Ibrohim Haqqul. Ruhoniyat va nafsoniyat tazodi

09      Нафс, руҳ, фано, бақо калималарининг маъно-мазмуни бизга гўё ёд бўлиб кетгандай. Уларнинг луғавий маъноси шундай дейишга асос ҳам бериши мумкин. Аммо истилоҳий, ирфоний мазмун ушбу калималарнинг ҳар бири устида алоҳида тўхталиш, муаллиф мақсадига яқинлаштирувчи тушунча, маълумот ва шарҳлардан хабардорликни талаб қилади.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
РУҲОНИЯТ ВА НАФСОНИЯТ ТАЗОДИ
09

044     Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Мумтоз ва замонавий адабият тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият – руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» ва бошқа  китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган. Кўп йиллардан буён Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритади.

09

Шарқ тасаввуф адабиёти, энг аввало, руҳ ва руҳоният адабиёти. Чунки руҳ яратиқларнинг энг софи ва энг порлоғи. У фақат хайр, фақат гўзаллик учун ҳаракат қилади. Англаниши қийин, ҳатто имконсиз кўринган нарсаларни ҳам руҳ англашга қодир. Ғайб дунёсига руҳ йўл очади, ҳақиқат аҳлининг кашфи руҳ биландир. Мутасаввифлардан бири: “Руҳ, Жаноби Ҳақнинг “Бўл!” амри жалили билан пайдо бўлгани йўқ. Агар шундай бўлганда эди, унда зиллат (пастлик, тубанлик) аломатлари бўларди”, — дебди. Шунда унга: “Бундай бўлса, руҳ қаердан ва кандай яралган”, — дея савол берилганда у: “Жаноби Ҳақнинг жалоли ва жамоли орасидан зуҳур этмишдир. Шу учун ҳам руҳ “Бўл!” амри ила майдонга келган ашёдаги зиллат ва ноқисликлардан фориғдир”, — деган экан.

Баъзи калом олимлари бир турли модда — нозик ва шаффоф жисм  (жисми латиф) деб қарашган. Имом Ғаззолийга кўра, руҳ маънавий бир жавҳар бўлиб, Қуръони каримда ҳаёт бергувчи қувват, ваҳий, амр, Оллоҳнинг каломи, раҳмат ва Жаброил каби маъноларда қўлланилган. Мумтоз шеъриятда руҳ ҳақида, руҳнинг хусусият ёки фазилатлари борасида ёзмаган шоирни топиш қийин. Чунки руҳни билиш, руҳоний ҳаёт учун ғамхўрлик қила олишга қадим-қадимдан инсон ўзлигини англаш ва танишнинг туб асоси деб қаралган. Улуғ мутасаввиф Юсуф Ҳамадоний таъкидлаганидек, “Руҳ аслларнинг аслидир. Одам вужуди ва аъзолари руҳ билан тирик. Руҳ борлиги паноҳида бадан кўради, билади, эшитади, ушлайди, юради. Руҳнинг хусусият — фазилатлари туфайли доноликда қатъият, назарда фаросат ва ибрат, эшитишда ҳикматни англаш, эргашишда итоат, юришда хизмат юзага келади”.

Руҳ моҳиятини англаш ва чуқур идрок қилиш кишини охир-оқибатда  само одами ҳолатига етказади. Буни Машраб биргина байтда акс эттирган:

Руҳи жоним аршга етти мен ўзум осмониман,
Тутти оламни шарорим, мен  ўзим осмониман…

Дарвоқе, руҳ толиби бора-бора ўзини руҳоний гўзаллик посбони  қиёфасида ҳис қиладиган бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан бирида шу ҳақда ёзган:

Руҳим яратиб эдинг латофат бирла,
Қилдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла.
Руҳимни чу тан эвига келтурдунг пок,
Мундин бори элитма касофат бирла.

Руҳнинг бош сифатларидан бири латофат, яъни латифлик. Латифнинг офат ила йўлдошлиги — руҳга нафснинг яқин келтирилиши. Вужуд уйига жойлашган руҳ покизалигини бузувчи касофат эса яна нафсдир.

Бизнинг назаримизда, Шарк тасаввуф адабиёти ва мумтоз фалсафани билиш, уларда ёритилган энг мураккаб ва жумбоқли мавзуларни ҳам тўғри талқин қилиш учун тазодий иккита тушунча маъно-моҳиятини чуқур тушунмоқ зарур. Улардан бири — руҳ ва нафс, иккинчиси — фано ва бақо. Қадим даврларда айрим тариқатларда булар нафс илми, руҳ илми, фано ва бақо илми тарзида ўргатилган.

Адабиётни ўқиб-ўзлаштириш бош мақсад эмас, балки ҳамиша восита деб англанган. Чунки адабиётнинг дунёга келиши инсонни билиш, унинг ташқи ва ички ҳаёти тўғрисидаги фикр-қарашларни жозибали шаклларда акс эттириш эҳтиёжини ифодалаган. Бу йўлда эришилган натижаларнинг баъзилари саёз, ниҳоятда тахминий тасаввурларга асосланган бўлса, айримлари инсонни таниш, инсонни инсон “ойна”сида кўришга рағбатлантирган. Буюк Насимий бир ғазалида:

Нафсини ҳар кимса ким таниди, ул Ҳақни билур,
Орифи Раб ўлди ул ким, таниди топди сабот, —

дейди. Ушбу байт “Нафсини билган, Раббини билур” ҳадиси шариф асосида яратилган. Чиндан ҳам нафсни таниш ва билиш, Ҳақка етгунга қадар нимани англаш зарур бўлса, комиллик йўлидаги шахс шуларнинг ҳаммасини имкон даражасида мушоҳададан ўтказа олади. Бу ҳадис икки шаклда шарҳланган. Биринчиси, маърифатуллоҳ орқали нафснинг моҳиятидаги зиддиятларни билиш. Зеро, нафснинг муҳтожлигини англаган Оллоҳнинг ғанимлигини тушунади. Нафсини залил, ҳақир кўрган Оллоҳнинг улуғ ва азизлигига асло шак келтирмайди. Хуллас, нафсида убудият (қуллик)нинг маънисини мушоҳада этган Оллоҳда рубибият (раблик, яратувчанлик)ни идрок қилади.

Ҳадиснинг иккинчи шарҳи эса мана бундай: Оллоҳ инсонни ўз сувратида яратиб, уни ер юзида халифа қилган. Суратни таниган сурат соҳибини ҳам танийди. Инсондаги барча ёмонликларнинг икки манбаи бор: бири — шаҳват, иккинчиси — ҳою ҳавас. Шаҳват вужуднинг барча аъзоларида ҳаракатланадиган ва тўхтовсиз равишда максадга етишни истайдиган бир завқ куввати. Шу йўлда туйғулар унга ёрдам беради. Меъданинг шаҳвати — еб-ичиш, кўз шаҳвати — кўриш, қулоқники эшитиш, бурунники ҳидлаш, тил шаҳвати — сўзлаш, ақлники эса росту ёлғон фикрлашдир. Мана шуларнинг барини билиш ва ҳақиқатга етиш, наинки нафс, балки охир-окибатда Раббини танишга хизмат қилади.

Тасаввуфий мушоҳада эса, аввало, нафсийдир. У олдин нафсни, кейин вужудни тозалашни ўргатади. Агар инсон тўла маънода нафсини танимаса, унинг ҳийла ва тузоқларидан воқиф бўлмаса, руҳ ҳамда руҳоний ҳаёт ҳақида ҳам тўғри тасаввурга соҳиб бўлолмайди.

Тасаввуфга доир айрим асарларда қайд қилинишича, руҳ вужуддан, яъни ҳазрати Одам а.с.дан 4000 йил мукаддам яратилган экан. Бу сананинг тахминлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Сўфий ва мутасаввифлар руҳнинг ҳақиқати ҳамда хусусияти тўғрисида ҳам ҳар турли фикр-мулоҳазаларни илгари суришган. Абу Наср Саррожи Тусийнинг маълумоти бўйича улардан бир гуруҳ “Руҳ Оллоҳнинг нуридан бир нурдир”, — дея руҳни зоти илоҳиянинг нури ҳисоблаб адашишган, бошқа бировлар эса “Руҳ ҳаёти илоҳиядан бир ҳаёт эрур”, — деб хато қилишган. Шунингдек, авомнинг руҳи махлуқ (яратилиш), хавосники махлуқ эмас”, “Руҳлар қадимдир: ўлмас, азоб чекмас ва қаримас”, “Руҳ руҳонийдир, малакутдан яратилмиш, софликка эришгач, яна такрор малакутга қайтади”, — дегувчилар ҳам бўлганки, буларнинг ҳар бири адашиб, хатога йўл қўйишган. Лекин кимки Қуръони каримдаги мана бу сўзларга таянган бўлса, ўзини ғалат фикр ва нотўғри тасаввурдан муҳофаза этган: “Эй Муҳаммад, сендан руҳнинг ҳақиқати ва кайфияти ҳақида сўрайдилар. Сен уларга жавоб бергилки, “Руҳ Парвардигорнинг махлуқлари (яратиқлари)дан бир махлуқ (яратиқ) дир. Унинг ҳақиқатини Худодан бошқа зот билмайди”. (Исро: 85-оят). Ана шу илоҳий ҳукмга кўра бу мавзудаги тўғри тушунча шундай: Руҳларнинг ҳаммаси ҳам махлуқ (яратилиш)дир. Амри илоҳийдан бир амр эрур. Оллоҳ билан руҳ орасида, руҳнинг Унинг мулкидан, Унинг амри ва қаровида бўлишдан бошқа сабаб ила ёки нисбатда алоқаси йўқдир. Руҳ таносих этмайди, бир жасаддан чиқиб бошқасига кирмайди, вужуд ўлим азобини тортгани каби руҳ ҳам азоб чекади. Хуллас, Одам а.с.нинг аносири арбаъ — тўрт унсурдан бино этилган жасадига Оллоҳ малакутдан яралган руҳни киритган: “Эй Муҳаммад (с.а.в), Парвардигорнинг малакларига: “Мен Одамни қора балчиқдан халқ қилгувчиман. Вақтики, мен Одамни халқ қилсам, унинг жасадига руҳни дохил этсам, ҳаммаларингиз унга сажда қилиш учун йиқилинглар”, — деган вақтни фикр қил” (Ҳижр: 29-оят).

Нафсни сўфийлар вужуддаги латиф бир мавжудлик тарзида қабул қилганда, тасаввурларида нафснинг моддий томони устунлик қилган. Буни очиқ-ойдин эътироф этишмаган бўлишса ҳам, нафс деганда жисмоний бир нарсани хаёлга келтиришганини сезиш қийин эмас. Лекин руҳнинг ғайримоддий, вужуддан мустақил ва айри, вужуд йўқолса ҳамки, латиф бир борлиқ ўлароқ унинг йўқолмаслиги хусусида аҳли тасаввуф ўртасида ихтилоф бўлмаган. Бу эса тасаввуфда руҳ мавзуида жуда кенг ва изчил баҳс юритишга яқиндан ёрдам берган.

Тасаввуф таълимотининг ибтидоси руҳ ва нафс хусусиятларини аниқлаш, ўртадаги алоқа, зиддият, ихтилофларни ойдинлаштириб, уларни кўпрок рамзий-мажозий тарзда шарҳлашдан бошланган. Ахлоқий-маъруфий бу ҳаракат эса одам ўзлигини англаш нуқтаи назаридан ҳам, унинг фикрий ва ҳиссий оламининг адабиётдаги тасвирларини қалб нигоҳидан ўтказиш учун ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Ўзбек мумтоз адабиётида биринчилардан бўлиб руҳ ва нафс мунозарасини ёритган Сулаймон Боқирғоний бундай дейди:

Нафсим айтур, садр ёнида ўлтурибон,
Турлук-турлук неъматларни келтурубон,
Ейиб-ичиб, туну кун қорин тўлдурубон,
Ёстуқ узра такя қилиб ётойин дер.

Руҳим айтур, туни куни қатланубон,
Ҳақ мавлом ризосини тилаюбон.
Қул Сулаймон ишқ отига отланубон,
Узоқ-кечмиш эранларга етойин дер.

Бундоқ қаралганда, ҳаяжон ва ҳиссиёт, туйғу ва эҳтирос Шарқ шеъриятида азим дарёдай мавжланиб оқади. Бироқ бу шеърият деярли барча  давр ва замонларда юксак маданият, теран илм ва маърифат заминида илгарилаб борган. Чунки илм нури, маърифат завқи сингмаган шеър — авом ўқийдиган, энг ёмони омийликни муҳофаза қиладиган шеър. Бунақа шеърларда ҳам жанр, вазн, қофия ва радиф — бадиий унсурлар бўлади. Бироқ уларнинг муаллифида мустақил маънавий-руҳий қиёфа бўлмаганидек, сўзларида бир ҳарорат таъсири сезилмайди. Авомлик, жўнлик туғёни ўқувчилар манфаатига зарарлигини ҳисобга олиб, Абдураҳмон Жомий мана нима деган:

Шеър к-афтод қабули хотири ом,
Хос донад ки суст бошад хом.

Мазмуни: авом бандаларга мақбул тушадиган шеърнинг бўш ва хом бўлишини баланд, табиати хассос, яъни хос кишилар, албатта, билмоғи жоиз.

Байтда таъкидланган гап айни пайтда икки тоифа — онг ва идроки паст, завқ ва мушоҳадаси юксак ўқувчи тўғрисида ўйлашга ҳам даъват этади. Зеро, адабиёт тараққиётини талантли, талабчан ўқувчисиз хаёлга келтириш ҳавоийликдан ўзга ҳеч нима эмас. Тўғри, оқилми ё жоҳил, дономи ёки нодон, бундан қатъий назар, ҳар бир кимсанинг шеър ўқиш, шеърни ўзича англаш ва баҳолашга ҳаққи бор. Бироқ ўз аҳволи, фикр йўлини фаҳмлашдан йироқ зотлар шеърга қўл чўзиб, шеърдан баҳс юритишганда, ҳаттоки, улкан ижодкор ҳам оломон даражасига тортилади. Ўртамиёначилик, эстетик дид ва мезонларнинг бузилиши ана шу зайлда бадиий ижодда ғовлаб кетади. Гўё тасаввуфий ранг ва бўёқлар билан зийнатланган, аслида мутасаввифлик ишқи ва руҳ изтиробларидан маҳрум шеърлар шу фикрнинг иштибоҳсиз далилларидандир. Тасаввуфий шеър матнлари тадқиқи мавзуи бизда махсус ўрганилмаганлигидан шарҳ ва талқинчиликда йўл қўйилган хатою чалғишлар ҳам назардан четда қолиб кетмокда.

Шайх Суҳравардийга кўра, “Тасаввуфнинг бошланғичи илм, ўртаси амал, охири мавҳиба. Мавҳиба Ҳақ ҳадяси бўлиб, Оллоҳ суюкли қулига бахшида қиладиган қалб очиқлиги ва бойлигидир”.

Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги ғазаллардан бири:

Гар фано расмин қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут, —

матласи билан бошланади. Байтнинг асосий мазмуни бундай: фано расм- равишини агар эгаллайман десанг, нафс билан руҳни ҳеч качон бир-бирига қўшма, яъни аралаштирма.

Нафс, руҳ, фано, бақо калималарининг маъно-мазмуни бизга гўё ёд бўлиб кетгандай. Уларнинг луғавий маъноси шундай дейишга асос ҳам бериши мумкин. Аммо истилоҳий, ирфоний мазмун ушбу калималарнинг ҳар бири устида алоҳида тўхталиш, муаллиф мақсадига яқинлаштирувчи тушунча, маълумот ва шарҳлардан хабардорликни талаб қилади.

Руҳ ҳақиқий гўзаллик, нафислик, самовий завқ ва эркинлик тимсоли. “Руҳнинг моҳиятини изоҳлаш, — дейди Имом Ғаззолий, унинг ўзига хос хусусиятларини англаш ғоят ҳайратланарли ва кўп ғаройиб ишлардан баҳс юритиш демак. Руҳнинг асосий сифатлари завқ, софлик, басират, ғафлатда қолмаслик, сироят қуввати, ашёдан туғиладиган ғам-аламни қабул қилмаслик”.

Маълумки, инсон ҳам илоҳий, ҳам башарий, ҳам мутлақ, ҳам муваққат бир мавжудлик. Унинг тўрт унсур — тупроқ, сув, ҳаво ва оловдан яратилганлиги ҳисобга олинмаганда ҳам у ўзаро қарама-қарши икки кучдан таркиб топгандир. Шунинг учун башарий ҳис, майл, эҳтиёжлар гирдобига тушиб, руҳ ва руҳий ҳаёт билан чуқур қизиқилмаса, нафс ғалаёни ва исёнидан вужуддаги мусаффо фазилатлар ё мажруҳланади ёки бутунлай барҳам топади. Сувратдан сийратга бориш, сийратга суяниб сувратни тасвирлаш бу — маърифат белгиси, яъни басират очиқлиги. Мана шундагина қуйидаги сингари “маълумот”лар кўнгилга акс-садо уйғотади:

Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж,
Нафс зулматга қолиб, қилмиш анга поя ҳубут.

Бундан олдинги байтда Навоий нафсни — нафс, руҳни эса руҳ деб билгил, деган бир кўрсатма берганди. Уша кўрсатмага қайтиб, нафс ила руҳни ажратувчи хусусиятлар яна ҳам аниқлаштирилмаса, ўқиган байтимиз калитсиз қулфга ўхшаб тураверади.

Нафс турли луғатларда руҳ, жон, жасад, қон; бирор бир нарсанинг асли, жавҳари, ўзлиги каби маъноларда шарҳланган. Бу сўз ёлғиз Шарқдамас, Ғарбда ҳам алоҳида қизиқиш пайдо этган. Тасаввуф психологиясини тадқиқ қилган профессор Роберт Фрагер ёзади: “Тасаввуф психологиясидаги энг фаол қўлланилган терминлардан бири нафс, яъни менликдир. Бу термин баъзан “эго” ёки “руҳ” деб ҳам таржима қилинган. Нафснинг бошқа маънолари орасида “ўз” ва “нафас” ҳам ўрин олган. Сўфий ижодкорларнинг кўпчилик қисми нафс сўзидан ёмон хулқлар ва тубанликларни ифодалашда фойдаланишган…”.

Назаримизда, ғарблик тадқиқотчининг қуйидаги мулоҳазаси янада қизиқарли: “Нафснинг илдизи ҳам баданда, ҳам руҳда ўрнашганлиги туфайли у моддий ва маънавий хусусиятларга соҳибдир. Бошланғичда унда моддиёт ҳокимлик қилса… Оллоҳга яқинлашиб, табиат ўзгаргач, унинг  дунёга боғланиши бутунлай сусайиб кетади”. Бу янги гап эмас, балки эски  сўфий ва мутасаввиф алломалар айтган ҳақикатнинг бир ифодаси. Ғарб  олимлари аллақачон анча теран ўзлаштирган ишқ ва ирфон сирларидан  бехабарликка кўникишимиз афсусланарли, албатта.

Нафснинг зулматга чулғаниши нимани билдиради? Буни фақат нафсини таниган, нафсга қарши курашиш “тажриба”сидан хабардор, маломат ҳолига соҳиб кишиларгина билади. Лекин тилда нафсни айблаш ва  таҳқирлаш билан ҳеч қандай ёмонлик ёки нуқсон барҳам топмайди.

“Нафсни севиш энг муҳташам бутдир. Ўзга бутлар унинг воситасида пайдо бўлади ва қолган барчасини угина яксон айлай олади”, — дейди  Азизиддин Насафий. Демак, донишманд шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий:

Руҳимни ҳамиша нафсга ғолиб эт,
Нафсимни ҳамиша айла мағлуб менга,

деганида маънавий бутунликнинг ўзак нуқтасига диққатни қаратган.

  Навоийнинг “Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж”, дейиши  руҳнинг нурдан яралганига ишорадир. Бандаси шу нурга ошуфталик  ва ғамхўрликни қанча оширса, Ҳақ унга ўшанча куч ва илҳом беради.  Нафсда эса ҳаммаси нисбатан бошқача: у буқаламунлик сифатига эга.  Ҳар он, ҳар лаҳзада ўзга тусга кириши, исталган бир пайтда ишни бузиб, соҳибини хаёлга келмас шумликларга йўллаши ҳеч гапмас. Чунки тасаввуфшуносликда таъкидланганидек, “Нафснинг барча хулқ ва сифатлари икки нарсадан туғилади: биринчиси, ҳафифлик, яъни енгиллик, иккинчиси, очкўзлик ва эҳтирос. Енгиллик унинг жаҳолатидан, очкўзлик ҳирсидан юзага чиқади”. Хуллас, нафснинг зулматпарастлиги, беқўним ва қаноатсизлиги уни шайтонга айлантирган:

Руҳ раҳмони эрур, нафс эрур шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут.

Шайтонийлик тарихи ҳам жуда узок бир тарих. Навоий шу тарихни эслатиб ёзади: “Одам билан шайтон мухолифотин унутма. Отангни биҳиштдек маъманидан (тинч, хотиржам жойидан) жало қилди (ажратди). Ва отанг авлодидин баъзи анга интиқом туздилар ва хору забун килиб жафолар кўргуздилар. Нафсни чун тақво риёзати била зеридаст килдилар — Шайтонни залиллиқ (хорлаш) била ерга паст қилдилар”.

Модомики, нафсни зеридаст килиш шайтонни енгиш экан, инсонга унинг таъсир ўтказиши қандай аниқланади? Бир неча олимларнинг фикри бўйича, ўша таъсир нафс ва руҳнинг ҳаракатидан ҳосил бўлади. Чунончи: нафс ҳаракат бошлаши ҳамон, унинг жавҳаридан бир қоронғилик қалқиб чиқади ва қалбдан ёмонликка бошловчи бир йўл ахтаради. Худди ана шу пайтда шайтон қалбни мўлжалга олиб фаолиятга киришади. Руҳ ҳаракатидан эса унинг сифатига мувофиқ бир нур таралиб, ундан олий маъно, ноёб хислатлар туғилар экан. Руҳнинг раҳмонийлигига сабаб шу.

Ростини айтганда, инсондаги барча адашиш, катта-кичик фожеаларнинг тамали руҳ билан нафсни бир-биридан ажратишни билмасликда. Акс ҳолда, Бобур Мирзо нафсни ич-ичдан танишга ташвиқ айловчи мана бу сўзларни битиб қолдирмасди:

Нафснинг касбидур ҳавоу ҳавас,
Руҳ олидадур булар ярамас.

Нафс душман дурур яқин билгил,
Дўстум, бу сўзумни чин билгил.

Душманедур агарчи ўтру эмас,
Лек бир лаҳза сендин айру эмас.

Гарчи зоҳирда тўғридиндур нафс,
Жамъинг ўйида ўғридиндур нафс…

Бадан ҳисни, нафс ҳавову ҳавасни нечоғлик севса, руҳ ақл ва ирфонни улардан ҳам ортиқроқ яхши кўради. Руҳдаги тўғрилик нафсда йўқ. У вахдат — бирликка эмас, касрат — кўпликка толиб. Унинг ўғрига ўхшаши, зоҳирда тўғриликни ёқлаб, амалда эгрилик ва нифоққа куч сарфлаши мана шундан. Бобур нафснинг душманлигига ҳеч шубҳаланма, “Дўстум, бу сўзумни чин билгил”, — дейди. Ҳақиқатда шундайми? Нафсни ҳамиша ғаним деб билиш, уни тўхтовсиз маломат қилиш керакми?

“Нафс ва руҳ орасида, — деб ёзади Шайх Суҳравардий, — азалдан бир севги бўлган. Бунинг сабаби нафснинг аёллиги (унусат), руҳнинг эркаклиги (зукурат)дир. Модда оламида Момо Ҳаво Одам Атодан яратилганидек, қудрат оламида нафс ҳам рухдан яралган эди. Нафс ва руҳ ўртасидаги унсият ва улфатлашувнинг асоси мана шудир. Чунончи: нафс ҳайвоний бир руҳдирки, руҳоний руҳга яқинлашув шарофати туфайли унинг жинсиятини эгаллаган”. Бундай унсият ва эврилиш камдан-кам одамга насиб айлаган. Навоий айтган мана бу фикр ҳам буни тасдиқлайди:

Руҳга шева Калимулло ишин қилмоқ фош,
Нафс фиръавнлик асбобини айлаб марбут.

Бу мулоҳазалар нафсни янада чуқурроқ билиш, нафсга тегишли маълумот ва ҳукмларни яна ҳам теран ўзлаштириш истагини кучайтиради. Тасаввуф руҳшунослигида белгиланишича, инсонда етти турли руҳ (нафс мартабалари ҳам еттита) мавжуд. Булар: 1. Маданий руҳ. 2. Наботий руҳ. 3. Ҳайвоний руҳ. 4. Нафсоний руҳ. 5. Инсоний руҳ. 6. Сирли руҳ. 7. Энг сирли руҳ.

Ушбу руҳларнинг бош хусусияти, сифати, вужудга таъсири, асосий фаолияти кабилар борасида маълум бир тасаввур ҳосил қилмай одамнинг илоҳий ишқ мақомига қандай ноил бўлишидан сўзлаб бўлмайди. Ўзича руҳ илми билан қизиққан киши эса онг, ақл, кўнгул ва руҳни пайғамбар севгиси қандай мунаввар айлашини осон тушунади:

Руҳга дааъб Ҳабибулло иши ойини,
Нафс Бужаҳиллик асбобин айлаб мабсуд.

Маҳобатли, кўркам бино қуриш учун, албатта, кенг ва катта майдон керак. Ўзини англаган бутун шахсни камол топтириш учун ҳам кенглик зарур. Бу кенглик, энг аввало, руҳ ва руҳдадир. Шунинг учун мумтоз шоирлар комиллик тушунчасини ёритишда руҳга, руҳнинг нафс билан муносабати ва зиддиятларига кенг ўрин ажратишган. Ўтмишда яшаб, ижод этган улкан санъаткорларнинг шеърияти, таъбир жоиз бўлса, руҳ ва руҳоният заминидан ўсиб чиққан шеърият. Очиғи, бундай шеъриятнинг гўзаллик сир-асрори ва туб моҳиятини биз кам биламиз. Чунки руҳ нафасини ҳис қилиш, руҳ оҳанги, ранги, шавқи ва мусаффолиги билан яшашдан анча йироқлашганмиз. Навоий “Лисон ут-тайр” достонида Ҳудҳуд тилидан кимки эр, яъни мард ва матонатли бўлса, нафсониятни енгиб ўз зоти — моҳиятида руҳониятни ғолиб айлайдики, шунда у чинакам поклик шарафига етишади дейди:

Улдур эрким салб этиб нафсоният,
Ғолиб этгай зотига руҳоният.
Ҳар кишида бу шараф биззот эрур,
Ул киши поку шариф авқот эрур.

Руҳониятнинг нафсоният устидан ғалаба қилиши комиллик йўлининг ниҳоясидир. Бунга эришмоқ учун икки куч — руҳ ва нафс орасидаги муросасиз курашнинг сабаб ва эҳтиёжларини мушоҳада қилиш зарур. Руҳнинг камоли ва шахсиятнинг бутунлашувига шундан сўнг бир умид билан қараш мумкин бўлади. Мумтоз шеъриятимиз меҳваридаги масала ҳам мана шу эди.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2015, октябрь

057

Ibrohim HAQQUL
RUHONIYAT VA NAFSONIYAT TAZODI
09

 Ibrohim Haqqul Buxoro viloyati Shofirkon tumanida tug’ilgan. Mumtoz va zamonaviy adabiyat tadqiqiga bag’ishlangan «Badiiy so’z shukuhi», «Zanjirband sher qoshida», «She’riyat – ruhiy munosabat», «Abadiyat farzandlari», «Tasavvuf va she’riyat», «Taqdir va tafakkur», «Navoiyga qaytish», «Meros va mohiyat» va boshqa kitoblari chop etilgan. Olimning ayrim maqola va kitoblari turk, uyg’ur, ozarbayjon, tojik va rus tillariga tarjima qilingan. Ko’p yillardan buyon Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot institutida faoliyat yuritadi.

09

03Sharq tasavvuf adabiyoti, eng avvalo, ruh va ruhoniyat adabiyoti. Chunki ruh yaratiqlarning eng sofi va eng porlog’i. U faqat xayr, faqat go’zallik uchun harakat qiladi. Anglanishi qiyin, hatto imkonsiz ko’ringan narsalarni ham ruh anglashga qodir. G’ayb dunyosiga ruh yo’l ochadi, haqiqat ahlining kashfi ruh bilandir. Mutasavviflardan biri: “Ruh, Janobi Haqning “Bo’l!” amri jalili bilan paydo bo’lgani yo’q. Agar shunday bo’lganda edi, unda zillat (pastlik, tubanlik) alomatlari bo’lardi”, — debdi. Shunda unga: “Bunday bo’lsa, ruh qaerdan va kanday yaralgan”, — deya savol berilganda u: “Janobi Haqning jaloli va jamoli orasidan zuhur etmishdir. Shu uchun ham ruh “Bo’l!” amri ila maydonga kelgan ashyodagi zillat va noqisliklardan forig’dir”, — degan ekan.

Ba’zi kalom olimlari bir turli modda — nozik va shaffof jism (jismi latif) deb qarashgan. Imom G’azzoliyga ko’ra, ruh ma’naviy bir javhar bo’lib, Qur’oni karimda hayot berguvchi quvvat, vahiy, amr, Ollohning kalomi, rahmat va Jabroil kabi ma’nolarda qo’llanilgan. Mumtoz she’riyatda ruh haqida, ruhning xususiyat yoki fazilatlari borasida yozmagan shoirni topish qiyin. Chunki ruhni bilish, ruhoniy hayot uchun g’amxo’rlik qila olishga qadim-qadimdan inson o’zligini anglash va tanishning tub asosi deb qaralgan. Ulug’ mutasavvif Yusuf Hamadoniy ta’kidlaganidek, “Ruh asllarning aslidir. Odam vujudi va a’zolari ruh bilan tirik. Ruh borligi panohida badan ko’radi, biladi, eshitadi, ushlaydi, yuradi. Ruhning xususiyat — fazilatlari tufayli donolikda qat’iyat, nazarda farosat va ibrat, eshitishda hikmatni anglash, ergashishda itoat, yurishda xizmat yuzaga keladi”.

Ruh mohiyatini anglash va chuqur idrok qilish kishini oxir-oqibatda samo odami holatiga yetkazadi. Buni Mashrab birgina baytda aks ettirgan:

Ruhi jonim arshga yetti men o’zum osmoniman,
Tutti olamni sharorim, men o’zim osmoniman…

Darvoqe, ruh tolibi bora-bora o’zini ruhoniy go’zallik posboni qiyofasida his qiladigan bo’ladi. Zahiriddin Muhammad Bobur ruboiylaridan birida shu haqda yozgan:

Ruhim yaratib eding latofat birla,
Qilding anga tanni hamroh ofat birla.
Ruhimni chu tan eviga kelturdung pok,
Mundin bori elitma kasofat birla.

Ruhning bosh sifatlaridan biri latofat, ya’ni latiflik. Latifning ofat ila yo’ldoshligi — ruhga nafsning yaqin keltirilishi. Vujud uyiga joylashgan ruh pokizaligini buzuvchi kasofat esa yana nafsdir.

Bizning nazarimizda, Shark tasavvuf adabiyoti va mumtoz falsafani bilish, ularda yoritilgan eng murakkab va jumboqli mavzularni ham to’g’ri talqin qilish uchun tazodiy ikkita tushuncha ma’no-mohiyatini chuqur tushunmoq zarur. Ulardan biri — ruh va nafs, ikkinchisi — fano va baqo. Qadim davrlarda ayrim tariqatlarda bular nafs ilmi, ruh ilmi, fano va baqo ilmi tarzida o’rgatilgan.

Adabiyotni o’qib-o’zlashtirish bosh maqsad emas, balki hamisha vosita deb anglangan. Chunki adabiyotning dunyoga kelishi insonni bilish, uning tashqi va ichki hayoti to’g’risidagi fikr-qarashlarni jozibali shakllarda aks ettirish ehtiyojini ifodalagan. Bu yo’lda erishilgan natijalarning ba’zilari sayoz, nihoyatda taxminiy tasavvurlarga asoslangan bo’lsa, ayrimlari insonni tanish, insonni inson “oyna”sida ko’rishga rag’batlantirgan. Buyuk Nasimiy bir g’azalida:

Nafsini har kimsa kim tanidi, ul Haqni bilur,
Orifi Rab o’ldi ul kim, tanidi topdi sabot, —

deydi. Ushbu bayt “Nafsini bilgan, Rabbini bilur” hadisi sharif asosida yaratilgan. Chindan ham nafsni tanish va bilish, Haqka yetgunga qadar nimani anglash zarur bo’lsa, komillik yo’lidagi shaxs shularning hammasini imkon darajasida mushohadadan o’tkaza oladi. Bu hadis ikki shaklda sharhlangan. Birinchisi, ma’rifatulloh orqali nafsning mohiyatidagi ziddiyatlarni bilish. Zero, nafsning muhtojligini anglagan Ollohning g’animligini tushunadi. Nafsini zalil, haqir ko’rgan Ollohning ulug’ va azizligiga aslo shak keltirmaydi. Xullas, nafsida ubudiyat (qullik)ning ma’nisini mushohada etgan Ollohda rubibiyat (rablik, yaratuvchanlik)ni idrok qiladi.

Hadisning ikkinchi sharhi esa mana bunday: Olloh insonni o’z suvratida yaratib, uni yer yuzida xalifa qilgan. Suratni tanigan surat sohibini ham taniydi. Insondagi barcha yomonliklarning ikki manbai bor: biri — shahvat, ikkinchisi — hoyu havas. Shahvat vujudning barcha a’zolarida harakatlanadigan va to’xtovsiz ravishda maksadga yetishni istaydigan bir zavq kuvvati. Shu yo’lda tuyg’ular unga yordam beradi. Me’daning shahvati — yeb-ichish, ko’z shahvati — ko’rish, quloqniki eshitish, burunniki hidlash, til shahvati — so’zlash, aqlniki esa rostu yolg’on fikrlashdir. Mana shularning barini bilish va haqiqatga yetish, nainki nafs, balki oxir-okibatda Rabbini tanishga xizmat qiladi.

Tasavvufiy mushohada esa, avvalo, nafsiydir. U oldin nafsni, keyin vujudni tozalashni o’rgatadi. Agar inson to’la ma’noda nafsini tanimasa, uning hiyla va tuzoqlaridan voqif bo’lmasa, ruh hamda ruhoniy hayot haqida ham to’g’ri tasavvurga sohib bo’lolmaydi.

Tasavvufga doir ayrim asarlarda qayd qilinishicha, ruh vujuddan, ya’ni hazrati Odam a.s.dan 4000 yil mukaddam yaratilgan ekan. Bu sananing taxminligi o’z-o’zidan ko’rinib turibdi. So’fiy va mutasavviflar ruhning haqiqati hamda xususiyati to’g’risida ham har turli fikr-mulohazalarni ilgari surishgan. Abu Nasr Sarroji Tusiyning ma’lumoti bo’yicha ulardan bir guruh “Ruh Ollohning nuridan bir nurdir”, — deya ruhni zoti ilohiyaning nuri hisoblab adashishgan, boshqa birovlar esa “Ruh hayoti ilohiyadan bir hayot erur”, — deb xato qilishgan. Shuningdek, avomning ruhi maxluq (yaratilish), xavosniki maxluq emas”, “Ruhlar qadimdir: o’lmas, azob chekmas va qarimas”, “Ruh ruhoniydir, malakutdan yaratilmish, soflikka erishgach, yana takror malakutga qaytadi”, — deguvchilar ham bo’lganki, bularning har biri adashib, xatoga yo’l qo’yishgan. Lekin kimki Qur’oni karimdagi mana bu so’zlarga tayangan bo’lsa, o’zini g’alat fikr va noto’g’ri tasavvurdan muhofaza etgan: “Ey Muhammad, sendan ruhning haqiqati va kayfiyati haqida so’raydilar. Sen ularga javob bergilki, “Ruh Parvardigorning maxluqlari (yaratiqlari)dan bir maxluq (yaratiq) dir. Uning haqiqatini Xudodan boshqa zot bilmaydi”. (Isro: 85-oyat). Ana shu ilohiy hukmga ko’ra bu mavzudagi to’g’ri tushuncha shunday: Ruhlarning hammasi ham maxluq (yaratilish)dir. Amri ilohiydan bir amr erur. Olloh bilan ruh orasida, ruhning Uning mulkidan, Uning amri va qarovida bo’lishdan boshqa sabab ila yoki nisbatda aloqasi yo’qdir. Ruh tanosix etmaydi, bir jasaddan chiqib boshqasiga kirmaydi, vujud o’lim azobini tortgani kabi ruh ham azob chekadi. Xullas, Odam a.s.ning anosiri arba’ — to’rt unsurdan bino etilgan jasadiga Olloh malakutdan yaralgan ruhni kiritgan: “Ey Muhammad (s.a.v), Parvardigorning malaklariga: “Men Odamni qora balchiqdan xalq qilguvchiman. Vaqtiki, men Odamni xalq qilsam, uning jasadiga ruhni doxil etsam, hammalaringiz unga sajda qilish uchun yiqilinglar”, — degan vaqtni fikr qil” (Hijr: 29-oyat).

Nafsni so’fiylar vujuddagi latif bir mavjudlik tarzida qabul qilganda, tasavvurlarida nafsning moddiy tomoni ustunlik qilgan. Buni ochiq-oydin e’tirof etishmagan bo’lishsa ham, nafs deganda jismoniy bir narsani xayolga keltirishganini sezish qiyin emas. Lekin ruhning g’ayrimoddiy, vujuddan mustaqil va ayri, vujud yo’qolsa hamki, latif bir borliq o’laroq uning yo’qolmasligi xususida ahli tasavvuf o’rtasida ixtilof bo’lmagan. Bu esa tasavvufda ruh mavzuida juda keng va izchil bahs yuritishga yaqindan yordam bergan.

Tasavvuf ta’limotining ibtidosi ruh va nafs xususiyatlarini aniqlash, o’rtadagi aloqa, ziddiyat, ixtiloflarni oydinlashtirib, ularni ko’prok ramziy-majoziy tarzda sharhlashdan boshlangan. Axloqiy-ma’rufiy bu harakat esa odam o’zligini anglash nuqtai nazaridan ham, uning fikriy va hissiy olamining adabiyotdagi tasvirlarini qalb nigohidan o’tkazish uchun ham alohida ahamiyat kasb etgan. O’zbek mumtoz adabiyotida birinchilardan bo’lib ruh va nafs munozarasini yoritgan Sulaymon Boqirg’oniy bunday deydi:

Nafsim aytur, sadr yonida o’lturibon,
Turluk-turluk ne’matlarni kelturubon,
Yeyib-ichib, tunu kun qorin to’ldurubon,
Yostuq uzra takya qilib yotoyin der.

Ruhim aytur, tuni kuni qatlanubon,
Haq mavlom rizosini tilayubon.
Qul Sulaymon ishq otiga otlanubon,
Uzoq-kechmish eranlarga yetoyin der.

Bundoq qaralganda, hayajon va hissiyot, tuyg’u va ehtiros Sharq she’riyatida azim daryoday mavjlanib oqadi. Biroq bu she’riyat deyarli barcha davr va zamonlarda yuksak madaniyat, teran ilm va ma’rifat zaminida ilgarilab borgan. Chunki ilm nuri, ma’rifat zavqi singmagan she’r — avom o’qiydigan, eng yomoni omiylikni muhofaza qiladigan she’r. Bunaqa she’rlarda ham janr, vazn, qofiya va radif — badiiy unsurlar bo’ladi. Biroq ularning muallifida mustaqil ma’naviy-ruhiy qiyofa bo’lmaganidek, so’zlarida bir harorat ta’siri sezilmaydi. Avomlik, jo’nlik tug’yoni o’quvchilar manfaatiga zararligini hisobga olib, Abdurahmon Jomiy mana nima degan:

She’r k-aftod qabuli xotiri om,
Xos donad ki sust boshad xom.

Mazmuni: avom bandalarga maqbul tushadigan she’rning bo’sh va xom bo’lishini baland, tabiati xassos, ya’ni xos kishilar, albatta, bilmog’i joiz.

Baytda ta’kidlangan gap ayni paytda ikki toifa — ong va idroki past, zavq va mushohadasi yuksak o’quvchi to’g’risida o’ylashga ham da’vat etadi. Zero, adabiyot taraqqiyotini talantli, talabchan o’quvchisiz xayolga keltirish havoiylikdan o’zga hech nima emas. To’g’ri, oqilmi yo johil, donomi yoki nodon, bundan qat’iy nazar, har bir kimsaning she’r o’qish, she’rni o’zicha anglash va baholashga haqqi bor. Biroq o’z ahvoli, fikr yo’lini fahmlashdan yiroq zotlar she’rga qo’lcho’zib, she’rdan bahs yuritishganda, hattoki, ulkan ijodkor ham olomon darajasiga tortiladi. O’rtamiyonachilik, estetik did va mezonlarning buzilishi ana shu zaylda badiiy ijodda g’ovlab ketadi. Go’yo tasavvufiy rang va bo’yoqlar bilan ziynatlangan, aslidamutasavviflik ishqi va ruh iztiroblaridan mahrum she’rlar shu fikrning ishtibohsiz dalillaridandir. Tasavvufiy she’r matnlari tadqiqi mavzui bizda maxsus o’rganilmaganligidan sharh va talqinchilikda yo’l qo’yilgan xatoyu chalg’ishlar ham nazardan chetda qolib ketmokda.

Shayx Suhravardiyga ko’ra, “Tasavvufning boshlang’ichi ilm, o’rtasi amal, oxiri mavhiba. Mavhiba Haq hadyasi bo’lib, Olloh suyukli quliga baxshida qiladigan qalb ochiqligi va boyligidir”.

Alisher Navoiyning “Favoyid ul-kibar” devonidagi g’azallardan biri:

Gar fano rasmin qilmoq tilar ersang mazbut,
Nafs ila ruhni zinhorki qilma maxlut, —

matlasi bilan boshlanadi. Baytning asosiy mazmuni bunday: fano rasm- ravishini agar egallayman desang, nafs bilan ruhni hech kachon bir-biriga qo’shma, ya’ni aralashtirma.

Nafs, ruh, fano, baqo kalimalarining ma’no-mazmuni bizga go’yo yod bo’lib ketganday. Ularning lug’aviy ma’nosi shunday deyishga asos ham berishi mumkin. Ammo istilohiy, irfoniy mazmun ushbu kalimalarning har biri ustida alohida to’xtalish, muallif maqsadiga yaqinlashtiruvchi tushuncha, ma’lumot va sharhlardan xabardorlikni talab qiladi.

Ruh haqiqiy go’zallik, nafislik, samoviy zavq va erkinlik timsoli. “Ruhning mohiyatini izohlash, — deydi Imom G’azzoliy, uning o’ziga xos xususiyatlarini anglash g’oyat hayratlanarli va ko’p g’aroyib ishlardan bahs yuritish demak. Ruhning asosiy sifatlari zavq, soflik, basirat, g’aflatda qolmaslik, siroyat quvvati, ashyodan tug’iladigan g’am-alamni qabul qilmaslik”.

Ma’lumki, inson ham ilohiy, ham bashariy, ham mutlaq, ham muvaqqat bir mavjudlik. Uning to’rt unsur — tuproq, suv, havo va olovdan yaratilganligi hisobga olinmaganda ham u o’zaro qarama-qarshi ikki kuchdan tarkib topgandir. Shuning uchun bashariy his, mayl, ehtiyojlar girdobiga tushib, ruh va ruhiy hayot bilan chuqur qiziqilmasa, nafs g’alayoni va isyonidan vujuddagi musaffo fazilatlar yo majruhlanadi yoki butunlay barham topadi. Suvratdan siyratga borish, siyratga suyanib suvratni tasvirlash bu — ma’rifat belgisi, ya’ni basirat ochiqligi. Mana shundagina quyidagi singari “ma’lumot”lar ko’ngilga aks-sado uyg’otadi:

Ruh ul nurdurki, Haq anga bermish avj,
Nafs zulmatga qolib, qilmish anga poya hubut.

Bundan oldingi baytda Navoiy nafsni — nafs, ruhni esa ruh deb bilgil, degan bir ko’rsatma bergandi. Usha ko’rsatmaga qaytib, nafs ila ruhni ajratuvchi xususiyatlar yana ham aniqlashtirilmasa, o’qigan baytimiz kalitsiz qulfga o’xshab turaveradi.

Nafs turli lug’atlarda ruh, jon, jasad, qon; biror bir narsaning asli, javhari, o’zligi kabi ma’nolarda sharhlangan. Bu so’z yolg’iz Sharqdamas, G’arbda ham alohida qiziqish paydo etgan. Tasavvuf psixologiyasini tadqiq qilgan professor Robert Frager yozadi: “Tasavvuf psixologiyasidagi eng faol qo’llanilgan terminlardan biri nafs, ya’ni menlikdir. Bu termin ba’zan “ego” yoki “ruh” deb ham tarjima qilingan. Nafsning boshqa ma’nolari orasida “o’z” va “nafas” ham o’rin olgan. So’fiy ijodkorlarning ko’pchilik qismi nafs so’zidan yomon xulqlar va tubanliklarni ifodalashda foydalanishgan…”.

Nazarimizda, g’arblik tadqiqotchining quyidagi mulohazasi yanada qiziqarli: “Nafsning ildizi ham badanda, ham ruhda o’rnashganligi tufayli u moddiy va ma’naviy xususiyatlarga sohibdir. Boshlang’ichda unda moddiyot hokimlik qilsa… Ollohga yaqinlashib, tabiat o’zgargach, uning dunyoga bog’lanishi butunlay susayib ketadi”. Bu yangi gap emas, balki eski so’fiy va mutasavvif allomalar aytgan haqikatning bir ifodasi. G’arb olimlari allaqachon ancha teran o’zlashtirgan ishq va irfon sirlaridan bexabarlikka ko’nikishimiz afsuslanarli, albatta.

Nafsning zulmatga chulg’anishi nimani bildiradi? Buni faqat nafsini tanigan, nafsga qarshi kurashish “tajriba”sidan xabardor, malomat holiga sohib kishilargina biladi. Lekin tilda nafsni ayblash va tahqirlash bilan hech qanday yomonlik yoki nuqson barham topmaydi.

“Nafsni sevish eng muhtasham butdir. O’zga butlar uning vositasida paydo bo’ladi va qolgan barchasini ugina yakson aylay oladi”, — deydi Aziziddin Nasafiy. Demak, donishmand shoir Muhammad Rizo Ogahiy:

Ruhimni hamisha nafsga g’olib et,
Nafsimni hamisha ayla mag’lub menga,

deganida ma’naviy butunlikning o’zak nuqtasiga diqqatni qaratgan.

Navoiyning “Ruh ul nurdurki, Haq anga bermish avj”, deyishi ruhning nurdan yaralganiga ishoradir. Bandasi shu nurga oshuftalik va g’amxo’rlikni qancha oshirsa, Haq unga o’shancha kuch va ilhom beradi. Nafsda esa hammasi nisbatan boshqacha: u buqalamunlik sifatiga ega. Har on, har lahzada o’zga tusga kirishi, istalgan bir paytda ishni buzib, sohibini xayolga kelmas shumliklarga yo’llashi hech gapmas. Chunki tasavvufshunoslikda ta’kidlanganidek, “Nafsning barcha xulq va sifatlari ikki narsadan tug’iladi: birinchisi, hafiflik, ya’ni yengillik, ikkinchisi, ochko’zlik va ehtiros. Yengillik uning jaholatidan, ochko’zlik hirsidan yuzaga chiqadi”. Xullas, nafsning zulmatparastligi, beqo’nim va qanoatsizligi uni shaytonga aylantirgan:

Ruh rahmoni erur, nafs erur shaytoni,
Ikkisin bir-biriga qo’shmoq emastur mashrut.

Shaytoniylik tarixi ham juda uzok bir tarix. Navoiy shu tarixni eslatib yozadi: “Odam bilan shayton muxolifotin unutma. Otangni bihishtdek ma’manidan (tinch, xotirjam joyidan) jalo qildi (ajratdi). Va otang avlodidin ba’zi anga intiqom tuzdilar va xoru zabun kilib jafolar ko’rguzdilar. Nafsni chun taqvo riyozati bila zeridast kildilar — Shaytonni zalilliq (xorlash) bila yerga past qildilar”.

Modomiki, nafsni zeridast kilish shaytonni yengish ekan, insonga uning ta’sir o’tkazishi qanday aniqlanadi? Bir necha olimlarning fikri bo’yicha, o’sha ta’sir nafs va ruhning harakatidan hosil bo’ladi. Chunonchi: nafs harakat boshlashi hamon, uning javharidan bir qorong’ilik qalqib chiqadi va qalbdan yomonlikka boshlovchi bir yo’l axtaradi. Xuddi ana shu paytda shayton qalbni mo’ljalga olib faoliyatga kirishadi. Ruh harakatidan esa uning sifatiga muvofiq bir nur taralib, undan oliy ma’no, noyob xislatlar tug’ilar ekan. Ruhning rahmoniyligiga sabab shu.

Rostini aytganda, insondagi barcha adashish, katta-kichik fojealarning tamali ruh bilan nafsni bir-biridan ajratishni bilmaslikda. Aks holda, Bobur Mirzo nafsni ich-ichdan tanishga tashviq aylovchi mana bu so’zlarni bitib qoldirmasdi:

Nafsning kasbidur havou havas,
Ruh olidadur bular yaramas.

Nafs dushman durur yaqin bilgil,
Do’stum, bu so’zumni chin bilgil.

Dushmanedur agarchi o’tru emas,
Lek bir lahza sendin ayru emas.

Garchi zohirda to’g’ridindur nafs,
Jam’ing o’yida o’g’ridindur nafs…

Badan hisni, nafs havovu havasni nechog’lik sevsa, ruh aql va irfonni ulardan ham ortiqroq yaxshi ko’radi. Ruhdagi to’g’rilik nafsda yo’q. U vaxdat — birlikka emas, kasrat — ko’plikka tolib. Uning o’g’riga o’xshashi, zohirda to’g’rilikni yoqlab, amalda egrilik va nifoqqa kuch sarflashi mana shundan. Bobur nafsning dushmanligiga hech shubhalanma, “Do’stum, bu so’zumni chin bilgil”, — deydi. Haqiqatda shundaymi? Nafsni hamisha g’anim deb bilish, uni to’xtovsiz malomat qilish kerakmi?

“Nafs va ruh orasida, — deb yozadi Shayx Suhravardiy, — azaldan bir sevgi bo’lgan. Buning sababi nafsning ayolligi (unusat), ruhning erkakligi (zukurat)dir. Modda olamida Momo Havo Odam Atodan yaratilganidek, qudrat olamida nafs ham ruxdan yaralgan edi. Nafs va ruh o’rtasidagi unsiyat va ulfatlashuvning asosi mana shudir. Chunonchi: nafs hayvoniy bir ruhdirki, ruhoniy ruhga yaqinlashuv sharofati tufayli uning jinsiyatini egallagan”. Bunday unsiyat va evrilish kamdan-kam odamga nasib aylagan. Navoiy aytgan mana bu fikr ham buni tasdiqlaydi:

Ruhga sheva Kalimullo ishin qilmoq fosh,
Nafs fir’avnlik asbobini aylab marbut.

Bu mulohazalar nafsni yanada chuqurroq bilish, nafsga tegishli ma’lumot va hukmlarni yana ham teran o’zlashtirish istagini kuchaytiradi. Tasavvuf ruhshunosligida belgilanishicha, insonda yetti turli ruh (nafs martabalari ham yettita) mavjud. Bular: 1. Madaniy ruh. 2. Nabotiy ruh. 3. Hayvoniy ruh. 4. Nafsoniy ruh. 5. Insoniy ruh. 6. Sirli ruh. 7. Eng sirli ruh.

Ushbu ruhlarning bosh xususiyati, sifati, vujudga ta’siri, asosiy faoliyati kabilar borasida ma’lum bir tasavvur hosil qilmay odamning ilohiy ishq maqomiga qanday noil bo’lishidan so’zlab bo’lmaydi. O’zicha ruh ilmi bilan qiziqqan kishi esa ong, aql, ko’ngul va ruhni payg’ambar sevgisi qanday munavvar aylashini oson tushunadi:

Ruhga daa’b Habibullo ishi oyini,
Nafs Bujahillik asbobin aylab mabsud.

Mahobatli, ko’rkam bino qurish uchun, albatta, keng va katta maydon kerak. O’zini anglagan butun shaxsni kamol toptirish uchun ham kenglik zarur. Bu kenglik, eng avvalo, ruh va ruhdadir. Shuning uchun mumtoz shoirlar komillik tushunchasini yoritishda ruhga, ruhning nafs bilan munosabati va ziddiyatlariga keng o’rin ajratishgan. O’tmishda yashab, ijod etgan ulkan san’atkorlarning she’riyati, ta’bir joiz bo’lsa, ruh va ruhoniyat zaminidan o’sib chiqqan she’riyat. Ochig’i, bunday she’riyatning go’zallik sir-asrori va tub mohiyatini biz kam bilamiz. Chunki ruh nafasini his qilish, ruh ohangi, rangi, shavqi va musaffoligi bilan yashashdan ancha yiroqlashganmiz. Navoiy “Lison ut-tayr” dostonida Hudhud tilidan kimki er, ya’ni mard va matonatli bo’lsa, nafsoniyatni yengib o’z zoti — mohiyatida ruhoniyatni g’olib aylaydiki, shunda u chinakam poklik sharafiga yetishadi deydi:

Uldur erkim salb etib nafsoniyat,
G’olib etgay zotiga ruhoniyat.
Har kishida bu sharaf bizzot erur,
Ul kishi poku sharif avqot erur.

Ruhoniyatning nafsoniyat ustidan g’alaba qilishi komillik yo’lining nihoyasidir. Bunga erishmoq uchun ikki kuch — ruh va nafs orasidagi murosasiz kurashning sabab va ehtiyojlarini mushohada qilish zarur. Ruhning kamoli va shaxsiyatning butunlashuviga shundan so’ng bir umid bilan qarash mumkin bo’ladi. Mumtoz she’riyatimiz mehvaridagi masala ham mana shu edi.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali, 2015, oktabr

057

(Tashriflar: umumiy 1 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring