Chingiz Aytmatov. O’tar qush nolasi. Rivoyat

09      Мен ана шу парвоз қилаётган галада бор-йўғи бир қушман. Мен турналарга қўшилиб учиб кетяпман ва ўзим ҳам турнаман. Мен турналар билан бирга қоронғу кечада юлдузларга қараб, кундузи экинзорлар ва шаҳарлар устидан учаман. Ўйларга толаман…

Чингиз Айтматов
ЎТАР ҚУШ НОЛАСИ
09

Т09ози деганингиз алламбало ит-да — овулдан бир тўп отлиқ чиқди дегунча ҳозиру нозир. Тўс-тўполонда эргашиб олганини сезмай қоласиз, энди уни ҳайдаб, орқасига қайтариб бўпсиз, дўқ-пўпсаларингиз бир пул — бари-бир кетмайди, гўё ҳайиққандай четга чиқиб, лўкиллаб кетаверади. Ростдан ҳам тозилар ғалати махлуқ — уларга дала-дашт бўлса, шовқин-сурон бўлса, одам гавжум бўлса бас, шундай пайтларни кутгани-кутган; эҳтимол шунинг учун ҳам овчи ит дейилса керак…

Эломон итнинг кетидан қувиб Кўлгача чопиб борди. У дафн маросимида сўйиш учун мўлжалланган икки яшар наввосни бойлаб беришда хотин-халаж, қари-қартанг билан бирга кетаётган акаси Турманга қарашиб юрганида този ити Учар оломонга илашиб, азза-базза сафарга отланиб қолибди: қувончи ичига сиғмай у ёқдан-бу ёққа чопади, ҳали буни, ҳали уни ҳидлаб-ҳидлаб қўяди, буталар атрофида сакраб-сакраб, гоҳо бир зум тўхтаб, ҳуриб ҳам қўяди, одамларни сафарга тезлайди. Эломон итининг отини айтиб ҳам, авраб-алдаб ҳам қанча чақирмасин, бари бефойда кетди. Одамларнинг овга эмас, балки таъзияга — кеннойиси Олмошнинг қўшни қишлоқда тўсатдан вафот этиб қолган ўн етти ёшли синглисининг жанозасига бораётганларини ақлсиз ит қаёқдан билсин, дейсиз; буни бияларга, ҳўкизларга миниб олганлар орасида чопқир отли биронта ҳам ёш йигит йўқлигидан билиб олса ҳам бўларди. Иссиқкўл атрофларини макон тутган барча эркаклар, жамики энг яхши отлар, қурол кўтаришга қурби етадиган қирғизман деган йигит борки, бариси, ўша куни узоқда, тоғларнинг нариги томонида, бу ердан уч кунлик йўл бўлган Толчуй водийсида босқинчи жунғор лашкарлари билан жон олиб жон бериб жанг қилаётганига този итнинг ақли етармиди! Мана, беш кундирки, Толчуй водийсидан ҳеч бир хабар йўқ. Аҳмоқ ит, саранг ит — бутун бир халқнинг тақдири не кечгани номаълум бўлиб турган бир пайтда қандай одам ов ҳақида ўйлай оларди?

Аслини олганда, одамларнинг ғам-ташвишлари ит учун бир пул, уруш, айрилиқ, ўлим, умуман инсон боласининг ғурбатлари билан итнинг нима иши бор; қани эди, унинг олдидан лип этиб қуёнми, тулкими чиқа қолса-ю, тўзғитиб қува кетса, бундай онларда отлиқлар ҳам тозидан қолишмайди — жонини жабборга топшириб, ўлганига қарамай ўлжа кетидан от солишади…

Този тоқати тоқ бўлганидан ўқтин-ўқтин ғингшиб-ғингшиб қўяр, гоҳо ҳамманинг олдига ўтиб, қисқа-қисқа ҳурар, сакраб-сакраб одамларни гир айланиб «бунчалик имилламасанглар» дегандек, шошилишга ундар, «тезроқ юринглар», деган даъвати шундай кўзидан, бутун борлиғидан кўриниб турарди. Лекин сира Эломонга тутқич бермасди. Итга қўйиб берса, қани эди, суворийлар Учар кетидан отларини чоптирсалар, узангиларида тик туриб қий-чув солсалар, ёв кетидан қувганларидек шовқин-сурон кўтарсалару бутун борлиқ ов завқ-шавқи билан яшаса. Този ҳаммани ана шундай ов нашъасини суришга чорларди…

Э-воҳ! Одамлар овга эмас, жанозага кетишаётганди. Чолу кампирлар ғам-аламдан бошларини хам қилиб, жигарлари Сенгирбойнинг келини Олмошнинг бошига тушган кулфатга шерик бўлиб, қондошлик бурчларини ўташ учун кетишаётган эди. Шу боис қора този ит Учарга ҳеч ким эътибор бермасди. Шум хабар уруғдошлар учун энг оғир ва хатарли бир пайтда етиб келди. Улар бундан, бор-йўғи олти ой бурун Сенгирбойнинг ҳурмати деб эмас, — ахир, у ким бўлибди, — балки Олмошнинг эри, ҳозир Толчуй водийсида улкан қирғин-барот жангда қатнашаётган Қўйчиманнинг ҳурмати, энг муҳими, ушоқ қашшоқ бўзийлар уруғининг фахри, буюк ўтовсоз уста Сенгирбойлар оиласига келин бўлиб тушган Олмошнинг ҳурмати учун тишларини-тишларига қўйиб чидаётган эдилар бу оворагарчиликларга. Сенгирбой бобо эса, мана, уч кун бўлибдики, туролмасдан ётибди — чолни кўпдан бери юраги безовта қиларди, қудалар тарафдан келган совуқ хабар устани йиқитди — Сенгирбойлар келинининг бир қориндан талашиб тушган синглиси — ўн етти яшар Улқан дунёдан кўз юмибди. Ўтовсоз уста қудаларининг ҳурмати ва уруғдошларнинг удуми, деб бўйига етган қиз боланинг дафн маросимида иштирок этиш учун шоша-пиша пўстинини кийди, ўсмир ўғилларидан Турман билан Эломон чолнинг икки қўлтиғидан ушлаб ҳовлида эгарлоғлиқ турган отга томон юришаётган эди, Сенгирбой бобо ўтов бўсағасидан ўтиши биланоқ юрагини чангаллаб қолди, оёғини узангига солишга ҳам улгура олмади. Оғриқдан инграб, отнинг ёлига ёпишганича, оёқда базўр туриб йиқилгудек чайқалди.

Шунда урф-одатга кўра, бутун ишларни хотини Кертўлға-заифа ўз қўлига олди. Кампир лозим бўлса, ҳамма ишни жойига қўяди. Кертўлға-заифа чолини ўғиллари ёрдамида уйга олиб кирди, ечинтирди, тезгина ўрнига ётқизди ва ўтовсозга деди:
— Уста, қудаларникига жанозага бора олмасангиз, Худо кўриб турибди, ўзи кечиради. Бу ишни менга топширинг. Сиздан кейин бу уйнинг кайвониси мен энди, вақти келар, бўзуай уруғимизнинг уруғ онаси ҳам мен бўламан. Мотамда йиғлаш учун бўзуйликларга мен бош бўлиб борсам, қудалар хафа бўлишмас. Ҳозир хафа бўлишнинг мавриди эмас — Толчуй водийсида нималар юз бераётганини ҳеч ким билмайди: ўғилларимиз ғалаба билан қайтишадими, худо билади. Ҳозирча ҳеч хабар йўқ — ҳамма юрагини ҳовучлаб турибди. Сиз худодан тани соғлиқ сўранг, жанг қилаётганларга омад тиланг! Ўзингизни эҳтиётланг, сиз бўзуйликларнинг бошчисисиз, менинг учун эса, уч боламнинг отаси, энг улуғ одамсиз. Мана шу мусибатли хизматни адо этишни менга ишонинг. Ўрнингиздан турманг, ётинг. Эломон сизга қараб туради, биз ҳаммамиз йўлга отланамиз.

Шундай гап сўз бўлиб ўтди. Бу гаплардан кейин ран-гида ранг қолмаган, юзини тер босган ўтовсоз уста Сенгир-бой бошини ёстиқдан кўтармасдан эшитилар-эшитилмас деди:
— Сен ҳақсан, кампир. Мен боролмагач, сен боришинг керак. Сен бўзуйликларнинг барини эргаштириб бор. Келинимиз Олмош қариндош-уруғлари орасида ёлғизланиб қолмасин. Узоқдан йиғи беринглар, ҳамма эшитсин, барча бўзуйликларнинг йиғлаганини халқ билсин, овозларингни баланд кўтариб гиря қилингларки, қудаларимиз куёвлари Қўйчиман билан ўлим тўшагида ётган катта қуда — менинг йўқлигимни сезишмасин. Билиб қўйинглар: ҳаммамиз инсон эканмиз, уруш қанча даҳшатли бўлмасин, ўлганларни ҳурмат-иззат билан дафн этишни унутмаслигимиз керак…

Шу равишда, ушоқ бўзуй уруғидан бўлган болали аёллар, чол-кампирлар йўлга чиқишди, уларнинг бутун қалби жунгор ўйротлари билан бўлаётган жанг нима билан тугаркан, деб безовта эди. Ҳамма ўша томонда, Толчуй водийсида нималар содир бўлаётгани ҳақида ўйларди: нега, ҳеч хабар йўқ? Нега, ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди? Уруғнинг, халқнинг ор-номусини сақлаб қолиш учун йигитлар қирғин-баротга юз тутиб кетишган. Улар кўнгиллари ғаш, зўр хавотирда жўнаб кетишган.

Учарни тутиб, бўйнига камарини солиш Эломон учун осон бўлмади — тозининг одамларга қўшилиб кетиб қолиши ҳеч гап эмас эди-да! Шунда ҳам Учар бўйнидаги боғичи билан олға интилар, бўшаб кетишга уринарди. Лекин итни қўйиб юбориш мумкин эмас — ёт жойларда тозини овул итлари галаси ғажиб ташлаган бўларди. Албатта, шундай бўларди.

Эломон Учарни бўйнидан ушлаб турар экан, нима дейишини билмай туриб қолди. Жанозага кетаётганларга «Яхши бориб келинглар» дейишмайди-ку! Онаси оти устида жиловни тортиб турар экан, ўғлига: нега серрайиб туриб қолдинг? Тезроқ уйга борсанг-чи! — деди қовоғини солиб. — Отангга қара, эшитяпсанми? Олдидан бир қадам ҳам кетма, уқдингми?

Эломон «тушундим» дегандек бош ирғади. Онаси айтганларининг ҳаммасини қилади. Эломон онасига, унинг буғдойранг, ажинлар билан қопланган ғамгин қаримсиқ юзига боқар экан, кампирнинг ҳозиргидай ташвиш тортганини ҳеч эслай олмайди. Эломон онасига қараб деди: «Кўргиликларимиз бор экан, энди сиз кетаверинг. Биз учун ғам еманг. Мен энди ёш бола эмасман-ку! ҳамма тайинлаганларингизни қиламан. Отамдан бир қадам нари жилмайман. Фақат Қўйчиман акам от устида узангисига оёқ тираб омон келса бас. Жасадини эгарга ўнгариб келишмаса бўлгани. Илоҳим, барча йигитлар от устида ўзлари тик туриб келишсин, эгарга бўктарги қилиб кўндаланг ётқизиб келгилик этмасин! Отам билан мен ҳақимда ташвиш тортманг, сизнинг буюрганларингизнинг ҳаммасини қиламан».

Кертўлға-заифа тизгинни тортиб турар экан, қора този ити билан ёлғизоёқ йўлда қолган кенжатойига кўз қирини солар экан, тўсатдан юрагида оғриқ пайдо бўлди, хаёлидан шундай ўйлар кечди: бу ҳали бола-ку, отаси нима бўларкан, акаси Қўйчиман саломатмикан ёки ўйротларнинг найзасидан ер тишлаб қолдимикан? Чолимнинг, ўғилларимнинг ҳоли не кечаркан, барча-барчасининг, эл-юртнинг бошига қандай кунлар тушаркан? Ана шу даҳшатли ўй-хаёлларини билдириб қўймаслик учун ғўлдиради:
— Ўғлим, овулга чоп, сени ва отангни Тангрига топширдим. Сал юргач, яна тўхтади -боришинг билан отангга ҳалиги ўтдан дамлама қилиб ичир…

— Хўп бўлади, дарров дамлама қилиб бераман, — деб онасига ваъда берди. Кампирнинг бу гапларга кўнгли тўлмади шекилли, дорини тайёрлаш йўлларини тушунтира  кетди:
— Ўтнинг устига вақирлаб турган қайноқ сув қуйиб дамлаб қўясан, сал совигандан кейин отангга берасан, терлагунча ичсин, шундан кейин кўкраги бўшаб енгил тортиб қолади.
— Менинг гапларимни уқдингми, тушундингми? — деб қайта-қайта сўради ўғлидан Кертўлға-заифа.

Айтганларининг ҳаммасига ўғлининг тушуниб олганига ишонч ҳосил қилгач, бойвучча бошқалар кетидан отига қам-чи босиб кўл бўйлаб кетди. Лекин сал ўтмасдан у ёқ-бу ёққа аланг-жаланг қарар экан, яна тўхтади-да отдан тушди:
— Эломон, бу ёққа кел, болам, — деб ўғлини чақирди. — Отни ушлаб тур, мен Кўлга сиғиниб олай. Кетдик.

Кампир шундай деди-да кўлга юзини бурди ва шошилмасдан кўлга қараб салобат билан тантановор қадам ташлади. Қаттиқ шамоллар турганда тўлқин-тўлқин бўлиб уюлиб қолган топ-тоза қизғиш майда қум устидан юрди. Бошига сурпдан саллага ўхшатиб томоғигача қаттиқ ўраб олган оппоқ қордай катта элачакдан бойвуччанинг фақат юзи кўринарди; элачакда кампир бироз яшаргандек туюлса-да, чаккасидан оқ сочлари кўриниб турарди. Бойвучча қариса ҳам жисмонан ҳали бақувват, ҳатто хушбичим эди. Олмошни келин қилиб туширгунгача бутун тирикчиликни ўзи қилар эди-да — тўртта эркак: уч ўғил билан эрига қарашнинг ўзи бўлмайди, уй ишларида эса, эркакларнинг фойдасидан зарари кўпроқ.

Кўл ёқасидаги қум устида оҳиста оёқ босар экан, Кертўлға-заифа дунё ва оила ташвишларини бир зум унутгандек, фикрини жамлаб, кўлга қараб юрди-да, қандайдир ҳаяжон ва руҳий кўтаринкилик билан ўйноқи мовий сув юзига, узоқ-узоқларда бўзариб турган қорли чўққиларга, тоғ тепаларидаги хира булутларга назар ташлади. Буларнинг ҳаммаси одам учун макон қилиб яратилган зоҳирий бир кенг дунё, илоҳ каби қудратли, унинг ердаги тимсоли каби ҳаётбахш дунё эдики, бани башар ана шу дунё измида бўлиб келган.

Кертўлға-заифа кўпириб келиб-кўпириб қайтиб турадиган қирғоқ тўлқини етар-етмас жойда майда шағаллар устида тўхтади. Эломон ҳам бир қўли билан отни етаклаб, иккинчисида тозисини ушлаб шу ерга келди. Она чўкка тушиб ўтирди, ўғли ҳам чўккалади; шундан кейин кампир секин ва оҳиста пичирлаб Кўлга ёлвора бошлади:
— Эй, Иссиқкўл, сен Ернинг кўзисан, сен ҳар доим осмонга боқиб турасан. Мен сенга илтижо қиламан, сен — мангу, музламайдиган Иссиқкўлсан, мен Кўкка, ҳокими тақдир бўлмиш  Тангрига муножот қиламан, Тангри сенинг қаърингга назар ташлаганда менинг ўтинчларимни билиб олажак.

Эй Тангри, хатарли ва даҳшатли дамларда ўйротларга қарши курашда бизга куч-қудрат бер. Тоғларингда сенинг неъматларингдан татиб, яйлов-ўтлоқларингда чорва молларини боқиб кун кўрадиган олти аймоқли қирғиз халқимизни ўзинг асра. Бизнинг ўчоқларимизнинг ўйрот отлари туёқлари остида топталишига йўл қўйма. Одил бўл — аёвсиз очиқ жангда бизга ғалабангни дариғ тутма. Ҳув, анави тоғлар ортида, Толчуй водийсида нималар бўлаётганини билмаймиз. На бир хабар бор, на бир чопар бор жанг майдонидан — кутавериб кўзларимиз тешилди, юракларимиз адойи тамом бўлди. Нималар бўляпи? Бизларни эртага нималар кутяпти? Тангрим, душман билан аёвсиз жанг қилиш учун кетган йигитларнинг жонларини омон сақла. Бизларга уларни эгар устида кўришни насиб эт, жасадлари отларига ортиб келгулик қила кўрма, илойим.

Менинг ибодатимни эшит, мен уч ўғилнинг онасиман…

Эломон ҳам чўкка тушиб, бир қўли билан тозиси Учарнинг бўйнидаги камардан, иккинчи қўли билан эса ёлдор жийрон биянинг тизгинидан тутиб турарди. У кўл юзасининг нафас олгандек бир пасайиб, бир кўтарилиб турган қорамтир сағрисига аҳамият берди. Кўл ҳозир сокин эди, сув юзаси майда тўлқинлар ёлқинида жонланиб ётарди. Узоқ чўзилган қишнинг адоғида, баҳор бошларида Иссиқкўл соҳили овлоқ қолгандек, ўт-ўлансиз эди — тўқайлар шип-шийдам, қуруқ хас-чўплар файзсиз; на бир ўтов бор, на бир отлиқ, на кўч-кўрон, на далада мол подалари…

Бироқ Иссиқкўл бўйида қишлаб қолган ўтар қушлар баҳор ҳидидан янги ўлкаларга йўл олиш пайти яқинлашиб қолганини сезиб, кўл устида тўп-тўп бўлиб уча бошлайдилар, улкан галаларга уюшган қушлар эса тоғ этаклари бўйлаб парвоз қилиб, тез учиш машқини оладилар. Қаёққа қараманг, қушларнинг шодон қичқириқлари ва овозлари ёғдули баҳор ҳавосида узоқ-узоқларга таралади.

Мана, яқингинада бир қизилоёқли, кулранг ғозлар галаси шиддат билан учиб ўтгани кўзга чалинди. Ғозлар бебош шовқин кўтариб, овозларининг борича ғақиллаб шундай паст учиб ўтдиларки, қанот патларининг шовуллагани ҳам эшитилиб турди. Эломон кўл устида учиб юрган бир неча гала ўтар қушларни кўрди. Булар ғозларми, ўрдакларми, оққушларми ёки узуноёқ очпушти қизилғозларми — бола фарқлай олмасди. Чунки бу қушлар жуда узоқда ва баландда тўп-тўп бўлиб учиб ўтарди. Фақат уларнинг чуғур-чуғури баъзан аниқ эшитилса, баъзида элас-элас қулоққа чалинарди. «Демак, бу қушлар эртами-индин учиб кетади», деб ўйлаб қолди бола.

Онаси эса, дилдаги бутун дардини айтиб, жон-жаҳди ва эҳтирос билан Кўк Тангрига тавалло қиларди. У эри — буюк ўтовсоз Сенгирбойга раҳм-шафқат этишини сўради, ахир устанинг дарди тобора кучайиб бораётир, ҳатто бугун отга ҳам мина олмади.
— Тангрим, отамиз, қўли гул устанинг жонини омон сақла, — деди у. — Бизнинг диёримизда ўтовсоз Сенгирбойнинг қўли билан ясалмаган биронта ўтовни топиш амри маҳол. Унинг ўз умрида қанча ўтов ясаганини ҳеч ким билмайди! Ахир, ҳеч ким бошпанасиз яшай олмайди — ёш ҳам, қари ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам, қўйчивон ҳам, бия соғувчи ҳам!

У яна Тангридан неваралар сўради, яна қанчадан-қанча илтижолар қилди… Ахир, одамнинг орзу-ҳаваси, дарду алами кам дейсизми бу дунёда…

Қордан чойшаб ёпинган қояли тоғлар орасида осмонга кўз қадаган буюк кўк кўл суви тиним билмас, жонли махлуқдай тўлғанар, ўз-ўзидан пайдо бўлиб, яна йўқоладиган улкан эринчоқ тўлқинларни бағрида эркалар эди. Оби омбор кечаси бўрон кўтариш учун уммон янглиғ керишиб куч йиғаётгандек эди. Ҳозирча эса, шаффоф кўл устида, унинг баҳор қуёшини эмган зилол сувлари тепасида дунё бўйлаб янги узоқ ва хатарли сафарга отланадиган пайт яқинлашаётганини сезган ўтар қушлар ҳамон юксакликда чаппор урар, ҳамон жўровоз бўлиб, жар солиб осмонни бошига кўтарарди.

Она бўлса ҳамон астойдил, бутун борлиғи билан муножот қиларди:
— Тангрим, эшит, ўзимнинг оқ она сутим ҳурмати-ла, ёлвориб ўтинаман! Сенга, буюк ҳокими тақдирга — Кўк Тангрига илтижо қилиш учун биз бу ерга, сенинг Ердаги кўзингга — муқаддас Иссиқкўлингга келдик. Мана мен, менинг ёнимда ўғлим Эломон — менинг кенжатойим, энди мен на яхши, на ёмон фарзанд туға оламан, фақат сендан сўраганим шуки, менинг эркатойимга отаси Сенгирбойнинг усталигини бер, ўзининг усталикка эби ҳам бор… Кенжатойим акаси Қўйчиманга ўхшаб — «Манас» айтмоқчи. Бу илтижомни ҳам ижобат қил, энг аввало ва энг муҳими, унга азалий Сўзнинг қудратини ато эт — ўша Сўз илдиз отгандек жон ва тан билан чирмашиб кетсин, у Сўзни — аждодлардан авлодларга ўтадиган, ўз болалари ва неваралари учун қоладиган Сўзни асраб-авайласин, аждодлар қирғиз номини олган даврдан етиб келган Сўзни ўзида жо қила оладиган куч-қудрат бер унга…

Мен уч ўғилнинг онасиман, Тангрим, менинг илтижоларимни қабул қилгайсан. Одам билан доимо ёнма-ён яшайдиган тилсиз махлуқлар — ўғлимнинг ўнг тарафида турган ва манаман деган йиртқични қувиб етадиган бизнинг този итимиз Учар ҳам, ўғлимнинг чап тарафида турган, бирон марта қисир қолмаган жийрон бия ҳам бизлар билан бирга ўтиниб сўрайди Сендан…

Эломонга шундай туюлдики, онаси гарчи пичирлаб, эшитилар-эшитилмас оҳангда муножот қилган бўлса ҳам, унинг сўзлари ҳаммани сеҳрлаб қўйган жўшқин хитоб сингари бутун кўл бўйлаб янграб, ҳамма ёққа ёйилиб таралиб кетди; гўё унинг сўзлари кўл атрофидаги тоғларда «Тангрим, менга қулоқ сол, менинг сўзларимни эшит… » деган ташвишли ва аниқ акс-садо берди.

Онаси отга миниб, кўлнинг жиягида кичкина тўп бўлиб узоқлашиб кетган шериклари ортидан шоша-пиша жўнаб кетгандан кейин ҳам Эломон севикли тозиси Учарни ушлаганича анча вақтгача жойида туриб қолди. Бола ҳали ўша кунни, Кўлда онаси Тангрига илтижо қилган ўша дақиқаларни умрида бир-икки мартагина эмас, балки кўп марталаб эсга олажагини, хурсандчилик онларида ҳам, бошига иш тушган пайтларда ҳам йиғлаб эслаяжагини, онаси Эломоннинг буюк манасчи бўлишини Тангридан сўрагани учун, шунинг шарофати бўлса керак, халқ уни «Момақалдироқдек гулдираган манасчи Эломон» деб атагани учун тақдиридан рози бўлажагини ҳали билмасди. У ўзининг ёшлик даври ўйротларнинг босқинчилик йилларига тўғри келишини, қирғизларнинг «Манас»ни Эломон ижросида овлоқ дараларга яшириниб олиб, йиғлаб эшитажакларини хаёлига ҳам келтирмасди. Эломон «Манас» айтишга киришишдан аввал онасининг Кўл бўйидаги дуосини албатта эслаяжагини, манасчи ўғли Эломонни яширгани учун онасини ўйротлар ўлдиражакларини, достоннинг юракдан чиққан бошламаси Эломон учун ҳам таскин, ҳам халқ руҳи буюклиги, ҳам халқнинг умрбоқийлиги куйланган Сўзнинг гўзаллиги ва теранлиги ифодаси бўлажаги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. У «Манас»нинг Эломон оғзидан чиққан қуйидаги сўзларини одамларнинг бутун вужуди қулоққа айланиб, нафас олишдан ҳам ўзларини тийиб эшитажакларини билмасди:

«Қирғизлар, қирғизимиз, ҳаммамиздан буюгимиз Манас ҳақида сўз очай.

Ўша кунлардан то шу кунларгача қанча кунлар қумдай оқиб кетди, бир-бирларини қувиб сон-саноқсиз тунлар ўтди қайтиб келмасдан, йиллар ва асрлар карвони изсиз поёнсизликда йўқолди… Бу дунёда ўша кунлардан буён қанча жонлар келиб-кетди, дунёда қанча тошлар бўлса шунча одамлар, балки ундан ҳам кўп одам келиб, кетгандир. Улар орасида буюк кишилар, кўплар танимайдиган кишилар ҳам бор эди. Яхши одамлар ҳам, ёмон одамлар ҳам ўтди. Тоғқомат полвонлар ҳам, йўлбарскелбат баҳодирлар ҳам бор эди, аллома донишмандлар ҳам, қўли гул усталар ҳам ўтди, қанча халқлар келиб-кетди, уларнинг фақат номлари қолди.

Кечаги бор нарса — бугун йўқ. Бу дунёга ҳамма келади ва ҳамма кетади. Бу дунёда фақат юлдузлар мангу туради, мангу ойга қараб олам кезади, фақат мангу қуёш абадий Шарқдан чиқади, фақат Ергина ўзининг абадий ўрнида туради. Ерда фақат одамларнинг хотираси ҳаммадан узоқ яшайди, одамнинг умр йўли эса қисқа — қош билан қовоқ орасича. Одамдан одамга ўтадиган фикргина боқийдир; авлодлардан авлодларга қоладиган сўзгина абадийдир…

Ўша кунлардан буён ўтган вақтда Ер ўз қиёфасини кўп марта ўзгартирди. Тоғлар йўқ текисликларда ўркач-ўркач тоғлар юксалди. Олдинги тоғлар ўрнида қуруқ даштлар пайдо бўлди. Жарлар емирилиб сайхонликларга айланди; дарё-сойлар оқиб ётган ўзанлар текисланиб кетди. Айни вақтда, ер устида ёмғир-қор сувлари чуқурликлар — жарликлару даралар ҳосил қилди. Дунё яратилгандан бери чайқалиб турган мовий денгизлар ўз ўрнини қумли чўлларга бўшатиб берди… Шаҳарлар қад кўтарди, шаҳарлар вайрон бўлди ва чолдеворлар ўрнида янги деворлар тикланди…

Ўша кунлардан бу кунларгача сўз сўз туғди, фикр фикрга қўшилди, қўшиқ қўшиққа уланиб кетди, эртак чўпчакка айланди. Саноқсиз душманларга қарши курашган қирғиз қабилаларининг халоскорлари бўлиб қолган Манас билан унинг ўғли Семетей ҳақидаги достон бизга ана шундай етиб келди…

Бу достонда биз ота-боболаримизнинг овозини эшитамиз, айни вақтда, неча асрлар олдин учиб ўтган қушнинг юксак парвози, тулпор туёқларининг аллақачон сўнган дукур-дукурлари, душманлар билан яккама-якка олишган ботирларнинг ҳайқириқлари қулоғимизга келади. Йиғи овозларию ғалаба суронлари қулоққа чалинади. Ана шу сўзимизда ўтмиш ҳаёт тирикларнинг кўз олдида, тирикларга ҳамду сано айтиш, тирикларни шарафлаш учун яна намоён бўлди…

Алқисса, биз буюклардан буюк Манас ҳақидаги ва унинг жасур ўғли Семетей тўғрисидаги достонимизни бошлаймиз — тирикларга ҳамду сано айтиш учун, тирикларни шарафлаш учун… «

Бу болакай ўзининг Худонинг марҳамати ила қирғизларнинг жунғорларга қарши ҳаёт-мамот курашининг жарчиси бўлиб қолажагини ҳали билмасди, у ўз боши учун душман мингта тулпор ваъда қилажагини, хоинлар ушлаб бергач, қозоқларнинг жазирама чўлида бутун танаси чавақланиб, кўзлари ўйилиб, қийноқларда ўлажагини ҳали хаёлига ҳам келтиролмасди. Ахири, қонига беланиб, ташналикдан жон бераётган сўнгги онларда яна мана шу кунни, шу соатни, шу Кўлни — онаси илтижо қилган Кўлни; узоқ ўлкаларга учиб кетиш учун тўпланган ана шу қушларни яна эсга олажагини ва буларнинг ҳаммасини ўнгидагидек кўз олдига келтиргач, «Онажон «деган хитоб билан жон беражагини ҳали билмасди.

Буларнинг ҳамма-ҳаммаси — шон-шуҳрат ҳам, кураш ҳам, ҳалокат ҳам олдинда эди…
Ҳозир эса, у Иссиқкўл ёқасида, онаси сажда қилган жойда тозиси Учарни ўз қўлидан чиқиб, одамлар ортидан чопиб кетмаслиги учун бўйнидан қаттиқ ушлаб турар эди. У бирдан касал отаси эсига тушиб, шошилиб қолди.
— Кетдик, Учар, кетдик, — деди у итига буйруқ бергандек ва тоғ ёнбағридаги овулга қараб шоша-пиша юра кетди. Кўлдан узоқлашганда ҳам қуш галаларининг бетиним чағир-чуғур, ғоқ-ғоқ овозлари қулоққа чалиниб турди…

* * *

Ўша кечаси тонг саҳарда кенжатой Эломоннинг кўзи олдида буюк ўтовсоз Сенгирбой фоний дунёдан кўз юмди. Отасининг охирги дақиқаларида хириллаб, нафаси тиқилиб ғализ айтган сўзларини деярли тушуниб бўлмасди. Лекин бола титраб-қақшаб ва йиғлаб отасининг юзига эгилиб турар экан, ўчоқдаги оловнинг ним ёруғида чол лабларининг ҳаракатидан отасининг нима демоқчи бўлганини пайқади. бола икки сўзни тушунди:
— Толчуйда… нима…

Тушунди-ю, лабини тишлаб йиғлаб юборди, сўнгра қаттиқ ҳўнгради ва ўзини йиғидан тия олмасдан деди:
— Йўқ, ота, ҳеч қандай хабар йўқ! Мен сизга қандай ёлғон гапирай! ҳеч дарак йўқ. Мен бир ўзимман. Эшитяпсизми? Мен қўрқяпман. Ўлманг, отажон, сиз ўлманг. Тезда онам келади, тезда онам келади…

Ўғлининг сўзларига ота тушундими-йўқми, Худо билади. Шу заҳоти унинг жони чиқиб кетди, кўзлари очиқ қолди. Отаси жон таслим қилиш билан, яшин тезлигида келган ўлим чолнинг юзини қўрқинчли тусга киритиб, бутунлай ўзгартириб юборгани заҳоти бола қўрққанидан ўтовдан отилиб чиқди ва нима қиларини билмай, ваҳимага тушиб, дод солиб ҳўнграб боши оққан томонга чопа кетди. Учар ҳам нима бўлганини тушунмаса-да, думини қисиб, қўрқа-писа Эломон ортидан чопаверди. Эломон Иссиқкўлнинг тўлқинлари мавжланиб ётган қирғоғига етганидагина ўзига келди. Шу ерда у серрайиб, туриб қолди.

Иссиқкўл ўша кеча жунбушга келиб, шиддатли чайқалиб, тўлқинларни ўйнатмоқда эди. Бироқ Эломоннинг қулоғига бошқа товушлар — тўхтовсиз қий-чув эшитилди. У Осмонга қаради ва нимқоронғи осмонда сон-саноқсиз қушлар булутини кўрди. Беадад, тумонат қушлар. Қушлар Кўл устида катта доира ҳосил қилиб, айланиб учмоқда, йўлда учрайдиган тоғлар тепасидан ошиб ўтиш учун юксакликка кўтарилаётган эди. Ниҳоят, қушлар Кўл устидан охирги марта айланиб учиб ўтди ва турнақатор тизилишиб, янада баландга кўтарила бориб Бўўм дараси томон йўл олди ва довондан ошиб Толчуй водийси йўналишида кўздан ғойиб бўлди. Бола қушлар йироқ ўлкаларга узоқ муддатга учиб кетганини, уларнинг Толчуй водийсидан ўтишини, ундан наридаги номаълум ва нотаниш юртларга боражагини тушунди ва ўзини қўлга олиб, жони борича қичқирди:
— Бизнинг отамиз ўлди! Қўйчиман акамга айтинглар — отамиз вафот этди! Отамиз ўлди, ўлди!..

* * *

Биз тоғлар устидан учдик. Довонга етганимизда қаттиқ шамол туриб, қоп-қора булутларни қаршимизга ҳайдаб келди. Олдин ёмғир томчилади, кейин ҳўл қор ёғди, шалаббо бўлган қанотларимиз яхлади, учиш қийинлашди. Бизнинг галамиз орқага қайтди. Биз ҳаммамиз бақириб-чақириб яна кўл устида айланиб уча бошладик, қанотларимиз сергиди, айланиб учганимиз сари юксакликка кўтарила бордик, сўнг яна йўлга тушдик. Лекин бу гал шу қадар баланд кўтарилиб учдикки, тоғлару булутлар жуда пастда қолиб кетди, қуёш нурлари бизни қувиб етганда довондан ошиб ўтган эдик, остимизда узоқда Толчўй водийси кенг ёйилиб ётарди. Эҳ, роҳатбахш Толчуй, буюк чўлларга туташиб кетган гўзал водий! Бутун водий бошдан-оёқ қуёш нурларига чўмилиб ётарди, ерни яшил майсалар гилами қоплаган, дарахтларнинг новдалари эса, бўртиб, куртак боғлаганди.

Водийнинг ўртасида иланг-билан бўлиб кумушранг Чуй дарёси оқиб ётибди, йўлимиз худди шу дарё ўзанидан ўтиши керак. Биз соғинганимиздан осмондан туриб водий билан ўз тилимизда қийқириб саломлашдик, сўнг дарё бўйлаб аста-секин пасая бошладик ва ерга яқинлашиб бордик. Чунки сал нарида дарё бўйида сувли қамишзор бор, қуш карвонларининг кўлдан бошланган доимий буюк йўлида биз биринчи марта ана шу ерга қўниб ўтишимиз керак. Бу ерда биз дам олишимиз, озиқланиб бўлгач, яна сафарга отланишимиз лозим. Бироқ бу гал одатдаги жойга қўниб ўтиш насиб этмади.

Галаларимиз қанотлари ва думлари ёрдамида парвози секинлашиб, бирин-кетин жонажон қўним жойимизга яқинлашганимизда қирғинбарот жанг устидан чиқиб қолдик. Бу даҳшатли бир манзара эди. Сон-саноқсиз одамлар, минг-минглаб отлиқ ва пиёдалар шу ерда, бизнинг қўним жойимизда жон бериб-жон олишмоқда эди. Даҳшатли ҳайқириқлар, ваҳшиёна овозлар, бўкириш-ўкиришлар, наъралар, чинқиришлар, инграшлар, отларнинг кишнашлари, пишқиришлари осмону фалакни қоплаганди. Кенг майдонда одамлар бир-бирларини жаҳаннамга жўнатишмоқдайди. Кишилар бир қарасанг, наъра тортиб бир-бирларининг устига найза ўқталиб ёпирилишар, тўқнашиб қолганда бир-бирларини ерга йиқитишар, тириклайин устига от қўяр; бир қарасанг, бир-бирларидан қочиб узоқлашар; бир қарасанг, бировлар қочиб кетаётган бўлса, бошқалари қувиб кетарди. Кимлардир қамиш орасида пичоқ ва қилич билан жанг қилиб, бир-бирини бўғизлар, қоринларини ёрарди. Қаёққа қараманг, одамларнинг жасадларию отларнинг ўликлари тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётар, сув кенг ёйилиб оққан жойда сон-саноқсиз мурдалар дарё сувини тўсиб қўйганди, қип-қизил қон аралаш сув ҳамма ёққа ёйилиб, отларнинг туёқлари остида қон халқобларини ҳосил этганди.

Бизнинг галаларимиз юраклари орқага тортиб, саросимага тушиб, гангиб қолди, осмонда қий-чув бошланди, сафларимиз бузилиб кетди ва ҳаммамиз ваҳимага тушиб бетартиб булутлар каби бир жойда айланиб уча бошладик. Анча вақтгача ўзимизга келолмадик, бир-бирларини ўлдирган бахтсиз одамлар устида бирпас учиб юрдик, талай вақтгача галаларимизни тўплаш билан овора бўлдик, аллавақтгача тинчий олмадик. Охир-оқибат, биз ўша ерга қўниб ўта олмадик, ўша машъум жойдан кетишга ва сафарни давом эттиришга мажбур бўлдик…

* * *

Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийлик учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар. Бани одам ҳаёти нима учун шундай эканини, нега она заминда шунча ўлдирилганлар ва ўлдирилаётганлар борлигини мен тушинтириб бера олмайман, сизлар тушуна олмайсизлар… Кечиринглар, Худо ҳақи, кечиринглар, мусаффо кенгликларга сафар қиладиган самовий қушлар… Жанг тугагандан кейин у ерда қузғунлар базми бошланди, ўлимтикхўр қушлар жиғилдони ёрилгунча одам гўштига тўйишди, учиш у ёқда турсин, қанотини ҳам қимирлата олмай қолишди. Жангдан кейин шақаллар базми бошланди — чиябўриларнинг одам гўштига қорни шу қадар тўйган эдики, гавдаларини зўрға судраб кетишди. Қушлар, кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг.

* * *

Ибтидоий табиат мавжудлигидан буён шундай: ҳар сафар вақти етганда — эрта ҳам эмас, кеч ҳам эмас — ҳар йили бир хил вақтда қушлар узоқ сафарга отланади. Улар албатта учиб кетади, учганда ҳам фақат ана шу учар қушларгагина маълум ўзгармас ҳаво йўллари бўйлаб учиб, дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига боради. Момақалдироқлару бўронлардан ўтиб, кечаю кундуз қанот қоқиб учади, ҳатто учаётиб ухлаб кетади. Уларнинг тириклик моҳияти шунда: табиат дунёсида нарсаларнинг ўзгармас тартиби мавжуд. Қуш карвонлари шимолга, азим дарёлар бўйларига, азалдан уя ясаб бола очадиган жойларга учиб боради. Кузда эса, вояга етган болалари билан жанубга учиб келади, шу зайлда бу жараён узлуксиз такрорланаверади…

Мана, биз қанча кунлардан бери учиб кетяпмиз. Ана шу осмону фалакда, ана шу совуқ ҳукмрон юксакликда шамол мангу дарё каби шовқин солиб оқиб ётади. Бу дарё чексиз Коинотда нозоҳирий Вақтнинг номаълум томонга тиним билмай қилаётган ҳаракатидир.

Бизнинг бўйинларимиз камон ўқи, танамиз юрак бўлиб чарчоқ нима эканини билмасдан шиддат билан ҳаракатда. Ҳали сафар узоқ, толмасдан қанот қоқаверамиз, қанот қоқаверамиз…

Биз борган сари баланд кўтарилиб парвоз қилмоқдамиз… Энди тоғлар текисликдек бўлиб қолди, кейин эса, умуман кўринмай кетди, курраи замин бўлса узоқлашгандан узоқлашиб, ер юзаси чаплашиб кетгандай бўлди — қаерда Осиё, қаерда Оврупа, қаерда океанлару қаерда қуруқлик эканини фарқлаб бўлмай қолди. Гир-атрофимизда бўшлиқ ҳукмрон, чексиз Коинотда фақат бизнинг Ер сайёрамизгина чўлда адашган бўталоқ каби олам кезмоқда, секин сузиб онасини қидириб юрибди. Хўш, ўша она туя қани? Ернинг онаси, онаизори қани? Савол — жавобсиз! Фақат шамол, хилват юксакликларнинг шамоли ғувиллайди, фақат Ер курраси ёш боланинг бошидек якка-ёлғиз сузиб, чайқалиб қўймоқда — еримиз беқарор, еримиз беқарор. Наҳотки, ана шу ер шунчалик Яхшиликлар маскани, шунчалик Ёвузликлар макони бўлса?! Йўқ, ёвузликка эрк бермаслик керак, ўтинаман, кадхудолар, сўзамоллар, ижодкорлар!

Мен ана шу парвоз қилаётган галада бор-йўғи бир қушман. Мен турналарга қўшилиб учиб кетяпман ва ўзим ҳам турнаман. Мен турналар билан бирга қоронғу кечада юлдузларга қараб, кундузи экинзорлар ва шаҳарлар устидан учаман. Ўйларга толаман…

Қушлар галаси узоқда кўзда ғойиб бўлади. Қанотлари кўринмай кетади. Мана, гала осмонда бир кичкина нуқтага ўхшаб қолди ва у ҳам ғойиб бўлди…
Ҳадемай, яна баҳор келди ва яна осмони азимда турналар «қур-қур»и янграй бошлади…

Турна йиғиси

Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Зорланаман инсонларга.
Заминни эҳтиёт қилинг инсонлар,
Эрк берманг ваҳшиёна эҳтиросларга.
Нима бу — ҳатто турна йиғласа,
Йўқ, йўқ, йиғламанг асло.
Ва лекин, бари бир,
Ноинсоний кулфатлардан.
Чексиз ёнғинлардан,
Қонли жанглардан.
Паноҳида асрасин, илоҳим,
Ҳайй, инсонлар!
Вайрона қилиб қўймангиз уни ногаҳон,
Нима бу — пинҳона тўкилган ёшлар.
Кераги йўқ, йиғламанг асло,
Ва лекин, бари бир — бари бир.
Ўзи паноҳида асрасин Сизни,
Ноинсоний кулфатлардан,
Паноҳида асрасин, ҳайй, инсонлар!

Суюн Қораев таржимаси

013
Men ana shu parvoz qilayotgan galada bor-yo‘g‘i bir qushman. Men turnalarga qo‘shilib uchib ketyapman va o‘zim ham turnaman. Men turnalar bilan birga qorong‘u kechada yulduzlarga qarab, kunduzi ekinzorlar va shaharlar ustidan uchaman. O’ylarga tolaman…

Chingiz Aytmatov
O’TAR QUSH NOLASI
09

09Tozi deganingiz allambalo it-da — ovuldan bir to‘p otliq chiqdi deguncha hoziru nozir. To‘s-to‘polonda ergashib olganini sezmay qolasiz, endi uni haydab, orqasiga qaytarib bo‘psiz, do‘q-po‘psalaringiz bir pul — bari-bir ketmaydi, go‘yo hayiqqanday chetga chiqib, lo‘killab ketaveradi. Rostdan ham tozilar g‘alati maxluq — ularga dala-dasht bo‘lsa, shovqin-suron bo‘lsa, odam gavjum bo‘lsa bas, shunday paytlarni kutgani-kutgan; ehtimol shuning uchun ham ovchi it deyilsa kerak…

Elomon itning ketidan quvib Ko‘lgacha chopib bordi. U dafn marosimida so‘yish uchun mo‘ljallangan ikki yashar navvosni boylab berishda xotin-xalaj, qari-qartang bilan birga ketayotgan akasi Turmanga qarashib yurganida tozi iti Uchar olomonga ilashib, azza-bazza safarga otlanib qolibdi: quvonchi ichiga sig‘may u yoqdan-bu yoqqa chopadi, hali buni, hali uni hidlab-hidlab qo‘yadi, butalar atrofida sakrab-sakrab, goho bir zum to‘xtab, hurib ham qo‘yadi, odamlarni safarga tezlaydi. Elomon itining otini aytib ham, avrab-aldab ham qancha chaqirmasin, bari befoyda ketdi. Odamlarning ovga emas, balki ta’ziyaga — kennoyisi Olmoshning qo‘shni qishloqda to‘satdan vafot etib qolgan o‘n yetti yoshli singlisining janozasiga borayotganlarini aqlsiz it qayoqdan bilsin, deysiz; buni biyalarga, ho‘kizlarga minib olganlar orasida chopqir otli bironta ham yosh yigit yo‘qligidan bilib olsa ham bo‘lardi. Issiqko‘l atroflarini makon tutgan barcha erkaklar, jamiki eng yaxshi otlar, qurol ko‘tarishga qurbi yetadigan qirg‘izman degan yigit borki, barisi, o‘sha kuni uzoqda, tog‘larning narigi tomonida, bu yerdan uch kunlik yo‘l bo‘lgan Tolchuy vodiysida bosqinchi jung‘or lashkarlari bilan jon olib jon berib jang qilayotganiga tozi itning aqli yetarmidi! Mana, besh kundirki, Tolchuy vodiysidan hech bir xabar yo‘q. Ahmoq it, sarang it — butun bir xalqning taqdiri ne kechgani noma’lum bo‘lib turgan bir paytda qanday odam ov haqida o‘ylay olardi?

Aslini olganda, odamlarning g‘am-tashvishlari it uchun bir pul, urush, ayriliq, o‘lim, umuman inson bolasining g‘urbatlari bilan itning nima ishi bor; qani edi, uning oldidan lip etib quyonmi, tulkimi chiqa qolsa-yu, to‘zg‘itib quva ketsa, bunday onlarda otliqlar ham tozidan qolishmaydi – jonini jabborga topshirib, o‘lganiga qaramay o‘lja ketidan ot solishadi…

Tozi toqati toq bo‘lganidan o‘qtin-o‘qtin g‘ingshib-g‘ingshib qo‘yar, goho hammaning oldiga o‘tib, qisqa-qisqa hurar, sakrab-sakrab odamlarni gir aylanib “bunchalik imillamasanglar” degandek, shoshilishga undar, “tezroq yuringlar”, degan da’vati shunday ko‘zidan, butun borlig‘idan ko‘rinib turardi. Lekin sira Elomonga tutqich bermasdi. Itga qo‘yib bersa, qani edi, suvoriylar Uchar ketidan otlarini choptirsalar, uzangilarida tik turib qiy-chuv solsalar, yov ketidan quvganlaridek shovqin-suron ko‘tarsalaru butun borliq ov zavq-shavqi bilan yashasa. Tozi hammani ana shunday ov nash’asini surishga chorlardi…

E-voh! Odamlar ovga emas, janozaga ketishayotgandi. Cholu kampirlar g‘am-alamdan boshlarini xam qilib, jigarlari Sengirboyning kelini Olmoshning boshiga tushgan kulfatga sherik bo‘lib, qondoshlik burchlarini o‘tash uchun ketishayotgan edi. Shu bois qora tozi it Ucharga hech kim e’tibor bermasdi. Shum xabar urug‘doshlar uchun eng og‘ir va xatarli bir paytda yetib keldi. Ular bundan, bor-yo‘g‘i olti oy burun Sengirboyning hurmati deb emas, — axir, u kim bo‘libdi, — balki Olmoshning eri, hozir Tolchuy vodiysida ulkan qirg‘in-barot jangda qatnashayotgan Qo‘ychimanning hurmati, eng muhimi, ushoq qashshoq bo‘ziylar urug‘ining faxri, buyuk o‘tovsoz usta Sengirboylar oilasiga kelin bo‘lib tushgan Olmoshning hurmati uchun tishlarini-tishlariga qo‘yib chidayotgan edilar bu ovoragarchiliklarga. Sengirboy bobo esa, mana, uch kun bo‘libdiki, turolmasdan yotibdi — cholni ko‘pdan beri yuragi bezovta qilardi, qudalar tarafdan kelgan sovuq xabar ustani yiqitdi — Sengirboylar kelinining bir qorindan talashib tushgan singlisi — o‘n yetti yashar Ulqan dunyodan ko‘z yumibdi. O’tovsoz usta qudalarining hurmati va urug‘doshlarning udumi, deb bo‘yiga yetgan qiz bolaning dafn marosimida ishtirok etish uchun shosha-pisha po‘stinini kiydi, o‘smir o‘g‘illaridan Turman bilan Elomon cholning ikki qo‘ltig‘idan ushlab hovlida egarlog‘liq turgan otga tomon yurishayotgan edi, Sengirboy bobo o‘tov bo‘sag‘asidan o‘tishi bilanoq yuragini changallab qoldi, oyog‘ini uzangiga solishga ham ulgura olmadi. Og‘riqdan ingrab, otning yoliga yopishganicha, oyoqda bazo‘r turib yiqilgudek chayqaldi.

Shunda urf-odatga ko‘ra, butun ishlarni xotini Kerto‘lg‘a-zaifa o‘z qo‘liga oldi. Kampir lozim bo‘lsa, hamma ishni joyiga qo‘yadi. Kerto‘lg‘a-zaifa cholini o‘g‘illari yordamida uyga olib kirdi, yechintirdi, tezgina o‘rniga yotqizdi va o‘tovsozga dedi:
— Usta, qudalarnikiga janozaga bora olmasangiz, Xudo ko‘rib turibdi, o‘zi kechiradi. Bu ishni menga topshiring. Sizdan keyin bu uyning kayvonisi men endi, vaqti kelar, bo‘zuay urug‘imizning urug‘ onasi ham men bo‘laman. Motamda yig‘lash uchun bo‘zuyliklarga men bosh bo‘lib borsam, qudalar xafa bo‘lishmas. Hozir xafa bo‘lishning mavridi emas — Tolchuy vodiysida nimalar yuz berayotganini hech kim bilmaydi: o‘g‘illarimiz g‘alaba bilan qaytishadimi, xudo biladi. Hozircha hech xabar yo‘q — hamma yuragini hovuchlab turibdi. Siz xudodan tani sog‘liq so‘rang, jang qilayotganlarga omad tilang! O’zingizni ehtiyotlang, siz bo‘zuyliklarning boshchisisiz, mening uchun esa, uch bolamning otasi, eng ulug‘ odamsiz. Mana shu musibatli xizmatni ado etishni menga ishoning. O’rningizdan turmang, yoting. Elomon sizga qarab turadi, biz hammamiz yo‘lga otlanamiz.

Shunday gap so‘z bo‘lib o‘tdi. Bu gaplardan keyin ran-gida rang qolmagan, yuzini ter bosgan o‘tovsoz usta Sengir-boy boshini yostiqdan ko‘tarmasdan eshitilar-eshitilmas dedi:
— Sen haqsan, kampir. Men borolmagach, sen borishing kerak. Sen bo‘zuyliklarning barini ergashtirib bor. Kelinimiz Olmosh qarindosh-urug‘lari orasida yolg‘izlanib qolmasin. Uzoqdan yig‘i beringlar, hamma eshitsin, barcha bo‘zuyliklarning yig‘laganini xalq bilsin, ovozlaringni baland ko‘tarib girya qilinglarki, qudalarimiz kuyovlari Qo‘ychiman bilan o‘lim to‘shagida yotgan katta quda — mening yo‘qligimni sezishmasin. Bilib qo‘yinglar: hammamiz inson ekanmiz, urush qancha dahshatli bo‘lmasin, o‘lganlarni hurmat-izzat bilan dafn etishni unutmasligimiz kerak…

Shu ravishda, ushoq bo‘zuy urug‘idan bo‘lgan bolali ayollar, chol-kampirlar yo‘lga chiqishdi, ularning butun qalbi jungor o‘yrotlari bilan bo‘layotgan jang nima bilan tugarkan, deb bezovta edi. Hamma o‘sha tomonda, Tolchuy vodiysida nimalar sodir bo‘layotgani haqida o‘ylardi: nega, hech xabar yo‘q? Nega, hech kim hech narsani bilmaydi? Urug‘ning, xalqning or-nomusini saqlab qolish uchun yigitlar qirg‘in-barotga yuz tutib ketishgan. Ular ko‘ngillari g‘ash, zo‘r xavotirda jo‘nab ketishgan.

Ucharni tutib, bo‘yniga kamarini solish Elomon uchun oson bo‘lmadi — tozining odamlarga qo‘shilib ketib qolishi hech gap emas edi-da! Shunda ham Uchar bo‘ynidagi bog‘ichi bilan olg‘a intilar, bo‘shab ketishga urinardi. Lekin itni qo‘yib yuborish mumkin emas — yot joylarda tozini ovul itlari galasi g‘ajib tashlagan bo‘lardi. Albatta, shunday bo‘lardi.

Elomon Ucharni bo‘ynidan ushlab turar ekan, nima deyishini bilmay turib qoldi. Janozaga ketayotganlarga “Yaxshi borib kelinglar” deyishmaydi-ku! Onasi oti ustida jilovni tortib turar ekan, o‘g‘liga: nega serrayib turib qolding? Tezroq uyga borsang-chi! — dedi qovog‘ini solib. – Otangga qara, eshityapsanmi? Oldidan bir qadam ham ketma, uqdingmi?

Elomon “tushundim” degandek bosh irg‘adi. Onasi aytganlarining hammasini qiladi. Elomon onasiga, uning bug‘doyrang, ajinlar bilan qoplangan g‘amgin qarimsiq yuziga boqar ekan, kampirning hozirgiday tashvish tortganini hech eslay olmaydi. Elomon onasiga qarab dedi: “Ko‘rgiliklarimiz bor ekan, endi siz ketavering. Biz uchun g‘am yemang. Men endi yosh bola emasman-ku! hamma tayinlaganlaringizni qilaman. Otamdan bir qadam nari jilmayman. Faqat Qo‘ychiman akam ot ustida uzangisiga oyoq tirab omon kelsa bas. Jasadini egarga o‘ngarib kelishmasa bo‘lgani. Ilohim, barcha yigitlar ot ustida o‘zlari tik turib kelishsin, egarga bo‘ktargi qilib ko‘ndalang yotqizib kelgilik etmasin! Otam bilan men haqimda tashvish tortmang, sizning buyurganlaringizning hammasini qilaman”.

Kerto‘lg‘a-zaifa tizginni tortib turar ekan, qora tozi iti bilan yolg‘izoyoq yo‘lda qolgan kenjatoyiga ko‘z qirini solar ekan, to‘satdan yuragida og‘riq paydo bo‘ldi, xayolidan shunday o‘ylar kechdi: bu hali bola-ku, otasi nima bo‘larkan, akasi Qo‘ychiman salomatmikan yoki o‘yrotlarning nayzasidan yer tishlab qoldimikan? Cholimning, o‘g‘illarimning holi ne kecharkan, barcha-barchasining, el-yurtning boshiga qanday kunlar tusharkan? Ana shu dahshatli o‘y-xayollarini bildirib qo‘ymaslik uchun g‘o‘ldiradi:
— O’g‘lim, ovulga chop, seni va otangni Tangriga topshirdim. Sal yurgach, yana to‘xtadi – borishing bilan otangga haligi o‘tdan damlama qilib ichir…
— Xo‘p bo‘ladi, darrov damlama qilib beraman, — deb onasiga va’da berdi.

Kampirning bu gaplarga ko‘ngli to‘lmadi shekilli, dorini tayyorlash yo‘llarini tushuntira ketdi:
— O’tning ustiga vaqirlab turgan qaynoq suv quyib damlab qo‘yasan, sal sovigandan keyin otangga berasan, terlaguncha ichsin, shundan keyin ko‘kragi bo‘shab yengil tortib qoladi.
— Mening gaplarimni uqdingmi, tushundingmi? — deb qayta-qayta so‘radi o‘g‘lidan Kerto‘lg‘a-zaifa.

Aytganlarining hammasiga o‘g‘lining tushunib olganiga ishonch hosil qilgach, boyvuchcha boshqalar ketidan otiga qam-chi bosib ko‘l bo‘ylab ketdi. Lekin sal o‘tmasdan u yoq-bu yoqqa alang-jalang qarar ekan, yana to‘xtadi-da otdan tushdi:
– Elomon, bu yoqqa kel, bolam, – deb o‘g‘lini chaqirdi. – Otni ushlab tur, men Ko‘lga sig‘inib olay. Ketdik.

Kampir shunday dedi-da ko‘lga yuzini burdi va shoshilmasdan ko‘lga qarab salobat bilan tantanovor qadam tashladi. Qattiq shamollar turganda to‘lqin-to‘lqin bo‘lib uyulib qolgan top-toza qizg‘ish mayda qum ustidan yurdi. Boshiga surpdan sallaga o‘xshatib tomog‘igacha qattiq o‘rab olgan oppoq qorday katta elachakdan boyvuchchaning faqat yuzi ko‘rinardi; elachakda kampir biroz yashargandek tuyulsa-da, chakkasidan oq sochlari ko‘rinib turardi. Boyvuchcha qarisa ham jismonan hali baquvvat, hatto xushbichim edi. Olmoshni kelin qilib tushirgungacha butun tirikchilikni o‘zi qilar edi-da — to‘rtta erkak: uch o‘g‘il bilan eriga qarashning o‘zi bo‘lmaydi, uy ishlarida esa, erkaklarning foydasidan zarari ko‘proq.

Ko‘l yoqasidagi qum ustida ohista oyoq bosar ekan, Kerto‘lg‘a-zaifa dunyo va oila tashvishlarini bir zum unutgandek, fikrini jamlab, ko‘lga qarab yurdi-da, qandaydir hayajon va ruhiy ko‘tarinkilik bilan o‘ynoqi moviy suv yuziga, uzoq-uzoqlarda bo‘zarib turgan qorli cho‘qqilarga, tog‘ tepalaridagi xira bulutlarga nazar tashladi. Bularning hammasi odam uchun makon qilib yaratilgan zohiriy bir keng dunyo, iloh kabi qudratli, uning yerdagi timsoli kabi hayotbaxsh dunyo ediki, bani bashar ana shu dunyo izmida bo‘lib kelgan.

Kerto‘lg‘a-zaifa ko‘pirib kelib-ko‘pirib qaytib turadigan qirg‘oq to‘lqini yetar-etmas joyda mayda shag‘allar ustida to‘xtadi. Elomon ham bir qo‘li bilan otni yetaklab, ikkinchisida tozisini ushlab shu yerga keldi. Ona cho‘kka tushib o‘tirdi, o‘g‘li ham cho‘kkaladi; shundan keyin kampir sekin va ohista pichirlab Ko‘lga yolvora boshladi:
— Ey, Issiqko‘l, sen Yerning ko‘zisan, sen har doim osmonga boqib turasan. Men senga iltijo qilaman, sen — mangu, muzlamaydigan Issiqko‘lsan, men Ko‘kka, hokimi taqdir bo‘lmish Tangriga munojot qilaman,

Tangri sening qa’ringga nazar tashlaganda mening o‘tinchlarimni bilib olajak.

Ey Tangri, xatarli va dahshatli damlarda o‘yrotlarga qarshi kurashda bizga kuch-qudrat ber. Tog‘laringda sening ne’matlaringdan tatib, yaylov-o‘tloqlaringda chorva mollarini boqib kun ko‘radigan olti aymoqli qirg‘iz xalqimizni o‘zing asra. Bizning o‘choqlarimizning o‘yrot otlari tuyoqlari ostida toptalishiga yo‘l qo‘yma. Odil bo‘l — ayovsiz ochiq jangda bizga g‘alabangni darig‘ tutma. Huv, anavi tog‘lar ortida, Tolchuy vodiysida nimalar bo‘layotganini bilmaymiz. Na bir xabar bor, na bir chopar bor jang maydonidan — kutaverib ko‘zlarimiz teshildi, yuraklarimiz adoyi tamom bo‘ldi. Nimalar bo‘lyapi? Bizlarni ertaga nimalar kutyapti? Tangrim, dushman bilan ayovsiz jang qilish uchun ketgan yigitlarning jonlarini omon saqla. Bizlarga ularni egar ustida ko‘rishni nasib et, jasadlari otlariga ortib kelgulik qila ko‘rma, iloyim.
Mening ibodatimni eshit, men uch o‘g‘ilning onasiman…

Elomon ham cho‘kka tushib, bir qo‘li bilan tozisi Ucharning bo‘ynidagi kamardan, ikkinchi qo‘li bilan esa yoldor jiyron biyaning tizginidan tutib turardi. U ko‘l yuzasining nafas olgandek bir pasayib, bir ko‘tarilib turgan qoramtir sag‘risiga ahamiyat berdi. Ko‘l hozir sokin edi, suv yuzasi mayda to‘lqinlar yolqinida jonlanib yotardi. Uzoq cho‘zilgan qishning adog‘ida, bahor boshlarida Issiqko‘l sohili ovloq qolgandek, o‘t-o‘lansiz edi — to‘qaylar ship-shiydam, quruq xas-cho‘plar fayzsiz; na bir o‘tov bor, na bir otliq, na ko‘ch-ko‘ron, na dalada mol podalari…

Biroq Issiqko‘l bo‘yida qishlab qolgan o‘tar qushlar bahor hididan yangi o‘lkalarga yo‘l olish payti yaqinlashib qolganini sezib, ko‘l ustida to‘p-to‘p bo‘lib ucha boshlaydilar, ulkan galalarga uyushgan qushlar esa tog‘ etaklari bo‘ylab parvoz qilib, tez uchish mashqini oladilar. Qayoqqa qaramang, qushlarning shodon qichqiriqlari va ovozlari yog‘duli bahor havosida uzoq-uzoqlarga taraladi.

Mana, yaqinginada bir qiziloyoqli, kulrang g‘ozlar galasi shiddat bilan uchib o‘tgani ko‘zga chalindi. G’ozlar bebosh shovqin ko‘tarib, ovozlarining boricha g‘aqillab shunday past uchib o‘tdilarki, qanot patlarining shovullagani ham eshitilib turdi. Elomon ko‘l ustida uchib yurgan bir necha gala o‘tar qushlarni ko‘rdi. Bular g‘ozlarmi, o‘rdaklarmi, oqqushlarmi yoki uzunoyoq ochpushti qizilg‘ozlarmi — bola farqlay olmasdi. Chunki bu qushlar juda uzoqda va balandda to‘p-to‘p bo‘lib uchib o‘tardi. Faqat ularning chug‘ur-chug‘uri ba’zan aniq eshitilsa, ba’zida elas-elas quloqqa chalinardi. “Demak, bu qushlar ertami-indin uchib ketadi”, deb o‘ylab qoldi bola.

Onasi esa, dildagi butun dardini aytib, jon-jahdi va ehtiros bilan Ko‘k Tangriga tavallo qilardi. U eri — buyuk o‘tovsoz Sengirboyga rahm-shafqat etishini so‘radi, axir ustaning dardi tobora kuchayib borayotir, hatto bugun otga ham mina olmadi.
— Tangrim, otamiz, qo‘li gul ustaning jonini omon saqla, – dedi u. – Bizning diyorimizda o‘tovsoz Sengirboyning qo‘li bilan yasalmagan bironta o‘tovni topish amri mahol. Uning o‘z umrida qancha o‘tov yasaganini hech kim bilmaydi! Axir, hech kim boshpanasiz yashay olmaydi – yosh ham, qari ham, boy ham, kambag‘al ham, qo‘ychivon ham, biya sog‘uvchi ham!

U yana Tangridan nevaralar so‘radi, yana qanchadan-qancha iltijolar qildi… Axir, odamning orzu-havasi, dardu alami kam deysizmi bu dunyoda…

Qordan choyshab yopingan qoyali tog‘lar orasida osmonga ko‘z qadagan buyuk ko‘k ko‘l suvi tinim bilmas, jonli maxluqday to‘lg‘anar, o‘z-o‘zidan paydo bo‘lib, yana yo‘qoladigan ulkan erinchoq to‘lqinlarni bag‘rida erkalar edi. Obi ombor kechasi bo‘ron ko‘tarish uchun ummon yanglig‘ kerishib kuch yig‘ayotgandek edi. Hozircha esa, shaffof ko‘l ustida, uning bahor quyoshini emgan zilol suvlari tepasida dunyo bo‘ylab yangi uzoq va xatarli safarga otlanadigan payt yaqinlashayotganini sezgan o‘tar qushlar hamon yuksaklikda chappor urar, hamon jo‘rovoz bo‘lib, jar solib osmonni boshiga ko‘tarardi.

Ona bo‘lsa hamon astoydil, butun borlig‘i bilan munojot qilardi:
— Tangrim, eshit, o‘zimning oq ona sutim hurmati-la, yolvorib o‘tinaman! Senga, buyuk hokimi taqdirga — Ko‘k Tangriga iltijo qilish uchun biz bu yerga, sening Yerdagi ko‘zingga — muqaddas Issiqko‘lingga keldik. Mana men, mening yonimda o‘g‘lim Elomon — mening kenjatoyim, endi men na yaxshi, na yomon farzand tug‘a olaman, faqat sendan so‘raganim shuki, mening erkatoyimga otasi Sengirboyning ustaligini ber, o‘zining ustalikka ebi ham bor… Kenjatoyim akasi Qo‘ychimanga o‘xshab — “Manas” aytmoqchi. Bu iltijomni ham ijobat qil, eng avvalo va eng muhimi, unga azaliy So‘zning qudratini ato et — o‘sha So‘z ildiz otgandek jon va tan bilan chirmashib ketsin, u So‘zni — ajdodlardan avlodlarga o‘tadigan, o‘z bolalari va nevaralari uchun qoladigan So‘zni asrab-avaylasin, ajdodlar qirg‘iz nomini olgan davrdan yetib kelgan So‘zni o‘zida jo qila oladigan kuch-qudrat ber unga…

Men uch o‘g‘ilning onasiman, Tangrim, mening iltijolarimni qabul qilgaysan. Odam bilan doimo yonma-yon yashaydigan tilsiz maxluqlar — o‘g‘limning o‘ng tarafida turgan va manaman degan yirtqichni quvib yetadigan bizning tozi itimiz Uchar ham, o‘g‘limning chap tarafida turgan, biron marta qisir qolmagan jiyron biya ham bizlar bilan birga o‘tinib so‘raydi Sendan…

Elomonga shunday tuyuldiki, onasi garchi pichirlab, eshitilar-eshitilmas ohangda munojot qilgan bo‘lsa ham, uning so‘zlari hammani sehrlab qo‘ygan jo‘shqin xitob singari butun ko‘l bo‘ylab yangrab, hamma yoqqa yoyilib taralib ketdi; go‘yo uning so‘zlari ko‘l atrofidagi tog‘larda “Tangrim, menga quloq sol, mening so‘zlarimni eshit…” degan tashvishli va aniq aks-sado berdi.

Onasi otga minib, ko‘lning jiyagida kichkina to‘p bo‘lib uzoqlashib ketgan sheriklari ortidan shosha-pisha jo‘nab ketgandan keyin ham Elomon sevikli tozisi Ucharni ushlaganicha ancha vaqtgacha joyida turib qoldi. Bola hali o‘sha kunni, Ko‘lda onasi Tangriga iltijo qilgan o‘sha daqiqalarni umrida bir-ikki martagina emas, balki ko‘p martalab esga olajagini, xursandchilik onlarida ham, boshiga ish tushgan paytlarda ham yig‘lab eslayajagini, onasi Elomonning buyuk manaschi bo‘lishini Tangridan so‘ragani uchun, shuning sharofati bo‘lsa kerak, xalq uni “Momaqaldiroqdek guldiragan manaschi Elomon” deb atagani uchun taqdiridan rozi bo‘lajagini hali bilmasdi. U o‘zining yoshlik davri o‘yrotlarning bosqinchilik yillariga to‘g‘ri kelishini, qirg‘izlarning “Manas”ni Elomon ijrosida ovloq daralarga yashirinib olib, yig‘lab eshitajaklarini xayoliga ham keltirmasdi. Elomon “Manas” aytishga kirishishdan avval onasining Ko‘l bo‘yidagi duosini albatta eslayajagini, manaschi o‘g‘li Elomonni yashirgani uchun onasini o‘yrotlar o‘ldirajaklarini, dostonning yurakdan chiqqan boshlamasi Elomon uchun ham taskin, ham xalq ruhi buyukligi, ham xalqning umrboqiyligi kuylangan So‘zning go‘zalligi va teranligi ifodasi bo‘lajagi haqida o‘ylab ham ko‘rmagandi. U “Manas”ning Elomon og‘zidan chiqqan quyidagi so‘zlarini odamlarning butun vujudi quloqqa aylanib, nafas olishdan ham o‘zlarini tiyib eshitajaklarini bilmasdi:
“Qirg‘izlar, qirg‘izimiz, hammamizdan buyugimiz Manas haqida so‘z ochay.

O’sha kunlardan to shu kunlargacha qancha kunlar qumday oqib ketdi, bir-birlarini quvib son-sanoqsiz tunlar o‘tdi qaytib kelmasdan, yillar va asrlar karvoni izsiz poyonsizlikda yo‘qoldi… Bu dunyoda o‘sha kunlardan buyon qancha jonlar kelib-ketdi, dunyoda qancha toshlar bo‘lsa shuncha odamlar, balki undan ham ko‘p odam kelib, ketgandir. Ular orasida buyuk kishilar, ko‘plar tanimaydigan kishilar ham bor edi. Yaxshi odamlar ham, yomon odamlar ham o‘tdi. Tog‘qomat polvonlar ham, yo‘lbarskelbat bahodirlar ham bor edi, alloma donishmandlar ham, qo‘li gul ustalar ham o‘tdi, qancha xalqlar kelib-ketdi, ularning faqat nomlari qoldi.

Kechagi bor narsa — bugun yo‘q. Bu dunyoga hamma keladi va hamma ketadi. Bu dunyoda faqat yulduzlar mangu turadi, mangu oyga qarab olam kezadi, faqat mangu quyosh abadiy Sharqdan chiqadi, faqat Yergina o‘zining abadiy o‘rnida turadi. Yerda faqat odamlarning xotirasi hammadan uzoq yashaydi, odamning umr yo‘li esa qisqa — qosh bilan qovoq orasicha. Odamdan odamga o‘tadigan fikrgina boqiydir; avlodlardan avlodlarga qoladigan so‘zgina abadiydir…

O’sha kunlardan buyon o‘tgan vaqtda Yer o‘z qiyofasini ko‘p marta o‘zgartirdi. Tog‘lar yo‘q tekisliklarda o‘rkach-o‘rkach tog‘lar yuksaldi. Oldingi tog‘lar o‘rnida quruq dashtlar paydo bo‘ldi. Jarlar yemirilib sayxonliklarga aylandi; daryo-soylar oqib yotgan o‘zanlar tekislanib ketdi. Ayni vaqtda, yer ustida yomg‘ir-qor suvlari chuqurliklar — jarliklaru daralar hosil qildi. Dunyo yaratilgandan beri chayqalib turgan moviy dengizlar o‘z o‘rnini qumli cho‘llarga bo‘shatib berdi… Shaharlar qad ko‘tardi, shaharlar vayron bo‘ldi va choldevorlar o‘rnida yangi devorlar tiklandi…

O’sha kunlardan bu kunlargacha so‘z so‘z tug‘di, fikr fikrga qo‘shildi, qo‘shiq qo‘shiqqa ulanib ketdi, ertak cho‘pchakka aylandi. Sanoqsiz dushmanlarga qarshi kurashgan qirg‘iz qabilalarining xaloskorlari bo‘lib qolgan Manas bilan uning o‘g‘li Semetey haqidagi doston bizga ana shunday yetib keldi…

Bu dostonda biz ota-bobolarimizning ovozini eshitamiz, ayni vaqtda, necha asrlar oldin uchib o‘tgan qushning yuksak parvozi, tulpor tuyoqlarining allaqachon so‘ngan dukur-dukurlari, dushmanlar bilan yakkama-yakka olishgan botirlarning hayqiriqlari qulog‘imizga keladi. Yig‘i ovozlariyu g‘alaba suronlari quloqqa chalinadi. Ana shu so‘zimizda o‘tmish hayot tiriklarning ko‘z oldida, tiriklarga hamdu sano aytish, tiriklarni sharaflash uchun yana namoyon bo‘ldi…

Alqissa, biz buyuklardan buyuk Manas haqidagi va uning jasur o‘g‘li Semetey to‘g‘risidagi dostonimizni boshlaymiz — tiriklarga hamdu sano aytish uchun, tiriklarni sharaflash uchun…”
Bu bolakay o‘zining Xudoning marhamati ila qirg‘izlarning jung‘orlarga qarshi hayot-mamot kurashining jarchisi bo‘lib qolajagini hali bilmasdi, u o‘z boshi uchun dushman mingta tulpor va’da qilajagini, xoinlar ushlab bergach, qozoqlarning jazirama cho‘lida butun tanasi chavaqlanib, ko‘zlari o‘yilib, qiynoqlarda o‘lajagini hali xayoliga ham keltirolmasdi. Axiri, qoniga belanib, tashnalikdan jon berayotgan so‘nggi onlarda yana mana shu kunni, shu soatni, shu Ko‘lni — onasi iltijo qilgan Ko‘lni; uzoq o‘lkalarga uchib ketish uchun to‘plangan ana shu qushlarni yana esga olajagini va bularning hammasini o‘ngidagidek ko‘z oldiga keltirgach, “Onajon ”degan xitob bilan jon berajagini hali bilmasdi.

Bularning hamma-hammasi — shon-shuhrat ham, kurash ham, halokat ham oldinda edi…

Hozir esa, u Issiqko‘l yoqasida, onasi sajda qilgan joyda tozisi Ucharni o‘z qo‘lidan chiqib, odamlar ortidan chopib ketmasligi uchun bo‘ynidan qattiq ushlab turar edi. U birdan kasal otasi esiga tushib, shoshilib qoldi.
— Ketdik, Uchar, ketdik, — dedi u itiga buyruq bergandek va tog‘ yonbag‘ridagi ovulga qarab shosha-pisha yura ketdi. Ko‘ldan uzoqlashganda ham qush galalarining betinim chag‘ir-chug‘ur, g‘oq-g‘oq ovozlari quloqqa chalinib turdi…

* * *

O’sha kechasi tong saharda kenjatoy Elomonning ko‘zi oldida buyuk o‘tovsoz Sengirboy foniy dunyodan ko‘z yumdi. Otasining oxirgi daqiqalarida xirillab, nafasi tiqilib g‘aliz aytgan so‘zlarini deyarli tushunib bo‘lmasdi. Lekin bola titrab-qaqshab va yig‘lab otasining yuziga egilib turar ekan, o‘choqdagi olovning nim yorug‘ida chol lablarining harakatidan otasining nima demoqchi bo‘lganini payqadi. bola ikki so‘zni tushundi:
— Tolchuyda… nima..

Tushundi-yu, labini tishlab yig‘lab yubordi, so‘ngra qattiq ho‘ngradi va o‘zini yig‘idan tiya olmasdan dedi:
— Yo‘q, ota, hech qanday xabar yo‘q! Men sizga qanday yolg‘on gapiray! hech darak yo‘q. Men bir o‘zimman. Eshityapsizmi? Men qo‘rqyapman. O’lmang, otajon, siz o‘lmang. Tezda onam keladi, tezda onam keladi…

O’g‘lining so‘zlariga ota tushundimi-yo‘qmi, Xudo biladi. Shu zahoti uning joni chiqib ketdi, ko‘zlari ochiq qoldi. Otasi jon taslim qilish bilan, yashin tezligida kelgan o‘lim cholning yuzini qo‘rqinchli tusga kiritib, butunlay o‘zgartirib yuborgani zahoti bola qo‘rqqanidan o‘tovdan otilib chiqdi va nima qilarini bilmay, vahimaga tushib, dod solib ho‘ngrab boshi oqqan tomonga chopa ketdi. Uchar ham nima bo‘lganini tushunmasa-da, dumini qisib, qo‘rqa-pisa Elomon ortidan chopaverdi. Elomon Issiqko‘lning to‘lqinlari mavjlanib yotgan qirg‘og‘iga yetganidagina o‘ziga keldi. Shu yerda u serrayib, turib qoldi.

Issiqko‘l o‘sha kecha junbushga kelib, shiddatli chayqalib, to‘lqinlarni o‘ynatmoqda edi. Biroq Elomonning qulog‘iga boshqa tovushlar — to‘xtovsiz qiy-chuv eshitildi. U Osmonga qaradi va nimqorong‘i osmonda son-sanoqsiz qushlar bulutini ko‘rdi. Beadad, tumonat qushlar. Qushlar Ko‘l ustida katta doira hosil qilib, aylanib uchmoqda, yo‘lda uchraydigan tog‘lar tepasidan oshib o‘tish uchun yuksaklikka ko‘tarilayotgan edi. Nihoyat, qushlar Ko‘l ustidan oxirgi marta aylanib uchib o‘tdi va turnaqator tizilishib, yanada balandga ko‘tarila borib Bo‘o‘m darasi tomon yo‘l oldi va dovondan oshib Tolchuy vodiysi yo‘nalishida ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Bola qushlar yiroq o‘lkalarga uzoq muddatga uchib ketganini, ularning Tolchuy vodiysidan o‘tishini, undan naridagi noma’lum va notanish yurtlarga borajagini tushundi va o‘zini qo‘lga olib, joni boricha qichqirdi:
— Bizning otamiz o‘ldi! Qo‘ychiman akamga aytinglar — otamiz vafot etdi! Otamiz o‘ldi, o‘ldi!..

* * *

Biz tog‘lar ustidan uchdik. Dovonga yetganimizda qattiq shamol turib, qop-qora bulutlarni qarshimizga haydab keldi. Oldin yomg‘ir tomchiladi, keyin ho‘l qor yog‘di, shalabbo bo‘lgan qanotlarimiz yaxladi, uchish qiyinlashdi. Bizning galamiz orqaga qaytdi. Biz hammamiz baqirib-chaqirib yana ko‘l ustida aylanib ucha boshladik, qanotlarimiz sergidi, aylanib uchganimiz sari yuksaklikka ko‘tarila bordik, so‘ng yana yo‘lga tushdik. Lekin bu gal shu qadar baland ko‘tarilib uchdikki, tog‘laru bulutlar juda pastda qolib ketdi, quyosh nurlari bizni quvib yetganda dovondan oshib o‘tgan edik, ostimizda uzoqda Tolcho‘y vodiysi keng yoyilib yotardi. Eh, rohatbaxsh Tolchuy, buyuk cho‘llarga tutashib ketgan go‘zal vodiy! Butun vodiy boshdan-oyoq quyosh nurlariga cho‘milib yotardi, yerni yashil maysalar gilami qoplagan, daraxtlarning novdalari esa, bo‘rtib, kurtak bog‘lagandi.

Vodiyning o‘rtasida ilang-bilan bo‘lib kumushrang Chuy daryosi oqib yotibdi, yo‘limiz xuddi shu daryo o‘zanidan o‘tishi kerak. Biz sog‘inganimizdan osmondan turib vodiy bilan o‘z tilimizda qiyqirib salomlashdik, so‘ng daryo bo‘ylab asta-sekin pasaya boshladik va yerga yaqinlashib bordik. Chunki sal narida daryo bo‘yida suvli qamishzor bor, qush karvonlarining ko‘ldan boshlangan doimiy buyuk yo‘lida biz birinchi marta ana shu yerga qo‘nib o‘tishimiz kerak. Bu yerda biz dam olishimiz, oziqlanib bo‘lgach, yana safarga otlanishimiz lozim. Biroq bu gal odatdagi joyga qo‘nib o‘tish nasib etmadi.

Galalarimiz qanotlari va dumlari yordamida parvozi sekinlashib, birin-ketin jonajon qo‘nim joyimizga yaqinlashganimizda qirg‘inbarot jang ustidan chiqib qoldik. Bu dahshatli bir manzara edi. Son-sanoqsiz odamlar, ming-minglab otliq va piyodalar shu yerda, bizning qo‘nim joyimizda jon berib-jon olishmoqda edi. Dahshatli hayqiriqlar, vahshiyona ovozlar, bo‘kirish-o‘kirishlar, na’ralar, chinqirishlar, ingrashlar, otlarning kishnashlari, pishqirishlari osmonu falakni qoplagandi. Keng maydonda odamlar bir-birlarini jahannamga jo‘natishmoqdaydi. Kishilar bir qarasang, na’ra tortib bir-birlarining ustiga nayza o‘qtalib yopirilishar, to‘qnashib qolganda bir-birlarini yerga yiqitishar, tiriklayin ustiga ot qo‘yar; bir qarasang, bir-birlaridan qochib uzoqlashar; bir qarasang, birovlar qochib ketayotgan bo‘lsa, boshqalari quvib ketardi. Kimlardir qamish orasida pichoq va qilich bilan jang qilib, bir-birini bo‘g‘izlar, qorinlarini yorardi. Qayoqqa qaramang, odamlarning jasadlariyu otlarning o‘liklari tog‘-tog‘ bo‘lib uyulib yotar, suv keng yoyilib oqqan joyda son-sanoqsiz murdalar daryo suvini to‘sib qo‘ygandi, qip-qizil qon aralash suv hamma yoqqa yoyilib, otlarning tuyoqlari ostida qon xalqoblarini hosil etgandi.

Bizning galalarimiz yuraklari orqaga tortib, sarosimaga tushib, gangib qoldi, osmonda qiy-chuv boshlandi, saflarimiz buzilib ketdi va hammamiz vahimaga tushib betartib bulutlar kabi bir joyda aylanib ucha boshladik. Ancha vaqtgacha o‘zimizga kelolmadik, bir-birlarini o‘ldirgan baxtsiz odamlar ustida birpas uchib yurdik, talay vaqtgacha galalarimizni to‘plash bilan ovora bo‘ldik, allavaqtgacha tinchiy olmadik. Oxir-oqibat, biz o‘sha yerga qo‘nib o‘ta olmadik, o‘sha mash’um joydan ketishga va safarni davom ettirishga majbur bo‘ldik…

* * *

Kechiringlar, o‘tar qushlar! Bo‘lib o‘tgan vahshiylik uchun kechiringlar, bo‘lajak vahshiyliklar uchun kechiringlar. Bani odam hayoti nima uchun shunday ekanini, nega ona zaminda shuncha o‘ldirilganlar va o‘ldirilayotganlar borligini men tushintirib bera olmayman, sizlar tushuna olmaysizlar… Kechiringlar, Xudo haqi, kechiringlar, musaffo kengliklarga safar qiladigan samoviy qushlar… Jang tugagandan keyin u yerda quzg‘unlar bazmi boshlandi, o‘limtikxo‘r qushlar jig‘ildoni yorilguncha odam go‘shtiga to‘yishdi, uchish u yoqda tursin, qanotini ham qimirlata olmay qolishdi. Jangdan keyin shaqallar bazmi boshlandi — chiyabo‘rilarning odam go‘shtiga qorni shu qadar to‘ygan ediki, gavdalarini zo‘rg‘a sudrab ketishdi. Qushlar, keting bu yerdan, bu mudhish joydan uzoq-uzoqlarga uchib keting.

* * *

Ibtidoiy tabiat mavjudligidan buyon shunday: har safar vaqti yetganda — erta ham emas, kech ham emas — har yili bir xil vaqtda qushlar uzoq safarga otlanadi. Ular albatta uchib ketadi, uchganda ham faqat ana shu uchar qushlargagina ma’lum o‘zgarmas havo yo‘llari bo‘ylab uchib, dunyoning u chekkasidan bu chekkasiga boradi. Momaqaldiroqlaru bo‘ronlardan o‘tib, kechayu kunduz qanot qoqib uchadi, hatto uchayotib uxlab ketadi. Ularning tiriklik mohiyati shunda: tabiat dunyosida narsalarning o‘zgarmas tartibi mavjud. Qush karvonlari shimolga, azim daryolar bo‘ylariga, azaldan uya yasab bola ochadigan joylarga uchib boradi. Kuzda esa, voyaga yetgan bolalari bilan janubga uchib keladi, shu zaylda bu jarayon uzluksiz takrorlanaveradi…

Mana, biz qancha kunlardan beri uchib ketyapmiz. Ana shu osmonu falakda, ana shu sovuq hukmron yuksaklikda shamol mangu daryo kabi shovqin solib oqib yotadi. Bu daryo cheksiz Koinotda nozohiriy Vaqtning noma’lum tomonga tinim bilmay qilayotgan harakatidir.

Bizning bo‘yinlarimiz kamon o‘qi, tanamiz yurak bo‘lib charchoq nima ekanini bilmasdan shiddat bilan harakatda. Hali safar uzoq, tolmasdan qanot qoqaveramiz, qanot qoqaveramiz…

Biz borgan sari baland ko‘tarilib parvoz qilmoqdamiz… Endi tog‘lar tekislikdek bo‘lib qoldi, keyin esa, umuman ko‘rinmay ketdi, kurrai zamin bo‘lsa uzoqlashgandan uzoqlashib, yer yuzasi chaplashib ketganday bo‘ldi — qaerda Osiyo, qaerda Ovrupa, qaerda okeanlaru qaerda quruqlik ekanini farqlab bo‘lmay qoldi. Gir-atrofimizda bo‘shliq hukmron, cheksiz Koinotda faqat bizning Yer sayyoramizgina cho‘lda adashgan bo‘taloq kabi olam kezmoqda, sekin suzib onasini qidirib yuribdi. Xo‘sh, o‘sha ona tuya qani? Yerning onasi, onaizori qani? Savol — javobsiz! Faqat shamol, xilvat yuksakliklarning shamoli g‘uvillaydi, faqat Yer kurrasi yosh bolaning boshidek yakka-yolg‘iz suzib, chayqalib qo‘ymoqda — yerimiz beqaror, yerimiz beqaror. Nahotki, ana shu yer shunchalik Yaxshiliklar maskani, shunchalik Yovuzliklar makoni bo‘lsa?! Yo‘q, yovuzlikka erk bermaslik kerak, o‘tinaman, kadxudolar, so‘zamollar, ijodkorlar!

Men ana shu parvoz qilayotgan galada bor-yo‘g‘i bir qushman. Men turnalarga qo‘shilib uchib ketyapman va o‘zim ham turnaman. Men turnalar bilan birga qorong‘u kechada yulduzlarga qarab, kunduzi ekinzorlar va shaharlar ustidan uchaman. O’ylarga tolaman…

Qushlar galasi uzoqda ko‘zda g‘oyib bo‘ladi. Qanotlari ko‘rinmay ketadi. Mana, gala osmonda bir kichkina nuqtaga o‘xshab qoldi va u ham g‘oyib bo‘ldi…
hademay, yana bahor keldi va yana osmoni azimda turnalar “qur-qur”i yangray boshladi…

Turna yig‘isi

Bo‘zlab-bo‘zlab uchaman,
Bo‘zlab-bo‘zlab uchaman,
Bo‘zlab-bo‘zlab uchaman,
Zorlanaman insonlarga.

Zaminni ehtiyot qiling insonlar,
Erk bermang vahshiyona ehtiroslarga.
Nima bu – hatto turna yig‘lasa,
Yo‘q, yo‘q, yig‘lamang aslo.

Va lekin, bari bir,
Noinsoniy kulfatlardan.
Cheksiz yong‘inlardan,
Qonli janglardan.

Panohida asrasin, ilohim,
Hay, insonlar!
Vayrona qilib qo‘ymangiz uni nogahon,
Nima bu – pinhona to‘kilgan yoshlar.

Keragi yo‘q, yig‘lamang aslo,
Va lekin, bari bir — bari bir.
O’zi panohida asrasin Sizni,
Noinsoniy kulfatlardan,
Panohida asrasin, hay, insonlar!

Suyun Qoraev tarjimasi

087

(Tashriflar: umumiy 2 363, bugungi 1)

1 izoh

  1. » утар кушлар ноласи» китобини хозирча хеч ерда учратмадим. Кирилчасини

Izoh qoldiring