Umid Bekmuhammad. Dostonlarni «tiriltirgan» domla

022

    Умид Бекмуҳаммаднинг қирқ йилдан зиёд илмий фаолияти давомида Хоразм достонларини ўрганган ва бугун ҳақли равишда Хоразм фольклорининг дарғаси деган шарафга эга бўлган фольклошунос, филология фанлари доктори, профессор Сафарбой Рўзимбоевга бағишланган мақоласини тақдим этар эканмиз, бир неча соатдан кейин таниқли олим қаламига мансуб «Таржима эрмак эмас, ҳақиқий ижоддир» номли мақоласи ҳам сайтда эълон қилинишини маълум қиламиз. Мақола машҳур туркман шоири Мулланафас шеърларининг ўзбек тилига таржима қилишда эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида.

012
Умид Бекмуҳаммад
ДОСТОНЛАРНИ “ ТИРИЛТИРГАН” ДОМЛА
08

022алқ оғзаки ижодиётининг инсон тафаккурини юксалтириши, маънавий баркамол топишидаги ўрни каттадир.Бундан ташқари, достонларда аждодларимизнинг фалсафий мушоҳадалари, дунёқараши, олийжаноб хусусиятлари акс этганки, шу сабаблиям таълим-тарбияда достонни куйлаган бахши-ю, уни ёзиб олиб авлодлар орасидаги давомийлигини таъминлаган фольклоршуносларнинг хизматлари юксакдир.

Халқ оғзаки ижоди ўз номи билан оғзаки ижоддир.Авлодлар алмашуви, бахшиларнинг дунёқараши, қолаверса давр таъсирида достонларда ўзгариши бўлиши эҳтимол. Шу боисдан ҳам фольклоршуносларнинг достонларни ёзиб олиб асраши, китоб ҳолида нашр этдириши, достонлар орасидаги фарқ, улар орасидаги ўхшашлиги, бошқа жиҳатлари тўғрисида илмий тадқиқотлар олиб бориши инсондан матонатни талаб қилади.

Шукрки , Хоразмда ана шундай сифатга эга бўлган, шогирдлар етиштириб касбий фаолиятининг давомийлигини таъминлаётган олимлар бор. Шулардан бири филология фанлари доктори, профессор Сафарбой Рўзимбоевдир.

1942 йилда Қўшкўпирнинг Кўна Зей ( Хайробод) қишлоғида таваллуд топган Сафарбой ака ўша давр қишлоқ болалари сингари, ( ТВ йўқлигини назарда тутаяпман) асосан қариялардан, мактабда ўқитувчилардан ўзига хос маънавият мактаби бўлиб хизмат қилган достонлар, ривоятлар, эртаклар таъсирида вояга етди. Достон ва эртаклардаги ғоялар асосида камол топди.

( Шу ўринда Қўшкўпир тўғрисида қисман маълумот келтирсак. Вилоятнинг ғарбий қисмида жойлашган, бу туман топоними Қўш-кўприк номидан келиб чиққан деган мулоҳазалар бор.1936 йилнинг 17 апрелида ташкил этилган ( 1962 йилнинг 14 декабрида Хива туманига қўшиб юборилган, 1966 йилнинг 9 январида қайта ташкил қилинган) бўлиб, майдони 0, 54 минг км 2.Қўшкўпир аҳолиси асосан ўзбек, туркман, эроний, рус, татар, корейс ва бошқа миллат вакилларидан иборат.

Қўшкўпирдан 30га яқин илмий даражали олимлар, Ўзбекистон халқ артисти, раққоса , балетмейстер ва этногроф Гавҳархоним Матёқубова, таниқли хонанда Ўктам Аҳмедов, Гўзал Бегим, Ойбек Тилло, Қадам Ғойибов сингари шоирлар етишиб чиққан ).

…Хоразм Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини тугатгач, илмга иштиёқли Қўшкўпирлик ёш йигитни институтда ўқитувчи сифатида олиб қолишди. У ёшларга хос шижоат билан илмий тадқиқот ишларини олиб бориб, Хоразм воҳасида яшаган халқларнинг оғзаки ижодиётини тўплаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланди.Натижада қилган илмий меҳнатлари ўз самарасини бериб, 1972 йилда Қорақалпоғистонлик профессор Қ.Мақсетов раҳбарлигида “Хоразм воҳаси ўзбек халқ қўшиқларининг ғоявий, бадиий хусусиятлари” мавзусида номзодлик ишини ёқлади.бирин-кетин рисолалар чоп этдирди. Улар ичида “Хуршиди жаҳон галди”, “Ўзбек халқ қўшиқлари” китоблари уни нафақат илм аҳли орасида, балки санъатсевар омма орасидаям кенг танилишига сабаб бўлди.

Маълумки, Сафарбой Рўзимбоев ва унинг тенги авлод Комилжон Отаниёзов ижро этган мафтункор қўшиқлар оҳангида вояга етган авлод. Қолаверса, болалигидан эртаку достонлар тинглаб, улар таъсирида камол топган Сафарбой аканинг эътиборини торгани, Комилжон ҳофизнинг Махтумқули ва Мулланафас шеърлари, ғазалларини қўшиқ қилиб ижро этганида бўлса керак.Ана шу оҳанграболик бўлғуси олимни Комилжон ака билан учрашишга ундади.Бу ҳақда профессор Сафарбой Рўзимбоев шундай хотирлайди:

-Комилжон ака билан биринчи марта 1968 йилда учрашганмиз. Ўша йиллари мен халқ ижодиёти соҳасида тадқиқот ишларини бошлаб, бахшилар, халфалар, халқ шоирлари репертуарларини ўрганишга киришган эдим. Комилжон аканинг ҳам халқ поэзияси услубига яқин бўлган шеърларини билганлигимдан, бирор бир мақола ёзиш умидида у билан учрашига журъат этдим. Уйига бориб ўзимни таништириб, мақсадимни айтдим. Аммо Комилжон акадан бирор ижобий жавоб олиш мумкин бўлмади. Афтидан, илгари ҳам бир кимса келиб, унинг биографиясига оид маълумотлар, фотосуратларни олиб дом-дараксиз кетган бўлса керакки, у совуққина қилиб:
— Сендан олдин ҳам китоб ёзадиган ғўч йигитлардан бир-иккитасини кўрганман,-деб қўйди.

Одатда Комилжон ака бир сўзлар эди. Шу сабабли гапни чўзишнинг бефойдалигини сезиб, аста хайрлашиб , жўнаб қолдим.

Комилжон ака билан бўлган иккинчи учрашувимиз чамаси ўша мулоқотимиздан бир йил кейин тасодифан юз берди. Қиш чилласи авжига чиққан пайтлар эди. Тўй –томошанинг ҳам мавсуми қизиган давр. Дам олиш куни она қишлоғим-Кўҳна Зейга ( Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги -У.Б.) бориб, Комилжон ака хизмат қилаётган тўйга дуч келиб қолдим.

Комилжон ака колхоз раисининг ёнида ўтириб, кураш тушаётган йигитларни завқ билан кузатар эди. Кейин қўчқор уриштириш, “олтин қовоқ” бўлди. Ниҳоят , анъанага мувофиқ санъаткорлар меҳмонхонага таклиф этилди ва ўша даврага мен ҳам тушиб қолдим. Хонанданинг ёнида доирачи Отаназар Обдалниёзов, қўшнайчи Қурбонбой Бобожонов ва менга нотаниш яна бир киши ҳамда раққоса бор эди. Дастлаб “Пешрав” янгради. Куй ҳавас ва меҳр билан ижро этилгач, “Сувора”га ўтилди. Сўнгра кекса ғазалхон Орзу-Янгибой Худойбергановнинг:

Эй кўнгил, бўлғил адаб бўстонида гулнорлар,
Кўрса гулни тож этар бошига ҳар дилдорлар.

маътлали ғазалига ўтилди ва шу билан қўшиқ якунланиб яна суҳбат бошланди.Комилжон ака мумтоз адабиётни, арабий, форсий изофаларнинг маъносини яхши тушунар, мумтоз шоирларнинг кўплаб ғазалларини ёддан ўқир эди. Ўша куни негадир у отаси-Отаниёз охун Ниёзийнинг:

Ман хазинни, дўстлар, сайр ичра йўлдош айлангиз,
Ким грифт ўлмиш димоғим, базм аро бош айлангиз,

Маътлали ғазалини ўқиб, уни қуйидаги мисралар билан тамомлади:

Гар жунун ортар Ниёзийга тани урёниға,
Отғали санги фалохунни қаттиғ тош айлангиз,

Шу пайт мен бир зум бўлса-да, даврага чўккан жимликни бузиб, луқма ташладим:
-Комилжон ака, отангизнинг ғазалларини ички бир меҳр билан, қироатини жойига қўйиб ўқийсиз-а?! У бирдан ялт этиб менга қаради ва:
-Сан боёқи боломисан?,-деб қўйди шовотликларга хос “о” товушига урғу бериб. Дарвоқе ҳофизнинг мени таниганидан кўнглим сал ёришди. Ҳали гапимиз тугамаёқ қўшнайчи Қурбонбой ота орага қўшилди:
-Бу, усто, ғазалдаги “ санги” сўзи ўзимизнинг хоразмча сангими? (Хоразмда “санги” сўзи “саёқ “ маъносини ҳам билдиради-У.Б.)
-Йўқ, бу ерда тош маъносини билдиради, -деб жавоб берди устоз.

Шу фурсатда Комилжон аканинг менга очилишиброқ муомила қилгани йўл очиб бердими, ишқилиб сўзни давом қилдирдим:
-Қурбонбой отанинг сўзларида жон бор. Санг сўзи форсча бўлиб, ҳақиқатан ҳам тош деган маънони билдиради. Лекин сўзнинг кўчма маъноси деган гаплар ҳам бор. Масалан, дарё, денгизларда сузиб юрувчи катта муз парчалари ҳам санг деб юритилади. Ҳатто халқ орасида унга бағишланган қўшиқ ҳам бор:

Дарёнинг ўртасинда
Санг боради, санг галади.
Санг билан саккиз ўрдак
Данг боради, данг галади.

Санг ҳеч қачон бир жойда турмайди. Доимо сузиб юради.Қисқаси, у қаттиқлик-хусусияти жиҳатидан тош, бир жойда муқим турмаслиги жиҳатидан “саёқ” маъносига эга. “Нега санқиб юрибсан?” ибораси ҳам шу сўз билан боғлиқ.

Комилжон ака сўзларимга диққат билан қулоқ солиб ўтирарди. Қаноат ҳосил қилди шекилли, индамади.
Ана шундан кейингина, Сафарбой Рўзимбоевдаги СЎЗга эътибор, мумтоз адабиётга, фольклорга бўлган иштиёқни кўриб Комилжон Отаниёзов ўрталаридаги илиқ муносабат ўрнатилди.Кейинчалик яна мулоқотлар бўлиб, Сафарбой акада машҳур ҳофиз тўғрисида бирор нарса ёзиш иштиёқи туғилди.

Ўша воқеаларга ҳам мана неча йиллар бўлди.Бу орада Сафарбой Рўзимбоев ҳаётида шу сингари машҳур инсонлар билан кўплаб мулоқотлар бўлиб ўтди. Қолаверса, домланинг ўзиям фольклор соҳасида изланишлар олиб бориб, бир қанча ютуқларга эришди, илм оламида довруқ қозонди.

Бу орада у илмий фаолиятини давом этдириб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Қ.Мақсетов раҳбарлигида “Хоразм достонларининг лексикаси, типологияси ва поэтикаси” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, республикадаги етук фольклоршунос олим даражасига чиқди. Мавзу, унинг кўлами, аҳамияти, қадри, фанда тутган ўрни боис домлани мен мажозий маънода “Хоразм достонларини “тирилтирган” шахс деярдим. Чунки, “Хоразм достонлари” монографияси , ундаги салоҳият, салобат шундай дейишимга сабабдир.

Маълумки, баъзи илмий даража, унвон олган олимларда “энди ҳаммасига етишдим, шекилли, бу ёғига шуям бўлади”, деган тушунча шаклланиб қолган. Яъни, кўпчилигида танлаган илмий мавзуси каби , шунга яраша дунёқараш ҳам тордир. Ёки кўпчилиги кундалик ташвишлар билан банд бўлиб, агарки бирор бир илмий мавзуда суҳбатлашиб қолсангиз, гапни айлантириб ўзи ёқлаган мавзуга бураверади, ёхуд шундан келиб чиқиб гаплашаверади.Буни халқона тил билан айтганда “ магнитафон тасмасининг чайналиб қолиши” дейиш мумкин. Афсуски, бундай дунёқарашли , даражали диплом соҳиблари ҳамма жойда бор..

Бироқ Сафарбой ака бундай тоифалардан мутлақо йироқ.Чунки докторлик даражаси, профессор унвонини олганидан бери домланинг 20 дан ортиқ рисола, қўлланма, монографиялари, 80дан ошиқ илмий оммабоп мақолалари чоп этилди. Профессор С.Рўзимбоев Хоразм фольклорининг турли жанрларига оид ёзиб олган материалларнинг ўзи 40 босма табоқдан ошиқ эканлиги ҳам, унинг фидойилигидан дарак беради.Ушбу материаллар айни пайтда ЎЗФА тил ва адабиёт институтининг фольклор бўлими архивида 1636 рақамли фонд сифатида асралмоқда.Бундан ташқари Сафарбой аканинг хонадонидаги шахсий архивида ўзи ёзиб олган 60 га яқин достон ва бошқа жанрларга оид манба мавжуд.Шунингдек, профессор Рўзимбоев тўплаган Хоразм “Гўрўғли” туркумига оид достонлардан тўрттаси Туркияда нашр қилинганининг ўзиёқ олимнинг илмий фаолият доираси кенг эканлигини кўрсатиб турибди.

Сафарбой ака нафақат Хоразм, балки қўшни Қорақалпоғистон, шу каби Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятларини айланиб, у ердаги бахшилар билан учрашиб, улар куйлаган достонларни магнит тасмасига ёзиб олди.Улар бугунги кунда “олтин фонд” деб аталишга арзигулик манбалар ҳисобланади.

Домла ёзиб олиб нашр этдирган “Гўрўғли” туркумига оид достонлар, “Юсуф ва Аҳмад”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам, “ “Хирмондали”, “Бозиргон”, “Авазхон” сингари достонлар санъатсевар халқ учун катта туҳфа бўлди.
Профессор Рўзимбоев ана шу ишларни ўз касбининг давомийлигини сақлаш мақсадидаги шогирдлар етиштиришдек эзгу иш билан қўшиб олиб борди. Домланинг шогирдлари орасида нафақат ўзбекистонлик, балки Омонмурод Боймуродов каби Туркманистон, Ойимқул Пирназаров, Қоржов Жумажонов сингари Қозоғистонлик, Айдар Муртазаев, Юнус Пахратдинов номли қорақалпоқ олимлари, Маматқул Жўраев, Абир Мусақулов, Исомиддин Ёрматов, Умурзоқ Жуманазаров, Деҳқон Қозоқов сингари ватанимизнинг турли вилоятларида яшаб илмий иш қилаётган фан докторлари, кўплаб фан номзодлари бор.

1992 йилда пединститут Урганч Давлат Университетига айлантирилгач, қолаверса 1997 йилда Хоразм Маъмун академияси ташкил этилгач, профессор С.Рўзимбоев бу даргоҳларда кафедра , бўлим  мудири сифатида фаолият кўрсатди. “Хоразм фольклори” тўпламининг нашр этилишига бош бўлди.

Шунингдек, кўп йиллик меҳнатлари, қолаверса саъйи-ҳаракатлари сабаб 2004 йилда “Гўрўғли” достонини нашр этдиришга эришди. Нашрда илк бора Хоразм “Гўрўғли” достонларининг ўн олти шохобчаси жамланиб, улардан 16 тасчи илк бор эълон қилинганди.476 саҳифалик тўпламда С.Рўзимбоев Хоразм достончилик анъаналарининг асосий кўринишлари ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги мақоласини ҳам киритлган бўлиб, санъатсевар омма шу орқали достонлар тўғрисидаги тасаввурини бойитади.

Профессор Рўзимбоевнинг фаолияти шулар билангина чекланиб қолмади. Домла ўз иқтидорини таржимонлик борасидаям синаб кўрди. Қорақалпоқ шоири Ж. Хушниёзовнинг шеърларини, У.Бекбаулиевнинг “Беруний” романини, кўплаб қорақалпоқ латифаларини ўзбекчага ўгириб матбуотда чоп этдирди.

Профессор Рўзимбоев энг асосийси, ўзининг тўрт  фарзанди ичидан ҳам илмга иштиёқли Хуррамбек, Сарварбек сингари филолог олимларни тарбиялаб камол топтирди. Демак, Рўзимбоевлар сулоласи орасидан яна илмли, маърифатли, Сафарбой акага ўхшаган олимлар етишиб чиқади.

Олимнинг яна бир фазилатли нафақат фан, санъат, адабиётга, ижтимоий жараёнга бефарқ эмаслигида.Айниқса, матуотни, янги нашрларни кузатиб, улар бўйича ўз фикрларини билдириб туради.

Агар ўзимдан келиб чиқиб мисол келтирадиган бўлсам, 2014 йилда С.П.Толстовнинг “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб” монографиясини нашр этдиргандим. Хоразм маданий ҳаётида катта воқеа бўлган нашрга ўлкашунос Комилжон Нуржонов, шоир ва драматург Комил Аваз, кинорежиссёр Солий Давлетов, психология фанлари номзоди Н. Қодироваларнинг мавзудан келиб чиқиб умумий фикр билдирган тақриз-мақолалари ( “Хоразм ҳақиқати”, “Гурлан ҳаёти”, “Янгибозор кўзгуси” газеталарида ) чоп этилди. Афсуски, 20 дан кўп фан номзодлари бор УРДУ тарихчилари фақат оғзаки равишда катта муваффақият билан табриклашди. Бироқ матбуот орқали нашрнинг аҳамияти, камчиликлари тўғрисида бирон киши чиқиш қилмади.

Фақатгина профессор С.Рўзимбоев (фолкьлоршунос), доцент Р.Йўлдошев (тилшунос ) лар УРДУ нинг “Илм сарчашмалари” журналида тақриз билан чиқиб, баъзи камчиликларни танқид қилишди: “ Бу асарнинг қайта нашр қилиниши маданий ҳаётимизда қувонарли воқеа бўлди. Албатта, китобнинг қайта нашри баъзи нуқсонлардан холи деб айтиш қийин. Асарни этишга тайёрлашда нашриёт муҳаррирининг лоқайдлиги сабабли кўплаб хатолар тузатилмасдан, яъни шошма-шошарлик билан босмахонага топширилган. Китобга тўрт киши тақриз ёзган, икки киши муҳаррирлик қилиб, яна бир киши мусаҳҳиҳлик вазифасини адо этган. Китоб ана шу етти нафар мутахассиснинг қўлидан ўтган бўлса ҳам, матнда хатоларга йўл қўйилган”, дея мисоллар билан камчиликларни кўрсатиб ўтишди. Ҳа, тарихчилар сукут сақлашганда филологлар ҳаққоний фикр билдиришди, ўз муносабатини айтишди.Бу мен учун албатта сабоқдир. Бироқ мен, муҳаррир ғоятда эътиборли бўлиши кераклигини, мусаҳҳиҳ янглишиши мумкинлигини таъкидлаган бўлардим. Чунки, ўша икки ярим бетли тақризда мусаҳҳиҳ 8 та хатонинг чоп этилишига йўл қўйган.

Муҳтарам ўқувчимиз муаллиф мавзудан чалғигандир дейиши мумкин. Йўқ, мен бу ўринда профессор Рўзимбоевнинг фан, санъат, адабиётга бефарқ эмаслигига мисол келтирдим. Қолаверса, домланинг  (мазкур сайтда бир неча соатдан кейин) сизнинг эътиборингизга ҳавола этаётган мақоласи ҳам нашр этилган  Мулланафас китобининг таржимаси ҳақидадир. Ҳа, домлани бекорга жараёнга бефарқ эмас демадик. Бу ўринда баъзи олимлар орасида маҳаллийчилик кучлигини ҳам таъкидлаб ўтирган бўлардим. Яъни, ўзининг воҳадош, тумандош, қишлоқдоши бирон арзигулик бўлмаса ҳам иш қилса, уни осмонларга кўтариб мақтайди. Аммо, ҳаққоний камчилигини асло тилга олмайди.

Сафарбой ака эса мутлақо бу тоифадан эмас. Негаки, Сафарбой ака Қўшкўпир туманилик. Мулланафаснинг таржимонларидан бири Гўзал Бегим ҳам шу тумандан. Демакки, ҳақиқий олимда шу каби ҳақ гапни айтиш хислати ҳам бўлмоғига оддий мисол бу.

Мен Сафарбой Рўзимбоевдек 73 ёшли олимга соғлиқ, оиласига ризқу барака тилаган ҳолда, у кишининг шогирдлари орасидан ҳам Жаббор Эшонқул, Баҳодир Каримовга ўхшаш кенг қамровли, фундаментал тадқиқотлар олиб борадиган фольклоршунос, филологлар етишиб чиқишини истардим.

07

(Tashriflar: umumiy 208, bugungi 1)

Izoh qoldiring