25 yashar chollar prozasi.

0990

Ҳар бир авлод дунёни ўз талқинида, ўз услубида тасвирлашга интилади. Бу қадим жаҳон айвонига чиққанига чорак аср бўлиб-бўлмаган тенгдошларим ҳам қўлига қалам олиб, муаззам ҳаёт манзараларига чизгилар беришга қасд қилган экан, бундан фақат мамнун бўлиш керак. Хўш, уларнинг юраги қандай изтироблар билан ураяпти? Ёш ижодкорларимиз нималардан қувониб, нималардан қайғураяпти? Тенгдош қаламкашларни қандай хусусиятлар бир давра атрофига жамул жам этади?

011

Фаррух Жабборов
“25 ЯШАР ЧОЛЛАР ПРОЗАСИ”
ёки тенгдошларим ижоди тўғрисида айрим малоҳазалар

Бундан беш минг йил олдинги одамлар ақлу хуши билан бугунги кишилар тафаккури ўртасида еру осмонча фарқ бор. Орадан ўтган асрлар давомида инсоният интеллекти мислсиз даражада ўсди, қанчадан қанча кашфиёту ихтиролар қилинди. Аммо милоддан аввалги III-II минг йилликларда яратилган шумерлар эпоси – “Гилгамеш” қаҳрамонлари ҳис-туйғуси, ғам-қайғуси бугун бизнинг ҳам кўнглимизга яқин. Демак, онг қанчалик илгарилаб кетмасин, сезги-ҳиссиёт деярли ўзгаришсиз қолавераркан (илмий китобларнинг энг янгисини, бадий асарларнинг энг эскисини ўқиш керак, деган гап ҳам бежиз айтилмаган). Бинобарин, инсоншунослик илми – бадиий адабиётнинг мавзулари ҳам барқарор, унча-мунчага янгиланавермайди. Фақат ҳар бир авлод дунёни ўз талқинида, ўз услубида тасвирлашга интилади, холос. Бу қадим жаҳон айвонига чиққанига чорак аср бўлиб-бўлмаган тенгдошларим ҳам қўлига қалам олиб, муаззам ҳаёт манзараларига чизгилар беришга қасд қилган экан, бундан фақат мамнун бўлиш керак. Хўш, уларнинг юраги қандай изтироблар билан ураяпти? Ёш ижодкорларимиз нималардан қувониб, нималардан қайғураяпти? Тенгдош қаламкашларни қандай хусусиятлар бир давра атрофига жамул жам этади?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан “Ношир” нашриётида чоп этилган “Олтин кўприк” тўпламини мутолаа қилиб, саволларимизга жавоб топгандек бўламиз. Жуда катта умид ва баланд кўтаринкилик билан ном қўйилган китобга 25 ёш атрофидаги қаламкашларнинг ижодидан намуналар киритилган. Шеър ва таржимадан ташқари ўн битта ҳикоя тақдим этилган (назарий мезонларга қай даражада жавоб беришидан қатъи назар, шартли равишда барчасини шундай атаймиз). Демак, суяги бир даврда қотган, дунёқараши бир даврда шаклланган ўн бир нафар ёш ижодкор – ҳар бири ўзига хосликка, бошқаларга ўхшамасликка интилади, аммо барчасини бирлаштириб турувчи умумий жиҳатлар ҳам бисёр. “Олтин кўприк”ни ўқиш асносида кузатганимиз – ёш носирлар уч йўналишда ғайрат қилишмоқда.

1. Адабиётимиздаги анъанавий, синалган услубда ёзаётганлар – Нурилла Чори, Дилмурод Содиқ ва бошқалар.
2. Насримизда 1980-йиллар сўнгида урфга кирган рамзлар, мажозлар тилига мойил қаламкашлар – Жасур Кенгбой, Азиз Норқул ва бошқалар.
3. Ўзбек китобхонлари ҳазм қилолмайдиган, ҳатто адабиётшунослар ҳам “жўн ҳодиса эмас”дан нарига ўтолмаётган, аниқ ташхис қўйилмаган мураккаб услубда от сураётганлар – Умид Яъқуб ва бошқалар.

Тўплам чоп этилиб, китобхонлар қўлига етиб боргач, тақдимотда, матбуотда ва бошқа давраларда обдон муҳокама қилинди. Ҳар ким – устозлардан тортиб, оддий ўқувчиларгача китоб ҳақидаги ўз фикрларини айтди. Профессор Баҳодир Карим тўпламдаги ҳикояларни “бадиий адабиётдаги қадим бир мавзу” – ўлим ҳодисаси “бир махраж остида” бирлаштиришини таъкидлаган бўлса, камина китоб тақдимотида деярли барча ёш ижодкорлар чоллар ҳаётини қаламга олганига эътибор қаратганди (ўн битта ҳикоядан олтитасида шундай, қолганларида ҳам кимсасиз кишилар образига дуч келамиз). Ҳали кўпчилиги уйланмаган йигитларнинг бева қариялар ҳақида ёзиши ғалати эмасми? Шу ҳақда гап кетганда бир устозимиз “Яхши-ку, 25 яшар чоллар прозаси!” деди ҳазилга йўйиб. Ўзи, биз тенгилар ёшлик жўшқинлигидан мосуволик айби билан кўп калтакланади. Ўтиш даври фарзандлари (“йўқотилга авлод”, дегувчилар ҳам бор) табиатида мулоҳазакорлик, охирини ўйлаш, бироз сусткашлик, ҳа ана, журъатсизлик хислатлари кўпроқ бўй кўрсатиши ҳам рост. Ҳикояларни мутолаа қила туриб, бунга бот-бот амин бўламиз. Аммо 25 ёшида қариб қолган авлод ҳақида гапириш тўғримикан? Бу ҳақда кўп ўйладим. Нега ўзим ҳам қўлимга қалам олиб, олдимга оқ қоғоз қўйсам, шу томонга йўрғалаб кетаман? Сабабларини биргаликда қидирамиз:

Биринчи фараз. Барчаси ёш ижодкорлар табиатидаги босиқлик, муросасозлик характерига бориб тақалади.
Иккинчи фараз. Биз ўқиб улғайган китобларда ҳам чоллар образи кўп-да, деган эди Нурилла Чори.
Учинчи фараз… Ҳикоялардаги қариялар тимсоли ижодкорларнинг руҳиятидаги кексалик маҳсулимикан? Йўқ! Китобни синчиклаб мутолаа қилсак, бу саволга ана шундай кескин оҳангда “Йўқ!” дейишга ҳуқуқ берадиган асослар топамиз.

Бунёд Абдулланинг Қурбон отаси. Ҳикояга асос бўлган воқеаларни муаллифга момоси айтиб берган. “Чўпоннинг ори” аввалида бу ҳақда аниқ-таниқ қилиб ёзиб ҳам қўйилибди. Қолаверса, Қурбонни чақалоқлигидан асраб олган чўпоннинг исми билан муаллиф фамилияси бир хиллиги ҳам ҳикоянинг автобиографик хусусиятга эгалигини тасдиқлаб турибди.

Нурилла Чорининг “Лўлитопмаслик чол”и. Мавзудан бироз четга чиқсак-да, шу ҳикоянинг тили ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Тўпламдаги тили энг образли, бой ва чиройли асар “Лўлитопмаслик чол”дир: “Юлдузлар кўлларга, дарёлар ва ариқларга, ирмоқларга, ҳатто булоқнинг кўзига тўкилиб қолган”, “Чолдевормас, кампирдай букчайган ҳужра”, “Ер куррасининг қоқ киндигидан кучиқарга терс тарафдаги Лўлитопмас”… Бундай жумлалар асар поэтикасини кучайтиради, ўқувчига эстетик завқ беради.

Қулмат чол она қишлоғи – Қизғалдоқдан бош олиб кетиб, бошқа бир қишлоққа бориб қолади ва ғарибона ҳаёт кечира бошлайди. “Тўйдан қайтишда болалар “самоварчи чол”, деб ортидан эргашиб чопади. Бири тош отади. Бошқаси тош отганга дўқ уради. Яна бири қўшиқ айтишини сўрайди. Унинг бисотидаги бор-йўғи битта такрор-такрор айтиладиган қўшиғи болаларни анграйтириб қўяди:

Эчким туғди – сути йўқ,
Қумарасин қути йўқ”.

Биз ҳикоя муаллифини ана шу болалар орасидан осонгина топиб оламиз. Чолнинг қўшиғидан анграйиб турган, Қулмат подачига тош отган болаларга дўқ ураётган болакай –Нурилла Чориев қиёфасини аниқ тасаввур қиламиз.

Дилмурод Содиқнинг “Ўзидан қочаётган одам”и. Бозиқ чўпон ҳам Қулмат подачи каби кимсасиз. Аммо у “тамом бўлган одам”, лўлитопмаслик чолга ўхшаб ҳар қанча қийинчилик кўрса-да, ўзини инсон сифатида сақлаб қололмаган. Муаллиф воқеа болалигида бўлиб ўтганини очиқ айтади, биринчи шахс – бола тилидан ҳикоя қилади. Бу ҳикоянинг ҳам тили анчайин ишлангани, ифодаси равонлигини алоҳида таъкидлашни истардик.

Акобир Саййиднинг бобоси. “Дарахт пўстлоғидаги битиклар” ҳам болаликни бадиий ижрок этишдан туғилган ҳикоя. Асар қаҳрамони ёшгина йигит умри поёнига етаёзган, қари ёнғоқ дарахти билан сўзлашадиган бобоси ҳақида “Ўсмирлигимда чол ўша пайтлар чарчаган бўлса керак, деб ўйлардим”, дейди. Демак, у ҳали ҳаётнинг моҳияти, ўлимнинг нималигини англаб етмаган. Йигит бироз улғайиб, катта шаҳар қийинчиликларини кўриб, шундан кейингина бобосининг кечинмаларини яхши тушуна бошлайди.

Салим Абдураҳмоннинг кекса ва кимсасиз Холмат қассоби ва Бобур Набининг “Чол ва денгиз”ни ўқийдиган қарияси ҳам кенжа авлод, набиралар кузатуви асосида тасвирлангани сезилиб туради.

Ҳикояларга батафсил тўхталишимизнинг боиси шундаки, барча кекса қаҳрамонлар ёш ижодкорларнинг руҳиятидаги чоллик эмас, балки болалик хотираларидаги чоллардир. Худди “Дарахт пустлоғидаги битиклар” сингари бошқа ҳикоялар ҳам ҳаёт ҳақидаги илк тасаввур ва таассуротларни қайтадан бадиий идрок этиш орқали ёзилган. Устоз Баҳодир Карим урғу берган ўлим мавзусининг кўп учраши сабабини ҳам шу нуқтада кўрамиз. Ҳар бир бола илк бора ўлим воқеасига дуч келганида жуда муттаасир бўлиши табиий, албатта.

Тўпламдаги ҳикояларни бир сирада умумлаштирадиган жиҳатлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Негаки, бу асарлар ёшларнинг минглаб, миллионлаб қалбидан иборат УЛКАН ҚАЛБ мавжларидан пайдо бўлган. Шу боис улар ҳақида бир асар хусусида гапираётгандек ёзиш ҳам мумкин. Хусусан, Жасур Кенгбойнинг қаҳрамони болаликнинг мусаффо дунёсидан узоқлашишни, жамиятнинг темир қонунлари билан ҳисоблашишни истамайди. Бу густоҳлиги учун унинг бурнига ҳавочин ўрнатиб қўйишади. Муаллифнинг бадиий топилмасини жамиятнинг қатъий, кўнгил амрини инобатга олмайдиган тартиб-интизомлари рамзи деб ҳам, инсонни самоларга парвоз қилишдан тўхтатиб турган оёғидаги тушовлар – кундалик ҳаёт ташвишлари деб ҳам тушуниш мумкин. Азиз Норқулнинг (бизнингча, муҳокамаларда бу ижодкорнинг изланишлари бироз эътибордан четда қолгандек бўлди) қаҳрамони эса бурнидаги ҳавочинини олиб ташлаб, бир зумда Улкан Одамга айланиб кетади: ёнасига қулайди, боши пастга қараб энаяпти-ю, оёғи жойидан жилмасди (оёғи осмонга ёпишиб қолган, яъни ердан узилган, қўллари эса қаерга узатса етади). Гарчи Улкан Одам бўлса-да, ҳаммаси жонига тегади ва баридан воз кечади. Шунда бир пасда заминга қулайди, думалагани сари кичрайиб боради, охири ўзининг болалиги тўхтатиб қолади. Ва ҳамма қатори ҳаммасини бошидан бошлайди…

Азиз Норқулнинг қаҳрамонлари биладики, юрак вужудсиз ҳам, вужуд юраксиз ҳам яшаб кетолмайди. У иккисини бақамти олиб боришга интилади. Бурнига илинажак ҳавочинларга тоби тоқати йўқ, шу боис муросасизликдан муросасозликни маъқул кўради. Муаллиф бизни кўп чалкаштиради. Бир ўринда “У қалбига қулоқ тутар экан, дунё ҳам албатта ўзгаради. Зотан, бу … яшаб қолишнинг ягона чораси”, деса, сал кейинроқ моддиятни бирламчи қўяди: “Либослари вужудидаги кексаликни, руҳиятидаги ғарибликни ичига ютиб, яшаб қолишига қувват бағишлаётганди”. Фикримизча, бу тенгдошимизнинг ёзганлари ҳаётда қайси йўлдан кетишни билмай тентиётган қалб иккиланишлари ифодасидир.

Айтганча, бугунги ёш носирлар ижодида худди шу мавзу – йўл бошида турган одамнинг йўл охири ҳақидаги ўйлари ҳам етакчилик қилади. Масалан, бир умрлик бисоти – пешона тери билан топган бойликлари, медалу орденларини заранг таёғи ичидаги ғовакка сақлаб юрадиган Қурбон ота образига қайтайлик. Бунёд Абдуллани ўйлантирган, таъсирлантирган биринчи ҳодиса – чўпоннинг ори (ҳикоя номи шунга ишора қилади). Аммо иккинчи масала ҳам бор. Кекса чўпон қадрдон таёғини йўқотиб қўйгач, ирим қилади: бир умрлик меҳнатим, топганим ҳалол эмас экан, деган хулосага келади. Муаллиф арзимас бир нарса туфайли бутун тоат-ибодатнинг бир пул бўлиши, умр шомидаги афсус мавзусини ҳам кўтармоқда (шу маънода Қурбон ота образи Ботир фирқага яқин туради). Тенгдошларимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг “Бир вазиятга тушмасдан, ундан қандай чиқиб кетишни ўйла!” ўгитига қаттиқ амал қилиши ҳам кўриниб турибди. Бир сериалдаги “Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди!” деган гап ёшлар орасида кенг оммалашиши уларнинг феъл-атворидаги мулоҳазакорлик кучлилигидан дарак беради, аслида.

“ҲавОчун” ҳикояси қаҳрамони “Шунча йил яшасам-да, МУВОЗАНАТларни тушуна олмадим, ақлим етмади”, дея ёзғиради. Лекин бу кўпни кўрган одамнинг эмас, шу пайтгача “виждон математикаси” (Азиз Норқул) билан яшаб келаётган навқирон авлоднинг изтироблари. Демак, иккинчи йўналишдаги ҳикоялар ўсмирлик давридаги қалб кечинмаларидан яралгани тўғрисида фараз билдириш мумкин.

Қайсидир европалик ҳукмдор “Ёшларимиз виждонан яшамоқчи, шекилли?!” деган экан киноя билан. Ёш ижодкорлар тўплами – “Олтин кўприк” китобини мутолаа қилиб, ана шу мустабиднинг гаплари ёдимизга тушди. Бугун биз бемалол, кесатмасдан, киноя қилмасдан, тўппа-тўғри маъноси билан айтишимиз мумкинки, ҳа, аксарият ёшларимиз виждонан яшамоқчи!

“Олтин кўрик” китоби сўзбошисида келтирилган, Тоғай Муроднинг кундалик дафтаридан олинган қуйидаги жумлалар бугунги мавзумиз учун яхши якун бўлади, назаримизда:

“Ижод сири – ёшликни сақлаб қолишда.
Буюклик сири – болаликни сақлаб қолишда.
Болалик интуицияси, сезги ҳиссиёти алдамайди, ижодкорга умри давомида оламни объектив идрок этиши учун замин бўлади, маёқ бўлади”.

Шундай бўлсин!

022

02
Нурилла Чори

Нурилла Чори 1983 йили қишнинг адоғида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Изиллоқ қишлоғида туғилган.
2003-2007 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. У 2007-2011 йилларда “Ёш куч” журналида фаолият юритган. Шу йиллар давомида бир қанча Адабий гурунглар эълон қилган.
Ҳикоялари “Ёшлик” ва “Жаннат Макон” журналида чоп этилган. Шунингдек, ёш ижодкорларнинг “Олтин кўприк” тўпламидан ўрин олган.

ЛЎЛИТОПМАСЛИК ЧОЛ

Ўшанда нима бўлган, буни ёлғиз Эгам билади, яна Қулмат чол билан ити билади.  Бошқалар ҳам билишга билади-я, аммо уларнинг на кўзлари, на қулоғи ва на тили бор. Ҳа, айтганча, уларнинг туққанидан тонган этаги йиртиқ қизи, шалварини кўтариб чопиб юрган ўғли йўқ. Поданинг ортидан таёғини судраб бир чиққанида ойлаб кетадиган қизғалдоқлик Қулмат подачи пешонаси тиришиб, буришиб, бурни оқиб мўйловига тушиб, соқолини кўз ёшлари ювиб, эшонларнинг пойқадамига ширбоз-бўрдоқи, олабош-қорабош қўйларни сўйиб, муллаларнинг этагини кўзига суртиб юрди. Аёли Зубайда фолчи-ю қушночларга оқ товуқ-қора товуқ, кулранг ва чипор товуқ қилиб, авлиё-ю шаҳидларнинг мозорини бот-бот зиёрат этди. Дугоналари айтган «ёр-ёр»лар қулоғига элас-элас ҳам эшитилмай қолиб, қирмизи олмаёноқ юзини сўлғинлик маҳв этганида тақимини ўпган сочига оқ оралаб тирсагига етмай қолди. Эрининг чайир қўллари бўшашиб, ёши олтмишнинг остонасига етганида, «шўр» дея аталмиш манглайларига
бир тирноқ битди. Битишга-ку битди-я, лекин у тирноқ, ҳа-ҳа-а, олти ой ичида, норасидалигида қазо қилди.
Аввалига шердай наъра тортди, кейин оч бўридай увиллади, тўпорилигига ярашадиган жиззакилигини йўқотиб қўйди.
Кеч куздан эрта баҳоргача чолдевордан нари-бери бир айвоннинг икки қанотидаги ҳужрасида у билан бойўғлилар истиқомат қилаётгандан бериям, ўҳ-ҳў, қанча мезон шамоллари эсиб, анорларнинг бағрини тилди. У индамас, одамови ва хаёлпараст бўлиб қолган бўлса-да, Қулмат исмига қапишиб, шу билан бирга, тирик эканидан нишона бериб келаётган подачилигини қўймади. Элининг подасини аёли ва ўша тирноқни кўрган ит билан боқиб, дардлашиб, ошалолини териб юрди.
Кўкламда қора қуюндай булут бостириб келиб, момоқалдироқ гумбурлаганидан сўнгги ёмғирига эркалик қилиб борлиққа бўй кўрсатган майсалар бўйи етмай поданинг мадорига айланади. Қуёш ерга бош урган паллада моллар жодраб*, қора ерни ютадигандай қирларга ўрлаб кетади.
Қулмат поданинг бошида, ити ортида, қўшни отарга қараб қирдан эна бошлади. Нонхалтасининг таги тешилганиданми ё бойўғлихона бўлиб қолган чолдеворга ошиққаниданми, кечадан бери қишлоққа кўзи учади. Тинчи йўқолган. Ҳаловатдан мосуво, гарангсиб юриб, ўзидан анча олислаб кетган чўпоннинг яқинига бориб тўхтади. Ит подани айланиб чопа бошлаганида юлдузлар кўлларга, дарёлар ва ариқларга, ирмоқларга ҳатто булоқнинг кўзига тўкилиб қолган, ой бўлса Қулмат подачи, подаси, ити ва унга қавмдош бўлмишларга этагидан жой берган тоғнинг бошида сочини тарарди.
— Ув-в, Қулматбой подачи, келсинлар, келсинлар! Биз томонга қайси шамол учирди? Йўқлардингиз-да, қишлоққа тушгандами, қишдами, а? — дея ундан икки-уч кўйлакни йиртишда ортда қолган, келбатига қарабми, одамлар исмига «туя» сўзини қўшиб атайдиган жинжаклилик чўпон қарши олди.
— Ҳеч одам бўлмадингиз-да.
— Сен одамман деб юриб тур қани. Бизам одам бўлиб қолармиз, Қулматбой!
— Сизданам тузук гап чиқадими ўзи?
— Чиқади-чиқади. Эгалик қилолмасанг, мен нима қилай?! Ҳи-ҳи-ҳи… Сенга ҳайронман, подангни боқиб юравермайсанми, туппа-тузук подачисан. Акамнинг ёқасини ушлашни ким қўювди. Раҳматли армонда ўлиб кетди. Мановининг кўзи бўлса кеча кўрардим, тилинг танглайингга ёпишгур бид-бидлаб тинмайди. Яна бир марта айтса, ўлиб қоладими ё осмон узилиб ерга тушадими, а? Уни сен ҳам эшитсанг, аҳ, бир борагина эшитсанг, — деб ўз майлида куйиб куйлаётган, алмисоқдан қолган пачоқ радиосини Ташман туя таёғи билан туртди.
— Нимани айтсин?
— Ғармистонда катта кураш бўлибди. Ана шуни айтсин! Ҳа-а, ана шуни айтсин! Шунда-а-а раҳматлини сирқиндиси Шамсиддин полвон бўлибди. Ана муни айтсин! Шамсиддин бизга тортган. Тоғаларига тортганида борми, уям ит тирсак, сатанг акасига ўхшаб гўрам бўлмасди. Унинг елкалариям меникидай-да. У худди ўзим! Қуйиб қўйгандай ўзим. Ҳа, ўзим у. Ўзим.
— Рўзимурод раҳматлини улини айтаяпсизми?
— Бўлмаса кимни айтаяпман?
Қулмат подачининг дами ичига тушиб ниманингдир ҳисобини олди ва тилга кирди:
— Рўзимуродни ули, Рўзимуродни ули… Полвон бўлдими? Ундай бўлса ҳалоли бўлсин. Сизнинг бу марсинишингизда* тонгам отади. Мен қишлоққа тушиб келай дегандим. Шу десангиз, сиздан…
— Дарди бўлмаса Қулмат подачи келмайди дегандим ўзимам, манови иштони ҳўл болага, — бўйи бўйидан баланд йигитга ишора қилган Ташман туя кулиб ва яна ўз сўзида давом этди: — Олдин бир пиёла чой ич, қишлоққа тушиш қочмайди. Подангга бўлса ўзим кўз-қулоқ…
Ой Қулмат подачининг йўлини сочлари билан супурмай қўйганида юлдузлар ердан йироқлаб кетди. У эшакнинг биқинига ниқтаб, «Бўрибосар» дея итини йўқлаб-йўқлаб Қизғалдоққа эниб келганида майин шабада қишлоқни аллаларди. Қишлоғи Зубайданинг хамирига ўхшаб кўпчиб кетганига Қулмат подачи шу тонг эътибор қилди. Унинг кўзига узоқдан чолдевори кўринмас, гувала-ю пахсадан қад ростлаётган иморатлар орасидан олдин ҳам ўтиб борганини эслади. Аммо шу кўкламда подани қаерга тўплаганини эслолмади. Илгари унинг кулбаси олдига қишлоқдошларининг мол-ҳоли тўпланар, у кузатар, қайси бири подага эргашолмаса қўшмас эди. Бу одатларини қачон унутганини қизғалдоқликлар тугул энди Қулматнинг ўзи ҳам билмайди. У завжаси ва пешонасига сиғмаган зурриёти қайтиш қилганидан бери кўпчиб бораётган қишлоқ одамларининг хизматини қилиш учун кун кўраётган ва улардан умидворлигини бировга, ҳатто ўзига ҳам айтолмаган бўлса-да, кўнглининг туб-тубида қип-қизил қизғалдоқдай очилган дардини тунлари
бошқаларга билдирмайди, ўзича тентирайди ва бир маҳалга бориб беҳол йиқилади. Шу йиқилишда ой нурларини Зубайданинг сочидай уриб, ол омонатингни, дея зорланади. Кўзини юмганча юлдуз санайди. Яктагидан қўлларини чиқариб, белбоғи билан, тиши оғриган бемордай жағини боғлаб, яна бир белбоғ билан юзини ёпади. Оёғининг бош бармоқларини бир-бирга теккизиб шардозлаб, таёқдай ётади. У шунга одатланиб қолди.
Эгри-бугри чатишиб, чигали ёзилмаган илонизи, ёлғизоёқ йўллар катта йўлларга туташиб подачини аҳли қишлоқ томонидан «Қулматнинг бойўғлихонаси», дея аталмиш кулбасига олиб келди.
Қийиқ кўзига чолдевор эмас, кампирдай букчайган ҳужрасининг тамбалаб қўйилган эшиги очиқ кўринди. Очиқ эшик подачининг хаёлларини аёли томон етаклади. Унинг йўлига қачонлардир канда қилмай пешвоз чиққан Зубайда ҳозир яна бир бор Қулматга, ҳа, ўша оғироёқ кунларидаги табассумидан ҳадя этадигандек ва унинг келишини кутган, кутганда ҳам узо-о-о-қ кутган туюлди. Қулмат эса аёлининг чиқишини ич-ичидан истаб жуда секин, оҳиста одимлай-одимлай кўзини юмганча елкасидан сирғалиб тушиб кетган хуржуни устига ўтириб қолди. У кўзини очишни, очганда ҳам бошпанасига қарашни хоҳламасди: димоғига кўклам нафаси, олча гули ифори урилди, юзига олча гуллари бирин-кетин тўкила бошлаганида… Оғирлашиб қолган қулоғига бир лайчанинг акиллаши-ю, Бўрибосарнинг мағрур ириллашига қоришган ва шу дамгача Қулмат эшитмаган нолишли увиллаган овоз эшитилиб, хаёли жамланди. Ўзининг ғариб дунёсида кўз очди. Осмон гардсиз, тоғдан эсаётган шабада қишлоқдошларини уйғотишни
истарди. Подачи итига кўз қирини ташлаб катта-катта очилган нурсиз кўзи бақрайиб турди ва кўзини уқалаб қаради, соқолини сийпаб, яктагини кўтарди ва кўксига «туп-туп»лади. Яна итига тикилди ва падарингга лаънат, дея уруғ-аймоғини ағдар-тўнтар қилиб, оғзи кўпириб, тупугини сачрата бошлади.
Ит тишлаган этни Қизғалдоқнинг иссиғида идраб кетган ва тердан сарғайиб ҳидланган яктагига ўраб-чирмаб олишга олди-ю, энди нима қилишни билмай мустар қотди. Эл оқсоқоли Тиркашов муаллимга хабар берсинми? Йўқ-йўқ, унинг ўғли Ғармистондай катта шаҳарда эгарга ўтиргандан бери Тиркашов муаллим қутурган. Қулматдан бошқаларни ҳам қопяпти. Уни ҳам қуруқ қўймай бир-икки даврада изза қилгани бор гап. Эшонникига боришга борди-я, лекин эшони тушмагур ўтган кузда барзанги, қориндор ва калбош раисга Қулмат назир қилган улоқни сўйиб, анави зормандадан қуйиб, «Биз эшон бобонгиз бўламиз, сиз муридимсиз. Раҳматли отангиз хўб яхши одам эди. Сизнинг камолингизни кўрмай ўтди-да, эссиз, одам дегани шундай ўтиб кетаркан. Билмай қоларкансиз. У киши бизни тез-тез йўқлаб келиб, ўғлимнинг мартабаси улуғ бўлсин, деб дуо олгич эди», дея совхоз чўчқасига эгалик қилиши Қулматга қаттиқ ботган. У бундай пайтда гина-кудуратларни унутиш кераклиги учун унутмади, балки айни дамда довдираб қол
ганди. Шу боисми, оқсоқолу эшоннинг измига кўпам кирмайдиган ва улар юрган йўлларда оқсаб қолмайдиган Мулла махсумни барчадан маъқул билдими, уникига қараб бўри йўртиш қилиб боргунича ҳарсиллаб қолди.
Махсумнинг эшигига борганида тонг отган эди. Мулла махсум аёлининг сочлари тўзғиб, бошидан сирғалган рўмолини нозик қўлига олиб, «Ҳув, ҳозир-ҳозир! Ҳу-в, ким? Ким эди?» деб овоз бериб подачига пешвоз чиқди.
— Кеча Турдихол момонинг тили тортиб кетиб, болалари «чабҳачаб» бўлиб қолди. Шунқор Мирзомнинг отаси ҳам ўша ерда эди. Келганига бирпас бўлди. Озгина дам олай деганди. Нима? Ишингиз бормиди? Ё ошалолни бизникидан бошладингизми, подачи буваси?
Кўзини йиртиб очган хотиннинг товуқдай пат-патлашини Қулмат бўлди:
— Муллага айтинг, бизнинг бўсағага бир тирноқни ташлаб кетибди. Уни ит ўйнабди.
— Аҳ? Нима!
— Бизникига борсин!
Мулла махсумнинг хотини сонига шапатилаб, додлаб уйига чопди: «Ҳу, отаси, кўргилик! Бу бир кўргилик! Сизга айтгандим тунавгида. Юзи қурғур янги ой ёнбошла-а-ган чалқанча, деб. Ўзига тинч, элга нотинч чиқди. Анави шўрникига, Қулмат шўрникига боринг! Туринг, турсангиз-чи, туринг… Отаси… Бу ётишингизда эртага Қизғолдоқни ер ютади ё сув олади. Шундайга ҳам Қулмат шўрни уйи куйибди. Куйиблар кетибди!».
Буватиннинг* додини эшитган борки, аввал Махсумникига, кейин подачиникига чопди. Кетмон елкалаб далага кетаётганлар тўхтади. Жомадон кўтариб шаҳарга отланган оёқ илди. Папка қўлтиқлаб мактабга бораётган муаллим кирди. Қулмат подачининг томорқаси одамга тўлди. Қари-қурри, юзига ажин, сочига оқ оралаган, бир-икки ёш-яланглар ҳам қўшилиб, бинойидай давра бўлди-қолди. Болани мулла билан подачи кўздан кечирган, эл унинг онасини, сўнг отасини билмоқчи. Қулматга қолса, уни индамай кўпга қўшиб келмоқчи. Мулла махсум ҳам шу гапни маъқуллаб турибди. Тиркашов муаллим билан Эшон бува мулланинг, қолаверса, Қулмат подачининг гапига кирадиган аҳмоқ эмас. Улар ўша иштони йиртиқ падарлаънатини топиш ва Қизғалдоқ қишлоғидан беномусларни қувиб солмаса, ўзини бу ерлик ҳисобламайди. Буни элнинг олдида айтиб қўйган.
Қулмат даврага умри бино бўлиб бир маротаба — мўйи сабза уриб қорая бошлаган, овози дўриллаб қолган паллада чиққан. Ўшанда тирамонинг туни эди. Жинжаклида бир кураш бўлди, бир кураш бўлди! Рўзимурод полвон қизғалдоқликнинг кўкрак кериб юрадиганидан тортиб, полвонман деганигача барини ердан осмонга олиб, осмондан ерга урди. Қизғалдоқлик эрман дегани борки, ер билан бир бўлди. Ана шунда адашибми-нетибми Қулмат ирғиб майдонга чиққанди. Давра «гурра» кулди. Қизғалдоқлик полвонларнинг изи шу сағирга қолибди-да, деганлар ҳам бўлди. У қанотини қиздираётганида Тиркашов муаллим, эй, (кечирасиз), Тиркашов студент: «Қулмат бу ишингни йиғиштир», деса-да. Баковулнинг ўнгида, Рўзимурод полвон сўлида, Қулмат давра айланди. Зотига бир момо тугун*, икки кигиз, бир улоқ айтилди.
Баковулнинг овози даврадаги кулгини, шовқин-суронни кесди. «Худойим полвонларнинг белига куч-қувват, топганига файзу баракот берсин. Эй, биздан нима кетди. Кетса ҳам шу полвонларга кетди. Суйганлари майиз ҳам берсин», деб яна кулгига буриб қўйди. Томошаталаблар кулиб, бирдан жимиб майдонга тикилди. Рўзимурод полвон ортидан Қулмат даврани кезиб кураш туша бошлади. Рўзимурод ўйнади. Қулмат қунишди. Полвон Қулматга беписанд бўлиб икки қафас йиқитмай эзғилаб қўйиб юборди-ю, учинчи қафасда анг қолди. Қулмат уни на елкадан, на қўшшадан, на бурамадан олди. Ўнгига силтаб тортиб, сўлдан қоқма бериб, ер искамаган куракларини намчил сомонга босди-қўйди. Жинчаклиликлар: «Бошқатдан! Бу ғирром, ғирром!», деб тинмаса-да, Рўзимурод полвон майдонни тарк этди. Баковулнинг: «Полвон, исмингиз кимиди? Нима дейсиз? А? Қулмат. Қулмуҳаммад денг, полвон! Қулмуҳаммад денг!», дея «Бугунги курашда қизғалдоқлик Қулмуҳаммад катта полвон бўлди», деб элни дуога қўл очтириб курашга якун ясади.
Бу олишув қизғалдоқлик тугул, жинжаклиликнинг, ҳа, айтганча, Ташман туяга ўхшаган бир-икки Рўзимурод полвоннинг жигарларини демаса, бошқаларнинг хотирасидан ўчиб кетган. Қулмат Рўзимурод полвондан бошқанинг ёқасидан тутмади. Қайтиб майдонга доримадиям. Шундай бўлса-да, унинг полвонлиги қоронғи тунларда, ёруғ кунларда оғиздан-оғизга ўтиб, шоҳулоқ пишган, қўноқ тушган даврани кезиб, «Қулмат ўшанда шалварини ҳўллаб қўйган, даврага чиқиш олдидан заранг таёғини сиққан жойи қизнинг сочидай тарам-тарам бўлиб қолган»лиги ҳақидаги миш-миш ва эмишлар орасида Зубайда билан бир мучал яшагунча исмига полвон сўзи эргашгани рост.
Фалакнинг гардишини қаранг-а, ҳозир у шармандалик, шармисорлик даврасига чиқиб турибди. Ота-онаси нотайин бир парча этга катта аза, катта можаро. Қулмат подачи ўз элига юзланиб, зор қақшаб, ялиниб Мулла махсумдан неларнидир умид қилиб, Тиркашов муаллим ва Эшон бува бошчи эл билан курашди. «Кўпга қўшмоқдан бошқа даъво йўқ», деб муддаосини айтса-да, Тиркашов муаллим: «Кўпга қўшиш қочмайди. Сен олдин уни қандай топганингни айт, эл билсин», деб қистовга олди. Қулмат подачи гуноҳкор. Қулмат подачи айбдор. Айтар сўзини тополмай, ахийри, ит ўйнаб юрганини, боланинг эр экани ва ниҳоят, унинг суннат қилар жойини ит еб қўйганини айтишга мажбур бўлди. Оломон барибир уни ва ўша жойини кўрмоқчи, Тиркашов муаллим ва Эшон бува билан кўрса, ота-онаси топиладигандек, ўша жойи битадигандек, Қулмат подачи Қулмат ёлғончига, Қулмат қасамхўрга айланиб қоладигандек бўлди.
Улар кўришди. Ундан ўзини олиб қочган кўпайди. Эшон бува Бўрибосарга ҳукм айтди. Оломон унинг ижросини талаб қилди. Ит осилди. Аммо у осонликча жон бермагач, Тиркашов муаллимнинг турткиси билан бир бўзбола итнинг бўғзига дами ўткир пичоқ тортди. Бўзболанинг бетига қон сачради. Қулмат подачининг юзини кўз ёшлари ювди.
Оломон гўё шу томошага йиғилган ва муддаосига етгандек тарқаб кетди. Улар орасида Эшон буваям ғойиб бўлди. Тиркашовни оқсоқоллик юки ушлаб қолдими, уни Мулла махсум ҳам, Қулмат подачи ҳам билмайди. Яна бир-икки киши билан қуёш қиблага оққанида боламозордан бир ўра кавлаб, подачининг бойўғлихонасидан чиқаришди.
Мулланинг юриш-туриши отамерос. Саҳарда азада, эртасига фотиҳада, сўнгига худойида қироат билан тиловот қилади. Азадорларнинг елкасига бош қўйиб, «Кўп куюнманг! У берганини олди-да», дейди-қўяди. Ачиниш, куюниш унга бегона. Негадир бугун унинг ранги қорайиб лаби ёрилибди. Қулматни-ку ўз дарди, қизғалдоқнинг иссиғи еб қўйган. Тиркашов муаллим асосига суянган. Икки-уч кишига «уй» кавлаганлар ҳам қўшилиб, саф кенгайиб мозордан жим қайтишяпти. Подачи чуқур «уҳ» тортди. Муаллим жимликни: «Қулмат, ичикма. Эл олдида айтганмиз, қачон бўлсаям Эшон бува билан у беномусларни топамиз. Қизғалдоқда қўймаймиз», деб бузди. Қулматнинг киртайган кўзлари гўристонга қадалди. Қип-қизил қизғалдоқлар очилиб ётган қабрлар орасидан митти мозорни топди. «Эҳ, сени шу кўйга солганнинг насли куйсин!» деганини билмай қолди. Бу негадир Тиркашов оқсоқолнинг қитиғига тегиб кетди.
— Қулмат, элга бундай дейишга ҳаққинг йўқ!
— Элни демадим.
— Ҳозир у кимдан, билмаймиз-ку?
— Билмасак, индаманг.
— Элга сенинг бойўғлихонанг етмайдими-а?
Кесакдан олов чиққанидай мўнди чўққа айланди. Тишсиз оғзидаги тупукни Тиркашовга тортиқ қилди. Изидан ёрилиб ётган бармоқлари етмай бўйнига асо тегиб тўнтарилди. Юз-кўзи демай бошига, кўкрагига тепкилаётган Тиркашовни Мулла махсум тортди. «Эй, Бухор алдаркўсани боласи, сен шу тиримурдага эга чиқиб қолдингми ҳали! Бунинг-ку ўлиб қутулмаса қутулмайди. Сен биланам кўраман. Саҳарга қўймай бу ялоқхўрни бойўғлихонасига қўшиб ўт қўяман. Сенинг бошинга итнинг кунини соламан. Ўзи, куни билан кўзингни ола қилганинг ортиқча…», дея тинмади.
Тиркашов муаллимдан ўтолмай мозорга бориб келаётганлар: «Домла, одам тенги билан жанжал қилади-да энди. Сиз у ялоқхўрни сўкканингиз ҳайф. Алдаркўсани боласиям бир гўр. Қулсан, қобилсан, асли наслингга тортасан, деган-ку. Шу алдаркўсага тортибди-да энди. Қўйинг, …вич эшитса хафа бўлади-я», деб овутган бўлди. У бўлса то уйгача мулла билан подачининг таърифини келтириб борди.
Подачининг оғзи-бурнидан оққан оч қизғиш қон Мулланинг яктагиниям бўяди. Қулматни қўлтиқлаб «бойўғлихона»га олиб бориб бир кафт сув топмай ариққа ювинтирди ва Шунқор Мирзодан ош-овқат бериб юборишини айтиб, Мулла махсум жўнаб кетди.
Туни билан Қулмат подачининг уйқуси қочиб узоқ хаёлларга чўмиб, шифтга тикилганча ётди. Сас-садо йўқ. Ҳатто бойўғлиям жим. Ёта-ёта кулбасини сағанага ўхшатди. Ўзини унда ётган ҳисоблади. «Наҳот мен ўлган, сағанада ётган бўлсам-а? Ўлигимга ким эгалик қилади-а?!» Ўлимдан илк бора қўрққанидан отилиб ташқарига чиқди-ю қўлига кесак олиб кулбасига дўқ қилди, отолмади. Ич-ичидан келган алам қайтадан тислантирди. Остонада отасини кўриб боладай чопди. Отаси бағрига ўзини отди. Қучди. Сароб экан. Пешонасини остонага уриб ўкириб юборди. «Эй худо! Менга нега ризқ берувдинг!? Сарсон қиламан девмидинг!? Аҳмоқ қиламан девмидинг!? Ё, Тангри, айт, мендан нима ўтган, айт!? Сағир қилдинг, кўндим! Куттирдинг, чидадим! Отам сиғмаган дунёга, онам сиғмаган дунёга, болам сиғса бўлмасмиди, айтсанг-чи, айт!? Сенингам тилинг бор, айт!? Бировнинг молини олдимми ё жонини олдимми, уйини буздимми, айт қани, айт!? Ё берганингни мен нотавон билмадимми, айт!? Берганинг сағирликмиди ё би
р гулни қўлимда сўлдирганингмиди!? Ўзи сен тўғри билан эгрини фарқлай оласанми, айт!? Ҳаромни урчитсанг, ҳалолни тўссанг, сенинг адолатинг шуми!? Менга яна нимани атаб турибсан, айт, айтсанг-чи!? Эсимни танибманки эзасан, эзғилайсан, тўймайсан, айт, ўзи қачон қўясан!?» Қулмат таъна қилиб, зорланиб толди, ҳовиридан тушди. Энди у ҳорғин овозда ғудранарди: «Эй, Тангрим мендан ўтгандир. Мендан бўлмаса аждодимдан ўтгандир. Майли, нима берган бўлсанг барига, қайғунгаям, қувончингаям шукур! Аммо мен сенинг луқмаси ҳаром, ҳирсига қул бандаларингдан нафратланаман. Нафратлансам нима қилай, ўзинг айт!?» Қулмат яна томоғига зўр бериб бақира кетди: «Нафратланаман, нафратланаман! Нафратланаман! …». Ўз ёқасидан олиб, ер муштлаб ётганини, яктагини йиртиб ташлаганини англаб, индамай осмонга тикилиб қолди.
Юлдузлар ўша-ўша. Сомон йўли бурунгидек. Эшак ҳанграшию хўрознинг қичқиришида ҳам ҳеч бир нуқсон йўқ. У тонг отарни кутмай елкасига тўнини ташлаб Қизғалдоқни тарк этди. Қишлоқдан чиқаётганида узун вагонларини судраган, белига Кимкўрган — Ғармистон ёзувли поезд шитоб билан келиб «тақа-тақ» қилиб Қизғалдоққа бир тўхтаб ўтиб кетди. Унинг хаёлида йигитлик даври, худди шундай бир тун жонланди. Ўшанда худди шу поезддан бир болани эргаштирган кўккўз хотин тушиб қолган ва Тиркашовнинг уйини сўраганди. Ҳа, у бола ҳозир Ғармистондай катта шаҳардаги кимсан …вич, аҳли Қизғалдоқ у билан фахрланади. Бирови тўғри йўлдан озса, уни йўқлаб боради. Бирови мақсадга етаман, деб эгри йўл излаб боради. У шундай катта одам бўлган. Қизғалдоққа юриб келиб Қизғалдоқдан чиққан ва қизғалдоқликман деганига соя бераётган …вич!
Қулмат кўп йўл юрмай подачилиги эсига тушиб таёғини излади. Ташман туянинг олдига бораман деб, бир қадам олса иккинчисини Тиркашов муаллимдан қочиб қўяди, учинчисини ўз ўтмишидан қутуламан дея ташлайди. У шу кетганча Жинжаклига, ундан Чаман гузарга, ундан Найзабулоққа ва Найзабулоқнинг суви тўкилиб турган дарёни ёқалаб яна кўп юриб Полвонариқнинг бошига келиб қолган.
Полвонариқ бўлса, ҳув, анави қишлоққа саҳарда бир тўйга етказган. У ўша тонгдан бери тўй-маъракаларда самовар ёқиб чой қайнатади. Тўйдан қайтишида болалар «самоварчи чол», деб ортидан эргашиб чопади. Бири тош отади. Бошқаси тош отганга дўқ қилади. Яна бири қўшиқ айтишини сўрайди. Унинг бисотида бор-йўғи такрор-такрор айтадиган битта қўшиғи болаларни анграйтириб қўяди.

Эчким туғди, сути йўқ.
Қумарасини* қути йўқ.

Овози эшитилмай, ўзиям кичрайиб-кичрайиб, бора-бора бир нуқтага айланиб, ёлғиз оёқ йўлга сингиб кетади.
Қаерда ётади, ким билан истиқомат қилади, буниси қоронғу. Қаерликсиз, деб сўраганларга чол шундай деган: «Ер куррасининг қоқ киндигидан кун чиқарга терс тарапдаги Лўлитоппасдан». Тўйдан олган қўниғини қўлтиғига қисиб, гоҳ тошлар орасида қолиб, гоҳ қўшиқ айтиб яна-яна ўз йўлига цингаверади. Кечалари узоқ-узоқлардан бир сибизғанинг товуши келса ҳамма «бу ўша — самоварчи чол», дейишади. Унинг ҳар замонда сакраб, қўлини баланд-баланд чўзиб рақсга тушиш одати борлигиниям, қишлоқ этагидаги кўл балчиғига ағанаб, шалварини байроқ қилиб чопиб юришиниям кўрганлар бор. Уни биров Қулмат деса, бошқа биров Қулмуҳаммад дейди. У ҳақидаги гап-сўзлар жуда урчиганидан қай бири рост, қайси ёлғонлигини ҳам билмайсиз.

____________
* Жодраб — яйраб
* Марсиниш — мақтаниш
* Буватин — Мулланинг хотинига шундай нисбат берилади.
* Момо тугун — Ёши улуғ момолар тўйларда кураш ёки кўпкарига соврин учун махсус тугун тайёрлайди. Унинг ичига жойнамоз, белбоғ, маҳси ёки ширинлик солиб яхши ният билан тугиб қўйилади.
* Қумараси — боласи

033
Дилмурод Содиқов

Дилмурод Содиқов 1984 йил 1 февралда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган.  2008 йил ЎзМУнинг журналистика факультетини тугатган.

ЎЗИДАН ҚОЧАЁТГАН ОДАМ

Боботоққа пода ҳайдаб кетаётувдик. Манзилга етмасимиздан кун бота бошлади. Қуёш қизғиш тус олди. Осмон тоқидаги парқу булутлар нимпушти рангга кирди. Тоғнинг ғадир-будир чўққилари, бепоён адир ҳамда этакда сочилиб ётган қишлоқлар устида шафақ бижирлади. Қуёш осмонни тарк этди, бироқ қутб қонга бўялгандай қизариб турди. Кун секин-аста унниқиб, зулмат чўка бошлади. Кундузга хос нарсалар қумга синггандай йўқ бўлди, ҳаммаёқни тун вазминлиги эгаллади. Шу пайт тоғ қаърида шоқоллар улиди. Моллар таққа тўхтади. Тоғам поданинг олдига ўтиб йўл бошлади. Мен ортда, хачирда «ҳада-ҳуй»лайман, ёнимда озиқ-ов¬қат ва идиш-товоқ ортилган ола эшак, унинг кетида иккита қозоқи итимиз тиркалиб келади. Тун осуда, осмонда юлдузлар порлайди. Ёқимли шабада эсади. Аҳён-аҳёнда қарчиғай чағиллаб қўяди. Ўтлар орасида ва сойликларнинг сув ювиб кетган ўнгирларида чигирткалар тинмай чириллайди.
Тўсатдан ҳаво айниди. Жонланган шамол кўклам денгизини тўлқинлантирди. Тоғам отни Қанотлиқоя томон бурди. Сўнг менга ўгирилиб: «Илдам-илдам ҳайда, ёмғир келаяпти!» – деб қичқирди. Мен хачирни ниқтадим.
Бирпасда осмонни булут қоплади. Кучли шамол турди, момақалдироқ гулдираб, ёмғир қуя кетди. Мен туя жунидан тўқилган чакмонга ўралиб олдим. Чакмон ичида томчилар шатирлатиб ураётганини эшитиб турдим. Бир ¬оз ўтгач, ёпинчиқ ёқасидан атрофга қарадим: ҳаммаёқ ярақ-юруқ, булут терак бўйи осилиб тушган, так-так, шилдироқ, отқулоқ барглари сувга ивиб шалпайиб қолганди. Ёмғирнинг зўридан моллар ирғишлаб чопарди. Жунлари ивиб, қовурғасига ёпишиб қолган итлар эса гоҳ подага яқинлашар, гоҳ хуржунли эшакнинг қаватига киришга тиришар, ёмғирпана жой тополмай аллатовур ғинг¬ширди.
Ёмғир қуйиб ёғарди. Сув чакмондан ўтиб, кўйлагим танамга чиппа ёпишди. Усти бошим билан дарёга шўнғиб чиққандай шалвираб қолдим. Чакмонни бошимдан олувдим, теваракдаги сойларнинг сувга тўлгани ва нишабликдаги ўтларнинг бир текис ётиб қолганини кўрдим. Дара тугади. Тик тушган юзаси илма-тешик бўлиб кетган жарлик бошланди. Унинг тагидан, паст-баланд кенг сўқмоқ бўйлаб юрдик. Бу йўл зим-зиё, лекин ёмғирпўш эди. Тепадаги ковакларда қушларнинг уйқу аралаш чуғури эшитилади. Ўйдим-чуқур сўқмоқдан юқорига кўтарилиб, текис, баҳаво ўтлоқзорга чиқдик. Ёмғир тиниб, мусаффо шамол эсарди. Даралар ёмғирга бўккан. Овдан қуруқ қайтаётган Ҳисор айиғига ўхшаб жуда вазмин қадам ташлардик. Дара адоғидаги чўққилар саф-саф аскарлардай қаторлашиб турарди. Бургутнинг қанотидай кенг ёйилгани Қанотлиқоя. Унгача сел ювиб кетган тошлоқ арна1 бор. Арнада ёғиб ўтган ёмғирнинг бўтана сувлари шитоб билан оқади. Соҳили эгри-бугри дарёдан бир амаллаб ўтдик. Кечув пайтида хачирим икки марта мункиб кетди. Бирор фалокат бўлмасин, деб хачирнинг яғринига қамчи билан туширдим, жонивор токи жинғилпояга чиққунимизча қадамини тек босиб борди.
Қоя ён ўркачларга мингашиб олган. Чап қанотдаги ўркач бағрини сув тешиб ўтганидан ғорга айланган. Чўққиларнинг орқаси қалин қарағайзор. Овчилар шу ғор орқали ўрмонга ўтиб олади. Ҳозир у ердан шариллаб оққан сув этакдаги арнага бориб қуйилмоқда. Тоғам отдан тушиб, қоя остидаги қўрхона томон юрди. Қарасак, ўчоққа ўт ёқилган, юпқа кул қатлами тагида чўғ милтиллаб турибди. Шох-шаббалар сочилиб ётибди. «Гулханни калламозорлик подачилар ёққан бўлса керак, — деди тоғам чўтлаб. — Чўпонлар ўтинга хасис бўлади, бир дона чўпниям бекорга ташламайди».
Мен хуржундан шолча олиб ёздим, кўрпача солдим, ке¬йин намиқиб кетган кўйлагимни алмаштирдим. Тоғам подани уюргани кетди. Шу орада итлар ҳуриб қолди. Ўчоққа икки бўлак тўқмор ташладим-да, чўзилиб арна томонга қарадим, тоғам кўринмади. Итлар акиллади. Бир оз хавотирга тушдим. Тоғда кечаси товуш чиқариб бўлмайди. Гаранда-гурандалар одамга хавф солади. Бундай пайтда ҳайвон ё қуш тилида гапиришга тўғри келади. Хуллас, қўлимни оғзимга қўйиб, «қу-ур»ладим. Тоғамдан «хотиржам бўл», деган жавоб келди. У ғор тагида, заранг таёқни белидан ўтказиб, энгашганча ўпқонга қараб турарди. Итлар тинмай ҳурарди. Қизиқ, улар тулкининг ҳидини олдимикин? Тоғам тулкини ёмон кўради. Учратиб қолса, «зоти паст», деб сўкади ва ўнг енгидан ип узиб, тутатиб юборади. Шундай иримчи одам нега бунча ғорга тикилади? Тағин айдари1масмикин? Вой, гапим қурсин, айдари дегани жуда даҳшат-ку! Унинг қораси ўчсин. Унга ҳеч бир жонзот бас келолмайди.
Ниҳоят, тоғамнинг қорувли гавдаси кўринди. У қўрхонага келиб, намиқиб кетган чакмонини ечди, ўнгири узун, кенг-мўл камзул кийиб олди. Юзида эса бесаранжомлик бор.
– Нима гап, тинчликми, тоға?
Унинг бошмалдоқдай қошлари андак чимирилди. Сўнг:
— Тинчлик, жиян, — деди ўйланиб. — Шу… ғорда нимадир бордай. Инграгандай бўлди. На одамга, на ҳайвонга ўхшайди… Ким билади, бирор жонивор ёмғирдан қочиб кирганми…
— Арғамчи бўлса керак-да! Улар одамдай овоз чиқаради, деб эдингиз!
— Авраётган маҳалдагина товуш беради.
— Арғамчининг кўзи йилда бир марта ёнармиш. Буни кўрган одам бой бўлармиш. Шу чинми, тоға?
— Бу гапни кимдан эшитдинг?
— Марқа бува айтувди.
— Тўғрику-я, лекин бу фалокат келтиради.
Қўрга кўмилган картошка пишди, чўғ чарсиллаб отилиб қолди. Тамадди қилдик. Тоғам Қанотлиқоя, унинг атрофидаги қишлоқ ҳақида гапирди: – Бу ер – Калламозор. Ўтган аср бошида эски тепаликда одам боши кўмилган қабрлар топилган. Қишлоқ мутаваллилари даҳрийлардан чўчиб, бош чаноқларини Илонжарга улоқтиришган. Азбаройи суяклар кофирлар қўлига тушишини исташмаган… Тузалбой худди шу қишлоқдан бўлади. Унинг сурув-сурув қўйлари пастдаги дараларда ўтлайди. Бегоналар бу ерга дориёлмайди. У Калламозорга хўжайин. Тавба, одамзотни нафс енгди. Бўлмаса, ер кимлардан қолмаган! Эй, жиян, ер, бу — абадият, унинг олдида ким бўлибмиз?! Ҳеч ким! Дарё сувидай оқамизу кетамиз…
Шу пайт ғор тагидаги сув «шалоп» этди. Итлар важоҳат билан югурди. Ўзларини аямай сувга ташлади, вағиллади ва аллақандай одамнинг жонҳолатда қичқиргани эшитилди. Ичимизга ғулғула тушди, кейин қўлимизга илинган нарсани олиб чопдик.
Қарасак, айлана ҳовуз ичида Кўккўз билан Полвон (у айиқ¬дай семиз ва кучли эди) бир одамни талаб ётибди. У одам сувга ўзини пишиб олар, нафаси қайтгач, бошини чиқариб овози борича бақирарди. Тоғам пойчасини туриб сувга тушди-да, итларни нари қувди. Итлар ўлжасидан қуруқ қолган йиртқичдай ҳовуз четида кўзларини олайтириб, оппоқ тишларини кўрсатиб ириллаб тураверди. Ҳалиги киши дод солар, сувни шалоплатар ва ғорнинг мум тошларига тирмашиб юқорига чиқишга ҳаракат қиларди. Тоғамнинг: «Қўрқманг, буёққа келинг, қўлингизни беринг», дейишигаям қарамай, ғор деворига ўрмалаб чиқаверди ва бирданига сирпаниб, сувга юзтубан қулади. Ҳовузнинг суви икки ёнга айрилиб, ўпқон ҳосил бўлди-да, ғойиб бўлди. Уйрум қайтиб тўлгач, атрофга жимлик чўкди, итлар сувга тикилиб қолди. Юрагим дукурлаб урди. Тоғам ҳовузга тушгани ҳамон тана пўкакдай юзага қалқиб чиқди. Уни ташқарига чиқариб ётқизди. Кўкрагини босувди иҳради, оқариб кетган юзини буриштирди. Тиришиб, ғужанак бўлиб олди. Тоғам уёқ-буёғини уқалагач, пича бўшашиб ўзига келди. Бизни кўриб, қўрқиб кетди шекилли, илкис туришга уринди.
— Қўрқманг, биз оқмозорлик чўпонлармиз, — деди тоғам. Ҳалиги одам чап елкасини ушлаб «оҳ»лади. — Итлар роса талабди-ку, оға, — деди тоғам тасалли бериб. — Ҳай, нимаям дердик. Ҳайвон-да! Лекин чатоқ бўлди.
Унинг қулоғига гап кирмасди, қўлга тушган ўғридай қочишга пайт пойларди. Амал-тақал қилиб қўрхонага етаклаб келдик. Ўчоқдаги чўғни кўрди-да, иккимизга аланглаб қаради. Бу қарашида кибр-димоғ бор эди.
Калтакесимдан келган, озғин бу кўса одамнинг тишлари тўкилиб адо бўлган, гапирганида икки лунжи товуқнинг жиғилдонидай кириб-чиқади. Косасига ботган кўзларидан қаҳр олови учқунлайди. Бурни чигитдай. Устидаги жемпери шалаббо бўлган эди, пахталик кўйлак-иштон бердик. Шундан кейин ажин босган юзи сал ёришди.
— Оға, келинг, би-ир отамлашайлик, — гап бошлади тоғам. Одатда, у хокисор, фақир одамларни ўзига яқин оларди. — Қайтар чўпонман. Бу бачча — жияним, — деди мени кўрсатиб. — Каттарса чўпон бўлади. Иштиёқи зўр. Ҳар қалай, қонида бор-да… Энди, ўзингиздан сўрасак, оғам. Тоғчилардан бўлсангиз керак?
Нотаниш одам ҳеч нима демади. Ўчоқдаги чўққа кўзини тикиб ўтираверди. У чуқур ўйга чўмганди.
— Нима, бошингизга мушкуллик тушдими? Одамнинг дардини одам кўтаради, оға. Айтаверинг! Тортинманг, — деб тоғам уни гапга қистади.
— …Отим Бозиқ. Тузалбойнинг қўйчивониман. Муштдайлигимдан қўй боқаман. Бола-чақадан йўқ. Пешонада ёзилгани шу экан-да. Болам деса дегулик икки шогирд бор. Худо ёрлақасин, оқибатли болалар чиқди…
Бу исм тоғамнинг кўнглида қўтир бойлаб ётган хотира ярасини тилиб юборди. Ўн беш йил бурун эди. Айни кўклам маҳали, отарлар Боботоғ этагида жодраб юрарди. Ўн чоғли одам раҳматли Қулмўмин чўпоннинг оғзига маҳтал бўлиб, уруш майдонида гаров ўйнаб бир гала қарғани қийратгани-ю, кўкрагидаги медалларни нақ биттага кўпайт¬гани ҳақидаги матални мароқ билан эшитарди. Шу пайт қир биқинидаги сўқмоқдан милтиғини орқалаб Лақай овчи ўтиб қолади. Бечора Қулмўмин чўпон қартайиб қолган бўлса ҳам кўзи ўткир эди, қирга ўрмалаб бораётган овчига қараб: «Лақайларам журибди-да овчиман, деб. Қўйиб берсанг, икки метр наридаги қобонни дуруст кўзлолмайди. Қарғани-ку, гапирмасаям бўлади», – дейди. Қўтондагилар қий¬қиришади. «Эй, нима деяпсиз, оқсоқол, бир чақирим наридаги эчкемар¬нинг бошини янчганда, қарғангиз нима бўпти?» Қулмўмин чўпон бўш келмади: «Чақир, синаб кўрамиз». Тоғамнинг жўралари дали-ғули эмасми, тура солиб, ҳалиги овчини бошлаб келибди, гўёки кекса чўпонни мот қилмоқчи бўлишибди. Раҳматли чўпоннинг ори кучли эди. Ёнидаги чопқир чавандозларга қараб: «Мана шу осмонда учиб кетаётган ўрдаклардан бировини уриб туширсанг, битта кўпкари бераман» – дебди. Лақай овчи ўйлаб ўтирмасдан қўшотарини шарт ечибди-ю, осмонга нуқибди. Уролмабди. Яна баданглатибди… Чапани овчи шолғомдай қизарибди, отлиқлар эса писиб қолибди. Қари чўпон шундаям марсинмабди, якшанбада Лойлиқда кўпкари бўлади, деб кетворибди.
Боботоғда гап ётармиди, кўпкари хабари ҳаммаёққа тар¬қалибди. Ҳатто Сурхоннинг у бетидагилар ҳам эшитибди. Якшанбада кўпкари бўпти. Зотига йигирма бош улоқ, тўрт ғунажин қўйилибди. Кўпкари зўр ўтибди. Бизнинг Тарлон икки улоқ айирибди. Тоғам тантилик қилиб бировини отни чопган эшонга назир қилибди. Хуллас, тўй тугаб, отлиқлар тарқаётган маҳал бир жулдурвоқи одам тоғамнинг ўнгиридан ушлаб, отингизни бериб туринг, қўйларим Илонжарга тушиб кетди, йўғасам улардан айрилиб қоламан, дебди. Тоғам лаққа тушибди. Fарибу бечорага яхшилик истаб, терга ботган Тарлоннинг жиловини унга тутқазибди. У минибди-ю, кетибди. Шу сози қайтиб келмабди… Кейинчалик, орадан бирор ойлар ўтиб, оқмозорлик чўпонлардан бири унинг тайини йўқлигини айтиб қолибди. Шу гапдан сўнг тоғам Тарлонга дуо берибди…
Ана шу жулдурвоқи энди рўпарасида ўтирибди. Тоғам от жониворга кўп ачинувди. Жулдурвоқини у гўрдан олиб, бу гўрга тиқувди. Шундай бўлса ҳам ҳаммасини унутибди, мана, бир тукиям ўзгаргани йўқ. Биринчи марта кўраётгандай гапини қизиқсиниб эшитаяпти…
…Туновин етти бош қўй зовдан учиб ўлди. Бойга шундай бўлди, деб борсам, бетимга шапалоқ тортди. Сен қўйларни кўпайтириш ўрнига бошига етаяпсанми ҳали, деб итдан баттар қилди. Ўлган қўйларни тирилтирасан ё сотиб олиб қўшасан, дейди. Ёмон бўлди… Жала қуяётган пайти қўйларни қўтонга қамадим-да, қочвордим. Бўлди-да энди, ўттиз йил бойнинг қўлига қараб яшадим. Бирим икки бўлмади. Қайтага барбод бўлдим. Одам эркин яшаши керак экан. Тўрт-беш йиллик умрим борми-йўқми, шуниям ғурбатда ўтказмай дейман… Бойнинг одамлари изғиб юрипти… Айнам, мени кўрганингизни ҳеч кимга айтманг! Ўтинаман.
— Кўнглингизни тўқ қилинг. Ҳеч кимга айтмайман. Сизга қўлимдан келганча ёрдам бераман.
— Мен ҳақимда бировга гапирмасангиз бўлди. Тонг оқармасдан Керишгантовга йўл оламан. Ўлсамам бу томонларга қайтмайман.
— Уёқда қўнимингиз борми?
— Керишганнинг бағри кенг. Ўз ҳолимча яшайвераман. Манглайимга, ҳайвонлар билан қушлар омон бўлса, бас. Мен сизга айтсам, фақат уларнинг кўнгли топ-тоза. Уларгина одамга чин ҳамдард бўла олади. Бандасидан имон қайтди, айнам. Одамлар бузилди.
Тоғам жим тинглар, пешонасини, қаншарини тез-тез қашиб қўярди. Охирги гапни эшитиб суҳбатдошига ялт этиб қаради. Ўша Бозиқбой бу гапларни айтаётганига ишонмади. Сўнг кўзини олиб қочди, уялди, чироқлари милтиллаб турган қишлоққа тикилди ва ўнғайсизланиб:
– Сизга нима дейишниям билмай қолдим. Менга қолса, туғилган гўшангиздан йироққа кетманг. Ундан азизроқ жойни тополмайсиз, – деди.
— Сиз уни билмайсиз. Кўзига қон тўлган. Тўрт-беш йилдан бери: «Сен қарияни бир ёқли қилмасам бўлмайди, тоза баъдимга урдинг», деб юради… У мени соғ қўймайди.
— Ахир, уям одам. Кечирилмайдиган гуноҳ йўқ. У сизнинг айбингиздан ўтар. Ахир, қўйларни жўрттага нобуд қилмагансиз-ку, тўғрими? Фалокат босган.
— Буни тушунмайди. Ҳайвон феъли бор.
— Унга ҳаммасини тушунтираман. Сизни кечиради.
— Қўйинг, фойдаси йўқ.
Орага сукут чўкди.
Сал вақт ўтиб, тоғам чуқур нафас олди-да:
— Товонини ўзим тўлайман, — деди. — Садқаи сар, мол кетса кетибди. Одамнинг олдида мол-дунё нима бўпти?! Сиз бандасидан имон қайтди, дейсиз. Одам жардан қулаётган пайтдаям одамлигини унутмайди. Билиб қўйинг, имон бирламчи, у тирикка ҳам, марҳумга ҳам керак, ҳаёт – абадий.
— Ҳаёт… ҳаёт аллақачон тамом бўлган, — деди Бозиқ ака чўрт кесиб. — Лекин сиз менинг ташвишимни чекманг. Мен тамом бўлган одамман.
— Ундай деманг. Ҳаммаси яхши бўлади.
— Кўзим етмайди.
— Мана кўрасиз. Мени айтди, дерсиз.
— Сиздан қарздор бўлиб қолишни истамайман.
— Мени хаёлингизга келтирманг.
— …
Тунги осмон сержилва эди. Юлдузлар бодраб ётарди. Қарасанг, чақнаб ўйнайди. Ёмғир ҳиди тараб, майин шабада эсади…
…Елвизак ела бошлади. Қушларнинг чуғури, молларнинг пишқириғи, ғимирлашлар эшитилди. Кўзимни очдим. Осмон кўкиш, кунчиқар томон ёришиб келарди. Тоғам билан Бозиқ ака поданинг нариги томонида, арнанинг бўйида гаплашиб туришибди. Зум ўтмай қуёш бош кўтариб, борлиқ нурга тўлди.
Чой қайнатиб ичдик. Тоғамнинг димоғи чоғ эди. У менга қараб:
— Молларни ангорга ҳайда. Биз ҳув, қишлоққа бориб келамиз, — деди сийрак жойлашган уйларни кўрсатиб.
Бозиқ ака бошини ирғаб қўйди.
Улар кетди. Мен дўмбирани чертиб ўтирдим. Қуёш терак бўйи кўтарилганда тоғам Тузалбойнинг одамларини эргаштириб келди. Бозиқ аканинг уст-боши қон. Ора-сира ёнидаги барваста йигитлар: «Кўрнамак, тузини тотиб, тузлиғига тупурасанми? А-а? Бепадар ит!» – деб унинг гарданига мушт тушириб қўярди. Йигитлар қорувли эди, кенг юзларидан жаҳл¬дорлиги билиниб турарди.
Улар ўн бош молни айириб, олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Бозиқ ака йиғлашга тушди. Тоғам:
– Эркак кишиям йиғлайдими? Қўйинг-эй, бас қилинг! – деди.
У йиғидан тўхтади. Лекин Оқмачитга етгунимизча тоғамни алқаб борди. Тинмай: «Энди сизнинг олдингизда нима деган одам бўлдим? Қарзимни қандай узаман?» – дерди. Тоғамнинг жаҳли чиқди. «Бўлдида-э, нима деганингиз бу? Айт¬дим-ку, мени хаёлингиздан чиқариб ташланг!» – деб қаттиқ гапирди. Шундан кейин у миқ этмади.
Бобомдан қолган қўтонга ўрнашдик. Қўтон икки хонали, бирида на дераза, на сандал бор. Том ичи қоронғи, совуқ. Гўшт сақлашга мўлжалланганди. Кейинги хонанинг шифтида челакнинг оғзидай тешик бор. Fувиллаб кирган шамол хоналарда айланади. Қиш маҳали тешикка челакни кийгизиб қўярдик. Хона худди кўкламдагидай.
Кечқурун ис чиқардик. Қўшни қўтондан чўпонлар келди. Гурунг қизиди. Меҳмонлар тонгга яқин қўзғалишди. Бозиқ акаям кетаман деб туриб олди. Тоғамни узоқ дуо қилди. Отам қилмаган яхшиликни қилдингиз, деди. Унинг елкасига тўрва илдириб кузатдик. Овози тинмай, тоғамни алқаб, жавраб кетди.
Ёз келди. Ҳаво аланга олиб, ўтлар қовжираб қолди. Арнада сув тортилди. Кўч-кўронимизни йиғиштириб қишлоққа қайтдик. Тоғдаги воқеадан уйдагилар хабар топибди. Бобом: «Шу замондаям ҳотамтойлик қилиб бўладими?» – деб тоғамни койиди. Момом: «Ҳай, гўрга, жон омон бўлса, мол топилади», – деб қўйди. Шу билан бу ҳақда қайтиб гурунг бўлмади. Бобом ҳам нима қилсин, ўғлини шундай тарбиялаган-да. Одамга нафинг тегмаса, одамгарчиликдан кеч, деб ҳозир ҳам айтиб юради.
Пичанни ғамлаб, тоққа йўл олдик. Бу томонларда куз қисқа бўлади. Чўққиларга қор тушгач, чўпонлар яна қишлоққа қайтишади. Ҳозир адирни ажриқ босган. Яйловда сурувлар жодраб юрибди. Калламозорга қўниб ўтдик. Ангордаги чўпонлар: «Бу подачилар ким бўлди экан?», – деб бирин-кетин келиб, ҳол сўрашди. Бироқ бир чўпон қўнимга яқинлашавериб тўхтаб қолди ва ортига бурилиб югуриб кетди. У югурганча кетаверди. Ҳамроҳлари: «Ё тавба, Бозиққа нима бўлди? Жин чалдими буни?» – деб ажабланиб қолишди. Улар билан гурунгимиз қовушмади. Бирин-кетин туриб, отарининг бошига қайтишди.
Тоғам қийшанглаб қочаётган Бозиқ чўпоннинг ортидан қараб: «Бу томонларга қайтиб келмайман деганди-ку! Тавба, келиб-келиб яна Тузалбойнинг сурувини боқиб юрганини қара!.. Айнибди баччағар», деди овозини чиқариб.
Хиёл ўтмай қўзғалдик ва йўлда давом этдик.

055
Бунёд Абдуллаев

Бунёд Абдуллаев 1983 йил 14 июн куни Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган.
2005-йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетини, 2010-йили Лондоннинг Эдгуар академиясини тамомлаган.
«Ҳуррият», «Жамият» газеталарида ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида меҳнат қилмоқда.

ЧЎПОННИНГ ОРИ

Бу воқеани менга момом ҳикоя қилиб берган эди.
Қурбон ота кечаси билан тўлғаниб, ухлаёлмай чиқди. Чунки ҳар кеча у қўйлари ёнида ухлар ва каллаи саҳарлаб отарни яйлов томон ҳайдар эди. Кеча эса ғурурини деб салкам олтмиш йил ишлаган, ҳаётининг мазмунига айланган чўпонлик касбидан воз кечди. Қурбон ота ҳар доимгидай бугун ҳам каллаи саҳарлаб турди ва алаҳсираб заранг таёғини қидира бошлади. Ўзига келганида эса, уйида эканини англаб, хўрлиги келди. Лекин ғурур қурғур яна қўймади. У чўпонлар оламига илк келган дамларини эслаб дала айланди.
…Очарчилик йиллари эди. Қурбон ота ўшанда чамаси уч-тўрт ёшларда бўлган бўлса керак. Ҳар қалай, базўр хотирлайди.
Кеч куз. Абдулла чўпон қўй боқиб юриб, қамишлар орасидан бир боланинг чинқирган овозини эшитди. Бўрибосар ити ундан илдамроқ чиқиб, қамишзор оралаб чопиб кетди. Абдулла чўпон эса унинг орқасидан бораркан, бирдан овоз тиниб қолди. Сал юриб қараса, ваҳшийлиги билан ном қозонган Бўрибосар ярим яланғоч ўтирган боланинг юз-кўзларини ялаб ўтирибди. Абдулла чўпоннинг кўнгли бузилиб кетди ва болани кўтариб бағрига босганча уйига олиб борди, фарзанд қилиб олди. Абдулла чўпоннинг фарзандлари кўп эди. Лекин шу етимчанинг кўнгли ўксимасин деб уни бош¬қача меҳр билан катта қилди. Доим ўзи билан олиб юрди, умрининг сўнгги дамларида ҳам уни эслаб, «Агар Қурбонжонимни бирорталаринг хафа қилсаларинг, гўримда тик тураман…» – деди.
«Ҳа, бебаҳо одам эди…» – деб кўзида ёш билан эслади Қурбон ота болалигини. Бўрибосарни ҳам жуда яхши кўрар эди. Биргаликда қўй боқиб келгандан сўнг аввал ит овқатланади, кейин эса ўзи. Кунларнинг бирида дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб, кечки овқатни бошлаган ҳам эдики, Қурбон:
– Янга, Бўрибосарга овқат бердиларингизми? – деб қолди.
– Йўқ, эсимиздан чиқибди, ҳозир, – деди янга қўрқа-писа ва туриш учун энди қўзғалган эди, Қурбонжон индамай янгасининг олдидаги овқатни олди-да, Бўрибосарнинг идишига қуйиб келди. Ўшанда на Абдулла чўпон, на тутинган акалари лом-мим демаган эди.
Хаёллар оғушида далани бир айланиб, қараса, яна уйи ёнига келиб қолибди. Таҳорат олиб бомдод намозини ўқиди, сўнгра чойга ўтирди. Ўғиллари бирма-бир салом бериб, яхши кун тилаб кириб кела бошлади…
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, кейин ўғли Ваҳоб сўз қотди:
– Ота, кечаги ишингиздан сўнг раис менга отарни топширди.
– Берса олавердингми, энағар?! – деди аччиқланиб Қурбон ота.
Орага сукут чўкди, бир оздан ота сал юмшаб:
– Майли, болам, энди менинг бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда. Шунча йил чўпонлик қилиб кам бўлганим йўқ. Ҳаммангни ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Қолаверса, отарнинг корига сенлар ярамасаларинг бошқа ҳеч ким эплай олмайди, – дея оқ фотиҳа берди.
Қурбон ота шунча йил чўпонлик қилган бўлса, шунинг орқасидан эл ичида обрў-эътибор орттирди. Дунёни кўрди. Ҳаммасига ҳалол меҳнати туфайли эришди.
У заранг таёғининг ичини ковак қилиб ўйиб, ҳамма медаль ва бойликларини шу ерда сақларди. Ўтган куни тоғ бағридаги кўлда қўйларни суғораётган пайти таёғи сувга тушиб кетиб йўқолди. Шунда у: «Шунча қилган меҳнатим бекор экан-да, демак, топган бисотим ҳаром экан-да!..» — дея чўпонликни ташлади. Раис келди… бўлмади, ҳоким келди… унамади. Fурур қурғур йўл қўймай тураверди. Ор-номус, ғурур чўпонлардан айрилмайдиган хислат. Қурбон отага ҳикоя қилиб беришган эди, ўша очарчилик йилларида Абдулла чўпон уни топиб олмасидан олдин тўнғич ўғли Нурали икки қишлоқ наридаги қайнотасиникига меҳмонга борибди. Терлаган оти ташқарида совуқда қолибди. Эрталаб туриб қараса, от ўлиб ётганмиш. Нима қилишини билмай, отасига одам юборади. Абдулла чўпон эса, «Йигитнинг ори, йигитнинг қаноти — оти, оти ўлган бўлса, ўғлим ҳам ўлган. Энди менинг унақа ўғлим йўқ!» – дебди. Шу-шу, Нурали отасининг кўзига кўринмабди…
Қурбон ота шу зайлда бир йилча юрди. Кунларнинг бирида ўзи тенги чоллар билан қўшни қишлоққа тўйга бораётганда йўлда чанқаб, чашмадан сув ичиш учун тўхтади. Ҳовучида сув оламан деб эгилди. Шунда не кўз билан кўрсинки, зилол сув тубида ўша йўқотган заранг таёғи ётибди-да. Овози борича қичқириб ўзини сувга ташлади. Таёқни олиб чиқиб, ўзи ясаган қўлбола бурама қопқоқни очди ва хурсандлигидан ичидаги дуру олтин тангаларни сочди… Бари ҳалол, бари ҳалол!
Ҳалол таёқ тоғ тепасидаги кўлдан тошлар оралаб сузиб, тоғ қўйнидаги чашмага келиб қолган эди.

099
Салим Абдураҳмон

Салим Абдураҳмон 1984 йил 5 августда Самарқанд вилояти Пойариқ туманида туғилган. ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

ҚАРЗ

Холмат қассоб ёлғиз одам. Том маънода ёлғиз. Ёлғиз одамлар икки тоифага бўлинади: биринчи тоифаси ёлғизланиб қолган одамлар. Улар ўта қайсар бўладилар. Одамлар уларнинг сўзини қонун ўрнида қабул қилиши керакдек гўё. Бу тўғрими ё нотўғрими, уларга фарқи йўқ. Агар ҳаммаси ўзлари айтганидай бўлмаса, тўнларини тескари кийиб оладилар. Ўзгалардан нафратланадилар. Буни бекитиб ҳам ўтирмайдилар. Таассуфки, бундай одамни ҳеч ким хушламайди. Уларнинг ёлғизлиги – заифлиги. Иккинчи тоифа одамлар эса ўзини ёлғизликда яхши ҳис қилади. Бахтли сезади. Кимнингдир қалбига озор бериб қўйса, қийналиб, кечирим сўрашга шошилади. Ниятига етмагунча кўнгли тинчимайди. Кимгадир зиёним тегмасин деб, одамлардан ўзини олиб қочади. Кўнгли танҳолик истайди. Унинг қудрати – шунда. Холмат қассоб шу тоифадаги одам эди.
У қишлоқ четидаги қаровсиз, икки том, бир даҳлизли, эски пахсали уйда яшайди. Қишлоқдаги баъзи тилига кучи етмайдиганлар наздида бу уй – «чолдевор». Аслида-ку, унинг чолдевордан ҳеч қандай фарқи йўқ. Лекин дунёда кўнгил деган нозик нарса ҳам бор-да…
Холмат қассоб яғири чиқиб кетган кўрпачада хаёлга чўмиб, ёстиққа суяниб ётарди. Тўрда эски ёғоч сандиқ, устида икки-уч кўрпа ва кўрпача. Хона ўртасида қўлбола хонтахта. Унинг остида қассоблик анжомлари сақланадиган қути. Ерга баъзи жойлари сўкилиб қолган олача тўшалган. Унинг бор дунёси — шу…
Қассоб ўрнидан тураркан, қарилик қурсин, дея ғудранди. Сандиқни очиб, тугунча олди. Авайлаб очди. Аёли Нодира янги келинлигида ўраган қизил рўмол… Болаларнинг ки¬йилмай қолган кўйлакчалари… Сарғайиб кетган сурат. Унда чиройликкина қиз кулиб қараб турарди. Ўнг ёноғида хол… Кўксидаги чирк боғлаб кетган яра қайта тирналди. Хаёл чарх¬палаги уни олис хотиралар қаърига улоқтирди…
Пахта экар, иши ўзига ёқарди. Эгатлар орасига қовун-тарвуз эксанг, саҳарда кўкча қовунни узиб, пичоқ тортсанг-у,¬ тарсиллаб ёрилиб кетса, мазза қилиб есанг… Бунга нима етсин! Хотини кетмони дастасига тушлик солинган тугунни илиб қўярди. Даладан қайтгач, сув сачратиб ювинар, хотини елкасида сочиқ, обдастада сув қуйиб турарди… Кейин… Нодира туғруқхонага етмади… Эшик рахига пешонасини қўйиб, энтикиб-энтикиб йиғлади. Бу алам, айрилиқ, армон ёшлари эди…
Шу тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Узоқ-узоқларга кетиб, бу ерларга умуман қайтмасликни истади. Кетди. Бир неча кун ўзига келолмай юрди. Ёлғизгина ҳамроҳи қўлидаги тугунча эди… Бировларнинг ишини қилиб кун кўрди, то Одил қассобга шогирд тушмагунча… Сўнгра устози унга оқ фотиҳа берди…
Суратга икки томчи ёш тўкилди. Қассоб ёшни кафти билан авайлаб сидирди. Сурат тиниқлашиб, аёлининг юзидаги кулгичлари яққол кўзга ташланди…
Одамни ҳаётда ширин хотира тутиб туради!..
Қассоб икки йил бурун бу ерларга келиб қолган. Қаерданлиги, кимлигини ҳеч ким билмайди. У ҳар ҳафта бозордан мол олиб, сўйиб сотади. Аксарият эл талашиб олади. Чунки кўп қисми қарзга тарқатилади. Одамлар маош ё нафақадан олиб келиб беришади. Бирор ҳафта семиз мол ололмай қайт¬са, хуноб бўлиб юради. Бундай пайтда тажанглашиб ҳеч кимга эътибор бермайди. Кимда қарзи бўлса, йиғишга тушади. Қассоблик овунчоғига айланиб қолган: фойда-зиёнига қизиқмайди. Қассоблик қилмасам ўлиб қоламан, дейди. Шу қишлоқдан бир йигитни шогирд қилиб олган. Шогирдининг ҳақини вақтида беради. У қассобнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туради.
Бугун ҳам мол ололмай келган, кайфияти йўқ. Суратни авайлаб рўмолга ўради. Кўйлакчаларга қўшиб, тугунга тугиб, сандиққа солди. Ташқарига чиқди. Кузнинг сўнгги кунлари. Ҳавонинг авзойи ўзгарган. Изғирин шамол. Уй олдидаги бир тупгина кекса ўрикнинг сарғайиб кетган япроқлари шитирлаб тўкилмоқда. Япроқлар ҳар томонга учар, шамол уларни тўп-тўп қилиб ҳар жой-ҳар жойга уйиб ташлаган… Кўчада совуқ танадан ўта бошлади. Қайтиб кириб, чопонини кийиб чиқишни истамади. Бирор ёққа кетаётганда нимадир эсидан чиққани хаёлига келса, ортига қайтмайди. Қайтсам ишим юришмайди, деб ўйлайди. Иримчи одам…
Қўлида ўзи билан олиб юрадиган заранг таёқ, яктакчан бўлиб Баротбойникига жўнади. Баротбой қирқдан ошган, басавлат, юзлари лўппи киши, маҳалланинг олди… Қачон кўрма, гердайиб, қўлларини орқасига қайириб юради. Ўзидан сал паст келадиган одамга бурнининг учида қарайди. Дунёси қанча кўп бўлса-да, барча қиладиган харажатларини тийинигача ҳисоблайди. Отаси Эгамбойдан шундай тарбия олган. Бировга унча-мунчага қарз бермайди. Берсаям қайтариб олмагунча кўнгли тинчимайди. Ўзи бировлардан қарз бўлса, у одамнинг қатнайвериб кавуши ейилиб кетади… У билан бутун қишлоқ ҳайиқиб муомала қилади, лекин орқаваротдан «Барот қурумсоқ» дейди…
Икки марта қарзга гўшт олган: бир сафар беш кило, иккинчи сафар меҳмон келиб қолди деб, ўн беш кило. Бир ойдан ошаяптики, пулини берай демайди. Бир-икки сафар кўчада кўриб қолиб, сўрай деди-ю, ботина олмади. Салобати босдими? Билмади… Оёқлари унинг уйига судради…
Дарвозани тақиллатди. Жавоб бўлавермагач, таёғи билан гурсиллатиб урди. Тўсатдан дарвозанинг кичикроқ тавақаси тарақлаб очилиб, эшикда юзларидан қон томган, жаҳли бурнининг учида Баротбой кўринди. У ҳушсиз эди. Салом-алик йўқ. Бирдан:
— Хўш, хизмат? — деди.
Қассоб дудуқланди. Айтар сўзи бўғзидан базўр тилига кўчди:
— Қарз…
Овозини ўзи ҳам эшитмади…
— А-а-а?!
— Қарз деяпман.
— Қарз… Сенинг ҳеч ташвишинг битадими? — сенсирай кетди у. — Кунора югуриб келасан, гўрга кирганингда ҳам қарз, қарз деб, тинч ётолмасанг керак. Оласан ўша пулингни. Етмай қолади дейдиган ортингда бирор тирноғинг бўлсаки…
Ушлади. Жон жойидан ушлади. Узиб ҳам олди. Қассоб довдиради. Тили калимага келмади. Қулоқлари шанғиллади. Нима деярини билмади. Тезроқ бу ердан кетгиси, ёлғиз қолгиси келди. Кетиш олдидан баттар алам қилди. Нималардир демоқчи бўлди. Аччиқ-аччиқ гаплар айтгиси келди. Шу пайт Баротбойнинг уйи томон келаётган кампирга кўзи тушди… Кўзлар бир муддат тўқнашди. Баротбойни тарбия қилган онаси. Маҳаллада бообрў аёл. Тўю маъракаларда бош-қош. Эсиз… Ўғлига яхши тарбия бера олмабди… Юрак уриши тезлашди. Ортига қайт¬ди. Қалбининг туб-тубида ғалаён уйғонди. Ўз ҳақингни талаб қилиб ололмасанг. Бунинг устига, ҳақорат қилишса… Қандай чидаш мумкин… Юраги қинидан чиққудай урар, бошида оғриқ турган, лаблари нимадир деб пичирлаб, ақли ҳеч нарсани идрок этолмас, мажолсиз қадам ташлар, боши бир томонга оғиб қолганди…
Чолдеворига яқинлашаётганини илғади. Шу томонга талпинди. Судралиб етиб келди. Етди-ю… Таёғига суянмоқчи бўлди. Гавдасини кўтаришга қўлларининг кучи етмади. Юрагини чангаллаганча гурсиллаб йиқилди. Кўз олди қоронғилашиб, дунё чирпирак бўлиб айлана бошлади. Тугунчада овқат олиб келган йигит уни шу ҳолатда кўрди…
Баротбой вазмин қадам ташлаб чорпояга, онаси ёнига келди. Онасининг кўзларидан шашқатор ёш оқар эди. Бирдан юмшаб деди:
— Сизга нима бўлди, она?
— …
— Она?
— Ҳеч.
— Гапирмайсизми?
— Хато иш қилдинг, ўғлим.
— Қассобми?.. Жаҳл устида…
— Қарзингни узишинг керак-ку, ахир.
— Албатта, узаман. Арзимаган пул-ку!
— Фақат пулмас…
— Тушунмадим?
— Сен у одамдан кўп қарздорсан.
— Нималар деяпсиз?!
— Ҳа…
Баротбой бетоқатланди.
— Она… қўпол гапирганимга айтаяпсизми?
— Уям, бошқаям. Сен унинг олдида бир умр қарздор бўлиб қолдинг.
— Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Майли, сизни ҳам қийнамайин. Кейин гаплашармиз. Арзимаган нарсага кўзёш қилаверасиз-да, она.
Баротбой уй томон йўналди. Орқадан онасининг заиф овози эшитилди:
— Кўнгли ярим одамнинг дилини оғритдинг. Кечирим сўрашинг керак. Лекин синган кўзани минг чегалаган билан… Бу катта юк. Ўзинг ўз қилмишинг билан бўйнинг¬га илган қарз. Бу қарздан қутулиш учун баъзан бир умр¬лик ҳаётинг камлик қилади. Тиғ яраси битади, дил яраси битмайди, болам.
Шу вақт мактабда ўқийдиган кенжа ўғли шошиб кириб келди:
– Дада, буви, Холмат қассоб ўлиб қопти!
Баротбой супага ўтириб қолди…
Изғирин совуқ авжига чиқди. Fира-шира туман тушган. Осмонни бир текисда булут қоплаб олган, қарғалар галаси «қағ-қағ»лаганча ҳар томонга ўйнаб, парвоз қиларди. Уй олдидаги олма шохидан сарғайиб кетган япроқ чирт этиб узилиб, оҳиста тебранганча ерга тушди. Аста-секин қор учқунлаб, шу заҳоти лайлакқорга айланди. Япроқ қор остида қолиб кетди…

090
Азиз Норқул

Азиз Норқулов 1984 йил 3 июлда Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. 2006 йил ЎзМУнинг журналистика факультетини битирган. Ҳозирда “Инсон ва қонун” журналида хизмат қилмоқда. Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

ҚЎРҚИНЧ БАҒИШЛАГАН СЕВИНЧ

Ширқ-ширқ…
Ширқ-ширқ, ширқ-ширқ…
Абдураҳмоннинг ихтиёри қўлдан кетди. У қабристонда туриб, мозорларни суратга олаётганди. Юрагида милт этган нур йўқ. Нажотни нимадан кутишни ҳам билмайди. Кўзёшлари неча карра юзини ювди. Тонг отгунча қанча ёстиқлар ёш томчиларидан ивиб кетди. Юрагига изтироблар дунёсидан қувур очилгандек эди. Ямаб-ясқаб бекитишнинг сира иложи йўқ.
Ҳоли қолмаган Абдураҳмон қабристон четидаги ним¬қоронғи кулбага узала тушди. Хаёлларига эрк беришга ҳам мажоли қолмади. Ҳаёт билан боғловчи сўнгги толаларнинг чирт-чирт узилаётганини сезиб турарди. Қанча муддат ётди, хотирида йўқ. Эти жунжикиб уйғонди. Ҳадиксираб атрофини кузатди. Вужудига сезилар-сезилмас таралаётган титроқ бор хаёлларини тўзғитиб юборди.
Болалигида тонг маҳали том бошига чиқиб, гўё қуёшни қаршилаган бўларди. Жимирлаётган уфққа узоқ-узоқ тикиларкан, пастда жиғибийрон бўлаётган онаси ҳеч нарсани тушунмасди. Балки соддадил ўғлидан хавотир ҳам олган чиқар.
Бу тонг эса на тириклар орасида, на ўликлар орасида ҳисобда йўқ. Тақдир ўйинлари виждон «математика»си билан чиқишмади. Уни марҳумлар қабр битгунча вақтинча сақланадиган мана шу кулбага улоқтириб юборди. Бетизгин туйғуларнинг асирига айланган ожиз инсон УМИДни шу ерлардан ахтарибди. Қабртошлардаги суратлар билан сўзсиз суҳбатлашганларини хотирлади. Мунгли нигоҳлар унга ҳаёт сабоқларини берарди.
– Бу дунё ва охират бир лаҳзалик таҳлика ва хавотирингга арзимайди.
Қабрлар орасида узоқ, бемақсад тентиди. Суратлар уни таъқиб этаётганди, нигоҳлардан паналаш эса имконсиз. Журъатини жамлади, уларга тик боқди. Марҳумларнинг бири меҳр, бири ўкинч билан ҳасрат халтасини кавлаштирар, нималарнидир уқтиришга уринарди. Улар дунёнинг дардини опичлаб ётганини ҳис қилди. Нега, нега бу сасларни шу пайтга қадар туймадим-а?!
У биринчи маротаба ўлимдан қўрқди. Нажот ўлимда ҳам эмас экан! Нега паймонам тўлмасдан бурун ўлим тўшагига ётдим? Абдураҳмон ўлимдан қўрқаётганидан қўрқди. Ҳақли эди. Илгари ўлимдан сира чўчимаган. Аксинча, нажотни ўлимдан кутиб яшайдиганлар тоифасидан эди. Мар¬ҳумларнинг «вой-вой»ларини эшитгач, бу ерларга тезроқ келиш истаги тамоман сўнди. Тезроқ кун ёришса-ю,¬¬ мўъжаз дунёда яшаб-яшаб қолишга шошилса. Шуни истади унинг юраги.
Бир маҳаллардагидек туйғулари билан ҳисоблашмаслик одатини энди тарк этади. На ўзгаларнинг, на ўзининг юрагига қулоқ тутарди. Оқибат-натижа эса уни бу маконларга муддатидан илгари етаклаб келди. Бироқ «индамаслар дунё¬си» яна ҳам ваҳима ва изтиробларга тўла эканини кеч англади. Хаёлланди: «Энг улуғ ўлик ҳам изтироб чекишдан маҳрум»1.
Тирик эканидан, изтироб чекаётганидан қувонди. Тириклик нишонаси, деб билди изтиробларни…
Бир оз йиғиштириниб олган Абдураҳмон ҳовлига чиқди. Уфққа болалигидаги каби узоқ-узоқ термулди. Кўз илғар-илғамас қуёш шуълалари пайдо бўлаётганди. Севиниб кетди. Вужудидаги қўрқинчли титроқ тарқала бошлади. Мийи¬ғида жилмайди. У севина олаётганидан севинаётганди.


Улкан одам
(Афсона эмас)

Қўлингизни силтаманг, сиз мени нотўғри тушунаяпсиз!?
Бундай бўлишини сира истамагандим. Ҳаммаси дабдурустдан содир бўлди. Йўлакдан ўтаётганимизда қаттиқ тайинланди: «Кўзларингни маҳкам юмгин-у, очма!»
Димоғимга урилаётган хуш бўйларга дош беролмадим. Атрофни кўзларим билан кўргим келди. Аввалига мўраладим. Сезмади. Кейин томоша қила бошладим. Гўзалликлардан ҳушимдан айрилар маҳалим осмонда муаллақ кетаётганимизни сездим. Ҳаракатланаётган биз эмасдик. Жонҳолатда силтаниб, ўзимни ерга ташламоқчи бўлдим. Мувозанатим бузилди. Ёнасига пастга қуладим. Бошим пастга қараб кетаяпти-ю, оёғим жойидан жилмасди. Қўрқиб кетдим. Мен УЛКАН ОДАМга айланаётгандим. Шу алфозда неча йиллар Ўзим билан ўзим овора бўлдим. Улкан одамларнинг майда ташвишлар билан иши бўлмас экан. Узун-узун қўлларим оёқдек ҳаракатлана олар, узайгандан-узайиб, узатган жо¬йимга етарди.
Бироқ ҳаммаси жонимга тегди. ОДАМга ўхшаб яшамаганингдан кейин бекор экан. Азобландим. Неча-неча қайта силтандим, эслолмайман. Бир замон оёқларим бўшаб, бор бастим билан заминга қуладим. Унинг бир бурчида юмаларканман, қанча ҳаракат қилмай ўзимни тўхтата олмасдим. Думалаганим сайин кичрайиб бордим, ниҳоят, ёшгина болакай тўхтатиб қолди. Унга меҳрим тушди. Қилиқлари, эркаликлари, яна нималаридир ўзимга ўхшарди. Иккаламиз баб-баравар улғайиб бордик. Унинг мен қилган хатоларни такрорлашини ҳеч хоҳламасдим. Танбеҳни кўп бердим. Охири мендан безиб, ҳайдаб юборди.
Иложсизман.
Жимгина кузатиб яшайдиган бўлдим.
Ҳозир у жуда ҳам УЛКАН ОДАМ. Фақат оёқлари осмонда, қўлларини эса қаерга узатса етади.
Қўлингизни силтаманг, сиз мени нотўғри тушунаяпсиз!

Таскинга муҳтож тасалли

Ер курраси наздимда кичик бир заррага айланди. Унда алланималар элас-элас кўзга ташланарди. Яна ҳам узоқларга учиб кетдим…
Чексизлик гирдобида кезиндим. Сайёралар ийманган кўйи ёнимдан айланиб ўтарди. Юрак яна ҳам, яна ҳам кенг¬ликни истади. Турфа галактикалар, турли оламларни ортда қолдирдим. Бироқ кўп ўтмади, ўзимни йўқотдим. Маъносиз ҳаракатлар жонимга тегди. Юрак ўз гўшасини қўмсай бошлади. Миллионлаб сайёралар орасидан Заминни қидирдим. Ана – у!
Аммо оёқ босарга жой йўқ. Бу макондан ўзимни топиш, Ўзимни ажратиб олиш ўйи босди мени. Узоқ тентидим. Кундалик юмушлар билан куймаланаётган вужудда яшашим қийин кечишига кўзим етаётганди. Уни опичлаган кўйим бошқа оламга кетгим келди. Аммо бунинг сира иложи йўқ. Ўзимнинг ҳам ўз кўнгли бор. Баъзида туйғуларим билан ҳисоблашмайди ҳам. Танбалликларию худбинлигидан жоним ҳалқумимга келди. Ташлаб кетишнинг ҳам мавриди эмас. Юрак ўз маконида қолишни истайди. Кўнглимга тасалли бераман, аммо тасаллиларим таскинга муҳтож.
Чунки юрак осойишталик тарафдори.
Чорасиз қолган, дунёларга сиғмаётган «олифта» Руҳ бир умр вужуд қафасида мум тишлаб яшашга мажбур.

Юраксиз ВУЖУДсиз юрак

Тонг ёришиб уйғонганимда нимагадир кўнглим ғаш эди. Сокинликдан юрагим ёрилай деяпти. Беихтиёр томирларимни ушладим, бирор нарсани англаш мушкул. Ногаҳон дераза рахидан ошиб ўтаётган юракка кўзим тушди. Вужудсиз юрак қаерга ҳам кета оларди. Бепарволик қилдим…
Юраксиз вужуд билан қанча муддат ётдим, билмайман. Аммо юрагим лойларга беланди. Икки маротаба ёмғирда қолди. Бир гал кимдир янчиб ўтгандек ҳам бўлди. Шу аснода воқеа¬лар қоришиб кетди.
Оғриқнинг зарбидан чўчиб уйғонганимда босинқираётгандим. Дарҳол дераза рахига, ромларга кўз югуртирдим. Иккаласи ҳам берк. Юрагимга қулоқ тутдим, ўз ўрнида ишлаяпти. Шукрона келтирдим.
Юраксиз вужудга ачиндим.
Вужудсиз юракка раҳмим келди.

Арз ва дунё аразлашганда

Арз атворини ўзгартиришга қарор қилди. Шу пайтга қадар ҚАЛБнинг сасларига қулоқ тутмаcди. Ташландиқ қалб ахири бўғилди. Ўлмоқ ёки қайта тирилмоқ истагида ёнди. Тирик бўла туриб, яшай олмасликдан ўлмоқ афзал – қалби билан ҳисоб-китоб қила бошлаган Арзнинг сўнгги хулосаси шу. Очилар-очилмас сўнган «чечак»ларнинг уволи тутмасидан парваришлашга улгуриш лозим. Арз бунга тўла ишона бошладики, у қалбига қулоқ тутар экан. Дунё ҳам, албатта, ўзгаради. Зотан, бу Арз учун яшаб қолишнинг ягона чораси эди.

* * *

Дунё бугун ҳар доимгидан кечроқ уйғонди. Чиркинлаша бошлаган вужудига боқиб, ўз-ўзига ачиниш ҳиссини туйди. Шундоғам яшашга мажоли қолмаганди, ошиб тушди. Бисотидан гўзалликка бурканган маҳалларидаги жилва қиладиган зиракларини ахтариб топди. Эндигина аёллик остонасига қадам қўйган пайтларидаги гўзал тусга кирди. Сандиқчасидан олган кийимлари ўрнига шармни беркитди. Юзларини қоплаб улгурай деган тарам-тарам ажинларга нафрат билан тикилди. Либослари вужудидаги кексаликни, руҳиятидаги ғарибликни ичига ютиб, яшаб қолишига қувват бағишлаётганди. Кўзгуга қаради, жилмайишга ҳаракат қилиб, кўчага отланди.

* * *

Эртасига Арз Дунёга қўл силтади. Йиғлаб-ёлворганларини-да, унутди. Нима бўлса Яратгандан, деб билди. Дунёни қўлга киритиш имкони бўлгани ҳолда ҚАЛБ амри ила яшамоқни лозим кўрди. Эрта тонгданоқ увадаси чиққан қалбининг астарини ағдарди, тиниқлаштирмоққа тиришди. Тез кунларда Дунё унинг кетидан чопишига ич-ичидан ишонди. Тиззалаб тиз чўккан дамларини унутмоқ истади.

* * *

Дунёнинг кўзлари ёшланди. Ёш томчилари қалбини бир сидра ювиб ўтди. Шу он ёға бошлаган раҳмат ёмғири унга эш бўлди. Бу улар учун покланиш имконияти эди.

077
Жасур Кенгбоев

Жасур Кенгбоев 1985 йил 19 ноябрда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. 2007 йил ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозирда “Жамият” газетасида хизмат қилмоқда. Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

ҲАВОЧИН

Агар Они унутса банда они,
Тирик эрмас агарчи бўлса жони.

Сўфи Оллоёр

Ер сайёрасида нималар бўлмайди. Ҳа, ўлимдан қўрққан умр кўрмас.
Қанча умрим қолди? Билмайман. Билиб ҳам нима қиламан? Менга фарқи борми? Яна бир огоҳлантириш сигнали келса, тамом, ўламан. Ҳисобимда қанча пул борлигини ҳозир аниқ айтолмайман. Ҳар қалай бир-икки кунлик ҳавога етади. Эҳ, ўртоқ Чирскин!.. Ўзимга-ку, раҳмим келмайди. Сени кўзим қиймайди-да, дўстим…

* * *

Бошимнинг оғриғи босилмаяпти. Ишламайдиган нарса оғриса, жуда алам қилади. Агар имкони топилса эди, калламни кимга бўлса-да, бериб юборардим. Албатта, текинга. Бошимга манави лаш-лушни осишганидан бери шу ўй тинчлик бермайди. Муттасил оғриқ ҳам шундан бўлса керак. Кўзимни очолмайман. Очсам, худди бурнимнинг тагида бир қора қурт осилиб тургандай, у ҳар нафасда бурнимдан кириб, бутун аъзои баданимни ит мисол шилимшиқ манфур жағлари билан ғажиётгандай, шундоқ ҳам қисилаётган нафасимни баттар бўғар, танамда оқаётган рангсиз қонга бир томчи-бир томчи заҳар туфлаётгандай, заҳарланган қон жисмимни оний лаҳзада маҳв этаётгандай; бундан бошим телбаларча айланар, оғриқ зўрайишидан икки кўзим ва қулоғимдан бошқа жойларим жонсиз таёқ сингари қотгандай туюларди. Кўзим кўрган нарсаларни чала англайман, миям худди улкан бир қопни кўтарганча, сайёра яғрини устида номаълум манзил томон кетаётган қоқсуяк, ожиз бир чолга ўхшаб қолди. Ўлдирсанг – ўлдир, тезлатма, дейди. Унга буйруқ бериб бўларканми?
Эҳ, бир дақиқа манави сабилга ҳаво беришмаса эди, қийналмасдим. Ахир, тўкилгандан томчилаган ёмон экан. Ҳавочинни бурнимга осишган пайтларда кун санардим. Кейин соат. Ҳозир эса сония ҳисоблайман.
Ўзимни кўрай десам, кўнглим бормайди. Нарцислик пайт¬лар аллақачон ўтиб бўлган. Термулган кўйи нафратим ошади. Ойна айбдормикин? Ойна, аввало, ғирт телба-тескари нусхангни кўрсатади. Ўнг кўзинг чапи билан, чап кўзинг эса ўнги билан жиққамушт бўлади. Суратинг¬ни томоша қиласан, сийратингдан-да йиғлайсан. Айниқса, мана, бурнинг остида ҳавочининг бўлса!
Ўзига-ўзи ўлим тилаган одамни ёмон кўрардим. Бугун бу ҳолат қолган ҳаётимнинг мазмунига айланган. Умрни ҳисоблай бошлаганимдан бери унинг нақадар узун эканига шуб¬ҳам қолмади.
Узун йўлни тез босиб ўтиш мумкинми?
Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Бир машҳур одамнинг ал-жабр каби ҳаётда ҳам энг тўғри йўл энг қисқа йўлдир, деган гапини ўқиган эдим. Агар мен ўша аблаҳларга қўрс, лекин ҳақ гапларни айтмаганимда эди, бурнимга ҳавочин осишмас, мен ҳам телба-тескари йўллардан гандираклаб, эгри кўчалардан насиба излаб дайдиб юрар, ҳар учраган нокасни, гарчи нолойиқ бўлса ҳам, ҳурмат қилар, ширинроқ сўз айтишга мажбур бўлар, ҳамма қатори қотган муомалада бўлар, оқибат, ўз сўзим, юзимни ўзим ер билан яксон қилар, қиёфам денгизини исқирт чириндиларга тўлган кўлмакдай булғаган бўлардим. Юзсизлик – ўзсизлик, ўзсизлик эса қорақўнғизникидан ҳам баттар ҳаёт демакдир. Одамлар кўрганда кўнгли айниб, бурнини жийиради, эслаганда башараси бужмайиб, қусгиси келади.
Хўш, бурнингга ҳавочин тақишса яхшими? Биламан, тўкилган қайта тўлмайди. Бироқ ер қаърига батамом сингиб ҳам кетмас экан. Мана, синголмаяпман. Ўлиш ҳам осонмас экан. Ўлим шоҳу гадога баробар, дейдиганлар жуда адашади. Ўлим — ҳақ. Бироқ сен ўзинг истаганингда ўлолмаслик жуда катта ноҳақликдир. Бугун ана шу ноҳақлик мени қийнаётир. Ўйлаш азобидан қутулишнинг бир йўли нафас олмасликдир.
Бу хаёл энг сўнгги қарордек туюлади менга. Нафас олмаслик ўлим эканини яхши биламан. Бунга уриниб кўрарканман, бир неча сонияда кўзларим намланади. Қўлларим бўйнимга югуради. Томирларим бўрта бошлайди. Вужудимда лаззатли бир титроқ сезаман. Миямда бир тозариш рўй беради, кўкрак қафасимданми, товонимданми чиққан бир енгил эпкин бўғзимга келиб қотади. Сўнг унга оёқ-қўлим бармоқларидаги тирноқлардан яшин тезлигида шундай бир нимарса келиб қўшиладики, наҳот, руҳим парчалари бўғзимда, жиғилдонимда бирлашди? У нега муаллақ қолди, отилиб чиқиб кетмаяпти?
Қорним, томоғимда вулқондек бир шамол бўрон солади.
Оний дақиқа довули нафратим алангасини бирпасда ўчирди-қўйди. Мен енгилдим…
Эсимни олган бир ҳикмат мағзи кўнглимни пора-пора қила бошлайди. Зардушт халққами ё халқ Зардуштгамиди-е, шундай деган экан: «Букридан унинг букрисини олиб қўйишганда, унинг руҳини олиб қўйган бўлишади. Кўрга унинг кўз нурини қайтариб беришганда, у ер юзида шунчалар кўп бемазагарчиликларни кўрадики, оқибатда у кўзини тузатган табибни қарғайди. Чўлоқни чопишга ярайдиган қилиб даволаган унга энг оғир зиён етказади, зеро, у иллатлар қувиб ўтиб кетолмайдиган даражада тез югуришга муяссар бўлармикин?».
Мен бу чоғда букримни қайтаришларини, кўр кўзимни беришларини, чўлоқ оёғимни бошқатдан ҳадя қилишларини сўрамас эдим.
Мен абадий йўл тусаяпман! Абадий манзил! Тушунаяпсизми?
Айни дамда мен йўлга чиқиш жилвасидан маст ҳолга тушганида, манзилига етишдан кўра қайтиб келиш ҳақида кўп ўйлайдиган одамлар тоифасидан эмаслигимни сезиб қолдим. Тўғри-да, ҳозиринг – жонинг, ҳозиринг – ҳаётинг, ҳозиринг – тақдиринг. Бошқаси чўпчакдек кўринади менга. Биламан, сиз абадий маконга элтадиган ягона куч томонидан сийланган барча нарсанинг икки томони бор дерсиз: туғилиш ва ўлиш, яхшилик ва ёмонлик, катта ва кичик, кеча ва кундуз, покизалик ва жирканчлик…
Агар бурнингизга ҳавочин осишса, бошқача фикрлай бошлайсиз: ҳаёт, яъни туғилиш – ўлимга тайёргарлик вақти; инсоният ўйлаб топган ахлоқий мезонлар – жазосиз қолмайдиган яхшилик эса ёмонликнинг айнан ўзгинаси; туғилган митти гўдак улғаяди, катта бўлиб, вояга етгач, тағин кичрайиб боради, демак, катталик асли кичикликдир; кеча кундуз деган мавҳумотнинг чегарасини билиш учун киприклар юмилган оний лаҳза очилса, ундан асар ҳам қолмайди; покизалик жирканчликнинг хаёлдай учқур, филникидай баҳайбат оёқлари етмаган жой, таассуфки, бундай жой қанча қолди ўзи?
Хуллас, ўзимга кучим етмади. Бўғриқиш зарби гарданим деворларини бузолмади. Жоним муаллақ қолди. Ўзига кучи етмаган одам бошқаларни қандай идора қиларди? Буни хаёлига ҳам келтирмасин!
Ўзи, бу кучни ким ато қилади одамга? Ягона кучми? Нега у менга бермаган? Қизғанган? Бошқаларга сахийлик қилган-да? Йўқ. Менимча, менга фақат гапириш учунгина куч берганга ўхшайди. Оқибат, мана, ўтирибман ҳавочинни бурнимга қўндириб. Ўзни маҳв этмоққа куч ҳам, ирода ҳам топилмаяпти. Чораси, йўли битта – чидаш, қаттиқ чидаш. Бу бир азоб. Худо яратган ҳаводан ўпкангни тўлдириб нафас ололмайсан; ҳавочиннинг нина учидек келадиган тешигидан кирган ҳаво билан кифояланасан, аниқроғи, шунга мажбурсан. Миянгда фақат бир фикр чарх ураверади: ҳаво, ҳаво, ҳаво… Қўлинг ишга бормайди. Бундоқ олганда, бу хонада иш ҳам йўқ. Нимқоронғи зулматдайин хона. Бир стол ва стул, ранги ўчиб кетган дераза ромларини чирмаб олган, сўлаёзган чирмовуқсифат гулнинг иккита тувагидан бош¬қа ҳеч вақо йўқ. Деразадан мўралайсан. Шу тобда ўзинг¬ни жилла қурса касал мушукка ўхшатолсанг ҳам суюнасан, бундан баттари эмаслигидан хурсанд бўласан. Кўчада ҳаёт қайнайди. Яғири чиқиб кетган торгина асфальт йўлдан одамлар тинмай ўтади. Ҳаммаси асабий кўринади. Бирортаси туртиниб кетса, нақ шапалоқ тортиб юборишдан ҳам тап тортмайди. Оғир сумка кўтарган кампир ҳар куни кўчани шов¬қинга тўлдириб ўтади:
– Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди… Болагинамни ўлдиришди… Ер ютгурлар…
Бу кўчанинг доимий йўловчилари кампирнинг гапларига парво ҳам қилмайди. Янгилари бўлса, бири ҳайратда, бири ажабсиниб, бири эса қаҳр билан унга тикилади. Чап оёғини сал оқсаброқ босадиган, эгнида кулранг плаш, бошидан қишин-ёзин тушмайдиган ҳаворанг момиқ рўмолли кампирнинг қарғишлари менга ёд бўлиб кетган. Эшитсам, охирги пайтлар негадир завқланаман. Мени бу ерга келтиришларидан аввал, ҳавочин тақишларидан олдин ҳам билардим кампирнинг ўғли ҳақида…

* * *

Ҳавочинимни тортиб-тортиб кўрдим. Фойдаси бўлмади. Темирсифат металл қирралари юзим, бўйним аралаш бошимга оғриқ берди. Сабилнинг ҳеч тирқиши йўқки, секингина очиб, тўйиб-тўйиб нафас олсам. Қўлингга чипқон чиққурлар шунақаям шафқатсизларча ясайдими бу матоҳни?
«Емоқнинг қусмоғи бор». Буни қанча есанг, шунча қусасан, деб тушунардим. Яъни «емоқ», «қусмоқ»да ҳам МУВОЗАНАТ бор, деб ўйлар эдим. Чумолиникидек «бурун»дан нафас олиб, филникидек «бурун»дан нафас чиқараётган ҳозирги кезда бу борада ҳам адашганимни ҳис этдим. Кам-кам еб, кўп-кўп қусаётганимни ўйлаб, кўзимга нам югурди…
«Хурсанд бўласан-а, – дедим ўзимга ўзим. – Кул, кулавер… Тилингга ақлинг, ақлингга кучинг етмагандан кейин кулавер. Бировларнинг устидан кулиб ўлиб кетасан…»
Кутилмаганда ўртоқ Чирскин товуш бериб қолди. Хаёлим қочиб, ўйдан тўхтадим. Деразанинг рафига қўйганим – гугурт қутисини қўлимга олдим. Секин очишим билан ўртоқ Чирскин дийдиёни бошлаб юборди. Типирчилаб-типирчилаб ташқарига интиларди. Буткул қўйиб юбордим. Озодликка чиққан ўртоқ Чирскин узо-о-о-қ чириллади. «Ана энди исмингга муносиб бўлдинг, укам».
Ўртоқ Чирскин чигиртка зоти орасида энг ботири, чўнг чидамлиси бўлса керак. У билан дастлабки танишувимиздаёқ буни сезгандим. Бурнимга ҳавочин осишгандан роппа-роса бир ҳафта ўтган куни тушга яқин юрагим роса сиқилганидан, қолаверса, миямга ўтириб қолган эски бир фикр – гўёки очсам, тўйибгина нафас оламан деган ўй билан деразани очдим. Дераза ортидаги темир панжара оралаб келаётган, кўкрагимга теккан енгил эпкиндан, таассуфки, нафас ололмадим. Жиғибийроним чиқиб, таш¬қарига, ҳаёт гуркираётган кўчага нафрат билан қараб турар эдим. Кутилмаганда ердан чиқдими, ойдан тушдими – билмайман, бир нарса қаттиқ келиб қабоғимга урилди. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Жон аччиғида қалтираб қолган қўлим билан ушлаб уни отиб юбордим. Қарасам, полга юзтубан тушган нарса, мана шу, чигиртка экан. Оёқларим билан эзғиламоқчи бўлиб қадам ташлашимни биламан, сабил, жонингдан ўргилай, ўлмаган экан, забт билан учиб яна кўзимни нишонга олди. Бу сафар етиб келмасданоқ уриб туширдим. Кейин у анча вақт, бориб хаскашга ўхшаб кетадиган оёқчасидан ушлаб кўргунимча қимир этмай ётди. Бир оёғидан тутиб, кўтарар эканман, иккинчиси билан роса қўлимни тирнаб қаршилик кўрсатди. Бундай жасоратини кўргач, ҳар қандай жаллод ҳам унинг жиноятини кечириб юборса керак, деб ўйладим худди ўзимни мисол қилгандай. Юрагингга балли, жонивор. Мабодо юрагинг иккита эмасми?
Қабоғимдаги оғриқ жонимдан ўтавергач, чигирткани барибир ўлдиргим келди. Кейин… ўйланиб қолдим. Куни билан сония санайман, нафас етишмайди. Гаплашадиган одам ҳам йўқ, эрмак ҳам. Боз устига, бундоқ ўйласам, «чигиртка ҳамласи» дамларида ҳаво, нафас олиш ҳақида ўйламаётган эканман. Ана энди каллам ишлаб кетди. Эрмак топилганидан беҳад суюндим… «Энди менга ҳамроҳ ҳам ўзинг, ҳамхона ҳам ўзинг, биродар ҳам ўзинг».
Ҳамроҳимга ном топиш учун уч кунимни сарфладим. (Дўстинг учун уч кунлик умр нима деган гап? Ҳозир борлиғимни шунга бағишлашим ҳам мумкин-ку, ахир?) Эҳ-ҳе, қанча буюк инсонларнинг, ҳатто қариндош-уруғларимнинг, энг яқин дўстларимнинг номини унга қўймоқчи бўлдим. Исм¬ларни бир-бир эслар эканман, э-э, нимасини айтай, арзимади… Ҳамроҳ бўлгандан кейин улуғвор, забардаст исм топишим керак. У шунга муносиб. Чирскин деган номда тўхтадим. Луғавий маъноси луғатда йўқ бўлиши мумкин. Майли-да. Чигирткалар ичра ноёб чигиртканинг исми ҳам оригинал бўлиши керак эмасми, ахир? Унга эҳтиром белгиси сифатида «ўртоқ» нисбасини ўйлаб топганимдан сўнггина кўнглим жойига тушди. Дўстимнинг исмини овоз чиқариб, такрорлайман: ўртоқ Чирскин! Ўртоқ Чирскин! Чирскин! Чирскин! Ўртоқ… Ўртоқ…
Шу-шу, мен ўртоқ Чирскинга, ўртоқ Чирскин эса менга ўрганиб қолди. Ўта зерикканимда номини айтишим билан гугурт қутиси ичида типирчилаб қолади. Авайлабгина очаман-да, ҳар куни уч мартадан уни озодликка чиқараман. У хонани гир айланиб чиқади. Сўнг дераза рафига қўниб, мен ташлаган нон ушоқларини, овқат қолдиқларини ейишга тушади. Томоша қилиб, ҳузурланаман. Унга нисбатан шунча вақт мана шу хонада туриб сезмаган бир ҳис – меҳрим товланиб кетади…

* * *
«Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди… Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди… Ер ютгурлар…»

* * *

«Ўртоқ Чирскин! Мен ўладиганга ўхшайман».
«Дунё – орзу-ҳавас уйи, биродар, ўлмайсан. Узоқ яшайсан».
«Нималар деяпсан? Мен шунча йил яшасам-да, МУВОЗАНАТларни тушунолмадим, ақлим етмади».
«Бурнинг ёпилгач, кўзинг очилмадими?»
«Нималар деяпсан, ўртоқ Чирскин? Анави кампирнинг қарғишларини қачонгача деразадан эшитиб ўтираман?»
«Сўнгги нафасинггача, биродар…»

* * *

Ҳар куни эрталаб уйим остонасидан чиқар эканман, погонимга қўндирилган кичик юлдузчаларни силаб қўяман. Атрофдагиларга мағрурона-мағрурона қарайман. «Ҳмм, сен ким-у, мен ким? Ҳаммангнинг тақдиринг қисман бўлса ҳам менинг қўлимда-я. Яшайверларинг жимгина».
Бугун ишхонамдаги ҳамкасбларнинг юзида қандайдир безовталик ва ташвиш аломатларини сездим. Сўрасам, аҳвол чатоқ. Бошлиғимиз мен билан гаплашмоқчи, тақдиримни ҳал қилмоқчи эканини айтишди. Тўғри унинг кабинетига йўл олдим.
Котиба «кираверинг», деган ишора қилди.
Эшикни тақиллатиб, сўнг бош суқдим.
Бошлиқ телефонда сўзлашар, кайфияти ҳам анчайин яхши эди. Менга кўзи тушди-ю, авзойи ўзгарди. Кейин ўзим қўнғироқ қиламан, дея гўшакни қўйиб қўйди. Ҳар доим «Фалончиев», деб ҳам сал ҳурмат маъносида, ҳам бир озгина ҳазиллашиб гапирадиган бошлиқ бу сафар бир оғизгина қилиб «Кир!» – деди.
Стулга чўкдим.
– Хўш, нега топшириқни бажармадинг? – деди у сенсирашга ошкора ўтиб.
Жаҳлим чиқса ҳам, унинг авзойидан қўрқдим. Аслида, қилдек айбчам бор эди. Шу боис бошқа такрорланмайди, деб қўя қолдим.
– Нима, сенга бу ер катта холангнинг уйими, чўлоқнинг боласи?!
– Нима? Чўлоқнинг боласи?
Тепа сочим тикка бўлиб кетди. Қалтирай бошладим. Fазабдан кўзимнинг ўти чиқай деди. Титраб кетдим. Ўрнимдан сапчиб туриб тўғри бошлиқнинг олдига бориб, ёқасидан олдим. Энди мен ўзимда эмас эдим. Қайнаб кетган қоним сўзга айланди:
– Энағар, ўғри! Иш – иш, уй – уй. Ишимга онамни қўшма, итдан тарқаган!
Нима қилаётганим, нега бундай деяётганимни аниқ билмасдим. Қаттиқ жаҳл устида бошлиққа мушт туширдим. Ке¬йин яна, яна… У жонҳолатда столи тагидаги учинчи тугмачани босишга улгурибди. «Тревога» сигнали овози эшитила бошлаганда, бошлиғимиз креслосига бошини суяганича жимиб қолди. Менинг кўзим қонга тўлганди…
Ўша куниёқ мени мана шу хонага ташлашди. Топшириққа биноан, бир шарт билан бурнимга ҳавочин тақишди. «Бу аппарат илк бор синовдан ўтаяпти. У ҳар куни бир зайлда пул сарфлайди. Сўнгги чақа қолишидан беш дақиқа аввал сигнал келади. Пул тўланмаса, ҳаво узилади ва сен ўласан. Ўшандай пайтда бошлиқнинг оёғини ялаб, пул сўрамагунингча, бурнингдан ҳавочин олинмайди», дейишди.
Нозирдан эшитишимча, зор қақшаб йиғлаган онамга ўғ¬лин¬гиз дом-дараксиз йўқолиб қолди. Қидираяпмиз, топилиб қолар, дейишибди…
Онам ишонмаслигини билардим.
Ҳавочин билан ўтаётган илк кунларимда онамга жуда ачиндим, раҳмим келди. Ёлғиз ўзи қандай яшаяпти экан, деб роса сиқилдим.
Онам ҳақида ўйлашдан ҳам кўра муҳимроқ, кучлироқ муаммо – нафас олиш масаласига келганда, баъзан ундан хафа бўлардим. Мени шундай характер билан туққани, Ягона куч эса шундай тақдир ато этганидан ҳар иккисидан ҳам ранжир, гоҳ нафратлана бошлардим. Нафратим шу даражага етдики, улар ҳақида бошқа ўйламасликка қарор қилдим…

* * *

«Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди… Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди… Ер ютгурлар…»
Бу таниш овоздан чўчиб ўзимга келдим. Қулоғим ғувилларди. Кўзимга ҳеч нима кўринмади. Мен устида ётган столни ушлаб кўрдим. Ҳеч нима сезмадим. Нафасим сиқиларди. Иситмам чиқаётганга ўхшайди. Ўпкам «шиғ-шиғ» этаётганини эшитдим. Очиқ, лекин ҳеч вақони кўрмаётган кўзларимни тағин юмдим.
Қулоқларимга жуда-жуда олислардан таниш саслар келарди. Билмайман, бу даҳшатли овозми ё овознинг шунчаки даҳшатими… Дўстимни чақираман, таниш сас эса унинг овозини эшиттирмайди:
«Ўртоқ Чирскин!»
«Ифлослар, ярамаслар!..»
«Ўртоқ…»
«Боламни ўлдиришди…»
«…Чирскин!»
«Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди…»
«Қаёқдасан?..»

* * *

Чироқнинг ёруғи тагига тушмаса-да, атрофини ёритади…
Тун ярмидан ошганда, нафасим яна қисилиб, бошим гир айланар, кўнглим айниб, қусгим келар, шу тобда ҳаводан бошқа бутун оламни унутган эдим.
Алаҳсий бошладим, беихтиёр ўртоқ Чирскин тунги оромини олаётган гугурт қутисини пайпаслаб топдим. Қўлимга олиб, шивирладим:
– Мабодо ўлиб қолсам, сен нима қиласан? Ҳолинг нима кечади?
Қулоғим остида ўзимникига ўхшаш товуш келади: «Ўлма, отим: ёз келур, йўнғичқа битур…»
Ҳавочинимни юзимга маҳкам босаман…

221

Акобир Саййид

Акобир Саййид 1986 йил 14 декабрда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультети магистратура босқичини тамомлаган. Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

ДАРАХТ ПЎСТЛОҒИДАГИ БИТИКЛАР

Чол букчайиб ўзидан ҳам ёши улуғроқ ёнғоқ дарахти остини тозаларди. Ёнғоқ меваси пўстини арчавериб қўли, лаби ва яланг оёғидаги бармоқчалари қорайиб кетган болакай сер¬ғайратликда бобосидан ҳам ошиб тушарди. Шох-шаббаларни улоқтириб ўйнар, кези келганда, бобосига тақлидан белини ушлаб вой-войлаб қўярди. Таниш болакай. Жудаям таниш. Кўзлари, нигоҳлари, қуёшдан қорайган юзи меникига ўхшайди. У менмидим?! Чол баъзан ёнғоқнинг вужудини, ғадир-будир танасини сийпаларди. «Пўстинг тўкилаяпти-я», дея ғудраниб қўярди. «Шохинг синаяпти-я»¬, дея оҳ уриб қўярди. Дарахт танасидаги бўртиқ чизиқлар чолнинг юзидаги ажинларга ўхшарди. Чолнинг тўкилиб кетган сочи ёнғоқ шохига ўхшарди. Бир-бирига ўхшаш икки ҳаёт бирлашган, икки ҳаёт кексайгандек эди. Мен иккаласи ҳам қачонлардир бу ердан мангу кетиб қолишини сезардим. Жудаям қаттиқ ҳис қилганимдан ғинг демасдим. «Бобо, ким билан гаплашаяпсиз?» – дея олмасдим. Тинглардим. Бобо томоқ қириб қўярди. Болакай шох ўйнаш билан овора эди.
«Бизнинг муддатимиз тугаб қолаяпти, қария. Ёдингда бордир, мен сени ёшлигингдан бери биламан. Уй қураётганимда сени кесиб ташламоқчи ҳам бўлганман. Менга уй керак эди. Сен эмас. Кечирим сўрамоқчи эмасман. Сен ҳам ҳеч нарса демагандинг. «Келдим, дунёнгни ҳам кўрдим. Ҳеч бир қизиғидан, ҳеч бир жозибасидан нишона йўқ. Қурсанг қуравер ўша уйингни», дегандек ҳатто барг қимирлатмадинг. Кейин мен айнидим. Нима, сен шохинг синмаси жуфтакни ростлайверасанми, деб ўйладим. Мен билан ёмон яшамадинг, шундайми? Лекин кўп қийналдинг. Атрофингга бетон тўкдик. Кичкинамиз ЗИЛда босиб цемент олиб келиб ташлади. Қачонгача лой кечиб юрамиз, дедик. Сен яна ҳеч нарса демадинг. Бир куни дардингни ичингга ютавериб қурийсан, деб ўйлагандим. Жонинг тошдан экан. Энди бу сафар кетишимиз аниқ. Сен хоҳ рози бўл, хоҳ бўлма… Еримиз биз учун айланишни тугатади, қуёш биз учун сочаётган нурларини бас қилади. Насиба».

* * *

Ўсмирлигимда чол ўша пайтлари чарчаган бўлса керак, деб кўп ўйлардим. Айниқса рок, поп, жаз ва бошқа жазавали қўшиқлар таъсирига тушиб, инсон танасидан бошқа вужудни тан олмай юрган пайтларим чолни эсини еганликда айбладим. Маъшуқамга сохта ҳаётдан келганлигимни, шаҳарга келиб ҳаққониятга кўмилганимни ҳаяжон билан айтиб берган пайтларим бўлган. У оппоқ тишини кўрсатиб кулган, пушти лабларини чўччайтириб, «Ўзимнинг ёввойигинам», дея қулоғимга пичирлаганди. Мен чолнинг кўнглини оғритиб қўйган эканман. Ишим ўнгидан келмай юрган кезлари чолнинг ҳаққига дуо қилгим келиб кетди. Чол жойнамозга ўтирволиб ҳадеб такрорлайверадиган сўзларини эслай олмасдим. «ла», «ла», бу – арабчада «йўқ» дегани экан. Миямга тузукроқ гап келмади. Пешонам терлаб кетди. Юк келиши керак эди. Иссиқда куйиб-пишиб ўтиравердик. Акром, Зубай, Хуршид ва мен. Хуршид асабийлаша бошлади. Омборхона хўжайинини секин йўқлади. Онасини ҳам. Мен кулдим. Жаҳлим чиқса, куладиган одатим бор эди. Миямда ҳамма воқеалар қоришиб кетар, тетапоя қилиб, тилим бийрон бўла бошлагандан бери ўтган энг масъуд дамларимни эслаб кулардим. Гўёки қуёшнинг қайноқ нурлари қаърида пайдо бўлган йўл мени ўша томонга етакларди. Бу йўл менга пулдан ҳам қадрлироқ мукофотни ваъда қилар, кимгадир йўлиқишимга ишора этарди. Оёғим увишиб, туришга мадорим йўқ эди.

* * *

Чол эшикни ғийқиллатиб очди. Бола унинг кетидан қолмасди. Кампир тўрда нимадир тикиб ўтирарди. Чопон бўлса керак. Куёвликбоп чопонлар кампирнинг қўл фабрикасидан чиқарди. Чол оёқ учида келиб кампир ёнида турган ғалтакка қўл чўзди. Fалтак ип бошқа томонга тортилди.
– Сезиб қолдинг-а? – деди чол кулимсираб.
– Худога шукур, кўзим ҳали ўткир, – деди кампир киноя билан.
Кампир кўзойнагини кўтариб қўйди. Кейин катта-катта, ҳақиқий Шарқ гўзалларигагина хос бўлган кўзларини болага тикди. Дарров ҳамма ишини йиғиштириб эшикка чиқди. Чол маҳсисини ечди. Бола ҳам сакраб турди. Fалати қувонч билан бармоқларини йиғиб, жажжи муштчасини намойиш этди. «Ана, эшитдингизми? – деди овозини баландлатиб. – Бобо, эшитдингизми?» Чолнинг кўзи илинган шекилли, овози чиқмади. У ёнбошлаганча ютиниб қўйди.
– Ҳо,– деди болакай эркаланиб, – бериб бўпман сизга. Кейин сал юмшади: – Ўзиз-да, «Товуғинг бақироқ, товуғинг йиғлоқ», деяверасиз. Майли, тухумни чўққа пишириб берсайиз, са-алгина бераман. – «Салгина»ни бармоқчалари билан ифодалаб берди. Чол кулиб юборди.

* * *

Чап кўксини чангаллаб қолишини кутгандим. Бунақанги бақиришда инфаркт ё инсульт бўлиш ҳеч гапмас. Хуршид аёлга ҳамроҳ икки барзангига эътибор бермади. Мен билан Зубайга кўз қирини ташлаб қўйди, холос.
– Хола, кўп «шантаж» қилманг. Сизга бўёқни мен сотганим йўқ. У мен эмас.
– Ким эди у, арвоҳингми? Машинник…
Аёлнинг ҳақоратлари кўпайгани сари Хуршиднинг юзи тундлашиб бораверди. Бозордаги аравакашдан тортиб воситачи-ўртакашларгача йиғилди. Менга кўпроқ Сопи Бемаънининг лақиллашлари ёқмаётганди.
– Бола кўпроқ қўшворганми, нима бало… Ўртакашга осонмас, жигар. Юз сўм топиш учун минг сўмлик гап эшитиши керак. Кўзи кўкаргани зарарига.
Индамадим. Хуршид ҳам гап эшитадиганлар хилиданмас. Бозордан қорин тўйдирадиганларнинг кўпчилиги буни яхши билади. Уни сирли жойга кўмилган портловчи мосламага қиёслаш мумкин. Тўсатдан ўзини намоён қилади.

* * *

Кампир саҳардан тараддудланиб қолди. Ҳали уёққа югуради, ҳали буёққа. Чолини оппоқ кийинтириб, кўнгли тинчиди. Кейин дарвозагача кузатиб қўйди. Чол ҳассасини қўлтиқлаб кетаркан, ортига ўгирилди.
– Сен ҳам бор, – деди жиддий қиёфада. – Қобилжон хафа бўлади.
Кампир дастурхон тугмасин. Майиз, туршак, ёнғоқ, ўзи ёпган нон, ҳаммаси бўлади. Болани кийинтирмасин. Ўзи тиккан иштончадан тортиб, кўйлакчагача кийдиради. Ке¬йин йўлга тушади. Йўл ора болакайга яхшилаб та¬йинлайди:
– Дастурхонга қўл чўзавериб, мени уялтирма, хўпми, қўзим. Қорнинг оч бўлса айт, овқат сузиб берай.
Шу орада йўлларидан шох-шабба чиқиб қолиши та¬йин. Кампир шуни ҳам кўзи қиймайди. «Ҳарна-да, тандир қизитишга ярар». Болакайнинг тили қичийди.
– Моможон, Хуршидни тўйими бугун? Суннат тўйими? – дея сўрайди. – Нима, уни уста яна «ҳалол» қиладими?
Момо «йўқ», дегандек бош қимирлатади.
– Ўтган сафар «ҳалол» қилган эди, бугун ош едиради, – дейди.

* * *

Ош унчалик татимади. Ҳеч нарса кўнгилга таскин беролмасди. Хўрлигим келди. Қачонгача шундай яшайман? Уйга кетаман. Тамом-вассалом. Бу ерларни ташлаб кетаман. Бир омадсиз йигит сифатида бош эгиб, қишлоғимга кириб бораман. Ҳамма кулган тақдирда ҳам бобом билан момом яшаган ҳовлига қамалиб оламан. Чиқмайман.
– Кўп алжирама, – деди Хуршид кечаги муштлашувдан сўнг турфа рангга кирган юзини мен томон буриб. – Яхшиси, мана бу дискни кўр, хурсанд бўлишинг аниқ.
Экранда таниш манзара намоён бўлди. Хуршиднинг суннат тўйи. Ўша пайтлари видеокамера тўйларга эндигина «ташриф буюрган» эди. Ҳамма бу оғир матоҳни елкасига қўндириб олган кишини кўрса ё кулишга, ёки бўлмаса қўл силкишга ошиқарди. «Мана, мен», деб қўйгиси келарди. Ўйларим ичимга тушиб кетди. Уни кўриб қолдим. Мана, мана менинг бобом. Худди ўзи. Калта соқоли. Ёнғоқ дарахтиникига ўхшаш ажинлари. Тирик экан. Дуога қўл очди.
– Омин, – деди Қобил амакининг: «Дуо беринг», деган қистовидан сўнг.
Fалати дуо қилди. Жуда ғалати. «Менинг ёшимга кириб юринглар», дейишини кутгандим. Ундай демади.
– Барчамизни Яратган тўғри йўлдан адаштирмасин, аслимизни унутмайлик, – деди.

044
Бобур Наби

Бобур Наби (Жалолов) 1988 йил 15 январда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозирда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Матбуот марказида етакчи мутахассис бўлиб ишлайди. Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

ЮЛДУЗ

У қўлидаги китобни ёпиб, токчага қўйди. Деразадан қаради – шом вақти бўлибди. Сандал чўғига қўйилган обдастани олиб, ташқарига чиқди. Ҳаво жуда совуқ. Қор тизза бўйи ёққан. Осмоннинг оқиш ранги қалбларга ҳузур бағишлар даражада тиниқ. Ердаги оппоқ қор ва осмон ранги бирлашиб, уйғунлик ҳосил қилгандай кўринар, айниқса, дарахтларнинг айрим шохлари худди оқ қоғознинг у ер-бу ерига қалам билан чизиб қўйилган каби тасвирга менгзаб, ажиб манзара ҳосил қилганди. Гўё бу ерда рассом сен-у, унга хоҳлаганингни чизишинг мумкиндек эди.
Уйда ўтиравериб димиқиб кетган чол учун тоза ҳаво жоннинг роҳати бўлиб кетди. Ўзига йўл очиш мақсадида куракни олиб, бир оз танасини қиздирмоқчи бўлди. Ҳожатхонага қадар эллик қадамлар бор. Томирлари бўртиб чиққан қўлларига туфлаб, куракни ушлади. Айвондан бошлаб, йўл очишга тушди. Қор зилдай экан, ҳеч қанча юрмасдан ҳарсиллаб қолди. Қаддини тиклаб, худди чарчоқлардан халос бўладигандек чуқур уҳ тортди. Оғзидан чиққан ҳовур секин-аста бостириб келаётган оқшом зулмати таъсирида йўқ бўлаётган оппоқ табиат қўйнида кўзга кўринмай кетди. Чол шунда эътибор берди – агар шошилмаса, намозшом ўтиб кетиши мумкин. Яна бир оз шундай тургач, ўз ишига шўнғиди…
Ўн беш дақиқа ичида манзилига етиб борди. Пешонасидан тер қуйиларди. Дам олиш учун бир чеккага чўккалади. Қўйнидан дуррасини олиб, манглайидаги реза терларни арта бошлади. Қишда терлаб ишлаш яхши-ю, лекин совуқ уриб кетиши чакки-да. Оқшом тобора кунни енгиб келарди. Осмон тоқида бир кичкина юлдуз хира бўлса-да, нур сочишга тиришарди. Уни кўриб, чолнинг юзига табассум ўрмалади. Гўё шу юлдуз ҳам оппоқ қор лашкарини ёриб ўтмоқчи бўлаётган чолга ўхшаб қолганди. Лекин у бор кучи билан ҳаракат қилаётгандек эди. Чол ҳам: «Шу митти юлдузчалик бўлолмайсанми?» – деб ўйлади-ю, шаҳд ўрнидан турди.
Обдастадаги сув ҳам совиб қолибди. Бироқ чол буни сезмади ёки умуман эътибор бермади. Ҳозир унинг хаёллари бошқа самоларда парвоз этарди. Шомни ўтказиб юбормаслик нияти ҳам қалбининг бир четида хира нур сочиб тургани учун аста қадам ташлади…
Икки ёнбошига салом бериб, аста ўрнидан турди. Жойнамозни юқорига, ўз жойига қўйиб, бир муддат сукут ичида қолди. Энди қорин ғамини ейиши керак. Ўзига қолса, иштаҳаси ҳам йўқ, аммо қорни хафа бўлиши мумкин. Унинг аразлаши эса соғлиққа ҳам таъсир этиши табиий. Шунинг учун кечки овқат ташвишига тушди. Плитага чой қўяй деса, доимгидек бу пайтда чироқ ўчган. «Қурмагурлар, шуни ўчирмаса, нима бўларкин?» – дея одатдагидай хаёлидан ўтказди чол. Яхшиямки, термос деган матоҳи бор экан. Эрталаб шунга қайноқ сув солиб қўйганди. Ҳали ҳам иссиққина турибди. Токчадан ликопчада оққанд ва гулли дуррага ўраб қўйилган яримта нонни олиб, сандалга ўтирди. Термосдан пиёлага сув қуйиб, оққанд солди. Оққанд худди ташқаридаги қорнинг нурсиз қуёш жилвасидаги оппоқ ҳавода эришига ўхшаб, доғ сув ичида майда зарраларга ажраб кетди. Кейин у сал суви қочган нонни ҳам пиёлага ботирди. Кўзларини бир нуқтага қадаб, ўйга толди. Чамаси у боягина ўқиган китоби ҳақида ўйларди. Мактабда қоровуллик қилиб юрган пайтида бир йигит зерикиб қолмаслиги учун унга ташлаб кетган китоб ҳозирда энг яхши овунчоғига айланганди. Шу-шу, бу китоб унинг ажралмас дўсти бўлиб келмоқда. Ҳозиргача неча марта ўқиганини ҳам эслай олмайди. Лекин ҳар мутолаа пайтида янгича маъно топади. Баъзан эса ўз-ўзидан ва соддалигидан ҳайратга ҳам тушиб қўяди. Наҳотки, шундай катта асар битта чолнинг сўзлари, ўй-хаёллари билан ўтиб кетса?! Ёзувчи шунча гапни қаердан олган экан-а?
У сувда ивиган ва оққанднинг мазаси юққан нонни тишлади. Шу тишлаган бўлагини эринмасдан узоқ чайнади. Сўнг ширин чойни симириб ичди. Роҳатланиб «ваҳ», деб юборди… Қорин масаласи ҳал бўлгач, аста ўрнидан туриб, нон билан оққандни яна жойига қўйди. Токчада ёниб турган шамни олиб, ётадиган жойига ўрнатди. Кейин боя шу токчага қўйган китобни олиб, жойига ётди. Китобни шам ёруғига тутиб, келган ерини топиб, очди. Шунда ўзини ҳам чексиз денгизда сузиб юрган қайиқ устида ўтирган асар қаҳрамони — Чолдек тасаввур қилди: қўлларининг кафти анча қавариб кетган, бунинг устига очлик ҳам Чолнинг силласини қуритганди. Ҳарфлар секин-секин чаплашиб, муайян бир шаклга кира бошлаганда унинг ҳам киприклари гўё оғир нарса қўнгандай аста қоқилди-да, кўзлари чуқур оҳ тортгандай юмилди…
У ўзини чексиз бир ялангликда кўрди. Атроф оппоқ қор. Ҳеч зоғ йўқ – ерда ҳам, осмонда ҳам. Бир ўзи қалин қор босган чўлда турарди. Негадир ўзини ҳорғин сезди. Боши оғирлик қилгандай ерга эгилди. Не кўз билан кўрсинки, унинг танаси саксовулга айланиб қолганди. Қимирласа, ҳеч ерга жилмайди. Фақат калласи билан теваракни кузатиши мумкин. Изғирин танасидан ўтиб кетди шекилли, инграб юборди. Бунинг устига, қорни роса очган. Негадир жуда сувсаган ҳам эди. Шамол саксовул шохларини ҳавода учирар, бу эса унга роса азоб берарди. Аламдан бақирмоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. Балки чиққандир, бироқ уни эшитадиган бирор кимса кўринмасди.
Шу алфозда анча вақт қотиб турди. Худди иккала қўлини икки томонга тортиб бойлаб қўйгандек бошини осилтирганча фақат ингранарди. Шу пайт қаердандир бояги Чол пайдо бўлди. Ўзининг қайиғида. Унинг ёнига келиб, қўлини чўзди-ю, лекин ногаҳон силтаниб кетди. Елкасидаги чилвир Чолни тортиб кетганди. У ўзини ўнглади, аммо қайиқ жуда катта тезликда узоққа кетиб бўлган эди…
У чўчиб, уйғониб кетди. Юзига қуёш нури тушибди. Ёнида эса бояги китоб. Кўрган тушининг таъсиридан қутулиб, ҳушига келгач, бомдод қазо бўлганини англади. Ўрнидан қўзғалмоқчи эди, оёқлари қимир этмади. Қўллари билан оёқларини жилдирмоқчи бўлди. Шунда кафтлари қавариб кетганини кўрди. Кеча қор кураганига бўлдимикан? Ўрнидан туролмагач, бир муддат жим қолди. У фақат калласи билан теваракни кузатиши мумкин эди. Сандалдаги чўғ ҳам аллақачон ўчган, шунинг учун изғирин танасидан ўта бошлади. Анча вақтгача шундай ётди. Булар камлик қилгандай ошқозон сурнай чалишга тушди. Негадир роса сувсаган ҳам эди. Лекин ёрдам берадиган одам йўқ. Бақиргани билан унинг суст овозини ҳеч ким эшитмасди.
Тасодифан хаёлига қайиқда ўтирган Чол келди. Чолдан кўмак сўрамоқчи бўлди. «Худойим, елдек кел-у, селдек ол». У энди қандай мадад сўрашни биларди. Қўлидаги китобни кўксига қўйиб, тилида бир нималарни пичирлади ва кўзларини юмди. Узоқдан булутлар уюмини ёриб чиқишга муваффақ бўлган ёрқин юлдуз чарақлай бошлади. Гўёки у чолни ўзига чорлаётгандай бир кўз қисиб қўйди. Буни кўриб, чолнинг лабларига хиёл табассум югурди. Шундан кейин қайта кўзларини очмади…
Боя чарақлаган юлдуз ёнида каттароқ яна бир юлдуз пайдо бўлди…

Манба: facebook даги «Таассурот» саҳифаси ва www.ziyouz.uz

(Tashriflar: umumiy 91, bugungi 1)

Izoh qoldiring