Ibrohim Haqqul. Yassaviylik va Yassaviy izdoshlari. Maqolalar turkumi.

034
Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар».
Яссавийни «турк шоирларининг доҳийларидан», деб таърифлаган Абдураҳмон Саъдий ёзади: «Яссавий турк қавмларининг ҳақиқий маъноси билан чин шоирларидан (лирик) ва классик шоирларидандир. Ул ғоят ҳассос, илҳом ва хаёли ғоят табиий ва енгил ўқишли бир шоирдир. Яссавийнинг юраги бутун умрга руҳий ва маънавий ишқ билан ловуллаб ёнатурғон шеърий бир ўтдир».

009
Иброҳим Ҳаққул
ЯССАВИЙЛИК ВА ЯССАВИЙ ИЗДОШЛАРИ
06

ЭҲТИЁЖ ВА ТАЖРИБА

Турк пири киби оламдин этакни силкинг,
Дўстдин ғайри таманнои висол айламангиз.
Алишер Навоий

023 Оламни китобдай ўқиш ва билиш учун, албатта, китоб ўқиш керак. Олам сир-асрорини англашдан ҳузурланиш китобсиз амалга ошмайди. Китобга кўчган дунё – ўзининг бири биридан чигал, бири иккинчисидан зиддиятли муаммоларини таниган, тан олган дунё. Айни пайтда, мутлақ тарзда инсонийлашган, одамийлик моҳиятидан четлай олмайдиган дунёдир. Ҳар бир буюк бадиий китоб – олам ва одамнинг бирлигини кўрсатишга, шу бирлик бузилса ёки ришталари сусайса олам ва одам тақдирида қийинчиликлар ортиши, мувозанат бузилиши талқин этилган китоб ҳисобланади. Бундай китобни яратиш ҳамма ижодкорнинг қўлидан келмаганидек, ҳамма асар ҳам одамийлик моҳиятининг туб асосларини очиш орқали у ёки бу халқнинг дунёдаги маданий, маънавий ва ахлоқий мавқеини ёритишга хизмат қилолмайди.

Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»и дунёга келиши билан туркий халқлар ўзининг мустақил тариқат китобига, том маъноси ила Маърифат, Ҳақиқат, Руҳоният қомусига соҳиб миллат ўлароқ эътироф этилган. Аҳмад Яссавийдан кейинги туркий халқларнинг тарихи маънавий-ахлоқий ҳаётда янги йўналиш, янги илоҳий нуқтаи назар шаклланган, комил инсон ҳақидаги тасаввурлар тўла ойдинлашган тарих эрур. Зеро, араб ва форс тасаввуф тушунчаларини миллий эҳтиёжга мувофиқ равишда ўзлаштириш ва фавқулодда содда, халқона талқинларни яратишни ҳам тарих Аҳмад Яссавий зиммасига юклаган эди.

Машҳур усмонли турк шоири Яҳё Камол атоқли олим Муҳаммад Фуод Купрулизодага: «Аҳмад Яссавий кимдир? Меросининг сир-асрори недур? Шуни бир чуқур ўрганинг. Миллиятимизнинг асосларини ана ўша жойда топурсиз!», – деган экан. Купрулизода шундан сўнг ишга киришиб, «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» номли тадқиқотини ёзган. Бу китобнинг ҳанузгача машҳурлиги ва қизиқиш билан ўқиб келинаётганлиги ҳам тасодиф эмас. Унда муаллиф Аҳмад Яссавийнинг туркий халқлар орасида илк дафъа тасаввуф маслагини вужудга келтириб, асрлар мобайнида руҳониятда ҳукмронлик қилганлигини яхши ёритиб берган. Сўфи Оллоёр авлодларга Аҳмад Яссавийдан «улуғ бир китоб» мерос қолганлигини айтади. Бу –- ҳикматлар мажмуаси эканлиги аниқ. Аммо ушбу нодир китобнинг қадимий қўлёзмаси сақланмаган. Сақланиб қолган бўлса-да, ҳалигача топилгани йўқ. Муаммоларнинг муаммоси ана шу. Аҳмад Яссавий адабий шахсияти ва ижодиётига иштибоҳли қарашлар, адолатсиз ва бир ёқлама танқидлар, бир-бирига зид ва мутлақо тескари муноқаша мунозаралар – буларнинг деярли ҳаммаси асосан шу заминда пайдо бўлган. Бироқ буюк Яссавий ижодиёти таъқиқлаш билан тўхтаб қоладиган, танқид ва таҳқирлашдан аҳамиятини бой берадиган бир ижод эмас. Аксинча, у ҳеч қанақа қаршилик ва зўравонликка мағлуб бўлмайдиган шеърий меросдир.

«Девони ҳикмат» инсонни нафспарастликдан, маърифатсизлик ва йиртқичлашувдан муҳофаза этади. «Девони ҳикмат» одам фарзандини шайтоний ҳийлалар, ҳайвоний қутуришлардан асрайди. Бу бебаҳо асар ҳирсу ҳавога берилиб «одамиятни пок-покиза еб» қўйиш кулфат ва мусибатларидан огоҳлантиради. Ҳамма гап уни қандай ўқиш ва қандай англаш, англабгина қолмасдан Яссавий сўзларига амал ҳам қила билишдадир. Агар «Девони ҳикмат»ни мутолаа қилиб, озми-кўпми ўз аҳволимизни тушунсак, ундаги умумий руҳ, моҳият ва маърифат шавқи қайси бир даражада ақлдан жаҳолатни, қалбдан ғафлатни четлаштирса – уринишимиз бесамар кетмаган бўлади. Демак, биз тош чайнасак-да, ҳақиқатнинг куч-қуввати, ишқнинг ҳаётбахш завқига суяниб, инониб яшаймиз. Қувонарлиси шундаки, сўнгги ўн-ўн беш йил мобайнида «Девони ҳикмат»ни халққа қайтариш, кенг китобхонлар оммасига етказишда ҳайрли ишлар амалга оширилди. Асар Тошкентда, Туркияда, Москва ва Қозоғистонда чоп этилди.

«Девон»нинг эски қўлёзмаси қўлга киритилмаганлиги боис ундан қанча ҳикмат ўрин олганлигини билмаймиз. Яссавий издошлари томонидан қўшилганлари қайси, таҳрир ва ўзгартиришлар бўлганми, бунга асос нима – булар ҳам номаълум. Аммо бир нарса маълум: «Девони ҳикмат»нинг кейинги асрларга мансуб қўлёзма ва тошбосма нусхаларида ҳикматларнинг умумий миқдори анча кўпдир.

Бунинг бир исботи сайрамлик олим Мираҳмад Мирхолдорўғли билан усмонли турк олими Метин Оқарнинг Истанбулда босилган «Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари» номли китоби ҳисобланади. Гап шундаки, ушбу китобдаги «янги ҳикмат»ларнинг ҳаммасини ҳам Яссавийга нисбат бериб бўлмайди. Бунга ёш яссавийшунос тадқиқотчи Нодирхон Ҳасан «Жаҳон адабиёти» (2002 йил, 10-сон) журналида босилган мақоласида махсус тўхталиб, тилдаги фарқларни ҳам далиллар билан асослашга уринган. «Девони ҳикмат»нинг қадимги нусхаси бизгача етиб келмаганлигини қайд этаркан, Нодирхон Ҳасан яна бундай дейди: «Лекин кейинги асрлардаги қўлёзмалар, тошбосма нусхалар, юртимиздаги ва Туркиядаги жорий алифбода чоп этилган нашрлар асосида «Девони ҳикмат»нинг қиёсий, яъни ишончли матнини тайёрлаш бир заруриятга айланди. Бу яссавийшуносликдаги энг муҳим ва алоҳида илмий-амалий қимматга эга бўлган иш ҳисобланади» Чиндан ҳам худди шундай.

Ҳақиқатда ҳам «Девони ҳикмат»нинг қиёсий-йиғма бир матнини яратмоқ шартдурки, бу бағоят қийин, машаққатли вазифани баҳоли қудрат бажаришга Нодирхон Ҳасаннинг бел боғлагани, албатта, таҳсинга лойиқ. Мана, бир неча йилдирки, у шу иш билан банд. Унинг бир фазилатини таъкидлашни истардим: у Аҳмад Яссавий мавзуида шошилмасдан, қийинчилик ва машаққатларга чап бермасдан меҳнат қилаётир. Яссавий ҳаёти, ижоди, яссавийликка доир қадимий манбалар, мўътабар китобларни ахтариб топиш ва тадқиқотчи нигоҳи билан уларни пухта ўрганишда у кундан-кунга илгариламоқда. Хориждаги, хусусан, Туркиядаги илмий изланишлар ва натижалардан етарли маълумотга эга. Шунингдек, ўзининг мақолалари ҳам Туркиядаги журнал ва мажмуаларда кетма-кет чиқиб турибди.

Энг муҳими, баъзи ёшларга ўхшаб жиндек муваффақиятдан ҳозирча эсанкирагани ҳам, мақтов кутиб тўхтагани ҳам йўқ. «Девони ҳикмат»нинг янги-янги қўлёзмаларини излаш, қўлга киритилганларини бошқалари билан қиёслаш ва кўзланган бош мақсадга етишиш учун у вақтдан анча унумли фойдаланмоқда. Бунинг бир самараси эса қўлингиздаги китобдир. Уни нашр этишдан кўзланган мақсад фақат янги ҳикматлар билан ўқувчини таништириш, танланган шеърлар Яссавий қаламига мансублигига кўпчиликни ишонтириш ёки иқрор айлаш эмас. Балки «Девони ҳикмат» муҳиблари, хусусан, дин, тасаввуф, адабиёт мутахассислари, тарихчи ва тилшунос олимларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам эшитишдир. Чунки тўпламдаги қатор тўртликлар Яссавийники эканлиги шахсан менда иштибоҳ уйғотди. Бундай шубҳа ва ишончсизлик бошқаларда ҳам туғилиши мумкин. Лекин Нодирхон Ҳасан зарур, ҳайрли, наинки адабиёт, фан, халқ учун ҳам муҳим бир ишга қўл урганлигига инонмасликнинг иложи йўқ. Зеро, «Девони ҳикмат»нинг ҳеч бўлмаганда, қиёсий-йиғма матнини тузмаслик – яссавийшунослик истиқболига лоқайд қараш, бир пайтлардаги бесамар тортишув, ғаразли иддао ва жоҳилона мунозараларга яна ён бермоқдир.

Яссавий ижодиётини пухта англаш ва ҳис қилишга яқиндан ёрдам берадиган бир қанча илмий-адабий, ирфоний-манқабавий манбалар бизгача етиб келган. Шулардан бири ҳазратнинг халифаларидан бири бўлмиш Сўфий Муҳаммад Донишманднинг «Миръот ул-қулуб» номли рисоласидир. Китобда мана шу рисола ҳам илова қилиндики, ўқувчилар ундан баҳраманд бўлишлари шак-шубҳасиз.

Манба: Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат ( Янги топилган намуналар). Тошкент, 2004.

ЯССАВИЙ ВА ЯССАВИЙШУНОСЛИК: НАТИЖА ВА БАҲСЛАР

023 Аҳмад Яссавий – туркий халқлар орасида янги бир тасаввуфий тариқат яратган ва тасаввуф шеъриятига асос солган машҳур мутасаввиф ижодкор. У ҳозирги Туркистон, қадимги Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида тахминан XI асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқига мансуб нуфузли зотлардан бўлган. Онаси эса Мусо Шайхнинг қизи Ойша Хотун эди. Аҳмад туғилгач, кўп ўтмай онаси вафот этади. Етти ёшида у отасидан ҳам ажралади. Унинг тарбияси билан Гавҳар Шаҳноз исмли опаси машғул бўлади. У етимлик азоб ва қийноқларини бошдан кечирганлиги боис ҳам ҳикматларида мана бундай фикрларни баён этган эди:

Оқил эрсанг ғарибларни кўнглин овла,
Мустафодек элни кезиб етим ковла.
Дунёпараст ножинслардан бўюн товла,
Бўюн товлаб дарё бўлиб тошдим мано.

Аҳмад опаси билан Яссига кўчиб боргач, биринчи устоди Арслонбоб билан учрашади ва ундан таҳсил олади. Ҳикматлардан бирида бу ҳақда:

Етти ёшда Арслон бобом излаб топди,
Ҳар сир кўриб, парда бирла букуб ёбти, –

дейилишига қараганда, Яссавий Яссида чоғларидаёқ ботин илми сирларини анча пухта ўзлаштирганки, буни қуйидаги сўзлар ҳам тасдиқлайди:

Саккизимда секиз ёндин йўл очилди,
Ҳикмат айт, деб бошларимда нур сочилди…

Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Бухорда у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганган, форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишган. Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барроқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олган.

Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «мақомати олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси достонида ниҳоятсиз эрмиш», – дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган.

Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар».
Яссавийни «турк шоирларининг доҳийларидан», деб таърифлаган Абдураҳмон Саъдий ёзади: «Яссавий турк қавмларининг ҳақиқий маъноси билан чин шоирларидан (лирик) ва классик шоирларидандир. Ул ғоят ҳассос, илҳом ва хаёли ғоят табиий ва енгил ўқишли бир шоирдир. Яссавийнинг юраги бутун умрга руҳий ва маънавий ишқ билан ловуллаб ёнатурғон шеърий бир ўтдир».

Аҳмад Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат – «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга.
Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи ила бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундай деган:

Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе.

Бу китоб ҳанузгача аҳли ирфон кўнглини завқлантириб келаётган тариқат, маърифат, ҳақиқат сирлари ёритилган «Девони ҳикмат»дир. Унда илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган.

Ҳикматлардаги нафсни поклаш орқали ахлоқ гўзаллигига эришиш, кўнгил ва руҳ тазкиясига комилликнинг олий натижаси сифатида қарашга чорловчи фикрлар барча даврлар учун ҳам бир хилда аҳамиятлидир.

Дардсиз одам одам эрмас, муни англанг,
Ишқсиз одам ҳайвон жинси, муни тингланг, –

дейди Яссавий ва инсон моҳиятини изчил тарзда ишқ «ойна»сида тасвирлаб беради. «Девони ҳикмат»даги барча шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унда Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Бу эса, табиийки, ҳикматлар тили ва услубида маълум ўзгаришлар ҳосил қилган. Лекин Яссавийнинг ўнлаб издошларидан ҳеч бири устозлари бошлаган ғоявий, ахлоқий, маънавий йўналишни ўзгартирмаган. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритган ўнлаб қадимий манбалар, аниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр мин амвожил-биҳор» асари ҳам тўла тасдиқлайди.

Анча узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмаган. Асарларини нашр этишга йўл қўйилмаган. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлога эришгандан кейин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990-92 йилларда унинг мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. 1993 йил «Аҳмад Яссавий йили» деб аталиши нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий жумҳуриятларда, Хусусан Туркияда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабий-маърифий фаолияти, шунингдек, издошлари хизматига қизиқишни кучайтириб юборди. Худди шу йили Ўзбекистон ва Туркияда Яссавийга бағишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган ўнлаб мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Аҳмад Яссавий номида махсус мукофот таъсис этилди. «Султон ул-орифин» камолотининг юксакларга кўтарилишига гувоҳ бўлган ва жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Аҳмад Яссавий номидаги университет мавжуд.

Яссавий ва бевосита яссавийшуносликка дахлдор тадқиқотларнинг сони йилдан-йилга чет элларда ҳам ортиб бормоқда.
***
Туркий халқлар тарихи – маданият, маънавият, маърифат, адабиёт, санъат, мусиқа ва сиёсат жиҳатидан энг ибратли ва жаҳон диққат-эътиборига лойиқ тарих эрур. Бу тарих дунёда номи ўчмас буюк алломаларни, адабиёт ва санъат дарғаларини, одил ҳукмдор ва ватанпарвар қаҳрамонларни етиштириб берган. Туркий халқлар тарихида юксак маънавий нуфузга эришган ва тафаккурнинг беҳад кенг сарҳадларини эгаллаган буюк зотлар беҳисобдир. Лекин айнан Ҳожа Аҳмад Яссавийга ўхшаб асрлар мобайнида туркий қавмлар ва элатлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган, то шу кунга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, маънавият, ҳатто сиёсат жабҳасида ҳам таъсирини ўтказиб келган сиймолар бармоқ билан санарли.

Аҳмад Яссавий ҳазратлари фақат янги тариқат асосчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам такрорланмас ва унутилмас тарихий вазифани адо айлаган эди.
Туркий тил гўзал, қудратли, таъсирчан ва бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда буддавийлик, моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда бошқа динларнинг ҳақиқатларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини илк бора тариқат тили мақомига кўтарди. Уни араб ва форс тасаввуф тили даврасига қўшди. Шунинг учун Пири Туркистоннинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир. Буни Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асаридаги мана бу фикрларидан ҳам билиш қийин эмас:

«Хожа Аҳмад Яссавий – Туркистон мулкининг шайх ул-машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадонийнинг асҳобидиндур. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний била суҳбат тутубтур ва Хожа Абдуллоҳ Баррақий ва Хожа Ҳасан Андақий билаки Имом Юсуф Ҳамадоний муридларидурлар, аммо ҳар қайси бийик маротибға етибдурлар, мусоҳиб бўлубтур, ва рўзгор машойихидин кўп бузургворлар анинг тарбиятин топибтурлар ва Шайх Разиддин Али Лоло Шайх Нажмиддин Кубро хизматиға етардин бурун Хожа Аҳмад Яссавий хизматида бўлуб эрди ва анинг хонақоҳида анинг иршоди била сулук қилибтур.
Ва анинг мазори Туркистонда Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур воқеъ бўлубтур ва Туристон аҳлининг қиблаи дуосидур».

Аҳмад Яссавийнинг туркий адабиётдаги тарихий хизмати фақат ҳикматнавислик анъанасини бошлаб берганлиги билан чегараланмайди, албатта. «Девони ҳикмат»да муножот, қасида, мунозара жанри талабларига мувофиқ келадиган шеърлар қаторидан бир «Меърожнома» ҳам ўрин олган. Яссавийнинг Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом мадҳ этилган манзумалари ўз давридан бошлаб ҳанузгача ўқувчи кўнглини илҳомлантириб келган ва ҳар қандай руҳониятчи ижодкорга таъсир кўрсатишга қодир асарлардир. Хуллас, Ясавий ижодиёти адабиётмиз тарихида ҳам, халқимиз тарихида ҳам хос мавқега эга. Шунинг учун Яссавий ҳаёти, сару сулук йўли, ишқ ва ирфоний мазмундаги шеърияти неча асрлардан буён туркий халқларнинг қилиб келмоқда.

Яссавийни билиш – бу, энг аввало, Шариат, Тариқат, Маърифат ва Ҳақиқатни билиш демак. Яссавийни билиш – бу инсон Ақли, Қалби ва Руҳи сирларини теран англаб комиллик мақомидан огоҳ бўлиш демак. Яссавий адабий меросига қизиқиш – бу Оллоҳ ва инсон муносабатига қизиқиш, қулнинг Яратувчига бўлган ишқини англашнинг айнан ўзидир. Бизнинг аждодларимиз маънавий-ахлоқий ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин ишғол этган Аҳмад Яссавий ижодиёти шўро тузуми даврида таҳқирланиб, халқдан ажратиб қўйилган эди. Бу эса омма кўнглида диний ҳис-туйғуларнинг сусайишига сабаб бўлганди. Чунки олис ўтмиш замонларда халқни ботил оқимлардан ҳимоя қилиб, шиалик, қизилбошлик, ҳайдарийлик ақида ва даъволарига қарши қалқон вазифасини бажарган яссавия таълимоти шўролар зулми билан миллат истиқболи учун хизматдан маҳрум қилинди.

Дунёда улуғ бир туйғу бор. Бу – Ваҳдат, яъни Бирлик туйғуси. Бир маслак, эътиқод ва дунёқараш атрофида неча минглаб кишиларни бирлаштириш ва эзгу амалларга сафарбар айлаш учун энг аввало ана шу туйғуни камолга етказмоқ зарурдир. Аҳмад Яссавий ҳам тариқат асосчиси, ҳам ижокор, ҳам муршиди комил ўлароқ худди мана шу мураккаб вазифани тўла-тўкис амалга оширишга эришолганди. Аҳмад Яссавий меросидан йироқлашиб бўлмасликнинг сабабларидан бири ҳам ана шудир.

Аждодларимиз маънавий-ахлоқий қисматида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган Аҳмад Яссавий ижодиётини халқдан ажратишга қанчалик уринилмасин, улуғ бобомизнинг муборак номи ва шеърлари элимизнинг кўнглида ва хотирада яшаб келди. Шунинг учун қайта қуриш ва ошкоралик даври бошланишиданоқ амалга оширилган ишлардан бири «Девони ҳикмат»ни нашрга тайёрлаб, кенг ўқувчилар оммасига етказиш бўлганди.

Яссавийнинг ҳаёти, тасаввуфий ва адабий меросини ўрганиш ўзига хос бир жараёндирки, унинг илдизлари олис даврларга бориб туташади. XX асрга келиб яссавийшуносликда кескин бир ўзгариш, зиддиятли бир эврилиш ҳосил бўлди. Чунончи, Яссавийни олқишлаш билан бирга таҳқирлаш ҳам бошланиб, бу ҳодиса шўро давлати барҳам топгунига қадар давом қилди. Мана ўшандай бир шароитда қардош Туркия диёри буюк бобомиз Аҳмад Яссавийнинг қутлуғ номи, шарафи ва меросини муҳофаза этишнинг дахлсиз қўрғони бўлганди. Бу ҳам тасодифий ҳол эмасди. Зеро, турк тадқиқотчилари такрор-такрор эътироф этганларидек, Онадўлида исломнинг мустаҳкам қарор топиши, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётнинг ўнгланишида Хожа Аҳмад Яссавий мафкураси ҳамда яссавия дарвешлари фаоллик кўрсатишганди. Муҳаммад Сархон Тайший, Мекоил Байрам, Аҳмад Яшар Ўчоқ, Мустафо Қара, Усмон Турар, Ҳасан Комил Йилмаз каби олимларнинг мақолаларидаги фактлар бунга далилдир. Жумладан, Мустафо Қара Аҳмад Яссавий таълимоти усмонли давлатининг маънавий пойдевори бўлганлигини қайд этса, Ҳасан Комил Йилмаз Авлиё Чалабийнинг «Саёҳатнома»сига асосланиб, яссавия издошларининг касб-ҳунарга қўшган ҳиссаларидан баҳс юритади.

Маълумки, машҳур олим Муҳаммад Фуод Купрулининг 1918 йилда ёзилган «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» китоби яссавийшуносликда алоҳида ҳодиса бўлганди. Тан олиб айтиш керакки, ҳанузгача на Туркияда, на туркий халқлар истиқомат қиладиган бошқа ўлкаларда «Илк мутасввифлар»га тенг келадиган ва у қадар машҳур бўлган иккинчи бир тадқиқот яратилгани йўқ. Қолаверса, ўттизинчи йиллардан то етмишинчи йилларгача Яссавий ижодиётини тадқиқ этишда Туркияда ҳам қандайдир турғунлик ҳукм сурганди. Профессор Камол Эларслон нашрга тайёрлаган «Девони ҳикмат»дан сочмалар» китобининг чоп этилиши билан аҳвол бир қадар ўзгарди. Ясмда Аҳмад Яссавий ижодиётига яқинлишиш, кенг омма нигоҳини унга қаратиш эҳтиёжи олтмишинчи йилларнинг охирларида Ўзбекистонда пайдо бўлганди. Бу даъвонинг ёрқин далили сифатида филология фанлари доктори, марҳум профессор Эргаш Рустамовнинг «Аҳмад Яссавий ҳикматларида тарих ва ҳаёт садоси» номли мақоласини айта оламиз. «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 1972 йил 4–5-сонларида босилган ушбу мақола учун муаллиф ноҳақ танқидларга гирифтор этилган бўлса-да, ўзининг амалий хизматини бажарган эди. Шунинг учун биз уни айрим қисқартиришлар билан тўпламга киритганмиз. Ҳақиқатнинг қарор топиши учун жабр чеккан улкан олимимизнинг руҳлари бундан шод бўлур, деган умиддамиз.

Собиқ шўро давлати қарамлигида яшаган қардош жумҳуриятлар мустақилликни қўлга киритгач, Аҳмад Яссавий шахсияти ва ижодиётига қизиқиш ўз-ўзидан кучайди. Натижада 1993 йил Аҳмад Яссавий йили деб эълон қилинди. 1991-93 йиллар оралиғида туркий халқлар олимлари томонидан Яссавий ҳаёти, тариқати ва шеъриятига доир юзлаб мақолалар эълон қилинди, илмий анжуманлар, йиғинлар ўтказилди. Туркияда бир неча алоҳида илмий тўпламлар нашр этилди. Аҳмад Яссавий вақфи тузилиб, унинг нашри ўлароқ «Яссавий» журнали чиқарила бошланди. «Девони ҳикмат» бир неча олимлар томонидан чоп этилди. Сизнинг диққатингизга ҳавола этилаётган мазкур тўплам 1993 йил 1-2 май ва 25-26 ноябрь кунлари Истанбул ва Измир шаҳарларида Аҳмад Яссавийга бағишлаб ўтказилган конференция материалларидан таркиб топгандир. У 1996 йилда «Сахо» нашриётида китоб бўлиб чиққан.

Унинг сўзбошисида профессор, филология фанлари доктори Маҳмуд Асъад Жўшоннинг шундай фирлари берилган:
«Бу асар зоти муҳтарам Аҳмад Яссавий ҳақида қилинган жиддий тадқиқотлар, илмий маърузалардан иборатдир. Шу боис уни жуда фойдали ва муҳим бир асар, дейиш мумкин. У яссавийшуносликдаги катта бўшлиқни тўлдиради ва қизиқувчилар учун ишончли манба вазифасини ўтайди. Бугунга қадар бундай китоб дунё юзини кўрмагандир».
Бизнинг диққатимизни ўзига тортган ва ушбу тўпламни ўзбек тилида чоп этишга рағбатлантирган асосий жиҳат ҳам ана шудир. Ҳақиқатда ҳам, ундаги айрим мақолалар Яссавий ижодиётига янгича муносабат, талқин ва таҳлилларининг ўзига хослиги билан диққатни жалб этадики, буни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ўринда Анқара университети профессори, илоҳиёт фанлари доктори Адҳам Жабажиўғлининг, Салжуқ дорилфунуни доктори Мекоил Байрам ва Арзирум Отатурк университетининг профессори Усмон Турарнинг турк дунёсида исломнинг илдиз ёйишида Яссавийнинг тарихий хизматларини ёритишга бағишланган мақолаларини тилга олишни истардик.

Шунингдек, тўпламдаги мақолалар яна икки масалада ўқувчининг билим ва тасаввурини бойитади, дейиш мумкин. Булардан бири, яссавия тариқатининг Ўрта Осиёдан ғарбда Болқонгача, шарқда Чингача, шимолда Мосвагача тарқалиш жуғрофияси, иккинчиси, Яссавий ижодиётининг умумтурк адабиёти тараққиётидаги таъсири ва мавқеи. Бу икки масала ҳанузгача махсус тадқиқ этилгани йўқ. Шунинг учун Аҳмад Яссавийнинг ижод тажрибалари фақат унинг издошларигагина таъсирини ўтказган, деган фикр-мулоҳазалар илгари сурилган. Ҳолбуки, туркий адабиёт тарихида Аҳмад Яссавий сўзларидан илҳомланмаган, буюк пирнинг тасаввуфий шеърият мактабидан сабоқ олмаган етук шоир ёки ёзувчини топиш душвордур. Усмонли турк тадқиқотчиларидан Мустафо Узун, Мустафо Таҳрали, туркман олими Қурбонтурди Гелдиев, татар олимаси Алфина Сиғбатуллиналарнинг ишлари айнан шу муаммони ҳал этишга хизмат қилади.

Профессор Фарид Ҳакимжоннинг хулосасига кўра, Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг буюк издоши Сулаймон Боқирғонийнинг асарлари булғор диёрида ғоят кенг танилган. Улар ҳикматларининг тили таълим-тарбия ва бадиий ижод учун намуна ўрнида қабул қилинган. Унингча, «Яссавий ҳикматларининг Идил бўйларида кенг тарқалиши, шоирлар, адиблар, айниқса, зиёлилар учун ёзма тил намунасигина эмас, балки янги пайдо бўлган тасаввуфий туйғулар ва фикрларни қабул қилишда ҳам ўрнак эди».

Алфина Сиғбатуллинанинг таъкидлашича, Идил ирмоғи Мовароуннаҳрга қатнайдиган катта савдо йўлининг маркази ҳасобланган. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари эса, Ҳазрат Султон тириклигидаёқ, Ўрта Осиё тужжорлари воситасида Идил бўйларидаги булғор давлатида машҳур бўлган. У ёзади: «Олтин Ўрда хонлиги даврида яшаб ижод қилган Маҳмад Булғорий («Наҳж ул-Фародис»), Қутб («Хусрав ва Ширин»), Ҳусом Котиб («Жимжима Султон»), Али («Кесикбош»)нинг асарларида, шунингдек, муаллифи номаълум «Қиссаи Овиқ» ва Сайфи Саройи шеърларида Хожа Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғоний асарлари таъсирини очиқ кўриш мумкин».

Туркман олими Қурбонтурди Гелдиевнинг фикр-мулоҳазалари ҳам мана шу эътирофларга уйғун келади. У Аҳмад Яссавийнинг ижод тажрибалари Саййидназар Сайдий, Толибий, Котибий, Зинҳорий, Камина, Мулланафас, Мискинқилич сингари шоирларгагина эмас, балки туркман шеъриятининг буюк вакили, оташнафас санъаткор Махтумқули ижодига ҳам кучли таъсир ўтказганлигини баён қилади. Лекин мақоладаги Туркманистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар институтида «Девони ҳикмат»нинг юздан ортиқ нусхалари мавжудлиги ва «Яссавий қўлёзмаларининг деярли барчаси XIV асрда кўчирилган» деган фикрлари бизга шубҳали туюлди.

Яссавий ҳикматларининг у ёки бу шоир ва ёзувчи ижодиётига таъсири ўрганилганда, «Девони ҳикмат»нинг бадиий хусусиятларига кенгроқ ва изчилроқ таяниш лозим бўлади. Бунда, айниқса, ҳикматларнинг тасвир усуллари, диний-тасаввуфий тимсоллари, мажозий ва рамзий ҳақикатларини тадқиқ этиш жуда яхши самара бериши шубҳасиздир. Лекин баъзи уриниш ва ишлар инобатга олинмаса, «Девони ҳикмат» поэтикаси ҳанузгача кенг бир миқёсда текширилгани йўқ. Ҳикматларнинг ўнлаб тааввуфий истилоҳ ва тимсолларига доир шарҳ ва талқинлар тўпламдан жой олганки, улар ҳар қандай ўқувчини ҳам қизиқтиришга қодир деб ўйлаймиз. Масалан, Мустафо Таҳрали ҳикматларда қайта-қайта дуч келинадиган «ло макон» калимасига шундай изоҳ беради:
«Ло макон – «ваҳдат шароби» ичилиб, «иккилик» ўртадан кўтарилган бир мақомдир:

Ишрат қилиб, ваҳдат майидин тўё ичдим,
Ло маконда Ҳақдин сабоқ олдим мано.

Мутасаввифларга кўра, Яссавийнинг «олгани» «ло макон» рамзий тарзда англатилиши кўзланган кўнгил оламидир. Чунки замон ва макондан ташқарида бўлган жабарут оламининг нурлари ва лоҳут оламининг сирлари «кўнгил»да тажалли этади. Зеро, пайғамбар алайҳиссаломга нисбат этилган қуйидаги қудсий ҳадисда Оллоҳ таоло бундай буюради: «Мен на арзимга ва на осмонимга сиғаман. Фақатгина мўмин бандамнинг қалбига сиғурмен». Шундай экан, замон ва макондан муназзаҳ бўлмиш Ҳақ таолога маскан бўлган кўнгил замон ва макондан озоддир. Демак, «ломакон» ваҳдат олами бўлиб, у зуҳур этадиган жой ирфон соҳибларининг кўнгилларидир.

Маълумки, Ўрта Осиё тасаввуф тарихида Юсуф Ҳамадонийнинг номи ва хизматлари алоҳида мавқега эга. Ҳамадоний XII асрнинг энг атоқли алломаларидан, Марв, Ҳирот, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида истиқомат қилиб, ўзининг тасаввуфга доир илмий фикр-қарашларини тарғиб этган. Унинг Бухоро ва Самарқандни кўчманчилар босқинидан мудофаа этишда қатнашганлиги тарихий китобларда қайд қилинган. Аҳмад Яссавийнинг ҳам, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳам муршиди Юсуф Ҳамадоний бўлганлиги учун нақшбандия тариқатининг тамалида яссавийликка яқинлик, янада аниқроғи, мафкуравий вобасталик мавжуддир. Бу ҳақда ўз вақтида Ф.Купрули, В.А.Гордлевский қаби таниқли тадқиқотчилар фикр билдиришган ва нақшбандийликнинг умумий йўналиш эътибори билан яссавийликдан кўп фарқ қилмаслигини қайд этиб ўтишган. Тўпламдаги бир неча мақолаларда шу нуқтаи назар ривожлантирилган мулоҳазалар ўрин олган. Масалан, Муҳаммад Темирчи Хожи Бектоши Валий яссавийликдан адаб қонун-қоидаларини ўзлаштириб, инсоннинг қўлига, тилига, белига ҳоким бўлишини асослаган бўлса, нақшбандийлик ҳилм, гўзал ахлоқ, инсоннинг тупроқдек хокисор, қуёшдек жўмард бўлиш тушунчасини олган, дейди.

Мекоил Байрамнинг ёзишича, Амир Темур замонларида нақшбандийликка яссавийликнинг давоми сифатида қаралиб, бу икки тариқат ҳам теппа-тенг ҳимоя қилинган. Ҳатто, тарихда баъзи шайхларнинг ҳам яссавийлик, ҳам нақшбандийлик сулукига мансублиги бу икки тариқат орасига сунъий тўсиқлар қўйиб бўлмаслигини тасдиқлайди. Масалан, фаранг шарқшуноси Тьерри Заркон «Хазинат ул-асфиё»га таяниб, яссавийлик ва нақшбандийликнинг бирлашувига мисол ўлароқ Хожа Ҳофиз исмли яссавия дарвешининг айни пайтда нақшбандий ҳам бўлганин ёзади.

Яссавийшуносликда пухта ўрганилиши ва ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар кўп. Шулардан бири, Аҳмад Яссавий авлодларига тегишли. Кўпгина илмий, тарихий, манқабавий маълумотларда Яссавийнинг Иброҳим номли бир ўғли ва Гавҳари Хушноз исмли қизи бўлганлиги қайд этилган. Мавлоно Сафийуддин Қўйлоқийнинг «Насабнома» асарининг нусхаларидан бирида Яссавий фарзандларининг номлари Шайхзода ва Гавҳари Хуштож деб зикр этилган. «М.Ф.Купрули айтганидек, анъанага кўра, Аҳмад Яссавийнинг кичик ёшда вафот этган Иброҳим отли ўғли бўлган. «Насабнома»нинг «Ч» нусхасида номи қайд этилган Шайхзода ўша Иброҳимми, бошқами, буни айтиш қийиндир», – дейди К.Эраслон. «Насабнома» нусхалари Аҳмад Яссавийнинг опаси Гавҳари Шаҳноз ҳақида маълумот бермайди. Фақат «Жавоҳир ул-аброр»да унинг номи Гавҳари Шаҳноз дея тилга олинган. Яссавийнинг ҳаёти ва шахсияти афсона ва ривоятлар билан бурканиб кетганидек, унинг фарзандларига доир ҳақиқатни ҳам афсона ва ривоятлардан ажратиш анча мушкулдир. Масалан, айрим манқабаларда Яссавийнинг Ҳайдар ота деган ўғли тўғрисида ривоятлар берилган.

Эмишки, Рум диёрини исломлаштирмоқ учун борган Ҳайдар ота мужоҳада пайтида асир тушади. Масофа бўлишига қарамасдан, отаси воқеадан огоҳ бўлади ва «уф» дея ўғлининг ҳибс этилганини айтади. Ниҳоят уни озод қилади. Ҳайдар ота падари бузрукворининг зиёратига келгач, такрор Румга равона бўлади. Охири ўша ерда муқим ўрнашиб қолади. Т.Ҳикматнинг гувоҳлик беришича, «халқ орасида 1960 йилларгача сўзланиб келинган бу ривоятлар Ҳайдар отанинг Онадўлига ташриф буюрган илк эранлардан эканлиги, Яссавийнинг ўғли ўлароқ танилиши ва Ҳожи Бектоши Валидан олдин Туркистондан келганлигини англатиш жиҳатидан аҳамиятлидир».

Ф.Купрули ҳам Ҳожи Бектош «Валоятнома»сидан нақлан Яссавийнинг Ҳайдар отли бир ўғли бўлганлиги, аммо ўн икки ёшда Онадўлига исломни тарқатиш мақсадида борганлиги, аммо Оллоҳ номини хотирлашни унутганлиги учун асир тушгани ва уни Ҳожи Бектош халос қилганлигини ёзади. Демак, бу маълумотларда тарихий ҳақиқат излари ўрин олгани эҳтимолдан йироқ эмас. Аҳмад Яссавийнинг ёш чоғидаёқ вафот этган ўғли Иброҳимга келсак, у ҳали мусулмонликка иқрор бўлмаган суйри халқи томонидан ўлдирилади ва боши бир қопга солиниб, Ҳазрати Хожанинг олдига келтириб ташланади. Бу ҳақда «Жавоҳир ул-аброр»да ўқиймиз:

«Қавми мунофиқи қаряйи Сури эшитдиларки, шаҳзода Иброҳим бир терак тагида ётибдур. Бошини кесиб шайх ул-машойих қуддиса сирруҳуни ҳузурида баҳузур қилмоқ учун келтуруб ташладилар. Шайх ул-машойих сўрдиларки: «Недур бу дастмолдаги?» Демишлар: «Янги етишган қовун турфанда армуғондур». Буюрмишларки: «Етилса эди, гўзал бўлурди». Алҳукму лиллаҳ аблақ (от)ни эҳсон қилди ва оти ила қизини ҳам бердики қон даъвоси бўлуб, ўртада адоват ва зиддият боқий қолмағай».

«Халқ томонидан севилиб, эҳтиром кўрсатилган, ўзи ҳам бошқаларни ҳурмат қилган Яссавий ҳазратларига бундай ҳодисанинг нисбат берилиши, бизнингча, заиф бир эҳтимолдир», – дейди А.Жабажиўғли. Шундай бўлганида Ҳазиний ва бошқа муаллифлар ушбу ҳодисани ёзиб қолдиришмасди. Бу – биринчи. Иккинчидан, ўғлини ўлдирган кимсаларга ўзининг севимли отини туҳфа қилиш ва ҳатто қизини бериш ақл бовар этмас иш бўлса-да, ушбу воқеа Аҳмад Яссавий шахсиятининг нақадар юксак мақомга кўтирилганлигини кўрсатиш маъносида талқин этилган. Ҳазинийнинг «қон даъвоси бўлиб, ўртада адоват ва зиддият боқий қолмағай» деган сўзларни келтириши ҳам бежиз эмас. Зеро, Яссавийга ўхшаш ҳақиқий ориф ва муршидлар наздида кин, адоват ва душманлик ўлимдан ҳам қўрқинчли ва таҳликали офатдир. Мана шунинг учун Шайх Фаридуддин Аттор «Мантиқ ут-тайр» дотонида Туркистон пири қисматидаги бу қонли фожиани ҳикоя қилиб, қуйидаги сатрларни тизган эди:

Дод аз худ пири Туркистон хабар,
Гуфт: «Ман ду чиз дорам дўсттар.
Он яке асбест аблақ гомзан,
В-он дегар худ нест жуз фарзанди ман.
Гар хабар ёбам зи марги ин писар,
Асб мебахшам ба шукриин хабар.
З-он ки мебинам ки ҳаст ин ҳар ду чиз,
Чун ду бут дар дидаи жонам азиз.
То насўзиву насози ҳамчу шамъ,
Дам мазан аз покбози ҳамчу шамъ,
Дам мазан аз покбози пеши шамъ…

(Мазмуни: Туркистон пири, ўзидан хабар бериб деди: Менинг дўст тутиб, жуда қадрлайдиган икки нарсам бор: бири, тезчопар аблақ отим, иккинчиси суюкли фарзандим. Агар ўғлимнинг ўлим хабарини эшитсам, бунинг шукронаси учун отимни ҳадя этаман. Чунки бу икки нарса азиз жоним дийдасидаги икки бут эрур. Агар сен шамга ўхшаб, куймасанг-у, нур таратмасанг, кўпчилик ҳузурида покбозликдан асло дам урмагил).
Бу мисраларнинг замирида энг севимли нарсалар, ҳатто фарзанд ҳам инсон билан Худо орасидаги ишқ ва яқинликка мутлақо монелик этмаслиги зарур, ана шундагина чинакам покбозликка етишиш мумкин, деган мазмун ҳам яширинган.

Эҳтимол, шунинг учун Аҳмад Яссавий дин, имон, эътиқод ва мусулмонлик масалаларига беҳад кенг қарагандир. Эҳтимол, шу боис ислом равнақи учун ҳатто бошқа дин вакиллари билан фавқулодда иттифоқ йўлини тутгандир. Профессор З.В.Тўғоннинг Яссавийнинг куёви ҳақидаги мана бу маълумотлари ҳам буни қувватлайди:
«Аҳмад Яссавийнинг домоди ва халифаси Хожа Сулаймон ибн Бормон Ота ҳақидаги равоятлар ҳам диққатга моликдир. Маҳмуд Кошғарийда Афросиёб (Тунга алп)нинг ўғли дея танитилган Бормонга нисбат этилмишлиги англашилган бу шайхнинг боболаридан бири Ўғуз Хон эмиш ва хон қизидан туғилган экан. Унинг тўртинчи бобоси Адҳам Отанинг лақаби ҳам «Хожаи Равшаний» эмиш. Унинг қабри Фарғонанинг Кошон шаҳрида эмас. Хожа Равшанийнинг қадамгоҳлари бу вилоятларнинг ҳар жойида мавжуддир. Шу сабабдан Хожа Равшанийнинг мусулмонлашган бир монихон азиз бўлганлигини қабул айлаш лозимдир».

Баъзи маълумотларга кўра, Яссавийнинг Гавҳари Шаҳноз ва Жавҳари Хушноз исмли қизлари бўлган бўлса-да, Гавҳари Шаҳнознинг фарзандлари улуғ боболари наслининг ворислари бўлишган. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ кўринади. Гавҳари Шаҳноз ниҳоятда оқила, билимдон ва маърифат муҳибаси эди. У отаси тирик пайтида ҳикматларини ёшларга ўқиб-ўргатиш ва атрофга тарқатиш билан машғул бўлган. Аёлларнинг яссавийлик билан қизиқиши ва бу тариқатга киришларида ҳам Гавҳари Шаҳнознинг хизматлари сингган.
Демак, тўпламдаги мақолалар фикр уйғотиши, баъзи муаммоларга янада кенгроқ аниқлик киритишга чорлаши билан ҳам аҳамият касб этади.

Китобдан жой олган мақолалардан бирида «Аҳмад Яссавийни чуқур ҳис этмоқ лозим. Бизнинг миллиятимиз унда яширин эрур», – деган фикр бор. Зеро, Яссавийни билиш фақат миллиятчилигимизга эмас, тафаккуримизга ҳам қанот бағишлайди, маънавий шахсиятимизни кучлантиради. Бугина эмас, Аҳмад Яссавийни билмасдан ёки лойиқ даражада танимасдан, «Туркистонни танимоқ ҳам мумкин эмасдир». Буни эса ёддан чиқармаслигимиз зарур.

САНАМАЙ САККИЗ ДЕМАЙЛИК

023 Дунёнинг кўп воқеа-ҳодисалари ўткинчи бўлганидек, кўп фикр-қарашлар, ҳақиқат тўғрисидаги баҳс ва тортишувларнинг умри ҳам қисқа. Бу мутлақо табиий ва оддий ҳақиқатдир.
Мумтоз адабиётимизга дахлдор – ўрганилиши ва ҳал қилиниши зарур масалалар кўп. Улардан муҳим бир қисми бевосита матншуносликка тегишли эканлиги ҳам сир эмас, албатта.

Матншунослик майдони ва миқёси олдингига нисбатан тасаввур этиб бўлмас даражада кенгайди. Бугун Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр, Феруз, Ҳазиний каби шоирларимизнинг асарлари нашри юзасидан бемалол фикр алмашса бўлади. Бу ишонч қувонч ила уйғундирки, атиги саккиз-тўққиз йил аввал буни тасаввурга сиғдириш мушкул эди. Ниҳоят, «Ҳечдан кўра кеч…», деганларидек, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида (1998 йил 23 январь) «Ҳикматлар» нашрига бағишланган мақола чиқиши ҳам, «Адабий идрок тантанаси» дея номланган ушбу мақола фаол матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан ёзилганлиги ҳам қувонарли. Баъзан «Баҳс» рукнидаги нарсаларни ўқиб, баҳслашадиган гап тополмайсан. Ваҳоб аканинг мақоласи бундай эмас, мунозарага арзирли ўринлар унда жуда кўп.

Айтайлик, у киши «Ҳикматлар» нашрига боғлиқ мулоҳазаларни «Очиғи, мен Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар» китобига асос бўлган қўлёзманинг қадимийлигига мутлақо ишонмайман», деб бошлаган. Қўлёзма қадимий, деб ҳеч ким даъво ҳам қилгани йўқ-ку! Китобнинг сўзбошисида унга Анқара нашри асос қилиб олинганлиги ёзиб қўйилган. Уни юзага чиқарган Камол Эраслон эса «Девони ҳикматдан намуналар»нинг муқадиммасида: «Девони ҳикмат» номи билан тартиб берилган бир девон мавжуд бўлмаганидек, Аҳмад Яссавийнинг барча ҳикматларини ичига олган тўлиқ ва ишонарли бир мажмуа ҳам йўқдир. Қўлимиздаги ёзма нусҳаларнинг энг эскиси XVI ва XVII асрларга оид эур», дейди. Демак, «Бу биринчи гумоним», дея гумон санаш мутлақо ҳожатсиздир.

В.Раҳмонов «Ҳикматлар» масъул муҳаррирсиз, «нашриёт редактори раъйи билангина амалга оширилган»лигини жуда тўғри қайд этган. Чунки бошқа илож йўқ эди… Хусусан, у «Ҳикоятда билинг мундоғ кетурдилар…» мисраси билан бошланадиган ўн икки тўртликнинг Яссавий тўпламида учраши билан сира муроса қилолмайди ва уни «кўра билиб туриб «Ҳикматлар» китобига киритиб, Аҳмад Яссавий ижодидан намуна, деб кўрсатиш ноқулай эмасми?» – дея таажжубланди. Нега ноқулай бўлсин? Собиқ шўролар тузуми даврида «Ҳикматлар»ни халққа етказишнинг энг қулай йўли Туркия нашрига суяниш эди. Бунинг замирида «Яссавий шеърлари Туркияда босилади-ю, нечун Ўзбекистонда чиқмаслиги керак?» – деган муддао ҳам яширинганди. Ўша шеърни биз эмас, Яссавий «Ҳикматлар»га Камол Эраслон киритган. У «Девони ҳикматдан намуналар»ни тайёрлашда тўққизта қўлёзма ва учта босма нусхадан фойдаланган. Китобга қарийб эллик саҳифалик сўзбоши ёзилган, анча кенг ҳажмли изоҳ ва луғат берилган. Ҳикматларда номи учрайдиган шахслар ҳақида битилган маълумотларнинг ўзи бир рисола қимматига эга. Шунча заҳмат чекиб, шунча ишни бажарган яссавийшунос олим, Байзовий номи тилга олинган тўртликларни тўпламга киритмасликка фаҳми етмаганмиди?

Мана, «Девони ҳикмат»нинг Расулмуҳаммад Ашурбой ўғли Абдушукуров томонидан чиқарилган (Тошкент, 1992) нусхаси. Унда Юсуф Байзовийга нисбат берилган шеър (77-78-бет)дан ташқари бундай тўртликлар бор:

Ломакондан чиқди руҳим «Оллоҳ» деди,
Султон Аҳмад эшитиб муни халқға ёйди.
Мункирлари шак келтирди, кўзин ўйди,
Ножинсларни Ҳақ жазосин берар эрмиш…

Насимийдек Ҳақни айтгил, теринг сўйсун,
Хожа, мулло сомон тиқиб, осиб қўйсун,
Кўзинг юмғил бу дунёдин, нафсинг ўлсун,
Гўшту пўстин Ҳақ сўзлатиб қўяр эрмиш.

Шеър мазмунидан шундоқ кўриниб-билиниб турибди – Яссавийники эмас. Яссавий қаёнда-ю, Насимий қаёнда? Нечун «Девони ҳикмат»дан ўрин олган улар?

Бунинг сабабини бошқалар билмаганда ҳам матншунос мутахассис англамоғи лозим. Аҳмад Яссавийнинг Туркиядаги буюк издоши Юнус Эмро девонининг энг қадимий нусхалари сақланмаган. Эмро девонига киритилган шеърларнинг аксарияти уники бўлмаган, яъни бошқалар томонидан тўқилган. Шунда қандай йўл тутиш керак? Турк олимлари Эмро номи билан боғланган асарларни дастлаб ҳеч ўзгаришларсиз, қисқартиришларсиз чиқара бошлаб, фақат тадқиқотчиларнинг эмас, кенг китобхонлар жамоасининг фикр-қарашларини ҳам олиб, кейин саралаш ишларини йўлга қўйишган. Масалан, 1933 йили Бурҳон Тупроқ томонидан нашр этилган «Юнус Эмро девони» Эмро ижодиётига қизиқишни миллат миқёсида кучайтириб юборган. Бироқ кўп ўтмай «Девон»даги 1250 та шеърдан бор-йўғи 350 таси Юнус Эмрога тегишли эканлиги аниқланган. Кейин бу рақам яна тенг ярмига камайган.

Хуллас, турли йилларда турли мутахассислар турли нашрлар билан машғул бўлишаверишган. Ниҳоят, 1990 йили Мустафо Тотчи «Юнус Эмро девони»нинг танқидий матнини чоп эттирди. «Девони ҳикмат»нинг келажакда танқидий матнини яратишда худди мана шу тажрибага таянишдан ўзга чора йўқ.

Аҳмад Яссавийнинг қудратли шахсияти ва фаолиятини таҳқирлаш, қоралашга уриниш ёлғиз совет замонининг ташаббуси эмас. Бунинг тарихи анча олис. Сўфи Оллоёр «Сабот ул-ожизин» манзумасида «оти мўъмин, вале нафсиға шайдо» «бир фирқа» пайдо бўлганлиги, улар Яссавийнинг зикр мажлисларида эркаклар билан биробар аёллар ҳам иштирок қилишганини дастак этиб, номақбул ишларга ташаббус кўрсатганликларини айтиб, яна ёзади:

Худонинг дўсти бўлса Хожа Аҳмад,
Килурми ҳеч мунингдек бидъати бад.
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе…

У ёки бу маънода Яссавийга, хусусан, яссавийлик тариқатида аёлларнинг ўрнига эътироз қилувчилар ҳатто ҳозир ҳам мавжуд. Камол Эраслон ўша тарихий англашилмовчиликлар қайта бош кўтармаслигини кўзлаб, Юсуф Байзовий тилидан ҳикоя қилинган ҳикматларни йигирма бешинчи рақам остида мажмуага киритган. Қолаверса, уларнинг айнан Байзовийники эканига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. «Ҳикматлар» В.Раҳмонов қайд этгандан ҳам ортиқроқ имло хатолари билан босилиб чиққан. Мен буни тан оламан. Агар нашриёт муҳаррири ҳозир тирик бўлганида бунинг сабабларини бемалол сўзлаши мумкин эди.

Шунинг учун Оллоҳдан Асқарали Шароповнинг руҳлари шод бўлишини тилаб, холис танқид ва кўрсатмаларни тўлиқ қабул қиламан. Аммо мақолада, минг афсуски, холислик етишмайди. Оқибатда тузатишлар бошданоқ тескари тус олади. Мисолларга мурожаат қилайлик: «Бобомни беш юз қамчи урадилар. Миқ этмайди. Бир қамчи ортиқ урсалар фарёд қилади. Матн давом этади.

Ўшал дамда муридлари қилди савол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол
Бир қамчи урди эса бўлди беҳол…

Нега беш юз қамчи бу бандда «бир юз қамчи»га айланди? Матнчининг зийраклиги ва синчковлиги қани? Демак, банднинг иккинчи мисраси:

Беш юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол –
тарзида бўлсагина тўғри бўларди…»

Матнчининг зийраклиги ва синчковлигини у ёхуд бу сўз ва мисраларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш деб тушуниш ярамайди. Бобомочинни жазолашга «Боғлаб уринг беш юз қамчи ул нодонға», дея фармон берилгач:

Ўшал дамда беш юз қамчи санаб урди,
На оҳ деди, на воҳ деди, билинг дўстлар, — дейилади.

«Беш юздан бир қамчи» ортиқ урилганда у беихтиёр зор йиғлаб фарёд қилади. Мана энди, Анқара нашрининг 142-саҳифасидан шеърнинг давомини биргалашиб ўқийлик:

Ўшал дамда муридлари қилди савол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол.
Бир қамчини урди эрса бўлди беҳол
Сир надур деб асҳоб анда сўрди, дўстлар.

Дарвоқе, ҳамма сир ана шу «бир қамчи»да эди. Чунки шундан сўнг «дев ва пари» унинг орқасидан дарҳол қочганди. «Беш юз қамчи» олдин икки маротаба тилга олингани ва қамчи сони беш юздан ортгани учун ҳам «бир юз қамчи» дейилганки, буни «бир неча юз қамчи» деб қабул қилиш унча катта зийраклик талаб этмаса керак. Биз ўзимизча агар таҳрирбозлик этишга киришсак, «Бир юздан ҳам бир қамчини ортиқ урди”, сингари сатрларнинг “астар-авра”сини ағдариш жоиз бўлади. Ҳолбуки, бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ.
Агар В.Раҳмонов бирор бир қўлёзма ёки тошбосмага олдин бир назар ташлаб, сўнг хулосани айтганида эди, у «Бир қамчи урди эрса» эмас, «Бир қамчини урди эрса» деб ёзилишига диққатни қаратар эди. Ва буни синчилик деса арзирди.

Мақолада оддий, ҳаттоки хатога йўймаса ҳам бўлаверадиган фактлардан ҳам одамни чўчитиб юборадиган даражадаги хулосалар илгари сурилади:

Қул Хожа Аҳмад, Ҳақ сўзини сўзларди мудом,
Ҳақдин ўзга сўзлар БОРИЙ эрмиш ҳаром.

Матншунос иккинчи мисрадаги «Борий»га қарши. Унингча, «оддий китобхон бу сўзни англаёлмай, «Навоий асарлари учун қисқача луғат» (Тузувчи: Ботирбек Ҳасанов, «Фан» нашриёти, 1992 йил)га боқса, 52-саҳифада ўқийди: Борий – Тангри, Яратувчи. Матндагидай «Борий эрмиш ҳаром», деб ўқилса: «Оллоҳ ҳаром эрмиш», деб ўйлайди ва беихтиёр куфрга кетади… Агар ўша мисра қуйидагидек, «й»сиз ёзилса, олам гулистон эди:
Ҳақдин ўзга сўзлар бори эрмиш ҳаром.

Бу ҳолатда ўқувчи «бори» сўзини «бори-ҳаммаси» маъносида тўғри тушунган бўлади».

Шу мантиқ рост ва ишонарли деб ўйлайсизми? Мутлақо ёлғон. Масалани битта «й» ҳал қиладиган бўлса, яна куфрга йўл очилади деяверинг. Ишонмасангиз, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» 1-жилдини очиб, 319-саҳифасини ўқинг: «Бори Борий – Яратган, Худо, Тангри (Худонинг нисбатларидан бири)…»
«Имон муқаддас тушунча, – дейди домла В.Раҳмонов ва яна ғалати бир «жумбоқ»ни ҳал қилишга киришади. – Бироқ мен «имоннинг орқа-олди бор», дейдиганларга тушунмайман. Менимча, имонли ёки имонсиз одам бор. Илмда имонлиликнинг биринчи шарти ростгўйлик ва идроклиликдир».

Очиғи, бундай муросасиз насиҳатгўйликка берилишнинг сабабини мен аввалига унча тушунмадим. Наҳотки, имоннинг муқаддаслигига шубҳа туғдирадиган бирор бир хато ўтган бўлса, «Имоннинг орқа-олди бор» дейдиганлар ким экан, деган хаёлларга ҳам бордим.
Зум ўтмай билдимки, мазкур танбеҳларга мана бу байт сабаб бўлган экан:

Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ,
Тариқ кирган Ҳақдин улуш олди, дўстлар.

Ана энди гапнинг давомини эшитинг: «Биринчи мисра бизни ўйлантиради. Пушти имон – имоннинг орқаси. Матнчи байт мазмунини идрок этолмаган. Тилимиз мантиғида кўпинча бирор тушунчани ичи ва ташини рамзий маънода ифодаласалар мағзу пўст сўзларини қўллайдилар. Хожа Аҳммад Яссавий биринчи мисрадаги имоннинг пўсти (териси) шариат, мағзи тариқат демоқчи:

Пўсти имон шариатдур, мағзи – тариқ,,
Тариқ кирган Ҳақдин улуш олди, дўстлар».

Яссавий имоннинг юзи, усти, тамали шариатдур, демоқчи бўлган бўлса-чи? «Тилимиз мантиғи»да «Мен сенинг етти пуштингни биламан», дейиш нимани англатади? Наҳотки, «етти орқа» ёки «етти кет» дегани бўлса?
В.Раҳмонов бир неча маротаба матнчи луғатга мурожаат қилиши ҳақида жон куйдириб, тавсия беради-ю, аммо зарур ўринда бунга ўзи амал қилмайди. Буни қандай баҳолаш мумкин? Ҳолбуки, «пушти имон» ва «пўсти имон» деярли бир хил маъноларни англатади-ку?

«Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатида (2-жилд, 101-бет) «пушт» сўзининг етти маъноси шарҳлаб берилган. Шулардан биттаси мажозий мазмунга эга бўлиб («пўст» ҳам шундай), «юз», «уст» демакдир. Бас, шундоқ экан, «Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ»нинг маъноси «Имоннинг юзи (ёки зоҳири) шариатдур, ичи (мағзи ёки ботини) тариқат эрур», бўлади. Бунинг нимаси ваҳимали, нимаси ғалат? «Девони ҳикмат»нинг нисбатан қадимий нусхаларида «пушти имон» деб эмас, «пўсти имон» деб битилганда ҳам бошқа гап эди.

Менимча, эски матн нусхаларига аҳамият бермасдан, ўзининг интуицияси ва субъектив қарашларига биноан «хато» топиш ва тузатиш усули ҳам нотўғри, ҳам ҳавфлидир. Афсуски, шу усулдаги тажрибалар кейинги пайтда одат шаклини олмоқда.

Матншунослик баҳсини «Ҳикматлар» нашридан бошлаб газета жуда тўғри ва ҳайрли ишга қўл урган.
Яссавий шеърлари – зоҳирда мазмунан содда, тили осон ва тушунарли бўлиб туюлса ҳам, ботинан мураккаб, маъно ва туйғу сирларини кашф этиш анча қийин шеърлардан ҳисобланади. Яссавий ва унинг издошларига бағишланган «Жавоҳир ул аброр мин амвож ил- биҳор» («Яхшилар жавоҳири ва дарё мавжлари») асарининг муаллифи Ҳазиний «Машойихи Яссавий манзума мақомотларики, ҳикмат дерлар савти ҳазин ила хатм ўлур тазвиқ ва ташвиқ учун», дейди.

Демак, ҳикматларнинг «хусусий» оҳангдорлигидан ташқари, уларнинг мусиқа билан яқинлигини ҳам эътибордан четлаштирмаслик керак. Чунки, ҳикматларда ишлатилган айрим сўз ва иборалардаги шаклий ўзгариш ва «ноқис»ликлар бевосита оҳанг ва мусиқа талабларига дахлдор.

В.Раҳмонов ёзади: «Менимча, матнчилик ва матншунослик соҳаси мутахассисдан аввало луғат билишни: араб, форс-тожик ва умумтуркий қадимий сўзлардан воқифликни талаб қилади.Чунки, луғаб билган киши эски ёзувдаги шакли бир хил сўзларнинг матндаги ўрнига кўра турлича маъно касб этиши ва ҳар хил ўқилишини билиши мумкин. Масалан:

Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб Уқболардан ошдим мано.

Ва:

Хурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда Уқбо сари сафра қилди».

В.Раҳмоновнинг луғат билиш, қадимий сўзлардан воқиф матнчининг лаёқатига доир юқоридаги мулоҳазалари тўғри. Аммо мана бу фикрлари жуда баҳсли: «Байтларда (юқоридаги икки байтда – И.Ҳ.) учраган бир хил сўзлар («уқбо») аслида ҳар хил сўзлар эди. Иккинчи мисол мазмунини кўпчилик билади: Уқбо сари сафар қилган – у дунёга (боқий дунёга) сафар қилган. (У дунёга, яъни боқий дунёга ҳамма ҳам сафар қилади. Яссавий «Уқбо» деганда айнан жаннатни назарда тутган – И.Ҳ.)

Биринчи байтдаги «Уқбо» энди уқбо эмас, «Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатидан бу сўзнинг «ақаба» эканлигини биламиз. Ақаба – тоғ ва довоннинг бўйни: ўтиш қийин бўлган тоғ йўллари, қалтис даралар. Ҳозир бу сўз «ағба» ҳолига келиб қолган.
Демак, Хожа Аҳмад Яссавийнинг биринчи байтини қуйидагича кўчирилмоғи зарур эди:

Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб АҚАБАлардан ошдим мано».

Албатта, «Фарҳанг» Яссавий ҳикматларидан кўп вақт кейин яралган. Ҳозир «Ағба» ҳолига келиб қолган «Ақаба» эҳтимол Яссавий замонларида бошқача шаклларда ҳам ишлатилгандир? Нега энди фақат «Фарҳанг»га суяниш керак? Бизнингча, бу адолатли ва илмий талаб эмас. «Девони ҳикмат»да «уқбо», «уқба», «ақбо» сўзлари учрайди. Қозон нашридаги бир ҳикматда «Қул Хожа Аҳмад Уқбалардин елиб ошдим», дейилади. «Уқба» сўзи эса тепалик, баландлик, дўнглик дея шарҳланган. Турк олими Камол Эраслон «Ғариб бўлиб ақбалардин ошдим мано» мисрасидаги «Ақба»га бундай изоҳ берган: «Ақба, асли ақаба бўлиб, «тўсиқ; баландлик, тепа, қийин ўтиладиган жой, таҳлика маъноларини билдирадиган сўздир. Вазн талаби билан баъзи шеърларда ақба шаклида ишлатилгандир. Шу сабабли биз ҳам «ақба» деб ўқилишини таржиҳ этдик».

Демак, турк олими, «ақаба»да вазн ва оҳанг сакталиги содир бўлишини билган. «Ҳикматлар» нашрига биз Камол Эраслон чиқарган мажмуани асос қилиб олмаганимизда ҳам ўзимизин оқлашга уриниб, «ақбо» билан «уқбо»ни фарқлай олмаганимизни хаспўшлаш мумкин эди…

Борингки, ҳурматли матншуноснинг талабларига риоя этиб, «уқбо»ни «ақаба» деб кўчирдик, дейлик. «Фарҳанг»даги шарҳлар бўйича хулоса чиқарамизми? Унда байт мазмунини саёзлаштиришдан бошқа ҳеч нимага эришолмаймиз. Чунки, «ақба»дан кўзланган туб мақсад «тоғ йўллари, қалтис даралардан» ўтишга эмас, балки сайру сулук йўлидаги таҳлика ва нафсоний тўсиқларни кечиб ўтилганлигига ишоратдир.

Мақолада Аҳмад Яссавий тасаввуф адабиёти вакили эканлиги, унинг ҳикматларидаги аксарият сўз ва истилоҳлар тасаввуфий маъноларни билдириши негадир инобатга олинмаган. Айтайлик, «Пиру муғон изин олиб мен ўпай деб», сатридаги изофа ноқислиги («пиру» эмас, «пири») тўғри кўрсатилган. Лекин, «Муғлар – оташпараст зардуштийлар-ку», дея тимсол мазмуни нотўғри талқин қилинган. Яссавий ҳикматларидаги «муғ», «пири муғон» – оташпараст ҳам эмас, зардуштий ҳам эмас, балки содик, самимий мурид, пири комилдир.

Бу дунёнинг молларини ҳозил қилиб,
Ришват берсанг малийкул мавт олмас эрмиш.

Бундаги «ҳозил» сўзи хато кетган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, корректура ўқиганимда «ҳозил» «ҳозир» деб ўзгартириларди. «Девони ҳикмат»нинг айрим нусҳаларида ушбу байтнинг илк қатори:

Бу дунёнинг молларини ҳозир қилиб –

тарзида берилган ва «ҳозир қилиб» – жамлаб, тўплаб, бир жойга йиғиб-йиғиштириб маъноларини акс эттиради. Яссавий бу сўзни бошқа мазмунларда ҳам қўллаган. «Ҳозир бўл!» деб нафс бошини янчдим мано» сатридаги давъат «Тайёр бўл! Ўлимни бўйнингга ол!» демак. В.Раҳмоновга кўра эса, мазкур мисра қуйидаги тарзда бўлмоғи лозим эди:

Бу дунёнинг молларини ҳосил қилиб.

Сиртдан қараганда, «ҳозир» билан «ҳосил» қилиб орасида кескин бир мантиқий фарқ йўқ. Бироқ, «ҳосил қилиб»дан кўра (айни матнда) «ҳозир қилиб»ибораси тасаввуфий моҳият ва маслакка уйғундир. Яссавийнинг сўз ва ўгитлари биринчи галда ўзининг издошларига қаратилганлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Маълумки, ТАРК тасаввуфнинг бош тушунчаларидан ва унинг илк босқичи тарки дунё эрур. Шу маънода ориф, ошиқ (Ҳақ ошиқлари), ахёр, абдол ва дарвешларда «бу дунёнинг молларини ҳосил қилиш» эҳтиёжи сўнгандир. Удар дунёга эмас, дунё уларга тобе ва таслимдир, Ясавий айтмоқчики, будуннинг молларини сеҳру каромат ила бир жойга ҳозир айлаб, яъни жамлаб малойикул мавтга ришват берсанг ҳам, жонингга жон қўшилмайди. Демак, асосий муддао: охиратга молу дун биланмас, ишқ, маърифат ва огоҳлик ила ҳозирлик кўришга чорловдир.
Матншунос бир ўринда «буроқсувор» тўғри ўқилганини эътироф этиб, «навбатдаги байтда бу сўз мазмунга хилоф тарзда ўқилган:

Ул мақомни тавҳид отлиғ дарахти бор,
Соясида ошиқ қуллар буроқ – суяр.

Афтидан, буроқсуворлар энди дарахт соясида буроқларини сўяяптилар…», дея киноя қилади.
«Буроқсувор» – буроқ минган, буроқ мингувчи дегани. Яссавий инончида чин ошиқлар – буроқсуворлар: «Оллоҳ айтур ошиқларим буроқсувор». В.Раҳмоновнинг тавсия ва кинояларига қараганда, у буроқни фақат бир маънода – Меърож тунида Пйғамбар миниб самога кўтарилган от маъносида англайди. Акс ҳолда, ошиқ қуллар – буроқ суярлар, яъни ишқпарастлар бўлиши мумкинлигини дарҳол хаёлан ўтказарди. Чунки Абул Ало Афифий шарҳлаганидек, мутасаввифларнинг «йўлчиликларида уларни Оллоҳга етказадиган «Буроқ» илоҳий ишқ эрур. Масжид Ақсо – Нур ва Ҳақдур…». Биз бунинг билан «буроқсуяр» хатосиз ёзилган демоқчи эмасмиз. «Буроқсувор» деб кўчирилганда ҳам барибир хато бўларди, демоқчимиз.

Тасаввур қилинг: «Тавҳид отлиғ» улкан бир дарахт. Унинг соясида ошиқ қуллар буроқларига миниб ўтиришибди. Ахир, бу «дарахт соясида буроқ суйиш» билан қарийб тенг мантиқ. Аслида биз буроқ эмас, «бориқ» деб ёзганмиз. Соядаги киши нимага интилади, нимани севади: нур ва ёруғликни. Ўша йигирма тўққизинчи ҳикматнинг биринчи сатри «Тажаллийнинг мақомидир ажаб мақом», дея бошланиши ҳам: «Соясида ошиқ қуллар бориқ суяр», деб ўқилишини қувватлайди. Нур, шуъла маъносини ифодаловчи «бориқ», «бориқа» эса туркий шеъриятда тез-тез учрайди. «Бориқсуяр»ни биз илоҳий нурни тилар, нурга интилар мазмунига эга, деб ҳисоблаймиз.

Малакали матнчи Маҳмуд Ҳасаний «Ҳикматлар»ни ёзилганига ҳам олти асрча ўтган бўлиб, ундаги кўпгина сўзлар ҳозирги пайтда истеъмолдан чиқиб кетганини ҳисобга олиб, уларнинг маъноси ва тўғри ўқилишини таъминлаш мақсадида туркийшунос олимлар ҳам бу ишга жалб этилса, фойдадан ҳоли бўлмайди», деганида тўла ҳақдир. Ҳар қалай бундай ишни бекаму кўст бажаришда биргина матнчилик ғайрати ва матншунослик кўрсатмалари камлик қилиши аниқдир.

Матншунослик бўйича, ўртага ташланиши зарур кўрилган неки фикр-мулоҳаза бўлса, айтайлик. Лекин «санамай саккиз» демайлик, миннат ва маломатни аралаштирмайлик унга.
В.Раҳмонов мақола муқаддимасида афсус-надомат ила бундай дейди: «Мен «Ёшлик» журналининг 1991 йил 10-сонида «Навоийшунослар масъулияти» номли мақоламда («Ёшлик»нинг ушбу сонида бундай мақола йўқ – И.Ҳ.) Алишер Навоий «Мукаммал асарлари тўплами»нинг барча жилдлари матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли деб даъво қилдим. Бирор навоийшунос лом-мим демади? Ўша йили «Муштум»да ҳам менинг имзом билан «Маънолар хазинасидаги қалтис вазият»га олимлар диққатини тортдим. Олимлар лом-мим дедиларми? Адабиётшуносларни Навоий мероси – муқаддас асарларнинг қисмати қизиқтирадими ўзи?”

Нега қизиқтирмас экан? Қизиқтиргани учун улкан навоийшунос ва малакали матншунос олимларимиз заҳмат чекиб, кўз нурларини аямасдан Навоий «Мукаммал асарлар тўплами»ни нашрга тайёрлаш ишларини давом эттираётирлар. Кўп томликдан энди 13 жилди босилиб чиқди. Ҳали нашр қилинмаган олтита том турибди. Шундай экан, қандай қилиб барча жилдларни «матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли» деб даъво қилиш мумкин? Масалан, еттинчи том, яъни «Ҳайрат ул-аброр» достонини ўзбек матншунослиги ва матнчилигининг пири, олим Порсохон Шамсиев 1970 йили эълон қилган илмий-танқидий матн асосида, изоҳлар билан, В.Раҳмонов «навоийшунос отахон олимимиз», дея эътироф этган атоқли олим А.Ҳайитметов ва мен нашрга тайёрладик. Шу иш жараёнида Порсохон домланинг матн яратиш салоҳияти, билимдонлиги ва заҳматкашлигига фақат ҳайрон қолдим. Беш-ўнта имловий хато ёки изофа ноқисликларини топиб фарёд этиш, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «гугурт чақилганда ҳам дунёга ўт кетди», деб дод солиш билан тенгдир.

Мақолада ўзни ҳимоя қилиш эҳтиёжидан туғилган «Сиз қўлёзмани кўчирган чаласавод котибни Аҳмад Яссавийдай даҳо шоирдан юқори қўяр экансиз-да?», деган бир савол бор. Бу саволдан бир қанча оғриқли саволлар туғилмайдими? Ўша «чаласавод» котиб-ку келажак авлодларга «Девони ҳикмат»ни кўчириб қолдирибди, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида биз нима қилдик?.. Умуман, бизда Яссавий шеърларини кўчирган бирор-бир котибни айблаш ёки таҳқирлашга маънавий ҳуқуқ борми ўзи?

В.Раҳмонов «Ҳикматлар»нинг нашр «усули»ни «пала-партишлик» деб ҳукм чиқаради ва сўзларнинг «гоҳ тўғри», «гоҳ бузиб» ўқилишини «Бу унификация билан боғлиқ эмас. Сўз ҳар хил ўқилса-ю, мазмун зарар кўрмаса кошкийди», деб кўп куйинади. Мақтанчоқликка йўйилмаса, муҳтарам матншуносимизга жиндак тасалли бўлар деган умид ила бир фактни эслатмоқчимиз: «пала-партиш» усулда тайёрлаган шу китоб сўзбоши, бир томонда ўзбекча, бир ёнда усмонли туркча матн билан 1995 йили Истанбулда босилиб чиқди. Тўғри кўрсатилган айрим нуқсонларни ҳам Сиз унда учратмайсиз…

Биз ҳозир «Девони ҳикмат»нинг изоҳли бир нашрини халқимизга етказиш учун иш олиб бораётирмиз. Бунда беғараз айтилган ҳар бир фикр-мулоҳаза, билимдонлик ва самимият билан кўрсатилган камчиликларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолдирилмаслиги шубҳасиздир. Зеро, матнчилик ва матншунослик муаммолари ҳам фақат ва фақат Маърифат, Заковат, Дид ва Савия зиёси ила ҳал қилинади.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати». 1998 йил, 20 феврал

БАҲС ЗИЁСИ – ТЎҒРИЛИК

I

023 Ҳар қандай фойдали баҳс ёки мунозара ахлоқий, фикрий ва руҳий қувватни талаб этади. Агар бу қувват ўрнини нафс ва ғанимлик майли ишғол қилмаган бўлса, билингки, баҳс тафаккур ва самимият минбари эрур. Илм ва адабиётда бугун айнан ана шундай мунозара минбари зарур.

Дарвоқе, Н.Жумахўжа мақоласининг («ЎзАС» 1998 йил, 10 июль) муқаддимасида шундай бир ўгит бор: «Кези келганда ҳақиқатни тан олиш, иззат-нафсни мағлуб этиш, сукут сақлаш ҳам мардлик фазилатидир». Мен бу насиҳатни инобатга олишга уриндим – бўлмади. Чунки Н.Жумахўжанинг баҳсга аралашувидан мақсади ҳақиқат ахтариш эмасдир.

Баҳс маданияти бизда ҳали пастроқ, албатта, уни юксалтириш зарур. Аммо бунга баҳслашмасдан, мунозара даражаси ва натижаларини таҳлил қилмасдан эришиб бўлмайди. Ҳақиқат сўзга, фикрга айлантириларкан, ҳеч шубҳа йўқки, у ўзининг табиий шакли ва дахлсизлигидан бир қадар йироқлашади. Ана шунда ҳақиқат номи билан турланиб, тусланиш имконияти туғилади. Шу имкониятдан фойдаланилмаса, баҳс ва мунозара ҳақиқат ҳамда тараққиётга хизмат қилади.

II

Н.Жумахўжа мақоласида «Ҳикматлар» масъул муҳаррирсиз, нашриёт редактори раъйи билан чиқиш» сабабига доир И.Ҳаққулнинг фикрларига эътироз билдириб, жумладан бундай дейди: «В.Раҳмоновдан тортиб, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, А.Рустамов. Н.Комилов, А.Абдуғафуров, Ё.Исҳоқов, Н.Раҳмонов, Б.Тўхлиев каби ўнлаб зукко ва тажрибали олимларимиз борки, «Ҳикматлар» матнини такомиллаштириш йўлида уларнинг хизматларидан фойдаланиш мумкин ва зарур эди». Анча «қамровли» бу мулоҳазалардан кўзланган мақсад: И.Ҳаққулни «ўнлаб зукко ва тажрибали олимлар»га қарши қўйиш эмасмикан? Н.Жумахўжа нашр ва нашриёт ишларини билмаса, билишни хоҳламаса, бунинг учун И.Ҳаққул гуноҳкорми? Ахир, «Ҳикматлар» хусусий нашриётда чиқарилгани йўқ-ку!

Нашриётларда нима учун махсус таҳрир ҳайъати тузилади? Яссавийнинг китобида ҳам шундай ҳайъат рўйхати берилган. Унда Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева, Бегали Қосимов, Натан Маллаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Омон Матжон, Одил Ёқубовларнинг исм-шарифлари ёзиб қўйилган. И.Ҳаққул шу таҳрир ҳайъати аъзоларидан қайси бирининг «хизматларидан фойдаланиш»дан бош тортибди? Нашр этиладиган китобни кимларга ўқитиш ёки ўқитмаслик каминанинг ихтиёридаги иш эмаслигини англаш наҳотки шунчалик қийин?

«Ҳикматлар» китобининг босилиб чиқиши ҳам бир тарих бўлиб қолди. Бу воқеани энди ҳар хил изоҳлаш мумкин. Н.Жумахўжа ҳам фикр-мулоҳаза билдиришга ҳақли. Бироқ унинг ўша нашр жараёнини аниқ билмасдан, «Ундан шахсан мен ҳам хабардор эдим», дея тахминий гапларни айтиши нотўғри. Унингча, «қайта қуриш ва ошкоралик даври»даёқ Яссавий «Ҳикматлар»ини чоп этишга Ўзбекистонда табиий замин етилган» экан. Қани энди шундоқ бўлган бўлса. «Ўзбек адабиёти бўстони» туркумидаги биринчи китоб «Қадимий ҳикматлар» деб номланган ва у ошкоралик айни авжига кўтарила бошлаган 1987 йили босмадан чиққан. Энг қадимий адабий ёдгорликлардан бошлаб Югнакийнинг «Ҳиббат ул-ҳақойиқ»игача бўлган асарлардан олинган парчалардан таркиб топган шу мажмуага, номига бўлса ҳамки, Яссавийнинг ҳикматларидан намуналар киритилмаган. Нега?

Мустақилликка шукроналар бўлсинки, тасаввуфшуносликда ҳам эркинлик йўлини очди. Бугунги кунда қочган ҳам, қувган ҳам диний-тасаввуфий адабиётнинг муҳофизи. Бироқ улар саксонинчи йилларнинг охирларида ҳам Яссавий шахсияти ва ижодиётига, юмшоқроқ қилиб айтганда, муносабат яхши бўлмаганлигини эшитишни-да исташмайди. Аслида эса аҳвол худди шундай эди. Шу боис «Ўзбек адабиёти бўстони» туркуми учун тузилган таҳрир ҳайъати мажлисида «Қадимги ҳикматлар»га Яссавий шеърларидан киритилиши ҳақидаги бизнинг таклифимиз, филолология фанлари доктори А.Абдуғафуров ва фан номзоди Ё.Исхоқовларнинг қўллаб қувватлашларига қарамай, таклифлигича қолиб кетганди. Шундан сўнг биз ўша таҳрир ҳайъатидан воз кечганмиз.

Ўз ишига инсон ўзи баҳо беришни зиммасига олса, биринчидан, баҳони жуда баландлатади, иккинчидан, мен алдамайман, деган самимий бир ўй билан бошқаларни алдаётганини сезмай қолади. Акс ҳолда Н.Жумахўжа: «И.Ҳаққул ўша пайтда «Ёшлик» журналида Яссавий ҳақида катта бир мақола эълон қилганди. Шу мақолага акс-садо тарзида мен ҳам мазкур журналда Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»и нашри зарурлиги ҳақида мақола билан чиқдим. Шунда «Ҳикматлар» нашри жадаллашиб кетганди», деб ёзмасди. Биринчидан, «Ёшлик»даги мақола Яссавий ҳақида эмас, Навоийнинг Яссавийга муносабати ҳақида эди. «Яссавий ва Навоий» деб номланган бу мақола «Яссавий номини Навоий билан тенг қўйиш мумкин эмас», деган таъқиқ билан бир сон кейин «Навоий азиз билган…» сарлавҳасида (сарлавҳани журнал таҳририяти қўйган – И.Ҳ.) босилиб чиққан эди. Иккинчидан, Н.Жумахўжа мақоласидан сўнг «Ҳикматлар» нашри жадаллашиб кетганида, қўлёзма икки йилча нашриётда туриб қолмасди. Учинчидан, «Яссавий ҳикматлар»ини Туркия нашри асосида қайта чоп этиш қаҳрамонликми?» дея тасаввурга сиғмайдиган саволни ўртага қўйиш ҳам ўринли бўлмаса керак?

III

«Девони ҳикмат»нинг танқидий матнини яратишда, – дейди Н.Жумахўжа, – И.Ҳаққул Туркия тажрибасини тавсия этади. Бу фикрга у «Юнус Эмро девони» танқидий матнининг яратилиш тажрибасини асос қилиб келтиради. Бошқа соҳани билмадим-ку, хусусан, матншунослик соҳасида биз Туркия «андоза»сига муҳтож эмасмиз. Бизнинг миллий матншунослигимиз ўзига хос ва ўзига мос йўлда уларга нисбатан анча ривожланиб кетган».

Эски мафкура шундай бир зарарли ва заҳарли мафкура бўлганки, ҳолат ва фурсат етди дегунча, ҳамон у ўзининг мавжудлигини сездириб, ботиний мавқеини дарҳол намоён айлайди. Юқоридаги фикрлар моҳият эътибори ила ўттизинчи, эллигинчи йилларда айрим ёзувчи ва олимларимизни «пантуркист»ликда қоралаган кишиларнинг ҳукмларига ўхшаб кетиши тасодиф эмас, албатта.

Аввало, шуни айтиш керакки, Туркия «андозаси»га муҳтожликни биз хаёлга ҳам келтирганимиз йўқ. Тажриба ўрганиш, зарур кўрилса, ўрнак олиш – бу бошқа эҳтиёж. Биз сўзлаганимиз «тажриба» озарбайжон, грузин, арман ва туркман олимлари томонидан ҳам татбиқ этилганлиги матншунослик тажрибасидан оз-моз хабардор ҳар бир тадқиқотчига аён. Бундан ташқари, масаланинг илдизи ва туб моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, Туркия «андозаси» биз учун сунъий ва ўзини оқламайдиган бир тушунча. Ва у мумтоз адабиётимизнигина эмас, миллатимизни ҳам камситиши мумкинлигини жиндек мушоҳада қилмоқ лозим.

Айтайлик, устод Фитрат «Эски турк шеъри» мажмуасини нашрга тайёрлаганда, заҳматкаш олим С.Муталлибов тўрт жилдлик «Девони луғотит турк»ни ўзбек тилига ўгириб халқимимзга етказганларида ўша асарлар усмонли турк адабиётининг эмас, умумтуркий адабиётнинг намуналари бўлганлиги учун турк матншуносларининг тажрибаларига мурожаат этишган. «Қутадғу билиг», «Ҳиббат ул-ҳақойиқ» нашрлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. «Юнус Эмро девони» нашри бизга нега керак? Чунки у Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг издоши. Издошлик анъанасини билиш – йўлбошчининг буюклигини бутун миқёси билан англашга хизмат қилмайди, деб ким айта олади?

Лутфий, Гадоий, Убайдий сингари бир қанча шоирларимиз шеъриятидан намуналар, Шайбонийхоннинг девони дастлаб Туркияда чоп қилинган. Чунки улар ўз адабиётининг тақдирини ҳам, тараққиётини ҳам ўзбек адабиётининг таъсирисиз тасаввур эта олишмайди. Шунинг учун турк матншуносларининг Алишер Навоий асарларига қизиқиши кучли ва изчилдир. Шунинг учун ҳам Навоийнинг бизда ҳанузгача тўлиқ босилмаган «Насойим ул-муҳаббат»и танқидий матни Туркияда чоп этилди. Шу китобни қўлга олиб, Ҳазрат Навоийдек даҳо санъаткоримиз борлигидан табиий равишда фахрланиб, нашрдаги ютуқ ва камчиликларни мулоҳаза қилиш яхшими ёки бу хориж «андозаси» дея юз буриш мақбулми?

Албатта, янги давр, янги мафкура бошқа давлатлар қатори қардош Туркия билан ҳам янгича муносабатни талаб қилади. Биз адабиёт, санъат, фан ва маданиятда ҳам ўзининг теран тарихига эга мустақил миллатмиз. Лекин илм-фан, адабиёт ва санъат, мусиқа ва маърифатда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш эҳтиёжини инобатга олсак, ҳеч нима ютқазмаймиз.

1995 йил Истанбулда И.Ҳаққулнинг эмас, балки у нашрга ҳозирлаган Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»и босилиб чиққан. Нашрга тайёрловчининг исм-шарифи бутунлай тилга олинмаслиги ёки ўчириб ташланиши мумкин. «Девони ҳикмат»нинг хорижда чиқиши барибир қувончли ҳодиса. Биз бу фактни В.Раҳмонов кўрсатган бир қатор хатолар бартараф этилгани маъноси эслатгандик. Хайриятки, эслатма «Мақтанчоқликка йўйилмаса…» деб бошланган экан. Шунга қарамасдан, Н.Жумахўжа «Бунинг нимаси мақтанарли? Бугунда кўп жиҳатдан дунё мамлакатларидан орқада эмаслигимиз аён бўлиб қолди-ку!» дейди. Ё ажаб! Бир китобнинг Истанбулда чиқиши қаёнда-ю, «кўп жиҳатдан дунё мамлакатларидан орқада эмаслигимиз» қаёнда?

Агар шу савияда фикрлайдиган бўлсак, миллий мафкурамизга бутунлай зид ва бегона «Нима бизга Америка?»чилик мақтанчоқлигини яна оёқлантириб, халойиққа кулги бўлмаймизми?
«Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ», мисрасидаги «пушти имон» иборасига И.Ҳаққул берган изоҳлар Н.Жумахўжага гапни «бошқа томонга буриш», «гапни айлантириш» бўлиб кўринади.

«Пушти имон» – Яссавий ҳикматларида учрайдиган ибора. Шу боис К.Эраслон «пушт» сўзига «орқа»; сирт; насл; белбоғ» («Девони ҳикмат»дан намуналар, 470-бет) дея шарҳ берган. Бундаги мажозий маъно «Фарҳанги забони точики» луғатидаги «пушт» сўзининг (мажозий мазмуни) изоҳига тўла мувофиқ келади. «Пушт»нинг «белбоғ» маъносига эгалигини, эҳтимолки, Н.Жумахўжа билмаган. Унда «Афсонадур шариат, фарзонадур ҳақиқат» сатридаги «афсона»га ёпишиб олиб, шариатни «афсона» дейиш, «пушти имон шариатдир», дейишдан ҳам ғалатироқ-ку!

IV

«Баҳсдан мақсад – ҳақиқат» мақоласининг қарийб учдан бир қисмида интуициянинг матншуносликдаги аҳамияти ҳақида гапирилган. Бунга эса «Санамай саккиз демайлик…» мақоласидаги қуйидаги сўзлар асос бўлган: «И.Ҳаққул «умумлашма» чиқаради: «Менимча эски матн нусхаларига аҳамият бермасдан ўзининг интуицияси ва субъектив қарашларига биноан «хато» топиш ва тузатиш нотўғри ва хавфлидир. Афсуски, шу усулдаги тажрибалар кейинги пайтларда одат шаклини олмоқда..».

Бу фикрлар замирида «Қўлёзма кўрмасдан мумтоз адабиётимиз нашрларидаги хатоларни ўз-ўзимизча, фақат савқи табиийга суяниб «хато» деб белгилавермайлик», деган талабдан ўзга бир мақсад йўқ. Ким бўлиши ва интуицияси қай мақомга юксалишидан қатъий назар, ҳар қандай зукко матншунос ҳам эски ва ишончли нусхаларга таянмоғи шарт. Узоққа бормасдан Машраб «Девон»ини олиб кўрайлик. Шоир шеърларидаги кўпдан-кўп сўз ва иборалар В.Раҳмонов ва К.Исмоилов нашрида А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров нашрларидан бутунлай фарқ қилади. Мана бир мисол: А.Абдуғафуров чоп эттирган «Танланган асарлар»да ўқиймиз:

Мани сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй кўнгул, кечоли бу тирикликни бақосидин.

«Девон»даги шакли:

Санам, сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй Мажнун, кечоли бу тирикликни бақосидин.

Менинг назаримда, байтнинг олдинги кўринишида поэтик мантиқ ҳаққоний аксини топган. Ва лирик қаҳрамоннинг «Эй кўнгул», дея мурожаати юз фоиз ўзини оқлайди. Чунки ишқ йўлчисига кўнглидан яқин, кўнглидан ҳамрозроқ «шахсият» йўқ. Мавлоно Лутфийнинг «Бу кўнгилдир, бу кўнгил» радифли ғазалида мазкур ҳақиқат ниҳоятда гўзал тасвирланган. Қолаверса, «тириклик бақосидин» кечишга ўрнак кўрсатган Мажнунни яна шу ишга чорлаш қандайдир ғайритабиий туюлади (Санамга нидо қилиб, кутилмаганда Мажнун номини тилга олиш ҳам). Бу – менинг байтга шахсий муносабатим ва уни шахсий тушунишим. Албатта, «Эй кўнгул»нинг ўрнини «Эй Мажнун» эгаллагани учун В.Раҳмоновга ишонч ила эътироз билдира олмайман. Чунки Машраб «Девон»ининг қадимий нусхалари сақланмаган. Шу билан бир қаторда В.Раҳмоновнинг «интуиция»сига мафтун ҳам бўлолмайман. В.Раҳмоновнинг матншуносликдаги тажрибаси Н.Жумахўжага мутлоқ нуқсонсиз туюлган бўлиши мумкин. Лекин мен ҳурматли олимимизнинг Навоий, Яссавий байтларидан топган хатоларининг барчасини ҳам хато деб қабул қилмайман.

Хуллас, Н.Жумахўжа юқоридаги фикрларимизни «матншунослик истеъдодига таҳдид» ва ғайриилмийлик тамойилига нисбат беришга ҳар қанча рағбат этмасин, охирида, «Албатта, интуиция ёрдамида аниқланган маълумотни қўлёзма билан текшириш керак», дея И.Ҳаққул гапини қувватлаш, ҳаттоки такрорлашдан ўзга чора тополмайди. Бунинг нимаси баҳс?! Баҳс дегани «тухумдан тук ахтариш» эмас-ку ахир!

V

Н.Жумахўжанинг интуиция масаласига ўзича катта аҳамият бериши бежиз эмас. Чунки, унинг ўзи тасаввуф тушунчалари ва тимсоллари маъносини аксарият ҳолларда интуиция бўйича «кашф» этади. У ёзади: «Бир неча жумла оралиғида И.Ҳаққул томонидан «буроқсуворлар» – «чин ошиқлар» мақомидан «ишқпарастлар» тоифасига туширилади. Ишқпараст – чин ошиқ эмас, албатта. Чинакам комил ошиқ айнан Меърож тунида Буроқ воситасида Оллоҳ ҳузурига кўтарилган пайғамбар Муҳаммаддир. Буроқсувор айнан унинг сифатидир».

Оддий ўқувчи бу гапларга чиппа-чин ишонади. Тасаввуф тадқиқотчиларининг ишқ баҳсидаги асарларидан бехабар одам Н.Жумахўжа хулосаларига қойил қолиши ҳам мумкин. Гап шундаки, «Ишқпараст – чин ошиқ дегани» бўлмаса, унда тасаввуфшунос олимлар ишқни тур ва даражаларга ажратиб, нега «Узрий ишқда аввал севган ёрига ошиқ бўлади. Уни қаттиқ севади, ишқдан туғилган изтироб ва алам ичида ёниб-куяди, ниҳоят шундай бир нуқтага етадики, ишқдан хушнуд бўлиб, ҳузурланишга бошлайди. Айни шу юксакликда ишқ учун маъшуқасини ҳам унутиб, унинг ишқи ила нафас олади… Лайлони севган Мажнуннинг ишқи мана шундайдир», дея шарҳлар битишган? Ишқпараст бутун борлиғи ва мавжудлигини ишқда идрок қилувчи, ишққа топинувчи ошиқ. Ишқпараст наинки одамнинг, балки оламнинг жонини ҳам ишқда кўради. Н.Жумахўжа ишқ севги-муҳаббатнинг сўнгги мартабаси эканлигини билмаса? Қачондан буён Мажнун чин ошиқ тимсоли бўлмай қолди?

Том маънодаги комил инсон ким? Комилларнинг комили сифатида кимни ўрнак этиб кўрсатиш керак? Йирик тасаввуфшунослар, жумладан, Ибн Арабий мазкур саволга аллақачонлар «Муҳаммад алайҳиссалом», дея жавоб берган. Бизда ҳам кейинги пайтларда шундай фикр ўртага ташланди. Ҳатто ёш бир тадқиқотчи шу масалада «Энг комил инсон ким?» деган мақола ҳам эълон қилди. Н.Жумахўжа бу хусусдаги асосий хулосани гўёки янгилик яратгандай қилиб, «Чинакам комил ошиқ» «айнан Меърож тунида Буроқ воситасида Оллоҳ ҳузурига кўтарилган пайғамбар Муҳаммаддир», дейди. Ҳолбуки, Яссавийнинг мунозара уйғотган байти тавҳид мақомига етишган «ошиқ қуллар» тўғрисида бўлиб, улар ишқпарастлик ила – чин ошиқ, чин ошиқлиги учун ишқпарастдирлар. Яссавий ҳақида сўзлаганда, ҳеч бўлмаса, зарур манбалардан хабардор бўлмоқ керак. Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетмаслиги учун ҳам Ҳазиний Яссавийга бағишланган «Жавоҳир ул-аброр» асарида Меърож масаласига махсус тўхталиб, мана нима дейди: «Яхши билғилки, набилар учун бир Меърож, ошиқлар учун бир Меърож, орифлар учун бир Меърож бордир. Наби бизотихи вужуди ила, ошиқ қалби ила, ориф эса руҳи ила Меърожга кўтарилур». Ошиқликнинг буюк имтиёзи ҳам ана шунда.

Кимга қайси луғат мақбул, ким қайси луғатдан фойдаланади – бу ҳар бир олимнинг ихтиёридаги иш. Бу ишда ҳеч кимнинг ҳеч кимга мажбурий кўрсатма беришга ҳуқуқи йўқ. Н.Жумахўжа эса «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати»га мурожаат этган. И.Ҳаққулга «Борди-ю луғатга зарурат туғилганда ҳам энг ишончли луғатга суянган маъқул эди. Мен П.Шамсиев ва С.Иброҳимов тузган, 1975 йили нашр этилган «Навоий асарлари луғати»ни афзал биламан», дея кўрсатма беради. Тавсия учун минг раҳмат. Бироқ у кўпчилик олимлар тузган ва кўп ишни Қ.Муҳиддиновдек беназир аллома бажарган тўрт жилдлик бир луғатнинг ишончсизлиги ва афзаллигини билмаган бўлса, И.Ҳаққул нима қилсин?

Билибми, билмайми, камситилган ўша луғатда В.Раҳмоновнинг ҳам иштироки ва хизматлари алоҳида қайд этилган. Н.Жумахўжа балки бу маълумотни унутгандир. Унутмаганида сал ўйлаброқ сўзлармиди?
И.Ҳаққулга йўналтирилган танқидлардан яна бири – «тагзаминли танқидни тушунмаганлик»дир.

Келинг, яхшиси мана бу кўчирмани ўқийлик: «Тасаввур қилинг, – дейди И.Ҳаққул давом этиб, – «Тавҳид отлиғ» улкан бир дарахт: унинг соясида ошиқ қуллар буроқларига миниб ўтиришибди. Ахир бу «дарахт соясида буроқ сўйиш» билан қарийб тенг мантиқ». Энди В.Раҳмоновдаги «суюмоқ» феъли И.Ҳаққулда «сўймоқ»қа айланади. Бунда асл матнда йўқ «ўтиришибди» деган ҳолат «кашф» этилган». Ҳолат «кашф» этилмаган. Сўзнинг ўзгариши ҳам мутлақо тўғри. Ахир, И.Ҳаққул «Буроқ»ни моддий маънода тушунилишига қарши. Н.Жумахўжа қайд этганидек, Абул Ало Афифий «бекорга овора қилинмаган. Балки ўқувчи мақсадни билишда чалғимаслиги учун машҳур араб олимининг мутасаввифларнинг «йўлчиликларида уларни Оллоҳга етказадиган «Буроқ» илоҳий ишқ эрур…», деган изоҳига ҳам эътиборни қаратган.

В.Раҳмонов мақоласида эса «Буроқ»нинг маънавий-руҳий моҳияти инобатга олинмаган. Ана шу боис «ҳамма нарсани образли тушунадиган олим» ўз англашига содиқ қолиб, «Тавҳид отлиғ дарахт сингари «Буроқ» ҳам моддий ҳақиқат эмас, у агар қандайдир жонзот қиёфасида тасаввур этилса, «Ахир бу «дарахт соясида Буроқ сўйиш», яъни от калласини кесиш билан қарийб тенг бўлади-ку», деган.

Демак, ҳазилни тушуниш фойдали бўлганидек, кинояни англай олиш ҳам зарар қилмас экан-да. Балки шунда Н.Жумахўжа ҳамма жиҳатни инобатга олиб, ҳотиржамлик ила таҳлил билан инкор этиб, йўқ айбни бор қилиб кўрсатмасмиди? Унинг «бориқ», «бориқа» сўзларига тегишли гапларини ўйлаб кўрса бўлади. Аммо «нур», «шуъла», «ёлқин» маъноларини ифодаловчи ушбу сўзни (бу сўз Навоий шеъриятида ҳам учрайди: «Не барқки офат ул юз, Ё бориқаи латофат ул юз») Яссавий «матнига асло ёпишмайди» дейиш ҳам ўзини тўла оқламайди. Аксинча, рамзий-тасаввуфий маънодаги «соя» табиий бир йўсинда бу сўзни эсга солади. Хуллас, «Девони ҳикмат»нинг мавжуд қадимий қўлёзмалари қанчалик тез кўздан кечирилиб, сўз ва тилдаги фарқлар қанчалик тез аниқланса, мунозаралар ўшанча тез барҳам топмоғи муқаррар.

VI

В.Раҳмоновга жавоб тарзида ёзилган мақоламни такрор ўқидим. Ундаги «Ҳикматлар» В.Раҳмонов қайд этганидан ҳам ортиқ хатолар билан босилиб чиққан. Мен буни тан оламан», деган жумлаларни кўриб, мени «билимдонлик билан кўрсатилган камчиликлар»ни рад этувчи деб айблаш ҳам ноҳақлик эканини билдим.

Тўқиб танқид қилиш билан, ўқиб холис танқид қилиш орасида ер билан осмонча фарқ бор, албатта. Тўғри, олим қавмининг хоҳласа, «пашша»дан «фил» ясашга, истаса «фил»ни «пашша»га айлантиришга, «образ» яратишга уринишида ҳам ўзига хос бир ишонч бўлади. Фақат бу ишонч хоҳланг хоҳламанг, моҳиятбин ҳар бир кишида ишончсизлик туғдиради. Бу эса баҳснинг ҳам, ҳақиқатнинг ҳам қадрини ерга қориштиради. У ёки бу маънода ўқувчи дилида шубҳа ва гумонга жой бермаслик учун баҳс ва мунозараларда очиқликка риоя этмоқ – бу мардлик ва тантиликнинг тамали эрур.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1998 йил 7 август

ОЛДИНГДАН ОҚҚАН СУВНИНГ ҚАДРИ…

023 Хожа Аҳмад Яссавий асрлар мобайнида туркий халқлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган ва ҳозирги даврларга қадар тасаввуф, маданият, адабиёт, ҳатто сиёсат жабҳасида таъсирини ўтказиб келаётган буюк сиймодир.
«Яссавий – Исломга киришнинг охирги ва Исломиятнинг илк шоири – идеологи эдики, худди шу маънода буюк Шарқ Ренессансининг юзага чиқишида Дантега ўхшаб иш кўрмак унинг қисматига тушди», – дейди профессор Яшар Қораев. Дарҳақиқат, Аҳмад Яссавий фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф адабиётининг илк ижодкори сифатида ҳам ҳеч вақт қайтарилмас ва унутилмас ишни амалга оширган.

Машҳур мутасаввиф олим ва шоир Сўфи Оллоёр авлодларга Яссавий ҳазратларидан «улуғ бир китоб» мерос қолганилигини айтади. У – ҳикматлар мажмуаси эканлиги аниқ. Аммо ушбу нодир китобнинг қадимий қўлёзмаси сақланмаган. Сақланиб қолган бўлса-да, ҳалигача топилгани йўқ. Муаммоларнинг муаммоси ана шу. Аҳмад Яссавий адабий шахсияти ва ижодиётига иштибоҳли қарашлар, адолатсиз ва бирёқлама танқидлар, бир-бирига зид муноқашаю мунозаралар ана шу заминда пайдо бўлган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, «Девони Ҳикмат» ва муаллифлик масаласи йигирманчи асрнинг бошларида Оврўпо шарқшунослари томонидан ўртага қўйилган бўлиб, Яссавий адабий меросини таъқиқлаш ва таҳқирлашда шўро давлати бундан ниҳоятда моҳирлик билан фойдаланган. Оқибатда, профессор П.М.Мелиоранскийнинг Германияда босилган «Ислом қомуси»даги ҳикматларнинг Қозон босмасига оид фикрлари аста-секин «Девони Ҳикмат»нинг илдизига умуман болта уриш даражасига етказилган эди. Ҳикматларнинг тили, услуби ва тарихи билан бошланган фикр-мулоҳазалар кейинчалик уларнинг ғоявий моҳияти, тарбиявий аҳамиятини кескин қоралаш билан уйғунлаштирилиб юборилганди. Фитрат домладек улкан олимнинг ҳам ҳикматларда ифодаланган диний-ирфоний ҳақиқатларга синфийлик назаридан баҳо беришлари – зўравон мафкура кўндаланг қўйган мажбурият эди. Буни бажармасликнинг эса иложи йўқ эди. Акс ҳолда, Фитрат домла, Яссавий ижодиётини ижобий баҳолашга уринган марҳум олимимиз пофессор Эргаш Рустамовдан ҳам минг чандон оғир аҳволда қолишлари ҳеч гап эмасди. Бугун ҳаммаси жуда осон кўринади. Чунки Яссавий ижодиёти энди «хавфли майдон» эмас.

Юртимизда яссавийшуносликдаги янгиланиш қайта қуриш ва ошкоралик ҳосиласи бўлиб, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмидан кейин Яссавий мавзуида «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бир қанча мақолалар эълон этилди. Баъзи матний хато ва нуқсонлардан қатъи назар, 1991 йили Тошкентда «Ҳикматлар» китобининг катта нусхада оммага етказилиши маданий ҳаётимиздаги муҳим ҳодиса ўлароқ эътироф этилганди. Бу китоб орадан уч йил кечгач, турк олими Эрхон Сазоий Тўпли томонидан сўзбоши ва шеърий матни тўлиқ таржима қилинган ҳолда Истанбулда нашр қилинди. Очиғини айтиш ва тан олиш керакки, ўша ошкоралик даврида ҳам «Эртага Яссавийга муносабат қандай бўларкан? Қайси олимни галдаги қурбонлик кутаётир?» – дегандай ҳадиклар бор эди. Фақат мустақиллик зиёси барча ҳадик ва тўсиқларга тубдан барҳам берди. Ана шундан буён Аҳмад Яссавий ва издошларига бағишлаб жуда кўп илмий, илмий-оммабоп тадқиқотлар яратилди. «Девони ҳикмат»нинг янги нашрлари, Сулаймон Боқирғоний, Азим Хожа Эшон китоблари чоп бўлди. Ўзбек олимларининг ўн бешдан зиёд маъруза ва мақолалари Туркияда босилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг мумтоз адабиёт бўлими ходимлари амалга оширган ишлар бирма-бир саналса, ишонинг, мақтанчоқликка ўхшаб кетиши мумкин. Шунинг учун мен икки мингинчи йилдан кейин чиқарилган китобларнигина эслатиб ўтмоқчиман. Булар: «Хожа Аҳмад Яссавий: ҳаёти, ижоди ва анъаналари», «Аҳмад Яссавий», «Девони Ҳикмат» (янги топилган намуналар). Сўнгги китобдаги шеърлар ўндан ортиқ қўлёзма ва тошбосма нусхалардан териб-танлаб жамланган. «Девони Ҳикмат»нинг қиёсий-йиғма матнини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам ниҳоясига етай деб қолди.

Умуман, адабиёт, тил, тарих, фалсафа, педагогика соҳалари мутахассисларининг яқин ўн йилликда яссавийшуносликка қўшган ҳиссалари бундай сарҳисоб этилса, Яссавий ижодиётини текшириш қандай илдамлаганлиги, қандай янги миқёс касб этганлиги ўз-ўзидан равшанлашади. Илмий аниқлик ва холислик бор жойда эса, тахминбозлик, тарафкашлик каби маҳдудликларга чек қўйилади.

Бундан ташқари, бизда яратилган тадқиқотларда, айтайлик, тили, ахлоқий қарашлари муштарак турк, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ олимларининг муносабат ва эътирофлари билан ҳам қизиқилса зиён қилмайди. Дарвоқе, муайян мавзуда юзага келган илмий ишларни имкон қадар билишга жаҳд этмаслик, ҳукм ва хулосаларда адашиш ва чалғишга йўл очади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» (2004 йил, 10 сентябрь) газетасида босилган «Хорижлик яссавийшунос» номли мақола бунинг характерли бир мисолидир. Унда гўё америкалик шарқшунос Девин Ди-Уис фаолиятидан баҳс юритиш кўзланган бўлса-да, асосий мақсад бошқа. Яъни Девин Ди-Уиснинг тадқиқотларини ибрат билиб, шу баҳонада мустақилликдан кейин ўзбек яссавийшунослари яратган ишларни камситиш ва ҳеч иккиланмасдан уларга қўл силташга чорлашдир. Бунга асос нима? Бош асос – манба масаласи. Гўёки бизда яссавийшунослик «манбалар асосида эмас, балки Аҳмад Яссавий ижодини тавсиф ва тарғиб этиш йўлидан» борган эмиш. Шунинг учун «биз хорижий яссавийшунослардан ортда» қолган эканмиз. Қадимий манбаларга таянмасдан бирор-бир сўфий ижодкорнинг ижодини тавсиф ва тарғиб этиб кўринг-чи, нимага эришасиз? Қуруқ сафсата, ўлик ва тахминий гаплардан бошқа ҳеч нарсага.

Илмда «ички манбашунослик», «ташқи манбашунослик» истилоҳлари қўлланилмаган бўлса ҳамки, америкалик олимнинг Яссавий ва яссавийлик тариқати ҳақида маълумот берувчи манбаларни «ички» ва «ташқи» деб иккига ажратишини мақола муаллифи муҳим ҳисоблайди. Девин Ди-Уис «ички» манба сифатида эса биринчи бўлиб XVI асрда яшаган яссавийлик тариқатининг шайхи Ҳазиний асарларини қайд этади. Улкан турк олими М.Ф.Купрулизода Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр» асари билан танишгач, ўзининг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» номли машҳур китобини ёзишга киришган. Шу фактнинг ўзиёқ яссавийшуносликда Ҳазиний мероси нечоғли қимматга эгалигини тасдиқлай олади, албатта.

Ҳазиний асарларининг қўлёзмалари Туркия кутубхоналарида сақланади. Тўқсонинчи йилларнинг ўрталаридан эътиборан биз уларнинг фотонусхаларини олишга эришдик. «Жавоҳир ул-аброр» ҳозир нашрга тайёр.
1999 йили ёш тадқиқотчи Н.Ҳасанов «Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр мин амвож ил биҳор» асари ва унинг яссавийшуносликдаги илмий-тарихий қиммати» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. “Аҳмад Маҳмуд Ҳазиний (ҳаёти ва ижоди)” (Тошкент, 2001) монографияси илм аҳли томонидан қизиқиш ила кутиб олинди.
«Ўзбек тили ва адабиёти», «Тафаккур», Туркиядаги «Тасаввуф» илмий-академик журналларида эълон қилинган «Ҳазинийнинг «Манба ул-абҳор фи риёзил аброр» асари ҳақида», «Ҳазинийнинг «Жомиъ ул-муршидин» асарига доир», «Муршидлар силсиласи» каби мақолаларни манбаларга суянмасдан ёзиб бўлмаслигини англаш наҳотки қийин? Сўфий Муҳаммад Донишманднинг «Миръот ул-қулуб» асаридан Девин Ди-Уис фойдаланган бўлса, фойдалангандир. Биз эса уни нашр ҳам эттирдик. Шунингдек, Яссавийнинг пири Юсуф Ҳамадонийнинг «Рутбат ул-ҳаёт», «Одоби тариқат» ва Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» рисолалари ўзбекчага таржима қилиниб чоп этилди. Булар ҳақида балки кимларгадир хабар етказиш ёки ҳисобот бериш керакдир? Ёки халқ мақолида таъкидланганидек, «олдингдан оққан сув» ҳақиқатда қадрсиз бўладими? Қадрсизлантириш майли шу қадар мароқбахшми?

Бундан қарийб бир юз етмиш йил муқаддам Виктор Гюго «Санъат, бу – мен, фан, бу – биз» деган бир гапни айтган. Бундай ўйлаб кўрилса, шу учқур фикр фан ва санъат меҳнатининг ҳам ўзига хослиги, ҳам асосий фарқни англашга ундайди. Илмнинг бош шартларидан бири «субъектив алломачилик» кайфиятига қул бўлмасликдир. Доимий равишда фан билан машғул бўлмаган улкан ижодкорлар ҳам буни назардан соқит этмаганлар. Бу жиҳатдан буюк Гётенинг ўз илмий тадқиқотлари тўғрисида: «…менинг ишим – кўпчиликнинг иши, бунда фақат Гёте деган ном меники», деган сўзлари эътиборлидир. Шунинг учун бирор-бир илмий мавзу юзасидан қатъий хулоса чиқаришда «Мен биламан» деган иқрордан кўра, «Мен нимани билмайман?, деб ўйлаш фойдалидир. Айниқса, шу мавзуни ўзинг махсус ўрганмаган ва яратилган тадқиқотларнинг энг зарур қисмидан ҳам бехабар бўлсанг.

Мафкура қолипларига мувофиқ келмаган ижодкорларни коллектив бўлиб қоралаш шўро сиёсати фанда жорий этган «усул» эди. Аҳмад Яссавий шахси ва ижодини қоралашда шу усулдан кенг фойдаланилганди. Кейинги пайтлари эса илмимизда кўпчилик заҳмат чекиб қўлга киритган ишларни алоҳида бир киши томонидан инкор айлаш ёки йўққа чиқаришга уриниш тез-тез кўзга ташланаётир. Асоси бўш бу «усул» яна Аҳмад Яссавийнинг адабий меросига татбиқ этилаётгани ҳайратланарли, албатта. Совет замонида қадимий манбаларга асосан Аҳмад Яссавийнинг ижоди ва ижодкорлигига иштибоҳни кучайтириш ғаразида суянилган бўлса, энди улар ўзга бир мақсад учун дастак қилинмоқда.

«Агар биз Фитратнинг «Аҳмад Яссавий» ва «Аҳмад Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар» номли тадқиқотларини кўздан кечирсак, – дейилади мақолада, – олимнинг ўнлаб манбалар билан иш кўрганига гувоҳ бўламиз. Лекин кейинги йиллардаги тадқиқотларда ушбу манбалар билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар учрамайди».
Мана, устод Фитратнинг «Аҳмад Яссавий» номли биринчи мақоласини олайлик. Унда на тарихий, на илмий, на тасаввуфий бирорта эски манбанинг номи ҳам, муаллифи ҳам тилга олинган. Бироқ, бу – Фитрат манба билан ишламаган, дегани эмас. Балки, марҳамат этиб ўша «ўнлаб манбалар»нинг номини айтинг, деганидир.
Фитратнинг иккинчи мақоласида бир неча манбаларга мурожаат қилиниб, иқтибослар келтирилса-да, улардан бевосита Яссавийга тегишилилари бештага ҳам етмайди. Ҳеч шубҳасизки, «Ламаҳот» Аҳмад Яссавий ҳаёти, тариқати ва издошлари фаолиятини ўрганишда ниҳоятда қимматли манба. Ундаги зикри жаҳрия, шу силсила мансублари, Аҳмад Яссавийнинг насаби, каромат ва фавқулодда ҳоллари, ундан кейинги элликдан ортиқ тасаввуф олимларининг таржимаи ҳоли ва бошқа масалаларига оид мулоҳаза-маълумотлар ҳар қандай тадқиқотчининг фикр-қарашларини бойитади. Шу жиҳатдан у яссавийшуносликда таянч бир манба вазифасини ўтайди. Аммо тазкира ва маноқиб характеридаги бундай асарларнинг бирортаси ҳам Аҳмад Яссавийнинг адабий-ижодий қиёфасини ёрқин гавдалантириб беролмайди. Шунинг учун у ёки бу манба билан шахсан танишмасдан талаб қўйиш ва кўрсатма бериш ҳеч вақт ўзини оқламайди. Қолаверса, соф тасаввуфшунос билан бошқа соҳа вакиллари – адабиётшунос, тилшунос, ёхуд файласуфларнинг манбаларга муносабати ва эҳтиёжини асло қориштирмаслик керак, ҳеч пайт муболағага ҳам эрк бермаслик лозим. Фитрат «Ламаҳот», «Самарат ул-машойих» каби манбаларни таҳлил қилиб, яссавия йўналишидаги ўнлаб шоирларни эмас, бор-йўғи олтита шоирнинг номини аниқлаган, холос.

Рус тилшунос олими А.К.Боровковнинг 1948 йили «Советское востоковедение» номли китобида босилган мақоласига (А.Эшонбобоев мақоласида унинг номи негадир «Определение языка хикматов Ахмада Ясеви» деб кўрсатилган. Ҳолбуки, асосий сарлавҳа «Очерки по истории узбекскога языка»дир – И.Ҳ.) фақат адабиётшунослар эмас, ўзбек тилшунослари ҳам танқидий муносабатларини билдиришган. Филология фанлари доктори, профессор А.Алиевнинг хулосаси бўйича, номи кўрсатилган тадқиқотда Боровков «Яссавий шеърларини таҳлил этганда, ундаги айрим мисралар турли нашрларда бир-биридан баъзи сўз, сўз формалари билан фарқланишига аҳамият бериб, кўпроқ «Боқирғон китоби»га қиёслаб, биртомонлама ўргангани яққол кўринади» («ЎзАС», 1993, 29 октябрь). «Хорижлик яссавийшунос» мақоласида менинг билганим-билган, айтганим-айтган қабилида иш кўрилиб, Боровков мақоласи хусусида билдирилган бирор-бир танқидий фикр ва мулоҳаза эътиборга олинмайди. Бу ҳам етмаганидек, рус шарқшуносининг асосий хулосалари бузиб баён этилади. Мана бу жумлаларга диққат қилинг: «Шарқшунос А.К.Боровков «Девони ҳикмат» шеърларининг асосий қисмини XV асрнинг биринчи ярмида яратилган деган фикрни билдирган эди». Боровков эса «Девони Ҳикмат»даги шеърларнинг «асосий қисми XV асрнинг биринчи ярмида яратилган», деб айтмаган. Биринчидан, у Яссавий ҳикматлари асрдан асрга, авлоддан авлодга оғзаки тарзда етиб келиб, кўпсонли мухлислар, ўқувчилар томонидан кўчирилганлигини таъкидлаган: «Хикматы Ясеви передавались изустным путем и переписывались многочисленными читателями». Иккинчидан, «По всем признакам формироваться сборники хикматов стали не ранее второй половины XV в.», дейилган. Бу гап «ёзилган», «яратилган» деган мазмунни акс эттирмайди. Мустақил шеър яратиш билан, халқ орасида тарқалган мавжуд шеърларни жамлаб тўпламлар тузиш тамоман бошқа-бошқа ҳодиса. А.К.Боровков домланинг меҳнати, холислик билан баён қилинган фикр-мулоҳазаларини қадрлаш жоиз. Айни пайтда унинг тасаввуф ва тасаввуфий адабиёт мутахассиси бўлмаганлигини ҳам унутмаслик лозим. Бунга ишонч ҳосил этиш учун олимнинг мазкур мақоласида бир қанча фактларга эътибор бериш етарлидир. Масалан, у Муҳаммад Олим Ҳожининг «Ламаҳот мин нафаҳот ил-унс» асарида Ҳикмат мажмуаларида тез-тез учрайдиган Яссавийнинг илк шеъри ўрин олганлигини айтиб, қуйидаги байтни иқтибос келтиради:

Ориф ишқи жон мулкида алам тортса,
Ўн саккиз минг қамуғ олам булбул бўлур.

Бу байтдан маъно чиқариш қийин. Зеро, ишқ ҳеч пайт «жон мулкида» алам тортмайди – дард, алам қўзғайди. Оламнинг «булбул» бўлиши ҳам тасаввурга сиғмайди – у жўшиши, ғалаён қилиши мумкин. Байтдаги маъно ориф ошиқнинг ҳол қуввати ва унинг ташқи оламга таъсир ўтказиши ҳақида бўлиб, «Ламаҳот»да:

Ориф ошиқ жон мулкида алам тортса,
Ўн саккиз минг қамуғ олам ғулғул бўлур, –

деб битилган. Ёки «Ҳар ким кўрсанг Хизр бил, ҳар тун кўрсанг Қадр бил» байтини у: «всякого, кого ты увидишь, чти за Хызра, всякой ночи, которую ты видишь (переживаешь) знай цену», деб таржима қилганки, Қадр тунига ишорат инобатга олинмаган. Бу эса мисра мазмунини жўнлаштирган.

Тасаввуфий шеър матнининг ўзига хос талаб, қонуният ва мураккабликлари бор. Фақат манба кўриб, тасаввуфга доир умумий маълумотларни ўзлаштириб матн таҳлилида ютуққа эришиш амри маҳол. Афсуски, бунга мисол кўп. Аҳмад Яссавийнинг муаллифлигига дахлдор «эски пластинка»ни қайтаришга жаҳд айлаш ҳам ана шу ночорликни хаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Ахир, «Девони Ҳимат»нинг қадимий нусхаси йўқ, деб қўл қовуштириб ўтириб бўлмаслигини нуфузли тадқиқотчи олимларимиз қайта-қайта гапиришган. Филология фанлари доктори А.Ҳайитметов домла яқиндагина босилган «Яссавий сатрларидаги фарқлар» номли мақоласида: «Яссавийнинг тасаввуфий дунёқараши, фикр ва мулоҳазалари унинг шеърияти орқали ифодаланган ва намоён бўлган.

Бинобарин, унинг сўфийлигини, донишмандлигини тан олиш, шеъриятини ҳам тан олиш деган гапдир», – деб ёзади. Айрим чет эллик олимлар, жумладан, Девин Ди-Уис ҳам худди мана шу ҳақиқатни тан олмаслик тарафдори. Унингча, «Бугунги кунда «Девони ҳикмат» номи билан машҳур бўлган шеърий компиляция (иқтибос) одатда Аҳмад Яссавийга нисбат берилади, аммо яссавия тариқатининг ички манбалари ҳам ушбу тўпламнинг Аҳмад Яссавийнинг индивидуал ижоди маҳсули эканлигини шубҳа остига олади». «Шубҳа остига» олинишлар янгилик эмас ва улар, эҳтимол, ҳали анча давом этар. Лекин «Ҳикматлар» китоби кейинча тил жиҳатидан ва маъно томонидан қанчалик ўзгаришларга дучор бўлмасин «унинг асл вазни аввалги ҳолича қолган»лигини (Мақсуд Шайхзода) биламиз-ку! Ҳикматларнинг ғоя ва образлар таркибини тамоман ислоҳ қилиб ёки бутунлай ўзгартириб бўлмаслигига наҳотки фаҳмимиз етмаса?

Сўфи Оллоёр бир буюк китоб кимдан ёдгор қолганлигини сўзлаган: Яссавийданми ёки унинг «компиляция»чилариданми? Шайбоний ва Убайдий Яссавийни шарафлаб ҳикматлар таъсирида шеърлар яратганида уларга «индивидуал ижод маҳсули» деб қарамаганми? Бу ва шу каби яна ўнлаб саволлар Девин Ди-Уиснинг нуқтаи назарига иштибоҳ билан қарашни талаб этади. Очиғини айтганда, унинг асосий хулосалари ё Фитрат ёки Боровков хулосаларининг қайтариғидир.

Масалан, Фитрат домла: «Қўлимизда бўлғон «Тазкират ул-авлиё»ларнинг ҳеч бири Аҳмад Яссавийнинг «ҳикмат»ларидан хабар бермагани ҳолда, ҳаммалари Ҳаким Сулаймон отанинг кўб «ҳикмат»лари борлиғини бир оғиздан айтиб турадилар», деса, Девин Ди-Уис бундай дейди: «Аҳмад Яссавийга шогирд ҳисобланмиш Ҳаким Отанинг шоирлиги хусусидаги маълумотлар манбаларда устозига нисбатан анча илгари ва кўпроқ учрайди». Шуми илмий янгилик?

Девин Ди-Уиснинг «Машойихи турк и хваджаган: переосмысление связей между суфийскими традициями яссавийа и накшбандийа» (Суфизм в Центральной Азии. Санкт-Петербург, 2001, стр.211-243) номли мақоласида ҳам тасаввуф ва тариқатлар тарихидан хабардор кишининг фикр-қарашларини бойитадиган зўр бир илмий янгилик учрамайди. Қаерда ва қайси тилда бўлмасин, юртимизда кечган тасаввуф жараёни ва ундаги тариқатлар ҳаёти ҳамда тарихи ўрганилган тадқиқотлардан хабардор бўлиш, албатта, фойдалидир. Аммо уларнинг илмий қимматини белгилаш, янгиликларини аниқлашда зинҳор-базинҳор ҳаваскорлик савиясига таяниб қолмаслик керак. Зеро, олимлик иқтидори бу – чумчуқни – лочин, лочинни – чумчуқ дейиш эмас: ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ ва ўзининг асл қиёфасида кўрсата олишдир.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”. 2004, 1 октябрь

011

(Tashriflar: umumiy 601, bugungi 1)

Izoh qoldiring