Odil Yoqubov. Adib va chin inson.

099

10 июнь — Чингиз Айтматов хотираси куни.

    Бугун Чингиз оғанинг вафот этганига 6 йил тўлади. Буюк адибни хотирлар эканмиз, ишонч билан айтамизки,унинг ижоди инсоният маданий меросининг энг ёрқин саҳифаси бўлиб қолади,унинг номи асрлар оша яшайди.

222
Одил Ёқубов
АДИБ ВА ЧИН ИНСОН
(Мақола 2004 йили адибнинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан ёзилган)

    Чингиз Айтматов етмиш бешга тўлиб, тўй қилаётган эмиш! Ё тавба, куни кеча биз Парижда ЮНЕСКОнинг катта залида унинг етмиш йиллигини ўтказган эдик-ку! Наҳот беш йил шу қадар тез ўтиб кетган бўлса?.. Ҳа, ҳаёт шундай ғаройиб экан: инсон кексайган сайин умри тошқин дарёдек шитоб билан ўтиб кетаркан…
Биз Чингиз Айтматов билан қирқ йил аввал танишганмиз…

Чингиз эллик ёшга тўлганда қирғиз халқи унинг тўйини зўр тантана билан нишонлаган эди. Бу тўй Қирғизистон пойтахтида эмас, адибнинг туғилган юрти Таласда ўтганди. Унга каминадан ташқари, таржимони Асил Рашидов, шоир Шукрулло, атоқли олим, профессор Шобат Хўжаев ва Чингизнинг юртдоши Зиёд Есенбоевлар таклиф қилинган эди. Биринчи кеча Таласда бўлдик. Чингизнинг синглиси билан куёви ҳўкиз сўйиб, бешбармоқ тайёрлаб, катта дастурхон ёзишган экан. Кеча жуда гўзал ва самимий ўтди. Ёзувчи ўша маҳалдаёқ «Жамила», «Гулсара», «Оқ кема» каби асарларни яратиб, номи жаҳонга танилган эди. Шунинг учун ҳам кечада сўзга чиққанлар унинг ўзидан кўра, асарлари ҳақида кўп гапиришди. Адибнинг ўзи эса бу мақтовлардан уялиб, нотиқларнинг гапини бот-бот бўларди: «Раҳмат, раҳмат, лекин мақтовлар қисқароқ бўлсин, бешбармоқ совуб қолади-ку, оғайнилар!» деб ҳазиллашиб қўярди. Эртасига юбилей тантаналари Чингиз туғилган Шакар қишлоғига кўчди. Бу қишлоқни кўрган одам дарҳол сезарди: ёзувчи асарларидаги табиат тасвирлари, ҳамма-ҳаммаси шу қишлоқ гўзаллигидан олинган моҳирона нусха экан. Ўшанда мени яна бир нарса лол қолдирди. Овулга кираверишда катта оломон йиғилган. Унинг орасида бошларига оппоқ қордек удана буркаб олган бир гуруҳ кекса аёллар турарди. Биз машиналардан тушишимиз билан бу кампирлар кўзларида ёш, югуриб келиб Чингизни ўраб олишди-ю, уни қучоқлаб йиғлаб юборишди. Шунда мен Чингиз нима қиларкан деб, зимдан кузатиб турдим. Чингиз ҳам кўзига ёш олиб, кампирлар билан қучоқлашиб кўришди, уларнинг елкаларини силаб илиқ сўзлар айтди.

Кейин билсам, Чингиз уруш йиллари шу овулда қишлоқ кенгаши котиби бўлиб ишлаган ва фронтдан келган «қора хат»ларни бева аёлларга топширмасдан, қишлоқ кенгашининг пўлат сандиғига солиб қўяверган экан.
Бизнинг боришимиздан олдин Чингизнинг эллик йиллигига атаб катта кинотеатр қурилган, кинотеатрнинг катта залида унинг юбилейи муносабати билан фотокўргазма ташкил этилган экан. Фотокўргазмага қўйилган суратлардан бири мени, айниқса, ҳайратга солди. Унда шундай манзара муҳрланган эди: Бишкек аэродромига келиб қўнган самолётдан собиқ иттифоқ ҳукумати бошлиғи Косигин тушиб келяпти. Қирғизистон раҳбарлари уни қарши олгани самолёт томон интилишяпти. Уларнинг сафи бошида қирғиз раҳбари эмас, Чингиз Айтматов боряпти. Иккинчи суратда улар кулишиб кўришяпти… Бир қарашда, жуда оддий туюладиган бу манзаралар оддий, лекин айни замонда улуғ ҳақиқатни англатади.

Бу воқеалардан кейин анчагача Чингиз билан кўриша олмадим. Кейин тақдир тақозоси билан у ҳам, мен ҳам собиқ иттифоқнинг депутати бўлиб қолдик. Ўша йиллар халқимизнинг бошига оғир кунлар тушган, бўҳтонлар ёғилган пайтлар эди. Ва биз ҳаммамиз бу мудҳиш, ёвуз туҳматлардан изтироб чекиб юргандик. Бир кун бир дўстимиз «Правда» газетасини кўтариб келиб қолди, бундоқ ўқиб кўрсам Чингиз бу газетадаги мақоласида халқимизни қаттиқ ҳимоя қилибди, ўзбекларни Марказий Осиёнинг юксак маданиятли, буюк халқи эканлигини айтиб, Москва матбуоти ва телевидениесидаги чиқишларни рад этибди.

Мен унча ҳам кўнгли бўш одам эмасман. Бизни Чингиз билан яқинлаштирган сабаблардан бири шуки, иккимизнинг ҳам отамиз машъум 37-йиллар қатағонининг қурбони бўлишган ва болаликда кўп мусибатларни кўравериб дийдамиз қотиб кетган. Лекин мен ўша мақолани ўқиб, беихтиёр кўзимга ёш олдим.

* * *

Қирғиз халқи ҳар ўн йилда (баъзан беш йилда) азиз фарзандининг тўйларини улкан бир тадбир даражасида ўтказиб келяпти. Лекин бу тантаналарнинг бари, назаримда, Чингиз Айтматовнинг Парижда ўтган етмиш йиллигига тенг кела олмайди. Париждаги юбилей ЮНЕСКОнинг катта маросимлар нишонланадиган саройида бўлиб ўтди. Унга дунёнинг қарийб барча мамлакатидан вакиллар: атоқли ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, Чингиз Айтматов ижодининг билимдони бўлмиш атоқли олимлар келишди. Ўйлайманки, Чингиз ҳақидаги энг илиқ, энг дўстона, энг теран гаплар ҳам ўшанда — ЮНЕСКО саройидаги кечада айтилди. Шунда мен, «Чингиз бу мақтовларни қандай қабул қиларкан», деб ундан кўзимни узмай ўтирдим. Йўқ, Чингиз ўзини жуда яхши тутди, мақтовлардан талтайиб кетмасдан, гўё оддий, жуда оддий гаплар айтилаётгандек, сокин ва вазмин ўтирди. Танаффус пайтларида эса пастга тушиб, одамлар орасида узоқ-яқиндан тўйга келган адиб ва олимларнинг кўнглини олишга уриниб, ширин сўзи билан ҳаммани хушнуд этиб юрди. Шунда, мен ичимда яна бир бор унга қойил қолдим.

Париждан кейин юбилей тантаналари Бишкекда давом этди. Мен ўзбек делегацияси номидан совғаларимизни топшириб бир-икки оғиз ширин гап айтмоқчи бўлган эдим, у: «Қўй, Одил, мен бундай юбилейлар ортиқча эканини яхши тушунаман. Ҳатто хат ёзиб, ҳозирги иқтисодий қийин шароитда ёзувчи одамнинг катта тўй қилиши уят-ку, деб раҳбариятга мурожаат ҳам қилдим… Бироқ раҳбарият менинг гапларимга қўшилмади. Сенинг юбилейингни қирғиз халқи талаби билан ўтказяпмиз. Шунинг учун сен ҳамма улуғ гапларни тоқат билан эшитишингга тўғри келади, деб жавоб беришди”.

Юбилейлар масаласида Чингиз эмас, халқ ҳақ деб ўйлайман. Тўғри, гап адиб хизматларини яна бир бор юксак баҳолаб, унга таъзим бажо келтиришда эмас. Балки у яратган асарларни яна бир хаёлдан ўтказиш, уларни ўрганиш; бу асарлар тагида ётган теран ўйлар, ҳаёт ва жамият, инсоният учун сабоқ бўла оладиган фикр-мулоҳазалардан баҳраманд бўлишдир.

* * *

— Йўқ, бу сафар уйингга боролмайман — деди Чингиз бир гал Тошкентга келганида. — Яхшиси бундай қилайлик. Мен эрталаб машинада туғилган овулим Шакарга йўлга чиқаман. Сен анов Қозоғистон чегарасидаги чойхонангга жой қилдир. Мен соат ўнга етиб бораман. Ўша ерда бирор соат гаплашиб ўтирамиз. Кейин сен мени Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўясан.

Мен дастурхон тузашни жиянларимга топширдим. (Улар ҳам Чингизни кўришга, албатта, муштоқ эди.) Эрталаб тўққиз яримда етиб борсам укаларим тўкин дастурхон тузаб қўйишибди.
Чингиз роппа-роса ўнда етиб келди (у доим соатга қараб иш қилади). Бир соат қандай ўтиб кетганини билмайман. Бошида айтганимдай, ниҳоятда суҳбати ширин, дунё ва ҳаёт тўғрисида теран мушоҳада юритадиган Чингиз бу сафар ҳам кўп қизиқ ҳангомаларни гапириб берди. Ўшанда мен биринчи марта ундан Андрей Сахаров тўғрисида эшитдим. Бу олим водород бомбасини ихтиро қилгани учун уч марта юксак унвонга мушарраф бўлган, собиқ СССРнинг барча мукофотларини олган, деди Чингиз. Энди у унвону мукофотлари, шоҳона уйларию кўркам дала-ҳовлилари — барчасидан воз кечган, ҳатто ўзи яратган водород бомбасини ҳам қоралаб чиққан. Ҳозир Москвадан ҳайдалиб, Волга бўйидаги бир шаҳарчада ғарибона ҳаёт кечирмоқда. Қара, нобоп давр қанчалик буюк инсонларни яралашга қодир экан!

Роппа-роса соат ўн бирда Чингиз кетишга ижозат сўради. Мен: яна бироз ўтир, суҳбатингга тўймай қолдик-ку, деб илтимос қилдим.
— Йўқ, Одил, — деди Чингиз. — Мен Таласдаги туғилиб катта бўлган овулим Шакарга барвақт етиб боришим керак. Дунёнинг икир-чикир ишлари билан бўлиб, бир-икки йилдан бери боролмаганман. Оламдан ўтган одамлар бор, уларнинг хонадонларига бориб, фотиҳа ўқишим, кўнгил сўрашим керак. Борсам, албатта, учрашамиз, ётиб дардлашамиз, ёшлигимизни эслаймиз, деб ваъда қилганман.

Чингиз яна шундай деб мийиғида кулиб қўйди:
— Улар, бахтли одамлар, Одил. Бир қўйнинг гўштини қозонга солишади. Кейин сен билан мен ҳўплаб ўтирган манов балони (ароқни демоқчи) шокосаларга тўлдириб, бир кўтаришда олишади-да, калла гўштидан уриб, бир-бирини аския қилишади, гурунглашади, «қаҳ-қаҳ» отиб кулишади, яйрашади. Улар ўзларича бахтли одамлар. Биз энди улардай бўлолмаймиз. Ётсак-турсак элни ўйлаймиз, халқимизнинг келажагига қайғурамиз, ташвиш чекамиз. Мен бу ташвишларимни уларга айтсам, тенгдошларим устимдан кулишади. «Ай, Чингиз, Худодан қўрқсанг-чи! — дейишади улар. — Кўйлагингнинг ёқасидан белбоғинггача орден-медал. Олмаган мукофотинг қолмади. Тағин недан нолийсан?» деб таажжубга тушишади. Лекин мен уларни яхши кўраман, соғинаман. Сабаби — энг ёруғ, энг бахтли кунларим шулар билан ўтган. Хўп, зиёфатинг учун раҳмат, энди менга рухсат!

Мен уни Қозоғистон чегарасигача кузатиб қўйиб, орқамга қайтдим. Йўл-йўлакай айтган гапларини ўйлаб келдим. Ўзимдан ўзим: «Сен ҳам туғилган элингга бориб турасанми, борганингда оламдан ўтганларни йўқлаб, руҳларини шод этасанми, оила аъзоларидан кўнгил сўрайсанми?» деб сўрайман. Бу саволлар узоқ вақт хаёлимдан чиқмай, виждонимни қийнаб юрди.

Кунлардан бир кун журналларимизнинг биридан телефон қилишди: «Чингиз Айтматов билан кўп мулоқотда бўлган экансиз, таассуротларингиз ҳақида ўртача ҳажмда бир мақола ёзиб берсангиз». Мен рози бўлдим. Очеркимда Чингиз билан қилган суҳбатларим, олган таассуротларим, мени лол қолдирган гаплари — ҳаммасини батафсил ёздим. Орадан бир-икки ой ўтди. Журнал босмадан чиқди. Лекин не кўз билан кўрайки, Чингиз гапириб берган энг қимматли тафсилотлар олиб ташланибди. Оқибатда очерк пати юлиниб, думи кесилган қушга ўхшаб қолибди. Кейин билсам, ҳушёр муҳаррирга Чингизнинг: «Қишлоғимга эртароқ етиб борай, оламдан ўтганлар бор, уларга фотиҳа ўқийман, жўраларим билан ётиб дардлашамиз», деган гаплари ёқмапти. Чингиз Айтматов катта ёзувчи, у бундай гапларни гапириши мумкин эмас, деган эмиш муҳаррир. Мен узоқ вақт Чингиз менинг пати юлинган қушчага ўхшаб қолган очеркимга кўзи тушмадимикан, деб уялиб юрдим.

Ҳа, донишмандлар айтганидек, ҳаёт бамисоли бир дарё экан, у оқиб ўтавераркан-ўтавераркан, биров ундан баҳраманд бўлиб, боғ-роғ яратар экан, биров лоқайдлик, дангасалик қилиб ҳеч нарса қилмай ўтиб кетавераркан. Чингизнинг Шакарда ўтган унутилмас тўйига ҳам йигирма йилдан ошибди. Одатда, элликдан ошгандан кейин, ижодкорнинг истеъдоди сўна бошлайди, қалами ҳам, ақл-заковати ҳам сусая бошлайди, дейишади. Ўйлайманки, бу «назария» Чингиз Айтматов ижодига сираям тўғри келмайди. У ўзининг дунёни лол қолдирган «Асрга татигулик кун», «Кунда», «Кассандра тамғаси» романларини элликдан ошгандан кейин ёзди. «Кунда» ва, айниқса, «Асрга татигулик кун» уни бугун жаҳон адабиётининг ғаройиб ёзувчиси Габриэл Маркесга тенг миқёсга олиб чиқди. Чингиз яратган Манқурт образи, тўғрироғи, бу сўз китобхонларни ларзага солиб, сотқинлик тимсоли сифатида дунёнинг барча тилларига кириб кетди! Шу жиҳатдан олиб қараганда, Чингиз менга Ҳимолай тоғининг Жамолунгма чўққисини забт этишга киришган альпинистларни эслатади. Фарқи фақат шундаки, Жамолунгмани забт этишга аҳд қилишган ўнлаб, балки юзлаб забардаст альпинистлар бу чўққини забт этолмай, орқасига чекинганлар ёки фожиали ҳалок бўлганлар. Чингиз ҳақида эса бугун ҳеч иккиланмай айтиш мумкин: у санъат соҳасидаги бу осмонўпар чўққини забт этди! Эндиликда у ҳеч иш қилмай, эришган зафарларининг гаштини суриб, роҳату фароғатда яшайвериши ҳам мумкин. Лекин бу кайфият унга ёт. Айни замонда у: «Ҳозир қанақа асар ёзяпсиз?» деган саволни кўп хушлайвермайди. «Ҳа, энди, бир нарсани қоралаяпман. Ноумид шайтон, балки бир нима чиқиб қолар», дея кулиб қўя қолади.

Кўплар сиртдан Чингизни ўта мағрур инсон, улуғ ёзувчи, унга яқинлашиш қийин, деб ўйлашади. Аслида эса, у ҳаётда жуда содда, ҳатто болатабиат бир инсон.
Чингиз Тошкентга келди. У Ўзбекистонда ўтган қирғиз маданияти кунларида иштирок этди. Бир неча кун Ассамблея (Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси) ишлари билан шуғулланди. Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Давлат техника университети талабалари ва олимлари билан учрашди. Сафарининг иккинчи куни биз Ўтрорга бордик. Албатта, ҳозирги Ўтрор Чингизхон қўшинларига биринчи бўлиб кўкрагини тутиб берган ва олти ой таслим бўлмаган қадимий Ўтрордан жуда йироқ, унинг ғарибгина бир сояси, дейиш мумкин. Лекин ҳозирги шаҳарчада ўша буюк ва мағрур Ўтрор ҳақида, Чингизхон лашкарлари билан мардона курашган довюрак ўғлонлари тўғрисида озгина бўлса-да тасаввур берувчи катта музей бор. Биз музейни бориб кўрдик. Кейин шаҳар марказидаги санъат саройида учрашув бўлди, учрашувдан кейин ташқарига чиқсак, музей олдидаги майдонда беш-олтита нор туя чўккалаб ётипти. Шаҳар ҳокими Чингизни катта бир туянинг олдига бошлаб бориб:
— Бу сизнинг Қора Норингиз, — деди. — Миниб кўринг, Чингиз оға.
— Менинг Қора Норим бўлса, минайин! — Чингиз шундай деб кулди-да, туяга минди. Майдонда қийқириқ бўлиб кетди. Чингиз дастхат кутаётган ёшларга қараб:
— Олиб келинглар китобларингни! — дея мурожаат қилди. — Қора Норнинг устида ўтириб ёзиб берай дастхатимни.
Сўнг, атрофини қуршаб олган кино ва телеоператорларга юзланди:
— Суратга олинглар. Чингиз Қора Норига миниб дастхат ёзяпти, деб намойиш қиласизлар олган суратларингизни!
Қора Норга миниб олган Чингизнинг бу даражада завқ-шавққа тўлиб кетиши бежиз эмасди. Назаримда, Қора Нор жаҳон адабиётида яратилган, агар таъбир жоиз бўлса, ҳайвонлар образининг энг мукаммали, дейиш мумкин. Чингиз буни билади ва сезишимча, ўзи яратган ҳайвонлар образидан ифтихор қилади. Фақат Гулсари билан Қора Нордангина эмас, Акбара ҳақида ҳам ғурурланиб гапиради.
Унинг айтишича, Олмонияда вино билан шуғулланувчи бир фермер янги навли вино яратиб, унга «Қора Нор» деб ном берибди. Виноси довруқ қозониб, жуда бойиб кетибди.
Бир сафар шу тўғрисида гапираётганида мен ундан:
— Сен ўзинг бу винодан ичиб кўрдингми? — деб сўрадим.
— Татиб кўрдим, — деди у. — Ўта ўткир экан. Кўпроқ ичишга қўрқдим.
Бутун умрини бўрилар ҳаётини ўрганишга бағишлаган олмониялик бир олим «Кунда»ни ўқиб чиққач, Чингиз ижодининг тарғиботчиларидан бирига ўзини ёзувчи билан таништириб қўйишни илтимос қилибди.
— Мен ҳайронман, — дебди у. — «Кунда»ни ўқиётганимда менга шундай туюлдики, ёзувчи менга ўхшаб умрининг катта қисмини бўрилар орасида ўтказганга ўхшайди.
Умуман, Чингиз Олмонияда биздагидан ҳам машҳур. Ҳатто бизда унча донг чиқаролмаган «Кассандра тамғаси» романи ҳам Олмония ва бошқа хорижий давлатларда жуда катта шуҳрат қозонган. Сўнгги бир-икки йил давомида, Ассамблея ишлари сабаб, Чингизни қачон суриштирсам, рафиқаси аксар ҳолларда уни гоҳ Олмонияда, гоҳ Парижда, гоҳ Америкага китобхонлар билан учрашувга кетди, деб жавоб беради. Чингиз ўзи эса бу ҳақда гап кетганида хиёл маъюсланиб:
— Эндиликда менинг асарларим ўз элимдан кўра хорижда кўпроқ ўқилади, — дейди хўрсиниб. — Чет эл китобхонлари ҳалиям бўлса ҳақиқий адабиётнинг қадрини яхши билади. Бизда эса диди юксак китобхонни бармоқ билан санаса бўлади. Россияда бўлса аҳвол биздагидан ҳам баттар. Уларда секс адабиёти авж олган. Ўқиб кўнглинг озади! Билмадим, қачон бу ботқоқдан чиқа оламиз!..
Шундай қилиб, мана, бизнинг авлод ҳам етмишдан ошиб, саксонга қадам қўйиш арафасида. Куни кеча кўз илғамас узоқ туюлган бу чўққининг тепасида турибмиз.
Не чора? Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шундай экан, унга бўйсуниш ва шукроналар айтишдан бошқа иложимиз йўқ!

Бундан беш-олти йил муқаддам адабий жамоатчилик каминанинг етмиш ёшини нишонлаган эди. Шунда Чингиздан телеграмма олдим. Телеграммада Чингиз каминани қутлаб, мени чуқур ҳаяжонга солган бир гапни айтибди: «Мен, — дебди Чингиз. — Машъум Ўш ёнғини кунлари сен ва Пиримқул билан гўё бир отанинг фарзандларидай, гўё уч ака-укадек оғир фожиа юз берган жойларга бориб, талофат кўрган оналарга ҳамдардлик билдирган онларимизни, уларнинг кўнглини кўтариб, тасалли беришга уринган кунларимизни бот-бот эслайман».

Илоё, ўша машъум қора кунлар сира қайтиб келмагай. Мен сендай буюк ёзувчи, айни замонда оддий ва камтар инсон билан замондош бўлганимдан тоабад ифтихор қиламан. Яратган Эгам мени сен билан узоқ йиллар дўст бўлиш, охирги йиллари эса олижаноб бир мақсад йўлида бирга ишлаш, сенинг дилбар суҳбатларингни олиш бахтига мушарраф қилди. Сўнгги пайтларда мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман, айниқса, кечқурун, уйқум қочган дақиқаларда кўп эслайман. Чексиз қувонч ва миннатдорчилик билан эслайман.
Сен мендан: «Етмиш ёшда одам ўзини қандай ҳис этаркан, Одил?» деб кўп сўрардинг. Мана, ўзинг ҳам қутлуғ ёшдан ўтиб, етмиш бешга кирдинг. Энди етмиш ёшда одам ўзини қандай ҳис этишини ўзинг билаверасан. Улуғ ёшинг қутлуғ бўлсин, азиз замондошим! Бизнинг бахтимизга, нафақат туркий халқлар, балки буткул жаҳон халқлари китобхонларининг бахтига ҳамиша соғ бўл, қаламинг бундан ҳам ўткирлашиб боравергай, қадрли дўстим!

2004

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 24-сонидан олинди.

077

(Tashriflar: umumiy 112, bugungi 1)

3 izoh

  1. Ассалому алайкум устоз Хуршид Даврон, Чингиз Айтматов хакидаги шеъринизни укидим. «Кипчок даштларида ёвшан сочган ис, Шероз богларининг атридан эпкин»,Яссавий манзил тутган улуг Туркистон, Кошгарий набираларига эшикни кенг очади, ябкинлар куйнида елган куллунлар…Чингиз Айтматов туркий халкларнинг фахри.Жахон адабиётидаги урни алохидадир.Дунё ва одамлар уз ташвишига уралган замонда Сизнинг шеърларингизни укиш дашт мисол поёнсиз соф хаволарга интилишдир.Согинч сукмоклари шеърларингиз оркали бизни нурли йулларга бошласин. Саломат булинг.

  2. Ajoyib. Chingiz Aytmatovning asarlarini ko’zyoshlarsiz o’qish mumkin emas. Bunday adiblar 100 yilda ko’pi bilan 3tagacha tug’ilishi mumkin menimcha.

  3. Darhaqiqat Chingiz Aytmatovday kuchli yozuvchilar kam albatta. U biz uchun o’lmadi, aksincha u yozgan qissa, romanlarni kelajakda ham insonlar tomonidan sevib o’qilaveradi va uning nomi mangu yashaydi. O’zbek qirg’iz yozuvchisidir Chingiz, Mangu udir jahonda tengsiz.

Izoh qoldiring