Ofoq Mas’ud. Muvakkil Vaysman

001     Ғулом Ҳусайнли Фанлар академияси ҳовлисига қадам қўйди-ю, кутилмаган манзарадан саросимада қолди. Чамаси, шаҳарни мўр-малаҳдай босиб кетган, дуч келган муассасаю дўкон ва емакхоналар пештоқига ҳар турли лавҳаларни осиб, кўча-кўйда беғамгина кавшаниб юрадиган, юзлари қип-қизил ажнабийлар, ниҳоят, бу даргоҳга ҳам бошини тиққан кўринади.

Офоқ МАСЪУД
МУВАККИЛ ВАЙСМАН
064

099Озарбойжонлик адиба ва драматург Офоқ Масъуд 1957 йили Боку шаҳрида туғилган. Ўндан ортиқ роман, пьесалар ва бир қанча ҳикоялар муаллифи.  Ижодини 1977 йилдан бошлаган. «Издиҳом», «Озодлик» романлари, «Учинчи қават», «Шанба оқшоми», «Йўлак», «Ёлғиз», «Тоқ», «Ёзув» каби китоблари нашр этилган. Г. Г. Маркес, Т. Вульф, Х. Кортасар, Х. Л. Борхес асарларини озарбойжончага таржима қилган.
Озарбойжон Миллий академиясининг «Гумай» ва халқаро турк халқлари маданияти ташкилоти мукофотлари совриндори, Озарбойжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги бадиий таржима маркази раҳбари, «Ҳазар» жаҳон адабиёти журнали бош муҳаррири.

064

044Ғулом Ҳусайнли Фанлар академияси ҳовлисига қадам қўйди-ю, кутилмаган манзарадан саросимада қолди. Чамаси, шаҳарни мўр-малаҳдай босиб кетган, дуч келган муассасаю дўкон ва емакхоналар пештоқига ҳар турли лавҳаларни осиб, кўча-кўйда беғамгина кавшаниб юрадиган, юзлари қип-қизил ажнабийлар, ниҳоят, бу даргоҳга ҳам бошини тиққан кўринади. Асрий сарвзор қўйнида жойлашган, ранго-ранг гулхоналари кўзни қувонтирадиган муқаддас илм масканида, одатан, қалин-қалин папкаларни қўлтиқлаб олган олимлар салмоқланиб сайр этиб юришарди. Энди эса бежирим асфальт йўлкаларда тумшуғига хорижий давлатларнинг байроқчалари қадалган ҳашамдор қоп-қора машиналар тизилишиб турарди. Улар ялт-юлт этиб кўзни қамаштирар, улкан гулдасталарни қучоқлаб олган илмий ходимлар ўзларини қўярга жой тополмас эди. Бу ҳолни кўриб Ғулом Ҳусайнлининг кураклари орасида совуқ тер томчиси ўрмалади… Серрайиб туриш ноқулай эди, у тез-тез юриб, остонада уймалашиб турган одамлар орасидан ичкарига кирди. Бироқ фойеда ҳам сохта тантанавор манзарага дуч келди. Ҳовлида ҳукмрон бўлган байрамона кўтаринкилик гўё опичлаб ичкарига олиб кирилган эди.

Иккинчи қаватга чиқиладиган мармар зинапоя тепасига ажнабий тилда бир нималар ёзилган оппоқ матолар, мовий байроқлар осиб қўйилган.

Ғулом Ҳусайнли бу ерда ҳис-ҳаяжонини аранг жиловлаб турган тарихчи, филолог профессорлар даврасига тушиб қолди. Уларнинг кўзлари алланечук ғамгин эди. Лекин бўлажак тадбир тўғрисида баланд-баланд товушда сафсата сотишар, тилёғламалик билан кимнидир мақташар, бир-бирига қулоқ солмасдан савол беришар, жавобини эса ҳеч ким эшитмас эди — эшикдан баайни ҳазрати Хизр кириб келишини ҳамма интиқ бўлиб кутмоқда. Бир кишидан нақд ҳаммомдан чиққан оқавадек зах ҳиди анқир, булбулигўёлик қилаётган бу кимса шу тобда, куппа-кундуз куни чириб, пўпанак босиб бораётганга ўхшар эди.

Ғулом Ҳусайнли профессорларнинг бақир-чақирини эшитмаслик учун ўтган кунларни — унутилмас жўшқин йилларини эслаб кетди. У вақтда эндигина академиянинг аспиранти бўлган эди. Ўшанда бу даргоҳ унга муҳташам илм ибодатхонасидек кўринар, у кезларда ҳали ёш бўлган ҳозирги илмий ходимлар институт директорларига ёки сўроқ аломатидек букчайиб қолган академикларга тақлидан салмоқ билан одим отишга ҳаракат қилар эди. Хотиралар Ғулом Ҳусайнлини тўлқинлантириб юборди, у мижжаларида пайдо бўлаёзган ёшни яшириш учун фойенинг нақшинкор устунларини, шифтларни талмовсираб томоша қила бошлади.

Нафсиламрини айтганда, ўтган кунлар ҳали унчалик узоқлашиб кетмаган. Аммо, Ғулом Ҳусайнлининг назарида, бугун барҳаёт ўша профессорлар авлоди ниҳоятда абгор бўлиб қолган, гўё академиянинг товуш ўтказмайдиган қалин деворларини қулатиб, вайрон қилиб бесўнақай бир трактор ўтиб кетгану одамларни ҳам эзиб-янчиб юборган эди.

Академиянинг ўзи ҳам ўзгариб кетган. Хийла чўкиб, торайиб қолганга ўхшайди. Йўлаклари ҳам аввалгидек чароғон эмас, хира тортган. У ҳозир Ғулом Ҳусайнлига тасодифий йўловчилар билан тўлиб-тошган бесаранжом вокзал перронларини эслатди…

Ҳамма нарса аянчли, хору зор, ташландиқ.

Иккинчи қаватдаги мажлислар залига кирилгандан кейингина профессорларнинг жағи тинди. Бу зал аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган, ниҳоятда афтода эди. Ғулом Ҳусайнлининг ён-верига жойлашиб олган илм аҳли саватчаларга солинган гуллар билан безатилган саҳнани, тобора гавжумлашиб бораётган зални бетоқат қиёфада кузата бошлади.

Ғулом Ҳусайнли ҳам саҳнадан кўз узмасди, аммо у шу тобдаги дабдабабозликка қараб негадир “Қалам” адабий шўъбасида ўтаётган ночор кунларини, очин-тўқин кечаётган ҳаётини ўйларди. Қадрдон “Қалам” шўъбаси шарти кетиб парти қолган эски троллейбусга ўхшарди: ўйдим-чуқур йўлларда ҳар ёнга ташлаб оғиб кетса ҳам, давр синовларига мардонавор дош бериб, талай йиллардан буён ўзининг камтарона йўналишини ўзгартирмас эди…

Шўъба аъзоси бўлмиш қаламкаш биродарлари бир-бир хаёлидан кечди. Ўтган ҳафта Шоирнинг таваллуд куни нишонланди, аммо “чақалоқ” байрамни қизитиш ўрнига — совутди: тотариб-бўзарди, дардини сиртига чиқармади, Сўз қудрати ҳақида лом-мим демади; ундан кейин нутқ ирод қилган калтатой Фараж ҳам калавасининг учини йўқотиб қўйди — бир нималарни минғирлаб, тезгина минбардан тушиб кетди; охирида Оғаали тасаввуф дурдоналарини дунёвий адабиётга алмаштирмайман деб, икки оёғини бир этикка тиқиб олди, сўнг кутилмаганда Садайнинг юзига шапалоқ тортиб юборди… Ғулом Ҳусайнли ана шунга ўхшаган нохуш воқеаларни эсларкан, сочлари орасида чумоли ўрмалаб кетди — хижолатдан боши терлади.

Гўё аҳли замон эс-ҳушидан айрилган, дунё остин-устун бўлган, ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, ҳеч кимни қорин дардидан бошқаси қизиқтирмай қўйган эди. Ҳатто муқаддас маскан саналмиш, ғаразли мақсадлардан ниҳоятда узоқ ҳисобланган академия ҳам нафси аммора йўлида аллақандай ажнабийлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Қадрдон “Қалам” шўъбаси эса на одамларга, на адабиётга бир чақалик фойда келтирадиган абадият қонунларини тадқиқ этиш билан овора! Баландпарвоз даъволар шу замонда кимга керак, ахир?! Ундан кўра кўрпага қараб оёқ узатган маъқул эмасми?.. Барига ўзи, ўзининг ўжарлиги сабабчи. Адабиётга мутаассибларча сажда қилади, шу боис боши балодан чиқмайди. Фақат ўзи қийналса гўрга эди, шўъбанинг барча аъзолари, ёр-дўстлари ҳам елкасига офтоб тегмай ўтиб кетяпти. “Балиқ бошидан…” деган нақл бекорга айтилмаган экан.
Ажабланарли жойи шундаки, Ғулом Ҳусайнли балчиққа ботиб қолганини жуда яхши билади, жонҳолатда ундан халос бўлишга интилади, аммо қимирлаган заҳоти ботқоқ баттар комига тортиб кетаверади. Ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. У гўё ёмон туш кўриб, алаҳсираб ётган одамга ўхшарди — уйғониб уйғона олмас, ухлаб ором нелигини билмас эди; бир чигалликдан қутулса, иккинчиси рўпарасида кўндаланг бўлаверарди. Хуллас, адабиёт қурбонлик талаб этар, уни унча-мунча нарса билан рози қилиб бўлмас эди.

“Хўш, абадият қонунларининг кимга кераги бор ўзи? — деб баъзан ўтирган жойида хуноб бўларди у. — Бу суфиёна васвасалардан нима фойда?!”

Аслини олганда, ўзи ҳам, дўстлари бўлмиш калтатой Фараж, Шоир, Денгиз ва шўъбанинг бошқа аъзолари ҳам қандайдир шубҳали мазҳабнинг мутаассиб муридларига ўхшарди. Сиртдан қараган одам уларни жинни-пинни бўлса керак деб ўйламоғи тайин.

Бошқа ёзувчилар эса кечаю кундуз тадбиркорлик билан пухта режалар тузиб, қандай қилиб фаровон турмуш кечириш тўғрисида бош қотирар, китобларини чет элларда бостириб пул топиш пайида эди. Булар-чи, тамаки тутунига тўлиб, димиқиб кетган хоналарида бадиий сўз қудрати, бирон бир асарнинг фазилатлари тўғрисида, теран рамзий маънолар ҳақида томоқлари хириллаб қолгунча баҳслашар, бирор сўзнинг маънодошини қидириб антак-тентак бўлар, сўнгра кўзлари косасидан чиққудек бир алфозда бу кашфиётларини бир-бирига айтиб маъқуллатар эди… Ҳақиқатан ҳам, бундай йиғинлар адабий кечадан кўра, яширин мазҳаб аъзоларининг махфий учрашувига кўпроқ ўхшаб кетарди.

Мана шуларни ўйлаганда Ғулом Ҳусайнлининг юраги ҳар гал ғалати ҳаприқиб тушади. Лоп этиб қаламкаш дўстларининг дилбар мисралари, мумтоз шоирларнинг шоҳбайтлари хаёлига келади. Булар уни нафақат маънавий ҳалокатдан, балки расмона ажал чангалидан ҳам асраб қолган. Ўлим — ҳақ, ҳеч ким ундан қочиб қутула олмайди. Лекин ўлим бошқа, ўз жонига қасд қилиш бошқа нарса. Худкушлик ўйига борган онларида Ғулом Ҳусайнли мардлик қиляпман деб, аслида номардлик қилмоқчи бўлганини дафъатан ҳис этар, сўнгра эс-ҳушини йиғиб олиб, шум ниятини қоғоздек ғижимлаб, кераксиз қоралама нусха каби улоқтириб юборар эди…

Бугунги дабдабаю асъасалар аввалгиларига ўхшамасди. Шу тобда академияда ҳукмрон бўлган муҳит, уддабуронлик намойиши кўнгилни айнитиб юборгудек даражада эди. Беихтиёр аллақачон таъмирга муҳтож бўлиб қолган шўъба биноси, унинг ғалвирдек илма-тешик томи, бечораҳол ходимларнинг озиб-тўзиб кетган қиёфалари бир ёндаю адабиётни тирикчилик манбаига айлантириб олган семизқуртлар яна бир ёнда намоён бўлади…

Нимадир қилиш, ниманидир ўзгартириш керак. Эҳтимол, Адабиёт Қалъасининг булутларга қадалиб турган бирор арконини қулатиш керакдир? Шўъбани ҳам булут босган, булут остида инграб ётибди. Зоҳиран батартиб академиянинг мажлислар залида ҳам оқимтир булутлар кўзга ташланади. Худди кафанга ўхшайди.

Зал одамлар билан лиммо-лим бўлди.

Ғулом Ҳусайнли кейинги ўн йил мобайнида бу ерга қадам босмаган эди; академия аъзоларининг таркиби деярли янгиланибди. Йиғилганларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат, кекса ёки ўртаяшар кишилар ҳам бор, лекин аксарият янги одамлар Ғулом Ҳусайнлига нотаниш эди. Улар амалдор устозларига тақлидан қатор оралаб кеккайиб юришар, киборлар мисоли тишларининг оқини кўрсатиб бир-бирига таъзим бажо келтирар, қандайдир ҳужжатларни олдинги қаторда ўтирган зотларга қўлма-қўл узатишар эди.

Аҳли илм орасида бир неча таниш академик ҳам кўзга чалинарди; улар аллақачон кексайиб, букчайиб қолган эди. Академия казо-казолари ён тарафдаги пастак эшикдан энгашиб кириб, чумоли галасидек тизилганча, эҳтиёткорлик билан саҳна ёнидан ўтди-да, қатъий тартиб бўйича биринчи қатордан жой олди, ҳандалакдек вазнсиз каллаларини ҳар ёнга буриб паст товушда ўзаро минғирлаша бошлади. Чамаси, улар бошқалар тушунмайдиган хос бир лаҳжада сўзлашарди. Ғулом Ҳусайнлининг эсида: улар бундан ўттиз йил илгари ҳам худди ҳозиргидек рангпар ва бужмайган кўринарди. Ўтган йиллар мобайнида янада букчайиб, янада заҳил тортиб, замон ва макондан четда қолиб кетишибди.

Ниҳоят, анжуман бошланди. Саҳнада академиянинг вице-президенти пайдо бўлди — миқтидан келган, ўртаяшар бир гумбаз; у шодлигидан лаб-лунжини йиғиштира олмас, гўё анови “янгилик”ни тезроқ айтмаса, нақд юраги ёрилгудек эди. Саҳнага чиққач, театру қоидасига кўра, номаълум нуқтага тикилиб хийла сукут сақлади-да, сўнг вазмин оҳангда сўз бошлади. Афтидан, моғор ҳиди анқиб турган эски саҳнада вице-президент ўзини ноқулай ҳис этарди. Шу боис ғайритабиий равишда овозини баланд қўйиб гапиришга ҳаракат қилди. Нутқининг ўрталарида алломалигини писанда қилиб мураккаб илмий истилоҳдан фойдаланмоқчи бўлди-ю, оддийгина найрангбозликни ҳам эплай олмади — дудуқланиб қолди, қийшанглаб нодонлигини хаспўшлашга уринди. Боз устига, биринчи қаторда қотиб ўтирган кекса академиклар уни баттар саросимага солиб қўйди. Ғулом Ҳусайнли ҳам ўз фаолияти давомида мана шундай лоқайд нигоҳларга кўп бора дуч келган. У димоғдор вазирларнинг кабинетларида, юқори мансабларга қўққайтириб қўйилган амалдорларнинг ҳузурида адабиёт шўъбасининг оғир иқтисодий аҳволи, томдан чакки ўтаётгани, йўлакларда елвизак ўйнаётгани, бир четга уюб қўйилган бебаҳо қўлёзмалар пўпанак босиб, яроқсиз ҳолга келаётгани тўғрисида гапиравериб чарчаган. Унинг дийдиёларини чўянбашара кимсалар қилт этмасдан эшитарди, Ғуломбой эса битта гапни тўтиқушдек такрорлайверарди, баъзан тутилиб қолар, жаҳли чиқар, ичида ўзини сўкар эди. Гоҳо асаблари чатнаб, чакка томирлари бўртиб кетар, охири овоз чиқариб бир нималар деб дўнғиллардию каловланиб ташқарига отиларди. Барча таваллолари яна-тағин ҳавога совурилганини остонадаёқ ҳис этарди.

Ўлик кўзларнинг бундай лоқайдлиги бирпасда ҳар қандай иштиёқни сўндиради, унга дуч келган одамнинг қўли ишга бормай қолади.

…Вице-президент дарҳол ўзини қўлга олиб, шакаргуфторлик билан нутқини поёнига етказди. Кейин ажнабий сармоядорларнинг гумашталари саҳнага таклиф қилинди. Баландпарвоз мақтовлардан довдираброқ қолган вакиллар саҳнага чиқди. Оврупоча олақуроқ шим кийган икки йигит бирин-кетин ўз тилида бир нималар деб чулдиради. Юз-кўзини сепкил босган, қотмагина маллатоб йигитчани Ғулом Ҳусайнли зимдан кузатди. Маллатоб ажнабий Олмония элчихонасининг бир ходимига жуда-жуда ўхшарди; беш-олти ойдан буён Ғулом Ҳусайнли салмоқдор китоб нашр этишга буюртма олиш илинжида муваккил (элчихонанинг масъул ходими) Вайсман ҳузурига зув-зув қатнайди. Ўша муваккилнинг юзини ҳам сепкил қоплаган, аммо суҳбатдошидан ҳазар қилаётганини башарасидаги сепкил ҳам яшира олмасди.

* * *

Элчихона шаҳар марказидаги муҳташам бинонинг қуйи қаватида жойлашган. Мана шу балконлари ойнаванд бинода бир вақтлар хокисор Халқ шоири истиқомат қиларди. У ниҳоятда одамохун инсон эди. Ҳозир иморатнинг деворлари қайта сувоқдан чиқарилган, негадир кулранг тусга бўялган, олисдан хўмрайгандек кўринади, товуш ўтказмайдиган ойнаванд эшиклари доим ёпиқ туради. Худди ўлим лагерларига қамалган маҳбуслар мисоли оёқ учида юрадиган элчихона ходимларининг тунд башаралари Ғулом Ҳусайнлига болалик чоғларида кўрган олачалпоқ фильмлардаги фашистларни эслатарди.

“Олмон адабиёти антологияси”ни тайёрлашга қарор қилган шўъба номидан элчихонага расмий хат билан мурожаат этилди. Бироқ ҳозирча олмончадан бир мисра шеър ҳам озарбойжон тилига ўгирилмаган. Хавфсизлик юзасидан деворлари зирҳланган элчихона қабулхонасида ҳар гал Ғулом Ҳусайнлини чиройли бир озарбойжон қиз кутиб олади. У ойнаванд тўгарак стол ёнида алчайиб ўтиради, уят-пуятни билмайди, аллақачон олмонлашиб улгурган; она тилида зўрға чайналиб гапиради, дудмал жавоблари кишининг энсасини қотиради. Устига устак, учлари ўткир туфлиси билан гоҳ оёққа тепиб, гоҳ ўткир тирноқлари билан юзни чимдиб олаётгандек туюлади. У сизга гумонсираб қарай-қарай, товуш ютадиган юмшоқ тўшама қопланган йўлак бўйлаб маллавой ходим ўтирган хонага бошлаб боради. Муваккил билан учрашувга қадар кечадиган бу савдолар Ғулом Ҳусайнлининг таъбини ҳар гал тирриқ қилади.

Аллақандай ваҳимали электр асбобига ўхшаган Вайсманнинг ҳапдори ҳиди анқиб турган хонасига кириб, унинг рўпарасида икки-уч дақиқа мулзам бўлиб ўтирганидаёқ Ғулом Ҳусайнли бу ерга бекор келганини англайди, ичидан зил кетади. Лаънати расмий хатни хаёлан юз марта майда-майда қилиб йиртиб ташлайди, лекин энди Вайсманнинг бақрайган совуқ кўзларидан қочиб қутулишнинг иложи йўқ.

Ўша хат юзасидан муваккил Вайсман яна бир неча марта Ғулом Ҳусайнлини ҳузурига чорлади. Инспекторнинг хонаси вазнсизлик ҳолатида муаллақ осилиб турган космик кеманинг каютаси каби тор, димиқиб кетган эди. У қилдан қийиқ ахтарадиган безбет терговчига ўхшаб суҳбатдошини эринмасдан сўроқ қилади; “Агар Олмония элчихонаси антология чоп этиш учун маблағ ажратса, пул қай йўсинда, нималарга сарф этилади?..” деб қайта-қайта сўрайди. Одамнинг жонини ҳиқилдоғига келтиради. Антология харажатларига ажратиладиган пулдан ҳали дарак йўғ-у, ўтган ҳафтадан бери Вайсман ҳар кеча Ғулом Ҳусайнлининг тушига киргани кирган. Боз устига, тасқара бир қиёфада намоён бўларди: гоҳида маҳаллий кампирларнинг этаклари ер супуриб юрадиган рўдапо кўйлагига бурканиб, сап-сариқ тук қоплаган қўллари билан Ғулом Ҳусайнлининг бўйнидан қучоқлаб, юзини юзларига босганча эркаланиб озарбойжон тилида бир нималар деб чулдираса, гоҳида полициячилар либосида рўпарасида ўтириб олиб, Ғуломнинг башарасига қизил чироқни тўғрилаб кўзларини қамаштирар, шеър-пеърни эслатадиган аллақандай матнни олмон тилида ўқиб берар эди. Кейинги марта кўрган тушида Ғулом Ҳусайнли Вайсман олқишлаб турган эшакдек тозидан зўрға қочиб қутулди. Сўнг чағир тошлоқ бўйлаб югуравериб ўпкаси бўғзига тиқилди, яланг оёқлари тилиниб кетди; қандайдир илонизи сўқмоқлардан ўтиб, тонг маҳали ҳолдан тойиб ерга қулади ва шу заҳоти яна устига қутурган ит ташланди…

Ғулом Ҳусайнли қора терга ботиб уйғонди, безгакка чалинган бемор мисоли вужуди дағ-дағ титрарди; қалин кўрпани устига тортиб ўраниб олди. Энди элчихонасига қадам босмайман, у ерларни елкамнинг чуқури кўрсин, деб қасам ичди; Вайсманни эса ашаддий бир душмандек хотирасидан батамом ўчириб ташлайди. Афсуски, орадан икки соат ўтар-ўтмас шўъбага бордию зинапояда қисилиб-қимтиниб, мунғайиб турган, саратонда сувсиз қолган гуллардек сўлиб-сарғайган ходимларга кўзи тушиб, беихтиёр элчихонанинг қадимий қалъа дарвозасига ўхшаш оғир-вазмин темир қопқаларини, товуш ўтказмайдиган қалин ойналарни, Вайсманнинг малла башарасини яна эслади, яна ундан умидвор бўлди…

* * *

Профессорлардан бирови алам билан бош чайқаб, аста энгашиб ёнида ўтирган шеригининг қулоғига ниманидир шивирлади. Уларнинг садақа тилаб ўтирганидан Ғулом Ҳусайнлининг кўнгиллари айниб кетди. “Намунча ялтоқланади? Одам боласи шу қадар ҳам тубанлашадими?..” Унинг юраги дук-дук урар, асаблари чарсиллар эди. Ўзини босиб ўтиришга ҳаракат қиларди-ю, лекин эплаёлмасди.

Нима учун кўплаб китоб, сценарий ва йирик таржима асарлар муаллифи бўлган Ғулом Ҳусайнли келиб-келиб қандайдир чаласавод ажнабийга ҳовучини чўзиб тиланчилик қилиши керак? Вайсман ким бўпти — Олмониянинг гадойтопмас бир кандигида туғилган, оиласи ҳам электр асбоблари жамулжамига ўхшаса ажаб эмас, ўзи амал-тақал қилиб бирорта ўқув юртини тамомлаган бир кўппак, холос! Нега ана шу галварснинг бемаъни савол-сўроқларига чидаши керак экан? Ундан кўра, ер ёрилиб, ерга кириб кетгани минг марта афзал эмасми?! Дод, минг додким, ўша лаънати даргоҳ остонасига бош уриб боришга мажбур. Инсоний ор-номусини топтаб, бетини қаттиқ қилиб элчихонага бориб келганидан сўнг ҳар гал яна навбатдаги учрашув тўғрисида бош қотиради. Бундан ортиқ ҳақорат бўлмас…

Умр бўйи ўзларини олиму фузало ҳисоблаб келган, раҳбарликни ҳам ўрнига қўйган, уюм-уюм илмий асарлар яратган калондимоғ профессорлар нима учун сочлари оқарган бир вақтда бетайин, енгилтак ажнабийлар қаршисида думларини лик-лик ўйнатяпти?..

Оғир ўй-хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирган Ғулом Ҳусайнли қандай қилиб диққинафас академияни тарк этганини ҳам сезмай қолди. У ғир-ғир шабада эсаётган сўлим кўчалар бўйлаб оҳиста одимлаб борарди.

* * *

Бу гал Вайсман хонасида ёлғиз эмас экан, ёнида баланд бўйли, истараси иссиқ яна бир олмон ўтирарди. У нимаси биландир машҳур бастакор Штраусни эслатарди. Улар Ғулом Ҳусайнлига бир қараб олгач, ўзаро олмончалаб паст овозда ғўнғирлай бошлади. Олмон тилини билмагани учунми ёки кейинги вақтларда Вайсман тўғрисида кўп ўйлагани сабабми, Ғулом Ҳусайнлининг назарида олмонлар уни калака қилаётгандек туюлди. Иккинчи олмоннинг кўз қорачиғида, қизларникидек қирмизи лабларининг буржида истеҳзо аломатлари пайдо бўлди.

Вайсманнинг қиёфасида яхшиликдан ном-нишон ҳам кўринмасди. У юм-юмалоқ иткўзлари билан Ғулом Ҳусайнлининг қоп-қора мўйловини, тугунчаси ғалвайиб турган, эрталаб апил-тапил боғланган бўйинбоғини, оҳори тўкилган кўйлагининг шўр босган ёқасини бирма-бир кўрикдан ўтказди; оппоқ бармоқлари эса зўр ҳафсала билан столга тахлаб қўйилган ҳужжатларни силаб-сийпаларди. Бу силлиқ жаноблар кўзини лўқ қилиб ўтиргани сари Ғулом Ҳусайнли ўзини ноқулай ҳис этар, юзи қип-қизариб, сочларининг остидан ҳам тер чиқа бошлаган, боши ғув-ғув айланар, алланечук қичишар эди. Ногаҳон бугунги учрашувга келишдан олдин туфлисини ярақлатиб артганини эслади. Одатда кўчага чиқаётиб оёғидаги пойабзалга қиё ҳам боқмасди. Бу гал негадир “дўст бошга, душман оёққа қарайди” деган нақлга амал қилди. Оёғидаги пойабзал ярақлаб турган бўлса-да, учлари пачоқ. Ғулом Ҳусайнли буни бир ойча муқаддам шаҳар марказидаги олмонларнинг дўконидан сотиб олган эди. Мана, бир ой ўтар-ўтмас, аввалги ҳашамидан асар ҳам қолмади. Баттар бўлсин. Аслида, хотин кишининг гапига аҳмоқ эргина қулоқ солади. Унинг хотини ҳам арзонроқ пойабзал харид қилгин деб қулоқ-миясини еб қўяди, бир ойдан сўнг эса тумшуғи пачоқ, пошнаси емирилган туфлини кераксиз буюмдек, қўли юпқароқ бирор қариндошига инъом этиб юбораверади…

Вайсман ҳамон ёқимтой олмон билан шивир-шивир қилиб музокарани давом эттирарди. Афтидан, улар рўпарада бир одам мунтазир бўлиб ўтирганини ҳам эсларидан чиқариб юборган кўринади. Зеро, бирортаси Ғулом Ҳусайнли тарафга қиё боқмасди… Ниҳоят, боядан бери Вайсман сийпалаб ўтирган папкани очиб, ҳужжатларни кўздан кечира бошлашди; баъзан оламшумул сир сақланаётган қутичадан илон чиқиб қолгандек кўзларини ола-кула этиб юборишар, шунда қоғозлардан кўз узиб Ғулом Ҳусайнлига ёвқараш қилиб қўйишар, гўё ҳар хил белгилару сўроқ-ундов аломатлари билан тўлиб-тошган ҳужжат асл нусхасига — Ғулом Ҳусайнлининг башарасига таққосланар эди. Ғулом Ҳусайнли ўтирган жойдан Вайсманнинг ботинкаси баралла кўринарди: пойабзал яп-янги бўлса-да, нариги олмоннинг ботинкасидан сипороқ; худди икки жуфт ботинка дўкон пештахтасидан унга тикилиб тургандек… Ҳар иккала олмоннинг билаклари хивичдек ингичка, бўйни қилтириқ, касалманд кишиники каби сарғимтир эди. Ғулом Ҳусайнли уларнинг бошқа тана аъзоларини ҳам кўз олдига келтирди; оёқлари товуқникига ўхшаса керак, деб ўйлади. Сўнг бирдан фикри равонлашди: ҳа-а, гап бу ёқда экан-да, олмонларнинг пойабзали қилтириқ оёқларга мўлжалланган, ундай оёқ мўрт пойабзални йиртмасдан, пошнасини емирмасдан бир йил судраб юриши мумкин… Муваккилларнинг кўйлаклари ҳам яп-янги эди: ёқалари асл ҳолида тикрайиб турибди, ҳали дазмол нималигини билмайди, демак, тоғорага тушмаган, ювилмаган. Уларнинг кийим-боши аслида янги эмас… Ғулом Ҳусайнли хаёл суриб ўтириб рўмолчаси билан бўйнидан оқаётган терни артиб олди… Аммо баданга ёпишиб турган бу шўрлик кийим-кечак чинакам ҳаётдан бехабар, шу боис эскирмайди, йитмайди…

— Бу нима?!

Туйқус берилган саволдан Ғулом Ҳусайнли чўчиб тушди. Вайсман қоқшол қўлида унга таниш ҳужжатни тутиб турарди. Бу антология нашрига мўлжалланган харажатлар ҳисоб-китоби эди. Вайсман айниқса мана шу қоғозни жуда ёмон кўрарди. Ҳар гал савол-жавоб ҳужжатлар орасидан ажратиб олинган мана шу ҳисоб-китобдан бошланар, Ғулом Ҳусайнли эса ижикилаб изоҳ берар эди. У ёд бўлиб кетган гапларни тўтиқушдек такрорлашга киришди: “Биз антология нашр этмоқчимиз, озарбойжон китобхонларини олмон адабиёти билан таништирмоқчимиз, шу йўсин олмон-озарбойжон маданий алоқаларини ривожлантиришга муносиб улуш қўшмоқчимиз” ва ҳоказо. Босиқ, паст товушда гапирди, ўзини зиёлидек тутди, овруполиклар каби кулимсираб турди, дона-дона қилиб сўзлади, иборалар орасида сукут сақлади, ишқилиб, жиззаки элчихона ходимининг жинини қўзитмасликка ҳаракат қилди. Бироқ у гапираётган пайтда Вайсман қоғоз ушлаб турган қўлини пастга туширмади, киприк қоқмасдан, юм-юмалоқ кўзларини лўқ қилиб ўтираверди. Боз устига, нариги олмоннинг лабларида яна заҳарханда аломати зоҳир бўлди. Ғулом Ҳусайнли расмий хат моҳиятини батафсил изоҳлагач, оғир жиноятнинг ашёвий далилидек, боядан бери Вайсман қўлидан қўймай турган ҳужжат ҳақида тушунча берди. Гапираётиб, булар ҳозир менга бир бало бўлишини кутяпти, деб ўйлади негадир. Хўш, менга нима бўлиши мумкин?.. Ғулом Ҳусайнли бирдан тўхтаб, ўйланиб қолди. Вайсман эса ҳамон ҳисоб-китоб ёзилган қоғозни тутганича унга қараб ўқрайиб турарди. Сас-садосиз таъна-дашном Ғулом Ҳусайнлининг суяк-суягидан ўтиб кетди. У яна терлай бошлади. Аъзойи баданидан қуйилиб келаётган тер юпқагина чит кўйлагини бирпасда жиққа ҳўл қилди. Терлаб-пишиб кетганини сезиб ўзидан уялди, асабийлашди, натижада баттар терлай бошлади. Бир неча ой муқаддам шоша-пиша, бухгалтер билан антология харажатларини ҳисоб-китоб қилганини эслади. Шу нарса бошга битган бало бўлди-ку, деб ўйлади ижирғаниб. Ундан воз кечсам қутуламанми?.. Ғулом Ҳусайнлининг назарида, олмонлар унинг терлаб-пишиб хижолатдан қовурилаётганини мароқ билан томоша қилиб ўтиргандек туюлди. Кутилмаганда Вайсман Ғулом Ҳусайнлининг изоҳларидан қониқиш ҳосил қилгандек қўлини пастга тушириб, ҳисоб-китоб ёзилган қоғозни папкадаги ҳужжатлар орасига авайлабгина тиқди-да, бошқа варақни олиб ёқимтой олмоннинг олдига қўйди. Ғулом Ҳусайнли узоқдан турибоқ ўзлари олмон тилида тузган — антологияга кириши режалаштирилган ёзувчилар рўйхатини дарров таниди.

— “Кристиан” сўзи нотўғри ёзилибди. Олмончада бу атоқли от “Хh” ҳарфи билан ёзилади, сизлар “К” билан ёзасиз…

Штраусга ўхшаган ёқимтой олмон чучукроқ тилда сўзлар экан. Ҳечқиси йўқ, ажнабийлар талаффузидаги нуқсон кечиримли. Муҳими, у озарбойжонча гапирди. Аммо нутқида хийла қусур сезилади. Хусусан, ундош товушларни олмонча йўсинда ҳалқумидан чиқариб, тишларининг орасидан ўтказиб ўқдай отиб юборса, юмшоқ унли товушларни қаттиқ оҳангда талаффуз этарди. Болалик чоғларидан қулоқларига ўрнашган майин, мусиқий товушлар худди бир арава шағалдек Ғулом Ҳусайнлининг устига ағдариларди.

“Штраус” гапини тамомлаб зўраки жилмайди, лекин бу жилмайиш мамнунликни эмас, қаҳр-ғазабни ифодаларди.

— Қолаверса, бизга тақдим этилган ҳужжатда қайд этилишича, китобнинг юз нусхаси ҳар хил идораларга совға қилинар экан. Буни нима деб тушуниш керак?..

“Йўқ, энди чидаб бўлмайди! — дея хаёлан эътироз билдирди Ғулом Ҳусайнли ғазабини аранг жиловлаб. — Нима, булар мени муттаҳам деб ўйлаяптими?!”

Ёқимтой олмон бирдан Вайсманга ўхшаб Ғулом Ҳусайнлига ўқрайиб тикилди; Ғуломбойнинг юраги товонига тушиб кетди гўё, тиззалари билинар-билинмас қалтирай бошлади, томоғига муштдек бир нима қадалиб қолди. Ажабо, у ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаган эди. Лекин одамнинг тиззаси қачон қалтирашини яхши билади… Вой аблаҳлар-эй, одам боласини шу қадар хўрлаш керакми?!.

Йиллар давомида сўлиб-сўниб қолган тўфон бирдан кўкрак қафасини ларзага келтириб юборди.

— Нима демоқчисиз ўзи? — деди Ғулом Ҳусайнли ўсмоқчилаб. Гулдурак янглиғ овозидан ўзи ҳам илҳомланиб кетди. Бир жуфт амалдорвачча бақрайиб ўтирган бу хонада, дарҳақиқат, унинг товуши момогулдиракдек янграган эди. — Балки ўша идоралардан ишончнома ҳам келтириб беришим керакдир? Нима бало… — деб бирдан айтмоқчи бўлган гапини унутгандек тўхтаб қолди. — Сиз… мени ким деб ўйлаяпсиз ўзи?!

Ғулом Ҳусайнли ҳаяжон гирдобига тушган, ҳиқилдоғига қадалиб қолган муштдек бир нарса ҳамон товушини бўғиб турар, шу боисми, сўзлари олмонларга деярли таъсир этмас эди. Улар кўзларини лўқ қилиб, қилт этмай ўтирарди. Ҳаддан зиёд ҳаяжонланганиданми ёки ўзи айтган сўзлар таъсиридами, Ғулом Ҳусайнлининг кўз олди қоронғилашиб қолди.

— Одамни яна қанча хўрлаш мумкин?! Сизлар берадиган ўша ҳисоб-китобли пулни ўмариб кетаманми?! Нима, мени ҳеч нарсани тушунмайдиган аҳмоқ деб ўйлаяпсизларми?! Сиз…

У дийдасида ёш айланаётганини сездию ажнабийлар олдида йиғлаб юбормаслик учун сапчиб ўрнидан турди.

Бу димиққан бинода йўқ бўлиб кетишни, инсоний шаънини ер билан яксон этишни истамади — яна бирпас турса, йўлакларга тўшалган қалин гиламлар қадам товушларига қўшиб уни ҳам ютиб юбориши ҳеч гап эмасди гўё!

Югуриб кўчага чиқди.

Кўчалар гавжум эди. Енгил-елпи кийиниб олган одамлар қаҳвахоналардан таралаётган мусиқа садолари остида сайр этиб юришарди.

У ҳаллослаб бориб муюлишдан бурилди-да, Фавворалар майдонига чиқди. Энди эслаб кўрса, ҳали кўзларида ёш ҳалқаланиб ўрнидан тураётган пайтда олмонлардан бирининг лаби титраб кетган, сўнг лоқайд башарасида қониқиш аломатлари пайдо бўлган экан. У буни кўз қири билан кўрган, яққол ҳис этган эди.

Худо билсин, бир инсоннинг хор-зор бўлишини, икки қўлини тос кўтариб майдондан чиқиб кетишини лўттибоз амалдорваччалар қанча кутган экан! Мана, энди улар муродига етди.

“Худди расмона урушга ўхшайди-я!” деди ичида Ғулом Ҳусайнли.

У тамаки тутатиб чекди. Ўша лаънати учрашувни тезроқ унутишга аҳд қилди.

Кўчаларда бамайлихотир айланиб юрди: бировнинг бошига қаради, бировнинг оёғига… Гоҳ-гоҳ мийиғида кулиб қўярди: бош ёки оёққа қараб дўст ким, душман ким — билиб бўлмайди-ку, биродар!

Кўча-кўйда одамлар кийиб юрган пойабзалларни Ғулом Ҳусайнли олмонларнинг ўша пойабзал дўконида кўргандек эди. Уларнинг барчаси Вайсманнинг ботинкасидек ярқирар, ғашингизни келтириб ғирчиллар эди.

Ҳамма олмон туфлисини кийиб олган, мана, ўзи ҳам ўшанақа бошмоқни судраб юрибди. Ғулом Ҳусайнлининг юраги сиқилди, тезроқ уйга кетгиси келди — ажнабий пойабзалларини ортиқ томоша қилишни истамасди.

У сигаретини ахлатдонга отиб юбориб, қадамини тезлатди.

“Энг ажабланарли жойи шундаки, мана шу бемаъни ҳодисанинг ҳам қандайдир маъниси бор, — дея йўл-йўлакай хаёлидан ўтказди Ғулом Ҳусайнли. — Вайсман ҳар қанча пасткаш бўлмасин, лекин у ҳам ўзича ҳақ…”

* * *

Орадан бир ҳафта ўтгач, Ғулом Ҳусайнли шахсан элчи жанобларининг номига мактуб йўллаб, сафоратхона ходими уни нечоғлиқ хўрлагани, сарсон-саргардон этганини батафсил баён қилди.

Кейинги ҳафтада элчихонадан жавоб келди. Элчихонанинг маданий ишлар бўйича вакиласи фрау Зибек уни суҳбатга таклиф этган эди.

“Улар ким билан ўйнашаётганини билган бўлса керак!..” Бу фикр Ғулом Ҳусайнлига хийла таскин берарди. Адабий мушоҳадалардан, жиддий далил-дастаклардан иборат мактуб ҳар қандай фаҳм-фаросатли одамни бефарқ қолдирмайди.

…Белгиланган куни у элчихонага етиб борди. Ҳар эҳтимолга қарши, Вайсман билан “Штраус”нинг хурмача қилиқлари, олмонларнинг эътиборсизлиги ҳақида мухтасаргина, аммо сермазмун нутқ қораламасини ҳам ҳозирлаб олган эди.

Қабулхонага кираверишда ойнаванд тўгарак стол ортида алчайиб ўтирган, аллақачон олмонлашиб улгурган анови озарбойжон қиз телефонда ким биландир шивирлашиб гаплашаётган экан. Унга кўзи тушган заҳоти гўшакни кафти билан тўсиб:
— Қулоғим сизда, — деди.

— Мен соат ўн учга таклиф этилганман, — деди Ғулом Ҳусайнли ич-ичидан ғурурланиб. Аслида, шу чоққача мана шу қизга ҳам тилёғламалик қилишга мажбур эди; энди ҳаммаси бошқача бўлади — эски тераклар кесилиб кетган.

— Ким таклиф этган?
— Фрау Зибек.

Қиз нариги телефон гўшагини кўтариб, бир тугмачани босди ва ким биландир олмон тилида қисқагина гаплашиб, гўшакни жойига қўйди.

— Сиз тўрт дақиқа кечикдингиз, — деди у кейин. — Ҳозир фрау Зибек бандлар. Қайта учрашув тайин қилинишини сўраб элчихонага ариза билан мурожаат этишингиз мумкин…

Ғулом Ҳусайнли чап томон деворга осиб қўйилган соатга қаради.

Дарҳақиқат, соат ўн учдан тўрт дақиқа ўтган эди…

Рус тилидан Набижон Боқий таржимаси

Манба: “Тафаккур” журнали, 2006 йил, 4-сон

012

Ofoq MAS’UD
MUVAKKIL VAYSMAN
064

099    Ozarboyjonlik adiba va dramaturg Ofoq Mas’ud 1957 yili Boku shahrida tug’ilgan. O’ndan ortiq roman, p`esalar va bir qancha hikoyalar muallifi. Ijodini 1977 yildan boshlagan. «Izdihom», «Ozodlik» romanlari, «Uchinchi qavat», «Shanba oqshomi», «Yo’lak», «Yolg’iz», «Toq», «Yozuv» kabi kitoblari nashr etilgan. G. G. Markes, T. Vul`f, X. Kortasar, X. L. Borxes asarlarini ozarboyjonchaga tarjima qilgan.
Ozarboyjon Milliy akademiyasining «Gumay» va xalqaro turk xalqlari madaniyati tashkiloti mukofotlari sovrindori, Ozarboyjonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi. Ozarboyjon Yozuvchilar uyushmasi qoshidagi badiiy tarjima markazi rahbari, «Hazar» jahon adabiyoti jurnali bosh muharriri.

064

G‘ulom Husaynli Fanlar akademiyasi hovlisiga qadam qo‘ydi-yu, kutilmagan manzaradan sarosimada qoldi. Chamasi, shaharni mo‘r-malahday bosib ketgan, duch kelgan muassasayu do‘kon va yemakxonalar peshtoqiga har turli lavhalarni osib, ko‘cha-ko‘yda beg‘amgina kavshanib yuradigan, yuzlari qip-qizil ajnabiylar, nihoyat, bu dargohga ham boshini tiqqan ko‘rinadi. Asriy sarvzor qo‘ynida joylashgan, rango-rang gulxonalari ko‘zni quvontiradigan muqaddas ilm maskanida, odatan, qalin-qalin papkalarni qo‘ltiqlab olgan olimlar salmoqlanib sayr etib yurishardi. Endi esa bejirim asfalt yo‘lkalarda tumshug‘iga xorijiy davlatlarning bayroqchalari qadalgan hashamdor qop-qora mashinalar tizilishib turardi. Ular yalt-yult etib ko‘zni qamashtirar, ulkan guldastalarni quchoqlab olgan ilmiy xodimlar o‘zlarini qo‘yarga joy topolmas edi. Bu holni ko‘rib G‘ulom Husaynlining kuraklari orasida sovuq ter tomchisi o‘rmaladi… Serrayib turish noqulay edi, u tez-tez yurib, ostonada uymalashib turgan odamlar orasidan ichkariga kirdi. Biroq foyeda ham soxta tantanavor manzaraga duch keldi. Hovlida hukmron bo‘lgan bayramona ko‘tarinkilik go‘yo opichlab ichkariga olib kirilgan edi.

Ikkinchi qavatga chiqiladigan marmar zinapoya tepasiga ajnabiy tilda bir nimalar yozilgan oppoq matolar, moviy bayroqlar osib qo‘yilgan.

G‘ulom Husaynli bu yerda his-hayajonini arang jilovlab turgan tarixchi, filolog professorlar davrasiga tushib qoldi. Ularning ko‘zlari allanechuk g‘amgin edi. Lekin bo‘lajak tadbir to‘g‘risida baland-baland tovushda safsata sotishar, tilyog‘lamalik bilan kimnidir maqtashar, bir-biriga quloq solmasdan savol berishar, javobini esa hech kim eshitmas edi — eshikdan baayni hazrati Xizr kirib kelishini hamma intiq bo‘lib kutmoqda. Bir kishidan naqd hammomdan chiqqan oqavadek zax hidi anqir, bulbuligo‘yolik qilayotgan bu kimsa shu tobda, kuppa-kunduz kuni chirib, po‘panak bosib borayotganga o‘xshar edi.

G‘ulom Husaynli professorlarning baqir-chaqirini eshitmaslik uchun o‘tgan kunlarni — unutilmas jo‘shqin yillarini eslab ketdi. U vaqtda endigina akademiyaning aspiranti bo‘lgan edi. O‘shanda bu dargoh unga muhtasham ilm ibodatxonasidek ko‘rinar, u kezlarda hali yosh bo‘lgan hozirgi ilmiy xodimlar institut direktorlariga yoki so‘roq alomatidek bukchayib qolgan akademiklarga taqlidan salmoq bilan odim otishga harakat qilar edi. Xotiralar G‘ulom Husaynlini to‘lqinlantirib yubordi, u mijjalarida paydo bo‘layozgan yoshni yashirish uchun foyening naqshinkor ustunlarini, shiftlarni talmovsirab tomosha qila boshladi.

Nafsilamrini aytganda, o‘tgan kunlar hali unchalik uzoqlashib ketmagan. Ammo, G‘ulom Husaynlining nazarida, bugun barhayot o‘sha professorlar avlodi nihoyatda abgor bo‘lib qolgan, go‘yo akademiyaning tovush o‘tkazmaydigan qalin devorlarini qulatib, vayron qilib beso‘naqay bir traktor o‘tib ketganu odamlarni ham ezib-yanchib yuborgan edi.

Akademiyaning o‘zi ham o‘zgarib ketgan. Xiyla cho‘kib, torayib qolganga o‘xshaydi. Yo‘laklari ham avvalgidek charog‘on emas, xira tortgan. U hozir G‘ulom Husaynliga tasodifiy yo‘lovchilar bilan to‘lib-toshgan besaranjom vokzal perronlarini eslatdi…

Hamma narsa ayanchli, xoru zor, tashlandiq.

Ikkinchi qavatdagi majlislar zaliga kirilgandan keyingina professorlarning jag‘i tindi. Bu zal allaqachon ta’mirtalab bo‘lib qolgan, nihoyatda aftoda edi. G‘ulom Husaynlining yon-veriga joylashib olgan ilm ahli savatchalarga solingan gullar bilan bezatilgan sahnani, tobora gavjumlashib borayotgan zalni betoqat qiyofada kuzata boshladi.

G‘ulom Husaynli ham sahnadan ko‘z uzmasdi, ammo u shu tobdagi dabdababozlikka qarab negadir “Qalam” adabiy sho‘‘basida o‘tayotgan nochor kunlarini, ochin-to‘qin kechayotgan hayotini o‘ylardi. Qadrdon “Qalam” sho‘‘basi sharti ketib parti qolgan eski trolleybusga o‘xshardi: o‘ydim-chuqur yo‘llarda har yonga tashlab og‘ib ketsa ham, davr sinovlariga mardonavor dosh berib, talay yillardan buyon o‘zining kamtarona yo‘nalishini o‘zgartirmas edi…

Sho‘‘ba a’zosi bo‘lmish qalamkash birodarlari bir-bir xayolidan kechdi. O‘tgan hafta Shoirning tavallud kuni nishonlandi, ammo “chaqaloq” bayramni qizitish o‘rniga — sovutdi: totarib-bo‘zardi, dardini sirtiga chiqarmadi, So‘z qudrati haqida lom-mim demadi; undan keyin nutq irod qilgan kaltatoy Faraj ham kalavasining uchini yo‘qotib qo‘ydi — bir nimalarni ming‘irlab, tezgina minbardan tushib ketdi; oxirida Og‘aali tasavvuf durdonalarini dunyoviy adabiyotga almashtirmayman deb, ikki oyog‘ini bir etikka tiqib oldi, so‘ng kutilmaganda Sadayning yuziga shapaloq tortib yubordi… G‘ulom Husaynli ana shunga o‘xshagan noxush voqealarni eslarkan, sochlari orasida chumoli o‘rmalab ketdi — xijolatdan boshi terladi.

Go‘yo ahli zamon es-hushidan ayrilgan, dunyo ostin-ustun bo‘lgan, hamma narsa pul bilan o‘lchanadigan, hech kimni qorin dardidan boshqasi qiziqtirmay qo‘ygan edi. Hatto muqaddas maskan sanalmish, g‘arazli maqsadlardan nihoyatda uzoq hisoblangan akademiya ham nafsi ammora yo‘lida allaqanday ajnabiylar bilan hamkorlik qilishga majbur. Qadrdon “Qalam” sho‘‘basi esa na odamlarga, na adabiyotga bir chaqalik foyda keltiradigan abadiyat qonunlarini tadqiq etish bilan ovora! Balandparvoz da’volar shu zamonda kimga kerak, axir?! Undan ko‘ra ko‘rpaga qarab oyoq uzatgan ma’qul emasmi?.. Bariga o‘zi, o‘zining o‘jarligi sababchi. Adabiyotga mutaassiblarcha sajda qiladi, shu bois boshi balodan chiqmaydi. Faqat o‘zi qiynalsa go‘rga edi, sho‘‘baning barcha a’zolari, yor-do‘stlari ham yelkasiga oftob tegmay o‘tib ketyapti. “Baliq boshidan…” degan naql bekorga aytilmagan ekan.

Ajablanarli joyi shundaki, G‘ulom Husaynli balchiqqa botib qolganini juda yaxshi biladi, jonholatda undan xalos bo‘lishga intiladi, ammo qimirlagan zahoti botqoq battar komiga tortib ketaveradi. Hech narsani o‘zgartirib bo‘lmaydi. U go‘yo yomon tush ko‘rib, alahsirab yotgan odamga o‘xshardi — uyg‘onib uyg‘ona olmas, uxlab orom neligini bilmas edi; bir chigallikdan qutulsa, ikkinchisi ro‘parasida ko‘ndalang bo‘laverardi. Xullas, adabiyot qurbonlik talab etar, uni uncha-muncha narsa bilan rozi qilib bo‘lmas edi.

“Xo‘sh, abadiyat qonunlarining kimga keragi bor o‘zi? — deb ba’zan o‘tirgan joyida xunob bo‘lardi u. — Bu sufiyona vasvasalardan nima foyda?!”

Aslini olganda, o‘zi ham, do‘stlari bo‘lmish kaltatoy Faraj, Shoir, Dengiz va sho‘‘baning boshqa a’zolari ham qandaydir shubhali mazhabning mutaassib muridlariga o‘xshardi. Sirtdan qaragan odam ularni jinni-pinni bo‘lsa kerak deb o‘ylamog‘i tayin.

Boshqa yozuvchilar esa kechayu kunduz tadbirkorlik bilan puxta rejalar tuzib, qanday qilib farovon turmush kechirish to‘g‘risida bosh qotirar, kitoblarini chet ellarda bostirib pul topish payida edi. Bular-chi, tamaki tutuniga to‘lib, dimiqib ketgan xonalarida badiiy so‘z qudrati, biron bir asarning fazilatlari to‘g‘risida, teran ramziy ma’nolar haqida tomoqlari xirillab qolguncha bahslashar, biror so‘zning ma’nodoshini qidirib antak-tentak bo‘lar, so‘ngra ko‘zlari kosasidan chiqqudek bir alfozda bu kashfiyotlarini bir-biriga aytib ma’qullatar edi… Haqiqatan ham, bunday yig‘inlar adabiy kechadan ko‘ra, yashirin mazhab a’zolarining maxfiy uchrashuviga ko‘proq o‘xshab ketardi.

Mana shularni o‘ylaganda G‘ulom Husaynlining yuragi har gal g‘alati hapriqib tushadi. Lop etib qalamkash do‘stlarining dilbar misralari, mumtoz shoirlarning shohbaytlari xayoliga keladi. Bular uni nafaqat ma’naviy halokatdan, balki rasmona ajal changalidan ham asrab qolgan. O‘lim — haq, hech kim undan qochib qutula olmaydi. Lekin o‘lim boshqa, o‘z joniga qasd qilish boshqa narsa. Xudkushlik o‘yiga borgan onlarida G‘ulom Husaynli mardlik qilyapman deb, aslida nomardlik qilmoqchi bo‘lganini daf’atan his etar, so‘ngra es-hushini yig‘ib olib, shum niyatini qog‘ozdek g‘ijimlab, keraksiz qoralama nusxa kabi uloqtirib yuborar edi…

Bugungi dabdabayu as’asalar avvalgilariga o‘xshamasdi. Shu tobda akademiyada hukmron bo‘lgan muhit, uddaburonlik namoyishi ko‘ngilni aynitib yuborgudek darajada edi. Beixtiyor allaqachon ta’mirga muhtoj bo‘lib qolgan sho‘‘ba binosi, uning g‘alvirdek ilma-teshik tomi, bechorahol xodimlarning ozib-to‘zib ketgan qiyofalari bir yondayu adabiyotni tirikchilik manbaiga aylantirib olgan semizqurtlar yana bir yonda namoyon bo‘ladi…

Nimadir qilish, nimanidir o‘zgartirish kerak. Ehtimol, Adabiyot Qal’asining bulutlarga qadalib turgan biror arkonini qulatish kerakdir? Sho‘‘bani ham bulut bosgan, bulut ostida ingrab yotibdi. Zohiran batartib akademiyaning majlislar zalida ham oqimtir bulutlar ko‘zga tashlanadi. Xuddi kafanga o‘xshaydi.

Zal odamlar bilan limmo-lim bo‘ldi.

G‘ulom Husaynli keyingi o‘n yil mobaynida bu yerga qadam bosmagan edi; akademiya a’zolarining tarkibi deyarli yangilanibdi. Yig‘ilganlarning ko‘pchiligi yoshlardan iborat, keksa yoki o‘rtayashar kishilar ham bor, lekin aksariyat yangi odamlar G‘ulom Husaynliga notanish edi. Ular amaldor ustozlariga taqlidan qator oralab kekkayib yurishar, kiborlar misoli tishlarining oqini ko‘rsatib bir-biriga ta’zim bajo keltirar, qandaydir hujjatlarni oldingi qatorda o‘tirgan zotlarga qo‘lma-qo‘l uzatishar edi.
Ahli ilm orasida bir necha tanish akademik ham ko‘zga chalinardi; ular allaqachon keksayib, bukchayib qolgan edi. Akademiya kazo-kazolari yon tarafdagi pastak eshikdan engashib kirib, chumoli galasidek tizilgancha, ehtiyotkorlik bilan sahna yonidan o‘tdi-da, qat’iy tartib bo‘yicha birinchi qatordan joy oldi, handalakdek vaznsiz kallalarini har yonga burib past tovushda o‘zaro ming‘irlasha boshladi. Chamasi, ular boshqalar tushunmaydigan xos bir lahjada so‘zlashardi. G‘ulom Husaynlining esida: ular bundan o‘ttiz yil ilgari ham xuddi hozirgidek rangpar va bujmaygan ko‘rinardi. O‘tgan yillar mobaynida yanada bukchayib, yanada zahil tortib, zamon va makondan chetda qolib ketishibdi.

Nihoyat, anjuman boshlandi. Sahnada akademiyaning vitse-prezidenti paydo bo‘ldi — miqtidan kelgan, o‘rtayashar bir gumbaz; u shodligidan lab-lunjini yig‘ishtira olmas, go‘yo anovi “yangilik”ni tezroq aytmasa, naqd yuragi yorilgudek edi. Sahnaga chiqqach, teatru qoidasiga ko‘ra, noma’lum nuqtaga tikilib xiyla sukut saqladi-da, so‘ng vazmin ohangda so‘z boshladi. Aftidan, mog‘or hidi anqib turgan eski sahnada vitse-prezident o‘zini noqulay his etardi. Shu bois g‘ayritabiiy ravishda ovozini baland qo‘yib gapirishga harakat qildi. Nutqining o‘rtalarida allomaligini pisanda qilib murakkab ilmiy istilohdan foydalanmoqchi bo‘ldi-yu, oddiygina nayrangbozlikni ham eplay olmadi — duduqlanib qoldi, qiyshanglab nodonligini xaspo‘shlashga urindi. Boz ustiga, birinchi qatorda qotib o‘tirgan keksa akademiklar uni battar sarosimaga solib qo‘ydi. G‘ulom Husaynli ham o‘z faoliyati davomida mana shunday loqayd nigohlarga ko‘p bora duch kelgan. U dimog‘dor vazirlarning kabinetlarida, yuqori mansablarga qo‘qqaytirib qo‘yilgan amaldorlarning huzurida adabiyot sho‘‘basining og‘ir iqtisodiy ahvoli, tomdan chakki o‘tayotgani, yo‘laklarda yelvizak o‘ynayotgani, bir chetga uyub qo‘yilgan bebaho qo‘lyozmalar po‘panak bosib, yaroqsiz holga kelayotgani to‘g‘risida gapiraverib charchagan. Uning diydiyolarini cho‘yanbashara kimsalar qilt etmasdan eshitardi, G‘ulomboy esa bitta gapni to‘tiqushdek takrorlayverardi, ba’zan tutilib qolar, jahli chiqar, ichida o‘zini so‘kar edi. Goho asablari chatnab, chakka tomirlari bo‘rtib ketar, oxiri ovoz chiqarib bir nimalar deb do‘ng‘illardiyu kalovlanib tashqariga otilardi. Barcha tavallolari yana-tag‘in havoga sovurilganini ostonadayoq his etardi.

O‘lik ko‘zlarning bunday loqaydligi birpasda har qanday ishtiyoqni so‘ndiradi, unga duch kelgan odamning qo‘li ishga bormay qoladi.

…Vitse-prezident darhol o‘zini qo‘lga olib, shakarguftorlik bilan nutqini poyoniga yetkazdi. Keyin ajnabiy sarmoyadorlarning gumashtalari sahnaga taklif qilindi. Balandparvoz maqtovlardan dovdirabroq qolgan vakillar sahnaga chiqdi. Ovrupocha olaquroq shim kiygan ikki yigit birin-ketin o‘z tilida bir nimalar deb chuldiradi. Yuz-ko‘zini sepkil bosgan, qotmagina mallatob yigitchani G‘ulom Husaynli zimdan kuzatdi. Mallatob ajnabiy Olmoniya elchixonasining bir xodimiga juda-juda o‘xshardi; besh-olti oydan buyon G‘ulom Husaynli salmoqdor kitob nashr etishga buyurtma olish ilinjida muvakkil (elchixonaning mas’ul xodimi) Vaysman huzuriga zuv-zuv qatnaydi. O‘sha inspektorning yuzini ham sepkil qoplagan, ammo suhbatdoshidan hazar qilayotganini basharasidagi sepkil ham yashira olmasdi.

* * *

Elchixona shahar markazidagi muhtasham binoning quyi qavatida joylashgan. Mana shu balkonlari oynavand binoda bir vaqtlar xokisor Xalq shoiri istiqomat qilardi. U nihoyatda odamoxun inson edi. Hozir imoratning devorlari qayta suvoqdan chiqarilgan, negadir kulrang tusga bo‘yalgan, olisdan xo‘mraygandek ko‘rinadi, tovush o‘tkazmaydigan oynavand eshiklari doim yopiq turadi. Xuddi o‘lim lagerlariga qamalgan mahbuslar misoli oyoq uchida yuradigan elchixona xodimlarining tund basharalari G‘ulom Husaynliga bolalik chog‘larida ko‘rgan olachalpoq filmlardagi fashistlarni eslatardi.

“Olmon adabiyoti antologiyasi”ni tayyorlashga qaror qilgan sho‘‘ba nomidan elchixonaga rasmiy xat bilan murojaat etildi. Biroq hozircha olmonchadan bir misra she’r ham ozarboyjon tiliga o‘girilmagan. Xavfsizlik yuzasidan devorlari zirhlangan elchixona qabulxonasida har gal G‘ulom Husaynlini chiroyli bir ozarboyjon qiz kutib oladi. U oynavand to‘garak stol yonida alchayib o‘tiradi, uyat-puyatni bilmaydi, allaqachon olmonlashib ulgurgan; ona tilida zo‘rg‘a chaynalib gapiradi, dudmal javoblari kishining ensasini qotiradi. Ustiga ustak, uchlari o‘tkir tuflisi bilan goh oyoqqa tepib, goh o‘tkir tirnoqlari bilan yuzni chimdib olayotgandek tuyuladi. U sizga gumonsirab qaray-qaray, tovush yutadigan yumshoq to‘shama qoplangan yo‘lak bo‘ylab mallavoy xodim o‘tirgan xonaga boshlab boradi. Muvakkil bilan uchrashuvga qadar kechadigan bu savdolar G‘ulom Husaynlining ta’bini har gal tirriq qiladi.

Allaqanday vahimali elektr asbobiga o‘xshagan Vaysmanning hapdori hidi anqib turgan xonasiga kirib, uning ro‘parasida ikki-uch daqiqa mulzam bo‘lib o‘tirganidayoq G‘ulom Husaynli bu yerga bekor kelganini anglaydi, ichidan zil ketadi. La’nati rasmiy xatni xayolan yuz marta mayda-mayda qilib yirtib tashlaydi, lekin endi Vaysmanning baqraygan sovuq ko‘zlaridan qochib qutulishning iloji yo‘q.

O‘sha xat yuzasidan muvakkil Vaysman yana bir necha marta G‘ulom Husaynlini huzuriga chorladi. Inspektorning xonasi vaznsizlik holatida muallaq osilib turgan kosmik kemaning kayutasi kabi tor, dimiqib ketgan edi. U qildan qiyiq axtaradigan bezbet tergovchiga o‘xshab suhbatdoshini erinmasdan so‘roq qiladi; “Agar Olmoniya elchixonasi antologiya chop etish uchun mablag‘ ajratsa, pul qay yo‘sinda, nimalarga sarf etiladi?..” deb qayta-qayta so‘raydi. Odamning jonini hiqildog‘iga keltiradi. Antologiya xarajatlariga ajratiladigan puldan hali darak yo‘g‘-u, o‘tgan haftadan beri Vaysman har kecha G‘ulom Husaynlining tushiga kirgani kirgan. Boz ustiga, tasqara bir qiyofada namoyon bo‘lardi: gohida mahalliy kampirlarning etaklari yer supurib yuradigan ro‘dapo ko‘ylagiga burkanib, sap-sariq tuk qoplagan qo‘llari bilan G‘ulom Husaynlining bo‘ynidan quchoqlab, yuzini yuzlariga bosgancha erkalanib ozarboyjon tilida bir nimalar deb chuldirasa, gohida politsiyachilar libosida ro‘parasida o‘tirib olib, G‘ulomning basharasiga qizil chiroqni to‘g‘rilab ko‘zlarini qamashtirar, she’r-pe’rni eslatadigan allaqanday matnni olmon tilida o‘qib berar edi. Keyingi marta ko‘rgan tushida G‘ulom Husaynli Vaysman olkishlab turgan eshakdek tozidan zo‘rg‘a qochib qutuldi. So‘ng chag‘ir toshloq bo‘ylab yuguraverib o‘pkasi bo‘g‘ziga tiqildi, yalang oyoqlari tilinib ketdi; qandaydir ilonizi so‘qmoqlardan o‘tib, tong mahali holdan toyib yerga quladi va shu zahoti yana ustiga quturgan it tashlandi…

G‘ulom Husaynli qora terga botib uyg‘ondi, bezgakka chalingan bemor misoli vujudi dag‘-dag‘ titrardi; qalin ko‘rpani ustiga tortib o‘ranib oldi. Endi elchixonasiga qadam bosmayman, u yerlarni yelkamning chuquri ko‘rsin, deb qasam ichdi; Vaysmanni esa ashaddiy bir dushmandek xotirasidan batamom o‘chirib tashlaydi. Afsuski, oradan ikki soat o‘tar-o‘tmas sho‘‘baga bordiyu zinapoyada qisilib-qimtinib, mung‘ayib turgan, saratonda suvsiz qolgan gullardek so‘lib-sarg‘aygan xodimlarga ko‘zi tushib, beixtiyor elchixonaning qadimiy qal’a darvozasiga o‘xshash og‘ir-vazmin temir qopqalarini, tovush o‘tkazmaydigan qalin oynalarni, Vaysmanning malla basharasini yana esladi, yana undan umidvor bo‘ldi…

* * *

Professorlardan birovi alam bilan bosh chayqab, asta engashib yonida o‘tirgan sherigining qulog‘iga nimanidir shivirladi. Ularning sadaqa tilab o‘tirganidan G‘ulom Husaynlining ko‘ngillari aynib ketdi. “Namuncha yaltoqlanadi? Odam bolasi shu qadar ham tubanlashadimi?..” Uning yuragi duk-duk urar, asablari charsillar edi. O‘zini bosib o‘tirishga harakat qilardi-yu, lekin eplayolmasdi.

Nima uchun ko‘plab kitob, stsenariy va yirik tarjima asarlar muallifi bo‘lgan G‘ulom Husaynli kelib-kelib qandaydir chalasavod ajnabiyga hovuchini cho‘zib tilanchilik qilishi kerak? Vaysman kim bo‘pti — Olmoniyaning gadoytopmas bir kandigida tug‘ilgan, oilasi ham elektr asboblari jamuljamiga o‘xshasa ajab emas, o‘zi amal-taqal qilib birorta o‘quv yurtini tamomlagan bir ko‘ppak, xolos! Nega ana shu galvarsning bema’ni savol-so‘roqlariga chidashi kerak ekan? Undan ko‘ra, yer yorilib, yerga kirib ketgani ming marta afzal emasmi?! Dod, ming dodkim, o‘sha la’nati dargoh ostonasiga bosh urib borishga majbur. Insoniy or-nomusini toptab, betini qattiq qilib elchixonaga borib kelganidan so‘ng har gal yana navbatdagi uchrashuv to‘g‘risida bosh qotiradi. Bundan ortiq haqorat bo‘lmas…

Umr bo‘yi o‘zlarini olimu fuzalo hisoblab kelgan, rahbarlikni ham o‘rniga qo‘ygan, uyum-uyum ilmiy asarlar yaratgan kalondimog‘ professorlar nima uchun sochlari oqargan bir vaqtda betayin, yengiltak ajnabiylar qarshisida dumlarini lik-lik o‘ynatyapti?..

Og‘ir o‘y-xayollarga g‘arq bo‘lib o‘tirgan G‘ulom Husaynli qanday qilib diqqinafas akademiyani tark etganini ham sezmay qoldi. U g‘ir-g‘ir shabada esayotgan so‘lim ko‘chalar bo‘ylab ohista odimlab borardi.

* * *

Bu gal Vaysman xonasida yolg‘iz emas ekan, yonida baland bo‘yli, istarasi issiq yana bir olmon o‘tirardi. U nimasi bilandir mashhur bastakor Shtrausni eslatardi. Ular G‘ulom Husaynliga bir qarab olgach, o‘zaro olmonchalab past ovozda g‘o‘ng‘irlay boshladi. Olmon tilini bilmagani uchunmi yoki keyingi vaqtlarda Vaysman to‘g‘risida ko‘p o‘ylagani sababmi, G‘ulom Husaynlining nazarida olmonlar uni kalaka qilayotgandek tuyuldi. Ikkinchi olmonning ko‘z qorachig‘ida, qizlarnikidek qirmizi lablarining burjida istehzo alomatlari paydo bo‘ldi.

Vaysmanning qiyofasida yaxshilikdan nom-nishon ham ko‘rinmasdi. U yum-yumaloq itko‘zlari bilan G‘ulom Husaynlining qop-qora mo‘ylovini, tugunchasi g‘alvayib turgan, ertalab apil-tapil bog‘langan bo‘yinbog‘ini, ohori to‘kilgan ko‘ylagining sho‘r bosgan yoqasini birma-bir ko‘rikdan o‘tkazdi; oppoq barmoqlari esa zo‘r hafsala bilan stolga taxlab qo‘yilgan hujjatlarni silab-siypalardi. Bu silliq janoblar ko‘zini lo‘q qilib o‘tirgani sari G‘ulom Husaynli o‘zini noqulay his etar, yuzi qip-qizarib, sochlarining ostidan ham ter chiqa boshlagan, boshi g‘uv-g‘uv aylanar, allanechuk qichishar edi. Nogahon bugungi uchrashuvga kelishdan oldin tuflisini yaraqlatib artganini esladi. Odatda ko‘chaga chiqayotib oyog‘idagi poyabzalga qiyo ham boqmasdi. Bu gal negadir “do‘st boshga, dushman oyoqqa qaraydi” degan naqlga amal qildi. Oyog‘idagi poyabzal yaraqlab turgan bo‘lsa-da, uchlari pachoq. G‘ulom Husaynli buni bir oycha muqaddam shahar markazidagi olmonlarning do‘konidan sotib olgan edi. Mana, bir oy o‘tar-o‘tmas, avvalgi hashamidan asar ham qolmadi. Battar bo‘lsin. Aslida, xotin kishining gapiga ahmoq ergina quloq soladi. Uning xotini ham arzonroq poyabzal xarid qilgin deb quloq-miyasini yeb qo‘yadi, bir oydan so‘ng esa tumshug‘i pachoq, poshnasi yemirilgan tuflini keraksiz buyumdek, qo‘li yupqaroq biror qarindoshiga in’om etib yuboraveradi…

Vaysman hamon yoqimtoy olmon bilan shivir-shivir qilib muzokarani davom ettirardi. Aftidan, ular ro‘parada bir odam muntazir bo‘lib o‘tirganini ham eslaridan chiqarib yuborgan ko‘rinadi. Zero, birortasi G‘ulom Husaynli tarafga qiyo boqmasdi… Nihoyat, boyadan beri Vaysman siypalab o‘tirgan papkani ochib, hujjatlarni ko‘zdan kechira boshlashdi; ba’zan olamshumul sir saqlanayotgan qutichadan ilon chiqib qolgandek ko‘zlarini ola-kula etib yuborishar, shunda qog‘ozlardan ko‘z uzib G‘ulom Husaynliga yovqarash qilib qo‘yishar, go‘yo har xil belgilaru so‘roq-undov alomatlari bilan to‘lib-toshgan hujjat asl nusxasiga — G‘ulom Husaynlining basharasiga taqqoslanar edi. G‘ulom Husaynli o‘tirgan joydan Vaysmanning botinkasi baralla ko‘rinardi: poyabzal yap-yangi bo‘lsa-da, narigi olmonning botinkasidan siporoq; xuddi ikki juft botinka do‘kon peshtaxtasidan unga tikilib turgandek… Har ikkala olmonning bilaklari xivichdek ingichka, bo‘yni qiltiriq, kasalmand kishiniki kabi sarg‘imtir edi. G‘ulom Husaynli ularning boshqa tana a’zolarini ham ko‘z oldiga keltirdi; oyoqlari tovuqnikiga o‘xshasa kerak, deb o‘yladi. So‘ng birdan fikri ravonlashdi: ha-a, gap bu yoqda ekan-da, olmonlarning poyabzali qiltiriq oyoqlarga mo‘ljallangan, unday oyoq mo‘rt poyabzalni yirtmasdan, poshnasini yemirmasdan bir yil sudrab yurishi mumkin… Inspektorlarning ko‘ylaklari ham yap-yangi edi: yoqalari asl holida tikrayib turibdi, hali dazmol nimaligini bilmaydi, demak, tog‘oraga tushmagan, yuvilmagan. Ularning kiyim-boshi aslida yangi emas… G‘ulom Husaynli xayol surib o‘tirib ro‘molchasi bilan bo‘ynidan oqayotgan terni artib oldi… Ammo badanga yopishib turgan bu sho‘rlik kiyim-kechak chinakam hayotdan bexabar, shu bois eskirmaydi, yitmaydi…

— Bu nima?!

Tuyqus berilgan savoldan G‘ulom Husaynli cho‘chib tushdi. Vaysman qoqshol qo‘lida unga tanish hujjatni tutib turardi. Bu antologiya nashriga mo‘ljallangan xarajatlar hisob-kitobi edi. Vaysman ayniqsa mana shu qog‘ozni juda yomon ko‘rardi. Har gal savol-javob hujjatlar orasidan ajratib olingan mana shu hisob-kitobdan boshlanar, G‘ulom Husaynli esa ijikilab izoh berar edi. U yod bo‘lib ketgan gaplarni to‘tiqushdek takrorlashga kirishdi: “Biz antologiya nashr etmoqchimiz, ozarboyjon kitobxonlarini olmon adabiyoti bilan tanishtirmoqchimiz, shu yo‘sin olmon-ozarboyjon madaniy aloqalarini rivojlantirishga munosib ulush qo‘shmoqchimiz” va hokazo. Bosiq, past tovushda gapirdi, o‘zini ziyolidek tutdi, ovrupoliklar kabi kulimsirab turdi, dona-dona qilib so‘zladi, iboralar orasida sukut saqladi, ishqilib, jizzaki elchixona xodimining jinini qo‘zitmaslikka harakat qildi. Biroq u gapirayotgan paytda Vaysman qog‘oz ushlab turgan qo‘lini pastga tushirmadi, kiprik qoqmasdan, yum-yumaloq ko‘zlarini lo‘q qilib o‘tiraverdi. Boz ustiga, narigi olmonning lablarida yana zaharxanda alomati zohir bo‘ldi. G‘ulom Husaynli rasmiy xat mohiyatini batafsil izohlagach, og‘ir jinoyatning ashyoviy dalilidek, boyadan beri Vaysman qo‘lidan qo‘ymay turgan hujjat haqida tushuncha berdi. Gapirayotib, bular hozir menga bir balo bo‘lishini kutyapti, deb o‘yladi negadir. Xo‘sh, menga nima bo‘lishi mumkin?.. G‘ulom Husaynli birdan to‘xtab, o‘ylanib qoldi. Vaysman esa hamon hisob-kitob yozilgan qog‘ozni tutganicha unga qarab o‘qrayib turardi. Sas-sadosiz ta’na-dashnom G‘ulom Husaynlining suyak-suyagidan o‘tib ketdi. U yana terlay boshladi. A’zoyi badanidan quyilib kelayotgan ter yupqagina chit ko‘ylagini birpasda jiqqa ho‘l qildi. Terlab-pishib ketganini sezib o‘zidan uyaldi, asabiylashdi, natijada battar terlay boshladi. Bir necha oy muqaddam shosha-pisha, buxgalter bilan antologiya xarajatlarini hisob-kitob qilganini esladi. Shu narsa boshga bitgan balo bo‘ldi-ku, deb o‘yladi ijirg‘anib. Undan voz kechsam qutulamanmi?.. G‘ulom Husaynlining nazarida, olmonlar uning terlab-pishib xijolatdan qovurilayotganini maroq bilan tomosha qilib o‘tirgandek tuyuldi. Kutilmaganda Vaysman G‘ulom Husaynlining izohlaridan qoniqish hosil qilgandek qo‘lini pastga tushirib, hisob-kitob yozilgan qog‘ozni papkadagi hujjatlar orasiga avaylabgina tiqdi-da, boshqa varaqni olib yoqimtoy olmonning oldiga qo‘ydi. G‘ulom Husaynli uzoqdan turiboq o‘zlari olmon tilida tuzgan — antologiyaga kirishi rejalashtirilgan yozuvchilar ro‘yxatini darrov tanidi.

— “Kristian” so‘zi noto‘g‘ri yozilibdi. Olmonchada bu atoqli ot “Xh” harfi bilan yoziladi, sizlar “K” bilan yozasiz…

Shtrausga o‘xshagan yoqimtoy olmon chuchukroq tilda so‘zlar ekan. Hechqisi yo‘q, ajnabiylar talaffuzidagi nuqson kechirimli. Muhimi, u ozarboyjoncha gapirdi. Ammo nutqida xiyla qusur seziladi. Xususan, undosh tovushlarni olmoncha yo‘sinda halqumidan chiqarib, tishlarining orasidan o‘tkazib o‘qday otib yuborsa, yumshoq unli tovushlarni qattiq ohangda talaffuz etardi. Bolalik chog‘laridan quloqlariga o‘rnashgan mayin, musiqiy tovushlar xuddi bir arava shag‘aldek G‘ulom Husaynlining ustiga ag‘darilardi.

“Shtraus” gapini tamomlab zo‘raki jilmaydi, lekin bu jilmayish mamnunlikni emas, qahr-g‘azabni ifodalardi.

— Qolaversa, bizga taqdim etilgan hujjatda qayd etilishicha, kitobning yuz nusxasi har xil idoralarga sovg‘a qilinar ekan. Buni nima deb tushunish kerak?..

“Yo‘q, endi chidab bo‘lmaydi! — deya xayolan e’tiroz bildirdi G‘ulom Husaynli g‘azabini arang jilovlab. — Nima, bular meni muttaham deb o‘ylayaptimi?!”

Yoqimtoy olmon birdan Vaysmanga o‘xshab G‘ulom Husaynliga o‘qrayib tikildi; G‘ulomboyning yuragi tovoniga tushib ketdi go‘yo, tizzalari bilinar-bilinmas qaltiray boshladi, tomog‘iga mushtdek bir nima qadalib qoldi. Ajabo, u hech qachon bunday ahvolga tushmagan edi. Lekin odamning tizzasi qachon qaltirashini yaxshi biladi… Voy ablahlar-ey, odam bolasini shu qadar xo‘rlash kerakmi?!.

Yillar davomida so‘lib-so‘nib qolgan to‘fon birdan ko‘krak qafasini larzaga keltirib yubordi.

— Nima demoqchisiz o‘zi? — dedi G‘ulom Husaynli o‘smoqchilab. Guldurak yanglig‘ ovozidan o‘zi ham ilhomlanib ketdi. Bir juft amaldorvachcha baqrayib o‘tirgan bu xonada, darhaqiqat, uning tovushi momoguldirakdek yangragan edi. — Balki o‘sha idoralardan ishonchnoma ham keltirib berishim kerakdir? Nima balo… — deb birdan aytmoqchi bo‘lgan gapini unutgandek to‘xtab qoldi. — Siz… meni kim deb o‘ylayapsiz o‘zi?!

G‘ulom Husaynli hayajon girdobiga tushgan, hiqildog‘iga qadalib qolgan mushtdek bir narsa hamon tovushini bo‘g‘ib turar, shu boismi, so‘zlari olmonlarga deyarli ta’sir etmas edi. Ular ko‘zlarini lo‘q qilib, qilt etmay o‘tirardi. Haddan ziyod hayajonlanganidanmi yoki o‘zi aytgan so‘zlar ta’siridami, G‘ulom Husaynlining ko‘z oldi qorong‘ilashib qoldi.

— Odamni yana qancha xo‘rlash mumkin?! Sizlar beradigan o‘sha hisob-kitobli pulni o‘marib ketamanmi?! Nima, meni hech narsani tushunmaydigan ahmoq deb o‘ylayapsizlarmi?! Siz…

U diydasida yosh aylanayotganini sezdiyu ajnabiylar oldida yig‘lab yubormaslik uchun sapchib o‘rnidan turdi.

Bu dimiqqan binoda yo‘q bo‘lib ketishni, insoniy sha’nini yer bilan yakson etishni istamadi — yana birpas tursa, yo‘laklarga to‘shalgan qalin gilamlar qadam tovushlariga qo‘shib uni ham yutib yuborishi hech gap emasdi go‘yo!

Yugurib ko‘chaga chiqdi.

Ko‘chalar gavjum edi. Yengil-elpi kiyinib olgan odamlar qahvaxonalardan taralayotgan musiqa sadolari ostida sayr etib yurishardi.
U halloslab borib muyulishdan burildi-da, Favvoralar maydoniga chiqdi. Endi eslab ko‘rsa, hali ko‘zlarida yosh halqalanib o‘rnidan turayotgan paytda olmonlardan birining labi titrab ketgan, so‘ng loqayd basharasida qoniqish alomatlari paydo bo‘lgan ekan. U buni ko‘z qiri bilan ko‘rgan, yaqqol his etgan edi.
Xudo bilsin, bir insonning xor-zor bo‘lishini, ikki qo‘lini tos ko‘tarib maydondan chiqib ketishini lo‘ttiboz amaldorvachchalar qancha kutgan ekan! Mana, endi ular murodiga yetdi.

“Xuddi rasmona urushga o‘xshaydi-ya!” dedi ichida G‘ulom Husaynli.

U tamaki tutatib chekdi. O‘sha la’nati uchrashuvni tezroq unutishga ahd qildi.

Ko‘chalarda bamaylixotir aylanib yurdi: birovning boshiga qaradi, birovning oyog‘iga… Goh-goh miyig‘ida kulib qo‘yardi: bosh yoki oyoqqa qarab do‘st kim, dushman kim — bilib bo‘lmaydi-ku, birodar!

Ko‘cha-ko‘yda odamlar kiyib yurgan poyabzallarni G‘ulom Husaynli olmonlarning o‘sha poyabzal do‘konida ko‘rgandek edi. Ularning barchasi Vaysmanning botinkasidek yarqirar, g‘ashingizni keltirib g‘irchillar edi.

Hamma olmon tuflisini kiyib olgan, mana, o‘zi ham o‘shanaqa boshmoqni sudrab yuribdi. G‘ulom Husaynlining yuragi siqildi, tezroq uyga ketgisi keldi — ajnabiy poyabzallarini ortiq tomosha qilishni istamasdi.

U sigaretini axlatdonga otib yuborib, qadamini tezlatdi.

“Eng ajablanarli joyi shundaki, mana shu bema’ni hodisaning ham qandaydir ma’nisi bor, — deya yo‘l-yo‘lakay xayolidan o‘tkazdi G‘ulom Husaynli. — Vaysman har qancha pastkash bo‘lmasin, lekin u ham o‘zicha haq…”

* * *

Oradan bir hafta o‘tgach, G‘ulom Husaynli shaxsan elchi janoblarining nomiga maktub yo‘llab, saforatxona xodimi uni nechog‘liq xo‘rlagani, sarson-sargardon etganini batafsil bayon qildi.

Keyingi haftada elchixonadan javob keldi. Elchixonaning madaniy ishlar bo‘yicha vakilasi frau Zibek uni suhbatga taklif etgan edi.

“Ular kim bilan o‘ynashayotganini bilgan bo‘lsa kerak!..” Bu fikr G‘ulom Husaynliga xiyla taskin berardi. Adabiy mushohadalardan, jiddiy dalil-dastaklardan iborat maktub har qanday fahm-farosatli odamni befarq qoldirmaydi.

…Belgilangan kuni u elchixonaga yetib bordi. Har ehtimolga qarshi, Vaysman bilan “Shtraus”ning xurmacha qiliqlari, olmonlarning e’tiborsizligi haqida muxtasargina, ammo sermazmun nutq qoralamasini ham hozirlab olgan edi.

Qabulxonaga kiraverishda oynavand to‘garak stol ortida alchayib o‘tirgan, allaqachon olmonlashib ulgurgan anovi ozarboyjon qiz telefonda kim bilandir shivirlashib gaplashayotgan ekan. Unga ko‘zi tushgan zahoti go‘shakni kafti bilan to‘sib:
— Qulog‘im sizda, — dedi.

— Men soat o‘n uchga taklif etilganman, — dedi G‘ulom Husaynli ich-ichidan g‘ururlanib. Aslida, shu choqqacha mana shu qizga ham tilyog‘lamalik qilishga majbur edi; endi hammasi boshqacha bo‘ladi — eski teraklar kesilib ketgan.

— Kim taklif etgan?
— Frau Zibek.

Qiz narigi telefon go‘shagini ko‘tarib, bir tugmachani bosdi va kim bilandir olmon tilida qisqagina gaplashib, go‘shakni joyiga qo‘ydi.

— Siz to‘rt daqiqa kechikdingiz, — dedi u keyin. — Hozir frau Zibek bandlar. Qayta uchrashuv tayin qilinishini so‘rab elchixonaga ariza bilan murojaat etishingiz mumkin…

G‘ulom Husaynli chap tomon devorga osib qo‘yilgan soatga qaradi.

Darhaqiqat, soat o‘n uchdan to‘rt daqiqa o‘tgan edi…

Rus tilidan Nabijon Boqiy tarjimasi

Manba: “Tafakkur” jurnali, 2006 yil, 4-son

032

(Tashriflar: umumiy 242, bugungi 1)

Izoh qoldiring