Jaloliddin Rumiy. Ichindagi ichindadur (1)

Ashampoo_Snap_2017.03.28_22h07m27s_007_.png     Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақни — Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам «Ичиндаги ичиндадур»га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор, умрбод ундан айрилмасам, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Бизнинг ўзлигимизни билишимиз ҳақида. Ахир оламда бундан қизиқарлироқ, бундан муҳимроқ яна нима бор?

Улуғбек ҲАМДАМ
МОҲИЯТ КАШШОФИ

009

009 Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақни — Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам «Ичиндаги ичиндадур»га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор, умрбод ундан айрилмасам, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Бизнинг ўзлигимизни билишимиз ҳақида. Ахир оламда бундан қизиқарлироқ, бундан муҳимроқ яна нима бор? Машойихлар «Ўзини билган авлиё бўлади» дея бежиз айтишмаган. Ҳазратнинг ўзи шундай дейди: «Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига «Бунда не бор?» дебди. Бола «Қўлингдаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир» дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб «Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт» деб буюрибди. Ўғил «Ғалвир бўлса керак» деб жавоб беради. Подшоҳ «Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб аломат — белгиларни аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?» деди афсус чекиб.

32zlwnr.jpgХудди шундай, — деб давом этади Румий ҳазратлари — замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсадан яқин бўлган борлиқ бу — уларнинг менлиги». Мавлоно Румий инсонни, аввало, кўзини очишга ва очилган кўзлар билан ўз моҳиятига назар ташлашга ундайдики, бу билан ул валий зот инсоннинг ўзи бир бутун олам — кичик олам эканлигини уқтиради.

«Ичиндаги ичиндадур» асари улуғворлик ва соддаликнинг бир макону бир замонда сиғишиб яшашининг гўзал намунасидир. Албатта, комил инсон — авлиёлик асрори ҳақида кўплаб олиму фузалоларнинг хилма-хил асарлари мавжуд. Лекин уларнинг айримларини мутолаа қиларканмиз, ўзимизни худди эртак ўқиётган боладек сезамиз. Чунки уларда тасвирланган авлиё ёки комил инсон гўё осмонда учиб юрган эркин қушчаю, сизу биз зиндонда — темир панжарадан уни умидсизлигини кузатиб ётган махбус. Қушнинг озодлигидан, чарх уриб айланишидан, бахтидан махбусга не наф? Қайтага у ана шундай ҳур парвози билан бу бечоранинг ўз ҳолига кўникиб кетишига тўсқинлик қилиб, изтиробини орттиради, холос. Румийда эса ундай эмас. Румий шоҳу гадога ҳам, олиму авомга ҳам бирдек хитоб қилади. Ва ҳар кимнинг қаршисига ўз ҳикматларидан бир кўприк ташлаб, бошқалар нима деса деяверсин, лекин сенинг ҳам бу йўлдан ўтишга ҳаққинг бор, ки сен ҳам ундан ўтишга муносиб ва қодирсан, фақат ғайрат қил-да, кел!» дейди гўё. Бошқача айтсак, Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадур» асари инсонлик ва илоҳийлик ўртасига қўйилган мустаҳкам кўприкдир.

Ҳа, асар мутолааси инсон кўнглида мудраб ётган умиднинг қайта уйғонишию қад ростлашига кўмак беради, ўзининг мавжудияти ва ҳақиқатига ишонч ҳосил қилади. Бу жуда муҳим. Чунки Ишонч — инсон фаолиятининг доимий ташаббускори, тинимсиз ҳаракатларининг рағбатлантирувчиси бўлиши билан бирга одамзотни муаллақ ҳолдан, ёлғизлик ва унинг азобидан қўрувчи ҳамдир. Ғарбнинг маълум фалсафий оқимининг асосида инсон — ташландиқ, яъни у бу дунёга ташлаб кетилган ва бинобарин, унинг ўзидан ўзга ёрдамчиси ҳам, халоскори ҳам йўқ, деган қараш мавжуд. Ҳаёт бунинг каби юзлаб, минглаб «назариялар» учун асос бераверади. Ҳатто айтиш мумкинки, даҳрий учун ҳам, диндор учун ҳам бу дунёда оқлов-сабаблар тўлиб- тошиб ётибди. Эҳтимол, одамзотнинг ўзидан ўзга таянчи йўқ, деган даҳриёна қараш Ғарб дунёсининг моддий-техникавий жиҳатдан илгарилаб кетишига сабаб бўлган ўнлаб, юзлаб омиллардан биридир. Швейцар психиатри Карл Густав Юнг эса Шарқ инсонининг руҳий жиҳатдан бақувватлигига ҳавас билан қарайдики, Румийда айни шу нарсанинг моҳияти билан чуқур танишиш имкони бор. Румийни бир миллат, бир жамият ёки бир замонгагина тааллуқли қилмай, уни ҳамма учун ва ҳамма замонлар учун қадрли айлаган асос ҳам шунда — ҳазратнинг сифат ва аломатларга эмас, балки моҳиятга — инсоннинг ўзагига эътибор берганлиги билан изоҳланса, ажабмас. Чунки зоҳир — ташқи кўринишга қаралганда инсонлар ҳар хил, уларнинг моҳияти илдизи, табиати, эҳтиёжлари, борар жойи… эса муштарак. Шунга кўра инсон қайси миллат, қайси жамият, қайси гуруҳ ва қайси замонга алоқадорлигидан қатъи назар, ўзига тегишли мавзулар теран ва асосли тарзда талқин қилинганидан Румий асарлари атрофида гўё бир оиланинг фарзандларидай тўпланишади. Бунинг учун кишида маълум бир тайёргарлик, юқори руҳий-маънавий даража зарур, албатта. Яъни Румийни тушуниш учун у ёнган гулханнинг ҳеч қурса бир учқуни ўқувчининг кўнглига тушган бўлиши жуда ҳам муҳим. Шунда у моҳият асроридан воқиф бўла бораркан, ўзини Инсон ўлароқ ҳис этади! Дунёга келишдан муддао «йўлини қилиб кун кечириш — еб, ичиб, насл қолдириб ўтиш» каби биологик эҳтиёжларни қондириб яшашдангина иборат бўлмай, аксинча, булар воситаю, мақсад — руҳоний, демакки, инсоний эканлигини қалбан англайди.

Моҳиятдан сўз очиб Мавлоно Румий қуйидаги савол-жавобни келтиради:

Дедики: «Онангни нечун ўлдирдинг?»
Деди: «Унга ярашмаган бир ишни кўрдим».
Дедики: «Аммо онангни эмас, етти ёт бегонани ўлдирсанг бўлмасмиди?»
Деди: «Ҳар куни биттадан ўлдирайинми?»

Ҳазрат бу ўринда инсон гумроҳлигининг туб сабаби — нафс ҳақида сўз юрита туриб, демоқчи бўлади: сен ҳадеб қилмишларингнинг оқибатини даф этишга, уларни у ёки бу шаклда хаспўшлашга беҳуда уринаверма, балки моҳиятга теран кўз-ла назар сол-да, асос бўлган нафсингни (онани) жиловла, токи у туфайли ҳар куни ҳар ким билан ёқалашишга ўрин қолмасин!

Ҳазрат ўгитларидаги яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтмоқ жоиз. Бу ҳам бўлса – руҳ ва жисм ўртасидаги мувозанат масаласи. Биздан кўпчилигимиз шундаймизки, руҳ ҳақида гапирилса (гарчи бу борада инсонга кам илм берилган эса-да) дарҳол руҳпараст бўлишга тиришамиз, қолган вақтларда эса ўз-ўзидан жисм бандаларига айланиб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмаймиз. Асли ҳақиқат нимадан иборат? Яна ҳам тўғрироғи, қандай ҳолда биз ҳақиқатга энг кўп яқин борган бўламиз? Агар саволни шундай қўйиш мумкин бўлса, жавобни яна Румий ҳазратларидан эшитамиз: «Агар данакни чақиб, мағизини эксанг, унмайди. Агар қобиғи билан бирга тупроққа қадасанг-чи, униш ҳодисаси юз беради». Данак мағизини руҳу, қобиғини жисм деб олинса, демак, инсон боласи бирон мақсадга етишмак учун ҳар икки асосга суяниши зарур. Акс ҳолда мақсад ҳосил бўлмас. Модомики шундай экан, одамзод яшаш ва келажакка интилиш асносида ҳар қандай бир томонламаликдан, гоҳ у ён, гоҳ бу ёнга оғиб кетишлардан тийилиб, ана ўша олтин ўрталик бошини тутмоғи зарур келади.

Ахир пайғамбаримизнинг ҳеч қачон ўлмайдигандек бу дунё учун, эртага ўладигандек охират учун яша деган ўгитлари ҳам моҳиятан юқоридагиларга ҳамоҳанг жарангламайдими! Ахир очиқ кўз билан ҳаётни кузатувчи ҳассос қалб ва ақл эгалари ҳам айни ҳақиқатга бот-бот дуч келадилар-ку!..

Мана шунинг учун ҳам қарийб 700 йил аввал яратилган бўлишига қарамай, Румий асарларидан ҳаёт нафаси эсади дегинг келаверади. Зеро, ҳазратнинг ўзлари тафаккурнинг ҳар қандай маҳдудлигини ёриб ўтишга қаратилган кескир сўзлар «инсоннинг ботини – ҳуррият олами» эканлигини англашга даъват этади ва шунга ундайверади.

 

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР (1)

Улуғбек Ҳамдам таржимаси
009

Бисмиллаҳир-роҳманир роҳийм.
Эй Парвардигор, хайрли ниҳоясига етказгин.

11yassavi.gif Пайғамбар Саллаллоҳу алайҳи Васаллам буюрадики: Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир.

Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган, яъни бир олим ёмон (олим) бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келган ҳисобланади. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.

Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Оллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек у ҳам бундан ўзгасини қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса ақлдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур-сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш — эрмаги бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.

Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўрганолмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар Айтилганларга унча уйғун бўлмаса ҳам хаёлимга ушбу оятни тафсир этмоқ фикри келди. Модомики, хаёлимга шундай фикр келган экан, гапирай-да ундан қутулай. Улуғ Тангри: «Эй Пайғамбар, қўл остингиздаги асирларга айтингки: Оллоҳу Акбар кўнглингизда хайр (яхши ниятлар) борлигини билса, сиздан олинганидан ҳам кўпроғини сизга беради. Сизни ёрлақайди, Оллоҳ ёрлақагувчи ва кечиргувчидир», — дея буюради. Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабаби шудир: Мустафо (Оллоҳ марҳамат қилсин) кофирларни қириб ўлдирган, молларини ғанимат (қилич ҳақи ўлароқ душмандан олинган мол, пул, асир ва ҳ.к. — тарж.) сифатида олган, бир қанчаларини эса асир қилиб қўл оёқларини боғлаганди. Амакиси Аббос (Худо ундан рози бўлсин) ҳам буларнинг бири эди. Асирлар боғланган, ожиз ва тушкун ҳолда йиғлаб сиқташар, бутун умидларини пораканда этувчи қилич ва ўлимни кутишарди. Мустафо уларга қараб кулди. Бунга жавобан: «Ана кўрдингми, унда инсонлик (ожизлик-тарж.) бор, менда ожизлик йўқ, дея сўзида туриб олиши тўғри эмасди. У бизларга қарамоқда ва бизни арқонлар ичида ўз асири сифатида кўриш билан гўё нафсларига енгилган инсонларнинг ўз душманлари устидан ғалаба қозониб, уларни маҳв бўлганларини кўрарак хурсанд бўлгани ва хурсандчиликдан ўйнаганлари каби у ҳам севинмоқда, мамнун бўлмоқда, дедилар.

Мустафо (Оллоҳ марҳамат қилсин) уларнинг кўнгилларидан кечган бу ўйни тушунди ва буюрди: «Худо сақласин! Мен бунинг учун кулмаяпман. Балки сир кўзи билан бир қавмни жаҳаннамдан, олов ёниб турган қип-қизил ўчоқдан ва кин билан қорайган мўридан арқону занжирлар билан торта-торта зўрлаб жаннатга, ўлим йўқ бир гул боғига олиб кетаётганим ҳолда, уларнинг: «Бизни бу таҳликали жойдан у ишончли гул боғига нега судраяпсан?» дея бақириб баддуо этганларини кўрганимдан куляпман. Шу билан бирга, сиз ҳозир бундай бир қарашга (нуқтаи назарга) эга бўлмаганингиз туфайли айтганларимни англамайсиз ва аниқ-тиниқ кўролмайсиз».

Улуғ Оллоҳ буюради: Асирларга билдирингки: Сиз аввал аскар тўпладингиз, ўз мардлигингизу паҳлавонлигингизга, қувват ва қудратингизга тамоман ишондингиз, ўз-ўзингизга: «Биз ундай қилайлик, мусулмонларни бундай қирайлик, шундай йўқ этайлик» дедингиз. Ўзингиздан қудратли бир қудрат соҳиби мавжудлигини эса кўролмадингиз. Мақсадни кўзлаб қанча ишладингиз, қанча тадбир олдингиз, аммо ҳаммаси аксинча бўлди. Энди ҳам қўрқув ичида қолганингиз ҳолда тавба қилмаяпсиз. Сизда умид йўқ ва тепангизда бир қудрат соҳиби мавжудлигини кўрмаяпсиз. Куч-қудратли ва шавкатли бўлганингиз вақтлар мени кўришингиз лозим. Менга таслим бўлганингизни билингизки, ишларингиз қулайлашсин. Қўрққан пайтингизда мендан умидингизни узманг. Сизни қўрқувдан қутқармоққа ва хавфсизлигингиз тўла ишонч билан таъминланганини сизга билдирмоққа қудратим етади. «Оллоҳ кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур»[1]. («Ўлимни тирикдан ва тирикни ўликдан чиқаради») ояти каримада буюрилганидек, оқ сигирдан қора сигирни вужудга келтирган, қора сигирдан ҳам оқ сигирни пайдо қилади. Бунинг учун асир бўлган шу ҳолингизда менинг ҳозир ва нозир бўлганимдан умидингизни узмангки, мен ҳам сизнинг қўлингиздан тутай. Чунки «Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур»[2] дея буюрилгандир. Улуғ Оллоҳ буюрадики: Эй асирлар! Агар биринчи динингиздан қайтар, қўрқув ва хавотир ичида қолган вақтингизда мени кўрар ва барча ҳолларда менга таслим бўлганингизни қабул этар бўлсангиз, мен сизни бу қўрқувдан қутқараман: талангану зиён кўрган молларингизнинг ҳаммасини, балки ортиғи билан ва яна-да яхшиларидан сизга қайтариб бераман. Сизни ёрлақайман. Охират саодатига, дунё саодатига яқинлаштираман.

Аббос: «Тавба қилдим, тутган эски йўлимдан қайтдим» деди.
Мустафо (Оллоҳнинг раҳмат ва баракоти бўлсин):
«Худо бу айтган гапинг учун далил кўрсатмоғингни истайди» деди.

Байт: Ишқ давосида бўлмоқ қулай, фақат бунинг далили ва шоҳиди бордир.

Аббос: «Бисмиллоҳ, қандай далил истайсан?»
Пайғамбар: «Қўлингда қолган молларни қувватланишлари учун ислом аскарларига тарқат. Агар мусулмон бўлган эсанг, ислом ва мусулмонликнинг яхшилигини истамоғинг лозим» — деб буюриши билан у «эй Расулуллоҳ, менинг нимам қолди ўзи? Ҳаммасини талон-тарож қилдилар, менга эски бир бўйра ҳам қолдирмадилар» — деди. Бунга жавобан Пайғамбар (Оллоҳ салоти бўлсин): «Кўрдингми, тузалмадинг, қандай бўлсанг, ўшандайсан, ўзгармадинг. Мен сенга қанча молинг борлигини ва уни қаерда сақлаётганингни, кимга берганингни, қаерга кўмиб беркитганингни айтайинми?» деб буюриши билан Аббос: «Худо сақласин!» деди. Пайғамбар: «Молингдан шунчасини онангга бермадингми? Шунчасини фалон деворнинг тагига кўммадингми? Ва унга (онангга): Агар қайтсам менга топширасан, қайтмасам бунчасини фалон иш учун сарфлайсан, бунчасини фалончига берасан, бунчаси эса сеники бўлади» — дея батафсил васият қилмаганмидинг?» — дея буюрди. Аббос буларни эшитиши билан шаҳодат бармоғини кўтарди ва садоқат билан иймон келтирди-да, «Эй Пайғамбар! Ҳақиқатан мен сени ҳам эски маликлар Хоман, Шаддод ва Намрудлар каби фақат дунёвий бир давлатнинг соҳиби деб билардим. Буларни буюрган вақтингда мазкур давлатни гизли, илоҳий ва раббоний бир давлат эканлиги англашилди» — деди.

Мустафо (Оллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин): «Тўғри гапирдинг: Бу сафар ичингдаги шубҳа зуннорларининг узилганини ҳис қилдим, саси қулоғимга келди. Менинг руҳим ичкарисида гизли бир қулоғим бор. Кимки шубҳа, ширк ва инкор зуннорини парчаласа, мен шу гизли қулоғим билан у сасни эшитаман, чунки узулганда чаққан сас менинг руҳ қулоғимга етади. Энди сен ҳақиқатан ҳам тўғри бўлдинг ва иймон келтирдинг» — деб буюрди.

Мавлоно бунинг тафсирида шундай деди: Мен буни Амир парвонага (унинг ўзи учун) айтдим: «Сен аввал, мусулмонликнинг боши бўлдинг ва «Исломнинг абадийлиги ва мусулмонларнинг кўпайиши учун фикримни, тадбиримни, ҳатто ўзимни фидо қилайин» дединг. Ўз фикрингга ишониб, Худони кўрмай қолганинг ва барча нарсани Оллоҳ Таолодан билмаганинг учун, Тангри сенинг бутун саъй-ҳаракатларингни исломнинг кучсизланишига сабаб қилди. Сен татар билан бирлашдинг. Ҳолбуки, шу тарзда Шомликлар ва Мисрликларни йўқ қилмоқ ва ислом вилоятларини қириб тугатмоқ ишига ёрдам берган бўлиб чиқяпсан. Натижада исломнинг мангулигига сабаб бўлган нарса ушбу вазиятда унинг заифланишига омил бўлмоқда. Шунинг учун бундай аҳволда юзингни Азиз ва Жалил бўлган Оллоҳга ўгир. Ўзингни ёмон вазиятдан қутқармоқ ниятида садақа бер. Ундан (Оллоҳдан) умидингни узма, Оллоҳ сени ундай бир тоатдан бундай бир исёнга тушириб қўйибди. Сен эса бу тоатни «ўзимдан» деб ўйладинг ва шунинг учун ҳам гунокор бўлдинг. Энди бу гуноҳкорлигинг билан ҳам умидингни узма, ёлбор. У сенинг тоатингдан исён яратгани каби исёнингдан ҳам тоат яратмоққа қодирдир. Бу сабаб сенга надоматлик ҳиссини туйдиради, яъни мусулмонларнинг кўпайиши учун ғайрат кўрсатмоғингни таъминлайди ва исломнинг қуввати бўла олишинг учун сабаблар яратади. Умидингни узма, чунки кофир бўлганлардан бошқа ҳеч ким Оллоҳ раҳматидан умид узмайди.

Мақсадим унинг (парвонанинг — тарж.) буни тушуниши, мушкул аҳволида садақа бериб, Худога ёлборишига эришмак эди. Жуда юксак бир ердан ўта тубан бир аҳволга тушиб қолганига қарамай, умидли бўлиши учун унга шу гапларни айтдим.

Улуғ Тангри алдовчидир. У гўзал шакллар кўрсатиб алдайди. Шакллар орасида ёмонлари ҳам бор. Буни инсоннинг «Менга чиройли бир фикрлар ва яхши бир иш юз очди» дея ўзини алдаб, ғурурланиши учун қилади.

Агар ҳар бир кўринган нарса кўрингани каби бўлсайди, жуда ўткир ва зийрак кўзлар соҳиби Пайғамбар: «Нарсани менга бўлгани каби кўрсат» — дея фарёд этмасди. У бу билан шундай демоқчи бўлади: Эй Раббим! Аслида хунук бўлган нарсани гўзал, гўзал нарсани эса хунук қилиб кўрсатяпсан: бизга ҳамма нарсани қандай бўлса, ўшандай кўрсатгинки, тузоққа тушмайлик ва йўлимизни ҳеч вақт йўқотмайлик.

Энди сенинг фикринг ҳар на қадар гўзал ва порлоқ эса-да, уникидан яхшироқ бўлолмайди. Ўзингдаги ҳар бир фикр ва ҳар бир тасаввурга ишонма, ёлбор-да, қўрқ.

Чунончи, ҳатто қўшинлар юборган шу онимизда ҳам уларга (қўшинларга) ишонмаслигимиз ва талофотга учраб, қўрқув ва ожизлик домига тушган вақтимизда эса Оллоҳдан умидимизни узмаслигимиз керак.

Пайғамбар юқоридаги оятни (сўзни) ўз мақсадига мувофиқ равишда айтди. Менинг ҳам айтмоқчи бўлган нарсам шу эди.

ФАСЛ. Биттаси: «Мавлоно ҳеч нарса демаяптилар» — деди. Мен дедим: «Бу одамни менинг хаёлим ҳузуримга келтирди ва менинг хаёлим унга: «Қалайсан, қандай аҳволдасан?» дея бир сўз сўйламади. Гапирмасдан хаёлим уни бу ёққа тортди. Агар менинг ҳақиқатим уни сўз айтишидан қайтариб бошқа бир жойга олиб борса, бунга нечун ҳайрон бўлиш керак экан?

Сўз ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Модомики соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир. Агар бир инсон юз минг мўъжиза ва каромат кўрса, аммо унда валий ва набийга уйғун бир бўлак бўлмаса, бирлашмайдилар ва бунинг фойдаси ҳам йўқ. Уни валий ва набийга боғлаган, улар севгисини кўнглида орттирган нарса ўша омухта — ўртоқ парчадир.

Агар бир жисм таркибида оҳанрабо билан муштарак бўлган бир парча бўлмаса, у жисм ҳеч қачон оҳанрабо тарафига кетмайди, яъни тортилмайди. Улар орасидаги бир хиллик гизли бир нарсадир, кўзга кўринмайди.

Инсон хаёлидаги нарса уни ўз орқасидан етаклайди. Масалан, боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради. Фақат бу хаёллар ҳақиқатни яширади. Чунончи, бир нарсанинг хаёли сени ўзига тортди ва сен у томонга кетмоқдасан. Чунки хаёл сенга у нарсани гўзал қилиб кўрсатган. Бироқ келгач, пушаймон бўласан ва ўзинга ўзинг: «Буни яхши деб ўйлабман, аслида ундай эмас экан» дейсан. Шунинг учун ҳам хаёллар ичига кимдир яширинган чодирлар ўхшайди. Қачонки, хаёллар йўқолиб ҳақиқат юз кўрсатса, пушаймонлик ҳисси ҳам сени тарк этади: сени (ўзига) тортган ҳақиқат сени жалб этган ҳақиқатдан бошқа нарса эмасдир. «У кун яширин нарсалар ошкор бўлади» (Қуръон). Аслида жалб этган нарса биттадир. Фақат кўп кўринади. Ахир кўрмаяпсанми, бир инсоннинг турли-туман юзларча орзуси бордир: «Шилпилдоқ истайман, қатлама истайман, ҳолва истайман, қовурилган гўшт истайман, мева истайман, хурмо истайман» дер. Бу айтган нарсаларнинг асли битта, у ҳам бўлса, очликдир. Очлик ёлғиз бир нарсадир. Инсон овқатнинг биридан еб тўйгач, «бошқасини истамайман!» дейди. Бундан англашиладики, ўн ва юз сонлари йўқ, фақат бир бордир.

«Уларнинг ҳисобини (сонини) кофирлар учун азоб ва машаққат айладик» (Қуръон) дея буюрилгани каби бу инсонлар қаршисига ҳисобдек оғир бир иш чиқади. Масалан, бунга «Бир», наригиларга эса «юз» дейдилар, яъни валий учун «Бир» ва халқ учун «юз минг» дейдилар. Бу катта гуноҳдир. Валийни Бир, бошқаларни Кўп кўрмоқ кўриш ва англаш йўлини йўқотмоқдир, улкан фитнадир. Чунки сиз уларни кўп, валийни эса бир кўрмоқдасиз. «Уларнинг ҳисобини кофирлар учун азоб ва машаққат айладик» ояти шунинг учун буюрилди. Қайси юз, қайси эллик ва қайси бири олтмиш? Қўлсиз, оёқсиз, ақлсиз ва руҳсиз бир тўп инсонлар тилсим ва симом каби қайнаб турибдилар. Энди сен уларга олтмиш, юз ва ёхуд минг, бунга эса бир де. Бу янглиш. Балки улар ҳечдирлар ва бу бир деганинг минг, юз минг ва юзмингларча Бир ҳисобланади. Худди «Бизнинг қавм аҳолиси оз, аммо ҳужум қилинганда кўпаяди» деганларидек.

Подшоҳ бир аскарга юз кишилик маош тайин этганди. Бундан қолган аскарлар норизо бўлдилар. Подшоҳ ўз-ўзига: «Бир кун келар, сизга кўрсатаман, ўшанда бунинг сабабини тушунасизлар», — дерди. Жанг куни келди. Аскарларнинг ҳаммаси қочди, ёлғиз у кишигина жанг қилди. Подшоҳ: «Мана шунинг учун мен унга кўп пул бердим», — деди.

Инсон ўзининг фарқлаш хоссасини ҳар турли ғараздан тозалаши ва диндан ёрдам қидириши лозимдир. Дин эгасини танийди. Фақат сен умрингни фарқ этиш хоссасидан маҳрум бўлган кимсалар билан кечирганинг учун билмайсанки, унинг яхшини ёмондан фарқ этиш васфи заифлашган ва энди динни, яъни инсоннинг ҳамроҳини таний олмайди.

Сен танани боқдинг, аммо унда фарқлаш хоссаси йўқдир. Фарқ этиш бир сифат. Ахир кўрмаяпсанми, жиннинг қўл-оёғи бор, фақат фарқлаш хусусияти йўқ. Фарқлаш сендаги латиф бир маънодир ва сен кечаю кундуз ундан маҳрум бўлган нарсани (яъни танани — тарж.) боқишга ҳаракат этмоқдасан. Унинг бу билан тирик эканлигини баҳона қилмоқдасан, ҳолбуки, бу ҳам у билан тирикдир. Бу қандай ишки, сен фарқлашдан тамоман маҳрум бўлганни боқдинг, вояга етказдинг ва вақтни вужудингни едириб-ичириш билан ўтказдинг-да, у латиф маънога, яъни фарқ этиш қудратига парвосиз бўлдинг! Сенинг тахмин қилганингдек, бу (тана) у (маъно) билан тирикдир, у бу билан эмас. У — нур, яъни латиф маъно бергувчи, кўз, қулоқ ва бошқа дерзалардан, агар булар бўлмаса, яна бошқа тирқишлардан ўзини кўрсатгувчи. Бу худди: «Қуёшни чироқ билан кўраяпман» деб, қуёш қаршисига чироқ келтириб қуйишга ўхшайди. Аслида, чироқ бўлмаса ҳам қуёш ўзини сенга кўрсатаверади. Чироққа нима ҳожат? Оллоҳдан умидни узмаслик керак. Умид — ишонч йўлининг боши. Йўлда юрмасанг ҳам доимо йўлнинг бошини кўзла. «Нотўғри ишлар қилдим» дема, тўғриликни тут. Ўшанда ҳеч қандай эгрилик қолмайди. Тўғрилик Мусонинг ҳассаси кабидир, эгрилик эса сеҳргарларнинг сеҳрига ўхшайди. Тўғрилик ўртага чиқиши билан уларнинг ҳаммасини ютади. Агар бир ёмонлик қилган бўлсанг, ўзингга ўзинг қилгандирсан. Сенинг ёмонлигинг ўзгага қандай таъсир қилади.

ШЕЪР: (Қара, анави тоғ бошига қўниб учган қуш тоғнинг нимасини орттирди ва нимасини камайтирди?)

Сен тўғри бўлсанг, уларнинг ҳеч қайсиси қолмайди. Эҳтиёт бўл, умид узма!

Шоҳларга яқин юрмоқ шу нуқтаи назардан таҳликали эмас, яъни хоҳ бугун, хоҳ эртага бўлсин, кетажак бош барибир кетади. Ушбу жиҳатдан эса хавфли: Шоҳларнинг нафси кучайиб бир аждарҳо сингари бўлади. Уларга яқин бўлиб, дўстлигини ҳимоя қилиб, молларини қабул қилган кимса мутлақо уларнинг раъйига кўра гап айтади. Ранжимасин дея, уларнинг номақбул ўй-тушунчаларини ёқтиради ва гапларини қайтаролмайдилар. Шунинг учун ҳамма вақт бир хавф мавжуддир. Чунки уларнинг (подшоҳларнинг) тарафи олинаркан, асл тараф сенга ёт — бегона бўлиб қолади ва бунинг динга зарари бордир. Сен у тарафни ҳимоя қилганингда, азиз бўлган бу тараф сендан юз ўгиради ва сен дунё аҳли билан қанчалик чиқишсанг, унинг сенга шунчалик ғазаби келади. «Оллоҳ золимларга ёрдам берган кимсага ўша золимни бало қилиб қўяди» (Ҳадис). Сенинг у томонга қараб кетишингнинг оқибати ҳам шундай. Чунки, модомики, сен у тарафни ҳимоя этаркансан, натижада уни ўз бошингга бало қилажакдир.

Денгизга бориб,ундан фақатгина бир кўза сув олмоқ билан қаноатланиш — ачинарли. Денгиздан олиш мумкин бўлган дур — жавоҳирлар ва бошқа қанчадан-қанча нарсалар бўла туриб, биргина сув олишнинг нима қиммати бор? Ақлли инсонлар бу билан қандай қилиб мақтанадилар ва нима деган одам бўладилар?

Олам — бир кўпик. Авлиёлар билимлари — денгиз. Денгизнинг дури қаерда?

Бу олам хас-хашак билан тўлган кўпикдир, фақат бу кўпик денгизнинг чайқалишидан, ўйноқлашидан ва кўпириб қайнашидан покланади, софланади, гўзаллашади.

Хотинлару ўғиллар, қоп-қоп олтинлару кумушлар, насл отлару сурув-сурув мол-қўйлар, экинлар ва ҳоказо нарсалар одамлар ҳирсини қитиқлайди. Буларнинг ҳаммаси дунё завқидир. Модомики дунё безатилган бўлса, унда ҳақиқий гўзаллик ва яхшилик йўқдир, бу гўзаллик унда муваққатдир ва ўзга бир ердан келган, демакдир. Дунё олтин қопламали сохта пул кабидир. Яъни қийматсиз кўпик бўлган дунё қалбдир (сохта, ёлғончидир — тарж.), аҳамиятсиз ва қадрсиздир. Унинг уст қисмини биз олтин билан сувадик. Мана шунинг учун ҳам инсонларни хотинлару ўғиллар, қоп-қоп олтинлару кумушлар, наслдор отлару сурув-сурув мол-қўйлар, экинлар ва бошқа нарсалар ўзига тортади, дея буюрилган.

Инсон Тангрининг устурлабидир (телескопидир — тарж.) Фақат бу устурлабни биладиган мунажжим лозим. Деҳқон ёки баққолнинг устурлаби бўлгани билан уни ишлатолмагандан кейин нима фойдаси бор? Улар устурлабда кўринган фалаклар аҳволидан, ҳаракатларидан, буржларнинг ўзгаришлари-ю, таъсирларидан нимани ҳам тушунардилар? Кўринадики, устурлаб мунажжим учун фойдалидир. Чунки «Ўзини билган Худосини ҳам билади» (Ҳадис). Шу нуқтаи назардан, устурлаб фалакнинг қандай кўзгуси бўлса, инсон вужуди ҳам Оллоҳнинг шундай устурлабидир. Чунки Қуръонда инсон тўғрисида: «Биз Одам ўғилларини азиз қилдик» дея буюрилган.

Улуғ Оллоҳ инсонни билимли, илмли ва олим қилиб яратгани учун инсон ўз борлиғининг устурлабида вақти-вақти билан Оллоҳ тажаллисини ва беназир гўзаллигини порлоқ бир ҳолда кўради. Бу Жамол мазкур кўзгуни ҳеч қачон тарк этмайди.

Азиз ва Жалил бўлган Тангрининг ҳикмат, маърифат ва каромат кийимларини кийдириб қўйган қуллари бордир. Халқнинг буларни кўра оладиган ўткир кўзлари йўқ бўлса ҳам Оллоҳ Таоло уларни қизғанади. Улар ҳам ўзларини худди Мутанаббининг: «Хотинлар ипак кийимларни безанмоқ учун эмас, балки ўз гўзалликларини қўримоқ учун кийдилар» деганидек (ҳикмат, маърифат ва каромат кийимлари билан) ўрайдилар.

ФАСЛ. (Биттаси) : «Кеча-кундуз қалбим ва жоним сизнинг ёнингизда, хизматингизда, Фақат Мўғулларнинг иши-ю ташвиши сабаб сизни зиёрат этишга келолмаяпман», деди. У: «Бу ишлар ҳам Ҳаққа тегишлидир. Чунки булар мусулмонлик ишончини таъминламоқда. Сиз улар кўнгилларини тинчлантириш ва бир қанча мусулмонларни ҳузур-ла хотиржам тоат-ибодат қилиши учун ўзингизни мол ва жонингиз билан фидо қилдингиз.Бу ҳам хайрли ишдир. Оллоҳу Акбар сизга шундай бир хайрли иш қилмоқ орзусини бергандир. Бунга жавобан қизиқишингизнинг ортиши — Тангрининг сизга бўлган иноятидан дарак. Агар орзуингиз заифлашадиган ёхуд озаядиган бўлса, бу сизни Оллоҳ иноятидан маҳрум бўлаётганингизга бир ишорат, демакдир. Демак, Улуғ Оллоҳ бундай буюк ва хайрли ишни инсон воситасида қилинишини, унинг савоб ишлашини ва даражаси юксалишини истамаяпти. Бу — иссиқ бир ҳаммомга ўхшайди. Ҳаммом иссиқлиги печкада ҳосил бўлади. Ўтин ва тезак кўринишдан ҳар на қадар хунук-да жирканч бўлса ҳам, ҳаммомчи учун иноят ҳисобланади. Чунки улар туфайли ҳаммомчининг ҳаммоми исийди ва шу тариқа халққа хизмат қилади.

Шу пайт аҳбоб келди, (Мавлоно) узр сўради ва: «Агар сиз учун ўрнимдан турмаётган, сиз билан гаплашмаётган ва ҳол-аҳволингизни сўрамаётган бўлсам, бунинг сабаби сизни ҳурмат қилганимдир. Чунки ҳар бир нарсанинг ҳурмати ўша замонга мувофиқ бўлади. Намоз қилаётиб ота-онани, ака-укани, опа-сингилни сўраб-суриштирмоқ, шу йўсин эътибор қилмоқ тўғри эмас. Намоз вақтида дўстлар ва қариндош-уруғларга илтифот кўрсатмаслик, аслида, энг яхши илтифот ва кўнгил олишдир. Чунки сен улар сабаб ибодатдан, чуқур диний ҳолатдан айрилмайсан, ҳузур-ҳаловатингни бузмайсан ва бу билан улар ҳам гуноҳга ботмаган бўладилар. Мана шунинг учун ҳам инсонни гуноҳга ботирган, азобга гирифтор қилган балодан чекинмоқ илтифот ва кўнгил олмоқдир. Чунки уларга жазо берувчи нарсадан қочилгандир» — дея буюрди.

Улардан бири: «Оллоҳ олдида намоздан-да яхшироқ бўлган нарса борми?» деб сўради. У: «Ҳамнамоз бордир, аммо намоз фақатгина суратдан иборат эмас. Бу намознинг қолипидир. Ахир намознинг боши на сўнгги маълуму мавжуддир. Ибтидоси ва интиҳоси бўлган ҳамма нарса қолипдир. Такбир — намознинг аввали, салом эса охиридир. Худди шундай, шаҳодат ҳам фақат тил билан айтилган нарса эмас. Унинг ҳам боши ва охири мавжуд. Боши ва охири бўлган ҳамма нарса сурат ва қолипдан иборат бўлади. Унинг руҳи беқиёс ва бениҳоядир, аввал-охири йўқдир. Бу намозни набийлар топган ва майдонга келтирган. Набий: «Менинг Оллоҳ билан шундай бир вақтларим бўладики, унга на Тангри томонидан жўнатилган бир Пайғамбар ва на Тангрига энг яқин бўлган бир фаришта сиғади» (Ҳадис) дея буюради. Демак, намознинг моҳияти фақат ётиб-туришдан иборат бўлмай, балки истиғроқ, яъни ўзидан кечиш эканлигини билдик. Чунки барча суратлар ичкари киролмай, ташқарида қоладилар, ҳатто Жаброилдай пурҳикмат малак ҳам у ерга сиғмайди.

Олимлар султони, оламнинг қутуби бўлган Мавлоно Боҳо — ул Ҳақ Ваъд Дин (Оллоҳ унинг улуғ руҳини муборак айласин) ҳақида шундай бир ҳикоя ривоят қилинади. Бир куни асҳоби уни истиғроқ ҳолида учратдилар. Намоз вақти яқинлашгани учун муридлардан баъзилари «Намоз вақти бўлди» деди. Мавлоно эътибор бермади. Муридлар намозга қўзғолдилар. Фақат улардан иккитаси шайхларига эргашиб, намозга турмадилар. Намоз қилаётганлардан Хожагий исмли бир мурид қалб кўзи орқали намоз ўқиётганларнинг орқалари билан, шайх ва икки муриднинг эса юзлари билан қиблага йўналиб ўтирганларини кўрди. Чунки шайх «мен» ва «биз» даъвосидан воз кечди ва унинг «мен»лиги фано топди. Борлиғидан ҳеч нима қолмади. «Ўлишдан аввал ўлингиз» (ҳадис) хикмати Оллоҳ нурида ҳалок бўлди. Энди унинг ўзи Оллоҳнинг нури бўлди. Ҳар ким орқасини Оллоҳ нурига ва юзини деворга ўгирса, у орқасини муҳаққақ қиблага ўгирган бўлади. Чунки у аллақачон қибланинг жони бўлгандир. Ахир инсонлар қибласини Пайғамбар танламаганми ва у (қибла) оламнинг қиблагоҳи бўлмаганмиди? У ҳолда Пайғамбарнинг ўзи қибла бўлса, янада мувофиқ бўлади. Чунки қибла унинг учун қибла бўлгандир.

Мустафо (Оллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) бир дўстини «Сени чақирдим, нега келмадинг» дея койиди. У: «Намоз қилаётгандим» деди. Шунда Пайғамбар: «Яхши, аммо мен сени чақирмадимми?» дейиши билан у: «Мен бир бечораман» деб жавоб берди.

Пайғамбар унга буюрдики: «Қудратли бўлган вақтингда ҳам ўзингни ожиз ҳис этган пайтингдагидек бечора кўрмоғинг — яхши. Чунки сенинг қувват ва қудратинг устида бир қудрат бордир». Сен барча ҳолларда Ҳаққа маҳкумсан. Икки бўлак эмассанки, баъзан чорасиз, баъзан қудратли бўлсанг. Унинг қудратига боқ ва ўзингни ҳар вақт қўлсиз, оёқсиз ҳамда бечора кўр. Заиф одамларни қўя турайлик, ҳатто арслону қоплон, тимсоҳу ва ҳоказолар ҳам унинг қаршисида ҳечдир ва Тангридан қўрқиб титрайдилар. Ерлар, кўклар… ҳамма-ҳаммаси ожиздир. Уларнинг барчаси у (тангри)нинг ҳукмига асирдирлар. У буюк подшоҳдирки, зиёси ойу қуёшнинг нурига ўхшамайди. Унинг зиёсини алмаштириб бўлмайди ва у магар, пардасиз ҳолида юз очса, на кўк, на ер, на қуёш ва на ой қолади.

Ҳикоя: Бир шоҳ дарвешлардан бирига: «Оллоҳнинг ҳузурида Тангри тажаллиси ва яқинлигига муяссар бўлганинг онда мени хотирла!» деди. Дарвеш: «У ҳузурда гўзаллик қуёшининг нури борлиғимга тегиши билан мен ҳатто ўзимни ҳам эслай олмайман, сени қандай эслай?» жавобини берди. Аммо Оллоҳу Акбар бир қулини танлаб олиб, уни ўз борлиғида йўқ этса ва бунинг этагини тутиб, ўз эҳтиёжини тилаган ҳар бир киши орзусини Тангри рўёбга чиқаргуси. Бунда Оллоҳ ҳузурида уни ёд этишлари шарт эмас.

ФАСЛ. Биттаси: «Бу ерда бир нарсани унутибман» деди. Мавлоно буюрдики: Дунёда бир нарса бор — унутилмас. Агар ҳамма нарсани унутиб, уни унутмасанг, қўрқмаса ҳам бўлади. Масалан, бир подшоҳ муайян иш учун сени қишлоққа жўнатди. Сен тайинланган ишни қилмай, бошқа юз турли ишни адо этсанг ҳам ҳеч нарса бажармаган бўласан. Шунинг учун инсон бу дунёга бир иш учун келган: ғоя удир, агар уни қилмаса, ҳеч бир иш қилмаган ҳисобланади.

«Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Инсон уни ўз гарданига олди, чунки у жуда золим ва жоҳилдир»[3].

Кўклар ва ер ўз зиммаларига ололмаган ишни инсон олди. Унинг қўлидан келаётган ишларга боқиб, киши ҳайратланади: Тошларни лаъл ва ёқут, тоғларни олтин ва кумуш конларига айлантиради. Ер юзидаги ўсимликларни ҳаракатга келтириб тирилтиради ва Адан жаннати ҳолига келтиради. Ер ҳам уруғни ўз бағрига олади, ҳосил беради, айбларни беркитади ва яна тушунтириш қийин бўлган юзмингларча ғалати нарсаларни қабул қилади, майдонга келтиради. Худди шундай тоғлар ҳам турли-туман маъданлар беради. Шунга ўхшаш барча ишларни адо этганлари ҳолда, қўлларидан бир иш келмайди. Бу иш эса ёлғиз инсон томонидангина амалга оширилади. Шунинг учун ҳам Оллоҳ: «Биз ҳақиқатан одам ўғилларини шарафлантирдик» дея буюради. Аммо ўша иш на кўкларнинг, на тоғларнинг ва на ернинг эмас, балки фақат инсоннинггина қўлидан келганига кўра инсон жуда ёмон ва билимсиздир. Агар сен: «Қўлимдан шунча иш келяпти, бироқ у ишни қилолмаяпман» десанг, бунинг ҳеч қандай қиммати йўқ. Чунки инсонни бошқа ишлар учун яратмади. Бу шунга ўхшайди: «Сен шоҳлар хазиналарида бўладиган қимматбаҳо пўлатдан тайёрланган ҳинд қиличини «Мен бу қилични бекор ётмаслиги учун турли ишларда ишлатаман» дея келтириб, ош пичоғи ўрнида гўшт тўғрасанг ёҳуд олтин идишда шолғом пиширсанг, ё жавҳар билан безатилган пичоқни мих ўрнида қоқиб, унга ошқовоқ оссанг… увол бўлмасми, одамлар кулмасми? Ҳолбуки, қовоқнинг иши бир пулли тахта ёки темир бир мих билан ҳам битади. Шунга юз динорлик пичоқни ишлатиш ақл иши эмаску! Улуғ Оллоҳ сенга жуда улкан қиймат бергандир. «Оллоҳ мўминларнинг жонлари ва молларини ўз йўлида вақф этишлари муқобилида уларга жаннат бергандир»[4].

Шеър: (Сен қийматинг ва тушунчанг билан икки оламга бадалсан. Аммо нима қилайинки, ўз баҳонгни билмаётирсан).

Ўзингни арзонга сотма, чунки қийматинг юксакдир. Улуғ Тангри буюради: Мен сизни, вақтингизни, нафсингизни, молларингизни сотиб олдим. Агар сиз буларни мен учун ҳаржласангиз, менга берсангиз, бунинг муқобили ўлимсиз жаннатдир. Менинг олдимдаги сенинг аҳамиятинг шудир. Агар ўзингни жаҳаннам эвазига сотсанг, ўзингга зулм қилган бўласан. Худди юз динорлик пичоқни деворга қоқиб, унга қовоқ осган одамдек.

Сен: «Ўзимни юксак ишларга бераяпман. Фиқҳ, ҳикмат, фалакиёт, тиб ва бошқа илмларни ўрганаяпман» дея баҳоналар кўрсатасан. Аслида, буларнинг барчаси ўзинг учундир: фиқҳ қўлингдаги нонни биров тортиб олмаслиги, сени ўлдирмаслиги, устингдаги кийимингни ечиб олмаслиги ва соғ-саломат бўлишинг учундир. Фалакиёт соҳасидаги билиминг эса фалак аҳволидан хабардор бўлиш ва шунга қараб иш тушинг учундир. Ўйлаб кўрсанг, аслинг сен бўлиб, булар сенинг ойдинлигингдир, нури — зиёингдир. Нурнинг бу қадар тафсилоти, ажойибликлари, ҳоллари ва ғаройиб оламлари бўлар экан, боқчи, асос бўлган сенинг қандай ҳолларинг бўлиши керак? Сенинг нурингда юксалишлар, тушишлар, бахтли ва бахтсиз ҳоллар бўлиши баробарида, назар солчи, асос бўлган сенинг зиёлар оламингда қандай кўтарилишу пасайишлар, омаду омадсизликлар, зафару фойдалар бордир? Масалан, фалон руҳнинг шундай хусусияти бор, ундан бундай ҳоллар кўринади ва пистон ишга ярайди, дейишади. «Мен Тангри айтгандан кечолмайман, У мени едиради ва ичиради» — деб буюрилганидек сенинг учун емоқ ва ухламоқдан бошқа яна бир озиқ бордир. Сен бу дунёда шу озиқни унутгансан, ўзгаси билан машғулсан. Вужудингни кеча-кундуз моддий озиқ билан боқасан. Бўлса-бўлмаса, бу вужуд сенинг отингдир. Дунё — от охури. Отнинг еми унинг эгасининг емиши бўлолмайди. Унинг ўз емиши, неъматлари бор. Аммо ҳайвонлик туйғуси сени енггани учун ва сен отлар охурларида, отларнинг бош тарафида қолганинг учун бақо оламининг подшоҳлари ва амирлари қаторидан жой ололмайсан. Қалбинг музаффар вужуднинг ҳукмига бўйсунади ва сен ҳам унинг асири бўлиб қолгансан. Худди шунинг каби: Мажнун Лайли юртига бормоқ истаганидан ҳуши жойида бўлган пайтлар туясини у томонга ҳайдар эди, аммо хаёли Лайлига кетганда ўзи ва туяни унутарди. Шунда туя қишлоқдаги бўталоғини эслаб, орқага қайрилади. Қишлоққа келишлари билан Мажнун ҳам ўзига келади ва биладики, икки кунлик йўли беҳуда кетибди. Шу тарзда уч ой давомида йўлда қолади. Ниҳоят, «Бу туя бошимнинг балоси» деб ундан иниб, пиёда йўлга тушади.

Байт: (Тевамнинг орзуси орқада, меники эса олдинда. Биз ўз йўлларимиз туфайли айрилдик).

Дедиларки: Саид Бурҳониддин Муҳаққиқ сўзлаётганда, биттаси келди ва: «Фалончидан сенинг мадҳингни эшитдим» деди. У: «Кўрайлик-чи, ул зот қандай одам экан? Мени таниб мақтай оладиган аҳволдамикан? Мени агар сўзларимдан таниган бўлса, танимаган демакдир. Чунки бу сас, бу оғиз, бу лаб… ўткинчи, буларнинг ҳаммаси белгилардир. Ишларим орқали таниган бўлса, яна шундайдир. Аммо зотимни таниган бўлса, у ҳолда, мени танибди. Фақат шундагина у мени мақтай олади ва ўз мақтовини менга тегишли эканини биламан», — деди.

Бунга ўхшаган бир ҳикоя бор. Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни яхши эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига «Бунда не бор?» дебди. Бола: «Қўлингдаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир» дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб: «Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт» деб буюрибди. Ўғил: «Ғалвир бўлса керак» деб жавоб берибди. Подшоҳ: «Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб, аломатларни аниқ айтдинг-у, лекин ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?» — дебди.

Худди шундай, замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсалар яқин бўлган борлиқ бу — уларнинг менлиги. Улар бирор бир иш тўғрисида бу — тўғри, бу — хато, бу — ҳалол, буниси — ҳаром деб ҳукм чиқаришади-ю, ўз моҳиятларининг ҳалол ё ҳаром эканлигини билмаслар. Шундай экан, шоҳ ўғли айтган ҳалиги аломатлар белгилардир, оловга ташлаганда уларнинг ҳеч бири қолмас. Бундай аломатларнинг ҳаммасидан қутулмоқ зотга хосдир. Инсонга берилган иш, сўз ва ҳоказоларнинг барчаси аломатдир. Уларнинг жавҳар билан алоқаси йўқ. Улар йўқ бўлгандан кейин қолган нарса жавҳардир. Биз назарда тутган олимлар аломати шундайдир. Улар белгиларини тўғри топиб сўйлайдилар-у, бироқ ғалвирни ҳовучга сиғади деб туриб оладилар. Чунки асосий нарсадан уларнинг хабари йўқ. Мен қушман, булбулман, тўтиман. Агар менга бошқа хил сас чиқар десалар, буни қилолмайман. Чунки менинг тилим шундай ва бундан ўзгасини сўйлай олмайман. Қуш сасларини ўрганган кимса қуш бўлмагани ҳолда қушларнинг душмани, овчисидир. Ўзини қуш, дея ўйлашлари учун улар каби овоз чиқаради, ҳуштак чалади. Инсонга булардан бошқача сас чиқар, десалар ҳам, у буни қила олади. Чунки сас уники эмасдир, ясамадир. Халқнинг кийимлигини ўғирлаган ўғри ҳар уйдан бир кийимлик кўрсатишни ҳам ўрганиб олгандир.

ФАСЛ. Отабек: «Бу не лутф! Мавлоно ташриф буюрди. Тўғриси, кутмаган эдим. Ҳатто бундай шарафга муносиб бўлиш хаёлимдан ҳам ўтмаганди. Аслида мен кеча-кундуз унинг қаршисида қўл қовуштириб, муридлари орасида бўлишим лозим эди ва мен шунга ҳам ҳануз лойиқ эмасман, бу қандай лутф!» (деди). Бунга жавобан Мавлоно буюрди: Бу сизнинг хизматингизнинг улуғлигидандир. Даражангиз азиз, буюк ва муҳимдир. Сиз ҳам юксак ишлар билан машғул бўлишингизга қарамай, ҳимматингиз баланд бўлганидан ўзингизни қусурли кўраяпсиз. Ўз ишларингиздан қониқмай, ўзингиз учун яна бир қанча нарсаларни зарур ҳисоблаяпсиз. Кўнглимиз маънан доим сизнинг ҳимматингиз ёнида бўлиши баробар суратан ҳам шарафланмоқ истадик. Чунки суратнинг ҳам улуғ бир эътибори бордир. Эътибор не демак? У ҳатто ўзлик ва маъно билан тенг. Миясиз калланинг иши ҳеч нарсага ярамагани каби қобиқсиз мева ҳам етишмайди. Чунончи, бир данакни қобиқсиз ҳолда ерга эксанг, кўкармас. Қобиғи билан экканинг вақтда унади ва улкан бир дарахтга айланади. Шу нуқтаи назардан вужуднинг ҳам буюк бир асли, хизмати бор. Ва шундай бўлиши табиий ҳамдир. Усиз бир иш майдонга келмайди. Худди шу асл маънодир. Аммо бу — маъноли, маънони билган, англаган кишилар учун шундоқдир

«Икки ракат намоз дунё ва ундаги нарсалардан хайрлидир». Бу сўз ҳамма учун эмас. Бу шундай кишилар учунки, уларга дунё моли қўлида бўлса ҳам икки ракат намозни қилмаслик ўша молни бой беришдан оғирроқ туюлади.

Бир дарвешга подшоҳ: «Эй зоҳид!» деди. У эса: «Зоҳид сенсан» деб жавоб қайтарди. Шоҳ: Мен қандай зоҳид бўлайин. Бутун дунё меникидир», — деди. Бунга жавобан: «Йўқ, аксинча. Кўряпсанки, бутун дунё, охират ва жамики мол-мулклар меникидир. Оламни мен олдим. Сен эса фақатгина бир луқма ва бир хирқа билан қаноат этдинг», — деди дарвеш.

«Юзингни қай тарафга бурсанг, Оллоҳ у ердадир»[5]. У ҳамма жойда мавжуд. Чеҳралар, доимийдир, ўлмасдир. Ошиқлар ушбу чеҳрага ўзларини фидо қилиб, эвазига ҳеч нарса истамаслар. Бошқалар эса ҳайвон сингаридирлар.

Буюрдики: Сигирлар ҳам неъматларга монанддир ва оғилхонада бўлганлари ҳолда оғил эгаси ҳушлаган нарсалардир. Агар соҳиб хоҳласа, ўз молини шоҳнинг оғилига олиб бориб қўяди, ибтидода бўлганидек, йўқликдан борлиққа келтиради. Борлиқ (вужуд) оғилидан жамоа оғилига, жонсиз борлиқлар оғилидан ўсимлик дунёсига, ундан ҳайвонликка, ҳайвонликдан инсонликка, инсонликдан малакликка ва шу сўнгсиз тарзда илгарилатади. У сенга буларни бир-биридан устун оғиллар борлигини қабул ва эътироф этмоғинг учун кўрсатгандир.

Қуръонда: «Сиз, албатта, бир ҳолдан иккинчи бир ҳолга келасиз. Шундай экан, уларга нечун иймон келтирмайдилар»[6] деб амр этилганидек, буни сендан олдиндаги табақаларга инонмоғинг ва уларни қабулламоғинг учун намойиш қилди. Буларнинг барчаси бир нарса, дея инкор этмоғинг учун эмас.

Устод билим ва ҳунарини одамларнинг ўзларига ишониши учун ҳамда ҳали кўрсатмаган бир қанча маърифатлари ва илмлари борлигига ҳам ўзгаларни иқрор қилиш учун кўрсатади. Худди шундай, шоҳ ҳам ҳадялар — тўнлар беради, айбларни кечиради, фуқаро кўнглини олади. У буларни ўзига доимо умид билан боқишлари ва яна нималардир кутиб яшашлари учун қилади, йўқса, шоҳнинг берадигани шундан иборат деб, илинжларини узишлари учун эмас. Агар у фуқаронинг шундай дейишини билса, мутлақо лутф ва инъом қилмасди.

Зоҳид охарни (бошқасини, ғайрни — тарж.) кўрган кишидир, дунё аҳли бўлса, охирни (сўнгни) кўради. Фақат Оллоҳнинг хос қуллари ва орифлар на охарни, на охирни кўрарлар. Улар назарлари аввалга тушади ва ҳар ишнинг аввалини биладилар. Масалан, буғдой экилса, буғдой битишидан (ўсишидан) воқифдирлар. Булар нодир кишилардир. Бошқалар ўртамиёна бўлганликлари учун назарлари сўнгда. Улар оғилда қолганлари учун ҳайвондирлар.

Дард доимо инсонга йўл очади Дунёдаги ҳар иш учун инсон юрагида иштиёқ, ҳавас ва дард бўлиши лозим. Акс ҳолда, инсон бу ишни қилмас. Дардсиз ва заҳматсиз иш ҳам унга муяссар бўлмас. Дунё ва охират, тижорат ва шоҳлик, илм ва бошқа ишларда бўлсин, барчасида аҳвол шундоқ. Чунончи, Марям туғиш оғриғи бўлмагунча, бахт дарахтига яқинлашмади. Қуръонда «Туғиш санчиғи уни бир хурмо дарахти тўнкасига суяниш учун йўллади» дея буюрилганидек, Марямни дарахтга дард яқинлаштирди ва қуруқ дарахт мева берар бир ҳолга келди.

Вужуд ҳам Марям кабидир. Ҳар биримизнинг Исомиз бор. Бизда ҳам ўшандай дард пайдо бўлса, Исомиз туғилади. Агар дард бўлмаса, Исо ҳам ўз келган йўлидан қайтиб кетади, биз ҳам ундан фойдаланмоқдан маҳрум бўламиз.

Шеър: (Жон ичкарида оч, табиат эса ташқарисидан сарват (бойлик) ва сомон ичида. Шайтон еб-ичишдан ошқозон касалига дучор бўлган. Жамшид нонушта ҳам қилмаган. Энди сенинг Масиҳинг ер юзида, (шу ерда экансан) дардингга даво иста. Масиҳ кўкка чиқиши билан даво ҳам қўлдан кетади).

ФАСЛ. Сўз — идрок қилишда сўзга муҳтож бўлганлар учундир. Сўзсиз идрок этганнинг сўзга қандай эҳтиёжи қолади? Идрок эта билган учун кўкларнинг, ернинг ҳаммаси сўздир. Ҳафиф бир сасни эшитганга бақириб-чақиришнинг нима ҳожати бор? Дунё ҳам Қуръондаги «Бўл» (унинг амри бўл демак эди. У ҳамон бўлди»)[7] сўзидан бино бўлгандир.

Ҳикоя: Арабча гаплашадиган бир шоир бир турк подшоҳи ҳузурига келди. Ҳукмдор форс тилини ҳам билмасди. Шоир унинг шаънига жуда гўзал бир шеър ёзиб келтирганди. Шоҳ тахтда, қолган амиру вазирлар ўз ўринларида ўтирар эдилар. Шоир қўзғолди ва шеърини ўқиб берди. Шунда ҳукмдор шеър мазмунига уйғун равишда ҳаракатлар қилиб турди. У ердагилар «Шоҳимиз шунча йилдир, биздан арабча билганини яширган экан, агар ўтган давр мобайнида оғзимиздан арабча ёмон гап чиққан бўлса, ҳолимизга вой!», дедилар. Кейин ҳукмдорнинг хос қулларидан бирига «Шоҳ арабча биладими, йўқми? Билмаса, нечун муносиб бўлган ўринларда мувофиқ ҳаракатлар қилди? Бизга хабарини бер» — деб, унга қимматли нарсалардан бердилар.

Кунлардан бир кун хос қул бу масалани ечиш фурсатини топди. Ов пайтида шоҳ жуда мамнун эди. Шундан фойдаланиб, ҳукмдордан ётиғи билан сўраган эди, подшоҳ шундай деди: «Худо ҳақки, мен арабча билмайман. Аммо унинг бу шеърни ёзиш мақсадини билганим, яъни шоир мени мақтамоқчи бўлганини, шеър бир восита эканини англаганим учун илтифот кўрсатдим. Мақсад бўлмаганда шеър ҳам ёзилмасди». Шунинг учун мақсадга қарайдиган бўлса, иккиликка ўрин қолмайди. Иккилик тафарруотда (бўлинганлик, айрилганликда — тарж.). Асос бирдир.

Худди шундай, шайхлар ҳам агар кўринишдан турли-туман, ишлари ва сўзлари фарқли — фарқли бўлсада, мақсад эътиборлари билан бирдир — Тангрини талаб қилмоқдир. Масалан, бир саройда шамол эсса, гиламнинг четини кўтаради, хас-ҳашакни осмонга учиради, ҳовуз сувини ҳалқа-ҳалқа этади, дарахтни, унинг шохларию баргларини ўйнатади. Бу бир-бирига ўхшамаган ҳоллар мақсад, асос ва ҳақиқат нуқтаи назаридан бирдир. Чунки ҳаммасининг ҳаракати бир шамолдандир.

Биттаси: «Биз нуқсонлимиз!» деди. Бошқаси эса: Кишида «қандай ҳолдаман, нималар қилаяпман», дея ўз-ўзини тергаш туйғусининг уйғониши дўстлик ва иноят далилидир. Чунки «Севги бор жойда ситам ҳам бўлади». Бегоналарга эмас, дўстларга ситам қилинади. Аммо ситамда ҳам ситам бор. Ситам, ундан мутаассир бўлганга, ўзи учун унинг яхшилик ва севги эканлигини билганга қилинади. Шу билан бирга ҳеч таъсир қилмайдигани борки, бу севги аломати эмас. Масалан, гиламни чангдан тозаламоқ учун калтаклашади. Ақллилар бунга танбеҳ бериш, демаслар. Аммо бир севган кишисини ёхуд боласини урсалар, бунга ситам дерлар. Севгининг исботи мана шундай жойларда майдонга келади. Шунинг учун, модомики, сен ўзингда бир дард ёки пушаймонлик ҳис этаркансан, билгилки, бу сенга Оллоҳнинг инояти ва севгисидан бир далилдир. Агар сен оға-инингда бир қусур кўрсанг, бу сендаги нуқсоннинг аксидан иборатдир. Одам ҳам худди шундай ойнадир. «Мўмин мўминнинг ойнасидир» (Ҳадис). Сен ўша қусурни ўзингдан узоқлаштир. Чунки ундан ҳосил бўлган сендаги изтироб — ўзингдан чиққан ғамдир. Ундан хафа бўлганинг замон ўзингдан ҳам инжийсан.

Дедики: Бир филни суғормоқ учун сув бўйига келтирдилар. У ўз аксини сувда кўриб ҳуркиди. Лекин у бошқасидан қўрқдим, деб ўйлар, ўзидан чўчиганини эса билмасди.

Инсон ўз каллигидан ва чипқонидан ирганмас. У ярали қўлини бемалол овқатга узатади, ялайди. Бундан унинг кўнгли айнимайди. Аммо бировнинг қўлида кичик бир чипқон ёхуд яра кўрса, бас, овқат ейишдан тўхтайди, жирканади.

Инсондаги ёмон феъллар ҳам каллар ва чипқонларга ўхшайди. Ўзида бўлганида ҳеч ирганмайди, ўзгада бўлсачи, жирканади, нафрат этади. Сен ундан ҳуркканингдек, у ҳам сендан чўчиса, инжиса, уни хуш кўр. Сенинг хафа бўлишинг унинг айбидир. Чунки уни кўришинг сабабли таъбинг тирриқ бўляпти-да. Шу билан бирга у ҳам (сени) худди шундай кўради. Пайғамбар алайҳиссалом «Мўмин мўминнинг ойнасидир» (ҳадис) дея буюради. Бу кофир кофирнинг ойнаси бўлолмайди, дегани эмас. Унинг ойнаси бор эди, фақат у бундан ғофилдир.

Сиқилиб, қайғуриб ирмоқ бўйида ўтирган подшоҳ кайфиятидан чўчиган амиру мулозимлар ҳукмдор масхарабозига ул-бул ваъда қилишиб «шоҳни кулдир» дейишди. Масхарабознинг ҳукмдорни кулдириш учун қилган барча саъй-ҳаракатлари зое кетди. Ниҳоят, чидай олмай «сувда нимани кўраяпсиз?» деб сўради. Шоҳ «бир номуссизни» дегач, масхарабоз «эй шоҳи жаҳон, бу қулингиз ҳам кўр эмас» деб жавоб берди. Дарҳақиқат, бу — шундоқ, яъни сен бир нарсани кўриб жирканганинг замон бошқалар ҳам кўр эмаски, сенинг кўрганингни кўрмаса.

Унинг ёнига икки «Мен» сиғмайди. Чунки сен ҳам «Мен» деяпсан, У ҳам «Мен». Ё сен ўл, ё У ўлсинки, иккилик қолмасин. Аммо Унинг ўлиши мумкин эмас. Бу на зоҳирда ва на зеҳнда мумкин бўлади. «Чунки у ўлмаган бир тирикдир»[8].

У шундай лутфкордирки, имкон бўлганда эди, сен учун ўларди. Бироқ модомики, Унинг ўлими имконсиз экан, у ҳолда, иккиликнинг йўқ бўлиши учун ва Унинг сенда тажалли этмоғи учун сен ўл.

Иккита тирик қушни бир-бирига боғлаб қўйсанг, улар бир хил қуш бўлишларига ва икки қанотлари тўрт бўлишига қарамай учолмаслар. Чунки иккилик мавжуддир. Ҳолбуки, қушларнинг биттаси ўлик бўлса, учади. Зеро, иккилик йўқдир. Қуёшда у лутф бордирки, кўршапалакнинг олдида ўлади. бироқ бунга имкон бўлмаганидан «Эй бойқуш! Менинг лутфим ҳар кимга етиб борган, сенга ҳам эҳсон қилмоқчиман. Сен ўл. Чунки бунга имкон бор. Шундай қилсанг, менинг улуғлигим зиёсидан насибангни оласан. Бойқушликдан чиқиб, Яқинлик Қофининг Анқоси[9] бўлажаксан» дейди.

Ўзини дўст учун фидо қилмоқ қудрати Оллоҳ қулларидан бирида бор эди. У Тангридан дўст сўради. Лекин Азиз ва Жалил бўлган Оллоҳ унинг истагини қибул этмади ва бандага «Сенинг уни кўришингни хоҳламайман» деган овоз келди. Аммо Тангри қули ёлбориб сўрашдан тўхтамади «Оллоҳим, менда унинг орзусини майдонга келтирдинг ва бу истак мендан кетмаяпти». Ниҳоят, унга «Агар унинг сенга кўринишини истасанг, бошингни фидо эт. Сен йўқ бўл, бу дунёни тарк айла!» дея бир овоз келди. У «Эй Тангрим, мен рози!» дедида, дўсти учун бошини қурбон қилди. Шундан кейингина мақсади ҳосил бўлди.

Бутун дунё умрига бир куни тенг қулнинг лутфи шундай бўлгач, бундай лутфни яратган Оллоҳнинг лутфи бўлмасми? Бу сенга имконсиз кўринади, лекин унинг фано бўлмоғи мумкин эмас, бас, ҳеч бўлмаса, сен фано бўл, йўқ бўл!

Ёқимсиз кимсаларнинг бири келиб улуғ кишиларнинг бош тарафига ўтирди. Бунга жавобан Мавлоно деди: Булар учун чироқнинг устида ё тагида ўтиришнинг ҳеч фарқи йўқ. Чироқ эса ўзи учун баландда бўлишни истамайди. Борди-ю, истаса, бундан бошқаларнинг фойдаланишини кўзлайди. Кимсалар эса унинг зиёсидан завқ оладилар. Чироқ хоҳ пастда, хоҳ баландда бўлсин, барибир ўша чироқдир. Абадий қуёшдир. Улуғ зотлар юксаклик,мақом ва мавқе истасалар, демакки, халқнинг уларни кўра оладиган кўзлари йўқдир. Уларнинг мақсадлари бундай моддий ва дунёвий тузоқ билан аҳлини овламоқдир. Шу тарзда улар бундай юксакликларни уҳровий (охиратга тегишли — тарж.) юксакликка йўл топмоқ учун истайдилар. Масалан, Мустафо (Оллоҳ раҳмати бўлсин) Макка ва бошқа жойларни ўз эҳтиёжи йўлида забт этгани йўқ, балки ҳар кимга ҳаёт бағишламоқ, улар қалбини нурлантирмоқ учун фатҳ этган.

«Бу қўл бермоққа ўрганган, олмоққа эмас» (Ҳадис), дея буюрилгани каби улар халққа бериш мақсадида уни (халқни) алдайдилар. Йўқса, улардан бир нарса ундириш учун эмас.

Баъзилари заволли қушларни сотмоқ ва ёхуд емоқ учун тузоқ қўядилар. Бунга ҳийла дейишади. Аммо подшоҳ ўз жавҳарларидан хабарсиз, қийматсиз ва тажрибасиз бир қирғийни тутади. Бундан мақсад қушни билагига ўргатмоқ, унга тарбия бериб шарафлантирмоқдир. Аммо бунга ҳийла дейилмайди. Зоҳиран бу иш макрга ўхшаса ҳам, аслида эса тўғрилик ва эҳсондир. Тошни лаъл ҳолига келтирмоқ ўлик бир тухумни инсон айламоқ билан баравар. Ақл эгалари буни шундай биладилар. Агар қирғий ўзини нега тутганларини билсайди, тузоққа ҳожат қолмасди. Унинг ўзи тузоқни изларди, киши билагига учиб бориб қўнарди.

Халқ улуғлар айтган сўзларнинг зоҳиригагина назар солиб «Биз бундай гапларни кўп эшитдик, ичимизу ташимиз улар билан тўла!» дейди. Улар айтадиларки: Қалбларимиз қулфлидир. «Йўқ, Оллоҳ уларни кофирликлари сабабли лаънатга дучор қилди, улар жуда оз иймон келтиришади»[10], оятида амр этилгани сингари кофирлар: «Бизнинг қалбларимиз бундай сўзларнинг ғилофидир ва биз улардан лиммо-лим тўлганмиз», дейишади. Оллоҳу акбар уларга жавоб сифатида буюрадики: Асло! Улар булар билан эмас, балки хаёл, васваса, шубҳа ва ширк билан, ҳатто лаънат билан тўладир. Чунки «Оллоҳ уларни кофирликлари сабабли лаънатга дучор қилди»[11]. Кошки, улар бундай алжирамасалар эди. Ҳеч бўлмаса, ҳақиқатни қабул қилмоққа лойиқ бўлсаларда, афсуски, шунга ҳам лойиқ эмаслар.

Улуғ Оллоҳ кофирларнинг қулоқлари, кўзлари ва қалбларини бошқа бир ранг кўришлари учун муҳрлагандир. Шунинг учун ҳам улар ҳақида «Оллоҳ уларнинг юрагига муҳр урди. Уларнинг қулоқлари ва кўзлари пардалидир»[12] дея амр этилади. Уларнинг қалблари, яқин кишилари, улар билан мақтанганлар бутун умрлари давомида бу ҳикматнинг бўйини ҳам ололмагандирлар. Оллоҳ ҳикмати бир кўза кабидирки, баъзиларга суви билан кўрсатилди. Улар сувдан қониб-қониб ичдилар. Лекин бошқаларга сувсиз кўза берилдики, улар қандай қилиб шукр қиладилар. Оллоҳдан сув тўла кўзани олган киши шукрона айтиши лозим.

Улуғ Тангри Оламни тупроқ ва сувдан яратганида «Уни қирқ кунда тамомлади» (Ҳадис), унинг қолипини барпо қилди. Одам шу кўйи ер юзида қирқ кун қолди. Лаънат бўлсин Иблисгаки, ерга тушди ва унинг қолипига кириб, томирларида айланди, кузатди ва қон-ла тўла томирни, ёғни, тўрт хилтини кўриб: «Оҳ, менинг аршнинг пойида кўрганим ва пайдо бўлиши керак бўлган Иблиснинг шу эканлиги ғалати эмасми? Шояд бу бўлмаса! Иблис агар бор бўлса, мутлақо шудир», — деди ва чиқиб кетди.

ФАСЛ. Отабекнинг ўғли келди. Мавлоно буюрадики, сенинг отанг доимо Худо билан банд эди. Унинг иймони ғолиб келганди, бу — сўзидан маълум эди. Бир кун Отабек деди: Рум кофирлари «Татарга қиз бериб, динни бирлаштирайлик, янги дин — мусулмонлик йўқ бўлсин» дейишяпти. Мен: «Дин қачон бир бўлибдики, энди бир бўлсин. Ҳар доим икки учта дин бўлган ва улар ўртасида урушлар, қон тўкишлар бўлган» дедим. Буни эшитиб, Мавлоно буюрдики: Сиз қандай қилиб динни бир қиласиз? Бу фақат қиёматда мумкин. Бу ер дунёдир ва шунинг учун ҳам диннинг бир бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда уларнинг турли-туман истаги ва тилаги бордир. Дин дунёда бирлашолмайди, фақат қиёматда бир бўлади. Қиёматда уларнинг ҳаммаси бирлашади, бир қулоқ, бир тил ҳолига келади.

Инсонда бир қанча нарсалар мавжуд. Масалан, сичқон, қуш… Қуш қафасни юқорига тортса, сичқон тубанга судрайди. Инсонда улар каби яна мингларча йиртқич ҳайвонлар топилади. Қуш қушлигини, сичқон сичқонлигини ташлаб, бирлашсалар, муддо ҳосил бўлади. Чунки бу нарса ва юқори ва на тубандир. Исталган нарса ҳосил бўлгач, юқори ҳам, тубан ҳам қолмас.

Агар киши бирор нарсасини йўқотса, ўнгни, сўлни, орқани, олдини… ҳамма жойни излайди. Агар қидирганини топса, на ўнгни ва на чапни излайди. Буларнинг барчаси бир бўлади. Қиёмат куни назарлар бирлашади, тиллар, қулоқлар, туйғулар бир бўлади. Масалан, ўн кишининг муштарак бир боғи ёки дўкони бўлса, улар қайғуси, сўзи бир бўлади, бир нарса билан машғул бўладилар. Чунки истаган нарсалари — бир.

Қиёмат кунида ҳамманинг иши Оллоҳга тушади. Яъни барча Оллоҳ билан банд бўлади ва унда бирлашади. Худди шундай, дунёда ҳамма бир иш билан шуғулланади. Ким аёл севгиси билан, ким мол тўпламоқ, ким илм олмоқ билан банд. Улар буларнинг биридан завқ олади, хушланади. Улар: «Менинг дармоним, саодатим ва ҳузурим шундадир», — дейди ҳамда унга инонади. Бу Оллоҳнинг бир раҳматидир. Чунки инсон севган нарсасига интилади, уни қидиради, аммо тополмай орқага қайтади. Бироз фурсатдан кейин ўзига ўзи: «Бу завқ ва раҳмат изланишга арзийди, лекин мен қидирмадим, бошқатдан ишга киришай» — дейди ва уннайди. Аммо яна тополмайди. Бу ҳол Оллоҳ раҳмати пардасиз равишда юз кўрсатгунга қадар давом этадию Раҳмат юз очгандан кейин киши тутган йўли янглиш эканини англайди. Бироқ Оллоҳнинг шундай қуллари борки, улар қиёматдан аввал асл ғояга етадилар. Улар ҳозирдан охирни кўрадилар.

Али (Худо ундан рози бўлсин): «Парда кўтарилса ҳам менинг хабарим ортмаяпти», — деди. Яъни ғилофни ўртадан олсалар ва қиёмат кўринса ҳам менинг хабарим бўлмаяпти, демакдир. Бу шунга ўхшайди: Фарз қилайликки, қоронғу кечада бир уйда кўпчилик намоз қилди. Аммо кундуз бўлиши билан улар қиблани аниқлашиб юзларини ўша томонга бурадилар. Шунда кечаси ҳам қиблага қараб намоз ўқиган киши юзини бурадими? Йўқ, албатта. Аксинча. қолганлар юзларини унга томон ўгиришади. Кечаси шу одам сингари ўтирганлар учун эса қиёмат кўринган ва ҳозир бўлгандир.

«Ҳеч қандай нарса йўқки, унинг хазиналари бизнинг олдимизда бўлмасин. Биз уни фақат муайян миқдорда юборамиз»[13] дея амр қилинганидек, сўзнинг ниҳояси йўқ. Бироқ талабгорнинг талаби миқдорида инади. Ҳикмат ҳам ёмғирга ўхшайди ва у ўз маъданида сўнгсиздир. Фақат эҳтиёжга кўра ёғади. Улар ҳар бир мавсумнинг муҳтожлик даражасига қараб оз ёхуд кўп бўлади. Унинг манбаси битмас-туганмасдир. Масалан, аттор шакар ёки дорини қоғозга ўрайди. Лекин шакар қоғозга ўралгандан иборат эмас. Шакар ва дори хазиналари сонсиз-саноқсиздир, сўнгсиздир. Ниҳоясизлик, сўнгсизлик қоғозга қандай сиғади?

Қуръон Муҳаммадга (Оллоҳнинг саломи ва салоти бўлсин) нечук калима-калима инади, сура-сура тушмайди, дея ғийбат қилишарди. Бунга жавобан Мустафо: «Бу нодонлар нима дейишяпти? Ахир, ҳаммаси бирдан тушса, мен эриб йўқ бўлиб кетардим», — деди. Чунки у оздан кўпни, бир нарсадан бир қанча нарсаларни, бир сатрдан бир дафтардаги (маъно) ни англай оларди.

Дейлик одамлар орасида қандайдир воқеа гапирилмоқда. Улардан бири ана шу воқеага гувоҳ бўлгани учун бир сўзданоқ ўша вазиятни тушунади. Қолганлар эса ҳикоянинг эшитганлари қадарини англайдилар. Вазиятдан хабардор бўлган ҳалиги ёлғиз кишигина ҳикоя билан боғлиқ яна жуда кўп нарсаларни билади.

Яна эски мавзуга қайтайлик: Аттор дўконига боришинг билан, у ерда шакарнинг жуда кўп эканини кўрасан. Бироқ аттор сенинг пулингга яраша шакар беради. Ёки шакар сўраб келганингда қопингга қарайдилар ва шунга кўра ўлчайдилар. Аммо одам шакар олишга туя қаторларида (кўп қоплар олиб) келса, бошқа ўлчов асбобларини чиқаришга буюрадилар. Худди шундай, одам борки, денгизларга қонмас, одам бўладики, бир томчи сув билан кифояланади, ортиқчаси унга зарар келтиради. Бу фақат маъно оламида, яъни илм ва ҳикматда эмас, балки ҳамма нарсада шундай. Дунёдаги мол-мулклар, олтинлар, қимматбаҳо тошлар конлари сўнгсиз ўлчовдадир. Бироқ улар инсонга баҳоси миқдорида келади. Ортиқчасини эса кўтаролмай, ақлдан озади. Ошиқлардан Мажнун, Фарҳод кабиларни кўрмаяпсанми? Уларга таҳаммулларининг устида шаҳват берилгани учун бир аёлнинг ишқида тоғу чўлларга чиқиб кетдилар. Фиръавнга қарасангчи, ортиқча мол-мулкка эга бўлгани учун худоликка даъво қилди. «Яхши ёки ёмон ҳеч қандай нарса йўқки, унинг бизда ва бизнинг хазинамизда сўнгсиз дафиналари бўлмасин, аммо биз таҳаммул нисбатида юборамиз»[14] — дея буюрилгани сингари ишга яроқлиси ҳам шудир.

Ҳа, бу одамнинг ишончи бор, лекин у ишончнинг нима эканлигини билмайди. Нонга инонган, аммо нега инонишини билмаган бола ҳам шундай. Масалан, сувсизликдан қуриган дарахт сувсизликнинг нима эканлигини билмайди.

Бир одам келди. Дедики: Қаерда эдинг? Жуда соғингандик,нега узоққа кетдинг? У: «Тасодифан шундай бўлди», — деди. Биз худди шу тасодифнинг бўлмаслигини дуо қилаётгандик. Айрилиқни майдонга келтирган тасодиф бўлмаслиги керак бўлган тасодифдир. Ҳа, ҳаммаси Оллоҳдан ва Унга кўра ҳаммаси яхшидир. Тўғри, ҳаммаси Оллоҳ наздида мукаммалдир, яхшидир, аммо бизнинг назаримизда бундай эмас. Чунки ифлослик, намозсизлик, намоз, куфр, ислом, ширк ва тавҳид Оллоҳ наздида яхши. Бизнингча эса ўғрилик, ахлоқсизлик, куфр ва ширк ёмон, тавҳид, намоз ва ҳайрат яхшидир. (Аммо буларнинг барчаси ҳақ наздида яхши). Чунончи, ўлкасида зиндон, осмон, зарбоф тўн, мол-мулк, раият, тўй, ноғора ва байроқ бўлган бир подшоҳ учун буларнинг ҳаммаси яхши. Зарбоф тўн салтанат камоли учун қандай бир аломат бўлса, дорга тортмоқ, ўлдирмоқ ва зиндон ҳам шундай бир омилдир. Шоҳ назарида буларнинг ҳаммаси камолдир. Бироқ халқ наздида зарбоф тўн билан дор оғочи қандай қилиб бир нарса бўлсин?

ФАСЛ. Бири: «Намоздан афзалроқ нима бор?» деб сўради.

1. Айтганимиздек, намознинг жони (руҳи) ўқилган намоздан яхшироқдир.

2. Иймон намоздан устундир. Чунки намоз кунда беш маҳал, иймон эса ҳамма вақт фарздир. Намоз узрли сабаб билан қолдирилиб, фурсат бўлиши билан адо этилиши мумкин. Иймон учун ҳеч қандай узрли сабаб билан бузилиб, кейинроқ бажариш рухсати йўқ. Намозсиз иймоннинг фойдаси бўлади. Бироқ иймонсиз намознинг фойдаси йўқ. Худди мунофиқларнинг намози сингари.

Намоз ҳар динда турлича, иймон эса ўзгармайди. Аҳволи, қибласи ва бу каби нарсалари ҳам ўзгармайди. Бу фарқли жиҳатлар ҳақида айтилган сўздан келиб чиқаётган маъно тингловчи талаб қиладиган даражада зоҳир ўлади. Тингловчи хамир қораётган киши олдидаги унга ўхшайди. Суз эса сувга. Унга муайян бир меъёрда сув қўшилади.

Шеър: (Кўзим ўзга бировга боқаяпти, мен нима қилай? Ўз-ўзингдан шикоят этки, кўзимнинг нури сенсан.)

Кўзим бошқага қараяпти, яъни сендан ўзга бир тингловчини қидираяпти. Мен не этай? Унинг зиёси сен. Кўзим нурининг сенинг каби юз минг дона (мисли) бўлиши учун сенинг ўзинг билан бўлмаслигинг ва ўзингдин қутилмоғинг лозим.

Ҳикоя: Жуда озғин, буришган, кичкина бир одам бор эди. Бошқалар наздида у ҳақир бир чумчуққа ўхшарди. Бу одам шу қадар бечораҳол ва хунук эдики, ҳар қандай бошқа хунук киши уни кўриши билан Тангрига шукр айтарди. Шунга қарамай, бу одам катта гапирарди. Шоҳ девонида ходим эди. Ва доимо ўша ердаги бир вазирнинг жонига тегарди. Бир кун вазир: «Эй девон аҳли! Мен бу одамнинг қаддини кўтардим, боқдим, ўстирдим. У бизнинг нонимиз ва неъматларимиз билан одам бўлди. Бироқ нонкўрлик қилиб менга ёмон сўзлар айтмоқда!» — деди. Хунук одам вазирнинг юзига сачради: «Эй девон аҳли, давлатнинг улуғлари, аркони! Вазир ҳақ гапни гапиряпти, унинг нони ва неъматини еб ўсганим учун шундай ҳақир ва кулгили бўлдим. Агар бошқа бир зотнинг нони суви билан ўссайдим, юзим, бўйим, қадрим бундан яхшироқ бўларди. У мени тупроқдан олиб турғазди. «Биз сизга яқин бўлган азобни раво кўряпмиз. У кун ҳар инсон қўлининг нима қилганини кўради ва ишонмаган: кошки, тупроқ бўлсайдим, дер»[15] оятида буюрилгани каби қани энди ўзга бир зот мени тупроқдан олиб турғазган бўлсайди. Ўшанда бунчалик кулгили бўлмасдим», — деди.

Оллоҳ одами томонидан етиштирилган бир муриднинг руҳи топ-тоза бўлиб, бузғунчи ва иккиюзламачи кимса томонидан етиштирилган киши мана шу хунук одам янглиғ ожиз, ҳақир ва қайғули бўлажак. У доимо тараддудланиб яшайди, туйғулари нуқсонли, ўзи эса яхши ишламайди.

Оллоҳ мўминларнинг ёридир. Уларни зулматдан ёруғликка чиқаради. Кофирларнинг ёрдамчиси Тоғутдир. Уларни ёруғликдан зулматга киритади. Булар оловдаги кимсалардирки, доимо унинг ичида қолурлар.

Тоза сув ичидаги ҳар нарсани кўрсатгани каби инсон руҳи табиати билан бирга билим ва кўзга кўринмаган барча нарсаларни кўрсатади. Ости ва устидаги барча нарсаларга бир нарса қўшмай, айирмай кўрсатиш хусусияти сувнинг яратилишида мавжуд. Бироқ сувга тупроқ ёки бошқа ранг аралашса, бу хусусият йўқолади.

Улуғ Оллоҳ набий ва валий зотлар жўнатди. Улар ана шу улкан, тоза сувларга ўхшайди. Оллоҳнинг бундан мақсади ҳар бир ифлос, кичик сувнинг ўткинчи рангидан ва киридан қутилиши, қутилгандан кейин эса ўзини покиза кўриши билан «мен илгари шундай тоза эканман!» дея хотирлаши, кирланган, ифлос рангини фоний эканлигини билишга қаратилган. Қуръонда «Соғломликдан кейин бузадилар. Оллоҳ битишмоқни амр этган нарсани парчалайдилар»[16] дейилади. Набийлар билан валийлар уларга эски ҳолларини эсларига солади. Унинг жавҳарига янги нарса қўшмаслар. Энди у улкан сувни таниб: «Мен унданман, уникиман», деган ҳар бир кирланган(кичик) сув унга (катта сувга) аралашгандир. Улкан сувни танимаган, ўзидан айри кўрган ва уни бошқа жинсдан, дея билган ифлос сув денгизга қоришмаслик учун бундай ранглар ва кирликларга сиғинди. Қуръонда «Бир сура нозил бўлиши билан улар бир-бирларига боқадилар ва: «Ажабо, бизни бир кўрган борми?» дейдилар ва кейин кетадилар. Улар тушунмайдиларки, бир қавмдан бўлганлари учун Оллоҳ ҳам улар қалбларини қайтариб қўйди»[17] оятида буюрилганидек, катта сув кичик сувнинг жинсидандир. Унинг нафсидан, унинг жавҳаридандир. Буни инкор этиш сувнинг нафсидан эмас. Бироқ сувнинг ёмон бир ўртоғи борки, унинг акси сувга уради. У Кичик сувнинг Катта сувдан ёҳуд денгиздан) ҳуркиши ўз нафсидан ёки ўша ёмон ўртоқнинг аксидан келаётганини билмайди. Бу ҳам икки нарсани бир-бирига фавқулодда қоришганлигидан майдонга келади. Масалан, тупроқ еган бир одам: «Менинг бу тупроққа бўлган майлим табиатимданми, йўқса, табиатим билан қўшилган бир касалликданми?» дея бунинг сабабини аниқ билмайди. Даъвони исбот қилиш учун келтирилган ҳар байт, ҳар ҳадис ва оят икки шоҳид кабидир. Бу иккала шоҳид ҳар даъво учун гувоҳлик қилади.

ФАСЛ. Унга «У сизни кўришни истамоқда ва кошки Худовандигорни[18] кўрсам, демоқда» дедик. Мавлоно буюрдики, у ҳозир Худовандигорни кўролмайди. Чунки унинг «Худовандигорни кўрайин!» дея орзу қилиши Худовандигорни кўришига моне бўлган бир парда. Ҳозир уни пардасиз, ниқобсиз кўриб бўлмайди.

Худди шундай, инсон халқнинг ота-онасига, ёр-биродарларига ҳамда ерлар ва кўкларга, боғлар ва тоғларга, қўшиқларга, билимларга, ишларга, овқатга, шаробга ва ҳоказоларга бўлган орзу, севги ва шафқатининг ҳаммаси, аслида, Тангрини севмоқ ва билмоқ эканини билади. Буларнинг барчаси ниқоб (парда)дир. Одамлар бу дунёдан кўчиб, Шоҳни ниқобсиз кўришлари билан буларнинг ҳаммасини пардалардан иборатлиги ва истаганларининг барчаси, аслида, бир нарса эканлигини кўрар ва англарлар. Шу тарзда. Уларнинг бутун қийинчиликлари ҳал этилади ва ичларидаги ҳар турли сўроқлар ва мушкулотларнинг жавобини оладилар. Истаган, орзу қилган нарсаларини рўйи рост кўрадилар. Оллоҳ ҳар бир саволга алоҳида-алоҳида тушунтириш бермайди, балки ягона жавоб билан бутун сўроқларни бартараф этади. Шу равишда барча мушкуллар ҳал бўлади. Масалан, қиш келиши билан ҳамма одамлар иссиқ кийимларга ўранадилар, дарахтлар ҳам совуқ урмаслик учун бори йўғини ичига олиб сақлайди. Баҳорнинг келиши уларнинг бутун сўроқларига жавоб бўлади. Тангри бу пардаларни бир савобга таяниб яратмишдир. Агар Оллоҳ жамоли ниқобсиз кўринса, биз унга қарашга таҳаммул (тоқат) этолмаймиз ва ундан насибамизни ололмаймиз. Биз ана шу ниқоблар воситаси билан ёрдам кўраяпмиз, яхшини ёмондан айиряпмиз, исиняпмиз. Дарахтлар ва боғлар ҳам унинг шарофати билан мева соҳиби бўлмоқдалар. Олтин, кумуш, лаъл ва ёқут маъданлари ҳам унинг таъсири билан майдонга чиқади. Воситалар билан бизга шунча фойда келтирган қуёш яна бироз яқинлашадиган бўлса, фойда бериш у ёқда турсин, ҳаммаёқни куйдириб йўқ этади. Улуғ Тангри ҳам тоққа парда ортидан тажалли этади, шунинг учун тоғ ям-яшил бўлади, гулларга тўлади, безанади. Ҳолбуки, пардасиз тажалли этса, тоғ ост-уст бўлади. Шунга кўра, Оллоҳ амр этдики: «Эй Мусо! Мен сени мумтоз қилдим. Сенга берганимни ол ва муяссар бўлган неъматингга шукр қилганлардан бўл»[19].

Бири: «Қишда ҳам ўша қуёш мавжуд эмасми?» — деб сўради. Мавлоно жавоб берди: Бизнинг бу ердаги мақсадимиз бир мисол бермоқдир. У ерда на туя ва на қўй бор. Ақл уни жаҳд билан англай олмайди, шу билан бирга жаҳд қилишдан воз кечмайди ҳам. Агар воз кечса, ақл ҳисобланмайди. Ақл англаш ва тушуниш қобилиятига молик бўлмаганига қарамай, Тангрини кеча-кундуз англаш ва сингдиришда мушоҳада қилишдан, ғайрат кўрсатишдан музтариб бўлган ва беқарор қолган нарсадир. Ақл — парвона, севгили эса шам кабидир. Парвона ўзини шамга уриши билан ёнади, бироқ ҳақиқий парвона ёнгунча шам зиёсидан айрилмайди. Агар парвонадек бир ҳайвон бўлсаю, у ҳам шам нуридан шикоят этмай, ўзини унга урса, парвона бўлади. Агар парвона ўзини шам зиёсига урса-ю, лекин ёнмаса, демак, бу шам шам эмасдир. Худди шундай, халқ билан қизиқмаган, аксинча, ундан нолиган, унинг учун жонини куйдирмаган инсон инсон эмасдир. У ҳақни англаб. ҳис этса ҳам, у тушуниб, идрок этган Ҳақ — Ҳақ эмас. Инсон ишламоқдан, ғайрат кўрсатмоқдан қочмаган, Оллоҳ улуғлиги атрофида тинимсиз, ҳузурсиз айланган кишидир. Ҳақ эса инсонни ёқади, йўқ қилади ва У ҳеч бир ақлга сиғмайди, ҳеч бир ақл билан англашилмайди.

ФАСЛ. Парвона дедики, Худовандигор менга юзини кўрсатмасдан олдин Мавлоно Баҳоуддин узр сўради ва Мавлоно: «Бизнинг зиёратимизга келмасин ва роҳатсиз бўлмасин. Чунки бизнинг бир қанча ҳолларимиз бордир. Бир ҳолда гаплашамиз, бошқа бир ҳолда сукут сақлаймиз, бир ҳолда одамлар билан қизиқсак, яна бир ҳолда ёлғиз қоламиз, бир ҳолда эса ҳайрат ва истиғроқ ичра яшаймиз. Ҳошо! (Худо сақласин! — тарж.) Амир шундай ҳолларнинг бирида эканимизда келса, биз ундан ҳол-аҳвол сўрай олмаймиз, ҳолимиз имкон бермайди. Шунинг учун дўстлар билан гурунглашишга, уларга фойдамиз тегишга ҳолимиз бўлган пайт ўзимиз бориб, уларни йўқлашимиз яна-да хайрлироқдир, деб қарор берди» — деди.

Мавлоно Баҳоуддинга Амир: «Мавлоно мен билан машғул бўлсин, мен билан гаплашсин, деб эмас, балки(қабулига) мушарраф бўлиб, қуллари ва муридлари қаторидан жой олиш учун келяпман. Чунончи, бир куни Мавлоно машғул эди, менга юзини кўрсатмади. Кечгача мени куттиргандан кейин мени ҳайдади. Мавлоно буни менга мусулмонлар ва яхши одамлар эшигимга келганларида, уларни куттириб, сўнгра тезда изларига қайтарсам, худди ана шундай оғир бир ҳаракат бўлишини билишим учун қилди. Бошқаларга нисбатан бундай қилмаслигим учун унинг аламини торттирди. У мени шу билан тарбия этди», — дея жавоб берди. Бунга жавобан Мавлоно буюрди: Йўқ, сизни куттиргандан кейин ҳайдашимиз, сизга нисбатан бўлган иноятимиздан эди. Ҳикоя қилишардики, Улуғ Оллоҳ «Эй менинг қулим! Сенинг эҳтиёжинг ва тилагингни тездагина адо этардим. Бироқ сенинг ёлборишинг ва ноланг менга ёқди. Мен уларни кўпроқ эшитишим учун истагингни кечроқ бажараман» дея амр этди. Масалан, бир одамнинг уйи эшигига икки фақир келди. Уларнинг бири ёқимли ва хушрўй, иккинчиси эса хунук ва севимсиз эди. Уй эгаси хизматчисига: «Анави хунугига бир бурда нон бер ва у тезда кетсин, севимлисига эса «Ҳали нон пиширмадик. Кутиб туринг, дегин», депти.

Одамлар биз бу дунё уйида бирга эдик дейишлари ва бир-бирлари билан гўзал бир тарзда келишиб, боғланишлари керак. Инсон дўстини тез йўқотади. Чунончи, киши биттаси билан дўст тутинади, дўст унинг кўзига Юсуф бўлиб кўринади. Шунга қарамай, ўзининг бир тубан ҳаракати билан сенинг назарингдан қолади. Юсуф каби бўлган юзи қора бўлади. Эртага яна бир сабаб билан бу зот бошқа кимсага айланса, сен унинг зотини яхши билмаганинг учун уни қандай қилиб танийсан? Хулласи калом, инсонда ўткинчи бўлган яхши ва ёмон сифатлардан ошиб, унинг ўзлигига бормоқ ва уни обдон танимоқ лозим. Одамларнинг бир-бирларига берган васфлари уларнинг аслий васфлари эмас. Шундай ҳикоя айтиб беришганди: Бир одам «Мен фалончини яхши биламан, унинг бутун сифатларини сизга айтиб бераман» деди. Унга «Эшитайликчи!» дедилар. Шунда ул киши «У менинг чўпоним эди, иккита қора ҳўкизи ҳам бўларди» деб жавоб берди. Худди шундай, халқ ҳам «Фалон дўстни кўрдик, уни таниймиз» дейди. Дарҳақиқат, уларнинг одамлар тўғрисида берган таърифлари ҳалиги зотнинг биров ҳақида «Уни танийман, икки қора ҳўкизи бор» дейишга ўхшайди. Ҳолбуки, бу тавсиф кишининг аломати бўлолмайди ва бу аломат ҳеч бир ишга ярамайди. Одамнинг яхши ва ёмонлигини бир четга қўйиб, унинг шахсиятининг аслига эътибор бермоқ керакки, кўрамиз ул зотнинг қандай ўзлиги ва жавҳари бордир. Кўрмоқ ва билмоқ мана шунақа бўлади.

Мен халқнинг «Авлиёлар ва ошиқлар макони бўлмаган, сурати номавжуд, ҳеч бир хусусиятсиз оламга қандай ошиқ бўладилар, ундан ёрдам ва дастак оладилар, унинг таъсири остида қоладилар?» дейишларига ҳайронман. Бировни севиб қолган киши ундан кўмак, севинч ва ташвиш, билим ва тушунча олгани ҳолда, бундан ҳайратланмайдилару «Авлиё ва ошиқлар қандай қилиб олами ло маконга ошиқ бўладилар ва ундан ёрдам кўрадилар?» дея ҳайрон бўладилар.

Бир файласуф бу маънавиятни инкор қиларди. Бир кун у касалга чалинди. Қўл-оёқдан қолди. Ниҳоят, руҳоний бир ҳаким уни йўқлади ва «Нима истайсан?» деб сўради. Файласуф «Соғлиқ», деб жавоб берди. Руҳоний ҳаким эса «Соғлиқнинг шаклини, васфларини қандай эканини тушунтирки, мен топиб келтирай» деди.Файласуф «Унинг хусусияти, шаклу шамойили йўқ», дегач, ҳаким «Модомики, у хусусиятсиз бир нарса экан, қандай қилиб уни талаб қиласан? Яхшиси, сен уни менга тушунтир, нима ўзи соғлиқ?» деб қистади. Касал шундай жавоб берди: «Шуни биламанки, соғлиқ келиши билан қувватга кираман, тўлишаман, рангим ҳам қизариб, ўзим ёш ва нашъали бўламан». Ҳакимнинг «Мен сендан соғлиқнинг ўзини, зотини сўраяпман» деган хитобига бетоб: «Билмайман, у хусусиятсиз» деди. Ҳаким «Агар мусулмон бўлиб, мазҳабингдан қайтсанг, сени даволайман, сенга соғлиқ бахш этаман», деди.

Мустафодан (Оллоҳнинг салом ва салоти бўлсин) «Бу маънолар хусусиятсиз (хоссасиз) бўлишлари билан бирга, суратлари воситасида улардан фойдаланмоқ мумкинми?» дея сўрашганида, ул зот «Мана ер билан осмоннинг сурати. Бу сурат воситасида сен у куллий маънодан фикр ол, фойдалан» деб буюрди.

Фалакнинг айланиши билан коинот узра тасарруфни, булутларнинг роса вақтида ёмғир ёғдиришини ва ёзу қиш замонлари алмашишини кўраяпсан. Буларнинг ҳаммаси бир ҳикмат ва савобга таянади. Жонсиз бўлган булут вақтида ёмғир ёғдиришни қаердан билсин? Ўсимликка қара, бир ўринга ўнни бераётган тупроққа боқ! Буларни бир зот қилаяпти. Сен худди ана шу аслликни кўр. Бу олам воситасида мазкур ишларни бажарганни талаб эт ва ундан ёрдам сўра. Инсон суратидан унинг маъносини қандай англаётган бўлсанг, одам сурати воситаси ёрдамида Унинг маъносидан ҳам хабардор бўл.

Пайғамбар сарҳуш бўлиб, ўзидан кетган пайтларида «Оллоҳ айтди», дерди. Зоҳиран унинг тили шундай сўйлар эди. Аслида у (тил — тарж.) орада йўқ эди, сўзларни Тангрининг ўзи сўйларди. Чунки у (пайғамбар — тарж.) авваллари бундай сўзларни билмас эди. Энди у қачонки, бу сўзларни айтиши билан ўзининг илгариги эмаслигини англар ва буларнинг барчаси Оллоҳнинг тасарруфидан иборат эканлигини биларди.

Мустафо (С.А.В.) ўзининг вужудга келишидан минг йиллар олдин яшаган ва ўлиб кетган инсонлардан, пайғамбарлардан, охир замонгача дунёнинг нима бўлишидан, арш ва курсидан хабар берганди. Унинг борлиғи ўтмишга тегишли эди, муҳаққаққи, бу хабарларни кейин вужудга келган борлиғи бермаётган эди. Кейин пайдо бўлган (ҳодис) нарса эскидан мавжуд бўлгандан (қадимдан) қандай хабар бера олади? Кўринадики, буларни у (пайғамбар — тарж.) сўйламаган, балки Оллоҳ сўйлагандир. Чунки Қуръон «У орзу билан ҳам сўз сўзламайди. Сўзи ваҳийдан бошқа нарса эмас»[20], дея буюрган.

Оллоҳ ҳар қандай сас ва ҳарфдан покиза. Унинг сўзи сас ва ҳарфдан ташқаридадир. Фақат сўзини ўзи истаган ҳар ҳарф, ҳар сас ва ҳар тилдан чиқаради. Масалан, йўллар устида ва карвонсаройларда ҳар бир ҳовуз бошида тошдан одам ёки қуш ясаб қўйганлар. Уларнинг оғзидан сув чиқиб, ҳовузга қуйилади. Ақлли одамларнинг ҳаммаси сувнинг тош одам ёҳуд тош қуш оғзидан чиқмаётганини, балки бошқа ёқдан келаётганини биладилар.

Инсонни танимоқчи бўлсанг, уни гапга сол сўзидан унинг ким эканлигини билиб оласан. Чунончи, биров киссавур бўлсаю унга «Инсоннинг сўзидан билишади» дейишса, у миршаб таниб қолмаслиги учун ҳеч гапирмайди. Қуйидаги ҳикоя ҳам шунга ўхшайди: Кичкина бир бола чўлда онасига «Она, тунда менга шайтондек қўрқинчли шарпа кўриняпти, қўрқяпман», деди. Она боласига «Қўрқма, шарпа кўзингга кўриниши билан унга қараб жасорат билан отилки, бунинг хаёл эканини биласан» деди. Шунда бола «Оҳ онажоним, агар у шарпага ҳам онаси шундай насиҳат қилган бўлса, мен нима қиламан? Агар унга «Гапирма, кўринмайсан!» деган бўлса, мен уни қандай танийман?» деди. Она «Унинг олдида гапирма, ўзингни унга от ва кут, балки оғзидан бирор сўз чиқар. Агар унинг оғзидан ҳеч сўз чиқмаса, истар-истамас сенинг оғзингдан бир сўз чиқади. Ёки сенинг қалбингда бир тушунча ёҳуд сўз пайдо бўлади. Худди ана шу тушунча ёки сўз орқали унинг (шарпанинг — тарж.) аҳволидан хабардор бўласан. Чунки у сенда бир фикр туғилишига сабаб бўлгандир. Сенинг ичингда вужудга келган ўша сўз ва фикр унинг тушунча ва аҳволининг аксидир» деб жавоб берди.

Шайх Муаммад Саррозий (Оллоҳ раҳмат қилсин) муридлари даврасида ўтирганди. Муридлардан бирининг кўнгли калла кабоби тусади. Шайх «Дарҳол бунга калла кабоби келтиринг», деди. Бошқалар «Унинг кабоб истаганини қаердан билдингиз?» деб сўрадилар. Шунда шайх «Ўттиз йиллар мен учун керак бўлган нарса қолмаган. Мен лозим нарсаларнинг барчасидан ўзимни тозалаганман, поклаганман. Ниҳоят, мен ойна каби тоза ва порлоқ бўлдим. Энди эса менинг кўнглим калла кабобини истади ва бу менга тегишли эмас эди, балки фалончи истаги менинг ойнамда акс этарди. Чунки ойнанинг ўзи соф ва шаклсиздир. Унда бирор шакл кўринса, демакки, бу ўзганинг шаклидир», деди.

Бир азиз киши мақсаднинг ҳосил бўлиши учун чилла ўтирди. Унга «Бундай бир юксак орзу чилла билан ҳосил бўлмайди. Ундан чиқ, улуғ бир зотнинг назари сенга тушсин ва шу тарзда орзуингга етишасан» дея ғойибдан бир овоз келди. У «Улуғ зотни қаердан топайин», дейиши билан «Масжиддан» деган сас келди. Азиз киши «Кўп одамлар орасидан уни қандай танийман» дегач, сас «Боравер, у сени танийди. Сени танишининг белгиси — қўлингдаги кўзанинг тушиши ва сенинг ўзингдан кечишингдир. Шу вақтда унинг сенга қараганини тушунасан», деди. Азиз ўшандай қилди. Кўзани тўлдирди ва масжиддаги жамоатга сув тарқата бошлади. У одамларга сув бериб юраркан, илкисдан ўзида бир ҳол пайдо бўлганини билди ва «оҳ» дея йиқилди. Кўза қўлидан тушди. Сарҳуш ҳолда масжиднинг бир бурчагида қолди. Ҳамма кетиб бўлганди. Ўзига келганда, кўрдики, у ерда қолган одам унинг бир ўзи, улуғ зот ҳам йўқ эди. Аммо мақсадига эришганди.

Оллоҳнинг шундай қуллари борки, Тангри уларни қизғангани ва жуда буюк бўлганлари туфайли кўринмайдилар, бироқ улар толибларни (ҳақиқатни излаганларни) мақсадларига етиштирадилар. Худди шундай, буюк подшоҳлар ҳам нодир ва нозик бўладилар.

Биз ундан сўрадикки, сизнинг ёнингизга келишаяптими? У «Бизнинг ёнимиз ҳам, олдимиз ҳам қолмади. Зотан анчадан бери йўқ эди. Агар келишаётган бўлса, ўша инонилган, тасаввур этилган мавҳум борлиққа келишмоқда». Исога (Оллоҳнинг саломи бўлсин) «Сенинг уйингга келаяпмиз» дедилар. У Бизнинг бу дунёда уйимиз қаерда ва қачон уйимиз бўлган?» дея жавоб берди.

ҲИКОЯ. Ривоят қиладиларки, Исо алайҳиссалом қирда кезиб юрарди. Шу пайт шиддатли ёмғир ёға бошлади ва у бир қорақулоқнинг уясига кириб, ёмғирнинг тинишини кутди. Ваҳий келдики, қорақулоқнинг уясидан чиқ, чунки болалари сен туфайли тинчланолмаётир. Исо «Эй Оллоҳим! Қорақулоқнинг бу дунёда жон сақлайдиган жойи бор, меники эса йўқ (Ҳадис). Қорақулоқ болаларининг уяси бўлгани ҳолда, Марям ўғлининг на бошпанаси, на уйи ва на мақоми бор» деб фарёд этди. Худовандигор буюрдики қорақулоқ болалари уйининг мавжудлиги уларни ташқарига суриб ташлашга сабаб бўлолмайди. Сенинг эса бундай бир уйдан кетганинг бор. Уйинг бўлмаса ҳам ундан кетмоқликнинг лутфи ва сенга тегишли шундай мукофотга сазовор бўлмоқ шарафи сени ташқарида қолдирмоқда. Бу эса юз мингларча еру кўкка, дунё ва охиратга, аршу курсига бадалди, балки яна ҳам кўпроқдир, улардан афзалроқдир. Шундай экан нечун қўрқасан?

Буюрдики, амир келди ва биз унга тездагина кўринолмадик. Бундан у хафа бўлмаслиги лозим. Чунки ушбу зиёратдан мақсад — бизнинг нафсимизни юксалтирмоқми ёки ўзининг? Агар нафсимизни юксалтирмоқ   ғарази билан келган бўлса, янада кўпроқ ўтириб, кутмоғи керак. Шу йўсинда бизларни янада азиз тутган бўлади. Агар унинг мақсади савоб қозонмоқ эса, кутгани ва кутиб заҳмат чеккани учун савоби яна ортади. Шунинг учун амир нима ният билан келган бўлса ҳам, мақсади ортиғи билан ҳосил бўлганидан севинмоғи керак.

ФАСЛ. «Бу қалблар бир-бирларини кўрмоқдалар» сўзи ҳар кимнинг дилида мавжуд бўлган бир нарсадир. Мазкур ҳикоя улар учун кашф қилинмаган. Йўқса «Модомики, қалб шоҳидлик бермоқда, сўзга не ҳожат, сўзнинг шоҳидлигига эҳтиёж бормиди?» дейишармиди?

Амир Ноиб «Тўғри, қалб шоҳидлик беради, бироқ кўнгилнинг ўзига хос завқланиши бор, шу билан бирга, қулоқ, кўз ва тилнинг ҳам алоҳида хушланиш хусусияти бор. Шунга кўра, фойдаларидан истифода этмоқ учун уларнинг ҳар бирига эҳтиёж мавжуддир», деди. Мавлоно буюрдики, агар кўнгил истиғроқ (ғарқ бўлиш, толиш — тарж.) ҳолида эса, ҳамма нарса у билан маҳв бўлади ва тилга эҳтиёж қолмайди. Лайли раҳмоний эмас, балки жисмоний ва нафсий эди. Тупроқ ва сувдан майдонга келганди. Фақат унинг ишқида шундай бир истиғроқ мавжуд бўлганидан Мажнунни шу қадар ром этди ва ботирдики, энди Лайлини кўриш учун кўзга, сўзини эшитмоқ учун сасга муҳтож эмасди. Ахир, Лайлини ўзидан айро кўрмас эди-да…

Шеър: (Сенинг хаёлинг менинг кўзимдадир. Исминг тилимда. Зикринг дилимдадир. Шундай экан, қаерга мактуб ёзай?)

Жисмоний бўлган бир кимсада шундай бир қудрат бормики, ўзини бундан ортиқ кўрсин ҳамда кўриш, эшитиш, ҳидлаш, таъм билиш ва ҳоказо барча туйғулари унда ғарқ бўлсин? Лаззатларнинг ҳаммасини бир ерга тўпласин ва тайёр ҳолда кўрсин. Агар айтилган аъзолардан бири қандай завқ олса, қолган аъзоларнинг барчаси шу завқ ва лаззатга ғарқ бўладилар ҳамда ўзга бир лаззат истамаслар. Агар туйғулардан биронтаси бундан бошқа лаззат истаса, демак, бу — ҳалиги ягона аъзонинг тамомила бошқа лаззат олганидан ёхуд ундан мутлақо баҳраманд бўлолмаганидан далолат беради. Ҳар ҳолда, у (туйғу) лззатга арқ бўлмаганидан қолган туйулар бошқа лаззат қидиради ва турли-туманликни хоҳлайди. Ҳар бир туйғу бошқа-бошқа лаззат олмоқчи бўлади. Инсондаги туйғулар маъно нуқтаи назаридан ягона ва жаъм, кўринишидан эса айри-айридир. Бир аъзода истиғроқ ҳосил бўлиши билан бошқа туйғулар ҳам унга ғарқ бўладилар. Масалан, пашша учганда бутун аъзолари — қанотлари, боши билан ҳаракат этади. Аммо асалга ботиб қолганда эса, унинг барча аъзолари — парчалари бирлашади ва ҳаракат этолмай қолади. Истиғроқ шундай ҳолдирки, бу ҳолда бўлган киши шу орада йўқ бўлади ва унинг ҳеч бир ҳаракати, ғайрати, иши ўзидан майдонга келмайди. У бутунлай сувга ботиб, йўқ бўлади. Ундан кўрилган ҳар бир ҳаракат ва иш ўзиники бўлмай, сувга тегишлидир. Агар ҳануз қўл-оёғини у ён бу ён уриб турса, ёҳуд «Вой, ботдим!» дея бақириб-чақирса, бу ҳолга истиғроқ дейилмас. «Мен Ҳақман» (Анал — Ҳақ) дейишни одамлар буюкликни даъво қилиш ҳисоблайдилар. «Мен Ҳақнинг қулиман» деган киши икки борлиқни — ўз ва Тангри борлиғини истиботлаган бўлади. Ҳолбуки, «Мен Ҳақман» деган ўз борлиғини йўқ қилгани учун «Анал Ҳақ» демоқда. Яхни Мен йўқман, барчаси Удир. Тангридан бошқа борлиқ йўқдир. Мен мутлақо йўқликман, ҳечман. Бу сўзда камтарлик кўпроқ эмасми? Аммо халқ бунинг маъносини тушунмаяпти. Агар инсон Оллоҳга фақат Оллоҳ ризоси учун қуллик қилса, унинг қуллиги аёндир. Оллоҳ учун бўлса-да, ўзини, ўз ишини ва Тангрини кўради. Бундай киши сувга ғарқ бўлган бўлолмайди. Сувга ғарқ бўлган зот ҳаракатсиз кишидир, унинг ҳаракати сувнинг ҳаракати ҳисобланади. Мана шундагина у чинакамига сувга ботган бўлади.

Арслон жайронни қувди. Улар иккита борлиқ эди. Аммо арслон ўлжасига етиб, уни панжаларига орасига олганда, жайроннинг ҳуши бошидан учди, борлиғи йўқ бўлди, ўзини йўқотди. Бу онда ёлғиз арслоннинг борлиғи мавжуддир. Жайроннинг борлиғи эса йўқ бўлгандир.

Истиғроқ Улуғ Тангрининг авлиёни ўзидан қўрқитиши ва бу қўрқувнинг Ҳақдан, ишончнинг Ҳақдан, севинч ва хуррамликнинг Ҳақдан, овқат ва уйқунинг Ҳақдан эканлигини унга кашф қилдирмоғидир.

Оллоҳу акбар унга кўзи очиқлигида, бедорлигида махсус бир шакл кўрсатади: бу ё арслон, ё қоплон ва ё олов шаклидир. Тангри буларни унга бу оламдан эмас, балки ғайб оламининг шакллари эканлигини билдириш учун кўрсатади. Худди шундай, ўз суратини ҳам улуғ гўзаллик ичра-боғлар, бўстонлар, наҳрлар, ҳурлар, қўшиқлар, озиқ-овқатлар, шароблар, хилатлар, буроқлар, шаҳарлар, уйлар ва бошқа турли-туман ажойибликлар ҳолида намойиш этади. Авлиё буларни ҳақиқатан ҳам ушбу оламдан эмаслигини билади. Тангри буларни унинг кўзига кўрсатиб, тасаввур эттиради ва шу тарзда қўрқувнинг Оллоҳдан бўлганлиги ҳақиқати ҳосил бўлади. Ишонч Тангридандир. Бутун ором ва мушоҳадалар Ундандир. Худди шунинг учун ҳам авлиёнинг (Оллоҳдан-тарж.) қўрқуви ҳалқнинг қўрқувига ўхшамайди. Чунки буларнинг барчасидан кўринган нарса Оллоҳдир, бироқ буни қайд қилиб бўлмас. Ҳаммасини ўзидан ҳосил бўлганини Тангри унга (авлиёга-тарж.) очиқ-ойдин кўрсатган. Файласуф ҳам бундан хабардор. Бироқ у далил орқали билади. Далил доимий эмас, ундан туғилган гўзалликнинг, завқнинг умри ҳам қисқадир. Сен (файласуфга-тарж.) далил кўрсатгунингча, у ўзини мамнун ва покиза ҳис этади. Далилни намойиш қилганингдан кейин эса, унинг аҳволи ўзгаради, бироз олдинги ҳарорат ва мамнунликдан асар ҳам қолмайди. Масалан, киши далил орқали бир уйнинг қурувчиси бўлганлигини англайди. Яна бир далил билан эса уйни қурган устанинг кўзлари кўр эмас, очиқ бўлганлигини, қувватли бўлиб, ожиз бўлмаганини, йўқ эмас, бор, ўлик эмас, тирик бўлганлигини ва бу уй қурилмасдан аввал (қурувчининг-тарж.) мавжуд эканлигининг шоҳиди бўлади. Бироқ буларни билгани ҳолда, далил давомли бўлмагани учун тездагина ҳаммасини унутади. Лекин орифлар уй қурувчисини таниганлари, унга хизмат қилганлари ва уни айнал-яқин ила кўрганлари учун, биргаликда еб-ичганлари, муносабатда бўлганларидан у (уста) (орифларнинг-тарж.) кўз ўнгиларидан кетмас, тасаввурларидан йўқолмас. Шунинг учун ҳам бундай киши Ҳаққа яқин бўлади. Гуноҳ энди унинг учун гуноҳ ҳисобланмайди, айб айб саналмайди. Чунки у Оллоҳда йўқ бўлмишдир.

Бир подшоҳ қулларига «меҳмон келяпти, қулингизга қадаҳ олинг» дея буюрди ва ўзига энг яқин бўлган қулига ҳам «Бир қадаҳ ол!» амрини берди. Бу эса ул шоҳнинг юзини кўриши билан ўзидан кечди, боши айланди ва қадаҳ қўлидан тушиб, синди. Аҳволни кўрган ўзга қуллар «Демак, шунлай қилса бўлар экан» деб, билганлари ҳолда, қадаҳларни ерга отдилар. Шоҳ «Нега бундай қилдингиз?» дея уларни койиди. Улар «Энг яқинингиз бўлган қул ҳам шундай қилди-ку!» дедилар. Ҳукмдор «Эй аҳмоқлар! Буни мен қилдим, у қилмади», деб жавоб қайтарди. Қилинган бу ҳаракатларнинг ҳаммаси зоҳиран гуноҳ эди. Бироқ ўша биргина қулнинг ҳаракати тоат эди. Бу ҳаракат ҳатто бутун гуноҳлару савоблардан афзалроқ эди. Мақсад — ўша қул, қолган қуллар эса шоҳнинг буйруғи эди. Шунинг учун ҳам барча қуллар шоҳнинг ўша қулининг буйруқлари саналарди. Чунки бу қул шоҳнинг ўзидир, қуллик унда суратдан бошқа нарса эмас ва у подшоҳнинг гўзаллиги билан тўладир.

Улуғ Тангри «Сен бўлмасайдинг, фалакларни яратмасдим» дея амр этади. Яъни фалакларни ўзим учун яратдим. Бошқача айтганда, «Мен Ҳақман!» демакдир.

Улуғларнинг сўзлари агар юз турли бўлса ҳам, модомики, Ҳақ ва йўл танҳодир, демак, сўз ҳам иккита бўлолмайди. Иккита сўз зоҳиран ҳар на қадар бир-бирига мос ва уйғун кўринса-да, маъно нуқтаи назаридан (улар) бирдир. Айрилиқ-кўринишда. Маъно эътибори билан уларнинг ҳаммаси бирлашгандир. Масалан, бир амир чодир тикишни буюрса, (хизматкорларининг) бири ип тайёрлайди, бошқаси мих қоқади, бири бўз тўқиса, яна бири тикади… Бу ҳаракатнинг барчаси кўринишдан турли-туман ва бошқа-бошқа ишлар бўлса ҳам маъно жиҳатидан бирдир. Чунки уларнинг ҳаммаси бир иш қилмоқдалар, демакдир. Дунёга ҳам диққат билан қарасанг, шу ҳолни кўрасан. Ҳамма нарса Тангрига қуллигини бажо келтиради. Оллоҳга қарши чиққан фосиҳу шайтон. Унга итоат қилган солиҳу малак… барчасининг Тангрига қуллик вазифасини адо этаётганликлари кўринади. Масалан, бир подшоҳ ўз қуллари орасидан қайси бири саботли-ю, қай бири саботсиз, қайси вафодору қай бири вафосиз, сўзида турган киму турмаган ким эканлигини билиш учун турли воситалар билан уларни синамоқчи бўлди. Бунинг учун, яъни сабрлини сабрсиздан фарқламоқ учун васвасали ва ҳаяжонли кимсага эҳтиёж бордир. Агар (булар) бўлмаса, унинг сабри қандай билинади? Тангри саботлидан саботсизни айирмоқ учун бир шамол юборди. Бу билан пашшани боғдан, дарахтлардан узоқлаштирмоқ истади. Шу тарзда пашша кетиб, собит бўлганлар қолди.

Бир малик одамларидан қайси бири хоину, қай бири содиқ эканини синаб билмоқ учун жориясига «Ўзингга оро бер ва қулларимнинг олдига бор!» дея буюрди. Кўринишдан жориянинг бу ҳаракати гуноҳга ўхшаса ҳам аслида бундай эмас, чунки у шоҳнинг буйруғини адо этаяпти, холос.

Тангрининг бу кишилари Тангрига қулликнинг (яхши) ёки ёмон даражада бажараётганликларини, Оллоҳнинг тоати билан машғулликларини далилсиз, ҳатто пардасиз ҳолда кўрдилар. Бу хусусда Қуръонда «Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот Оллоҳни, поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат У ҳалийм ва мағфиратли бўлган зотдир»[21], дея амр этилган. Шунинг учун уларга бу дунё қиёмат ҳисобланади. Чунки қиёматнинг маъноси ҳар кимнинг Тангрига қулликни адо этиши ва (ёҳуд)ўзга иш билан машғул бўлишидан иборатдир. Улар бу маънони «Парда кўтарилса-да, билимим ортмас» сўзида бўлгани каби шу оламда кўрмоқдалар.

«Олим» калимасининг маъноси луғатда орифдан устун ва маъноли демакдир. Чунки Тангрига Олим дейилади. Бироқ ориф демоқ жоиз эмас, Ориф деганда олдин билмай, кейин ўрганган деган маъно тушунилади ва шунинг учун бу Оллоҳга нисбатан айтилмаслиги керак. Шунга қарамай, урф-одат нуқтаи назаридан (сўзнинг) ишлатилишига кўра маъноси кўпдир. Чунки ориф урф-одат бўйича оламни далилсиз ҳолда кўзи билан кўрган ва кузатгандир. Олимнинг (эса) юз зоҳиддан афзал эканини гапиришади. Чунки зоҳид илм билан зоҳид бўлган. Илмсиз зуҳд бўлмайди.

Зуҳд нимадир? Дунёдан юз ўгирмоқ, тоат ва охиратга таважжуҳ (юзланиш-тарж.) этмоқдир. Бунинг учун инсон дунёни, унинг чиркинлигини, вафосизлигини вва охират гўзаллигини, унинг доимий ва боқий эканлигини билиши керак. Чунончи, «Нима қилай, қандай тоат билан машғул бўлай?» дея жаҳд этиш ҳам бошдан оёқ илмдир. Шундай экан, илмсиз зуҳд бўлмайди. Шу эътибор-ла, зоҳид ҳам олим, ҳам зоҳиддир. Ва «Бир олим юз зоҳиддан афзалдир» фикри айни ҳақиқатдир.

Бу илм ва зуҳддан бошқа яна бир илм бордирки, Тангрининг зотига тегишлидир. Мазкур иккинчи илм зуҳд ва илмнинг самарасидир. Бунга соҳиб бўлган олим юз зоҳиддан эмас, балки юз минг зоҳиддан ҳам устундир. Оллоҳ буни истаганига (бандасига-тарж.) беради.Бу шунга ўхшайди. Масалан, бир одам битта кўчат ўтқазди ва у катта бўлиб мева берди. Шу мевали ёлғиз дарахт мева бермаган юзта дарахтдан яхшироқдир. Яна бир мисол: Каъбага етган бир ҳожи Каъба сари отланган, бироқ ҳали етиб келмаган ва йўлларда ҳаракатланаётган, Каъбага муяссар бўлишлари гумон бўлган ҳожилардан афзалроқдир. Чунки Каъба жамолига мушарраф бўлишлик ҳақиқатан ҳам ўша биргина ҳожига насиб этмиш. Бор ҳақиқат юз дона шубҳадан аълодир.

Амин-и Ноиб «Эришмаганнинг ҳам умиди бор» деди. Мавлоно буюрдики, умидли билан эришган ўртасида қўрқуви ишонч ва орасидаги қадар фарқ мавжуд. Бу тафовутни сўйлашга нима ҳожат бор? Уни ҳамма билади. Баҳс мавзуси бўлган нарса ишончдир. Ишончдан ишончга ҳам фарқ бор. Чунончи, Муҳаммаднинг (Оллоҳнинг салом ва салоти бўлсин) ўзга набилардан устунлиги ишонч билан боғлиқдир. Чунки барча пайғамбарлар ишончда собит, қўрқувдан эса озод эдилар. Бироқ Қуръонда «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми? (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти — дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун айримларини айримларидан баланд даража — мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати — пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё) ларидан яхшироқдир»[22], дея амр қилинганидек, ишончда ҳам бир қанча даражалар бор. Аммо қурқув ва унинг даражалари тўғрисида бир аломат кўрсатиш мумкину ишонч даражаларининг аломати йўқдир. Одамлар Оллоҳ йўлида нимани фидо қилмоқдалар, дея қўрқув оламига назар солинса, ким жонини, ким молини, ким жисмини бағишлагани, бировнинг рўза тутгани ва яна бошқасининг тутмагани маълум бўлади. Кимдир ўн ракат, кимдир юз ракат намоз ўқийди. Шунга кўра, буларнинг манзилларини тасаввур қилиш мумкин. Уларни кўрсатса ҳам бўлади. Бу гўё Кўнёдан Қайсаригача бўлган масофада Каймаз, Ўбрўк ва Султон каби манзилларнинг маълум бўлишига ўхшайди. Бироқ Анталядан Искандариягача бўлган узунликдаги денгиз йўлида эса манзиллар аломати йўқдир. Буни фақат кема дарғалари биладилар, аммо қора халққа ҳеч нарса айтмайдилар. Айтган билан улар тушунмайдилар.

Амир «Бундай айтишнинг ҳам муайян фойдаси бордир. Улар озгинасини билсалар ҳам англайдилар ва тахмин этадилар» деди. Мавлоно буюрдики, Фараз қилайликки, бир одам кундуз бўлишини кутиб, кечаси мижжа қоқмади. Кундузга қандай борилишини билмаса ҳам, у барибир ниятига етишади. Ёҳуд кечаси карвоннинг орқасига қўшилган киши қаердан ўтганини, қаерга борганини ва қандай йўл босганини билмаса ҳам, тонг отиши билан ушбу ҳаракатнинг самарасини кўради. Чунки у муайян манзилга келган бўлади. Ниҳоят, кимда ким Оллоҳ учун икки кўзини беркитса, унинг чеккан заҳмати беҳуда кетмагай ва «Бас, ким (ҳаёти — дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат, кунида ўшани кўрур»)[23]. Фақат инсоннинг ичи қоронғу ва пардали бўлгани учун қанча илгарилаганини ҳозир кўролмаса ҳам охирида мутлақо англайди. «Дунё охиратнинг даласидир» (Ҳадис), дея буюрилганидай, инсон бу ерда (дунёда — тарж.) нима экса, у ерда (охиратда — тарж.) ўшани ўради.

Исо алайҳиссалом кўп куларди, Яҳё алайҳиссалом эса кўп йиғларди. Яҳё Исога «Сен Тангрининг нозик ҳийлаларидан узоқ бўлганинг учун кулаяпсанми?» деди. Бунга жавобан Исо «Сен (эса) Тангрининг инжа, латиф ва ажойиб лутфларидан хабаринг бўлмагани учун йиғлаяпсанми?» деди. Ҳодисадан воқиф бир авлиё Оллоҳдан «Булардан қай бирининг мақоми юксакроқдир?» деб сўрагач, «Менга нисбатан яхши ниятда бўлгани афзалроқдир» (Қудсий ҳадис) жавобини олди.»Мен қулим хаёл қилган жойдаман» (Қудсий ҳадис), яъни мен бандамнинг тахмини бор ердаман. Ҳар бир қулимнинг ичида менинг бир хаёлим ва суратим бордир. У мени қандай таҳайюл этса, мен ўша хаёлдаман. Эй менинг қулларим! Хаёлларингизни поклангизки, у ер менинг мақомим ва еримдир, демакдир. Мен Тангри бор бўлган шу хаёлнинг бандасиман. Ҳақ мавжуд бўлмаган ҳақиқатдан сиқиламан.

Энди сен ўзингни сина, кулмоқ ва йиғламоқ, рўза ва намоз, ёлғизлик ва биргалик… ҳамда бунга ўхшаш нарсаларнинг қай бири сенга фойдали? Қайси йўлдан борсанг, аҳволинг тезроқ яхшиланади? Ўйлаб кўр ва сенинг илгарилашингни қайси иш таъмин этса, сен ўшани қил. Муфтилар ҳар қанча фатво берсалар ҳам сен олимнинг фатвосига қулоқ ос. Сенинг ичингда бир маъно бор. Сен уни кўрсатгинки, уйғун бўлганини танлаб олсин. Масалан, хастанинг олдига келган ҳаким ишни, аввало, касалнинг ич ҳакимидан сўрашдан бошлайди. Сенинг ичиндаги ич ҳаким мизожингдир. У нарсани ё қабул этади ёки йўқ. Шунинг учун ҳам, ташқаридан келган ҳаким ундан «Фалон нарсани еганда, ўзингни қандай ҳис қилдинг?» каби сўроққа жавоб олади. Ва шунга кўра ташҳис қўяди. Бунга асос бўлган нарса ўша ич кийим — инсон мижозидир. Мабодо, бу ҳакимнинг фаолияти бузилса, шакарни аччиқ, сиркани ширин, дейди. Шунинг учун бетоб ўз мижозига (ич ҳакимига) ёрдам бериш ва уни аввалги ҳолатига келтириш учун чет ҳакимга муҳтож бўлади. Кейинроқ эса у яна ўзини ўз ҳакимига кўрсатади ва ундан йўл-йўриқ олади. Худди шундай, инсоннинг ҳам муаян маънавий бир мижози мавжуддирки, агар у заифлашса, ички туйғуларнинг айтган ва кўрган нарсалари аксинча бўлади. Авлиёлар мана шу мижознинг яхшиланиши ва қувват олиши учун ёрдам қилган ҳакимлардир. Чунки ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом ҳам «Нарсаларни менга бўлгани каби кўрсат» (Ҳадис), дея Тангрига ёлборганди.

(Давоми бор) 

Hazrat-Rumi-Balkhi-Mevlana-Jalaluddin-Mohammad-Balkhi-Rumi.jpgUlug‘bek HAMDAM
MOHIYAT KASHSHOFI

009

shams-rumi_opt.jpg Bu asar insonni fikrlashga, fikrlash orqali o‘zligini, o‘zligi orqali Haqni — Yaratganni tushunishga undaydi. Shuning uchun ham «Ichindagi ichindadur»ga bir marta oshno bo‘lgan ko‘zi ochiq insonki bor, umrbod undan ayrilmasam, deydi. Chunki asar, avvalo, o‘sha inson haqida — siz haqingizda, men haqimda, umuman, hammamiz haqimizda. Bizning o‘zligimizni bilishimiz haqida. Axir olamda bundan qiziqarliroq, bundan muhimroq yana nima bor? Mashoyixlar «O‘zini bilgan avliyo bo‘ladi» deya bejiz aytishmagan. Hazratning o‘zi shunday deydi: «Rivoyat qiladilarki, bir podshoh o‘g‘lini hunarmandlar to‘piga qo‘shib qo‘yibdi. Ular bolaga turli bilimlardan, jumladan, ilmu nujumdan dars berishibdi. Shoh o‘g‘li butunlay ahmoq bo‘lgani holda o‘ziga o‘rgatilgan narsalarni puxta egallab olibdi. Kunlardan bir kun podshoh uni imtihon qilmoq uchun hovuchiga uzugini berkitib, o‘g‘liga «Bunda ne bor?» debdi. Bola «Qo‘lingdagi dumaloq, sariq va ichi bo‘sh narsadir» degach, hukmdor hayratda qolib «Alomatlarini to‘g‘ri aytding, ismini ayt» deb buyuribdi. O‘g‘il «G‘alvir bo‘lsa kerak» deb javob beradi. Podshoh «Olgan tahsiling sharofati bilan meni hayron etib alomat — belgilarni aniq ayting-u, ammo g‘alvirning hovuchga sig‘masligiga qanday qilib farosating yetmadi?» dedi afsus chekib.

Xuddi shunday, — deb davom etadi Rumiy hazratlari — zamonamiz olimlari ham qilni qirq yoradilar, o‘zlariga bog‘liq bo‘lmagan narsalarni juda yaxshi biladilar, ammo o‘ta muhim, o‘zlari uchun qolgan barcha narsalardan yanada yaqin bo‘lganni, ya’ni o‘zlarini bilmaydilar. Hamma narsadan yaqin bo‘lgan borliq bu — ularning menligi». Mavlono Rumiy insonni, avvalo, ko‘zini ochishga va ochilgan ko‘zlar bilan o‘z mohiyatiga nazar tashlashga undaydiki, bu bilan ul valiy zot insonning o‘zi bir butun olam — kichik olam ekanligini uqtiradi.

«Ichindagi ichindadur» asari ulug‘vorlik va soddalikning bir makonu bir zamonda sig‘ishib yashashining go‘zal namunasidir. Albatta, komil inson — avliyolik asrori haqida ko‘plab olimu fuzalolarning xilma-xil asarlari mavjud. Lekin ularning ayrimlarini mutolaa qilarkanmiz, o‘zimizni xuddi ertak o‘qiyotgan boladek sezamiz. Chunki ularda tasvirlangan avliyo yoki komil inson go‘yo osmonda uchib yurgan erkin qushchayu, sizu biz zindonda — temir panjaradan uni umidsizligini kuzatib yotgan maxbus. Qushning ozodligidan, charx urib aylanishidan, baxtidan maxbusga ne naf? Qaytaga u ana shunday hur parvozi bilan bu bechoraning o‘z holiga ko‘nikib ketishiga to‘sqinlik qilib, iztirobini orttiradi, xolos. Rumiyda esa unday emas. Rumiy shohu gadoga ham, olimu avomga ham birdek xitob qiladi. Va har kimning qarshisiga o‘z hikmatlaridan bir ko‘prik tashlab, boshqalar nima desa deyaversin, lekin sening ham bu yo‘ldan o‘tishga haqqing bor, ki sen ham undan o‘tishga munosib va qodirsan, faqat g‘ayrat qil-da, kel!» deydi go‘yo. Boshqacha aytsak, Jaloliddin Rumiyning «Ichindagi ichindadur» asari insonlik va ilohiylik o‘rtasiga qo‘yilgan mustahkam ko‘prikdir.

Ha, asar mutolaasi inson ko‘nglida mudrab yotgan umidning qayta uyg‘onishiyu qad rostlashiga ko‘mak beradi, o‘zining mavjudiyati va haqiqatiga ishonch hosil qiladi. Bu juda muhim. Chunki Ishonch — inson faoliyatining doimiy tashabbuskori, tinimsiz harakatlarining rag‘batlantiruvchisi bo‘lishi bilan birga odamzotni muallaq holdan, yolg‘izlik va uning azobidan qo‘ruvchi hamdir. G‘arbning ma’lum falsafiy oqimining asosida inson — tashlandiq, ya’ni u bu dunyoga tashlab ketilgan va binobarin, uning o‘zidan o‘zga yordamchisi ham, xaloskori ham yo‘q, degan qarash mavjud. Hayot buning kabi yuzlab, minglab «nazariyalar» uchun asos beraveradi. Hatto aytish mumkinki, dahriy uchun ham, dindor uchun ham bu dunyoda oqlov-sabablar to‘lib- toshib yotibdi. Ehtimol, odamzotning o‘zidan o‘zga tayanchi yo‘q, degan dahriyona qarash G‘arb dunyosining moddiy-texnikaviy jihatdan ilgarilab ketishiga sabab bo‘lgan o‘nlab, yuzlab omillardan biridir. Shveysar psixiatri Karl Gustav Yung esa Sharq insonining ruhiy jihatdan baquvvatligiga havas bilan qaraydiki, Rumiyda ayni shu narsaning mohiyati bilan chuqur tanishish imkoni bor. Rumiyni bir millat, bir jamiyat yoki bir zamongagina taalluqli qilmay, uni hamma uchun va hamma zamonlar uchun qadrli aylagan asos ham shunda — hazratning sifat va alomatlarga emas, balki mohiyatga — insonning o‘zagiga e’tibor berganligi bilan izohlansa, ajabmas. Chunki zohir — tashqi ko‘rinishga qaralganda insonlar har xil, ularning mohiyati ildizi, tabiati, ehtiyojlari, borar joyi… esa mushtarak. Shunga ko‘ra inson qaysi millat, qaysi jamiyat, qaysi guruh va qaysi zamonga aloqadorligidan qat’i nazar, o‘ziga tegishli mavzular teran va asosli tarzda talqin qilinganidan Rumiy asarlari atrofida go‘yo bir oilaning farzandlariday to‘planishadi. Buning uchun kishida ma’lum bir tayyorgarlik, yuqori ruhiy-ma’naviy daraja zarur, albatta. Ya’ni Rumiyni tushunish uchun u yongan gulxanning hech qursa bir uchquni o‘quvchining ko‘ngliga tushgan bo‘lishi juda ham muhim. Shunda u mohiyat asroridan voqif bo‘la borarkan, o‘zini Inson o‘laroq his etadi! Dunyoga kelishdan muddao «yo‘lini qilib kun kechirish — yeb, ichib, nasl qoldirib o‘tish» kabi biologik ehtiyojlarni qondirib yashashdangina iborat bo‘lmay, aksincha, bular vositayu, maqsad — ruhoniy, demakki, insoniy ekanligini qalban anglaydi.

Mohiyatdan so‘z ochib Mavlono Rumiy quyidagi savol-javobni keltiradi:

Dediki: «Onangni nechun o‘ldirding?»
Dedi: «Unga yarashmagan bir ishni ko‘rdim».
Dediki: «Ammo onangni emas, yetti yot begonani o‘ldirsang bo‘lmasmidi?»
Dedi: «Har kuni bittadan o‘ldirayinmi?»

Hazrat bu o‘rinda inson gumrohligining tub sababi — nafs haqida so‘z yurita turib, demoqchi bo‘ladi: sen hadeb qilmishlaringning oqibatini daf etishga, ularni u yoki bu shaklda xaspo‘shlashga behuda urinaverma, balki mohiyatga teran ko‘z-la nazar sol-da, asos bo‘lgan nafsingni (onani) jilovla, toki u tufayli har kuni har kim bilan yoqalashishga o‘rin qolmasin!

Hazrat o‘gitlaridagi yana bir jihatga alohida to‘xtalib o‘tmoq joiz. Bu ham bo‘lsa – ruh va jism o‘rtasidagi muvozanat masalasi. Bizdan ko‘pchiligimiz shundaymizki, ruh haqida gapirilsa (garchi bu borada insonga kam ilm berilgan esa-da) darhol ruhparast bo‘lishga tirishamiz, qolgan vaqtlarda esa o‘z-o‘zidan jism bandalariga aylanib qolganimizni o‘zimiz ham sezmaymiz. Asli haqiqat nimadan iborat? Yana ham to‘g‘rirog‘i, qanday holda biz haqiqatga eng ko‘p yaqin borgan bo‘lamiz? Agar savolni shunday qo‘yish mumkin bo‘lsa, javobni yana Rumiy hazratlaridan eshitamiz: «Agar danakni chaqib, mag‘izini eksang, unmaydi. Agar qobig‘i bilan birga tuproqqa qadasang-chi, unish hodisasi yuz beradi». Danak mag‘izini ruhu, qobig‘ini jism deb olinsa, demak, inson bolasi biron maqsadga yetishmak uchun har ikki asosga suyanishi zarur. Aks holda maqsad hosil bo‘lmas. Modomiki shunday ekan, odamzod yashash va kelajakka intilish asnosida har qanday bir tomonlamalikdan, goh u yon, goh bu yonga og‘ib ketishlardan tiyilib, ana o‘sha oltin o‘rtalik boshini tutmog‘i zarur keladi.

Axir payg‘ambarimizning hech qachon o‘lmaydigandek bu dunyo uchun, ertaga o‘ladigandek oxirat uchun yasha degan o‘gitlari ham mohiyatan yuqoridagilarga hamohang jaranglamaydimi! Axir ochiq ko‘z bilan hayotni kuzatuvchi hassos qalb va aql egalari ham ayni haqiqatga bot-bot duch keladilar-ku!..

Mana shuning uchun ham qariyb 700 yil avval yaratilgan bo‘lishiga qaramay, Rumiy asarlaridan hayot nafasi esadi deging kelaveradi. Zero, hazratning o‘zlari tafakkurning har qanday mahdudligini yorib o‘tishga qaratilgan keskir so‘zlar «insonning botini – hurriyat olami» ekanligini anglashga da’vat etadi va shunga undayveradi.

JALOLIDDIN RUMIY
ICHINDAGI ICHINDADUR (1)

Ulug‘bek Hamdam tarjimasi
009

Bismillahir-rohmanir rohiym.
Ey Parvardigor, xayrli nihoyasiga yetkazgin.

3.gif Payg‘ambar Sallallohu alayhi Vasallam buyuradiki: Olimlarning yomoni amirlarni ziyorat qilgani, amirlarning yaxshisi olimlarni ziyorat etganidir. Faqirning eshigiga kelgan amir naqadar xush va amirning eshigiga borgan faqir naqadar noxushdir.

Xalq bu hadisning zohiriy ma’nosinigina qabul qilgan, ya’ni bir olim yomon (olim) bo‘lmaslik uchun amirni yo‘qlamasligi lozim, amirni borib ko‘rish unga munosib emas, deb bilgan. Aslida fikrning haqiqiy ma’nosi xalq o‘ylaganday emas, balki shunday: Olimlarning yomoni amirdan yordam olgani va ular vositasida o‘z ahvolini yaxshilagani, kuchga kirganidir. Amirlar menga in’om beradilar, meni izzat-ikrom qiladilar va bir yaxshi joy ehson etadilar, degan tushuncha bilan va ularning qo‘rquvi ostida o‘qigan kimsa olimlarning eng yomonidir. Shu holida bu kimsa amirlar tarafidan isloh bo‘lgan, bilimsizliklardan biladigan ahvolga kelgan hisoblanadi. Olim bo‘lganda ham amirlar qo‘rquvidan va ularga yomonlik qilmaslikdan tarbiya ko‘rgan bir insonga aylangandir. Endi u istasa-istamasa, hamma vaqt bu yo‘lga uyg‘un tarzda harakat etmog‘i kerak bo‘ladi. Xullas, bu vajdan zohiran xoh u amirni ko‘rgani borsin, xoh amir uning huzuriga kelsin, baribir, u ziyorat qilgan, amir esa ziyorat qilingan bo‘ladi.

Olim agar amirlar soyasida olim bo‘lishni o‘ylamasa, uning bilimi ibtido va intihoda Olloh uchun qilingan bo‘ladi. Uning tutgan yo‘li va ko‘rsatgan faoliyati savoblidir. Chunki yaratilishi shundaydir, baliq suvdan boshqa yerda yashay olmaganidek u ham bundan o‘zgasini qilolmaydi. Uning qo‘lidan kelgani shu. Bunday bir olim harakatlarini boshqarib yo‘lga solib turgan narsa aqldir. Hamma undan qo‘rqadi va insonlar ba’zan bilib, ba’zan bilmasdan u taratgan nurdan bahra oladilar. Xullas, bunday bir olim amir huzuriga borsa, zohiran u ziyorat qilgan, amir esa ziyorat qilingan bo‘ladi. Ammo amir olimdan hamma vaqt yuksalishga chorlovchi bir quvvat-yordam oladi, olimning esa amirga ehtiyoji yo‘q, chunki u badavlatdir, nur-sochayotgan quyosh kabidir. Ishi ta’masiz ko‘mak bermoq, ehson etmoqdir. U toshlardan la’l va yoqut qila oladi. Tarkibi tuproqdan iborat bo‘lgan tog‘lardan mis, oltin, kumush va temir ma’danlar yasaydi. Tuproqni tozalaydi, yoshartiradi. Daraxtlarni turli-tuman mevalar bilan boyitadi. Ish — ermagi bag‘ishlamoqdir, hadya qilmoqdir.

Arabning «Biz bermoqni o‘rgandik, olmoqni o‘rganolmadik» maqolidagi singari olim ham beradi-yu, birovdan olmaydi. Nihoyat, bunday olimlar haqiqatda ziyorat etilgan, amirlar esa ziyorat etgan bo‘ladilar Aytilganlarga uncha uyg‘un bo‘lmasa ham xayolimga ushbu oyatni tafsir etmoq fikri keldi. Modomiki, xayolimga shunday fikr kelgan ekan, gapiray-da undan qutulay. Ulug‘ Tangri: «Ey Payg‘ambar, qo‘l ostingizdagi asirlarga aytingki: Ollohu Akbar ko‘nglingizda xayr (yaxshi niyatlar) borligini bilsa, sizdan olinganidan ham ko‘prog‘ini sizga beradi. Sizni yorlaqaydi, Olloh yorlaqaguvchi va kechirguvchidir», — deya buyuradi. Ushbu oyatning nozil bo‘lishi sababi shudir: Mustafo (Olloh marhamat qilsin) kofirlarni qirib o‘ldirgan, mollarini g‘animat (qilich haqi o‘laroq dushmandan olingan mol, pul, asir va h.k. — tarj.) sifatida olgan, bir qanchalarini esa asir qilib qo‘l oyoqlarini bog‘lagandi. Amakisi Abbos (Xudo undan rozi bo‘lsin) ham bularning biri edi. Asirlar bog‘langan, ojiz va tushkun holda yig‘lab siqtashar, butun umidlarini porakanda etuvchi qilich va o‘limni kutishardi. Mustafo ularga qarab kuldi. Bunga javoban: «Ana ko‘rdingmi, unda insonlik (ojizlik-tarj.) bor, menda ojizlik yo‘q, deya so‘zida turib olishi to‘g‘ri emasdi. U bizlarga qaramoqda va bizni arqonlar ichida o‘z asiri sifatida ko‘rish bilan go‘yo nafslariga yengilgan insonlarning o‘z dushmanlari ustidan g‘alaba qozonib, ularni mahv bo‘lganlarini ko‘rarak xursand bo‘lgani va xursandchilikdan o‘ynaganlari kabi u ham sevinmoqda, mamnun bo‘lmoqda, dedilar.

Mustafo (Olloh marhamat qilsin) ularning ko‘ngillaridan kechgan bu o‘yni tushundi va buyurdi: «Xudo saqlasin! Men buning uchun kulmayapman. Balki sir ko‘zi bilan bir qavmni jahannamdan, olov yonib turgan qip-qizil o‘choqdan va kin bilan qoraygan mo‘ridan arqonu zanjirlar bilan torta-torta zo‘rlab jannatga, o‘lim yo‘q bir gul bog‘iga olib ketayotganim holda, ularning: «Bizni bu tahlikali joydan u ishonchli gul bog‘iga nega sudrayapsan?» deya baqirib badduo etganlarini ko‘rganimdan kulyapman. Shu bilan birga, siz hozir bunday bir qarashga (nuqtai nazarga) ega bo‘lmaganingiz tufayli aytganlarimni anglamaysiz va aniq-tiniq ko‘rolmaysiz».

Ulug‘ Olloh buyuradi: Asirlarga bildiringki: Siz avval askar to‘pladingiz, o‘z mardligingizu pahlavonligingizga, quvvat va qudratingizga tamoman ishondingiz, o‘z-o‘zingizga: «Biz unday qilaylik, musulmonlarni bunday qiraylik, shunday yo‘q etaylik» dedingiz. O‘zingizdan qudratli bir qudrat sohibi mavjudligini esa ko‘rolmadingiz. Maqsadni ko‘zlab qancha ishladingiz, qancha tadbir oldingiz, ammo hammasi aksincha bo‘ldi. Endi ham qo‘rquv ichida qolganingiz holda tavba qilmayapsiz. Sizda umid yo‘q va tepangizda bir qudrat sohibi mavjudligini ko‘rmayapsiz. Kuch-qudratli va shavkatli bo‘lganingiz vaqtlar meni ko‘rishingiz lozim. Menga taslim bo‘lganingizni bilingizki, ishlaringiz qulaylashsin. Qo‘rqqan paytingizda mendan umidingizni uzmang. Sizni qo‘rquvdan qutqarmoqqa va xavfsizligingiz to‘la ishonch bilan ta’minlanganini sizga bildirmoqqa qudratim yetadi. «Olloh kechani kunduzga kiritur va kunduzni kechaga kiritur»[1]. («O‘limni tirikdan va tirikni o‘likdan chiqaradi») oyati karimada buyurilganidek, oq sigirdan qora sigirni vujudga keltirgan, qora sigirdan ham oq sigirni paydo qiladi. Buning uchun asir bo‘lgan shu holingizda mening hozir va nozir bo‘lganimdan umidingizni uzmangki, men ham sizning qo‘lingizdan tutay. Chunki «Ollohning rahmatidan faqat kofir qavmgina noumid bo‘lur»[2] deya buyurilgandir. Ulug‘ Olloh buyuradiki: Ey asirlar! Agar birinchi diningizdan qaytar, qo‘rquv va xavotir ichida qolgan vaqtingizda meni ko‘rar va barcha hollarda menga taslim bo‘lganingizni qabul etar bo‘lsangiz, men sizni bu qo‘rquvdan qutqaraman: talanganu ziyon ko‘rgan mollaringizning hammasini, balki ortig‘i bilan va yana-da yaxshilaridan sizga qaytarib beraman. Sizni yorlaqayman. Oxirat saodatiga, dunyo saodatiga yaqinlashtiraman.

Abbos: «Tavba qildim, tutgan eski yo‘limdan qaytdim» dedi.
Mustafo (Ollohning rahmat va barakoti bo‘lsin):
«Xudo bu aytgan gaping uchun dalil ko‘rsatmog‘ingni istaydi» dedi.

Bayt: Ishq davosida bo‘lmoq qulay, faqat buning dalili va shohidi bordir.

Abbos: «Bismilloh, qanday dalil istaysan?»
Payg‘ambar: «Qo‘lingda qolgan mollarni quvvatlanishlari uchun islom askarlariga tarqat. Agar musulmon bo‘lgan esang, islom va musulmonlikning yaxshiligini istamog‘ing lozim» — deb buyurishi bilan u «ey Rasululloh, mening nimam qoldi o‘zi? Hammasini talon-taroj qildilar, menga eski bir bo‘yra ham qoldirmadilar» — dedi. Bunga javoban Payg‘ambar (Olloh saloti bo‘lsin): «Ko‘rdingmi, tuzalmading, qanday bo‘lsang, o‘shandaysan, o‘zgarmading. Men senga qancha moling borligini va uni qayerda saqlayotganingni, kimga berganingni, qayerga ko‘mib berkitganingni aytayinmi?» deb buyurishi bilan Abbos: «Xudo saqlasin!» dedi. Payg‘ambar: «Molingdan shunchasini onangga bermadingmi? Shunchasini falon devorning tagiga ko‘mmadingmi? Va unga (onangga): Agar qaytsam menga topshirasan, qaytmasam bunchasini falon ish uchun sarflaysan, bunchasini falonchiga berasan, bunchasi esa seniki bo‘ladi» — deya batafsil vasiyat qilmaganmiding?» — deya buyurdi. Abbos bularni eshitishi bilan shahodat barmog‘ini ko‘tardi va sadoqat bilan iymon keltirdi-da, «Ey Payg‘ambar! Haqiqatan men seni ham eski maliklar Xoman, Shaddod va Namrudlar kabi faqat dunyoviy bir davlatning sohibi deb bilardim. Bularni buyurgan vaqtingda mazkur davlatni gizli, ilohiy va rabboniy bir davlat ekanligi anglashildi» — dedi.

Mustafo (Ollohning rahmati va barakoti bo‘lsin): «To‘g‘ri gapirding: Bu safar ichingdagi shubha zunnorlarining uzilganini his qildim, sasi qulog‘imga keldi. Mening ruhim ichkarisida gizli bir qulog‘im bor. Kimki shubha, shirk va inkor zunnorini parchalasa, men shu gizli qulog‘im bilan u sasni eshitaman, chunki uzulganda chaqqan sas mening ruh qulog‘imga yetadi. Endi sen haqiqatan ham to‘g‘ri bo‘lding va iymon keltirding» — deb buyurdi.

Mavlono buning tafsirida shunday dedi: Men buni Amir parvonaga (uning o‘zi uchun) aytdim: «Sen avval, musulmonlikning boshi bo‘lding va «Islomning abadiyligi va musulmonlarning ko‘payishi uchun fikrimni, tadbirimni, hatto o‘zimni fido qilayin» deding. O‘z fikringga ishonib, Xudoni ko‘rmay qolganing va barcha narsani Olloh Taolodan bilmaganing uchun, Tangri sening butun sa’y-harakatlaringni islomning kuchsizlanishiga sabab qildi. Sen tatar bilan birlashding. Holbuki, shu tarzda Shomliklar va Misrliklarni yo‘q qilmoq va islom viloyatlarini qirib tugatmoq ishiga yordam bergan bo‘lib chiqyapsan. Natijada islomning manguligiga sabab bo‘lgan narsa ushbu vaziyatda uning zaiflanishiga omil bo‘lmoqda. Shuning uchun bunday ahvolda yuzingni Aziz va Jalil bo‘lgan Ollohga o‘gir. O‘zingni yomon vaziyatdan qutqarmoq niyatida sadaqa ber. Undan (Ollohdan) umidingni uzma, Olloh seni unday bir toatdan bunday bir isyonga tushirib qo‘yibdi. Sen esa bu toatni «o‘zimdan» deb o‘ylading va shuning uchun ham gunokor bo‘lding. Endi bu gunohkorliging bilan ham umidingni uzma, yolbor. U sening toatingdan isyon yaratgani kabi isyoningdan ham toat yaratmoqqa qodirdir. Bu sabab senga nadomatlik hissini tuydiradi, ya’ni musulmonlarning ko‘payishi uchun g‘ayrat ko‘rsatmog‘ingni ta’minlaydi va islomning quvvati bo‘la olishing uchun sabablar yaratadi. Umidingni uzma, chunki kofir bo‘lganlardan boshqa hech kim Olloh rahmatidan umid uzmaydi.

Maqsadim uning (parvonaning — tarj.) buni tushunishi, mushkul ahvolida sadaqa berib, Xudoga yolborishiga erishmak edi. Juda yuksak bir yerdan o‘ta tuban bir ahvolga tushib qolganiga qaramay, umidli bo‘lishi uchun unga shu gaplarni aytdim.

Ulug‘ Tangri aldovchidir. U go‘zal shakllar ko‘rsatib aldaydi. Shakllar orasida yomonlari ham bor. Buni insonning «Menga chiroyli bir fikrlar va yaxshi bir ish yuz ochdi» deya o‘zini aldab, g‘ururlanishi uchun qiladi.

Agar har bir ko‘ringan narsa ko‘ringani kabi bo‘lsaydi, juda o‘tkir va ziyrak ko‘zlar sohibi Payg‘ambar: «Narsani menga bo‘lgani kabi ko‘rsat» — deya faryod etmasdi. U bu bilan shunday demoqchi bo‘ladi: Ey Rabbim! Aslida xunuk bo‘lgan narsani go‘zal, go‘zal narsani esa xunuk qilib ko‘rsatyapsan: bizga hamma narsani qanday bo‘lsa, o‘shanday ko‘rsatginki, tuzoqqa tushmaylik va yo‘limizni hech vaqt yo‘qotmaylik.

Endi sening fikring har na qadar go‘zal va porloq esa-da, unikidan yaxshiroq bo‘lolmaydi. O‘zingdagi har bir fikr va har bir tasavvurga ishonma, yolbor-da, qo‘rq.

Chunonchi, hatto qo‘shinlar yuborgan shu onimizda ham ularga (qo‘shinlarga) ishonmasligimiz va talofotga uchrab, qo‘rquv va ojizlik domiga tushgan vaqtimizda esa Ollohdan umidimizni uzmasligimiz kerak.

Payg‘ambar yuqoridagi oyatni (so‘zni) o‘z maqsadiga muvofiq ravishda aytdi. Mening ham aytmoqchi bo‘lgan narsam shu edi.

FASL. Bittasi: «Mavlono hech narsa demayaptilar» — dedi. Men dedim: «Bu odamni mening xayolim huzurimga keltirdi va mening xayolim unga: «Qalaysan, qanday ahvoldasan?» deya bir so‘z so‘ylamadi. Gapirmasdan xayolim uni bu yoqqa tortdi. Agar mening haqiqatim uni so‘z aytishidan qaytarib boshqa bir joyga olib borsa, bunga nechun hayron bo‘lish kerak ekan?

So‘z haqiqatning soyasi va parchasidir. Modomiki soya o‘ziga tortar ekan, u holda haqiqat yanada yaxshiroq jazb etadi. So‘z bahonadir. Bir insonni boshqa bir insonga tortgan narsa so‘z emas, balki ikkalovida mavjud bo‘lgan ruhiy birlikdan bir parchadir. Agar bir inson yuz ming mo‘’jiza va karomat ko‘rsa, ammo unda valiy va nabiyga uyg‘un bir bo‘lak bo‘lmasa, birlashmaydilar va buning foydasi ham yo‘q. Uni valiy va nabiyga bog‘lagan, ular sevgisini ko‘nglida orttirgan narsa o‘sha omuxta — o‘rtoq parchadir.

Agar bir jism tarkibida ohanrabo bilan mushtarak bo‘lgan bir parcha bo‘lmasa, u jism hech qachon ohanrabo tarafiga ketmaydi, ya’ni tortilmaydi. Ular orasidagi bir xillik gizli bir narsadir, ko‘zga ko‘rinmaydi.

Inson xayolidagi narsa uni o‘z orqasidan yetaklaydi. Masalan, bog‘ xayoli boqqa, do‘kon xayoli do‘konga olib boradi. Faqat bu xayollar haqiqatni yashiradi. Chunonchi, bir narsaning xayoli seni o‘ziga tortdi va sen u tomonga ketmoqdasan. Chunki xayol senga u narsani go‘zal qilib ko‘rsatgan. Biroq kelgach, pushaymon bo‘lasan va o‘zinga o‘zing: «Buni yaxshi deb o‘ylabman, aslida unday emas ekan» deysan. Shuning uchun ham xayollar ichiga kimdir yashiringan chodirlar o‘xshaydi. Qachonki, xayollar yo‘qolib haqiqat yuz ko‘rsatsa, pushaymonlik hissi ham seni tark etadi: seni (o‘ziga) tortgan haqiqat seni jalb etgan haqiqatdan boshqa narsa emasdir. «U kun yashirin narsalar oshkor bo‘ladi» (Qur’on). Aslida jalb etgan narsa bittadir. Faqat ko‘p ko‘rinadi. Axir ko‘rmayapsanmi, bir insonning turli-tuman yuzlarcha orzusi bordir: «Shilpildoq istayman, qatlama istayman, holva istayman, qovurilgan go‘sht istayman, meva istayman, xurmo istayman» der. Bu aytgan narsalarning asli bitta, u ham bo‘lsa, ochlikdir. Ochlik yolg‘iz bir narsadir. Inson ovqatning biridan yeb to‘ygach, «boshqasini istamayman!» deydi. Bundan anglashiladiki, o‘n va yuz sonlari yo‘q, faqat bir bordir.

«Ularning hisobini (sonini) kofirlar uchun azob va mashaqqat ayladik» (Qur’on) deya buyurilgani kabi bu insonlar qarshisiga hisobdek og‘ir bir ish chiqadi. Masalan, bunga «Bir», narigilarga esa «yuz» deydilar, ya’ni valiy uchun «Bir» va xalq uchun «yuz ming» deydilar. Bu katta gunohdir. Valiyni Bir, boshqalarni Ko‘p ko‘rmoq ko‘rish va anglash yo‘lini yo‘qotmoqdir, ulkan fitnadir. Chunki siz ularni ko‘p, valiyni esa bir ko‘rmoqdasiz. «Ularning hisobini kofirlar uchun azob va mashaqqat ayladik» oyati shuning uchun buyurildi. Qaysi yuz, qaysi ellik va qaysi biri oltmish? Qo‘lsiz, oyoqsiz, aqlsiz va ruhsiz bir to‘p insonlar tilsim va simom kabi qaynab turibdilar. Endi sen ularga oltmish, yuz va yoxud ming, bunga esa bir de. Bu yanglish. Balki ular hechdirlar va bu bir deganing ming, yuz ming va yuzminglarcha Bir hisoblanadi. Xuddi «Bizning qavm aholisi oz, ammo hujum qilinganda ko‘payadi» deganlaridek.

Podshoh bir askarga yuz kishilik maosh tayin etgandi. Bundan qolgan askarlar norizo bo‘ldilar. Podshoh o‘z-o‘ziga: «Bir kun kelar, sizga ko‘rsataman, o‘shanda buning sababini tushunasizlar», — derdi. Jang kuni keldi. Askarlarning hammasi qochdi, yolg‘iz u kishigina jang qildi. Podshoh: «Mana shuning uchun men unga ko‘p pul berdim», — dedi.

Inson o‘zining farqlash xossasini har turli g‘arazdan tozalashi va dindan yordam qidirishi lozimdir. Din egasini taniydi. Faqat sen umringni farq etish xossasidan mahrum bo‘lgan kimsalar bilan kechirganing uchun bilmaysanki, uning yaxshini yomondan farq etish vasfi zaiflashgan va endi dinni, ya’ni insonning hamrohini taniy olmaydi.

Sen tanani boqding, ammo unda farqlash xossasi yo‘qdir. Farq etish bir sifat. Axir ko‘rmayapsanmi, jinning qo‘l-oyog‘i bor, faqat farqlash xususiyati yo‘q. Farqlash sendagi latif bir ma’nodir va sen kechayu kunduz undan mahrum bo‘lgan narsani (ya’ni tanani — tarj.) boqishga harakat etmoqdasan. Uning bu bilan tirik ekanligini bahona qilmoqdasan, holbuki, bu ham u bilan tirikdir. Bu qanday ishki, sen farqlashdan tamoman mahrum bo‘lganni boqding, voyaga yetkazding va vaqtni vujudingni yedirib-ichirish bilan o‘tkazding-da, u latif ma’noga, ya’ni farq etish qudratiga parvosiz bo‘lding! Sening taxmin qilganingdek, bu (tana) u (ma’no) bilan tirikdir, u bu bilan emas. U — nur, ya’ni latif ma’no berguvchi, ko‘z, quloq va boshqa derzalardan, agar bular bo‘lmasa, yana boshqa tirqishlardan o‘zini ko‘rsatguvchi. Bu xuddi: «Quyoshni chiroq bilan ko‘rayapman» deb, quyosh qarshisiga chiroq keltirib quyishga o‘xshaydi. Aslida, chiroq bo‘lmasa ham quyosh o‘zini senga ko‘rsataveradi. Chiroqqa nima hojat? Ollohdan umidni uzmaslik kerak. Umid — ishonch yo‘lining boshi. Yo‘lda yurmasang ham doimo yo‘lning boshini ko‘zla. «Noto‘g‘ri ishlar qildim» dema, to‘g‘rilikni tut. O‘shanda hech qanday egrilik qolmaydi. To‘g‘rilik Musoning hassasi kabidir, egrilik esa sehrgarlarning sehriga o‘xshaydi. To‘g‘rilik o‘rtaga chiqishi bilan ularning hammasini yutadi. Agar bir yomonlik qilgan bo‘lsang, o‘zingga o‘zing qilgandirsan. Sening yomonliging o‘zgaga qanday ta’sir qiladi.

SHE’R: (Qara, anavi tog‘ boshiga qo‘nib uchgan qush tog‘ning nimasini orttirdi va nimasini kamaytirdi?)

Sen to‘g‘ri bo‘lsang, ularning hech qaysisi qolmaydi. Ehtiyot bo‘l, umid uzma!

Shohlarga yaqin yurmoq shu nuqtai nazardan tahlikali emas, ya’ni xoh bugun, xoh ertaga bo‘lsin, ketajak bosh baribir ketadi. Ushbu jihatdan esa xavfli: Shohlarning nafsi kuchayib bir ajdarho singari bo‘ladi. Ularga yaqin bo‘lib, do‘stligini himoya qilib, mollarini qabul qilgan kimsa mutlaqo ularning ra’yiga ko‘ra gap aytadi. Ranjimasin deya, ularning nomaqbul o‘y-tushunchalarini yoqtiradi va gaplarini qaytarolmaydilar. Shuning uchun hamma vaqt bir xavf mavjuddir. Chunki ularning (podshohlarning) tarafi olinarkan, asl taraf senga yot — begona bo‘lib qoladi va buning dinga zarari bordir. Sen u tarafni himoya qilganingda, aziz bo‘lgan bu taraf sendan yuz o‘giradi va sen dunyo ahli bilan qanchalik chiqishsang, uning senga shunchalik g‘azabi keladi. «Olloh zolimlarga yordam bergan kimsaga o‘sha zolimni balo qilib qo‘yadi» (Hadis). Sening u tomonga qarab ketishingning oqibati ham shunday. Chunki, modomiki, sen u tarafni himoya etarkansan, natijada uni o‘z boshingga balo qilajakdir.

Dengizga borib,undan faqatgina bir ko‘za suv olmoq bilan qanoatlanish — achinarli. Dengizdan olish mumkin bo‘lgan dur — javohirlar va boshqa qanchadan-qancha narsalar bo‘la turib, birgina suv olishning nima qimmati bor? Aqlli insonlar bu bilan qanday qilib maqtanadilar va nima degan odam bo‘ladilar?

Olam — bir ko‘pik. Avliyolar bilimlari — dengiz. Dengizning duri qayerda?

Bu olam xas-xashak bilan to‘lgan ko‘pikdir, faqat bu ko‘pik dengizning chayqalishidan, o‘ynoqlashidan va ko‘pirib qaynashidan poklanadi, soflanadi, go‘zallashadi.

Xotinlaru o‘g‘illar, qop-qop oltinlaru kumushlar, nasl otlaru suruv-suruv mol-qo‘ylar, ekinlar va hokazo narsalar odamlar hirsini qitiqlaydi. Bularning hammasi dunyo zavqidir. Modomiki dunyo bezatilgan bo‘lsa, unda haqiqiy go‘zallik va yaxshilik yo‘qdir, bu go‘zallik unda muvaqqatdir va o‘zga bir yerdan kelgan, demakdir. Dunyo oltin qoplamali soxta pul kabidir. Ya’ni qiymatsiz ko‘pik bo‘lgan dunyo qalbdir (soxta, yolg‘onchidir — tarj.), ahamiyatsiz va qadrsizdir. Uning ust qismini biz oltin bilan suvadik. Mana shuning uchun ham insonlarni xotinlaru o‘g‘illar, qop-qop oltinlaru kumushlar, nasldor otlaru suruv-suruv mol-qo‘ylar, ekinlar va boshqa narsalar o‘ziga tortadi, deya buyurilgan.

Inson Tangrining usturlabidir (teleskopidir — tarj.) Faqat bu usturlabni biladigan munajjim lozim. Dehqon yoki baqqolning usturlabi bo‘lgani bilan uni ishlatolmagandan keyin nima foydasi bor? Ular usturlabda ko‘ringan falaklar ahvolidan, harakatlaridan, burjlarning o‘zgarishlari-yu, ta’sirlaridan nimani ham tushunardilar? Ko‘rinadiki, usturlab munajjim uchun foydalidir. Chunki «O‘zini bilgan Xudosini ham biladi» (Hadis). Shu nuqtai nazardan, usturlab falakning qanday ko‘zgusi bo‘lsa, inson vujudi ham Ollohning shunday usturlabidir. Chunki Qur’onda inson to‘g‘risida: «Biz Odam o‘g‘illarini aziz qildik» deya buyurilgan.

Ulug‘ Olloh insonni bilimli, ilmli va olim qilib yaratgani uchun inson o‘z borlig‘ining usturlabida vaqti-vaqti bilan Olloh tajallisini va benazir go‘zalligini porloq bir holda ko‘radi. Bu Jamol mazkur ko‘zguni hech qachon tark etmaydi.

Aziz va Jalil bo‘lgan Tangrining hikmat, ma’rifat va karomat kiyimlarini kiydirib qo‘ygan qullari bordir. Xalqning bularni ko‘ra oladigan o‘tkir ko‘zlari yo‘q bo‘lsa ham Olloh Taolo ularni qizg‘anadi. Ular ham o‘zlarini xuddi Mutanabbining: «Xotinlar ipak kiyimlarni bezanmoq uchun emas, balki o‘z go‘zalliklarini qo‘rimoq uchun kiydilar» deganidek (hikmat, ma’rifat va karomat kiyimlari bilan) o‘raydilar.

FASL. (Bittasi) : «Kecha-kunduz qalbim va jonim sizning yoningizda, xizmatingizda, Faqat Mo‘g‘ullarning ishi-yu tashvishi sabab sizni ziyorat etishga kelolmayapman», dedi. U: «Bu ishlar ham Haqqa tegishlidir. Chunki bular musulmonlik ishonchini ta’minlamoqda. Siz ular ko‘ngillarini tinchlantirish va bir qancha musulmonlarni huzur-la xotirjam toat-ibodat qilishi uchun o‘zingizni mol va joningiz bilan fido qildingiz.Bu ham xayrli ishdir. Ollohu Akbar sizga shunday bir xayrli ish qilmoq orzusini bergandir. Bunga javoban qiziqishingizning ortishi — Tangrining sizga bo‘lgan inoyatidan darak. Agar orzuingiz zaiflashadigan yoxud ozayadigan bo‘lsa, bu sizni Olloh inoyatidan mahrum bo‘layotganingizga bir ishorat, demakdir. Demak, Ulug‘ Olloh bunday buyuk va xayrli ishni inson vositasida qilinishini, uning savob ishlashini va darajasi yuksalishini istamayapti. Bu — issiq bir hammomga o‘xshaydi. Hammom issiqligi pechkada hosil bo‘ladi. O‘tin va tezak ko‘rinishdan har na qadar xunuk-da jirkanch bo‘lsa ham, hammomchi uchun inoyat hisoblanadi. Chunki ular tufayli hammomchining hammomi isiydi va shu tariqa xalqqa xizmat qiladi.

Shu payt ahbob keldi, (Mavlono) uzr so‘radi va: «Agar siz uchun o‘rnimdan turmayotgan, siz bilan gaplashmayotgan va hol-ahvolingizni so‘ramayotgan bo‘lsam, buning sababi sizni hurmat qilganimdir. Chunki har bir narsaning hurmati o‘sha zamonga muvofiq bo‘ladi. Namoz qilayotib ota-onani, aka-ukani, opa-singilni so‘rab-surishtirmoq, shu yo‘sin e’tibor qilmoq to‘g‘ri emas. Namoz vaqtida do‘stlar va qarindosh-urug‘larga iltifot ko‘rsatmaslik, aslida, eng yaxshi iltifot va ko‘ngil olishdir. Chunki sen ular sabab ibodatdan, chuqur diniy holatdan ayrilmaysan, huzur-halovatingni buzmaysan va bu bilan ular ham gunohga botmagan bo‘ladilar. Mana shuning uchun ham insonni gunohga botirgan, azobga giriftor qilgan balodan chekinmoq iltifot va ko‘ngil olmoqdir. Chunki ularga jazo beruvchi narsadan qochilgandir» — deya buyurdi.

Ulardan biri: «Olloh oldida namozdan-da yaxshiroq bo‘lgan narsa bormi?» deb so‘radi. U: «Hamnamoz bordir, ammo namoz faqatgina suratdan iborat emas. Bu namozning qolipidir. Axir namozning boshi na so‘nggi ma’lumu mavjuddir. Ibtidosi va intihosi bo‘lgan hamma narsa qolipdir. Takbir — namozning avvali, salom esa oxiridir. Xuddi shunday, shahodat ham faqat til bilan aytilgan narsa emas. Uning ham boshi va oxiri mavjud. Boshi va oxiri bo‘lgan hamma narsa surat va qolipdan iborat bo‘ladi. Uning ruhi beqiyos va benihoyadir, avval-oxiri yo‘qdir. Bu namozni nabiylar topgan va maydonga keltirgan. Nabiy: «Mening Olloh bilan shunday bir vaqtlarim bo‘ladiki, unga na Tangri tomonidan jo‘natilgan bir Payg‘ambar va na Tangriga eng yaqin bo‘lgan bir farishta sig‘adi» (Hadis) deya buyuradi. Demak, namozning mohiyati faqat yotib-turishdan iborat bo‘lmay, balki istig‘roq, ya’ni o‘zidan kechish ekanligini bildik. Chunki barcha suratlar ichkari kirolmay, tashqarida qoladilar, hatto Jabroilday purhikmat malak ham u yerga sig‘maydi.

Olimlar sultoni, olamning qutubi bo‘lgan Mavlono Boho — ul Haq Va’d Din (Olloh uning ulug‘ ruhini muborak aylasin) haqida shunday bir hikoya rivoyat qilinadi. Bir kuni as’hobi uni istig‘roq holida uchratdilar. Namoz vaqti yaqinlashgani uchun muridlardan ba’zilari «Namoz vaqti bo‘ldi» dedi. Mavlono e’tibor bermadi. Muridlar namozga qo‘zg‘oldilar. Faqat ulardan ikkitasi shayxlariga ergashib, namozga turmadilar. Namoz qilayotganlardan Xojagiy ismli bir murid qalb ko‘zi orqali namoz o‘qiyotganlarning orqalari bilan, shayx va ikki muridning esa yuzlari bilan qiblaga yo‘nalib o‘tirganlarini ko‘rdi. Chunki shayx «men» va «biz» da’vosidan voz kechdi va uning «men»ligi fano topdi. Borlig‘idan hech nima qolmadi. «O‘lishdan avval o‘lingiz» (hadis) xikmati Olloh nurida halok bo‘ldi. Endi uning o‘zi Ollohning nuri bo‘ldi. Har kim orqasini Olloh nuriga va yuzini devorga o‘girsa, u orqasini muhaqqaq qiblaga o‘girgan bo‘ladi. Chunki u allaqachon qiblaning joni bo‘lgandir. Axir insonlar qiblasini Payg‘ambar tanlamaganmi va u (qibla) olamning qiblagohi bo‘lmaganmidi? U holda Payg‘ambarning o‘zi qibla bo‘lsa, yanada muvofiq bo‘ladi. Chunki qibla uning uchun qibla bo‘lgandir.

Mustafo (Ollohning salot va salomi bo‘lsin) bir do‘stini «Seni chaqirdim, nega kelmading» deya koyidi. U: «Namoz qilayotgandim» dedi. Shunda Payg‘ambar: «Yaxshi, ammo men seni chaqirmadimmi?» deyishi bilan u: «Men bir bechoraman» deb javob berdi.

Payg‘ambar unga buyurdiki: «Qudratli bo‘lgan vaqtingda ham o‘zingni ojiz his etgan paytingdagidek bechora ko‘rmog‘ing — yaxshi. Chunki sening quvvat va qudrating ustida bir qudrat bordir». Sen barcha hollarda Haqqa mahkumsan. Ikki bo‘lak emassanki, ba’zan chorasiz, ba’zan qudratli bo‘lsang. Uning qudratiga boq va o‘zingni har vaqt qo‘lsiz, oyoqsiz hamda bechora ko‘r. Zaif odamlarni qo‘ya turaylik, hatto arslonu qoplon, timsohu va hokazolar ham uning qarshisida hechdir va Tangridan qo‘rqib titraydilar. Yerlar, ko‘klar… hamma-hammasi ojizdir. Ularning barchasi u (tangri)ning hukmiga asirdirlar. U buyuk podshohdirki, ziyosi oyu quyoshning nuriga o‘xshamaydi. Uning ziyosini almashtirib bo‘lmaydi va u magar, pardasiz holida yuz ochsa, na ko‘k, na yer, na quyosh va na oy qoladi.

Hikoya: Bir shoh darveshlardan biriga: «Ollohning huzurida Tangri tajallisi va yaqinligiga muyassar bo‘lganing onda meni xotirla!» dedi. Darvesh: «U huzurda go‘zallik quyoshining nuri borlig‘imga tegishi bilan men hatto o‘zimni ham eslay olmayman, seni qanday eslay?» javobini berdi. Ammo Ollohu Akbar bir qulini tanlab olib, uni o‘z borlig‘ida yo‘q etsa va buning etagini tutib, o‘z ehtiyojini tilagan har bir kishi orzusini Tangri ro‘yobga chiqargusi. Bunda Olloh huzurida uni yod etishlari shart emas.

FASL. Bittasi: «Bu yerda bir narsani unutibman» dedi. Mavlono buyurdiki: Dunyoda bir narsa bor — unutilmas. Agar hamma narsani unutib, uni unutmasang, qo‘rqmasa ham bo‘ladi. Masalan, bir podshoh muayyan ish uchun seni qishloqqa jo‘natdi. Sen tayinlangan ishni qilmay, boshqa yuz turli ishni ado etsang ham hech narsa bajarmagan bo‘lasan. Shuning uchun inson bu dunyoga bir ish uchun kelgan: g‘oya udir, agar uni qilmasa, hech bir ish qilmagan hisoblanadi.

«Biz omonatni ko‘klarga, yerga va tog‘larga taklif etdik. Ular omonatni o‘z zimmalariga olishdan chekindilar, unga xiyonatdan qo‘rqib, andisha qildilar. Inson uni o‘z gardaniga oldi, chunki u juda zolim va johildir»[3].

Ko‘klar va yer o‘z zimmalariga ololmagan ishni inson oldi. Uning qo‘lidan kelayotgan ishlarga boqib, kishi hayratlanadi: Toshlarni la’l va yoqut, tog‘larni oltin va kumush konlariga aylantiradi. Yer yuzidagi o‘simliklarni harakatga keltirib tiriltiradi va Adan jannati holiga keltiradi. Yer ham urug‘ni o‘z bag‘riga oladi, hosil beradi, ayblarni berkitadi va yana tushuntirish qiyin bo‘lgan yuzminglarcha g‘alati narsalarni qabul qiladi, maydonga keltiradi. Xuddi shunday tog‘lar ham turli-tuman ma’danlar beradi. Shunga o‘xshash barcha ishlarni ado etganlari holda, qo‘llaridan bir ish kelmaydi. Bu ish esa yolg‘iz inson tomonidangina amalga oshiriladi. Shuning uchun ham Olloh: «Biz haqiqatan odam o‘g‘illarini sharaflantirdik» deya buyuradi. Ammo o‘sha ish na ko‘klarning, na tog‘larning va na yerning emas, balki faqat insonninggina qo‘lidan kelganiga ko‘ra inson juda yomon va bilimsizdir. Agar sen: «Qo‘limdan shuncha ish kelyapti, biroq u ishni qilolmayapman» desang, buning hech qanday qimmati yo‘q. Chunki insonni boshqa ishlar uchun yaratmadi. Bu shunga o‘xshaydi: «Sen shohlar xazinalarida bo‘ladigan qimmatbaho po‘latdan tayyorlangan hind qilichini «Men bu qilichni bekor yotmasligi uchun turli ishlarda ishlataman» deya keltirib, osh pichog‘i o‘rnida go‘sht to‘g‘rasang yohud oltin idishda sholg‘om pishirsang, yo javhar bilan bezatilgan pichoqni mix o‘rnida qoqib, unga oshqovoq ossang… uvol bo‘lmasmi, odamlar kulmasmi? Holbuki, qovoqning ishi bir pulli taxta yoki temir bir mix bilan ham bitadi. Shunga yuz dinorlik pichoqni ishlatish aql ishi emasku! Ulug‘ Olloh senga juda ulkan qiymat bergandir. «Olloh mo‘minlarning jonlari va mollarini o‘z yo‘lida vaqf etishlari muqobilida ularga jannat bergandir»[4].

She’r: (Sen qiymating va tushunchang bilan ikki olamga badalsan. Ammo nima qilayinki, o‘z bahongni bilmayotirsan).

O‘zingni arzonga sotma, chunki qiymating yuksakdir. Ulug‘ Tangri buyuradi: Men sizni, vaqtingizni, nafsingizni, mollaringizni sotib oldim. Agar siz bularni men uchun harjlasangiz, menga bersangiz, buning muqobili o‘limsiz jannatdir. Mening oldimdagi sening ahamiyating shudir. Agar o‘zingni jahannam evaziga sotsang, o‘zingga zulm qilgan bo‘lasan. Xuddi yuz dinorlik pichoqni devorga qoqib, unga qovoq osgan odamdek.

Sen: «O‘zimni yuksak ishlarga berayapman. Fiqh, hikmat, falakiyot, tib va boshqa ilmlarni o‘rganayapman» deya bahonalar ko‘rsatasan. Aslida, bularning barchasi o‘zing uchundir: fiqh qo‘lingdagi nonni birov tortib olmasligi, seni o‘ldirmasligi, ustingdagi kiyimingni yechib olmasligi va sog‘-salomat bo‘lishing uchundir. Falakiyot sohasidagi biliming esa falak ahvolidan xabardor bo‘lish va shunga qarab ish tushing uchundir. O‘ylab ko‘rsang, asling sen bo‘lib, bular sening oydinligingdir, nuri — ziyoingdir. Nurning bu qadar tafsiloti, ajoyibliklari, hollari va g‘aroyib olamlari bo‘lar ekan, boqchi, asos bo‘lgan sening qanday hollaring bo‘lishi kerak? Sening nuringda yuksalishlar, tushishlar, baxtli va baxtsiz hollar bo‘lishi barobarida, nazar solchi, asos bo‘lgan sening ziyolar olamingda qanday ko‘tarilishu pasayishlar, omadu omadsizliklar, zafaru foydalar bordir? Masalan, falon ruhning shunday xususiyati bor, undan bunday hollar ko‘rinadi va piston ishga yaraydi, deyishadi. «Men Tangri aytgandan kecholmayman, U meni yediradi va ichiradi» — deb buyurilganidek sening uchun yemoq va uxlamoqdan boshqa yana bir oziq bordir. Sen bu dunyoda shu oziqni unutgansan, o‘zgasi bilan mashg‘ulsan. Vujudingni kecha-kunduz moddiy oziq bilan boqasan. Bo‘lsa-bo‘lmasa, bu vujud sening otingdir. Dunyo — ot oxuri. Otning yemi uning egasining yemishi bo‘lolmaydi. Uning o‘z yemishi, ne’matlari bor. Ammo hayvonlik tuyg‘usi seni yenggani uchun va sen otlar oxurlarida, otlarning bosh tarafida qolganing uchun baqo olamining podshohlari va amirlari qatoridan joy ololmaysan. Qalbing muzaffar vujudning hukmiga bo‘ysunadi va sen ham uning asiri bo‘lib qolgansan. Xuddi shuning kabi: Majnun Layli yurtiga bormoq istaganidan hushi joyida bo‘lgan paytlar tuyasini u tomonga haydar edi, ammo xayoli Layliga ketganda o‘zi va tuyani unutardi. Shunda tuya qishloqdagi bo‘talog‘ini eslab, orqaga qayriladi. Qishloqqa kelishlari bilan Majnun ham o‘ziga keladi va biladiki, ikki kunlik yo‘li behuda ketibdi. Shu tarzda uch oy davomida yo‘lda qoladi. Nihoyat, «Bu tuya boshimning balosi» deb undan inib, piyoda yo‘lga tushadi.

Bayt: (Tevamning orzusi orqada, meniki esa oldinda. Biz o‘z yo‘llarimiz tufayli ayrildik).

Dedilarki: Said Burhoniddin Muhaqqiq so‘zlayotganda, bittasi keldi va: «Falonchidan sening madhingni eshitdim» dedi. U: «Ko‘raylik-chi, ul zot qanday odam ekan? Meni tanib maqtay oladigan ahvoldamikan? Meni agar so‘zlarimdan tanigan bo‘lsa, tanimagan demakdir. Chunki bu sas, bu og‘iz, bu lab… o‘tkinchi, bularning hammasi belgilardir. Ishlarim orqali tanigan bo‘lsa, yana shundaydir. Ammo zotimni tanigan bo‘lsa, u holda, meni tanibdi. Faqat shundagina u meni maqtay oladi va o‘z maqtovini menga tegishli ekanini bilaman», — dedi.

Bunga o‘xshagan bir hikoya bor. Rivoyat qiladilarki, bir podshoh o‘g‘lini hunarmandlar to‘piga qo‘shib qo‘yibdi. Ular bolaga turli bilimlardan, jumladan, ilmu nujumdan dars berishibdi. Shoh o‘g‘li butunlay ahmoq bo‘lgani holda o‘ziga o‘rgatilgan narsalarni yaxshi egallab olibdi. Kunlardan bir kun podshoh uni imtihon qilmoq uchun hovuchiga uzugini berkitib, o‘g‘liga «Bunda ne bor?» debdi. Bola: «Qo‘lingdagi dumaloq, sariq va ichi bo‘sh narsadir» degach, hukmdor hayratda qolib: «Alomatlarini to‘g‘ri aytding, ismini ayt» deb buyuribdi. O‘g‘il: «G‘alvir bo‘lsa kerak» deb javob beribdi. Podshoh: «Olgan tahsiling sharofati bilan meni hayron etib, alomatlarni aniq aytding-u, lekin g‘alvirning hovuchga sig‘masligiga qanday qilib farosating yetmadi?» — debdi.

Xuddi shunday, zamonamiz olimlari ham qilni qirq yoradilar, o‘zlariga bog‘liq bo‘lmagan narsalarni juda yaxshi biladilar, ammo o‘ta muhim o‘zlari uchun qolgan barcha narsalardan yanada yaqin bo‘lganni, ya’ni o‘zlarini bilmaydilar. Hamma narsalar yaqin bo‘lgan borliq bu — ularning menligi. Ular biror bir ish to‘g‘risida bu — to‘g‘ri, bu — xato, bu — halol, bunisi — harom deb hukm chiqarishadi-yu, o‘z mohiyatlarining halol yo harom ekanligini bilmaslar. Shunday ekan, shoh o‘g‘li aytgan haligi alomatlar belgilardir, olovga tashlaganda ularning hech biri qolmas. Bunday alomatlarning hammasidan qutulmoq zotga xosdir. Insonga berilgan ish, so‘z va hokazolarning barchasi alomatdir. Ularning javhar bilan aloqasi yo‘q. Ular yo‘q bo‘lgandan keyin qolgan narsa javhardir. Biz nazarda tutgan olimlar alomati shundaydir. Ular belgilarini to‘g‘ri topib so‘ylaydilar-u, biroq g‘alvirni hovuchga sig‘adi deb turib oladilar. Chunki asosiy narsadan ularning xabari yo‘q. Men qushman, bulbulman, to‘timan. Agar menga boshqa xil sas chiqar desalar, buni qilolmayman. Chunki mening tilim shunday va bundan o‘zgasini so‘ylay olmayman. Qush saslarini o‘rgangan kimsa qush bo‘lmagani holda qushlarning dushmani, ovchisidir. O‘zini qush, deya o‘ylashlari uchun ular kabi ovoz chiqaradi, hushtak chaladi. Insonga bulardan boshqacha sas chiqar, desalar ham, u buni qila oladi. Chunki sas uniki emasdir, yasamadir. Xalqning kiyimligini o‘g‘irlagan o‘g‘ri har uydan bir kiyimlik ko‘rsatishni ham o‘rganib olgandir.

FASL. Otabek: «Bu ne lutf! Mavlono tashrif buyurdi. To‘g‘risi, kutmagan edim. Hatto bunday sharafga munosib bo‘lish xayolimdan ham o‘tmagandi. Aslida men kecha-kunduz uning qarshisida qo‘l qovushtirib, muridlari orasida bo‘lishim lozim edi va men shunga ham hanuz loyiq emasman, bu qanday lutf!» (dedi). Bunga javoban Mavlono buyurdi: Bu sizning xizmatingizning ulug‘ligidandir. Darajangiz aziz, buyuk va muhimdir. Siz ham yuksak ishlar bilan mashg‘ul bo‘lishingizga qaramay, himmatingiz baland bo‘lganidan o‘zingizni qusurli ko‘rayapsiz. O‘z ishlaringizdan qoniqmay, o‘zingiz uchun yana bir qancha narsalarni zarur hisoblayapsiz. Ko‘nglimiz ma’nan doim sizning himmatingiz yonida bo‘lishi barobar suratan ham sharaflanmoq istadik. Chunki suratning ham ulug‘ bir e’tibori bordir. E’tibor ne demak? U hatto o‘zlik va ma’no bilan teng. Miyasiz kallaning ishi hech narsaga yaramagani kabi qobiqsiz meva ham yetishmaydi. Chunonchi, bir danakni qobiqsiz holda yerga eksang, ko‘karmas. Qobig‘i bilan ekkaning vaqtda unadi va ulkan bir daraxtga aylanadi. Shu nuqtai nazardan vujudning ham buyuk bir asli, xizmati bor. Va shunday bo‘lishi tabiiy hamdir. Usiz bir ish maydonga kelmaydi. Xuddi shu asl ma’nodir. Ammo bu — ma’noli, ma’noni bilgan, anglagan kishilar uchun shundoqdir

«Ikki rakat namoz dunyo va undagi narsalardan xayrlidir». Bu so‘z hamma uchun emas. Bu shunday kishilar uchunki, ularga dunyo moli qo‘lida bo‘lsa ham ikki rakat namozni qilmaslik o‘sha molni boy berishdan og‘irroq tuyuladi.

Bir darveshga podshoh: «Ey zohid!» dedi. U esa: «Zohid sensan» deb javob qaytardi. Shoh: Men qanday zohid bo‘layin. Butun dunyo menikidir», — dedi. Bunga javoban: «Yo‘q, aksincha. Ko‘ryapsanki, butun dunyo, oxirat va jamiki mol-mulklar menikidir. Olamni men oldim. Sen esa faqatgina bir luqma va bir xirqa bilan qanoat etding», — dedi darvesh.

«Yuzingni qay tarafga bursang, Olloh u yerdadir»[5]. U hamma joyda mavjud. Chehralar, doimiydir, o‘lmasdir. Oshiqlar ushbu chehraga o‘zlarini fido qilib, evaziga hech narsa istamaslar. Boshqalar esa hayvon singaridirlar.

Buyurdiki: Sigirlar ham ne’matlarga monanddir va og‘ilxonada bo‘lganlari holda og‘il egasi hushlagan narsalardir. Agar sohib xohlasa, o‘z molini shohning og‘iliga olib borib qo‘yadi, ibtidoda bo‘lganidek, yo‘qlikdan borliqqa keltiradi. Borliq (vujud) og‘ilidan jamoa og‘iliga, jonsiz borliqlar og‘ilidan o‘simlik dunyosiga, undan hayvonlikka, hayvonlikdan insonlikka, insonlikdan malaklikka va shu so‘ngsiz tarzda ilgarilatadi. U senga bularni bir-biridan ustun og‘illar borligini qabul va e’tirof etmog‘ing uchun ko‘rsatgandir.

Qur’onda: «Siz, albatta, bir holdan ikkinchi bir holga kelasiz. Shunday ekan, ularga nechun iymon keltirmaydilar»[6] deb amr etilganidek, buni sendan oldindagi tabaqalarga inonmog‘ing va ularni qabullamog‘ing uchun namoyish qildi. Bularning barchasi bir narsa, deya inkor etmog‘ing uchun emas.

Ustod bilim va hunarini odamlarning o‘zlariga ishonishi uchun hamda hali ko‘rsatmagan bir qancha ma’rifatlari va ilmlari borligiga ham o‘zgalarni iqror qilish uchun ko‘rsatadi. Xuddi shunday, shoh ham hadyalar — to‘nlar beradi, ayblarni kechiradi, fuqaro ko‘nglini oladi. U bularni o‘ziga doimo umid bilan boqishlari va yana nimalardir kutib yashashlari uchun qiladi, yo‘qsa, shohning beradigani shundan iborat deb, ilinjlarini uzishlari uchun emas. Agar u fuqaroning shunday deyishini bilsa, mutlaqo lutf va in’om qilmasdi.

Zohid oxarni (boshqasini, g‘ayrni — tarj.) ko‘rgan kishidir, dunyo ahli bo‘lsa, oxirni (so‘ngni) ko‘radi. Faqat Ollohning xos qullari va oriflar na oxarni, na oxirni ko‘rarlar. Ular nazarlari avvalga tushadi va har ishning avvalini biladilar. Masalan, bug‘doy ekilsa, bug‘doy bitishidan (o‘sishidan) voqifdirlar. Bular nodir kishilardir. Boshqalar o‘rtamiyona bo‘lganliklari uchun nazarlari so‘ngda. Ular og‘ilda qolganlari uchun hayvondirlar.

Dard doimo insonga yo‘l ochadi Dunyodagi har ish uchun inson yuragida ishtiyoq, havas va dard bo‘lishi lozim. Aks holda, inson bu ishni qilmas. Dardsiz va zahmatsiz ish ham unga muyassar bo‘lmas. Dunyo va oxirat, tijorat va shohlik, ilm va boshqa ishlarda bo‘lsin, barchasida ahvol shundoq. Chunonchi, Maryam tug‘ish og‘rig‘i bo‘lmaguncha, baxt daraxtiga yaqinlashmadi. Qur’onda «Tug‘ish sanchig‘i uni bir xurmo daraxti to‘nkasiga suyanish uchun yo‘lladi» deya buyurilganidek, Maryamni daraxtga dard yaqinlashtirdi va quruq daraxt meva berar bir holga keldi.

Vujud ham Maryam kabidir. Har birimizning Isomiz bor. Bizda ham o‘shanday dard paydo bo‘lsa, Isomiz tug‘iladi. Agar dard bo‘lmasa, Iso ham o‘z kelgan yo‘lidan qaytib ketadi, biz ham undan foydalanmoqdan mahrum bo‘lamiz.

She’r: (Jon ichkarida och, tabiat esa tashqarisidan sarvat (boylik) va somon ichida. Shayton yeb-ichishdan oshqozon kasaliga duchor bo‘lgan. Jamshid nonushta ham qilmagan. Endi sening Masihing yer yuzida, (shu yerda ekansan) dardingga davo ista. Masih ko‘kka chiqishi bilan davo ham qo‘ldan ketadi).

FASL. So‘z — idrok qilishda so‘zga muhtoj bo‘lganlar uchundir. So‘zsiz idrok etganning so‘zga qanday ehtiyoji qoladi? Idrok eta bilgan uchun ko‘klarning, yerning hammasi so‘zdir. Hafif bir sasni eshitganga baqirib-chaqirishning nima hojati bor? Dunyo ham Qur’ondagi «Bo‘l» (uning amri bo‘l demak edi. U hamon bo‘ldi»)[7] so‘zidan bino bo‘lgandir.

Hikoya: Arabcha gaplashadigan bir shoir bir turk podshohi huzuriga keldi. Hukmdor fors tilini ham bilmasdi. Shoir uning sha’niga juda go‘zal bir she’r yozib keltirgandi. Shoh taxtda, qolgan amiru vazirlar o‘z o‘rinlarida o‘tirar edilar. Shoir qo‘zg‘oldi va she’rini o‘qib berdi. Shunda hukmdor she’r mazmuniga uyg‘un ravishda harakatlar qilib turdi. U yerdagilar «Shohimiz shuncha yildir, bizdan arabcha bilganini yashirgan ekan, agar o‘tgan davr mobaynida og‘zimizdan arabcha yomon gap chiqqan bo‘lsa, holimizga voy!», dedilar. Keyin hukmdorning xos qullaridan biriga «Shoh arabcha biladimi, yo‘qmi? Bilmasa, nechun munosib bo‘lgan o‘rinlarda muvofiq harakatlar qildi? Bizga xabarini ber» — deb, unga qimmatli narsalardan berdilar.

Kunlardan bir kun xos qul bu masalani yechish fursatini topdi. Ov paytida shoh juda mamnun edi. Shundan foydalanib, hukmdordan yotig‘i bilan so‘ragan edi, podshoh shunday dedi: «Xudo haqki, men arabcha bilmayman. Ammo uning bu she’rni yozish maqsadini bilganim, ya’ni shoir meni maqtamoqchi bo‘lganini, she’r bir vosita ekanini anglaganim uchun iltifot ko‘rsatdim. Maqsad bo‘lmaganda she’r ham yozilmasdi». Shuning uchun maqsadga qaraydigan bo‘lsa, ikkilikka o‘rin qolmaydi. Ikkilik tafarruotda (bo‘linganlik, ayrilganlikda — tarj.). Asos birdir.

Xuddi shunday, shayxlar ham agar ko‘rinishdan turli-tuman, ishlari va so‘zlari farqli — farqli bo‘lsada, maqsad e’tiborlari bilan birdir — Tangrini talab qilmoqdir. Masalan, bir saroyda shamol essa, gilamning chetini ko‘taradi, xas-hashakni osmonga uchiradi, hovuz suvini halqa-halqa etadi, daraxtni, uning shoxlariyu barglarini o‘ynatadi. Bu bir-biriga o‘xshamagan hollar maqsad, asos va haqiqat nuqtai nazaridan birdir. Chunki hammasining harakati bir shamoldandir.

Bittasi: «Biz nuqsonlimiz!» dedi. Boshqasi esa: Kishida «qanday holdaman, nimalar qilayapman», deya o‘z-o‘zini tergash tuyg‘usining uyg‘onishi do‘stlik va inoyat dalilidir. Chunki «Sevgi bor joyda sitam ham bo‘ladi». Begonalarga emas, do‘stlarga sitam qilinadi. Ammo sitamda ham sitam bor. Sitam, undan mutaassir bo‘lganga, o‘zi uchun uning yaxshilik va sevgi ekanligini bilganga qilinadi. Shu bilan birga hech ta’sir qilmaydigani borki, bu sevgi alomati emas. Masalan, gilamni changdan tozalamoq uchun kaltaklashadi. Aqllilar bunga tanbeh berish, demaslar. Ammo bir sevgan kishisini yoxud bolasini ursalar, bunga sitam derlar. Sevgining isboti mana shunday joylarda maydonga keladi. Shuning uchun, modomiki, sen o‘zingda bir dard yoki pushaymonlik his etarkansan, bilgilki, bu senga Ollohning inoyati va sevgisidan bir dalildir. Agar sen og‘a-iningda bir qusur ko‘rsang, bu sendagi nuqsonning aksidan iboratdir. Odam ham xuddi shunday oynadir. «Mo‘min mo‘minning oynasidir» (Hadis). Sen o‘sha qusurni o‘zingdan uzoqlashtir. Chunki undan hosil bo‘lgan sendagi iztirob — o‘zingdan chiqqan g‘amdir. Undan xafa bo‘lganing zamon o‘zingdan ham injiysan.

Dediki: Bir filni sug‘ormoq uchun suv bo‘yiga keltirdilar. U o‘z aksini suvda ko‘rib hurkidi. Lekin u boshqasidan qo‘rqdim, deb o‘ylar, o‘zidan cho‘chiganini esa bilmasdi.

Inson o‘z kalligidan va chipqonidan irganmas. U yarali qo‘lini bemalol ovqatga uzatadi, yalaydi. Bundan uning ko‘ngli aynimaydi. Ammo birovning qo‘lida kichik bir chipqon yoxud yara ko‘rsa, bas, ovqat yeyishdan to‘xtaydi, jirkanadi.

Insondagi yomon fe’llar ham kallar va chipqonlarga o‘xshaydi. O‘zida bo‘lganida hech irganmaydi, o‘zgada bo‘lsachi, jirkanadi, nafrat etadi. Sen undan hurkkaningdek, u ham sendan cho‘chisa, injisa, uni xush ko‘r. Sening xafa bo‘lishing uning aybidir. Chunki uni ko‘rishing sababli ta’bing tirriq bo‘lyapti-da. Shu bilan birga u ham (seni) xuddi shunday ko‘radi. Payg‘ambar alayhissalom «Mo‘min mo‘minning oynasidir» (hadis) deya buyuradi. Bu kofir kofirning oynasi bo‘lolmaydi, degani emas. Uning oynasi bor edi, faqat u bundan g‘ofildir.

Siqilib, qayg‘urib irmoq bo‘yida o‘tirgan podshoh kayfiyatidan cho‘chigan amiru mulozimlar hukmdor masxaraboziga ul-bul va’da qilishib «shohni kuldir» deyishdi. Masxarabozning hukmdorni kuldirish uchun qilgan barcha sa’y-harakatlari zoye ketdi. Nihoyat, chiday olmay «suvda nimani ko‘rayapsiz?» deb so‘radi. Shoh «bir nomussizni» degach, masxaraboz «ey shohi jahon, bu qulingiz ham ko‘r emas» deb javob berdi. Darhaqiqat, bu — shundoq, ya’ni sen bir narsani ko‘rib jirkanganing zamon boshqalar ham ko‘r emaski, sening ko‘rganingni ko‘rmasa.

Uning yoniga ikki «Men» sig‘maydi. Chunki sen ham «Men» deyapsan, U ham «Men». Yo sen o‘l, yo U o‘lsinki, ikkilik qolmasin. Ammo Uning o‘lishi mumkin emas. Bu na zohirda va na zehnda mumkin bo‘ladi. «Chunki u o‘lmagan bir tirikdir»[8].

U shunday lutfkordirki, imkon bo‘lganda edi, sen uchun o‘lardi. Biroq modomiki, Uning o‘limi imkonsiz ekan, u holda, ikkilikning yo‘q bo‘lishi uchun va Uning senda tajalli etmog‘i uchun sen o‘l.

Ikkita tirik qushni bir-biriga bog‘lab qo‘ysang, ular bir xil qush bo‘lishlariga va ikki qanotlari to‘rt bo‘lishiga qaramay ucholmaslar. Chunki ikkilik mavjuddir. Holbuki, qushlarning bittasi o‘lik bo‘lsa, uchadi. Zero, ikkilik yo‘qdir. Quyoshda u lutf bordirki, ko‘rshapalakning oldida o‘ladi. biroq bunga imkon bo‘lmaganidan «Ey boyqush! Mening lutfim har kimga yetib borgan, senga ham ehson qilmoqchiman. Sen o‘l. Chunki bunga imkon bor. Shunday qilsang, mening ulug‘ligim ziyosidan nasibangni olasan. Boyqushlikdan chiqib, Yaqinlik Qofining Anqosi[9] bo‘lajaksan» deydi.

O‘zini do‘st uchun fido qilmoq qudrati Olloh qullaridan birida bor edi. U Tangridan do‘st so‘radi. Lekin Aziz va Jalil bo‘lgan Olloh uning istagini qibul etmadi va bandaga «Sening uni ko‘rishingni xohlamayman» degan ovoz keldi. Ammo Tangri quli yolborib so‘rashdan to‘xtamadi «Ollohim, menda uning orzusini maydonga keltirding va bu istak mendan ketmayapti». Nihoyat, unga «Agar uning senga ko‘rinishini istasang, boshingni fido et. Sen yo‘q bo‘l, bu dunyoni tark ayla!» deya bir ovoz keldi. U «Ey Tangrim, men rozi!» dedida, do‘sti uchun boshini qurbon qildi. Shundan keyingina maqsadi hosil bo‘ldi.

Butun dunyo umriga bir kuni teng qulning lutfi shunday bo‘lgach, bunday lutfni yaratgan Ollohning lutfi bo‘lmasmi? Bu senga imkonsiz ko‘rinadi, lekin uning fano bo‘lmog‘i mumkin emas, bas, hech bo‘lmasa, sen fano bo‘l, yo‘q bo‘l!

Yoqimsiz kimsalarning biri kelib ulug‘ kishilarning bosh tarafiga o‘tirdi. Bunga javoban Mavlono dedi: Bular uchun chiroqning ustida yo tagida o‘tirishning hech farqi yo‘q. Chiroq esa o‘zi uchun balandda bo‘lishni istamaydi. Bordi-yu, istasa, bundan boshqalarning foydalanishini ko‘zlaydi. Kimsalar esa uning ziyosidan zavq oladilar. Chiroq xoh pastda, xoh balandda bo‘lsin, baribir o‘sha chiroqdir. Abadiy quyoshdir. Ulug‘ zotlar yuksaklik,maqom va mavqe istasalar, demakki, xalqning ularni ko‘ra oladigan ko‘zlari yo‘qdir. Ularning maqsadlari bunday moddiy va dunyoviy tuzoq bilan ahlini ovlamoqdir. Shu tarzda ular bunday yuksakliklarni uhroviy (oxiratga tegishli — tarj.) yuksaklikka yo‘l topmoq uchun istaydilar. Masalan, Mustafo (Olloh rahmati bo‘lsin) Makka va boshqa joylarni o‘z ehtiyoji yo‘lida zabt etgani yo‘q, balki har kimga hayot bag‘ishlamoq, ular qalbini nurlantirmoq uchun fath etgan.

«Bu qo‘l bermoqqa o‘rgangan, olmoqqa emas» (Hadis), deya buyurilgani kabi ular xalqqa berish maqsadida uni (xalqni) aldaydilar. Yo‘qsa, ulardan bir narsa undirish uchun emas.

Ba’zilari zavolli qushlarni sotmoq va yoxud yemoq uchun tuzoq qo‘yadilar. Bunga hiyla deyishadi. Ammo podshoh o‘z javharlaridan xabarsiz, qiymatsiz va tajribasiz bir qirg‘iyni tutadi. Bundan maqsad qushni bilagiga o‘rgatmoq, unga tarbiya berib sharaflantirmoqdir. Ammo bunga hiyla deyilmaydi. Zohiran bu ish makrga o‘xshasa ham, aslida esa to‘g‘rilik va ehsondir. Toshni la’l holiga keltirmoq o‘lik bir tuxumni inson aylamoq bilan baravar. Aql egalari buni shunday biladilar. Agar qirg‘iy o‘zini nega tutganlarini bilsaydi, tuzoqqa hojat qolmasdi. Uning o‘zi tuzoqni izlardi, kishi bilagiga uchib borib qo‘nardi.

Xalq ulug‘lar aytgan so‘zlarning zohirigagina nazar solib «Biz bunday gaplarni ko‘p eshitdik, ichimizu tashimiz ular bilan to‘la!» deydi. Ular aytadilarki: Qalblarimiz qulflidir. «Yo‘q, Olloh ularni kofirliklari sababli la’natga duchor qildi, ular juda oz iymon keltirishadi»[10], oyatida amr etilgani singari kofirlar: «Bizning qalblarimiz bunday so‘zlarning g‘ilofidir va biz ulardan limmo-lim to‘lganmiz», deyishadi. Ollohu akbar ularga javob sifatida buyuradiki: Aslo! Ular bular bilan emas, balki xayol, vasvasa, shubha va shirk bilan, hatto la’nat bilan to‘ladir. Chunki «Olloh ularni kofirliklari sababli la’natga duchor qildi»[11]. Koshki, ular bunday aljiramasalar edi. Hech bo‘lmasa, haqiqatni qabul qilmoqqa loyiq bo‘lsalarda, afsuski, shunga ham loyiq emaslar.

Ulug‘ Olloh kofirlarning quloqlari, ko‘zlari va qalblarini boshqa bir rang ko‘rishlari uchun muhrlagandir. Shuning uchun ham ular haqida «Olloh ularning yuragiga muhr urdi. Ularning quloqlari va ko‘zlari pardalidir»[12] deya amr etiladi. Ularning qalblari, yaqin kishilari, ular bilan maqtanganlar butun umrlari davomida bu hikmatning bo‘yini ham ololmagandirlar. Olloh hikmati bir ko‘za kabidirki, ba’zilarga suvi bilan ko‘rsatildi. Ular suvdan qonib-qonib ichdilar. Lekin boshqalarga suvsiz ko‘za berildiki, ular qanday qilib shukr qiladilar. Ollohdan suv to‘la ko‘zani olgan kishi shukrona aytishi lozim.

Ulug‘ Tangri Olamni tuproq va suvdan yaratganida «Uni qirq kunda tamomladi» (Hadis), uning qolipini barpo qildi. Odam shu ko‘yi yer yuzida qirq kun qoldi. La’nat bo‘lsin Iblisgaki, yerga tushdi va uning qolipiga kirib, tomirlarida aylandi, kuzatdi va qon-la to‘la tomirni, yog‘ni, to‘rt xiltini ko‘rib: «Oh, mening arshning poyida ko‘rganim va paydo bo‘lishi kerak bo‘lgan Iblisning shu ekanligi g‘alati emasmi? Shoyad bu bo‘lmasa! Iblis agar bor bo‘lsa, mutlaqo shudir», — dedi va chiqib ketdi.

FASL. Otabekning o‘g‘li keldi. Mavlono buyuradiki, sening otang doimo Xudo bilan band edi. Uning iymoni g‘olib kelgandi, bu — so‘zidan ma’lum edi. Bir kun Otabek dedi: Rum kofirlari «Tatarga qiz berib, dinni birlashtiraylik, yangi din — musulmonlik yo‘q bo‘lsin» deyishyapti. Men: «Din qachon bir bo‘libdiki, endi bir bo‘lsin. Har doim ikki uchta din bo‘lgan va ular o‘rtasida urushlar, qon to‘kishlar bo‘lgan» dedim. Buni eshitib, Mavlono buyurdiki: Siz qanday qilib dinni bir qilasiz? Bu faqat qiyomatda mumkin. Bu yer dunyodir va shuning uchun ham dinning bir bo‘lishi mumkin emas. Chunki bu yerda ularning turli-tuman istagi va tilagi bordir. Din dunyoda birlasholmaydi, faqat qiyomatda bir bo‘ladi. Qiyomatda ularning hammasi birlashadi, bir quloq, bir til holiga keladi.

Insonda bir qancha narsalar mavjud. Masalan, sichqon, qush… Qush qafasni yuqoriga tortsa, sichqon tubanga sudraydi. Insonda ular kabi yana minglarcha yirtqich hayvonlar topiladi. Qush qushligini, sichqon sichqonligini tashlab, birlashsalar, muddo hosil bo‘ladi. Chunki bu narsa va yuqori va na tubandir. Istalgan narsa hosil bo‘lgach, yuqori ham, tuban ham qolmas.

Agar kishi biror narsasini yo‘qotsa, o‘ngni, so‘lni, orqani, oldini… hamma joyni izlaydi. Agar qidirganini topsa, na o‘ngni va na chapni izlaydi. Bularning barchasi bir bo‘ladi. Qiyomat kuni nazarlar birlashadi, tillar, quloqlar, tuyg‘ular bir bo‘ladi. Masalan, o‘n kishining mushtarak bir bog‘i yoki do‘koni bo‘lsa, ular qayg‘usi, so‘zi bir bo‘ladi, bir narsa bilan mashg‘ul bo‘ladilar. Chunki istagan narsalari — bir.

Qiyomat kunida hammaning ishi Ollohga tushadi. Ya’ni barcha Olloh bilan band bo‘ladi va unda birlashadi. Xuddi shunday, dunyoda hamma bir ish bilan shug‘ullanadi. Kim ayol sevgisi bilan, kim mol to‘plamoq, kim ilm olmoq bilan band. Ular bularning biridan zavq oladi, xushlanadi. Ular: «Mening darmonim, saodatim va huzurim shundadir», — deydi hamda unga inonadi. Bu Ollohning bir rahmatidir. Chunki inson sevgan narsasiga intiladi, uni qidiradi, ammo topolmay orqaga qaytadi. Biroz fursatdan keyin o‘ziga o‘zi: «Bu zavq va rahmat izlanishga arziydi, lekin men qidirmadim, boshqatdan ishga kirishay» — deydi va unnaydi. Ammo yana topolmaydi. Bu hol Olloh rahmati pardasiz ravishda yuz ko‘rsatgunga qadar davom etadiyu Rahmat yuz ochgandan keyin kishi tutgan yo‘li yanglish ekanini anglaydi. Biroq Ollohning shunday qullari borki, ular qiyomatdan avval asl g‘oyaga yetadilar. Ular hozirdan oxirni ko‘radilar.

Ali (Xudo undan rozi bo‘lsin): «Parda ko‘tarilsa ham mening xabarim ortmayapti», — dedi. Ya’ni g‘ilofni o‘rtadan olsalar va qiyomat ko‘rinsa ham mening xabarim bo‘lmayapti, demakdir. Bu shunga o‘xshaydi: Farz qilaylikki, qorong‘u kechada bir uyda ko‘pchilik namoz qildi. Ammo kunduz bo‘lishi bilan ular qiblani aniqlashib yuzlarini o‘sha tomonga buradilar. Shunda kechasi ham qiblaga qarab namoz o‘qigan kishi yuzini buradimi? Yo‘q, albatta. Aksincha. qolganlar yuzlarini unga tomon o‘girishadi. Kechasi shu odam singari o‘tirganlar uchun esa qiyomat ko‘ringan va hozir bo‘lgandir.

«Hech qanday narsa yo‘qki, uning xazinalari bizning oldimizda bo‘lmasin. Biz uni faqat muayyan miqdorda yuboramiz»[13] deya amr qilinganidek, so‘zning nihoyasi yo‘q. Biroq talabgorning talabi miqdorida inadi. Hikmat ham yomg‘irga o‘xshaydi va u o‘z ma’danida so‘ngsizdir. Faqat ehtiyojga ko‘ra yog‘adi. Ular har bir mavsumning muhtojlik darajasiga qarab oz yoxud ko‘p bo‘ladi. Uning manbasi bitmas-tuganmasdir. Masalan, attor shakar yoki dorini qog‘ozga o‘raydi. Lekin shakar qog‘ozga o‘ralgandan iborat emas. Shakar va dori xazinalari sonsiz-sanoqsizdir, so‘ngsizdir. Nihoyasizlik, so‘ngsizlik qog‘ozga qanday sig‘adi?

Qur’on Muhammadga (Ollohning salomi va saloti bo‘lsin) nechuk kalima-kalima inadi, sura-sura tushmaydi, deya g‘iybat qilishardi. Bunga javoban Mustafo: «Bu nodonlar nima deyishyapti? Axir, hammasi birdan tushsa, men erib yo‘q bo‘lib ketardim», — dedi. Chunki u ozdan ko‘pni, bir narsadan bir qancha narsalarni, bir satrdan bir daftardagi (ma’no) ni anglay olardi.

Deylik odamlar orasida qandaydir voqea gapirilmoqda. Ulardan biri ana shu voqeaga guvoh bo‘lgani uchun bir so‘zdanoq o‘sha vaziyatni tushunadi. Qolganlar esa hikoyaning eshitganlari qadarini anglaydilar. Vaziyatdan xabardor bo‘lgan haligi yolg‘iz kishigina hikoya bilan bog‘liq yana juda ko‘p narsalarni biladi.

Yana eski mavzuga qaytaylik: Attor do‘koniga borishing bilan, u yerda shakarning juda ko‘p ekanini ko‘rasan. Biroq attor sening pulingga yarasha shakar beradi. Yoki shakar so‘rab kelganingda qopingga qaraydilar va shunga ko‘ra o‘lchaydilar. Ammo odam shakar olishga tuya qatorlarida (ko‘p qoplar olib) kelsa, boshqa o‘lchov asboblarini chiqarishga buyuradilar. Xuddi shunday, odam borki, dengizlarga qonmas, odam bo‘ladiki, bir tomchi suv bilan kifoyalanadi, ortiqchasi unga zarar keltiradi. Bu faqat ma’no olamida, ya’ni ilm va hikmatda emas, balki hamma narsada shunday. Dunyodagi mol-mulklar, oltinlar, qimmatbaho toshlar konlari so‘ngsiz o‘lchovdadir. Biroq ular insonga bahosi miqdorida keladi. Ortiqchasini esa ko‘tarolmay, aqldan ozadi. Oshiqlardan Majnun, Farhod kabilarni ko‘rmayapsanmi? Ularga tahammullarining ustida shahvat berilgani uchun bir ayolning ishqida tog‘u cho‘llarga chiqib ketdilar. Fir’avnga qarasangchi, ortiqcha mol-mulkka ega bo‘lgani uchun xudolikka da’vo qildi. «Yaxshi yoki yomon hech qanday narsa yo‘qki, uning bizda va bizning xazinamizda so‘ngsiz dafinalari bo‘lmasin, ammo biz tahammul nisbatida yuboramiz»[14] — deya buyurilgani singari ishga yaroqlisi ham shudir.

Ha, bu odamning ishonchi bor, lekin u ishonchning nima ekanligini bilmaydi. Nonga inongan, ammo nega inonishini bilmagan bola ham shunday. Masalan, suvsizlikdan qurigan daraxt suvsizlikning nima ekanligini bilmaydi.

Bir odam keldi. Dediki: Qayerda eding? Juda sog‘ingandik,nega uzoqqa ketding? U: «Tasodifan shunday bo‘ldi», — dedi. Biz xuddi shu tasodifning bo‘lmasligini duo qilayotgandik. Ayriliqni maydonga keltirgan tasodif bo‘lmasligi kerak bo‘lgan tasodifdir. Ha, hammasi Ollohdan va Unga ko‘ra hammasi yaxshidir. To‘g‘ri, hammasi Olloh nazdida mukammaldir, yaxshidir, ammo bizning nazarimizda bunday emas. Chunki ifloslik, namozsizlik, namoz, kufr, islom, shirk va tavhid Olloh nazdida yaxshi. Bizningcha esa o‘g‘rilik, axloqsizlik, kufr va shirk yomon, tavhid, namoz va hayrat yaxshidir. (Ammo bularning barchasi haq nazdida yaxshi). Chunonchi, o‘lkasida zindon, osmon, zarbof to‘n, mol-mulk, raiyat, to‘y, nog‘ora va bayroq bo‘lgan bir podshoh uchun bularning hammasi yaxshi. Zarbof to‘n saltanat kamoli uchun qanday bir alomat bo‘lsa, dorga tortmoq, o‘ldirmoq va zindon ham shunday bir omildir. Shoh nazarida bularning hammasi kamoldir. Biroq xalq nazdida zarbof to‘n bilan dor og‘ochi qanday qilib bir narsa bo‘lsin?

FASL. Biri: «Namozdan afzalroq nima bor?» deb so‘radi.

1. Aytganimizdek, namozning joni (ruhi) o‘qilgan namozdan yaxshiroqdir.

2. Iymon namozdan ustundir. Chunki namoz kunda besh mahal, iymon esa hamma vaqt farzdir. Namoz uzrli sabab bilan qoldirilib, fursat bo‘lishi bilan ado etilishi mumkin. Iymon uchun hech qanday uzrli sabab bilan buzilib, keyinroq bajarish ruxsati yo‘q. Namozsiz iymonning foydasi bo‘ladi. Biroq iymonsiz namozning foydasi yo‘q. Xuddi munofiqlarning namozi singari.

Namoz har dinda turlicha, iymon esa o‘zgarmaydi. Ahvoli, qiblasi va bu kabi narsalari ham o‘zgarmaydi. Bu farqli jihatlar haqida aytilgan so‘zdan kelib chiqayotgan ma’no tinglovchi talab qiladigan darajada zohir o‘ladi. Tinglovchi xamir qorayotgan kishi oldidagi unga o‘xshaydi. Suz esa suvga. Unga muayyan bir me’yorda suv qo‘shiladi.

She’r: (Ko‘zim o‘zga birovga boqayapti, men nima qilay? O‘z-o‘zingdan shikoyat etki, ko‘zimning nuri sensan.)

Ko‘zim boshqaga qarayapti, ya’ni sendan o‘zga bir tinglovchini qidirayapti. Men ne etay? Uning ziyosi sen. Ko‘zim nurining sening kabi yuz ming dona (misli) bo‘lishi uchun sening o‘zing bilan bo‘lmasliging va o‘zingdin qutilmog‘ing lozim.

Hikoya: Juda ozg‘in, burishgan, kichkina bir odam bor edi. Boshqalar nazdida u haqir bir chumchuqqa o‘xshardi. Bu odam shu qadar bechorahol va xunuk ediki, har qanday boshqa xunuk kishi uni ko‘rishi bilan Tangriga shukr aytardi. Shunga qaramay, bu odam katta gapirardi. Shoh devonida xodim edi. Va doimo o‘sha yerdagi bir vazirning joniga tegardi. Bir kun vazir: «Ey devon ahli! Men bu odamning qaddini ko‘tardim, boqdim, o‘stirdim. U bizning nonimiz va ne’matlarimiz bilan odam bo‘ldi. Biroq nonko‘rlik qilib menga yomon so‘zlar aytmoqda!» — dedi. Xunuk odam vazirning yuziga sachradi: «Ey devon ahli, davlatning ulug‘lari, arkoni! Vazir haq gapni gapiryapti, uning noni va ne’matini yeb o‘sganim uchun shunday haqir va kulgili bo‘ldim. Agar boshqa bir zotning noni suvi bilan o‘ssaydim, yuzim, bo‘yim, qadrim bundan yaxshiroq bo‘lardi. U meni tuproqdan olib turg‘azdi. «Biz sizga yaqin bo‘lgan azobni ravo ko‘ryapmiz. U kun har inson qo‘lining nima qilganini ko‘radi va ishonmagan: koshki, tuproq bo‘lsaydim, der»[15] oyatida buyurilgani kabi qani endi o‘zga bir zot meni tuproqdan olib turg‘azgan bo‘lsaydi. O‘shanda bunchalik kulgili bo‘lmasdim», — dedi.

Olloh odami tomonidan yetishtirilgan bir muridning ruhi top-toza bo‘lib, buzg‘unchi va ikkiyuzlamachi kimsa tomonidan yetishtirilgan kishi mana shu xunuk odam yanglig‘ ojiz, haqir va qayg‘uli bo‘lajak. U doimo taraddudlanib yashaydi, tuyg‘ulari nuqsonli, o‘zi esa yaxshi ishlamaydi.

Olloh mo‘minlarning yoridir. Ularni zulmatdan yorug‘likka chiqaradi. Kofirlarning yordamchisi Tog‘utdir. Ularni yorug‘likdan zulmatga kiritadi. Bular olovdagi kimsalardirki, doimo uning ichida qolurlar.

Toza suv ichidagi har narsani ko‘rsatgani kabi inson ruhi tabiati bilan birga bilim va ko‘zga ko‘rinmagan barcha narsalarni ko‘rsatadi. Osti va ustidagi barcha narsalarga bir narsa qo‘shmay, ayirmay ko‘rsatish xususiyati suvning yaratilishida mavjud. Biroq suvga tuproq yoki boshqa rang aralashsa, bu xususiyat yo‘qoladi.

Ulug‘ Olloh nabiy va valiy zotlar jo‘natdi. Ular ana shu ulkan, toza suvlarga o‘xshaydi. Ollohning bundan maqsadi har bir iflos, kichik suvning o‘tkinchi rangidan va kiridan qutilishi, qutilgandan keyin esa o‘zini pokiza ko‘rishi bilan «men ilgari shunday toza ekanman!» deya xotirlashi, kirlangan, iflos rangini foniy ekanligini bilishga qaratilgan. Qur’onda «Sog‘lomlikdan keyin buzadilar. Olloh bitishmoqni amr etgan narsani parchalaydilar»[16] deyiladi. Nabiylar bilan valiylar ularga eski hollarini eslariga soladi. Uning javhariga yangi narsa qo‘shmaslar. Endi u ulkan suvni tanib: «Men undanman, unikiman», degan har bir kirlangan(kichik) suv unga (katta suvga) aralashgandir. Ulkan suvni tanimagan, o‘zidan ayri ko‘rgan va uni boshqa jinsdan, deya bilgan iflos suv dengizga qorishmaslik uchun bunday ranglar va kirliklarga sig‘indi. Qur’onda «Bir sura nozil bo‘lishi bilan ular bir-birlariga boqadilar va: «Ajabo, bizni bir ko‘rgan bormi?» deydilar va keyin ketadilar. Ular tushunmaydilarki, bir qavmdan bo‘lganlari uchun Olloh ham ular qalblarini qaytarib qo‘ydi»[17] oyatida buyurilganidek, katta suv kichik suvning jinsidandir. Uning nafsidan, uning javharidandir. Buni inkor etish suvning nafsidan emas. Biroq suvning yomon bir o‘rtog‘i borki, uning aksi suvga uradi. U Kichik suvning Katta suvdan yohud dengizdan) hurkishi o‘z nafsidan yoki o‘sha yomon o‘rtoqning aksidan kelayotganini bilmaydi. Bu ham ikki narsani bir-biriga favqulodda qorishganligidan maydonga keladi. Masalan, tuproq yegan bir odam: «Mening bu tuproqqa bo‘lgan maylim tabiatimdanmi, yo‘qsa, tabiatim bilan qo‘shilgan bir kasallikdanmi?» deya buning sababini aniq bilmaydi. Da’voni isbot qilish uchun keltirilgan har bayt, har hadis va oyat ikki shohid kabidir. Bu ikkala shohid har da’vo uchun guvohlik qiladi.

FASL. Unga «U sizni ko‘rishni istamoqda va koshki Xudovandigorni[18] ko‘rsam, demoqda» dedik. Mavlono buyurdiki, u hozir Xudovandigorni ko‘rolmaydi. Chunki uning «Xudovandigorni ko‘rayin!» deya orzu qilishi Xudovandigorni ko‘rishiga mone bo‘lgan bir parda. Hozir uni pardasiz, niqobsiz ko‘rib bo‘lmaydi.

Xuddi shunday, inson xalqning ota-onasiga, yor-birodarlariga hamda yerlar va ko‘klarga, bog‘lar va tog‘larga, qo‘shiqlarga, bilimlarga, ishlarga, ovqatga, sharobga va hokazolarga bo‘lgan orzu, sevgi va shafqatining hammasi, aslida, Tangrini sevmoq va bilmoq ekanini biladi. Bularning barchasi niqob (parda)dir. Odamlar bu dunyodan ko‘chib, Shohni niqobsiz ko‘rishlari bilan bularning hammasini pardalardan iboratligi va istaganlarining barchasi, aslida, bir narsa ekanligini ko‘rar va anglarlar. Shu tarzda. Ularning butun qiyinchiliklari hal etiladi va ichlaridagi har turli so‘roqlar va mushkulotlarning javobini oladilar. Istagan, orzu qilgan narsalarini ro‘yi rost ko‘radilar. Olloh har bir savolga alohida-alohida tushuntirish bermaydi, balki yagona javob bilan butun so‘roqlarni bartaraf etadi. Shu ravishda barcha mushkullar hal bo‘ladi. Masalan, qish kelishi bilan hamma odamlar issiq kiyimlarga o‘ranadilar, daraxtlar ham sovuq urmaslik uchun bori yo‘g‘ini ichiga olib saqlaydi. Bahorning kelishi ularning butun so‘roqlariga javob bo‘ladi. Tangri bu pardalarni bir savobga tayanib yaratmishdir. Agar Olloh jamoli niqobsiz ko‘rinsa, biz unga qarashga tahammul (toqat) etolmaymiz va undan nasibamizni ololmaymiz. Biz ana shu niqoblar vositasi bilan yordam ko‘rayapmiz, yaxshini yomondan ayiryapmiz, isinyapmiz. Daraxtlar va bog‘lar ham uning sharofati bilan meva sohibi bo‘lmoqdalar. Oltin, kumush, la’l va yoqut ma’danlari ham uning ta’siri bilan maydonga chiqadi. Vositalar bilan bizga shuncha foyda keltirgan quyosh yana biroz yaqinlashadigan bo‘lsa, foyda berish u yoqda tursin, hammayoqni kuydirib yo‘q etadi. Ulug‘ Tangri ham toqqa parda ortidan tajalli etadi, shuning uchun tog‘ yam-yashil bo‘ladi, gullarga to‘ladi, bezanadi. Holbuki, pardasiz tajalli etsa, tog‘ ost-ust bo‘ladi. Shunga ko‘ra, Olloh amr etdiki: «Ey Muso! Men seni mumtoz qildim. Senga berganimni ol va muyassar bo‘lgan ne’matingga shukr qilganlardan bo‘l»[19].

Biri: «Qishda ham o‘sha quyosh mavjud emasmi?» — deb so‘radi. Mavlono javob berdi: Bizning bu yerdagi maqsadimiz bir misol bermoqdir. U yerda na tuya va na qo‘y bor. Aql uni jahd bilan anglay olmaydi, shu bilan birga jahd qilishdan voz kechmaydi ham. Agar voz kechsa, aql hisoblanmaydi. Aql anglash va tushunish qobiliyatiga molik bo‘lmaganiga qaramay, Tangrini kecha-kunduz anglash va singdirishda mushohada qilishdan, g‘ayrat ko‘rsatishdan muztarib bo‘lgan va beqaror qolgan narsadir. Aql — parvona, sevgili esa sham kabidir. Parvona o‘zini shamga urishi bilan yonadi, biroq haqiqiy parvona yonguncha sham ziyosidan ayrilmaydi. Agar parvonadek bir hayvon bo‘lsayu, u ham sham nuridan shikoyat etmay, o‘zini unga ursa, parvona bo‘ladi. Agar parvona o‘zini sham ziyosiga ursa-yu, lekin yonmasa, demak, bu sham sham emasdir. Xuddi shunday, xalq bilan qiziqmagan, aksincha, undan noligan, uning uchun jonini kuydirmagan inson inson emasdir. U haqni anglab. his etsa ham, u tushunib, idrok etgan Haq — Haq emas. Inson ishlamoqdan, g‘ayrat ko‘rsatmoqdan qochmagan, Olloh ulug‘ligi atrofida tinimsiz, huzursiz aylangan kishidir. Haq esa insonni yoqadi, yo‘q qiladi va U hech bir aqlga sig‘maydi, hech bir aql bilan anglashilmaydi.

FASL. Parvona dediki, Xudovandigor menga yuzini ko‘rsatmasdan oldin Mavlono Bahouddin uzr so‘radi va Mavlono: «Bizning ziyoratimizga kelmasin va rohatsiz bo‘lmasin. Chunki bizning bir qancha hollarimiz bordir. Bir holda gaplashamiz, boshqa bir holda sukut saqlaymiz, bir holda odamlar bilan qiziqsak, yana bir holda yolg‘iz qolamiz, bir holda esa hayrat va istig‘roq ichra yashaymiz. Hosho! (Xudo saqlasin! — tarj.) Amir shunday hollarning birida ekanimizda kelsa, biz undan hol-ahvol so‘ray olmaymiz, holimiz imkon bermaydi. Shuning uchun do‘stlar bilan gurunglashishga, ularga foydamiz tegishga holimiz bo‘lgan payt o‘zimiz borib, ularni yo‘qlashimiz yana-da xayrliroqdir, deb qaror berdi» — dedi.

Mavlono Bahouddinga Amir: «Mavlono men bilan mashg‘ul bo‘lsin, men bilan gaplashsin, deb emas, balki(qabuliga) musharraf bo‘lib, qullari va muridlari qatoridan joy olish uchun kelyapman. Chunonchi, bir kuni Mavlono mashg‘ul edi, menga yuzini ko‘rsatmadi. Kechgacha meni kuttirgandan keyin meni haydadi. Mavlono buni menga musulmonlar va yaxshi odamlar eshigimga kelganlarida, ularni kuttirib, so‘ngra tezda izlariga qaytarsam, xuddi ana shunday og‘ir bir harakat bo‘lishini bilishim uchun qildi. Boshqalarga nisbatan bunday qilmasligim uchun uning alamini torttirdi. U meni shu bilan tarbiya etdi», — deya javob berdi. Bunga javoban Mavlono buyurdi: Yo‘q, sizni kuttirgandan keyin haydashimiz, sizga nisbatan bo‘lgan inoyatimizdan edi. Hikoya qilishardiki, Ulug‘ Olloh «Ey mening qulim! Sening ehtiyojing va tilagingni tezdagina ado etardim. Biroq sening yolborishing va nolang menga yoqdi. Men ularni ko‘proq eshitishim uchun istagingni kechroq bajaraman» deya amr etdi. Masalan, bir odamning uyi eshigiga ikki faqir keldi. Ularning biri yoqimli va xushro‘y, ikkinchisi esa xunuk va sevimsiz edi. Uy egasi xizmatchisiga: «Anavi xunugiga bir burda non ber va u tezda ketsin, sevimlisiga esa «Hali non pishirmadik. Kutib turing, degin», depti.

Odamlar biz bu dunyo uyida birga edik deyishlari va bir-birlari bilan go‘zal bir tarzda kelishib, bog‘lanishlari kerak. Inson do‘stini tez yo‘qotadi. Chunonchi, kishi bittasi bilan do‘st tutinadi, do‘st uning ko‘ziga Yusuf bo‘lib ko‘rinadi. Shunga qaramay, o‘zining bir tuban harakati bilan sening nazaringdan qoladi. Yusuf kabi bo‘lgan yuzi qora bo‘ladi. Ertaga yana bir sabab bilan bu zot boshqa kimsaga aylansa, sen uning zotini yaxshi bilmaganing uchun uni qanday qilib taniysan? Xullasi kalom, insonda o‘tkinchi bo‘lgan yaxshi va yomon sifatlardan oshib, uning o‘zligiga bormoq va uni obdon tanimoq lozim. Odamlarning bir-birlariga bergan vasflari ularning asliy vasflari emas. Shunday hikoya aytib berishgandi: Bir odam «Men falonchini yaxshi bilaman, uning butun sifatlarini sizga aytib beraman» dedi. Unga «Eshitaylikchi!» dedilar. Shunda ul kishi «U mening cho‘ponim edi, ikkita qora ho‘kizi ham bo‘lardi» deb javob berdi. Xuddi shunday, xalq ham «Falon do‘stni ko‘rdik, uni taniymiz» deydi. Darhaqiqat, ularning odamlar to‘g‘risida bergan ta’riflari haligi zotning birov haqida «Uni taniyman, ikki qora ho‘kizi bor» deyishga o‘xshaydi. Holbuki, bu tavsif kishining alomati bo‘lolmaydi va bu alomat hech bir ishga yaramaydi. Odamning yaxshi va yomonligini bir chetga qo‘yib, uning shaxsiyatining asliga e’tibor bermoq kerakki, ko‘ramiz ul zotning qanday o‘zligi va javhari bordir. Ko‘rmoq va bilmoq mana shunaqa bo‘ladi.

Men xalqning «Avliyolar va oshiqlar makoni bo‘lmagan, surati nomavjud, hech bir xususiyatsiz olamga qanday oshiq bo‘ladilar, undan yordam va dastak oladilar, uning ta’siri ostida qoladilar?» deyishlariga hayronman. Birovni sevib qolgan kishi undan ko‘mak, sevinch va tashvish, bilim va tushuncha olgani holda, bundan hayratlanmaydilaru «Avliyo va oshiqlar qanday qilib olami lo makonga oshiq bo‘ladilar va undan yordam ko‘radilar?» deya hayron bo‘ladilar.

Bir faylasuf bu ma’naviyatni inkor qilardi. Bir kun u kasalga chalindi. Qo‘l-oyoqdan qoldi. Nihoyat, ruhoniy bir hakim uni yo‘qladi va «Nima istaysan?» deb so‘radi. Faylasuf «Sog‘liq», deb javob berdi. Ruhoniy hakim esa «Sog‘liqning shaklini, vasflarini qanday ekanini tushuntirki, men topib keltiray» dedi.Faylasuf «Uning xususiyati, shaklu shamoyili yo‘q», degach, hakim «Modomiki, u xususiyatsiz bir narsa ekan, qanday qilib uni talab qilasan? Yaxshisi, sen uni menga tushuntir, nima o‘zi sog‘liq?» deb qistadi. Kasal shunday javob berdi: «Shuni bilamanki, sog‘liq kelishi bilan quvvatga kiraman, to‘lishaman, rangim ham qizarib, o‘zim yosh va nash’ali bo‘laman». Hakimning «Men sendan sog‘liqning o‘zini, zotini so‘rayapman» degan xitobiga betob: «Bilmayman, u xususiyatsiz» dedi. Hakim «Agar musulmon bo‘lib, mazhabingdan qaytsang, seni davolayman, senga sog‘liq baxsh etaman», dedi.

Mustafodan (Ollohning salom va saloti bo‘lsin) «Bu ma’nolar xususiyatsiz (xossasiz) bo‘lishlari bilan birga, suratlari vositasida ulardan foydalanmoq mumkinmi?» deya so‘rashganida, ul zot «Mana yer bilan osmonning surati. Bu surat vositasida sen u kulliy ma’nodan fikr ol, foydalan» deb buyurdi.

Falakning aylanishi bilan koinot uzra tasarrufni, bulutlarning rosa vaqtida yomg‘ir yog‘dirishini va yozu qish zamonlari almashishini ko‘rayapsan. Bularning hammasi bir hikmat va savobga tayanadi. Jonsiz bo‘lgan bulut vaqtida yomg‘ir yog‘dirishni qayerdan bilsin? O‘simlikka qara, bir o‘ringa o‘nni berayotgan tuproqqa boq! Bularni bir zot qilayapti. Sen xuddi ana shu asllikni ko‘r. Bu olam vositasida mazkur ishlarni bajarganni talab et va undan yordam so‘ra. Inson suratidan uning ma’nosini qanday anglayotgan bo‘lsang, odam surati vositasi yordamida Uning ma’nosidan ham xabardor bo‘l.

Payg‘ambar sarhush bo‘lib, o‘zidan ketgan paytlarida «Olloh aytdi», derdi. Zohiran uning tili shunday so‘ylar edi. Aslida u (til — tarj.) orada yo‘q edi, so‘zlarni Tangrining o‘zi so‘ylardi. Chunki u (payg‘ambar — tarj.) avvallari bunday so‘zlarni bilmas edi. Endi u qachonki, bu so‘zlarni aytishi bilan o‘zining ilgarigi emasligini anglar va bularning barchasi Ollohning tasarrufidan iborat ekanligini bilardi.

Mustafo (S.A.V.) o‘zining vujudga kelishidan ming yillar oldin yashagan va o‘lib ketgan insonlardan, payg‘ambarlardan, oxir zamongacha dunyoning nima bo‘lishidan, arsh va kursidan xabar bergandi. Uning borlig‘i o‘tmishga tegishli edi, muhaqqaqqi, bu xabarlarni keyin vujudga kelgan borlig‘i bermayotgan edi. Keyin paydo bo‘lgan (hodis) narsa eskidan mavjud bo‘lgandan (qadimdan) qanday xabar bera oladi? Ko‘rinadiki, bularni u (payg‘ambar — tarj.) so‘ylamagan, balki Olloh so‘ylagandir. Chunki Qur’on «U orzu bilan ham so‘z so‘zlamaydi. So‘zi vahiydan boshqa narsa emas»[20], deya buyurgan.

Olloh har qanday sas va harfdan pokiza. Uning so‘zi sas va harfdan tashqaridadir. Faqat so‘zini o‘zi istagan har harf, har sas va har tildan chiqaradi. Masalan, yo‘llar ustida va karvonsaroylarda har bir hovuz boshida toshdan odam yoki qush yasab qo‘yganlar. Ularning og‘zidan suv chiqib, hovuzga quyiladi. Aqlli odamlarning hammasi suvning tosh odam yohud tosh qush og‘zidan chiqmayotganini, balki boshqa yoqdan kelayotganini biladilar.

Insonni tanimoqchi bo‘lsang, uni gapga sol so‘zidan uning kim ekanligini bilib olasan. Chunonchi, birov kissavur bo‘lsayu unga «Insonning so‘zidan bilishadi» deyishsa, u mirshab tanib qolmasligi uchun hech gapirmaydi. Quyidagi hikoya ham shunga o‘xshaydi: Kichkina bir bola cho‘lda onasiga «Ona, tunda menga shaytondek qo‘rqinchli sharpa ko‘rinyapti, qo‘rqyapman», dedi. Ona bolasiga «Qo‘rqma, sharpa ko‘zingga ko‘rinishi bilan unga qarab jasorat bilan otilki, buning xayol ekanini bilasan» dedi. Shunda bola «Oh onajonim, agar u sharpaga ham onasi shunday nasihat qilgan bo‘lsa, men nima qilaman? Agar unga «Gapirma, ko‘rinmaysan!» degan bo‘lsa, men uni qanday taniyman?» dedi. Ona «Uning oldida gapirma, o‘zingni unga ot va kut, balki og‘zidan biror so‘z chiqar. Agar uning og‘zidan hech so‘z chiqmasa, istar-istamas sening og‘zingdan bir so‘z chiqadi. Yoki sening qalbingda bir tushuncha yohud so‘z paydo bo‘ladi. Xuddi ana shu tushuncha yoki so‘z orqali uning (sharpaning — tarj.) ahvolidan xabardor bo‘lasan. Chunki u senda bir fikr tug‘ilishiga sabab bo‘lgandir. Sening ichingda vujudga kelgan o‘sha so‘z va fikr uning tushuncha va ahvolining aksidir» deb javob berdi.

Shayx Muammad Sarroziy (Olloh rahmat qilsin) muridlari davrasida o‘tirgandi. Muridlardan birining ko‘ngli kalla kabobi tusadi. Shayx «Darhol bunga kalla kabobi keltiring», dedi. Boshqalar «Uning kabob istaganini qayerdan bildingiz?» deb so‘radilar. Shunda shayx «O‘ttiz yillar men uchun kerak bo‘lgan narsa qolmagan. Men lozim narsalarning barchasidan o‘zimni tozalaganman, poklaganman. Nihoyat, men oyna kabi toza va porloq bo‘ldim. Endi esa mening ko‘nglim kalla kabobini istadi va bu menga tegishli emas edi, balki falonchi istagi mening oynamda aks etardi. Chunki oynaning o‘zi sof va shaklsizdir. Unda biror shakl ko‘rinsa, demakki, bu o‘zganing shaklidir», dedi.

Bir aziz kishi maqsadning hosil bo‘lishi uchun chilla o‘tirdi. Unga «Bunday bir yuksak orzu chilla bilan hosil bo‘lmaydi. Undan chiq, ulug‘ bir zotning nazari senga tushsin va shu tarzda orzuingga yetishasan» deya g‘oyibdan bir ovoz keldi. U «Ulug‘ zotni qayerdan topayin», deyishi bilan «Masjiddan» degan sas keldi. Aziz kishi «Ko‘p odamlar orasidan uni qanday taniyman» degach, sas «Boraver, u seni taniydi. Seni tanishining belgisi — qo‘lingdagi ko‘zaning tushishi va sening o‘zingdan kechishingdir. Shu vaqtda uning senga qaraganini tushunasan», dedi. Aziz o‘shanday qildi. Ko‘zani to‘ldirdi va masjiddagi jamoatga suv tarqata boshladi. U odamlarga suv berib yurarkan, ilkisdan o‘zida bir hol paydo bo‘lganini bildi va «oh» deya yiqildi. Ko‘za qo‘lidan tushdi. Sarhush holda masjidning bir burchagida qoldi. Hamma ketib bo‘lgandi. O‘ziga kelganda, ko‘rdiki, u yerda qolgan odam uning bir o‘zi, ulug‘ zot ham yo‘q edi. Ammo maqsadiga erishgandi.

Ollohning shunday qullari borki, Tangri ularni qizg‘angani va juda buyuk bo‘lganlari tufayli ko‘rinmaydilar, biroq ular toliblarni (haqiqatni izlaganlarni) maqsadlariga yetishtiradilar. Xuddi shunday, buyuk podshohlar ham nodir va nozik bo‘ladilar.

Biz undan so‘radikki, sizning yoningizga kelishayaptimi? U «Bizning yonimiz ham, oldimiz ham qolmadi. Zotan anchadan beri yo‘q edi. Agar kelishayotgan bo‘lsa, o‘sha inonilgan, tasavvur etilgan mavhum borliqqa kelishmoqda». Isoga (Ollohning salomi bo‘lsin) «Sening uyingga kelayapmiz» dedilar. U Bizning bu dunyoda uyimiz qayerda va qachon uyimiz bo‘lgan?» deya javob berdi.

HIKOYA. Rivoyat qiladilarki, Iso alayhissalom qirda kezib yurardi. Shu payt shiddatli yomg‘ir yog‘a boshladi va u bir qoraquloqning uyasiga kirib, yomg‘irning tinishini kutdi. Vahiy keldiki, qoraquloqning uyasidan chiq, chunki bolalari sen tufayli tinchlanolmayotir. Iso «Ey Ollohim! Qoraquloqning bu dunyoda jon saqlaydigan joyi bor, meniki esa yo‘q (Hadis). Qoraquloq bolalarining uyasi bo‘lgani holda, Maryam o‘g‘lining na boshpanasi, na uyi va na maqomi bor» deb faryod etdi. Xudovandigor buyurdiki qoraquloq bolalari uyining mavjudligi ularni tashqariga surib tashlashga sabab bo‘lolmaydi. Sening esa bunday bir uydan ketganing bor. Uying bo‘lmasa ham undan ketmoqlikning lutfi va senga tegishli shunday mukofotga sazovor bo‘lmoq sharafi seni tashqarida qoldirmoqda. Bu esa yuz minglarcha yeru ko‘kka, dunyo va oxiratga, arshu kursiga badaldi, balki yana ham ko‘proqdir, ulardan afzalroqdir. Shunday ekan nechun qo‘rqasan?

Buyurdiki, amir keldi va biz unga tezdagina ko‘rinolmadik. Bundan u xafa bo‘lmasligi lozim. Chunki ushbu ziyoratdan maqsad — bizning nafsimizni yuksaltirmoqmi yoki o‘zining? Agar nafsimizni yuksaltirmoq g‘arazi bilan kelgan bo‘lsa, yanada ko‘proq o‘tirib, kutmog‘i kerak. Shu yo‘sinda bizlarni yanada aziz tutgan bo‘ladi. Agar uning maqsadi savob qozonmoq esa, kutgani va kutib zahmat chekkani uchun savobi yana ortadi. Shuning uchun amir nima niyat bilan kelgan bo‘lsa ham, maqsadi ortig‘i bilan hosil bo‘lganidan sevinmog‘i kerak.

FASL. «Bu qalblar bir-birlarini ko‘rmoqdalar» so‘zi har kimning dilida mavjud bo‘lgan bir narsadir. Mazkur hikoya ular uchun kashf qilinmagan. Yo‘qsa «Modomiki, qalb shohidlik bermoqda, so‘zga ne hojat, so‘zning shohidligiga ehtiyoj bormidi?» deyisharmidi?

Amir Noib «To‘g‘ri, qalb shohidlik beradi, biroq ko‘ngilning o‘ziga xos zavqlanishi bor, shu bilan birga, quloq, ko‘z va tilning ham alohida xushlanish xususiyati bor. Shunga ko‘ra, foydalaridan istifoda etmoq uchun ularning har biriga ehtiyoj mavjuddir», dedi. Mavlono buyurdiki, agar ko‘ngil istig‘roq (g‘arq bo‘lish, tolish — tarj.) holida esa, hamma narsa u bilan mahv bo‘ladi va tilga ehtiyoj qolmaydi. Layli rahmoniy emas, balki jismoniy va nafsiy edi. Tuproq va suvdan maydonga kelgandi. Faqat uning ishqida shunday bir istig‘roq mavjud bo‘lganidan Majnunni shu qadar rom etdi va botirdiki, endi Laylini ko‘rish uchun ko‘zga, so‘zini eshitmoq uchun sasga muhtoj emasdi. Axir, Laylini o‘zidan ayro ko‘rmas edi-da…

She’r: (Sening xayoling mening ko‘zimdadir. Isming tilimda. Zikring dilimdadir. Shunday ekan, qayerga maktub yozay?)

Jismoniy bo‘lgan bir kimsada shunday bir qudrat bormiki, o‘zini bundan ortiq ko‘rsin hamda ko‘rish, eshitish, hidlash, ta’m bilish va hokazo barcha tuyg‘ulari unda g‘arq bo‘lsin? Lazzatlarning hammasini bir yerga to‘plasin va tayyor holda ko‘rsin. Agar aytilgan a’zolardan biri qanday zavq olsa, qolgan a’zolarning barchasi shu zavq va lazzatga g‘arq bo‘ladilar hamda o‘zga bir lazzat istamaslar. Agar tuyg‘ulardan birontasi bundan boshqa lazzat istasa, demak, bu — haligi yagona a’zoning tamomila boshqa lazzat olganidan yoxud undan mutlaqo bahramand bo‘lolmaganidan dalolat beradi. Har holda, u (tuyg‘u) lzzatga arq bo‘lmaganidan qolgan tuyular boshqa lazzat qidiradi va turli-tumanlikni xohlaydi. Har bir tuyg‘u boshqa-boshqa lazzat olmoqchi bo‘ladi. Insondagi tuyg‘ular ma’no nuqtai nazaridan yagona va ja’m, ko‘rinishidan esa ayri-ayridir. Bir a’zoda istig‘roq hosil bo‘lishi bilan boshqa tuyg‘ular ham unga g‘arq bo‘ladilar. Masalan, pashsha uchganda butun a’zolari — qanotlari, boshi bilan harakat etadi. Ammo asalga botib qolganda esa, uning barcha a’zolari — parchalari birlashadi va harakat etolmay qoladi. Istig‘roq shunday holdirki, bu holda bo‘lgan kishi shu orada yo‘q bo‘ladi va uning hech bir harakati, g‘ayrati, ishi o‘zidan maydonga kelmaydi. U butunlay suvga botib, yo‘q bo‘ladi. Undan ko‘rilgan har bir harakat va ish o‘ziniki bo‘lmay, suvga tegishlidir. Agar hanuz qo‘l-oyog‘ini u yon bu yon urib tursa, yohud «Voy, botdim!» deya baqirib-chaqirsa, bu holga istig‘roq deyilmas. «Men Haqman» (Anal — Haq) deyishni odamlar buyuklikni da’vo qilish hisoblaydilar. «Men Haqning quliman» degan kishi ikki borliqni — o‘z va Tangri borlig‘ini istibotlagan bo‘ladi. Holbuki, «Men Haqman» degan o‘z borlig‘ini yo‘q qilgani uchun «Anal Haq» demoqda. Yaxni Men yo‘qman, barchasi Udir. Tangridan boshqa borliq yo‘qdir. Men mutlaqo yo‘qlikman, hechman. Bu so‘zda kamtarlik ko‘proq emasmi? Ammo xalq buning ma’nosini tushunmayapti. Agar inson Ollohga faqat Olloh rizosi uchun qullik qilsa, uning qulligi ayondir. Olloh uchun bo‘lsa-da, o‘zini, o‘z ishini va Tangrini ko‘radi. Bunday kishi suvga g‘arq bo‘lgan bo‘lolmaydi. Suvga g‘arq bo‘lgan zot harakatsiz kishidir, uning harakati suvning harakati hisoblanadi. Mana shundagina u chinakamiga suvga botgan bo‘ladi.

Arslon jayronni quvdi. Ular ikkita borliq edi. Ammo arslon o‘ljasiga yetib, uni panjalariga orasiga olganda, jayronning hushi boshidan uchdi, borlig‘i yo‘q bo‘ldi, o‘zini yo‘qotdi. Bu onda yolg‘iz arslonning borlig‘i mavjuddir. Jayronning borlig‘i esa yo‘q bo‘lgandir.

Istig‘roq Ulug‘ Tangrining avliyoni o‘zidan qo‘rqitishi va bu qo‘rquvning Haqdan, ishonchning Haqdan, sevinch va xurramlikning Haqdan, ovqat va uyquning Haqdan ekanligini unga kashf qildirmog‘idir.

Ollohu akbar unga ko‘zi ochiqligida, bedorligida maxsus bir shakl ko‘rsatadi: bu yo arslon, yo qoplon va yo olov shaklidir. Tangri bularni unga bu olamdan emas, balki g‘ayb olamining shakllari ekanligini bildirish uchun ko‘rsatadi. Xuddi shunday, o‘z suratini ham ulug‘ go‘zallik ichra-bog‘lar, bo‘stonlar, nahrlar, hurlar, qo‘shiqlar, oziq-ovqatlar, sharoblar, xilatlar, buroqlar, shaharlar, uylar va boshqa turli-tuman ajoyibliklar holida namoyish etadi. Avliyo bularni haqiqatan ham ushbu olamdan emasligini biladi. Tangri bularni uning ko‘ziga ko‘rsatib, tasavvur ettiradi va shu tarzda qo‘rquvning Ollohdan bo‘lganligi haqiqati hosil bo‘ladi. Ishonch Tangridandir. Butun orom va mushohadalar Undandir. Xuddi shuning uchun ham avliyoning (Ollohdan-tarj.) qo‘rquvi halqning qo‘rquviga o‘xshamaydi. Chunki bularning barchasidan ko‘ringan narsa Ollohdir, biroq buni qayd qilib bo‘lmas. Hammasini o‘zidan hosil bo‘lganini Tangri unga (avliyoga-tarj.) ochiq-oydin ko‘rsatgan. Faylasuf ham bundan xabardor. Biroq u dalil orqali biladi. Dalil doimiy emas, undan tug‘ilgan go‘zallikning, zavqning umri ham qisqadir. Sen (faylasufga-tarj.) dalil ko‘rsatguningcha, u o‘zini mamnun va pokiza his etadi. Dalilni namoyish qilganingdan keyin esa, uning ahvoli o‘zgaradi, biroz oldingi harorat va mamnunlikdan asar ham qolmaydi. Masalan, kishi dalil orqali bir uyning quruvchisi bo‘lganligini anglaydi. Yana bir dalil bilan esa uyni qurgan ustaning ko‘zlari ko‘r emas, ochiq bo‘lganligini, quvvatli bo‘lib, ojiz bo‘lmaganini, yo‘q emas, bor, o‘lik emas, tirik bo‘lganligini va bu uy qurilmasdan avval (quruvchining-tarj.) mavjud ekanligining shohidi bo‘ladi. Biroq bularni bilgani holda, dalil davomli bo‘lmagani uchun tezdagina hammasini unutadi. Lekin oriflar uy quruvchisini taniganlari, unga xizmat qilganlari va uni aynal-yaqin ila ko‘rganlari uchun, birgalikda yeb-ichganlari, munosabatda bo‘lganlaridan u (usta) (oriflarning-tarj.) ko‘z o‘ngilaridan ketmas, tasavvurlaridan yo‘qolmas. Shuning uchun ham bunday kishi Haqqa yaqin bo‘ladi. Gunoh endi uning uchun gunoh hisoblanmaydi, ayb ayb sanalmaydi. Chunki u Ollohda yo‘q bo‘lmishdir.

Bir podshoh qullariga «mehmon kelyapti, qulingizga qadah oling» deya buyurdi va o‘ziga eng yaqin bo‘lgan quliga ham «Bir qadah ol!» amrini berdi. Bu esa ul shohning yuzini ko‘rishi bilan o‘zidan kechdi, boshi aylandi va qadah qo‘lidan tushib, sindi. Ahvolni ko‘rgan o‘zga qullar «Demak, shunlay qilsa bo‘lar ekan» deb, bilganlari holda, qadahlarni yerga otdilar. Shoh «Nega bunday qildingiz?» deya ularni koyidi. Ular «Eng yaqiningiz bo‘lgan qul ham shunday qildi-ku!» dedilar. Hukmdor «Ey ahmoqlar! Buni men qildim, u qilmadi», deb javob qaytardi. Qilingan bu harakatlarning hammasi zohiran gunoh edi. Biroq o‘sha birgina qulning harakati toat edi. Bu harakat hatto butun gunohlaru savoblardan afzalroq edi. Maqsad — o‘sha qul, qolgan qullar esa shohning buyrug‘i edi. Shuning uchun ham barcha qullar shohning o‘sha qulining buyruqlari sanalardi. Chunki bu qul shohning o‘zidir, qullik unda suratdan boshqa narsa emas va u podshohning go‘zalligi bilan to‘ladir.

Ulug‘ Tangri «Sen bo‘lmasayding, falaklarni yaratmasdim» deya amr etadi. Ya’ni falaklarni o‘zim uchun yaratdim. Boshqacha aytganda, «Men Haqman!» demakdir.

Ulug‘larning so‘zlari agar yuz turli bo‘lsa ham, modomiki, Haq va yo‘l tanhodir, demak, so‘z ham ikkita bo‘lolmaydi. Ikkita so‘z zohiran har na qadar bir-biriga mos va uyg‘un ko‘rinsa-da, ma’no nuqtai nazaridan (ular) birdir. Ayriliq-ko‘rinishda. Ma’no e’tibori bilan ularning hammasi birlashgandir. Masalan, bir amir chodir tikishni buyursa, (xizmatkorlarining) biri ip tayyorlaydi, boshqasi mix qoqadi, biri bo‘z to‘qisa, yana biri tikadi… Bu harakatning barchasi ko‘rinishdan turli-tuman va boshqa-boshqa ishlar bo‘lsa ham ma’no jihatidan birdir. Chunki ularning hammasi bir ish qilmoqdalar, demakdir. Dunyoga ham diqqat bilan qarasang, shu holni ko‘rasan. Hamma narsa Tangriga qulligini bajo keltiradi. Ollohga qarshi chiqqan fosihu shayton. Unga itoat qilgan solihu malak… barchasining Tangriga qullik vazifasini ado etayotganliklari ko‘rinadi. Masalan, bir podshoh o‘z qullari orasidan qaysi biri sabotli-yu, qay biri sabotsiz, qaysi vafodoru qay biri vafosiz, so‘zida turgan kimu turmagan kim ekanligini bilish uchun turli vositalar bilan ularni sinamoqchi bo‘ldi. Buning uchun, ya’ni sabrlini sabrsizdan farqlamoq uchun vasvasali va hayajonli kimsaga ehtiyoj bordir. Agar (bular) bo‘lmasa, uning sabri qanday bilinadi? Tangri sabotlidan sabotsizni ayirmoq uchun bir shamol yubordi. Bu bilan pashshani bog‘dan, daraxtlardan uzoqlashtirmoq istadi. Shu tarzda pashsha ketib, sobit bo‘lganlar qoldi.

Bir malik odamlaridan qaysi biri xoinu, qay biri sodiq ekanini sinab bilmoq uchun joriyasiga «O‘zingga oro ber va qullarimning oldiga bor!» deya buyurdi. Ko‘rinishdan joriyaning bu harakati gunohga o‘xshasa ham aslida bunday emas, chunki u shohning buyrug‘ini ado etayapti, xolos.

Tangrining bu kishilari Tangriga qullikning (yaxshi) yoki yomon darajada bajarayotganliklarini, Ollohning toati bilan mashg‘ulliklarini dalilsiz, hatto pardasiz holda ko‘rdilar. Bu xususda Qur’onda «Yetti osmon, yer va ulardagi bor jonzot Ollohni, poklar. Mavjud bo‘lgan barcha narsa hamdu sano aytish bilan U zotni poklar. Lekin sizlar (ey insonlar), ularning tasbeh aytishlarini — poklashlarini anglamassizlar. Darhaqiqat U haliym va mag‘firatli bo‘lgan zotdir»[21], deya amr etilgan. Shuning uchun ularga bu dunyo qiyomat hisoblanadi. Chunki qiyomatning ma’nosi har kimning Tangriga qullikni ado etishi va (yohud)o‘zga ish bilan mashg‘ul bo‘lishidan iboratdir. Ular bu ma’noni «Parda ko‘tarilsa-da, bilimim ortmas» so‘zida bo‘lgani kabi shu olamda ko‘rmoqdalar.

«Olim» kalimasining ma’nosi lug‘atda orifdan ustun va ma’noli demakdir. Chunki Tangriga Olim deyiladi. Biroq orif demoq joiz emas, Orif deganda oldin bilmay, keyin o‘rgangan degan ma’no tushuniladi va shuning uchun bu Ollohga nisbatan aytilmasligi kerak. Shunga qaramay, urf-odat nuqtai nazaridan (so‘zning) ishlatilishiga ko‘ra ma’nosi ko‘pdir. Chunki orif urf-odat bo‘yicha olamni dalilsiz holda ko‘zi bilan ko‘rgan va kuzatgandir. Olimning (esa) yuz zohiddan afzal ekanini gapirishadi. Chunki zohid ilm bilan zohid bo‘lgan. Ilmsiz zuhd bo‘lmaydi.

Zuhd nimadir? Dunyodan yuz o‘girmoq, toat va oxiratga tavajjuh (yuzlanish-tarj.) etmoqdir. Buning uchun inson dunyoni, uning chirkinligini, vafosizligini vva oxirat go‘zalligini, uning doimiy va boqiy ekanligini bilishi kerak. Chunonchi, «Nima qilay, qanday toat bilan mashg‘ul bo‘lay?» deya jahd etish ham boshdan oyoq ilmdir. Shunday ekan, ilmsiz zuhd bo‘lmaydi. Shu e’tibor-la, zohid ham olim, ham zohiddir. Va «Bir olim yuz zohiddan afzaldir» fikri ayni haqiqatdir.

Bu ilm va zuhddan boshqa yana bir ilm bordirki, Tangrining zotiga tegishlidir. Mazkur ikkinchi ilm zuhd va ilmning samarasidir. Bunga sohib bo‘lgan olim yuz zohiddan emas, balki yuz ming zohiddan ham ustundir. Olloh buni istaganiga (bandasiga-tarj.) beradi.Bu shunga o‘xshaydi. Masalan, bir odam bitta ko‘chat o‘tqazdi va u katta bo‘lib meva berdi. Shu mevali yolg‘iz daraxt meva bermagan yuzta daraxtdan yaxshiroqdir. Yana bir misol: Ka’baga yetgan bir hoji Ka’ba sari otlangan, biroq hali yetib kelmagan va yo‘llarda harakatlanayotgan, Ka’baga muyassar bo‘lishlari gumon bo‘lgan hojilardan afzalroqdir. Chunki Ka’ba jamoliga musharraf bo‘lishlik haqiqatan ham o‘sha birgina hojiga nasib etmish. Bor haqiqat yuz dona shubhadan a’lodir.

Amin-i Noib «Erishmaganning ham umidi bor» dedi. Mavlono buyurdiki, umidli bilan erishgan o‘rtasida qo‘rquvi ishonch va orasidagi qadar farq mavjud. Bu tafovutni so‘ylashga nima hojat bor? Uni hamma biladi. Bahs mavzusi bo‘lgan narsa ishonchdir. Ishonchdan ishonchga ham farq bor. Chunonchi, Muhammadning (Ollohning salom va saloti bo‘lsin) o‘zga nabilardan ustunligi ishonch bilan bog‘liqdir. Chunki barcha payg‘ambarlar ishonchda sobit, qo‘rquvdan esa ozod edilar. Biroq Qur’onda «(Ey Muhammad), Parvardigoringizning rahmati (bo‘lmish payg‘ambarlik)ni o‘shalar taqsimlaydilarmi? (Yo‘q, aslo undoq emas!) Ularning hayoti — dunyodagi maishat-tirikchiliklarini ham ularning o‘rtalarida Biz O‘zimiz taqsimlaganmiz va ba’zilari ba’zilarini qo‘l ostiga olib (ishlatish) uchun ayrimlarini ayrimlaridan baland daraja — martabalarga ko‘tarib qo‘yganmiz. Parvardigoringizning rahmati — payg‘ambarlik esa ular to‘playdigan narsa (mol-dunyo) laridan yaxshiroqdir»[22], deya amr qilinganidek, ishonchda ham bir qancha darajalar bor. Ammo qurquv va uning darajalari to‘g‘risida bir alomat ko‘rsatish mumkinu ishonch darajalarining alomati yo‘qdir. Odamlar Olloh yo‘lida nimani fido qilmoqdalar, deya qo‘rquv olamiga nazar solinsa, kim jonini, kim molini, kim jismini bag‘ishlagani, birovning ro‘za tutgani va yana boshqasining tutmagani ma’lum bo‘ladi. Kimdir o‘n rakat, kimdir yuz rakat namoz o‘qiydi. Shunga ko‘ra, bularning manzillarini tasavvur qilish mumkin. Ularni ko‘rsatsa ham bo‘ladi. Bu go‘yo Ko‘nyodan Qaysarigacha bo‘lgan masofada Kaymaz, O‘bro‘k va Sulton kabi manzillarning ma’lum bo‘lishiga o‘xshaydi. Biroq Antalyadan Iskandariyagacha bo‘lgan uzunlikdagi dengiz yo‘lida esa manzillar alomati yo‘qdir. Buni faqat kema darg‘alari biladilar, ammo qora xalqqa hech narsa aytmaydilar. Aytgan bilan ular tushunmaydilar.

Amir «Bunday aytishning ham muayyan foydasi bordir. Ular ozginasini bilsalar ham anglaydilar va taxmin etadilar» dedi. Mavlono buyurdiki, Faraz qilaylikki, bir odam kunduz bo‘lishini kutib, kechasi mijja qoqmadi. Kunduzga qanday borilishini bilmasa ham, u baribir niyatiga yetishadi. Yohud kechasi karvonning orqasiga qo‘shilgan kishi qayerdan o‘tganini, qayerga borganini va qanday yo‘l bosganini bilmasa ham, tong otishi bilan ushbu harakatning samarasini ko‘radi. Chunki u muayyan manzilga kelgan bo‘ladi. Nihoyat, kimda kim Olloh uchun ikki ko‘zini berkitsa, uning chekkan zahmati behuda ketmagay va «Bas, kim (hayoti — dunyodalik paytida) zarra misqolichalik yaxshilik qilsa, (qiyomat, kunida o‘shani ko‘rur»)[23]. Faqat insonning ichi qorong‘u va pardali bo‘lgani uchun qancha ilgarilaganini hozir ko‘rolmasa ham oxirida mutlaqo anglaydi. «Dunyo oxiratning dalasidir» (Hadis), deya buyurilganiday, inson bu yerda (dunyoda — tarj.) nima eksa, u yerda (oxiratda — tarj.) o‘shani o‘radi.

Iso alayhissalom ko‘p kulardi, Yahyo alayhissalom esa ko‘p yig‘lardi. Yahyo Isoga «Sen Tangrining nozik hiylalaridan uzoq bo‘lganing uchun kulayapsanmi?» dedi. Bunga javoban Iso «Sen (esa) Tangrining inja, latif va ajoyib lutflaridan xabaring bo‘lmagani uchun yig‘layapsanmi?» dedi. Hodisadan voqif bir avliyo Ollohdan «Bulardan qay birining maqomi yuksakroqdir?» deb so‘ragach, «Menga nisbatan yaxshi niyatda bo‘lgani afzalroqdir» (Qudsiy hadis) javobini oldi.»Men qulim xayol qilgan joydaman» (Qudsiy hadis), ya’ni men bandamning taxmini bor yerdaman. Har bir qulimning ichida mening bir xayolim va suratim bordir. U meni qanday tahayyul etsa, men o‘sha xayoldaman. Ey mening qullarim! Xayollaringizni poklangizki, u yer mening maqomim va yerimdir, demakdir. Men Tangri bor bo‘lgan shu xayolning bandasiman. Haq mavjud bo‘lmagan haqiqatdan siqilaman.

Endi sen o‘zingni sina, kulmoq va yig‘lamoq, ro‘za va namoz, yolg‘izlik va birgalik… hamda bunga o‘xshash narsalarning qay biri senga foydali? Qaysi yo‘ldan borsang, ahvoling tezroq yaxshilanadi? O‘ylab ko‘r va sening ilgarilashingni qaysi ish ta’min etsa, sen o‘shani qil. Muftilar har qancha fatvo bersalar ham sen olimning fatvosiga quloq os. Sening ichingda bir ma’no bor. Sen uni ko‘rsatginki, uyg‘un bo‘lganini tanlab olsin. Masalan, xastaning oldiga kelgan hakim ishni, avvalo, kasalning ich hakimidan so‘rashdan boshlaydi. Sening ichindagi ich hakim mizojingdir. U narsani yo qabul etadi yoki yo‘q. Shuning uchun ham, tashqaridan kelgan hakim undan «Falon narsani yeganda, o‘zingni qanday his qilding?» kabi so‘roqqa javob oladi. Va shunga ko‘ra tashhis qo‘yadi. Bunga asos bo‘lgan narsa o‘sha ich kiyim — inson mijozidir. Mabodo, bu hakimning faoliyati buzilsa, shakarni achchiq, sirkani shirin, deydi. Shuning uchun betob o‘z mijoziga (ich hakimiga) yordam berish va uni avvalgi holatiga keltirish uchun chet hakimga muhtoj bo‘ladi. Keyinroq esa u yana o‘zini o‘z hakimiga ko‘rsatadi va undan yo‘l-yo‘riq oladi. Xuddi shunday, insonning ham muayan ma’naviy bir mijozi mavjuddirki, agar u zaiflashsa, ichki tuyg‘ularning aytgan va ko‘rgan narsalari aksincha bo‘ladi. Avliyolar mana shu mijozning yaxshilanishi va quvvat olishi uchun yordam qilgan hakimlardir. Chunki hatto Payg‘ambar alayhissalom ham «Narsalarni menga bo‘lgani kabi ko‘rsat» (Hadis), deya Tangriga yolborgandi.

(Davomi bor)

06

(Tashriflar: umumiy 17 602, bugungi 7)

7 izoh

  1. Ажойиб ажойиб сайт, ажойиб сахифалар, ажойиб дурдоналар!!! Устоз ХУРШИД ДАВРОН Сизга минг бор ташаккур ва яратганнинг неъматлари ёгилсин! Шунинг учунки сиз зоти улуг марифатпарвар, узбек адабиётининг олмосдек намояндаси шунчалик дурдоналарни йигиб ушбу сайтга жойлаганингиз учун. Сиздек хазрати инсонлар бор экан бизнинг адабиётимиз улмас! Узим шифокорман олмон юртида лекин биздек адабиёт шайдолари учун сиз устозсиз!

  2. Жуда хам укимишли сайт Хуршид ака. Сизнинг сайтингиздан хамма масала буйича материал топиш имкони бор. Сиз минг марта рахмат!!!!

  3. Ассалому алайкум !
    Хар куни имкон булиши билан манавий озука оламиз !
    Ижодингизга ва бу сайтга янги гоя ва фикрлар тилайман!

  4. Рахмат мартабанггиз улуг булсин омин !

Izoh qoldiring