Elchin Iskandarzoda. She’rlar.

051
Элчин Искандарзода 1964 йил 16 сентябрда Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида туғилган. 1986 йилда Озарбайжон Техника университетининг Механика факультетини имтиёзли тугатган. Истеъдодли шоир Элчин Искандарзода техника фанлари доктори, профессор. Халқаро Эко-энергия академияси (2000), Нью-Йорк фанлар академияси (2002), Кавказ халқлари фанлар академияси (2003), Россия Табиий фанлар академияси (2004), Европа Маданият академияси (2006), Табриз академияси (2006), Озарбайжон, Украина, Қирғизистон, Россия, Руминия Ёзувчилар жамиятлари ва Туркиянинг Фан ва Адабиёт асарлари эгалари жамиятининг аъзосидир.
Элчин Искандарзода 120 дан ортиқ илмий асар, 36 та ихтиро, 13 та монография ва дарсликлар, 64 та адабий ва илмий китоб муаллифи саналади. Дунёнинг турли мамлакатлари ёзувчиларининг 55 та асарини озарбайжон тилига ўгирган. 200 дан ортиқ адабий ва илмий китобларга муҳаррирлик қилган.
Дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган элликдан ортиқ халқаро илмий қурултой, конгресс, симпозиум ва конференцияларда иштирок этган. Бир қатор халқаро миқёсдаги йирик адабий, маданий тадбирларнинг ташкилотчиси ҳисобланади.

051

Элчин Искандарзода
ШЕЪРЛАР

ОЗОДЛИК

Кенг осмонда учган қуш,
учгин кўнглим елкани,
мен ҳам бугун озоддирман сен каби.

Гулдан гулга учиб юрган капалак,
Учгин-келгин қалбимга,
мен ҳам бугун озоддирман сен каби.

Олислардан келмоқдаман, олисдан
чиққин пешвоз тонг юлдузи,
мен ҳам бугун озоддирман сен каби.

Чиқ тўлқинлар қўйнидан,
чиққин денгизнинг қизи,
мен ҳам бугун озоддирман сен каби.

ЁЛҒОН

Итариб дунёни қўлин терси ила
Ҳаққа сиғинган йигитча.
Севган малакларинг-ла
Ҳар куни ками юз карра севишар
шайтон.
Яхши ёмондан, ёмон яхшидан туғилар
Ҳар бир чин бир ёлғонга ҳомиладор,
Ҳар ёлғонда бир ҳақиқат бўғилар.

ҒУРБАТДА БАҲОР

Ташқарида ёз иссиғи,
уруғлар ҳомиладор…
Ҳар лаҳзам айланар йилга
кутмоқдаман баҳорни.
Бир кун қанот ёзиб учсам агар
Туғилган масканим сари,
шохдан узаман бир чечак
ҳамда узиб олган гулимни
юборажакман сенга …

СЎНГГИ ШЕЪР

Бир кўклам кечаси
бошим узра
Азроил жой олганин,
ҳаётимда фақат
бир кун қолганин
билсам агар,
бедор кўзларим
тонг юлдузи янглиғ
қип-қизил бўлгунга қадар
бир шеър ёзардим.

Мендан сўнг дунёнинг
кечаларини,
кундузларини,
дарахтларини,
денгизларини,
инсонлар қисматини
яна яхшиликка этардим таъбир.
Ва сўнгги бор
кўнгил очардим торли бир соз сасига …
Ухлардим бошим қўйиб
ўлимнинг сийнасига.

ШОИРЛАР

Қушлар озод,
дарахтлар бахтиёр.
Парвоз этган қушнинг,
чечак очган
дарахтнинг
ўз ҳаёти, тушлари бор.
Ҳамда юлдузларнинг боғида
шоир умри, дунёси бор
озод бахтиёр.
Шоирлар севган аёлларига
юлдузлардан тож ясайди.
Шоирлар парвозлаган қушнинг,
чечак очган дарахтнинг
тушларини кўради.

КАПАЛАК УМРИ

Сочларидан кўксига
ипак парда тутган қиз
ўн еттида ҳануз.
Инсонлар орасида
малак янглиғ ёппа-ёлғиз …
Тунлари фалакка қайтмоқни
юлдузлардек нур таратиб ўчмоқни,
сўнмоқни, нур сочмоқни,
ва барча инсонлардан қочмоқни
ўтказади дилидан …
Қўшиқлар айтар,
кўнгли ҳеч тўлмас,
Дуолар айлар,
ижобат бўлмас.
Ёмғирли оқшомларда қилган
дуолари маҳзун,
ҳаётимиз капалак умри қадар қисқа,
қайғу йўллари эса узун,
жуда узун.

Гулим, чечагим,
оппоқ малагим,
Асло осмонга
ва юлдузларга
умидларинг боғлама,
умидингни боғлаб сўнг
азоб чекиб, йиғлама …

МИСР ГЎЗАЛИГА

(Ҳазил)

Бу қизнинг оёқлари
Соҳилга тегинса гар
Севинчдан тупроқнинг
Ёрилади юраги, чидай олмас!
Бу қиз сув парисидек
Денгиз қўйнига шўнғиса
Ўт олиб ёнади Қизил денгиз, сўнмас!

Бу қизни Мисрдан олиб
Дунёнинг энг оғир хастасига келтир
Тирилар туриб оёққа, ўлмас!

СЕВГИ НАВОЛАРИ

1-куй

Сенинг рақаминг териб
Телефонинг гўшагида
Эшитсам бирдан дардли овозинг;
ўша ўтган кунлар қайтади ортга
ўтган кунларга қайтадирман мен.
Куз ёмғирлари-да,
танҳолик ва ёлғизлик-да
бир соз оҳанги янглиғ
яйратади кўнглимни…

2-куй

Бу қорли қиш кунида
ёруғлик ичра
бошимга келганлар
бошқа бировнинг қисмати каби
туюлади менга.
Бу қорли қиш кунида
биргина эски ишқ қўшиғига,
биргина ширин сўзингга муҳтожман
яна…

3-куй

Ўлар бўлсам менинг учун тутма аза,
кийма қора, йиғламагин.
Ёдга ол, илк табассумни,
ёдга ол, илк дийдорни ёдга ол,
ёдга ол, илк бўсани ёдга ол…
Ҳозир тунги соат икки,
на сен меникисан,
ва на мен сеники …

4-куй

Дўстлар, биродарлар,
Ичимда бошланар тўсатдан тўфон
бутун жаҳон ичра
ёлғиз қолган онимда.
Юрагим оғриса-да
Ашула айтаман ўзимга-ўзим.
Айтган қўшиғим битгани замон
оппоқ арвоҳ қамаштирар кўзимни.
Қамаштирар бир лаҳза
ва нур таратар ичимдаги зулматга …

5-куй

Қора мозор сукунати
кўлкаси-ла қуршамиш бу ерларни.
Оллоҳим, не эди гуноҳи
ёз иссиғида титраб музлайди
бу жойлардан ўтиб кетган
ғариб йўлчининг оҳи.

6-куй

Баҳор тонги ёғду ила
бир сатр шеър ёзмиш
яшил гул япроғига.
Бир қушча учар-қўнар
гул шохига
ўқийди ўша шеърни.
Биз эса фақатгина
туямиз айни шеърнинг ифорин …

7-куй

Мен бизнинг ўтмишда
яшамоқдаман сенсиз.
Бизнинг ўтмишда
булутсиз осмон
ва кўм-кўк денгиз …
Энди ўтмишимиздан
ортга қайта олмайман мен …

8-куй

Мен сени қизғонардим
кўкдаги булутдан, қушдан,
ердаги чечакдан, гулдан.
Кўзларингни унутганман
аммо қалбим тубида
унсиз-унсиз йиғларсан ҳануз …

Алишер Турсунов таржимаси

(Tashriflar: umumiy 48, bugungi 1)

Izoh qoldiring