Shayx Najmiddin Kubro. Faqirlik haqida risola

045    Сиз мендан (Аллоҳ сизни муваффақ қилсин) Аллоҳ таолонинг менга берган фақирлик неъматини тушунтириб беришимни ҳамда ўз қалбим кўзлари билан кўрган Аллоҳнинг хусусан менга, умуман фақир бандаларига қилган ажойиб эҳсонлари (яхшиликлри) ҳақида сўзлаб беришимни сўраган эдингиз. Сизга жавоб беришга шошилдим-да, қалбим ва хотирам варақаларидан Аллоҳ мени хослаган (хусусан менгагина берган) ва уларни тўплашимга илҳом берган айрим нарсаларни нақл қилдим

09
ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО
ФАҚИРЛИК ҲАҚИДА РИСОЛА
Муқимжон Маҳмуд таржимаси
055

    Денгизлар миқдори-ю тоғлар оғирлигини билувчи, оғир булутларни юборувчи (ёмғир ёғдирувчи), ишларни бошқариб турувчи, ризқ ва умрни ўлчаб берувчи, фазл, ҳурмат ва улуғлик эгаси, камоллик сифатлари ила сифатланган, камчилик ва заволдан холи, куфр ва залолат аҳлининг гап-сўзларидан (бўҳтонларидан) пок Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

   У (абадий) тирик зотдирки, ундан ўзга илоҳ йўқдир.

   У улуғ, буюкдир. Унинг шериги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ.

  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига унинг ягоналиги ва шериксизлигига, ўлгандан кейин тирилишига, қиёматга… савол-жавоб бўлишига ишонган кишининг гувоҳидек гувоҳлик бераман. Яна шунга гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир..   У росгўй, одобли ва хушхулқдир. Аллоҳ уни, оиласини ва саҳобаларини раҳмат қилсин.

Сиз мендан (Аллоҳ сизни муваффақ қилсин) Аллоҳ таолонинг менга берган фақирлик неъматини тушунтириб беришимни ҳамда ўз қалбим кўзлари билан кўрган Аллоҳнинг хусусан менга, умуман фақир бандаларига қилган ажойиб эҳсонлари (яхшиликлри) ҳақида сўзлаб беришимни сўраган эдингиз. Сизга жавоб беришга шошилдим-да, қалбим ва хотирам варақаларидан Аллоҳ мени хослаган (хусусан менгагина берган) ва уларни тўплашимга илҳом берган айрим нарсаларни нақл қилдим.

Дунёнинг бир қисмини кезиб чиқдим, кўп ишларни тажриба қилдим, қийинчиликларга йўлиқдим, кишилар билан суҳбат қурдим, улуғ ишларга қадам босдим, тирикчиликнинг аччиқ-чучугини тотдим, китобларга мурожаат қилдим, олимлар хизматида бўлдим, умримни дунё излаш билан зое ўтказмадим, ажойиботларни кўрдим.

Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тез, шошилиб йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан, дунё-ю охират яхшилигини қаноатда, дунёю охират ёмонлигини эса таъмада кўрдим.

Кўрдимки, вақтини «эсиз», «қанийди», «кошкийди»лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр экан.

Энг гўзал безак тавозелик, энг хунук нарса эса бу бахиллик экан. Хусни хулқ (чиройли хулқ)дан кўра яхшилик устига яхшиликни қўшадиганроқ, ҳасаддан кўра ёмонлик устига ёмонликни қўшадиганроқ нарсани кўрмадим.

Илтимосга қолган кунда ғайри табиий (мажбурий) ўлимни, ўз ҳолатини яшириш ва таъмасизликда эса барҳаётликни кўрдим. Муваффақиятни саъйи ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса лоқайдлик ва дангасаликда, балони тилда, ҳаловатни эса сукутда кўрдим.

Очкўзни маҳрум, дунёпарастни ғамгин кўрдим. Аёлманд кишини кўмилган кўрдим, молдор одамни бечора кўрдим.

Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир оғриқ эса ёмон ва мунофиқ дўстлар экан.

Кўрдимки, Аллоҳ  дунё қуллигидан озод қилган кишигина ҳақиқий ҳур экан.

Хору зорликни «маҳлуқ»лар хизматида, азиза мукаррамликни эса Холиқ хизматида бўлишда кўрдим.

Подшолар қалбларидан-да қаттиқроқ дийда, камбағал учун ямоқларни бир-бирига улашдан кўра чиройлироқ зийнат кўрмадим.

Энг яхши савол жавобни кишининг ўз нафси билан ҳисоблашишида, оқилни охиратга, жоҳилни дунёга интилишда кўрдим.

Қизиқувчини (кўнгил берган) машғул, зоҳидни эса бекору фориғ, хоҳловчини излаётган, даъвогарни ёлғончи кўрдим.

Тўғрисўзлиликдан кўра гўзалроқ зийнатни кўрмадим. Аллоҳ санад (ҳужжат, далил)ларининг ҳаммасида Аллоҳнинг ўзини кўрдим.

Нафсни шармандалик ва дўзах сари (одамларни) ҳайдашда, ақлни эса яхшиликларга чорлашда кўрдим.

Кўрдимки, ўз-ўзини тарбиялай олган ва шаҳватлардан тийила олган киши энг кучли шахс экан.

Умр ва ризқнинг баракали бўлишини Аллоҳ таоллога итоат қилишда кўрдим.

Дунёю охират яхшилигини Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашишда кўрдим.

Неъматнинг тўла, мукамал бўлишини неъмат берувчидан миннатдор бўлишда кўрдим.

Кўрдимки, энг дўст илм экан.

Очкўзлик ва гуноҳкорлик домига маҳкумларни, исрофгарларни кўрдим, аммо ўзимдан кўра ёмонроғини кўрмадим.

Жаннатга киришни ҳалол ейиш ва маҳол (амримаҳол – бажариб бўлмайдиган иш)ни тарк қилишда кўрдим. Дўзахга йўлни эса ҳавойи нафсда кўрдим.

Кўрдимки, шайтонннг ҳалойиққа султон бўлиб олиши дунёни яхши кўришликдан экан. Ўликлардан уларнинг ҳолатлари, (қолган) уйлари ва молу давлатларидан ибратланмаган кимсаларни нодонликда Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган кимсаларни эса бахтсизликда кўрдим.

Кўрдимки, инсонга келадиган барча офатлар тилдан экан.

Шариат ва Диннинг пойдевори сабр ва ишонч экан.

Ибодатларнинг энг афзали фарзларни адо қилиш, одатларнинг энг маъқули ва чиройлиги эса гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилиш экан.

Энг яхши беҳожатлик ноумидлик экан. Аллоҳ таоллони ёдлашдан кейинги энг яхши эслашлик бу ўлимни эслаш экан. Ўлимдан оғирроқ кулфат ўтган ишга пушаймонликда экан.

Нафс маъсумлигининг Пайғамбарларгагина, қалб ҳаётийлигининг эса авлиёларгагина хослигини кўрдим.

Тинчлик ва роҳатни излаб, уларни дунёни тарк қилишдан топдим. Аллоҳ азза ва жалла билан унс (яқинлик,чин дўстлик) бўлишни хоҳлаб, уни одамлардан узлатга чиқишдан топдим. Шайтонга қарши чиқишни хоҳлаб, уни ўз нафсимга қарши бўлиш ва унга душманлик қилишдан топдим…

Билдимки, Аллоҳ ҳақида яхши ўйда бўлиш Аллоҳдан тилаган энг катта тилагим бўлди.

Кўрдимки, экмаган ўрмайди. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмайди. Кимки кеча ва кундуз кемасига минса, у кема ё жаннат, ё дўзахга олиб боради. Алданишдан сақланинг! Сақланинг!

Барча халифа-ю подшоҳларни, шон- шавкатли, қудратли султонларни ўз дабдабалари билан машғул бўлиб, ўзларидан ва ўзларига содир булаётган нарсадан бехабарликда кўрдим. Уларни гуноҳкорлик домига маҳкум кўрдим, уларни гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилишга чорладим. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмасликни айтдим.

Кўрдимки, Одам алайҳиссаломдан тортиб (Қиёмат куни фаришта Исрофил чаладиган карнай) сурга дам урилгунга қадар бўлган ҳаммахалқ бир чумоли оёғининг синиғини ҳам тузатишдан ожиздирлар. Ҳамма фузало, фусаҳо, мунажжиму билимдонларни бир чивин қанотини яратишдан ҳам ожиз, боши айланган, ночор… ўз ожизлиги ва нуқсонини тан олган кўрдим.

Бас, яратиш, буюриш, билим ва қудрат соҳиби ҳар қандай нуқсондан покдир. Хўжайинликда шериксиз бўлган энг гўзал яратувчи Аллоҳ муборакдир. У абадий барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У нарсаларни бор қилган, Еру осмонни безаган, Аршу Курсини яратган, инсу жинга ризқ берган, адолатли бўлишда ўқиб ўрганишга муҳтож бўлмаган, хоҳлаганга ҳукм юритувчи, хоҳлаганини қилувчи, чириган-тўзиган суякларга ҳеч бир асбоб-ускунасиз жон ато этувчи, тирикларни ўлдирувчи, ўликларни тирилтирувчи, вақт ва ажалларни белгилувчи, ҳиссу ҳаракотни эшитгувчи, чумолининг ўрмалаши-ю энг махфий овозлардан-да, қўйинки, барча сиру махфиётдан-да хабардор зотдирки, еру осмонлардаги биронта нарса унга номаълум эмас.

Аллоҳга, Унинг Фаришталарига, Китобаларига, Пайғамбарларига, ўлгандан кейин тирилишга, шафоатга, жаннат, дўзах, қабр, сўроқ-савол, ҳавз-кавсар, мезон (тарозу), сирот (кўприк)га, кофирларнинг дўзахда абадий қолиши-ю мўминнинг жаннатда абадий қолишига, бандалар устидан адолатли ҳукм чиқарилишига, қатъий қарор билан ерда содир бўлган зулмларнинг қайтарилишига (золимдан мазлумнинг ўч олишига) жаннатдаги неъмату дўзахдаги аламли азобга, Аллоҳнинг ўз дўстларига қилган, жаннатда бўладиган ваъдасига, энг мукаррам юз бўлмиш Аллоҳнинг юзини кўришга, Аллоҳ ўзининг пухта китобидан айтган вадиъи(амонат)га, саодатмандга мукофоту бадбахтга жазо беришига, амру наҳйига (буйруқ ва таъқиқ), хабарлару қиссаларга, масаллару ҳукмларга, ҳалолу ҳаромга, муҳкаму муташобиҳ оятларга, хуллас, бизга баён ва тафсир қилиб берганининг ҳаммасига имон келтирдик.

Биламизки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Пайғамбарлиги ҳақдир. Исо ҳам Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбаридир. Шунингдек, Одам ҳам пайғамбардирки, Аллоҳ уни тупроқдан яратиб, «бўл» деган эди, бўлди…

Набий алайҳиссаломдан кейин одамларнинг яхшиси Абу Бакр, кейин Умар, кейин Усмон, кейин Алидир (Аллоҳ улардан рози бўлсин).  Биз у кишининг покиза, маъсум оилаларини севамиз, Аллоҳ бу оиладан ифлосликни кетказсин, уларни покласин.

Шунга иқрормизки, Аллоҳ Таоло ҳодисалардан пок, барча маҳлуқотдан беҳожатдирки, халойиқни ўз хоҳиши ва ҳикмати билан яратган. Йўқ нарсани бор қилиш ёки маълум нарсани изҳор қилишда у ҳеч нарсага муҳтож эмс. У ҳамма ишни ўз тадбири ва иродаси билан, қайсидир сабабга бўйсуниб эмас, балки раббоний бир ҳикмат ва ўз ягоналигининг санад (ҳужжат, далил)ларини намойиш қилиш билан бошқаради. Ҳамма нарса унинг Ягоналигига далилдир.

Ҳар қандай нуқсондан пок зот Аллоҳ ўз-ўзидан мавжуддир. Аршдан ергача қолган ҳамма нарса Унингсиз (Унинг ёрдамисиз) мавжуд эмас. Ҳамма халойиқ унинг қудрати ва нуфузи олдида мажбур ва макруҳдирлар, маърифатнинг чегарасини билишдан ожиздирлар. Унинг қазо ва қадарининг сиридан маҳжуб(пардаланган)дирлар. Улар ўзларига фойда ёки зарар келтириш, ўзларини ўзлари яратиш ёки ўлганларидан кейин тирилтиришга молик эмаслар.

Аллоҳ Таоло бизнинг хотираларимизга ўрнашиб олган, фикрларишимиз ва далилларимизга аралашиб кетган, зеҳнларимиз ва қалбларимизга ёпишиб олган нарсалардан (хаёллардан) пок. У хоҳлаган ишини қилишга қодир. Унинг тенги-ю ўхшаши, аввали-ю охири, тушиши-ю (бирор манзилга қўниши) жўнаши, ҳаракати-ю юки, макони-ю бошпанаси йўқ. У аҳли куфр ва залолат бўлмиш золимларнинг гап сўзларидан юқори. Фазл, олийжаноблик, буюклик ва улуғлик соҳибидир. Ким жаннатга кирса, унинг фазли билан киради. Ким дўзахга кирса, унинг адли билан киради. Бир ишни қилмоқчи бўлса, унга «бўл» дейди, у бўлади. Унинг ҳукмини ҳеч ким рад эта олмайди…

Аллоҳ билимдон, қудратли, мислсиз. У ҳар нарсани эшитиб, кўриб турувчидир. Аллоҳ нақадар одил хўжайин ва нақадар марҳаматли пуштипаноҳдир. Иншооллоҳ, унинг иродаси бирла ҳаётмиз, ўламиз ва қайта тириламиз.

risola

09
SHAYX NAJMIDDIN KUBRO
FAQIRLIK HAQIDA RISOLA
Muqimjon Mahmud tarjimasi
055

Dengizlar miqdori-yu tog’lar og’irligini biluvchi, og’ir bulutlarni yuboruvchi (yomg’ir yog’diruvchi), ishlarni boshqarib turuvchi, rizq va umrni o’lchab beruvchi, fazl, hurmat va ulug’lik egasi, kamollik sifatlari ila sifatlangan, kamchilik va zavoldan xoli, kufr va zalolat ahlining gap-so’zlaridan (bo’htonlaridan) pok Allohga hamdu sanolar bo’lsin.

U (abadiy) tirik zotdirki, undan o’zga iloh yo’qdir.

U ulug’, buyukdir. Uning sherigi ham, o’xshashi ham yo’q.

Allohdan o’zga iloh yo’qligiga uning yagonaligi va sheriksizligiga, o’lgandan keyin tirilishiga, qiyomatga… savol-javob bo’lishiga ishongan kishining guvohidek guvohlik beraman. Yana shunga guvohlik beramanki, Muhammad Uning bandasi va elchisidir.. U rosgo’y, odobli va xushxulqdir. Alloh uni, oilasini va sahobalarini rahmat qilsin.

Siz mendan (Alloh sizni muvaffaq qilsin) Alloh taoloning menga bergan faqirlik ne’matini tushuntirib berishimni hamda o’z qalbim ko’zlari bilan ko’rgan Allohning xususan menga, umuman faqir bandalariga qilgan ajoyib ehsonlari (yaxshiliklri) haqida so’zlab berishimni so’ragan edingiz. Sizga javob berishga shoshildim-da, qalbim va xotiram varaqalaridan Alloh meni xoslagan (xususan mengagina bergan) va ularni to’plashimga ilhom bergan ayrim narsalarni naql qildim.

Dunyoning bir qismini kezib chiqdim, ko’p ishlarni tajriba qildim, qiyinchiliklarga yo’liqdim, kishilar bilan suhbat qurdim, ulug’ ishlarga qadam bosdim, tirikchilikning achchiq-chuchugini totdim, kitoblarga murojaat qildim, olimlar xizmatida bo’ldim, umrimni dunyo izlash bilan zoe o’tkazmadim, ajoyibotlarni ko’rdim.

Ko’rdimki, umr va dunyodan ko’ra tez, shoshilib yo’q bo’lib ketadiganroq, o’lim va oxiratdan ko’ra yaqinroq, orzudan ko’ra uzoqroq, xotirjamlikdan ko’ra go’zalroq narsa yo’q ekan, dunyo-yu oxirat yaxshiligini qanoatda, dunyoyu oxirat yomonligini esa ta’mada ko’rdim.

Ko’rdimki, vaqtini «esiz», «qaniydi», «koshkiydi»lar bilan o’tkazgan kishining umri eng qisqa umr ekan.

Eng go’zal bezak tavozelik, eng xunuk narsa esa bu baxillik ekan. Xusni xulq (chiroyli xulq)dan ko’ra yaxshilik ustiga yaxshilikni qo’shadiganroq, hasaddan ko’ra yomonlik ustiga yomonlikni qo’shadiganroq narsani ko’rmadim.

Iltimosga qolgan kunda g’ayri tabiiy (majburiy) o’limni, o’z holatini yashirish va ta’masizlikda esa barhayotlikni ko’rdim. Muvaffaqiyatni sa’yi harakatda, muvaffaqiyatsizlikni esa loqaydlik va dangasalikda, baloni tilda, halovatni esa sukutda ko’rdim.

Ochko’zni mahrum, dunyoparastni g’amgin ko’rdim. Ayolmand kishini ko’milgan ko’rdim, moldor odamni bechora ko’rdim.

Ko’rdimki, eng noyob ne’mat rostgo’ylik va qahramonlik, eng og’ir og’riq esa yomon va munofiq do’stlar ekan.

Ko’rdimki, Alloh dunyo qulligidan ozod qilgan kishigina haqiqiy hur ekan.

Xoru zorlikni «mahluq»lar xizmatida, aziza mukarramlikni esa Xoliq xizmatida bo’lishda ko’rdim.

Podsholar qalblaridan-da qattiqroq diyda, kambag’al uchun yamoqlarni bir-biriga ulashdan ko’ra chiroyliroq ziynat ko’rmadim.

Eng yaxshi savol javobni kishining o’z nafsi bilan hisoblashishida, oqilni oxiratga, johilni dunyoga intilishda ko’rdim.

Qiziquvchini (ko’ngil bergan) mashg’ul, zohidni esa bekoru forig’, xohlovchini izlayotgan, da’vogarni yolg’onchi ko’rdim.

To’g’riso’zlilikdan ko’ra go’zalroq ziynatni ko’rmadim. Alloh sanad (hujjat, dalil)larining hammasida Allohning o’zini ko’rdim.

Nafsni sharmandalik va do’zax sari (odamlarni) haydashda, aqlni esa yaxshiliklarga chorlashda ko’rdim.

Ko’rdimki, o’z-o’zini tarbiyalay olgan va shahvatlardan tiyila olgan kishi eng kuchli shaxs ekan.

Umr va rizqning barakali bo’lishini Alloh taolloga itoat qilishda ko’rdim.

Dunyoyu oxirat yaxshiligini Rasul alayhissalomning sunnatiga ergashishda ko’rdim.

Ne’matning to’la, mukamal bo’lishini ne’mat beruvchidan minnatdor bo’lishda ko’rdim.

Ko’rdimki, eng do’st ilm ekan.

Ochko’zlik va gunohkorlik domiga mahkumlarni, isrofgarlarni ko’rdim, ammo o’zimdan ko’ra yomonrog’ini ko’rmadim.

Jannatga kirishni halol yeyish va mahol (amrimahol – bajarib bo’lmaydigan ish)ni tark qilishda ko’rdim. Do’zaxga yo’lni esa havoyi nafsda ko’rdim.

Ko’rdimki, shaytonnng haloyiqqa sulton bo’lib olishi dunyoni yaxshi ko’rishlikdan ekan. O’liklardan ularning holatlari, (qolgan) uylari va molu davlatlaridan ibratlanmagan kimsalarni nodonlikda Alloh belgilab qo’ygan hadlardan oshgan kimsalarni esa baxtsizlikda ko’rdim.

Ko’rdimki, insonga keladigan barcha ofatlar tildan ekan.

Shariat va Dinning poydevori sabr va ishonch ekan.

Ibodatlarning eng afzali farzlarni ado qilish, odatlarning eng ma’quli va chiroyligi esa gunohlardan, odamlarga ozor berishdan tiyilish ekan.

Eng yaxshi behojatlik noumidlik ekan. Alloh taolloni yodlashdan keyingi eng yaxshi eslashlik bu o’limni eslash ekan. O’limdan og’irroq kulfat o’tgan ishga pushaymonlikda ekan.

Nafs ma’sumligining Payg’ambarlargagina, qalb hayotiyligining esa avliyolargagina xosligini ko’rdim.

Tinchlik va rohatni izlab, ularni dunyoni tark qilishdan topdim. Alloh azza va jalla bilan uns (yaqinlik,chin do’stlik) bo’lishni xohlab, uni odamlardan uzlatga chiqishdan topdim. Shaytonga qarshi chiqishni xohlab, uni o’z nafsimga qarshi bo’lish va unga dushmanlik qilishdan topdim…

Bildimki, Alloh haqida yaxshi o’yda bo’lish Allohdan tilagan eng katta tilagim bo’ldi.

Ko’rdimki, ekmagan o’rmaydi. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaydi. Kimki kecha va kunduz kemasiga minsa, u kema yo jannat, yo do’zaxga olib boradi. Aldanishdan saqlaning! Saqlaning!

Barcha xalifa-yu podshohlarni, shon- shavkatli, qudratli sultonlarni o’z dabdabalari bilan mashg’ul bo’lib, o’zlaridan va o’zlariga sodir bulayotgan narsadan bexabarlikda ko’rdim. Ularni gunohkorlik domiga mahkum ko’rdim, ularni gunohlardan, odamlarga ozor berishdan tiyilishga chorladim. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaslikni aytdim.

Ko’rdimki, Odam alayhissalomdan tortib (Qiyomat kuni farishta Isrofil chaladigan karnay) surga dam urilgunga qadar bo’lgan hammaxalq bir chumoli oyog’ining sinig’ini ham tuzatishdan ojizdirlar. Hamma fuzalo, fusaho, munajjimu bilimdonlarni bir chivin qanotini yaratishdan ham ojiz, boshi aylangan, nochor… o’z ojizligi va nuqsonini tan olgan ko’rdim.

Bas, yaratish, buyurish, bilim va qudrat sohibi har qanday nuqsondan pokdir. Xo’jayinlikda sheriksiz bo’lgan eng go’zal yaratuvchi Alloh muborakdir. U abadiy barhayotdir. Undan o’zga iloh yo’q. U narsalarni bor qilgan, Yeru osmonni bezagan, Arshu Kursini yaratgan, insu jinga rizq bergan, adolatli bo’lishda o’qib o’rganishga muhtoj bo’lmagan, xohlaganga hukm yurituvchi, xohlaganini qiluvchi, chirigan-to’zigan suyaklarga hech bir asbob-uskunasiz jon ato etuvchi, tiriklarni o’ldiruvchi, o’liklarni tiriltiruvchi, vaqt va ajallarni belgiluvchi, hissu harakotni eshitguvchi, chumolining o’rmalashi-yu eng maxfiy ovozlardan-da, qo’yinki, barcha siru maxfiyotdan-da xabardor zotdirki, yeru osmonlardagi bironta narsa unga noma’lum emas.

Allohga, Uning Farishtalariga, Kitobalariga, Payg’ambarlariga, o’lgandan keyin tirilishga, shafoatga, jannat, do’zax, qabr, so’roq-savol, havz-kavsar, mezon (tarozu), sirot (ko’prik)ga, kofirlarning do’zaxda abadiy qolishi-yu mo’minning jannatda abadiy qolishiga, bandalar ustidan adolatli hukm chiqarilishiga, qat’iy qaror bilan yerda sodir bo’lgan zulmlarning qaytarilishiga (zolimdan mazlumning o’ch olishiga) jannatdagi ne’matu do’zaxdagi alamli azobga, Allohning o’z do’stlariga qilgan, jannatda bo’ladigan va’dasiga, eng mukarram yuz bo’lmish Allohning yuzini ko’rishga, Alloh o’zining puxta kitobidan aytgan vadi’i(amonat)ga, saodatmandga mukofotu badbaxtga jazo berishiga, amru nahyiga (buyruq va ta’qiq), xabarlaru qissalarga, masallaru hukmlarga, halolu haromga, muhkamu mutashobih oyatlarga, xullas, bizga bayon va tafsir qilib berganining hammasiga imon keltirdik.

Bilamizki, Payg’ambar alayhissalomning Payg’ambarligi haqdir. Iso ham Allohning bandasi va payg’ambaridir. Shuningdek, Odam ham payg’ambardirki, Alloh uni tuproqdan yaratib, «bo’l» degan edi, bo’ldi…

Nabiy alayhissalomdan keyin odamlarning yaxshisi Abu Bakr, keyin Umar, keyin Usmon, keyin Alidir (Alloh ulardan rozi bo’lsin). Biz u kishining pokiza, ma’sum oilalarini sevamiz, Alloh bu oiladan ifloslikni ketkazsin, ularni poklasin.

Shunga iqrormizki, Alloh Taolo hodisalardan pok, barcha mahluqotdan behojatdirki, xaloyiqni o’z xohishi va hikmati bilan yaratgan. Yo’q narsani bor qilish yoki ma’lum narsani izhor qilishda u hech narsaga muhtoj ems. U hamma ishni o’z tadbiri va irodasi bilan, qaysidir sababga bo’ysunib emas, balki rabboniy bir hikmat va o’z yagonaligining sanad (hujjat, dalil)larini namoyish qilish bilan boshqaradi. Hamma narsa uning Yagonaligiga dalildir.

Har qanday nuqsondan pok zot Alloh o’z-o’zidan mavjuddir. Arshdan yergacha qolgan hamma narsa Uningsiz (Uning yordamisiz) mavjud emas. Hamma xaloyiq uning qudrati va nufuzi oldida majbur va makruhdirlar, ma’rifatning chegarasini bilishdan ojizdirlar. Uning qazo va qadarining siridan mahjub(pardalangan)dirlar. Ular o’zlariga foyda yoki zarar keltirish, o’zlarini o’zlari yaratish yoki o’lganlaridan keyin tiriltirishga molik emaslar.

Alloh Taolo bizning xotiralarimizga o’rnashib olgan, fikrlarishimiz va dalillarimizga aralashib ketgan, zehnlarimiz va qalblarimizga yopishib olgan narsalardan (xayollardan) pok. U xohlagan ishini qilishga qodir. Uning tengi-yu o’xshashi, avvali-yu oxiri, tushishi-yu (biror manzilga qo’nishi) jo’nashi, harakati-yu yuki, makoni-yu boshpanasi yo’q. U ahli kufr va zalolat bo’lmish zolimlarning gap so’zlaridan yuqori. Fazl, oliyjanoblik, buyuklik va ulug’lik sohibidir. Kim jannatga kirsa, uning fazli bilan kiradi. Kim do’zaxga kirsa, uning adli bilan kiradi. Bir ishni qilmoqchi bo’lsa, unga «bo’l» deydi, u bo’ladi. Uning hukmini hech kim rad eta olmaydi…

Alloh bilimdon, qudratli, mislsiz. U har narsani eshitib, ko’rib turuvchidir. Alloh naqadar odil xo’jayin va naqadar marhamatli pushtipanohdir. Inshoolloh, uning irodasi birla hayotmiz, o’lamiz va qayta tirilamiz.

077

(Tashriflar: umumiy 400, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring