Boyazid Bistomiy. Ilohiy muloqot.

011

    Тўла номи Абу Язид Тайфур ибн Исо ибн Сурушан Бистомий Акбар бўлиб, Теҳрон-Машҳад оралиғидаги Шоҳруд вилоятининг Бистом (айрим манбаларда Бастом) қасабаси (Кумуш мавзеи)да таваллуд топган. Манқабага кўра 313 устоддан таълим олган, уларнинг асосийси, Абу Али Синд (Ҳинд)ий бўлиб, Жаъфар Содиқ (ваф. Ҳижрий 148)нинг увайс шогирдидир. Абу Мусо Дейбулий (Дубайлий), Абу Мансур Жиновий, Маҳмуд Кайвоний, Абдуллоҳ Йунобидий каби шогирдлар етиштирган.
Замондошлари Зуннун Мисрий (ваф. 245/859), Шақиқ Балхий (ваф. 164/780), Абу Туроб Нахшабий (ваф. 245/859) билан мулоқотда бўлгани айтилади. Тасаввуф алломаларидан Абу Саййид Абулхайр, Абулҳасан Ҳарақоний, Имом Ғаззолий, Ҳаким Санойи, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби буюк мутасаввифларнинг шаклланишида таъсири бор.
Боязид Бистомий номи билан «Шатахийят» (луғавий маъноси «соҳилга чиқиш») китоби (туркчада “Шатаҳот”, яъни жўшқин ифодалар) боғланади, унда жазба ҳолатидаги нидо, муножот ва мулоқотлар жамланган. Шунингдек, “Китобу-н-нур мин каломоти аби ал-Тайфур” нақл ва ҳикматлари жамланган. Эрон олими Абдуррафи Ҳақиқат “султону-л-орифин”нинг ҳикоят ва рубоийлар муаллифи сифатида ҳам таништиради. Фариддидин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандий тазкираларида номи зикр қилинган.
Тасаввуфнинг илмий (Қуръоний) асосланишида, Фано ва тариқат тушунчалари талқинида унинг таълимоти эътиборли. Тасаввуфдаги тайфурийлик ёки бистомийлик (айрим манбаларда боязидийлик) тариқат йўлининг асосчисидир. Боязид Бистомийнинг покланиш йўли (тариқи) барча сўфийлар томонидан баравар маъқул деб қабул қилинмаган, шунинг учун уни тавҳид, яъни ягоналикка даъво қилишликда айблашган ва «кофир» деб эълон қилишган. Манбаларда 103 ёшида ((874 й.) вафот этгани қайд этилади.
«Илоҳий мулоқот» номи билан машҳур асари «Шатхийят» таркибига кирган бўлиб, самовий мажлисларда эҳтирос билан ўқилган. Тавсия қилинаётган матн турк олими Эрол Гунгўрнинг «Ислом тасаввуфи масалалари» китобига илова қилинган (Истанбул, 1993). Ўзбек тилида илк бора эълон қилиняпти.

Абу Язид (Боязид) БИСТОМИЙ
ИЛОҲИЙ МУЛОҚОТ
Туркчадан Ҳамидулла Болтабоев таржимаси
01

Тангрига жуда яқиндан назар ташладим, кейин мени Ўзидан бошқа ҳар нарсадан қайтарди ва мени нури билан ойдинлатди. Ўзи сирларидан менга фавқулодда нарсаларни кўрсатди. Менга Ўз борлиғини ҳам намойиш этди ва мен ўзимнинг Унинг борлиғи-ла бўлган айният1ига назар ташладим. Менинг нуримни Ўз нури ичида йўқотди; менинг шон-шуҳратим Унинг шон-шуҳрати ичида, менинг қудратим Унинг қудрати ичида эриб кетди2. Ўзимни Унинг ўзлиги билан ўхшаш эканлигимни, шон-шуҳратимнинг У ила бир бўлганлигини, юксаклигимнинг Унинг юксаклиги-ла айнанлигини кўрдим. Кейин Унга илоҳий назар ташладим ва «Бу кимдир?» дедим. «Бу на Менман, на Мендан бошқаси; Мендан бошқа Илоҳ йўқ», — деди. Сўнгра менинг ўзлигимни У Ўзлигига айлантирди; менга ўз шахсиятимни унинг Ўзлиги ичида йўқоттирди, ўз шахсиятини менга ягона ҳолда кўрсатди. Сўнгра Унга Унинг ўзлиги-ла назар ташладим. Ҳаққа Ҳақ ила боққан вақтимда Ҳақни Ҳақ-ла кўрдим ва ўшанда Ҳақда Ҳақ билан бирга бўлдим.

На нафас, на тил, на қулоқ, на бошқа бир нарса бор эди. Ўша онда Тангри ўз билимидан менга илм ва ўз лутфидан менга тил, ўз нуридан менга кўз берди. Ўша замон Унга Унинг нури-ла боқдим ҳамда Уни ўз илми билан кўрдим, унинг лутфининг тили-ла Ўзи ила кўришдим. «Сенинг-ла менинг ҳолим қандайдир?» дедим. Менга «Мен сенинг-ла сенман. Сендан бошқа Аллоҳ йўқ», деди. «Мени мен-ла йўлдан чиқарма, мен Сенсиз Сенинг ўрнингга ўзимни истамайман: мендан бошқа Сенинг ўрнингга Сени истамайман», дедим. Ўша вақт менга менинг ўрнимга Уни берди ва У билан ўз ўрнимга У воситаси ила кўришдим. Дедимки, «Эй менинг муродим, Сенинг қўлингда Сендан келган нимам бор?» Менга деди: «Амримга ва таъқиқимга мос бўл!.» Дедим: «Сенинг амр ва таъқиқингда нимам бор?» Деди: «Амримга ва таъқиқимга ҳурматинг сабабли мақтовим, менинг амримдан бажарганларинг учун сенга ташаккурим, менинг таъқиқимдан қочганинг учун севгим бор». Дедим: «Агар муташаккир бўлсанг, бу ташаккурингни ўзингга айт, аммо агар айбласанг, эй менинг муродим, эй изтиробимдаги умидим, қашшоқликдаги иложим, сени айблашга лойиқ эмас. Амр берган Сенсан, амр берилган ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Сўнгра менга қарши жим турди: билдимки, бу жимлиги Унинг мамнуниятига ишора эди. Деди: «Сенга ким билдирди?» Дедим: «Сўраган сўрамагандан жуда яхши билар. Жавоб берган Сенсан, Савол сўраган ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ».
Тангрининг менга Ўзи билан қилган исботи бунда тугади ва мен Ундан У билан жуда хушнуд бўлдим. У ҳам мендан Ўзи билан мамнун қолди; чунки мен Унинг-ла бор эдим. У — У эди ва Ундан бошқа Тангри йўқ эди. Сўнгра мени зотининг нури ила ойдинлатди ва мен Унга илоҳий файз ва барaкот назари ила боқдим. Менга дедики: «Менинг саховатимдан нима истасанг, сенга берайин». Дедим: «Сен файзингдан ҳам файзлисан. Сен сахийлигингдан ҳам сахийроқсан. Мен Сенда Сен-ла хушнудман ва сўнгида Сенга келдим. Менга Сендан бошқасини берма ва мени Сендан узоқлаштирма. Мени лутф ва караминг-ла, сахийлигинг-ла алдама. Зеро, карам фақат Сендандир ва яна Сенга қайтар. Қайтарган Сенсан, қайтарилган ҳам Сен. Излаган Сенсан, изланган-да Сен. Орзу Сендан тугагандир, талаб Сенинг-ла Сенда тугагандир».

Сўнгра бир он менга жавоб бермади. Аммо ниҳоят гапирди ва шундай деди: «Ҳақдир гапирганинг, Ҳақдир эшитганинг, Ҳақдир кўрганинг, Ҳақдир тасдиқ этганинг». Дедим: «Ҳа, шундай, Сен Ҳақсан ва Ҳақ Ҳақ-ла кўрингандир; Сен Ҳақсан, Ҳақ Ҳақ-ла тасдиқ этилгандир. Сен эшитгансан, эшитмоқни берган ҳам Сен. Сен Ҳақсан, Ҳақни амалга оширувчи ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ». Деди: «Сен Ҳақдан бошқа бир нарса эмассан, сўйлаганинг-да Ҳақдир». Дедим: «Амалнинг тўғриси, Сен Ҳақсан ва Сенинг сўйлаганларинг Ҳақдир ва Сенинг-ла Ҳақ Ҳақдир. Сен Сенсан, Сендан бошқа Тангри йўқ». Кейин менга деди: «Сен нимасан?» Дедики: «Мен Ҳақман». Дедим: «Мен Сенинг биланман». Деди: «Агар сен менинг-ла бўлсанг, у ҳолда Мен сенман, сен-да Менсан». Дедим: «Мени Сенинг ўрнингга… Сен билан Сендаман. Йўқ, йўқ. Албатта, Сен Сенсан. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Ва мен Ҳаққа етишганим ва Ҳақ-ла Ҳақнинг ёнида турган вақтимда менга шараф қанотини берди. Қанотим-ла учдим, аммо Унинг мушарраф ва буюклигининг охирига бора олмадим. Унга товуш чиқардим ва Унга қарши Унинг ёрдамига ёлвордим, чунки унга қарши Ундан бошқа бир кучим йўқ эди. Мени зийнатлар-ла безади, бошимнинг устига ўз сахийлигининг тожини қўндириб мени тожлантирди. Мени Ўз ягоналигида ягона, Ўз бирлигида бир қилди. Мени ўз сифатларим билан хослантирдики, ҳеч кимса у сифатларга ошно эмас. Кейин шундай деди: «Менинг тоқлигимда тоқ, ягоналигимда ягона бўл. Менинг сахийлигимда тожланган бошингни юқори кўтар ва менинг инончим-ла инончли, менинг буюклигим ила юксак бўл. Яратганларимизга менинг сифатларим-ла боқки, сенинг ўзлигингда Ўз шахсиятимни кўра билайин. Ким сени кўрса Мени кўради, ким сени изласа Мени излайди, эй менинг ер юзимдаги нурим, кўк юзимдаги зийнатим…» Аммо мен унга шундай дедим: «Сен менинг кўзимда менинг нигоҳим, менинг жаҳлимда менинг илмимсан. Ўз нуринг бўлки, Ўзинг-ла кўрина билгин. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Сўнгра хушнудлик тили-ла менга жавоб берди, дедим: «Қандай яхши биласан-а, эй қулим». Дедим: «Билган Сенсан, билинган-да Сен. Тоқ қилган Сенсан, тоқ бўлган Сен. Тоқлигингда тоқ бўл, ягоналигингда ягона. Сени ташлаб, Сен била машғул этма мени».

Тангрининг менга Ўзи тоқлигида Ўзини билдириши ва ягоналиги-ла ягоналигини кўрсатиши шундай тугади. Ўзимни ёлғизлашни Уни тоқлигида кузатдим, шу йўсин Уни Ўзи ила менинг сифатларим унинг сифатлари ичида эриб кетди.

Исмим Унинг исмида йўқолди, аввалим Унинг аввалида, охирим Унинг охирида йўқ бўлди.

Сўнгра Унга Унинг зоти-ла назар ташладим, у Зотни тавсифчилар кўрмас, билимдонлар билмас, ўқимишлилар англай олмас. У ҳам менга Ўз зотининг кўзи ила боқди ва ўртада на қадам қолди, на сифатларим; на олдиним, на кейиним, на тасвирим.

Сўнгра менга Ўз Ўзлиги билан хитоб этди: «Эй Сен». Тангрининг менга Ўзини Ўз зоти-ла кўрсатилиши ҳам шундай тўхтади. Мени қайси исми-ла чақирган бўлса, мен Уни У исм-ла чақирдим, мени қайси сифати ила хослатган бўлса, мен Уни ўша нарса орқали сифатладим. Ва шундай қилиб, ҳар нарсадан У билан ажралдим ва бир пайт на руҳ, на бадан, бир ўлик каби қолдим. Сўнг мени ҳаётим билан жонлантирди, ундан сўнг ўлдирди ва «Бугуннинг эгаси ким?» деди. Мени жонлантирган вақт «Тангридир, бир ва қодир Тангридир» дея жавоб бердим. «Ном кимникидир?» деди. «Тангрининг, бир ва қодир Тангрининг…» дедим. «Ҳозир ижобат бўлган кимнинг ҳукми?» деди. «Тангрининг, бир ва қодир бўлганнинг…» дедим. «Ким афзал?» деди. Дедим: «Раббимдир, ҳамма нарсага ҳукм берувчи Раббим». Деди: «Сени Менинг ҳаётим билан жонлантирдим. Менинг ўлкамга султон қилдим, сени Менинг номим ила номладим, Менинг афзаллигимни сенга англатдим». Дедим: «Сенинг нима истаётганингни билмаяпман. Мен ўзимга оид эдим, аммо Сен буни маъқул кўрмадинг». Дедики: «На ўзингга оид бўл, на Менга. Сен йўқлигингда Мен сен эдим, сен ҳам сен йўқ экан Менинг ила бўл: мавжудлигингда ўзингники бўл ва бор эканлигингда Менинг бўл». Дедим: «Сен бўлмасанг буни (ёлғиз ўзим) қандай қила оламан?» Сўнг менга қудрат назари ила боқди. Ўз борлиғи ила мени қийматсиз (йўқ) қилиб қўйди ва Ўз зоти ила менда тажалли этди. Мен У ила бор бўлдим, бирлашиш шу йўл билан ниҳояланди ва дунё бир бўлди. Ҳамма нарса Ҳамма нарса воситасида Бир бўлди.

Сўнг менга шундай деди: «Эй Сен». Мен ҳам У ила дедим: «Эй Мен». Шунда менга: «Сен Танҳосан» — деди. Мен ҳам: «Мен Танҳоман» — дедим. Менга: «Сен Сенсан»-деди, мен ҳам «Мен Менман. Агар мен бўлиб Мен бўлган бўлсам Сен Сен бўл» — дедим. «Мен Менман» — деди. Менинг Унинг моҳиятидан баҳс этишим худди ваҳдат3 ҳолида Унинг «Менлигидан» баҳс этишим каби эди. Ва менинг сифатларим Тангриликнинг сифатлари бўлди, тилим ваҳдатнинг тили эди ва менинг сифатларим «У Удир, Ундан бошқа Тангри йўқдир» эди. Нима бўлган бўлса Унинг борлиги ила бўлганди ва нима бўлар бўлса Унинг борлиги ила бўларди. Менинг сифатларим Тангриликнинг сифатлари, менинг сўзларим азал ва абаднинг сўзлари, менинг тилим ваҳдат тили эди…

Манба: Ислом тасаввуфи манбалари,Тошкент,2010

011

     To’la nomi Abu Yazid Tayfur ibn Iso ibn Surushan Bistomiy Akbar bo’lib, Tehron-Mashhad oralig’idagi Shohrud viloyatining Bistom (ayrim manbalarda Bastom) qasabasi (Kumush mavzei)da tavallud topgan. Manqabaga ko’ra 313 ustoddan ta’lim olgan, ularning asosiysi, Abu Ali Sind (Hind)iy bo’lib, Ja’far Sodiq (vaf. Hijriy 148)ning uvays shogirdidir. Abu Muso Deybuliy (Dubayliy), Abu Mansur Jinoviy, Mahmud Kayvoniy, Abdulloh Yunobidiy kabi shogirdlar yetishtirgan.
Zamondoshlari Zunnun Misriy (vaf. 245/859), Shaqiq Balxiy (vaf. 164/780), Abu Turob Naxshabiy (vaf. 245/859) bilan muloqotda bo’lgani aytiladi. Tasavvuf allomalaridan Abu Sayyid Abulxayr, Abulhasan Haraqoniy, Imom G’azzoliy, Hakim Sanoyi, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Abdurahmon Jomiy kabi buyuk mutasavviflarning shakllanishida ta’siri bor.Boyazid Bistomiy nomi bilan «Shataxiyyat» (lug’aviy ma’nosi «sohilga chiqish») kitobi (turkchada “Shatahot”, ya’ni jo’shqin ifodalar) bog’lanadi, unda jazba holatidagi nido, munojot va muloqotlar jamlangan. Shuningdek, “Kitobu-n-nur min kalomoti abi al-Tayfur” naql va hikmatlari jamlangan. Eron olimi Abdurrafi Haqiqat “sultonu-l-orifin”ning hikoyat va ruboiylar muallifi sifatida ham tanishtiradi. Fariddidin Attor, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy va Davlatshoh Samarqandiy tazkiralarida nomi zikr qilingan.
Tasavvufning ilmiy (Qur’oniy) asoslanishida, Fano va tariqat tushunchalari talqinida uning ta’limoti e’tiborli. Tasavvufdagi tayfuriylik yoki bistomiylik (ayrim manbalarda boyazidiylik) tariqat yo’lining asoschisidir. Boyazid Bistomiyning poklanish yo’li (tariqi) barcha so’fiylar tomonidan baravar ma’qul deb qabul qilinmagan, shuning uchun uni tavhid, ya’ni yagonalikka da’vo qilishlikda ayblashgan va «kofir» deb e’lon qilishgan. Manbalarda 103 yoshida ((874 y.) vafot etgani qayd etiladi.«Ilohiy muloqot» nomi bilan mashhur asari «Shatxiyyat» tarkibiga kirgan bo’lib, samoviy majlislarda ehtiros bilan o’qilgan. Tavsiya qilinayotgan matn turk olimi Erol Gungo’rning «Islom tasavvufi masalalari» kitobiga ilova qilingan
(Istanbul, 1993). O’zbek tilida ilk bora e’lon qilinyapti.

Abu Yazid (Boyazid) BISTOMIY
ILOHIY MULOQOT
Turkchadan Hamidulla Boltaboev tarjimasi
01

   Tangriga juda yaqindan nazar tashladim, keyin meni O’zidan boshqa har narsadan qaytardi va meni nuri bilan oydinlatdi. O’zi sirlaridan menga favqulodda narsalarni ko’rsatdi. Menga O’z borlig’ini ham namoyish etdi va men o’zimning Uning borlig’i-la bo’lgan ayniyat1iga nazar tashladim. Mening nurimni O’z nuri ichida yo’qotdi; mening shon-shuhratim Uning shon-shuhrati ichida, mening qudratim Uning qudrati ichida erib ketdi2. O’zimni Uning o’zligi bilan o’xshash ekanligimni, shon-shuhratimning U ila bir bo’lganligini, yuksakligimning Uning yuksakligi-la aynanligini ko’rdim. Keyin Unga ilohiy nazar tashladim va «Bu kimdir?» dedim. «Bu na Menman, na Mendan boshqasi; Mendan boshqa Iloh yo’q», — dedi. So’ngra mening o’zligimni U O’zligiga aylantirdi; menga o’z shaxsiyatimni uning O’zligi ichida yo’qottirdi, o’z shaxsiyatini menga yagona holda ko’rsatdi. So’ngra Unga Uning o’zligi-la nazar tashladim. Haqqa Haq ila boqqan vaqtimda Haqni Haq-la ko’rdim va o’shanda Haqda Haq bilan birga bo’ldim.

Na nafas, na til, na quloq, na boshqa bir narsa bor edi. O’sha onda Tangri o’z bilimidan menga ilm va o’z lutfidan menga til, o’z nuridan menga ko’z berdi. O’sha zamon Unga Uning nuri-la boqdim hamda Uni o’z ilmi bilan ko’rdim, uning lutfining tili-la O’zi ila ko’rishdim. «Sening-la mening holim qandaydir?» dedim. Menga «Men sening-la senman. Sendan boshqa Alloh yo’q», dedi. «Meni men-la yo’ldan chiqarma, men Sensiz Sening o’rningga o’zimni istamayman: mendan boshqa Sening o’rningga Seni istamayman», dedim. O’sha vaqt menga mening o’rnimga Uni berdi va U bilan o’z o’rnimga U vositasi ila ko’rishdim. Dedimki, «Ey mening murodim, Sening qo’lingda Sendan kelgan nimam bor?» Menga dedi:«Amrimga va ta’qiqimga mos bo’l!.» Dedim: «Sening amr va ta’qiqingda nimam bor?» Dedi: «Amrimga va ta’qiqimga hurmating sababli maqtovim, mening amrimdan bajarganlaring uchun senga tashakkurim, mening ta’qiqimdan qochganing uchun sevgim bor». Dedim: «Agar mutashakkir bo’lsang, bu tashakkuringni o’zingga ayt, ammo agar ayblasang, ey mening murodim, ey iztirobimdagi umidim, qashshoqlikdagi ilojim, seni ayblashga loyiq emas. Amr bergan Sensan, amr berilgan ham Sen. Sendan boshqa Tangri yo’q».

So’ngra menga qarshi jim turdi: bildimki, bu jimligi Uning mamnuniyatiga ishora edi. Dedi: «Senga kim bildirdi?» Dedim: «So’ragan so’ramagandan juda yaxshi bilar. Javob bergan Sensan, Savol so’ragan ham Sen. Sendan boshqa Tangri yo’q».

Tangrining menga O’zi bilan qilgan isboti bunda tugadi va men Undan U bilan juda xushnud bo’ldim. U ham mendan O’zi bilan mamnun qoldi; chunki men Uning-la bor edim. U — U edi va Undan boshqa Tangri yo’q edi. So’ngra meni zotining nuri ila oydinlatdi va men Unga ilohiy fayz va barakot nazari ila boqdim. Menga dediki: «Mening saxovatimdan nima istasang, senga berayin». Dedim: «Sen fayzingdan ham fayzlisan. Sen saxiyligingdan ham saxiyroqsan. Men Senda Sen-la xushnudman va so’ngida Senga keldim. Menga Sendan boshqasini berma va meni Sendan uzoqlashtirma. Meni lutf va karaming-la, saxiyliging-la aldama. Zero, karam faqat Sendandir va yana Senga qaytar. Qaytargan Sensan, qaytarilgan ham Sen. Izlagan Sensan, izlangan-da Sen. Orzu Sendan tugagandir, talab Sening-la Senda tugagandir».

So’ngra bir on menga javob bermadi. Ammo nihoyat gapirdi va shunday dedi: «Haqdir gapirganing, Haqdir eshitganing, Haqdir ko’rganing, Haqdir tasdiq etganing». Dedim: «Ha, shunday, Sen Haqsan va Haq Haq-la ko’ringandir; Sen Haqsan, Haq Haq-la tasdiq etilgandir. Sen eshitgansan, eshitmoqni bergan ham Sen. Sen Haqsan, Haqni amalga oshiruvchi ham Sen. Sendan boshqa Tangri yo’q». Dedi: «Sen Haqdan boshqa bir narsa emassan, so’ylaganing-da Haqdir». Dedim: «Amalning to’g’risi, Sen Haqsan va Sening so’ylaganlaring Haqdir va Sening-la Haq Haqdir. Sen Sensan, Sendan boshqa Tangri yo’q». Keyin menga dedi: «Sen nimasan?» Dediki: «Men Haqman». Dedim: «Men Sening bilanman». Dedi: «Agar sen mening-la bo’lsang, u holda Men senman, sen-da Mensan». Dedim: «Meni Sening o’rningga… Sen bilan Sendaman. Yo’q, yo’q. Albatta, Sen Sensan. Sendan boshqa Tangri yo’q».

Va men Haqqa yetishganim va Haq-la Haqning yonida turgan vaqtimda menga sharaf qanotini berdi. Qanotim-la uchdim, ammo Uning musharraf va buyukligining oxiriga bora olmadim. Unga tovush chiqardim va Unga qarshi Uning yordamiga yolvordim, chunki unga qarshi Undan boshqa bir kuchim yo’q edi. Meni ziynatlar-la bezadi, boshimning ustiga o’z saxiyligining tojini qo’ndirib meni tojlantirdi. Meni O’z yagonaligida yagona, O’z birligida bir qildi. Meni o’z sifatlarim bilan xoslantirdiki, hech kimsa u sifatlarga oshno emas. Keyin shunday dedi: «Mening toqligimda toq, yagonaligimda yagona bo’l. Mening saxiyligimda tojlangan boshingni yuqori ko’tar va mening inonchim-la inonchli, mening buyukligim ila yuksak bo’l. Yaratganlarimizga mening sifatlarim-la boqki, sening o’zligingda O’z shaxsiyatimni ko’ra bilayin. Kim seni ko’rsa Meni ko’radi, kim seni izlasa Meni izlaydi, ey mening yer yuzimdagi nurim, ko’k yuzimdagi ziynatim…» Ammo men unga shunday dedim: «Sen mening ko’zimda mening nigohim, mening jahlimda mening ilmimsan. O’z nuring bo’lki, O’zing-la ko’rina bilgin. Sendan boshqa Tangri yo’q».

So’ngra xushnudlik tili-la menga javob berdi, dedim: «Qanday yaxshi bilasan-a, ey qulim». Dedim: «Bilgan Sensan, bilingan-da Sen. Toq qilgan Sensan, toq bo’lgan Sen. Toqligingda toq bo’l, yagonaligingda yagona. Seni tashlab, Sen bila mashg’ul etma meni».

Tangrining menga O’zi toqligida O’zini bildirishi va yagonaligi-la yagonaligini ko’rsatishi shunday tugadi. O’zimni yolg’izlashni Uni toqligida kuzatdim, shu yo’sin Uni O’zi ila mening sifatlarim uning sifatlari ichida erib ketdi.

Ismim Uning ismida yo’qoldi, avvalim Uning avvalida, oxirim Uning oxirida yo’q bo’ldi.

So’ngra Unga Uning zoti-la nazar tashladim, u Zotni tavsifchilar ko’rmas, bilimdonlar bilmas, o’qimishlilar anglay olmas. U ham menga O’z zotining ko’zi ila boqdi va o’rtada na qadam qoldi, na sifatlarim; na oldinim, na keyinim, na tasvirim.

So’ngra menga O’z O’zligi bilan xitob etdi: «Ey Sen». Tangrining menga O’zini O’z zoti-la ko’rsatilishi ham shunday to’xtadi. Meni qaysi ismi-la chaqirgan bo’lsa, men Uni U ism-la chaqirdim, meni qaysi sifati ila xoslatgan bo’lsa, men Uni o’sha narsa orqali sifatladim. Va shunday qilib, har narsadan U bilan ajraldim va bir payt na ruh, na badan, bir o’lik kabi qoldim. So’ng meni hayotim bilan jonlantirdi, undan so’ng o’ldirdi va «Bugunning egasi kim?» dedi. Meni jonlantirgan vaqt «Tangridir, bir va qodir Tangridir» deya javob berdim. «Nom kimnikidir?» dedi. «Tangrining, bir va qodir Tangrining…» dedim. «Hozir ijobat bo’lgan kimning hukmi?» dedi. «Tangrining, bir va qodir bo’lganning…» dedim. «Kim afzal?» dedi. Dedim: «Rabbimdir, hamma narsaga hukm beruvchi Rabbim». Dedi: «Seni Mening hayotim bilan jonlantirdim. Mening o’lkamga sulton qildim, seni Mening nomim ila nomladim, Mening afzalligimni senga anglatdim». Dedim: «Sening nima istayotganingni bilmayapman. Men o’zimga oid edim, ammo Sen buni ma’qul ko’rmading». Dediki: «Na o’zingga oid bo’l, na Menga. Sen yo’qligingda Men sen edim, sen ham sen yo’q ekan Mening ila bo’l: mavjudligingda o’zingniki bo’l va bor ekanligingda Mening bo’l». Dedim: «Sen bo’lmasang buni (yolg’iz o’zim) qanday qila olaman?» So’ng menga qudrat nazari ila boqdi. O’z borlig’i ila meni qiymatsiz (yo’q) qilib qo’ydi va O’z zoti ila menda tajalli etdi. Men U ila bor bo’ldim, birlashish shu yo’l bilan nihoyalandi va dunyo bir bo’ldi. Hamma narsa Hamma narsa vositasida Bir bo’ldi.

So’ng menga shunday dedi: «Ey Sen». Men ham U ila dedim: «Ey Men». Shunda menga: «Sen Tanhosan» — dedi. Men ham: «Men Tanhoman» — dedim. Menga: «Sen Sensan»-dedi, men ham «Men Menman. Agar men bo’lib Men bo’lgan bo’lsam Sen Sen bo’l» — dedim. «Men Menman» — dedi. Mening Uning mohiyatidan bahs etishim xuddi vahdat3 holida Uning «Menligidan» bahs etishim kabi edi. Va mening sifatlarim Tangrilikning sifatlari bo’ldi, tilim vahdatning tili edi va mening sifatlarim «U Udir, Undan boshqa Tangri yo’qdir» edi. Nima bo’lgan bo’lsa Uning borligi ila bo’lgandi va nima bo’lar bo’lsa Uning borligi ila bo’lardi. Mening sifatlarim Tangrilikning sifatlari, mening so’zlarim azal va abadning so’zlari, mening tilim vahdat tili edi…

Manba: Islom tasavvufi manbalari,Toshkent,2010

09

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring