Parvin Nuraliyeva. Shirinlik

002
Аслида ойлигимдан онамга заррача фойда йўқ. Бечора онам маошим 192 манат эканини эшитган холос. Нима қилай, ҳали ёш қиз бўлсам… Турмушга чиқишни, кезишни, бежирим кийинишни истайман. Энг зўр ресторанларнинг лаззатли таомларини бош­қаларга қараганда кўпроқ тановул қиламан. Дугоналарим менга ҳасад қилишади. Чунки қанча овқат есам-да, асло семирмайман. Дугоналарим гўё парҳез тутишади, лекин мен, барибир, улардан хипчабелман. Барча ейишга қўрқадиган шарқ ширинликларини бўлса, отамнинг сўзи билан айтганда, “бўғзимга келгунича” ейман.

01y
Парвин Нуралиева
ШИРИНЛИК
Бобохон Шариф таржимаси
074

023Парвин Нуралиева сўнгги йилларда озарбайжон адабиётига кириб келган истеъдодли ёзувчилардан бири. Адиба 1984 йили Боку шаҳрида  туғилган. Илк насрий китоби «Қор ёғмоқда» номи билан нашр этилган. Унинг асарлари Озарбайжон Президенти ва Миллий Китоб мукофотлари билан тақдирланган. Парвиннинг ҳикоялари ва қиссалари бир қатор  хорижий тилларга таржима қилинган. «Жаҳон адабиёти» журналининг 2014 йил 4-сонида истеъдодли адибанинг «Балет раққосаси» номли киноқиссаси Севара Алижонова таржимасида эълон қилинди. Яқин кунларда бу асарни ҳам сизга тақдим этиш режамиз бор.

074

Узундан-узоқ савдо қилишни ёқтирмайман. Лекин кийим-кечак дўконларини жуда яхши кўраман. Маошимни олар-олмас, оёғимни қўлимга олиб, шаҳар савдо марказларига чопаман. Аммо, афсуски, маошим жуда кам. Кошкийди, ҳеч қаерда ишламасам-у, ҳар кун маош олсам, қандай ажойиб иш бўларди. Бир ой ишлатишади, аммо фақат бир кун маош беришади. Шунақаям адолатсизлик бўладими? Берган маошлари бўлса, икки кўйлак олар-олмас, тугайди-қўяди. Қишлоққа ҳам пул юбора олмайман. Онам мендан сўрайди:
— Ойлигинг неча манат?
— 192 манат, — деб жавоб бераман.

Аслида ойлигимдан онамга заррача фойда йўқ. Бечора онам маошим 192 манат эканини эшитган холос. Нима қилай, ҳали ёш қиз бўлсам… Турмушга чиқишни, кезишни, бежирим кийинишни истайман. Энг зўр ресторанларнинг лаззатли таомларини бош­қаларга қараганда кўпроқ тановул қиламан. Дугоналарим менга ҳасад қилишади. Чунки қанча овқат есам-да, асло семирмайман. Дугоналарим гўё парҳез тутишади, лекин мен, барибир, улардан хипчабелман. Барча ейишга қўрқадиган шарқ ширинликларини бўлса, отамнинг сўзи билан айтганда, “бўғзимга келгунича” ейман. Сессия вақтида имтиҳонларга тайёрланар эканман, университетнинг муздай совуқ ўқув залида ўтириб, “Анорганик кимё” китоби саҳифаларини варақларканман, ширинликларни тановул қилиш йўли билан бироз исинмоқчи бўлишнинг нимаси ёмон?

Холаларим ширинликни ёқтиришмайди. Шунинг учун ширинликни фақат ўзим сотиб оламан ва уйдаги стол устига қўйиб қўяман. Ширинлик неча кунлаб шу ерда кутиб ётади, лекин уни ейдиган одамнинг ўзи йўқ. Стол устида ғариб бўлиб ётган ширинликнинг ҳолига раҳмим келади ва ҳаммасини яна ўзим паққос тушираман. Ҳаа… Мана ширинликлар сотиладиган дўкон… Бу дўконни жуда яхши кўраман, бу ерда бўлишдан роса лаззатланаман… Қандай гўзал, кенг, замонавий дўкон бу… Дўконнинг пешонасига “Шамс” деган сўз рангли ҳарфлар билан қирмизи матога шунақа чиройли ёзилганки, ёзувни кўрган кишининг вақти чоғ бўлади. Менга жуда чиройли исм қўйишган. “Ироданинг номи қўйилган дўконми? Бизнинг қишлоғимизда Иброҳим амакининг тахта дўконига ўхшайди…” Ҳа энди, бу ёғини қўяверинг…

Бу дўкондаги сотувчи жуда ғалати йигит… Қўл дегани шунчалик ҳам узун бўладими?! Кафтлари кетмондай келади! Гўё оёқларини билакларига улаб қўйишгандай! Ё худо, қўл дегани шунчалик ҳам катта бўладими? Ўзи бўлса, кесакдай ғирт ҳиссиз… Қачон шу дўконга кирсам, мингта саволга кўмади. Худди шу чоққача мени ҳеч кўрмаган, гўё танимайди. Мен бўлсам, ширинликларни битта-биттадан тотиб кўрмай, харид қилолмайман. Оҳ, қандай яхши бўлди-я, ичкарида бир хотин бор экан. Сотувчи бу рус аёли учун гуруч танлагунга қадар, мен саватлардаги турли туршак, майизлардан еб, оладиган нарсаларимнинг мазасини тотиб кўра қолай…

…Э, Худо, шу тут майизини бунчалик яхши кўрмасам?! Лекин булар, афтидан, Эрон моли бўлса керак. Холамнинг боғидаги тутдан териб, қуритадиган майизимизнинг тотига ҳечам ўхшамайди… Ҳммм… Бу саватдаги тут майизи бўлса, жуда ширин экан… Бундан олишим керак… Айтай, 200 грамм тортсин. Эээҳ, бу рус аёл нега мунча тез кет­дия. Сотувчи йигитни яна бироз гапга тутсайди, бу ердаги ҳамма нарсадан тотиб кўрган бўлардим-а. Энди бўлса, бу сотувчи ёнимга келволиб, яна гап сота бошлайди: “Ойимқиз, сизга ёрдам берсам бўлармикан? Сизга бирон нарса тавсия қилсам бўладими? Фалон ширинликни шу бугун олиб келишди… Кўринг, мана бу Тунис хурмоси, сизга ярим кило тортайми?..” дейди ва шунақа кераксиз саволлар билан жонимга тегиб кетади… Истасанг юз марта: “Бирон нарсани танласам, сизга айтаман” денг. Бефойда, у ўз билганидан қолмайди ва ҳар гал айни саволларни такрорлайверади. Бу вайсақи бола профессордай тўхтамай сўзласа-да, 300 грамм кунжут неча манат бўлишини калькуляторда ҳисоблайди.

Мана, яна ёнимга келди:
— Марҳамат ойимқиз. Сизга ёрдам берсам бўладими?
Айтдим-ку… Энди бошлади…
— Сиз ҳозир мана шу тут майизидан 200 грамм тортинг, бошқаларини бўлса, тотиб кўргач, айтаман.
Кошки, бу дўконда ишласайдим… Муштарийларга ҳечам халақит бермасдим. Хоҳлаган нарсасининг мазасини тотиб кўрган, ёқтирганларини олган бўлишарди.

Эшик очилди, шекилли. Оралиқдаги баланд жавонлардан у ер кўринмайди-да… Афтидан, янги муштарий келди… Яхши бўлди, ҳеч бўлмаганда, манави сотувчи ёнимдан кетар, бунақа бездирувчи саволлари билан янги келган хотиннинг бошини қотирар.
— Кўп яшанг. Сиз янги келган хоним афандига истаган нарсаларини беринг, уни кузатинг. Мен ҳали кўриб чиқмадим, бир қарорга келмадим.

Ичига бодом солинган ранг-баранг шоколадларни кўрсам, ўлиб қоламан. Буларни кўп еганим учун онамнинг жаҳли чиқади, шундан кейин болалик чоғлари ҳақида гапира кетади. Бундай чоғларда йиғлаворай дейман. Онам: “Ширинлик анқонинг уруғи эди, — дейди, — Шаҳарга борганлар гоҳо печенье келтиришарди, билганимиз шу эди холос. Оооҳ, у кунлар бошқа қайтиб келмасин!”, дерди. Бу ширинликлардан олиб, қишлоққа юборсаммикан? Йўқ, йўқ, яхшиси, ўзим олиб бораман. Аммо йўлда ярмини еб қўйишим турган гап. Демак, бироз кўпроқ олишим керак…

…Бу хотин Мунаввар аммага шунчалик ўхшар эканки… Худди ўшандай бўйи паст ва семиз… Лекин бу аёл ўзини кўпам олдирмаган. Ўзига яхши қараши кўриниб турибди, боз устига кўзлари ҳам чақнаб турибди. Аммо калта сочи бу баданга ҳеч ярашмабди. Ҳой аммажон, шу сочларингни ўстирсанг-чи, дегинг келади… Соч ўрими ҳам унга жуда ярашган бўларди! Кўзлари янада жозибадор кўринган бўларди… Ҳай майли, ўзи билади…

… Ие, бу нимаси? Биринчи марта кўриб турибман. Болалигимизда чечаклардан ўрган гулчамбарларимизга ўхшайди. Бу ҳиссиз сотувчи, кошки, бирон нарсани билса?!.. Балки, бу хотин билар, ундан сўраб кўрай-чи…

— Хоним афанди, кечирасиз, бу нима экан, биласизми?
— Эвелик, қизим. Буни паловга солишади. Қандай мазали бўлишини бир билсанг эди? Ё ҳеч еб кўрмаганмисан?
— Йўқ, биз томонларда паловга бу нарсани солишмайди. Аммо мазасини тотиб кўришни жуда хоҳлаяпман…
— Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ! Ҳозир сенга ҳаммасини айтиб бераман. Бундан ол, уйга бориб ўзингга палов пишир. Энди диққат билан қулоқ сол, аввалига ёрмани оласан…

… Бу аёл оддий бир таом бўлган паловнинг қандай пиширилишини шунақа келиштириб, берилиб таърифлаяпти, ёрмани, эвеликни бор тафсилотлари билан тушунтиряптики, оғзингдан сувинг оқади. Адабиёт муаллимларимиз ҳам бунчалик чиройли сўзлай олмайдилар. Бу хотин адабиёт домламиз бўлганида борми, дарсда телефонимни чиқариб, мактуб ёзиш билан маш­ғул бўлмаган бўлардим…

— … Қизим, ҳозироқ уйга бориб, иш бошлашинг лозим. Бу иш анча вақт олади, овқатинг оқшомга борибгина пишади. Акс ҳолда, улгурмайсан. Сен, ҳар­ҳолда, талабасан, кўпам вақтинг бўлмаса керак.

… Бу қандай яхши аёл-а. Қанчалик сабр-тоқат билан менга ҳаммасини тушунтириб бераётир… Ҳолбуки, холамдан бир нарсани сўрасам, дарҳол жеркиб ташлайди… Сўнгра: “Сени ўғлимга олиб бераман”, дейди. Икки дунёда рози бўлмайман! Ялиниб-ялпоқланса-да, кўнмайман. Чунки у уйига келин эмас, хизматкор олмоқчи…

— Бу ерда бу дўкон қачон очилди? Бу ер жуда гўзал! Ширинликдан тортиб мева-сабзавотгача ҳар нарса бор экан бу ерда. Уйимга ҳам жуда яқин. Мен бозорга борардим. Энди барча керак нарсаларимни ҳар куни шу ердан оламан… Бу занжабилми ёки долчинми?

Аёл гўё бу ўғлон бу ердаги ҳамма нарсани биладигандек, савол беряпти… Бу бола ҳам энди, худди ҳамма нарсани биладигандек, ўзини ақлли кўрсатишга уринади. У қаердан ҳам билсинки…
— Хоним афанди, қани менга беринг-чи, бир кўрай! Бу, менимча, занжабил бўлса керак…
— Ҳа, мен ҳам шундай бўлса керак, деб ўйловдим. Қизим, сен ҳам ол бундан. Жуда фойдали. Ҳар куни эрталаб бир қошиқ асалга аралаштириб егин. Фойдасини санаб адо қилиб бўлмайди. Юзингга, сочларингга жуда яхши!

Э, Худойим-эй, бу хотин қанчалик кўп нарсани билар экан, ҳамма нарсадан хабари бор… Жуда билағон… Қайнана дегани шундай бўлиши керак… Ажабо, бўйдоқ ўғли бормикан? Устига устак ўзи ҳам шу ерда яшар экан! Балки у ҳам мени ёқтириб қолгандир?! Бўлмаса, нега мени бу қадар яқин олди? Ҳалидан бери мени бошдан-оёқ киши билмас кузатяпти… Бироз гаплашай, кўрайлик, нима чиқар экан…

— Кўп яшанг, хоним афанди, оламан. Бувим эрталаблари пиширадиган сутли ошга занжабил қўшарди. Занжабил ва долчинни болалигимдан бери жуда яхши кўраман.
— Ҳа, мен ҳам ўғлимга ҳар куни тонгда бу дориворларни қўшиб, олхўрили шўрва пишириб берардим. Ҳиди кўчани тутиб кетарди. Хоҳласанг, ўзингга туршак ҳам ол, туршакли шўрва пиширасан. Ҳозир айни туршак шўрва ичадиган палла. Энди уйингга бориб, туршак шўрва пиширгин, жуда мазали бўлади.

…Ҳмм, демак, ўғли бор экан! Маълум бўлдики, ўғлини пўпалаб ўстирган. Ажабо, ўғли отасига ўхшармикан ёки онасига? Бунақа аёлнинг ўғли ҳам келишган бўлиши керак, албатта. Ҳааа… Бунақа меҳрибон, устимда ўлиб қоладиган қайнонам бўлса борми, дугоналарим ҳасаддан ёрилиб ўлишади…
…Эҳ, мен бунчалик тентак бўлмасам. Ҳалидан буён ангра­йиб атрофга аланглаб ўтирибман. Аёл мени ҳеч нарсани билмайдиган, пандавақи деб ўйлайди-ку. Ўзимни бироз ақлли, чаққон, билимдон қилиб кўрсатишим керак…

— Кечирасиз, менинг ҳеч вақтим йўқ, бориб дарс тайёрлашим керак. Бунинг устига овқат пиширишим ҳам даркор… Марҳамат қилиб, оладиган нарсаларимни қадоқлаб берасизми?
— Марҳамат, ойимқиз.

…Бу йигитнинг сохта табассумлари асабларимга тегади. Ўзича муштарийларга хушмуомала, назокатли кўринмоқчи… Ҳай майли… Ўзимни одобли қилиб кўрсатишим лозим. Ҳа, шундай, уйига одобсиз келин келтиришни ким ҳам истайди? Бунинг устига шаҳарнинг қоқ марказида…
— Агар сизга қийин бўлмаса, бодомли шоколаддан ҳам ярим кило тортинг. Асалли пистадан ҳам 300 грамм… Эрон ҳалвосидан ҳам бироз беринг… Сўнг, ҳммм…
— Жон қизим, менимча, шунчаси етар! Сен бу ёшингда бунчалик қувватли ширинликлар ейверсанг, семириб кетасан. Ундан кейин ҳеч ким сенга уйланишни хоҳламай қўяди, қийин аҳволга тушиб қоласан… Буларни олдинг, шу етади. Бу гапларни сени деб айтяпман… Энди уйингга бор, буларни еб, дарсингни тайёрла…
Ана сенга керак бўлса! Бу аёл бунчалик замонавий экан! Онам айтганидай: “Бўз деганим ипак чиқди”. Бунақа қайнонани асло қўлдан чиқариб бўлмайди… Ҳарҳолда, бу дўконни жуда ёқтирганини, ҳар куни бу ерга келиб савдо қилишини айтди-ку. Мен ҳам ҳар куни бир баҳона топиб, бу ерга келаман. Бир куни у, албатта, ўғли билан бирга келади. Албатта… Мени ўғлига кўрсатиши керак… Энди бироз тош босадиган гаплардан гапирай. Бўлмаса, у мени ҳафтафаҳм, гўл қизлардан экан деб ўйлайди.

— Тўғри айтяпсиз, хоним афанди. Мен ҳам шу фикрдаман. Аммо буларни фақат ўзим емайман, олганларимнинг кўпини қишлоққа, онамга юбораман.
— Сен жуда ақлли қизга ўхшайсан. Ҳамиша шундай бўлгин. Сумкангни бер, ушлаб турай, буларни тўрвага солайлик, вақтингни тежайлик.

… Худо ҳаққи, бундай назокатли, бошқаларга мунчалик меҳрибон аёлни биринчи марта кўриб турибман. Унинг ўғли ҳам, албатта, савияси баланд, жуда маданиятли бўлиши керак. Ҳозирча эртароқ, лекин кейинги учрашувимизда, албатта, ўғлидан гап бошлайман. Ҳозир гапирсам, турмушга чиқиш учун ўлиб-тирилаётган экан, деб ўйлайди… Эндиги асосий масала — бу аёлнинг меҳрини қозониш ва хотирасида гўзал қиз сифатида қолиш… Харид қилган нарсаларимнинг пулини сотувчига тўлаб, бу ердан чиқишим керак. Аммо, тўғрисини айтганда, ўша ичи ёнғоқли хурмони олмаганим учун куйиб кетяпман…

— Қанча қарз бўлганимни айтасизми? Неча манат?
Ҳмм… Яна ҳисоблагични олиб, рақамларни кўпайтиришга киришди… Асабларим қақшайдиган бўлди-да…
— 13 манат 50 тийин, ойимқиз.
— Ташаккур, мана олинг!
— Биз ташаккур билдирамиз, яхши боринг, яна кутамиз…
— Қизим, эҳтиёт бўлиб кет. Ҳозирги ёшлар орқа-ўнгига қарамай машина чоптиришади…
Яна бироз қолсам, бу аёл мени роса мамнун қилади. Ҳатто, онам менга бунчалик эътибор қилмайди. Холам-чи? Бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлаверади…
— Соғ бўлинг, хоним афанди. Яхши кунларда кўришайлик, хайр.

…Ҳаётда шунақа хотинлар ҳам бўлар экан-да. Ҳеч танимаган бирига кўрсатаётган мулозаматига қара. Бу аёлнинг илтифоти мени мумдай эритиб юборди-я! У билан яна учрашиш учун, ғайрат қилишим керак. Зотан, ҳозирги ёшларни илинтириш учун уриниб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ… Муҳими — қайнона билан тил топишиш. Бунақасини яна қаердан ҳам топардим? Аёлнинг киборлигига қара, эвели солинган палов пиширишни эринмай тушунтирди, соғлигимга эътибор беришим учун қўлидан келганича ҳаракат қилди, харидларимни тўрвага солишимга кўмаклашди… Сотувчи бола ҳам анграйиб қолди. Ишонаманки, у ҳам умрида бунақа аёлни кўрмаган. Тили танглайига ёпишиб қолгандай, ғиқ этолмади.

…О-оҳ… Нақадар каллаварам, қўпол бир қизман ўзи! Аёлга кўмаклашишни ҳам таклиф қилмабман. Энди орқамдан: “Бу жуда тарбиясиз қиз экан”, дейди. Тўрваларини ташишига ёрдам қилишим керак эди. Ким билади, уйи нечанчи қаватда? Олган нарсаларини юқори қаватга чиқаргунча қўл-оёқдан тушади-ку, бечора хотин… Ҳали кўпам узоқлашганим йўқ… Ажабо, аёл ҳалиям ўша дўкондамикан? Албатта, ўша ерда бўлса керак… Қайтиб, унга кўмаклашсам, жуда яхши бўлади.

Эҳ… бу дўконларнинг эшиги ҳам ҳар гал асабимни ўйнатади. Ичкарига очиладими, ташқаригами, билиб бўлмайди. Бир белги қўйсалар-ку, одамлар нима қилишини билган бўлардилар…
Бу ер дўкон эмас, лабиринт! Ўртадаги баланд жавонлар одамни яхшигина шошириб қўяди. Ўҳ! Оллоҳга шукурки, аёл ҳали кетмаган экан. Бу ҳиссиз йигитга яна бир нарсаларни англатяпти, шекилли.

— … Ҳозирги қизларнинг тутуруғи йўқ. Замонамиз қизлари енгилтак бўлиб кетган. Бизнинг замонимизда ҳаммаси бошқача эди, бизлар ҳечам буларга ўхшамасдик. Бошимизни кўтариб, бир йигитнинг юзига қарашга ҳам уялардик… Сен бироз олдинги қиз нарса танламоқчи бўлди, деб ўйлайсанми? Йўқ… Унақа эмас… У қиз сендай келишган йигитни кўрди-ю, эсини йўқотди. Кўрмадингми? Сал бўлмаса, оғзидан суви оқаёзди… Гўё ширинлик танлаётганмиш, ўл-а! Ахир, сендай йигитни қаердан ҳам топарди… Бу ёш қизлар сендай ёқимтой йигитнинг қадрини, қийматини билмайдилар… Эҳ! Бу дўконни ҳозиргача нега билмаган эканман… Бундан кейин…

07
Parvin Nuralieva
SHIRINLIK
Boboxon Sharif tarjimasi
074

023  Parvin Nuralieva so’nggi yillarda ozarbayjon adabiyotiga kirib kelgan iste’dodli yozuvchilardan biri. Adiba 1984 yili Boku shahrida  tug’ilgan. Ilk nasriy kitobi «Qor yog’moqda» nomi bilan nashr etilgan. Uning asarlari Ozarbayjon Prezidenti va Milliy Kitob mukofotlari bilan taqdirlangan. Parvinning hikoyalari va qissalari bir qator  xorijiy tillarga tarjima qilingan. «Jahon adabiyoti» jurnalining 2014 yil 4-sonida iste’dodli adibaning «Balet raqqosasi» nomli kinoqissasi Sevara Alijonova tarjimasida e’lon qilindi. Yaqin kunlarda bu asarni ham sizga taqdim etish rejamiz bor.

074

Uzundan-uzoq savdo qilishni yoqtirmayman. Lekin kiyim-kechak do’konlarini juda yaxshi ko’raman. Maoshimni olar-olmas, oyog’imni qo’limga olib, shahar savdo markazlariga chopaman. Ammo, afsuski, maoshim juda kam. Koshkiydi, hech qaerda ishlamasam-u, har kun maosh olsam, qanday ajoyib ish bo’lardi. Bir oy ishlatishadi, ammo faqat bir kun maosh berishadi. Shunaqayam adolatsizlik bo’ladimi? Bergan maoshlari bo’lsa, ikki ko’ylak olar-olmas, tugaydi-qo’yadi. Qishloqqa ham pul yubora olmayman. Onam mendan so’raydi:
— Oyliging necha manat?
— 192 manat, — deb javob beraman.

Aslida oyligimdan onamga zarracha foyda yo’q. Bechora onam maoshim 192 manat ekanini eshitgan xolos. Nima qilay, hali yosh qiz bo’lsam… Turmushga chiqishni, kezishni, bejirim kiyinishni istayman. Eng zo’r restoranlarning lazzatli taomlarini bosh­qalarga qaraganda ko’proq tanovul qilaman. Dugonalarim menga hasad qilishadi. Chunki qancha ovqat yesam-da, aslo semirmayman. Dugonalarim go’yo parhez tutishadi, lekin men, baribir, ulardan xipchabelman. Barcha yeyishga qo’rqadigan sharq shirinliklarini bo’lsa, otamning so’zi bilan aytganda, “bo’g’zimga kelgunicha” yeyman. Sessiya vaqtida imtihonlarga tayyorlanar ekanman, universitetning muzday sovuq o’quv zalida o’tirib, “Anorganik kimyo” kitobi sahifalarini varaqlarkanman, shirinliklarni tanovul qilish yo’li bilan biroz isinmoqchi bo’lishning nimasi yomon?

Xolalarim shirinlikni yoqtirishmaydi. Shuning uchun shirinlikni faqat o’zim sotib olaman va uydagi stol ustiga qo’yib qo’yaman. Shirinlik necha kunlab shu yerda kutib yotadi, lekin uni yeydigan odamning o’zi yo’q. Stol ustida g’arib bo’lib yotgan shirinlikning holiga rahmim keladi va hammasini yana o’zim paqqos tushiraman. Haa… Mana shirinliklar sotiladigan do’kon… Bu do’konni juda yaxshi ko’raman, bu yerda bo’lishdan rosa lazzatlanaman… Qanday go’zal, keng, zamonaviy do’kon bu… Do’konning peshonasiga “Shams” degan so’z rangli harflar bilan qirmizi matoga shunaqa chiroyli yozilganki, yozuvni ko’rgan kishining vaqti chog’ bo’ladi. Menga juda chiroyli ism qo’yishgan. “Irodaning nomi qo’yilgan do’konmi? Bizning qishlog’imizda Ibrohim amakining taxta do’koniga o’xshaydi…” Ha endi, bu yog’ini qo’yavering…

Bu do’kondagi sotuvchi juda g’alati yigit… Qo’l degani shunchalik ham uzun bo’ladimi?! Kaftlari ketmonday keladi! Go’yo oyoqlarini bilaklariga ulab qo’yishganday! YO xudo, qo’l degani shunchalik ham katta bo’ladimi? O’zi bo’lsa, kesakday g’irt hissiz… Qachon shu do’konga kirsam, mingta savolga ko’madi. Xuddi shu choqqacha meni hech ko’rmagan, go’yo tanimaydi. Men bo’lsam, shirinliklarni bitta-bittadan totib ko’rmay, xarid qilolmayman. Oh, qanday yaxshi bo’ldi-ya, ichkarida bir xotin bor ekan. Sotuvchi bu rus ayoli uchun guruch tanlagunga qadar, men savatlardagi turli turshak, mayizlardan yeb, oladigan narsalarimning mazasini totib ko’ra qolay…

…E, Xudo, shu tut mayizini bunchalik yaxshi ko’rmasam?! Lekin bular, aftidan, Eron moli bo’lsa kerak. Xolamning bog’idagi tutdan terib, quritadigan mayizimizning totiga hecham o’xshamaydi… Hmmm… Bu savatdagi tut mayizi bo’lsa, juda shirin ekan… Bundan olishim kerak… Aytay, 200 gramm tortsin. Eeeh, bu rus ayol nega muncha tez ket­diya. Sotuvchi yigitni yana biroz gapga tutsaydi, bu yerdagi hamma narsadan totib ko’rgan bo’lardim-a. Endi bo’lsa, bu sotuvchi yonimga kelvolib, yana gap sota boshlaydi: “Oyimqiz, sizga yordam bersam bo’larmikan? Sizga biron narsa tavsiya qilsam bo’ladimi? Falon shirinlikni shu bugun olib kelishdi… Ko’ring, mana bu Tunis xurmosi, sizga yarim kilo tortaymi?..” deydi va shunaqa keraksiz savollar bilan jonimga tegib ketadi… Istasang yuz marta: “Biron narsani tanlasam, sizga aytaman” deng. Befoyda, u o’z bilganidan qolmaydi va har gal ayni savollarni takrorlayveradi. Bu vaysaqi bola professorday to’xtamay so’zlasa-da, 300 gramm kunjut necha manat bo’lishini kal`kulyatorda hisoblaydi.

Mana, yana yonimga keldi:
— Marhamat oyimqiz. Sizga yordam bersam bo’ladimi?
Aytdim-ku… Endi boshladi…
— Siz hozir mana shu tut mayizidan 200 gramm torting, boshqalarini bo’lsa, totib ko’rgach, aytaman.
Koshki, bu do’konda ishlasaydim… Mushtariylarga hecham xalaqit bermasdim. Xohlagan narsasining mazasini totib ko’rgan, yoqtirganlarini olgan bo’lishardi.

Eshik ochildi, shekilli. Oraliqdagi baland javonlardan u yer ko’rinmaydi-da… Aftidan, yangi mushtariy keldi… Yaxshi bo’ldi, hech bo’lmaganda, manavi sotuvchi yonimdan ketar, bunaqa bezdiruvchi savollari bilan yangi kelgan xotinning boshini qotirar.
— Ko’p yashang. Siz yangi kelgan xonim afandiga istagan narsalarini bering, uni kuzating. Men hali ko’rib chiqmadim, bir qarorga kelmadim.

Ichiga bodom solingan rang-barang shokoladlarni ko’rsam, o’lib qolaman. Bularni ko’p yeganim uchun onamning jahli chiqadi, shundan keyin bolalik chog’lari haqida gapira ketadi. Bunday chog’larda yig’lavoray deyman. Onam: “Shirinlik anqoning urug’i edi, — deydi, — Shaharga borganlar goho pechen`e keltirishardi, bilganimiz shu edi xolos. Oooh, u kunlar boshqa qaytib kelmasin!”, derdi. Bu shirinliklardan olib, qishloqqa yuborsammikan? Yo’q, yo’q, yaxshisi, o’zim olib boraman. Ammo yo’lda yarmini yeb qo’yishim turgan gap. Demak, biroz ko’proq olishim kerak…

…Bu xotin Munavvar ammaga shunchalik o’xshar ekanki… Xuddi o’shanday bo’yi past va semiz… Lekin bu ayol o’zini ko’pam oldirmagan. O’ziga yaxshi qarashi ko’rinib
turibdi, boz ustiga ko’zlari ham chaqnab turibdi. Ammo kalta sochi bu badanga hech yarashmabdi. Hoy ammajon, shu sochlaringni o’stirsang-chi, deging keladi… Soch
o’rimi ham unga juda yarashgan bo’lardi! Ko’zlari yanada jozibador ko’ringan bo’lardi… Hay mayli, o’zi biladi…

… Ie, bu nimasi? Birinchi marta ko’rib turibman. Bolaligimizda chechaklardan o’rgan gulchambarlarimizga o’xshaydi. Bu hissiz sotuvchi, koshki, biron narsani bilsa?!.. Balki, bu xotin bilar, undan so’rab ko’ray-chi…

— Xonim afandi, kechirasiz, bu nima ekan, bilasizmi?
— Evelik, qizim. Buni palovga solishadi. Qanday mazali bo’lishini bir bilsang edi? YO hech yeb ko’rmaganmisan?
— Yo’q, biz tomonlarda palovga bu narsani solishmaydi. Ammo mazasini totib ko’rishni juda xohlayapman…
— Buning hech qiyin joyi yo’q! Hozir senga hammasini aytib beraman. Bundan ol, uyga borib o’zingga palov pishir. Endi diqqat bilan quloq sol, avvaliga yormani olasan…

… Bu ayol oddiy bir taom bo’lgan palovning qanday pishirilishini shunaqa kelishtirib, berilib ta’riflayapti, yormani, evelikni bor tafsilotlari bilan tushuntiryaptiki, og’zingdan suving oqadi. Adabiyot muallimlarimiz ham bunchalik chiroyli so’zlay olmaydilar. Bu xotin adabiyot domlamiz bo’lganida bormi, darsda telefonimni chiqarib, maktub yozish bilan mash­g’ul bo’lmagan bo’lardim…

— … Qizim, hoziroq uyga borib, ish boshlashing lozim. Bu ish ancha vaqt oladi, ovqating oqshomga boribgina pishadi. Aks holda, ulgurmaysan. Sen, har­holda, talabasan, ko’pam vaqting bo’lmasa kerak.

… Bu qanday yaxshi ayol-a. Qanchalik sabr-toqat bilan menga hammasini tushuntirib berayotir… Holbuki, xolamdan bir narsani so’rasam, darhol jerkib tashlaydi… So’ngra: “Seni o’g’limga olib beraman”, deydi. Ikki dunyoda rozi bo’lmayman! Yalinib-yalpoqlansa-da, ko’nmayman. Chunki u uyiga kelin emas, xizmatkor olmoqchi…

— Bu yerda bu do’kon qachon ochildi? Bu yer juda go’zal! Shirinlikdan tortib meva-sabzavotgacha har narsa bor ekan bu yerda. Uyimga ham juda yaqin. Men bozorga borardim. Endi barcha kerak narsalarimni har kuni shu yerdan olaman… Bu zanjabilmi yoki dolchinmi?

Ayol go’yo bu o’g’lon bu yerdagi hamma narsani biladigandek, savol beryapti… Bu bola ham endi, xuddi hamma narsani biladigandek, o’zini aqlli ko’rsatishga urinadi. U qaerdan ham bilsinki…
— Xonim afandi, qani menga bering-chi, bir ko’ray! Bu, menimcha, zanjabil bo’lsa kerak…
— Ha, men ham shunday bo’lsa kerak, deb o’ylovdim. Qizim, sen ham ol bundan. Juda foydali. Har kuni ertalab bir qoshiq asalga aralashtirib yegin. Foydasini sanab ado qilib bo’lmaydi. Yuzingga, sochlaringga juda yaxshi!

E, Xudoyim-ey, bu xotin qanchalik ko’p narsani bilar ekan, hamma narsadan xabari bor… Juda bilag’on… Qaynana degani shunday bo’lishi kerak… Ajabo, bo’ydoq o’g’li bormikan? Ustiga ustak o’zi ham shu yerda yashar ekan! Balki u ham meni yoqtirib qolgandir?! Bo’lmasa, nega meni bu qadar yaqin oldi? Halidan beri meni boshdan-oyoq kishi bilmas kuzatyapti… Biroz gaplashay, ko’raylik, nima chiqar ekan…

— Ko’p yashang, xonim afandi, olaman. Buvim ertalablari pishiradigan sutli oshga zanjabil qo’shardi. Zanjabil va dolchinni bolaligimdan beri juda yaxshi ko’raman.
— Ha, men ham o’g’limga har kuni tongda bu dorivorlarni qo’shib, olxo’rili sho’rva pishirib berardim. Hidi ko’chani tutib ketardi. Xohlasang, o’zingga turshak ham ol, turshakli sho’rva pishirasan. Hozir ayni turshak sho’rva ichadigan palla. Endi uyingga borib, turshak sho’rva pishirgin, juda mazali bo’ladi.

…Hmm, demak, o’g’li bor ekan! Ma’lum bo’ldiki, o’g’lini po’palab o’stirgan. Ajabo, o’g’li otasiga o’xsharmikan yoki onasiga? Bunaqa ayolning o’g’li ham kelishgan bo’lishi kerak, albatta. Haaa… Bunaqa mehribon, ustimda o’lib qoladigan qaynonam bo’lsa bormi, dugonalarim hasaddan yorilib o’lishadi…
…Eh, men bunchalik tentak bo’lmasam. Halidan buyon angra­yib atrofga alanglab o’tiribman. Ayol meni hech narsani bilmaydigan, pandavaqi deb o’ylaydi-ku. O’zimni biroz aqlli, chaqqon, bilimdon qilib ko’rsatishim kerak…

— Kechirasiz, mening hech vaqtim yo’q, borib dars tayyorlashim kerak. Buning ustiga ovqat pishirishim ham darkor… Marhamat qilib, oladigan narsalarimni qadoqlab berasizmi?
— Marhamat, oyimqiz.

…Bu yigitning soxta tabassumlari asablarimga tegadi. O’zicha mushtariylarga xushmuomala, nazokatli ko’rinmoqchi… Hay mayli… O’zimni odobli qilib ko’rsatishim lozim. Ha, shunday, uyiga odobsiz kelin keltirishni kim ham istaydi? Buning ustiga shaharning qoq markazida…
— Agar sizga qiyin bo’lmasa, bodomli shokoladdan ham yarim kilo torting. Asalli pistadan ham 300 gramm… Eron halvosidan ham biroz bering… So’ng, hmmm…
— Jon qizim, menimcha, shunchasi yetar! Sen bu yoshingda bunchalik quvvatli shirinliklar yeyversang, semirib ketasan. Undan keyin hech kim senga uylanishni xohlamay qo’yadi, qiyin ahvolga tushib qolasan… Bularni olding, shu yetadi. Bu gaplarni seni deb aytyapman… Endi uyingga bor, bularni yeb, darsingni tayyorla…
Ana senga kerak bo’lsa! Bu ayol bunchalik zamonaviy ekan! Onam aytganiday: “Bo’z deganim ipak chiqdi”. Bunaqa qaynonani aslo qo’ldan chiqarib bo’lmaydi… Harholda, bu do’konni juda yoqtirganini, har kuni bu yerga kelib savdo qilishini aytdi-ku. Men ham har kuni bir bahona topib, bu yerga kelaman. Bir kuni u, albatta, o’g’li bilan birga keladi. Albatta… Meni o’g’liga ko’rsatishi kerak… Endi biroz tosh bosadigan gaplardan gapiray. Bo’lmasa, u meni haftafahm, go’l qizlardan ekan deb o’ylaydi.

— To’g’ri aytyapsiz, xonim afandi. Men ham shu fikrdaman. Ammo bularni faqat o’zim yemayman, olganlarimning ko’pini qishloqqa, onamga yuboraman.
— Sen juda aqlli qizga o’xshaysan. Hamisha shunday bo’lgin. Sumkangni ber, ushlab turay, bularni to’rvaga solaylik, vaqtingni tejaylik.

… Xudo haqqi, bunday nazokatli, boshqalarga munchalik mehribon ayolni birinchi marta ko’rib turibman. Uning o’g’li ham, albatta, saviyasi baland, juda madaniyatli bo’lishi kerak. Hozircha ertaroq, lekin keyingi uchrashuvimizda, albatta, o’g’lidan gap boshlayman. Hozir gapirsam, turmushga chiqish uchun o’lib-tirilayotgan ekan, deb o’ylaydi… Endigi asosiy masala — bu ayolning mehrini qozonish va xotirasida go’zal qiz sifatida qolish… Xarid qilgan narsalarimning pulini sotuvchiga to’lab, bu yerdan chiqishim kerak. Ammo, to’g’risini aytganda, o’sha ichi yong’oqli xurmoni olmaganim uchun kuyib ketyapman…

— Qancha qarz bo’lganimni aytasizmi? Necha manat?
Hmm… Yana hisoblagichni olib, raqamlarni ko’paytirishga kirishdi… Asablarim qaqshaydigan bo’ldi-da…
— 13 manat 50 tiyin, oyimqiz.
— Tashakkur, mana oling!
— Biz tashakkur bildiramiz, yaxshi boring, yana kutamiz…
— Qizim, ehtiyot bo’lib ket. Hozirgi yoshlar orqa-o’ngiga qaramay mashina choptirishadi…
Yana biroz qolsam, bu ayol meni rosa mamnun qiladi. Hatto, onam menga bunchalik e’tibor qilmaydi. Xolam-chi? Bu haqda gapirmasa ham bo’laveradi…
— Sog’ bo’ling, xonim afandi. Yaxshi kunlarda ko’rishaylik, xayr.

…Hayotda shunaqa xotinlar ham bo’lar ekan-da. Hech tanimagan biriga ko’rsatayotgan mulozamatiga qara. Bu ayolning iltifoti meni mumday eritib yubordi-ya! U bilan yana uchrashish uchun, g’ayrat qilishim kerak. Zotan, hozirgi yoshlarni ilintirish uchun urinib o’tirishning keragi ham yo’q… Muhimi — qaynona bilan til topishish. Bunaqasini yana qaerdan ham topardim? Ayolning kiborligiga qara, eveli solingan palov pishirishni erinmay tushuntirdi, sog’ligimga e’tibor berishim uchun qo’lidan kelganicha harakat qildi, xaridlarimni to’rvaga solishimga ko’maklashdi… Sotuvchi bola ham angrayib qoldi. Ishonamanki, u ham umrida bunaqa ayolni ko’rmagan. Tili tanglayiga yopishib qolganday, g’iq etolmadi.

…O-oh… Naqadar kallavaram, qo’pol bir qizman o’zi! Ayolga ko’maklashishni ham taklif qilmabman. Endi orqamdan: “Bu juda tarbiyasiz qiz ekan”, deydi. To’rvalarini tashishiga yordam qilishim kerak edi. Kim biladi, uyi nechanchi qavatda? Olgan narsalarini yuqori qavatga chiqarguncha qo’l-oyoqdan tushadi-ku, bechora xotin… Hali ko’pam uzoqlashganim yo’q… Ajabo, ayol haliyam o’sha do’kondamikan? Albatta, o’sha yerda bo’lsa kerak… Qaytib, unga ko’maklashsam, juda yaxshi bo’ladi.

Eh… bu do’konlarning eshigi ham har gal asabimni o’ynatadi. Ichkariga ochiladimi, tashqarigami, bilib bo’lmaydi. Bir belgi qo’ysalar-ku, odamlar nima qilishini bilgan bo’lardilar…
Bu yer do’kon emas, labirint! O’rtadagi baland javonlar odamni yaxshigina shoshirib qo’yadi. O’h! Ollohga shukurki, ayol hali ketmagan ekan. Bu hissiz yigitga yana bir narsalarni anglatyapti, shekilli.

— … Hozirgi qizlarning tuturug’i yo’q. Zamonamiz qizlari yengiltak bo’lib ketgan. Bizning zamonimizda hammasi boshqacha edi, bizlar hecham bularga o’xshamasdik. Boshimizni ko’tarib, bir yigitning yuziga qarashga ham uyalardik… Sen biroz oldingi qiz narsa tanlamoqchi bo’ldi, deb o’ylaysanmi? Yo’q… Unaqa emas… U qiz senday kelishgan yigitni ko’rdi-yu, esini yo’qotdi. Ko’rmadingmi? Sal bo’lmasa, og’zidan suvi oqayozdi… Go’yo shirinlik tanlayotganmish, o’l-a! Axir, senday yigitni qaerdan ham topardi… Bu yosh qizlar senday yoqimtoy yigitning qadrini, qiymatini bilmaydilar… Eh! Bu do’konni hozirgacha nega bilmagan ekanman… Bundan keyin…

021

(Tashriflar: umumiy 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring