Bayramxon va uning devoni haqida

bayramxon

Бугун Наврўз,бугун байрам,бугун тўй,
Қайғу ғамсиз севинч ёпар ҳар бир уй…

Байрамхон шеъридан

Биз Мирзо Бобур ҳаётига оид бадиий асарлардан номини билган,аммо ижодидан деярли тамоман бехабар, эски ўзбек (чиғатой) тилида ижод қилган Байрамхон шахсияти ва фаолияти ҳақида Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 2 жилдида қуйидаги маълумотларни ўқишимиз  мумкин:
Байрамхон (асл исми Муҳаммад Байрамхон ибн Сайф Алибек) (? — 1561.1.2) — бобурийлар даври сиёсий арбобларидан, шоир. Акбарнинг оталиғи. Туркманларнинг қора қўюнли уруғидан. Ёшлигида Бадахшонда бобурийлар хизматига киради. 1534 й. муҳрдорлик мансабига тайинланади. 1540 й. Шершоҳ исёни сабабли Ҳумоюн б-н Эронга кетади ва 1545 й. Ҳумоюннинг инилари Мирзо Аскарий ва Комронлардан Қандаҳор ҳамда Кобулни қайтариб олиш учун қилинган урушда қатнашади. Байрамхон шундан сўнг 10 йилча Қандаҳорда яшайди ва бадиий ижод б-н шуғулланади. 1555 й. «Хони ҳонон» (бош хон) унвонига сазовор бўлади. Байрамхон ҳажга кетаётиб Гужаротнинг Паттон деган жойига етганда (афғонларнинг) лоҳани уруғидан бўлмиш Муборакхон томонидан ўлдирилиб, дастлаб Шайх Ҳусомиддин мақбарасига дафн этилган, кейинчалик унинг хоки Деҳлига, 1563 й.да эса Машҳадга келтирилиб, Имом Ризо мақбараси ёнига қўйилган. Байрамхоннинг туркий (чиғатой), форсий тиллардаги шеърларидан иборат девони бизгача етиб келган.
Шу саҳифада Байрамхоннинг бобурийлар тарихида салмоқли из қолдирган ўғли ҳақида ҳам маълумот берилган: Байрамхон Абдураҳим (1556 — 1622,Деҳли)   —  шоир,таржимон. Байрамхон ибн Сайф Алибекнинг ўғли.Акбар ҳукмронлиги даврида «хонлар хони» унвонига сазовор бўлган. Абдураҳим Байрамхон «Бобурнома»ни форсчага таржима қилган. Ҳиндистон тарихига оид асарларда «Раҳимий» тахаллуси б-н турк, араб, форс, ҳинд ва санскрит тилларида ёзган шеърлари бор. Ж. Неру Абдураҳим Байрамхонга юксак баҳо берган. Тарихчи Абулбоқи Ниҳовандий Абдураҳим Байрамхонга бағишлаб «Маосири Раҳимий»ни ёзган (1927), унда шоирнинг ҳаёти, ижоди, ўша даврдаги сиёсий ва маданий ҳаётда тутган ўрни ҳақида маълумот берган.

Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» (Дўстлар ёдномаси) асарида Байрамхон ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз:

БАЙРАМХОННИНГ МУҚАДДАС ЁДИ
01

sayfҲумоюн подшоҳнинг эътиборли амирларидан бўлган,»Амирул — умаро»лик мансабига мушарраф бўлиб,барча соҳаларда ҳукм юритиб турган.Байрамхон хизматига етганлар уни ҳаддан ортиқ мақтайдилар,айниқса жаҳонбонлик ва мамлакат олувчилик бобидаги ишларини таъриф қиладилар.Фозил кишиларга яхши риоятлар ва марғуб тарбиятлар қиларкан.Хайру саховатда эса Ҳотамга менгзир ва хушмуомаликда беназир экан.Абулмузаффар Жамолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ — мулки абадий бўлсин — замонида ўртага ҳасадчилар ҳасади аралашиб,барча инон-ихтиёрни қўлидан тортиб олишибди.Шундан сўнг ҳажга кетаётганида саркашлардан бири кемада қатл этибди.
Шакар сочувчи табъ тўтиси бор бўлиб,манави матлаъ унинг ширин сўзларидандир.Матлаъ:

Ман кистам инони дил ас даст додае,
Аз дасти дил ба роҳи ғам аз по ўфтодае.

Мазмуни:

Мен кимман,дил инон-ихтиёрини қўлдан берган бир одам,
Дил дастидан ғам йўлида оёқдан қолган бир инсон.

Мана бу ғазал ҳам унинг асал қоришиқ сўзларидан.Ғазал:

Эй кўнгил,муждаки, ул сарви хиромоним келадур,
Янги бошдин тани афсурда аро жон келадур.

Яна кўзим учадур шодлиғ ашкини тўкуб,
Магар ул мардумака дидаи гирён келадур.

Сина манзилгоҳини холи этинг,жону кўнгўл-
Ким,бу манзилгоҳа бугун ўзгача меҳмон келадур.

Кўзлари термиладур ҳар тарафи йўлға боқиб,
То хабар келдиким,ул сарви хиромон келадур.

Байрама солма кўнгул ҳажри паришонлиғидин,
Кел ки жамияти дилҳои паришон келадур.

qatl
Ушбу миниатюрада Байрамхоннинг қатл этиши тасвирланган

«Музаккири аҳбоб» (Дўстлар ёдномаси) асарини таржима қилган Исмоил Бекжон юқорида келтирилган Байрамхон  ҳақидаги маълумотга қуйидагича изоҳ ёзади:

БАЙРАМХОН

Муҳаммад Байрамхон бин Сайф Алибекнинг асли туркманларнинг қора қуюнли уруғидан бўлиб,йигитлик чоғи Бадахшонда бобурийлар хизматига кирган.1534 йили эса у муҳрдорлик мансабига тайинланади.1540 йили Шершоҳ исёни сабабли Ҳумоюн билан Эронга кетади ва 1545 йили Ҳумоюннинг иниси Мирзо Аскарий ва Комронлардан Қандоҳор,Қобулни жанг билан қайтариб олишда қатнашади.Муҳаммад Байрам шундан кейин 10 йилча Қандоҳорда яшайди ва бадиий ижод билан шуғулланади.1554 йил декабрида Ҳиндистонни қайтариб олиш жангларида саркарда сифатида жонбозлик кўрсатади ва 1555 йили «Хони хонон» (бош хон) унвонига сазовор бўлади ҳамда ёш Акбарга оталиқ қилиб тайинланади.1556 йилнинг 26 январида Ҳумоюн тўсатдан вафот этгач,Муҳаммад Байрамхон Акбарни подшоў деб эълон қилади ва мамлакатни унинг номидан ўзи бошқаради.У шиа мазҳабидаги Шайх Гадони бош садр этиб тайинлагач,сарой аҳли ва Акбар назаридан қолиб,оталиқ вазифасидан четлатилади ва ниҳоят (гарчи кейин яна Акбар илтифотига эришган бўлсада) Макка сафарига жўнашга мажбур бўлади.Байрамхон Гужаротнинг Паттон деган жойига етганда отаси қасосини олмоқчи бўлган лоҳани уруғидан бўлмиш Муборакхон томонидан 968 йилнинг 14 жумодил аввали (1561 йил 1 феврали)да ўлдирилади.Байрамхоннинг қонли жасади дастлаб ўша ерлик камбағал халқ томонидан шайх Хусомуддин мақбарасига дафн этилади,сал сўнгроқ хоки Деҳлига келтирилади,1563 йилда эса Машҳадга келтирилиб,Имом Ризо мақбараси ёнида қўйилади.
Байрамхоннинг ўзбек ва форсча шеърларидан иборат девони бизгача етиб келган.Чет эл ва совет олимлари томонидан унинг ҳаёти ҳамда ижоди ҳам илмий тадқиқ этилан ( Ўзбек олими Раҳмонхожа Иномхўжаев томонидан Байрамхон ҳаёти ва ижоди бўйича 1979 йили кандидатлик диссертацияси ёқланган).

Манбаъ: Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб (Дўстлар ёдномаси). Тазкира (форс тилидан И. Бекжон таржимаси), Т., 1993.

Байрамхоннинг форсий ва туркий девони билан сайтнинг мана бу саҳифасида танишишингиз мумкин.

088

09

(Tashriflar: umumiy 472, bugungi 1)

Izoh qoldiring