Абу Али ибн Сино туғилган кунининг 1000 йиллиги. Т., «Фан», 1980 .
[11] Қ а р а н г: Абў алий Ибни Сино. Осори мунтатхаб (Иборат аз даҳ чилд).Чилди дуюм. Душанбе, «Ирфон», 1980. Саҳ. 22–26.
[12] Қ а р а н г: «Соғлом авлод учун» журнали, 1966 йил, 3-4-сонлар.
[13] Қ а р а н г: «Соғлом авлод учун» журнали, 1996 йил, 5–4-сонлар.
[14] Из истории философии. М., «Наука», 1957. С. 11–12.
[15] «Ал-Мажистий» – қадимги юнон астрономи Птоломейнинг (II аср) «Алмагеста» асари. Аммо гап бу ерда ибн Синонинг асари, яъни тўлдирилган ва бойитилган «Ал-Мажистий» ҳақида кетяпти (А.Ш.).
[16] Уқлидус – милоддан аввалги 355–315 йилларда яшаган қадимги юнон олими Эвклид (А.Ш.).
[17] Ибн Сино. Шеърлар ва тиббий достон, 28–б.
[18] Абу Али ибн Сина. Избранные произведения. Т.1. С.188.
[19] Избранные произведения мыслителей стран Ближнего и Среднего Востока. М., «Наука», 1961. С. 165, 266.
[20] Серебряков. С. Б. Трактат Ибн Сины (Авиценны) о любви. Тбилиси, «Мецниереба», 1976. С. 49.
[21] Қ а р а н г: Эстетика. Словарь. М., Политиздат, 1989. С. 96.
[22] Ўша жойда. Шунингдек, қ а р а н г: Абу Али ибн Сино. Саломон ва Ибсол. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980, 89–б.
[23] Қ а р а н г: ўша манба, 99–100-б.
[24] Ўша манба, 100-б.
[25] Қ а р а н г: ўша манба, 101-б.
[26] Абу Али ибн Сино. Шеърлар. Т., «Фан», 1965, 13–б.
[27] Ўша китоб, 14–б.
[28] Абу Али ибн Сино. Шеърлар ва тиббий достон. Т., ЎзКПМК нашриёти, 1981, 52–б.
[29] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 11-жилд. Т., 1993, 13–бет.
[30] Якубовский А. Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида. Т., ЎзФан нашриёти, 1941, 9– бет.
[31] Кейинги баъзи бир тадқиқотларда Адиб Аҳмаднинг XII–XIII асрларда эмас, балки анча аввал – VIII–IX асрларда яшаб ўтгани қайд этилади. Қ а р а н г: М. Имомназаров. Адиб Аҳмад Югнакий. // Буюк сиймолар, алломалар, I китоб, Т., «Маънавият», 1995, 24–25-бетлар.
[32] “Гулистон” журнали, 1980 йил, 8-сон.
[33] Абдусодиы Ирисов. Ҳаким Ибн Сино.Т., “Ўзбекистон “, 1982, 81-бет.

Манба: Таниқли шоир ва  фалсафашунос олим Абдулла Шернинг веб-саҳифаси

АБУ АЛИ ИБН СИНО
САЛОМОН ВА ИБСОЛ
Абдусодиқ Ирисов таржимаси
ғ8

Ўтган замонларда Саломон деган кишининг бир ота ва бир онадан туғишган укаси бор эди. Саломон укасини ўз ўғлидай тарбиялади ва юриш-туришида ножўялик топмай, унга одамлар биладиган ва ўргатадиган ҳамма фанлардан таълим берди.

Тангри унга гўзал кўрк ва шайдойи ҳусн берди. Бола балоғатга етгач, шайтон янгасининг кўзини унга буриб юборди, кетидан кўнглини ҳам унга боғлади. Хотин унга ошиқ бўлиб қолдию, ўз дардини нчига сиғдиришга чидай олмади.

Бир куни Саломонга хотини шундай деди:
— Уканг Ибсол, сўзсиз, олижаноб бола, у сенга ўз фарзандингдек яқин. Унинг дину диёнати устивор, яхши хулқли қилиб етиштирдинг. Энди, уни менинг олдимда, болаларингга қўшиб қўйгин, уларга хулқу одоб ва яхши феъл-атворлардан ўргатсин.

Саломон, хўб, сен айтгандай бўлади, деди.

Кейин Саломон Ибсолга ҳар бир пайшанба ва жума кунлари янга қасрга келиб туришни тайинлади. Бунда Ибсол бирор шумлик борлигини сезиб қолади ва Саломонга шундай дейди:

— Э, ака, мен қаёқдаю, қасрдаги хотинлар қаёқда! Мен бу ишни кўнгилдагидек бажо келтиролмайман. Болаларингга ўзинг бош бўлиб, назорат қилиб турсанг, зарур бўлганда мен улардан хабар олиб турсам, бу дурустроқ ва яхшироқ бўларди.

Укасининг бу гапларини эшитган Саломон укасига:
— Бу гапинг дурустку-я, лекин янганг сен билан хурсанд бўлади,— деди,— очиқ юз билан унинг олдига кириб турсанг, у буни хуш кўради. Шундай қилсанг, сенга у яхши илтифотлар қилади, сендан хурсанд бўлади. Кўнгли кўтарилиб, сенга совғалар беради. Сен ҳам энди шўртумшуқлик қилиб, янгангдан ўзингни олиб қочмагин-да. Ахир у сени ўз бағрида катта қилди, сен бола эдинг, у сенга оналик кўзи билан қаради. Сен ҳам энди қўлингдан келадиган ёрдамингни аямай, уни хурсанд қилгин-да.

Шундай қилиб, воқеа айтгандай бўлиб, Ибсол янгасининг хонасига киргач, қанчадан-қанча тиллаю қимматбаҳо нарсалар сочилиб ётганини кўрди. Шайтон хотиннинг болага бўлган муҳаббатини яна ҳам ошириб юборган эди, хотин қайнисига устма-уст гавҳар ва дурлар қадалган ипаклик саруполар қўйди.

Аёл ўзини Ибсолга энг яқин қилиб кўрсатиб, бу ҳаракатига уни ишонтирмоқ учун ўзини вазмин тутиб турди, тилига эрк бермади, зўрма-зўраки бўлса ҳам ўзини тутиб туришга уринди. Натижада Ибсол ўзининг алданганига фаросати етмай, хотиннинг хатти-ҳаракатини самимий деб билди, унга меҳрибонлик қилаётганлигига шубҳа қилмади.

Ниҳоят хотин уни бир неча марта шундай синаб кўриб, хотиржам бўлиб, кўнгли жойига тушгач, хилватда унга дилидаги сирини очиб шундай деди:
— Э, Ибсол, тангрининг тақдир қилгани бўлади, мен ва сен яратилишимиздан олдин, мен сени севишим белгиланиб қўйилган. Тангри таолонинг тақдир қилгани шу. Рабб ул-оламиннинг тақдиридан қочиб қутуладиган одам ҳам, қочадиган жой ҳам йўқ.

Янгадан бу гапларни эшитган Ибсол ҳайрон бўлганича, бошини қуйи солди. Қўлини тангридан берилган ва шу ҳолга тушишга сабаб бўлган чиройли юзига уриб, энди нима қилсамикин, деб чуқур ўйга чўмиб қолди.

Кейин у ўзича ўйланиб қолиб айтди: «Агар мен унинг талабига очиқ-ойдин буйсунмасам, мендан бурунги ростгўйларга хотинлар макр қилганидек, бу ҳам менга макр қилиши мумкин. Агар Тангрим ва акам раъйига қарши иш қилиб, хотинга ширин сўзларимни айтсам, амалга ошмайдиган ваъда устидан чиққан бўлишимдан қўрқаман. Э, Тангрим, менга ўзинг йўл кўрсат, кушойиш бер!»

Хотиннинг олдига киришни Ибсолнинг кўнглига солдик. Шундан кейин хотин олдига кириш фикри Ибсол хаёлидан кечди. Кейин Ибсол ўзига-ўзи шундай деди: «Тақдир шу экан, энди пешонамда ёзилганидан бўлак ҳеч нарса бўлмайди».

Кейин хотинга қараб, тангрининг тақдирини кутгин, балки у сендан бу фикрни кайтарар ёки бошқа бирор иш қилишга менга йўл-йўриқ кўрсатар, деди. Э, Тангрим, ўзинг кушойиш бер, ўзинг ярлақа. У ўзича айтди:

«Э, Тангрим, қалбимни ихтиёрингга топширдим, уни ўзинг рози бўлган нарсага барқарор қил. Бу дунё ва охиратда менинг ягона вакилимсан, илойим сен хотинларни менинг устимдан хўжайинлик қилишига йўл қўйма!»

Ибсолнинг юқорида, тангри тақдирини кутиб тур, деб хотинга айтган гапи унинг ўйлаб қўйган ҳийлаю макрини бузгач, хотин бирмунча қизишди ва йиғламсираб қизарган кўзларини ундан ўгирди. Хотин қайнисидан аразлади. Ибсол тағин хотин дод-вой солмасин учун бу гап билан ўз муддаосини яширди ва вақти-вақти билан унинг ҳузурига кириб турадиган бўлди. Бунинг натижасида хотин бир қанча вақт сабр қилиб юриб, унга қайтиб гинахонлик қилмай қўйди. Бу билан хотин гўё Ибсолдан тийилгандай бўлди. Ибсол бўлса шундай бўлганидан хурсанд бўлиб, Тангрига шукурлар қиларди.

Кўп ўтмасданоқ хотин қалби исён қилиб, Ибсол ишқи уни яна ўзига тортаётгандай бўлди. Шу пайтда, унинг кўнгли чопиб, Ибсол бўйнига қўлини ташлади. Шунда Ибсол хотинни жеркиб берди; шу билан Ибсол хотиндан юз ўгирди, хотин эса ўз ишқида жафо чекиб юрди. Шу тариқа Ибсол хотиндан бир оз узоқлашди, хотин эса ноқулай ҳолатга тушиб катта-катта қасамлар ичди ва шундай деди:

— Ростини айтсам, сени синаб кўрмоқчи эдим, ундан бўлак мақсадим ҳам йўқ эди, йигитликнинг энг авж пайтида бўла туриб қилаётган тақвойингнинг сабабини билгани шундай қилган эдим, натижада, сенинг чинакам тақводорлигингга ишондим. Эгамга қасам ичиб айтаманки, бу воқеадан кейин қулоғинг хафа қиладиган нарсани мендан эшитмайди.

У шу дақиқада бир кунмас-бир кун ўз қасамини бузишини ва алдаш нияти борлигини яшириб турарди. Хотин эрига айтди:

— Мен уканг Ибсолни йигитлар айни етилаётган пайтда синаладиган йўл билан синадим. Уни номусли эканини билсам, синглимни олгин, деб айтмоқчи эдим; синглим билан бирга жуда кўп сеп ҳам юбормоқчи эдим. Уни синаб кўриб, маъқул топдим, энди синглимни унга никоҳлаб бермоқчиман. Зора бу иш тангримга хуш келиб, доимий осойишталик бахш этса.

Кейин хотин ўз синглисига кенгашиб айтди:
— Агар сен олдингга келган Ибсолдек меҳмонингга севилиб қолсанг, менга ҳам у билан бирга бўлишга рухсат берасанмн? Мен буни унга айтмайман, ўзи ҳам сезмайди. Мен уни ўзимга керак бўлгани учунгина сенга танлаяпман. Агар хоҳласанг, шунга рози бўласан, хоҳламасанг буни сендан қайтараман, яна ўзинг биласан.

Хотин келиб Ибсолга айтди:
— Синглим уятчан, ҳали эр кўрмаган, сен уни хурсанд қил, олдига тим-қоронғу кечада кир; то танишиб, бир ой ўтмагунча, ундан бир оғиз ҳам сўз сўрама.

Хотин дарров синглиси ётадиган жойга бориб ётди.

Ибсол, ҳали кўнглидаги шубҳаси кетмасданоқ, қоронғу кечада хотин олдига кирган заҳоти янга уни бағрига босишдан ўзини тиёлмади.

У: «Ҳей»,— деб қаттиқ бақириб юборди, кейин унга айтди:
— Агар сен уятчан қиз бўлганингда эдинг, эр кишидан олдин талпинмасдинг, сен бошқа бўлсанг керак.

Ана шу пайтда чақмоқ чақадиган тизма булутлардан бир қисмини пайдо қилдик. У булут чақмоқ чақиб Ибсолга хотин юзини кўрсатди. Ибсол норози бўлганича у ердан қочиб чиқиб кетди.

Ибсол жуда довюрак, паҳлавон йигит эди. У бирон аскар устига юриш қилганида уни несу нобуд қилмай қўймасди. У аскарлари кўп лашкар устига бостириб келганида уларни ер билан яксон қилар, уларни теварак-атрофга тумтарақай қилмасдан қўймасди.

Унинг ўзини довюрак, хулқи атворини расо ва ўзини эса яширин илмларга ошно қилган эдик. У ўша яширин илмларни очди.

Ибсол, хотин мени унутар, деган умидда акаси ва янгаси даргоҳини бир қанча вақт ташлаб кетмоқчи бўлди, кейин бориб акасига айтди:
— Сенга Машриқдан тортиб Мағрибгача бўлган ўлкаларни фатҳ қилиб, Тангри динини кофирларга ёйсам, нима дейсан? Зора, Тангрим менга ёрдам берса.

Саломон укасининг гапини маъқул кўриб, рози бўлди.

Кейин Ибсол Қутб томондаги ўлкаларга юриш қилди. Ундан кейин Шарқ томондаги ўлкаларни босиб олишга жазм этди. У энг иззатли ва энг кучли халқни қидириб бориб, улар устидан ҳукмдорлигини ўрнатмоқчи бўлди. Кейин Қай ўлкаларига, ундан кейин то Чингача бўлган, унинг орқа томонларига ва бу ўлкага ёндаш Ҳинд ўлкаларига юрди. Кейин акасининг ўлкалари чегарасига етиб, акаси эгаллаёлмаган ўлкаларни то Рофидонгача фатҳ қилди. Кейин кемага миниб, денгизга тушади. Кейин ортга қайтиб, кунчиқиш томонга қараб йўл олади. Қатор оролларга дуч келади ва қирғоқ бўйлаб юради. Шундай қилиб, кунчиқиш оролларини олиб бўлгач, яна бошқа томонга бурилиб, у ерда ҳам ўшандай иш қилди. Ниҳоят, Ҳумр ўлкаларига етиб, денгиздан қуруқликка чиқади ва у баъзи гуруҳларни бирин-кетин қўлга олиш учун уларнинг ерларини ахтаради. Кейин Тайҳо чўлларга кириб, то чуқур денгизга боргунча йўлларни улардан тозалади. Улар билан уришиб, подшоҳларини асир олди. Ундан кейин соҳил бўйлаб чуқур денгизни Аҳзомгача ёриб ўтишдан олдин Сабта мамлакатларига йўл олди. У текисликларда тошқин бўлиб, ундаги мамлакатларни босиб ўтди. Кейин шимол денгизлари бўйлаб шарқ томонга узоқ йўл юрди ва ниҳоят, кетган жойига қайтиб келди. У ўзича, энди хотин мени унутган бўлса керак, ҳатто эсламаса ҳам керак, деб ўйлаган эди.

Ибсол Ҳофиқонга эга қилганимиз Зулқарнайн подшоҳларнинг энг аввалгиси эди. Сўнгра Ибсол акасининг олдига йўл олди. Ибсол бутун уфқни тим-қоронғулик босганда акаси олдига қайтиб келди.

У акасига айтди:
— Э, ака, сенга фатҳ қилиб берган ўлкаларим кўзимга тупроқдан илашган бир гардча ҳам эмас. Менга уни мутлоқ қадри йўқ. Мен фатҳ қилган мамлакатларга эга бўлган тоифа аҳволидан хабардор бўлган киши ерни ва ерда бор нарсаларни назар-писанд қилмайди.

Хотин Ибсолнинг сафардан қайтиб келганини эшитгач, устомонлик қилиб, қучоқламоқчи бўлиб унга қулочини ёзди. Бу ҳаракати билан у гўё унга ишқивозлик қилмаётгандай бўлиб кўринмоқчи эди.

Ибсол хотинга айтди:
— Салом, Тангрим сени пок сақласин, менга яқинлашма! Мен ўша билганинг Ибсолман. Тангрим рабб ул-оламийн ўз паноҳида асрасин, барча ёмон кирдикорларни ўзи аритсин. Эгамга таваккул қиламан.

Саломон хонадонига бобилликлардан душман чиқиб, уларнинг қўри қутларини тугатадиган бўлди. Уларнинг жазосини бермоқ учун акаси Ибсолни ўша томонга юбормоқчи бўлиб, унга аскар тўплаб берди. Хотин эса Ибсолни унутиб, унга яқинлаша олмаслигига кўзи етди. Натижада хотин Саломон аскар бошлиқларига хазинадан пора бериб, Ибсолни боши берк кўчага киргизиб, душманга рўпара қилишга ва ўзлари унинг кўзига кўринмай кетиб қолишларини тайинлади. Ибсол қочиб кетиши мумкин бўлган ҳар бир йўл душман аскарлари томонидан тўсиб қўйилган бўлиши керак эди. Хотин лашкарбошиларга шуларни шарт қилиб қўйди; Ибсол аскарларга қаршилик қилмоқчи бўлса, улар уни қийма-қийма қилиб ташлашлари керак.

Хотин аскарларга нима буюрган бўлса, улар ўшани қилдилар.

Агар биз унинг бошидан бахтсизликни кўтармаганимизда, қиличлар Ибсолни бўлиб ташлаб, соғ қўймаган бўлар эди. Улар Ибсолни қонга бўяб ташлаб кетишди. У хўрланиб қолди. Биз уларни Ибсол аҳволидан бехабар қолдирдик. Кейин улар устига жуда ҳам ивитадиган ёмонлик ёмғирини ёғдирдик. Унга ваҳший ҳайвонларнинг энг ғамхўри бўлган — оқ кийикни эмизувчи қилиб юбордик. Кийикнинг унга меҳри келиб, Ибсол оғзига ўз эмчагини солди ва шундай қилиб у бирмунча вақт кийикни эмди.

Ибсолнинг акаси душманлар томонидан ўраб олиниб, унинг ҳукмронлнги кучсизланиб қолган ва укаси Ибсолни йўқотганидан қайғу-ҳасратда ранги сомон бўлган эди.

Ибсол ўзига келиб, дуч келган кишидан сўраб-суриштириб бошига тушган кулфатлардан огоҳ бўлди, уни қийин аҳволга ташлаб кетган аскарлар тўдасининг кетиб қолганини билгач, жуда ҳам афсусланди.

— Э, Тангрим, ўзинг менга кўмак бер. Сен менга меҳрибонсан, менга берган неъматингни санаб тугатолмайман; менга чексиз меҳрибонлик қилдинг!—деб Яратганга нолиди, унинг меҳрибонлигига шукрона билдирди.

Шундан кейин у акасининг ўлкаси томон йўл олиб, ниҳоят, акасига душман қўллари етаёзганда юртига етиб келди. Шунда Ибсол акасига меҳрибонлик қилиб:

— Мен уканг Ибсолман, сен гирифтор бўлган балони сендан даф қилишим ва балога тўғаноқ бўлишим учун тангрим мени олдингга юборди,— деди.

Саломон Ибсолга пароканда бўлган қавмларни керакли озиқ-овқатлари билан йиғиб берди. Ибсол шаҳар чеккасига, аскарлар олдига чиқиб айтди:
— Мана мен, хизматингизга тайёр ўша Ибсолман. Тангрим мени соғайтирди. У энг кароматли ва раҳмдил. У ваъдасига энг садоқатли ва энг вафоли ёрдамчи ва қодир, меҳрибон ва шифо берувчи. Ҳар қандай махфий нарсалар ҳам унга аёндир.

Ибсол одамларининг юраклари довланиб, душманлар билан курашиш учун тўпландилар, дилларида ҳеч бир хавф қолмади. Душманни ўз ерларидан суриб чиқардилар, душманлар қочиша бошлагач, уларнинг рўпараларидан чиқиб қаршилик қилдилар, ниҳоят, уларни енгиб, уларга қаттиқ шикаст етказдилар. Ҳали етилмаган экинларни ўргандек қириб ташладилар.

Ибсол урушга шундай киришдики, ўз қўли билан ҳатто душман тўдаларннинг улуғини асир қилиб олди. Кейин у Бобилга қараб юрди. Бобил Ибсолга дарҳол муяссар бўлди. Кон ва бойликларининг ҳаммаси Ибсол қўлига кирди ва ҳамма томонларга Ибсол овозаси тарқаб, шону шавкати зўрайди. Ибсол садоқатли, тақводор ва номусли подшоҳ эди.

Шундай қилиб, Ибсол ўз акаси олдига қайтиб келса, хотин уни очиқ-ойдин алдаш пайига тушиб, бу ишга қаттиқ киришади. Ниҳоят, Ибсолни алдай олмаслигига кўзи етгач, хотин энди ҳинд сунбули дорисидан ёки зараб ул азрақдан Ибсолга ичиринглар, деб ошпаз ва дастёрга буюради. Иккови хотиннинг буйруғини бажо келтириб, унга миқдоридан кўпроқ заҳар ичиришади. Бу тадбир сабрли кишиларни ҳам бесабр қилди, кўпчиликни мусибатга чўмдирди. Бундан ҳатто ер титраёзди; ер юзидаги ҳар бир жонли нарса Ибсолнинг ҳалок бўлишидан ғаму ҳасратга тушиб, ҳатто Ибсолнинг ўзи эгалик қилган мамлакатлардаги ва қилич билан қўлга олган юртлардаги кишилар ҳам ҳасратланиб, бу иш содир бўлганидан ғазабга келишди. Чунки Ибсол ҳар бир жонлининг назарида энг олижаноб, асл инсон, билим-маърифатли улуғ киши тимсоли эди.

Шундан кейин акаси бутун қулларидан воз кечди. У қулларини озод қилиб, уларга худди ўз қариндош-уруғларидек илтифот қилди…

Шундай қилиб, тангри Саломонга бир ҳукм орқали хотинининг бу қилган ишини ошкор қилди. Натижада унга хотин, ошпаз, овқат ташувчилар томонидан қилинган махфий ишлар маълум бўлди. Улар зулм қилувчи киши учун биздаги бор бўлган азобу уқубатларни билмадилар. Уларнинг учаласига ҳам Ибсолга ичирилгандек ҳўплаб заҳар ичирилди. Уларнинг учаласи ҳам ўлиб, ўз жойларидаёқ чириб кетдилар. Бундайларнинг ҳар бир қилган ишларига яраша жазоимиз ҳам бор. Биз кичик ва катта гуноҳлардан бехабар эмасмиз. Аниқ ҳисобланмаган ҳеч бир нарса йўқ. Қайси бир дўстимизни ҳузуримизда бор ҳукмлардан истагани билан имтиҳон қилсак, у сабр қилса, шунга яраша мукофотга сазовор бўлади. Озмунча кишилар ўлдирилмаганмиди-ю, озмунчаси шаҳид қилинмаганмиди?!

Ҳар бир жон эгаси учун маълум муддат бор. Даҳрга қазо чиқаришдан олдин биз ҳар бир жон учун маълум бир муддат ўлчаб берганмиз ва буни қазо китобида ёзганмиз. Бу ўша ўлчаб берган муддатдан ортиқча бўлмайди. Энди раббингга таваккул қил! Раббинг сен эшитган ва билган кишилардан ҳеч бирига қилмаган инъомларини сенга қилмадими?! Сен ўрганишинг керак бўлган ҳар бир жойда ҳақ нима эканини очиб кўрсатди. Сени ҳақ йўлга йўллади ва сенга ҳамма ёрдамини кўрсатди .

045

UYG’OQ AQL DAHOSI
Abdulla SHER
g'8

09Uchinchi asrda yashab o’tgan qadimgi yunon faylasufi, dunyodagi birinchi falsafa tarixining muallifi Diogen Laertiy «Mashhur faylasuflarning hayoti, ta’limotlari va hikmatlari haqida» degan kitobida falsafa fani Sharqda vujudga kelganini isbotlovchi bir necha qadimiy manbalardan bir necha dalillar keltiradi. Lekin, ayni paytda, bularning hammasi bekor gaplar, faqat yunonlargina falsafiy fikrlashga qodir xalqdir, degan fikrni bayon qiladi. Bu bilan u, qanday bo’lmasin, o’z millatini ulug’lashga jahd qilganidan tashqari, falsafiy-nazariy tafakkur Xudo yarlaqagan ulug’ millatning nasibasidir, demoqchi bo’ladi. Vaholanki, bizning bobokalonlarimiz ham Allohning ana shunday inoyatiga sazovor allomalardir: Forobiy, Beruniy, Ibn Sino, Zamaxshariy, Aziziddin Nasafiy… Bunday buyuk nomlarni yana ancha sanash mumkin.

Islom mintaqasida falsafiy tafakkurning eng yuksak cho’qqiga ko’tarilgan davri IX–XIII asrlarga to’g’ri keladi. Bu davrda Ovro’pa Uyg’onishiga turtki bo’lgan g’oyalarni ilgari surgan bizning ulug’ hakimlarimiz qadimgi yunon falsafasining eng yuksak nuqtalarini tadrijiy ravishda davom ettirdilar. Ular Aflotun, ayniqsa, Arastu falsafasiga katta e’tibor berdilar va natijada musulmon Sharqida «Sharq peripatetchilari» (arabchasiga «mashshoiyyunlik») deb atalgan falsafiy oqim vujudga keldi. Peripatetchilar – qadimgi yunonchada sayr qiluvchilar degan ma’noni anglatib[1], u Afina yaqinidagi Liteyda miloddan avvalgi 335 yilda Arastu asos solgan falsafiy maktab mashg’ulotlari ustozu shogirdlarning sayr qilib suhbatlashishlari shaklida o’tkazilganidan kelib chiqqan. Sharqda Forobiy, Ibn Miskavayh, Ibn Sino, Ibn Rushd, Mullo Fanoriy, Oqsaroiy, Xo’jazoda va boshqa mashshoiyyunlar ham o’z shogirdlari va maslakdoshlari bilan mashg’ulotlarni odatda saylbog’larda, karvonsaroy–rabotlarda suhbat tarzida olib borganlar. Hatto butun-butun kitoblarning mazmunlarini ustozlar ana shunday sayr yoki suhbat kechalarida aytib berganlar. Chunonchi, Ibn Sino ko’pgina asarlarini, jumladan, bizgacha 18 kitobi yetib kelgan, falsafiy ilmlar qomusi hisoblangan «Ash-Shifo» asarini ham dastlab og’zaki bayon qilgani haqida ma’lumotlar bor. Mashshoiyyunlar o’z asarlarini ko’pincha shogirdlari va iltimos qilgan kishilar uchun kitob yo risola tarzida yozib berganlar. Keyin esa bu asarlarning taqdiri bilan unchalik qiziqmaganlar. Shuning natijasida buyuk allomalarimizning ancha-muncha asarlari yo’qolib ketgan. Bu odat mashshoiyyunlar o’ziga xosligining bir tomoni bo’lsa, ikkinchidan, ular o’z ustozlari – Arastu nazariyalarini sharhlash, uning eng ilg’or falsafiy qarashlarini davom ettirish va rivojlantirish bilan shug’ullanganlar. Ana shu mashshoiyyunlik oqimining buyuk vakillaridan biri Shayx ur-Rais ibn Sinodir.

Ibn Sinoning to’la ismi sharifi va kunyalari Sharaf uz-Zamon va Hujjat ul-haq Abu Ali al-Husayn ibn Abdulloh al-Hasan ibn Ali ibn Sinodir. U, hozirgi mavjud fikrga ko’ra, 980 yili Buxoro viloyatining qadimdan turklar (o’zbeklar) yashab kelgan Afshina qishlog’ida tug’ilgan. Ibn Sino barcha daholar singari zehni o’tkir, xotirasi mustahkam, bilimga chanqoq bo’lib, o’smirligidanoq ilmi hikmat, falsafa, tabiiyot fanlarining deyarli barchasi bilan shug’ullangan. U o’n yetti yoshida tabobat ilmida allaqachon mashhur kashfiyotchi va amaliyotchi hisoblangan, Buxoro hukmdori Nuh ibn Mansur Somoniyni davolab, og’ir xastalikdan forig’ qilgan, evaziga amirlikning davlat kutubxonasidan foydalanishga ruxsat olgan. Bu davrdagi alloma faoliyati haqida uning sodiq shogirdi, unga 25 yil hamrohlik qilgan olim Abu Ubayd al-Juzjoniy o’z ustozi tilidan yozib olgan tarjimai holda shunday so’zlarni uchratish mumkin: «Tib ilmi qiyin ilmlardan emasligi sababli qisqa muddat ichida bu fanda juda ilgarilab ketdim, natijada hatto bilimdon tabiblar ham kelib, huzurimda tib ilmidan dars oladigan bo’ldilar… Bu vaqtda men o’n yetti yoshda edim. Keyin yana bir yarim yil ilm va mutolaaga berildim, mantiq va falsafaning hamma qismlarini qaytadan o’rganib chiqdim. O’sha kezlarda men biror kechaning oxirigacha uxlamas, kunduzlari ham ilmdan boshqa narsa bilan shug’ullanmas edim… Agar biron masaladan boshim qotib, qiyosda o’rtacha ta’rifni topa olmasam, jome masjidga borardim va namoz o’qib, Yaratuvchiga yolborardim, natijada qorong’u narsalar menga oydinlashar, mushkullar oson bo’lar edi… Agar bir oz uyquga ketsam, tushimda o’ngimdagi o’sha masalalarni ko’rardim va ko’p masalalar tushimda ayon bo’lardi»[2].

Ibn Sinoning ilmiy faoliyati Movarounnahr va Xurosondagi notinch davrlarga to’g’ri keldi. Buxoroda somoniylar hukmronligi tugatilib, Xurosondagi shaharlar va mamlakatlarni Mahmud G’aznaviy qo’lga kiritdi. Bularning hammasi ketma-ket olib borilgan urushlar, qon to’kishlar orqali ro’y berdi. Shu bois Ibn Sino goh Buxoroda, goh Xorazmda, goh Rayda, goh Isfaxonda, goh Hamadonda yashadi. Ba’zan esa saroy a’yoni va vazir sifatida harbiy yurishlarda ishtirok etdi. Natijada u o’z asarlarini asosan kechasi yozar va shogirdlariga ham kechalari dars berar edi. Bu haqda Abu Ubayd al-Juzjoniy shunday deb yozadi: «Har kuni kechasi uning uyida tolibi ilmlar yig’ilar edilar. Men «Ash-Shifo»dan o’qir edim. Boshqalar navbati bilan «Al-Qonun»ni o’qirdi. Bulardan bo’shaganimizdan keyin har xil ashulachi, sozandalar kelardi va sharob majlisi kerakli jihozlari ila muhayyo qilinib, biz shu bilan mashg’ul bo’lardik. Shayx kunduzlari amir xizmatida band bo’lgani sababli, darsni kechalari berardi. Shu tariqa bir qancha vaqtni o’tkazdik»[3].

Darhaqiqat, Ibn Sino ham jismoniy, ham ma’naviy jihatdan tengsiz iqtidor egasi edi. Benihoya bandligiga qaramay, uning yozgan asarlari 450 dan ortiq ekani ilmiy adabiyotlarda ta’kidlanadi. Shulardan bizgacha 238 tasi yetib kelgan. Arab olimi J. Qanovatiy «Muallafat Ibn Sino» («Ibn Sino ta’liflari») degan kitobida Ibn Sinoning 276 ta asari yetib kelganini aytadi, ularning ro’yxati, saqlanadigan o’rni va varaqlari haqida ma’lumot beradi[4]. Taniqli sinoshunos Abdusodiq Irisov, Ibn Sinoga tegishliligi shubhali hisoblangan asarlar hamda ba’zi bir kichik risolalarni hisobga olmagan holda, bizgacha yetib kelgan alloma asarlarining 205 nomdan iborat ro’yxatini keltiradi[5]. Bundan tashqari, olimlarimiz tomonidan O’zbekiston Fanlar akademiyasi Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida saqlanayotgan Ibn Sino asarlari bibliografiyasi ham tuzilgan.[6]

Shunday qilib, XX asrning 50-yillaridan boshlab, O’zbekistonda muayyan ma’noda sinoshunoslik vujudga keldi va dastlabki tadqiqotlarning o’ziyoq Ibn Sinoning tengsiz quvvai hofiza egasi, qomusiy alloma ekanini isbotlab berdi. Lekin, shuni afsus bilan qayd etish kerakki, hali-hanuzgacha bizda ko’pchilik Ibn Sinoni asosan ulug’ tabib deb biladi. Vaholanki, Ibn Sino o’z davri va barcha davrlar uchun buyuk faylasuf hisoblanadi, uning tabobat ilmi, matematika, fizika, musiqa, axloqshunoslik, she’riy nutq nazariyasi borasidagi asarlari aslida falsafaning muayyan qismlari sifatida vujudga kelgan. Allomaning 150 dan ortiq asari falsafiy muammolarga bag’ishlangani ham buning isbotidir.

Ibn Sino falsafiy merosini tadqiq etgan taniqli faylasuf olimlarimiz uning qarashlaridagi o’ziga xos moddiyatchilik jihatlarni ta’kidlab o’tadilar[7]. Ibn Sinoning fikricha, falsafa oldidagi vazifa barcha mavjud narsalarning kelib chiqishini, tartibini, o’zaro munosabatlarini, biridan ikkinchisiga o’tishini va ular darajalarini har tomonlama o’rganishdan iboratdir. Alloma ta’limotiga ko’ra, olam yaxlit, murakkab borliqdir. Bu borliqni atroflicha tadqiq etish uchun u zaruriyat, imkoniyat, voqelik va sababiyat tamoyillarini asos qilib oladi va barcha mavjud narsalarni ikkiga bo’ladi: zaruriy vujud (vujudi vojib) va imkoniy vujud (vujudi mumkin). Zaruriy vujud hech narsaga bog’liq bo’lmagan bir butunlikni tashkil etadi, u eng irodali, eng qudratli, eng dono va eng bilguvchi Tangridir. Qolgan hamma narsalar imkoniy tarzda mavjud bo’ladi va zaruriy vujuddan – Tangridan kelib chiqadi. Demak, zaruriy vujud – sabab, qolgan narsalar – oqibat. Mavjudlik ana shu ikki vujud munosabatlari asosida paydo bo’ladi. Bu paydolik emanatsiya tarzida, ya’ni mavjudlikning, quyosh va undan chiqayotgan nurga o’xshab, oliy hamda mukammal borliq darajasidan u qadar mukammal bo’lmagan darajaga o’tishi tarzida asta-sekin amalga oshadi. Imkoniy vujudning, ya’ni barcha narsalarning zaruriy vujuddan kelib chiqishi faqat bevosita Tangrining yaratuvchilik qudrati tufayligina bo’lmay, balki borliqdagi qonuniyat, zaruriyatning ham natijasidir. Tangri bilan birga imkoniyat shaklida mavjud bo’lgan moddiylik ham zaruriy ravishda voqelikka aylanadi. Xudo bilan moddiy borliq o’rtasidagi aloqa sabab va oqibat bog’lanishi sifatida talqin etiladi. Tangri abadiy, yo’qolmas, uning oqibati bo’lmish borliq ham abadiy va yitmasdir. Narsalarning muayyan ko’rinishlari, shakllari o’zgaradi, lekin moddiy asosi yo’qolmaydi.

Bilish masalasida ham Ibn Sino o’ziga xos fikrlarni ilgari suradi. Insondagi bilimlar narsa–hodisalarni bilish orqali vujudga keladi. Bilish – sezgilar yordamidagi hissiy bilishdan va tushunchalar yordamidagi fikriy bilishdan tashkil topadi. Ibn Sino hissiy bilish muhimligini alohida ta’kidlagani holda, bilishda narsa-hodisalarning mohiyati va paydo bo’lish qonuniyatlarini o’rganishda aqlning ahamiyatiga katta e’tibor beradi. Aqlni har qanday bilish va amaliy faoliyatning mezoni sifatida talqin etadi. Alloma fikricha, insonning aqliy bilishi bir necha darajalarga ega bo’lib, to’rt asosiy bosqichni bosib o’tadi va so’nggida yetuk haqiqatni egallash hamda olamiy – fazoviy aql bilan bog’lanib ketish orqali nihoya topadi[8].

Ibn Sino falsafiy ilmlarni ikkiga: nazariy va amaliy ilmlarga bo’ladi. Shayx ur-Rais inson faoliyati bilan bog’liq bo’lmagan narsa-hodisalar to’g’risidagi ilmlarni nazariy yoxud haqiqiy ilmlar deb ta’riflaydi. Tadqiqot doirasi inson faoliyati bilan chegaralangan ilmlarni amaliy ilmlar sirasiga kiritadi. Nazariy ilmlar haqiqatni bilishga, amaliy ilmlar ezgu a’mollarni bajarishga qaratilgan. Nazariy falsafa uchga bo’linadi: 1. Oliy darajadagi ilm – metafizika (falsafa, ilohiyot), ya’ni tabiatdan tashqaridagi ilm. 2. O’rta darajadagi ilm – matematika yoki ta’lim ilmi. 3. Quyi darajadagi ilm – tabiat haqidagi ilm. Amaliy falsafa ham uchga bo’linadi: 1. Shaxs haqidagi ilm. 2. Insonning o’zaro munosabatlari haqidagi ilm. 3. Davlatni, mamlakatni boshqarish ilmi. Falsafaning nazariy qismidagi har bir ilm yana o’z navbatida birlamchi (sof) va ikkilamchi (amaliy) fanlarga bo’linadi. Sof fizikaga Ibn Sino moddiyat, shakl, harakat, javohirlar, o’simliklar, hayvonlar, jon (qalb, nafs ruh) va hokazolar haqidagi ta’limotlarni, amaliy fizikaga esa tabobat, munajjimlik, so’zlar talqini kabi sohalarni kiritadi. Sof matematikadan arifmetika, handasa, falakiyot va musiqa; amaliy matematikadan algebra; amaliy handasadan sathni o’lchash, mexanika; amaliy falakiyotdan esa falakiyot va jug’rofiy jadvallar tuzish; amaliy musiqadan cholg’u asboblari tuzilishi o’rin oladi[9].

Ibn Sino, o’z asarlarini ko’pincha birovlarning iltimosi va shohlarning topshirig’iga binoan, goho maslakdoshlari yoki shogirdlarining savollariga javob tariqasida yozgani tufayli ma’lum bir masalalarga qayta-qayta murojaat etadi, ularning har xil hajmdagi talqinini yaratadi. Yuqorida keltirilgan falsafiy qarashlarga doir muammolarga, mantiqqa, ilmlar tasnifiga Ibn Sino «Kitob ash-Shifo»da alohida jildlar va qismlar ajratgan bo’lsa, «Donishnoma» singari asarlarida ularning goh keng, goh qisqacha talqinini beradi. Xuddi shuningdek, Ibn Sinoning axloqiy qarashlari ham yirik kitoblaridan, ham risolalaridan o’rin olgan. Ular bir-birini to’ldiradi, rivojlantiradi. Bu borada A. Sharipov va X. Jonmatovalarning tadqiqotlari diqqatga sazovor[10].

Ibn Sino axloqqa oid asarlarida bir qancha axloqiy fazilatlarga ta’rif beradi. Chunonchi, iffat, shijoat, hikmat, adolat, saxiylik, qanoat, sabr, yumshoqlik, karam, kechirimlilik, sir saqlay bilishlik, farosatlilik, qat’iyatlilik, sadoqat, rahmdillilik, vafo, hayo, kamtarlik shular jumlasidan. Alloma bu fazilatlar bilan birga uning aksi bo’lgan o’g’rilik, aldamchilik, fisqu fasod, nafrat, rashk, adovat, kin, bo’hton, irodasizlik. takabburlik, shafqatsizlik, nodonlik kabi axloqiy illatlarni ham tavsiflaydi. Bu tushunchalar bir-biri bilan bog’liqligini, bir-biriga o’tib turishini va bu bog’lanish nisbiy tabiatga ega ekanini ta’kidlab, masalaga dialektik nuqtai nazardan yondashadi. Allomaning fikricha, faqat axloqiy fazilatlar emas, balki axloqiy illatlar ham o’rganilishi zarur. Zero, Arastu aytganidek, har bir axloqiy fazilat ikki nuqson (illat) oralig’ida ro’y beradi. Chunonchi, iffat – qizg’anchiqlik bilan ruju, saxiylik – baxillik bilan isrofgarchilik, adolat – zulm bilan mazlumlik, qanoat – hirs bilan befarqlik o’rtasida vujudga keladi.

Allomaning axloqshunoslikka bag’ishlangan asarlari ichida «Tadbir al-manozil» («Turar joylarni boshqarish tadbirlari») risolasi alohida o’rin tutadi. Unda axloqning amaliy tomonlariga e’tibor qaratiladi: oila, oilada ayolning o’rni va farzand tarbiyasi masalalari o’rtaga tashlanadi. Ibn Sino axloqiy tarbiya ko’p hollarda namunaviylik tamoyili asosida amalga oshirilishini, shu bois tarbiyachining o’zi – ota-onami yoki ustozmi yuksak axloq namanusini ko’rsatishi lozimligini qat’iy shart qilib qo’yadi. Ayni paytda mehnat tarbiyasi muhimligini u ham aqliy, axloqiy va jismoniy tarbiya singari alohida e’tiborni talab qiladigan ma’naviy hodisa ekanini alohida ta’kidlaydi. Shu bois bolalarda mehnatga nisbatan muhabbat hissini tarbiyalash muhim, mehnatni qora xalqning vazifasi deb qaraydigan badavlat odamlar katta xotoga yo’l qo’yadilar, degan fikrlarni bayon qiladi[11].

Umuman, Ibn Sinoning risolalari haqida gap ketar ekan, ular garchand hajman kichik bo’lsalar-da, lekin o’zida katta muammolar yechimini mujassam qiladi. Uning «Risolai fil-ishq» («Ishq risolasi») asari shular jumlasidan. Unda tasavvufning bosh muammosi – komil inson masalasi o’rtaga tashlanadi. Ibn Sinoning fikriga ko’ra, Yaratganga muhabbat odamini inson zoti qobil bo’lgan komillik darajasiga olib chiqadi. Ya’ni ruhning (qalbning) quyi qismlari uning oliy qismlari – ulug’vor va olijanob intilishlari ta’siriga tushganda ular fazilat kasb etadi. Bu o’rinda Ibn Sino qadimgi yunon faylasuflari yoki kalom falsafasi tarafdorlari kabi insonga ruhning hayvoniy qismidan voz kechishni taklif qilmaydi. Aksincha, uni «tarbiyalashni», ya’ni ruhning quyi, hayvoniy qismini oqilona qismga, olamiy Aql bilan, bog’liq oliy qismiga bo’ysundirish lozimligini aytadi. Demak, inson komil bo’lishi uchun o’z hayvoniy intilishlari quvvatini oliy intilishlarga o’tkazishi lozim, zamonaviy falsafa tili bilan aytganda, bunda sublimatsiya ro’y berishi kerak, zero, inson hech qachon farishta bo’la olmaydi, unda illatlar mavjud va bu illatlar nafs tarbiyasi yordamida fazilatlarga aylanishi mumkin. Ibn Sinoning komil inson haqidagi bu kontseptsiyasi Allohga muhabbat – komillikka erishish faqat tarkidunyochilik orqali emas, balki rosmana insoniy munosabatlar silsilsida ham o’zini namoyon qilishi mumkin, degan xulosaga borib taqaladi va bu qarash – yana bir yurtdoshimiz, ulug’ mutasavvif-faylasuf Shayx Aziziddin Nasafiyning komil inson haqidagi mashhur ta’limotiga asos bo’lgani shubhasiz.

So’nggi paytlarda o’zbek tilida ilk bor e’lon qilingan Ibn Sino asarlarida ham, chunonchi «Sog’lom avlod uchun» jurnalida chop etilgan Shayx ur-Raisning shogirdi Bahmanyor savollariga bergan yozma javobida ham axloq masalalari ko’tarilgan[12]. Unda barcha axloqiy fazilatlardan uchtasi – shijoat, iffat va hikmat asosiy mezoniy tushunchalar sifatida talqin etiladi. Ayni paytda, alloma bu yozishma-javobda yuqorida aytib o’tilgan falsafiy fanlar tasnifiga yana bir bor to’xtaladi. Unda axloqni amaliy falsafaga kiritadi, axloqshunoslik (etika)ning esa nazariya ekanini ta’kidlaydi va axloq bilan axloqshunoslikni qorishtirib yubormaslikni qat’iyan talab etadi. Axloqni axloqshunoslikning tadqiqot ob’ekti sifatida ta’riflaydi. Ibn Sinoning bunday qarashlari hozirgi kunda ham o’z kuchini va o’rnini yo’qotgani yo’q. O’sha jurnalda e’lon qilingan boshqa yozishma-bahsda ham Ibn Sino Abu Sa’id ibn Abul-Xayr Mehnaviy ko’targan muammoga javob bera turib, masala garchand diniy–tasavvufiy bo’lsa-da, unga mutakallimlardan farqli o’laroq, ilohiyotchi sifatida emas, balki faylasuf-axloqshunos sifatida yondashadi. Unda alloma axloqshunoslikning bosh mezoniy tushunchalari bo’lmish ezgulik va yovuzlikning kelib chiqishi masalalariga e’tiborni qaratadi hamda shu munosabat bilan savob va aqob haqida o’zining ayricha mulohazalarini bildiradi. Ayni paytda mutakallimlarning sun’iy, biryoqlama usullarini qattiq tanqid ostiga oladi va mantiqiy isbotlash usullariga tayanish lozimligini ta’kidlaydi. Yozishmaning boshqa bir muhim jihati shundaki, unda Shayx ur-Rais diniy aqidalar bilan jamiyatning axloqiy talablarini uygunlashtirish yo’lidan boradi[13].

Yana shuni alohida ta’kidlash zarurki, bunday kichik risolalar –yozishma-bahslar Ibn Sinoning boshqa asarlaridek ko’pchilik orasida keng yoyilgan emas. Allomaning tiriklik paytlarida ham ular asosan yetuk faylasuflar va ilm-fanning ilg’or namoyandalari o’rtasida tarqalgan, zamondosh olimlar falsafiy–axloqiy tafakkurining yuksalishiga katta ta’sir ko’rsatgan. Keyingi davrlarda ham ular o’z ahamiyatini yo’qotgan yo’q. Kezi kelganda, shuni ham aytish kerakki, Ibn Sinoning falsafiy yozishmalari ustida tadqiqot olib borgan falsafashunos Abduqodir Zohidiy tomonidan amalga oshirilgan bu ikkala yozishma-bahsning tarjimasida matnga quruq akademik yondashuv yo’lidan borilmaganligi diqqatga sazovor. Toki, buyuk bobomizning merosi zamondoshlarimizga osonroq yetib borsin. O’ylaymizki, bu matnlar Helvetsiy, Holbax, Hyum, Kant, Hegel singari mashhur Ovro’pa faylasuflari falsafiy-axloqiy nazariyalari zamirida Ibn Sinodek bobolarimiz ilgari surgan g’oyalar mavjudligini ko’rsatib beradi va har bir o’zbek o’quvchisida iftixor hissini uyg’otadi.

G’arbning o’ziga bino qo’ygan, ovro’paparastlik kasaliga mubtalo bo’lgan ba’zi bir olimlari o’rtasida Sharq mashshoiyyunlarini Aflotun va ayniqsa, Aristuning oddiy sharhchilari, falsafaga biron bir yangilik olib kirmagan taqlidchilar, deb atash rasm bo’lgan. Haqiqatan ham shundaymi? Qani, bu haqda Ibn Sinoning o’zi nima der ekan? u «Hikmat ul-mushriqiyyin» («Sharqchilar falsafasi») asarining bizgacha yetib kelgan mantiq qismida shunday deb yozadi: «Biz uni (Arastuni) qadimgilar (peripatetchilar) ichida eng buyuk olim deb hisoblaymiz, chunki u o’z do’stlari va ustozlari qilmagan kashfiyotlarni yaratdi, fanlarni tasnif etdi, rasmona tizimga soldi, ko’p muammolarni to’g’ri yechib, ulardan o’z xalqini xabardor qildi. Uning izdoshlari esa, aql-zakovat bilan ish ko’rib, ustozlari xatolarini tuzatishlari lozim edi. Ammo ularning bu yumushni bajarishga iqtidorlari yetmadi, ular Arastuning kuchli ta’siridan chiqa olmay, umr bo’yi uning ta’limotidagi to’g’ri tomonlarni tushunish uchun urinishga va noto’g’ri qarashlarni ko’r-ko’rona qo’llab-quvvatlashga kuch-quvvatlarini sarfladilar… Biz esa, ular xohlagan, ammo bajara olmagan ishlarni qildik, uning ta’limotidagi ayrim tomonlarni to’ldirdik»[14].

Bu haqda Abu Ubayd al-Juzjoniy shunday deb yozadi: «Ammo «Al-Majistiy»ga[15] kelganda (shuni aytish kerakki) Shayx unga, «Al-Majistiy»ning oxirida parallaks haqida o’nta teorema kiritdi va astronomiyaga oid shun-day narsalarni qo’shdiki, buni ungacha hech kim amalga oshirolmagan edi. Uqlidus[16] kitobi bilan ham shunday ish qildi, shu bilan birga hisob qismiga ham chiroyli o’ziga xos (narsalar) kiritdi.

Musiqa haqidagi qismiga esa o’zidan avvalgilar bexabar bo’lgan ko’pgina masalalarni qo’shdi»[17].

Ibn Sino va al-Juzjoniyning yuqoridagi fikrlaridan shubhalanish mumkin emas. Zero, ularni Ibn Sinoning ilmiy merosi to’la-to’kis tasdiqlab turadi. Chunonchi, alloma bilishning in’ikos ekanini ta’kidlar ekan, ko’pgina asarlarida, xususan, «Donishnoma»ning fizika qismida ko’z nuri haqidagi avvalgi fikrlarning bekor ekanini tushuntiradi. Chunonchi, Arastuning ko’z nuriga munosabati masalalariga bag’ishlangan boblarida «birinchi ustoz»gacha bo’lgan olimlarni, shu jumladan, uning o’zini ham tanqid ostiga oladi. Gap shundaki, bir guruh qadimgi yunon olimlarining fikricha, inson ko’zidan chiqqan nur jismlarga borib tegishi natijasida ularni yoritadi va shu tufayli ular ko’zga ko’rinadi. «Bu, bo’lmagur gap, – deydi Ibn Sino, – axir, qaysi ko’z osmondan yergacha bo’lgan dunyoni yoritishga quvvati yetadigan nur chiqaradi?» Shuningdek, Shayx ur-Rais go’yoki ko’zdan kichik hajmdagi nur chiqib, havo bilan qorishib ketadi, natijada o’sha havo ko’rish quroli bo’lib xizmat qiladi va uning yordamida narsalarni ko’rish mumkin, degan qadimgi yunon tabiblarining fikrlarini ham bo’lmagur gap deb ataydi. «Zero, – deb yozadi Ibn Sino, – agar ana shu ko’zdan chiqqan nur bilan qo’shilganda, havo ko’rinadigan bo’lsa, odamlar ko’p yig’ilgan yerda havoning ko’rsatuv quvvati kuchaygan bo’lardi. Demak, u holda ko’zi zaif odam mustaqil emas, balki boshqa odamlar yordamida ko’raverishi mumkin edi»[18]. Ibn Sino qadimgi faylasuflardan, shuningdek, Arastudan farqli o’laroq, ko’zning asosiy a’zosi mardum (gavhar) emas, balki to’r parda deb hisoblaydi. Ibn Sino nuqtai nazaricha, ko’rish ko’zimizdan his qilinguvchi narsa tomonga chiqqan nurga bog’liq emas, aksincha, biz his qilinguvchi narsadan nimadir ko’zimiz tomonga kelgani tufayli ko’ramiz. Lekin biz tomon keladigan narsa biror-bir narsa-hodisanint jismi emas, demak, u o’sha narsa-hodisaning timsolidir[19].

Ma’lumki, ko’z muayyan ma’noda miyaning bir qismi – tashqi miya hisoblanadi. Biror narsa-hodisaning ko’rinishi uning miyada in’ikos etishi oqibatidir. Ko’rinib turibdiki, markschilarga, ayniqsa, yigirmanchi asrda buyuk kashfiyotlardan biri deb Leninga nisbat beriladigan in’ikos nazariyasi Ibn Sino tomonidan allaqachonlar ko’rish nazariyasi sifatida, bilishning bir qismi tarzida ilgari surilgan. Ibn Sino in’ikos nazariyasining boshqa jihatlarini esa uning mavhumlik va mavhumlashtirish hamda hissiy va aqliy bilishning mohiyati haqidagi ta’limotlari tashkil etadi.

Ibn Sino «Al-Qonun» asarining tushlar ta’biriga bag’ishlangan kitobida ham tushlar haqida o’ziga xos ta’limot yaratadi. Uning tushlar o’ngdagi voqea-hodisalar, kechinmalar, badanning sog’lomlik holati bilan bog’liqligi haqidagi g’oyalari hozirgi ilmiy tasavvurlarga juda yaqin. Uning inson tush ko’rayotgan paytda taxayyul, tasavvur va xotira quvvatining uyg’oq bo’lishi haqidagi fikrlari – tush ko’rayotgan paytda miyaning faolligi to’g’risidagi hozirgi zamon fani, xususan, ruhiy tahlil tabobati tajribalari orqali isbotlangan.

Mantiq ilmi borasida esa Ibn Sino Arastuning qat’iy tasdiq nazariyasini qabul qilgani holda uni rivojlantiradi va unga qator muhim o’zgartirishlar kiritadi, natijada u ko’z oldimizda Arastuning emas, Ibn Sinoning tasdiq nazariyasi sifatida namoyon bo’ladi. Zero, Ibn Sino ustozi Arastudan katta farq qiladigan nazariyani, ya’ni nafaqat qat’iy, balki shartli yoxud faraziy (gipotetik) tasdiq haqidagi ta’limotni yaratdi. Shuningdek, Ibn Sino sillogizm nazariyasini takomillashtishida ham ulkan ishlar qilgan. U o’z tuzilish jahatidan arastucha sillogizmdan farq qiladigan qat’iy va shartli muhokamadan iborat uyg’unlashgan sillogizmlarni hamda tenglik sillogizmi deb ataladigan sillogizmlarni kashf etdi. Ibn Sino bevosita muroqaba – fahm (intuitsiya) orqali bilish masalalarida ham yangicha fikrlagan. Qadimgi yunon falsafasining Eley maktabi vakillari aytganlaridek, fahm haqiqatni hislar yordamida bevosita bilish, yoxud Demokrit uqtirganidek, aql orqali bilish emas, balki qiyos – sillogizmning markaziy iborasini hech qanday ta’lim va tadqiqsiz tez topa olishdan iborat insondagi oliy darajali bilish qobiliyatidir, deb ataydi.
Quyidagi rivoyatda, ma’lum ma’noda ana shu fikrga ishorani ko’rish mumkin. Kunlardan birida Shayx-ur-Rais Ibn Sino bilan Shayx Abu Sayyid ibni Abul Xayr munozara uchun uchrashadilar. Har ikki shayxning shogirdlari piri murshidlari kirib ketgan xona eshigi oldida yig’ilib, ichkariga quloq soladilar. Lekin hech bir tovush eshitmasdan hayron turadilar. Ancha muddat o’tgach, so’zsiz suhbat qurgan, ko’zu zehn bilan bir-birini anglagan ustozlar tashqariga chiqadilar va shogirdlarining munozarada kim yutib chiqqanligi haqidagi savollariga deyarli bir xilda javob beradilar. Ibni Sino: «Men aqlu mantiq bilan yetishgan ilmimga Shayx Abu Sayid qalbu fahm bilan yetishibdi» deydi. Shayx Abu Sayid esa: «Men qalbu fahm bilan erishgan ilmimga Shayx ur-Rais ibni Sino aqlu mantiq bilan yetishibdi», deydi. Darhaqiqat, Ibn Sino ratsional aqliy bilishni qanchalik yuksakka ko’tarmasin, noratsional-intuitiv bilish qudratini hech qachon inkor egan emas.

Ibn Sino falsafiy qarashlarini chukqurroq anglab yetishda uning nazariy asarlari bilan birgalikda badiiy shaklda – ramziy-majoziy qobiqqa o’ralgan qissalari ham katta ahamiyatga ega. Bu qissalarda aql va hissiyot, ularning farqi, o’zaro aloqalari hamda inson hayotida tutgan o’rni masalalari o’rtaga tashlanadi.

Daho faylasuf va adibning qissalari orasida «Hayy ibn Yaqzon» («Uyg’oq o’g’li Tirik») alohida o’rin tutadi. Chunki unda, Ibn Sino ijodining, umuman, mashoiyyunlik falsafasining eng asosiy tushunchasi – aql haqida, uning mohiyati va ahamiyati borasida so’z boradi. Uyg’oq o’g’li Tirik – ya’ni, aql qissada o’z suhbatdoshi bo’lmish muallifga kishi olamni va odamni bilishi uchun mantiq ilmidan habardor bo’lishi kerakligini, bu ilm mohiyatan farosat ilmi bo’lib, inson o’z hayotida nima yaxshi-yu, nima yomon ekanini mantiqiy fikrlash orqali aniqlashtirib olishi mumkinligini uqtiradi. Qissada uyg’oq – faol aql yordamida inson asta-sekin barcha illatlardan forig’ bo’la borishi, fazilatlar egasiga aylanishi ta’kidlanadi, hissiyotga nisbatan aqlning ustuvor ahamiyatga egaligi falsafiy-majoziy shaklda ifodalanadi.

«Yusuf» qissasida esa, hissiyotni aqlga bo’ysundirgan Yusuf baxtga erishadi, «Salomon va Ibsol» qissasida hissiyot (Salomonning xotini) aqlni (Ibsolni) o’ziga bo’ysundirmoqchi bo’ladi va bo’ysuntirolmagach, uni halok qiladi. Lekin aqlning halokati – hissiyotning halokatidir. Shu bois bu kurash nafaqat aql uchun balki, hissiyotning o’zi uchun ham fojia bilan tugaydi. Aql, garchand jisman halok bo’lsa-da, ma’nan g’alaba qozonadi, fojeviy voqe’likning ibratli qahramoniga aylanadi.

Buyuk allomaning nafosatshunoslik borasidagi qarashlarida ham ana shunday yangiliklar silsilasi mavjud. Xususan, u go’zallikning asosida muhabbat yotishini, muhabbat esa manfaatdan xoli ma’naviy hodisa ekanini ta’kidlar ekan, go’zallikni ezgulik bilan bog’laydi: «Ezgulik ezgulikni sevadi, – deb yozadi mutafakkir, – zero, muhabbat aslida barcha go’zallik va munosiblikni ma’qullashdan boshqa narsa emas»[20]. Ibn Sinoning fikriga ko’ra, oqilona va hayvoniy ruh (oqilona ruhga yaqinlashgani uchun) doimo tashqi go’zallik bilan birga ichki uyg’unlikni sevadi. Shu bois aqlli mavjudot hamma vaqt go’zal shaklni yoqtiradi va uni mushohada qilishni istaydi.

Buyuk mutafakkir xulqiy go’zallik muammosiga ham alohida to’xtalib o’tadi. Ma’lumki, musulmon Sharqida yuz go’zalligi insonning umumiy go’zalligidan dalolat beruvchi yaxlit hodisa sifatida qabul qilinadi va bu borada hatto hadisiy rivoyatlar ham mavjud. Ibn Sino go’zal qiyofa yaxshi tarkibda bo’lishini hamda mukammal uyg’unlik va tartib insonga yoqimli ko’rinish hamda nazokatli sifatlar baxsh etishi haqida aytilgan hadis so’zlarini tasdiqlagan holda, ayni paytda go’zallik bilan xunuklik o’rtasida dealektik munosabat borligini, ba’zan xunuk qiyofali inson botiniy xislatlariga ko’ra – go’zal, go’zal qiyofali insonning fe’li botiniy jihatlari tufayli xunuk bo’lishi mumkinligini ta’kidlaydi. Buning sababini faylasuf ibtidodagi insoniy-tabiiy tarkibda uyg’unlikning yetshishmasligida emas, balki yo tashqi tasodifiy ta’sir yoki ichki fe’l- atvor natijasida vujudga kelgan holatda deb biladi.

Shuningdek, uning musiqa borasidagi mulohazalari ham diqqatga sazovor. Ibn Sino fikricha, hissiy idrok etiladigan narsalar ichida o’z tabiatiga va jadalligiga ko’ra yoqimli va yoqimsiz tuyg’ular uyg’otadigan ob’ektlar mavjud; tovushlar esa tabiatan yoqimli yoki yoqimsiz bo’lmaydi, ya’ni, bizda yoqimli yoki yoqimsiz sezgini tovushning o’zi emas, balki uni paydo qilish usuli uyg’otadi. Ibn Sino musiqaning kelib chiqishini inson nutqidagi ohangiy boylik bilan bog’laydi va musiqa san’atini inson kayfiyatiga taqlid deb ataydi[21].

Allomaning she’riyat nazariyasi borasidagi fikrlari ham asrlar davomida o’z ahamiyatini yo’qotgani yo’q. U «She’r san’ati» («Fan ash-she’r») asarida Arastu «Poetika»sini sharhlar ekan, o’ziga xos yangiliklar kiritadi va she’rning keyinchalik «Fan ash-she’r»dan umumlashtirilgan holda olinib, Ovro’pada mashhur bo’lib ketgan mana bu qoidasini yaratadi: «She’r deb obrazli so’zlardan iborat bo’lgan, ritmli, bir-biriga muvofiq iboralardan tarkib topgan hamda misralari bir-biriga teng, vaznlari qaytariladigan, oxirgi tovushlari bir-biriga o’xshash satrlarga aytiladi[22].

Ibn Sinoning fikricha, she’r, asosan, taqlidiy fikr natijasidir. U uch xil yo’l bilan yuzaga keladi. Birinchisi lahn – uyg’unlik, undan keyin kalom – so’z keladi. Bunda, albatta timsolli (obrazli) so’z nazarda tutiladi. Uchinchisi – vazn. Mana shu uch yo’lning bir-biriga mos kelishi natijasida she’r paydo bo’ladi. Yo’qsa, ko’ngildagidek she’r yaratish mumkin emas[23].

Undan tashqari, Ibn Sino haqiqiy she’riyat bilan nazmiy tizmalarning farqi borasida fikr yuritar ekan, fizika haqida asar yozgan Empedokl o’z kitobini vaznga solganini, lekin Empedokl bilan Homer asarlari o’rtasida vazndan boshqa hech qanday umumiylik yo’q ekanini ta’kidlagan ustozi Arastu qarashlarini to’la quvvatlaydi: «Empedoklning yozganlari vaznning mavjud bo’lishiga qaramay, tabiiy gaplardan iborat bo’lib qolgan xolos. Homerning vaznli gaplari esa, she’riy so’zlar tusini olgan. Shuning uchun Empedokolning so’zlari hech qachon she’r bo’lolmaydi»[24].

Shuningdek, ibn Sino o’z risolasida yunon she’riyati bilan arab she’riyatini solishtirib, she’riyatning vazifasi haqida fikr yuritadi va bu borada yunonlardagi ba’zi ustunliklarga ishora qiladi. Uning aytishicha, yunonlar she’riyatda fe’l–atvorga qarab taqlid ishlatishni ko’zlaganlar, arablar esa, ikki vajdan she’r yozganlar. Bir tomondan, ular she’r orqali odamlar ruhiga ta’sir etmoqchi bo’lganlar. Zero, she’r tinglovchida hayajonli hissiyot, to’lqinlanish uyg’otishi shubhasizdir. She’r yozishning ikkinchi sababi esa odamlarni taajjubga solish bo’lgan. Arablar har bir narsaga tashbeh ishlataverganlar, ular bu tashbehlari bilan odamni hayratga solmoqchi bo’lganlar. Yunonlar esa, she’r vositasida odamlar fe’l-atvoriga ta’sir etishni yo bo’lmasa, she’r orqali odamlarni o’zlari ko’zlagan xatti-harakatlaridan tiymoqni maqsad qilib olganlar[25].

Bunday nazariy fikrlarini Ibn Sino eng avvalo o’z amaliyoti orqali tasdiqlaydi. Bu borada, Shayx ur-Raisning yuqorida ko’rib o’tganimiz, «Salomon va Ibsol», «Hayy ibn Yaqzon», «Yusuf qissasi», «Qush risolasi» singari nasrda yozilgan falsafiy- majoziy va badiiy asarlari bilan birga, bizgacha yetib kelgan she’riy asarlari ham katta ahamiyatga molik. Lekin alloma o’zining o’nga yaqin nazmda tizilgan ilmiy urjuza-dostonlarini she’riy asar deb bilgan emas. Shuning uchun ham Ibn Sinoning bizgacha yetib kelgan g’azallari, qit’alari va ruboiylari ilmiy urjuzalaridan keskin farq qiladi, ularda chuqur falsafiy mushohadalar va buyuk allomaning tarjimai holini, faoliyatini, axloqiy qarashlarini oydinlashtiradigan fikrlar, go’zal timsollar, favqulodda tashbehlar, xullas, yuksak badiiyat orqali aks etadi. U o’zini kofir deb e’lon qilishga uringan, olimlik da’vosidagi ba’zi kaltabin, gumroh, g’ayrlik botqog’iga botgan odamlar haqida shunday deydi:

O’zni dono bilgan bu uch-to’rt nodon
Eshak tabiatin qilur namoyon.
Bular suhbatida sen ham eshak bo’l,
Bo’lmasa «kofir» deb qilishar e’lon[26].

Ibn Sino boshqa bir ruboiysida koinotning manguligiyu cheksizligi, bilishning hadsizligiyu insonning bilish imkoni chegaralanganligi haqidagi o’zi va o’z ustozlari fikrlarini ajoyib badiiyat orqali she’rxonga taqdim etadi:

Hech bir gap qolmadi ma’lum bo’lmagan,
Juda oz sir qoldi mafhum bo’lmagan.
Bilimim haqida chuqur o’ylasam,
Bildimki, hech narsa ma’lum bo’lmagan[27].

Ibn Sino she’riyatida buyuk faylasuf va buyuk shoir bir tilda – she’r tilida so’zlaydi. Bu uyg’unlik natijasi o’laroq shunday durdonalar yaratildiki, ular an’anaviylik kasb etib, keyinchalik Umar Xayyom va Mirzo Bedil singari Sharqning buyuk ruboiynavislariga namuna bo’lib xizmat qildi, desak, adashmaymiz. Shoirning mana bu ruboiysini she’riyat chamanining eng go’zal guli deyish mumkin:

Dilda pinhon yig’i, kulamiz guldek,
Bir damgina hayot qilamiz guldek.
O’zimizni guldek o’rtaga tashlab,
Sochilmoqni baxt deb bilamiz guldek[28].

Darhaqiqat, inson har qanday g’am-g’ussa, fojialar oldida ham o’z dardi bilan o’zi o’ralashib qoladigan mavjudot emas. U zamon va makon yuragiga quloq tutib, shabnam qatralarini gulbarglari bag’rida yashirib, olamga xandon boqqan guldek, ko’z yoshlarini, yig’isini pinhon tutgan holda kula oladi. Shoir Vaqt cheksizligi oldida o’zining bir damlikkina umr egasi ekanini ham, insondagi o’zini o’ziga, o’zgalarga va borliqqa ko’rsatishi uchun oliy mavjudotga xos bo’lgan intilishini ham bu sertashvish hayot ichida o’sgan gul taqdiriga taqqoslaydi. Gul nima uchun o’sadi? Borliqqa nafosat ruhini, xushbo’y hidlarni bag’ishlab, oxir-oqibatda to’kilish uchun o’sadi. Inson ham xuddi shu guldek o’zini bu va u dunyoga bag’ishlab, oxir-oqibatda zaminga sochilib, tuproqqa qo’shilib ketishni baxt deb biladi. Ana shu nuqtai nazardan qarasak, «Saddi Iskandariy» dostonida hazrat Navoiy tomonidan insonning koinot gulshani guliga, gul bo’lganda ham, rizvon – jannat guliga qiyoslanishi bejiz emasligi, Ibn Sino badiiy an’analarining davomi ekani bizga ayon bo’ladi:

Ochilg’on bu gulshanda inson guli,
Ne inson guli, bog’i rizvon guli[29].

Ibn Sino yashagan payt islom mintaqasi tarixidagi buyuk o’zgarishlar davriga to’g’ri keldi. Ajam va Arabning bir qismi asosan turklar qo’l ostiga o’tgan – bir yonda qoraxoniylar, bir yonda g’aznaviylar hukmron edi. Mashhur rus tarixchisi A. YU. Yakubovskiy bu davr voqealarini o’zbek xalqining kelib chiqishi bilan bog’lab tahlil etar ekan, shunday deb yozadi: «Turklashish eng avvalo turk tili va nutqining g’alaba qozonishida ifodalandi, buni XI asrning mashhur olimi Koshg’ariy qayd qilib o’tadi. Ma’lumki, O’zbekistoya viloyatlarining qoraxoniylar tomonidan istilo qilinishi tez bir vaqt ichida, o’n yil mobaynida amalga oshdi. Bu istiloning oqibati juda zo’r bo’ldi. Hayotning hamma sohalarida katta o’zgarishlar bo’ldi…»[30]

Darhaqiqat, A. YU. Yakubovskiy nazarda tutgan davr (X asr – A.SH.) turkiy tilda adib Ahmad Yugnakiyning «Hibat ul-haqoyiq» dostoni dunyoga kelgan[31], ibn Sinoning Arastudan keyingi ustozi «Muallimi Soniy» – Abu Nasr al-Forobiy faoliyat ko’rsatayotgan payt bo’lib, Ibn Sino yashagan yillarda esa Yusuf Xos Hojibning «Kutadg’u bilik», Mahmud Koshg’ariyning «Devoni lug’otit turk» asarlari yaratilish arafasida yoki yaratilish jarayonida edi.
Tillarning xalq orasida tutgan mavqei va qudrati haqida ancha oydin tushuncha beradigan mana bu matalnamo:

Zaboni arabiy – arab ast,
Zaboni forsiy – shakar ast,
Zaboni turkiy – hunar ast;

Yoki

Zaboni arabiy – zaboni fasohat,
Zaboni forsiy – zaboni malohat,
Zaboni turkiy – zaboni siyosat, –

degan satrlar ham o’sha davrlarda vujudga kelgan bo’lsa, ajab emas. Demak, arabiy – o’sha davrlarda qudratli til, oliy ifoda tili, ya’ni ilmiy til, forsiy – shirin til, she’riyat tili,
urkiy esa – kundalik hayot tili, harb va siyosat tili ekan. Buyuk qomusiy olim, shoir, siyosatchi va tilshunos Ibn Sino o’z davrining ulug’ farzandi sifatida bunday tarixiy o’zgarishlarga, xususan, tobora mavqeini mustahkamlab, hayotning deyarli hamma sohalarini qamrab borayotgan turkiyga e’tiborsizlik bilan qaragan bo’lmasa kerak. Haqiqatan ham, keyingi paytlarda bu masalaga ma’lum ma’noda ravshanlik kiritildi, deyish mumkin. Chunonchi, Azerbayjan Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining ilmiy xodimi A. Abbosov o’zining «Turkiy tilda» deb atalgan jajji tadqiqotida shunday deb yozadi: «Uning (Ibn Sinoning – A.SH.) turkiy tilda asar yozganligi hozirgacha fanda ma’lum emas edi. Afg’on olimi Muhammad Ruhiy Afg’oniston maorif entsiklopediyasiga yozgan maqolasida birinchi marta bu haqda ma’lumot beradi va ibn Sinoning arabcha, forscha she’rlari bilan birga turkiy tilda yozgan satrlarini ham keltiradi». Shundan so’ng olim turkiy tilning o’sha davrlardagi holati haqida yaxshi tasavvur beruvchi, Ibn Sino qalamiga mansub – masnaviy shaklida bitilgan quyidagi she’rni keltiradi:

Dushanba, shanba kuni ketma sharqa,
Na yakshanba, na juma kuni – g’arba.

Seshanba, chorshanba kuni zinhor
Shimola ketma, ey sodiq yor.

Januba qilma payshanbada niyat,
Qilibdir Buali buyla vasiyat[32].

Yuqorida biz ta’kidlab o’tgan ikki yozishma-risolaning mazmuni va ushbu maqolada imkon qadar keltirilgan yuqoridagi dalillar, qiyoslar va buyuk vatandoshimiz qomusiy iste’dodining aytib o’tilgan qirralari, alloma o’rtaga qo’ygan ilmiy muammolar hamda g’oyalarning hozir ham o’z ahamiyatini yo’qotmaganini anglatadi, Ibn Sinoning shaxsi va qomusiy bilimini zamonamiz uchun, yangilanayotgan jamiyatimiz uchun kashf etish har tomonlama davom etishi kerakligini taqozo etadi. Zero, Abu Ubayd al-Juzjoniy «Ash-Shifo»ga yozgan muqaddimasida aytganidek, «kimki ibn Sino kitobini qo’lga olib, ibrat ko’zi bilan qarasa, undagi nukta, nodir fikrlar, farq va bayonotlarga, o’tmishning o’zga olimlari kitobida uchramagan ko’p narsalarga duch keladi…»[33] Haq gap. Uyg’oq Aql dahosining ziyosi doimo insoniyat ma’naviyatini nurlantirib turishi shubhasidir.

IZOHLAR

[1] «Mashshoiyyunlik, mashshoiyya» ham arabchada xuddi shunday ma’noni anglatadi.
[2] Abu Ali Ibn Sino. She’rlar va tibbiy doston. T., 1981,14 – 15 b.
[3] O’sha asar, 25-bet.
[4] Q a r a n g: Abdusodiq Irisov. Hakim Ibn Sino. T., «O’zbekiston», 1992 , 82-b.
[5] Q a r an g: Abdusodiq Irisov. Hakim Ibn Sino. T., «O’zbekiston», 1992 , 84–100-b.
[6] Q a r a n g: S. Mirzaev. Ibn Sinoning Sharqshunoslik instutida mavjud asarlari. Bibliografiya. T., 1955; B. Vahobova. Rukopisi proizvedeniy Ibn Sini v sobranii instituta Vostokovedenii AN UzSSR. T., 1982.
[7] Q a r a n g: M. Xayrullaev. «Shayx ur-Rais». // M.Xay rullaev. Uyg’onish davri va Sharq mutafakkiri. T., 1971; M. Baratov. Abu Ali ibn Sino – buyuk entsiklopedist olim va faylasuf.//Abu Ali ibn Sino tug’ilgan kunining 1000 yilligi. T., «Fan», 1980.
[8] Q a r a n g: Abu Ali ibn Sina. Izbrannie proizvedeniya. T. I, Dushanbe, 1980. S. 193.
[9] Q a r a n g: O’sha kitob. 104-bet; shuningdek, M. Baratov. Abu Ali ibn Sino – buyuk entsiklopedist olim va faylasuf.
[10] Q a r a n g: «Obshestvennie nauki v Uzbekistane» jurnali. 1980, 8-9-sonlar; Shuningdek, X. Jonmatova. Abu Ali ibn Sinoning axloqiy qarashlari. // Abu Ali ibn Sino tug’ilgan kunining 1000 yilligi. T., «Fan», 1980 .
[11] Q a r a n g: Abo’ aliy Ibni Sino. Osori muntatxab (Iborat az dah child).Childi duyum. Dushanbe, «Irfon», 1980. Sah. 22–26.
[12] Q a r a n g: «Sog’lom avlod uchun» jurnali, 1966 yil, 3-4-sonlar.
[13] Q a r a n g: «Sog’lom avlod uchun» jurnali, 1996 yil, 5–4-sonlar.
[14] Iz istorii filosofii. M., «Nauka», 1957. S. 11–12.
[15] «Al-Majistiy» – qadimgi yunon astronomi Ptolomeyning (II asr) «Almagesta» asari. Ammo gap bu yerda ibn Sinoning asari, ya’ni to’ldirilgan va boyitilgan «Al-Majistiy» haqida ketyapti (A.SH.).
[16] Uqlidus – miloddan avvalgi 355–315 yillarda yashagan qadimgi yunon olimi Evklid (A.SH.).
[17] Ibn Sino. She’rlar va tibbiy doston, 28–b.
[18] Abu Ali ibn Sina. Izbrannie proizvedeniya. T.1. S.188.
[19] Izbrannie proizvedeniya misliteley stran Blijnego i Srednego Vostoka. M., «Nauka», 1961. S. 165, 266.
[20] Serebryakov. S. B. Traktat Ibn Sini (Avitsenni) o lyubvi. Tbilisi, «Metsniereba», 1976. S. 49.
[21] Q a r a n g: Estetika. Slovar`. M., Politizdat, 1989. S. 96.
[22] O’sha joyda. Shuningdek, q a r a n g: Abu Ali ibn Sino. Salomon va Ibsol. T., G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, 1980, 89–b.
[23] Q a r a n g: o’sha manba, 99–100-b.
[24] O’sha manba, 100-b.
[25] Q a r a n g: o’sha manba, 101-b.
[26] Abu Ali ibn Sino. She’rlar. T., «Fan», 1965, 13–b.
[27] O’sha kitob, 14–b.
[28] Abu Ali ibn Sino. She’rlar va tibbiy doston. T., O’zKPMK nashriyoti, 1981, 52–b.
[29] Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. 11-jild. T., 1993, 13–bet.
[30] Yakubovskiy A. O’zbek xalqining yuzaga kelishi masalasi haqida. T., O’zFan nashriyoti, 1941, 9– bet.
[31] Keyingi ba’zi bir tadqiqotlarda Adib Ahmadning XII–XIII asrlarda emas, balki ancha avval – VIII–IX asrlarda yashab o’tgani qayd etiladi. Q a r a n g: M. Imomnazarov. Adib Ahmad Yugnakiy. // Buyuk siymolar, allomalar, I kitob, T., «Ma’naviyat», 1995, 24–25-betlar.
[32] “Guliston” jurnali, 1980 yil, 8-son.
[33] Abdusodii Irisov. Hakim Ibn Sino.T., “O’zbekiston “, 1982, 81-bet.

Manba: Taniqli shoir va falsafashunos olim Abdulla Sherning veb-sahifasi

ABU ALI IBN SINO
SALOMON VA IBSOL
Abdusodiq Irisov tarjimasi
g'8

O’tgan zamonlarda Salomon degan kishining bir ota va bir onadan tug’ishgan ukasi bor edi. Salomon ukasini o’z o’g’liday tarbiyaladi va yurish-turishida nojo’yalik topmay, unga odamlar biladigan va o’rgatadigan hamma fanlardan ta’lim berdi.

Tangri unga go’zal ko’rk va shaydoyi husn berdi. Bola balog’atga yetgach, shayton yangasining ko’zini unga burib yubordi, ketidan ko’nglini ham unga bog’ladi. Xotin unga oshiq bo’lib qoldiyu, o’z dardini nchiga sig’dirishga chiday olmadi.

Bir kuni Salomonga xotini shunday dedi:
— Ukang Ibsol, so’zsiz, olijanob bola, u senga o’z farzandingdek yaqin. Uning dinu diyonati ustivor, yaxshi xulqli qilib yetishtirding. Endi, uni mening oldimda, bolalaringga qo’shib qo’ygin, ularga xulqu odob va yaxshi fe’l-atvorlardan o’rgatsin.

Salomon, xo’b, sen aytganday bo’ladi, dedi.

Keyin Salomon Ibsolga har bir payshanba va juma kunlari yanga qasrga kelib turishni tayinladi. Bunda Ibsol biror shumlik borligini sezib qoladi va Salomonga shunday deydi:

— E, aka, men qayoqdayu, qasrdagi xotinlar qayoqda! Men bu ishni ko’ngildagidek bajo keltirolmayman. Bolalaringga o’zing bosh bo’lib, nazorat qilib tursang, zarur bo’lganda men ulardan xabar olib tursam, bu durustroq va yaxshiroq bo’lardi.

Ukasining bu gaplarini eshitgan Salomon ukasiga:
— Bu gaping durustku-ya, lekin yangang sen bilan xursand bo’ladi,— dedi,— ochiq yuz bilan uning oldiga kirib tursang, u buni xush ko’radi. Shunday qilsang, senga u yaxshi iltifotlar qiladi, sendan xursand bo’ladi. Ko’ngli ko’tarilib, senga sovg’alar beradi. Sen ham endi sho’rtumshuqlik qilib, yangangdan o’zingni olib qochmagin-da. Axir u seni o’z bag’rida katta qildi, sen bola eding, u senga onalik ko’zi bilan qaradi. Sen ham endi qo’lingdan keladigan yordamingni ayamay, uni xursand qilgin-da.

Shunday qilib, voqea aytganday bo’lib, Ibsol yangasining xonasiga kirgach, qanchadan-qancha tillayu qimmatbaho narsalar sochilib yotganini ko’rdi. Shayton xotinning bolaga bo’lgan muhabbatini yana ham oshirib yuborgan edi, xotin qaynisiga ustma-ust gavhar va durlar qadalgan ipaklik sarupolar qo’ydi.

Ayol o’zini Ibsolga eng yaqin qilib ko’rsatib, bu harakatiga uni ishontirmoq uchun o’zini vazmin tutib turdi, tiliga erk bermadi, zo’rma-zo’raki bo’lsa ham o’zini tutib turishga urindi. Natijada Ibsol o’zining aldanganiga farosati yetmay, xotinning xatti-harakatini samimiy deb bildi, unga mehribonlik qilayotganligiga shubha qilmadi.

Nihoyat xotin uni bir necha marta shunday sinab ko’rib, xotirjam bo’lib, ko’ngli joyiga tushgach, xilvatda unga dilidagi sirini ochib shunday dedi:
— E, Ibsol, tangrining taqdir qilgani bo’ladi, men va sen yaratilishimizdan oldin, men seni sevishim belgilanib qo’yilgan. Tangri taoloning taqdir qilgani shu. Rabb ul-olaminning taqdiridan qochib qutuladigan odam ham, qochadigan joy ham yo’q.

Yangadan bu gaplarni eshitgan Ibsol hayron bo’lganicha, boshini quyi soldi. Qo’lini tangridan berilgan va shu holga tushishga sabab bo’lgan chiroyli yuziga urib, endi nima qilsamikin, deb chuqur o’yga cho’mib qoldi.

Keyin u o’zicha o’ylanib qolib aytdi: «Agar men uning talabiga ochiq-oydin buysunmasam, mendan burungi rostgo’ylarga xotinlar makr qilganidek, bu ham menga makr qilishi mumkin. Agar Tangrim va akam ra’yiga qarshi ish qilib, xotinga shirin so’zlarimni aytsam, amalga oshmaydigan va’da ustidan chiqqan bo’lishimdan qo’rqaman. E, Tangrim, menga o’zing yo’l ko’rsat, kushoyish ber!»

Xotinning oldiga kirishni Ibsolning ko’ngliga soldik. Shundan keyin xotin oldiga kirish fikri Ibsol xayolidan kechdi. Keyin Ibsol o’ziga-o’zi shunday dedi: «Taqdir shu ekan, endi peshonamda yozilganidan bo’lak hech narsa bo’lmaydi».

Keyin xotinga qarab, tangrining taqdirini kutgin, balki u sendan bu fikrni kaytarar yoki boshqa biror ish qilishga menga yo’l-yo’riq ko’rsatar, dedi. E, Tangrim, o’zing kushoyish ber, o’zing yarlaqa. U o’zicha aytdi:

«E, Tangrim, qalbimni ixtiyoringga topshirdim, uni o’zing rozi bo’lgan narsaga barqaror qil. Bu dunyo va oxiratda mening yagona vakilimsan, iloyim sen xotinlarni mening ustimdan xo’jayinlik qilishiga yo’l qo’yma!»

Ibsolning yuqorida, tangri taqdirini kutib tur, deb xotinga aytgan gapi uning o’ylab qo’ygan hiylayu makrini buzgach, xotin birmuncha qizishdi va yig’lamsirab qizargan ko’zlarini undan o’girdi. Xotin qaynisidan arazladi. Ibsol tag’in xotin dod-voy solmasin uchun bu gap bilan o’z muddaosini yashirdi va vaqti-vaqti bilan uning huzuriga kirib turadigan bo’ldi. Buning natijasida xotin bir qancha vaqt sabr qilib yurib, unga qaytib ginaxonlik qilmay qo’ydi. Bu bilan xotin go’yo Ibsoldan tiyilganday bo’ldi. Ibsol bo’lsa shunday bo’lganidan xursand bo’lib, Tangriga shukurlar qilardi.

Ko’p o’tmasdanoq xotin qalbi isyon qilib, Ibsol ishqi uni yana o’ziga tortayotganday bo’ldi. Shu paytda, uning ko’ngli chopib, Ibsol bo’yniga qo’lini tashladi. Shunda Ibsol xotinni jerkib berdi; shu bilan Ibsol xotindan yuz o’girdi, xotin esa o’z ishqida jafo chekib yurdi. Shu tariqa Ibsol xotindan bir oz uzoqlashdi, xotin esa noqulay holatga tushib katta-katta qasamlar ichdi va shunday dedi:

— Rostini aytsam, seni sinab ko’rmoqchi edim, undan bo’lak maqsadim ham yo’q edi, yigitlikning eng avj paytida bo’la turib qilayotgan taqvoyingning sababini bilgani shunday qilgan edim, natijada, sening chinakam taqvodorligingga ishondim. Egamga qasam ichib aytamanki, bu voqeadan keyin qulog’ing xafa qiladigan narsani mendan eshitmaydi.

U shu daqiqada bir kunmas-bir kun o’z qasamini buzishini va aldash niyati borligini yashirib turardi. Xotin eriga aytdi:

— Men ukang Ibsolni yigitlar ayni yetilayotgan paytda sinaladigan yo’l bilan sinadim. Uni nomusli ekanini bilsam, singlimni olgin, deb aytmoqchi edim; singlim bilan birga juda ko’p sep ham yubormoqchi edim. Uni sinab ko’rib, ma’qul topdim, endi singlimni unga nikohlab bermoqchiman. Zora bu ish tangrimga xush kelib, doimiy osoyishtalik baxsh etsa.

Keyin xotin o’z singlisiga kengashib aytdi:
— Agar sen oldingga kelgan Ibsoldek mehmoningga sevilib qolsang, menga ham u bilan birga bo’lishga ruxsat berasanmn? Men buni unga aytmayman, o’zi ham sezmaydi. Men uni o’zimga kerak bo’lgani uchungina senga
tanlayapman. Agar xohlasang, shunga rozi bo’lasan, xohlamasang buni sendan qaytaraman, yana o’zing bilasan.

Xotin kelib Ibsolga aytdi:
— Singlim uyatchan, hali er ko’rmagan, sen uni xursand qil, oldiga tim-qorong’u kechada kir; to tanishib, bir oy o’tmaguncha, undan bir og’iz ham so’z so’rama.

Xotin darrov singlisi yotadigan joyga borib yotdi.

Ibsol, hali ko’nglidagi shubhasi ketmasdanoq, qorong’u kechada xotin oldiga kirgan zahoti yanga uni bag’riga bosishdan o’zini tiyolmadi.

U: «Hey»,— deb qattiq baqirib yubordi, keyin unga aytdi:
— Agar sen uyatchan qiz bo’lganingda eding, er kishidan oldin talpinmasding, sen boshqa bo’lsang kerak.

Ana shu paytda chaqmoq chaqadigan tizma bulutlardan bir qismini paydo qildik. U bulut chaqmoq chaqib Ibsolga xotin yuzini ko’rsatdi. Ibsol norozi bo’lganicha u yerdan qochib chiqib ketdi.

Ibsol juda dovyurak, pahlavon yigit edi. U biron askar ustiga yurish qilganida uni nesu nobud qilmay qo’ymasdi. U askarlari ko’p lashkar ustiga bostirib kelganida ularni yer bilan yakson qilar, ularni tevarak-atrofga tumtaraqay qilmasdan qo’ymasdi.

Uning o’zini dovyurak, xulqi atvorini raso va o’zini esa yashirin ilmlarga oshno qilgan edik. U o’sha yashirin ilmlarni ochdi.

Ibsol, xotin meni unutar, degan umidda akasi va yangasi dargohini bir qancha vaqt tashlab ketmoqchi bo’ldi, keyin borib akasiga aytdi:
— Senga Mashriqdan tortib Mag’ribgacha bo’lgan o’lkalarni fath qilib, Tangri dinini kofirlarga yoysam, nima deysan? Zora, Tangrim menga yordam bersa.

Salomon ukasining gapini ma’qul ko’rib, rozi bo’ldi.

Keyin Ibsol Qutb tomondagi o’lkalarga yurish qildi. Undan keyin Sharq tomondagi o’lkalarni bosib olishga jazm etdi. U eng izzatli va eng kuchli xalqni qidirib borib, ular ustidan hukmdorligini o’rnatmoqchi bo’ldi. Keyin Qay o’lkalariga, undan keyin to Chingacha bo’lgan, uning orqa tomonlariga va bu o’lkaga yondash Hind o’lkalariga yurdi. Keyin akasining o’lkalari chegarasiga yetib, akasi egallayolmagan o’lkalarni to Rofidongacha fath qildi. Keyin kemaga minib, dengizga tushadi. Keyin ortga qaytib, kunchiqish tomonga qarab yo’l oladi. Qator orollarga duch keladi va qirg’oq bo’ylab yuradi. Shunday qilib, kunchiqish orollarini olib bo’lgach, yana boshqa tomonga burilib, u yerda ham o’shanday ish qildi. Nihoyat, Humr o’lkalariga yetib, dengizdan quruqlikka chiqadi va u ba’zi guruhlarni birin-ketin qo’lga olish uchun ularning yerlarini axtaradi. Keyin Tayho cho’llarga kirib, to chuqur dengizga borguncha yo’llarni ulardan tozaladi. Ular bilan urishib, podshohlarini asir oldi. Undan keyin sohil bo’ylab chuqur dengizni Ahzomgacha yorib o’tishdan oldin Sabta mamlakatlariga yo’l oldi. U tekisliklarda toshqin bo’lib, undagi mamlakatlarni bosib o’tdi. Keyin shimol dengizlari bo’ylab sharq tomonga uzoq yo’l yurdi va nihoyat, ketgan joyiga qaytib keldi. U o’zicha, endi xotin meni unutgan bo’lsa kerak, hatto eslamasa ham kerak, deb o’ylagan edi.

Ibsol Hofiqonga ega qilganimiz Zulqarnayn podshohlarning eng avvalgisi edi. So’ngra Ibsol akasining oldiga yo’l oldi. Ibsol butun ufqni tim-qorong’ulik bosganda akasi oldiga qaytib keldi.

U akasiga aytdi:
— E, aka, senga fath qilib bergan o’lkalarim ko’zimga tuproqdan ilashgan bir gardcha ham emas. Menga uni mutloq qadri yo’q. Men fath qilgan mamlakatlarga ega bo’lgan toifa ahvolidan xabardor bo’lgan kishi yerni va yerda bor narsalarni nazar-pisand qilmaydi.

Xotin Ibsolning safardan qaytib kelganini eshitgach, ustomonlik qilib, quchoqlamoqchi bo’lib unga qulochini yozdi. Bu harakati bilan u go’yo unga ishqivozlik qilmayotganday bo’lib ko’rinmoqchi edi.

Ibsol xotinga aytdi:
— Salom, Tangrim seni pok saqlasin, menga yaqinlashma! Men o’sha bilganing Ibsolman. Tangrim rabb ul-olamiyn o’z panohida asrasin, barcha yomon kirdikorlarni o’zi aritsin. Egamga tavakkul qilaman.

Salomon xonadoniga bobilliklardan dushman chiqib, ularning qo’ri qutlarini tugatadigan bo’ldi. Ularning jazosini bermoq uchun akasi Ibsolni o’sha tomonga yubormoqchi bo’lib, unga askar to’plab berdi. Xotin esa Ibsolni unutib, unga yaqinlasha olmasligiga ko’zi yetdi. Natijada xotin Salomon askar boshliqlariga xazinadan pora berib, Ibsolni boshi berk ko’chaga kirgizib, dushmanga ro’para qilishga va o’zlari uning ko’ziga ko’rinmay ketib qolishlarini tayinladi. Ibsol qochib ketishi mumkin bo’lgan har bir yo’l dushman askarlari tomonidan to’sib qo’yilgan bo’lishi kerak edi. Xotin lashkarboshilarga shularni shart qilib qo’ydi; Ibsol askarlarga qarshilik qilmoqchi bo’lsa, ular uni qiyma-qiyma qilib tashlashlari kerak.

Xotin askarlarga nima buyurgan bo’lsa, ular o’shani qildilar.

Agar biz uning boshidan baxtsizlikni ko’tarmaganimizda, qilichlar Ibsolni bo’lib tashlab, sog’ qo’ymagan bo’lar edi. Ular Ibsolni qonga bo’yab tashlab ketishdi. U xo’rlanib qoldi. Biz ularni Ibsol ahvolidan bexabar qoldirdik. Keyin ular ustiga juda ham ivitadigan yomonlik yomg’irini yog’dirdik. Unga vahshiy hayvonlarning eng g’amxo’ri bo’lgan — oq kiyikni emizuvchi qilib yubordik. Kiyikning unga mehri kelib, Ibsol og’ziga o’z emchagini soldi va shunday qilib u birmuncha vaqt kiyikni emdi.

Ibsolning akasi dushmanlar tomonidan o’rab olinib, uning hukmronlngi kuchsizlanib qolgan va ukasi Ibsolni yo’qotganidan qayg’u-hasratda rangi somon bo’lgan edi.

Ibsol o’ziga kelib, duch kelgan kishidan so’rab-surishtirib boshiga tushgan kulfatlardan ogoh bo’ldi, uni qiyin ahvolga tashlab ketgan askarlar to’dasining ketib qolganini bilgach, juda ham afsuslandi.

— E, Tangrim, o’zing menga ko’mak ber. Sen menga mehribonsan, menga bergan ne’matingni sanab tugatolmayman; menga cheksiz mehribonlik qilding!—deb Yaratganga nolidi, uning mehribonligiga shukrona bildirdi.

Shundan keyin u akasining o’lkasi tomon yo’l olib, nihoyat, akasiga dushman qo’llari yetayozganda yurtiga yetib keldi. Shunda Ibsol akasiga mehribonlik qilib:

— Men ukang Ibsolman, sen giriftor bo’lgan baloni sendan daf qilishim va baloga to’g’anoq bo’lishim uchun tangrim meni oldingga yubordi,— dedi.

Salomon Ibsolga parokanda bo’lgan qavmlarni kerakli oziq-ovqatlari bilan yig’ib berdi. Ibsol shahar chekkasiga, askarlar oldiga chiqib aytdi:
— Mana men, xizmatingizga tayyor o’sha Ibsolman. Tangrim meni sog’aytirdi. U eng karomatli va rahmdil. U va’dasiga eng sadoqatli va eng vafoli yordamchi va qodir, mehribon va shifo beruvchi. Har qanday maxfiy narsalar ham unga ayondir.

Ibsol odamlarining yuraklari dovlanib, dushmanlar bilan kurashish uchun to’plandilar, dillarida hech bir xavf qolmadi. Dushmanni o’z yerlaridan surib chiqardilar, dushmanlar qochisha boshlagach, ularning ro’paralaridan chiqib qarshilik qildilar, nihoyat, ularni yengib, ularga qattiq shikast yetkazdilar. Hali yetilmagan ekinlarni o’rgandek qirib tashladilar.

Ibsol urushga shunday kirishdiki, o’z qo’li bilan hatto dushman to’dalarnning ulug’ini asir qilib oldi. Keyin u Bobilga qarab yurdi. Bobil Ibsolga darhol muyassar bo’ldi. Kon va boyliklarining hammasi Ibsol qo’liga kirdi va hamma tomonlarga Ibsol ovozasi tarqab, shonu shavkati zo’raydi. Ibsol sadoqatli, taqvodor va nomusli podshoh edi.

Shunday qilib, Ibsol o’z akasi oldiga qaytib kelsa, xotin uni ochiq-oydin aldash payiga tushib, bu ishga qattiq kirishadi. Nihoyat, Ibsolni alday olmasligiga ko’zi yetgach, xotin endi hind sunbuli dorisidan yoki zarab ul azraqdan Ibsolga ichiringlar, deb oshpaz va dastyorga buyuradi. Ikkovi xotinning buyrug’ini bajo keltirib, unga miqdoridan ko’proq zahar ichirishadi. Bu tadbir sabrli kishilarni ham besabr qildi, ko’pchilikni musibatga cho’mdirdi. Bundan hatto yer titrayozdi; yer yuzidagi har bir jonli narsa Ibsolning halok bo’lishidan g’amu hasratga tushib, hatto Ibsolning o’zi egalik qilgan mamlakatlardagi va qilich bilan qo’lga olgan yurtlardagi kishilar ham hasratlanib, bu ish sodir bo’lganidan g’azabga kelishdi. Chunki Ibsol har bir jonlining nazarida eng olijanob, asl inson, bilim-ma’rifatli ulug’ kishi timsoli edi.

Shundan keyin akasi butun qullaridan voz kechdi. U qullarini ozod qilib, ularga xuddi o’z qarindosh-urug’laridek iltifot qildi…

Shunday qilib, tangri Salomonga bir hukm orqali xotinining bu qilgan ishini oshkor qildi. Natijada unga xotin, oshpaz, ovqat tashuvchilar tomonidan qilingan maxfiy ishlar ma’lum bo’ldi. Ular zulm qiluvchi kishi uchun bizdagi bor bo’lgan azobu uqubatlarni bilmadilar. Ularning uchalasiga ham Ibsolga ichirilgandek ho’plab zahar ichirildi. Ularning uchalasi ham o’lib, o’z joylaridayoq chirib ketdilar. Bundaylarning har bir qilgan ishlariga yarasha jazoimiz ham bor. Biz kichik va katta gunohlardan bexabar emasmiz. Aniq hisoblanmagan hech bir narsa yo’q. Qaysi bir do’stimizni huzurimizda bor hukmlardan istagani bilan imtihon qilsak, u sabr qilsa, shunga yarasha mukofotga sazovor bo’ladi. Ozmuncha kishilar o’ldirilmaganmidi-yu, ozmunchasi shahid qilinmaganmidi?!

Har bir jon egasi uchun ma’lum muddat bor. Dahrga qazo chiqarishdan oldin biz har bir jon uchun ma’lum bir muddat o’lchab berganmiz va buni qazo kitobida yozganmiz. Bu o’sha o’lchab bergan muddatdan ortiqcha bo’lmaydi. Endi rabbingga tavakkul qil! Rabbing sen eshitgan va bilgan kishilardan hech biriga qilmagan in’omlarini senga qilmadimi?! Sen o’rganishing kerak bo’lgan har bir joyda haq nima ekanini ochib ko’rsatdi. Seni haq yo’lga yo’lladi va senga hamma yordamini ko’rsatdi .

045

(Tashriflar: umumiy 4 443, bugungi 1)

Izoh qoldiring