Abadiyatning yetmish soniyasi

014

12 декабрь – Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун.

   Ҳамид Олимжоннинг ижодий диапазони ниҳоятда кенг. У шеърият ва наср, драматургия ва бадиий таржима, танқид ва адабиётшунослик соҳаларида самарали меҳнат қилди. Бу соҳаларнинг ҳар бирида ўчмас из қолдирди. Унинг ижоди ўзбек халқининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётида рўй берган силжишни акс эттирди. Ижтимоий фаолият ҳам, адабий ижод ҳам Ҳамид Олимжон учун фаол ҳаракатмайдони бўлди. У ижодкор сифатида икки шеърий драма, 200 га яқин шеър, 4 та баллада, 9 та достон, ўнлаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалар яратди.

8887 Наим Каримов
АБАДИЯТНИНГ ЕТМИШ СОНИЯСИ
Ҳамид Олимжонни эслаб
004

090ХХ асрда халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида кечган воқеалар аллақачон тарих қаърига кириб улгурди. Аммо ўзбек халқи учун бу суронли, ҳатто фожиали асрда шундай ажойиб сиймолар яшаб ва ижод қилиб ўтдиларки, уларни тарих мулкига айланди, дейиш инсофсизлик бўлур. Негаки, М.Беҳбудий, А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом сингари янги ўзбек адабиётининг бешигини тебратган, ўз асарлари билан халқнинг басират кўзларини очган шоир ва ёзувчиларнинг ўзлари ҳам, уларнинг энг яхши асарлари ҳам доим биз билан яшайди. Биз шу улуғ сиймоларнинг номларини тилга олишимиз билан уларнинг машаққатли даврларда кечган ҳаётлари, эрк ва ҳуррият йўлида олиб борган фаолиятлари кўз олдимизда камалак нурларидек товлана бошлайди. Ва улар, олис юлдуз шуълаларидек, секин-аста бағримизни иситиб юборади.

Шу улуғ сиймоларга замондош бўлган ва улар билан ҳамнафас яшаб ижод қилган кишилардан бири вафотига 70 йил тўлган Ҳамид Олимжондир.

Ҳамид Олимжоннинг қандай шоир ва қандай инсон бўлганлигини шу сатрлар муаллифига қараганда унинг сафдошлари яхши билишган. Шундай кишилардан бири шоир Миртемир бўлиб, унинг ёзишича,«Ҳамид Олимжон туғма ва нодир талант эди. Унинг қонида, ўзлигида, кўз қорачиғида, тўқсон икки томирида туғма бир зукколик, шоирона бир сажия, билгичлик, бурролик, нурбахшлик, ёрқин қалб ва адаб аён» эди.

Шоирнинг бошқа бир қаламкаш дўсти Мақсуд Шайхзода эса у ҳақда бундай самимий сўзларни ёзган:«Ҳамид шеърининг руҳи она тупроқнинг хуснидан ва ўзбек халқининг азалий қайғуларидан, озодлик ва бахт йўлидаги оловли истакларидан озиқланиб, парвариш топди. Исёнкор Жиззах элининг бу фаросатли ўғли энди етти ёшга кирганида, ўлкада зулм ва истибдодга қарши, текинхўр ва сотқинларга қарши қўзғолон алангаси ловиллаб кетди. Айтиш мумкинки, ёш боланинг ўрганган илк «алиф»и эзилган бечораларнинг наъра тортиб, болта кўтариб: «Йўқолсин золимлар! Яшасин эрк!» дея қичқирган нидолари бўлди. Бу фожиали ҳодисалар, қўзғолоннинг омонсиз равишда бостирилиши, қатл-қирғин ва сургунлар, талон-торож ва ҳақоратлар, халқнинг фарёди ва ғазаби кичик Ҳамиджоннинг биринчи ва унутилмас мактаби бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам озодлик идеали ва халқ севгиси Ҳамид қалбига ҳаётининг илк давридан сингиб кетиб, бутун умри бўйи унга раҳнамо ва илҳомбахш қудрат бўлди».

Чиндан хам, миллий таракқиёт идеали, Ватан ва халқ севгиси, азалий ўзбекона қадриятларга садоқат Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди учун раҳнамо куч ва илҳомбахш қудрат бўлган. Юксак инсоний эътиқод соҳиби Ҳамид Олимжон қадрдон Ватани ва халқининг маданий тараққиёт йўлидан мардона одимлар билан бориш учун астойдил тер тўкди. Унинг асарлари ҳали-ҳамон бизга эстетик завқ, руҳий озуқа, яшаш ва ишлаш учун куч беришда давом этажак.

Ҳамид Олимжоннинг ижодий диапазони ниҳоятда кенг. У шеърият ва наср, драматургия ва бадиий таржима, танқид ва адабиётшунослик соҳаларида самарали меҳнат қилди. Бу соҳаларнинг ҳар бирида ўчмас из қолдирди. Унинг ижоди ўзбек халқининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётида рўй берган силжишни акс эттирди. Ижтимоий фаолият ҳам, адабий ижод ҳам Ҳамид Олимжон учун фаол ҳаракатмайдони бўлди. У ижодкор сифатида икки шеърий драма, 200 га яқин шеър, 4 та баллада, 9 та достон, ўнлаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалар яратди. Ижодий уюшма раҳбари сифатида эса қанчадан-қанча шоир ва ёзувчиларнинг ўсишиб шаклланишига, қанчадан-қанча асарларнинг яратилишига сабабчи бўлди. Нафақат 30-йиллар одоғи ва 40-йилларда битилган, ҳатто 50-йилларда майдонга келган айрим асарлар ҳам унинг далдаси билан яратилган.

1943 йилда фронтдан жароҳат билан қайтган Шуҳрат Ёзувчилар уюшмасида «урушдан аввалгидан кўра серташвишроқ, ишчан, беҳаловат» Ҳамид Олимжон билан учрашар экан, атоқли шоир унинг фронтда кўрган-кечирганлари билан қизиқсиниб, бундай деган экан: «Шоирнинг кўргани бекор кетмайди. Иложи бўлса кундалик тутинг. Дарвоқе, кундаликсиз ҳам уруш одамзоднинг эсидан чикмайди. Кўрган-билганларингизни ўйлаб юринг. Материал кўп, албатта. Иложини топсангиз, прозани кўзланг, катта прозани. Бу замон фақат катта прозага сиғади. Прозада машқ қилганмисиз?..» Ичимдан зил кетдим, — деб эслашда давом этади Шуҳрат. — Прозада тажрибам йуқ эди… Лекин «Шинелли йиллар» романимнинг ёзилишига шу суҳбат илк туртки бўлгани сир эмас».

Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон каби шоирлардан кейин ўзбек адабиётига кириб келган адабий авлодлар донгдор салафлари таъсирида шаклландилар. Шунинг учун ҳам уларнинг аксарияти Ҳамид Олимжонни устоз деб билди. Ҳамид Олимжонга бўлган бу ҳурмат ва муҳаббат замирида унинг бу шоирлар тақдирида ўйнаган роли, уларга кўрсатган меҳрибонлиги ётади.

«Асаларилар гулзорга кириб нектар эмганидай, биз Ҳамид Олимжон гулзорининг бол арилари эдик, — деган эди Ҳамид Ғулом.— У бизга ширинни аччиқдан, асални заҳардан ажратиш санъатини ўргатди. Ёмонликка, ғоявий қусурга қаҳри қаттиқ устоз бизга шеъриятдан қандай дарс берган бўлса, маданиятдан, сиёсатдан, ҳаётдан ҳам шундай дарс берди».

Ҳамид Олимжон ёшларга фақат ширин сўз эмас, балки зарур ҳолларда танбеҳ ҳам, маслаҳат ҳам зарурлигини билган. Адабий маҳоратни оширишнинг бирдан-бир йўли тинимсиз ўрганиш, тинимсиз меҳнат, халқ ҳаёти билан ҳамнафас яшаш, халқнинг дардини ҳис қила билишдир, дер эди у. Шунинг учун у 1942 йилда Амин Умарий, Мирмуҳсин ва С. Никулинни Бекобод металлургия заводи қурилишига йўллар экан, адабиёт билан халқ алоқасини мустаҳкамлашнигина эмас, балки бу ёзувчиларнинг ижодий ўсувини ҳам кўзда тутган эди.

Бу кичик ижодий группа улкан корхона қурилишида бўлиб, «Металл учун» газетасининг дастлабки сонларини чиқарди; меҳнат қаҳрамонлари билан яқиндан танишиб, улар билан ҳаётнинг қайнаб турган қозонида қайнади. «Бир бошловчи шоир сифатида металл заводи қурилишида бўлишим, — деб ёзган эди Мирмуҳсин, — менга анча-мунча сабоқ бўлди. Шеърий китобларни ўқиб, шеър ёзмадим. Ватандошлар билан ёнма-ён меҳнат қилиб, завқландим, ҳар турли одамларни кўрдим, тил ўргандим, қанақа шеъркишиларга ёқади-ю, қанақа шеър кишиларнинг энсасини қотиришини ҳам ўз кўзим билан кўриб, обдон танамга ўйладим. Қурилишдан қорайиб қайтиб келиб, устозга учрашдим. У юзимга қараб туриб: «Сафар ёкибди», деди. Ундан сўнг: «Шеър ёздингизми? Ёзинг! Қурувчилар ҳақида ёзинг!» деди».

Металлургия заводи курилишига бориш, янги саноат гигантининг барпо бўлиш жараёни билан танишиш, пўлат қуювчилар билан бирга ишлаш, Мирмуҳсиннинг эътироф этишига кўра, «кўп оқилона иш бўлган».

«Ёзувчи уста ёзувчи бўлиши мумкин, — деб давом этган Мирмуҳсин,— лекин устоз ёзувчи бўлиш ҳаммага ҳам муяссар бўлавермайди. Бизнинг севикли устоз шоиримиз Ҳамид Олимжон: «Бўладиган ўғил ўн бешида бош бўлар, бўлмайдиган ўғил эллигида ёш бўлар», деб халқ айтганидек, ўспирин деб аталадиган пайтидаёқ адабиётимизда ярқираб, илғорликни қўлга олган, йигит ёшида шу адабиётнинг оқсоқоли бўла олган киши эди».

Ҳамид Олимжон газета ва журнал саҳифаларида эълон қилинган, турли адабий кеча ва учрашувлардаўқилган асарларни диққат билан тинглаган, агар бундай асарларда у адабий истеъдоднинг қандайдир бир учқунини кўрган бўлса, бу учқуннинг тезроқ аланга олишига, албатта, кўмак берган.

30-йиллар охирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган адабий кечаларнинг бирида ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган Қуддус Муҳаммадий «Саъва сайраркан…» шеърини укийди, Фақатгина Қуддус Муҳаммадийга хос завқ-шавқ Ҳамид Олимжонни ўзига ром этади. Кеча ҳайъатида ўтирган шоир Қуддус Муҳаммадийни ёнига чақириб, чеҳрасида табассум ва меҳр аломатлари билан: «Бундан кейин ҳам шундай адабий кечаларга қатнашиб туринг», — дейди ва унда ҳали ҳаётий тажриба ҳам, маҳорат ҳам етишмаслигининазарда тутиб, давом этади: «Кўп ўқинг. Роса ўқиб, ўрганиб ва билиб ёзинг. Меҳнатсиз ниҳол ҳам, шоир ҳамҳосилга кирмайди».

Таниқли шоирнинг бу сўзлари ҳаётдан ўз ўрнини топиш илинжида юрган Қуддус Муҳаммадий учун далда бўлди. Унинг кўнгли кўтарилиб, устоз шоирлар ижодидан сабоқ олиб, жўшиб-қайнаб ёзишга киришди. Ҳамид Олимжон шу даврда авж олган ижодий учрашувларга Қ.Муҳаммадийни ҳам жалб этди ва уни етаклаб, адабиёт даргоҳига олиб кирди. У ана шу тарзда Зулфия, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Туроб Тўла, Мамарасул Бобоев, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Светлана Сомова каби шоир ва ёзувчилар-нингижодий такдирида бевосита иштирок этди. Бу ёзувчилар силсиласига яна бир қанча қалам аҳилларини киритиш мумкин. Шулардан бири — Шуҳратнинг қуйидаги юрак сўзлари ҳам ҳурматли газетхонларэътиборига моликдек туюлади:

«Ҳамид Олимжон фожиали ҳалок бўлганидан кейин унинг иш столидаги календарда бир неча ёш шоирларнинг номини ўқийдилар. Булар шу яқин орада Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига олишга мўлжалланган, Ҳамид Олимжон фикрича, анча етилиб қолган шоирлар экан. Шу уч-тўрт ёшнинг орасида менинг ҳам исмим бор эди. Мен ана шу рўйхат бўйича Ёзувчилар уюшмасига ўтганман. Демак, менинг уюшмага ўтишимда маълум маънода Ҳамид Олимжоннинг ҳам тавсияси бўлган».

Ҳамид Олимжон нафақат ўзига издош авлодга, балки Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Омон Матжон, Рауф Парфии, Жамол Камоллар авлоди учун ҳам ғойибона мураббий бўлди. У бадиий ижоднинг бошқа турларида ҳам қаламини синаб, сара асарларни ёзиб қолдирганига қарамай, биринчи навбатда шоир эди. Шоир бўлганида ҳам туғма шоир эди. Унинг шеъри бадиий композиция нуқтаи назаридан мукаммал бўлганидек, лирик кечинма ва ҳис-туйғулар пўртанасини гўзал, нафис, оҳангдор сўзлар ва поэтик образлар ёрдамида моҳирона ифодалаш санъати билан ҳам беназирдир. У шеърий техникаси билангина эмас, тасвирга тортилган образнинг, туйғулар оламининг олмос қирраларини дафъатан нурлантириб юбориш маҳорати билан ҳам, поэтик ғояни шу туйғуларнинг ҳарир бағрига яшириш маданияти билан ҳам шеърият шайдоларини мафтун қилган. Унинг шеъриятига хос шундай гўзал фазилатлар, жумладан, устоз поэтик анъаналарини янги ижодий босқичга кўтарган Эркин Воҳидовга ҳам ёт эмас.

Шу нарса ажойибки, 30-50-йиллар ўзбек шеърияти равнақига улкан ҳисса қўшган шоирларнинг ҳар бири ўзига хос поэтик мактаб яратган. Нафақат Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, балки Уйғун, Шайхзода, Миртемир, Зулфиянинг ҳам ўз поэтик мактаблари бор. Аммо Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов сингари шоирларнинг асарларини ўқиган шеърхон уларда айни пайтда ҳам Ғафур Ғулом, ҳам Ҳамид Олимжонга хос поэтик маҳорат “ирмоқ”ларининг бир “булоқ”қа келиб қуюлганини сезмай қолмайди. Бу тасодифий эмас.

«Мен уни устоз дейман, — деб ёзган эди Эркин Воҳидов. — Мени илк бор шеъриятнинг сеҳрли гулбоғига ғойибона етаклаган, ханда уриб оққан мисралари ёш қалбимга шалоладай қуйилган, менга бахт ва шодликни куйлаш санъатини ўргатган шоир ҳақида яна нима десам экан?.. Хамид Олимжон — ўзбек шеъриятида сира ўчмас из қолдирган шоир. Унинг лирикаси ҳали узоқ, йиллар шеърий жушқинликнинг, шавқ ва эҳтироснинг тимсоли бўлиб қолади. Ҳали кўп авлодлар унинг сатрларидан замонанинг ўтли нафасини туюб, халқнинг ҳур, бахтиёр овозини эшитади. Мен уни устоз дейман».

Бу сўзлар фақат Эркин Воҳидовнинг дилидан униб чиққан нидогина бўлмай, балки сафдошларининг ҳам фикрларини, қарашларини, эътиқодларини ифода этса ажаб эмас.

Тақдир Ҳамид Олимжонга қисқа умрни ато этган экан. У бор-йўғи 35 йил умр кўрди. Аммо шу қисқа умри давомида ҳамидона баркамол шеърлардан ташқари, “Муқанна” шеърий трагедиясини яратди, ўзбек халқининг буюк эпоси – “Алпомиш” достонини тадқиқ этиб, нашр қилди; Навоий аксар асарларининг русчага сўзма-сўз, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларининг, шунингдек, “Алпомиш”нинг эса шеърий таржима қилинишида ташаббускор бўлди; улуғ шоир ҳақидаги тадқиқотлари билан навоийшунослик фанига Ойбек ва Олим Шарафиддинов билан бирга тамал тошини қўйди. Ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби сифатида ижодий жараёнга моҳирлик билан раҳбарлик қилди; эвакуацияга келган ёзувчиларга меҳр-оқибат кўрсатиш билан бирга уларнинг ўзбек адабиётини тарғиб ва таржима қилиш ишларига фаол жалб этди; ёш ёзувчиларнинг бошларини силашдан ташқари, Дўрмондаги Ижод боғининг ташкил этилиши ва обод бўлишига ўз ҳиссасини қўшди.

Ҳамид Олимжон адабиётимизнинг байроқдорларидан бири эди. Байроқдорлар эса ҳамиша барҳаёт қоладилар. Адабиётнинг тараққиёт даражасини белгилашда улар овози камертон бўлиб хизмат қилади. Уларнинг ҳаёт ва ижод йўли авлодлар учун халққа, Ватанга хизмат қилишнинг гўзал бир намунаси бўлиб қолажак.

Манба: www.kultura.uz

098
Ҳамид Олимжон
БАХТЛАР ВОДИЙСИ
(Фарғона шеърларидан)
021

Кўмкўк,
Кўмкўк,
Кўмкўк…
Кўклам қуёшидан
Кўкарган қирлар,
Пўлат яғринларни
Кўтарган ерлар
Кўмкўк.

Салқин саҳарларда
Уйқидан турган;
Булоқ сувларига
Юзини ювган,
Мармар ҳаволарнинг
Қўйнига чўмган,
Зилол бўшлиқларга
Кенг қулоч қўйган,
Мустақиллик
Ишқи билан
Ёнган далалар
Кўмкўк.

Уфқимизнинг ҳирсларини
Ўзига тортган,
Елкасига тарих билмас
Ғалаба ортган.
Улуғ йўлда толиқмасдан
Тез кетаётган
Бахмал қирлар,
Кенг бўшлиқлар,
Пахтазор ерлар
Кўмкўк…

Тонг палласи ҳавас билан
Далага оққан,
Муздай совуқ шаббодалар
Танига ёққан,
Кетмонлари
Кун тиғида
Ярқираб боққан;
Ғўзалари
Ўсиб,
Гуллаб,
Кўсаклар таққан;
Бу — тоғларнинг этагига
Ёзилган гилам;
Соғ ўпкаси
Тўлиб нафас
Олгучи бу дам;
Товушлари куйга тўлиб
Пишқирган дарё,
Ҳеч ғуборсиз сезилгучи
Бу тоза ҳаво;
Бутун борлиғи-ла
Орзуга тўлган,
Ҳуснлари қип-қизариб
Етилган гўзал,
Томирлари кучга тўлган
Бу ёш новқирон,
Яна янги ўлжаларга
Отланган
Карвон;
Зўр сафарга
Руҳ беришга
Ҳаводай даркор,
Янги бешнинг нотасини
Олган бастакор.
Барча япроқлари
Бирдай кўкарган,
Новдалари жонли,
Бу ноёб баҳор,
Қарашлари нурга тўлган
Бу улуғ водий
Кўмкўк!..

Эй, Фарғона!
Эй, яратиш водийсида
Пахтакор — деҳқон,
Эй, ўлкамиз
Томиридан,
Жўшган
Тоза қон,
Салом сенга!
Эй, Қайнардан
Чиққан
Қаҳрамон!
Салом сенга,
Ўлкамизнинг кўз қорасидай,
Гард юқтирмай,
Гуркиратиб
Кўкка кўтарган;
Салом сенга!
Полосонли
Ҳайдар капитан!
Кўмкўк…
Кўмкўк…
Кўмкўк…
Меҳнат-шараф ва шон бўлган
Водийлар
Кўмкўк…

Ғўза гули билан
Қалблари ўсган,
Ғўза япроғила
Қалби кўкарган
Водийлар
Кўмкўк…
Кўмкўк водиларда
Пўлат излардан,
Кечаётир қора поезд
Учиб,
Қарсиллаб,
Электрик томиридан
Оққан қонлардан
Бутун ўлка
Шимираётир
Чанқаб,
Ҳарсиллаб,
Бутун ўлка ишлайётир
Пишиниб,
Терлаб…

Эй, Фарғона!
Эй, бўйнига
Қора тўрва
Осган жонлардан,
Эй, ҳар куни,
Гадойликка
Тортган онлардан,
Эй, танларни
Шилиб ётган
Ҳаром танлардан
Бир йўласи озод бўлган азамат ўлка!
Эй, ҳаққила
Бош кўтариб,
Янги даврга,
Миллионларнинг кенг бағрига
Улғайиб кирган,
Эй,
Муштумзўр ўсган ерга
Электрикдан,
Трактордан,
Комбайндан
Қўзғалиш берган
Бўла,
Юмшоқ,
Семиз,
Сероб
Сийналарида
Янги давр юрагинннг
Ўти кўкарган,
Юраклари тетик урган
Оппоқ,
Момиқ тан!
Кўмкўк… Кўмкўк… Кўмкўк…

Диллар
Ҳавас билан тўлади,
Юзлар
Севинч сепиб кулади.
Тўрт томони осмон билан
Ўралган водий
Кундан-кунга
Ҳусни ортган ойдек тўлади.
Кўмкўк… Кўмкўк… Кўмкўк…

Янги кунга чиққан
Водий оёқларида
Оч ит каби,
Судралгучи
Давр ўлади.
Эй, Фарғона!
Мушкул кунлар боласини
Тишида тишлаб,
Ювиб,
Тараб,
Севиб,
Ўпиб,
Қучиб,
Опичлаб,
Эй, бахтларни балоғатга
Еткизган она!
Ёзилиб,
Етилиб,
Тўлиб ётади—
Ёппасига
Янги кунга
Эришган Қува!..
Нафаслари тўлиб-тўлиб
Қулоч отади —
Уйқуни тарк этиб,
Керишган ува.
Кўмкўк… Кўмкўк… Кўмкўк…
Дунёларни қойил қилган
… Увалар
Кўмкўк!..
Мардчасига отни сурган
Қувалар
Кўмкўк…

Бу ғолиб шторма тантанасидир.
Бу бизнинг
Сафарнинг
Зафар сасидир.
Дунё остин-устин бўлди,
Янги дунёнинг
Қарашлари ўткир,
Ҳужумлари зўр,
Енгилган дунёнинг бағрини босиб,
Юлдузга интилган
Бу давр мағрур,
Ишонч кўзи билан
Олға боқадур.
Кўмкўк… Кўмкўк… Қўмкўк…

Йўлда катта довон бор ҳали,
Қизил соҳилларни
Маҳкам тутайин.
Шунда денгизларда
Сузмас ёт қайиқ;
Баланд чўққиларга
Кўтарилганда
Тоза нафасларни
Тўла олайик.
Эй, бахтли водининг азамат халқи!
Эй, ўлкани
Электрик дарёларига
Ёш боладек чўмилтмоқчи
Бўлган фидокор!
Эй, болага тоза кўйлаклар
Кийгизучи ўртоқ пахтакор!
Кўмкўк водийларни
Кўз қорасидай,
Асра!
Баргларига
Гард ҳам юқтирмай!

022

(Tashriflar: umumiy 88, bugungi 1)

Izoh qoldiring