Abdulhamid Ismoil. Gitara. Hikoya

04

    Раҳмоннинг ичига кириб борган эканмиз, унда бошқа Раҳмон – марҳум шоир Шавкат Раҳмоннинг Хуан Рамон Хименесу  Гарсиа Лоркаю, Рафаел Алберти шеъриятидан таржималарига ихлосмандлик борлигини ҳам айтмасак бўлмас.

Абдулҳамид Исмоил
ГИТАРА
045

gitaraАтоқли шоир, ёзувчи ва таржимон Абдулҳамид Исмоил 1954 йил 5 май куни Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетинини тугатган.  Дастлабки шеърий тўпламлари «Боғ» (1987), «Чўл» (1990) номлари билан Тошкентда чоп этилади. Унинг «Пост Фаустум» (1990), «Йўқлик китоби» (1992) каби визуал шеърий тўплмлари Москвада чоп этилади. «Ле Вагабонд Фламбоянт» (1993), «Ҳай ибн Яқзон» (2001), «Кўк турклари асири» (2003), «Ўлимга йўл ўлимдан катта» (2005) каби насрий китоблари чоп этилган. У «Мбобо», «Тон Хван», «Икки чол қиссаси», «Муртад», «Вундеркинд Ержан» каби насрий асарлар муаллифи.
Абдулҳамид Исмоилнинг «Темир йўл» романи Роберт Чандлер томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, 2006 йили чоп этилган.У рус ва ғарб адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек ва форс-тожик адабиётидан рус ва ғарб тилларига таржималар қилган. Абдулҳамид Исмоил Буюк Британиянинг «Россика» ва АҚШнинг «Аатсил» мукофотлари ва яна бир  қанча танловлар ғолиби бўлган. 30 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Бирқанча тилларда ижод қилади (ўзбек, рус, инглиз, француз ва б).

011

    Раҳмон – эсини танибдики – рубоб эмас, танбур эмас, бўлмаганида дутор тугул, нуқул гитара ўйнашни ҳавас қиларди. Сезган бўлсангиз керак – чалиш деганим йўқ, ўйнашни дедим. Рост-да, Раҳмоннинг наздида чалиш – бу ўзимизнинг тинғир-тинғир – тор бўлсин, чанг бўлсин, наю ғижжак дейсизми – бари ягона нағмага ёпишиб олиб, уни кемириб битказмагунча қўймасликдир. Гитарада ўйнашни ҳавас қилардиси эса – аввалига бармоқлар астагина йўғон торларни тебратар, улардан узоқдаги момоқалдироқми, тўрт кишининг ғудур-ғудурими, тахайюлингиз мискинроқ эса – чанг босган дарахт шохидан мусичанинг ғул-ғулими етишгандек бўлар, кўнгил энди буларга чалғиб элий бошлаганида товуш тобора ингичкалашиб нағмага янги оҳанглару куйлар жило-жило қўшилар эди.

Ўристабиат экан-да Раҳмонингиз — дейишингиз мумкиндир. Невлай, менга қолса испантабиат дермидим. Дурустки, Раҳмоннинг ўзига қўйиб берсангиз у ҳам ўзини Раҳмон эмас, Рамон билармиди, яъники ивирсиқ “ҳ”нинг салла-чопонларига ўралашган эмас, балки мисоли тореадорми-матадорнинг бошдан оёқ тугмаланган аскарнамо либосидаги сўтаккина Рамоннинг ўзгинаси эди. Устига устак ўзбек боласидек думини ликкилатган тиррақи сигирга эргашган мишиқи чўпон эмас, ҳайҳот бедов буқага жанг майдонида қарши чиққан ана ўша қиличбоз испан кабалероларига менгзатарди у ўз-ўзини. Ўткир мугузга қарши тезкор ханжарини шайлаб, кези келганида уни сопигача буқанинг букур гарданига ботирадиган ботир эди орзуларида бизнинг Рамон-Раҳмон.

Раҳмоннинг ичига кириб борган эканмиз, унда бошқа Раҳмон – марҳум шоир Шавкат Раҳмоннинг Хуан Рамон Хименесу Гарсиа Лоркаю, Рафаел Алберти шеъриятидан таржималарига ихлосмандлик борлигини ҳам айтмасак бўлмас. Айниқса Лорканинг манави шеъридан бир парча тинглаб боқинг-а, шу шеър ила Рамонга айланган Раҳмоннинг феъли-ҳуйи дебочасини тугатсак-да бўлаверади.

Антонито Торрес Эрреда,
Камборонинг жўмард ўғли,
Чивиқ ўйнаб Севиллага
Корридани кўрмоқ бўлиб
Борар, яшил ойдан ҳатто
Қорамағиз, хушрўй, дароз.
Жингалаксоч ҳалқалари
Манглайида ярқирар соз…

Ана энди кунларнинг бирида Раҳмон ахир гитара сотиб олди. Ўша куни ЦУМдан қайтиб шаҳар чекасидаги бир хоналик квартирасига гитараси билан кириб борса, у ерда эндигина Жиззах даштидан келган қадрдон дўсти Серёжа Мин ўтирибди. Отидан билган бўлсангиз керак, Серёжа Мин карислардан, бироқ карис бўлганида ҳам Раҳмонимиз таъбири бўйича “Сирож Амин”дек карислардан, яъни қадди-қомати барваста, овози йўғон, қоши-кўзи шунқор-виқор. Уни кўрган одам ҳам карис тугул, жилла қурса мексикан Серхио демасдан қўймайди. Жисми исмига монанд — бўлсин Сирож Амин, бўлсин Серхио — Серёжа Мин янги гитарани қўлига олиб шундай сайратдики, бояги йироқдаги момоқалдироқ — худди яшину йилдиримга, тўрт эркакнинг ғудурлаши – “Кино” гуруҳининг “Перемен, мы хотим перемен” ашуласига, чанг кўчадаги мусичанинг қашшоқ саси эса яна бир кўркам карис – Виктор Цойнинг бехонишу қочиримсиз дўррилдоқ довушига айланди. Қани энди Раҳмоннинг ўзи ҳам Серхиога жўр бўлиб бармоқлари ила маккажўхори уқалагандек гитара симларига ажиб товушлар донини сепа олса… Бир кунмас бир кун албатта…

Ҳозирча эса у дўстининг узун сочларию, қоп-қора қайрилма қошлари остидаги нимюмуқ кўзларига боқиб маҳлиё бўлиб ўтиради…

Сув тагида оҳиста
Сўзлар сузар сочила,
Қушлар ва алангалар
Айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
Фақат билар қамишзор,
Оғочтан гитаранинг
Туши бодсиз, беозор…

Мусиқадан сўнг улар “венача”сига олиб қаҳва пиширишди, қаҳва ичига Куба ромидан томизиб бунинг гаштини суришди, Серёжа Мин чўлдаги экскаваторчилар ҳаётидан сўзлади, Раҳмон бу орада ўқиган китобларидан айтди, сўнг иккиси варанғлатиб “Аккорд” деган пластинка ўйнатғичида “Роллинг Стоунз”нинг “Сатисфекшн” ашуласини тинглашди.

Бир пайт Раҳмон соатига қараса — ишга чиқадиган вақти келибди. У ўртоғидан яна бир бор гитарада у-бу нарса ўйнаб беришни илтимос қилди-ю, яна Серхионинг эпчил бармоқлари-ю, гитара устида энгашганидан узун сочларга бурканган юзига тикилиб ўтирди. Кейин омин-обло қилиб ўт ўчириш станциясида техник ёрдамчи сифатидаги навбатчилик ишига жўнади. Серхио эса одатдагидек унинг уйида ёлғиз ўзи ётиб қоладиган бўлди.

Навбатчилик ўша тун осойишта ўтди. Биронта уй ёнгани йўқ, балки кечаси билан шаҳар устида булутлар тўпланиб ора-чура ёмғир сепилганиданми, ё ҳавонинг авзои бузулиб инсонларнинг ланжлигиданми, қайдам, хулласи туни бўйи Раҳмон ўзининг бош навбатчиси билан шатранж суриб чиқди. Эрталаб навбатини топшириб уйига қайтса, Серёжа Мин полга бир кўрпани ёйиб, иккинчи кўрпага бурканганича донг қотиб ётибди. Раҳмон ҳам дўстини безовта қилганича йўқ-да, ечинар-эчинмас кўрпа остига шўнғиди. Эрталабки уйқу ширин эмасми, дераза ортида ёмғир ёғдими, момоқалдироқ гумбурладими, аравалар ғичирлаб тош йўллардан сув ташишдими, ҳўл чумчуқлар етимларча чуғурлашдими – Раҳмоннинг паҳмоқ тушига буларнинг бари ўз қўлидаги гитара-ю, Сирож Аминнинг унга мўлтираб боқиб ўтиришидек кирди.

Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Мана, икки ошна ётар.
Олиб келар бод йироқдан –
Оғизларда таъми қолар
Шувоқ, эрман ва ялпизнинг…

Пешинга бориб уйғонса – кўрпа остида бир ўзи. Ошнаси эса ошхонада қаҳва дамлаб идиш-товоқларни йиғиштирган. Апил-тапил кийиниб иккиси яна қаҳвахўрлик қилишди. Кубанинг роми-ю, қаҳванинг «венача»  кўпикли услуби паришон уйқуларни тарқатди. Раҳмон дўсти Серёжага юзлана Рамоннинг Серхиога сўзини қилди:
— Оғайни, гитарани қўлингга ол, Лорка айтмиш: “Тунлар малак Жаброилни гитаралар олқаб қолар…”
— Гитаранг йўқ, — деди баногоҳ Серхио.
— Нима? – тушунмади Рамон.

— Гитаранг йўқ, — қайтарди Серхио. – Эскишаҳарлик тоғанг бор экан-ку, ана ўша олиб кетди.
— Қайси тоғам?! – дея, ножўя тарзда қичқириб юборди Рамон. Аслида у “қачон?” деб қичқирмоқчи эди, бироқ овозининг жўжахўрозлигидан ўзи сесканиб:
— Қачон? – дея оҳангини пасайтирди.
— Кечаси соат ўн бирларда кириб келди. Аввалига бинойидек гаплашиб ўтирди, бир пайт эса ётиб қоламанга тушди. Майлинг, деб балконга жой солиб берган эдим, бир зум ўтмай “Совқотдим” – дея кўрпам ичига кириб келди. Қарасам, менга… ёпишяпти… Хулласи, тоғанг бўлишига қарамай, ҳайдадим. У эса: “Менга Раҳмон гитарани олишни айтди” – деб, гитарани олиб кетди, — деб ичини тўкди Серхио.

Билошак Раҳмон Рамонлигини унутиб, гаранг бўлиб қотди. Тоғасининг тоғалигиними, ҳезалаклигиними, ёлғонини ё ўғрилигини айтсин?! Ё жонажон дўсти олдидаги шармандагарчилигиними?! Гаранглиги майлия, устига гунг ҳам бўлди чамаси: “Майли, мен ҳозир…” – демоқчи эса, қанча тиришмасин – соқовларча ғудранишдан айри бирор товуш оғзидан чиқмайди… Қўлини силтаганича, Серхиони уйда қолдириб, ўзини ҳўл кўчага отди ўшанда Раҳмонлигига дўнган Рамон.

Эски шаҳарга кетаверсин-чи Раҳмон, биз эсак гитаранинг бир баланд, бир паст нағмасидан қолмайлик. Симларнинг ажабтовур оҳангларига ёғаётган ёмғирнинг шамол қўлидаги таранг ипларию, трамвайнинг темир излардан тақир-туқур юриши, хаприққан юракнинг дупур-дупурию, тошойнада қотиб қолган акснинг бемажоллиги улашиб кетсин. Онда-сонда ингичка симлар кўнгил асабидек инграб-синграб қўяди…

Гўёки тунда ўт олмаган олам энди ўртаниб-ўртаниб ёнмоқда. Раҳмон эса бу ўтни ўчиришга йўлланган навбатчи янглиғ шаҳарнинг бир чекасидан бошқа чекасига энтиккандек…

Ахир, трамвайни троллейбусга, троллейбусни автобусга алмаштириб, Раҳмонимиз эски шаҳарнинг Қумлоғию, Қорасаройига етиб борди. Бир боқишда унинг Рамонлигидан заррача ҳам қолгани йўқ: жанггоҳда отини хачирга, хачирини эшакка алмаштирадими кабалеро дегани?! Трамвайнинг ўтинч билмас изларида каттахоласинингу тоғасининг лой уйларини ағдар-тўнтар қилиб ташлагудек эди у. Бироқ бошқа ёндан унинг ўчкор шаҳди тобора чархланиб, кабалеро эмас, ерга оёқ босган матадор каби, бир қўлида алвон-алвон ҳилпираган қаҳрию, иккинчи қўлида наштардек кескир қасос шамшири уни Рамонсимон олға чорларди:

Кифтларида шомни судраб,
Уфққа аста қайтади кун
Торреродай пўшин ёйиб,
Қора тортар баҳрул очун.
Зайтунлар жад нафасини
Сабот билан кутар ҳамон.
Руҳ тоғлардан етиб келар
Йўрға отни минган шамол…

Мана таниш торкўча, мана тамбаланмаган баланд бўсағали эшик, мана каттахоласининг уйи томон тош йўлакча… Рамонни шу тўғри йўлакчада шаҳдидан қўймайлик-да, ўзимиз яшиқ нафасимизни ростлаб олиш учун ярим оғиз Раҳмонжоннинг каттахоласидан айтайлик.

Қандолат-холасиникида Раҳмонжон ёзлари тунка томларда тут териб, қишлари сандалидаги қоракўмир исидан элиб, кези келганда тўйлардан қайтган холвайтару попукқандлардан татиб, кези келмаганида эса қулоқлари холасининг омбирдек “бурама қандларидан” қақшаб улғайган демайлигу, болалигининг аччиқ-чучук дамларини ўтказган. Қандолат-холасининг ўғли Тўлавой билан эса Раҳмонжон вақти-бевақт бир кўрпа остида ўғил болаларнинг бори шўхликларини қилиб, кетма-кет катта бўлишган.

Бир куни эса, “етимчам” дея, Қандолат-холаси Раҳмонжонга бувиси олиб бермаган қинли-сопли ўйинчоқ қилични қозоқларнинг Янгибозоридан олиб келган. Ана ўшанда Раҳмонжон оғилхонага кириб олиб, телевизорларда кўрганидек – бир қўлида ол-ол пионер галстуги, бошқа қўлида бояги алюмин қилич – нимшабда ҳайрон сигиринию, унинг ҳали мугузи чиқмаган бузоғини зоедан зое жангга чорлаган. Ахир шоҳи галстугига сигир думининг шалтоғлари юқиб, юмшоқ алюминдан ясалган қиличи юз эгилиб-қийшайиб қинига кирмас ҳолатга келганида, Раҳмонжон сассиқ оғилдан ташқари чиқиб келган…

Майли-да, бироз алаҳсиб олдик. Ана энди Рамон кетидан Қандолат-холасининг даҳлизидаги жанггоҳга кириб бораверсак ҳам бўлади. Ҳовлида, аксига олиб, шиғғилаган ёмғир ҳеч тинмайди. Шаҳарда замбараклар отяптими, ё атроф-ялангда эски маҳаллаларни бузаётган улкан гурзиларнинг дўп-дўп овозими бу, баҳарҳол момоқалдироқ бундай эзма ёмғирга ҳамдам бўлмаса керак…

Девор ортида кўчада кимдир ҳаяллаган боласини чақириш билан овора. Орада учта-тўртта майна бу шовқинни масхара қилгандек бўлади. Рамон эшикни беилтифот очиб, каттахоласининг нимқоронғу даҳлизига кириб боради.

Каттахоласи кўрпа қаваб ўтирган эканми, юмалоқ шишали кўзойнаги устидан унга таажубда боқади. Рамон саломини насияга бергандек, дарров гапининг пўстикалласига ўтади.
— Биласизми, — дейди у ўзини тутолмасдан, — ўғлингиз… ўғлингиз… – У нима дейишини билмасдан тутунганида, одатда:
— Саломинг бўлмаганида, икки ямлаб бир ютардим, — дейдиган холаси юввошгина: — Ке, болам, тузувмисан, тинчлийми ўзи? – деб, рўпарасига имо қилади. – Толиққан кўринасан, у-бу жойга ўт кетиптими?

— Ҳа, ўт кетипти! – дея, кесатқи аралаш жеркийди шунда Рамон. – Бўлди, бўладигани бўлди, — деб ўйлайди у ичида. Одатда бўш қўл билан кирмасдим, йўқ деганда ярим кило оққанд кўтариб кирардим, энди буёғига орамиз очиқ!
— Ҳай-ҳай, — кўзини кўрпа аврасидан узмай бош чайқайди Қандолат-холаси. – Ўшқирвотсанми, бола?! – ажабланади у.
— Биласизми, ўғлийз… ўғлийз… ҳезалагакан! Кечаси уйимдаги ошнамга ёпишипти… Жўрам уни ҳайдапти. Мани гитарамми опкетипти. Қани гитарам? – деб бир ҳовуч ичини сочади Раҳмон.

Кўчада, нақд том тепасида момоқалдироқ гумбурлади. Ё бояги кўчада ҳаяллаган тирмизак отасига зарда қилиб буларнинг тунука томига тошми, тўпми отди, бироқ ер ёрилмади, осмон ўпирилмади. Болалагида бундай тўпларни бигизи билан “пиш” тешадиган Қандолат-холаси ҳам кўрпани тиззаларида бир силтади-да, қавашини давом этаркан:
— Ўзинг тузувмисан? – деб, худди унинг ҳол-аҳвол сўрашига жавоб бергандек бўлди.
— Ҳа, раҳмат, — дедию, бехосдан Раҳмон тилини тишлади.
— Ошнанг ҳалиги алвастига ўхшаган чулчутмиди? – деб, ҳорғин алфозда давом этди холаси.
— Чулчутмас, карис!
— Ҳа, бир гўр-те… Ўшанингга дийсанми…

— Гитарам қани?! – деб сесканди Рамон.
— Нима матоҳакан гитор диганинг ўзи?
— Матоҳмас, гитара… Ўйнашади унда! – энсаси қота бошлади Рамоннинг.
— Ўйнашингни матоҳими? – эшитмаганга олиб игнасини кўрпага санчди Қандолат-хола.
— Қанақа ўйнаш… Гитара бу чолғу, биласизми, чолғу – рубоб, танбур, дутордақа, лекин энг яхшиси…
— Ҳа, ажибажининг қўштори дисангчи, шуми?

Мазах қиляптими уни холаси?! Ё ўзларини гўлликка соляптиларми?
— Озарбайжон тори эмас, испанларнинг гитараси…
— Бояги чулчут ошнайни бир хили эканда…

Тушунмаяпти  бу кампир.
— Хола, тушунвотсизми ўзи, ўғлийз мани йўғлигимда уйимга келиб ўртоғимга қичиқ қипти… Кегин гитарамми рухсатсиз опкетипти…
— Важоҳатингдан хотинийни опқочип кетиптими диппан…
— Қанақа хотин?!
— Анув чул…
— Хола, гитарам қани?!

Кампир игнасини охирги мартта кўрпага санчди-да, ипини тугунга боғлаб, қолганини ён тишида узди, сўнг яна ғилдирак кўзойнаги устидан мўралаб:
— Аканг саникига бориптита. Кеча далага кетадиган кунийди. Ўшандан далага чиқип кеткан бўса керайдирта… – деди. – Уч ойлада қайтамиз дувди. Биласану, тоғу-тошта гиё терип, домлалариминан чодир-чодир қиб ачом-ачом ётишади… Ўшатка опкеткан бўса керайта матоҳийни…

Ўшанда хайр йўқ, маъзур йўқ, Раҳмон каттахоласиникидан аммамнинг бузоғидек шалвираб чиқди. Нимага келган экан у шаҳарни кесиб бу сомоншувоқ хонадонга? Шикоятини каттахоласига қилганими? Ё тоғасини бир ўзини тутиб олиб икки мугузи орасига шамширини тиқмоқчимиди? На ўчини олди, на гитарасани…

Ёмғир ҳам тугаб бўлган, осмонда буламиқдек бир бесаранжомлик, оқ булут устида қораси, уларнинг орасида эса танбурдек узун торларини чертиб қуёш кўриниб қўяди. Бесаришталик. Деворлар ортидан чолғуларининг бори бир тинғир-тинғирга созланган чорвадорлар учун ягона нағма таралади. Бу дегани соат бир ҳам бўлибди. Бояги ҳаяллаган жинқарча новвосини судраб, кўчанинг қарши тарафидаги мозорбоши ўтлоғидан қайтиб келяпти. Новвос маъраб-маъраб торкўча бошидаги оқиб ётган жумракни кўрадию, бирданига шаталоқ отиб сув томон чопади-да, шилиқ этиб жумрак ўнгида тиз чўкади. Сув бўйида ўтирган намиққан зағизғон эса учишга ҳам мажоли етмай, ҳаккалаб-ҳаккалаб ўзини панага олади.

Раҳмон уйига қайтай деса, Серёжа Мин ҳам уни кутишдан чарчаб, ўзининг Жиззах чўлига кетворгандир. Ундай деса, Серхиосини ҳам кўргиси келмайди шу топда Рамоннинг…

Й-ў-қ-о-л-г-а-н гитара торларининг ўзгарувчан, бевафою беҳуда термалари…

Сув тагида оҳиста
Сўзлар сузар сочила,
Қушлар ва алангалар
Айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
Фақат билар қамишзор,
Оғочтан гитаранинг
Туши бодсиз, беозор…

 

056

 Abdulhamid Ismoil
GITARA

012

gitara Atoqli shoir, yozuvchi va tarjimon Abdulhamid Ismoil 1954 yil 5 may kuni Qirg’izistonning To’qmoq shahrida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetinini tugatgan.Dastlabki she’riy to’plamlari «Bog'» (1987), «Cho’l» (1990) nomlari bilan Toshkentda chop etiladi. Uning «Post Faustum» (1990), «Yo’qlik kitobi» (1992) kabi vizual she’riy to’plmlari Moskvada chop etiladi. «Le Vagabond Flamboyant» (1993), «Hay ibn Yaqzon» (2001), «Ko’k turklari asiri» (2003), «O’limga yo’l o’limdan katta» (2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning «Mbobo», «Ton Xvan», «Ikki chol qissasi», «Murtad», «Vunderkind Yerjan» kabi nasriy asarlari ham mavjud.Abdulhamid Ismoilning «Temir yo’l» romani Robert Chandler tomonidan ingliz tiliga tarjima qilinib, 2006 yili chop etilgan.U rus va g’arb adabiyotidan o’zbek tiliga, o’zbek va tojik adabiyotidan rus va g’arb tillariga tarjimalar qilgan. Abdulhamid Ismoil Buyuk Britaniyaning «Rossika» va AQShning «Aatsil» mukofotlari va yana birqancha tanlovlar g’olibi bo’lgan. 30 dan ortiq kitoblari chop etilgan. Birqancha tillarda ijod qiladi (o’zbek, rus, ingliz, frantsuz va b).

033

   Rahmon – esini tanibdiki – rubob emas, tanbur emas, boʻlmaganida dutor tugul, nuqul gitara oʻynashni havas qilardi. Sezgan boʻlsangiz kerak – chalish deganim yoʻq, oʻynashni dedim. Rost-da, Rahmonning nazdida chalish – bu oʻzimizning tingʻir-tingʻir – tor boʻlsin, chang boʻlsin, nayu gʻijjak deysizmi – bari yagona nagʻmaga yopishib olib, uni kemirib bitkazmaguncha qoʻymaslikdir. Gitarada oʻynashni havas qilardisi esa – avvaliga barmoqlar astagina yoʻgʻon torlarni tebratar, ulardan uzoqdagi momoqaldiroqmi, toʻrt kishining gʻudur-gʻudurimi, taxayyulingiz miskinroq esa – chang bosgan daraxt shoxidan musichaning gʻul-gʻulimi yetishgandek boʻlar, koʻngil endi bularga chalgʻib eliy boshlaganida tovush tobora ingichkalashib nagʻmaga yangi ohanglaru kuylar jilo-jilo qoʻshilar edi.

O’ristabiat ekan-da Rahmoningiz — deyishingiz mumkindir. Nevlay, menga qolsa ispantabiat dermidim. Durustki, Rahmonning oʻziga qoʻyib bersangiz u ham oʻzini Rahmon emas, Ramon bilarmidi, ya’niki ivirsiq «h»ning salla-choponlariga oʻralashgan emas, balki misoli toreadormi-matadorning boshdan oyoq tugmalangan askarnamo libosidagi soʻtakkina Ramonning oʻzginasi edi. Ustiga ustak oʻzbek bolasidek dumini likkilatgan tirraqi sigirga ergashgan mishiqi choʻpon emas, hayhot bedov buqaga jang maydonida qarshi chiqqan ana oʻsha qilichboz ispan kabalerolariga mengzatardi u oʻz-oʻzini. O’tkir muguzga qarshi tezkor xanjarini shaylab, kezi kelganida uni sopigacha buqaning bukur gardaniga botiradigan botir edi orzularida bizning Ramon-Rahmon.

Rahmonning ichiga kirib borgan ekanmiz, unda boshqa Rahmon – marhum shoir Shavkat Rahmonning Xuan Ramon Ximenesu, Garsia Lorkayu, Rafael Alberti she’riyatidan tarjimalariga ixlosmandlik borligini ham aytmasak boʻlmas. Ayniqsa Lorkaning manavi she’ridan bir parcha tinglab boqing-a, shu she’r ila Ramonga aylangan Rahmonning fe’li-huyi debochasini tugatsak-da boʻlaveradi.

Antonito Torres Erreda,
Kamboroning joʻmard oʻgʻli,
Chiviq oʻynab Sevillaga
Korridani koʻrmoq boʻlib
Borar, yashil oydan hatto
Qoramagʻiz, xushroʻy, daroz.
Jingalaksoch halqalari
Manglayida yarqirar soz…

Ana endi kunlarning birida Rahmon axir gitara sotib oldi. O’sha kuni SUMdan qaytib shahar chekasidagi bir xonalik kvartirasiga gitarasi bilan kirib borsa, u yerda endigina Jizzax dashtidan kelgan qadrdon doʻsti Seryoja Min oʻtiribdi. Otidan bilgan boʻlsangiz kerak, Seryoja Min karislardan, biroq karis boʻlganida ham Rahmonimiz ta’biri boʻyicha «Siroj Amin»dek karislardan, ya’ni qaddi-qomati barvasta, ovozi yoʻgʻon, qoshi-koʻzi shunqor-viqor. Uni koʻrgan odam ham karis tugul, jilla qursa meksikan Serxio demasdan qoʻymaydi. Jismi ismiga monand — boʻlsin Siroj Amin, boʻlsin Serxio — Seryoja Min yangi gitarani qoʻliga olib shunday sayratdiki, boyagi yiroqdagi momoqaldiroq — huddi yashinu yildirimga, toʻrt erkakning gʻudurlashi – «Kino» guruhining «Peremen, mы xotim peremen» ashulasiga, chang koʻchadagi musichaning qashshoq sasi esa yana bir koʻrkam karis – Viktor Soyning bexonishu qochirimsiz doʻrrildoq dovushiga aylandi. Qani endi Rahmonning oʻzi ham Serxioga joʻr boʻlib barmoqlari ila makkajoʻxori uqalagandek gitara simlariga ajib tovushlar donini sepa olsa… Bir kunmas bir kun albatta…

Hozircha esa u doʻstining uzun sochlariyu, qop-qora qayrilma qoshlari ostidagi nimyumuq koʻzlariga boqib mahliyo boʻlib oʻtiradi…

Suv tagida ohista
Soʻzlar suzar sochila,
Qushlar va alangalar
Aylanar suv sochida.
Qanday xato boʻlganin
Faqat bilar qamishzor,
Ogʻochtan gitaraning
Tushi bodsiz, beozor…

Musiqadan soʻng ular «Vena»chasiga olib qahva pishirishdi, qahva ichiga Kuba romidan tomizib buning gashtini surishdi, Seryoja Min choʻldagi ekskavatorchilar hayotidan soʻzladi, Rahmon bu orada oʻqigan kitoblaridan aytdi, soʻng ikkisi varangʻlatib «Akkord» degan plastinka oʻynatgʻichida «Rolling Stounz»ning «Satisfekshn» ashulasini tinglashdi.

Bir payt Rahmon soatiga qarasa — ishga chiqadigan vaqti kelibdi. U oʻrtogʻidan yana bir bor gitarada u-bu narsa oʻynab berishni iltimos qildiyu, yana Serxioning epchil barmoqlariyu, gitara ustida engashganidan uzun sochlarga burkangan yuziga tikilib oʻtirdi. Keyin omin-oblo qilib oʻt oʻchirish stantsiyasida texnik yordamchi sifatidagi navbatchilik ishiga joʻnadi. Serxio esa odatdagidek uning uyida yolgʻiz oʻzi yotib qoladigan boʻldi.

Navbatchilik oʻsha tun osoyishta oʻtdi. Bironta uy yongani yoʻq, balki kechasi bilan shahar ustida bulutlar toʻplanib ora-chura yomgʻir sepilganidanmi, yo havoning avzoi buzulib insonlarning lanjligidanmi, qaydam, xullasi tuni boʻyi Rahmon oʻzining bosh navbatchisi bilan shatranj surib chiqdi. Ertalab navbatini topshirib uyiga qaytsa Seryoja Min polga bir koʻrpani yoyib, ikkinchi koʻrpaga burkanganicha dong qotib yotibdi. Rahmon ham doʻstini bezovta qilganicha yoʻq-da, yechinar-echinmas koʻrpa ostiga shoʻngʻidi. Ertalabki uyqu shirin emasmi, deraza ortida yomgʻir yogʻdimi, momoqaldiroq gumburladimi, aravalar gʻichirlab tosh yoʻllardan suv tashishdimi, hoʻl chumchuqlar yetimlarcha chugʻurlashdimi – Rahmonning pahmoq tushiga bularning bari oʻz qoʻlidagi gitarayu, Siroj Aminning unga moʻltirab boqib oʻtirishidek kirdi.

Yashil, seni suydim, yashil.
Yashil shamol. Yashil shoxlar.
Mana, ikki oshna yotar.
Olib kelar bod yiroqdan –
Ogʻizlarda ta’mi qolar
Shuvoq, erman va yalpizning…

Peshinga borib uygʻonsa – koʻrpa ostida bir oʻzi. Oshnasi esa oshxonada qahva damlab idish-tovoqlarni yigʻishtirgan. Apil-tapil kiyinib ikkisi yana qahvaxoʻrlik qilishdi. Kubaning romiyu, qahvaning Venacha koʻpikli uslubi parishon uyqularni tarqatdi. Rahmon doʻsti Seryojaga yuzlana Ramonning Serxioga soʻzini qildi:
— Ogʻayni, gitarani qoʻlingga ol, Lorka aytmish: «Tunlar malak Jabroilni gitaralar olqab qolar…»

— Gitarang yoʻq, — dedi banogoh Serxio.
— Nima? – tushunmadi Ramon.
— Gitarang yoʻq, — qaytardi Serxio. – Eskishaharlik togʻang bor ekanku, ana oʻsha olib ketdi.
— Qaysi?! – deya, nojoʻya tarzda qichqirib yubordi Ramon. Aslida u «qachon?» deb qichqirmoqchi edi, biroq ovozining joʻjaxoʻrozligidan oʻzi seskanib:
— Qachon? – deya ohangini pasaytirdi.

— Kechasi soat oʻn birlarda kirib keldi. Avvaliga binoyidek gaplashib oʻtirdi, bir payt esa yotib qolamanga tushdi. Mayling, deb balkonga joy solib bergan edim, bir zum oʻtmay «Sovqotdim» – deya koʻrpam ichiga kirib keldi. Qarasam, menga… yopishyapti… Xullasi, togʻang boʻlishiga qaramay, haydadim. U esa: «Menga Rahmon gitarani olishni aytdi» – deb, gitarani olib ketdi, — deb ichini toʻkdi Serxio. Biloshak Rahmon Ramonligini unutib, garang boʻlib qotdi. Togʻasining togʻaliginimi, hezalakliginimi, yolgʻonini yo oʻgʻriligini aytsin?! Yo jonajon doʻsti oldidagi sharmandagarchiliginimi?! Garangligi mayliya, ustiga gung ham boʻldi chamasi: «Mayli, men hozir…» – demoqchi esa, qancha tirishmasin – soqovlarcha gʻudranishdan ayri biror tovush ogʻzidan chiqmaydi… Qoʻlini siltaganicha, Serxioni uyda qoldirib, oʻzini hoʻl koʻchaga otdi oʻshanda Rahmonligiga doʻngan Ramon.

Eski shaharga ketaversin-chi Rahmon, biz esak gitaraning bir baland, bir past nagʻmasidan qolmaylik. Simlarning ajabtovur ohanglariga yogʻayotgan yomgʻirning shamol qoʻlidagi tarang iplariyu, tramvayning temir izlardan taqir-tuqur yurishi, xapriqqan yurakning dupur-dupuriyu, toshoynada qotib qolgan aksning bemajolligi ulashib ketsin. Onda-sonda ingichka simlar koʻngil asabidek ingrab-singrab qoʻyadi…

Goʻyoki tunda oʻt olmagan olam endi oʻrtanib-oʻrtanib yonmoqda. Rahmon esa bu oʻtni oʻchirishga yoʻllangan navbatchi yangligʻ shaharning bir chekasidan boshqa chekasiga entikkandek…

Axir, tramvayni trolleybusga, trolleybusni avtobusga almashtirib, Rahmonimiz eski shaharning Qumlogʻiyu, Qorasaroyiga yetib bordi. Bir boqishda uning Ramonligidan zarracha ham qolgani yoʻq: janggohda otini xachirga, xachirini eshakka almashtiradimi kabalero degani?! Tramvayning oʻtinch bilmas izlarida kattaxolasiningu togʻasining loy uylarini agʻdar-toʻntar qilib tashlagudek edi u. Biroq boshqa yondan uning oʻchkor shahdi tobora charxlanib, kabalero emas, yerga oyoq bosgan matador kabi, bir qoʻlida alvon-alvon hilpiragan qahriyu, ikkinchi qoʻlida nashtardek keskir qasos shamshiri uni Ramonsimon olgʻa chorlardi:

Kiftlarida shomni sudrab,
Ufqqa asta qaytadi kun
Torreroday poʻshin yoyib,
Qora tortar bahrul ochun.
Zaytunlar jad nafasini
Sabot bilan kutar hamon.
Ruh togʻlardan yetib kelar
Yoʻrgʻa otni mingan shamol…

Mana tanish torkoʻcha, mana tambalanmagan baland boʻsagʻali eshik, mana kattaxolasining uyi tomon tosh yoʻlakcha… Ramonni shu toʻgʻri yoʻlakchada shahdidan qoʻymaylik-da, oʻzimiz yashiq nafasimizni rostlab olish uchun yarim ogʻiz Rahmonjonning kattaxolasidan aytaylik.

Qandolat-xolasinikida Rahmonjon yozlari tunka tomlarda tut terib, qishlari sandalidagi qorakoʻmir isidan elib, kezi kelganda toʻylardan qaytgan xolvaytaru popukqandlardan tatib, kezi kelmaganida esa quloqlari xolasining ombirdek «burama qandlaridan» qaqshab ulgʻaygan demayligu, bolaligining achchiq-chuchuk damlarini oʻtkazgan. Qandolat-xolasining oʻgʻli Toʻlavoy bilan esa Rahmonjon vaqti-bevaqt bir koʻrpa ostida oʻgʻil bolalarning bori shoʻxliklarini qilib, ketma-ket katta boʻlishgan.

Bir kuni esa, «etimcham» deya, Qandolat-xolasi Rahmonjonga buvisi olib bermagan qinli-sopli oʻyinchoq qilichni qozoqlarning Yangibozoridan olib kelgan. Ana oʻshanda Rahmonjon ogʻilxonaga kirib olib, televizorlarda koʻrganidek – bir qoʻlida ol-ol pioner galstugi, boshqa qoʻlida boyagi alyumin qilich – nimshabda hayron sigiriniyu, uning hali muguzi chiqmagan buzogʻini zoedan zoe jangga chorlagan. Axir shohi galstugiga sigir dumining shaltogʻlari yuqib, yumshoq alyumindan yasalgan qilichi yuz egilib-qiyshayib qiniga kirmas holatga kelganida, Rahmonjon sassiq ogʻildan tashqari chiqib kelgan…

Mayli-da, biroz alahsib oldik. Ana endi Ramon ketidan Qandolat-xolasining dahlizidagi janggohga kirib boraversak ham boʻladi. Hovlida, aksiga olib, shigʻgʻilagan yomgʻir hech tinmaydi. Shaharda zambaraklar otyaptimi, yo atrof-yalangda eski mahallalarni buzayotgan ulkan gurzilarning doʻp-doʻp ovozimi bu, baharhol momoqaldiroq bunday ezma yomgʻirga hamdam boʻlmasa kerak… Devor ortida koʻchada kimdir hayallagan bolasini chaqirish bilan ovora. Orada uchta-toʻrtta mayna bu shovqinni masxara qilgandek boʻladi. Ramon eshikni beiltifot ochib, kattaxolasining nimqorongʻu dahliziga kirib boradi. Kattaxolasi koʻrpa qavab oʻtirgan ekanmi, yumaloq shishali koʻzoynagi ustidan unga taajubda boqadi. Ramon salomini nas’yaga bergandek, darrov gapining poʻstikallasiga oʻtadi.

— Bilasizmi, — deydi u oʻzini tutolmasdan, — oʻgʻlingiz… oʻgʻlingiz… – U nima deyishini bilmasdan tutunganida, odatda:
— Saloming boʻlmaganida ikki yamlab bir yutardim, — deydigan xolasi yuvvoshgina:
— Ke, bolam, tuzuvmisan, tinchliymi oʻzi? – deb, roʻparasiga imo qiladi. – Toliqqan koʻrinasan, u-bu joyga oʻt ketiptimi?

— Ha, oʻt ketipti! – deya, kesatqi aralash jerkiydi shunda Ramon. – Boʻldi, boʻladigani boʻldi, — deb oʻylaydi u ichida. Odatda boʻsh qoʻl bilan kirmasdim, yoʻq deganda yarim kilo oqqand koʻtarib kirardim, endi buyogʻiga oramiz ochiq!
— Hay-hay, — koʻzini koʻrpa avrasidan uzmay bosh chayqaydi Qandolat-xolasi. – O’shqirvotsanmi, bola?! – ajablanadi u.
— Bilasizmi, oʻgʻliyz… oʻgʻliyz… hezalagakan! Kechasi uyimdagi oshnamga yopishipti… Joʻram uni haydapti. Mani gitarammi opketipti. Qani gitaram? – deb bir hovuch ichini sochadi Rahmon.

Koʻchada, naqd tom tepasida momoqaldiroq gumburladi. Yo boyagi koʻchada hayallagan tirmizak otasiga zarda qilib bularning tunuka tomiga toshmi, toʻpmi otdi, biroq yer yorilmadi, osmon oʻpirilmadi. Bolalagida bunday toʻplarni bigizi bilan «pish» teshadigan Qandolat-xolasi ham koʻrpani tizzalarida bir siltadi-da, qavashini davom etarkan:
— O’zing tuzuvmisan? – deb, xuddi uning hol-ahvol soʻrashiga javob bergandek boʻldi.
— Ha, rahmat, — dediyu, bexosdan Rahmon tilini tishladi.

— Oshnang haligi alvastiga oʻxshagan chulchutmidi? – deb, horgʻin alfozda davom etdi xolasi.
— Chulchutmas, karis!
— Ha, bir goʻr-te… O’shaningga diysanmi…
— Gitaram qani?! – deb seskandi Ramon.

— Nima matohakan gitor diganing oʻzi?
— Matohmas, gitara… O’ynashadi unda! – ensasi qota boshladi Ramonning.
— O’ynashingni matohimi? – eshitmaganga olib ignasini koʻrpaga sanchdi Qandolat-xola.
— Qanaqa oʻynash… Gitara bu cholgʻu, bilasizmi, cholgʻu – rubob, tanbur, dutordaqa, lekin eng yaxshisi…
— Ha, ajibajining qoʻshtori disangchi, shumi?

Mazax qilyaptimi uni xolasi?! Yo oʻzlarini goʻllikka solyaptilarmi?
— Ozarbayjon tori emas, ispanlarning gitarasi…
— Boyagi chulchut oshnayni bir xili ekanda…

Tushunmayapti oʻxshaydi bu kampir.
— Xola, tushunvotsizmi oʻzi, oʻgʻliyz mani yoʻgʻligimda uyimga kelib oʻrtogʻimga qichiq qipti… Kegin gitarammi ruxsatsiz opketipti…
— Vajohatingdan xotiniyni opqochip ketiptimi dippan…
— Qanaqa xotin?!
— Anuv chul…
— Xola, gitaram qani?!

Kampir ignasini oxirgi martta koʻrpaga sanchdi-da, ipini tugunga bogʻlab, qolganini yon tishida uzdi, soʻng yana gʻildirak koʻzoynagi ustidan moʻralab:
— Akang sanikiga boriptita. Kecha dalaga ketadigan kuniydi. O’shandan dalaga chiqip ketkan boʻsa keraydirta… – dedi. – Uch oylada qaytamiz duvdi. Bilasanu, togʻu-toshta giyo terip, domlalariminan chodir-chodir qib achom-achom yotishadi… O’shatka opketkan boʻsa kerayta matohiyni…

O’shanda xayr yoʻq, ma’zur yoʻq, Rahmon kattaxolasinikidan ammamning buzogʻidek shalvirab chiqdi. Nimaga kelgan ekan u shaharni kesib bu somonshuvoq xonadonga? Shikoyatini kattaxolasiga qilganimi? Yo togʻasini bir oʻzini tutib olib ikki muguzi orasiga shamshirini tiqmoqchimidi? Na oʻchini oldi, na gitarasani…

Yomgʻir ham tugab boʻlgan, osmonda bulamiqdek bir besaranjomlik, oq bulut ustida qorasi, ularning orasida esa tanburdek uzun torlarini chertib quyosh koʻrinib qoʻyadi. Besarishtalik. Devorlar ortidan cholgʻularining bori bir tingʻir-tingʻirga sozlangan chorvadorlar uchun yagona nagʻma taraladi. Bu degani soat bir ham boʻlibdi. Boyagi hayallagan jinqarcha novvosini sudrab, koʻchaning qarshi tarafidagi mozorboshi oʻtlogʻidan qaytib kelyapti. Novvos ma’rab-ma’rab torkoʻcha boshidagi oqib yotgan jumrakni koʻradiyu, birdaniga shataloq otib suv tomon chopadi-da, shiliq etib jumrak oʻngida tiz choʻkadi. Suv boʻyida oʻtirgan namiqqan zagʻizgʻon esa uchishga ham majoli yetmay, hakkalab-hakkalab oʻzini panaga oladi. Rahmon uyiga qaytay desa, Seryoja Min ham uni kutishdan charchab, oʻzining Jizzax choʻliga ketvorgandir. Unday desa, Serxiosini ham koʻrgisi kelmaydi shu topda Ramonning…

Y-oʻ-q-o-l-g-a-n gitara torlarining oʻzgaruvchan, bevafoyu behuda termalari…

Suv tagida ohista
Soʻzlar suzar sochila,
Qushlar va alangalar
Aylanar suv sochida.
Qanday xato boʻlganin
Faqat bilar qamishzor,
Ogʻochtan gitaraning
Tushi bodsiz, beozor…

034

(Tashriflar: umumiy 177, bugungi 1)

Izoh qoldiring