Tariq Bug’ro. O’g’limiz

021

Нима қилиш кераклигини ҳақиқатан билолмайман. Аммо унга: “Эрта-перта ўзим гаплашиб қўяман,” — дейман чор-ночор. Қачон келади ўша эртанги кун?.. Осмон тиниқ мовий тусга кирган эди. Кун, яшашимиз керак бўлган яна бир янги кун бошланмоқда. Хотиним ҳақли. Бу муаммони тезроқ ҳал қилиш керак. Ўғлим ётоғига элан-қаран кириб бормоқда. Унга бу ишларнинг абаслигини тушунтиришим керак. Бунинг беҳуда исён эканлигини англатмоғим лозим. Ётоқдан сакраб турдим.

09
ТАРИҚ БУҒРО
ЎҒЛИМИЗ
Ҳикояни турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржима қилган
03

011Атоқли турк адиби Тариқ Буғро 1918 йилнинг 2 сентябрида Оқшаҳар(Akşehir)да дунёга келди. У Оқшаҳарда бошланғич ва ўрта таълим таълимидан кейин Икония мактабида ўқиди. Турли матбуот нашрларида фаолият юритди. Адабиётга кичик ҳикоялари билан келган ижодкор вақт ўтиб Жумҳурият даври адабиётининг таниқли вакилига айланди. «Жумҳурият» газетаси томонидан эълон қилинган танловда «Ўғлимиз» ҳикояси иккинчи ўринни эгаллаган кундан бошлаб турк китобхони унинг асарларига катта қизиқиш билан қарай бошлади.
У ижоди давомида адибнинг ўнлаб ҳикоялар тўпламлари ва романлар («Қора қаҳрабо», «Кичик оға», «Кичик оға Анқарада», «Фиръавн имони», «Ёлғизлар» ва бошқ.) нашр этилди.
Тариқ Буғро 1994 йилнинг 26 февралида вафот этган.

03

02отиним ғира-шира кўрина бошлаган дераза токчаси олдида ўтирарди. Бутун кечани ўша жойда ўтказибди, бечора.

“Сен, шу пайтгача ётмадингми?” -дедим.

Қаддини ростлади. Кул ранг дераза токчаси ёнида бор-йўғи бир кўланкадан иборатдек кўринарди. Аммо бу кўланкада бирга ўтказган йигирма йилдан ортиқроқ умримизнинг ҳар бир кунидан нималардир бор эди.
“Азон ўқиляпти,” дея минғирлади.

Овозида қандайдир маҳзунлик бор эди. Гўё уйимиз бу дунёдан батамом олислаб, ҳатто ҳис-туйғулар ҳам етиб бора олмайдиган даражада узоқлаб кетгандек эди. Ва хотиним Қуръонда ваъда қилинган саодатни гўё беҳуда кутаётгандек эди.

Юриш-туришларида ботиний мағлубиятнинг маҳзун сукунати сезиларди. Ошхонага ўтди. Уни гўё тушда кўраётгандек эдим. Сандал ва печкага кўмир солгандан кейин таҳорат олишга чиқди. Кейин жойномозни солиб намозга турди.

Деразадан тонг оқаргани кўрина бошлади.
Рангсиз, сокин ва салқин саҳар палласи. Ётоқнинг илиқлиги, лоҳас туйғулар, айқаш-уйқаш ўйлар… Хаёлларим паришон бўлганди.
— Вой тавба-ей…
— Ҳа, нима гап?
— Келди-я…
— Шукр, ниҳоят кепти-ку…

Аммо масала фақат шундан иборат эмасди. Хотиним мени бунга умуман эътибор бермайди деб ўйлайди, чамамда. Ўзи айтмаса ҳам хафа бўлганини сезаман.
— Индамай ўтираверасизми? Ахир бу учинчи марта қайтариляпти…
— Хўш, нима қилай, айтгин?

Нима қилиш кераклигини ҳақиқатан билолмайман. Аммо унга: “Эрта-перта ўзим гаплашиб қўяман,” — дейман чор-ночор.

Қачон келади ўша эртанги кун?.. Осмон тиниқ мовий тусга кирган эди. Кун, яшашимиз керак бўлган яна бир янги кун бошланмоқда. Хотиним ҳақли. Бу муаммони тезроқ ҳал қилиш керак. Ўғлим ётоғига элан-қаран кириб бормоқда. Унга бу ишларнинг абаслигини тушунтиришим керак. Бунинг беҳуда исён эканлигини англатмоғим лозим. Ётоқдан сакраб турдим. Хотиним безовталаниб:

— Қаттиқ гапириб юборманг-а, дадаси. Нима бўлганда-ям энди…

Давомини айтолмади. Унга тикилдим. Кўзларидаги маънони англаш мушкул эди. Оҳ, ўзимнинг ой юзли, қора сочли болам-а… Эшикка яқинлашганимда хотиним елкамга чопонимни илди.

***

Хонаси бинонинг кунгай томонида эди. Деразаси кенггина боғга қараган. Қаршидаги уй ортидан кўтарилаётган қуёш нуридан деворлар сарғиш-пушти тусга кирганди.

Ва у ухлаб бўлганди.
Кийимлари стол устида палапартиш сочилган… Пижамасининг устини киймабди. Ётоғининг ёнбошига оҳистагина ўтирдим. Ичимда ғалати ҳислар ғужғон эди. Унга қарай олмасдим, аммо ичим у билан тўлган эди. Ҳудди анча олдин бир марта бўлгани каби. У пайтлар кичкина бола эди. Терламага чалинган, иситмалаб алахсирарди. У буни ҳозир эсламайди албатта…

***

Февралнинг қорли бир тунида туғилганди… Отамнинг қўлига тутқазганимда бутун вужудимни ғалати ҳиссиёт қоплаган эди. Унга исм қидирганимда муаззам қомус менга бўм-бўшдек туюлган эди. Унга энг чиройли, энг жарангдор ва коинот каби пурмаъно исм қўйишни хоҳлардим. Алоҳал Умар деб исм қўйдик. Бу исм ҳам унга жуда ярашган эди. Унинг исмида тарих саҳифаларига битилган барча Умарларнинг иқболини кўрардим.

Илк кулиши… Илк тиши чиққан кун… Биринчи бор талаффуз қилган сўзи… Онасига томон, ёш, гўзал ва беҳад бахтиёр онасига томон ташлаган илк одимлари…

Кейин еттига тўлган кун… Мактабга олиб борганимда роса йиғлаган эди… Гўё дунёсига уйдан бошқа жойни қўшишни истамаётгандек йиғлаган эди. Бироқ бундан қочиб бўлмасди. У ҳам бошқа болалар каби кўча, мактаб ва бозор орасида кун сайин қатъийлашадиган бўлинишга маҳкум эди.

Ва ўн тўртинчи ёш. Қайсарликлар, иштаҳасизликлар… Бизга янги бир шерик, шерикларнинг энг енгилмаси… Хотинимнинг тугунмас ташвишлари ва менинг илк қайғуларим…

Аввал мактабни, кейин университетни тамомлади. Ўша пайтлари уни бироз бўлса-да кам-кўстсиз яшасин дея хотиним тўйидан ёдгор уч-беш тақинчоғини сотганди… Ва у биринчи муҳаббатининг шафқатсиз якунидан саросимага тушди, бизни ҳам паришон қилди.

Шу тариқа биз унга бор-будимиз билан боғланиб қолгандик, дунёмизнинг ҳудудини у билан боғлагандик.

“Сен биздан бирданига узоқлашиб кетдинг. Муҳаббатимиз ортгани сайин сен биздан сиқилавердинг. Мен буни илғардим. Биз сени асрагимиз-авайлагимиз келарди. Сен эса “ўз ҳолимга қўймаяпти” деб ўйладинг. Аммо онанг…

Мен билардим. Сен энди шу хоналарнинг бу тарзда безатилишини, ҳатто бу уйни ҳам умуман ёқтирмай қолгандинг… Учишни ўрганган полапондай кўзингни бошқа шохларга тиккандинг. Эҳтимол, эртангги кун ҳақида ўйлаётгандирсан, ҳашамдор уй, кенг хоналар… Ҳатто бизга аталган хонани ҳам унутмагандирсан, бунга имоним комил. Лекин менга шу ер етади, ўғлим… Бошқа жойнинг кераги йўқ. Бироқ онанг… Буни сен ҳам яхши биласан, баъзи-баъзида укаларингни қандай ўқитишинг, биз учун нималарни орзу қилганингни тўлиб-тошиб айтиб берасан. Фақат нега бир-биримиздан яширишимиз керак?! Сен орзуларингни айтаётганингда овозингда титроқ пайдо бўлади, бўғзингга нимадир тиқилгандай бўлади… Чорасизлик деган балонинг азоби шунчалик оғир бўладими, болам… Аммо сен бу нарсалар учун ўзингни қийнама. Сен қўлингдан келганини қиляпсан, ҳаёт дегани шундай экан-да, на чора…

Сенинг шу зормандага бунчалик ружу қўйганингни яхши тушунаман. Мубталосига айланмаслигингга ҳам ишонаман… Аммо онанг…

Яна… Яна ташқарида нима қидираётганингни ҳам, уйда ўтиролмаслигингнинг сабабини ҳам жуда яхши биламан. Балки бирор бетайин ғалчадир. Мен уларни маломат қилмоқчи эмасман, ҳатто… Аммо онанг… Муштипар онанг шунақанги бетайинларнинг биттасига илакишиб қолишингдан қўрқиб юрагини ҳовучлаб ўтиради. Сен озроқ ҳаяллаб қолсанг ваҳимага туша бошлайди. Кўз қамаштирадиган кўча ва тунгги клубларни бир зумда эртаклардаги ялмоғизлар яшайдиган ғорларга айлантириб юборади.

Аммо бу гапларнинг нима кераги бор? Гўё сен буларни билмайдигандек алжирашимни қара… Шу нарсалар туфайли қанчалик қийналаётганингни билмайманми? Онанг, мен… Сен бизга эътибор қилма. Ҳамма аҳмоқлик бизнинг ўзимизда. Гўё бироз бетоб бўлишингни кутаётганга ўхшаймиз. Ҳар доим бизга энг яқин бўлган кунлардагидек қолишингни хоҳлаяпмиз. Ўзгаришинг мумкинлигини тан ололмаяпмиз. Бор гап шу холос, болам. Мана шунинг учун ҳам сенга тик қарай олмаяпман, юзимни сен томон ўгира олмаяпман. Онанг ҳам шундай. Ҳозир биз сени уйғотолмаймиз. Чунки тан олишга иродамиз етмаса ҳам биламизки, энди сенинг ухлашинг ҳам ўзгарган. Авваллари бизни кутаётгандек ухлардинг. Ҳа, ўғлим, энди уйқунг ҳам ўзгарган. Ҳатто асл ўзгариш ухлашингда бўлди. Сен уйқуларингда ҳам биздан узоқлашдинг…”

Бошимни ўгирдим. Унга боқдим. Унга қараётиб бодли қўлимга жон киргандек бўлди. Ичимга бирданига ёруғлик киргандай енгилладим. Гўё кўп йиллардан бери қидираётган қадрдонимни, сирдошимни топгандек бўлдим. Хурсандлигимдан ҳуштак чалгим келди. Қуёш уни безовта қилмасин дея дераза пардаларини тортиб қўйдим. Ўзимникига ўхшаган қалин ва қора соқолли юзидан секингина ўпиб ташқарига чиқдим.

Нонушта пайти хотиним ҳамишагидай ўйга толиб ўтирарди. Мен эса кичик ўғлимнинг чойига унга кўрсатмасдан (ёқтирмаслигини билганим учун) лимон сиқиб қўйдим.

022

09
TARIQ BUG’RO
O’G’LIMIZ
Hikoyani turk tilidan Ma’rufjon Yo’ldoshev tarjima qilgan
03

Atoqli turk adibi Tariq Bug’ro 1918 yilning 2 sentyabrida Oqshahar(Aksehir)da dunyoga keldi. U Oqshaharda boshlang’ich va o’rta ta’lim ta’limidan keyin Ikoniya maktabida o’qidi. Turli matbuot nashrlarida faoliyat yuritdi. Adabiyotga kichik hikoyalari bilan kelgan ijodkor vaqt o’tib Jumhuriyat davri adabiyotining taniqli vakiliga aylandi. «Jumhuriyat» gazetasi tomonidan e’lon qilingan tanlovda «O’g’limiz» hikoyasi ikkinchi o’rinni egallagan kundan boshlab turk kitobxoni uning asarlariga katta qiziqish bilan qaray boshladi.
U ijodi davomida adibning o’nlab hikoyalar to’plamlari va romanlar («Qora qahrabo», «Kichik og’a», «Kichik og’a Anqarada», «Fir’avn imoni», «Yolg’izlar» va boshq.) nashr etildi.
Tariq Bug’ro 1994 yilning 26 fevralida vafot etgan.

03

02otinim g’ira-shira ko’rina boshlagan deraza tokchasi oldida o’tirardi. Butun kechani o’sha joyda o’tkazibdi, bechora.

“Sen, shu paytgacha yotmadingmi?” -dedim.

Qaddini rostladi. Kul rang deraza tokchasi yonida bor-yo’g’i bir ko’lankadan iboratdek ko’rinardi. Ammo bu ko’lankada birga o’tkazgan yigirma yildan ortiqroq umrimizning har bir kunidan nimalardir bor edi. “Azon o’qilyapti,” deya ming’irladi.

Ovozida qandaydir mahzunlik bor edi. Go’yo uyimiz bu dunyodan batamom olislab, hatto his-tuyg’ular ham yetib bora olmaydigan darajada uzoqlab ketgandek edi. Va xotinim Qur’onda va’da qilingan saodatni go’yo behuda kutayotgandek edi.

Yurish-turishlarida botiniy mag’lubiyatning mahzun sukunati sezilardi. Oshxonaga o’tdi. Uni go’yo tushda ko’rayotgandek edim. Sandal va pechkaga ko’mir solgandan keyin tahorat olishga chiqdi. Keyin joynomozni solib namozga turdi.

Derazadan tong oqargani ko’rina boshladi.
Rangsiz, sokin va salqin sahar pallasi. Yotoqning iliqligi, lohas tuyg’ular, ayqash-uyqash o’ylar… Xayollarim parishon bo’lgandi.
— Voy tavba-yey…
— Ha, nima gap?
— Keldi-ya…
— Shukr, nihoyat kepti-ku…

Ammo masala faqat shundan iborat emasdi. Xotinim meni bunga umuman e’tibor bermaydi deb o’ylaydi, chamamda. O’zi aytmasa ham xafa bo’lganini sezaman.
— Indamay o’tiraverasizmi? Axir bu uchinchi marta qaytarilyapti…
— Xo’sh, nima qilay, aytgin?

Nima qilish kerakligini haqiqatan bilolmayman. Ammo unga: “Erta-perta o’zim gaplashib qo’yaman,” — deyman chor-nochor.

Qachon keladi o’sha ertangi kun?.. Osmon tiniq moviy tusga kirgan edi. Kun, yashashimiz kerak bo’lgan yana bir yangi kun boshlanmoqda. Xotinim haqli. Bu muammoni tezroq hal qilish kerak. O’g’lim yotog’iga elan-qaran kirib bormoqda. Unga bu ishlarning abasligini tushuntirishim kerak. Buning behuda isyon ekanligini anglatmog’im lozim. Yotoqdan sakrab turdim. Xotinim bezovtalanib:

— Qattiq gapirib yubormang-a, dadasi. Nima bo’lganda-yam endi…

Davomini aytolmadi. Unga tikildim. Ko’zlaridagi ma’noni anglash mushkul edi. Oh, o’zimning oy yuzli, qora sochli bolam-a… Eshikka yaqinlashganimda xotinim yelkamga choponimni ildi.

***

Xonasi binoning kungay tomonida edi. Derazasi kenggina bog’ga qaragan. Qarshidagi uy ortidan ko’tarilayotgan quyosh nuridan devorlar sarg’ish-pushti tusga kirgandi.

Va u uxlab bo’lgandi.
Kiyimlari stol ustida palapartish sochilgan… Pijamasining ustini kiymabdi. Yotog’ining yonboshiga ohistagina o’tirdim. Ichimda g’alati hislar g’ujg’on edi. Unga qaray olmasdim, ammo ichim u bilan to’lgan edi. Huddi ancha oldin bir marta bo’lgani kabi. U paytlar kichkina bola edi. Terlamaga chalingan, isitmalab alaxsirardi. U buni hozir eslamaydi albatta…

***

Fevralning qorli bir tunida tug’ilgandi… Otamning qo’liga tutqazganimda butun vujudimni g’alati hissiyot qoplagan edi. Unga ism qidirganimda muazzam qomus menga bo’m-bo’shdek tuyulgan edi. Unga eng chiroyli, eng jarangdor va koinot kabi purma’no ism qo’yishni xohlardim. Alohal Umar deb ism qo’ydik. Bu ism ham unga juda yarashgan edi. Uning ismida tarix sahifalariga bitilgan barcha Umarlarning iqbolini ko’rardim.

Ilk kulishi… Ilk tishi chiqqan kun… Birinchi bor talaffuz qilgan so’zi… Onasiga tomon, yosh, go’zal va behad baxtiyor onasiga tomon tashlagan ilk odimlari…

Keyin yettiga to’lgan kun… Maktabga olib borganimda rosa yig’lagan edi… Go’yo dunyosiga uydan boshqa joyni qo’shishni istamayotgandek yig’lagan edi. Biroq bundan qochib bo’lmasdi. U ham boshqa bolalar kabi ko’cha, maktab va bozor orasida kun sayin qat’iylashadigan bo’linishga mahkum edi.

Va o’n to’rtinchi yosh. Qaysarliklar, ishtahasizliklar… Bizga yangi bir sherik, sheriklarning eng yengilmasi… Xotinimning tugunmas tashvishlari va mening ilk qayg’ularim…

Avval maktabni, keyin universitetni tamomladi. O’sha paytlari uni biroz bo’lsa-da kam-ko’stsiz yashasin deya xotinim to’yidan yodgor uch-besh taqinchog’ini sotgandi… Va u birinchi muhabbatining shafqatsiz yakunidan sarosimaga tushdi, bizni ham parishon qildi.

Shu tariqa biz unga bor-budimiz bilan bog’lanib qolgandik, dunyomizning hududini u bilan bog’lagandik.

“Sen bizdan birdaniga uzoqlashib ketding. Muhabbatimiz ortgani sayin sen bizdan siqilaverding. Men buni ilg’ardim. Biz seni asragimiz-avaylagimiz kelardi. Sen esa “o’z holimga qo’ymayapti” deb o’ylading. Ammo onang…

Men bilardim. Sen endi shu xonalarning bu tarzda bezatilishini, hatto bu uyni ham umuman yoqtirmay qolganding… Uchishni o’rgangan polaponday ko’zingni boshqa shoxlarga tikkanding. Ehtimol, ertanggi kun haqida o’ylayotgandirsan, hashamdor uy, keng xonalar… Hatto bizga atalgan xonani ham unutmagandirsan, bunga imonim komil. Lekin menga shu yer yetadi, o’g’lim… Boshqa joyning keragi yo’q. Biroq onang… Buni sen ham yaxshi bilasan, ba’zi-ba’zida ukalaringni qanday o’qitishing, biz uchun nimalarni orzu qilganingni to’lib-toshib aytib berasan. Faqat nega bir-birimizdan yashirishimiz kerak?! Sen orzularingni aytayotganingda ovozingda titroq paydo bo’ladi, bo’g’zingga nimadir tiqilganday bo’ladi… Chorasizlik degan baloning azobi shunchalik og’ir bo’ladimi, bolam… Ammo sen bu narsalar uchun o’zingni qiynama. Sen qo’lingdan kelganini qilyapsan, hayot degani shunday ekan-da, na chora…

Sening shu zormandaga bunchalik ruju qo’yganingni yaxshi tushunaman. Mubtalosiga aylanmasligingga ham ishonaman… Ammo onang…

Yana… Yana tashqarida nima qidirayotganingni ham, uyda o’tirolmasligingning sababini ham juda yaxshi bilaman. Balki biror betayin g’alchadir. Men ularni malomat qilmoqchi emasman, hatto… Ammo onang… Mushtipar onang shunaqangi betayinlarning bittasiga ilakishib qolishingdan qo’rqib yuragini hovuchlab o’tiradi. Sen ozroq hayallab qolsang vahimaga tusha boshlaydi. Ko’z qamashtiradigan ko’cha va tunggi klublarni bir zumda ertaklardagi yalmog’izlar yashaydigan g’orlarga aylantirib yuboradi.

Ammo bu gaplarning nima keragi bor? Go’yo sen bularni bilmaydigandek aljirashimni qara… Shu narsalar tufayli qanchalik qiynalayotganingni bilmaymanmi? Onang, men… Sen bizga e’tibor qilma. Hamma ahmoqlik bizning o’zimizda. Go’yo biroz betob bo’lishingni kutayotganga o’xshaymiz. Har doim bizga eng yaqin bo’lgan kunlardagidek qolishingni xohlayapmiz. O’zgarishing mumkinligini tan ololmayapmiz. Bor gap shu xolos, bolam. Mana shuning uchun ham senga tik qaray olmayapman, yuzimni sen tomon o’gira olmayapman. Onang ham shunday. Hozir biz seni uyg’otolmaymiz. Chunki tan olishga irodamiz yetmasa ham bilamizki, endi sening uxlashing ham o’zgargan. Avvallari bizni kutayotgandek uxlarding. Ha, o’g’lim, endi uyqung ham o’zgargan. Hatto asl o’zgarish uxlashingda bo’ldi. Sen uyqularingda ham bizdan uzoqlashding…”

Boshimni o’girdim. Unga boqdim. Unga qarayotib bodli qo’limga jon kirgandek bo’ldi. Ichimga birdaniga yorug’lik kirganday yengilladim. Go’yo ko’p yillardan beri qidirayotgan qadrdonimni, sirdoshimni topgandek bo’ldim. Xursandligimdan hushtak chalgim keldi. Quyosh uni bezovta qilmasin deya deraza pardalarini tortib qo’ydim. O’zimnikiga o’xshagan qalin va qora soqolli yuzidan sekingina o’pib tashqariga chiqdim.

Nonushta payti xotinim hamishagiday o’yga tolib o’tirardi. Men esa kichik o’g’limning choyiga unga ko’rsatmasdan (yoqtirmasligini bilganim uchun) limon siqib qo’ydim.

022

(Tashriflar: umumiy 146, bugungi 1)

Izoh qoldiring