Aziz Nesin. Dardi bedavo.

045

Таниқли адиб Азиз Несин таваллудининг 100 йиллиги олдидан

    Машҳур турк адиби Азиз Несинни билмаган адабиёт мухлиси бўлмаса керак. Ўз умри давомида 110 дан ортиқ китоб ёзган Несиннинг бирқанча асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Айниқса, унинг аччиқ кулгига бой ҳажвий ҳикоялари китобхонларга жуда маъқул келади. Қуйидаги ҳикоя ҳам мана шундай жамият муаммолари кулги асосида ҳаққоний ёритиган асарлардандир.

001Азиз НЕСИН
ДАРДИ БЕДАВО
Носир Муҳаммад таржимаси

08

Тоғамни негадир жиним ёқтирмасди. Чунки у ўтакетган хасис одам эди. Cавдо-сотиқ билан шуғулланиши, мол-мулки етарли бўлишига қарамай, ночоргина турмуш кечирар ва ҳамма нарсадан нолиб юрарди. Одамлар уни бечораҳол, бутун бойлиги ҳам шу кичиккина уй ва каталакдек дўкондан иборат бўлса керак деб ўйлардилар…

Тоғам ҳеч вақт машинага чиқмасди. Арзон матолардан тикилган либослар кийиб юрар, уй харажатларида ҳам зиқналик қиларди. Агар у оғир дардга дучор бўлмаганида бунчалик бадавлат ва пулдор эканлигини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Касалланиб, докторлару дори учун пулни барги хазондек соча бошлагач, коса тагида ним коса борлиги маълум бўлди.

Тоғамнинг касаллиги ҳам иши каби сирли эди. Дастлабки кунлари нақ киндигининг остида оғриқ турди. Докторлар қанчалик текширишмасин, касалини аниқлай олишмасди. Албатта, тоғамнинг ўзи ҳам қайси жойи оғриётганлигини тузукроқ тушунтиролмас, мужмал дардини таърифлашдан ожиз эди. У шундай дерди:

-Гўё қорнимнинг ичига ўн-ўн бешта иту мушук қамалгану улар бир-бирига чанг солиб, ўзаро ғажишаётгандай…

Албатта, докторлар тоғамнинг гапларига кулишар, уни масхара қилишарди. Тўғри-да, одамнинг қорни чиқиндилар қутиси эмаски, унга иту мушуклар йиғилиб, бир-бирига чанг солса… Кошки эди тоғамнинг дарди чинданам шу бўлса. Бу касални даволаш жуда осон кўчарди. Муниципалитет ходимларидан бирини чақирсак бас, бир парча заҳарланган гўшт билан иту мушукларни даф қилиб, тоғамнинг дардига дармон бўларди.

Шаҳарда тоғам ҳузурига бормаган бирорта ҳам шифокор қолмаганди. Аммо уларнинг ҳеч қайсиси унинг касалини аниқлай олмади. Орадан бир оз вақт ўтгач, мамлакатимизга чет эллик бир профессор келганини эшитиб қолдик. Тоғам билан бирга унинг ҳузурига бордик. У диққат билан текшириб кўргач, шундай деди:

-Бу киши саратон бўлган… Ўсимта — меъдада, унинг қоринга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Шундан кейин у қориннинг ички тузилиши, меъда, ичак-чавоқлар, ўт пуфаги, йўғон ичак ва ингичка ичак, жигар, буйрак ва ҳоказолар ҳақида ярим соатча ваъз ўқиди. Мактабда ўн бир йил ўқиган бўлсам ҳам, тўғриси, унинг гапларидан ҳеч вақони тушунмадим. Икки-уч йил эски мактабга қатнаган тоғам ҳақида айтиб ўтирмасак ҳам бўлади.

Жаноб профессор илмий ваъзлари сўнгида шундай дедилар:

-Тоғангизнинг меъдалари осилиб қолган. Энг охирги муддатдан ҳам уч соатча ўтибди. Тезда операция қилиш керак…

Тоғамни дарҳол касалхонага етказдик. Икки-уч кундан кейин у операция қилинди. Амалиёт пайтида докторга ёрдамлашган ассистент менга бу ҳақда шундай ҳикоя қилиб берди:

-Профессор тоғангизнинг қорнини ёриб, ошқозонини кўрди. У тамомила соғ¬лом экан. Докторнинг ўзи ҳам таажжуб билан ҳозиргача қанча қанча операциялар қилганлигини, аммо бундай соғлом меъдани кўрмаганлигини тан олди. Лекин қоринни ёриб қўйган, олинган пулни ҳалоллаш лозим эди. Меъданинг ярмини шартта кесиб ташлашга мажбур бўлди. Мен унга «жон профессор, меъда соғ¬лом бўлса, нега унинг ярмини кесасиз?» деб ҳар қанча эътироз билдирмай, қулоқ солмади. Бунга жавобан нима дейди денг?

— Ҳа, меъда ҳозирча соғлом ва нуқсонсиз. Аммо операция қилмасак, келгусида, албатта, саратон бўлади,- дейди.

Тоғамни яримта ошқозон билан уйи¬га олиб келдик. Аммо аввалги дарди уни яна безовта қила бошлади. Тикилган жойлари ҳали тузалмасдан бош¬қа бир ички касалликлар мутахассиси ҳузурига олиб бордик. Бу докторни шунчалар таърифлашдики, асти қўяверасиз, ҳатто касалларни ўлимидан 24 соат ке¬йин ҳам тирилтира олади, дейишди муболаға билан. Миш-мишлар тўғрига ўхшаб қолди. Тоғамни текшириб кўриши биланоқ буйраклари ишламаётганлигини аниқлади. Дард ва безовталиклар сабаби ҳам шу эмиш, ҳатто рентген тасвирига ҳам ҳожат қолмади.

— Тезда буйракларни операция қилиш керак, — деди у қатъий. Тоғажонимизнинг қорнини иккинчи марта ёриб кўрдилар. Бу врач ҳам соппа-соғ буйракларни кўриб, ҳайрат билан шундай дебди:

-Бу қадар соғлом буйракларни ҳеч ким кўрган эмас. Биттаси ҳам бу кишига етиб ортади…

Ассистенти бунга эътироз билдирибди:

-Жаноб доктор! Соппа-соғ буйракни олиб ташлагани қандай қўлингиз боради? Қаранг, Гринвич соатидай ишлаб турибди-я…

Аммо мутахассис доктор бунга қулоқ солмабди.

-Яхши йигит, — дебди у, — наҳотки шуни ҳам тушунмасангиз. Агарда биз бу буйракни кесиб олмасак, бемор операция қилганимизга ишонмайди, пулимни бекорга олишибди, деб ўйлайди. Қўлимизда далил бўлиши учун битта буйракни, албатта олишимиз керак…

Хуллас, тоғамнинг битта буйрагини олиб ташлашди. Қолган буйраги билан уйига қай-тди. Амалиёт пайтида ўлиб қолмаганига ҳар куни минг марта худога шукур қиларди. Ҳатто, анчагина пул сарф¬лаб, касалхонанинг қоровулидан бошлиғигача газета орқали миннатдорчилик билдириб чиқди.

Афсуски, операция ҳам, докторларга ташаккур ҳам тоғамнинг дардини енгилламади. Оғриқ кундан-кунга зўрайиб борарди. Танишларимиздан бири шундай деб қолди:

— Мен 16 марта операция бўлганман. Аъзойи баданимни бурда-бурда қилиб, қайтадан тикканлар. Аммо то Салим деган доктор ҳузурига бормагунимча дардимга дармон тополмадим. Фақат у мени қутқарди.

Тезда тоғамни Салим докторга олиб бордик. Бўлган воқеаларни унга гапириб бергандек, истеҳзо билан жилма¬йиб деди:

-Касалингизни аниқлай олишмапти. Сизнинг ичакларингиз тугилиб қолган!

Ҳаммадан кўра бу гап менга маъқул келди. Чунки тоғам шу қадар хасис эдики, сарф-харажат камроқ бўлиши учун ўз ичакларини тугиб қўйишдан ҳам тоймасди.

Тоғамнинг қорнини учинчи марта ёрдилар… Доктор соппа-соғ ичакларни кўриб, бармоғини тишлаб қолди. Амалиёт анжомларини четга улоқтириб, ичакларни маҳлиё бўлиб томоша қила бошлади. Сўнгра таҳсин-офаринлар билан шундай деди:

-Бу қанақа ичаклар бўлди-а? Умрим бино бўлиб бунчалик узун ичакни кўрмаганман. Гўё етти кишига етадиганини табиат саховат билан бу одамга ато этгандай…

Доктор ичакларда тугилиб қолган жойни тополмагач, шундай дебди:

-Қоринни очдикми, энди озгина бўлса ҳам ичакдан қирқиб олайлик. Гарчи амалиётдан кейин тоғамнинг ичаклари оддий одамларники билан баравар бўлиб қолган бўлса ҳам, касаллиги баттар зўрайди…

Ўша кунлари газетада бир эълон ўқиб қолдик. Унда шундай деб ёзилганди: «Германияда таҳсил олган доктор… кўп йиллар мобайнида у ердаги… касалхонасида бош врач ўринбосари бўлиб ишлаган, ҳозир ватанига қайтиб, Анқарада хусусий шифохона очган…»

Тоғамни кўп машаққатлар билан Анқарага олиб бордик. Германияда таҳсил олган врач барча саргузаштларимизни эшитгач, бир оз ўйлаб турди-да, шундай деди:

— Докторлар бу кишининг касалини аниқлай олмапти. Тағангизнинг жигари оғриган…

Тоғамнинг қорни яна бир марта йиртилди… Аммо унинг жигари ёш спортчи қизнинг жигаридан ҳам соғлом экан. Қоринни беҳудаги тикмаслик учун кўричагини кесиб олишди.

Бу амалиётдан кейин тоғамнинг дарду азоблари яна зўрайди. Кимки «фалон жойда яхши доктор бор экан», деса, ўша заҳоти югуриб кетарди. Ўнлаб дори-дармонлар, неча-неча амалиётлар жонига ора кирмади, касаллиги кундан-кунга кучайиб бораверди.

Пулни жонидан ҳам яхши кўрадиган тоғамдек бир одам қандай қилиб шунча харажатга рози бўлганлигига ҳозиргача ажабланаман. Баданидаги барча ички аъзолар амалиёт қилинганди. Иккита бўлган аъзосидан биттаси қолган, баъзилари қисқарган, ортиқчалари эса кесиб ташланганди. Агар илгари вазни 65 килограмм бўлса, аъзоларини олиб ташлайверганлари сабабли 38 килограмм бўлиб қолганди. Шундай бўлса ҳам ҳаётдан умид узмас, кимки «фалон жойда фалон доктор бор», деса бас, шу заҳоти югуриб кетарди. Бу сафар у бир чет эллик доктор ҳузурига борди. У тоғамнинг ғаройиб саргузаштларини тинглаб, ачиниш билан деди:

-Афсус, барча аъзоларингизни беҳуда операция қилишибди. Сизнинг деярли дардингиз томоқдаги бодомчалар билан боғлиқ.

Тоғамнинг ўрнига мен эътироз билдирдим:

-Жаноб доктор, оғриқ нақ киндикнинг остида-ку, у қандай қилиб бодомчаларга боғлиқ бўлсин?

Докторнинг жаҳли чиқиб кетди. Асабийлик билан жавоб берди:

-Ахир мен докторман, биламан… Укажон, бодомчалар аслида бадандаги муҳим аъзолардан бири. Уларнинг асосий вазифаси барча органларнинг фаолиятини тартибга солиб туришдир. Айниқса, тоғангизнинг операция қилинмаган аъзоси қолмагани учун бодомчаларнинг аҳамияти ошиб кетган. Оғриқлар сабаби ҳам, шубҳасиз, ана шу… Бодомчаларни олиб ташлаймиз. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, бошқа бирор йўлини қидириб кўрамиз!

Тоғамнинг томоғидаги бодомчаларни ҳам олиб ташлашди. Аммо оғриқ яна йўқолмади. Шубҳам тўғри чиқди, касаллик сабаби уларда эмас экан. Ҳадеб кесиб тиктираверганлари учун тоғамнинг бадани балиқчиларнинг тўрига ўхшаб қолганди. Амалиёт пайтида жарроҳлик асбобларини ишлатишга ҳам эҳтиёж қолмаганди. Докторлар тикилган жойларни тортсалар бас, тоғамнинг қорни дастурхондай очилиб қоларди!

Аслини олганда, бу тоғам учун фойдали ҳам эди, чунки аввалгидек тиғ зарбидан азоб чекмасди. Баъзида эса қаттиқроқ йўталса ҳам тикилган жойлари очилиб кетарди. У гоҳида алам билан:

— Нега Аллоҳ таоло, инсон вужудини соддагина қилиб яратмаган экан, -деб қоларди. Агар ўшандай бўлганида докторлар қўлларини одамнинг қорнига тиқишарди-ю бор нарсани ташқарига олиб чиқишарди.

Тоғам бечора телба-тескари гаплар ҳам айтадиган бўлиб қолганди.

Докторлардан бири тоғамнинг баданида амалиёт орқали пул ишлаб оладиган ҳеч вақо қолмаганлигини кўриб, шундай деди:

-Сиздаги барча дарду азоблар боиси бизларнинг яхши ишламаслигимизда. Гавдангизда гормонлар миқдори камайиб кетган, тезда даволаш зарур. Гормонлар фаолиятини яхшилаш учун жинсий безлардан бирини олиб ташлаш керак.

Мен яна эътироз билдиргандим, тоғамнинг ўзи рози бўлиб деди:

— Жаноб доктор, иложи бўлса иккаласини ҳам олиб ташланг, бир йўла хотиржам бўлай.

Аммо доктор бунга рози бўлмади, фақат биттасини олиб ташлади… Афсуски, тоғамнинг касаллиги бу билан ҳам тузалмади. У аста-секин умидсизликка туша бошлади:

— Энди ўлимдан бошқа чора йўқ…

Аммо одамлар тинч қўйишмасди. Ҳар куни унга юзта янги докторни таништиришарди. Менинг ташвишим эса кундан-кунга ортиб борар, ҳар сафар тоғамнинг яримжон гавдасини минг машаққат билан у хонадан бу хонага кўтариб борардим.

Докторлардан бири ғалати фикрни айтиб қолди. У олдинги врачларнинг беҳуда операцияларидан афсусланиш билан анчагина оҳ-воҳ қилиб тургач, шундай деди:

— Тоғангизнинг касаллиги сабаби оёқлари бармоғида пайдо бўлган қадоқларда…

Мен беихтиёр бақириб юбордим:

— Жаноб доктор, нақ киндигининг остидаги оғриқ қандай қилиб оёқдаги қадоқларга боғлиқ бўлсин?

Доктор хотиржамлик билан жавоб берди:

— Бадандаги барча аъзолар бир-бири билан боғлиқ. Масалан, тишингиз оғриганда бутун гавдангизда оғриқ турмайдими? Албатта, бошдан-оёғингизгача зирқиратади…

Мавзу илмий бўлгани учун ортиқча эътироз билдиришга ўзимда журъат топмадим. Жаноб доктор ҳам тоғамнинг оёғидаги қадоқларни кесиб ташлади. Аммо бу амалиёт унинг чўнтагига келтирган фойдани ҳисобламаганда, тоғамнинг касалига заррача ҳам таъсир қилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан барча врачлар рўйхатини олдириб келдик. Текшириб кўрганимизда тоғам ҳузурига бормаган фақат иккита доктор қолганлиги маълум бўлди. Улардан бирини қидириб топдик. У тоғамнинг касаллиги тарихини эшитгач, кўзлари ола¬йиб кетди. Шунча жарроҳлик операциясидан кейин тоғам қандай тирик юрганлигига ҳайрон бўлиб қолди. Афсусланиш билан бош чайқаб деди:

— Докторлар ноинсофлик қилишибди. Уларнинг барча иши беҳуда бўлган, оғриқлар эса тишларингиз билан боғлиқ.

Чиқмаган жондан умид деганларидек, тоғамнинг барча тишларини суғуртирдик. Аммо фойда бермади. Энди тоғам овқат ҳам еёлмай қолганди. Икки қўллаб маҳкам ушлаб турмасак, осмону фалакка парвоз қилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бир куни тоғам шундай деб қолди:

— Барча бойлигимдан қолган охирги пулларни бирорта чет эллик врачга харж қилмоқчиман.

Тоғам билан Парижга йўл олдик. У ерда ҳеч бир танишимиз бўлмагани учун кўчадаги эълонлардан тўғри келган бир шифокорнинг адресини топиб, ҳузурига бордик. Парижлик врач сўзларимизни диққат билан эшитди. Сўнгра синчковлик билан текшириб чиққач, деди:

— Сизнинг ҳеч бир касаллигингиз йўқ. Барча операциялар нотўғри қилинган. Бундан кейин шимингизга камарни қисиб боғламанг. Яхшиси, елкага осиладиган тасмалардан фойдаланинг.

Шу ишни қилган эдик, мўъжиза рўй бериб, тоғамнинг барча дарду азоблари бир зумда йўқолди. Париждан қайтганимизда у тамоман тузалган, аммо пуллари ҳам тугаган эди. Энди асосий касаллиги пулсизлиги бўлиб қолганди. ¬Барча бойлигини докторларга сарфлаганини эслаб, оҳ чекарди. Олти ойдан кейин бу азоблардан мангуга қутилди. Пулсизликдан ўлдими ёки устма-уст операциялар туфайли вужудининг ярми олиб ташланганлигидан ўлдими, билмадим. Аммо шуни аниқ биламанки, бунча амалиётдан кейин бирор банданинг тирик қолиши гумон эди.

05

Taniqli adib Aziz Nesin tavalludining 100 yilligi oldidan

    Mashhur turk adibi Aziz Nesinni bilmagan adabiyot muxlisi bo’lmasa kerak. O’z umri davomida 110 dan ortiq kitob yozgan Nesinning birqancha asarlari o’zbek tiliga ham tarjima qilingan. Ayniqsa, uning achchiq kulgiga boy hajviy hikoyalari kitobxonlarga juda ma’qul keladi. Quyidagi hikoya ham mana shunday jamiyat muammolari kulgi asosida haqqoniy yoritigan asarlardandir.

044Aziz NESIN
DARDI BEDAVO
Nosir Muhammad tarjimasi

9

Tog’amni negadir jinim yoqtirmasdi. Chunki u o’taketgan xasis odam edi. Cavdo-sotiq bilan shug’ullanishi, mol-mulki yetarli bo’lishiga qaramay, nochorgina turmush kechirar va hamma narsadan nolib yurardi. Odamlar uni bechorahol, butun boyligi ham shu kichikkina uy va katalakdek do’kondan iborat bo’lsa kerak deb o’ylardilar…

Tog’am hech vaqt mashinaga chiqmasdi. Arzon matolardan tikilgan liboslar kiyib yurar, uy xarajatlarida ham ziqnalik qilardi. Agar u og’ir dardga duchor bo’lmaganida bunchalik badavlat va puldor ekanligini xayolimga ham keltirmasdim. Kasallanib, doktorlaru dori uchun pulni bargi xazondek socha boshlagach, kosa tagida nim kosa borligi ma’lum bo’ldi.

Tog’amning kasalligi ham ishi kabi sirli edi. Dastlabki kunlari naq kindigining ostida og’riq turdi. Doktorlar qanchalik tekshirishmasin, kasalini aniqlay olishmasdi. Albatta, tog’amning o’zi ham qaysi joyi og’riyotganligini tuzukroq tushuntirolmas, mujmal dardini ta’riflashdan ojiz edi. U shunday derdi:

-Go’yo qornimning ichiga o’n-o’n beshta itu mushuk qamalganu ular bir-biriga chang solib, o’zaro g’ajishayotganday…

Albatta, doktorlar tog’amning gaplariga kulishar, uni masxara qilishardi. To’g’ri-da, odamning qorni chiqindilar qutisi emaski, unga itu mushuklar yig’ilib, bir-biriga chang solsa… Koshki edi tog’amning dardi chindanam shu bo’lsa. Bu kasalni davolash juda oson ko’chardi. Munitsipalitet xodimlaridan birini chaqirsak bas, bir parcha zaharlangan go’sht bilan itu mushuklarni daf qilib, tog’amning dardiga darmon bo’lardi.

Shaharda tog’am huzuriga bormagan birorta ham shifokor qolmagandi. Ammo ularning hech qaysisi uning kasalini aniqlay olmadi. Oradan bir oz vaqt o’tgach, mamlakatimizga chet ellik bir professor kelganini eshitib qoldik. Tog’am bilan birga uning huzuriga bordik. U diqqat bilan tekshirib ko’rgach, shunday dedi:

-Bu kishi saraton bo’lgan… O’simta — me’dada, uning qoringa hech bir aloqasi yo’q.

Shundan keyin u qorinning ichki tuzilishi, me’da, ichak-chavoqlar, o’t pufagi, yo’g’on ichak va ingichka ichak, jigar, buyrak va hokazolar haqida yarim soatcha va’z o’qidi. Maktabda o’n bir yil o’qigan bo’lsam ham, to’g’risi, uning gaplaridan hech vaqoni tushunmadim. Ikki-uch yil eski maktabga qatnagan tog’am haqida aytib o’tirmasak ham bo’ladi.

Janob professor ilmiy va’zlari so’ngida shunday dedilar:

-Tog’angizning me’dalari osilib qolgan. Eng oxirgi muddatdan ham uch soatcha o’tibdi. Tezda operatsiya qilish kerak…

Tog’amni darhol kasalxonaga yetkazdik. Ikki-uch kundan keyin u operatsiya qilindi. Amaliyot paytida doktorga yordamlashgan assistent menga bu haqda shunday hikoya qilib berdi:

-Professor tog’angizning qornini yorib, oshqozonini ko’rdi. U tamomila sog’¬lom ekan. Doktorning o’zi ham taajjub bilan hozirgacha qancha qancha operatsiyalar qilganligini, ammo bunday sog’lom me’dani ko’rmaganligini tan oldi. Lekin qorinni yorib qo’ygan, olingan pulni halollash lozim edi. Me’daning yarmini shartta kesib tashlashga majbur bo’ldi. Men unga «jon professor, me’da sog’¬lom bo’lsa, nega uning yarmini kesasiz?» deb har qancha e’tiroz bildirmay, quloq solmadi. Bunga javoban nima deydi deng?

— Ha, me’da hozircha sog’lom va nuqsonsiz. Ammo operatsiya qilmasak, kelgusida, albatta, saraton bo’ladi,- deydi.

Tog’amni yarimta oshqozon bilan uyi¬ga olib keldik. Ammo avvalgi dardi uni yana bezovta qila boshladi. Tikilgan joylari hali tuzalmasdan bosh¬qa bir ichki kasalliklar mutaxassisi huzuriga olib bordik. Bu doktorni shunchalar ta’riflashdiki, asti qo’yaverasiz, hatto kasallarni o’limidan 24 soat ke¬yin ham tiriltira oladi, deyishdi mubolag’a bilan. Mish-mishlar to’g’riga o’xshab qoldi. Tog’amni tekshirib ko’rishi bilanoq buyraklari ishlamayotganligini aniqladi. Dard va bezovtaliklar sababi ham shu emish, hatto rentgen tasviriga ham hojat qolmadi.

— Tezda buyraklarni operatsiya qilish kerak, — dedi u qat’iy. Tog’ajonimizning qornini ikkinchi marta yorib ko’rdilar. Bu vrach ham soppa-sog’ buyraklarni ko’rib, hayrat bilan shunday debdi:

-Bu qadar sog’lom buyraklarni hech kim ko’rgan emas. Bittasi ham bu kishiga yetib ortadi…

Assistenti bunga e’tiroz bildiribdi:

-Janob doktor! Soppa-sog’ buyrakni olib tashlagani qanday qo’lingiz boradi? Qarang, Grinvich soatiday ishlab turibdi-ya…

Ammo mutaxassis doktor bunga quloq solmabdi.

-Yaxshi yigit, — debdi u, — nahotki shuni ham tushunmasangiz. Agarda biz bu buyrakni kesib olmasak, bemor operatsiya qilganimizga ishonmaydi, pulimni bekorga olishibdi, deb o’ylaydi. Qo’limizda dalil bo’lishi uchun bitta buyrakni, albatta olishimiz kerak…

Xullas, tog’amning bitta buyragini olib tashlashdi. Qolgan buyragi bilan uyiga qay-tdi. Amaliyot paytida o’lib qolmaganiga har kuni ming marta xudoga shukur qilardi. Hatto, anchagina pul sarf¬lab, kasalxonaning qorovulidan boshlig’igacha gazeta orqali minnatdorchilik bildirib chiqdi.

Afsuski, operatsiya ham, doktorlarga tashakkur ham tog’amning dardini yengillamadi. Og’riq kundan-kunga zo’rayib borardi. Tanishlarimizdan biri shunday deb qoldi:

— Men 16 marta operatsiya bo’lganman. A’zoyi badanimni burda-burda qilib, qaytadan tikkanlar. Ammo to Salim degan doktor huzuriga bormagunimcha dardimga darmon topolmadim. Faqat u meni qutqardi.

Tezda tog’amni Salim doktorga olib bordik. Bo’lgan voqealarni unga gapirib bergandek, istehzo bilan jilma¬yib dedi:

-Kasalingizni aniqlay olishmapti. Sizning ichaklaringiz tugilib qolgan!

Hammadan ko’ra bu gap menga ma’qul keldi. Chunki tog’am shu qadar xasis ediki, sarf-xarajat kamroq bo’lishi uchun o’z ichaklarini tugib qo’yishdan ham toymasdi.

Tog’amning qornini uchinchi marta yordilar… Doktor soppa-sog’ ichaklarni ko’rib, barmog’ini tishlab qoldi. Amaliyot anjomlarini chetga uloqtirib, ichaklarni mahliyo bo’lib tomosha qila
boshladi. So’ngra tahsin-ofarinlar bilan shunday dedi:

-Bu qanaqa ichaklar bo’ldi-a? Umrim bino bo’lib bunchalik uzun ichakni ko’rmaganman. Go’yo yetti kishiga yetadiganini tabiat saxovat bilan bu odamga ato etganday…

Doktor ichaklarda tugilib qolgan joyni topolmagach, shunday debdi:

-Qorinni ochdikmi, endi ozgina bo’lsa ham ichakdan qirqib olaylik. Garchi amaliyotdan keyin tog’amning ichaklari oddiy odamlarniki bilan baravar bo’lib qolgan bo’lsa ham, kasalligi battar zo’raydi…

O’sha kunlari gazetada bir e’lon o’qib qoldik. Unda shunday deb yozilgandi: «Germaniyada tahsil olgan doktor… ko’p yillar mobaynida u yerdagi… kasalxonasida bosh vrach o’rinbosari bo’lib ishlagan, hozir vataniga qaytib, Anqarada xususiy shifoxona ochgan…»

Tog’amni ko’p mashaqqatlar bilan Anqaraga olib bordik. Germaniyada tahsil olgan vrach barcha sarguzashtlarimizni eshitgach, bir oz o’ylab turdi-da, shunday dedi:

— Doktorlar bu kishining kasalini aniqlay olmapti. Tag’angizning jigari og’rigan…

Tog’amning qorni yana bir marta yirtildi… Ammo uning jigari yosh sportchi qizning jigaridan ham sog’lom ekan. Qorinni behudagi tikmaslik uchun ko’richagini kesib olishdi.

Bu amaliyotdan keyin tog’amning dardu azoblari yana zo’raydi. Kimki «falon joyda yaxshi doktor bor ekan», desa, o’sha zahoti yugurib ketardi. O’nlab dori-darmonlar, necha-necha amaliyotlar joniga ora kirmadi, kasalligi kundan-kunga kuchayib boraverdi.

Pulni jonidan ham yaxshi ko’radigan tog’amdek bir odam qanday qilib shuncha xarajatga rozi bo’lganligiga hozirgacha ajablanaman. Badanidagi barcha ichki a’zolar amaliyot qilingandi. Ikkita bo’lgan a’zosidan bittasi qolgan, ba’zilari qisqargan, ortiqchalari esa kesib tashlangandi. Agar ilgari vazni 65 kilogramm bo’lsa, a’zolarini olib tashlayverganlari sababli 38 kilogramm bo’lib qolgandi. Shunday bo’lsa ham hayotdan umid uzmas, kimki «falon joyda falon doktor bor», desa bas, shu zahoti yugurib ketardi. Bu safar u bir chet ellik doktor huzuriga bordi. U tog’amning g’aroyib sarguzashtlarini tinglab, achinish bilan dedi:

-Afsus, barcha a’zolaringizni behuda operatsiya qilishibdi. Sizning deyarli dardingiz tomoqdagi bodomchalar bilan bog’liq.

Tog’amning o’rniga men e’tiroz bildirdim:

-Janob doktor, og’riq naq kindikning ostida-ku, u qanday qilib bodomchalarga bog’liq bo’lsin?

Doktorning jahli chiqib ketdi. Asabiylik bilan javob berdi:

-Axir men doktorman, bilaman… Ukajon, bodomchalar aslida badandagi muhim a’zolardan biri. Ularning asosiy vazifasi barcha organlarning faoliyatini tartibga solib turishdir. Ayniqsa, tog’angizning operatsiya qilinmagan a’zosi qolmagani uchun bodomchalarning ahamiyati oshib ketgan. Og’riqlar sababi ham, shubhasiz, ana shu… Bodomchalarni olib tashlaymiz. Agar bu ham yordam bermasa, boshqa biror yo’lini qidirib ko’ramiz!

Tog’amning tomog’idagi bodomchalarni ham olib tashlashdi. Ammo og’riq yana yo’qolmadi. Shubham to’g’ri chiqdi, kasallik sababi ularda emas ekan. Hadeb kesib tiktiraverganlari uchun tog’amning badani baliqchilarning to’riga o’xshab qolgandi. Amaliyot paytida jarrohlik asboblarini ishlatishga ham ehtiyoj qolmagandi. Doktorlar tikilgan joylarni tortsalar bas, tog’amning qorni dasturxonday ochilib qolardi!

Aslini olganda, bu tog’am uchun foydali ham edi, chunki avvalgidek tig’ zarbidan azob chekmasdi. Ba’zida esa qattiqroq yo’talsa ham tikilgan joylari ochilib ketardi. U gohida alam bilan:

— Nega Alloh taolo, inson vujudini soddagina qilib yaratmagan ekan, -deb qolardi. Agar o’shanday bo’lganida doktorlar qo’llarini odamning qorniga tiqishardi-yu bor narsani tashqariga olib chiqishardi.

Tog’am bechora telba-teskari gaplar ham aytadigan bo’lib qolgandi.

Doktorlardan biri tog’amning badanida amaliyot orqali pul ishlab oladigan hech vaqo qolmaganligini ko’rib, shunday dedi:

-Sizdagi barcha dardu azoblar boisi bizlarning yaxshi ishlamasligimizda. Gavdangizda gormonlar miqdori kamayib ketgan, tezda davolash zarur. Gormonlar faoliyatini yaxshilash uchun jinsiy bezlardan birini olib tashlash kerak.

Men yana e’tiroz bildirgandim, tog’amning o’zi rozi bo’lib dedi:

— Janob doktor, iloji bo’lsa ikkalasini ham olib tashlang, bir yo’la xotirjam bo’lay.

Ammo doktor bunga rozi bo’lmadi, faqat bittasini olib tashladi… Afsuski, tog’amning kasalligi bu bilan ham tuzalmadi. U asta-sekin umidsizlikka tusha boshladi:

— Endi o’limdan boshqa chora yo’q…

Ammo odamlar tinch qo’yishmasdi. Har kuni unga yuzta yangi doktorni tanishtirishardi. Mening tashvishim esa kundan-kunga ortib borar, har safar tog’amning yarimjon gavdasini ming mashaqqat bilan u xonadan bu xonaga ko’tarib borardim.

Doktorlardan biri g’alati fikrni aytib qoldi. U oldingi vrachlarning behuda operatsiyalaridan afsuslanish bilan anchagina oh-voh qilib turgach, shunday dedi:

— Tog’angizning kasalligi sababi oyoqlari barmog’ida paydo bo’lgan qadoqlarda…

Men beixtiyor baqirib yubordim:

— Janob doktor, naq kindigining ostidagi og’riq qanday qilib oyoqdagi qadoqlarga bog’liq bo’lsin?

Doktor xotirjamlik bilan javob berdi:

— Badandagi barcha a’zolar bir-biri bilan bog’liq. Masalan, tishingiz og’riganda butun gavdangizda og’riq turmaydimi? Albatta, boshdan-oyog’ingizgacha zirqiratadi…

Mavzu ilmiy bo’lgani uchun ortiqcha e’tiroz bildirishga o’zimda jur’at topmadim. Janob doktor ham tog’amning oyog’idagi qadoqlarni kesib tashladi. Ammo bu amaliyot uning cho’ntagiga keltirgan foydani hisoblamaganda, tog’amning kasaliga zarracha ham ta’sir qilmadi.

Sog’liqni saqlash vazirligidan barcha vrachlar ro’yxatini oldirib keldik. Tekshirib ko’rganimizda tog’am huzuriga bormagan faqat ikkita doktor qolganligi ma’lum bo’ldi. Ulardan birini qidirib topdik. U tog’amning kasalligi tarixini eshitgach, ko’zlari ola¬yib ketdi. Shuncha jarrohlik operatsiyasidan keyin tog’am qanday tirik yurganligiga hayron bo’lib qoldi. Afsuslanish bilan bosh chayqab dedi:

— Doktorlar noinsoflik qilishibdi. Ularning barcha ishi behuda bo’lgan, og’riqlar esa tishlaringiz bilan bog’liq.

Chiqmagan jondan umid deganlaridek, tog’amning barcha tishlarini sug’urtirdik. Ammo foyda bermadi. Endi tog’am ovqat ham yeyolmay qolgandi. Ikki qo’llab mahkam ushlab turmasak, osmonu falakka parvoz qilib ketishi ham hech gap emasdi.

Bir kuni tog’am shunday deb qoldi:

— Barcha boyligimdan qolgan oxirgi pullarni birorta chet ellik vrachga xarj qilmoqchiman.

Tog’am bilan Parijga yo’l oldik. U yerda hech bir tanishimiz bo’lmagani uchun ko’chadagi e’lonlardan to’g’ri kelgan bir shifokorning adresini topib, huzuriga bordik. Parijlik vrach
so’zlarimizni diqqat bilan eshitdi. So’ngra sinchkovlik bilan tekshirib chiqqach, dedi:

— Sizning hech bir kasalligingiz yo’q. Barcha operatsiyalar noto’g’ri qilingan. Bundan keyin shimingizga kamarni qisib bog’lamang. Yaxshisi, yelkaga osiladigan tasmalardan foydalaning.

Shu ishni qilgan edik, mo»jiza ro’y berib, tog’amning barcha dardu azoblari bir zumda yo’qoldi. Parijdan qaytganimizda u tamoman tuzalgan, ammo pullari ham tugagan edi. Endi asosiy kasalligi pulsizligi bo’lib qolgandi. ¬Barcha boyligini doktorlarga sarflaganini eslab, oh chekardi. Olti oydan keyin bu azoblardan manguga qutildi. Pulsizlikdan o’ldimi yoki ustma-ust operatsiyalar tufayli vujudining yarmi olib tashlanganligidan o’ldimi, bilmadim. Ammo shuni aniq bilamanki, buncha amaliyotdan keyin biror bandaning tirik qolishi gumon edi.

05

(Tashriflar: umumiy 1 936, bugungi 1)

Izoh qoldiring