Sulton Valad. Ma’rifatnoma

maarif

Азиз ўқувчи! Эътиборингизга бир парчаси ҳавола этилаётган “Маърифатнома” (“Маориф”) асари муаллифи Султон Валад ҳақида Жалолиддин Румий бундай деган: “Баҳоуддин, менинг бу оламга келишим сенинг зуҳуринг учундир. Менинг сўйлаганларим фақат сўзлар бўлса, сен менинг ишим, асаримсан”.
“Маърифатнома”да инсон моҳияти, комиллик, маънавият ва маърифат сирлари теран талқин этилган. Асар гўё машҳур “Маснавийи маънавий”нинг ўзига хос шарҳи, Мавлоно Румий фикрларининг мантиқий давомидир.  “Маърифатнома” бир ойдин кўзгудирки, унда кўнгилда кечаётган ажойиботлар акс этади. Унда ўзингизни, ўзлигингизни кўрасиз (Таржимондан).

12СУЛТОН ВАЛАД
МАЪРИФАТНОМА

Биринчи китоб
03

Меҳрибон ва раҳмли Тангри номи билан бошлайман.
Набийлар ва валийларнинг ҳар бири бир мўъжиза ва каромат билан хос ва машҳур бўлдилар. Олимлар ва тўғри йўлни изловчилар (муҳаққиқлар): “Буюк Аллоҳ улардан ҳар бирига бир нарса бағишлади, бирига берганини бошқасига бермади” дейишади.

Султон Валад дейди: “Пайғамбарларнинг ҳар бири ҳар турли мўъжиза ва кароматларни тугал ва мукаммал кўрсатишга қодир. Бироқ уларнинг ҳар бири замонасининг эҳтиёжи ва у замонда яшаган инсонларнинг орзуларига мос даражада бир мўъжиза кўрсатди”.

Бу фикрга ойдинлик киритиш учун мисоллар келтирайлик. Масалан, заргарлик, пойабзал устачилиги, тикувчилик ва булардан бошқа ҳунарларни ҳам билган киши одамларга кўйлак тикса: “Бу одам фақат кўйлак тикишни билади” дейишмайди-ку. Ёхуд фиқҳни билган, ҳакимликдан воқиф бир олим бир касални даволаса, “Маълумоти фақат шундангина иборат”, деб бўлмайди. Чунки у эҳтиёжга кўра, билганларидан фақат биттасинигина кўрсатди, холос.

Масалан, тегирмонни айлантираётган сув ҳақида ақлли инсон: “Бу сув фақат шу тегирмонни айлантиришга ярайди” дейдими? Маълумки, бу сув кўп нарсага асқотади. Ҳам кирларни тозалайди, ҳам далалар ва боғларни яшнатади, ўт-ўлану гулларни ундиради. Ҳа, у бир жойда тегирмонни айлантирмоқда. Агар уни боғ ё далаларга буриб юборсанг, худди шу сув у ерда яна бошқа ишларни ҳам амалга оширади.

Чунончи, бир пайғамбарга Аллоҳ барча мўъжиза ва кароматлар лаёқатини беради. Бироқ у замонаси ва қавмининг эҳтиёжи нисбатида мўъжиза ва кароматлар кўрсатади. Демак, ҳамма пайғамбарларда мавжуд бўлган мўъжизалар ва кароматларнинг ҳаммаси уларнинг ҳар бирида айри-айри ва батамом мавжуддир. Фақат ҳар бир пайғамбар барча мўъжизаларни кўрсатишга қодир бўлгани ҳолда, булардан фақат биттасини кўрсатган. Аслида у қолганларини ҳам Аллоҳ изни ила кўрсата оларди.

Пайғамбар Аллоҳнинг мазҳари ва ускунасидир. У Ҳақ таоло наздида фоний ва йўқ бўлгандир. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зот. Ҳар ишни қилган (фоил) Аллоҳ таолодир. Пайғамбарлар котиб қўлидаги қалам кабидирлар. Қалам ёзган (чизган) ҳамма нарсани ҳақиқатда котиб ёзган (чизган). Пайғамбарларни инсон қўлидаги ўқ ва ёйга менгзашади. Ўқнинг учиши ёйдан эмас, инсондандир. Шу сабаб Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, у ўқларни сен отмаяпсан. Уни отган Бизмиз, – дея марҳамат қилади. – Бизки, Тангримиз, қилаётганинг ҳар нарса Бизнинг истак ва буйруғимиз биландир. Бунда сенинг не ўрнинг бўлиши мумкин? Чунки ишни биз юритмоқдамиз ва Бизнинг истагимиз амалга ошмоқда. У ҳолда кимки сен билан курашса, урушса, (аслида) Биз билан урушаётган бўлади ва кимки сенга эргашиб, буйруқларингни адо этса ва сен билан дўстона муносабатда бўлса, буни Биз билан қилаётган бўлади” .[1]

Биринчи фасл

Кимдир биров: “Асосийси амалдир” деди. Бу хусусда айтилажак гап фақат шундан иборат эмас. Амални ҳаққи-рост тушунтира олиш учун, бир кимсанинг ўртага чиқиб, амални қандай кўриши ва билишини айтишини биз ҳам истаймиз.

Энди сўз аҳли (одами) бўлганинг учун сен билан гаплашиш лозим. Чунки сен амал аҳли (одами) эмассан. Хўш, амал деганда нимани тушунасан ўзи? Сен амал деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш, закот бериш ва зикр қилишни, тасбеҳ ўгиришни, кечалари ухламай нола қилиш ва парҳез тутишни тушунасан (тўғрими? – А.Т). Ҳолбуки, булардан ҳеч бири амал эмас. Булар бор-йўғи амалнинг сабабларидир. Буларни бажаришинг сенда ижобий таъсир ҳосил қилсагина, сен ибодат қилган ва ўзгача ҳолли инсонга айланган бўласан.

Қуръони каримда: “Намоз сени гуноҳдан, жиноятдан, ёмонликдан, нуқсон ва қусурлардан ва исёндан қайтаради (ҳимоя қилади) ва тозалайди”[2] дейилган. Ҳа, сенинг санаб ўтилган ёмон ишларни қилмаслигинг ва покланишинг амалдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) намоз ўқиб бўлган бир кимсага: “Намоз ўқимадинг, тур, намоз ўқи” дедилар. У одам туриб намоз ўқиди. Яна: “Тур, намоз ўқи, намоз ўқимадинг” дедилар. У одам яна турди ва намозини ўқиди. Пайғамбаримиз яна бир бор: “Намоз ўқимадинг…” дедилар ва: “Қалб ҳузури (хотиржамлиги)сиз намоз ўқиш тўғри (дуруст) эмас”, деб марҳамат қилдилар.

Бинобарин, руку, сажда ва қиёмни адо этган билан киши ҳақиқий амал қилган ҳисобланмайди. Яъни, дин буюрган бу зоҳирий хатти-ҳаракатларни бажариш намозни рисоладагидек ўринлатиш бўлмайди. Ҳақиқий амал ични (қалбни – А.Т.) ўзгартиришдир. Инчунин, инсон уруғи она раҳмида вақт ўтиши билан шаклдан-шаклга киради. Алақа ва музға бўлади. Ниҳоят, миттигина одамча шаклини олади, жонланади, дунёга келади, улғаяди ва инсон бўлади.

Ана шундай ўзгариш, қуйи даражадан юқори даражаларга кўтарила бориш амалдир. Меърож ҳам ана шу тарзда бўлади. Юқорида айтилганидек, одам жисми ҳолдан ҳолга ўтиб ривожланади. Бу жараёнда юзага келувчи иккинчи ҳол биринчи ҳолдан, учинчи ҳол эса иккинчи ҳолдан янада яхшидир. Бу жараён ана шу тарзда давом этаверади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Икки куни бир (хил) бўлган кимса алданибди”, дея марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда: “Дунё охиратнинг экинзоридир”, деб хабар берилганига кўра, охиратда савобини кўриш мақсадида бу дунё бозорида ишлаётган ҳар банданинг икки куни бир хил бўлса, яъни, ҳар куни маънан илгариламаса, бундай киши алданибди. Чунки инсон кундан-кунга, ҳатто ҳар он сайин маънан илгарилаши, юксалиши зарур. Ҳақиқий амал мана шудир. Бундай амални инсонлар кўра олишармиди? Буни фақат Аллоҳ кўрур ва билур.

Аллоҳ таоло: “Менинг дўстларим Менинг қуббаларим остида яшириндирлар” (қудсий ҳадис), дея марҳамат қилган.

Хуллас, илм намоз, рўза каби баданий ишлардан ва амалдан янада яқиндир. Илм амалдан айри ва фойдасиз бўлиши мумкинми? Ҳолбуки, бадан ҳаракатлари бажарилишда бир-биридан айри ва амалга фойдасиз бўлиши мумкин. Чунки қайсар, ғаразгўй, иккиюзламачи ва мунофиқ кимса зоҳиран баданий амаллар қилса ҳам, у асло диннинг асл ҳукмини бажарган, ҳақни исбот этган бўлмайди. Агар у буларни билганида ва амални ихлос билан бажарганида бундай “васфлар”га лойиқ кўрилмасди. Демак, халқ кўрган ибодатлар, маросимлар, мазҳаблар орқали кўрсатилаётган нарсаларнинг ҳамма-ҳаммаси амалнинг асли, ўзи эмас, балки унинг сабабларидир.

Барсисо чиндан ҳам йиллар давомида бирор зоҳид эплаёлмайдиган даражада (кўп – А.Т.) ибодат қилди. Яъни, зоҳирий амалларни бажарди. Аммо охири кофир бўлиб ўлди. Шу каби иблис ҳам минг йиллар осмонда ибодат билан машғул бўлди. Агар бу зоҳирий амаллар унга таъсир ўтказган бўлса эди, Аллоҳ таолодан: “Одамга сажда қил!” – амри келгач, сажда қиларди. Исо (алайҳиссалом) зоҳирий амалларни бажармаган эди, лекин у амал қилди. Чунки гўдакликдан бир онда етук инсон ҳолига ўтди. Яъни, Муҳаммад Мустафога қирқ ёшида берилган ваҳийни Аллоҳ таоло унга бешикдалигидаёқ инъом этди.

Исо (алайҳиссалом): “Мен Аллоҳнинг бир қулиман. Менга осмондан бир китоб туширилди. Аллоҳ мени Пайғамбар қилиб танлади ва мени карамли қилди” (19-сура, 31-32-оятлар), дея марҳамат этди. Амалнинг ҳақиқати сенинг ҳозирги ҳолингдан ҳар он бошқа бир ҳолга ўтишинг ва маънан илгарилашингдир. Мисол қилсам, иксирни (маъданни олтинга айлантирувчи суюқлик – А.Т.) миснинг устига тўкканингда, миснинг олтинга айланиши амалдир. Агар олтин бўлмаса, минглаб болға зарби еса, юз марталаб қайнаса, кенгайиб чўзилса ҳам, барибир мис бўлиб қолаверади.

Олтинни танимайдиган (билмайдиган) – амалнинг фақат кўринишига боққанлар ва буни мақсад деб қабул қилганлар: “Ер юзида олтин деган бир нарса бўлса, демак, у аниқ мана шудир. Чунки болғадан шунчалар зарба еди, шунча кўп қайнади, чўзилди, кенгайди” дейишади. Ҳолбуки, олтинни билган киши бу ишларга эътибор бермай, соф олтинми ёки йўқ, билиш учун унга маҳак (тажриба тоши)ни уради, соф бўлса, қабул қилади. Соф олтин бўлмаса, уни бир пулга ҳам сотиб олмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Мен сизнинг на (ташқи) кўринишингизга, на ишингизга, на сўзингизга қарайман. Фақат кўнглингизда Менга бўлган севгингиз қандай ва нақадар, дея кўнглингизга қарайман”[3] демоқда.

Ақлли инсонга бир ишорат етарли бўлади. Бир уйда одам бор-йўқлигини билиш учун биргина товуш кифоядир.

Иккинчи фасл

Валий зотлар Аллоҳнинг хос ва танланган бандалари, ҳатто Аллоҳ таолонинг сирларидир. Аллоҳни таниш ва билиш эса Унинг сирларини билишдан осонроқдир. Агар бундай зотни кўрмоқчи, танишмоқчи бўлсанг, озгина ғайрат билан бунга эришасан. Бироқ қанчалар ғайрат қилсанг ҳам, у зотнинг кўнглидаги яширин сирларни билмайсан ва тушунмайсан.

Бинобарин, бир инсоннинг зоҳири, суратини билиш унинг сийрати, яширин сирларини билишдан кўра жуда осондир. Бир киши бир олимни ундан рухсат сўраб, зиёрат қилмоқчи бўлса, бу орзу озгина ғайрат билан амалга ошади. Бироқ зиёратчи кимса у олимнинг илмини ўрганиши, у зотнинг илм хазинасидан бир парча сармояни қўлга киритиши учун йиллар давомида заҳмат-машаққат чекиш учун чидаши, жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтиши лозим.

Дейлик, бир шаҳарда юз минглаб халқ Аллоҳ таолога сиғинади ва эҳтиёжларини Ундан сўрайди. Улар Аллоҳ таолонинг ҳар нарсага қодирлигини, ҳамманинг ризқини беришини, ҳаммага йўл кўрсатувчи, бутун гуноҳларни афв этувчи, айни пайтда ҳамма нарсани йўқ қилувчи ҳам Аллоҳ таоло эканини билишади. Жону дилдан, садоқат билан Унга тоат-ибодат қилишади. Умуман олганда, ҳаммаси шундай. Аммо бу юз минглаб инсонлар орасидан жуда оз киши юзини бир комил шайх ва авлиёга қаратган. Булардан ҳам бор-йўғи бир-икки киши у валий зотни яхши таниб олган, холос. Бундан англашиладики, Аллоҳга топинмоқ кўринишда умумийдир. Бунда ҳар кимнинг бир ўрни ва бир йўли бор. Ҳатто кофирлар ҳам Аллоҳга сиғинишади.

Шеър:

У ягонадир, Унинг шериги йўқ, деб кофиру диндор, ҳамма-ҳамма Унинг йўлида югурар.

Етмиш икки миллатга қараса, ҳаммасининг Аллоҳга сиғинаётган ва турли шаклда, турли амаллар билан, бошқа-бошқа тилларда Унга ибодат қилаётганини кўрасан (Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” достонида бу ҳолатни ҳайратланиб ифода этади – А.Т). Фақат инсонлар эмас, тоғу тош, еру осмон, юлдузлар, тупроқ ва ҳаво, шамол, ҳаттоки олов ҳам Аллоҳга топинади ва барчаси сен билмайдиган, тушунмайдиган тилда Унга ҳамду сано айтади.

“Ҳар нарса Уни ҳамд ила тасбеҳ этади. Фақат сиз уларнинг тасбеҳларини англамассиз” (1-сура, 44-оят).

Бутун борлиқлар (мавжудот) ва кейин пайдо бўлган нарсалар (маснуот) инсонларнинг Ҳақ таолога сиғинишларига тўсқинлик қилувчи бир парда, сирлар қасрига кириш йўл бермайдиган эшик оғаларидир. Ширин овқатлар, чиройли кийимлар, бойлик, ишрат, Чин гўзаллари ҳам инсонларни ибодатдан чалғитади. Талабалар ва соликларнинг йўлларини кесади. Бироқ инсонлардан баъзиси кечаю кундуз дуо-илтижо қилиб, зикрни кўпайтириб, “Ла ҳавла…”ни кўп такрорлаш орқали бу йўлтўсарлар қўлидан қутулади. Улар ибодат юкларини Аллоҳнинг ризо ва қабул манзилига етказади. Аммо ҳеч ким улар билан алоқа ўрнатмаслиги, уларни танимаслиги, улар томон йўл тополмаслиги учун Аллоҳ таоло яқини – дўстини бошқалардан қўриқлайди, сир сақлайди.

Тангри таоло: “Менинг авлиё ва хос қулларим Менинг рашк қуббаларим остида яшириндилар. Уларни Мендан бошқа ҳеч кимса кўрмайди ва билмайди” (қудсий ҳадис), деб марҳамат қилган.

Бу дунёда ҳам улуғ подшоҳлар адолат тахтига ўтиришганида хусусий ва умумий табақага мансуб ҳар хил инсонларнинг ҳузурларига киришига рухсат беришади. Улар турган мавқе ва мартабага қараб, ҳар бирининг эҳтиёжини таъминлашади. Уларга яхши муомала қилиб, эҳсон этишади. Бироқ чиройли жорияларини ҳеч кимга кўрсатишмайди. Агар кимдир подшоҳдан уларга маҳрам, улар билан бирга бўлишни сўраса, подшоҳ шу заҳотиёқ унинг бошини танасидан жудо қилдиради. Бироқ истаса, ишончини қозонгани, феъл-атвори, тўғрилиги боис кимнидир яқинларига маҳрам қилиши ҳам мумкин.

Инсонни ибодатдан чалғитувчи шайтон, бошқа яратиқларни “Ла ҳавла…” ва зикр билан даф этса бўлади. Бироқ тўсиқ Аллоҳ таоло бўлса, Уни қайси зикр ва “Ла ҳавла…” билан узоқлаштира олсин? Шу жиҳатдан валий зотларни топиш, уларни таниб олиш Аллоҳни танишдан қийинроқ кечиши мумкин. Аллоҳга васийларни таниган бир инсон, албатта, Аллоҳни танийди ва билади. Бунинг акси бўлиши, яъни, Аллоҳни танимоқ ила авлиёни таниш мумкин эмас.

Кўп инсонлар бор, Аллоҳни танишади ва Унга бандалик қилишади. Бироқ Аллоҳнинг валийи – дўстини танимайди (тан олишмайди – А.Т.) ва билишмайди. Ҳатто бир валийни кўришса, унга душманлик қилишади, уни инкор этишади.

Мансур Халложни замонасининг Шиблий ва Жунайд каби олимлари, валийлари инкор қилишди. Уни ўлдиришга қарор бердилар. Ҳаммаси бирлашиб, уни осишга фатво чиқаришди. Ниҳоят, шундай улуғ, валий бир инсонни осишди. Дор оғочидан тушириб, жасадини оловга отишди. Оламда ундан бирор асар қолмаслиги учун алангада ёқишгач, кулларини сувга сочишди. Нима қилсалар ҳам, барибир оловда ҳам, сувда ҳам “Аналҳақ!” сўзи ёзилганини, кули Шатти Бағдод устида тўпланиб: “Аналҳақ!” сўзини нақш қилганини кўришди. Бу кароматни англаб, ҳаммалари қилган ишларига пушаймон бўлишди. Ўша замондан бери Унинг исми эсга олинмасдан ҳеч бир ваъз мажлиси равнақ топмас ва ҳароратланолмас. Уни қиёматга қадар мақтагайлар.

* * *

Мусонинг (алайҳиссалом) аҳволи ҳам шундай эди. Мусони Аллоҳ пайғамбар этиб халққа юборди. Улуғ Аллоҳ Мусони ваҳийнинг энг охирги мартабаси бўлган “калом” ила сийлади (Қуръони карим, 4-сура, 164-оят).

Мусо бутун буюклиги, билими, Аллоҳ яқинлигига қарамай, Хизрга (алайҳиссалом) шогирд бўлди. Ҳақ таолодан Хизр билан гаплашишни дуо қилиб сўради. Узоқ ялиниб-ёлворишлардан сўнг Аллоҳ таоло унинг истагига: “Сафарга чиқ ва Менинг у хос қулимни қидир ва топ”, хитоби ила жавоб берди. Мусо шунга биноан ҳаракат қилди. Бир денгиз қирғоғига келгач, у ерда Хизрни топди.[4] Кўзи ва кўнгли унинг дийдоридан ёришди ва истаган кўп нарсаси у билан бир суҳбатдаёқ ҳосил бўлди. Бир боқиш билан кўп хилъатлар кийди ва ажиб неъматлар тотди. Уларни ҳалигача на бир кўз кўрган, на бир қулоқ эшитган, на бир инсон хаёлига келтирган эди. Ҳа, Мусо (алайҳиссалом) Хизрга ўртоқликни ва унинг суҳбатдоши бўлишни сўради. Ҳали кўрмасиданоқ унга қанчалар ошиқ эди! Буларни кўрганида ва тотганидаги ишқи не ҳол олганини тасаввур қилавер!

Байт:

Сени кўрмасданоқ бундай ҳолдамиз,
Агар кўринсанг, ҳолимизга вой…

Хизр (алайҳиссалом) айтди: “Эй Мусо! Қўлга киритганинг шу неъматларга қаноат қил ва ортга қайт. Бизнинг суҳбатлашишимиз таҳликалидир. Аллоҳ асрасин! Бу (сафар)дан сенга бир зарар келиши мумкин”.

Мусо (алайҳиссалом) ишқи ва боғланиши баландлигидан яна ёлворди. Анча пайт бирга айланиб юришди. Денгиз қирғоғида чиройли бир кемани кўришди. Хизр (алайҳиссалом) бу гўзал кемани хароб этди – тешди. Кемани батамом яроқсиз ҳолга келтирди. Мусо (алайҳиссалом):

– Қилган бу ишинг тўғри эмас, чунки бу ҳикмат ва шариатга тескаридир. Адолат мезонига, фазилат, шариат тарозисига тортилмайдиган иш бу, – деди.

Хизр (алайҳиссалом):
– Сен мен билан сафар қилолмайсан демаганмидим, – дегач, Мусо (алайҳиссалом) ўзига келиб:
– Қасамимни ва аҳдимни унутдим. Бу илк гуноҳим, мени кечир, – деди. Хизрга кўп ёлворди, ниҳоят, у чидаёлмай, Мусонинг айбини кечирди.

Орадан анча вақт ўтди. Айланиб юришар экан, бир водийга келиб қолишди. Бу ерда ўйнаб юрганлар орасида ниҳоятда чиройли бир болакайни кўришди. Иккиси ҳам бирданига ҳайрат билан: “Яратувчи Аллоҳ таоло нақадар гўзалдир” (23-сура, 14-оят) дедилар.

Хизр бу болани бошқалардан ажратиб, бошини силаб, кўнглини хушлади, қўлидан тутиб, четга олиб чиқди. Мусо ҳайрон бўлиб, уларни узоқдан кузатиб турарди. “Хизр болакайни қаерга олиб бораётган экан?” – дея ўйлади у. Хизр уни овлоқ бир жойга олиб борди ва бирдан оёқлари остига олиб, уни ўлдирди. Мусо (алайҳиссалом) ғазаб билан:
– Шундай гуноҳсиз ва маъсум болани ўлдиришинг тўғрими?![5] – деб бақирди.

Хизр (алайҳиссалом):
– Сен менга йўлдош бўлолмайсан; қилган ишларимга чидаёлмайсан, ортингга қайт демаганмидим, – дегач, Мусо ўзига келиб айтди:
– Хато қилдим, паришонхотирлигим ғолиб келди.
– Ҳамиша ишларимни инкор қиляпсан, сўнг хато қилдим, дейсан.

Мусо (алайҳиссалом):
– Худо ҳақи, бу сафар ҳам кечир, суннатда (кечириш – А.Т.) уч борадир. Агар яна бир бор инкор қилсам, узримни қабул этма, – деди.

Шеър:

Агар мендан яна бир бор хилоф иш кўрсанг,
ожизлигимга ҳеч марҳамат этма.

Шундай қилиб, Хизр (алайҳиссалом) иккинчи хатони ҳам бошқа баҳона қабул қилмаслик шарти билан кечирди.

Шундан сўнг яна бир муддат бирга кезишди. Нима бўлди-ю, бу сафар етти-саккиз кун ҳеч бир егулик тополмадилар. Очликдан ўлаёздилар. Маълумки, шариат очдан ўлмаслик учун ўлакса гўштидан ҳам озгина ейишга рухсат беради. Шундай ҳолда бир водийга, катта ва гавжум шаҳарга келишди. Бу шаҳарда хазиналарга эга жуда бой етим болалар яшар, ҳовлиларининг деворлари хароба ҳолда, йиқилай деб қолган эди. Хизр бу деворни тиклади, йиқилган жойларини таъмирлади.[6] Мусо унинг бу ишини кўриб, уй эгаларидан бир ҳақ, ҳеч қурса, егуликлар келишига умид боғлади. Хизр Мусонинг қўлидан тутди ва бу жойдан кетиш кераклигини айтди. Мусонинг сабри тугаган эди. Чидаёлмай:

– Эй Хизр, очликдан силламиз қуриди, шу ҳолингда бошқа биров таъмирлаши мумкин бўлмаган бир деворни тиклаб қўйдинг. Уй эгалари жуда бой. Қилган ишинг эвазига бир неча кун уларникида қолиб, куч тўплашимизни, нафас ростлашимизни, ҳеч бўлмаса, бир бурда нон сўрасанг бўлмайдими? Бу инсофдан эмас, буни ҳеч кимса маъқулламайди, – деди.

– Эй Мусо, мана, учинчи бор хато қилдинг. Энди узринг қабул қилинмайди. Бу ишинг ажралишимизга сабаб бўлди,[7] – деди Хизр. – Инкор қилганинг уч ишнинг сирини айтсам, мени маъқуллашинг кераклигини англайсан.

Кемани тешганимнинг боиси бундай: у кема камбағал, мўминлар, яхши инсонларники эди; чиройли бўлгани учун кофирлар уни қўлга киритиб, мусулмонларнинг қалъаларига бостириб бориб, уларни ўлдирмоқчи, асир этмоқчи эканини сир кўзи ила кўрдим. Шу боис кемани тешиб, яроқсиз ҳолга келтирдим.[8]

Болакайни ўлдиришимнинг сабаби эса бундай, болакайнинг ота-онаси мўмин, солиҳ кишилардир. Аммо боланинг жавҳари ёмонлигидан у қабиҳ ишларга қўл урар, ота-онасини дин йўлидан қайтарарди.[9] Ёмонлик ва динсизлик ер юзида камайсин, ота-онаси динсизликдан омонда бўлсин деб уни ўлдирдим. Ахир боғбон ҳам ҳосили кўп яхши шохлар кучайиши учун майда ва кераксизларини кесмайдими?

Етимларнинг йиқилай деб турган деворини таъмирлаганим, эвазига ҳақ сўрамаганимнинг боиси ҳам у боланинг ота-онаси Тангрининг хос ва солиҳ қулларидан бўлишганидир (18-сура, 80-оят).

Муфассирлар етимларнинг еттинчи аждодлари солиҳлардан бўлишган деган фикрни илгари суришади. Баъзи олимлар эса: “Уларнинг етмишинчи аждоди солиҳлардан бўлган” дейишади. Хизр каби улуғ зот етим болаларнинг еттинчи ёки етмишинчи аждодига ҳам ҳурмат ва таъзим бажо келтириши, уларнинг фарзандларига оғир ишларини адо этганидан сўнг, ўзи жуда муҳтож ҳолда бўлатуриб, хизмати учун ҳақ сўрамаслиги Аллоҳга яқин, солиҳ бандаларга, уларнинг зурриётларига нечоғлик ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш зарурлигидан бизга катта сабоқ бўлади.

Табриз бозорида бир киши ҳушидан кетган, юзи, соч-соқоли ва кийимлари тупроққа беланиб ётарди. Диндор, катта бир домла ёнидан ўтаркан, сўкиниб, ижирғаниб, юзига тупурди.

Шу куни кечаси Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) тушида кўрди. Пайғамбаримиз ғазаб билан:

– Менга умматлик иддао этасан ва шу туфайли жаннатга киришни умид этяпсан. Мени бозорда афтода бир ҳолда кўрдинг, нега уйингга олиб бормадинг, бошимни силамадинг ва соч-соқолим, юзимга ёпишган ифлосликларни тозаламадинг? Менинг юзимга тупуришга қандай кўнглинг борди? – деди.

Домла ажабланиб:
– Пайғамбаримизга қачон бундай одобсизлик қилдим? – деб сўради.
– Менинг болаларим аслида “мен” эканларини билмасмидинг? Бизнинг болаларимиз бизнинг жигарларимиздир. Агар шундай бўлмаса эди, отанинг мулки ўғлига мерос қолармиди? – деган жавобни олди.
Домла уйғонгач, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳайбатларидан титраб, у ҳалиги ҳушсиз ётган одамни қидириб топди. Ўз саройи, мол-мулкининг ярмини унга берди, умрининг охиригача унинг хизматида бўлди.

Шундай қилиб, Хизр (алайҳиссалом) бу уч сирнинг ҳикматини Мусога (алайҳиссалом) тушунтирди ва шу жойда улар хайрлашдилар.[10] Ушбу маънони кучайтириш учун бундай ҳикоя қиладилар: сўфийлик даъво қилган бир кимса бир валийга:
– Улуғ Тангри менда ҳар кун етти марта тажаллий этмоқда, – деди.

Валий зот унга:
– Агар одамгарчилигинг бўлса, Абу Язидни бир бориб кўр, – деди.
Ораларидаги тортишув чўзилиб кетди. Содда сўфий:
– Мен Тангрини бир кунда етмиш марта кўряпман, – деган сайин, иккинчиси ҳам:
– Одамийлик қилиб, Абу Язидни зиёрат қил, – деяверди.
Ниҳоят, бу содда сўфий Абу Язид ҳузурига боришга қарор қилди.

Абу Язид бир ўрмонда эди. Сўфий унинг олдига келаётганини каромат ила билди ва кутиб олиш учун ўрмондан чиқди. Уларнинг мулоқоти ўрмон ёнида бўлиши керак эди. Бироқ сўфий Абу Язиднинг муборак юзини кўргач, чидай олмади. Унинг руҳи тан қолипини бўш ташлаб, бу дунёдан наригисига кўчди.

Энди асосий масалага келайлик: Бу ҳикояда ўрмон – Абу Язиднинг кўнгли ва ўрмондаги дарахтлари унинг ўй-фикрлари, илми ва мақоми эди. Содда сўфий Абу Язиднинг сири бўлган ўрмонга қандай кира оларди? Шу боис Абу Язид ўрмондан ташқари чиқиб, сўфийга юзланди.

Ақлли инсон болакай билан гаплашар экан, ўз билим ва ақл ўрмонидан чиқади, бола томонга яқин келади ва тушуна олиши учун боланинг ақлига мўлжаллаб гапиради. Зеро, инсонларга уларнинг ақллари қабул қилишига мослаб сўзлаш лозим.

Содда сўфий Аллоҳ таолонинг тажаллийсини ўз ҳафсаласи ва кучи нисбатида кўрди. Аммо Аллоҳнинг нури ва тажаллий Абу Язиднинг қабул этган қувват билан унга урилгач, бардош беролмади ва жон таслим қилди.

Жаброилда ҳам Аллоҳ таолонинг тажаллийси бор эди. Балки Жаброил илоҳий тажаллий ичида етишганди. У билан машғул, ундан бошқа иши йўқ эди. Денгиз ичидаги балиқ каби у доимо вуслат дарёси ичида эди. Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримизни Меърожга бошлаб борди. Аммо у ҳам ўз мақомига келганида тўхтади ва бир қадам ҳам илгари юролмади. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унга:
– Кел! Нега тўхтадинг? – дегач, Жаброил:
– “Бу мақомдан илгарига кетиш сенгагина хосдир. Агар яна бир бармоқ энича олдинга юрсам, ёнаман”, – деб жавоб берди (37-сура, 164-оят).

Шундан сўнг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) йўлида давом этди ва Қуръонда: “Унинг кўзи тойилмади, айланмади” (53-сура, 17-оят), деб марҳамат қилинганидек, Ҳақ таолонинг жамолини ҳеч хатосиз, “бош-кўзи” ила кўрди.

Аллоҳ таоло тажаллийсини ҳар кимса фақат ўз фикр-тушунчасининг қуввати нисбатида кўра олади. Чумолидан тортиб Сулаймонгача – ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг борлиги ва тириклиги тамоман Аллоҳнинг тажаллийси туфайлидир. Аммо бу икки тажаллий орасида фарқ бор. Сулаймонда бўлган тажаллий қаерда-ю, чумолида бўлгани қаерда!

Масалан, бир хўжайиннинг, бири ўн, бири йигирма, бири ўттиз, бири қирқ ва бири эллик ёшдаги беш хизматчиси бор. Булар ҳаммасининг ақли бошида, аммо ақл-тажриба жиҳатидан тенг эмас, албатта, бирида кўп, бирида оз, ёшига қараб, уларнинг кўринишлари ҳам ҳар хил. Хўжайин улардан ҳар бири билан ақли даражасига кўра гаплашади, муомала қилади. Булардан энг кичиги билан худди энг каттаси ва ақллиси билан кўришиб-гаплашганидай муомала қилса, кичиги бечора ҳеч нарса тушунмайди, бунга чидаёлмайди.

Масал:

Эй руҳини дам олдирган киши!
Кийимни инсон танасига ўлчаб бичишади.

Шунга ўхшаш, авлиё ва мўминларга Ҳақ тажаллийси ҳам уларнинг Аллоҳ наздидаги мартабалари нисбатида бўлади. Яъни Аллоҳ нури улар устига тоқат эта билганлари (кўтарганлари – А.Т.) қадарли тушади.
Бир инсон оловга тобланмоқчи ва ундан фойдаланмоқчи бўлса, ўт ёқиб ҳаммомни қиздиради. Ҳаммом воситасида оловнинг вуслатидан фойдаланади. Агар тўғридан-тўғри ўзини оловга отса, эти куйиши, чидамаслиги аниқ. Аллоҳнинг етишган, хос бандалари самандар каби оташ ичида ва балиқ каби сув тубида яшай олишади. Лекин бошқа мўминлар ва ҳақиқат толиблари ҳали бевосита оловдан фойдаланиш қувватига эга эмаслар.

Буни айтишдан мақсадимиз Аллоҳнинг камол касб этган хос бандалари юзини кўриш бевосита Аллоҳ тажаллийсини кўришдан қийин эканини тушунтиришдир. Фақат бу гап “Авлиё Аллоҳдан айри, ғайридир” дегани ҳам эмас. Бундай ўйлаш мутлақо хато ва куфрдир. Бу гап “Авлиёнинг Тангри тажаллийсини кўриш куч-қуввати авомда йўқ” деганидир.

Хуллас, Тангрининг камолга эришган хос бандасини топинг, унинг суҳбати воситаси ила сиз ҳам Тангри тажаллийсини кўра олгайсиз.

Туркчадан Абдумурод Тилавов таржимаси

Изоҳлар

[1] “Отганингда ҳам сен отмадинг, Уни фақат Аллоҳ отди” (8-сура, 17-оят).
[2] 29-сура, 45-оят.
[3] “Аллоҳ бизнинг на суратларимизга, на амалларимизга боқар, фақат қалбларимизга қарар” (ҳадис).
[4] “Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” (18-сура, 65-оят).
[5] “Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а? Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!” (18 сура, 74-бет).
[6] “Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизр) уни тиклаб қўйди” (18-сура, 77-оят).
[7] “У (Хизр) айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман” (18-сура, 78-оят).
[8] “Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди” (18-сура, 79-оят).
[9] “Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишдан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик” (18-сура, 80-оят).
[10] “Энди бир-биримиздан айриладиган пайт келди” (18-сура, 77-оят).

07

Aziz o’quvchi! E’tiboringizga bir parchasi havola etilayotgan “Ma’rifatnoma” (“Maorif”) asari muallifi Sulton Valad haqida Jaloliddin Rumiy bunday degan: “Bahouddin, mening bu olamga kelishim sening zuhuring uchundir. Mening so’ylaganlarim faqat so’zlar bo’lsa, sen mening ishim, asarimsan”.
“Ma’rifatnoma”da inson mohiyati, komillik, ma’naviyat va ma’rifat sirlari teran talqin etilgan. Asar go’yo mashhur “Masnaviyi ma’naviy”ning o’ziga xos sharhi, Mavlono Rumiy fikrlarining mantiqiy davomidir. “Ma’rifatnoma” bir oydin ko’zgudirki, unda ko’ngilda kechayotgan ajoyibotlar aks etadi. Unda o’zingizni, o’zligingizni ko’rasiz (Tarjimondan).

12SULTON VALAD
MA’RIFATNOMA

Birinchi kitob
03

Mehribon va rahmli Tangri nomi bilan boshlayman.Nabiylar va valiylarning har biri bir mo»jiza va karomat bilan xos va mashhur bo’ldilar. Olimlar va to’g’ri yo’lni izlovchilar (muhaqqiqlar): “Buyuk Alloh ulardan har biriga bir narsa bag’ishladi, biriga berganini boshqasiga bermadi” deyishadi.

Sulton Valad deydi: “Payg’ambarlarning har biri har turli mo»jiza va karomatlarni tugal va mukammal ko’rsatishga qodir. Biroq ularning har biri zamonasining ehtiyoji va u zamonda yashagan insonlarning orzulariga mos darajada bir mo»jiza ko’rsatdi”.

Bu fikrga oydinlik kiritish uchun misollar keltiraylik. Masalan, zargarlik, poyabzal ustachiligi, tikuvchilik va bulardan boshqa hunarlarni ham bilgan kishi odamlarga ko’ylak tiksa: “Bu odam faqat ko’ylak tikishni biladi” deyishmaydi-ku. Yoxud fiqhni bilgan, hakimlikdan voqif bir olim bir kasalni davolasa, “Ma’lumoti faqat shundangina iborat”, deb bo’lmaydi. Chunki u ehtiyojga ko’ra, bilganlaridan faqat bittasinigina ko’rsatdi, xolos.

Masalan, tegirmonni aylantirayotgan suv haqida aqlli inson: “Bu suv faqat shu tegirmonni aylantirishga yaraydi” deydimi? Ma’lumki, bu suv ko’p narsaga asqotadi. Ham kirlarni tozalaydi, ham dalalar va bog’larni yashnatadi, o’t-o’lanu gullarni undiradi. Ha, u bir joyda tegirmonni aylantirmoqda. Agar uni bog’ yo dalalarga burib yuborsang, xuddi shu suv u yerda yana boshqa ishlarni ham amalga oshiradi.

Chunonchi, bir payg’ambarga Alloh barcha mo»jiza va karomatlar layoqatini beradi. Biroq u zamonasi va qavmining ehtiyoji nisbatida mo»jiza va karomatlar ko’rsatadi. Demak, hamma payg’ambarlarda mavjud bo’lgan mo»jizalar va karomatlarning hammasi ularning har birida ayri-ayri va batamom mavjuddir. Faqat har bir payg’ambar barcha mo»jizalarni ko’rsatishga qodir bo’lgani holda, bulardan faqat bittasini ko’rsatgan. Aslida u qolganlarini ham Alloh izni ila ko’rsata olardi.

Payg’ambar Allohning mazhari va uskunasidir. U Haq taolo nazdida foniy va yo’q bo’lgandir. Alloh har narsaga qodir Zot. Har ishni qilgan (foil) Alloh taolodir. Payg’ambarlar kotib qo’lidagi qalam kabidirlar. Qalam yozgan (chizgan) hamma narsani haqiqatda kotib yozgan (chizgan). Payg’ambarlarni inson qo’lidagi o’q va yoyga mengzashadi. O’qning uchishi yoydan emas, insondandir. Shu sabab Alloh taolo: “Ey Muhammad, u o’qlarni sen otmayapsan. Uni otgan Bizmiz, – deya marhamat qiladi. – Bizki, Tangrimiz, qilayotganing har narsa Bizning istak va buyrug’imiz bilandir. Bunda sening ne o’rning bo’lishi mumkin? Chunki ishni biz yuritmoqdamiz va Bizning istagimiz amalga oshmoqda. U holda kimki sen bilan kurashsa, urushsa, (aslida) Biz bilan urushayotgan bo’ladi va kimki senga ergashib, buyruqlaringni ado etsa va sen bilan do’stona munosabatda bo’lsa, buni Biz bilan qilayotgan bo’ladi” .[1]

Birinchi fasl

Kimdir birov: “Asosiysi amaldir” dedi. Bu xususda aytilajak gap faqat shundan iborat emas. Amalni haqqi-rost tushuntira olish uchun, bir kimsaning o’rtaga chiqib, amalni qanday ko’rishi va bilishini aytishini biz ham istaymiz.

Endi so’z ahli (odami) bo’lganing uchun sen bilan gaplashish lozim. Chunki sen amal ahli (odami) emassan. Xo’sh, amal deganda nimani tushunasan o’zi? Sen amal deganda namoz o’qish, ro’za tutish, hajga borish, zakot berish va zikr qilishni, tasbeh o’girishni, kechalari uxlamay nola qilish va parhez tutishni tushunasan (to’g’rimi? – A.T). Holbuki, bulardan hech biri amal emas. Bular bor-yo’g’i amalning sabablaridir. Bularni bajarishing senda ijobiy ta’sir hosil qilsagina, sen ibodat qilgan va o’zgacha holli insonga aylangan bo’lasan.

Qur’oni karimda: “Namoz seni gunohdan, jinoyatdan, yomonlikdan, nuqson va qusurlardan va isyondan qaytaradi (himoya qiladi) va tozalaydi”[2] deyilgan. Ha, sening sanab o’tilgan yomon ishlarni qilmasliging va poklanishing amaldir. Shuning uchun Payg’ambarimiz (alayhissalom) namoz o’qib bo’lgan bir kimsaga: “Namoz o’qimading, tur, namoz o’qi” dedilar. U odam turib namoz o’qidi. Yana: “Tur, namoz o’qi, namoz o’qimading” dedilar. U odam yana turdi va namozini o’qidi. Payg’ambarimiz yana bir bor: “Namoz o’qimading…” dedilar va: “Qalb huzuri (xotirjamligi)siz namoz o’qish to’g’ri (durust) emas”, deb marhamat qildilar.

Binobarin, ruku, sajda va qiyomni ado etgan bilan kishi haqiqiy amal qilgan hisoblanmaydi. Ya’ni, din buyurgan bu zohiriy xatti-harakatlarni bajarish namozni risoladagidek o’rinlatish bo’lmaydi. Haqiqiy amal ichni (qalbni – A.T.) o’zgartirishdir. Inchunin, inson urug’i ona rahmida vaqt o’tishi bilan shakldan-shaklga kiradi. Alaqa va muzg’a bo’ladi. Nihoyat, mittigina odamcha shaklini oladi, jonlanadi, dunyoga keladi, ulg’ayadi va inson bo’ladi.

Ana shunday o’zgarish, quyi darajadan yuqori darajalarga ko’tarila borish amaldir. Me’roj ham ana shu tarzda bo’ladi. Yuqorida aytilganidek, odam jismi holdan holga o’tib rivojlanadi. Bu jarayonda yuzaga keluvchi ikkinchi hol birinchi holdan, uchinchi hol esa ikkinchi holdan yanada yaxshidir. Bu jarayon ana shu tarzda davom etaveradi. Payg’ambarimiz (alayhissalom): “Ikki kuni bir (xil) bo’lgan kimsa aldanibdi”, deya marhamat qilganlar.

Boshqa bir hadisda: “Dunyo oxiratning ekinzoridir”, deb xabar berilganiga ko’ra, oxiratda savobini ko’rish maqsadida bu dunyo bozorida ishlayotgan har bandaning ikki kuni bir xil bo’lsa, ya’ni, har kuni ma’nan ilgarilamasa, bunday kishi aldanibdi. Chunki inson kundan-kunga, hatto har on sayin ma’nan ilgarilashi, yuksalishi zarur. Haqiqiy amal mana shudir. Bunday amalni insonlar ko’ra olisharmidi? Buni faqat Alloh ko’rur va bilur.

Alloh taolo: “Mening do’stlarim Mening qubbalarim ostida yashirindirlar” (qudsiy hadis), deya marhamat qilgan.

Xullas, ilm namoz, ro’za kabi badaniy ishlardan va amaldan yanada yaqindir. Ilm amaldan ayri va foydasiz bo’lishi mumkinmi? Holbuki, badan harakatlari bajarilishda bir-biridan ayri va amalga foydasiz bo’lishi mumkin. Chunki qaysar, g’arazgo’y, ikkiyuzlamachi va munofiq kimsa zohiran badaniy amallar qilsa ham, u aslo dinning asl hukmini bajargan, haqni isbot etgan bo’lmaydi. Agar u bularni bilganida va amalni ixlos bilan bajarganida bunday “vasflar”ga loyiq ko’rilmasdi. Demak, xalq ko’rgan ibodatlar, marosimlar, mazhablar orqali ko’rsatilayotgan narsalarning hamma-hammasi amalning asli, o’zi emas, balki uning sabablaridir.

Barsiso chindan ham yillar davomida biror zohid eplayolmaydigan darajada (ko’p – A.T.) ibodat qildi. Ya’ni, zohiriy amallarni bajardi. Ammo oxiri kofir bo’lib o’ldi. Shu kabi iblis ham ming yillar osmonda ibodat bilan mashg’ul bo’ldi. Agar bu zohiriy amallar unga ta’sir o’tkazgan bo’lsa edi, Alloh taolodan: “Odamga sajda qil!” – amri kelgach, sajda qilardi. Iso (alayhissalom) zohiriy amallarni bajarmagan edi, lekin u amal qildi. Chunki
go’daklikdan bir onda yetuk inson holiga o’tdi. Ya’ni, Muhammad Mustafoga qirq yoshida berilgan vahiyni Alloh taolo unga beshikdaligidayoq in’om etdi.

Iso (alayhissalom): “Men Allohning bir quliman. Menga osmondan bir kitob tushirildi. Alloh meni Payg’ambar qilib tanladi va meni karamli qildi” (19-sura, 31-32-oyatlar), deya marhamat etdi. Amalning haqiqati sening hozirgi holingdan har on boshqa bir holga o’tishing va ma’nan ilgarilashingdir. Misol qilsam, iksirni (ma’danni oltinga aylantiruvchi suyuqlik – A.T.) misning ustiga to’kkaningda, misning oltinga aylanishi amaldir. Agar oltin bo’lmasa, minglab bolg’a zarbi yesa, yuz martalab qaynasa, kengayib cho’zilsa ham, baribir mis bo’lib qolaveradi.

Oltinni tanimaydigan (bilmaydigan) – amalning faqat ko’rinishiga boqqanlar va buni maqsad deb qabul qilganlar: “Er yuzida oltin degan bir narsa bo’lsa, demak, u aniq mana shudir. Chunki bolg’adan shunchalar zarba yedi, shuncha ko’p qaynadi, cho’zildi, kengaydi” deyishadi. Holbuki, oltinni bilgan kishi bu ishlarga e’tibor bermay, sof oltinmi yoki yo’q, bilish uchun unga mahak (tajriba toshi)ni uradi, sof bo’lsa, qabul qiladi. Sof oltin bo’lmasa, uni bir pulga ham sotib olmaydi. Chunki Alloh taolo: “Men sizning na (tashqi) ko’rinishingizga, na ishingizga, na so’zingizga qarayman. Faqat ko’nglingizda Menga bo’lgan sevgingiz qanday va naqadar, deya ko’nglingizga qarayman”[3] demoqda.

Aqlli insonga bir ishorat yetarli bo’ladi. Bir uyda odam bor-yo’qligini bilish uchun birgina tovush kifoyadir.

Ikkinchi fasl

Valiy zotlar Allohning xos va tanlangan bandalari, hatto Alloh taoloning sirlaridir. Allohni tanish va bilish esa Uning sirlarini bilishdan osonroqdir. Agar bunday zotni ko’rmoqchi, tanishmoqchi bo’lsang, ozgina g’ayrat bilan bunga erishasan. Biroq qanchalar g’ayrat qilsang ham, u zotning ko’nglidagi yashirin sirlarni bilmaysan va tushunmaysan.

Binobarin, bir insonning zohiri, suratini bilish uning siyrati, yashirin sirlarini bilishdan ko’ra juda osondir. Bir kishi bir olimni undan ruxsat so’rab, ziyorat qilmoqchi bo’lsa, bu orzu ozgina g’ayrat bilan amalga oshadi. Biroq ziyoratchi kimsa u olimning ilmini o’rganishi, u zotning ilm xazinasidan bir parcha sarmoyani qo’lga kiritishi uchun yillar davomida zahmat-mashaqqat chekish uchun chidashi, juda ko’p qiyinchiliklarni yengib o’tishi lozim.

Deylik, bir shaharda yuz minglab xalq Alloh taologa sig’inadi va ehtiyojlarini Undan so’raydi. Ular Alloh taoloning har narsaga qodirligini, hammaning rizqini berishini, hammaga yo’l ko’rsatuvchi, butun gunohlarni afv etuvchi, ayni paytda hamma narsani yo’q qiluvchi ham Alloh taolo ekanini bilishadi. Jonu dildan, sadoqat bilan Unga toat-ibodat qilishadi. Umuman olganda, hammasi shunday. Ammo bu yuz minglab insonlar orasidan juda oz kishi yuzini bir komil shayx va avliyoga qaratgan. Bulardan ham bor-yo’g’i bir-ikki kishi u valiy zotni yaxshi tanib olgan, xolos. Bundan anglashiladiki, Allohga topinmoq ko’rinishda umumiydir. Bunda har kimning bir o’rni va bir yo’li bor. Hatto kofirlar ham Allohga sig’inishadi.

She’r:

U yagonadir, Uning sherigi yo’q, deb kofiru dindor, hamma-hamma Uning yo’lida yugurar.

Yetmish ikki millatga qarasa, hammasining Allohga sig’inayotgan va turli shaklda, turli amallar bilan, boshqa-boshqa tillarda Unga ibodat qilayotganini ko’rasan (Alisher Navoiy “Hayratul abror” dostonida bu holatni hayratlanib ifoda etadi – A.T). Faqat insonlar emas, tog’u tosh, yeru osmon, yulduzlar, tuproq va havo, shamol, hattoki olov ham Allohga topinadi va barchasi sen bilmaydigan, tushunmaydigan tilda Unga hamdu sano aytadi.

“Har narsa Uni hamd ila tasbeh etadi. Faqat siz ularning tasbehlarini anglamassiz” (1-sura, 44-oyat).

Butun borliqlar (mavjudot) va keyin paydo bo’lgan narsalar (masnuot) insonlarning Haq taologa sig’inishlariga to’sqinlik qiluvchi bir parda, sirlar qasriga kirish yo’l bermaydigan eshik og’alaridir. Shirin ovqatlar, chiroyli kiyimlar, boylik, ishrat, Chin go’zallari ham insonlarni ibodatdan chalg’itadi. Talabalar va soliklarning yo’llarini kesadi. Biroq insonlardan ba’zisi kechayu kunduz duo-iltijo qilib, zikrni ko’paytirib, “La havla…”ni ko’p takrorlash orqali bu yo’lto’sarlar qo’lidan qutuladi. Ular ibodat yuklarini Allohning rizo va qabul manziliga yetkazadi. Ammo hech kim ular bilan aloqa o’rnatmasligi, ularni tanimasligi, ular tomon yo’l topolmasligi uchun Alloh taolo yaqini – do’stini boshqalardan qo’riqlaydi, sir saqlaydi.

Tangri taolo: “Mening avliyo va xos qullarim Mening rashk qubbalarim ostida yashirindilar. Ularni Mendan boshqa hech kimsa ko’rmaydi va bilmaydi” (qudsiy hadis), deb marhamat qilgan.

Bu dunyoda ham ulug’ podshohlar adolat taxtiga o’tirishganida xususiy va umumiy tabaqaga mansub har xil insonlarning huzurlariga kirishiga ruxsat berishadi. Ular turgan mavqe va martabaga qarab, har birining ehtiyojini ta’minlashadi. Ularga yaxshi muomala qilib, ehson etishadi. Biroq chiroyli joriyalarini hech kimga ko’rsatishmaydi. Agar kimdir podshohdan ularga mahram, ular bilan birga bo’lishni so’rasa, podshoh shu zahotiyoq uning boshini tanasidan judo qildiradi. Biroq istasa, ishonchini qozongani, fe’l-atvori, to’g’riligi bois kimnidir yaqinlariga mahram qilishi ham mumkin.

Insonni ibodatdan chalg’ituvchi shayton, boshqa yaratiqlarni “La havla…” va zikr bilan daf etsa bo’ladi. Biroq to’siq Alloh taolo bo’lsa, Uni qaysi zikr va “La havla…” bilan uzoqlashtira olsin? Shu jihatdan valiy zotlarni topish, ularni tanib olish Allohni tanishdan qiyinroq kechishi mumkin. Allohga vasiylarni tanigan bir inson, albatta, Allohni taniydi va biladi. Buning aksi bo’lishi, ya’ni, Allohni tanimoq ila avliyoni tanish mumkin emas.

Ko’p insonlar bor, Allohni tanishadi va Unga bandalik qilishadi. Biroq Allohning valiyi – do’stini tanimaydi (tan olishmaydi – A.T.) va bilishmaydi. Hatto bir valiyni ko’rishsa, unga dushmanlik qilishadi, uni inkor etishadi.

Mansur Xallojni zamonasining Shibliy va Junayd kabi olimlari, valiylari inkor qilishdi. Uni o’ldirishga qaror berdilar. Hammasi birlashib, uni osishga fatvo chiqarishdi. Nihoyat, shunday ulug’, valiy bir insonni osishdi. Dor og’ochidan tushirib, jasadini olovga otishdi. Olamda undan biror asar qolmasligi uchun alangada yoqishgach, kullarini suvga sochishdi. Nima qilsalar ham, baribir olovda ham, suvda ham “Analhaq!” so’zi yozilganini, kuli Shatti Bag’dod ustida to’planib: “Analhaq!” so’zini naqsh qilganini ko’rishdi. Bu karomatni anglab, hammalari qilgan ishlariga pushaymon bo’lishdi. O’sha zamondan beri Uning ismi esga olinmasdan hech bir va’z majlisi ravnaq topmas va haroratlanolmas. Uni qiyomatga qadar maqtagaylar.

* * *

Musoning (alayhissalom) ahvoli ham shunday edi. Musoni Alloh payg’ambar etib xalqqa yubordi. Ulug’ Alloh Musoni vahiyning eng oxirgi martabasi bo’lgan “kalom” ila siyladi (Qur’oni karim, 4-sura, 164-oyat).

Muso butun buyukligi, bilimi, Alloh yaqinligiga qaramay, Xizrga (alayhissalom) shogird bo’ldi. Haq taolodan Xizr bilan gaplashishni duo qilib so’radi. Uzoq yalinib-yolvorishlardan so’ng Alloh taolo uning istagiga: “Safarga chiq va Mening u xos qulimni qidir va top”, xitobi ila javob berdi. Muso shunga binoan harakat qildi. Bir dengiz qirg’og’iga kelgach, u yerda Xizrni topdi.[4] Ko’zi va ko’ngli uning diydoridan yorishdi va istagan ko’p narsasi u bilan bir suhbatdayoq hosil bo’ldi. Bir boqish bilan ko’p xil’atlar kiydi va ajib ne’matlar totdi. Ularni haligacha na bir ko’z ko’rgan, na bir quloq eshitgan, na bir inson xayoliga keltirgan edi. Ha, Muso (alayhissalom) Xizrga o’rtoqlikni va uning suhbatdoshi bo’lishni so’radi. Hali ko’rmasidanoq unga qanchalar oshiq edi! Bularni ko’rganida va totganidagi ishqi ne hol olganini tasavvur qilaver!

Bayt:

Seni ko’rmasdanoq bunday holdamiz,
Agar ko’rinsang, holimizga voy…

Xizr (alayhissalom) aytdi: “Ey Muso! Qo’lga kiritganing shu ne’matlarga qanoat qil va ortga qayt. Bizning suhbatlashishimiz tahlikalidir. Alloh asrasin! Bu (safar)dan senga bir zarar kelishi mumkin”.

Muso (alayhissalom) ishqi va bog’lanishi balandligidan yana yolvordi. Ancha payt birga aylanib yurishdi. Dengiz qirg’og’ida chiroyli bir kemani ko’rishdi. Xizr (alayhissalom) bu go’zal kemani xarob etdi – teshdi. Kemani batamom yaroqsiz holga keltirdi. Muso (alayhissalom):

– Qilgan bu ishing to’g’ri emas, chunki bu hikmat va shariatga teskaridir. Adolat mezoniga, fazilat, shariat tarozisiga tortilmaydigan ish bu, – dedi.

Xizr (alayhissalom):
– Sen men bilan safar qilolmaysan demaganmidim, – degach, Muso (alayhissalom) o’ziga kelib:
– Qasamimni va ahdimni unutdim. Bu ilk gunohim, meni kechir, – dedi. Xizrga ko’p yolvordi, nihoyat, u chidayolmay, Musoning aybini kechirdi.

Oradan ancha vaqt o’tdi. Aylanib yurishar ekan, bir vodiyga kelib qolishdi. Bu yerda o’ynab yurganlar orasida nihoyatda chiroyli bir bolakayni ko’rishdi. Ikkisi ham birdaniga hayrat bilan: “Yaratuvchi Alloh taolo naqadar go’zaldir” (23-sura, 14-oyat) dedilar.

Xizr bu bolani boshqalardan ajratib, boshini silab, ko’nglini xushladi, qo’lidan tutib, chetga olib chiqdi. Muso hayron bo’lib, ularni uzoqdan kuzatib turardi. “Xizr bolakayni qaerga olib borayotgan ekan?” – deya o’yladi u. Xizr uni ovloq bir joyga olib bordi va birdan oyoqlari ostiga olib, uni o’ldirdi. Muso (alayhissalom) g’azab bilan:
– Shunday gunohsiz va ma’sum bolani o’ldirishing to’g’rimi?![5] – deb baqirdi.

Xizr (alayhissalom):
– Sen menga yo’ldosh bo’lolmaysan; qilgan ishlarimga chidayolmaysan, ortingga qayt demaganmidim, – degach, Muso o’ziga kelib aytdi:
– Xato qildim, parishonxotirligim g’olib keldi.
– Hamisha ishlarimni inkor qilyapsan, so’ng xato qildim, deysan.

Muso (alayhissalom):
– Xudo haqi, bu safar ham kechir, sunnatda (kechirish – A.T.) uch boradir. Agar yana bir bor inkor qilsam, uzrimni qabul etma, – dedi.

She’r:

Agar mendan yana bir bor xilof ish ko’rsang,
ojizligimga hech marhamat etma.

Shunday qilib, Xizr (alayhissalom) ikkinchi xatoni ham boshqa bahona qabul qilmaslik sharti bilan kechirdi.

Shundan so’ng yana bir muddat birga kezishdi. Nima bo’ldi-yu, bu safar yetti-sakkiz kun hech bir yegulik topolmadilar. Ochlikdan o’layozdilar. Ma’lumki, shariat ochdan o’lmaslik uchun o’laksa go’shtidan ham ozgina yeyishga ruxsat beradi. Shunday holda bir vodiyga, katta va gavjum shaharga kelishdi. Bu shaharda xazinalarga ega juda boy yetim bolalar yashar, hovlilarining devorlari xaroba holda, yiqilay deb qolgan edi. Xizr bu devorni tikladi, yiqilgan joylarini ta’mirladi.[6] Muso uning bu ishini ko’rib, uy egalaridan bir haq, hech qursa, yeguliklar kelishiga umid bog’ladi. Xizr Musoning qo’lidan tutdi va bu joydan ketish kerakligini aytdi. Musoning sabri tugagan edi. Chidayolmay:

– Ey Xizr, ochlikdan sillamiz quridi, shu holingda boshqa birov ta’mirlashi mumkin bo’lmagan bir devorni tiklab qo’yding. Uy egalari juda boy. Qilgan ishing evaziga bir necha kun ularnikida qolib, kuch to’plashimizni, nafas rostlashimizni, hech bo’lmasa, bir burda non so’rasang bo’lmaydimi? Bu insofdan emas, buni hech kimsa ma’qullamaydi, – dedi.

– Ey Muso, mana, uchinchi bor xato qilding. Endi uzring qabul qilinmaydi. Bu ishing ajralishimizga sabab bo’ldi,[7] – dedi Xizr. – Inkor qilganing uch ishning sirini aytsam, meni ma’qullashing kerakligini anglaysan.

Kemani teshganimning boisi bunday: u kema kambag’al, mo’minlar, yaxshi insonlarniki edi; chiroyli bo’lgani uchun kofirlar uni qo’lga kiritib, musulmonlarning qal’alariga bostirib borib, ularni o’ldirmoqchi, asir etmoqchi ekanini sir ko’zi ila ko’rdim. Shu bois kemani teshib, yaroqsiz holga keltirdim.[8]

Bolakayni o’ldirishimning sababi esa bunday, bolakayning ota-onasi mo’min, solih kishilardir. Ammo bolaning javhari yomonligidan u qabih ishlarga qo’l urar, ota-onasini din yo’lidan qaytarardi.[9] Yomonlik va dinsizlik yer yuzida kamaysin, ota-onasi dinsizlikdan omonda bo’lsin deb uni o’ldirdim. Axir bog’bon ham hosili ko’p yaxshi shoxlar kuchayishi uchun mayda va keraksizlarini kesmaydimi?

Yetimlarning yiqilay deb turgan devorini ta’mirlaganim, evaziga haq so’ramaganimning boisi ham u bolaning ota-onasi Tangrining xos va solih qullaridan bo’lishganidir (18-sura, 80-oyat).

Mufassirlar yetimlarning yettinchi ajdodlari solihlardan bo’lishgan degan fikrni ilgari surishadi. Ba’zi olimlar esa: “Ularning yetmishinchi ajdodi solihlardan bo’lgan” deyishadi. Xizr kabi ulug’ zot yetim bolalarning yettinchi yoki yetmishinchi ajdodiga ham hurmat va ta’zim bajo keltirishi, ularning farzandlariga og’ir ishlarini ado etganidan so’ng, o’zi juda muhtoj holda bo’laturib, xizmati uchun haq so’ramasligi Allohga yaqin, solih bandalarga, ularning zurriyotlariga nechog’lik hurmat-ehtirom ko’rsatish zarurligidan bizga katta saboq bo’ladi.

Tabriz bozorida bir kishi hushidan ketgan, yuzi, soch-soqoli va kiyimlari tuproqqa belanib yotardi. Dindor, katta bir domla yonidan o’tarkan, so’kinib, ijirg’anib, yuziga tupurdi.

Shu kuni kechasi Payg’ambarimizni (alayhissalom) tushida ko’rdi. Payg’ambarimiz g’azab bilan:

– Menga ummatlik iddao etasan va shu tufayli jannatga kirishni umid etyapsan. Meni bozorda aftoda bir holda ko’rding, nega uyingga olib bormading, boshimni silamading va soch-soqolim, yuzimga yopishgan iflosliklarni tozalamading? Mening yuzimga tupurishga qanday ko’ngling bordi? – dedi.

Domla ajablanib:
– Payg’ambarimizga qachon bunday odobsizlik qildim? – deb so’radi.
– Mening bolalarim aslida “men” ekanlarini bilmasmiding? Bizning bolalarimiz bizning jigarlarimizdir. Agar shunday bo’lmasa edi, otaning mulki o’g’liga meros qolarmidi? – degan javobni oldi.Domla uyg’ongach, Payg’ambarimizning (alayhissalom) haybatlaridan titrab, u haligi hushsiz yotgan odamni qidirib topdi. O’z saroyi, mol-mulkining yarmini unga berdi, umrining oxirigacha uning xizmatida bo’ldi.

Shunday qilib, Xizr (alayhissalom) bu uch sirning hikmatini Musoga (alayhissalom) tushuntirdi va shu joyda ular xayrlashdilar.[10] Ushbu ma’noni kuchaytirish uchun bunday hikoya qiladilar: so’fiylik da’vo qilgan bir kimsa bir valiyga:
– Ulug’ Tangri menda har kun yetti marta tajalliy etmoqda, – dedi.

Valiy zot unga:
– Agar odamgarchiliging bo’lsa, Abu Yazidni bir borib ko’r, – dedi.
Oralaridagi tortishuv cho’zilib ketdi. Sodda so’fiy:
– Men Tangrini bir kunda yetmish marta ko’ryapman, – degan sayin, ikkinchisi ham:
– Odamiylik qilib, Abu Yazidni ziyorat qil, – deyaverdi.
Nihoyat, bu sodda so’fiy Abu Yazid huzuriga borishga qaror qildi.

Abu Yazid bir o’rmonda edi. So’fiy uning oldiga kelayotganini karomat ila bildi va kutib olish uchun o’rmondan chiqdi. Ularning muloqoti o’rmon yonida bo’lishi kerak edi. Biroq so’fiy Abu Yazidning muborak yuzini ko’rgach, chiday olmadi. Uning ruhi tan qolipini bo’sh tashlab, bu dunyodan narigisiga ko’chdi.

Endi asosiy masalaga kelaylik: Bu hikoyada o’rmon – Abu Yazidning ko’ngli va o’rmondagi daraxtlari uning o’y-fikrlari, ilmi va maqomi edi. Sodda so’fiy Abu Yazidning siri bo’lgan o’rmonga qanday kira olardi? Shu bois Abu Yazid o’rmondan tashqari chiqib, so’fiyga yuzlandi.

Aqlli inson bolakay bilan gaplashar ekan, o’z bilim va aql o’rmonidan chiqadi, bola tomonga yaqin keladi va tushuna olishi uchun bolaning aqliga mo’ljallab gapiradi. Zero, insonlarga ularning aqllari qabul qilishiga moslab so’zlash lozim.

Sodda so’fiy Alloh taoloning tajalliysini o’z hafsalasi va kuchi nisbatida ko’rdi. Ammo Allohning nuri va tajalliy Abu Yazidning qabul etgan quvvat bilan unga urilgach, bardosh berolmadi va jon taslim qildi.

Jabroilda ham Alloh taoloning tajalliysi bor edi. Balki Jabroil ilohiy tajalliy ichida yetishgandi. U bilan mashg’ul, undan boshqa ishi yo’q edi. Dengiz ichidagi baliq kabi u doimo vuslat daryosi ichida edi. Jabroil (alayhissalom) Payg’ambarimizni Me’rojga boshlab bordi. Ammo u ham o’z maqomiga kelganida to’xtadi va bir qadam ham ilgari yurolmadi. Shunda Payg’ambarimiz (alayhissalom) unga:
– Kel! Nega to’xtading? – degach, Jabroil:
– “Bu maqomdan ilgariga ketish sengagina xosdir. Agar yana bir barmoq enicha oldinga yursam, yonaman”, – deb javob berdi (37-sura, 164-oyat).

Shundan so’ng Payg’ambarimiz (alayhissalom) yo’lida davom etdi va Qur’onda: “Uning ko’zi toyilmadi, aylanmadi” (53-sura, 17-oyat), deb marhamat qilinganidek, Haq taoloning jamolini hech xatosiz, “bosh-ko’zi” ila ko’rdi.

Alloh taolo tajalliysini har kimsa faqat o’z fikr-tushunchasining quvvati nisbatida ko’ra oladi. Chumolidan tortib Sulaymongacha – hammasiga Alloh taolo rizq beradi. Hammasining borligi va tirikligi tamoman Allohning tajalliysi tufaylidir. Ammo bu ikki tajalliy orasida farq bor.
Sulaymonda bo’lgan tajalliy qaerda-yu, chumolida bo’lgani qaerda!

Masalan, bir xo’jayinning, biri o’n, biri yigirma, biri o’ttiz, biri qirq va biri ellik yoshdagi besh xizmatchisi bor. Bular hammasining aqli boshida, ammo aql-tajriba jihatidan teng emas, albatta, birida ko’p, birida oz, yoshiga qarab, ularning ko’rinishlari ham har xil. Xo’jayin ulardan har biri bilan aqli darajasiga ko’ra gaplashadi, muomala qiladi. Bulardan eng kichigi bilan xuddi eng kattasi va aqllisi bilan ko’rishib-gaplashganiday muomala qilsa, kichigi bechora hech narsa tushunmaydi, bunga chidayolmaydi.

Masal:

Ey ruhini dam oldirgan kishi!
Kiyimni inson tanasiga o’lchab bichishadi.

Shunga o’xshash, avliyo va mo’minlarga Haq tajalliysi ham ularning Alloh nazdidagi martabalari nisbatida bo’ladi. Ya’ni Alloh nuri ular ustiga toqat eta bilganlari (ko’targanlari – A.T.) qadarli tushadi.Bir inson olovga toblanmoqchi va undan foydalanmoqchi bo’lsa, o’t yoqib hammomni qizdiradi. Hammom vositasida olovning vuslatidan foydalanadi. Agar to’g’ridan-to’g’ri o’zini olovga otsa, eti kuyishi, chidamasligi aniq. Allohning yetishgan, xos bandalari samandar kabi otash ichida va baliq kabi suv tubida yashay olishadi. Lekin boshqa mo’minlar va haqiqat toliblari hali bevosita olovdan foydalanish quvvatiga ega emaslar.

Buni aytishdan maqsadimiz Allohning kamol kasb etgan xos bandalari yuzini ko’rish bevosita Alloh tajalliysini ko’rishdan qiyin ekanini tushuntirishdir. Faqat bu gap “Avliyo Allohdan ayri, g’ayridir” degani ham emas. Bunday o’ylash mutlaqo xato va kufrdir. Bu gap “Avliyoning Tangri tajalliysini ko’rish kuch-quvvati avomda yo’q” deganidir.

Xullas, Tangrining kamolga erishgan xos bandasini toping, uning suhbati vositasi ila siz ham Tangri tajalliysini ko’ra olgaysiz.

Turkchadan Abdumurod Tilavov tarjimasi

Izohlar

[1] “Otganingda ham sen otmading, Uni faqat Alloh otdi” (8-sura, 17-oyat).
[2] 29-sura, 45-oyat.
[3] “Alloh bizning na suratlarimizga, na amallarimizga boqar, faqat qalblarimizga qarar” (hadis).
[4] “Bas, bandalarimizdan bir bandani topdilarki, Biz unga O’z dargohimizdan rahmat (ya’ni payg’ambarlik) ato etgan va O’z huzurimizdan ilm bergan edik” (18-sura, 65-oyat).
[5] “Birovni (o’ldirmagan) bir begunoh jonni nohaq o’ldirding-a? Darhaqiqat, (sen) buzuq ish qilding!” (18 sura, 74-bet).
[6] “So’ng o’sha joyda yiqilay deb turgan bir devorni ko’rishgach, (Xizr) uni tiklab qo’ydi” (18-sura, 77-oyat).
[7] “U (Xizr) aytdi: “Mana shu sen bilan mening ajralishimizdir. Endi men seni sabr qilishga toqating yetmagan narsalarning ta’vili (sharhi)dan ogoh qilurman” (18-sura, 78-oyat).
[8] “Kema xususiga kelsak, u dengizda ishlaydigan (yuradigan) miskin-bechoralarniki edi” (18-sura, 79-oyat).
[9] “Haligi bolaning esa ota-onalari mo’min kishilar edilar. Bas, biz u (bola) tug’yon va kufr bilan ularni qiynab qo’yishdan (ya’ni, ularning o’z bolalarini yaxshi ko’rganlari sababli dindan chiqib ketishlaridan) qo’rqdik” (18-sura, 80-oyat).
[10] “Endi bir-birimizdan ayriladigan payt keldi” (18-sura, 77-oyat).

07

(Tashriflar: umumiy 278, bugungi 1)

Izoh qoldiring