Sayyid Abdulqodir Giloniy. «Sirru-l-asror»dan

072    Ислом дунёсининг ақтоби арбаа (тўрт қутби)га мансуб ва қодирийлик тариқатининг муассиси бўлмиш Саййид Абдулқодир Гилонийнинг «Сирру-л-фи ма йаҳтажжу илайҳи-л-аброр» («Азиз ва пок кишилар тоифасининг эҳтиёжларига аталган сирларнинг сири») асаридан намуналарни тақдим этмоқдамиз.

САЙЙИД АБДУЛҚОДИР ГИЛОНИЙ
«СИРРУ-Л-АСРОР»ДАН
Aраб тилидан О.Жўрабоев тарижимаси
09

065Тўла исми Абу Муҳаммад Муҳйиддин Абдулқодир ибн Абу Солиҳ Абдуллоҳ (арабча: عبدالقادر الجيلاني‎; форсча: عبدالقادر گیلانی‎‎) бўлиб, Эроннинг Гилон (Жилон) кентида туғилган ва Боғдодда вафот этган. Оталари Абу Солиҳ бинни Мусо Жангидўст шариф Ҳазрати Ҳасан (р.а) авлодларидан, оналари Уммихайр Фотима саййида бинни Абу Абуллоҳ Ҳазрати Ҳусайн (р.а.) авлодларидандир.

Ислом дунёсининг ақтоби арбаа (тўрт қутби)га мансуб бу зот қодирийлик тариқатининг муассиси бўлган. Бу тариқатнинг бош дастури «машғуллик ила фориғлик» (ўзинг дунё билан машғул бўлган пайтда дилинг ундан фориғ бўлсин)дир. «Аҳд» билан кирилмоғи лозим бўлган бу тариқат Миср, Андалус, Шом, Бағдод, Онадўли, Марказий Осиё ва Ҳиндистон ҳудудларида тарқалган ва кейинги 29 тариқ йўли (Ж.Тримингэм)га асос сифатида хизмат қилган. Ҳазрати Навоийнинг ёзишича, «Шайх Муҳйиддин Абдулқодир Жилий (қ.с.) кароматлари тавотур (узлуксиз)… жаҳон шайхларининг бирортасига бундай кароматлар зоҳир бўлмаган».

«Ғавсу-л-аъзам» исми-ла машҳур бўлган Шайх ҳазратлари Мусо бинни Юнуний, Нуриддин Али Шаттанафий, Муҳаммад Тодафий, Муҳаммад Дилоий, Ибн Ҳожар, Мулукшоҳ Сиддиқий, Муҳаммад Мир Олим, Шароний, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожазода Аҳмад Ҳилмий каби уламоларнинг тазкира ва мақомотларида улуғланган.

Ҳазратнинг «ал-Ғунйату ли-толиби тариқу-л-Ҳақ», «ал-Фатҳу-р-Раббоний вал-Файзу-р-Раҳмоний» («Ситтин мажолис»), «Футуҳу-л-Ғайб», «Ҳизби башару-л-ҳайрот», «ал-Мавоҳибу-р-раҳмониййа вал-Футуҳу-р-раббонийа…», «Жалоу-л-Хотур», «Йавоқуту-л-ҳикам», «ал-Фуйузоту-л-раббониййа фил-авроду-л-қодирийя», «Девони Ҳазрати Ғавсу-л-Аъзам» («Ғазалиёти Муҳйи») каби асарлари маълум.

09

4–фасл: Илмларнинг баёни

<…> Зоҳирий илмлар ўн икки бўлимга ажралади. Шу йўсинда ботиний илм ҳам ўн иккига бўлинади. Улар авом ва хос бандалар орасида ҳар кимнинг қобилиятига кўра тақсим қилинган. Биз қуйида илмларни тўрт қисмга ажратиб билдириб ўтамиз: Биринчиси: шариатнинг зоҳирдаги амрлари, таъқиқлари ва (инсон олдига) қўйилган бошқа ҳукмлар; иккинчиси: бу аҳкомнинг ички ҳукмларидирки, уни «ботин илми» ёки «тариқат илми» номини бердик; учинчиси: ботиннинг айнан ўзи, унга «маърифат илми» номини бермоқдаман; тўртинчиси: ботиндан ҳам ботин, бунга эса «ҳақиқат илми» номини бераман.

Илмларни сиралаб ўрганамиз, зеро уларни тўла ўрганмоқ, билмоқ ва (аввало,) уларга етказувчи йўлларни топа олмоқлик лозим. Ўрни келганда, жаноб пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бир ҳадиси шарифларини ҳам зикр этайлик: «Шариат бир дарахт; тариқат унинг навдаси , маърифат япроқлари, ҳақиқат эса мевасидир. Қуръон таъвил жиҳатидан ҳам, тавсир нуқтаи назаридан ҳам ҳаммасини жамъ қилгандир».

«Мажмуа» номли асарнинг муаллифи келтирадики: «Тавсир авом учун, таъвил эса хос қулларгадир. Чунки хос қуллар маънавий илмда росихдирлар». Росих бу ўринда, илм жиҳатидан саботли, қарорли, ҳукм чиқаришга ҳақ соҳиби бўлган кишилар мазмунидадир. Улар гўё, хурмо дарахти кабидирларки, илдизи ерда собит, шохлари эса само томон юксалган. Бундаги русух54 қалбнинг ўзидан қувватланган калималар бўлиб, у (қалб) мусаффолашгач, (яна) қалбга жо бўлади.

Банданинг ҳолига келинса, у амр ёхуд таъқиқларни бажаришга маъмурдир. Қуйида таъкидлайдиганимиз, тўрт доира ичра нафсга мухолиф ҳаракат билан мукаллафдир: шариат доирасида нафс мухолифлик (қилиш) учун васваса беради; тариқат доирасида эса нафс «бўйсунма» амрини бераверади, валоят ва набувват даъволарини бир-бирига қориштириб юборади ва муридни ўринсиз иддаоларнинг ортидан қувишга шавқлантиради; маърифат доирасида бўлса, (нафс) янада бошқа ишларни амр эта бошлайди. Рубубият даъвоси сари беқарорлаштираверади. Хуфиёна ширкка мубтало бўлади. Ояти каримада Аллоҳ таоло буюрмоқда: «Хабар беринг-чи, ким ҳавойи нафсларини илоҳ қилиб олган бўлса сиз унинг устида вакил — қўриқчи бўлурмисиз?!.» (Фурқон: 43).

Ҳақиқат доирасига келсак, буниси энди бўлакча. Бу нафс (йўли)га шайтон тушолмайди. Ҳатто фаришталар ҳам киролмайди. Аллоҳдан ўзга, неки унда бўлса, ёниб кетади. Жаброил (а.с.) бу ҳолни пайғамбаримиз (с.а.в.)га билдирар экан, «қумурсқа қадар ичкари одимласам ҳам, ёниб кетаман», деган эди. Қул шу ҳолида нафс ва шайтон хасмидан озод бўлиб, ихлосга бурканади.

Аллоҳ таоло шайтоннинг гапини келтиради: «(Иблис) айтди: «Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Сод: 82-83)

Банда ихлос соҳиби бўлмагунча ҳақиқатга етишолмайди. Чунки башарий сифатлар фақат зотий тажалли билан ниҳоясига етади. Жаҳолатнинг ўртадан кўтарилиши, Аллоҳ таолонинг зотига нисбатан ирфон соҳиби бўлмоқ ила юзага чиқади. Бу эса таҳсил (олиш) билан намоён бўлмайди. Аллоҳ таоло воситасиз ўргатади. Гўёки, Хизр набийга берилганидек, ўз тарафидан унга илм беради; у эса берилган туйғу билан орифликка эришади ва эҳсон билан ибодат қила бошлайди.

Ушбу оламга (қадар муваффақият билан) эриша олган (зот) қудсий руҳларни мушоҳада этади. Пайғамбарни – Муҳаммад (с.а.в.)ни кўради. Ул зот билан бўлиб ўтган (воқеот)лар ҳақида, бошидан охиригача, суҳбатлашади. Бошқа пайғамбарлар ҳам унга сўнгсиз вуслат56 билан мужда берадилар. Аллоҳ таоло бу ҳодисаларни: «…Улар эса энг яхши ҳамроҳдирлар…» (Нисо: 69) дея билдирмоқда.

Мазкур илмни (ўз) менлигида топа олмаган одам, минг жилдлаб китоб ўқиса ҳам (том маънодаги) олим бўлолмайди. Зоҳирий илмлар билан қўлга киритилган мукофот фақат жаннатга етаклайди. Унда фақат илоҳий сифатларнинг нури тажалли этади, холос.

Олим зоҳирий билимлар билан қудсий ҳарамга киролмас, яқинлик оламига ҳам эриша олмас. Чунки у ҳали-ҳануз учиш оламидадир. Учмоқ учун эса икки қанотга эҳтиёж бор.

Банда улдирки, зоҳирий ва ботиний билимлари билан меҳнат қилади ва таъкидланган оламга қовушади. Аллоҳ таоло бир қудсий ҳадисда буюрмоқда: «Эй қулим, ҳарамимга дохил бўлмоқ истасанг, мулкка, малакутга ва жабарутга эътибор қилма». Чунки мулк – олимнинг шайтони, малакут – орифнинг шайтони, жабарут эса ҳақиқатга воқиф (бўлган)нинг шайтонидир. Кимки уларнинг бирортасига рози бўлса илоҳий даргоҳдан чиқарилган ҳисобланади. Аллоҳнинг наздида шундай. Демоқчимизки, зоти илоҳийга яқинлик ҳаққини йўқотади. Аммо даражалари қолади. Ҳолбуки, улар яқинлик истар эдилар, бу оламга эса мазкур ҳолларнинг ўзи билан эриша олмайдилар. Чунки улар асосий орзу этилиши лозим бўлганни истамадилар. (Шунинг учун) уларнинг битта қаноти бор (ёки бўлади).

Ҳақ яқинлигига яраша олганлар учун эса шундай неъматлар борки, уларни ҳеч бир кўз кўрмади, ҳеч бир қулоқ эшитмади; бани башар қалбининг номларини ҳам билмади. Бу эса яқинлик жаннатидирки, у ерда ҳурлару кўшклар бўлмайди.

Инсон шарафига лойиқ бўлгани шуки, ўз қадрини билмоқлик ва ҳаққи бўлмаган нарсаларни нафси учун даъво қилмасликдир. Ҳазрати Али (розиаллоҳу анҳу) дейдики: «Қадрини билган, ҳаддидан ошмаган, тили (дан чиқаётган сўзлар)га соҳиб бўлган, умрини беҳудага сарф этмаган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!»

Илм соҳиби учун керакли бўлгани, «тифли маоний» номи берилган инсоният ҳақиқатини англамоқдир. Тавҳид исмларини (зикр этишда) давом этиб, уни (яъни, қалбни) тарбиялаш керак. Жисмоний оламдан кечиб, руҳоний оламга эришмоқ лозим. Ўшал томон, сир оламидирки, Аллоҳ таолонинг зотидан ғайри (бирор нарса) йўқ. Ундан бошқа бирор диёр ҳам йўқки, у жой сўнгсиз-ҳудудсиз бир саҳродир. Тифли маоний (ҳам) шу жойда учади. Ажойиб ва ғаройиб нарсаларни кўради. Бироқ улардан хабар бермоқлик мумкин бўлмайди. Энди бу томон (бир сўз билан айтганда) ўз борлиғидан фанолик топган, тавҳид аҳлининг мақомидир.

Ваҳдат кўзи билан қараганда шундай. Аллоҳ таолонинг жамолини кўрмоқ (бахти) билан ўз-ўзидан фоний вужуд қолмайди. Қуёш нурларидан кўзи қамашган одам ҳам ўз-ўзини кўролмай қоладию, Аллоҳ таолонинг жамоли тажаллиси олдида нафсдан не ҳам қолиши мумкин?!.

Исо (а.с.) айтганки: “Инсон малакут оламига кечмоғи учун икки дафъа туғилмоғи керак. (Ахир) қушлар ҳам икки бор туғиладилар”. Ушбу каломдан мурод – руҳоний сифатидаги маъно оламининг туғилишидир. Бу эса инсоннинг ҳақ қобилиятидан келиб чиқадики, у ҳам инсоннинг сиридир. Унинг борлиғи ва узвлари шариат ва ҳақиқат илмининг бирикувидан вужудга келади. Инчунин, фарзанд ҳам (маний) сувнинг бир орага келмоғидан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло буни билдирмоқ учун қуйидаги ояти каримани инзол қилди: “Дарҳақиқат, Биз инсонни (вояга етганидан сўнг шариат таклиф қушлари билан) имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бўлган нутфадан яратдик…” (Инсон: 2)

Бу (руҳ) маъноси ҳосил бўлгач, халқ денгизида кечиб, амир (маънолар амири) кенглигига тушмоқ осон бўлади. Барча оламлар, руҳ оламига нисбатан бир қатра кабидир. Шу тариқа мазкурдан англашилган ҳарфсиз ва сассиз коинот сари тарқалади…

6–фасл: Тассавуф аҳлининг баёни

Уларнинг “тасаввуф аҳли” дея ном олишларига ягона сабаб, ички оламларини тавҳид ва мърифат нури билан ойдинлашганларидир. Яна бир сабаб эса асҳоби суффага интисоблари бўлиши мумкин. Дастлабки даврларда қўйнинг юнгли терисини ёпиниб юрганликлари учун ҳам “суфий” исми берилган бўлиши эҳтимол (Тасаввуфда) ўрта ҳолда бўлганлар, қўй терисидан кийим киядилар. (Тсаввуфнинг) охирги даврасига келганлар эса эски, ямоқ либосга бурканадилар. Ташқари ҳолатлари шундай бўлганидек, ички оламлари ҳам айнидир. Емоқ, ичмоқ ишларида ҳам (маънавий) мартабани таъқиб этадилар.

“Мажмуа” тавсирининг муаллифи дейдики, “Зуҳд аҳлига емоқ, киймоқ ишларида қўпол-сўпол нарсалар киймоқлик ярашади”. Аҳли маърифат юмшоқ табиатли ва нозик дидли бўлиши керак. Чунки улар инсонлар учраб, тўхтайдиган манзилдирлар. Суннатга амал қилмоқ – уларнинг асос вазифаларидандир. Аввало, улар илк сафда бўладилар. Дарҳол кўзи тушганларнинг ҳайрон қолмасликлари учун бу илк сафдагилар яхши кийинишлари ва кибор бўлишлари керак. Шундан сўнг улар аҳадият мақомида бўладилар.

(тасаввуф) калимаси тўрт ҳарфдан иборат:

“те”, “сод”, “вов”, “фе”.

(те) – тавбани ифодалайди. Бу ҳам иккига ажралади: зоҳирий ва ботиний тавба. Зоҳирий тавба улдирки, сўзда, амалда (жисм) барча гуноҳ ва ёмон ишлардан бери қилиниб, тоатга йўналтирилади; исён тарк этилиб, итоат ҳоли қабул қилинади. Ботиний тавба эса, қалбнинг покланиши бўлиб, зоҳирий тавбадан фарқ қилади ва (нафс билан мужодалада) тўла муваффақиятга кечмоқдир. Шу тариқа ёмон ҳолнинг яхшиликка кетмоғи билан “те” мақоми тамом бўлади.

(сод) – сафо ҳолини ифодалайди. Бу ҳам, “те” ҳарфидек икки жиҳатдан мутолаа қилинади: қалбнинг софлиги ва сирнинг (софлиги). Қалб сафоси улдирки, башарий қадарлардан бири бўлмоқликдир. Масалан, кўп емоқ, кўп ичмоқ, кўп ухламоқ ва кўп гапирмоқ қалбни дунёга боғлайди. Дунёлик ишлар ҳақида фикр юритмоқ уни толдиради. Қалбни толиқтирувчи, дунёга гирифтор қилувчи нарсалар орасида – кўп мол-дунё орттирмоқ, жинсий ифрот, аҳли (оиласи) ва фарзандларини ҳадддан ортиқ севмоқликни кўрсатиш мумкин. Булар бирор қалбда бўлса, у сафолик ва поклик чоғига эриша олмайди. Қалб мусаффолиги зикруллоҳ билан амалга ошади. Бу зикр дастлаб ҳажрий (ошкора) қилингач, сўнг хафий (махфий)га кечилади.

Аллоҳ таоло бир ояти каримада шундай буюрмоқда: “Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганда қалбларига қўрқинч тушадиган … кишилар (ҳақиқий) мўъминдирлар” (Анфол: 2). Бу ердаги “титроқ” (қўрқинч)нинг бир маъноси хашйат (қўрқув)дир. Хашйат қалб ҳушёрлик ҳолини топмоғи билан бошланади. У ғафлат уйқусидан туради; покланади, равшанлашади; ғайб оламидан хайр ва шартга доир ишларнинг сурати қалбга нақш қилинади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Олим тафтиш қилади, ориф эса, қалбини поклаш билан овора бўлади”. Сирнинг софлиги эса – Аллоҳнинг зотидан ўзга ишлардан бери турмоқ ва Унинг муҳаббатинити қалбга жойламоқдир. Сир тили билан асмои тавҳидга давом этилади58. Бу эса ичдан амалга оширилади. Мазкур ҳол тамом бўлгач, “сод” мақоми ҳам ниҳоясига етади.

(вов) – валоят ҳоли ўлароқ таърифланади. Бу ҳол ички оламнинг софлиги узра ҳозирдир. Аллоҳ таоло валоят ҳолини топганлар учун шундай дейди: “Огоҳ бўлингизким, албатта, Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар” (Юнус: 62). Яна буюрадики: “Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир…” (Юнус: 64).

Валоят ҳолининг натижаси илоҳий феъл (хулқ)ларга безанмоқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Илоҳий феъл (хулқ)ларни феъл тутингиз” дея марҳамат қилганлар. Ушбу ҳолда башарий сифатлардан узилиб, илоҳий сифатга бурканмоқ бор. Буни Аллоҳ таоло шу қудсий ҳадис орқали билдирмоқда: “Агарда бирор қулни севсам, Мен унинг кўзи, қулоғи, тили, қўли ва оёғи бўламан. У мен орқали эшитади, кўради ва гаплашади. Менинг ёнимда бўлиб, мен билан юради”.

Аллоҳ таолонинг зотидан ғайри нарсалардан покланинг. Қуйидаги ояти карима ушбу мақомни яхшироқ билдиради: “Яна айтинг “Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил йўқолгувчи нарсадир” (Ал-Исро: 81). Шундан кейингина, “вов” мақоми (тўла) ҳосил бўлади.

(фе) – фано мақомидир. (Бу мақом) илоҳий сифатлар орасида йўқ бўлиб кетмоқдирки, башарий сифатлар ғойиб бўлгач, ўрнини Аҳадият сифати эгаллайди. Ҳадди зотида Ҳақ таоло на фано бўлади, на завол топади. Бу ҳодисалар ичида (қолган хос) банда, боқийликда Яратгувчи ила бақога эришади; Унинг ризосига боради. Фоний қалб, боқий сир ила борлиққа қовишади. “Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)…” (Қасас: 88) ояти каримаси бу даъвомизга шоҳид. Эҳтимолки, Унинг борлиғига ризо билан борилади. Унинг борлиғи учун эса яхши амаллар ишланади, ризоси кузатилади ва (Унинг) зоти сари илгари юрилади. Бу орада рози бўлган ва рози қилинган қолади, холос. (Ва у) эзгу амал “тифли маоний” дея ном берилган ҳақиқий инсоний ҳаётини яратади. Аллоҳ таоло шундай буюрган: “(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур…” (Фотир: 10).

Қандай иш бўлишидан қатъи назар Аллоҳ (ризоси) учун адо этилмаса, ширк бўлади ва соҳибини ҳалок этади. Фано ҳоли ҳосил бўлгач, бақо тамом бўлади. Бақо (эса) яқинлик оламидадир. Бу оламни Аллоҳ таоло шундай билдирмоқда: “…Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар” (Қамар: 55). У томон (энди) лоҳут оламида бўлиб, набийлару валийларнинг мақоми бўлган. Ва ниҳоят, Аллоҳ тўғрилар билан биргадир. Кейин пайдо бўлган борлиқ азалий (бор бўлган) борлиқ билан бирлашгач, буни (энди) “вужуд” дейилмайди.

Фарқ (этувчи мазкур) ҳоллар якун топгач, Ҳақ билан абадий софликкина қолади. Бу ҳолни топа олганларнинг ниҳоясиз лаззатини Аллоҳ таоло шундай билдиради: “…Улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар” (Аъроф: 42). Яна буюрадики: “…Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир” (Анфол: 66)…

23–фасл: Тасаввуф аҳли хусусининг баёни

Тасаввуф аҳли икки гуруҳда билдирилади: Аввалги гуруҳ – суннийлар. Бу тоифа сўзда, амалда, шариат ва унинг маъноси бўлган тариқатда тамоман қоимдир. Улар “аҳли суннат вал-жамоат” таъбири билан аталади. Мазкур тоифанинг бир қисми жаннатга азобсиз, ҳисобсиз киради. Бир қисми эса озроқ жазо ва оз ҳисоб беради, (жаннатга) дохил бўлади. (Бир қисми эса) жаҳаннамда оз вақт қоладилар ва сўнгра жаннатга кетадилар. Олову оташда абадий қолмайдилар. У жойда абадий қолмоқлиқ кофирлару мунофиқларга хосдир.

Таъкидланганлардан ташқари бўлган (жамъи тоифа)лар иккинчи гуруҳга оиддир ва уларга нисбатан “бидъат аҳли” дея таъбир қўлланилади. Уларнинг жумласи шундай сираланади: ҳулулия, ҳолия, авлиёия, шамурония, ҳуббия, ҳурия, ибоҳия, мутақосима, мутажоҳила, вофиқия, илҳомия.

“Аҳли суннат вал-жамоат” имомларининг даъвоси шуки, асҳоби киром пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суҳбатлари баракоти ила чуқур бир важду жавба ичра эдилар. Кейинчалик (Расулуллоҳ вафотларидан сўнг) бу ҳол тарқаб қолди. Бу йўлни (ул зоти шариф) ворисларига интиқол59 этгандилар. Кейинги даврларга келиб бу йўл бир неча тармоқларга бўлинди. Шу қадар кўп бўлиндики, натижада заифлашди ва тарқаб кетди. Кўпи сурат ҳолидагина қолди. Маъносиз бир шайхлик унвонига ўралашиб қолдилар. Улар ҳам бир неча шўъбаларга бўлиндилар ва “бидъат аҳли” юзага чиқиб қолди. Улардан ҳам бир қисми “қаландарий” йўлини, бир қисми “ҳайдарий” йўлини тутдилар; бир қисм эса “адҳамий” ўлароқ ўртага чиқдилар ва яна қанчалари борки (агар бу ерда келтирсак) шарҳи узайиб кетади.

Ҳозирги замонда айнан фиқҳ аҳли бўлиб юрувчилар жуда оз. Бу йўлдаги Ҳақ соликларини икки шоҳиди (гувоҳи) билангина таниш мумкин: зоҳир ва ботин.

Зоҳир ҳоли диний амрларга маҳкам боғланган бўлиши зарур.

Ботин ҳоли эса, кимга иқтидо қилганлигини билиши лозим. Албаттаки, бу эргашиш, иқтидо қилиниши керак бўлган борлиқ – жаноби Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) бўлмоқликлари шарт. Ул зот Ҳақ (ва солик) айнан шундай давом этмоғи ижоб этар.

Ул жанобимиз (с.а.в.)нинг руҳониятлари (воситаси ила) ўрнида жисмоний, ижобида эса руҳоний ўлароқ комил ворис бўлган зот ҳузурига келинади. Чунки шайтон ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг суратларини тамсил эта олмайди. Бу ерда Ҳақ солиги учун бир ишора бор: огоҳ бўлиш лозимки, сулукдаги ҳаракатлари кўр-кўрона бўлмаслиги шарт. Яна бу мақомда яхши-ю ёмонни айира билмоқ учун бир қанча нозикликлар бор. Уларни фақат (бу тоифанинг) аҳлигина идрок эта олади.

24–фасл: Хотима

Ҳақ солиги зако ва басират соҳиби бўлиш билан бирга серфаҳм ҳам бўлмоғи зарур. Унга лозим бўлган сифатлар ҳам ўшалардир. Қуйидаги шеърда билдирилганидек:

Аллоҳнинг закий, серидрок бандалари бор,
Бу дунёни қўйиб, қўрқмадилар меҳнатдан ҳам.
Улар баҳр ичраю, қабиҳ ҳоллардир долға
Солиҳ амал – нажоткор кема, туттилар маҳкам.

Солик доимо амалининг оқибатини ўйламоғи даркор. Кўз ўнгида содир бўлаётган ишларни яхшироқ фикрлаб, зоҳирий ҳолларнинг ўзига алданиб қолмаслиги керак. Тасаввуф аҳли айтадики, жамъи қилинган, қилинаётган, қилингувчи амаллар Яратгувчига оиддир. Инсоннинг қўлида комил ваколати бўлмаганидек, бошқача бир ўзгаришга учраб қолмоқликдан қўрқмоғи даркор. “Улар Аллоҳнинг “макри”дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг “макри”дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур” (Аъроф: 99) ояти каримаси сўзимизнинг асосини ташкил этади. Бир қудсий ҳадисда эса шундай амр этилмоқда: “Эй Муҳаммад, гуноҳкорларга менинг Ғафур эканлигимдан мужда беринг; сиддиқ мартабасига етишганларга эса ғайир эканлигимни ҳам билдиринг”.

Валийларнинг каромати, яшаган ҳоллари ростдир. Фақат илоҳий “макр” ва истидрождан 60 эмин бўлолмайдилар. Пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларгина истидрождан холидир.

Айтадиларки, охирги нафаснинг ёмон ҳолатга тушиб қолишидан қўрқиш, уни роҳатлик билан кечирмоқни таъмин этади. Ҳасан Басрий (раҳматуллаҳи алайҳ) дейдики: “Аллоҳнинг валий қуллари қўрқув билан юксакликка чиқдилар. Улардаги қўрқув умиддан ҳам кўпроқдир. Бунинг ҳикмати эсабашарий ҳолларига алданиб қолмоқ таҳликасининг мавжудлигидир. (Агар қўрқмасалар) уларнинг йўли шундай ҳолатда беркилиб қоладики, ҳатто сезмай ҳам қоладилар”. Яна дейдики: “Инсон сиҳат-саломат экан хасталикдан қўрқади. Шу тариқа умиди озайиб боради. Хаста бўлиб қолгач, сиҳат (топиш) умиди кўпаяди-ю қўрқуви камаяди”.

Жаноби Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Иймон соҳибининг қўрқуви ва умиди (тарозида) тортилса, баробар келади”. Амма охирги нафасида Аллоҳнинг фазли ила умид (этиш) ғолиб келади. Ушбуни мазкур ҳадиси шариф билдирмоқда: “Ҳар қайсинингиз жон берар экансиз Аллоҳни яхши гумон этиб, сўнги нафасингизни таслим этасиз”. Чунки ул зот Аллоҳнинг: “Азобимни ўзим хоҳлаган кишига етказурман… ва… Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир…” (Аъроф: 156) каломидаги чуқур маънони англагандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилувчиларнинг энг хайрлиси эканлигини ҳисобга олсак, бу ҳолни яхшироқ тушуниш мумкин.

Ҳақ солиги учун керак бўлгани шуки, у Аллоҳ қаҳридан қочинмоғи, қўрқмоғи керак. Яна лозимдирки, бутун борлиғини Унга арз этажак, нимаси бўлса унга бахшида этажак ва шу тариқа Ун(инг Қаҳридан)дан Ўзи(нинг Раҳми)га қочади…

Солик учун муҳими Унинг борлиғи олдида тиз чўкиб, моддий борлиқлардан воз кечиб, ўз хатою маъсиятларини эътироф этиб, Унинг эшиги тагида ётмоқдир. Мана шу ишларни адо этса Унинг файзига, фазлига, лутфига ва марҳаматига эришади ҳамда гуноҳлари кетади. Чунки Ул зот энг яхши, энг марҳамати бисёр, аҳдига содиқ ва каримдир! Азалий подшоҳ ҳам, энг буюк султон ҳам Ўзидир!..

Манба:Ислом тасаввфи манбалари (Тасаввуф назарияси ва тарихи),Тошкент — 2005

072 Islom dunyosining aqtobi arbaa (to’rt qutbi)ga mansub va qodiriylik tariqatining muassisi bo’lmish Sayyid Abdulqodir Giloniyning «Sirru-l-fi ma yahtajju ilayhi-l-abror» («Aziz va pok kishilar toifasining ehtiyojlariga atalgan sirlarning siri») asaridan namunalarni taqdim etmoqdamiz.

SAYYID ABDULQODIR GILONIY
«SIRRU-L-ASROR»DAN
Arab tilidan O.Jo’raboev tarijimasi
09

045To’la ismi Abu Muhammad Muhyiddin Abdulqodir ibn Abu Solih Abdulloh (arabcha: عبدالقادر الجيلاني‎; forscha: عبدالقادر گیلانی‎‎)  bo’lib, Eronning Gilon (Jilon) kentida tug’ilgan va Bog’dodda vafot etgan. Otalari Abu Solih binni Muso Jangido’st sharif Hazrati Hasan (r.a) avlodlaridan, onalari Ummixayr Fotima sayyida binni Abu Abulloh Hazrati Husayn (r.a.) avlodlaridandir.

Islom dunyosining aqtobi arbaa (to’rt qutbi)ga mansub bu zot qodiriylik tariqatining muassisi bo’lgan. Bu tariqatning bosh dasturi «mashg’ullik ila forig’lik» (o’zing dunyo bilan mashg’ul bo’lgan paytda diling undan forig’ bo’lsin)dir. «Ahd» bilan kirilmog’i lozim bo’lgan bu tariqat Misr, Andalus, Shom, Bag’dod, Onado’li, Markaziy Osiyo va Hindiston hududlarida tarqalgan va keyingi 29 tariq yo’li (J.Trimingem)ga asos sifatida xizmat qilgan. Hazrati Navoiyning yozishicha, «Shayx Muhyiddin Abdulqodir Jiliy (q.s.) karomatlari tavotur (uzluksiz)… jahon shayxlarining birortasiga bunday karomatlar zohir bo’lmagan».

«G’avsu-l-a’zam» ismi-la mashhur bo’lgan Shayx hazratlari Muso binni Yununiy, Nuriddin Ali Shattanafiy, Muhammad Todafiy, Muhammad Diloiy, Ibn Hojar, Mulukshoh Siddiqiy, Muhammad Mir Olim, Sharoniy, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy, Xojazoda Ahmad Hilmiy kabi ulamolarning tazkira va maqomotlarida ulug’langan.

Hazratning «al-G’unyatu li-tolibi tariqu-l-Haq», «al-Fathu-r-Rabboniy val-Fayzu-r-Rahmoniy» («Sittin majolis»), «Futuhu-l-G’ayb», «Hizbi basharu-l-hayrot», «al-Mavohibu-r-rahmoniyya val-Futuhu-r-rabboniya…», «Jalou-l-Xotur», «Yavoqutu-l-hikam», «al-Fuyuzotu-l-rabboniyya fil-avrodu-l-qodiriyya», «Devoni Hazrati G’avsu-l-A’zam» («G’azaliyoti Muhyi») kabi asarlari ma’lum.

09

4–fasl: Ilmlarning bayoni

<…> Zohiriy ilmlar o’n ikki bo’limga ajraladi. Shu yo’sinda botiniy ilm ham o’n ikkiga bo’linadi. Ular avom va xos bandalar orasida har kimning qobiliyatiga ko’ra taqsim qilingan. Biz quyida ilmlarni to’rt qismga ajratib bildirib o’tamiz: Birinchisi: shariatning zohirdagi amrlari, ta’qiqlari va (inson oldiga) qo’yilgan boshqa hukmlar; ikkinchisi: bu ahkomning ichki hukmlaridirki, uni «botin ilmi» yoki «tariqat ilmi» nomini berdik; uchinchisi: botinning aynan o’zi, unga «ma’rifat ilmi» nomini bermoqdaman; to’rtinchisi: botindan ham botin, bunga esa «haqiqat ilmi» nomini beraman.

Ilmlarni siralab o’rganamiz, zero ularni to’la o’rganmoq, bilmoq va (avvalo,) ularga yetkazuvchi yo’llarni topa olmoqlik lozim. O’rni kelganda, janob payg’ambarimiz (s.a.v.)ning bir hadisi shariflarini ham zikr etaylik: «Shariat bir daraxt; tariqat uning navdasi , ma’rifat yaproqlari, haqiqat esa mevasidir. Qur’on ta’vil jihatidan ham, tavsir nuqtai nazaridan ham hammasini jam’ qilgandir».

«Majmua» nomli asarning muallifi keltiradiki: «Tavsir avom uchun, ta’vil esa xos qullargadir. Chunki xos qullar ma’naviy ilmda rosixdirlar». Rosix bu o’rinda, ilm jihatidan sabotli, qarorli, hukm chiqarishga haq sohibi bo’lgan kishilar mazmunidadir. Ular go’yo, xurmo daraxti kabidirlarki, ildizi yerda sobit, shoxlari esa samo tomon yuksalgan. Bundagi rusux54 qalbning o’zidan quvvatlangan kalimalar bo’lib, u (qalb) musaffolashgach, (yana) qalbga jo bo’ladi.

Bandaning holiga kelinsa, u amr yoxud ta’qiqlarni bajarishga ma’murdir. Quyida ta’kidlaydiganimiz, to’rt doira ichra nafsga muxolif harakat bilan mukallafdir: shariat doirasida nafs muxoliflik (qilish) uchun vasvasa beradi; tariqat doirasida esa nafs «bo’ysunma» amrini beraveradi, valoyat va nabuvvat da’volarini bir-biriga qorishtirib yuboradi va muridni o’rinsiz iddaolarning ortidan quvishga shavqlantiradi; ma’rifat doirasida bo’lsa, (nafs) yanada boshqa ishlarni amr eta boshlaydi. Rububiyat da’vosi sari beqarorlashtiraveradi. Xufiyona shirkka mubtalo bo’ladi. Oyati karimada Alloh taolo buyurmoqda: «Xabar bering-chi, kim havoyi nafslarini iloh qilib olgan bo’lsa siz uning ustida vakil — qo’riqchi bo’lurmisiz?!.» (Furqon: 43).

Haqiqat doirasiga kelsak, bunisi endi bo’lakcha. Bu nafs (yo’li)ga shayton tusholmaydi. Hatto farishtalar ham kirolmaydi. Allohdan o’zga, neki unda bo’lsa, yonib ketadi. Jabroil (a.s.) bu holni payg’ambarimiz (s.a.v.)ga bildirar ekan, «qumursqa qadar ichkari odimlasam ham, yonib ketaman», degan edi. Qul shu holida nafs va shayton xasmidan ozod bo’lib, ixlosga burkanadi.

Alloh taolo shaytonning gapini keltiradi: «(Iblis) aytdi: «Endi, Sening qudratingga qasamki, albatta, ularning hammasini yo’ldan ozdirurman. Magar ularning orasidagi (ayrim) pokiza bandalaringgina (haq yo’ldan ozmay qolurlar)» (Sod: 82-83)

Banda ixlos sohibi bo’lmaguncha haqiqatga yetisholmaydi. Chunki bashariy sifatlar faqat zotiy tajalli bilan nihoyasiga yetadi. Jaholatning o’rtadan ko’tarilishi, Alloh taoloning zotiga nisbatan irfon sohibi bo’lmoq ila yuzaga chiqadi. Bu esa tahsil (olish) bilan namoyon bo’lmaydi. Alloh taolo vositasiz o’rgatadi. Go’yoki, Xizr nabiyga berilganidek, o’z tarafidan unga ilm beradi; u esa berilgan tuyg’u bilan oriflikka erishadi va ehson bilan ibodat qila boshlaydi.

Ushbu olamga (qadar muvaffaqiyat bilan) erisha olgan (zot) qudsiy ruhlarni mushohada etadi. Payg’ambarni – Muhammad (s.a.v.)ni ko’radi. Ul zot bilan bo’lib o’tgan (voqeot)lar haqida, boshidan oxirigacha, suhbatlashadi. Boshqa payg’ambarlar ham unga so’ngsiz vuslat56 bilan mujda beradilar. Alloh taolo bu hodisalarni: «…Ular esa eng yaxshi hamrohdirlar…» (Niso: 69) deya bildirmoqda.

Mazkur ilmni (o’z) menligida topa olmagan odam, ming jildlab kitob o’qisa ham (tom ma’nodagi) olim bo’lolmaydi. Zohiriy ilmlar bilan qo’lga kiritilgan mukofot faqat jannatga yetaklaydi. Unda faqat ilohiy sifatlarning nuri tajalli etadi, xolos.

Olim zohiriy bilimlar bilan qudsiy haramga kirolmas, yaqinlik olamiga ham erisha olmas. Chunki u hali-hanuz uchish olamidadir. Uchmoq uchun esa ikki qanotga ehtiyoj bor.

Banda uldirki, zohiriy va botiniy bilimlari bilan mehnat qiladi va ta’kidlangan olamga qovushadi. Alloh taolo bir qudsiy hadisda buyurmoqda: «Ey qulim, haramimga doxil bo’lmoq istasang, mulkka, malakutga va jabarutga e’tibor qilma». Chunki mulk – olimning shaytoni, malakut – orifning shaytoni, jabarut esa haqiqatga voqif (bo’lgan)ning shaytonidir. Kimki ularning birortasiga rozi bo’lsa ilohiy dargohdan chiqarilgan hisoblanadi. Allohning nazdida shunday. Demoqchimizki, zoti ilohiyga yaqinlik haqqini yo’qotadi. Ammo darajalari qoladi. Holbuki, ular yaqinlik istar edilar, bu olamga esa mazkur hollarning o’zi bilan erisha olmaydilar. Chunki ular asosiy orzu etilishi lozim bo’lganni istamadilar. (Shuning uchun) ularning bitta qanoti bor (yoki bo’ladi).

Haq yaqinligiga yarasha olganlar uchun esa shunday ne’matlar borki, ularni hech bir ko’z ko’rmadi, hech bir quloq eshitmadi; bani bashar qalbining nomlarini ham bilmadi. Bu esa yaqinlik jannatidirki, u yerda hurlaru ko’shklar bo’lmaydi.

Inson sharafiga loyiq bo’lgani shuki, o’z qadrini bilmoqlik va haqqi bo’lmagan narsalarni nafsi uchun da’vo qilmaslikdir. Hazrati Ali (roziallohu anhu) deydiki: «Qadrini bilgan, haddidan oshmagan, tili (dan chiqayotgan so’zlar)ga sohib bo’lgan, umrini behudaga sarf etmagan kishiga Allohning rahmati bo’lsin!»

Ilm sohibi uchun kerakli bo’lgani, «tifli maoniy» nomi berilgan insoniyat haqiqatini anglamoqdir. Tavhid ismlarini (zikr etishda) davom etib, uni (ya’ni, qalbni) tarbiyalash kerak. Jismoniy olamdan kechib, ruhoniy olamga erishmoq lozim. O’shal tomon, sir olamidirki, Alloh taoloning zotidan g’ayri (biror narsa) yo’q. Undan boshqa biror diyor ham yo’qki, u joy so’ngsiz-hududsiz bir sahrodir. Tifli maoniy (ham) shu joyda uchadi. Ajoyib va g’aroyib narsalarni ko’radi. Biroq ulardan xabar bermoqlik mumkin bo’lmaydi. Endi bu tomon (bir so’z bilan aytganda) o’z borlig’idan fanolik topgan, tavhid ahlining maqomidir.

Vahdat ko’zi bilan qaraganda shunday. Alloh taoloning jamolini ko’rmoq (baxti) bilan o’z-o’zidan foniy vujud qolmaydi. Quyosh nurlaridan ko’zi qamashgan odam ham o’z-o’zini ko’rolmay qoladiyu, Alloh taoloning jamoli tajallisi oldida nafsdan ne ham qolishi mumkin?!.

Iso (a.s.) aytganki: “Inson malakut olamiga kechmog’i uchun ikki daf’a tug’ilmog’i kerak. (Axir) qushlar ham ikki bor tug’iladilar”. Ushbu kalomdan murod – ruhoniy sifatidagi ma’no olamining tug’ilishidir. Bu esa insonning haq qobiliyatidan kelib chiqadiki, u ham insonning siridir. Uning borlig’i va uzvlari shariat va haqiqat ilmining birikuvidan vujudga keladi. Inchunin, farzand ham (maniy) suvning bir oraga kelmog’idan hosil bo’ladi. Alloh taolo buni bildirmoq uchun quyidagi oyati karimani inzol qildi: “Darhaqiqat, Biz insonni (voyaga yetganidan so’ng shariat taklif qushlari bilan) imtihon qilguvchi bo’lgan holimizda (otalik va onalik suvlaridan) aralash bo’lgan nutfadan yaratdik…” (Inson: 2)

Bu (ruh) ma’nosi hosil bo’lgach, xalq dengizida kechib, amir (ma’nolar amiri) kengligiga tushmoq oson bo’ladi. Barcha olamlar, ruh olamiga nisbatan bir qatra kabidir. Shu tariqa mazkurdan anglashilgan harfsiz va sassiz koinot sari tarqaladi…

6–fasl: Tassavuf ahlining bayoni

Ularning “tasavvuf ahli” deya nom olishlariga yagona sabab, ichki olamlarini tavhid va m’rifat nuri bilan oydinlashganlaridir. Yana bir sabab esa as’hobi suffaga intisoblari bo’lishi mumkin. Dastlabki davrlarda qo’yning yungli terisini yopinib yurganliklari uchun ham “sufiy” ismi berilgan bo’lishi ehtimol (Tasavvufda) o’rta holda bo’lganlar, qo’y terisidan kiyim kiyadilar. (Tsavvufning) oxirgi davrasiga kelganlar esa eski, yamoq libosga burkanadilar. Tashqari holatlari shunday bo’lganidek, ichki olamlari ham aynidir. Yemoq, ichmoq ishlarida ham (ma’naviy) martabani ta’qib etadilar.

“Majmua” tavsirining muallifi deydiki, “Zuhd ahliga yemoq, kiymoq ishlarida qo’pol-so’pol narsalar kiymoqlik yarashadi”. Ahli ma’rifat yumshoq tabiatli va nozik didli bo’lishi kerak. Chunki ular insonlar uchrab, to’xtaydigan manzildirlar. Sunnatga amal qilmoq – ularning asos vazifalaridandir. Avvalo, ular ilk safda bo’ladilar. Darhol ko’zi tushganlarning hayron qolmasliklari uchun bu ilk safdagilar yaxshi kiyinishlari va kibor bo’lishlari kerak. Shundan so’ng ular ahadiyat maqomida bo’ladilar.

(tasavvuf) kalimasi to’rt harfdan iborat:

“te”, “sod”, “vov”, “fe”.

(te) – tavbani ifodalaydi. Bu ham ikkiga ajraladi: zohiriy va botiniy tavba. Zohiriy tavba uldirki, so’zda, amalda (jism) barcha gunoh va yomon ishlardan beri qilinib, toatga yo’naltiriladi; isyon tark etilib, itoat holi qabul qilinadi. Botiniy tavba esa, qalbning poklanishi bo’lib, zohiriy tavbadan farq qiladi va (nafs bilan mujodalada) to’la muvaffaqiyatga kechmoqdir. Shu tariqa yomon holning yaxshilikka ketmog’i bilan “te” maqomi tamom bo’ladi.

(sod) – safo holini ifodalaydi. Bu ham, “te” harfidek ikki jihatdan mutolaa qilinadi: qalbning sofligi va sirning (sofligi). Qalb safosi uldirki, bashariy qadarlardan biri bo’lmoqlikdir. Masalan, ko’p yemoq, ko’p ichmoq, ko’p uxlamoq va ko’p gapirmoq qalbni dunyoga bog’laydi. Dunyolik ishlar haqida fikr yuritmoq uni toldiradi. Qalbni toliqtiruvchi, dunyoga giriftor qiluvchi narsalar orasida – ko’p mol-dunyo orttirmoq, jinsiy ifrot, ahli (oilasi) va farzandlarini hadddan ortiq sevmoqlikni ko’rsatish mumkin. Bular biror qalbda bo’lsa, u safolik va poklik chog’iga erisha olmaydi. Qalb musaffoligi zikrulloh bilan amalga oshadi. Bu zikr dastlab hajriy (oshkora) qilingach, so’ng xafiy (maxfiy)ga kechiladi.

Alloh taolo bir oyati karimada shunday buyurmoqda: “Faqat Alloh (nomi) zikr qilinganda qalblariga qo’rqinch tushadigan … kishilar (haqiqiy) mo»mindirlar” (Anfol: 2). Bu yerdagi “titroq” (qo’rqinch)ning bir ma’nosi xashyat (qo’rquv)dir. Xashyat qalb hushyorlik holini topmog’i bilan boshlanadi. U g’aflat uyqusidan turadi; poklanadi, ravshanlashadi; g’ayb olamidan xayr va shartga doir ishlarning surati qalbga naqsh qilinadi.

Payg’ambarimiz (s.a.v.) bir hadisi shariflarida shunday marhamat qiladilar: “Olim taftish qiladi, orif esa, qalbini poklash bilan ovora bo’ladi”. Sirning sofligi esa – Allohning zotidan o’zga ishlardan beri turmoq va Uning muhabbatiniti qalbga joylamoqdir. Sir tili bilan asmoi tavhidga davom etiladi58. Bu esa ichdan amalga oshiriladi. Mazkur hol tamom bo’lgach, “sod” maqomi ham nihoyasiga yetadi.

(vov) – valoyat holi o’laroq ta’riflanadi. Bu hol ichki olamning sofligi uzra hozirdir. Alloh taolo valoyat holini topganlar uchun shunday deydi: “Ogoh bo’lingizkim, albatta, Allohning do’stlariga (oxiratda) biron xavf-xatar yo’qdir va ular g’amgin bo’lmaydilar” (Yunus: 62). Yana buyuradiki: “Iymon keltirgan va (Allohdan) qo’rquvchi bo’lgan zotlar uchun hayoti dunyoda ham, oxiratda ham xushxabar bordir…” (Yunus: 64).

Valoyat holining natijasi ilohiy fe’l (xulq)larga bezanmoqdir. Payg’ambarimiz (s.a.v.): “Ilohiy fe’l (xulq)larni fe’l tutingiz” deya marhamat qilganlar. Ushbu holda bashariy sifatlardan uzilib, ilohiy sifatga burkanmoq bor. Buni Alloh taolo shu qudsiy hadis orqali bildirmoqda: “Agarda biror qulni sevsam, Men uning ko’zi, qulog’i, tili, qo’li va oyog’i bo’laman. U men orqali eshitadi, ko’radi va gaplashadi. Mening yonimda bo’lib, men bilan yuradi”.

Alloh taoloning zotidan g’ayri narsalardan poklaning. Quyidagi oyati karima ushbu maqomni yaxshiroq bildiradi: “Yana ayting “Haqiqat (ya’ni Islom) keldi va botil yo’qolguvchi narsadir” (Al-Isro: 81). Shundan keyingina, “vov” maqomi (to’la) hosil bo’ladi.

(fe) – fano maqomidir. (Bu maqom) ilohiy sifatlar orasida yo’q bo’lib ketmoqdirki, bashariy sifatlar g’oyib bo’lgach, o’rnini Ahadiyat sifati egallaydi. Haddi zotida Haq taolo na fano bo’ladi, na zavol topadi. Bu hodisalar ichida (qolgan xos) banda, boqiylikda Yaratguvchi ila baqoga erishadi; Uning rizosiga boradi. Foniy qalb, boqiy sir ila borliqqa qovishadi. “Barcha narsa halok bo’lguvchidir, magar Uning O’zigina (mangudir)…” (Qasas: 88) oyati karimasi bu da’vomizga shohid. Ehtimolki, Uning borlig’iga rizo bilan boriladi. Uning borlig’i uchun esa yaxshi amallar ishlanadi, rizosi kuzatiladi va (Uning) zoti sari ilgari yuriladi. Bu orada rozi bo’lgan va rozi qilingan qoladi, xolos. (Va u) ezgu amal “tifli maoniy” deya nom berilgan haqiqiy insoniy hayotini yaratadi. Alloh taolo shunday buyurgan: “(Har bir) xush so’z Unga yuksalur va yaxshi amalni ham (Alloh O’z dargohiga) ko’tarur…” (Fotir: 10).

Qanday ish bo’lishidan qat’i nazar Alloh (rizosi) uchun ado etilmasa, shirk bo’ladi va sohibini halok etadi. Fano holi hosil bo’lgach, baqo tamom bo’ladi. Baqo (esa) yaqinlik olamidadir. Bu olamni Alloh taolo shunday bildirmoqda: “…Qodir Podshoh huzuridagi rozi bo’lingan o’rinda bo’lurlar” (Qamar: 55). U tomon (endi) lohut olamida bo’lib, nabiylaru valiylarning maqomi bo’lgan. Va nihoyat, Alloh to’g’rilar bilan birgadir. Keyin paydo bo’lgan borliq azaliy (bor bo’lgan) borliq bilan birlashgach, buni (endi) “vujud” deyilmaydi.

Farq (etuvchi mazkur) hollar yakun topgach, Haq bilan abadiy soflikkina qoladi. Bu holni topa olganlarning nihoyasiz lazzatini Alloh taolo shunday bildiradi: “…Ular jannat egalari bo’lib, unda abadiy qolajaklar” (A’rof: 42). Yana buyuradiki: “…Alloh sabr qilguvchilar bilan birgadir” (Anfol: 66)…

23–fasl: Tasavvuf ahli xususining bayoni

Tasavvuf ahli ikki guruhda bildiriladi: Avvalgi guruh – sunniylar. Bu toifa so’zda, amalda, shariat va uning ma’nosi bo’lgan tariqatda tamoman qoimdir. Ular “ahli sunnat val-jamoat” ta’biri bilan ataladi. Mazkur toifaning bir qismi jannatga azobsiz, hisobsiz kiradi. Bir qismi esa ozroq jazo va oz hisob beradi, (jannatga) doxil bo’ladi. (Bir qismi esa) jahannamda oz vaqt qoladilar va so’ngra jannatga ketadilar. Olovu otashda abadiy qolmaydilar. U joyda abadiy qolmoqliq kofirlaru munofiqlarga xosdir.

Ta’kidlanganlardan tashqari bo’lgan (jam’i toifa)lar ikkinchi guruhga oiddir va ularga nisbatan “bid’at ahli” deya ta’bir qo’llaniladi. Ularning jumlasi shunday siralanadi: hululiya, holiya, avliyoiya, shamuroniya, hubbiya, huriya, ibohiya, mutaqosima, mutajohila, vofiqiya, ilhomiya.

“Ahli sunnat val-jamoat” imomlarining da’vosi shuki, as’hobi kirom payg’ambarimiz Muhammad (s.a.v.)ning suhbatlari barakoti ila chuqur bir vajdu javba ichra edilar. Keyinchalik (Rasululloh vafotlaridan so’ng) bu hol tarqab qoldi. Bu yo’lni (ul zoti sharif) vorislariga intiqol59 etgandilar. Keyingi davrlarga kelib bu yo’l bir necha tarmoqlarga bo’lindi. Shu qadar ko’p bo’lindiki, natijada zaiflashdi va tarqab ketdi. Ko’pi surat holidagina qoldi. Ma’nosiz bir shayxlik unvoniga o’ralashib qoldilar. Ular ham bir necha sho»balarga bo’lindilar va “bid’at ahli” yuzaga chiqib qoldi. Ulardan ham bir qismi “qalandariy” yo’lini, bir qismi “haydariy” yo’lini tutdilar; bir qism esa “adhamiy” o’laroq o’rtaga chiqdilar va yana qanchalari borki (agar bu yerda keltirsak) sharhi uzayib ketadi.

Hozirgi zamonda aynan fiqh ahli bo’lib yuruvchilar juda oz. Bu yo’ldagi Haq soliklarini ikki shohidi (guvohi) bilangina tanish mumkin: zohir va botin.

Zohir holi diniy amrlarga mahkam bog’langan bo’lishi zarur.

Botin holi esa, kimga iqtido qilganligini bilishi lozim. Albattaki, bu ergashish, iqtido qilinishi kerak bo’lgan borliq – janobi Muhammad Mustafo (s.a.v.) bo’lmoqliklari shart. Ul zot Haq (va solik) aynan shunday davom etmog’i ijob etar.

Ul janobimiz (s.a.v.)ning ruhoniyatlari (vositasi ila) o’rnida jismoniy, ijobida esa ruhoniy o’laroq komil voris bo’lgan zot huzuriga kelinadi. Chunki shayton hazrati Muhammad (s.a.v.)ning suratlarini tamsil eta olmaydi. Bu yerda Haq soligi uchun bir ishora bor: ogoh bo’lish lozimki, sulukdagi harakatlari ko’r-ko’rona bo’lmasligi shart. Yana bu maqomda yaxshi-yu yomonni ayira bilmoq uchun bir qancha nozikliklar bor. Ularni faqat (bu toifaning) ahligina idrok eta oladi.

24–fasl: Xotima

Haq soligi zako va basirat sohibi bo’lish bilan birga serfahm ham bo’lmog’i zarur. Unga lozim bo’lgan sifatlar ham o’shalardir. Quyidagi she’rda bildirilganidek:

Allohning zakiy, seridrok bandalari bor,
Bu dunyoni qo’yib, qo’rqmadilar mehnatdan ham.
Ular bahr ichrayu, qabih hollardir dolg’a
Solih amal – najotkor kema, tuttilar mahkam.

Solik doimo amalining oqibatini o’ylamog’i darkor. Ko’z o’ngida sodir bo’layotgan ishlarni yaxshiroq fikrlab, zohiriy hollarning o’ziga aldanib qolmasligi kerak. Tasavvuf ahli aytadiki, jam’i qilingan, qilinayotgan, qilinguvchi amallar Yaratguvchiga oiddir. Insonning qo’lida komil vakolati bo’lmaganidek, boshqacha bir o’zgarishga uchrab qolmoqlikdan qo’rqmog’i darkor. “Ular Allohning “makri”dan xotirjam bo’lib qoldilarmi? Bas, Allohning “makri”dan faqat ziyon ko’rguvchi qavmgina xotirjam bo’lur” (A’rof: 99) oyati karimasi so’zimizning asosini tashkil etadi. Bir qudsiy hadisda esa shunday amr etilmoqda: “Ey Muhammad, gunohkorlarga mening G’afur ekanligimdan mujda bering; siddiq martabasiga yetishganlarga esa g’ayir ekanligimni ham bildiring”.

Valiylarning karomati, yashagan hollari rostdir. Faqat ilohiy “makr” va istidrojdan 60 emin bo’lolmaydilar. Payg’ambarlar ko’rsatgan mo»jizalargina istidrojdan xolidir.

Aytadilarki, oxirgi nafasning yomon holatga tushib qolishidan qo’rqish, uni rohatlik bilan kechirmoqni ta’min etadi. Hasan Basriy (rahmatullahi alayh) deydiki: “Allohning valiy qullari qo’rquv bilan yuksaklikka chiqdilar. Ulardagi qo’rquv umiddan ham ko’proqdir. Buning hikmati esabashariy hollariga aldanib qolmoq tahlikasining mavjudligidir. (Agar qo’rqmasalar) ularning yo’li shunday holatda berkilib qoladiki, hatto sezmay ham qoladilar”. Yana deydiki: “Inson sihat-salomat ekan xastalikdan qo’rqadi. Shu tariqa umidi ozayib boradi. Xasta bo’lib qolgach, sihat (topish) umidi ko’payadi-yu qo’rquvi kamayadi”.

Janobi Rasuli akram (s.a.v.) marhamat qiladilarki: “Iymon sohibining qo’rquvi va umidi (tarozida) tortilsa, barobar keladi”. Amma oxirgi nafasida Allohning fazli ila umid (etish) g’olib keladi. Ushbuni mazkur hadisi sharif bildirmoqda: “Har qaysiningiz jon berar ekansiz Allohni yaxshi gumon etib, so’ngi nafasingizni taslim etasiz”. Chunki ul zot Allohning: “Azobimni o’zim xohlagan kishiga yetkazurman… va… Rahmatim-mehribonligim esa hamma narsadan kengdir…” (A’rof: 156) kalomidagi chuqur ma’noni anglagandir. Alloh taolo marhamat qiluvchilarning eng xayrlisi ekanligini hisobga olsak, bu holni yaxshiroq tushunish mumkin.

Haq soligi uchun kerak bo’lgani shuki, u Alloh qahridan qochinmog’i, qo’rqmog’i kerak. Yana lozimdirki, butun borlig’ini Unga arz etajak, nimasi bo’lsa unga baxshida etajak va shu tariqa Un(ing Qahridan)dan O’zi(ning Rahmi)ga qochadi…

Solik uchun muhimi Uning borlig’i oldida tiz cho’kib, moddiy borliqlardan voz kechib, o’z xatoyu ma’siyatlarini e’tirof etib, Uning eshigi tagida yotmoqdir. Mana shu ishlarni ado etsa Uning fayziga, fazliga, lutfiga va marhamatiga erishadi hamda gunohlari ketadi. Chunki Ul zot eng yaxshi, eng marhamati bisyor, ahdiga sodiq va karimdir! Azaliy podshoh ham, eng buyuk sulton ham O’zidir!..

Manba:Islom tasavvfi manbalari (Tasavvuf nazariyasi va tarixi),Toshkent — 2005

041

(Tashriflar: umumiy 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring