Voqif Samado’g’li. She’rlar (2)

yusuf samad

ВОҚИФ САМАД ЎҒЛИ

Таниқли озарбайжон шоири Воқиф Самадўғли (Vaqif Səmədoğlu) 1939 йилнинг 5-июнида Боку шаҳрида туғилган.Озарбайжон шеъриятиниг устунларидан бири бўлмиш Самад Вурғуннинг ўғли.
Воқиф Самадўғли Булбул номидаги мусиқа мактабини, Узейир Ҳожибеков номидаги Озарбайжон давлат консерваториясида таҳсил олган.»Ҳумой» мукофотининг соҳиби. 20 дан ортиқ фильм сенарийлари муаллифи.
Воқиф Самадўғлининг шеърлари туркий халқлар адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.

 БИЗМАС,АЛЛОҲ ИШОНАР БИЗГА…

Бизмас,
Аллоҳ ишонар бизга…
Ишонмас қўлимиз қонга ботганда,
инсон инсонга тош отганда.
Бир он кўк юзи
гўдак табассуми каби кўринганда кўзга,
инсон “Дунё гўзалдир” деганда
юзини тутиб денгизга,
биз эмас,
Аллоҳ ишонар бизга.

СЎНГ КЕЧАДИР БУ ТУН ҲАМ ЯНА…

Сўнг кечадир бу тун яна,
Бу тонг яна охирги саҳар.
Сўнгги шамол тўлар елканга,
Қайиқ кезар дарбадар…

Охирги ёғочдир бу,
Эсар сўнгги елвизак.
Боғлайди охирги йўлинг
Яна сўнгинчи фалак…

Энди охирги кўчадан
Қўйилар сўнгги қадамлар.
Яна айланур шарпага
Сарсари сўнгги одамлар…

Туғилар охирги инсон,
Охирги инсон-да ўлар.
Шунда сўнгги бора йиғлаган
Сўнгги бора кулгандай бўлар…

1963

БИР ЖУФТ КОВУШ…

Мозоримга
қўйманг қабртоши
ва ё ҳайкал.
Бир жуфт ковуш қўйинг,
кийиб кетсин
бир оёқяланг…

1963

ҚЎЛИМНИ УЗАТДИМ…

Қўлимни узатдим
севинч ахтариб,
Кўрдим –
йўқ,
ўртада кадар ётарди.
Отамни чақирдим –
ёрдамга келсин,
Кўрдим –
йўқ,
ўртада қабр ётарди.
Юз тутиб кетардим
Аллоҳ тарафга,
Кўрдим –
воҳ,
ўртада умр ётарди…

1980

MЕН ЎЛГАН КУН…

Мен ўлган кун
бир шамол эсажак кўчаларда.
Ва учирар
ипга осилган, қуриган
сариқ доғли гўдак иштонини.
Мотам байроғидек ҳилпирар
гўдак иштони
мен ўлган кун…

1982

MЕНГА БИР ОЗ ЁМҒИР…

Менга бироз ёмғир,
бироз коньяк,
бироз-да кўз ёши лозимдир,
бир-да яна бу хона,
бу чироқ, бу қоғоз-қалам
бугун лозимдир ёмон.
Ва бир-да
эшигининг калити
ўз қўлимда бўлган
бир мозор лозимдир менга,
керакмас
бу эшикнинг олдида,
бу хонада ўтириб
шеър ёзмоқдан ўзга роҳат…

1982

ИЛОҲИ, ҚАЙСИ ТИЛДА ЁЛВОРАЙ СЕНГА?..

Илоҳи,
қайси тилда ёлворай сенга?
Бир дуо етар
йўқса сенгада
оғиз очмоқ керакдир дона-дона?
Сенга эмас, дунёга эмас,
ўзимга куларман,
чунки яратганинг неча минг тилдан
фақат иккисини биларман.
Буларнинг биридан
ер ҳам, кўк ҳам хабарсиз…
Иккинчисида
ёлвораман сенга энди:
Господи, помоги, господи…

1982

Карим Баҳриев таржималари

Shoirning oldin taqdim etilgan she’rlari sahifasiga o’tish  uchun yozuvni bosing

(Tashriflar: umumiy 83, bugungi 1)

Izoh qoldiring