Abdivoy Rahim . Masallar & O‘rolboy Qobil. Masalchi bobo

Ashampoo_Snap_2017.08.25_20h45m55s_003_.png  Масал жанри бизга Гулханий бобомиздан мерос. Қолаверса, бу жанрда қалам тебратганлар бармоқ билан санарли даражада эканлигини эса жанрнинг мураккаблиги билан изоҳлашдан бошқа баҳонамиз йўқ. Абдивой Раҳим эса Қашқа воҳасининг ягона масалчи шоир десак, эътирозлар бўлмаса керак.

Ўролбой ҚОБИЛ
МАСАЛЧИ БОБО
09

Айланиб юргандим, почта биноси ёнидаги чинор соясида гурунглашаётган тўрт-беш чолларнинг суҳбати диққатимни тортди.

-Хўш, почча, қишлоқдаги энг бой одам кимлигини билдингизми? – сўради Қаюм бобо ёнидаги Ниёз бободан.

-Пастепадан Тўйлибойни фермерни айтсак бўлади, иккита “Нексия”си, трактори, тегирмони, тўйхонаси бор. Сигири, қўй-эчкиси бир сурув. Ўғиллари топармон. Ана, ўтган йили пишиқ ғиштдан иморат кўтарди, данғиллама тўй қилди, — жавоб берди Ниёз бобо.

-Яхши, лекин ўша бойингиз элга, қишлоқдошларига нима қилиб берди, шуни айтинг?

-Энди, бу ёғини билмадим, қайним…
-Мен ҳам бу саволга жавобни кўп ўйладим ва охири топдим.

-Ким экан у мардум, биз ҳам эшитайлик, Бердимуродов,- дея суҳбатда аралашди Тошпўлат махсум қўлидаги газетани варақлашдан тўхтаб, доимий ҳамроҳи Расул чўпонга бир қараб қўйгач.

-Домла Раҳимов.

-Эй, шамоллаганмисиз?! Абдивой домла сизу бизга ўхшаган одам бўлса, ёки тилла-пилла топиб олганми?- луқма ташлади Мейли дўкончи.

Қаюм бобо жилмайди.

-Ҳа, тўғри айтасиз, муаллимнинг ортиқча мол – дунёси йўқ, аммо туганмас “хазина”си бор.

Ўтирганлар сергак тортишди.

-Хўш, нимаси бор экан?- сўради кимдир шошилиб.

-Домланинг ёзган асарлари, бой кутубхонаси, тахлам-тахлам газета-журналлари ҳар қандай бойликдан қиммат туради, айниқса “Олтин игналар” деб номлаган масаллар китобини ўқисангиз маза қиласиз ва: “Раҳмат “асал”чи, йўғ-йй, масалчи бобо”, дейсиз…

***

Масал жанри бизга Гулханий бобомиздан мерос. Қолаверса, бу жанрда қалам тебратганлар бармоқ билан санарли даражада эканлигини эса жанрнинг мураккаблиги билан изоҳлашдан бошқа баҳонамиз йўқ. Абдивой Раҳим эса Қашқа воҳасининг ягона масалчи шоир десак, эътирозлар бўлмаса керак.

Эсимда қолгани “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Терак” шеърини олайлик.

Соясига қараб дер терак:
“Мендек бўйдор, сарвқомат бўлмаса керак”…

Ёки:

“Йўлбошчиман”,-деб гердаяр ғилдирак,
Гайка чиққач, жар ёқалаб кетди пилдираб.

Ёхуд:

Бошлиғимнинг боши алағда,
Мен бўлмасам боши палағда.
Ёзда зонтик, қишда-чи, капа,
Деди битта исқирт шляпа.

Абдивой Раҳим ана шундай қувноқ ва бироз «тегиб» кетадиган масалларини жамлаб «Олтин игналар» ( Тошкент. “Ёзувчи” нашриёти 1998 йил.) номи билан нашр эттирганига ҳам йигирма йилча бўлди. Ўшанда китоб одамлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетганди.

Биз эса саксон ёшдан сакраган масалчи бободан янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.

Абдивой РАҲИМ
МАСАЛЛАР
09

Ashampoo_Snap_2017.08.25_20h22m29s_001_.pngАбдивой Раҳим 1936 йилда Қамаши тумани Санчиқул қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи, илмий мудир, директор, туман газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўндан ортиқ китоблари нашр этилган. “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси”, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси.

ҲАНГОМА

Жовонда китоблар турар беҳисоб,
Семизи гердайиб, чиқди-да шу тоб.

Дер кичкина бир китобчага:
-Ким қўйибди сени бизнинг токчага?

Муқованг эскириб, ҳуснинг бузилган,
Варақларинг эса, хийла тўзиган.

Бизларни кўргин-чи, этамиз ялт-ялт,
Хонага зеб бериб, турамиз фақат.

Сафимиз бузилар, пастга туш, дўстим,
Чунки ҳали ёшсан, кўримсиз устинг.

***

Қайси китобхон келса кичигин олар,
Семизи чанг босиб, ўқилмай қолар.

М: “Муштум” журнали №8. 2017 й.

ҚАНОТЛИ ҚУМУРСҚА

Бир уя қумурсқа ғуж-ғужлаб чунон,
Қиш ғамин ейиш-чун тарқалди ҳар ён.

Бири топиб келди қотган ушоқни,
Бири судраб келар буғдой бошоқни.

Аммо, жамоада бор бир эркатой,
(Бошлиқнинг жияни эмиш ҳойнаҳой)

Меҳнат қилмай ётар соя-салқинда,
Ўйлаб ҳам кўрмайди қишлов ҳақинда.

Жамоа ичида ҳаммадан аввал,
Қаноат чиқарди у, бериб зеб-сайқал.

Ниҳоя, осмонга қилди-ю парвоз,
Атрофга жар солди: “Мен лочинман, боз!

Мендек шунқор борми ҳеч бирон жойда,
Одамлар бунчалик кўринар майда…”

Манманлиги унинг бошига етди
Қалдирғоч лип этиб, илди-ю кетди.

***

“Тошма, тўкиласан!” деган нақл бор,
Машойиҳлар уни айтмаган бекор.

МИТА

Тўлдиришди унга анкета:
-Мудирликка муносиб Мита.

Тегирмонда ишлади халол,
Омборни ҳам эплар бемалол.

Бир ярим йил турди базада,
Виждони пок, қалби тоза-да.

Баайни,
У ҳам сероғайни…

***

Ёру дўстлар қилишиб бардор,
Ёғли жойга қўяр митани.
Ҳа, шунақа “Мита”лар ҳам бор,
Халқ мулкини талаб титади.

ЛАҚҚА ВА САЗАН

Ястаниб ётибди каттакон бир кўл,
Сийнасида турфа балиқлардан мўл.

Сазан билан Лаққа яқин дўст-қўшни,
Сузиб келаётиб кўрдилар гўштни.

-Тепадан ташлади Эгам луқмани;
Сазан ишонтирди анқов Лаққани.

-“Сенга бағишладим, марҳамат, тутгин,
Очиққансан шартта ичингга ютгин”.

Луқмани оғзига олганди Лаққа,
Сезмай қолди тушганини қармоққа.

***
Шундай кимсалардан бўл доим огоҳ,
Дўстман деб йўлингга қозиб қўяр чоҳ.

М: “Муштум” журнали № 9. 2016 й.

БАДНАФС

Интиқ эди кўпдан бир бемор,
Зулук деган бир тасқарага.
Роса излаб балчиқдан ахир
Топгач, ёпиштирди ярага

Роҳат қилди Зулуквой бир зум,
Сўриб олди бор харом қонни.
Бир пайт кўрди ногоҳ у ўзин,
Шардек шишган мешдек қорнини,

Бироз ўтгач, у тарс ёрилди,
Сўнг қора тупроққа қорилди.

***

Бошга битган бало очкўзлик,
Бунга мисол бир баднафс Зулук.

М: “Муштум” журнали № 10. 2012 й.

АЙИҚПОЛВОН КУРОРТДА

Ўрмонли бир тоғда Айиқвой бошлиқ,
Барча жонзотларга мўл-кўлдир ошлиқ.

Бўрибой муовин, ишончга лойиқ,
Лапанглаб жўнади курортга Айиқ.

Ўзга юрт. Баҳаво., Денгиз ёқаси,
Дарахтзор, асал мўл, кўп ҳурлиқоси.

Айиқвой сайр этар, ёнда оқ Тулки,
( Бу ерда тулкилар шунчалар кўпки…)

Эртаси кўк Тулки ила ресторан
Таваллуд нишонлаб, маст бўлди таранг.

Уммонда сузади моторли қайиқ,
Олмахон қўлтиқда — ширакайф Айиқ.

Қундузхон иккови чиқишди йўлга,
Чўмилиб келгани Ойна кўлига.

Ёнида Силовсин саҳар чоғ — тонгда,
Тоғдан тушиб келар осма вагонда.

Якшанба куни кеч серишва Бўрсиқ,
Меҳмонга чақирди неъматлар тансиқ.

Маишат йўлида кунлар ҳам кечди,
Даста-даста пуллар ҳаво учди.

Бир танишдан олди қарз кўтариб,
Баъзур етиб келди уйга йўталиб.

Кўрди айиқчалар жамодон очиб,
Турарди ичида кир пайпоқ, сочиқ.

***

Палончиев Пистонча ака,
Курортга борса,
Сувга оқизади қанча ақчани,
Унутиб рўзғору бола-чақани.

М: “Муштум” журнали 2015 йил № 9.

ЮМШОҚЛИК

Пар Ёстиқ ўз дардини қуроқ Кўрпачага айтиб қолди:

-Нега мени одамлар икки буклаб, тирсаги билан нуқул эзғилагани-эзғилаган?

-Ўзинг бўшсан-да, ўртоқ, — жавоб берди Кўрпача.

ИГНА

Игна Бигизга мақтанди:
-Таг чармни ҳам тешиб ўтдим!

-Сени етаклаб тешикдан ўтказган мен эдим-да, эй, бир кўз!- деди Бигиз Игнага.

ТИШ БИЛАН ТИЛ

Атрофимни қуршаб, нега мени тутқунда сақлайсизлар, айбим нима? – сўраб қолди Тил Тишлардан.
-Сирни айтиб қўясан, айбинг шу, — жавоб беришди Тишлар.

НОВВОТ

-Мен шакардан ҳам ширинроқман, — мақтанди Новвот Ҳолвага.
-Асли ўзинг нимадан қилингансан, бефаҳм, — Ҳолва танбеҳ берди Новвотга.

БОЛҒА

-Ҳар қандай михларни ҳам бир уришда тахтага киритиб юборибман, — дея кўкрак керди Болға ўзини ушлаб турган чайир Қўлга.

ҚУЁН

-Бу ашулачи Эшакбой Ҳангиев менинг қариндошим бўлади. Ишонмасанглар, қулоқларимизнинг ўхшашлигига қаранг, — гердаяди Қуён ўзича.

Манба: “Муштум” журнали № 8 2015 йил.

1abbc760595f5c3.jpgMasal janri bizga Gulxaniy bobomizdan meros. Qolaversa, bu janrda qalam tebratganlar barmoq bilan sanarli darajada ekanligini esa janrning murakkabligi bilan izohlashdan boshqa bahonamiz yo‘q. Abdivoy Rahim esa Qashqa vohasining yagona masalchi shoir desak, e’tirozlar bo‘lmasa kerak.

O‘rolboy QOBIL
MASALCHI BOBO
09

Aylanib yurgandim, pochta binosi yonidagi chinor soyasida gurunglashayotgan to‘rt-besh chollarning suhbati diqqatimni tortdi.

-Xo‘sh, pochcha, qishloqdagi eng boy odam kimligini bildingizmi? – so‘radi Qayum bobo yonidagi Niyoz bobodan.

-Pastepadan To‘yliboyni fermerni aytsak bo‘ladi, ikkita “Neksiya”si, traktori, tegirmoni, to‘yxonasi bor. Sigiri, qo‘y-echkisi bir suruv. O‘g‘illari toparmon. Ana, o‘tgan yili pishiq g‘ishtdan imorat ko‘tardi, dang‘illama to‘y qildi, — javob berdi Niyoz bobo.

-Yaxshi, lekin o‘sha boyingiz elga, qishloqdoshlariga nima qilib berdi, shuni ayting?

-Endi, bu yog‘ini bilmadim, qaynim…
-Men ham bu savolga javobni ko‘p o‘yladim va oxiri topdim.

-Kim ekan u mardum, biz ham eshitaylik, Berdimurodov,- deya suhbatda aralashdi Toshpo‘lat maxsum qo‘lidagi gazetani varaqlashdan to‘xtab, doimiy hamrohi Rasul cho‘ponga bir qarab qo‘ygach.

-Domla Rahimov.

-Ey, shamollaganmisiz?! Abdivoy domla sizu bizga o‘xshagan odam bo‘lsa, yoki tilla-pilla topib olganmi?- luqma tashladi Meyli do‘konchi.

Qayum bobo jilmaydi.

-Ha, to‘g‘ri aytasiz, muallimning ortiqcha mol – dunyosi yo‘q, ammo tuganmas “xazina”si bor.

O‘tirganlar sergak tortishdi.

-Xo‘sh, nimasi bor ekan?- so‘radi kimdir shoshilib.

-Domlaning yozgan asarlari, boy kutubxonasi, taxlam-taxlam gazeta-jurnallari har qanday boylikdan qimmat turadi, ayniqsa “Oltin ignalar” deb nomlagan masallar kitobini o‘qisangiz maza qilasiz va: “Rahmat “asal”chi, yo‘g‘-yy, masalchi bobo”, deysiz…

***

Masal janri bizga Gulxaniy bobomizdan meros. Qolaversa, bu janrda qalam tebratganlar barmoq bilan sanarli darajada ekanligini esa janrning murakkabligi bilan izohlashdan boshqa bahonamiz yo‘q. Abdivoy Rahim esa Qashqa vohasining yagona masalchi shoir desak, e’tirozlar bo‘lmasa kerak.

Esimda qolgani “Sharq yulduzi” jurnalida bosilgan “Terak” she’rini olaylik.

Soyasiga qarab der terak:
“Mendek bo‘ydor, sarvqomat bo‘lmasa kerak”…

Yoki:

“Yo‘lboshchiman”,-deb gerdayar g‘ildirak,
Gayka chiqqach, jar yoqalab ketdi pildirab.

Yoxud:

Boshlig‘imning boshi alag‘da,
Men bo‘lmasam boshi palag‘da.
Yozda zontik, qishda-chi, kapa,
Dedi bitta isqirt shlyapa.

Abdivoy Rahim ana shunday quvnoq va biroz «tegib» ketadigan masallarini jamlab «Oltin ignalar» ( Toshkent. “Yozuvchi” nashriyoti 1998 yil.) nomi bilan nashr ettirganiga ham yigirma yilcha bo‘ldi. O‘shanda kitob odamlar orasida qo‘lma-qo‘l bo‘lib ketgandi.

Biz esa sakson yoshdan sakragan masalchi bobodan yangi ijod namunalarini kutib qolamiz.

Abdivoy RAHIM
MASALLAR
09

Abdivoy Rahim 1936 yilda Qamashi tumani Sanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan. Uzoq yillar maktabda o‘qituvchi, ilmiy mudir, direktor, tuman gazetasida mas’ul kotib, muharrir o‘rinbosari bo‘lib ishlagan. O‘ndan ortiq kitoblari nashr etilgan. “O‘zbekiston xalq ta’limi a’lochisi”, O‘zbekiston jurnalistlari uyushmasi a’zosi.

09

HANGOMA

Jovonda kitoblar turar behisob,
Semizi gerdayib, chiqdi-da shu tob.

Der kichkina bir kitobchaga:
-Kim qo‘yibdi seni bizning tokchaga?

Muqovang eskirib, husning buzilgan,
Varaqlaring esa, xiyla to‘zigan.

Bizlarni ko‘rgin-chi, etamiz yalt-yalt,
Xonaga zeb berib, turamiz faqat.

Safimiz buzilar, pastga tush, do‘stim,
Chunki hali yoshsan, ko‘rimsiz usting.

***

Qaysi kitobxon kelsa kichigin olar,
Semizi chang bosib, o‘qilmay qolar.

M: “Mushtum” jurnali №8. 2017 y.

QANOTLI QUMURSQA

Bir uya qumursqa g‘uj-g‘ujlab chunon,
Qish g‘amin yeyish-chun tarqaldi har yon.

Biri topib keldi qotgan ushoqni,
Biri sudrab kelar bug‘doy boshoqni.

Ammo, jamoada bor bir erkatoy,
(Boshliqning jiyani emish hoynahoy)

Mehnat qilmay yotar soya-salqinda,
O‘ylab ham ko‘rmaydi qishlov haqinda.

Jamoa ichida hammadan avval,
Qanoat chiqardi u, berib zeb-sayqal.

Nihoya, osmonga qildi-yu parvoz,
Atrofga jar soldi: “Men lochinman, boz!

Mendek shunqor bormi hech biron joyda,
Odamlar bunchalik ko‘rinar mayda…”

Manmanligi uning boshiga yetdi
Qaldirg‘och lip etib, ildi-yu ketdi.

***

“Toshma, to‘kilasan!” degan naql bor,
Mashoyihlar uni aytmagan bekor.

MITA

To‘ldirishdi unga anketa:
-Mudirlikka munosib Mita.

Tegirmonda ishladi xalol,
Omborni ham eplar bemalol.

Bir yarim yil turdi bazada,
Vijdoni pok, qalbi toza-da.

Baayni,
U ham serog‘ayni…

***

Yoru do‘stlar qilishib bardor,
Yog‘li joyga qo‘yar mitani.
Ha, shunaqa “Mita”lar ham bor,
Xalq mulkini talab titadi.

LAQQA VA SAZAN

Yastanib yotibdi kattakon bir ko‘l,
Siynasida turfa baliqlardan mo‘l.

Sazan bilan Laqqa yaqin do‘st-qo‘shni,
Suzib kelayotib ko‘rdilar go‘shtni.

-Tepadan tashladi Egam luqmani;
Sazan ishontirdi anqov Laqqani.

-“Senga bag‘ishladim, marhamat, tutgin,
Ochiqqansan shartta ichingga yutgin”.

Luqmani og‘ziga olgandi Laqqa,
Sezmay qoldi tushganini qarmoqqa.

***
Shunday kimsalardan bo‘l doim ogoh,
Do‘stman deb yo‘lingga qozib qo‘yar choh.

M: “Mushtum” jurnali № 9. 2016 y.

BADNAFS

Intiq edi ko‘pdan bir bemor,
Zuluk degan bir tasqaraga.
Rosa izlab balchiqdan axir
Topgach, yopishtirdi yaraga

Rohat qildi Zulukvoy bir zum,
So‘rib oldi bor xarom qonni.
Bir payt ko‘rdi nogoh u o‘zin,
Shardek shishgan meshdek qornini,

Biroz o‘tgach, u tars yorildi,
So‘ng qora tuproqqa qorildi.

***

Boshga bitgan balo ochko‘zlik,
Bunga misol bir badnafs Zuluk.

M: “Mushtum” jurnali № 10. 2012 y.

AYIQPOLVON KURORTDA

O‘rmonli bir tog‘da Ayiqvoy boshliq,
Barcha jonzotlarga mo‘l-ko‘ldir oshliq.

Bo‘riboy muovin, ishonchga loyiq,
Lapanglab jo‘nadi kurortga Ayiq.

O‘zga yurt. Bahavo., Dengiz yoqasi,
Daraxtzor, asal mo‘l, ko‘p hurliqosi.

Ayiqvoy sayr etar, yonda oq Tulki,
( Bu yerda tulkilar shunchalar ko‘pki…)

Ertasi ko‘k Tulki ila restoran
Tavallud nishonlab, mast bo‘ldi tarang.

Ummonda suzadi motorli qayiq,
Olmaxon qo‘ltiqda — shirakayf Ayiq.

Qunduzxon ikkovi chiqishdi yo‘lga,
Cho‘milib kelgani Oyna ko‘liga.

Yonida Silovsin sahar chog‘ — tongda,
Tog‘dan tushib kelar osma vagonda.

Yakshanba kuni kech serishva Bo‘rsiq,
Mehmonga chaqirdi ne’matlar tansiq.

Maishat yo‘lida kunlar ham kechdi,
Dasta-dasta pullar havo uchdi.

Bir tanishdan oldi qarz ko‘tarib,
Ba’zur yetib keldi uyga yo‘talib.

Ko‘rdi ayiqchalar jamodon ochib,
Turardi ichida kir paypoq, sochiq.

***

Palonchiyev Pistoncha aka,
Kurortga borsa,
Suvga oqizadi qancha aqchani,
Unutib ro‘zg‘oru bola-chaqani.

M: “Mushtum” jurnali 2015 yil № 9.

YUMSHOQLIK

Par Yostiq o‘z dardini quroq Ko‘rpachaga aytib qoldi:

-Nega meni odamlar ikki buklab, tirsagi bilan nuqul ezg‘ilagani-ezg‘ilagan?

-O‘zing bo‘shsan-da, o‘rtoq, — javob berdi Ko‘rpacha.

IGNA

Igna Bigizga maqtandi:
-Tag charmni ham teshib o‘tdim!

-Seni yetaklab teshikdan o‘tkazgan men edim-da, ey, bir ko‘z!- dedi Bigiz Ignaga.

TISH BILAN TIL

Atrofimni qurshab, nega meni tutqunda saqlaysizlar, aybim nima? – so‘rab qoldi Til Tishlardan.
-Sirni aytib qo‘yasan, aybing shu, — javob berishdi Tishlar.

NOVVOT

-Men shakardan ham shirinroqman, — maqtandi Novvot Holvaga.
-Asli o‘zing nimadan qilingansan, befahm, — Holva tanbeh berdi Novvotga.

BOLG‘A

-Har qanday mixlarni ham bir urishda taxtaga kiritib yuboribman, — deya ko‘krak kerdi Bolg‘a o‘zini ushlab turgan chayir Qo‘lga.

QUYON

-Bu ashulachi Eshakboy Hangiyev mening qarindoshim bo‘ladi. Ishonmasanglar, quloqlarimizning o‘xshashligiga qarang, — gerdayadi Quyon o‘zicha.

Manba: “Mushtum” jurnali № 8 2015 yil.

07

(Tashriflar: umumiy 685, bugungi 1)

Izoh qoldiring