Safter Nagayev. Keldingmi,bolam?.. Esse & Nabijon Boqiy. «Keldingmi, bolam?» haqida

Ashampoo_Snap_2017.05.05_12h23m12s_001_.png18 май — Қрим татарлари депортация қилинган куннинг 73 йиллиги

      Бир неча ой аввал Сафтер Нагаевнинг «Келдингми,болам» эссесидан парча эълон қилган эдим. Бугун эса асарни ўзбек тилига ўгирган Зебунисо Ҳусайн тақдим этган эссенинг тўлиқ матнини сизга тақдим этмоқдаман.
Сафтер оға менинг хотирамда, энг аввало, самимий инсон сифатида муҳрланиб қолган. Кўринишидан жуда хотиржам бўлган Сафтер оғанинг юрагида она юрт соғинчи қайноқ лавадек отилиб туриши фақат унинг қалами битган асарларида ёрқин намоён бўларди.
Оғанинг вафот этганини Зебунисо илова қилган маълумотдан билдим, Қуръон тиловат қилиб Оллоҳдан раҳмат сўрадим. У она юртида мангу уйқу қучоғида ётибди. Бу бахт жоҳил тузум томонидан қувғин қилинган қримтатарларнинг ҳаммасигаям насиб бўлмади. Уларнинг неча авлоди она ватандан узоқда – шу жумладан иккинчи она диёрга айланган Ўзбекистонда ётибди. Қирим татарлари ўзбек халқининг оқибатини унутмадилар, она юртга қайтишгач, ўзбек халқига бўлган ҳурматлари нишонаси бўлган ҳайкални  тикладилар.

Хуршид Даврон
2012, декабрь

«КЕЛДИНГМИ, БОЛАМ?» ЎҚИБ
Набижон БОҚИЙ
005

  DSCN0007.jpg Ўткан асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қрим-татар адабиёти бўлими бор эди. Ўша бўлимда Сафтер оға Нагаев деган ватандошимиз хизмат қиларди. Ўрта бўйли, миқтидан келган одам эди. Юмшоқкўнгил эди. Фарғона шевасида гапирарди. Мажлис ё мушоирага ёки талаба қизлар орасидан келин танлаш учун Уюшмага бориб қолсак, дарров хонасига бошлаб кирарди; чой дамларди, ишларим, ёзаётган нарсаларим билан астойдил қизиқар эди. Дастлаб, ҳайрон бўлиб юрдим. Сабабини кейин билдим. Сабаби 1944  йили рўй берган  ёвузлик билан боғлиқ эди.

Ўша йилда ёвуз даҳо Иосиф Сталининнг махфий (ёвуз одам қўрқоқ бўлади) буйруғига кўра қримликлар ёёпасига она юртлари  —  Қримдан бадарға қилинади, Сафтер оға оила аъзолари билан Фарғонанинг Учкўприк туманига қарашли Сарқўрғон қишлоғига келиб тушади. Сарқўрғон даштда жойлашган. Чеккадаги яланг қишлоқ. Аввал Тожик қишлоққа, Қирғиз қишлоққа бориш керак. Кейин Сарқўрғон келади. 1944 йилда Сарқўрғонда аҳоли сийрак бўлган, асосан шоли экилар экан.  Сарқўрғонсойдан бўтана сув келади. Муздек бўлади. Шолизорнинг бошидан кириб, адоғидан чиқиб кетадиган сув эса тип-тиниқ бўлиб, илиб қолади. Дастлабки пайтларда мусофирлик туфайли  қрим қардошлар бўтана сув маъданли эканини билмасдан тиниқ сув истеъмол қиладилар ва кўпчилик безгак касалига чалиниб вафот этади. Ўзбек  оқсоқоллар гап нимадалигидан хабар топгач, бўтана сувни идишга олиб қўйиб, тиндириб ичишни уларга ўргатади. Шундан кейин қримликларнинг юзига қизиллик югуради…

СССР путурдан кетгач қримлик қардошлар Қримга оммавий равишда кўчиб кета бошлашди. Аммо, бунгача буюк оғамиз, улуғ шоиримиз Рауф Парфининг дўсти  —  Мустафо Жамилов олий мақсадига эришмоқ учун тинимсиз курашди: етти марта қамалди, 20 йиллик  умри турмаларда ўтди. Охир-оқибат ВАТАНГА — ҚРИМГА қайтиш ҳуқуқини қримликларга қайтариб олди.

Кўпчилик Қримга кўчиб кетганидан кейин ҳам Сафтер оға Тошкентда юраверди. Чунки унинг онаси Тошкентдаги Сўгалли ота қабристонига дафн этилган эди. Онасининг мозорини ташлаб кетолмайди. 4 яшар болакай чоғи Ўзбекистонга келган, ўзбек болалари билан ўрта мактабда ўқиган, Ўзбекистон  чин маънода Ватан бўлиб қолган Сафтер оға болаларини Симфереполга кузатиб қўяди, аммо ўзи кетмайди.

2003 йилдан кейин Сафтер оға кўринмай қолади… Бир куни Қримларнинг «Амал» журнали тасодифан қўлимга тушади. Унда Сафтер Нагаевнинг «Келдингми, болам?» номли хотираномаси босилган экан. Унда ёзилишича, баъзан Робия момога ўғли «Бугун улфатларим билан гапда бўламан, ярим кечада қайтсам керак, сиз хавотирланмасдан дам олаверинг!» деб айтиб кетар экан. Лекин ярим кечагача онаси квартирага кираверишга стулни қўйиб олиб, эшикка кўз тикиб ўтираверар экан. Рафиқаси аллақачон ухлаган бўлар экан. Ўғил уйга кирасолиб: «Мен сизга айтган эдим-ку! Нега мени пойлаб ўтирибсиз?» дер экан норози бўлиб. Амма, онаизор ҳар сафар «Келдингми, болам?» деркану  аста стулни кўтариб ичкарига кириб кетар экан.

Сафтер оға онасининг мозорини ташлаб кетолмай юриб-юриб, ахийри 2004 йилда Симфереполга кетади ва 2007 йилда вафот этади. Айрилиққа чидаб 4 йил яшайди, холос.

Ватанидан Ватанига кетаётиб Сўгалли Ота қабристонига боради, Робия она қабрига етар-етмас қулоғига онаизорининг таниш товуши эшитилади: «Келдингми, болам?»

Шу бугун тонгда Ахсикент яқинидаги Лангар бобо қишлоғида истиқомат қиладиган укахоним Абдулазизга хат ёздим-да, Сўгалли Ота қабристонига бордим. Бурноғи йили Яланғоч Ота қабристонидаги Шавкат Раҳмон  қабрининг гулхонасига янгамиз Манзура опа  парваришлаган бахмалгул кўчатидан сўраб олиб, Робия момо қабри гулхонасида кўкартирган эдим. Бориб кўрсам, ўтлар остида қолиб кетибди. Ўтлар остида барқ уриб турибди. Ёввойи ўтлар билан «маданий» гулларни бир-биридан жудо қилишга кўзим қиймади. Гулисафсар, бахмалгул ва ёввойи чечаклар Робия момо қабрининг гулхонасини Ватан қилган бўлса, мен нима қилишим мумкин?  Табиат қонунига қарши бориб ҳеч ким барака топмаган.

Робия момони мен кўрмаганман.У вафот этганда биз Сафтер оға билан таниш эмас эдик. Аммо момонинг товуши менга таниш бўлиб қолган, ҳар гал қабри тепасига борсам: «Келдингми, болам?» дейди ҳорғин товушда.

Фарғона тупроғида ётган Роҳат буви энам билан Робия момомизнинг товуши бир хил экан.

Ўтган азизларимизни Оллоҳ раҳмат қилсин.

Сафтер Нагаев
КЕЛДИНГМИ, БОЛАМ?..
Зебунисо Ҳусайн таржимаси

005

   Сафтер Нагаев 1941 йилнинг 1 январ куни Қримнинг Алушта туманидаги Кичикўзан қишлоғида туғилган. Иосиф Сталин томонидан уюштирилган миллий мусибат – буюк сургун даврида 1944 йили Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Учкўприк (олдинги Ленинград) туманига келиб тушишади. Шу ерда ўрта мактабни битириб, 1957 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факултетига ўқишга киради. Кўп йиллар  қримтатар тилида чиқадиган  “Ленин байроғи”  газетасида ишлайди.
    Сафтер Нагаев Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси эди. Унинг энг салмоқли асарлари қримтатар адабиётида жиддий воқеа бўларди. “Маданий инқилоб аскари”, “Кўнгилга яқин одамлар”, “Фидокорлик”, “Исмоилбейнинг Туркистон сафари”, “Саҳролар алангаси”, “Минг бир ўлимни енгиб” каби китоблари адабиёт оламида ўзига хос из қолдирган. Сафтер оға Халқаро Аҳмад Яссавий номидаги  мукофоти ва  “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.  XXI аср бўсағасида адиб жафокаш миллатдошлари қаторида Қримга кўчиб кетади. У 2009 йил 2 июнда вафот этган. Аллоҳ раҳматига олсин. “Келдингми, болам?..” номли эссени ёзувчи онасига бағишлаган. Қуйида машаққатли ҳаёт йўли акс этган хотира-бадиа ўқувчи ҳукмига ҳавола этиляпти.

Таржимон

005

ona“Келдингми, болам?..” Бу ибора мен учун бир тимсол. Уйга қайтиб, эшикдан ичкарига қадам босар-босмасимдан раҳматли онам мени шундай деб кутиб олар эди.

Менинг азиз онажоним оддийгина аёл бўлган. Исмини зўрға ёзарди, расмий қоғозларга “Робия” деб имзо қўярди. Ўттизга етар-етмас бева бўлиб қолади, уч ўғлини қўлидан келганича тарбиялайди. Муштипаргина қишлоқи аёл эди менинг онам…

2002 йилнинг 20 июли. Ёз чилласида сўнгги марта Тошкентнинг Дўмбирабод қабристонига бордим. Секин-аста қабрлар оралаб одимлар эканман, оёқларимни судраб босаман, бошимни кўтариб атрофга қарашга журъатим етмасди. Гўё марҳумлар ётган жойларидан туриб, мени кузатишаётгандек туюлади. Онамнинг қабрига яқинлашдим. Шунда секингина, мулойим овоз билан “Келдингми, болам?..” деган сўзлари қулоғимга чалингандек бўлди. Сергак тортиб атрофга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Қабрнинг оёқ тарафига ўтиб, чўккаладим. Дуо қилиш учун қўлларимни очдим. Аммо тилим айланмас, овозим чиқмасди. Гўё ичимдан бир нарса узилгандек… Ғам-андуҳга ботиб, гапира бошладим: “Онажон, кечиринг мени, энди олдингидек ёнингизга тез-тез келолмайман. Она тупроққа, сиз ва мен дунёга келган диёрга қайтишга, узоқ йиллар сургунлар сурони олиб келган ва соғ-омон қолишимиз учун бағрини очган ўлкани тарк этишга мажбурман. Миллатдошларимизнинг аксарияти энди у ёқдалар. Бу ерда туғилганлари ҳам киндик қони томган ерларни тарк қилишганига кўп бўлди. Улар билан бирга бўлиш, набираларингизни Ватан тупроғида палак ёзишини таъминлаш бурчимдир. Ёлғиз ўзим бўлсам, балки кетмасдим. Тилсиз, имонсиз, миллатсиз инсон бўлмаслигини ўзингиз ўргатган эдингиз, Ватан туйғусини менга ўзингиз сингдиргансиз. Энди отам ётган маконга қайтаман. Аллоҳ буюрса, саломат бўлсам, балки яна келарман, азиз қабрингизни зиёрат қиларман, олдингидек сўзсиз-забонсиз суҳбатлашармиз. Ўкинмай ётинг, онажон. Оёқларим йўлда, кўзларим орқада, сиз билан видолашаман…”

Секин ўрнимдан тураман, қабрлар оралаб оғир одимлайман. Нотаниш қабрлар ёнида ҳам бир пас тўхташга ҳаракат қиламан, ҳар бир қабртошга кўз ташлайман. Марҳумлар гўё бошини кўтариб, ортимдан боққанча: “Бизни унутманглар”, деяётгандек. Кўзларим ёшланиб, юрагим сиқилиб борардим. Кўзёшларим юзимни ювади, атрофга кўз ташлайман. Бу қабристонга илк бора ўттиз йил бурун маййит қўйилган экан. Шундан бери бу ерда бир минг икки юздан ортиқ ватандошимиз абадий қўним топган. Кўпчилигининг қариндош-уруғлари, таниш-билишлари ва дўст-ёрлари энди туғилган юртларида яшамоқда. Афсус, ҳар хил қийинчилик уларни бу ерга келишга, яқинларининг қабрини зиёрат этишга имкон бермайди. Энди мен ҳам уларнинг сафига қўшиламан. Албатта, ўз хоҳишим билан эмас… Начора, ҳаёт қонуни шундай. Кимдир дунёга келади, вақти-соати етса кимдир бу дунё билан видолашади. Ҳаёт тўхтаб турмайди. Насллар келиб-кетаверади…

Бир амаллаб қабристондан чиқдим. Шаҳарнинг четидаги бу қабристондан бошланган йўл ёқалаб кетавердим. Бу ердан то биз яшайдиган кўчагача бир неча соатлик масофа эканини ҳатто ўйламасдим. Йўлда танишларга тўқнаш келдим. Саломларига бошимни қимирлатиб алик олдим. Улар билан тўхтаб гаплашишга ўзимда куч топа олмасдим. Йўл бўйи ҳаёлот дунёсига чўмиб борардим. Онамнинг долғали ҳаёти ҳақидаги хотираларимни бир-бир саҳифалаб, тасаввуримга сиғдира олмасдим… Онажонимнинг умр йўли қаергадир ошиққан поезд вагонлари каби кўз ўнгимдан ўта бошлади. Онамнинг машаққатли, оғир, чидаш қийин бўлган кунлари ипга тизилган мунчоқдек кўз ўнгимда пайдо бўларди. Уларни эслаш қанчалик оғир бўлмасин, болаларим, набираларим учун халқимизнинг фожеали қисматини, аянчли кечмишидан жонли лавҳалар тарзида ҳикоя қилишни хоҳлардим. Дунёга келганимдан бошлаб, агар армияда кечган икки йилни ҳисобга олмаганда, онамнинг бағрида бўлдим. Волидамни сўнгги манзилга кузатиш ҳам ўзимга насиб қилди. Бунинг учун Аллоҳ таолодан минг-минг розиман. Албатта, ҳамма воқелар хотирамда сақланиб қолмаган, лекин онамнинг ёнида кечирган кунларимнинг аксарияти ҳали-ҳануз кўз ўнгимда…

Мен отамни эслолмайман. Отам касаллик туфайли вафот этганида бир неча кунлик чақалоқ бўлган эканман. Онам ўттиз ёшида тўрт боласи билан бева қолган. Орадан кўп вақт ўтмай машъум уруш (илгари оғзимизни тўлдириб “Улуғ Ватан уруши” дердик) бошланади. Онамнинг исми Робия бўлиб, Алушта туманининг Темирчи қишлоғидан бўлган. Кучукозен қишлоғидаги Абламит деган йигит – отам билан оила қурган. Айтишларича, отам жуда марҳаматли, меҳнаткаш, жамоат орасида эътиборли инсон бўлиб, колхоз идорасида ишлаган экан. Унинг Музаффар деган укаси колхоз бригадири бўлган. Яна бир неча опа-сингиллари ҳам бўлиб, уларнинг исмлари эсимда қолмаган.

545002_10_w_1000.jpgКичикўзанда “Нуғай” дейиладиган бир неча оила бўлиб, уларнинг ҳаммаси бир сулола вакилларидан. Мен улғайганимдан кейин одамлар “Ўзинг татар бўлсанг, нўғайларни қаердан биласан?” деб кўп сўрашарди. Бизга бу номни беришганига кўп замонлар бўлган. Отамнинг ота-боболари, хусусан, бобомизнинг отаси, балки бобобизнинг бобоси Чўлликка тез-тез қатнаб у ердан дўстлар орттирган. Лақаб қўйишга уста ялибойлилар бизнинг аждодларимизга нўғай деб от қўяди. Шундай қилиб, мен ҳам Кичикўзанлик нўғай Абламитнинг ўғли бўлганман.

Онам оилада уч қиз ва бир ўғил бўлган экан. Усмон тоғам урушга кетиб, қайтмайди. Опаси Сабия холамнинг эри Исмоил Мустафоев, Алуштада таниқли коммунистлардан, шаҳардаги энг катта дўконнинг мудири экан. Немислар келиб уни отиб ташлаган. Кичик холам Хадичанинг эри Умар Муродов ҳам урушга кетиб, дом-дараксиз кетган. Холаларим Темирчига қайтишга қарор қилишади ва онамни ҳам ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлишади. Аммо онам: “Болаларимнинг отасини уйини ташлаб кетмайман”, деб Кичикўзанда қолади.

Музаффар амаким урушда партизанлар сафида курашган. Унинг тўрт қизи бўлиб, немислар партизан оиласи деб хотини билан 18–20 ёшлардаги икки қизини ҳам отиб ташлаган. Кичик икки қизи эса таниш-билишларининг оиласида жон сақлаб қолади. Отамнинг туғишганларидан яна бири Жамил амаким ҳам партизан бўлгани учун унинг ҳам хотини билан икки қизи отилган. Немислар кун сайин қутуриб, қишлоқдан топилган нўғайларнинг хотини ва балоғатга етган қизларини Тувақда ташкил қилинган бошқармага олиб кетиб зўрлаб, калтаклаб нобуд қилишар, ёш боласи борларини уйига қайтарар экан. Катта акам мактабга чиқадиган ёшда бўлиб, чаққонгина экан. Онам нон пишириб, акамни ўтин териб келиш боҳонасида тоққа жўнатар, у эса маълум ерга – Музаффар амаким келиб олиб кетиши керак бўлган теракнинг тагига нони бор халтани қўйиб келар экан. Бир гал қишлоқдан кимдир: “Бу бола партизанларга овқат ташияпти”, деб гап чаққан. Немислар акамни тутиб роса калтаклашади. Шундан кейин онам уни тоққа юбормай қўяди.

Қишлоғимизни тарк қилиш воқеаси ҳам аянчли хотира бўлиб қолган. Онам эрта тонгда ғира-шира маҳали, болаларим тургунича боғларни суғораман, деб боғчага тушиб кетади. Ўша пайтда қизил аскарлар уйма-уй юриб, одамларни кўчага чиқариб, қишлоқнинг бир четига мол ҳайдагандек ҳайдаб келтиришади. Шунда ҳовлимизда яшайдиган Тўқтар амакининг хотини София янга ораларида овсини Робия йўқлигини англаб, катта қизи Умайяни яширинча уйларига жўнатади. Бизникига келса, уйда аскарлар бўлади. Биз ҳали ухлаётган бўламиз, улар бизни уйғотишади. Мен “Онам қаерда?” деб қичқириб йиғлай бошлайман. Умайя опа вазиятни тушуниб, боғчага югуради ва узоқдан: “Робия янга, тезроқ келинг, бизни кўчиришяпти”, деб чақиради. “Тўхта, озгина қолди, шу ерниям суғорай, ҳозир бораман”, дейди. Опам унга яқинлашади-да: “Қишлоқда бир ўзингиз қолдингиз, ташланг шуни!” деб қўлидаги кетмонни олиб отади ва аҳволни тушунтириб, уйга бошлайди.

Уйимизга келган аскарлар марҳаматли бўлишса керак-да, бизни кийинтиришади. Биттаси печка устидаги қозонни қопқоғини очиб қарайди. Оқшом пишган шўрвани бурчакда турган тоғорага ағдариб: “Овқатланиб олинглар, узоқ йўлга кетасизлар”, деб қўлимизга қошиқ тутқазишади. Акам ёши каттароқ бўлгани ва эсини танигани учун аскарларнинг қўлидан қошиқни олади-да айвондан ирғитиб юборади. Аскар аччиқланмайди, аксинча: “Братушка, далеко поедите. Пуст бог спасет вас”, деб ўзини яхши тутади. Онам тезлик билан икки чемоданга нарсаларини тўплай бошлайди. Умайя опа эса шу заҳоти ўзларининг уйига киради-да тикиш машинасини олиб чиқади. Аскарнинг бундан жаҳли чиқиб: “Уни нима қиласан, ундан кўра егулик, кийим-бош ол”, деб бақиради ва қўлидаги машинани тортиб олиб, иккинчи қаватдан пастга улоқтиради.

Қишлоқ паркида халқ тўпланган. Жиноятчилар каби уларнинг атрофини қуролли аскарлар ўраб олади. Оқшом машиналарга юклаб, Оқмасжид темирйўл вокзалига келтиришган. Вокзалда ота-оналар куни нишонланаётган экан. Мен темирйўл бўйида ёниб турган чироқларга қараб, релслар бўйлаб кетиб қолибман. Онам йиғлаб-сиқтаб мени топгунича вокзалда чамадонларини ўғирлашган. Шўрлик онамнинг бошида яна не-не балолар бор экан… Шундай қилиб, чарчаб, ҳеч вақосиз йўлга чиққанмиз.

Фарғона вилоятининг Молотов туманига келиб тушдик. Командир бир қанча оилани Суюнчол деган қишлоқ пансионатига жойлаштирди. Қишлоқ марказида катта ҳовуз бор эди. Унда далага экиладиган пахта чигитини увитишарди. Чигит экилишидан олдин маълум бир вақт сувда увитиларди. Бир оқшом болалар билан ҳовуз ёнида ўйнаётганимизда сувга йиқилиб тушдим. Ивиб, шишган чигит баданимга, томоғимга ёпишиб, мени пастга тортар эди. Фалокатдан хабар топган онам етиб келибоқ ўзини сувга отади. Чиқармоқчи бўлади, аммо у ҳам бўғила бошлаган. Шунда чойхонада ўтирган ўзбеклардан бир киши сувга тушиб, бир қўли билан мени, иккинчиси билан онамни олиб чиқади.

Орадан кўп вақт ўтмай онам оғир хасталанади, уни туман марказига олиб кетишади. Мен акаларим Сайёр ва Диловар билан қолдим. Билмадим, қачон ва қандай йўсин сақланиб қолган битта жун адёлимиз бор экан. Акам уни тўртта нонга алмаштирган. Диловар акам эса очликка чидолмай, ҳеч кимга ҳеч нарса демай болалар уйига қочиб кетади. Онам касалхонадан қайтгандан кейин акамни қидира-қидира уни болалар уйидан топган. У ерда ишлайдиган Тувақли Адия Катярова татар болаларига ғамхўрлик қилгани учун ишдан ҳайдалади.

Кейин бизни Суюнчол қишлоғидан туман марказига “Пахтачи” колхозидаги Бегвачча қишлоғига кўчиришди. Онам мактабда ва колхоз идорасида фаррош бўлиб ишларди, ҳар куни бир неча километр яёв юриб туман марказидан почта таширди. Онам итдан жуда қўрқар эди. У йилларда қишлоқларда подахоналар бўлиб, кечалари қашқирлар қўй-молга ҳужум қиларди. Шунинг учун чўпон итлари ҳам кўп бўлган. Бир куни қўшнимиз югуриб келиб “Робия опани ит тишлабди, районга олиб кетишибди”, деди. Биз ферманинг ҳовлисида шийпонда яшар эдик. Отбоқар Бозор ака бизни тинчлантириб: “Оқшомгача кутамиз, келмаса, эрталаб сизларни районга олиб бораман”, деди. Шом пайти онам ҳовлиқиб кириб келди. Йўлда чўпон ити орқасидан қувиб келиб оёқларига ёпишади, болдиридан тишлаб олади. Яхшиям, орқадан келаётган бир аравакаш онамнинг бақирганини эшитиб, ёрдамга югуради. Унинг қамчисидан қўрққан ит қочиб қолади. Аравакаш онамнинг оёғини боғлаб туман касалхонасига олиб боради. У ерда укол қилишган, ярасини боғлаб, палатага жойлаштиришган. Лекин онам: “Болаларим ёлғиз”, деб ҳовлиққанича уйга қайтган. Авваллари онам ҳар нарсадан қўрқар, сесканар, ёлғиз юрмасликка ҳаракат қилар эди.

Сайёр акам тушгача мактабда ўқир, тушдан кейин эса далага кетарди. Буғдой пишиғи бошлангач, кечалари далада қоровуллик қиларди. Бир куни онам кичкина бир халтача кўтариб келди. “Мана, сизларга шакар опкелдим”, деганида овози қалтираб чиққанини сездим. Кейин юзи ўзгариб, кўзлари ёшланди. Уни қучоқлаб олдим. Бошимни силаб, хафа бўлганича: “Аллоҳ жазосини берсин! Раис шакар оласан, деб қоғоз ёзиб берган эди. Борсам, завхоз энди тарқатиб битирган эмиш. Халтанинг тагида қолганини ерга тўкиб: “Қолгани шу, санга шуниси ҳам етади, келгинди”, деди. Ярми туз, ярми шакарни тўрвага солиб, ғазабланиб қайтдим” деди. Онам ерга ўтириб мени тиззалари устига олди-да, ўксиб-ўксиб йиғлади.

Бало ёлғиз келмайди, дейдилар. Бир кеча буғдой ўғрилари акамни калтаклашибди. Зўрғатдан уйга етиб келиб бир неча кун алаҳсиб ётди. Онам почтага борганида болалар уйига кириб Диловар акамдан хабар олибди. Шунда акам: “Бошқа касал бўлмайман, онажон, яқинда уйга қайтаман. Энди болалар уйига қайтмайман, сиз билан яшайман”, деб онамни юпатган. Иккинчи куни оқшом онам ёмон хабар билан келди. Шу куни кечаси акамнинг жони узилибди. “Бир кеча тоби қочиб, каравотдан йиқилди”, дейишибди. Туман марказида яшайдиган Ажалим амаким: “Марҳумни қишлоққа олиб борма. Бу ерда кўпчиликмиз. Йиғилишиб бир чорасини қилармиз. Ҳеч бўлмаса, инсондек дафн этайлик”, деб онамга тиргак бўлган.

Эрта саҳардан онам Сайёр акам билан йўлга чиқишди. Менинг эса ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Чунки Диловар акам болалар уйига кетганида мен тўрт ёшда эдим. Бояқиш бу дунёда ўн йилгина яшади. Шу куни оқшом онам, акам, Ажалим амаки билан бир неча қишлоқдошлар келишди. Онам жуда паришон, эсини йўқотган каби эди. Кўзёшлари тўхтамасди. Қўшнилар онамнинг аҳволидан хабар олиб туришди. Бири бир пиёла ун, бошқаси бир стакан қатиқ, яна бошқаси бир коса сут келтиришди. Бозор аканинг қизи Сора опа лахча кесди. Қаердандир, билмадим, бир парча гўшт ҳам топилди. Бир қозон шингин шўрва пиширишди. Бозор ака ҳовлида кўринмасди. Йиғилганлар дастурхон атрофида ўтиришганида, отбоқар кириб келди. Қўлида белбоғига ўроқлиқ бир нарса бор эди. Ҳамма билан сўрашганидан кейин белбоғини ёзиб тўртта нон чиқарди. Ўзбек қўшнимиз бир нарсалар деди. Энди билсам, у дуо ўқиган экан. Онам эса бу нарсалардан бехабар, ҳеч нарса демай жим ётар, кўзларини ҳам очмас эди. Тумандан келганлар эрталабгача гаплашиб ўтиришди. Чунки улар учун ётишга тўшагимиз йўқ эди.

Орадан яна бир қанча кун ўтди. Бир куни почтага кетган онам яна бир нохуш хабар билан қайтди. Партизанликда юрган ва бедарак кетган Музаффар амакимнинг хотини ва балоғатга етган икки қизини немислар отишган эди. Икки кичик қизи биз билан бу ёқларга келган, болалар уйида яшашарди. Улар Диловар акамдан катта бўлгани учун Қўқон шаҳридаги болалар уйига жойлаштирилган эди. Диловар оғамнинг ўлимидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмасидан Ажалим амаки яна бизникига келди. У онам билан тенгдош бўлгани учун бир-бирларининг отини айтиб чақиришар эди. “Робия, нима қиламиз, Хадича билан Сора ҳам болалар уйида жон таслим қилишибди. Уларга ҳатто кафанлик ҳам йўқ. Комендантдан зўрға рухсат олдим. Мен ўша ёққа кетяпман”, деди оғир хўрсиниб. Онамнинг кўзлари ёшланди. Нимадир қилмоқчи, нимадир демоқчи бўлди, аммо тили калимага келмади. Кейин билмадим, нима бўлди. Амакимга ниманидир ўраб қўлига тутқазди. Кейин билсам, онам эски палтосини бериб юборган экан. Ажалим амаки у ғариб қизларни ўша палтога ўраб кўмдирган. Икки-уч ойдан кейин тўсатдан туманда қайноғаси Музаффар амаки пайдо бўлганини эшитган онам уни қидириб топади. Музаффар амаким оиласининг фожеали тақдирини эшитиб, ақлини йўқотган. Бир-икки ҳафта туман марказидаги кўчаларда тентираб юргану кейин яна кўздан ғойиб бўлган. Қаерга кетганини ёки ўлганини биладиган одам топилмади.

Онам яна қаттиқ хасталаниб, ётиб қолди. Биз дастёр бўлиб қолган эдик. Эшикма-эшик юриб, қурилиш бўлаётган жойларда ишладик. Онамнинг соғлиги тобора ёмонлашиб, тез-тез ётиб қолар эди. Ишини ташлашга мажбур бўлди. Оз миқдорда нафақа тайинлашди.

Мактабни битириб, Тошкентдаги дорилфунунга ўқишга кирдим. Степендиядан бошқа даромадим бўлмагач, яшаш қийин бўлди. Йигитларга қўшилиб бир неча марта темирйўл вокзалига вагонлардан кўмир туширишга бордим. Паст бўйли, кийими юпун, саломатлиги ҳам бир аҳволдаги ўсмирнинг бунақанги оғир ишга узоқ бардош бера олмаслигини тасаввур қилиб кўринг. Акам уйланиб, бошқа жойга кўчиб ўтганидан кейин онам ёнидан кетишимни истамади.

Иккинчи курсдан кейин ўқишимни сиртқи бўлимга ўтказиб, уйга қайтишга мажбур бўлдим. Домлаларим онамни яхши билишарди, менга доим ғамхўрлик қилишарди. Қишлоқ мактабига ўқитувчиликка боришимни тавсия қилишди. Кейинчалик бирор чорасини топиб туман марказига ўтказамиз дейишди. Сургунликда илк бора келиб тушган қишлоқдаги мактабга ишга бордим. У йилларда пахта терими мавсумида ўқувчилар йиғим-теримга сафарбар қилинарди, ўқитувчилар ҳам улар билан баробар ишлашар эди.

Бир куни дала шийпонида бригадир билан суҳбатлашиб ўтирганимизда у мени қрим-татарлардан эканимни билиб, шундай деди: “Илгари мен колхоз раиси эдим. Колхозимизга миллатингиздан кўп одамлар келган. Бечоралар жуда қийналган. Иссиққа чидолмадилар, очлик ҳам уларни ҳолдан тойдирди. Биз ҳам қўлимиздан келганича ёрдамлашишга тиришдик, аммо ўзимизнинг аҳволимиз ҳам мушкул эди. Келганларнинг аксарияти аёллар билан болалар бўлиб, аксарият эркаклар сўққабош эди. Қўлларидан келганича меҳнат қилишарди. Номуси кучли халқ эди. Бир-биримизни қийналиб бўлса ҳам тушунардик, бизга тилмочнинг кераги йўқ эди. Бир куни тумандан вакил келиб, мажлис ўтказди. Мажлисга меҳнатга яроқли одамлар чақирилди. Сизникилар ҳам келишди. Мен сўзга чиқиб, туман вакилини “Партия топшириғини шараф билан бажарамиз”, деб ишонтирдим. Шунда сизникилардан бириси ўрнидан отилиб турди-да, шундай деди: “Реис, не дей, шарапнен планни тўлдирмақ олурми?” Ҳамма таажжубланиб унга қаради, кулги кўтарилди. Шунда ёш аёллардан бири вазиятни тушуниб, уни юмшатиш учун ўзича таржима қилган бўлди: “Бу киши гапингизни тушунмади, ҳойнаҳой. “Шараф билан” деганингизни “шерепнен” деб ўйлаган. Бизда винони “шарап” дейишади. Башараси қийшайиб кетган туман вакили ҳам бу гапдан кейин кулимсиради…

Бир куни уйга кеч қайтсам, хотиним хомуш бўлиб ўтирган экан. Сабабини сўрасам, у: “Қилган ишимдан пушаймонман. Ўн ёшлардаги бир бола эшигимизни таққиллатди. Очдим. Қўлида гулли рўмолга ўроғлик бир нарса. Қўшни қишлоқдан келибди. Сургунга келган бечоралардан экан. Йиғламсираб, онаси касалхонада эканини, укаси очлигини, онасининг олдига олиб борадиган ҳеч нарсаси йўқлигини айтиб ёлворди. Қўлидаги рўмолни очиб, ичидаги жудаям чиройли, нозик, ажойиб ёпинчиқ бор эди. “Мен кўп сўрамайман, нон берсангиз етади. Икки қишлоқдан ҳам буни оладиган одам топилмади”, деди”. Хотиним уни тўртта нон эвазига олиб қолган. Мендан сўрамасдан иш қилганига, бировнинг ноёб нарсасини арзон олиб қолганига пушаймон бўлиб ўтирган экан. “Кўрсанг, танийсанми?”дедим. “Билмадим, мулойим, қони қайноқ бир болача эди”, деди.
Сўраштирдик. Қўшни қишлоқларда яшайдиган бир неча оилани туманга яқин ерларга кўчиришган экан. Бошқа уларни учратмадик. Балки у оиладан ҳеч ким қолмагандир. Ким билсин, хаста она, оч-наҳор болалар… У йиллари фақат сургун қилинганлар эмас, ерли халқдан ҳам жуда кўп оилалар очликдан, касалликдан қирилиб кетишган. Хотиним ҳалигача ўша ёпинчиқни эслайди. Бизникидек пахтали эмас, жундан тўқилган экан…

Кўзларим қисилиб, бошим айланди. Юзимдаги ўзгаришни сезган бригадир кўлимга чойи бор пиёлани бериб: “Сизга нима бўлди? Номаъқул гап гапирдимми ёки?..” деди. “Йўқ, ўзим шундай…” Ўша йиллари бизнинг оила ҳам ўша қишлоққа келиб тушган экан. Аммо бир неча ой ўтмай бошқа жойга кўчиришган. Биз уч ўғлон эдик. Сайёр акам ўн ёшда, Диловар акам саккиз, мен эса тўрт ёшда эканмиз. Диловар акам болаларга қўшилиб, Меҳрибонлик уйига кетиб қолган. Сайёр акам мени кўтариб олиб, 10–15 километр узоқликдаги район марказига бориб, болалар уйидан Диловар акамни излаган. Қишлоқдагилардан онам ётган касалхонани сўраб билган. Онам бизни кўриб, йиғлаб-сиқтаб, қўшни қишлоққа кўчирилган қишлоқдошларимизнинг ёнига борган. Комендант онамнинг ҳол-аҳволини кўриб, раҳми келган бўлса керак-да, бизни ҳам қишлоқдошларимиз ёнига кўчирган…

Балки бригадир айтаётган жундан тўқилган акам тўртта нонга алмаштирган адиёлдир. Мен буни бригадирга айтишга тилим бормади.

Онам Диловар акам вафотидан кейин узоқ вақт ўзига кела олмади. Кейин қўшнимиз бўлган ўзбек хотин онамни етаклаб колхоз идорасига – раиснинг олдига олиб борган. Болалари ёш, ўзи касалманд. Далага чиқишга мадори йўқ. Идорани супуриб турсин, деб ёлворган. Шундай қилиб, онам эрта тонгдан идора хоналарини, ҳовлисини супуриб-сидирган, ундан кейин 5–6 километр йўл юриб туман марказидаги почта хонага борар, кечки пайт мени ёнига олиб, уйма-уй хат тарқатар эди.

Онам кўп гапирмасди, одамларга гап қайтармасди. Борган жойида ҳам кўп ўтирмасди. Баъзан қўлимга ўрик, майиз, ёнғоқ, бодом туттирсалар, “шошмай ол”, деб танбеҳ берарди. “Биз тиланчи эмасмиз, Аллоҳга беҳисоб шукр, аҳволимиз бошқаларникидан ёмон эмас. Яқинда аканг ҳам далада ишлашни бошлайди. Мен энди тузалдим”, деб бошимни силар эди.
Бир куни қўшни аёл қувонч билан янги хабар келтирди: “Бизни Фарғонага кўчиришар экан, балки у ердан Қримга қайтариб юборишар”. Иккинчи куни комендатурадан келган вакил қишлоғимизда яшайдиган тўрт-беш оилани танланганлар рўйхатига ёзишганини, биз эса уларнинг орасида йўқлигимизни маълум қилди. Онам йиғлади-сиқтади, бир ўзимизни қишлоқда қолдирмасликларини ёлвориб сўради. Аммо ҳеч ким қулоқ солмади. Фарғонага жўнатиладиганларни туман марказидаги паркка тўплашди. Уларни олиб кетадиган машинадан эса икки-уч кун дарак бўлмади. Онам бизни ёнига олиб ҳар куни кетадиганларнинг олдига борар, оқшомгача ўша ерда ўтириб кейин уйга қайтар эдик. Тонг отгач яна ўша ёққа қараб йўлга чиқардик. Шундай қилиб, қишлоқда татарлардан ўзимиз қолдик. Кейин ҳаммаси маълум бўлди. Фарғона ва Марғилонга кўчирилган оилаларни тўқимачилик ва ипак комбинатларига ишга жойлаштиришган. Бизни олиб кетишмаганининг сабаби эса оиламизда ўн тўрт ёшли бола йўқлиги, онамнинг касаллиги экан. Бир ой ўтар-ўтмас яна “вербовка” (танланма рўйхат) ҳақида хабар пайдо бўлди. Бу сафар ҳам бизни олишмади. Биз яна икки-уч кун кетадиганларни кузатиш учун паркка бордик. У пайтлар онамнинг зор йиғлаганлари, ёлворганлари ҳалигача кўз ўнгимда. Бир куни онам ўзидан кетиб қолди. Туман марказида яшайдиган Ажалим амаки келиб, уйига олиб кетди. Раҳматли Ажалим амаки дунё кўрган одам эди. Алуштада почта мудири, сургунликда эса Райсобезда ишлар эди. “Робия, ақлингни йиғ, уларга арзон ишчи кучи керак. Оиласида ўн тўрт ёшли болалари борлар “вербовка” қилинади. Яқинда кетганлар Фарғона тўқимачилик комбинатида, улардан кейин кетганлар Марғилон ипак комбинатида ишга жойлаштирилди. Энди Ангренга навбат келган. Кўмир шахталарига одам етишмаётган эмиш. Раҳматли Тўхтарнинг хотини Софияга қийин бўлди. Унинг уч қизини баравар рўйхатга ёзишибди. Бизни ҳам ёзишган, аммо болаларимиз ҳали кичиклигини билишгач, рўйхатдан ўчиришган. Қайғурма, ҳар ёмоннинг бир яхшилиги бўлади. Бундаям бир хайр бордир. Насиб бўлса, пахта даласи кўмир шахтасидан ёмон эмас”, деб тасалли берган эди Ажалим амаки.

Бир куни онам почтага кетаётиб мени ҳам ўзи билан бирга олиб борди. Қўшни қишлоққа етганимизда онамнинг юзи оқариб, боши айланди шекилли, йўл юзидаги бир уйнинг эшиги олдида тўхтади. Анча ўтирдик. Эшик очилиб уйдан бир киши чиқди, бизни кўриб яқинлашди. “Опа, нима бўлди? Уйга юринг, чой ичволасиз”, деди. Кейин хотинини чақириб: “Бечораларга бирор нарса бер, очга ўхшайди”, деди. Онам сергак тортди, кўзларини очиб бегона одамга қаради-да: “Йўқ-йўқ, керакмас. Биз тиланчи эмасмиз. Бироз ҳолсизландим. Ҳозир кетамиз”, деб ўрнидан турмоқчи бўлди. “Сизнинг тиланчи эмаслигингиз кўриниб турибди, фақат чарчагансиз, иссиқ чой ичинг”, деди ҳалиги киши куюниб.

Яхши одамлар экан, онамни ҳовлисига олиб кириб, сўрига ўтқазишди, бошига ёстиқ қўйиб, ётқизишди. Ҳалиги одамнинг хотини онамга иссиқ чой тутди, кейин қаергадир ғойиб бўлди. Мен эса онамнинг ёнида ўтириб, қалтирардим. Қандай қилиб уйга кетишимизни ўйлаб, хавотирланардим. Бироздан кейин қўлида бир коса сут, қўлтиғида битта нон билан аёл пайдо бўлди. Онамнинг бошига қўлини қўйиб, бир нималар деди. “Қўрқма, болам. Онанг ҳозир ўрнидан туради. Сен мана буларни еб ол”, деб косадаги сутдан пиёлага қуйди-да, ноннинг ярмини бўлиб менга узатди. “Насибангиз бор экан. Қўшнимиз ҳозиргина сигирини соғибди, тандирдан нон узибди. Тортинма, болам, ол, ол…”

Мактабга ишга қатнаганимда шу йўлдан ўтарканман доим онамнинг оппоқ юзидаги ўша ҳолати кўз ўнгимда жонланар эди.

Сайёр акам еттинчи синфни битирганидан кейин колхозда табелчи бўлди. Кейин бухгалтерликка ишга олишди. Бироз вақт ўтиб МТСга (машина ва трактор станцияси) ишга жойлашиб, биз туман маркази бўлмиш Учкўприк қасабасига ишчилар барагига кўчиб ўтдик. Қандай оғир ва тушуниб бўлмас бир замонлар эди. Туманда бор-йўғи битта ўрта мактаб бўлиб, бутун атрофдаги қишлоқлардан болалар Учкўприкка қатнашар эди. Онам ҳам шу мактабга фаррош бўлиб ишга кирди. Бечора фаррошлар эртадан кечгача пол ювсалар ҳам ҳеч ишлари тугамас эди. 25–30 синфдан иборат мактабда бор-йўғи икки-уч аёл ишларди. Мактабга урушдан қайтган собиқ офитсер – ажойиб инсон Абдулла Отахонов директор бўлиб келганидан кейин уларга анча енгил бўлди. Лекин кун бўйи совуқ сувда пол ювган хотинларнинг соғлиғи ёмонлашиб, ишга ярамайдиган аҳволга келиб қолишган эди.

Шундай қилиб, қишлоқда ўзимиз қолганмиз. Онамнинг опаси Сабия холам, бобом ва оиласи билан Киров (ҳозирги Бешариқ) туманига келиб тушган. Бешариқ қишлоғидаги пахта фабрикасида ишлашган. Бу икки туман бир-бирига яқин эди. Орада Қўқон шаҳри бўлиб, унинг жанубида Молотов, шимолида Киров туманлари жойлашган эди. Холам уддабурон аёл бўлиб, урушдан олдин Алуштада дўконда ишлар эди. Бизни ёнига олишга кўп уринди, аммо чорасини тополмади. Онамнинг ҳам Молотов тумани комендатурасига опасининг ёнига кўчиб ўтишга изн сўраб ёзган аризалари жавобсиз қолди.

Ҳали-ҳануз эсимда. Бир куни кечаси эшигимиз тақиллади. Онам қўрққанича эшик зулфинини туширди. Ичкарига бир аёл кирди. Унинг Сабия холам эканини кейин билдим. Чунки мен уни 1944 йилдан кейин кўрмагандим. Чироқ ёқишмади. Холам далама-дала юриб кечаси бизникига етиб келган. Бобомиз Ўзбекистонга келгандан кейин кўп яшамаган. 1945 йили қишнинг қора совуқ кунларида касалланиб қолган. Ўлими олдидан тарвуз егиси келибди. Қиш маҳали чеккадаги узоқ қишлоқда тарвузни қаердан топиб бўлади? Холам атроф қишлоқларни айланиб тарвуз излаган. Бир ўзбек киши холамга ачиниб, ўзи учун асраган тарвуздан бир бўлак берган. Бобом тарвуздан бир марта тишлаб, бошини кўтариб атрофга кўз ташлаган-да, жон таслим қилган экан.

Опа-сингил эрталабгача гаплашиб чиқишди. Тонг оқара бошлагач, холам яна яширин келган йўли билан Бешариққа қайтган. Холам бир халтача макарон, бир пачка чой олиб келибди. Умримда биринчи марта макарон ва чой нима эканини ўшанда билдим. Онам ва акам ишга кетганида халтачадаги макаронни бир ўтиришда еб туширганман. Қўшнимиз Бозор ака бизга берган қумғонда сув қайнатиб унга пачкадаги ҳамма чойни тўкканман. Аччиқлигидан оғзимга ҳам ололмай уни отиб юборганман. Орадан кўп вақт ўтмай ошқозоним бурай бошлади. Нима қилишимни билмай ҳовлида чопиб юргандим, онам келиб қолди. Вазиятни англаб, қўшниларга чиқиб, кимдандир бир коса қатиқ топиб келди. Мажбуран ичириб, заҳарланишдан сақлаб қолган. Шу қишлоқда яшаб акам туман марказида ўнинчи, мен еттинчи синфни битирдик.

Баъзан Ажалим амакининг айтганларини эслайман: “Неча-неча ўзига тўқ, соғлом болаларни уришди, хўрлашди. Очликка чидолмай ўлиб кетишди, улардан ном-нишон қолмади. Робия, сен фақир яшасанг ҳам, болаларни оч қолдирмадинг, ўқитдинг. Кучли, чидамли, сабрли аёл экансан. Насиб бўлса, болаларинг ҳам юзингни ерга қаратишмайди”

Акам МТСда ишлаганида меҳнаткашлиги, одамлар билан тезда тил топиша олиши билан жамоат орасида эътибор қозонди. У профсоюз раиси билан гаплашиб, мени МТС клубининг ёнидаги кутубхонага ишга жойлади. Кутубхонани тушдан кейин соат тўртда очиб, кечки вақт соат саккизда ёпар эдим. 9-10-синфларни битиргунча шу тарзда ишлаб онамга ёрдамлашдим. Онам эса ўқишини ташлайди, деган хавотир билан ишлашимга қарши бўлди. Акам ишлар, мен ўқир эдим. Онам тез-тез касал бўлиб турарди. Энди унинг ишлаши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Касаллиги туфайли нафақага чиқаришди.

1957 йил. Мен энди бир нималар қоралаб юрардим, туман ва вилоят газеталарида кичик-кичик мақолаларим босилиб турарди. Мактабда ҳам жуда фаол ўқирдим. Шу йили Москвада жаҳон ёшлари ва талабалари фестивали ўтказиладиган бўлди. Туман комсомол комитетининг биринчи котиби Мунисхон Исмоилжўжаева тил ва адабиёт ўқитувчимиз эди. Туман мусобақаси ғолиблари қаторида мени ҳам вилоятга йўллашди. У ердан республика фестивалига қатнашдим. Тошкентга борганимда Ўрта Осиё Давлат Университетининг филология факултетига қизиқиб қолдим. Фестивал ғолиблари билан бирга ҳар бир вилоятдан бир неча ёшларни Москага юборадиган бўлишди. Бу рўйхатда мен ҳам бор эдим. Уйга қайтиб ўзимга ўзим: “Аканг қарағай пойтахтга кетади”, деб у кунни интизор кутдим. Негадир у пайтлар қримтатар эканимни, олис пойтахтга сафар бизга таъқиқланганини билмас эдим.

Тошкентга борганимда Москвада фестивалга иштирок этадиганлар орасида “Баҳор” рақс ансамблидан Дилара Байбуганова, Алишер Навоий номли опера ва балет театридан Севиля Ҳайбуллаева, филармониядан Клара Жалилова номларига дуч келдим. Лекин уларни бизнинг миллатдошларимиз эканидан хабарим йўқ эди. Бир куни мени туман комсомол кометитига чақиришди ва Москвага бориш мумкин эмаслигини айтишди. Аммо сабабини тушунтиришмади. Уйга мунғайиб қайтдим. Онам мени тушкун ҳолда кўриб: “Болам, албатта, бунга лойиқсан, лекин бизни ким эканимизни ҳеч унутишмайди. Вақти-соати келиб Москвага ҳам борасан. Балки, Тошкентда ўқишингга қаршилик қилишмас”, деди.

Мен имтиҳонлардан ўтиб, университетга ўқишга кирганимда бўйим 1,45 см. вазним 45 кг. эди. Тарихдан имтиҳонга кирганимда домла ўтирган стол ёнига бордим. Домла бирдан ўрнидан туриб, менга қаради ва: “Вой болам, бунақа бўйинг билан қандай ўқийсан? Пахта далалари орасида йўқолиб қоласан-ку! Бўйингни озроқ ўстириб кел, ҳали ўқишга улгурасан”, деди. Мен ҳеч нарса демай, билет танлаб, парталардан бирига ўтирдим-да, саволига жавоб бериш учун тайёргарлик кўра бошладим. Бир неча бола имтиҳон топшириб, хонадан чиқди. Мени эса олдига чақирмади. Хафа бўлдим, кўзларим ёшланди. Дераза томонга ўгирилиб, кўчага кўз ташладим. Тўғридаги Инқилоб хиёбонида (кичик парк) айланиб юрган бир одам кўзимга иссиқ кўринди… Шунда домланинг: “Қани, ёнимга кел-чи, жавоб беришга қодирмикинсан”, деганини эшитдим. Ўрнимдан туриб, рўпарасига бордим. Билетдаги биринчи саволга жавоб бера бошладим. “Бўлди, етади. Бўйинг паст бўлса ҳам калланг ишлар экан. Қишлоқдан келганинг кўриниб турибди. Пулинг борми?” деди. Бошимни қимирлатдим. “Нима егинг келяпти?” деб сўраса, “Музқаймоқ”, деб юборганимни ўзим ҳам сезмабман. “Агар мени ўғлим бўлсайдинг, калтаклаб таъзирингни берардим, музқаймоқ ҳам овқат бўладими?! Ундан воз кеч. Албатта, ҳозир егулик ҳам кўпмас. Бор кетавер, озроқ семир, оч юрма”, деб имтиҳон варақасини қўлимга тутқазди. Бу қоғоз гўё олов каби қўлимни куйдирар эди. Довдираганча эшикка йўналдим. “Икки баҳо қўйгандир-да, жавобларимни ҳаттоки эшитмади ҳам”, деган ўй-хаёл билан ташқарига чиқдим. Шу пайт кимдир елкамга қўлини қўйди. Сесканиб, орқамга қарадим. Мактабимиз директори Абдулла Отахонов. Уни кўриб суюнибми ё хафа бўлганим учунми, йиғлаб юбордим. “Сенга нима бўлди? Ким хафа қилди?” деди у. Ҳеч нарса демай кафтларим орасидаги имтиҳон варақасини кўрсатдим. У ҳам менга, ҳам қўлимдагига кўз ташлаб, варақани олиб қаради. Бирдан кулимсираб: “Ҳой бола, бу нима қилганинг? Тарихдан “беш” олибсан-ку! Ҳада ким имзо чекибди – академик Яҳё Ғуломов – Ўзбекистоннинг биринчи тарихчиси! Ундан ҳеч ким “беш” ололмаган. Мен ҳам уруш арафасида шу университетни битирган эдим. Агар унинг дарсидан “уч” олсак, байрам қилар эдик. Бўлди, бас қил, хафа бўлма. Бу ерга конференцияга келишимни эшитиб онанг сенга атаб озроқ пул бериб юборганди. Мен ҳозир шошиб турибман. Қайтганда сени топаман”, деди ва қўлимга бир тахлам пул бериб кетди.

Университетга қабул қилиндим. Мен билан бирга имтиҳонга кирган тошкентлик талабалар бўйимни кўриб, кесатишиб: “Эй бола, сен нимага осилганингни биласанми? Бу ерда бойларнинг болалари ўқийди”, дейишади. Шундан кейин номим “бола”га чиқди. Ҳеч ким отимни ҳам, фамилямни ҳам эсламасди.

Биринчи курсни битиргунча яшаш учун курашдим. Гуруҳимизда 20–25 ёшли талабалар кўп эди. Бешта йигит уруш сабабли вақтида ўқий олмаган. Улар билан бирга темирйўл вокзалига бориб, кўмир юкланган вагонларни бўшатар эдик.

Ёзги таътилда уйга қайтганимда онамни тўшакда михланиб ётганини кўрдим. Акамнинг топгани на дори-дармонга, на озиқ-овқатга етарди. Мен эса степендия билан яшай олмаслигимни билардим. Онам мени ёнига ўтирғизиб: “Болам, сенга ёрдам қилишга имконимиз йўқ. Билмадим, бу ҳолда қандай кун кечирар экансан…” деди кўзлари ёшланиб. “Райселкка бораман. Пилла қуритиш ширкатига ишга кираман. Озроқ ҳаракат қилсам, балки палто оларман”, дедим. “Ўн қават қанор тўшама орасида қандай айланасан?” деб қайғуриб сўзлади у. “Хавотир олманг, озғингинаман, қуш каби айланаман”, деб онамнинг кўнглини кўтарган бўлдим.

Иккинчи курсда пахта теримидан кейин ҳолсизликдан тез-тез ётиб қолардим. Домлаларимиздан бири янаям озғинлашиб кетганимни кўриб: “Сен бола, ўзингга қара. Ёки бир-икки йил академик таътил олиб уйингга қайт ёки сиртқи бўлимга ўт”, деб насиҳат қилди. Деканга учрашдим. “Сени тушундим. Лекин бу масалани фақат ректор ҳал қилади. Ариза ёз, мен “қарши эмасман”, деб имзо чекиб бераман. Ректор яхши одам. Мен айтсам, сўзимни қайтармас”, деди у. Университетнинг математека-механика факултетида Нагаев фамилияли ака-ука домлалар ишлашар экан. Миллати рус бу домлалар билан фамилиядош эканимдан хабарим йўқ эди. Ректор Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов совет даврида етишган илк ўзбек олимларидан бўлиб, академик, давлат мукофотлари совриндори, дунёга таниқли математик эди. Энг қизиғи, у ҳам паст бўйли ва озғин бир киши экан. Қабулхонада кун бўйи ўтирдим. Котиба қиз навбат билан ҳар кимни қабулга киргазар, “бу боланинг нима иши бор экан”, деган таажжуб билан менга қараганини сезмадим. Кейин унга қабулга келганимни айтиб, олдига декан имзолаган аризани қўйдим. У аризани қўлига олиб, фамилиямни ўқиди-да, таажжубланиб: “Сен профессор Сергей Александровичнинг туғишганимасмисан?” деб сўради. “Мен ҳеч қандай Сергей Александровични танимайман”, дедим кескин оҳангда. “Сен бола, кутиб тур, Тошмуҳаммад Алиевичга хабар қилай”, деб ректорнинг хонасига кириб кетди. Бироздан кейин қайтиб чиқди-да: “Ректор ҳозир мажлисга шошиляпти. Кўп гапириб ўтирма”, деди мени ректор хонасига бошлаб. Эшикдан киришим билан менга ўхшаган паст бўйли одамни кўрдим. “Нима учун сиртқи бўлимда ўқимоқчисан?” дея савол билан гап бошлади. “Онам касал, ёрдамлашадиган ҳеч кимим йўқ”, дедим. “Ундай бўлса, яхши, деканатдан жавобини оласан”, деди. Иккинчи куни деканимиз мени чақиртириб, ректор қандай муносабат кўрсатгани билан қизиқди. Мени эшитгач: “Яхши, бўлди, уйингга кетавер. Ректор “просбу удовлетворит”, деб имзо чеккан”, деди.

Қишлоққа қайтдим. Ўқишим ҳақида қўлимга ҳеч қандай қоғоз беришмади. Онам рангимнинг бир аҳволлигини кўриб: “Вой болам, ўқишдан ҳайдашдими? Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, дейишади. Акангни институтга кириб ўқишга имкони бўлмади. Энди сен ҳам қайтиб келдинг. Бу қандай гап бўлди, бошим ҳеч балодан чиқмайди”, деди кўзлари ёшланиб. “Кўп қайғурманг, она. Ишлайман, доим ёнингизда бўламан”, дедим.

Акам МТС директори билан гаплашиб мени қурувчилар бригадасидаги дурадгорларга шогирд қилиб жойлаштирди. Бир неча ойдан кейин текширув ишлари бошланди. Текшириш рус тилида олиб борилади. Мен эса рус тилини яхши билмас эдим. Мактабимизда рус тили ўқитувчилари етишмагани боис дарслар онда-сонда ўтилар, уни керагича ўрганилиши ҳеч кимни қизиқтирмас эди.

Сессияга борсам, мени рус бўлимига олишган экан. Декан кулимсираб: “Фамилиянгга қараб котибамиз сени рус деб ўйлаб, рус гуруҳига расмийлаштирган. Биринчи ёзма ишдан кейин “қониқарли” олгансан. Ўзбек мактабида ўқиганинг билинди. Қани, сиқилма, ўзбек гуруҳига ўтказамиз”, деди.

Уйга қайтдим. Менга дурадгорлик касбини эгаллаш насиб бўлмади. Бир куни кўчада Маҳмуд Мелибоев деган ўқитувчимни учратиб қолдим. “Ўқиш маҳали нега бу ерда ишлаяпсан?” деди. Аҳволимни тушунтирдим. “Шундай де, онангни касаллигидан хабарим бор. Аммо бизда университетда ўқиганлар жуда кам. Сени ўқишга кирганингни эшитиб жуда қувонган эдик. Афсус, нима ҳам қиласан. Ҳаёт шундай. Биз истаганимиздек бўлмайди. Сен бир-икки кундан кейин РайОНОга бор. Она тили ўқитувчиларинг Иброҳим Муҳиддинов ҳозир у ерда мудир. Мен ҳам гаплашаман. Ақлингни йиғ. Ҳеч қачон ўқишни ташлама, кейин пушаймон бўласан”, деди.

РайОНОга бордим. Мудир мени самимий кутиб олди. “Келганинг яхши бўлди. Фақат бироз кутиш керак бўлади. Биринчи курсни битирганинг ҳақида справка олиб кел, кейин бир чорасини топамиз. Албатта, ёрдам қилиш биздан, ишлаш ва ўқиш сендан. Юзимизни қизартирмасанг бўлди”, деб мени эшиккача кузатиб қўйди.

Ҳали бир ҳафта ҳам ўтмаганди. Иш жойимга акам келиб, жаҳл билан: “Нима иш қилгандинг, Муҳиддинов сени чақиртирибди!” деди. Елкамни қисиб: “Ҳеч иш қимадим”, дедим.

РайОНОга борсам, кадрлар бўлимига учрашишимни айтишди. Кадрлар иши билан қўпол табиатли қозонтатарлардан бўлган бир аёл шуғулланар экан: “Иброҳим акага ҳайронман. Ҳали қўлида ҳеч бир ҳужжати бўлмаган ёш болани ўқитувчи қилиб қишлоққа юбормоқчи бўляпти!” деди мени кўриши билан. Мени қайта Иброҳим акага жўнатди. Домла: “Кадрлар бўлими мудирининг гапига эътибор берма, сени кўздан узоқроқдаги йигирма тўртинчи мактабга бошланғич синфларга рус тили ўқитувчиси этиб юбораман. Яқин мактабларда бўш жой йўқ. Мактаб директори Холиқ Отажонов уруш кўрган собиқ офетсер. Гаплашдим. Ҳафтада икки кун уйингга боришга рухсат беради. Унинг сўзига қулоқ сол, гап қайтарма. Юзимни ерга қаратма. Келаси ўқув йили осонроқ бир йўлини қиламиз”, деди.

Шундай қилиб, туманнинг чекка қишлоқларидан бири Сариқўрғонга бордим. Иброҳим ака айтгандек, директор самимий, одам экан. Юқори синфларга рус тили ва адабиётидан Ира Абдулина, математекадан бизнинг халқдан Рафиқ Абдураззоқов, ўзбек тили ва адабиётидан Эсон Турибоев каби тажрибали домлалар дарс беришар экан. Сургунликнинг илк йилида Сариқўрғонга яқин Суюнчол деган қишлоққа келиб тушганимизни кейинроқ билдим. 8–10 қишлоқ болалари шу мактабга қатнашар эди. Қизиқ, бу қишлоқларнинг ҳеч биридан бирорта ўқитувчи чиқмаганди. Ҳаммамиз Қўқон шаҳри ёки туман марказидан қатнар эдик. Ҳатто мактаб директори ҳам Қўқондан бўлиб, ойида икки-уч марта уйига борарди. Ўқитувчилар мактабга яқин бир ҳовлида тунашар экан. Директор барчамизни ҳар куни кечки пайт хонасига тўплар, болалар мактабга кам қатнагани учун бизга танбеҳ берарди. Икки-уч ўқитувчидан бир гуруҳ ташкил қилиниб, оқшом ота-оналар билан суҳбатлашиш учун жўнатиларди.

Мен ўқитувчи қилиб тайинланган синфларда Толиб ака деган одам рус тилидан дарс берар экан. Нафақа ёшига етгани учун уни дам олишга кузатишга мажбур бўлишган. Болажон, содда, мулойим бу ўқитувчининг бир этак боласи бўлиб, еттинчи синфни зўрға битирган. Ўзи директорнинг таниши бўлиб, Қўқон шаҳридан қатнаб ишларкан.

Ҳаёт анча йўлга тушиб қолган кезлар. Акам уйланганидан кейин хизмат зарурияти билан холамлар яшайдиган туманга кўчиб ўтди. Мен эса ўқишим, ишим борлиги учун у билан бирга кетишни истамадим. Узоқ-яқин қариндошларимиз бу ерда бўлгани учун онам ҳам мен билан қолди. Ҳар жума куни оқшомда уйга қайтар ва душанба куни яна йўлга отланардим. Нон ва чой онамнинг асосий овқатимиз эди. Мен келадиган кунлари онам шўрва пишириб қўярди. Баракнинг ҳар бир бўлмасида олтита хона бўлиб, олти оила яшар эди. Ҳамма йўлакда қозон осар, чой қайнатарди. Ҳар бир бўлимда 8–10 бола бўлганига қарамай, қўшнилар бир-бирларининг ҳеч нарсасига тегинишмасди. Мева-сабзавот пишган маҳалда болалар қўшни ҳовлисидаги боғчаларига ўғринча тушган вақтлари ҳам бўларди. Аммо қўшни молига кўз олайтирган бирор кимсани кўрмадим. Меҳр-муҳаббатли, оқибатли эдилар. Тансиқ овқатлар пиширишса, бир-бирларига улашишарди.

1963 йили университетни битирдим. Онам яна ҳолдан тойди. Мен энди узоқ қишлоқни тарк қилишга қарор қилдим. РайОНОга бориб, вазиятни тушунтирдим. Шу йили икки қўшни туман бирлашиб райОНО мудири ҳам ўзгарган эди. “Яқин мактабимиз йўқ. Яна бир-икки йил чидашингиз керак”, дейишди. Олдинги домлам собиқ район комсомол кометитенинг биринчи котиби, энди Қўқон шаҳрида мактаб директори бўлиб ишлар, мени учратганида: “Қишлоққа қатнашдан чарчамадингми? Бизга кўчиб ўт. Ҳарҳолда шаҳар шароити бошқа”, деган эди. Шунда ишдан бўшатишларини сўраб ариза ёздим-да, қабулхонада қолдириб, кўчага чиқдим. Кўп ўтмай, ортимдан мудир котибаси келиб: “Сизни комиссия чақиряпти”, деди.

Шу вақт туманда ўқитувчи етишмаслиги сабабли текширувга келган комиссия, мудирнинг столидаги аризамни кўриб, нега бўшамоқчи бўлганимга қизиққан. Мудир хонасида ўтирган тўрт-беш одамни кўриб, орқамга қайтмоқчи бўлдим. Рухсат беришмай: “Нима учун мактабдан кетмоқчисиз?” деди улардан бири. Сабабини тушунтирдим. У аввал менга, сўнг мудирга қараб: “Нима, сизда университетни битирган ўқитувчилар кўпайиб кетдими? Сизда ортиқча бўлса, шаҳарда етишмайди. Агар унинг ўрнига одам топилмаса, туман марказида лаққиллаб юрган танишларингиздан бирини жўнатарсиз. Боришни истамаса, ўзингизни ўша мактабга ўқитувчи қилиб жўнатамиз”, деди. “Йўқ, нега? Одам топилади. Ёш, ҳаракатчан, ҳали бўйдоқ бўлгани учун яна бир-икки йил ишласин дегандим, аризасини ҳали кўришга улгурмадим. Ўзимизнинг кадр. Яқинроқ мактаб топамиз. Яшайдиган жойига 2–3 км. яқин янги мактаб қурилди. Ана ўшанга юборамиз. Розимисан, ўғлим?” деб мени сийпалаб гапирди мудир. Бошимни қимирлатиб рози бўлишдан бошқа чорам қолмади. Янги очилган 76-мактабда фақат икки ойгина ишладим. Кейин армия хизматига кетдим.

Акам онамни ёнига олиб кетишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қайсарлик билан: “Ўғлим бу ердан армияга кетди, шу ерга қайтиб келади”, деб кўнмаган.

Ҳарбий хизматни Украинада бошлаб, Германиянинг Франкфуртднаҳ Одер шаҳрида давом эттирдим. Ойда бир-икки марта политрук (Совет армиясининг сиёсий нозири) суҳбатга чақирар, сабаби эса: “Нима учун онангга хат ёзмайсан?” деб мени урушар эди. Мен ҳар хафта хат ёзганимни айтаман. Политрук айтганимга қаноатланади. Кейин туман военкомининг хатини кўрсатиб: “Мана, яна хат келмайди”, деб онанг шикоят қилган. Шундай қилиб, вақтим бўлмаса ҳам, ҳар даъфа йўқлатишганида бир неча бетли тушунтириш хати ёзардим.

Армиядан қайтганимдан кейин онамнинг хавотири сабабини тушундим. Уйимиз военкаматга яқин эди. Онам мендан хат олиши билан қариндошларга чопар, уни ўқитиб, уйга қайтаркан. Иккинчи куни ўзи хатни ҳижжалаб ўқий бошларкан. Ҳар куни соатлаб ўқиган. Беш-олти кун қайта-қайта ўқиганидан сўнг ёддан такрорлайверган. Хат ортидан хат келиб етмагач, военкаматга борганда, ичкарига кирмай, деразадан қараб, таниш аёлдан нега мактуб келмаётганини сўраган. Бунақа зиёрат икки-уч марта давом этгандан кейин военкамат ходими мен хизмат қиладиган ҳарбий қисм командирига сўров мактуби жўнатади-да, нусхасини онамга кўрсатади. Онам армиядалигимда нўхот ва ловиядан фол кўришни ўрганиб олибди. Олдин фолга ишонмайдиган одам энди фолсиз яшай олмаган. Айтишларича, кўрган фоли қачон хат келишини тўғри белгилаган эмиш.

Бир куни военкамат ходими уйга кириб келади. Онам қўрқиб, қалтирай бошлайди. “Бирор гап бўлмаса, у бу ерга келмасди”, деб йиғламсираган. “Йиғламанг, ҳаммаси жойида. Ўғлингиз яхши хизмат қилар экан. Уни мақтаб газетада ёзишибди, сизга командирдан ташаккурнома келди”, деб уни тинчлантиради.

Онам шундай ғаройиб аёл эди. Ҳеч кимга оғирлиги тушмасдан яшар, ҳеч кимдан шикоят қилмас, юрагини ҳеч кимга очмасди. Ўша пайтлари юз ёшга кирган каттабувим Сабия холам билан яшар эди. Холам тўсатдан касал бўлибди-да, уч кундан кейин вафот этибди. Жанозага борган онам бир ҳафтадан сўнг уйга қайтиб келади. Сабия холам: “Ўтирсанг-чи, бир ўзим нима қиламан?” деб ялиниб-ёлворса ҳам, “Ўғлим келиб, мени қидириши мумкин. Хизматнинг иккинчи йили. Ўқитувчиларни мактаб очилгунича ишга етиб боришсин деб августда қайтаришар эмиш”, деб қолмайди. “Сендан бошқасининг боласи армияга бормаган. Қайтса, бу ерга келишга ҳам йўл топади”, деб асабийлашади холам. “Мени одамларга ўхшаб бир этак болам йўқ. Бору йўғи икки дона, икки қора кўзим. Сенинг ўғлинг каби урушдан кейин армия кўрмаганлардан эмас”, дейди онам.

Genocid.jpgҚайтишимга бир ой қолганида онам тўшакда ётиб қолган. Сабия холам бир сўзли хотин эди. Акамга ишонмасдан, уйга келган-да, онамни мажбуран уйига олиб кетади. Армиядан қайтганимда онам Бешариқда – холамнинг уйида экан. Ажалим амаки у ёққа боришимга рухсат бермади. “У холанг билан кетганида менга: “Сафтерим келганида менга хабар қил. Инсон тарк этган жойига қайтса, иши ўнгидан келар эмиш”, деганди”. Она бола бир-биримизга етишдик. Армиядалигимда “Ленин байроғи” деган газета ташкил бўлиб, ҳафтасида икки марта чиқа бошлаганини билардим. Онам ўзи ўқимаса ҳам, ҳар сафар хатга қўшиб ўша газетадан ҳам жўнатар эди. Газета муҳаррири Абсалом оғага хат ёздим. Талабалик йилларим газета редакциясида амалиёт ўтагандим. У вақт газетада етук адибларимиздан Абдулла Дерменжи, Раим Тинчеров, Юсуф Пўлат, Шомил Аладин, Тоир Салимов, Мамбет Алиев, Амет Мефаев каби бир қатор зиёлилар ишлашар эди.

Мен Тошкентга газетада ишлаш учун кетадиган бўлдим. Пойтахтга бориб, ишга жойлашганимдан кейин онамни ҳам ўзим билан бирга олиб кетишга қарор қилдим. Бироз вақт университетдаги танишим Рефат Аметовнинг уйида турдим, кейин бир уйни ижарага олдим. Уй соҳибаси бироз қўпол табиатли аёл эди. Уйдаги ҳеч нарсага тегмасдан, фақат ётиб-тураман. Ҳар ойда уйга бориб келаман. Ҳар сафар онамни олиб кетишга кўндираман, деган ният билан йўлга чиқаман. Лекин у қишлоқдошлар, қариндошларини ташлаб бегона ерга кетишни истамасди. 1966 йил апрел бошларида уйга бордим. Онам оёққа турган, ўзини анча яхши ҳис қилар эди.

– Ўғлим, холангникига борайлик, айтадиган гапим бор, – деб қолди онам.

– Мен фақат икки кунга келганман. Энди муқим ишга жойлашдим. Кўп қолишимга рухсат беришмайди, – дедим.

– Бошлиғингни яхши одам дейсан-ку, бир-икки кунга кечиксанг каллангни олмайди, – деди мунғайиб.

Бордик. Холамнинг:
– Синглим ўз оёғи билан келди, – деб севинганини кўрсангиз эди.

Дастурхон атрофида ўтиргандик, онам тўсатдан сўз бошлади:
– Опа, берган нон-тузингизга рози бўлинг. Оғир вақтларда қўлладингиз. Ота-онамизни ҳам болангиздек боқтингиз. Энди сизга юк бўлишни истамайман. Ўғлим билан бирга бўлиш бурчим. Уни ёнимдан кўп узоқ кетказмадим. Аллоҳга беҳад шукр, йўлини топди. Ўзининг айтишича, бир турар жой топган. Албатта, катта шаҳарда бир ўзимга яшаш осон эмас. Бир-биримизга суяниб яшармиз. Яна сиз билан кўришиш насиб қилсин. Оёққа турдим. Қишдан чиқсам, сизни кўришга келаман деган умиддаман.

– Вой, онам, сен бизни хайрон қолдиряпсан! Ўғлинг яқинда армиядан келган бўлса, ўзига бир уй-жой қилгани йўқ. У ерда нима иш қиласан? Бу ерда ёнма-ён бўлмасак ҳам, яқинмиз.

Шошилма, борсин, яхшилаб ўрнашсин. Кейин сени ўзим олиб бораман, – деди кўзлари ёшланиб холам.

– Икки йўл орасида қолиш осон эмас. Энди ўз оиласини қуриш вақти келди. Топгани кийинишига етмайди. Ҳар ойда бу ерга келиб-кетишнинг ўзи бўладими? Худо хоҳласа, бир иложини топиб яшаймиз. Энди унинг орқасидан қолмайман… – деди онам кескин оҳангда.

– Сафтер, сен нима дейсан? Онангни у ёқда қараб, боқа олишингга ишонасанми? Уйинг-жойинг йўқ. Хотинларнинг ташвиши кўп бўлади. Уни усти-боши бор. Билмадим, энди яқинда аскарликдан келдинг, аёл кишининг юриб-туришига чидай олишига унчалик имоним комил эмас… – деди холам.

– Қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Яна бир ой чидасин. Лаш-лушларимизни йиғиштирсин. Бирор машина топиб, эмин-эркин олиб кетаман, – дедим.

– Ҳай, ошиқма, қизим сен билан борсин. Лаш-лушларингни йиғиштиришсин. Ювишсин. Кейин кўрамиз. Ўзимга ишонсам, балки сени кузатишга бораман, – деди холам онамга қараб.

– Опа, менга рухсат беринг. Энди кетай. Ўзимга жуда ишонмайман. Бугун-эрта… эрта кеч бўлиши мумкин , – деди онам. Холам “нима дейсан”, деган каби менга қаради.

– Нима ҳам дейман, бирга бўлишни истаса, уйга борайлик, бир чорасини топамиз, – дедим.

– Робия, сени қайсарлигинг қолмади-да. Ўғлингни оғир аҳволга қўйма, гапга кирсанг-чи… – деди холам.

Онам:
– Бу қарорга келиш менга осон бўлмади. Унинг эшикдан кириб келишини кута-кута чарчадим. Бу ердаги насибам энди тугаганини ҳис қиляпман. Ош-нонингизни кўп едим, рози бўлинг… – деди.

– Розиман. Албатта, ҳақлисан. Она боласининг ёнида бўлиши керак. Азал-азалдан ота-онасини сўнгги йўлга кузатиш фарзанднинг бурчи, деб бекорга айтишмаган. Аммо боласини сўнгги йўлга кузатиш ота-она учун энг катта бахтсизликдир. Умр бўйи қийналиб яшадинг. Бир кун ёруғлик кўрмадинг. Болаларингни хорламадинг. Худо хоҳласа, у ер марказ жой. Балки даволанарсан, шифо топарсан… – деди холам хўрсиниб.

Опа-сингил қучоқлашиб хайрлашишди. Биз уйга қайтдик. Нима қилишимни билмайман. Бир вақтлар биз ишлаган МТСнинг ўрнида савхоз ташкил бўлган эди. У ерда ишлайдиган қишлоқдошларимиз бизга яхши муносабатда бўлишар эди. Савхоз директорининг ёнига бориб, вазиятни тушунтирдим. Директор бош инспекторни чақиртириб:

– Яқинда Тошкентга кетадиган машина бўладими? – деб сўради.

– Бу ой бир заводдан материал оладиганмиз. Телефон қилишларини кутамиз, – деди.

– Ўзингиз телефон қилинг. Имкони бўлса эртами, бошқа куними, қачон боришингизни билдиринг. Келишганингиздан кейин шафёрга бу укамизнинг юкини ҳам олиб кетишини тайинланг. Мусофир ўзимизнинг одам. Бир вақтлар ака-ука бизда ишлашган. Энди пойтахтда яшаб, газеталарда ишлашяпти. Онасини ҳам кўчириб олиб кетишни хоҳлашяпти. Пул-мул ҳақида гап бўлмасин. Насиб этса, таниқли журналист бўлганида бизни унутмас, деб ўйлайман, – деди кулимсираб директор.

Уйга қайтиб лаш-лушларимизни йиғиштириб машина кута бошладик. Қўшнимиз Робия опа қозонтатарларидан бўлиб, онам билан опа-сингилдек эдилар.

Қўшни хотин бизникига чиқиб:
– Яхши қилдингиз, она боласининг ёнида бўлиши керак. Анча ўрганиб қолгандик. Кўп йиллардан бери бир-биримизга суяниб яшадик. Бунақа айрилиш оғир. Хаёлимга бир иш келди, ўғлим, келиним ишдан қайтишсин, кейин айтарман, – деди-да, уйига кетди.

Оқшом Робия опа ўғли ва келини билан келди. Ўғли истиҳола билан деди:
– Опа, афсус, сизлардан айрилиш осон эмас. Онам бизни қийин вазиятда қолдирди. Сизни кузатиб Тошкентгача борармиш. Ундай қилманг, йўлда уриниб қоласиз, десак ҳам тушунмаяптилар. Ўзларига ишонса, майли, борсинлар. Уч-тўрт кундан кейин автобусга миндириб юборарсиз. Қўшнилар бориб жойлашишсин, кейин борармиз десам ҳам унамадилар, бунга нима дейсиз?

– Нима дейман, розиман. Онамга ҳам осон бўлади. Истаганича биз билан ўтирсин. Қачон деса, ўша пайт автобусга миндириб юбораман, – дедим.

– Унчалик эмас. Фақат бир ҳафта! Маҳаллани биласан, бир кун кўринмасанг, қишлоқда гап оралайди. “Фалончи онасидан безиб, қаергадир жўнатибди”, дейдиганлар топилади. “Ўғли онасини кимга ишониб, узоққа жўнатибди”, деган миш-мишларни эшитишга тоқатим йўқ.

Уйига жойлашиб олишса, бўлди, улар ҳам, биз ҳам хотиржам бўламиз, – деди қўшни аёл.

Орадан икки кун ўтмай ашқал-дашқалимизни машинага жойлаб, йўлга тушдик. Ҳайдовчи кўпни кўрган одам экан. Қўқон шаҳридан чиққач, тоғлар орасидан ўтувчи юк машиналари қатнайдиган йўлга бурилди.

Икки қарияни кабинага ўтирғизиб, ўзим кузовга чиқмоқчи бўлдим. Онам: “Тоғ йўли бизнинг Ялибой қирларига ухшайди. Ям-яшил, атроф гўзал. Ҳавоси ҳам ажойиб. Кузовга биз чиқамиз”, деб туриб олди. Кузовда тагларига тўшак тўшаб, ўзларини адёли билан ўрадим. Онамнинг Тошкентга келиши шу тариқа бўлди.

Робия опа шаҳардан жуда тез безди. Учинчи куни: “Мени автобусга чиқариб юбор, болам. Опамни биз тарафга тез-тез олиб бориб тур”, дея ёлворди. Шундай қилиб, уни зўрға бир ҳафта ушлаб турдик. Кейин қишлоққа жўнатиб юбордим. Опа-сингил бўлиб қолган икки Робиянинг бу сўнгги кўришуви экани ўшанда хаёлимга ҳам келмаганди.

Ўша йили қиш қаттиқ келди. Тошкентнинг қаҳратони ўзини кўрсатди. Совуқ минус 30 даражагача етди. Яхшиям, кўмир олиб қўйган эдик. Уй эгаси таги тупроқ, устига кигиз тўшалган хонада яшар, сандали бор эди.

Онам бир йилгача яхши яшади, аммо касали яна қўзғади. Бир ўзини уйга қолдириб ишга кетишга хавотирлана бошладим. Лекин кейин овқатдан, сувдан қолди. Пишириб қўйилган овқатларни ҳам емай қўйди. Бир куни миллатдошларимиздан таниш шифокорни чақирдим. У онамни текшириб кўриб: “Ўзингизни ҳам, онангизни ҳам қийнаманг. Шаҳар четида “Ореховая Роща” деган санатория бор. Ажойиб, шинам, боғ-боғчали шифохона. Ўша ерга жойлаштирайлик. Даволаниш бепул. Истаганича ўша ерда туриб, даволанади. Кўрасиз, икки-уч ойда тузалиб қолади”, деди.

Духтирнинг маслаҳатига кўра иш қилишга мажбур бўлдим. У пайтлар шифокорлар ва ҳамширалар қандайдир жўмард, марҳаматли одамлар бўларди. Онамга билдирмай, санаторияга бориб кўриб келдим. Керакли ҳужжатларни тайёрладим. У ерда таниш ҳамширалар ишлашар экан. Ҳамма нарса тайёр бўлганидан кейин онамга мақсадимни айтдим. Бечора онамнинг кўзлари ёшланди, менга термулиб қаради ва: “Албатта, сенга қийин. Олдимга келиб туришга вақтинг бўладими?” деди. Бошимни қимирлатиб, кўзимдаги ёшларимни онам кўрмасин деб орқамга бурилдим. “Бўпти, хафа бўлма. Фақат сандан бир илтимосим бор, балам. Албатта, буни сендан сўраш осон эмас… лекин боламсан, буни ўғил фарзанд ҳам қилса бўларкан, мулладан сўраб билдим. Уйдан покланиб чиқай. Елкамни совунлаб ювиб қўй…”

Онам ювинди. Ҳали кийилмаган кўйлакларини кийди. Такси тўхтатдим. Шундай қилиб, онамни санаторияга жойлаштирдим. Ҳар икки-уч кунда ишдан кейин онамнинг олдига бораман. Бир соатча онамнинг каравоти ёнида ўтириб, ярим кечада уйга қайтаман. Онам баъзан менга билдирмай сумкамга бир нималар солиб қўяди. Уйга келгандан кейин сумка ичида сарёғ сурилган нон, печение, олма-нок ёки конфетларни кўрардим. Юрагим эзилар, кўзларим ёшланарди. Санаторияда беморларга яхши қарашар, гўшт, сарёғ, овқатлардан сиқмасди. У ердан берган егуликларни тумбочкасига тўплар, келишимни кутар экан. Бу ишларидан неча марта ранжидим. Бўлмади. “Ойлигинг кам, ишдан чиқиб менинг олдимга келиб уйга боргунингча очқаб кетасан. Аллоҳга беҳад шукр, бизга яхши овқат беришади. Ҳамширалар ишга келишганида бириси сут, бошқаси қаймоқ, қатиқ олиб келади. Овқатдан қийналмайман. Олма-нок, қовун-тарвуз дегандай…”

Ёшим анча улғайиб қолган, унинг устига одамларнинг гап-сўзи жонимга тегди. Дўсту биродарлар: “Уйлансанг, ўзингга ҳам, онангга ҳам осонроқ бўлар эди”, деб кўп гапиришарди. “Онам уйга қайтсалар кейин уйланаман”, дердим уларга. Йигирма еттига кирганим учун онам ҳам: “Болам, одамни ёлғизлик чарчатади. Уйга қайтишимни кутма, ўзингга бир лойиғини топ”, деб қайғура бошлади. Таниш-билишларнинг гап-сўзларидан бездим. Ниҳоят, уйланишга қарор қилдим. Отамнинг қариндошлари яшайдиган қишлоқдан бир қизга унаштирилдим. Бўлажак қайнотам эскича саводли киши бўлиб, жамоат орасида ҳурмат-эътиборли эди.

Тўйга яқин қолганида Қўқонда яшайдиган Сабия холам, Ажалим амаки, Ангрендан онамнинг синглиси Хадича холам келишди. Онамни уйга олиб келадиган бўлдик. Аммо онам: “Болам, мени қайтишимни кутманглар. Мен розиман. Иншаоллоҳ, шифосини сезяпман. Уйланавер, насиб қилса, яна биргаликда яшаймиз”, деб кўнмадилар.

Шу тариқа уйландим. Умр йўлдошим ишлайдиган касаба уюшмасидан икки хонали уй беришди. Онам оёққа турди. Кейин уйга қайтди ва биз яна бирга яшай бошладик. Хотиним Шукрония билан яхши чиқишиб қолишди. Ўғлимиз Диловар дунёга келганидан кейин онамнинг севинганини кўрсангиз эди. Биз ишга кетар, онам ўғлимиз Диловарни уй ичида коляскада айлантирар, ҳаво исигандан кейин ташқарига олиб чиқарди. Энди олдинги касаллигидан ном-нишон қолмагандек яхши эди. Санаториядан қайтганидан кейин умрининг охирига қадар дори деган нарсани оғзига олмади: “Ҳаммаси яхши, дори-дармон жонимга тегди”, дер эди.

Ўғлимиз бир ёшга тўлганида Тошкентнинг марказидан Москва лойиҳаси билан қурилган яхши уйлардан уч хонали квартира беришди. Онам ўғлимиз билан кун бўйи уч хонали уй ичида коляска билан у ёқдан бу ёққа юрар, уни гулдек парвариш қиларди. Кейин қизимиз Севил туғилди. У йиллари туққан оналарга фақат туғруқ таътили берилар, кейин ё ишга чиқиши ёки ишдан бўшаши зарур эди. Хотиним болаларга овқат тайёрлаб ишга кетар, онам уларни едириб-ичирар, ухлатар, хархаша қилишса, кўчага олиб чиқиб, коляскада ҳовлида айлантирар эди. Кейин болаларни боғчага бердик. Онам эрталаб болаларнинг бирини коляскага солиб, иккинчисини етаклаб боғчага олиб борар эди. Онамнинг битта “қусури” бор эди – оловдан қўрқар, ҳеч газ ёқмасди. Санаториядан қайтганидан сўнг ўн икки йил квартирада яшаганига қарамай, газ плитасига яқин бормади.

Онам нафақасини олган куни ўзини қўйишга жой тополмай, дам олиш кунини кўзлари тўрт бўлиб кутар эди. Уйдалигимиздан фойдаланиб эрталабдан бизга билдирмай кўчага чиқиб кетарди-да, бироз айланиб келиш баҳонасида ғойиб бўларди. Икки-уч соатдан кейин эшикни секин очиб кириб келарди. Диловарни қучоғига оларди-да, халта-сумкасини очар, болалар кийимини чиқариб, унинг устига ўлчай бошларди. “Туф-туф, бу костюмчик катта экан. Майли, катта бўлса кияр. Севилга олган плашча тўғри келди”, дея бола каби севинар эди. Хотиним: “Худди уларнинг кийишга кийимлари йўқдек. Сиққан-сиғмаган нарсаларга пул харжлайсиз”, деб сўз қотса: “Меники бошқа, боланинг бобоси ёки бувиси бўлгани, улар набираларини севганини билиши керак”, дерди.

Трамвай, троллейбус ва машина қатнайдиган катта йўлнинг у тарафига ўтишга қўрқарди онам. Йўлнинг бу тарафида эса дўконлар анча узоқда эди. Бир-икки километр яёв бориб, магазинларни айланиб келарди. Онам болаларни ана шундай катта қилди. Мактабга боргунларича орқасидан қолмади.

Биз тўрт қаватли уйнинг биринчи қаватида яшардик. Биринчи қаватда яшайдиганлар юқори қўни-қўшниларнинг зардаларини яхши билишади. Лекин бизнинг қўшнилар бир-бирларини яхши тушунишмаса ҳам бизга ҳеч ғавғо қилишмасди. Қизиқ, биз қаерда яшамайлик, қўшниларимиз қозонтатарлар бўлар эди. Подездимизда ҳамма ишлар, болалари ўқирди. Ҳаммасининг калити бизникида турарди. Онам худди омборчидек калитларни бир-бир деворга осар, ҳеч қачон аралаштириб юбормасди.

Турмуш тарзимиз ўзимизга яраша, ортиқча нарсамиз йўқ эди. Онам креслода ўтиришни яхши кўрарди. Набираларини тиззасига олиб, уларни эркаларди. Кресло кўча эшикнинг қаршисида турарди. Уйга кириб келган одамни ҳаммадан олдин онам кўрарди. Эшикдан ким кирмасин ўрнидан туриб: “Хуш келибсиз”, деб қаршиларди. Хотиним билан ишдан қайтганимизда ҳам ўрнидан туриб, эшикнинг четига қўлини тираб, секин ва мулойим оҳангда: “Келдингми, болам?” деб кутиб олар эди.

Акамнинг катта қизи қишлоқдан келиб бизникида туриб ўқиганида унга кўп танбеҳ берарди. Болаларимга қаттиқроқ бирор сўз айтса, оғзидан чиқмасиданоқ: “Набираларимга тегма. Улар нозик, гап эшитишади, аммо гап қайтаришмайди”, деб уришиб берарди. “Мен ҳам набирангиз эмасманми?” деб ўксинса, “Сен ҳам набирамсан, аммо Диловарим бошқача”, дерди.

Диловар туғилганида бир нарсага аҳамият бермабман. Ўша кунлари Тошкентда машҳур озар қўшиқчиси Муслим Магомаев консерт берди. У билан кўришиб, газетага интервью тайёрладим. Маҳалладошларнинг айтишича, Муслимлар авлоди озарларнинг энг ўқимишли, бой одамлари бўлиб, уларнинг сулоласини бутун қрим халқи ҳурмат билан тилга олишар экан. Онамга “Набирангизнинг номини Муслим қўямиз. Келинингиз билан келишиб қўйдик”, дедим. Онам менга маъюс боқиб, мунғайиб: “Албатта, сизлар истагандек бўлади. Аммо у мен учун Диловардир. Диловар акангни эслатиб туради”, деб кўзёшини артди. Мен ўшанда хато қилганимни, биринчи болага ота-она ном қўйиши одат эканлигини унутганимни англадим.

1980 йили Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлдим. Аммо аъзолик билетимни беришмади. Мени буржуа ёзувчилари ижодини тарғиб қилишда айблашди. Қаттиқ хафа бўлдим, ўзимни ҳақоратлангандек ҳисобладим.

Онам буни сезмай қолмади:
– Болам, нима ташвишинг бор, афт-ангоринга қараб бўлмайди? – деди.

Мен унга:
– Айтганим билан барибир тушунмайсиз, – дедим.

Онам менга қараб:
– Тушунмас эмишман! Дунёга келтирганим, бир парча гўштлигидан ўстириб, катта қилганим болам тушунар экан-да, мен тушунмайманми?! Оналар ҳамма нарсани тушунади. Фақат улар ҳеч нарсага аралашишмайди. Идиш-товоқ орасида фарзандининг ташвиши билан яшайди. Майли, ҳозир айтмасанг, вақти-соати келиб юрагингни очарсан. Лекин билиб қўй, дардингни юрагингнинг энг чуқур жойларида сақла, сени хафа қилганлар маъюслигингни сезмасин, – деди.

1982 йил ноябр байрамидан кейин Брежнев вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Онам ўзи яхши кўрадиган креслосига ўтириб, телевизор кўриб туриб: “Вой онам, улар ҳам ўлар экан! Дунёни қўлларида ушлаб турганлари билан Мавлоларини топар экан-ку…” деди. Онам 12 ноябрдаги дафн маросимини телевизор орқали кузатиб ўтирарди. Минбарда туриб гапираётган узун бўйли кўзойнакли кишини кўрсатиб:

– Болам, бу кўп гапирган ким? – деб сўради.
– Андропов, Брежневнинг ўрнига сайланган янги подшоҳ, – дедим.

– Ундай бўлса, жанозада шунчалик узун гапирадими? Кўп гапирган одамдан яхшилик кутиш қийин. У ҳам шулардан биридир-да! Уларнинг қайси бири бизга яхшилик қилди?

Брежнев дафн этилган куни онамни қаттиқ йўтал тутди. Эрталаб ҳам туришга шошилмади. Бирдан овқатдан ҳам қолди. Бир қултум чой ичса ҳам йўталарди. Мен ўзимча яхшилик қилай деб: “Бирор нарса емасангиз йиқилиб қоласиз, ҳеч бўлмаса сут ичинг, асал яланг”, деб қистайман. “Ўтмайди, болам”, дейди эшитилар-эшитилмас. “Нима егингиз келяпти, пишириб берайлик?” дейман яна. Бошини кўтариб, термулиб менга қаради. Биринчи марта кўриб тургандек, сўз бошлади: “Қайнаган сувда гуруч пишир, ичига ҳеч нарса солма, фақат озгина туз сеп”, деди. Мен товага сув солиб гуруч пиширдим. Пишгунича ошхонада бирга ўтирдик. Уч-тўрт қошиқ гуручни тарелкага солиб олдига қўйдим. Ҳали иссиқ бўлган гуручни қошиқ билан аралаштириб-аралаштириб совутди-да, бир-икки марта еди. “Бўлди, раҳмат. Мен яна ётай”, деди. Уни каравотигача кузатиб қўйдим. Тўсатдан ташқарида қор ёға бошлади. Ўғлим Диловар энди ўн икки ёшда бўлиб, ҳовлида болалар билан ўйнар эди. Бир зум ухлаган каби тўшагида ётган онам: “Диловар қаерда, ҳали уйга кирмадими?” деб сўрайверди.

Хотиним ошхонада, Севил телевизор кўраётган эди, мен ҳам нималаргадир уринаётгандим. Бирдан меҳмонхона эшигида тўрт оёқлаб онам пайдо бўлди. Қўлтиғидан тутиб, креслога ўтирғиздим. “Диловарим қани?” деди. Шу пайт кўча эшиги очилиб Диловар ичкарига кирди. Қўли билан ишора қилиб, уни ёнига чақирди. У ҳам: “Буви”, деганча ёнига келди. Қўлларини қўлига олиб: “Вай болам, совуққотибсан-ку”, деди-да қўлини ишқалади. Йўтал тутгандек бўлди. Қўлтиғига кириб ётоқхонасига олиб кирдим. Бир амаллаб жойига ётқиздим. Оёқлари кучдан қолган, юзи оппоқ эди. Ёнига ўтирдим. Ярим кечаси инграй бошлади. Қимирласа йиқилиб кетмасин деб, каравотни ташқарига чиқариб, жойини ерга тўшаб ётқиздик. Хотиним: “Онам жуда терлаб кетибди”, деб кийимларини алмаштирди. Ўша пайт пешонасида катта-катта тер пайдо бўлганини кўрдим.

Тонг отганида хотиним бир девор қўшнимиз қозонтатарлардан Раҳима опани чақиргани кетти. Мен телефонга ёпишдим, шаҳарнинг нариги тарафида яшайдиган, кўп йиллар ҳарбий шифокор бўлиб ишлаган амаким Искандар акага сим қоқиб, онамнинг аҳволини билдирдим. Амаким “ҳозир етиб бораман”, деб гўшакни қўйган ҳам эди, хотинимнинг ортидан Раҳима опа кириб келди. Онамнинг ёнига бориб: “Робия опа”, деган эди, онам кўзларини очиб унга қаради. Қўшни ҳам бир нималарни сезган бўлса керак, “Ёсин”ни ўқий бошлади. Кейин ошхонадаги хотинимга: “Шукрания, тез бўл, сув олиб кел”, деди. У сув олиб кирганида яна пахта сўради. Пахтага сув шимдириб, онамнинг лабларига сурди. Бироздан кейин Раҳима опанинг: “Аллоҳ раҳматига олсин, Робия опа омонатини Аллоҳга топширди”, деганини эшитдим. Нима бўлганини англолмай, бир хотинимга, бир эса қўшнимизга қарайман. Эшик очилиб, амаким пайдо бўлганидан кейин ўзимга келдим…

Онам ана шундай ўзи ҳам азоб чекмасдан, бизни ҳам азобга қўймасдан бу олам билан видолашди.

Қайнонам ҳеч қачон марҳумни ювмаган инсон эди. “Қудамни ювинтиришаман”, дея ювувчи аёлга ёрдамлашиб турди. Тошкентнинг номдор қабристонларидан бири Дўмбирободга дафн этиб, уйга қайтгандан кейин қайнонамнинг ушбу сўзлари ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглайди: “Ювиб, покланганидан кейин қудам шунақанги очилдики, юзлари оппоқ бўлиб гўзаллашди, кўзимга яшариб кетгандек кўринди. Ювувчи аёл ҳам: “Кўп йиллардан бери бу ишни қиламан, аммо бунақанги гўзаллашган ва ёшарган инсонга жуда кам дуч келдим”, деди”.

Онамдан айрилганимга бир йил ўтгандан кейин қабрига ёдгорлик тоши қўйишни ният қилдим. Сабия ва Хадича холаларим ҳаёт эдилар. Олдин Сабия холамни зиёрат қилиб, ниятимни айтдим. “Онанг қайсар бўлса-да, ор-номусли, виждонли эди. Сизларни ўзи ҳеч кимга хорлатмай катта қилди. Яхши ўйлабсан. Қабр тошга:

“Сувлар оқар, кетар,
Тошларни ювар кетар.
Бу дунё бир дераза,
Ҳар кирган бир боқар, кетар…”

деган сўзларни ёздирсанг, яхши бўлар эди. Бу қрим-татар халқининг пайдо бўлганидан бери авлоддан авлодга ўтиб келаётган сўзидир. Улар бизга бу дунё абадий эмас, ҳаммамиз унда меҳмон эканимизни эслатиб туради”, деди холам.

Унинг тавсияси билан ёздирганим ушбу сўзлар қабр бошига келганларга дунёнинг ўткинчилигини хотирага солиб туради.

Онамнинг жанозасидан кейин жамоат тарқалиб, бир неча дўстларим билан ўзаро гаплашиб турганимизда қаламдош биродарим Айдар Осман дастурхон атрофида ўтирганларга эшиттириб: “Бир умр она бағрида яшаш қанчалик катта бахт. Сафтерга ана шундай бахт насиб қилди. Онасини охирги йўлга ўзи кузатди. Бу менга насиб бўлмади”, деб кўзида пайдо бўлган ёшларини артди ва оғир хўрсинди. Айдар онасидан эрта айрилиб, болалар уйида тарбияланган эди…

Орадан қанча вақт ўтса ҳам уйга қайтганимда гўё кўча эшик қаршисида креслода ўтирган онам “Келдингми, болам?” деб мени кутиб оладигандек бўлади. Онамниг вафотидан кейин Тошентда яна йигирма йил яшаган бўлсам ҳам, уйда ёлғиз қолганимда доимо онамнинг “Келдингми, болам?” деган сўзини эшитгандек бўлавераман. Яна бир ажабланарли ҳол – ўлган одам болаларидан, туғишганларидан рози бўлса, уларнинг тушларига кирмас эмиш. Мен ҳам онамнинг вафотидан кейин йигирма йил давомида фақат икки-уч марта тушимда кўрдим, холос.

Тошкентни тарк этадиган куним қабристонга бориб, онам билан видолашган куним кечаси онамни тушимда кўрдим. Яна одатларига кўра: “Келдингми, болам? Сафаринг хайрли бўлсин”, деб менга яқин келиб, бошимни силади-да, кейин мендан узоқлашди…

Саҳифани безашда қримтатар мусаввири Рустем Эминовнинг «Сургун» туркумига кирган асарларидан фойдаландик.

545002_2_w_1000.jpg18 may — Qrim tatarlari deportatsiya qilingan kunning 73 yilligi

Bir necha oy avval Safter Nagayevning “Keldingmi,bolam” essesidan parcha e’lon qilgan edim. Bugun esa asarni o‘zbek tiliga o‘girgan Zebuniso Husayn taqdim etgan essening to‘liq matnini sizga taqdim etmoqdaman.
Safter og‘a mening xotiramda, eng avvalo, samimiy inson sifatida muhrlanib qolgan. Ko‘rinishidan juda xotirjam bo‘lgan Safter og‘aning yuragida ona yurt sog‘inchi qaynoq lavadek otilib turishi faqat uning qalami bitgan asarlarida yorqin namoyon bo‘lardi.
Og‘aning vafot etganini Zebuniso ilova qilgan ma’lumotdan bildim, Qur’on tilovat qilib Ollohdan rahmat so‘radim. U ona yurtida mangu uyqu quchog‘ida yotibdi. Bu baxt johil tuzum tomonidan quvg‘in qilingan qrimtatarlarning hammasigayam nasib bo‘lmadi. Ularning necha avlodi ona vatandan uzoqda – shu jumladan ikkinchi ona diyorga aylangan O‘zbekistonda yotibdi. Qirim tatarlari o‘zbek xalqining oqibatini unutmadilar, ona yurtga qaytishgach, o‘zbek xalqiga bo‘lgan hurmatlari nishonasi bo‘lgan haykalni tikladilar.

Xurshid Davron
2012, dekabr

“KЕLDINGMI, BOLAM?” O‘QIB
Nabijon BOQIY
005

Safter_Nagaev_0.jpgO‘tkan asrning 80-yillarida O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida Qrim-tatar adabiyoti bo‘limi bor edi. O‘sha bo‘limda Safter og‘a Nagayev degan vatandoshimiz xizmat qilardi. O‘rta bo‘yli, miqtidan kelgan odam edi. Yumshoqko‘ngil edi. Farg‘ona shevasida gapirardi. Majlis yo mushoiraga yoki talaba qizlar orasidan kelin tanlash uchun Uyushmaga borib qolsak, darrov xonasiga boshlab kirardi; choy damlardi, ishlarim, yozayotgan narsalarim bilan astoydil qiziqar edi. Dastlab, hayron bo‘lib yurdim. Sababini keyin bildim. Sababi 1944 yili ro‘y bergan yovuzlik bilan bog‘liq edi.

O‘sha yilda yovuz daho Iosif Stalininng maxfiy (yovuz odam qo‘rqoq bo‘ladi) buyrug‘iga ko‘ra qrimliklar yoyopasiga ona yurtlari — Qrimdan badarg‘a qilinadi, Safter og‘a oila a’zolari bilan Farg‘onaning Uchko‘prik tumaniga qarashli Sarqo‘rg‘on qishlog‘iga kelib tushadi. Sarqo‘rg‘on dashtda joylashgan. Chekkadagi yalang qishloq. Avval Tojik qishloqqa, Qirg‘iz qishloqqa borish kerak. Keyin Sarqo‘rg‘on keladi. 1944 yilda Sarqo‘rg‘onda aholi siyrak bo‘lgan, asosan sholi ekilar ekan. Sarqo‘rg‘onsoydan bo‘tana suv keladi. Muzdek bo‘ladi. Sholizorning boshidan kirib, adog‘idan chiqib ketadigan suv esa tip-tiniq bo‘lib, ilib qoladi. Dastlabki paytlarda musofirlik tufayli qrim qardoshlar bo‘tana suv ma’danli ekanini bilmasdan tiniq suv iste’mol qiladilar va ko‘pchilik bezgak kasaliga chalinib vafot etadi. O‘zbek oqsoqollar gap nimadaligidan xabar topgach, bo‘tana suvni idishga olib qo‘yib, tindirib ichishni ularga o‘rgatadi. Shundan keyin qrimliklarning yuziga qizillik yuguradi…

SSSR puturdan ketgach qrimlik qardoshlar Qrimga ommaviy ravishda ko‘chib keta boshlashdi. Ammo, bungacha buyuk og‘amiz, ulug‘ shoirimiz Rauf Parfining do‘sti — Mustafo Jamilov oliy maqsadiga erishmoq uchun tinimsiz kurashdi: yetti marta qamaldi, 20 yillik umri turmalarda o‘tdi. Oxir-oqibat VATANGA — QRIMGA qaytish huquqini qrimliklarga qaytarib oldi.

Ko‘pchilik Qrimga ko‘chib ketganidan keyin ham Safter og‘a Toshkentda yuraverdi. Chunki uning onasi Toshkentdagi So‘galli ota qabristoniga dafn etilgan edi. Onasining mozorini tashlab ketolmaydi. 4 yashar bolakay chog‘i O‘zbekistonga kelgan, o‘zbek bolalari bilan o‘rta maktabda o‘qigan, O‘zbekiston chin ma’noda Vatan bo‘lib qolgan Safter og‘a bolalarini Simferepolga kuzatib qo‘yadi, ammo o‘zi ketmaydi.

2003 yildan keyin Safter og‘a ko‘rinmay qoladi… Bir kuni Qrimlarning “Amal” jurnali tasodifan qo‘limga tushadi. Unda Safter Nagayevning “Keldingmi, bolam?” nomli xotiranomasi bosilgan ekan. Unda yozilishicha, ba’zan Robiya momoga o‘g‘li “Bugun ulfatlarim bilan gapda bo‘laman, yarim kechada qaytsam kerak, siz xavotirlanmasdan dam olavering!” deb aytib ketar ekan. Lekin yarim kechagacha onasi kvartiraga kiraverishga stulni qo‘yib olib, eshikka ko‘z tikib o‘tiraverar ekan. Rafiqasi allaqachon uxlagan bo‘lar ekan. O‘g‘il uyga kirasolib: “Men sizga aytgan edim-ku! Nega meni poylab o‘tiribsiz?” der ekan norozi bo‘lib. Amma, onaizor har safar “Keldingmi, bolam?” derkanu asta stulni ko‘tarib ichkariga kirib ketar ekan.

Safter og‘a onasining mozorini tashlab ketolmay yurib-yurib, axiyri 2004 yilda Simferepolga ketadi va 2007 yilda vafot etadi. Ayriliqqa chidab 4 yil yashaydi, xolos.

Vatanidan Vataniga ketayotib So‘galli Ota qabristoniga boradi, Robiya ona qabriga yetar-yetmas qulog‘iga onaizorining tanish tovushi eshitiladi: “Keldingmi, bolam?”

Shu bugun tongda Axsikent yaqinidagi Langar bobo qishlog‘ida istiqomat qiladigan ukaxonim Abdulazizga xat yozdim-da, So‘galli Ota qabristoniga bordim. Burnog‘i yili Yalang‘och Ota qabristonidagi Shavkat Rahmon qabrining gulxonasiga yangamiz Manzura opa parvarishlagan baxmalgul ko‘chatidan so‘rab olib, Robiya momo qabri gulxonasida ko‘kartirgan edim. Borib ko‘rsam, o‘tlar ostida qolib ketibdi. O‘tlar ostida barq urib turibdi. Yovvoyi o‘tlar bilan “madaniy” gullarni bir-biridan judo qilishga ko‘zim qiymadi. Gulisafsar, baxmalgul va yovvoyi chechaklar Robiya momo qabrining gulxonasini Vatan qilgan bo‘lsa, men nima qilishim mumkin? Tabiat qonuniga qarshi borib hech kim baraka topmagan.

Robiya momoni men ko‘rmaganman.U vafot etganda biz Safter og‘a bilan tanish emas edik. Ammo momoning tovushi menga tanish bo‘lib qolgan, har gal qabri tepasiga borsam: “Keldingmi, bolam?” deydi horg‘in tovushda.

Farg‘ona tuprog‘ida yotgan Rohat buvi enam bilan Robiya momomizning tovushi bir xil ekan.

O‘tgan azizlarimizni Olloh rahmat qilsin.

Safter Nagayev
KЕLDINGMI, BOLAM?..
Zebuniso Husayn tarjimasi
005

Safter Nagayev 1941 yilning 1 yanvar kuni Qrimning Alushta tumanidagi Kichiko‘zan qishlog‘ida tug‘ilgan. Iosif Stalin tomonidan uyushtirilgan milliy musibat – buyuk surgun davrida 1944 yili O‘zbekistonning Farg‘ona viloyati Uchko‘prik (oldingi Leningrad) tumaniga kelib tushishadi. Shu yerda o‘rta maktabni bitirib, 1957 yilda Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetiga o‘qishga kiradi. Ko‘p yillar qrimtatar tilida chiqadigan “Lenin bayrog‘i” gazetasida ishlaydi.
Safter Nagayev O‘zbekiston Yozuvchilari uyushmasi a’zosi edi. Uning eng salmoqli asarlari qrimtatar adabiyotida jiddiy voqea bo‘lardi. “Madaniy inqilob askari”, “Ko‘ngilga yaqin odamlar”, “Fidokorlik”, “Ismoilbeyning Turkiston safari”, “Sahrolar alangasi”, “Ming bir o‘limni yengib” kabi kitoblari adabiyot olamida o‘ziga xos iz qoldirgan. Safter og‘a Xalqaro Ahmad Yassaviy nomidagi mukofoti va “Do‘stlik” ordeni bilan taqdirlangan. XXI asr bo‘sag‘asida adib jafokash millatdoshlari qatorida Qrimga ko‘chib ketadi. U 2009 yil 2 iyunda vafot etgan. Alloh rahmatiga olsin. “Keldingmi, bolam?..” nomli esseni yozuvchi onasiga bag‘ishlagan. Quyida mashaqqatli hayot yo‘li aks etgan xotira-badia o‘quvchi hukmiga havola etilyapti.

Tarjimon

005

Q4opu5Dh4yo.jpg“Keldingmi, bolam?..” Bu ibora men uchun bir timsol. Uyga qaytib, eshikdan ichkariga qadam bosar-bosmasimdan rahmatli onam meni shunday deb kutib olar edi.

Mening aziz onajonim oddiygina ayol bo‘lgan. Ismini zo‘rg‘a yozardi, rasmiy qog‘ozlarga “Robiya” deb imzo qo‘yardi. O‘ttizga yetar-yetmas beva bo‘lib qoladi, uch o‘g‘lini qo‘lidan kelganicha tarbiyalaydi. Mushtipargina qishloqi ayol edi mening onam…

2002 yilning 20 iyuli. Yoz chillasida so‘nggi marta Toshkentning Do‘mbirabod qabristoniga bordim. Sekin-asta qabrlar oralab odimlar ekanman, oyoqlarimni sudrab bosaman, boshimni ko‘tarib atrofga qarashga jur’atim yetmasdi. Go‘yo marhumlar yotgan joylaridan turib, meni kuzatishayotgandek tuyuladi. Onamning qabriga yaqinlashdim. Shunda sekingina, muloyim ovoz bilan “Keldingmi, bolam?..” degan so‘zlari qulog‘imga chalingandek bo‘ldi. Sergak tortib atrofga alangladim. Hech kim yo‘q. Qabrning oyoq tarafiga o‘tib, cho‘kkaladim. Duo qilish uchun qo‘llarimni ochdim. Ammo tilim aylanmas, ovozim chiqmasdi. Go‘yo ichimdan bir narsa uzilgandek… G‘am-anduhga botib, gapira boshladim: “Onajon, kechiring meni, endi oldingidek yoningizga tez-tez kelolmayman. Ona tuproqqa, siz va men dunyoga kelgan diyorga qaytishga, uzoq yillar surgunlar suroni olib kelgan va sog‘-omon qolishimiz uchun bag‘rini ochgan o‘lkani tark etishga majburman. Millatdoshlarimizning aksariyati endi u yoqdalar. Bu yerda tug‘ilganlari ham kindik qoni tomgan yerlarni tark qilishganiga ko‘p bo‘ldi. Ular bilan birga bo‘lish, nabiralaringizni Vatan tuprog‘ida palak yozishini ta’minlash burchimdir. Yolg‘iz o‘zim bo‘lsam, balki ketmasdim. Tilsiz, imonsiz, millatsiz inson bo‘lmasligini o‘zingiz o‘rgatgan edingiz, Vatan tuyg‘usini menga o‘zingiz singdirgansiz. Endi otam yotgan makonga qaytaman. Alloh buyursa, salomat bo‘lsam, balki yana kelarman, aziz qabringizni ziyorat qilarman, oldingidek so‘zsiz-zabonsiz suhbatlasharmiz. O‘kinmay yoting, onajon. Oyoqlarim yo‘lda, ko‘zlarim orqada, siz bilan vidolashaman…”

Sekin o‘rnimdan turaman, qabrlar oralab og‘ir odimlayman. Notanish qabrlar yonida ham bir pas to‘xtashga harakat qilaman, har bir qabrtoshga ko‘z tashlayman. Marhumlar go‘yo boshini ko‘tarib, ortimdan boqqancha: “Bizni unutmanglar”, deyayotgandek. Ko‘zlarim yoshlanib, yuragim siqilib borardim. Ko‘zyoshlarim yuzimni yuvadi, atrofga ko‘z tashlayman. Bu qabristonga ilk bora o‘ttiz yil burun mayyit qo‘yilgan ekan. Shundan beri bu yerda bir ming ikki yuzdan ortiq vatandoshimiz abadiy qo‘nim topgan. Ko‘pchiligining qarindosh-urug‘lari, tanish-bilishlari va do‘st-yorlari endi tug‘ilgan yurtlarida yashamoqda. Afsus, har xil qiyinchilik ularni bu yerga kelishga, yaqinlarining qabrini ziyorat etishga imkon bermaydi. Endi men ham ularning safiga qo‘shilaman. Albatta, o‘z xohishim bilan emas… Nachora, hayot qonuni shunday. Kimdir dunyoga keladi, vaqti-soati yetsa kimdir bu dunyo bilan vidolashadi. Hayot to‘xtab turmaydi. Nasllar kelib-ketaveradi…

Bir amallab qabristondan chiqdim. Shaharning chetidagi bu qabristondan boshlangan yo‘l yoqalab ketaverdim. Bu yerdan to biz yashaydigan ko‘chagacha bir necha soatlik masofa ekanini hatto o‘ylamasdim. Yo‘lda tanishlarga to‘qnash keldim. Salomlariga boshimni qimirlatib alik oldim. Ular bilan to‘xtab gaplashishga o‘zimda kuch topa olmasdim. Yo‘l bo‘yi hayolot dunyosiga cho‘mib borardim. Onamning dolg‘ali hayoti haqidagi xotiralarimni bir-bir sahifalab, tasavvurimga sig‘dira olmasdim… Onajonimning umr yo‘li qayergadir oshiqqan poyezd vagonlari kabi ko‘z o‘ngimdan o‘ta boshladi. Onamning mashaqqatli, og‘ir, chidash qiyin bo‘lgan kunlari ipga tizilgan munchoqdek ko‘z o‘ngimda paydo bo‘lardi. Ularni eslash qanchalik og‘ir bo‘lmasin, bolalarim, nabiralarim uchun xalqimizning fojeali qismatini, ayanchli kechmishidan jonli lavhalar tarzida hikoya qilishni xohlardim. Dunyoga kelganimdan boshlab, agar armiyada kechgan ikki yilni hisobga olmaganda, onamning bag‘rida bo‘ldim. Volidamni so‘nggi manzilga kuzatish ham o‘zimga nasib qildi. Buning uchun Alloh taolodan ming-ming roziman. Albatta, hamma voqelar xotiramda saqlanib qolmagan, lekin onamning yonida kechirgan kunlarimning aksariyati hali-hanuz ko‘z o‘ngimda…

Men otamni eslolmayman. Otam kasallik tufayli vafot etganida bir necha kunlik chaqaloq bo‘lgan ekanman. Onam o‘ttiz yoshida to‘rt bolasi bilan beva qolgan. Oradan ko‘p vaqt o‘tmay mash’um urush (ilgari og‘zimizni to‘ldirib “Ulug‘ Vatan urushi” derdik) boshlanadi. Onamning ismi Robiya bo‘lib, Alushta tumanining Temirchi qishlog‘idan bo‘lgan. Kuchukozen qishlog‘idagi Ablamit degan yigit – otam bilan oila qurgan. Aytishlaricha, otam juda marhamatli, mehnatkash, jamoat orasida e’tiborli inson bo‘lib, kolxoz idorasida ishlagan ekan. Uning Muzaffar degan ukasi kolxoz brigadiri bo‘lgan. Yana bir necha opa-singillari ham bo‘lib, ularning ismlari esimda qolmagan.

01-qrim.JPGKichiko‘zanda “Nug‘ay” deyiladigan bir necha oila bo‘lib, ularning hammasi bir sulola vakillaridan. Men ulg‘ayganimdan keyin odamlar “O‘zing tatar bo‘lsang, no‘g‘aylarni qayerdan bilasan?” deb ko‘p so‘rashardi. Bizga bu nomni berishganiga ko‘p zamonlar bo‘lgan. Otamning ota-bobolari, xususan, bobomizning otasi, balki bobobizning bobosi Cho‘llikka tez-tez qatnab u yerdan do‘stlar orttirgan. Laqab qo‘yishga usta yaliboylilar bizning ajdodlarimizga no‘g‘ay deb ot qo‘yadi. Shunday qilib, men ham Kichiko‘zanlik no‘g‘ay Ablamitning o‘g‘li bo‘lganman.

Onam oilada uch qiz va bir o‘g‘il bo‘lgan ekan. Usmon tog‘am urushga ketib, qaytmaydi. Opasi Sabiya xolamning eri Ismoil Mustafoyev, Alushtada taniqli kommunistlardan, shahardagi eng katta do‘konning mudiri ekan. Nemislar kelib uni otib tashlagan. Kichik xolam Xadichaning eri Umar Murodov ham urushga ketib, dom-daraksiz ketgan. Xolalarim Temirchiga qaytishga qaror qilishadi va onamni ham o‘zlari bilan birga olib ketmoqchi bo‘lishadi. Ammo onam: “Bolalarimning otasini uyini tashlab ketmayman”, deb Kichiko‘zanda qoladi.

Muzaffar amakim urushda partizanlar safida kurashgan. Uning to‘rt qizi bo‘lib, nemislar partizan oilasi deb xotini bilan 18–20 yoshlardagi ikki qizini ham otib tashlagan. Kichik ikki qizi esa tanish-bilishlarining oilasida jon saqlab qoladi. Otamning tug‘ishganlaridan yana biri Jamil amakim ham partizan bo‘lgani uchun uning ham xotini bilan ikki qizi otilgan. Nemislar kun sayin quturib, qishloqdan topilgan no‘g‘aylarning xotini va balog‘atga yetgan qizlarini Tuvaqda tashkil qilingan boshqarmaga olib ketib zo‘rlab, kaltaklab nobud qilishar, yosh bolasi borlarini uyiga qaytarar ekan. Katta akam maktabga chiqadigan yoshda bo‘lib, chaqqongina ekan. Onam non pishirib, akamni o‘tin terib kelish bohonasida toqqa jo‘natar, u esa ma’lum yerga – Muzaffar amakim kelib olib ketishi kerak bo‘lgan terakning tagiga noni bor xaltani qo‘yib kelar ekan. Bir gal qishloqdan kimdir: “Bu bola partizanlarga ovqat tashiyapti”, deb gap chaqqan. Nemislar akamni tutib rosa kaltaklashadi. Shundan keyin onam uni toqqa yubormay qo‘yadi.

Qishlog‘imizni tark qilish voqeasi ham ayanchli xotira bo‘lib qolgan. Onam erta tongda g‘ira-shira mahali, bolalarim turgunicha bog‘larni sug‘oraman, deb bog‘chaga tushib ketadi. O‘sha paytda qizil askarlar uyma-uy yurib, odamlarni ko‘chaga chiqarib, qishloqning bir chetiga mol haydagandek haydab keltirishadi. Shunda hovlimizda yashaydigan To‘qtar amakining xotini Sofiya yanga oralarida ovsini Robiya yo‘qligini anglab, katta qizi Umayyani yashirincha uylariga jo‘natadi. Biznikiga kelsa, uyda askarlar bo‘ladi. Biz hali uxlayotgan bo‘lamiz, ular bizni uyg‘otishadi. Men “Onam qayerda?” deb qichqirib yig‘lay boshlayman. Umayya opa vaziyatni tushunib, bog‘chaga yuguradi va uzoqdan: “Robiya yanga, tezroq keling, bizni ko‘chirishyapti”, deb chaqiradi. “To‘xta, ozgina qoldi, shu yerniyam sug‘oray, hozir boraman”, deydi. Opam unga yaqinlashadi-da: “Qishloqda bir o‘zingiz qoldingiz, tashlang shuni!” deb qo‘lidagi ketmonni olib otadi va ahvolni tushuntirib, uyga boshlaydi.

Uyimizga kelgan askarlar marhamatli bo‘lishsa kerak-da, bizni kiyintirishadi. Bittasi pechka ustidagi qozonni qopqog‘ini ochib qaraydi. Oqshom pishgan sho‘rvani burchakda turgan tog‘oraga ag‘darib: “Ovqatlanib olinglar, uzoq yo‘lga ketasizlar”, deb qo‘limizga qoshiq tutqazishadi. Akam yoshi kattaroq bo‘lgani va esini tanigani uchun askarlarning qo‘lidan qoshiqni oladi-da ayvondan irg‘itib yuboradi. Askar achchiqlanmaydi, aksincha: “Bratushka, daleko poyedite. Pust bog spaset vas”, deb o‘zini yaxshi tutadi. Onam tezlik bilan ikki chemodanga narsalarini to‘play boshlaydi. Umayya opa esa shu zahoti o‘zlarining uyiga kiradi-da tikish mashinasini olib chiqadi. Askarning bundan jahli chiqib: “Uni nima qilasan, undan ko‘ra yegulik, kiyim-bosh ol”, deb baqiradi va qo‘lidagi mashinani tortib olib, ikkinchi qavatdan pastga uloqtiradi.

Qishloq parkida xalq to‘plangan. Jinoyatchilar kabi ularning atrofini qurolli askarlar o‘rab oladi. Oqshom mashinalarga yuklab, Oqmasjid temiryo‘l vokzaliga keltirishgan. Vokzalda ota-onalar kuni nishonlanayotgan ekan. Men temiryo‘l bo‘yida yonib turgan chiroqlarga qarab, relslar bo‘ylab ketib qolibman. Onam yig‘lab-siqtab meni topgunicha vokzalda chamadonlarini o‘g‘irlashgan. Sho‘rlik onamning boshida yana ne-ne balolar bor ekan… Shunday qilib, charchab, hech vaqosiz yo‘lga chiqqanmiz.

16_06_2015_rustem_eminov.jpgFarg‘ona viloyatining Molotov tumaniga kelib tushdik. Komandir bir qancha oilani Suyunchol degan qishloq pansionatiga joylashtirdi. Qishloq markazida katta hovuz bor edi. Unda dalaga ekiladigan paxta chigitini uvitishardi. Chigit ekilishidan oldin ma’lum bir vaqt suvda uvitilardi. Bir oqshom bolalar bilan hovuz yonida o‘ynayotganimizda suvga yiqilib tushdim. Ivib, shishgan chigit badanimga, tomog‘imga yopishib, meni pastga tortar edi. Falokatdan xabar topgan onam yetib keliboq o‘zini suvga otadi. Chiqarmoqchi bo‘ladi, ammo u ham bo‘g‘ila boshlagan. Shunda choyxonada o‘tirgan o‘zbeklardan bir kishi suvga tushib, bir qo‘li bilan meni, ikkinchisi bilan onamni olib chiqadi.

Oradan ko‘p vaqt o‘tmay onam og‘ir xastalanadi, uni tuman markaziga olib ketishadi. Men akalarim Sayyor va Dilovar bilan qoldim. Bilmadim, qachon va qanday yo‘sin saqlanib qolgan bitta jun adyolimiz bor ekan. Akam uni to‘rtta nonga almashtirgan. Dilovar akam esa ochlikka chidolmay, hech kimga hech narsa demay bolalar uyiga qochib ketadi. Onam kasalxonadan qaytgandan keyin akamni qidira-qidira uni bolalar uyidan topgan. U yerda ishlaydigan Tuvaqli Adiya Katyarova tatar bolalariga g‘amxo‘rlik qilgani uchun ishdan haydaladi.

Keyin bizni Suyunchol qishlog‘idan tuman markaziga “Paxtachi” kolxozidagi Begvachcha qishlog‘iga ko‘chirishdi. Onam maktabda va kolxoz idorasida farrosh bo‘lib ishlardi, har kuni bir necha kilometr yayov yurib tuman markazidan pochta tashirdi. Onam itdan juda qo‘rqar edi. U yillarda qishloqlarda podaxonalar bo‘lib, kechalari qashqirlar qo‘y-molga hujum qilardi. Shuning uchun cho‘pon itlari ham ko‘p bo‘lgan. Bir kuni qo‘shnimiz yugurib kelib “Robiya opani it tishlabdi, rayonga olib ketishibdi”, dedi. Biz fermaning hovlisida shiyponda yashar edik. Otboqar Bozor aka bizni tinchlantirib: “Oqshomgacha kutamiz, kelmasa, ertalab sizlarni rayonga olib boraman”, dedi. Shom payti onam hovliqib kirib keldi. Yo‘lda cho‘pon iti orqasidan quvib kelib oyoqlariga yopishadi, boldiridan tishlab oladi. Yaxshiyam, orqadan kelayotgan bir aravakash onamning baqirganini eshitib, yordamga yuguradi. Uning qamchisidan qo‘rqqan it qochib qoladi. Aravakash onamning oyog‘ini bog‘lab tuman kasalxonasiga olib boradi. U yerda ukol qilishgan, yarasini bog‘lab, palataga joylashtirishgan. Lekin onam: “Bolalarim yolg‘iz”, deb hovliqqanicha uyga qaytgan. Avvallari onam har narsadan qo‘rqar, seskanar, yolg‘iz yurmaslikka harakat qilar edi.

Sayyor akam tushgacha maktabda o‘qir, tushdan keyin esa dalaga ketardi. Bug‘doy pishig‘i boshlangach, kechalari dalada qorovullik qilardi. Bir kuni onam kichkina bir xaltacha ko‘tarib keldi. “Mana, sizlarga shakar opkeldim”, deganida ovozi qaltirab chiqqanini sezdim. Keyin yuzi o‘zgarib, ko‘zlari yoshlandi. Uni quchoqlab oldim. Boshimni silab, xafa bo‘lganicha: “Alloh jazosini bersin! Rais shakar olasan, deb qog‘oz yozib bergan edi. Borsam, zavxoz endi tarqatib bitirgan emish. Xaltaning tagida qolganini yerga to‘kib: “Qolgani shu, sanga shunisi ham yetadi, kelgindi”, dedi. Yarmi tuz, yarmi shakarni to‘rvaga solib, g‘azablanib qaytdim” dedi. Onam yerga o‘tirib meni tizzalari ustiga oldi-da, o‘ksib-o‘ksib yig‘ladi.

Balo yolg‘iz kelmaydi, deydilar. Bir kecha bug‘doy o‘g‘rilari akamni kaltaklashibdi. Zo‘rg‘atdan uyga yetib kelib bir necha kun alahsib yotdi. Onam pochtaga borganida bolalar uyiga kirib Dilovar akamdan xabar olibdi. Shunda akam: “Boshqa kasal bo‘lmayman, onajon, yaqinda uyga qaytaman. Endi bolalar uyiga qaytmayman, siz bilan yashayman”, deb onamni yupatgan. Ikkinchi kuni oqshom onam yomon xabar bilan keldi. Shu kuni kechasi akamning joni uzilibdi. “Bir kecha tobi qochib, karavotdan yiqildi”, deyishibdi. Tuman markazida yashaydigan Ajalim amakim: “Marhumni qishloqqa olib borma. Bu yerda ko‘pchilikmiz. Yig‘ilishib bir chorasini qilarmiz. Hech bo‘lmasa, insondek dafn etaylik”, deb onamga tirgak bo‘lgan.

Erta sahardan onam Sayyor akam bilan yo‘lga chiqishdi. Mening esa hech narsadan xabarim yo‘q. Chunki Dilovar akam bolalar uyiga ketganida men to‘rt yoshda edim. Boyaqish bu dunyoda o‘n yilgina yashadi. Shu kuni oqshom onam, akam, Ajalim amaki bilan bir necha qishloqdoshlar kelishdi. Onam juda parishon, esini yo‘qotgan kabi edi. Ko‘zyoshlari to‘xtamasdi. Qo‘shnilar onamning ahvolidan xabar olib turishdi. Biri bir piyola un, boshqasi bir stakan qatiq, yana boshqasi bir kosa sut keltirishdi. Bozor akaning qizi Sora opa laxcha kesdi. Qayerdandir, bilmadim, bir parcha go‘sht ham topildi. Bir qozon shingin sho‘rva pishirishdi. Bozor aka hovlida ko‘rinmasdi. Yig‘ilganlar dasturxon atrofida o‘tirishganida, otboqar kirib keldi. Qo‘lida belbog‘iga o‘roqliq bir narsa bor edi. Hamma bilan so‘rashganidan keyin belbog‘ini yozib to‘rtta non chiqardi. O‘zbek qo‘shnimiz bir narsalar dedi. Endi bilsam, u duo o‘qigan ekan. Onam esa bu narsalardan bexabar, hech narsa demay jim yotar, ko‘zlarini ham ochmas edi. Tumandan kelganlar ertalabgacha gaplashib o‘tirishdi. Chunki ular uchun yotishga to‘shagimiz yo‘q edi.

Oradan yana bir qancha kun o‘tdi. Bir kuni pochtaga ketgan onam yana bir noxush xabar bilan qaytdi. Partizanlikda yurgan va bedarak ketgan Muzaffar amakimning xotini va balog‘atga yetgan ikki qizini nemislar otishgan edi. Ikki kichik qizi biz bilan bu yoqlarga kelgan, bolalar uyida yashashardi. Ular Dilovar akamdan katta bo‘lgani uchun Qo‘qon shahridagi bolalar uyiga joylashtirilgan edi. Dilovar og‘amning o‘limidan keyin hech qancha vaqt o‘tmasidan Ajalim amaki yana biznikiga keldi. U onam bilan tengdosh bo‘lgani uchun bir-birlarining otini aytib chaqirishar edi. “Robiya, nima qilamiz, Xadicha bilan Sora ham bolalar uyida jon taslim qilishibdi. Ularga hatto kafanlik ham yo‘q. Komendantdan zo‘rg‘a ruxsat oldim. Men o‘sha yoqqa ketyapman”, dedi og‘ir xo‘rsinib. Onamning ko‘zlari yoshlandi. Nimadir qilmoqchi, nimadir demoqchi bo‘ldi, ammo tili kalimaga kelmadi. Keyin bilmadim, nima bo‘ldi. Amakimga nimanidir o‘rab qo‘liga tutqazdi. Keyin bilsam, onam eski paltosini berib yuborgan ekan. Ajalim amaki u g‘arib qizlarni o‘sha paltoga o‘rab ko‘mdirgan. Ikki-uch oydan keyin to‘satdan tumanda qaynog‘asi Muzaffar amaki paydo bo‘lganini eshitgan onam uni qidirib topadi. Muzaffar amakim oilasining fojeali taqdirini eshitib, aqlini yo‘qotgan. Bir-ikki hafta tuman markazidagi ko‘chalarda tentirab yurganu keyin yana ko‘zdan g‘oyib bo‘lgan. Qayerga ketganini yoki o‘lganini biladigan odam topilmadi.

Onam yana qattiq xastalanib, yotib qoldi. Biz dastyor bo‘lib qolgan edik. Eshikma-eshik yurib, qurilish bo‘layotgan joylarda ishladik. Onamning sog‘ligi tobora yomonlashib, tez-tez yotib qolar edi. Ishini tashlashga majbur bo‘ldi. Oz miqdorda nafaqa tayinlashdi.

Maktabni bitirib, Toshkentdagi dorilfununga o‘qishga kirdim. Stependiyadan boshqa daromadim bo‘lmagach, yashash qiyin bo‘ldi. Yigitlarga qo‘shilib bir necha marta temiryo‘l vokzaliga vagonlardan ko‘mir tushirishga bordim. Past bo‘yli, kiyimi yupun, salomatligi ham bir ahvoldagi o‘smirning bunaqangi og‘ir ishga uzoq bardosh bera olmasligini tasavvur qilib ko‘ring. Akam uylanib, boshqa joyga ko‘chib o‘tganidan keyin onam yonidan ketishimni istamadi.

Ikkinchi kursdan keyin o‘qishimni sirtqi bo‘limga o‘tkazib, uyga qaytishga majbur bo‘ldim. Domlalarim onamni yaxshi bilishardi, menga doim g‘amxo‘rlik qilishardi. Qishloq maktabiga o‘qituvchilikka borishimni tavsiya qilishdi. Keyinchalik biror chorasini topib tuman markaziga o‘tkazamiz deyishdi. Surgunlikda ilk bora kelib tushgan qishloqdagi maktabga ishga bordim. U yillarda paxta terimi mavsumida o‘quvchilar yig‘im-terimga safarbar qilinardi, o‘qituvchilar ham ular bilan barobar ishlashar edi.

Bir kuni dala shiyponida brigadir bilan suhbatlashib o‘tirganimizda u meni qrim-tatarlardan ekanimni bilib, shunday dedi: “Ilgari men kolxoz raisi edim. Kolxozimizga millatingizdan ko‘p odamlar kelgan. Bechoralar juda qiynalgan. Issiqqa chidolmadilar, ochlik ham ularni holdan toydirdi. Biz ham qo‘limizdan kelganicha yordamlashishga tirishdik, ammo o‘zimizning ahvolimiz ham mushkul edi. Kelganlarning aksariyati ayollar bilan bolalar bo‘lib, aksariyat erkaklar so‘qqabosh edi. Qo‘llaridan kelganicha mehnat qilishardi. Nomusi kuchli xalq edi. Bir-birimizni qiynalib bo‘lsa ham tushunardik, bizga tilmochning keragi yo‘q edi. Bir kuni tumandan vakil kelib, majlis o‘tkazdi. Majlisga mehnatga yaroqli odamlar chaqirildi. Siznikilar ham kelishdi. Men so‘zga chiqib, tuman vakilini “Partiya topshirig‘ini sharaf bilan bajaramiz”, deb ishontirdim. Shunda siznikilardan birisi o‘rnidan otilib turdi-da, shunday dedi: “Reis, ne dey, sharapnen planni to‘ldirmaq olurmi?” Hamma taajjublanib unga qaradi, kulgi ko‘tarildi. Shunda yosh ayollardan biri vaziyatni tushunib, uni yumshatish uchun o‘zicha tarjima qilgan bo‘ldi: “Bu kishi gapingizni tushunmadi, hoynahoy. “Sharaf bilan” deganingizni “sherepnen” deb o‘ylagan. Bizda vinoni “sharap” deyishadi. Basharasi qiyshayib ketgan tuman vakili ham bu gapdan keyin kulimsiradi…

Bir kuni uyga kech qaytsam, xotinim xomush bo‘lib o‘tirgan ekan. Sababini so‘rasam, u: “Qilgan ishimdan pushaymonman. O‘n yoshlardagi bir bola eshigimizni taqqillatdi. Ochdim. Qo‘lida gulli ro‘molga o‘rog‘lik bir narsa. Qo‘shni qishloqdan kelibdi. Surgunga kelgan bechoralardan ekan. Yig‘lamsirab, onasi kasalxonada ekanini, ukasi ochligini, onasining oldiga olib boradigan hech narsasi yo‘qligini aytib yolvordi. Qo‘lidagi ro‘molni ochib, ichidagi judayam chiroyli, nozik, ajoyib yopinchiq bor edi. “Men ko‘p so‘ramayman, non bersangiz yetadi. Ikki qishloqdan ham buni oladigan odam topilmadi”, dedi”. Xotinim uni to‘rtta non evaziga olib qolgan. Mendan so‘ramasdan ish qilganiga, birovning noyob narsasini arzon olib qolganiga pushaymon bo‘lib o‘tirgan ekan. “Ko‘rsang, taniysanmi?”dedim. “Bilmadim, muloyim, qoni qaynoq bir bolacha edi”, dedi.
545002_9_w_1000.jpgSo‘rashtirdik. Qo‘shni qishloqlarda yashaydigan bir necha oilani tumanga yaqin yerlarga ko‘chirishgan ekan. Boshqa ularni uchratmadik. Balki u oiladan hech kim qolmagandir. Kim bilsin, xasta ona, och-nahor bolalar… U yillari faqat surgun qilinganlar emas, yerli xalqdan ham juda ko‘p oilalar ochlikdan, kasallikdan qirilib ketishgan. Xotinim haligacha o‘sha yopinchiqni eslaydi. Biznikidek paxtali emas, jundan to‘qilgan ekan…

Ko‘zlarim qisilib, boshim aylandi. Yuzimdagi o‘zgarishni sezgan brigadir ko‘limga choyi bor piyolani berib: “Sizga nima bo‘ldi? Noma’qul gap gapirdimmi yoki?..” dedi. “Yo‘q, o‘zim shunday…” O‘sha yillari bizning oila ham o‘sha qishloqqa kelib tushgan ekan. Ammo bir necha oy o‘tmay boshqa joyga ko‘chirishgan. Biz uch o‘g‘lon edik. Sayyor akam o‘n yoshda, Dilovar akam sakkiz, men esa to‘rt yoshda ekanmiz. Dilovar akam bolalarga qo‘shilib, Mehribonlik uyiga ketib qolgan. Sayyor akam meni ko‘tarib olib, 10–15 kilometr uzoqlikdagi rayon markaziga borib, bolalar uyidan Dilovar akamni izlagan. Qishloqdagilardan onam yotgan kasalxonani so‘rab bilgan. Onam bizni ko‘rib, yig‘lab-siqtab, qo‘shni qishloqqa ko‘chirilgan qishloqdoshlarimizning yoniga borgan. Komendant onamning hol-ahvolini ko‘rib, rahmi kelgan bo‘lsa kerak-da, bizni ham qishloqdoshlarimiz yoniga ko‘chirgan…

Balki brigadir aytayotgan jundan to‘qilgan akam to‘rtta nonga almashtirgan adiyoldir. Men buni brigadirga aytishga tilim bormadi.

Onam Dilovar akam vafotidan keyin uzoq vaqt o‘ziga kela olmadi. Keyin qo‘shnimiz bo‘lgan o‘zbek xotin onamni yetaklab kolxoz idorasiga – raisning oldiga olib borgan. Bolalari yosh, o‘zi kasalmand. Dalaga chiqishga madori yo‘q. Idorani supurib tursin, deb yolvorgan. Shunday qilib, onam erta tongdan idora xonalarini, hovlisini supurib-sidirgan, undan keyin 5–6 kilometr yo‘l yurib tuman markazidagi pochta xonaga borar, kechki payt meni yoniga olib, uyma-uy xat tarqatar edi.

Onam ko‘p gapirmasdi, odamlarga gap qaytarmasdi. Borgan joyida ham ko‘p o‘tirmasdi. Ba’zan qo‘limga o‘rik, mayiz, yong‘oq, bodom tuttirsalar, “shoshmay ol”, deb tanbeh berardi. “Biz tilanchi emasmiz, Allohga behisob shukr, ahvolimiz boshqalarnikidan yomon emas. Yaqinda akang ham dalada ishlashni boshlaydi. Men endi tuzaldim”, deb boshimni silar edi.
Bir kuni qo‘shni ayol quvonch bilan yangi xabar keltirdi: “Bizni Farg‘onaga ko‘chirishar ekan, balki u yerdan Qrimga qaytarib yuborishar”. Ikkinchi kuni komendaturadan kelgan vakil qishlog‘imizda yashaydigan to‘rt-besh oilani tanlanganlar ro‘yxatiga yozishganini, biz esa ularning orasida yo‘qligimizni ma’lum qildi. Onam yig‘ladi-siqtadi, bir o‘zimizni qishloqda qoldirmasliklarini yolvorib so‘radi. Ammo hech kim quloq solmadi. Farg‘onaga jo‘natiladiganlarni tuman markazidagi parkka to‘plashdi. Ularni olib ketadigan mashinadan esa ikki-uch kun darak bo‘lmadi. Onam bizni yoniga olib har kuni ketadiganlarning oldiga borar, oqshomgacha o‘sha yerda o‘tirib keyin uyga qaytar edik. Tong otgach yana o‘sha yoqqa qarab yo‘lga chiqardik. Shunday qilib, qishloqda tatarlardan o‘zimiz qoldik. Keyin hammasi ma’lum bo‘ldi. Farg‘ona va Marg‘ilonga ko‘chirilgan oilalarni to‘qimachilik va ipak kombinatlariga ishga joylashtirishgan. Bizni olib ketishmaganining sababi esa oilamizda o‘n to‘rt yoshli bola yo‘qligi, onamning kasalligi ekan. Bir oy o‘tar-o‘tmas yana “verbovka” (tanlanma ro‘yxat) haqida xabar paydo bo‘ldi. Bu safar ham bizni olishmadi. Biz yana ikki-uch kun ketadiganlarni kuzatish uchun parkka bordik. U paytlar onamning zor yig‘laganlari, yolvorganlari haligacha ko‘z o‘ngimda. Bir kuni onam o‘zidan ketib qoldi. Tuman markazida yashaydigan Ajalim amaki kelib, uyiga olib ketdi. Rahmatli Ajalim amaki dunyo ko‘rgan odam edi. Alushtada pochta mudiri, surgunlikda esa Raysobezda ishlar edi. “Robiya, aqlingni yig‘, ularga arzon ishchi kuchi kerak. Oilasida o‘n to‘rt yoshli bolalari borlar “verbovka” qilinadi. Yaqinda ketganlar Farg‘ona to‘qimachilik kombinatida, ulardan keyin ketganlar Marg‘ilon ipak kombinatida ishga joylashtirildi. Endi Angrenga navbat kelgan. Ko‘mir shaxtalariga odam yetishmayotgan emish. Rahmatli To‘xtarning xotini Sofiyaga qiyin bo‘ldi. Uning uch qizini baravar ro‘yxatga yozishibdi. Bizni ham yozishgan, ammo bolalarimiz hali kichikligini bilishgach, ro‘yxatdan o‘chirishgan. Qayg‘urma, har yomonning bir yaxshiligi bo‘ladi. Bundayam bir xayr bordir. Nasib bo‘lsa, paxta dalasi ko‘mir shaxtasidan yomon emas”, deb tasalli bergan edi Ajalim amaki.

Bir kuni onam pochtaga ketayotib meni ham o‘zi bilan birga olib bordi. Qo‘shni qishloqqa yetganimizda onamning yuzi oqarib, boshi aylandi shekilli, yo‘l yuzidagi bir uyning eshigi oldida to‘xtadi. Ancha o‘tirdik. Eshik ochilib uydan bir kishi chiqdi, bizni ko‘rib yaqinlashdi. “Opa, nima bo‘ldi? Uyga yuring, choy ichvolasiz”, dedi. Keyin xotinini chaqirib: “Bechoralarga biror narsa ber, ochga o‘xshaydi”, dedi. Onam sergak tortdi, ko‘zlarini ochib begona odamga qaradi-da: “Yo‘q-yo‘q, kerakmas. Biz tilanchi emasmiz. Biroz holsizlandim. Hozir ketamiz”, deb o‘rnidan turmoqchi bo‘ldi. “Sizning tilanchi emasligingiz ko‘rinib turibdi, faqat charchagansiz, issiq choy iching”, dedi haligi kishi kuyunib.

Yaxshi odamlar ekan, onamni hovlisiga olib kirib, so‘riga o‘tqazishdi, boshiga yostiq qo‘yib, yotqizishdi. Haligi odamning xotini onamga issiq choy tutdi, keyin qayergadir g‘oyib bo‘ldi. Men esa onamning yonida o‘tirib, qaltirardim. Qanday qilib uyga ketishimizni o‘ylab, xavotirlanardim. Birozdan keyin qo‘lida bir kosa sut, qo‘ltig‘ida bitta non bilan ayol paydo bo‘ldi. Onamning boshiga qo‘lini qo‘yib, bir nimalar dedi. “Qo‘rqma, bolam. Onang hozir o‘rnidan turadi. Sen mana bularni yeb ol”, deb kosadagi sutdan piyolaga quydi-da, nonning yarmini bo‘lib menga uzatdi. “Nasibangiz bor ekan. Qo‘shnimiz hozirgina sigirini sog‘ibdi, tandirdan non uzibdi. Tortinma, bolam, ol, ol…”

Maktabga ishga qatnaganimda shu yo‘ldan o‘tarkanman doim onamning oppoq yuzidagi o‘sha holati ko‘z o‘ngimda jonlanar edi.

Sayyor akam yettinchi sinfni bitirganidan keyin kolxozda tabelchi bo‘ldi. Keyin buxgalterlikka ishga olishdi. Biroz vaqt o‘tib MTSga (mashina va traktor stansiyasi) ishga joylashib, biz tuman markazi bo‘lmish Uchko‘prik qasabasiga ishchilar baragiga ko‘chib o‘tdik. Qanday og‘ir va tushunib bo‘lmas bir zamonlar edi. Tumanda bor-yo‘g‘i bitta o‘rta maktab bo‘lib, butun atrofdagi qishloqlardan bolalar Uchko‘prikka qatnashar edi. Onam ham shu maktabga farrosh bo‘lib ishga kirdi. Bechora farroshlar ertadan kechgacha pol yuvsalar ham hech ishlari tugamas edi. 25–30 sinfdan iborat maktabda bor-yo‘g‘i ikki-uch ayol ishlardi. Maktabga urushdan qaytgan sobiq ofitser – ajoyib inson Abdulla Otaxonov direktor bo‘lib kelganidan keyin ularga ancha yengil bo‘ldi. Lekin kun bo‘yi sovuq suvda pol yuvgan xotinlarning sog‘lig‘i yomonlashib, ishga yaramaydigan ahvolga kelib qolishgan edi.

Shunday qilib, qishloqda o‘zimiz qolganmiz. Onamning opasi Sabiya xolam, bobom va oilasi bilan Kirov (hozirgi Beshariq) tumaniga kelib tushgan. Beshariq qishlog‘idagi paxta fabrikasida ishlashgan. Bu ikki tuman bir-biriga yaqin edi. Orada Qo‘qon shahri bo‘lib, uning janubida Molotov, shimolida Kirov tumanlari joylashgan edi. Xolam uddaburon ayol bo‘lib, urushdan oldin Alushtada do‘konda ishlar edi. Bizni yoniga olishga ko‘p urindi, ammo chorasini topolmadi. Onamning ham Molotov tumani komendaturasiga opasining yoniga ko‘chib o‘tishga izn so‘rab yozgan arizalari javobsiz qoldi.

01- Черный рассвет - копия.jpgHali-hanuz esimda. Bir kuni kechasi eshigimiz taqilladi. Onam qo‘rqqanicha eshik zulfinini tushirdi. Ichkariga bir ayol kirdi. Uning Sabiya xolam ekanini keyin bildim. Chunki men uni 1944 yildan keyin ko‘rmagandim. Chiroq yoqishmadi. Xolam dalama-dala yurib kechasi biznikiga yetib kelgan. Bobomiz O‘zbekistonga kelgandan keyin ko‘p yashamagan. 1945 yili qishning qora sovuq kunlarida kasallanib qolgan. O‘limi oldidan tarvuz yegisi kelibdi. Qish mahali chekkadagi uzoq qishloqda tarvuzni qayerdan topib bo‘ladi? Xolam atrof qishloqlarni aylanib tarvuz izlagan. Bir o‘zbek kishi xolamga achinib, o‘zi uchun asragan tarvuzdan bir bo‘lak bergan. Bobom tarvuzdan bir marta tishlab, boshini ko‘tarib atrofga ko‘z tashlagan-da, jon taslim qilgan ekan.

Opa-singil ertalabgacha gaplashib chiqishdi. Tong oqara boshlagach, xolam yana yashirin kelgan yo‘li bilan Beshariqqa qaytgan. Xolam bir xaltacha makaron, bir pachka choy olib kelibdi. Umrimda birinchi marta makaron va choy nima ekanini o‘shanda bildim. Onam va akam ishga ketganida xaltachadagi makaronni bir o‘tirishda yeb tushirganman. Qo‘shnimiz Bozor aka bizga bergan qumg‘onda suv qaynatib unga pachkadagi hamma choyni to‘kkanman. Achchiqligidan og‘zimga ham ololmay uni otib yuborganman. Oradan ko‘p vaqt o‘tmay oshqozonim buray boshladi. Nima qilishimni bilmay hovlida chopib yurgandim, onam kelib qoldi. Vaziyatni anglab, qo‘shnilarga chiqib, kimdandir bir kosa qatiq topib keldi. Majburan ichirib, zaharlanishdan saqlab qolgan. Shu qishloqda yashab akam tuman markazida o‘ninchi, men yettinchi sinfni bitirdik.

Ba’zan Ajalim amakining aytganlarini eslayman: “Necha-necha o‘ziga to‘q, sog‘lom bolalarni urishdi, xo‘rlashdi. Ochlikka chidolmay o‘lib ketishdi, ulardan nom-nishon qolmadi. Robiya, sen faqir yashasang ham, bolalarni och qoldirmading, o‘qitding. Kuchli, chidamli, sabrli ayol ekansan. Nasib bo‘lsa, bolalaring ham yuzingni yerga qaratishmaydi”

Akam MTSda ishlaganida mehnatkashligi, odamlar bilan tezda til topisha olishi bilan jamoat orasida e’tibor qozondi. U profsoyuz raisi bilan gaplashib, meni MTS klubining yonidagi kutubxonaga ishga joyladi. Kutubxonani tushdan keyin soat to‘rtda ochib, kechki vaqt soat sakkizda yopar edim. 9-10-sinflarni bitirguncha shu tarzda ishlab onamga yordamlashdim. Onam esa o‘qishini tashlaydi, degan xavotir bilan ishlashimga qarshi bo‘ldi. Akam ishlar, men o‘qir edim. Onam tez-tez kasal bo‘lib turardi. Endi uning ishlashi haqida gap ham bo‘lishi mumkin emasdi. Kasalligi tufayli nafaqaga chiqarishdi.

1957 yil. Men endi bir nimalar qoralab yurardim, tuman va viloyat gazetalarida kichik-kichik maqolalarim bosilib turardi. Maktabda ham juda faol o‘qirdim. Shu yili Moskvada jahon yoshlari va talabalari festivali o‘tkaziladigan bo‘ldi. Tuman komsomol komitetining birinchi kotibi Munisxon Ismoiljo‘jayeva til va adabiyot o‘qituvchimiz edi. Tuman musobaqasi g‘oliblari qatorida meni ham viloyatga yo‘llashdi. U yerdan respublika festivaliga qatnashdim. Toshkentga borganimda O‘rta Osiyo Davlat Universitetining filologiya fakultetiga qiziqib qoldim. Festival g‘oliblari bilan birga har bir viloyatdan bir necha yoshlarni Moskaga yuboradigan bo‘lishdi. Bu ro‘yxatda men ham bor edim. Uyga qaytib o‘zimga o‘zim: “Akang qarag‘ay poytaxtga ketadi”, deb u kunni intizor kutdim. Negadir u paytlar qrimtatar ekanimni, olis poytaxtga safar bizga ta’qiqlanganini bilmas edim.

Toshkentga borganimda Moskvada festivalga ishtirok etadiganlar orasida “Bahor” raqs ansamblidan Dilara Baybuganova, Alisher Navoiy nomli opera va balet teatridan Sevilya Haybullayeva, filarmoniyadan Klara Jalilova nomlariga duch keldim. Lekin ularni bizning millatdoshlarimiz ekanidan xabarim yo‘q edi. Bir kuni meni tuman komsomol kometitiga chaqirishdi va Moskvaga borish mumkin emasligini aytishdi. Ammo sababini tushuntirishmadi. Uyga mung‘ayib qaytdim. Onam meni tushkun holda ko‘rib: “Bolam, albatta, bunga loyiqsan, lekin bizni kim ekanimizni hech unutishmaydi. Vaqti-soati kelib Moskvaga ham borasan. Balki, Toshkentda o‘qishingga qarshilik qilishmas”, dedi.

Men imtihonlardan o‘tib, universitetga o‘qishga kirganimda bo‘yim 1,45 sm. vaznim 45 kg. edi. Tarixdan imtihonga kirganimda domla o‘tirgan stol yoniga bordim. Domla birdan o‘rnidan turib, menga qaradi va: “Voy bolam, bunaqa bo‘ying bilan qanday o‘qiysan? Paxta dalalari orasida yo‘qolib qolasan-ku! Bo‘yingni ozroq o‘stirib kel, hali o‘qishga ulgurasan”, dedi. Men hech narsa demay, bilet tanlab, partalardan biriga o‘tirdim-da, savoliga javob berish uchun tayyorgarlik ko‘ra boshladim. Bir necha bola imtihon topshirib, xonadan chiqdi. Meni esa oldiga chaqirmadi. Xafa bo‘ldim, ko‘zlarim yoshlandi. Deraza tomonga o‘girilib, ko‘chaga ko‘z tashladim. To‘g‘ridagi Inqilob xiyobonida (kichik park) aylanib yurgan bir odam ko‘zimga issiq ko‘rindi… Shunda domlaning: “Qani, yonimga kel-chi, javob berishga qodirmikinsan”, deganini eshitdim. O‘rnimdan turib, ro‘parasiga bordim. Biletdagi birinchi savolga javob bera boshladim. “Bo‘ldi, yetadi. Bo‘ying past bo‘lsa ham kallang ishlar ekan. Qishloqdan kelganing ko‘rinib turibdi. Puling bormi?” dedi. Boshimni qimirlatdim. “Nima yeging kelyapti?” deb so‘rasa, “Muzqaymoq”, deb yuborganimni o‘zim ham sezmabman. “Agar meni o‘g‘lim bo‘lsayding, kaltaklab ta’ziringni berardim, muzqaymoq ham ovqat bo‘ladimi?! Undan voz kech. Albatta, hozir yegulik ham ko‘pmas. Bor ketaver, ozroq semir, och yurma”, deb imtihon varaqasini qo‘limga tutqazdi. Bu qog‘oz go‘yo olov kabi qo‘limni kuydirar edi. Dovdiragancha eshikka yo‘naldim. “Ikki baho qo‘ygandir-da, javoblarimni hattoki eshitmadi ham”, degan o‘y-xayol bilan tashqariga chiqdim. Shu payt kimdir yelkamga qo‘lini qo‘ydi. Seskanib, orqamga qaradim. Maktabimiz direktori Abdulla Otaxonov. Uni ko‘rib suyunibmi yo xafa bo‘lganim uchunmi, yig‘lab yubordim. “Senga nima bo‘ldi? Kim xafa qildi?” dedi u. Hech narsa demay kaftlarim orasidagi imtihon varaqasini ko‘rsatdim. U ham menga, ham qo‘limdagiga ko‘z tashlab, varaqani olib qaradi. Birdan kulimsirab: “Hoy bola, bu nima qilganing? Tarixdan “besh” olibsan-ku! Hada kim imzo chekibdi – akademik Yahyo G‘ulomov – O‘zbekistonning birinchi tarixchisi! Undan hech kim “besh” ololmagan. Men ham urush arafasida shu universitetni bitirgan edim. Agar uning darsidan “uch” olsak, bayram qilar edik. Bo‘ldi, bas qil, xafa bo‘lma. Bu yerga konferensiyaga kelishimni eshitib onang senga atab ozroq pul berib yuborgandi. Men hozir shoshib turibman. Qaytganda seni topaman”, dedi va qo‘limga bir taxlam pul berib ketdi.

Universitetga qabul qilindim. Men bilan birga imtihonga kirgan toshkentlik talabalar bo‘yimni ko‘rib, kesatishib: “Ey bola, sen nimaga osilganingni bilasanmi? Bu yerda boylarning bolalari o‘qiydi”, deyishadi. Shundan keyin nomim “bola”ga chiqdi. Hech kim otimni ham, familyamni ham eslamasdi.

Birinchi kursni bitirguncha yashash uchun kurashdim. Guruhimizda 20–25 yoshli talabalar ko‘p edi. Beshta yigit urush sababli vaqtida o‘qiy olmagan. Ular bilan birga temiryo‘l vokzaliga borib, ko‘mir yuklangan vagonlarni bo‘shatar edik.

Yozgi ta’tilda uyga qaytganimda onamni to‘shakda mixlanib yotganini ko‘rdim. Akamning topgani na dori-darmonga, na oziq-ovqatga yetardi. Men esa stependiya bilan yashay olmasligimni bilardim. Onam meni yoniga o‘tirg‘izib: “Bolam, senga yordam qilishga imkonimiz yo‘q. Bilmadim, bu holda qanday kun kechirar ekansan…” dedi ko‘zlari yoshlanib. “Rayselkka boraman. Pilla quritish shirkatiga ishga kiraman. Ozroq harakat qilsam, balki palto olarman”, dedim. “O‘n qavat qanor to‘shama orasida qanday aylanasan?” deb qayg‘urib so‘zladi u. “Xavotir olmang, ozg‘inginaman, qush kabi aylanaman”, deb onamning ko‘nglini ko‘targan bo‘ldim.

Ikkinchi kursda paxta terimidan keyin holsizlikdan tez-tez yotib qolardim. Domlalarimizdan biri yanayam ozg‘inlashib ketganimni ko‘rib: “Sen bola, o‘zingga qara. Yoki bir-ikki yil akademik ta’til olib uyingga qayt yoki sirtqi bo‘limga o‘t”, deb nasihat qildi. Dekanga uchrashdim. “Seni tushundim. Lekin bu masalani faqat rektor hal qiladi. Ariza yoz, men “qarshi emasman”, deb imzo chekib beraman. Rektor yaxshi odam. Men aytsam, so‘zimni qaytarmas”, dedi u. Universitetning matemateka-mexanika fakultetida Nagayev familiyali aka-uka domlalar ishlashar ekan. Millati rus bu domlalar bilan familiyadosh ekanimdan xabarim yo‘q edi. Rektor Toshmuhammad Aliyevich Sarimsoqov sovet davrida yetishgan ilk o‘zbek olimlaridan bo‘lib, akademik, davlat mukofotlari sovrindori, dunyoga taniqli matematik edi. Eng qizig‘i, u ham past bo‘yli va ozg‘in bir kishi ekan. Qabulxonada kun bo‘yi o‘tirdim. Kotiba qiz navbat bilan har kimni qabulga kirgazar, “bu bolaning nima ishi bor ekan”, degan taajjub bilan menga qaraganini sezmadim. Keyin unga qabulga kelganimni aytib, oldiga dekan imzolagan arizani qo‘ydim. U arizani qo‘liga olib, familiyamni o‘qidi-da, taajjublanib: “Sen professor Sergey Aleksandrovichning tug‘ishganimasmisan?” deb so‘radi. “Men hech qanday Sergey Aleksandrovichni tanimayman”, dedim keskin ohangda. “Sen bola, kutib tur, Toshmuhammad Aliyevichga xabar qilay”, deb rektorning xonasiga kirib ketdi. Birozdan keyin qaytib chiqdi-da: “Rektor hozir majlisga shoshilyapti. Ko‘p gapirib o‘tirma”, dedi meni rektor xonasiga boshlab. Eshikdan kirishim bilan menga o‘xshagan past bo‘yli odamni ko‘rdim. “Nima uchun sirtqi bo‘limda o‘qimoqchisan?” deya savol bilan gap boshladi. “Onam kasal, yordamlashadigan hech kimim yo‘q”, dedim. “Unday bo‘lsa, yaxshi, dekanatdan javobini olasan”, dedi. Ikkinchi kuni dekanimiz meni chaqirtirib, rektor qanday munosabat ko‘rsatgani bilan qiziqdi. Meni eshitgach: “Yaxshi, bo‘ldi, uyingga ketaver. Rektor “prosbu udovletvorit”, deb imzo chekkan”, dedi.

Qishloqqa qaytdim. O‘qishim haqida qo‘limga hech qanday qog‘oz berishmadi. Onam rangimning bir ahvolligini ko‘rib: “Voy bolam, o‘qishdan haydashdimi? Kambag‘alni tuyaning ustida ham it qopadi, deyishadi. Akangni institutga kirib o‘qishga imkoni bo‘lmadi. Endi sen ham qaytib kelding. Bu qanday gap bo‘ldi, boshim hech balodan chiqmaydi”, dedi ko‘zlari yoshlanib. “Ko‘p qayg‘urmang, ona. Ishlayman, doim yoningizda bo‘laman”, dedim.

Akam MTS direktori bilan gaplashib meni quruvchilar brigadasidagi duradgorlarga shogird qilib joylashtirdi. Bir necha oydan keyin tekshiruv ishlari boshlandi. Tekshirish rus tilida olib boriladi. Men esa rus tilini yaxshi bilmas edim. Maktabimizda rus tili o‘qituvchilari yetishmagani bois darslar onda-sonda o‘tilar, uni keragicha o‘rganilishi hech kimni qiziqtirmas edi.

Sessiyaga borsam, meni rus bo‘limiga olishgan ekan. Dekan kulimsirab: “Familiyangga qarab kotibamiz seni rus deb o‘ylab, rus guruhiga rasmiylashtirgan. Birinchi yozma ishdan keyin “qoniqarli” olgansan. O‘zbek maktabida o‘qiganing bilindi. Qani, siqilma, o‘zbek guruhiga o‘tkazamiz”, dedi.

Uyga qaytdim. Menga duradgorlik kasbini egallash nasib bo‘lmadi. Bir kuni ko‘chada Mahmud Meliboyev degan o‘qituvchimni uchratib qoldim. “O‘qish mahali nega bu yerda ishlayapsan?” dedi. Ahvolimni tushuntirdim. “Shunday de, onangni kasalligidan xabarim bor. Ammo bizda universitetda o‘qiganlar juda kam. Seni o‘qishga kirganingni eshitib juda quvongan edik. Afsus, nima ham qilasan. Hayot shunday. Biz istaganimizdek bo‘lmaydi. Sen bir-ikki kundan keyin RayONOga bor. Ona tili o‘qituvchilaring Ibrohim Muhiddinov hozir u yerda mudir. Men ham gaplashaman. Aqlingni yig‘. Hech qachon o‘qishni tashlama, keyin pushaymon bo‘lasan”, dedi.

RayONOga bordim. Mudir meni samimiy kutib oldi. “Kelganing yaxshi bo‘ldi. Faqat biroz kutish kerak bo‘ladi. Birinchi kursni bitirganing haqida spravka olib kel, keyin bir chorasini topamiz. Albatta, yordam qilish bizdan, ishlash va o‘qish sendan. Yuzimizni qizartirmasang bo‘ldi”, deb meni eshikkacha kuzatib qo‘ydi.

Hali bir hafta ham o‘tmagandi. Ish joyimga akam kelib, jahl bilan: “Nima ish qilganding, Muhiddinov seni chaqirtiribdi!” dedi. Yelkamni qisib: “Hech ish qimadim”, dedim.

RayONOga borsam, kadrlar bo‘limiga uchrashishimni aytishdi. Kadrlar ishi bilan qo‘pol tabiatli qozontatarlardan bo‘lgan bir ayol shug‘ullanar ekan: “Ibrohim akaga hayronman. Hali qo‘lida hech bir hujjati bo‘lmagan yosh bolani o‘qituvchi qilib qishloqqa yubormoqchi bo‘lyapti!” dedi meni ko‘rishi bilan. Meni qayta Ibrohim akaga jo‘natdi. Domla: “Kadrlar bo‘limi mudirining gapiga e’tibor berma, seni ko‘zdan uzoqroqdagi yigirma to‘rtinchi maktabga boshlang‘ich sinflarga rus tili o‘qituvchisi etib yuboraman. Yaqin maktablarda bo‘sh joy yo‘q. Maktab direktori Xoliq Otajonov urush ko‘rgan sobiq ofetser. Gaplashdim. Haftada ikki kun uyingga borishga ruxsat beradi. Uning so‘ziga quloq sol, gap qaytarma. Yuzimni yerga qaratma. Kelasi o‘quv yili osonroq bir yo‘lini qilamiz”, dedi.

Shunday qilib, tumanning chekka qishloqlaridan biri Sariqo‘rg‘onga bordim. Ibrohim aka aytgandek, direktor samimiy, odam ekan. Yuqori sinflarga rus tili va adabiyotidan Ira Abdulina, matematekadan bizning xalqdan Rafiq Abdurazzoqov, o‘zbek tili va adabiyotidan Eson Turiboyev kabi tajribali domlalar dars berishar ekan. Surgunlikning ilk yilida Sariqo‘rg‘onga yaqin Suyunchol degan qishloqqa kelib tushganimizni keyinroq bildim. 8–10 qishloq bolalari shu maktabga qatnashar edi. Qiziq, bu qishloqlarning hech biridan birorta o‘qituvchi chiqmagandi. Hammamiz Qo‘qon shahri yoki tuman markazidan qatnar edik. Hatto maktab direktori ham Qo‘qondan bo‘lib, oyida ikki-uch marta uyiga borardi. O‘qituvchilar maktabga yaqin bir hovlida tunashar ekan. Direktor barchamizni har kuni kechki payt xonasiga to‘plar, bolalar maktabga kam qatnagani uchun bizga tanbeh berardi. Ikki-uch o‘qituvchidan bir guruh tashkil qilinib, oqshom ota-onalar bilan suhbatlashish uchun jo‘natilardi.

Men o‘qituvchi qilib tayinlangan sinflarda Tolib aka degan odam rus tilidan dars berar ekan. Nafaqa yoshiga yetgani uchun uni dam olishga kuzatishga majbur bo‘lishgan. Bolajon, sodda, muloyim bu o‘qituvchining bir etak bolasi bo‘lib, yettinchi sinfni zo‘rg‘a bitirgan. O‘zi direktorning tanishi bo‘lib, Qo‘qon shahridan qatnab ishlarkan.

Hayot ancha yo‘lga tushib qolgan kezlar. Akam uylanganidan keyin xizmat zaruriyati bilan xolamlar yashaydigan tumanga ko‘chib o‘tdi. Men esa o‘qishim, ishim borligi uchun u bilan birga ketishni istamadim. Uzoq-yaqin qarindoshlarimiz bu yerda bo‘lgani uchun onam ham men bilan qoldi. Har juma kuni oqshomda uyga qaytar va dushanba kuni yana yo‘lga otlanardim. Non va choy onamning asosiy ovqatimiz edi. Men keladigan kunlari onam sho‘rva pishirib qo‘yardi. Barakning har bir bo‘lmasida oltita xona bo‘lib, olti oila yashar edi. Hamma yo‘lakda qozon osar, choy qaynatardi. Har bir bo‘limda 8–10 bola bo‘lganiga qaramay, qo‘shnilar bir-birlarining hech narsasiga teginishmasdi. Meva-sabzavot pishgan mahalda bolalar qo‘shni hovlisidagi bog‘chalariga o‘g‘rincha tushgan vaqtlari ham bo‘lardi. Ammo qo‘shni moliga ko‘z olaytirgan biror kimsani ko‘rmadim. Mehr-muhabbatli, oqibatli edilar. Tansiq ovqatlar pishirishsa, bir-birlariga ulashishardi.

1963 yili universitetni bitirdim. Onam yana holdan toydi. Men endi uzoq qishloqni tark qilishga qaror qildim. RayONOga borib, vaziyatni tushuntirdim. Shu yili ikki qo‘shni tuman birlashib rayONO mudiri ham o‘zgargan edi. “Yaqin maktabimiz yo‘q. Yana bir-ikki yil chidashingiz kerak”, deyishdi. Oldingi domlam sobiq rayon komsomol kometitening birinchi kotibi, endi Qo‘qon shahrida maktab direktori bo‘lib ishlar, meni uchratganida: “Qishloqqa qatnashdan charchamadingmi? Bizga ko‘chib o‘t. Harholda shahar sharoiti boshqa”, degan edi. Shunda ishdan bo‘shatishlarini so‘rab ariza yozdim-da, qabulxonada qoldirib, ko‘chaga chiqdim. Ko‘p o‘tmay, ortimdan mudir kotibasi kelib: “Sizni komissiya chaqiryapti”, dedi.

Shu vaqt tumanda o‘qituvchi yetishmasligi sababli tekshiruvga kelgan komissiya, mudirning stolidagi arizamni ko‘rib, nega bo‘shamoqchi bo‘lganimga qiziqqan. Mudir xonasida o‘tirgan to‘rt-besh odamni ko‘rib, orqamga qaytmoqchi bo‘ldim. Ruxsat berishmay: “Nima uchun maktabdan ketmoqchisiz?” dedi ulardan biri. Sababini tushuntirdim. U avval menga, so‘ng mudirga qarab: “Nima, sizda universitetni bitirgan o‘qituvchilar ko‘payib ketdimi? Sizda ortiqcha bo‘lsa, shaharda yetishmaydi. Agar uning o‘rniga odam topilmasa, tuman markazida laqqillab yurgan tanishlaringizdan birini jo‘natarsiz. Borishni istamasa, o‘zingizni o‘sha maktabga o‘qituvchi qilib jo‘natamiz”, dedi. “Yo‘q, nega? Odam topiladi. Yosh, harakatchan, hali bo‘ydoq bo‘lgani uchun yana bir-ikki yil ishlasin degandim, arizasini hali ko‘rishga ulgurmadim. O‘zimizning kadr. Yaqinroq maktab topamiz. Yashaydigan joyiga 2–3 km. yaqin yangi maktab qurildi. Ana o‘shanga yuboramiz. Rozimisan, o‘g‘lim?” deb meni siypalab gapirdi mudir. Boshimni qimirlatib rozi bo‘lishdan boshqa choram qolmadi. Yangi ochilgan 76-maktabda faqat ikki oygina ishladim. Keyin armiya xizmatiga ketdim.

Akam onamni yoniga olib ketishga qanchalik harakat qilmasin, qaysarlik bilan: “O‘g‘lim bu yerdan armiyaga ketdi, shu yerga qaytib keladi”, deb ko‘nmagan.

Harbiy xizmatni Ukrainada boshlab, Germaniyaning Frankfurtdnah Oder shahrida davom ettirdim. Oyda bir-ikki marta politruk (Sovet armiyasining siyosiy noziri) suhbatga chaqirar, sababi esa: “Nima uchun onangga xat yozmaysan?” deb meni urushar edi. Men har xafta xat yozganimni aytaman. Politruk aytganimga qanoatlanadi. Keyin tuman voyenkomining xatini ko‘rsatib: “Mana, yana xat kelmaydi”, deb onang shikoyat qilgan. Shunday qilib, vaqtim bo‘lmasa ham, har da’fa yo‘qlatishganida bir necha betli tushuntirish xati yozardim.

Armiyadan qaytganimdan keyin onamning xavotiri sababini tushundim. Uyimiz voyenkamatga yaqin edi. Onam mendan xat olishi bilan qarindoshlarga chopar, uni o‘qitib, uyga qaytarkan. Ikkinchi kuni o‘zi xatni hijjalab o‘qiy boshlarkan. Har kuni soatlab o‘qigan. Besh-olti kun qayta-qayta o‘qiganidan so‘ng yoddan takrorlayvergan. Xat ortidan xat kelib yetmagach, voyenkamatga borganda, ichkariga kirmay, derazadan qarab, tanish ayoldan nega maktub kelmayotganini so‘ragan. Bunaqa ziyorat ikki-uch marta davom etgandan keyin voyenkamat xodimi men xizmat qiladigan harbiy qism komandiriga so‘rov maktubi jo‘natadi-da, nusxasini onamga ko‘rsatadi. Onam armiyadaligimda no‘xot va loviyadan fol ko‘rishni o‘rganib olibdi. Oldin folga ishonmaydigan odam endi folsiz yashay olmagan. Aytishlaricha, ko‘rgan foli qachon xat kelishini to‘g‘ri belgilagan emish.

Bir kuni voyenkamat xodimi uyga kirib keladi. Onam qo‘rqib, qaltiray boshlaydi. “Biror gap bo‘lmasa, u bu yerga kelmasdi”, deb yig‘lamsiragan. “Yig‘lamang, hammasi joyida. O‘g‘lingiz yaxshi xizmat qilar ekan. Uni maqtab gazetada yozishibdi, sizga komandirdan tashakkurnoma keldi”, deb uni tinchlantiradi.

Onam shunday g‘aroyib ayol edi. Hech kimga og‘irligi tushmasdan yashar, hech kimdan shikoyat qilmas, yuragini hech kimga ochmasdi. O‘sha paytlari yuz yoshga kirgan kattabuvim Sabiya xolam bilan yashar edi. Xolam to‘satdan kasal bo‘libdi-da, uch kundan keyin vafot etibdi. Janozaga borgan onam bir haftadan so‘ng uyga qaytib keladi. Sabiya xolam: “O‘tirsang-chi, bir o‘zim nima qilaman?” deb yalinib-yolvorsa ham, “O‘g‘lim kelib, meni qidirishi mumkin. Xizmatning ikkinchi yili. O‘qituvchilarni maktab ochilgunicha ishga yetib borishsin deb avgustda qaytarishar emish”, deb qolmaydi. “Sendan boshqasining bolasi armiyaga bormagan. Qaytsa, bu yerga kelishga ham yo‘l topadi”, deb asabiylashadi xolam. “Meni odamlarga o‘xshab bir etak bolam yo‘q. Boru yo‘g‘i ikki dona, ikki qora ko‘zim. Sening o‘g‘ling kabi urushdan keyin armiya ko‘rmaganlardan emas”, deydi onam.

Qaytishimga bir oy qolganida onam to‘shakda yotib qolgan. Sabiya xolam bir so‘zli xotin edi. Akamga ishonmasdan, uyga kelgan-da, onamni majburan uyiga olib ketadi. Armiyadan qaytganimda onam Beshariqda – xolamning uyida ekan. Ajalim amaki u yoqqa borishimga ruxsat bermadi. “U xolang bilan ketganida menga: “Safterim kelganida menga xabar qil. Inson tark etgan joyiga qaytsa, ishi o‘ngidan kelar emish”, degandi”. Ona bola bir-birimizga yetishdik. Armiyadaligimda “Lenin bayrog‘i” degan gazeta tashkil bo‘lib, haftasida ikki marta chiqa boshlaganini bilardim. Onam o‘zi o‘qimasa ham, har safar xatga qo‘shib o‘sha gazetadan ham jo‘natar edi. Gazeta muharriri Absalom og‘aga xat yozdim. Talabalik yillarim gazeta redaksiyasida amaliyot o‘tagandim. U vaqt gazetada yetuk adiblarimizdan Abdulla Dermenji, Raim Tincherov, Yusuf Po‘lat, Shomil Aladin, Toir Salimov, Mambet Aliyev, Amet Mefayev kabi bir qator ziyolilar ishlashar edi.

Men Toshkentga gazetada ishlash uchun ketadigan bo‘ldim. Poytaxtga borib, ishga joylashganimdan keyin onamni ham o‘zim bilan birga olib ketishga qaror qildim. Biroz vaqt universitetdagi tanishim Refat Ametovning uyida turdim, keyin bir uyni ijaraga oldim. Uy sohibasi biroz qo‘pol tabiatli ayol edi. Uydagi hech narsaga tegmasdan, faqat yotib-turaman. Har oyda uyga borib kelaman. Har safar onamni olib ketishga ko‘ndiraman, degan niyat bilan yo‘lga chiqaman. Lekin u qishloqdoshlar, qarindoshlarini tashlab begona yerga ketishni istamasdi. 1966 yil aprel boshlarida uyga bordim. Onam oyoqqa turgan, o‘zini ancha yaxshi his qilar edi.

– O‘g‘lim, xolangnikiga boraylik, aytadigan gapim bor, – deb qoldi onam.

– Men faqat ikki kunga kelganman. Endi muqim ishga joylashdim. Ko‘p qolishimga ruxsat berishmaydi, – dedim.

– Boshlig‘ingni yaxshi odam deysan-ku, bir-ikki kunga kechiksang kallangni olmaydi, – dedi mung‘ayib.

Bordik. Xolamning:
– Singlim o‘z oyog‘i bilan keldi, – deb sevinganini ko‘rsangiz edi.

Dasturxon atrofida o‘tirgandik, onam to‘satdan so‘z boshladi:
– Opa, bergan non-tuzingizga rozi bo‘ling. Og‘ir vaqtlarda qo‘lladingiz. Ota-onamizni ham bolangizdek boqtingiz. Endi sizga yuk bo‘lishni istamayman. O‘g‘lim bilan birga bo‘lish burchim. Uni yonimdan ko‘p uzoq ketkazmadim. Allohga behad shukr, yo‘lini topdi. O‘zining aytishicha, bir turar joy topgan. Albatta, katta shaharda bir o‘zimga yashash oson emas. Bir-birimizga suyanib yasharmiz. Yana siz bilan ko‘rishish nasib qilsin. Oyoqqa turdim. Qishdan chiqsam, sizni ko‘rishga kelaman degan umiddaman.

– Voy, onam, sen bizni xayron qoldiryapsan! O‘g‘ling yaqinda armiyadan kelgan bo‘lsa, o‘ziga bir uy-joy qilgani yo‘q. U yerda nima ish qilasan? Bu yerda yonma-yon bo‘lmasak ham, yaqinmiz.

Shoshilma, borsin, yaxshilab o‘rnashsin. Keyin seni o‘zim olib boraman, – dedi ko‘zlari yoshlanib xolam.

– Ikki yo‘l orasida qolish oson emas. Endi o‘z oilasini qurish vaqti keldi. Topgani kiyinishiga yetmaydi. Har oyda bu yerga kelib-ketishning o‘zi bo‘ladimi? Xudo xohlasa, bir ilojini topib yashaymiz. Endi uning orqasidan qolmayman… – dedi onam keskin ohangda.

– Safter, sen nima deysan? Onangni u yoqda qarab, boqa olishingga ishonasanmi? Uying-joying yo‘q. Xotinlarning tashvishi ko‘p bo‘ladi. Uni usti-boshi bor. Bilmadim, endi yaqinda askarlikdan kelding, ayol kishining yurib-turishiga chiday olishiga unchalik imonim komil emas… – dedi xolam.

– Qo‘limdan kelganicha harakat qilaman. Yana bir oy chidasin. Lash-lushlarimizni yig‘ishtirsin. Biror mashina topib, emin-erkin olib ketaman, – dedim.

– Hay, oshiqma, qizim sen bilan borsin. Lash-lushlaringni yig‘ishtirishsin. Yuvishsin. Keyin ko‘ramiz. O‘zimga ishonsam, balki seni kuzatishga boraman, – dedi xolam onamga qarab.

– Opa, menga ruxsat bering. Endi ketay. O‘zimga juda ishonmayman. Bugun-erta… erta kech bo‘lishi mumkin , – dedi onam. Xolam “nima deysan”, degan kabi menga qaradi.

– Nima ham deyman, birga bo‘lishni istasa, uyga boraylik, bir chorasini topamiz, – dedim.

– Robiya, seni qaysarliging qolmadi-da. O‘g‘lingni og‘ir ahvolga qo‘yma, gapga kirsang-chi… – dedi xolam.

Onam:
– Bu qarorga kelish menga oson bo‘lmadi. Uning eshikdan kirib kelishini kuta-kuta charchadim. Bu yerdagi nasibam endi tugaganini his qilyapman. Osh-noningizni ko‘p yedim, rozi bo‘ling… – dedi.

– Roziman. Albatta, haqlisan. Ona bolasining yonida bo‘lishi kerak. Azal-azaldan ota-onasini so‘nggi yo‘lga kuzatish farzandning burchi, deb bekorga aytishmagan. Ammo bolasini so‘nggi yo‘lga kuzatish ota-ona uchun eng katta baxtsizlikdir. Umr bo‘yi qiynalib yashading. Bir kun yorug‘lik ko‘rmading. Bolalaringni xorlamading. Xudo xohlasa, u yer markaz joy. Balki davolanarsan, shifo toparsan… – dedi xolam xo‘rsinib.

Opa-singil quchoqlashib xayrlashishdi. Biz uyga qaytdik. Nima qilishimni bilmayman. Bir vaqtlar biz ishlagan MTSning o‘rnida savxoz tashkil bo‘lgan edi. U yerda ishlaydigan qishloqdoshlarimiz bizga yaxshi munosabatda bo‘lishar edi. Savxoz direktorining yoniga borib, vaziyatni tushuntirdim. Direktor bosh inspektorni chaqirtirib:

– Yaqinda Toshkentga ketadigan mashina bo‘ladimi? – deb so‘radi.

– Bu oy bir zavoddan material oladiganmiz. Telefon qilishlarini kutamiz, – dedi.

– O‘zingiz telefon qiling. Imkoni bo‘lsa ertami, boshqa kunimi, qachon borishingizni bildiring. Kelishganingizdan keyin shafyorga bu ukamizning yukini ham olib ketishini tayinlang. Musofir o‘zimizning odam. Bir vaqtlar aka-uka bizda ishlashgan. Endi poytaxtda yashab, gazetalarda ishlashyapti. Onasini ham ko‘chirib olib ketishni xohlashyapti. Pul-mul haqida gap bo‘lmasin. Nasib etsa, taniqli jurnalist bo‘lganida bizni unutmas, deb o‘ylayman, – dedi kulimsirab direktor.

Uyga qaytib lash-lushlarimizni yig‘ishtirib mashina kuta boshladik. Qo‘shnimiz Robiya opa qozontatarlaridan bo‘lib, onam bilan opa-singildek edilar.

Qo‘shni xotin biznikiga chiqib:
– Yaxshi qildingiz, ona bolasining yonida bo‘lishi kerak. Ancha o‘rganib qolgandik. Ko‘p yillardan beri bir-birimizga suyanib yashadik. Bunaqa ayrilish og‘ir. Xayolimga bir ish keldi, o‘g‘lim, kelinim ishdan qaytishsin, keyin aytarman, – dedi-da, uyiga ketdi.

Oqshom Robiya opa o‘g‘li va kelini bilan keldi. O‘g‘li istihola bilan dedi:
– Opa, afsus, sizlardan ayrilish oson emas. Onam bizni qiyin vaziyatda qoldirdi. Sizni kuzatib Toshkentgacha borarmish. Unday qilmang, yo‘lda urinib qolasiz, desak ham tushunmayaptilar. O‘zlariga ishonsa, mayli, borsinlar. Uch-to‘rt kundan keyin avtobusga mindirib yuborarsiz. Qo‘shnilar borib joylashishsin, keyin borarmiz desam ham unamadilar, bunga nima deysiz?

– Nima deyman, roziman. Onamga ham oson bo‘ladi. Istaganicha biz bilan o‘tirsin. Qachon desa, o‘sha payt avtobusga mindirib yuboraman, – dedim.

– Unchalik emas. Faqat bir hafta! Mahallani bilasan, bir kun ko‘rinmasang, qishloqda gap oralaydi. “Falonchi onasidan bezib, qayergadir jo‘natibdi”, deydiganlar topiladi. “O‘g‘li onasini kimga ishonib, uzoqqa jo‘natibdi”, degan mish-mishlarni eshitishga toqatim yo‘q.

Uyiga joylashib olishsa, bo‘ldi, ular ham, biz ham xotirjam bo‘lamiz, – dedi qo‘shni ayol.

Oradan ikki kun o‘tmay ashqal-dashqalimizni mashinaga joylab, yo‘lga tushdik. Haydovchi ko‘pni ko‘rgan odam ekan. Qo‘qon shahridan chiqqach, tog‘lar orasidan o‘tuvchi yuk mashinalari qatnaydigan yo‘lga burildi.

Ikki qariyani kabinaga o‘tirg‘izib, o‘zim kuzovga chiqmoqchi bo‘ldim. Onam: “Tog‘ yo‘li bizning Yaliboy qirlariga uxshaydi. Yam-yashil, atrof go‘zal. Havosi ham ajoyib. Kuzovga biz chiqamiz”, deb turib oldi. Kuzovda taglariga to‘shak to‘shab, o‘zlarini adyoli bilan o‘radim. Onamning Toshkentga kelishi shu tariqa bo‘ldi.

Robiya opa shahardan juda tez bezdi. Uchinchi kuni: “Meni avtobusga chiqarib yubor, bolam. Opamni biz tarafga tez-tez olib borib tur”, deya yolvordi. Shunday qilib, uni zo‘rg‘a bir hafta ushlab turdik. Keyin qishloqqa jo‘natib yubordim. Opa-singil bo‘lib qolgan ikki Robiyaning bu so‘nggi ko‘rishuvi ekani o‘shanda xayolimga ham kelmagandi.

O‘sha yili qish qattiq keldi. Toshkentning qahratoni o‘zini ko‘rsatdi. Sovuq minus 30 darajagacha yetdi. Yaxshiyam, ko‘mir olib qo‘ygan edik. Uy egasi tagi tuproq, ustiga kigiz to‘shalgan xonada yashar, sandali bor edi.

Onam bir yilgacha yaxshi yashadi, ammo kasali yana qo‘zg‘adi. Bir o‘zini uyga qoldirib ishga ketishga xavotirlana boshladim. Lekin keyin ovqatdan, suvdan qoldi. Pishirib qo‘yilgan ovqatlarni ham yemay qo‘ydi. Bir kuni millatdoshlarimizdan tanish shifokorni chaqirdim. U onamni tekshirib ko‘rib: “O‘zingizni ham, onangizni ham qiynamang. Shahar chetida “Orexovaya Roщa” degan sanatoriya bor. Ajoyib, shinam, bog‘-bog‘chali shifoxona. O‘sha yerga joylashtiraylik. Davolanish bepul. Istaganicha o‘sha yerda turib, davolanadi. Ko‘rasiz, ikki-uch oyda tuzalib qoladi”, dedi.

Duxtirning maslahatiga ko‘ra ish qilishga majbur bo‘ldim. U paytlar shifokorlar va hamshiralar qandaydir jo‘mard, marhamatli odamlar bo‘lardi. Onamga bildirmay, sanatoriyaga borib ko‘rib keldim. Kerakli hujjatlarni tayyorladim. U yerda tanish hamshiralar ishlashar ekan. Hamma narsa tayyor bo‘lganidan keyin onamga maqsadimni aytdim. Bechora onamning ko‘zlari yoshlandi, menga termulib qaradi va: “Albatta, senga qiyin. Oldimga kelib turishga vaqting bo‘ladimi?” dedi. Boshimni qimirlatib, ko‘zimdagi yoshlarimni onam ko‘rmasin deb orqamga burildim. “Bo‘pti, xafa bo‘lma. Faqat sandan bir iltimosim bor, balam. Albatta, buni sendan so‘rash oson emas… lekin bolamsan, buni o‘g‘il farzand ham qilsa bo‘larkan, mulladan so‘rab bildim. Uydan poklanib chiqay. Yelkamni sovunlab yuvib qo‘y…”

Onam yuvindi. Hali kiyilmagan ko‘ylaklarini kiydi. Taksi to‘xtatdim. Shunday qilib, onamni sanatoriyaga joylashtirdim. Har ikki-uch kunda ishdan keyin onamning oldiga boraman. Bir soatcha onamning karavoti yonida o‘tirib, yarim kechada uyga qaytaman. Onam ba’zan menga bildirmay sumkamga bir nimalar solib qo‘yadi. Uyga kelgandan keyin sumka ichida saryog‘ surilgan non, pecheniye, olma-nok yoki konfetlarni ko‘rardim. Yuragim ezilar, ko‘zlarim yoshlanardi. Sanatoriyada bemorlarga yaxshi qarashar, go‘sht, saryog‘, ovqatlardan siqmasdi. U yerdan bergan yeguliklarni tumbochkasiga to‘plar, kelishimni kutar ekan. Bu ishlaridan necha marta ranjidim. Bo‘lmadi. “Oyliging kam, ishdan chiqib mening oldimga kelib uyga borguningcha ochqab ketasan. Allohga behad shukr, bizga yaxshi ovqat berishadi. Hamshiralar ishga kelishganida birisi sut, boshqasi qaymoq, qatiq olib keladi. Ovqatdan qiynalmayman. Olma-nok, qovun-tarvuz deganday…”

Yoshim ancha ulg‘ayib qolgan, uning ustiga odamlarning gap-so‘zi jonimga tegdi. Do‘stu birodarlar: “Uylansang, o‘zingga ham, onangga ham osonroq bo‘lar edi”, deb ko‘p gapirishardi. “Onam uyga qaytsalar keyin uylanaman”, derdim ularga. Yigirma yettiga kirganim uchun onam ham: “Bolam, odamni yolg‘izlik charchatadi. Uyga qaytishimni kutma, o‘zingga bir loyig‘ini top”, deb qayg‘ura boshladi. Tanish-bilishlarning gap-so‘zlaridan bezdim. Nihoyat, uylanishga qaror qildim. Otamning qarindoshlari yashaydigan qishloqdan bir qizga unashtirildim. Bo‘lajak qaynotam eskicha savodli kishi bo‘lib, jamoat orasida hurmat-e’tiborli edi.

To‘yga yaqin qolganida Qo‘qonda yashaydigan Sabiya xolam, Ajalim amaki, Angrendan onamning singlisi Xadicha xolam kelishdi. Onamni uyga olib keladigan bo‘ldik. Ammo onam: “Bolam, meni qaytishimni kutmanglar. Men roziman. Inshaolloh, shifosini sezyapman. Uylanaver, nasib qilsa, yana birgalikda yashaymiz”, deb ko‘nmadilar.

Shu tariqa uylandim. Umr yo‘ldoshim ishlaydigan kasaba uyushmasidan ikki xonali uy berishdi. Onam oyoqqa turdi. Keyin uyga qaytdi va biz yana birga yashay boshladik. Xotinim Shukroniya bilan yaxshi chiqishib qolishdi. O‘g‘limiz Dilovar dunyoga kelganidan keyin onamning sevinganini ko‘rsangiz edi. Biz ishga ketar, onam o‘g‘limiz Dilovarni uy ichida kolyaskada aylantirar, havo isigandan keyin tashqariga olib chiqardi. Endi oldingi kasalligidan nom-nishon qolmagandek yaxshi edi. Sanatoriyadan qaytganidan keyin umrining oxiriga qadar dori degan narsani og‘ziga olmadi: “Hammasi yaxshi, dori-darmon jonimga tegdi”, der edi.

O‘g‘limiz bir yoshga to‘lganida Toshkentning markazidan Moskva loyihasi bilan qurilgan yaxshi uylardan uch xonali kvartira berishdi. Onam o‘g‘limiz bilan kun bo‘yi uch xonali uy ichida kolyaska bilan u yoqdan bu yoqqa yurar, uni guldek parvarish qilardi. Keyin qizimiz Sevil tug‘ildi. U yillari tuqqan onalarga faqat tug‘ruq ta’tili berilar, keyin yo ishga chiqishi yoki ishdan bo‘shashi zarur edi. Xotinim bolalarga ovqat tayyorlab ishga ketar, onam ularni yedirib-ichirar, uxlatar, xarxasha qilishsa, ko‘chaga olib chiqib, kolyaskada hovlida aylantirar edi. Keyin bolalarni bog‘chaga berdik. Onam ertalab bolalarning birini kolyaskaga solib, ikkinchisini yetaklab bog‘chaga olib borar edi. Onamning bitta “qusuri” bor edi – olovdan qo‘rqar, hech gaz yoqmasdi. Sanatoriyadan qaytganidan so‘ng o‘n ikki yil kvartirada yashaganiga qaramay, gaz plitasiga yaqin bormadi.

Onam nafaqasini olgan kuni o‘zini qo‘yishga joy topolmay, dam olish kunini ko‘zlari to‘rt bo‘lib kutar edi. Uydaligimizdan foydalanib ertalabdan bizga bildirmay ko‘chaga chiqib ketardi-da, biroz aylanib kelish bahonasida g‘oyib bo‘lardi. Ikki-uch soatdan keyin eshikni sekin ochib kirib kelardi. Dilovarni quchog‘iga olardi-da, xalta-sumkasini ochar, bolalar kiyimini chiqarib, uning ustiga o‘lchay boshlardi. “Tuf-tuf, bu kostyumchik katta ekan. Mayli, katta bo‘lsa kiyar. Sevilga olgan plashcha to‘g‘ri keldi”, deya bola kabi sevinar edi. Xotinim: “Xuddi ularning kiyishga kiyimlari yo‘qdek. Siqqan-sig‘magan narsalarga pul xarjlaysiz”, deb so‘z qotsa: “Meniki boshqa, bolaning bobosi yoki buvisi bo‘lgani, ular nabiralarini sevganini bilishi kerak”, derdi.

Tramvay, trolleybus va mashina qatnaydigan katta yo‘lning u tarafiga o‘tishga qo‘rqardi onam. Yo‘lning bu tarafida esa do‘konlar ancha uzoqda edi. Bir-ikki kilometr yayov borib, magazinlarni aylanib kelardi. Onam bolalarni ana shunday katta qildi. Maktabga borgunlaricha orqasidan qolmadi.

Biz to‘rt qavatli uyning birinchi qavatida yashardik. Birinchi qavatda yashaydiganlar yuqori qo‘ni-qo‘shnilarning zardalarini yaxshi bilishadi. Lekin bizning qo‘shnilar bir-birlarini yaxshi tushunishmasa ham bizga hech g‘avg‘o qilishmasdi. Qiziq, biz qayerda yashamaylik, qo‘shnilarimiz qozontatarlar bo‘lar edi. Podezdimizda hamma ishlar, bolalari o‘qirdi. Hammasining kaliti biznikida turardi. Onam xuddi omborchidek kalitlarni bir-bir devorga osar, hech qachon aralashtirib yubormasdi.

Turmush tarzimiz o‘zimizga yarasha, ortiqcha narsamiz yo‘q edi. Onam kresloda o‘tirishni yaxshi ko‘rardi. Nabiralarini tizzasiga olib, ularni erkalardi. Kreslo ko‘cha eshikning qarshisida turardi. Uyga kirib kelgan odamni hammadan oldin onam ko‘rardi. Eshikdan kim kirmasin o‘rnidan turib: “Xush kelibsiz”, deb qarshilardi. Xotinim bilan ishdan qaytganimizda ham o‘rnidan turib, eshikning chetiga qo‘lini tirab, sekin va muloyim ohangda: “Keldingmi, bolam?” deb kutib olar edi.

Akamning katta qizi qishloqdan kelib biznikida turib o‘qiganida unga ko‘p tanbeh berardi. Bolalarimga qattiqroq biror so‘z aytsa, og‘zidan chiqmasidanoq: “Nabiralarimga tegma. Ular nozik, gap eshitishadi, ammo gap qaytarishmaydi”, deb urishib berardi. “Men ham nabirangiz emasmanmi?” deb o‘ksinsa, “Sen ham nabiramsan, ammo Dilovarim boshqacha”, derdi.

Dilovar tug‘ilganida bir narsaga ahamiyat bermabman. O‘sha kunlari Toshkentda mashhur ozar qo‘shiqchisi Muslim Magomayev konsert berdi. U bilan ko‘rishib, gazetaga intervyu tayyorladim. Mahalladoshlarning aytishicha, Muslimlar avlodi ozarlarning eng o‘qimishli, boy odamlari bo‘lib, ularning sulolasini butun qrim xalqi hurmat bilan tilga olishar ekan. Onamga “Nabirangizning nomini Muslim qo‘yamiz. Keliningiz bilan kelishib qo‘ydik”, dedim. Onam menga ma’yus boqib, mung‘ayib: “Albatta, sizlar istagandek bo‘ladi. Ammo u men uchun Dilovardir. Dilovar akangni eslatib turadi”, deb ko‘zyoshini artdi. Men o‘shanda xato qilganimni, birinchi bolaga ota-ona nom qo‘yishi odat ekanligini unutganimni angladim.

1980 yili Yozuvchilar uyushmasiga a’zo bo‘ldim. Ammo a’zolik biletimni berishmadi. Meni burjua yozuvchilari ijodini targ‘ib qilishda ayblashdi. Qattiq xafa bo‘ldim, o‘zimni haqoratlangandek hisobladim.

Onam buni sezmay qolmadi:
– Bolam, nima tashvishing bor, aft-angoringa qarab bo‘lmaydi? – dedi.

Men unga:
– Aytganim bilan baribir tushunmaysiz, – dedim.

Onam menga qarab:
– Tushunmas emishman! Dunyoga keltirganim, bir parcha go‘shtligidan o‘stirib, katta qilganim bolam tushunar ekan-da, men tushunmaymanmi?! Onalar hamma narsani tushunadi. Faqat ular hech narsaga aralashishmaydi. Idish-tovoq orasida farzandining tashvishi bilan yashaydi. Mayli, hozir aytmasang, vaqti-soati kelib yuragingni ocharsan. Lekin bilib qo‘y, dardingni yuragingning eng chuqur joylarida saqla, seni xafa qilganlar ma’yusligingni sezmasin, – dedi.

1982 yil noyabr bayramidan keyin Brejnev vafot etgani haqida xabar tarqaldi. Onam o‘zi yaxshi ko‘radigan kreslosiga o‘tirib, televizor ko‘rib turib: “Voy onam, ular ham o‘lar ekan! Dunyoni qo‘llarida ushlab turganlari bilan Mavlolarini topar ekan-ku…” dedi. Onam 12 noyabrdagi dafn marosimini televizor orqali kuzatib o‘tirardi. Minbarda turib gapirayotgan uzun bo‘yli ko‘zoynakli kishini ko‘rsatib:

– Bolam, bu ko‘p gapirgan kim? – deb so‘radi.
– Andropov, Brejnevning o‘rniga saylangan yangi podshoh, – dedim.

– Unday bo‘lsa, janozada shunchalik uzun gapiradimi? Ko‘p gapirgan odamdan yaxshilik kutish qiyin. U ham shulardan biridir-da! Ularning qaysi biri bizga yaxshilik qildi?

Brejnev dafn etilgan kuni onamni qattiq yo‘tal tutdi. Ertalab ham turishga shoshilmadi. Birdan ovqatdan ham qoldi. Bir qultum choy ichsa ham yo‘talardi. Men o‘zimcha yaxshilik qilay deb: “Biror narsa yemasangiz yiqilib qolasiz, hech bo‘lmasa sut iching, asal yalang”, deb qistayman. “O‘tmaydi, bolam”, deydi eshitilar-eshitilmas. “Nima yegingiz kelyapti, pishirib beraylik?” deyman yana. Boshini ko‘tarib, termulib menga qaradi. Birinchi marta ko‘rib turgandek, so‘z boshladi: “Qaynagan suvda guruch pishir, ichiga hech narsa solma, faqat ozgina tuz sep”, dedi. Men tovaga suv solib guruch pishirdim. Pishgunicha oshxonada birga o‘tirdik. Uch-to‘rt qoshiq guruchni tarelkaga solib oldiga qo‘ydim. Hali issiq bo‘lgan guruchni qoshiq bilan aralashtirib-aralashtirib sovutdi-da, bir-ikki marta yedi. “Bo‘ldi, rahmat. Men yana yotay”, dedi. Uni karavotigacha kuzatib qo‘ydim. To‘satdan tashqarida qor yog‘a boshladi. O‘g‘lim Dilovar endi o‘n ikki yoshda bo‘lib, hovlida bolalar bilan o‘ynar edi. Bir zum uxlagan kabi to‘shagida yotgan onam: “Dilovar qayerda, hali uyga kirmadimi?” deb so‘rayverdi.

Xotinim oshxonada, Sevil televizor ko‘rayotgan edi, men ham nimalargadir urinayotgandim. Birdan mehmonxona eshigida to‘rt oyoqlab onam paydo bo‘ldi. Qo‘ltig‘idan tutib, kresloga o‘tirg‘izdim. “Dilovarim qani?” dedi. Shu payt ko‘cha eshigi ochilib Dilovar ichkariga kirdi. Qo‘li bilan ishora qilib, uni yoniga chaqirdi. U ham: “Buvi”, degancha yoniga keldi. Qo‘llarini qo‘liga olib: “Vay bolam, sovuqqotibsan-ku”, dedi-da qo‘lini ishqaladi. Yo‘tal tutgandek bo‘ldi. Qo‘ltig‘iga kirib yotoqxonasiga olib kirdim. Bir amallab joyiga yotqizdim. Oyoqlari kuchdan qolgan, yuzi oppoq edi. Yoniga o‘tirdim. Yarim kechasi ingray boshladi. Qimirlasa yiqilib ketmasin deb, karavotni tashqariga chiqarib, joyini yerga to‘shab yotqizdik. Xotinim: “Onam juda terlab ketibdi”, deb kiyimlarini almashtirdi. O‘sha payt peshonasida katta-katta ter paydo bo‘lganini ko‘rdim.

Tong otganida xotinim bir devor qo‘shnimiz qozontatarlardan Rahima opani chaqirgani ketti. Men telefonga yopishdim, shaharning narigi tarafida yashaydigan, ko‘p yillar harbiy shifokor bo‘lib ishlagan amakim Iskandar akaga sim qoqib, onamning ahvolini bildirdim. Amakim “hozir yetib boraman”, deb go‘shakni qo‘ygan ham edi, xotinimning ortidan Rahima opa kirib keldi. Onamning yoniga borib: “Robiya opa”, degan edi, onam ko‘zlarini ochib unga qaradi. Qo‘shni ham bir nimalarni sezgan bo‘lsa kerak, “Yosin”ni o‘qiy boshladi. Keyin oshxonadagi xotinimga: “Shukraniya, tez bo‘l, suv olib kel”, dedi. U suv olib kirganida yana paxta so‘radi. Paxtaga suv shimdirib, onamning lablariga surdi. Birozdan keyin Rahima opaning: “Alloh rahmatiga olsin, Robiya opa omonatini Allohga topshirdi”, deganini eshitdim. Nima bo‘lganini anglolmay, bir xotinimga, bir esa qo‘shnimizga qarayman. Eshik ochilib, amakim paydo bo‘lganidan keyin o‘zimga keldim…

Onam ana shunday o‘zi ham azob chekmasdan, bizni ham azobga qo‘ymasdan bu olam bilan vidolashdi.

Qaynonam hech qachon marhumni yuvmagan inson edi. “Qudamni yuvintirishaman”, deya yuvuvchi ayolga yordamlashib turdi. Toshkentning nomdor qabristonlaridan biri Do‘mbirobodga dafn etib, uyga qaytgandan keyin qaynonamning ushbu so‘zlari hali-hanuz qulog‘im ostida jaranglaydi: “Yuvib, poklanganidan keyin qudam shunaqangi ochildiki, yuzlari oppoq bo‘lib go‘zallashdi, ko‘zimga yasharib ketgandek ko‘rindi. Yuvuvchi ayol ham: “Ko‘p yillardan beri bu ishni qilaman, ammo bunaqangi go‘zallashgan va yoshargan insonga juda kam duch keldim”, dedi”.

Onamdan ayrilganimga bir yil o‘tgandan keyin qabriga yodgorlik toshi qo‘yishni niyat qildim. Sabiya va Xadicha xolalarim hayot edilar. Oldin Sabiya xolamni ziyorat qilib, niyatimni aytdim. “Onang qaysar bo‘lsa-da, or-nomusli, vijdonli edi. Sizlarni o‘zi hech kimga xorlatmay katta qildi. Yaxshi o‘ylabsan. Qabr toshga:

“Suvlar oqar, ketar,
Toshlarni yuvar ketar.
Bu dunyo bir deraza,
Har kirgan bir boqar, ketar…”

degan so‘zlarni yozdirsang, yaxshi bo‘lar edi. Bu qrim-tatar xalqining paydo bo‘lganidan beri avloddan avlodga o‘tib kelayotgan so‘zidir. Ular bizga bu dunyo abadiy emas, hammamiz unda mehmon ekanimizni eslatib turadi”, dedi xolam.

Uning tavsiyasi bilan yozdirganim ushbu so‘zlar qabr boshiga kelganlarga dunyoning o‘tkinchiligini xotiraga solib turadi.

Onamning janozasidan keyin jamoat tarqalib, bir necha do‘stlarim bilan o‘zaro gaplashib turganimizda qalamdosh birodarim Aydar Osman dasturxon atrofida o‘tirganlarga eshittirib: “Bir umr ona bag‘rida yashash qanchalik katta baxt. Safterga ana shunday baxt nasib qildi. Onasini oxirgi yo‘lga o‘zi kuzatdi. Bu menga nasib bo‘lmadi”, deb ko‘zida paydo bo‘lgan yoshlarini artdi va og‘ir xo‘rsindi. Aydar onasidan erta ayrilib, bolalar uyida tarbiyalangan edi…

Oradan qancha vaqt o‘tsa ham uyga qaytganimda go‘yo ko‘cha eshik qarshisida kresloda o‘tirgan onam “Keldingmi, bolam?” deb meni kutib oladigandek bo‘ladi. Onamnig vafotidan keyin Toshentda yana yigirma yil yashagan bo‘lsam ham, uyda yolg‘iz qolganimda doimo onamning “Keldingmi, bolam?” degan so‘zini eshitgandek bo‘laveraman. Yana bir ajablanarli hol – o‘lgan odam bolalaridan, tug‘ishganlaridan rozi bo‘lsa, ularning tushlariga kirmas emish. Men ham onamning vafotidan keyin yigirma yil davomida faqat ikki-uch marta tushimda ko‘rdim, xolos.

Toshkentni tark etadigan kunim qabristonga borib, onam bilan vidolashgan kunim kechasi onamni tushimda ko‘rdim. Yana odatlariga ko‘ra: “Keldingmi, bolam? Safaring xayrli bo‘lsin”, deb menga yaqin kelib, boshimni siladi-da, keyin mendan uzoqlashdi…

Sahifani bezashda qrimtatar musavviri Rustem Eminovning “Surgun” turkumiga kirgan asarlaridan foydalandik.

007

(Tashriflar: umumiy 640, bugungi 1)

Izoh qoldiring