Farhod Jilon. «Oltin qon»dagi to’y.

333
Билиб қўй, ботир йигит, элимизға бир кучли душман бостируб келмоқда. Бул душманнинг исмини Искандар Зулқарнайн дейишодур. Ул олис-олис ерлардағи, кўпгина тоғу тошлар, чўлу саҳро, биёбонлар ортиндағи Юнон деган элнинг хоқонидир. Бул ёвуз хоқон кунботишдағи талай элларни муҳосара этмишдур ва эмдиликда нарҳи қон кечуб, туман-туман кишилиқ улкан қўшин бирлан Турон замининға ҳужум қилиб чегарадағи элларни қирғинға олмоқда. Эшитишимизға қарағанда Туроннинг юраги бўлмиш Шамиркент шаҳрини кунфаякун қилуб, кўп халқни, кўп қариндош элатимизни қирғинға олуб эмдиликда бул ёқларға бостуруб келаётурғон эрмиш.

21

Фарҳод Жилон
«ОЛТИН ҚОН»ДАГИ ТЎЙ

Азалдан бордур элнинг паноҳи,
Озодлик нажоти—қуёши, моҳи.
Қасос ўти тақдирда бори,
Тўсолмас йўлимизни девлар илоҳи!

Милоддан аввалги 330 йил ёз кунларининг бири эди. Мусаффо осмон узра қуёш чарақларди. Поёнсиз чўл худди осмон билан омухта бир жуфтликдай бир-бирига тўймай боқишиб тургандай туюларди. Само ва қуёш бу чўлга азалдан энг яқин сирдош, ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Неча-неча қаҳрамонлик достонлари яралди; полвонлар ўз кароматларини кўрсатиб эл донғини достон айлади; элнинг тинчлиги, саломатлигини асраш учун ўз жонларини фидо қилиб қанчадан-қанча марду майдонларнинг муқаддас қонлари шу чўлдаги юлғунлар остига сингиб кетарди!…
Адоғи кўринмайдиган дастурхондай ястанган текисликдаги эмин-еркин ўтлаб юрган бир уюр ёввойи отлар тўсатдан ҳуркиб, учгандек чопган кўйи олислардаги адирликларда ғойиб бўлди. Кўм-кўк бўлиқ ўтлоқзорда ўйноқлаб юрган бир неча кулранг қуёнлар уларнинг туёқ товушларини эшитгандан кейин, узун қулоқларини динг қилиб бир ерда қотиб қолишди-да, ўша заҳотиёқ сакрашиб ҳар томонга қочиб кетишди. Нарироқдаги қуюқ ўрмон ичидан жон ҳолатда етти-саккиз жуфт жайронлар дупурлашиб чиқиб яна чўл бўйлаб қочишда давом этишарди. Ажаб, бу жониворлар нимадан шунчалик ҳуркиб кетишдийкин? Ҳа, сайёд! Худди шу пайт жайронларни қувиб бир суворий чиқиб келди. Қони қизиб кетган от гўё қанотли дулдулдек гувуллаб шитоб билан чопиб борар, туёқларининг ҳам ерга тегиб-тегмаётганлигини билиб бўлмасди. ўйноқи чўл шамоли тулпорнинг ёли ва узун думини учириб, ўйнатарди. Чавандоз йигит олдига эгилиб отнинг бўйнига ёпишиб олганди. Жайронларнинг чарчаб қолганлари бир-бирлаб ўз тўпининг ортида қола бошладилар, тўп олдида чопиб кетаётган жайрон серкаси рўпарасидаги унча баланд бўлмаган тақир тоғ томонга йўл олди. Учқур тулпор ўқ етгудек оралиққа бориб қолганда жайронлар тоғ бағрига етиб қолгандилар. Сайёд уларнинг тоғ ортига ўтиб кетишининг олдини олиш учун дарҳол тизгинини қўйиб юбориб, пайконни олди-да, оёқлари билан узангига тираниб эгардан кўтарилди ва ўқни ўлжасига қаратиб камон ипини торта бошлади. Худди шу чоғда жайронлар нима учундир йўналишларини яна ўзгартириб, шиддат билан ортга бурилиб, жар ёқалаб чопа бошлади. Бу пайтда тоғ тумшуғи томонда бир тўп суворий лашкарлар кўринди. Сайёд йигит кечиккан эди, у ўқни қайтадан садоғига солиб, камонни елкасига осганча бир қўлида тизгинини тортиб, яна бир қўли билан отининг бўйнини силаб, тўхташга даъват қилди. Сўнгра тизгинини янада қааттиқроқ тортди. Мағрур тулпор қадамини ноилож асталатган ҳолда олдинги икки оёғини бир бора баланд кўтариб тушди, сўнгра қизиб кетган кўзларини норозилик билан олайтириб тўхтади.
Тоғлар орасидан тўсатдан чиқиб келаётган эллик-олтмиш чоғли лашкарлар отларини елдириб, сайёд йигит турган тарафга яқинлаб келаётганди. Уларнинг ҳаммаси тўлиқ қуролланган бўлиб, бир қарашда олис йўлдан ёки муҳорабадан қайтаётгандек кўринарди. Найза учлари ва дубулғаларида кун нури ғира-шира чақнарди, суворийлар яқинлашган сари уларнинг чиройлари ва баланд кўтарилган якка туғнинг белгиси аниқ кўрина бошлади.
Сайёд йигит уларга тикилиб қаради ва ўз-ўзига:
— Барс Тегин! — деб қўйди.
Дубулға ва совут кийиб саф олдида келаётган қадди-басти келишган йигит ҳақиқатдан ҳам хоқоннининг тўнғич ўғли Барс Тегин эди. Кўтарилган ўша ёлғиз туғ Барс Тегиннинг эҳтимол туғи, лашкарлар эса, унинг хос соқчи навкарлари эди. Сайёд йигит исмини айтаётиб хоқон ўғлининг олдига борди ва унга от устида бош эгиб таъзим қилди-да:
— Хоқонимизнинг тўнғич ўғли Барс Тегинға бахт ва омад ёр бўлсин! – деб салом берди.
— Қут бўлсин сенға ҳам, ботир йигит! – деб жавоб қайтарди Барс Тегин, — исминг недур? Бул чўлда ёлғиз не қилуб юрмушсен?
— Исмим Арслон, шикор қилуб юргумдур, шаҳзодам, — деди сайёд йигит табассум ила боққан кўйи мулойимлик билан.
Шу пайт юзбоши Арслонга қараб буйруқ оҳангида ўдағайлади:
— Шаҳзода Тегин ҳазратлари олдинда ўзунгни қандай тутодурсен?! Отдин туш!
Арслон унинг дўқ билан қилган пўписасига писанд қилмай:
— Хоқон ўғлони отдин тушуб бош эгканларни ботир деб ҳисобламайдур, элга содиқ фидокорларни қадрлайдурлар, — деди.
Барс Тегин қизиқсиниб Арслонга тикилиб қаради.
— Сен шундай фидокорму? – сўради у.
—ўн йил муқаддам сизнинг падари бузрукворингиз Тунго Билга хоқон аъло ҳазратлари қизилбошларга қарши қўшин тортуб чиқғонда менинг отам ҳам шул қўшунда жангчи бўлғон эрди, — деди Арслон, — отам фидойилик бирлан муҳораба қилғонлиғи боис хоқон ҳазратлари отамни бутун қўшун олдинда «Алп Қаюм» деб эълон қилғон эрканлар ва барча жангчилариға отамни шул ном бирлан аташни буюрғон эрканлар. Отам ҳозир чилангарлик билан шуғуллонодурлар, хоқон ҳазратлари учун қурол-яроғ ясайдурлар, мени болалигимдиноқ Ватан ва халқимга қалқон, хоқон ҳазратларинға содиқ навкар бўлишга ўргатғонлар.
—Сизлар не боисдан хоқонға ушмунча иноят кўрсатадурсизлар? – сўради Барс Тегин уни синчковлик билан синаб кўрмоқчи бўлиб.
—Фуқароларнинг хоқонға содиқ бўлишлиғи онинг одиллиқ, ҳаққоният бирлан ҳукм юритғони, эл-юртға тинч-осойишта ҳаёт, обод-фаровонлиқ, иноқ-иттифоқлиқ бахш этаётурғониндандур, — деб жавоб берди Арслон.
Барс Тегин бу оддий сайёд йигитнинг бундай самимий сўзларини эшитиб унга янада қизиқиб қолди. Арслоннинг шамол ва офтобда куйиб бироз қорайган чеҳрасига, эндигина сабза урган мўйлари ўзига жуда ярашиб тушганди. Унинг кескин турилган тим қора туташ қошларидан қайсарлик ва мардлик аломатлари шундоқ акс этиб турарди. Қаттиқ қимтилган лабларидан, айниқса лабларининг бурчагида билинар-билинмас кўриниб турган ним табассумидан унинг ўта ғурурли йигит ҳам эканлиги, жигаргўшаликка устуворлиги, унинг кенг елкали ва алп қоматидан буткул мардлик, жасорат ва куч ёғилиб турганлигини ҳам пайқаш қийин эмас эди. Йигит минган тўриқ тулпор ҳануз бир ерда тиним турмай ҳадеб олға интилар, ер тепинар, пишқириб, уёқ-буёққа айланарди.
«Қандай ботирона кўриниш!» деб ўйлади Барс Тегин унга завқланиб қараб, яна сўради:
—Нечун шикорға ўзунг бирлан бургут ёхуд шунқор олиб чиқмадинг?
Арслон бу саволга ҳам ҳеч бир довдирамай дадил жавоб берди:
—Бунға ҳожат йўқ эрди. Менинг бугун шикорға чиқишим фақат от устунда туриб камондин ўқ отишни машқ этиш, отимни жангаворлиқға ўргатишга қаратилғон эрди.
Барс Тегиннинг бу чўл фарзандига тобора ихлоси ортиб борарди. Унинг ўзини тутишидан ва ҳар бир аниқ ва дадил жавобидан хушомадга қилча ўрин қолдирмаган самимийлик акс этиб турарди.
—Мақбул ота ўғил! Ярайсен! – деди охири Барс Тегин Арслонга жиддий қараб, — ўғил деган шундай бўлмоғи керак. Кўринишингдан сен ҳам отанг каби қаҳрамон жангчи бўладурғонға ўхшайдурсен, мен бунға инонурмен.
Ҳалол ва жўшқин меҳнатга, эркин ҳаётга одатланган оқ кўнгил чўл фарзанди бундай мақтовларга кўникмагани учун бироз ўнғайсизлангандек бўлиб, Тегинга қарашга ботинолмай қолди ва нима дейишини ҳам билмай кўзини ундан қочириб, суҳбатга қизиқсиниб қараб турган навкарларга нигоҳ ташлади. Навкарлар ҳам энди унга нисбатан ўзларида самимий ҳурмат ва дил изҳорлари пайдо бўлганлигини қалбан ҳис этишарди. Уларнинг баъзилари бу мардона йигитга мадад бергилари ҳам келгандек дўстона бир тарзда бир-бирларига қарашган кўйи кулимсираб, бошларини ирғишиб қўйишди. Барс Тегин ҳам қараб кулиб қўйди-да:
—Емди сен нечун менинг қаердин келаётурғонлигимни, не қилуб юрғонлиғимни сўрамайдурсен? — деб яна кутилмаган саволни қўйди ва шу онда унинг жавобини кутмаёқ жиддий қиёфада сўзида давом этди, — билиб қўй, ботир йигит, элимизға бир кучли душман бостируб келмоқда. Бул душманнинг исмини Искандар Зулқарнайн дейишодур. Ул олис-олис ерлардағи, кўпгина тоғу тошлар, чўлу саҳро, биёбонлар ортиндағи Юнон деган элнинг хоқонидир. Бул ёвуз хоқон кунботишдағи талай элларни муҳосара этмишдур ва эмдиликда нарҳи қон кечуб, туман-туман кишилиқ улкан қўшин бирлан Турон замининға ҳужум қилиб чегарадағи элларни қирғинға олмоқда. Эшитишимизға қарағанда Туроннинг юраги бўлмиш Шамиркент шаҳрини кунфаякун қилуб, кўп халқни, кўп қариндош элатимизни қирғинға олуб эмдиликда бул ёқларға бостуруб келаётурғон эрмиш.
Арслон бу гапларни эшитиб кўзларидан бирдан ғазаб учқунлари чақнаб кетди.
—Мумкин эрмас, ичкарилаб киролмайдур! – дея бақириб юборди у ўзини тутолмасдан.
Барс Тегин ўша нохуш воқеаларнинг, ўз сўзининг таъсирига берилган ҳолда яна сўзида давом эта бошлади:
—Мен бу баҳодир навкарларим бирлан чегарадағи аҳволни бориб ўз кўзим бирлан кўрдум. Ҳозир шул ердин келаётурмиз. Ул ерда Искандарнинг элчиси бирлан кўришдум. Элчи бизнинг таслим бўлишимиз кераклиғин талаб қилмуш. Мен анға «Муҳораба майдонинда кўришғаймиз» деб жавоб бериб қайтмушмен.
—Муҳорабаға мени бошлаб боринғиз, мен сизнинг айтғон ерингғиздин қатъий чиқмағаймен! – деб кескин жавоб қилди Арслон ҳаяжон билан.
Барс Тегин нотаниш сайёддан шундай жавоб кутгандай, унга мамнунлик билан қаради.
—Яхши! – деди шаҳзода, —хоқоннинг муҳорабаға чорловчи фармони эълон қилинғонда қўшунға бор. Сени муҳораба ғўлиға бошлаб кирғаймен. Душманнинг қилич, найзаси олдинда ўзунгни қандай тутушлиғингни кўрайин.
Шундан кейин овозини кўтариб Арслонга ҳам, навкарларга ҳам баробар қаратиб инод қилди:
—Биз аларға ўз қудратимизнинг неларға қодир эканлиғин албатта кўрсатуб қўйғаймиз! Ёвуз босқинчи Искандар етмиш тоғ ботирларин бир кўруб қўйсун! Ҳалок бўлғон жафокаш қариндош элатларимиз учун ҳам илло қасос олғаймиз! Аларни тор-мор келтурмағунумизғача муҳорабадин асло қайтмағаймиз.
Арслон энди Барс Тегинга завқланиб қаради. Тегиннинг ёши Арслондан кўп катта бўлса уч-тўрт ёш каттароқ кўринарди. У ғоят келишган йигит эди, айни чоғдаги ғазабнок чеҳраси, дубулғаси остидан чиқиб турган жингалак қўнғир сочлари, ҳис-туйғули қўй кўзлари, майсадек ўсган майин қисқа соқол-мўйлари унинг шубҳасиз янада ҳақиқий ботир ва чин жасорат соҳиби эканлигидан ҳам дарак бераётгандай эди.
Барс Тегин тўсатдан Арслон томонга кескин бурилиб шундай деди:
—Менға қара йигит, бахтингни синайдурғон вақтғада эмди кўп қолмади. Муҳорабаға бирға борғаймиз, ботирлик кўрсатсанг сен менинг энг яқин дўстумға айланодурсен, магар қўрқоқлик қилсанг…
У сўзини тўхтатиб, Арслоннинг кўзларига михдек тикилиб қаради ва ўнг қўли билан қиличнинг дастасини тутиб туриб, ҳар бир сўзини дона-дона этиб такрорлади:
—Магар қўрқоқлик қилсанг адабингни ўзум берғум!
Шаҳзода бу гапни айтганда унинг чиройи буткул ўзгача сурли тус олдики, жангда қўрқоқлик қиладиганлар ундан сўзсиз ҳеч қандай яхшилик кутмаслиги кундай равшан кўриниб турарди.
—Кетдик йигитлар! – деди Барс Тегин ва ўйноқлаб турган тулпор отини қуюндек учириб кетди. Навкарлар ҳам найзаларини ҳамда атрофидан нур таратиб чиқиб келаётган тонг қуёши ва бўри боши тасвири акс эттирилган бир неча заррин попуклик кўк ипак туғни баланд кўтаришган ҳолда унинг ортидан от қўйдилар.
Арслон тобора олислаб кетаётган жанговар суворийларнинг ортидан бироз қараб тургандан кейин, нимадир ёдига келгандай бўлиб дарҳол отини чоптириб, Тегин кетган йўлдан бошқа бир манзилга қараб йўл олди. У узоқ йўл босди. Чўл охирлашганда олисда яшил боғлар кўринди. Арслон маҳалланинг четидаги дарахтзорликка келиб отидан тушди. У дарахтлар орасида ўтлаб юрган бир отни ва шариллаб оқаётган сув бўйида ўйчан ўтирган бир қизни кўрди. Арслон бирданига ўйнаб кетган юрагини босиб олиш учун қизнинг орқасидан бироз қараб турди. Сўнгра гўё тушида кўраётган паризодни чўчитиб юбормасликка тиришаётгандек майсазорларни авайлаб босиб, бир отлаб, икки отлаб аста-секин қизга яқинлашди. Қизнинг вужуди енгилгина титраб кетди, кўринишидан унинг йигитни аллақачон кўрганлиги ва ўзини атайлаб кўрмасга олиб ўтирганлиги сезилиб турарди, унинг оқаётган тип-тиниқ сувга қараб турган катта-катта кўзлари висол онларидан янада чарақлаб кетди. Арслон сув бўйига келиб унинг ёнида тўхтади ва майин овоз билан:
—Болқиз! – деб чақирди.
Қиз бошини кўтармади. Арслон елкасидан камонини олиб ерга қўйди-да, қизнинг ёнига ўтирди.
—Болқиз, – деди у яна қизга ер остидан қараб, —мен вақтида келолмадим… кечикиб қолдим, узр… Қиз индамагандан кейин ўз айбини бўйнига олган оҳангда яна қўшиб қўйди. —Тан оламен қаршингғизда гуноҳкормен. Сизни куттириб қўйдим. Сиздан яна бир бор узр сўрайдурмен.
Қиз худди сакраб урушга тайёрланган шўх кийикдек бошини бир йўла кўтарди-да, йигитнинг ҳаддан ташқари муҳаббатга тўла мулойим кўзларига тикилиб қаради. Қиз ўзининг хафа бўлганлигини билдиришга ҳарқанча тиришсада, истараси иссиқ ҳамда кўркам чиройининг илиқлигини асло ўзгартолмади, ғунча лабларини кулиб юборишига йўл қўймасликка тиришса-да, ҳилолдек қалам қошларини чимириб туришга урунсада, булоқдек отилиб турган оташ кўзлари табассумидан ўзини қочиролмади.
—Шунчалик ҳам куттириб қўяр экансиз, шуни олдинроқ ўйласанғиз бўлмасмудур йигит? — деди у ўзининг ёқимли овози билан Арслонни янада довдиратиб.
—Менга қаранг, Болқиз, мен сизға ҳаммасини гапириб берурмен, — деди Арслон ялингансимон қизга термулиб ва бир қўлини кўкси устига қўйди, — мен ўзимиз келишғон вақтни унутиб қолғоним йўқ… билодурмисиз, бугунғи кунни қанчалик ташналиқ-интизорлиқ ила кутғонимни!
—Ундай эрса нечун кечикдинғиз? – такрор сўради Болқиз..
Арслон севгилисини таслим этишга тиришиб гапира бошлади:
— Кўришиш вақтимиз келгунга қадар пайкон отишни машқ қилиш учун шикорға чиққандим. ўзингғиз билодурсиз, пайкон отиш машғулотин бир кун ҳам тўхтатуб бўлмасдур. ўлжа қувиб чўл ичкарисинға кириб кетубмен. Боз устинға, — деб сўзини давомлаштирди Арслон қайтадан жиддийлашиб, унинг кўзлари яна бояги чўлдагидек чақнаб кетди, — мен шу чўлда валиаҳд шаҳзода Барс Тегин бирлан учрашиб қолдим. Ул чегара ерларинға боруб келубди. Искандар деган бир ажнабий хоқон бизнинг заминимиз сари қўшин тортуб элимизға бостируб келаётурғон эрмуш. Буни Барс Тегин ўз оғзи бирлан айтмуш.
— Мен сизға шуни айтмоқчи эрдум, — деди Болқиз.
— Не? Бу ҳақда сиз ҳам билодурмусиз? — ҳайрон бўлиб сўради Арслон. Қиз тасдиқ аломати бошини ирғаб қўйди.
— Отамдин онглодим, — деди у, — кеча уюмизға бир лашкарбоши келуб эрди. Ул киши отам бирлан шул ҳақда гаплашишаётғанларин онглаб қолдим, бугун саҳарда бир навкар хоқоннинг ёрлиғин келтуруб отамни ўрдаға бошлаб кетмуш.
Болқизнинг отаси Қора Боқши хоқоннинг яқин одамларидан бўлиб, ёшликдан тортиб жанг ишларида тобланган саркарда эди. У донишманд ва билимдон одам бўлганлигидан, хоқон томонидан унга «Қора Боқши» деган ном исм қилиб берилганди.
—Муҳораба бошланса сиз не қилодурсиз? – деб сўради Болқиз Арслондан нигоҳини узмаган ҳолда.
—Барс Тегин бирлан муҳорабаға бирға борадурғон бўлиб келишиб қўй-мушмен, — деди Арслон.
—Сизнинг мана шундай жавоб беришингғизни билардим, — деди Болқиз. Энди унинг нафақат кўзларигина эмас, балки лаблари ҳам кулимсираб турарди.
Арслоннинг шу топда Болқизнинг ипакдек юмшоқ қўнғир сочларини қўлига олиб ўйнагиси, унинг тонг шафағидек қирмизи яноқларидан ўпгиси, энг ширин севги сўзларини қулоғига оҳиста пичирлагиси келарди. Лекин, аллақандай зўр келган ғойибона сеҳрли бир куч унинг бундай қилишига йўл қўймасди. Йигит ўзининг кучли қўлларини қизга узатолмасди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дадиллик билан фақат ҳақиқатнигина сўзлашга одатланган чўл ўғлони энди қизнинг кўнглини олгудек бирор сўз ҳам тополмасди.

—Қора Боқши кўпни билодурғон тажрибалик одам. Икковимизнинг тўй қилишимизға қўшилурму? — деди у охири хўрсиниб.
Болқиз дарҳол жавоб қайтаролмади. У, отасининг бу ишга қўшилолмаслигини биларди. Қора Боқши ўз қизининг бир оддий сайёд йигит билан аҳдлашиб юрганлигини билгандан кейин, анча хафа бўлганди. У ҳатто бир марта Арслоннинг отасига: «Болқиз ёбғунинг қизи, унинг муносиби ўрда ичидан бўлиши керак!» деган экан. Бу гапни ўшандаёқ Арслон Болқизга билдирган эди. Шундан буён Болқиз отасидан ўзини четга олиб юрарди. Кейин, у бу дардни ичига сиғдиролмай онасига йиғлаб туриб: «Отам Арслонни ёмон кўрмасунлар, ул виждонлиқ, ақллиқ, ботир йигитдур. Мен они тушунодурмен, магар ул хоқоннинг хизматинға кирса қатъий керакли одамға айланодур» деб ёлборганди. Онаси қизининг кўзёшларини кўриб юраги ачишди. У ўзининг аржуманд қизининг нидоли ҳасратини кўриб туриб, унинг кўнглини янада ўкситишни истамасди. Шунга кўра, у меҳр ила қизнинг юзларини ювиб тушаётган кўзёшларини суртган кўйи илиқ оналик бағрига босди. «Отанг бирлан бу ҳақда гаплашиб кўрғаймен қизим» деб қизга тасалли берганди. Шундан буён, Болқизнинг қалбида «ўлмаган жондан умид» дегандек, қалбида умид учқунлари чақнай бошлаган эса-да, бироқ отасининг ҳанузгача ўз шаштидан тушмаганлигини кўриб яна хотиржамлиги йўқоларди. Кунлар, ойлар шу тарзда ўтарди.
Бу гапларни у қандай ҳам Арслонга айта олсин! У паришонликда турган масъум кўзларини йигитдан қочириб, бошини қуйи солди-да, ўз чиройига яна аввалгидек хуш табассум беришга тиришди ва гапнинг охирини ҳазилга буриш хаёлида олдидан шариллаб оқиб бораётган бўзсувга энгашиб, қўлининг учи билан Арслоннинг юзига сув сочди. Аммо Арслон бу ҳазилни қабул қилмади. У Болқизнинг қўлини тутиб олиб, термулиб турган кўзлари билан унга боқди.
—Айтинг-чи, Болқиз, — деб ўз саволини такрорлади у, отангғиз розимудурлар? Яна айтинг-чи нечун камгап бўлиб қолдингғиз?
—Магар отам рози бўлмасалар-чи, унда не бўладур? — деди Болқиз.
Умидсизлик илкида эҳтиёт ва хавотир ила паст овозда айтилган бу сўз Арслонга бамисоли тўсатдан чақмоқ чақнагандек таъсир қилди.
—У ҳолда сизни олиб қочамен! — деди у ҳеч бир иккиланмасдан қатъийлик билан.
—Сизнинг мана шундай дейишинғизни билардим, — деди Болқиз ўйчан кўзлари билан олис кенгликларга кўз ташлаб. Сўнг у Арслон томонга бурилиб, унинг енгини қаттиқ тутиб олди ва кўзларига тикилиб, ёлборган оҳангда шошилиб гапида давом этди:
—Лекин сиз отамни айбға буюрмағайсиз, отам гарчи қайсар эрсалар-да, аммо оқкўнгил одамдурлар… Алар хайрихоҳлик билдуродурлар… Онам аларга ётиғи бирлан тушунтирадурлар. Отамнинг жаҳллари тез эрсада кўнгиллари юмшоқ одам. Мени жуда яхши кўродурлар. Менға қаранг, Арслон, менға қарасангғизчи, гапларимға инонинг, отам кейинроқ сизни албатта яхши кўриб қолодурлар… Сиз отамдан хафамисиз?
—Йўқ, албатта йўқ — деди Арслон чуқур тин олиб, — мен аларни ҳурмат қиламен… Сизнинг отанғиз бўлғонин учун ҳурмат қилодурмен.
—Оҳ, Арслон, —деди Болқиз бошини унинг кўксига қўйиб, —сиз нечоғли яхши инсонсиз!
Улар оташли севги лаззати илкида гоҳ ҳаяжонланиб, гоҳ мунгланиб, ўзларининг келгусидаги турмушлари тўғрисида узоқ-узоқ гаплашдилар, бир-бирларига аҳду паймонлар қилдилар.

* * *

Тунга Билга хоқон Искандар Зулқарнайнга қарши юришга отланишга фармон берган куни тонг саҳарданоқ ўрда олдига қўшин ва уларни кузатувчи эр-аёл, ёш-қарилар тўпланиша бошладилар. Кузатувчиларнинг ҳам кўплари қуролланган эдилар. Ҳаммадан кейин Барс Тегин ўз навкарларини бошлаб ўрда ичидан тизилиб чиқди. Оқ бўз тулпорга миниб келаётган Барс Тегинга халойиқ ҳурмат билан йўл бўшатиб беришарди. Навкарларнинг олдинги қаторидан жой олган Арслон ҳадеб олға интилиб турган тўриқ тулпорнинг тизгинини тортиб-тортиб қўйиб, интизорлик кўзлари билан кишилар тўпи ичидан кимнидир изларди. Охири у кишилар орасидан ўз отасини кўрди. Соч-соқоллари қордек оқарган собиқ пешқадам жангчи Алп Қаюм фахрланган ҳолда ўғлига қараб турарди ва «кўрдингларму, менинг ўғлимни!» дегандек кетаётиб, бошини эгиб ҳурмат билдирди.
Хоқоннинг буйруқлари эълон қилингандан кейин нақш-нигорли саришта равоқ атрофида қуролланган отлик тархонлардан ташкил топган ҳурмат посбонлари сафланиб туришарди. Барс Тегин навкарларини бошлаб уларга яқинлашиб келиб, қуролли суворий аёллар сафига қаторлашди. Арслон аёллар қўшинининг олдинги қаторида Барс Тегиннинг оқ юзли, сариқ сочли гўзал хотини Кумуш Тузун ва унинг ёнида қалам қошли кўркам Болқизнинг турганлигини кўрди. Улар ёқимли кулимсираб, қўл ишораси билан Тегин ва навкарларни қарши олдилар.
—Болқиз, сиз ҳам чиқдинғизму? — деб юборди Арслон унга яқин келиб.
—Бизни муҳорабадан қўрқади деб ўйлағон бўлсанғиз керак, шундай эрмасму ботир йигит?!.. Ортинглардан биз ҳам муҳорабаға борғаймиз, — деди Болқиз табассумли кўзлари билан унга тикилиб.
Барс Тегин навкарлари билан келиб тархонларнинг олдидан жой олди.
Худди шу пайтда бурғуларнинг сурли овози янграб, ноғораларнинг гумбир-гумбир садолари ҳаммаёқни тутганди. Тунга Билгахоқон, ёбғу ва лашкарбошиларнинг ҳамроҳлигида равоққа чиқди. Унинг бир ёнида хотини Ой Билга хотун, яна бир ёнида маслаҳатчи ва ёбғу Қора Боқши ҳозир бўлди. Барча одамлар чуқур сукутда хоқоннинг сўзини кутиб туришарди. Барчанинг нигоҳлари хоқоннинг келбатли забардаст қадди-бастига қаратилганди. Хоқон эгнига товар тўн кийган, боши чеккасига товар рўмолни ўраб олган эди. Унинг қуюқ ўсган сарғич соқол-мўйларига эндигина оқ оралай бошлаган. Ақл ва билим нури сингган мовий кўзлари бароқ қошлари остидан одамлар тўпига ишонч ва ғайрат билан боқиб турарди. Хоқоннинг қўшин ва фуқарога қарата қисқача бошлаган сафарбарлик ҳақидаги нутқи бамисоли момақалдироқдек янграб, ҳайбатли овози олис-олисларгача эшитилиб турди:
—Шавкатлик ва енгилмас ботир лашкарларим! Азиз фуқаро! Бугунги кунда бизларга қаттол ёғийлардин озор чекғон мазлум биродар эллар умид ва нажот кўзларин тикиб туродурлар. Муқаддас она Ватанимиз тупроғинға ва онинг меҳнатсевар элининг тинч-осойишта турмушин паймол этмоққа, қуллиққа гирифтор этмоқға қасд қилган ёвуз, доғули қонхўр душманнинг шум қадами заминимизни дебсамоқда. Аларнинг Искандар Зулқарнайн деган хоқони тобора элимиз ичкарисинға қўшин тортиб келмоқда, — деди у. — Мен кўктангрининг хоҳиш иродасила элимизнинг дахлсизлиғин сақлаш учун ул ёвузларға қарши муқаддас жангға сафарбар қилинғонимизни ва отлонғонимизни эълон этмушмен.
Алар бизни енголмайдурлар. Биз қатъий енғаймиз. Зафар биз томондадур! Кўктангрининг иродаси шундай. Тоғ бизнинг отамиз, ер бизнинг онамиз. Тоғ ота бизға суянчиқ бўлур, ер она бизға куч-қувват бағишлағай.
Тунго Билга хоқон қиличини қинидан шартта суғуриб олиб уни боши узра баланд кўтарган ҳолда ўз сўзини қўшинларни жангга чорловчи сўзи билан якунлаштирди:
— Кўкда тангри, ерда ботир! Олға азамат шунқорлар!..
Шундан кейин туманлаған тиғлар баланд кўтарилди, тумонат кўкрак қалбларидан отилиб чиққан шиор еру кўкни зилзилага келтирди:
Кўкда тангри, ерда ботир!
Бурғулар ва ноғораларнинг садоси остида Тунго Билга хоқон қўшунни юришга бошлади. Кузатувчилар анча узоққача уларнинг ортларидан эргашиб бордилар. Сўнг аста-аста ортда қолдилар.
—Йўлинглар қутлуғ бўлсун, азаматлар! Илло олинғиз, аммо олдурмангғиз! – деган ҳайқириқ овозлар чор атрофлардан ёғилиб турди.
Арслон Барс Тегиннинг навкарлари қаторида тулпорини йўрттирган кўйи кетиб бораётган эса-да, фикри-зикри отаси билан Болқизда эди. Болқиз билан хайрлашув олдида у билан алоҳида хайрлашмаганлигидан кўнгли ярим бўлиб қолганди. Шу пайт тўсатдан Болқизнинг чақирган таниш овози эшитилди. Бу овоз унинг қулоғига оқиб гўё юрагига киргандай бўлди. У шу заҳоти сафдан чиқиб отини тўхтатди ва қўшиннинг ортидан от елдириб келаётган Болқизни кўрди. Болқизнинг тулпори шамолдек елиб келиб Арслоннинг отига ёндошиб тўхтади. Қизнинг кўкси нафис ипак кўйлакнинг остида бир кўтарилиб, бир пасайиб турарди. Яноқлари ва лаблари ҳаяжондан бироз қони қочгандек кўринарди. Ёш қалқиб турган оҳуникидек хумор кўзлари йигитнинг мардоналик акс этиб турган қора кўзларига интизорлик билан тикилиб боқарди. Охири у индамасдан қўйнидан чиройли кашталанган шойи дастрўмолчани чиқарди-да, қўллари билинар-билинмас титраган ҳолда Арслоннинг қўлига меҳр билан тутқазиб қўйди ҳамда мажолсиз овоз билан:

—Тангри сизни ўзи асрасун, муҳаббатимизни умой асрасун! Нусрат сизға ҳамиша ёр, кўк тангри, ер тангри, мададкор бўлсин! — деди-да, йиғидан ўзини базўр тўхтатиб тулпорини ортига бурди ва қуюндек елдириб кетди.
Арслон турган жойида гўё сеҳрлангандек қимир этолмай ва ҳатто бир оғиз ҳам сўз айтишга улгуролмай қизнинг ортидан яна бироз қараб турди. Сўнгра лашкарлар сафига етиб олиш учун отларини йўрттириб кетишаётган навкарлар сафи орасидан ўз ўрнини эгаллади.
Қўшинлар мевазорлик боғларни, буғдойзорларни, йилқи, қўй ва қорамоллар, подалар ўтлаб юрган бахмалдек яшил яйловларни кесиб ўтиб поёнсиз ястанган чўлга чиқди. ўз йўлларидаги ҳар қандай тоифадаги қабилаларни бостириб, вайрон этиб келаётган қудратли душман билан бўладиган ҳаёт-мамот жанглари ҳам қадам-бақадам яқинлашмоқда эди. Дунёга донғи кетган чўл тулпорларининг туёқлари ҳайбатли дупурларди. Тунго Билга хоқон ўзининг эпчил ва бақувват оқ оти устида шукуҳ ила ўтирган ҳолда елдек учиб борарди. Унинг кўзлари худди Искандар Зулқарнайн билан тезроқ тўқнашмоқ учун шошилаётгандек ҳамон олға томонга қарарди. Хоқоннинг шу топда нималарни ўйлаётганлигини тахмин қилиш қийин эди. Шундай бўлсада, улуғвор, мағрур қиёфасига қараб, ўзига ва қўшинига ишончининг қатъийлигини фаҳмлаш мумкин эди.
Хоқонга бирдам ёндошиб, бирдам ортда қолиб келаётган Қора Боқши адоғсиз уфққа кўз тикиб хаёлга чўмди. У, Барс Тегинга эргашиб келаётган Арслонга бир неча бор кўз ташлаб қўйди. Болқиз билан бу йигит ўртасидаги боғланишни Қора Боқши хушламасди. «Бу масалани қандай қилиб бир тарафли этиш керак? — деб ўйларди у, — Арслон билан бевосита гаплашиб, уни бул ишиндан қайтариш лозимму? Аҳволға қарағанда, шундай қилмай ҳам бўлмайдурғондек кўринодур». Аммо Қора Боқши ўйлаб-ўйлаб шу жойга келганда элни ҳимоя этиш ва асраш учун фидойи бўлиб кетаётган бир йигитга бундай ғайри муомалада бўлишдан ўзида бироз ўнғайсизликни ҳам ҳис этарди. Шу боис у ичида: «Муҳораба тугагандин кейин бир гап бўлур, тангрининг ўзи йўл кўрсатур» деб қўйди-да, ҳозирча бу борадаги масала устида ортиқ ўйламасликка ҳаракат қилди.
Арслон ҳам айни вақтда Қора Боқшининг ичидан кечаётган бор ўйларини уқуб олмоқчи бўлгандек гоҳ-гоҳида унга қараб қўярди. «Муҳораба якунлангандан кейин бу борада Барс Тегинга сўз очамен, — деб ўйларди у. Ул Қора Боқши ёбғу билан гаплашиб, они кўндиришға ўтинамен. Керак бўлса, ўзим ҳам боруб анғо бош эгамен. Магар рад этса Болқизни олиб қочамен». Шу қарорни кўнглига тугуб қўйгандан кейин, Арслон ҳам бу ҳақда энди ўйламасликка қарор қилди. У тез-тез қўлини қўйнига тиқиб, Болқиз эсдалик этиб берган бояги дастрўмолни юрагига қаттиқ босиб қўярди. Қўшин анча йўл босгандан кейин, бир кенг баландликка келиб тўхтади. Тунго Билга хоқон шу ерда баргоҳ қуришни буюрди. Уч юз кишилик хабаргирлар бўлими отларини қора терга тушириб қайтиб келдилар ва Зурқарнайннинг зарбдор қисми яқинлашиб қолганлиги тўғрисидаги хабарни етказдилар. Хоқон бу хабарни эшитгандан кейин ёбғу, тархон, ёбоғу, лашкарбошиларни ҳузурига чорлаттириб жиддий машварат ўтказди. Машваратда бир бўлук лашкарий қисмни душман йўлини тўсиш ва уларга қарши зарба беришга йўллаш учун қарор қабул қилинди. Хоқон бу вазифани тўнғич валиаҳд ўғли Барс Тегинга топширди ва унинг ихтиёрига ҳарбий тайёргарликдан ўтган, аммо жанг кўрмаган ёш йигитлардан таркиб топган тўрт минг отлиқ лашкарий қисмни топширди. Бироқ, бу ишнинг нечоғли хатарли эканлигига кўзи етган ҳарбий тажрибада устувор, донишманд, бообрў ёбғу Қора Боқши сўз олди:
—Тангри туғмуш Тунго Билга хоқон аъло ҳазратлари, — дея мурожаат қилди у вазминлик билан, —Сиз Зулқарнайннинг йўлини тўсмоқға жанг кўрмоғон, онинг сабоғин олмағон бутунлай ёшларни жангға сафарбар қилмоқдадурсиз, йўлламоқдадурсиз. Бундай ҳол хатолиқ бўлиб яна нохуш оқибатларға олиб келиши эҳтимолдин йироқ эрмасдур, деб ўйлайдурмен. Менинг фикри ожизимча эрса муҳорабаға аслида ёши улуғроқ, уруш ишларинда тажрибалари бор бўлғон одамлардин йўлланса мақсадға мувофиқ бўлур эди… — деди қатъий дадиллик билан. Бу фикрга даврада ўтирган барча лашкарбошилар бир овоздан қўшилдилар.
Хоқон ёбғунинг донишмандлигига янада иқрор бўлган кўйи бироз ўйланиб тургач, шундай деди:
—Мақбул, ҳурматли муҳтарам ёбғу жаноблари, сиз дарҳақиқатанда тўғри сўз айтмушсиз. Бинобарин, Барс Тегин ихтиёринға ана шундай уруш сабоқларинға эга бўлғон тажрибалиқ жангчилардан бир туман суворий ва яна шундай беш минг кишилик пиёдалардин иборат қўшин ҳам бириктирулсун. Бироқ, бу бўлажак муҳорабада албатта ёш жангчилар ҳам иштирок этмоқлиқлари, ўз бахту омадларин синаб кўрмоқлиқлари бешак даркордур. Сизнинг ўзинғиз аларға ҳам маҳоратингғиз, ҳам маслаҳатинғиз бирлан йўлбошчилиқ қилсангғиз янада нур устиға аъло нур бўлур эрди.
—Мен розимен, — деди ёбғу Қора Боқши.
Машваратдан кейиноқ Қора Боқши Барс Тегинга маслаҳатчи бўлиб, душманнинг йўлини тўсиш учун юриб кетди.
Барс Тегин йўл бўйи ўз лашкарларининг руҳий кайфиятлари қандай кечаётганлигини билмоқчи бўлиб, тез-тез унга-бунга назар ташлаб қўярди. У кузатган сари аскарлар руҳининг устунлигига ишонч ҳосил этиб борарди. У отини бироз секинлатиб, орқадан келаётган Арслонга ёндошди ва баланд овозда сўради:
— Қандай, йигит? Икки шохлик Искандар Зулқарнайннинг аскарларин тўнғизни отғондек ота алодурмусен?
— Арслон бу саволдан бироз ранжигандек қиёфада Барс Тегинга қараб қўйиб:
— Биз икковимиз чўлда учрашғон ўшал кун менинг қобонни қандай отишлигимни кўрмағон эрдинғиз. Эмди икки шохлик қиётларни қандай отишлиғимни, қандай чопишлиғимни муҳораба майдонида албатта кўрғайсиз, шаҳзодам! — деди вазминлик билан хотиржам ҳолда.
Бу сўзлардан Барс Тегиннинг кўнгли тоғдай кўтарилди. У мамнуният билан Арслонга қараб қўйди. Худди шу вақтда бир хабаргир от елдириб келиб, душманнинг илғор қисми олд томонда — қораси кўриниб турган ўша улкан тоғнинг нариги четида тўхтаганлигини хабар қилди. Барс Тегин қўшинини шу ерда тўхтаб дам олишга буюрди. Бу пайтларга келиб қош ҳам қарая бошлаганди.
Тегин донишманд Қора Бақши маслаҳати бўйича, тун яримларигача шу ерда кутуб туриб, сўнг тунда қўққисдан хужум қилиш тўғрисида маслаҳат берди. Белгиланган вақт етиб келганда аскарлар отларининг туёқларини қўй терлари билан маҳкам ўраб, ҳеч қандай товуш чиқармасликка ҳаракат қилиб, мутлақо махфий тарзда ёғий қўшинлари қарор топган лашкаргоҳга қараб йўл олдилар.
Тун яримларидан оққан, ҳаммаёқ зимзиё эди. Айғоқчилар душман лашкаргоҳида ҳеч қандай жонли ҳаракатдан асар ҳам йўқлиги, пойлоқчиликда турган ёғий навкарлари ҳам аллақачон ўз вазифаларини унутиб қўйганликлари ҳақидаги хабарларни етказдилар. Донишманд Қора Боқши ва Барс Тегин бу ҳолни бир оғиздан қутлуқ, саодатли онлардан дарак бераётганлиги, кўкктангри, ер тангрилари ҳам уларга бул муҳорабада мададкор эканликларидан бешак бели деб билдилар.
Барс Тегин етакчилигида суворий ва пиёдалардан иборат қўшинлар мўлжалланган тоғ ёнбағрига етиб олганларидан кейин, отларнинг туёқларидаги қопламаларни ечиб ташлаб, қиличларини қинларидан яланғочладилар-да, отларининг жиловларини бўшатиб пиёдалар билан биргаликда ёв устига бўрондек ташландилар. Душманнинг олдинги қисм қўшинлари бу кутулмаган ва тўсатдан қилинган ҳужумдан эсанкирашиб, ўзларининг тилларида алланарсалар деб қичқиришарди. Зулқарнайн лашкарлари ҳали ҳал этувчи уруш ҳолатида турганларига у қадар ишонқирамаган эсаларда, лекин ҳар эҳтимолга қарши қурол-яроғли жанговор ҳолатда ётишган эдилар. Улар ётган ерларидан сакраб туришиб нари-бери отланишга шошилдилар. Бу вақтда Тегин лашкарлари гўёки қор бўронидек ёпирилиб келдилар. Чор атрофларда даҳшатлик ур-йиқитлар шиддатли тус ола бошлар, отларнинг туёқлари остидан оташ учқунлари чақнарди. От тўёқларининг дупур-дупурлари, кишнашлари, қурол-яроғларнинг бир-бирларига урилиб чиққан «жаранг-журинг» овозлари, дод-фарёдлари фалакка ўрларди. Бу муҳораба узоқ давом этмади. Зулқарнайн аскарлари бардош беролмай лашкаргоҳларидан чекина бошладилар. Бироқ, вақт аллақачон қўлдан кетиб, ҳалокат муқаррар бўлиб борарди. Тегин жангчилари ёғийларни тутдай тўккан кўйи қадам-бақадам қоронғу чўл томонга қисиб бормоқда эди. Ниҳоят ёғийлар бундай умидсиз жангдан воз кечиб, жонларини сақлаб қолмоқ ниятида бор-йўқларини ғолиблар ихтиёрларига ташлаб чўлга қараб қочишга тутиндилар.
Жанг оташида қизиб кетган Арслон тулпорини қуюндек елдириб бутун сафнинг олдига ўтиб кетди ва ҳеч нарсага қарамай жон-жаҳди билан қочиб кетаётган бир юнон сипоҳига етиб олиб, қиличини бошининг устидан баланд кўтарганча, бор кучи билан серпади. Арслоннинг кескир эгри қиличи юнонлик сипоҳни елкасидан киндигигача бўлиб ташлади. Юнонлик суворий навкар эгардан ерга қулаб тушди. Унинг белига қистириб олган катта чарм ҳамён ҳам кесилган бўлиб, унинг ичидан талон-тарож қилиб йиғилган олтинлари қонга беланиб ерга сочилди.
Худди шу пайтда донишманд Боқши душманнинг пистирмасига тушиб қолишдан хавотирланиб, лашкарларни ёғийларнинг ортидан ортиқча таъқиб этишдан тўхтатишга буйруқ берди.
Тонг сузила бошлаганди. Қуёшнинг илк нурлари тун пардасини йиртиб атрофни ёрита бошлади. Йигитлар душманни қувишдан тўхтаб ортга қайтдилар. Душманнинг қолдиқ қисмлари қочганлари ҳолда адирликлар орасида ғойиб бўлди.
Тонг тўлиқ ёриша бошлаганди. Арслон отидан тушиб қиличидаги қон доғларини ўзи чопиб ташлаган бояги юнонликнинг чопонига суртиб тозалаб қинига солди. Бу пайтда унинг ёнидан ўтиб кетаётган бир тўп аскарлар қонга беланиб ётган олтинларни кўриб:
— Бул недур? — деб сўрашди.
— Бул олтин қон, — деди Арслон ва отининг тизгинидан етаклаб ўз манзиллари томонга қараб юриб кетди.
Ана шундан эътиборан мазкур тунда кечган жанг ерларидаги улкан тоғ «Олтин қон» деган номда атала бошлади.
Жангдан кейин Барс Тегин ёбғу Қора Боқши билан бамаслаҳат эндиликда ҳаракат йўналишини муҳокама қилди. Улар Искандар Зулқарнайннинг қасос олиш учун жанг бошлаши муқаррарлигига эътиборни қаратдилар ва шу муносабат юзасидан эҳтиёткор бўлиб, чўлга чиқмай, «Олтин қон»да лашкаргоҳ қуриб, хоқонни кутишга қарор қилинди.
Дарҳақиқат қилинган тахмин ўз исботини топди. Эртаси кун тонг саҳарда «Олтин қон»дагилар уфқда зўр қўшиннинг қорасини кўрдилар. Минглаган суворийлар саф тортиб «Олтин қон» томонга шиддат билан илгариламоқда эдилар.
Барс Тегин билан донишманд ёбғу ўз лашкарини икки қисмга бўлиб, бир қисмини «Олтин қон»нинг сой томонига махфий пистирмага қўйдилар. Яна бир қисмига Арслонни бошлиқ этиб, душманга қарши йўлладилар. Арслон бошчилигидаги жангчиларнинг бошларидаги баланд қалпоқ парлари худди лочин қанотидай ҳайбатли кўринарди.
Искандар Зулқарнайн лашкарбошилари ёбғулари ва хос қўриқчиларининг ҳамроҳлигида бир баланд тепалик устида туриб бўлажак жанг майдонини кузатарди. Бу ердан икки томоннинг отлари бир-бирига яқинлашиб келаётган поёнсиз текислик кафтдек кўриниб турар, ундан нарида «Олтин қон» тоғи юксакликка бўй чўзиб ётарди. Булутсиз мусаффо осмон узра эса бир неча калхат ва бир тўп қарға-қузғунлар бўлғуси жангдан ўзларига ўлжа кутиб, доира ҳосил этиб парвоз этишарди.
Искандар Зулқарнайн тўхтовсиз олға босиб келаётган бир ярим минг чоғли суворийларга қараб: «бу озғина бир тўп одам не қилмоқчидур?» Ушмунча қудратлик қўшинни енгмоқни хаёл қилодурларму? Ёки аларнинг бошқа бир ҳийласи дағи бормудур? — деб ўйларди. Юнон подшоҳининг кўм-кўк кўзлари уйғур аскарларига менсимаслик билан қараб турарди. Чўл томондан ураётган изғирин шамол унинг икки шохли дубулғаси остидан сиқиб турган сап-сариқ узун сочларини учирарди. У қаддини тик тутиб, ўз лашкарларининг ғалабасини кўришга ҳозирланиб турарди. ўрта денгиз бўйларидан тортиб то шу ерларгача бўлган талай жанглар давомида у фақат енгишга, мағлуб қилишгагина одатланиб қолган эди. Бошқача бўлишини эса асло хаёлига ҳам келтиролмасди. Ҳолбуки, кўп ўтмай у жанг майдонига жиддийлашиб қарайдиган бўлди. Унинг кўз олдида кутилмаган ғалати ишлар юз берарди.
Уйғур аскарлари майдонга кенг ёйилиб, отларини учирганлари кўйи олдинга қаратиб камонлардан мерганлик билан бехато ўқ уза бошладилар, юнон аскарларидан бир неча киши от устидан қулаб тушди, яна бир неча от чопган ҳолда ўмбалоқ ошиб тушган бўйи ётиб қолди. Отсиз қолган аскарлар бошқа отларнинг оёқлари орасидан ўрмалаб туришиб жанг майдонидан қоча бошладилар. ўқлар кетма-кет учиб келмоқда. Юнонликлар ҳам олдинма-кетин йиқилиб ер тишламоқда эди. Охири Зулқарнайн аскарлари яқинлашиб келиб, эндигина пайкон отишга мумкинчилик яратилган маҳалда, уйғурлар чаққонлик ва чапдастлик билан отларини ортларига буриб ўқдай учириб кетдилар. Юнонликлар уларни нечоғлик зўр бериб қувиб етишга уринишмасин асло етишолмасди. Уйғурларнинг отлари гўё қанот чиқариб учаётгандай қувғунчиларни борган сари ортларида қолдириб кетишаётганди. Қочувчилар тўсатдан ортларига қаратиб яна шундай мерганлик билан бехато пайкон ота бошладилар. Қувгучилар яна тутдай тўкилишга бошладилар.
Зулқарнайн уйғурларнинг бундай ажойиб маҳоратига ҳайратланиб, ёнида ҳозир бўлиб турганларга шундай деди:
— Бу одамлар ўқни олдиндан қандай мерганлик билан отсалар, орқадин ҳам худди шундай усталик билан отишаркан, алар бошқаларға асло муҳтож бўлмай, ўз озуқасини ўзи топиб ейдирғонлар эрканлар: аларнинг қўлундин ўлжа асло қочуб қу-ту-лол-мағай-дур! Алар қачон хоҳласалар, ўшал чоғда отуб ейдурлар!
Арслон бошлиқ йигитлар ва уларни таъқиб этаётганлар «Олтин қон» тоғига етиб борганда сой ичидан тўсатдан Барс Тегин ва Қора Боқши бошлиқ қўшинлар яшин тезлигида отилиб чиқиб, душман қўшинининг ён томонидан хужумга ўтди. Қочаётган йигитлар ҳам дарҳол ортларига бурилиб душман устига бўрондек ёпирилиб ташландилар. Икки томон давра олишиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетдилар. Ур-йиқит, даҳшатли қирғин-барот бошланди. Отларнинг аянчли кишнаши, жангчиларнинг шовқин-сурони, ёғийларнинг йиртқичлардек ҳайқиришлари, ўз тилларида алланарсалар деб бақиришлари, Барс Тегин лашкарларидаги: «Кўкда тангри, Ерда ботир!» Тангрилар бизларға ёру, мададкордур! У-ур — у-у-ур,» ҳайё-ҳай наъралари майдон узра янграр, қонлар сел бўлиб оқарди. Тақир-туқурлар, ноғора, карнайларнинг овози, қилич ва қалқонларнинг зарб билан шарақ-шуриқ урилиши еру кўкни ларзага келтирарди. Отлар ҳуркиб пишқирар, жанг қизигандан қизир, шамширу ойболталарнинг осмонга чаққонлик билан чиқиб тушишидан қанчадан-қанча бошлар ерга думалар, тупроққа қорилиб, от туёқлари остида топталарди. Аёвсиз ва бехато учган ўқлар баҳодирларнинг юрак-бағрини тилка-пора қилар, эс-ҳушини йўқотган, эгасиз, баъзилари яраланган тулпорлар қон кечиб, ўзларини ҳар ёнга урар, чиқиб кетишга жой топишолмас эди. Эгарларидан йиқилган ярадор жангчиларнинг эса сон-саноғи йўқ эди! Улар ҳасрат билан нидо қилар, армон билан жон берардилар. Ҳамма ерлар мурдалар билан тўлиб борарди. Бу ерда шундай жанг бўлган эдики, Зулқарнайннинг ўзи ҳам умрида бундай жангни асло кўрмаганди! Ҳар икки томон мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, жон-жаҳди билан олишдилар. Одамлар бир-бирларини қиличлар, найзалар билан уришарди, баъзилари от устида бир-бири билан хезлашиб, соч-соқолларидан тортишар, гирибонларидан олиб бўғишарди, бир-бирини эгардан юлиб олиб ерга улоқтириб ташлашарди…
—Бардам бўлингғиз, ўғлонларим! Сўзсиз биз енғаймиз! Ғалаба биз томондадур! – деб далда берған ҳолда садо қиларди Қора Боқши ва талай жангларда чиниққан кучли қўли билан қилич серпаб душманни қиришда давом этарди.
—Ур! — урр! — деб бақирарди Барс Тегин жангчиларнинг ғайратларига ғайрат қўшган кўйи кескин жанглар бўлаётган жойларга шўнғиб кириб кетарди.
Ватан бутунлиги, фуқаро осойишталиги йўлида жонларини фидо айлаётган ўз элининг азамат ботир шунқорлари учун бундай даъватлар ортиқча эди. Уларнинг ҳар бири гўёки ғазабланган шер эди. Мана қора қош, қора мўйли келишган алп қоматли йигит Буғро Тунго душман сафига ёриб кириб қиличини чаққонликда чархпалакдек ўйната бошлади. Зулқарнайн аскарларидан бири чеккасига қилич тегиб от устидан ўмбалоқ ошиб ерга қулади, яна бири тиғдан ёрилган қорнини тутиб, қора ерда юмалаганча чинқириб жон талашарди. Бу пайтда бир тўп юнонлик ёғийлар Буғро Тунгога ён томондан отилишиб келишдию, бироқ улгуришолмади. Қоплондек шиддаткор, лочиндек эпчил бу йигитнинг ўзи ўша юнонликларнинг устига бўрондек ташланиб, икки ёғийни бирёқлик қилиб, учинчисининг отини ағдарди-да, қолганларини кўз очиб-юмгунча яшин тезлигида ер билан яксон этиб ташлади. Ака-ука Қутлуғ Темур ва Эл темурлар ҳам худди шундай жанглар олиб боришмоқда эдилар. Уларнинг каттаси Қутлуғ Темур бир неча марталик жангларда ўзини кўрсатган, чиниққан довюрак ботир жангчи эди. У қиличвозлик қилганда рақиб томонни боимкон қадар ҳолсизлантириб, ўзининг кучини тежаб пайт пойлаб усталик билан ҳужум қиларди ва ҳар сафарда ҳам қиличвозликда ғолиб чиқарди. Иниси Эл Темур ўн етти – ўн саккиз ёшларда бўлиб, унинг илк бор жангга киришиши эди. У ҳаяжонланган ҳолда дуч келган ерга қилич серпар ва ҳанузгача бирор ғанимни маҳв этолмаётганидан аламзада бўлиб, янада жиддийлашарди. У, ҳадеб олға интилиб душман сафига ичкарилаб киришга уринарди.
—Ел Темур! — бақирди акаси, —ичкарилама, менинг ортимдан юр!
Лекин, бу чақириқ қони қизиб кетган ёш жангчининг қулоғига қани эди кирса. У охири бир душманни йиқитди-да, бирдан ғайратланиб кетди ва акасини ортда қолдириб бир тўп душман олдига от елдириб борган кўйи қиличини ишга солди. Узун соқоллик, гавдалик юнон ғаними бир зарбадаёқ унинг қиличини қайтариб юборди. Темурнинг ҳали кучга тўлмаган нозик билаги орқага силкиниб кетди. Шу ондаёқ унинг биқинига бир йўла икки найза санчилди, елкасига қилич урилди ва у худди тагидан чопиб ташланган чинордек отидан қулади.
—Ел Темур! — деб қичқирди Қутлуғ Темур ва бостириб келаётган душманларни жон аччиғида қира бошлади. У ҳа деб иниси йиқилган ерга етиб олишга интиларди. Аммо, бу пайтда унинг ўзини ҳам душманлар қуршаб олишганди. Унга ёрдамга етиб келган тўрт нафар жангчи йигитлар ёғийлар билан жангга киришиб кетдилар. Чоп-чоп, ур-ҳа-ур янада шиддатли тус олиб кетди. Қобоқ ботир икки юнонликни саранжомлашига ўзи ҳам ҳар томондан урилган қиличларнинг зарбидан бош-кўзи қонга беланди, кўктангрини ёд этишга ҳам улгуролмай жон узди, учинчисига қилич серпамоқчи бўлиб турганда учиб келган найза орқасидан тешиб ўтиб кўкрагидан чиқиб қолди. Отуш мерган ҳали олисдан от солиб келаётгандаёқ камон билан икки юнонлик ғанимни қулатганди. Яқин келгандан кейин, қиличини ишга солиб яна бир ёғийни бирёқли қилди. Аммо шу онда унинг ўзи ҳам қуршовга тушиб қолиб, қилич зарбидан яраланди ва она ер учун мардларча қурбон бўлди. Ва лекин, Қопон ҳалок бўлишига, унинг ўрнига Қотмиш ўғлон етиб келди; Озоқ йиқилса, Бормон из босиб келиб, жанг алангасида янада авж олиб кетди. Жанг давомида Арслон ҳам ўзининг ҳақиқий арслонлигини кўрсатди. У эгардан кўтарилиб бутун бор кучи билан ўнга, сўлга чапдастлик билан қилич серпай бошлади. Унинг қиличи зарбидан душманлар ер тишлар, яраланганлари жанг майдонидан қочишарди. Айримларининг бошлари танларидан жудо бўлиб, от туёқлари остида топталарди.
—Арслон, Арслон! — деб бақирди Барс Тегин Зулқарнайн аскарларини кетма-кет яксон этиб, олға силжишда давом этаркан, унга ва лашкарларига бўш келмасликни айтиб далда берган ҳолда баҳодирона олишишда давом этди. Ниҳоят душман қўшини тоб ташладилар ва бундай рақибларга бас келишларига кўзлари етмай, жанг майдонидан чекинишга, сўнг сафлари пароканда ҳолда қочишга тутиндилар.
Искандар Зулқарнайн бояги тепалик устида туриб жангнинг боришини кузатарди. У, аҳволнинг бу тарзда ёмонлашганини кўриб, ёнида ҳозир бўлиб турган бир қизил соқоллик лашкарбошига янгидан қўшин тортиб уйғурларнинг йўлини тўсишни буюрди, лашкарбоши заҳирадаги бир қисм қўшинларни бошлаб ҳужумга ўтди.
Барс Тегин ва Арслон ўзларининг ғолибона муҳорабалари билан ғоят руҳланган йигитларини бошлаб, уларга тўғридан қарши чиққанлари ҳолда янада қаҳшатғич зарбалар берди. ўҳ-ҳў! Ботирларнинг ботирларини ана энди кўринглар!
—Ур-ро!
—Ур! — деб ҳайқиришарди йигитлар. Улар худди асло тўхтатиб бўлмайдиган тўфондек ўз йўлларида учраганларнинг ҳаммасини ер билан яксон қилиб боришарди.
Юнон қўшинининг қизил соқоллик лашкарбошиси уйғур аскарларига қараб таърифлаб бўлмайдиган ваҳимада титраб кетди.
—Булар одаммудур ёхуд девлармудур! —дея бақириб юборди. Бу орада Арслон унинг икки хос қўриқчисини чопиб ташлади ва унинг ортидан қувиб етиб олиб, бўйнидан шартта тутиб олди-да, бир силтаб гўё улоқни улоқтиргандай эгардан ерга отиб урди. Қизил соқоллик лашкарбоши ўрнидан тургунча Арслон унинг томоғига найза уриб ерга михлаб ташлади. Қора Боқши Арслоннинг мисли кўрилмаган ажойиб ботирлик билан жанг қилаётганини кўриб ўзини тутолмасдан:
—Яшавор ўғлим, асл ўғил эркансен, баракалла азамат, — деб бақириб юборди. Шу топта у Арслоннинг Болқиз билан муносабат боғлаганлигига норози бўлганлигидан ўзида хижиллик ҳис этди. «Ҳали ҳам бўлса, Арслонға бу ҳақда бирор қўпол гап қилуб қўймағоним хўп яхши иш бўлғон эркан, — деб ўйлади у, — бу азамат дарҳақиқатда тархон бўлушлиқға лойиқ йигит эркан».
Искандар Зулқарнайн қуюндек илгарилаб келаётган уйғур лашкарларига саросима билан қараб турарди. Уйғур лашкарларини худди юксак само бўшлиғидан ўлжа устига отилиб тушаётган бургутларга ўхшатарди. Энди уларни тўсиб қолишнинг ҳеч қандай иложи йўқ эди.
Охири Зулқарнайн шошилинч отланиб, мағлубиятдан руҳан тушган қўшинини бошлаб чегарадан чекина бошлади.
Тунго Билга хоқон уч кун давом этган шиддатли жанглардан ғалаба билан қайтиб келган қўшинларини «Олтин қон»даги боргоҳда қизғин қарши олди ва муҳорабада ўзларини кўрсатган жангчиларни бутун қўшин олдида тантанали тарзда тақдирлади. Ҳалок бўлганларга матом маросимини ўтказишга қарор қилинди. Қора Боқши билан Барс Тегиннинг таништиришлари ва жангда қатнашган барча жангчиларнинг бир оғиздан тасдиқлашлари орқали Арслон алоҳида инъому таҳсинга ҳамда тархон деган унвонга сазовор бўлиб, бир қисм қўшинга қўмондон ҳам бўлди.
Бу сафардаги жангдан кейин Искандар Зулқарнайн уйғурларга қарши урушни давом эттириш ниятидан воз кечиб, Тунго Билга хоқон билан сулҳ тузди.
Сулҳ музокаралари охирлашига пойтахтдан азиз меҳмонларнинг келганлигини хабар қилишди. Барс Тегин дарҳол уларнинг олдига пешвоз чиқиб, ўз волидаи муҳтарамаси Ой Билга хотун, умр йўлдоши Кумуш Тузун ва донишманд Қора Боқшининг қизи Болқизлар Тўғон Тегин бошчилигидаги меҳмонларни иззат-ҳурмат билан кутиб олди. Ташриф буюрганларнинг ичида Арслоннинг отаси пешқадам жангчи Алп Қаюм ҳам бор эди. Улар «Олтин қон»даги ғалаба хушхабарини эшитиб, ғолиб қўшинларни қутлаш учун бу ерга келган эдилар.
Шу куниёқ Барс Тегин онаси ва хотини билан маслаҳатлашгандан кейин, Алп Қаюм билан биргаликда Арслоннинг элчиси сифатида ёбғу Қора Боқшининг ҳузурига кирдилар. Қора Боқши уларга дўстона кайфиятда мамнуният билан ризолик билдириб, қуда ва элчига биттадан шойи тўн тортиқ қилди. Шундан кейин барчалар биргаликда тангри туғмуш Тунго Билга хоқон ва Ой Билга хотун ҳузурига бориб уларнинг олдидан ўтишди, хоқон билан хотун ҳам бундай қуда-анда бўлишга рози бўлишди. Бу тадбир барчанинг кўнглидаги мақбул иш бўлган эди. Донишманд ёбғу Қора Боқши Арслоннинг шу қадар мард, жасурлигидан чуқур фахр ила таъсирлангани учун унинг муносиб куёв бўлишлигига расман иқрор бўлганди. Унга Билга хоқон эл-юрт учун жонини ҳам аямайдиган бундай ботирнинг ўрдага яқин бўлишини маъқул кўрди. Барс Тегин Арслон билан бироз вақт ўтиб қимиз ичишиб мангуга айрилмас дўст бўлдилар. Ботирларнинг қадрини ботирлар билади дегандек, улар тўй маросимини ҳам айнан мана шу «Олтин қон»да ўтказишга келишдилар.
Шундай қилиб, дабдабали тўй бўлди. Йигитлар Арслонга кимхоб тўн кийдирдилар. Қизлар Болқизга олтин ва мунчоқлардан ясалган гултожни кийдиришди. Мурод-мақсадларига етган йигит билан қиз чексиз бахт туйғусида майсазор устига ҳозирланган жойга кетиб ўтиришди. Барс Тегин билан Кумуш Тузун уларга ҳамроҳлик қилдилар. Мусиқа, куй-қўшиқларнинг авжида тўй майдонида жамулжам бўлганларнинг барчаси йигит-қизни шод-хуррамлик билан табриклашди:
—Шерюрак ботир Арслон тархонға қут бўлсин!
Гўзал Болқиз бахти кулуб қут бўлсин!
Жангчилар оёқларга (қадаҳ) май тўлдириб нўш этишди. Бир тўда йигит-қизлар қўлни-қўлга беришиб, шўх куй-қўшиқларга жўр бўлиб, ер тепинган кўйи ҳам зафар суруридан сармаст, ҳам баҳодир барно басавлат куёв ва гўзал бахтли келиннинг шарафига уюшиб ўйинга тушдилар…
Улкан-улкан чодирларга бўлиниб ўтиришган ҳурматли оқсоқоллар ҳам ғалаба нашидасидан беҳад масрур ҳолда қимизхўрлик –гўштхўрлик қилиб, ботир йигитларни олқишлашар, мақташарди ва қачонлардир ўзлари ҳам худди шулардай Ватанни ёвлардан қўриқлаган ёш чоғларида қатнашган қонли жангларини мароқ билан эслашарди.

Уйғур тилидан Ҳабибулла Зайниддин таржимаси

(Tashriflar: umumiy 54, bugungi 1)

Izoh qoldiring