Abdulla Qodiriy. 20-yillar felyetonlari.

09
Абдулла Қодирийнинг 1917 й. Октябр тўнтаришидан кейинги фаолияти асосан матбуот билан боғланган. Унинг 1919—25 й.лар оралиғида ёзган мақолалари сони 300 атрофида. Адибнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномасидир. 20-й.лар ўрталарида ёзилган «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» сатирик ҳикоялар туркумида ёзувчи кулгуси «ҳарактер кулгуси» даражасига кўтарилди. Муаллиф бунда ҳаётдаги, одамлар табиатидаги муайян салбий ҳодисаларни соф мафкуравий нуқтаи назардан туриб, нуқул бирёқлама қоралаш, фош этиш йўлидан бормай, ҳарактер ва ҳодисаларни холис туриб, мураккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга жазм этади.
Замонавий матбуотимиз тарихи, хусусан, «Муштум» журналининг ташкил топиши ва фелъетон жанрининг шаклланиш жараёнларини ҳам Абдулла Қодирийнинг номи билан боғлаймиз.

097
Абдулла Қодирий
20—ЙИЛЛАР ФЕЛЪЕТОНЛАРИ
094

ШОДМАРГ
044

Мулла Карим Ҳожининг ёши етмиш ёшларда эди. Ёшлиқда бошига кўб жабр-жафолар тушмиш, дунёдаги ҳамма азобларни тортмиш эди.

Балки сиз «Мулла Карим Ҳожи жуда камбағал бўлған экан, шунинг учун фақирлик азобини, очлик жафосини тортғандир», деб ўйларсиз. Йўқ, Карим Ҳожи камбағал эмас эди. Жуда бой бўлмаса ҳам, беш-ўн минг оқчаси, ўн-ўн беш ботмон шоликор ва бир қўраси, яна булар устига хатми кутуб ҳам қилған, замонадан хабардор, мусулмонларнинг фойда зарарига тушунувчи эди.

Энди мендан «Ўзига етарлик дунёси, хатми кутуб қилған, замонадан хабардор бўлса, нима учун жабр-жафо чеккан?» — деб сўрарсиз, албатга. Мулла Карим Ҳожининг жафо чекувига ҳалиги замонадан хабардорлиги, мусулмонларнинг фойда-зарарига тушунувчилиги эди. Мулла Карим Ҳожининг қисқача таржимаи ҳоли мана бу:

Бир вақт мулла Карим Ҳожи охунднинг шаҳрида қози сайлови бўлған эди (бу вақт қирқ ёшларида эди). Савдогар қозилар элликбошиларга ва ҳокимларга минглаб, юзлаб пора тиқиб, қозилиқни сотиб олғач, бизнинг Карим Ҳожи қози бўлувчилар ила этишган ва уларга «Хоинлар, золимлар, золим ёрдамчилари!» деб қичқирған эди.

Қози бўлувчилар нафсониятка кетиб, юқори ҳукуматка мулла Карим охунд устидан: «Сиз — ҳукумат, золим экансиз, биз — қозилар, сизларнинг хоин ёрдамчингиз эканмиз, шаҳримиз муллаларидан мулла Карим охунд, сиз—ҳукуматимизни «Золим» ва бизларни «Золим ёрдамчилари» деб атади. Жазосини берувингиз маржудир. Мундоқ ҳукуматка қарши кишиларнинг йўқ қилувингизни ўтинамиз», деб ариза бердилар. Ҳукумат бу аризани кўруви билан дарров жандарма юбориб, Мулла Карим охундни турмага олдирди. Тўғри сўзлик жазосини тортиб, сўровсиз, несиз, икки ой ётди, уч ой ётди, тўрт ой ётди. Бешинчи ойда сўроқ бўлди. Карим охунд тўғри сўзлик ўлдиғидан сўнг:

— Ҳукуматни золим дебсан, — деб сўраган саволига:

— Жуда тўғри дедим, чунки ҳукумат жамоатнинг сайлаған кишисини жамоат ишига киритмайдилар, ўз тиловинча иш юритадир.

Жамоат бирор фойда-зарарни ажратувчини сайловга қарор берса, дарров ҳукумат ва ҳукумат бўрилари сапчийдилар. Мундай ҳукуматни такроро «Золим» ва ҳукумат тарафидан қўйилган маъмурларни «Золим ёрдамчилари» дейман, — деди. Суд ўлим жазосини буюрса ҳам, баъзи суддагилар девона ва телбаликка қарор бериб, ўн беш йил катр жазоси ила кифояландилар.

Ой ўтди, йил ўтди. Мулла Карим охунд дунёда кўрмаған азоблар ва жафоларни тортди. Ва ҳамиша Аллоҳ таолодан золимларнинг жазосини тилади. Ўн беш йилни азоб-уқубат, ҳасрат ва болаларининг фироқида ўтказиб, жамоат ишина аралашмаслик вазифаси ила ватанина қайтди. Болаларни ёнида кўбда турмади. Ҳаж ниятида сафар қилди. Муқаддас зиёрат жойларида Аллоҳ таолодан золимларнинг жазосини тилади. Ҳаждан ҳам қайтди. Жамоатка аралашмаслик вазифаси ўлдуғиндан, золим ҳукумат зулмидан ҳаммаслаклари ила бирликда шикоятланув ила кифояланди. Мундан сўнг ҳукумат жафосина илинмади. Илинганда ҳам Қора тўрага (пристав) ўрнидан туриб, таъзим қнлмағани учун уч ой турмада ётған эди.

Энди четдангина ҳукумат зулмига, мусулмонларнинг эзилганларига, шу золим ҳукумат иш бошида турар бўлса тез вақтларда мусулмонларнинг инқирозга юз тўтувларина чин-чиндан ачиниб, куйиниб золимлар ҳақиға дуойи бадлар ила кифояланди.

Бу золим адолатсизлик мулла Карим Хожини жабр-жафо, ҳасрат, афсус ила қартайтирди, ёши етмишга етди.

Ҳар кун ўғли бозордан қайтғанда янги хабарлар сўровчи бўлғанлиқдан бу кун ҳам янги хабарлар сўради. Ўғли суюнган тусда: — Суюнчи беринг ота! Халқ ва аскар бир бўлиб, ҳукуматни ўриндан туширган, ҳамма иш халқ қўлига ўткан, эски ҳукумат маъмурлари ўриндан туширилиб, қўлга олинған, министрлар ҳам ҳибс этилған, подшо ҳам қамалған, ҳуррият эълон қилинған, деди. Мулла Карим ота:— Ҳуррият?! — деди, орқасига йиқилди. Ўғиллари юзига сув сепдилар. Лекин ул ҳушсиз эмас эди, балки шодмарг[1] бўлған эди.

«Нажот»[2] 1917 йил, 21 март, 2-сон, 3-бет

——————————
[1] Шодмарг — шодлик кайфиятидан ўлмоқ.
[2] «Нажот» газетаси 1917 йилнинг март ойидан муваққат ҳукуматнинг нашр афкори бўлиб чиққан, газета феврал инқилобини мақтаб, эски ҳукуматни танқид қилган, 20-сони чиққан, муҳаррири — Мунавварқори.

ДУМБАСИ ТУШИБ ҚОЛГАН ЭМИШ
044

Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман

Гўш(т)…
Отингдан ўргулай гўш!.. Нега мунча ўзингни биздан азиз тутдинг? Биз сенинг қадрингга етмадикми?..

Мен ўқувчининг гўш ҳақиндаги ҳолини билмайман. Лекин ўзим гўш отини эшитсам, оғзимдин калаба-калаба сувлар келадир. Ўзини қассоб акалар қанорасида кўргандами? Кўрганда васлига етолмай юрган маъшуқангга учрашган каби ҳуш бошингдан учадир. Ихтиёрсиз ичингдан гулдурос ила: «Эй, гўш!» деган сўз ташқарига отиладир. Жонажонинг, меҳрибонинг бўлган гўшнинг икки қадоғини золим ноинсоф қассобнинг қанорасидан ажратиб олмоқчи бўлуб, қаҳрамононасига жекириб: «Гўшнинг қадоғи қанча?» Бадбахт қассоб овозини бузмай: «Гўшнинг қадоғи ўтгуз олти сўм, мулла ака!» (Ул мулла ака!) Ўттуз олти сўм! Эшитгач даминг ичингга тушиб кетадир. Бир сўз қайтармай мазлумона гўшга термула-термула ўз йўлингга жўнайсан. Дўстинг бўлган гўш маъюсона бир равишда орқангдан қараб қолур. Мана лофчига ёзмоққа ҳафасли бўлган ёшларга материал!.. Рамазон ийдидан бери жонвор гўшнинг иштиёқида оҳ-воҳ ила кун кечириб, Озиқ шўьбасининг марҳаматига интизорликда келмоқда эдим. Тўғрисини айтмоқға мажбурдирманки, бу орада бутун кечалар гўш иштиёқида ухлай олмадим. Кўз илинганда кўрилган тушка ҳам гўшдан бошқа нимарса кирмайди.

Қоқ ўттуз биринчи кун деганда халқ тилида: «Эртага Озиқ комитети гўш берар эмиш», деган хабарлар юрий бошлаб, юрагим азбаройи хурсандликдан торс ёрилаёзди. Бу хабар ҳалидан ҳали тўғрилигиға чиқиб, дилим урмоққа бошлади. Бутун сабру қарорим қўлдан кетди… Уй ичимизни энди суриштиришмай ҳам, етти яшардан тортиб то етмиш яшаргача гўш хурсандлигига чидай олмай рақсга (тансага) келган эди. Шу кун маҳалла комитетидан гўш варақасини олганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Эртаги гўш шодлиги ила бу кун кечаси бутун уй ичимизда уйқу ўрнига эртага оладирган гўшнинг қай ҳолда томоқ қилмоқ маслаҳати эди: Ойимга монти дуруст эмиш, янгамга сомса яхши эмиш, ҳаммадан ҳам акамники қизиқ, эртага қориндан бошқасини еса ўзини ўзи шаҳид қилар эмиш, буни ҳам қўйинг, дадамга бир сих бўлса ҳам кабоб тузук эмиш, энди мени ҳам тилагимни эшитинг: менга ҳаммаси бўлса ҳам ноз қиладирган ўрним йўқ…

Эрта бирлан уй ичидан фотиҳани олиб, ё ху ё ман хуни тилимга жо қилиб, қўлда каттакон халта ила… нчи қассоблик дўкони қайдасан, деб йўлга равона бўлдик. Уйдагилар нуқул гўшнинг калта биқинини, мойнинг эса нуқул думбасини олмоқға таъкидлаб, дуолашдилар.

Энди йўлда гўшнинг бериладиган миқдори ҳақинда ривоятлар кўб. Биров жон бошига икки қадоқ деса, биров бир қадоқ, дейди. Икки қадоқ деганнинг оғзидан ўпкинг, бир қадоқликни бўғгинг келадир. Ёғ хусусинда ривоятлар уч хил: биров жонга бир қадоқ, иккинчиси чорак қадоқ, тағи бир шайтонроғи: «Ёғ оламан деб овора бўлманглар, комитет қўйлари даладан келишда думбасини йўлда тушуриб қўйибдир», деди. Менга қолса думбаси ўғирланган бўлсун! Ишқилиб гўши ёғлироқ бўлса бўлгани.

Мана! Йигирма… нчи дўконнинг олдиға етдим. Одамлар ўттуз қулоч деб, ўттуз биринчи қулочнинг бошламасига биз турдик. Лекин ҳали гўш келгани йўқ эмиш. Думга турган чоғимда соат ўн бирлар чамаси эди. Офтоб пешонадан урадир. Биз қоврилиб, пешонадаги терни суриб турамиз. Орадан бир соат ўтди, гўш йўқ. Биз комитетдан койишиб, тағи бир соат турдик. Лекин ҳамон гўш йўқ. Узоқдан бир ароба кўриниб қолса ана, ана, шу гўш, деб ҳовриқишиб, бир биримизни илгариға қараб итаришиб сиқамиз. Ичимиздан аллаким «дод, сиқилдим», деб юборса тағи орқага қайтиб орани бўшатамиз. Орадан тағи ярим соат вақт ўтиб кетди. Лекин ҳамиша йўқ, йўқ, йўқ. Офтобнинг иссиғи қувватланиб, қоб-қора терга тушиб кетдик. Ҳолдан тойганлар: «Гўш, ёғ емаган ўлибтими?..» деб раддан чиқиб кета бошладилар. Оз фурсатни ичида ўттуз қулочлик думда менга ўхшаш ўлуги бир пуллардан беш олти киши қолдик. Орадан тағи бир соат вақт ўтгач, кундуз соат иккиларда узоқдан гўшлик ароба кўриниб қолди. Табиъий, бу аробадаги гўш бизим учун эди. Узоқ-узоқ «ух» тортишиб қўйдик. Ароба дўконнинг олдига тўхтагач, на кўз ила кўрайлик, бир ароба қиб-қизил ўпкага ўхшаш гўш — йигирма мартаба ағдариш-тўнтариш қилганда чигитдак мой топиш мумкин эмас. Бунинг устига устоб териси сўюлиб олинган бўлганидан гўш устига чанг-тупроқ ўлтуруб алланичкаланган.

Гўшка қўйган муҳаббатимнинг ўрнини ҳозир бир нафрат олди, кўнгил ағдарилиб қайт қилаёздим. Мана сенга гўш! Бечора қўйнинг гавдасига хитобан: «Эй, бечора қўй, сен нима гуноҳ қилдингки, сени бу ҳолга тушуриб оздирдилар», дедим. Ихтиёрсиз қўйларга раҳмим келиб, кўзим ёшланди. Биз қўйнинг думбаси иккинчи аробададир, деб ўйлаб ўлтурган эдик. Лекин ичимиздан кимдир биров: «Мой қани?» деб қассобдан сўради:

— Мойи йўқ! — деди қассоб. Мен ихтиёрсиз хахолаб кулиб юбордим. Эрталабки шайтоннинг «Комитет қўйининг думбаси тушиб қолган», сўзи эсимга тушган эди:

— Ҳа, бадбахт, рост гапирган экансан, — деб қўйдим. Гўш жонбошига ярим қадоқ эмиш.

Тўрт қадоқ шақир-шуқир сўнгакни уйга кўтариб келганимда уйдагиларни ҳам тарбузи қўлтуғидан тушкан эди.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» 1919 йил 11 август, 154-сон

НЕГАКИМ
044

Элбекга бағишлаб

Элбек ўзининг мақоласида нега «негаким»ни кўб ёзадир?
— Негаким, Элбекнинг тупроғи «негаким» деган ердан олинуб «ким-ким» деган дарёнинг сувидан аралашдирилиб, лой қилинғани учун.

Мирмулла ака нега Ҳамза Ҳакимни илгаригидек ерга урмай махтий бошлади?
— Негаким, Ҳамза Ҳаким жонидан тўйғанидан сўнг Мирмуллаға соҳнада афсун ўқуб, дам ургани учун.

Жаноб саодатмаоб, муҳтарам «Номакоб»нинг ёзған фалсафаларига нега мен тушунмайман?
Негаким, жаноб «Намакоб»[1] ўтача олим бўлғани учун.

Нега халқ бетоблануб, саёҳат жабдуғини тузий бошлади?
— Негаким, рамазон ойи яқинлашгани учун.

«Иштирокиюн» газетаси нега бир кун чиқуб, бир кун чиқмай оқсай бошлади?
Негаким, ҳарф терувчи хизматчиларни ҳукумат ортиқча туйдуруб, қорун солдирғани учун.

Нега газеталарда турклар борасида даҳанаки ур-ур, сур-сур, жанжал, тўполонлар босилуб қолди?
— Негаким, ҳамма жанжал афандининг чопони устида бўлғани учун.

Нега мен «Нашриёти Ғози Юнус» ҳақинда ёзмадим?
— Негаким, бунга хос қасиданинг борлиғи учун.

Нега сўзингни шу ерда тўхтатмоқчи бўласан?
— Негаким, бундан ортиқни замон кўтармағани учун.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 8 май, 91-сон, 1-бет

——————————
[1] Номакоб — совет партия ва давлат арбоби, тилшунос ва журналист Назир Тўрақуловнинг тахаллуси.

БОЗОР СУРИШТИРМАЙДИЛАР
044

Мен ўзим ишёқмас дангасаман. Бунинг устига бир оз ваъдараклигим ҳам бор. Тажрибалик кишиларга маълум бўлса керак, аксар ялқовлар ўзлари учун фойдалик бўлган ишларга дангасалик қилиб, фойдасиз бўлган ишлар орқасинда умр ўтказалар. Мен ҳам бир ишёқмас бўлувим сифатила баъзи ўзим учун фойдасиз, аммо кўбинча халалимни келтуруб юрган бир иш тўғрисида бир оз гапурмоқчиман.

«Ҳовлининг бир ёнида ётукчи қўшним бор. Уйқудан бўшаган вақтимда… ҳалиги этукчини ишхонасида ёнбошлийман».

Йўқ, сўзни мундоғ бошлаганда тузук чиқмайдирғанға ўхшайдир.

«Иштирокиюн» газетасиға баъзи вақт кўзим тушиб қоладир. Илгарироқ (агар ёдимдан кўтарилмаган бўлса) «Ишчи» деган буров Хуршидми-муршидми деганнинг ва тағи аллакимларнинг ёзган театр китобини танқидми-манқидми қилиб юрар эди. Аммо кейинги вақтларда ҳалиги «Ишчи» деганимиз сувга уриб кетдими, осмонга учиб кетдими, ҳайтовур танқидини ёзмий бошлаб, жимжит сув қуйгандак бўлди.

Энди ҳалиги сувга уриб кетканнинг ўрнига мулла Мирмуллами, домла Мирмуллами деган тағи бириси бош кўтариб: «Фалончи ўюн бўлди, пистончининг асари эди, орсизлар (орсизми, артистми чиранишга унча ақлим етмайдир) тузук ўйнамади, асар бузуқ эди, фалончи писмадончининг асари эди!», деб илгаригисига ўхшаш жовраб, оҳ-воҳ қилиб, бошини тоғ-тошка уриб келадир. Бу сўнгғиси «Театр музиқа» ёзганда бозор қули, мозор қули, тағи алланима бало қули тасонифи», деб ёзадир. Лекин «қули» деганига тушунмоқ учун — луғат кўролмадим. Мана маним энди шу «Театр музиқа» ёзиб, додвой қилувчига халалим келадир. Тўғрисини айтканда, бечоранинг ҳолига раҳмим келадир. Кўбдан бери шу додвойчини шу балодан қутқазишка бир чора излаб юраман ва ўйлаб-ўйлаб тегига етолмай бошим оғриб кетадир. Энди мундан сўнг «Театр музиқа»сини ёзмас, деб турганимда тағи лўп этиб додвойи ёзилиб чиқадир. «Бу бечоранинг боши оғримасмикин-а?» деб ачиниб, бечорани шу балодан қутқазув чорасини азтаҳидил излайман, аммо тополмайман. Тағи «Театр музиқа», тағи орсиз ўюнни бузди, тағи ҳазрат пистончи бир сафсата ёзди…

— Эй боши оғримаган бечора, ўзинг камбағал одамга ўхшайсан, бирор касалга чалиниб қолма, қўй! Орсиз бузса бузсин ўюнни. Сафсатами, папсатами ёзса ёзипти! Сен бечорага нима керак? Узингни бошқа касалинг йўқми? — дейман. Шу сўзим оғзимдан чиқиб ҳам тугамайдир, тағи бирини ёзиб «дод қароқчи» қилибдир!

Энди бечорага чинлаб бир ёрдам қилмасам бўлмас экан деб, кеча бир оз этукчининг ишхонасида ёнбошлаб ўйладим.

Ҳалиги «Театр музиқа»нинг бузуқлиги тўғрисида ўйлабман. Нега бизнинг «Театр музиқа» мундоқ киши бузуқ бўлур экан, дейман.

Этукчининг қўли қўлига тегмай билиска тақадир, бигиз тиқадир, кўва урадир, тери кесадир, тилиш тил, деб шогирдини койийдир. газан қайрийдир. Хулоса, шогирди ила ўзи жонлик мошина. Ман чалқанча ётаман. Этукчининг ҳаракати таажжубимни мужиби бўлди. Тиккан этугини олиб кўрдим: бахяси катта, этук чокиға қўл сиғадир, санъат йўқ. Кнйганда хизмат қилса, бир кунга чидайдир. Мандек ялпи одам Тошканднингтошсиз, қишки лой деганидан ўн қадам кечса иш тамом.

«Бу ўтукингни ким олади?» — дедим. Этукчи: «Хайф бўлмасин, бозор суриштирмайдир», — деди. Тағи чалқанча ётдим. Фикрим «Бозор суришгирмайдир»да тўхтади. Яна «Театр музиқа»чининг ташвишинига тушдим. Тўхта, дедим. Ҳозир «Театр музиқа»ни ҳам бозор суриштирмас экан, дедим.

Этукдўзнинг жавоби «Театр музика» ила азобланувчига наҳ тўғри жавоб эди. Бозор суриштирмаса, маним ҳам қўпол этук тикиб, уста фалончи бўлиб фойдалангим келди. Энди ҳалиги «музиқа»га қарши азобланувчига айтаман: Этукчи айткандак, орсизларнинг ҳам бозори кўтаргани учун ўюнни бузуқ ўйнайдирганлардир! Пьеса ёзувчилар ҳам бозор суриштирмагани учун қайдаги сафсата, чўб, ҳашак, супуриндилардан ҳар соат пьеса ёзса, дунёда ўзларидан «асар» қолдирмоқға ҳаракат қиладирганлардир.

Азобланувчи ўртоқ! Ҳозир маълумки, ҳар бир нимарсанинг бозори «Уста, манга бер!» Қўполдўз этукчи қўшнимнинг сўзидан маълум бўлдиким, бозор суриштирмас экан!

Ҳар ким бўлса ҳам ўтмас матоҳини ўткуриб қолсун. Вақт келур, бозор касод бўлур, халқ молнинг яхшисини тилар, ҳар касбда ҳақиқий усталаргина қолур, бошқалар ўз чоруғини судрар ва судрашка мажбур бўлур. Шунгача-чи ўртоқ, тишни-тишга қўйиб, дамни ичка олиб, тинчкина юрмоқ керак! Аммо ҳозир бозор суриштирмайдир! Тошка ёмғур кор қилмайдир!

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 16 апрел, 76-сон, 2-бет

КУЛА-КУЛА ЎЛАСАН
044

Бир вақтларда атоқли бир лўттичи турли лўттилар (фўксларни) кўрсатар эди. Айниқса анинг чигилдак бир қоғозни оғзиға солуб, ҳеч бир поёнсиз узун қилуб оғзидан чиқаруви бизни ҳайрон қолдирар эрди. Лўттибоз йўқ кунларда анинг ўрниға лўтгичилик қилатурған бир мажнун бор эди:

— Кишилар-кишилар, потино-потино! Чунки лўттибоз халқни йиғмоқчи бўлғанда «Потино» деган бир ашула айтар эди. Халқ мажнуннинг атрофиға қуруқ бир мазах учун йиғилғанда мажнун яна бир марта «Потино»сини айтуб олғач, чўнчагидан бир чангал қоғоз чиқаруб, халқға кўрсатуб чиқар эди. (Лўттичи оғзиға солатурған чигилдак қоғозни ялмалкан эканлиғин халқдантасдиқ эттирар ва оғзини ҳам очуб, бошқа қоғоз йўқлиқни кўрсатар эди).

Мажнун кулунч бир ҳолда халқға оғзини а… а…. қилуб очуб кулдиргач, бояғи бир чангал қоғозни оғзиға солуб қизиқ бир вазият ила ялмий бошлар ва бир қанча вақт чайнаб қоғозни ютуб яна «Потино-потино»сини айтуб, қоғозни лўмбоздек қилуб олур ва ҳунарини халқға ғурурлануб кўрсатуб чиқар эди. Мажнуннинг бу иши — лўттибозлигидан ҳам халққа ортиқ кулги берар, ҳаммамиз бу вақт кула-кула ўлар эдик.

«Ишчи»нинг кичкина филетўни бўлған «Ости-устига»си босилуб чиқди, буниси «Кичкина филетўн»и эмиш. «Ости-устига»си эмиш «Ярам-ярам боғи» эмиш. Эски шаҳардаги инқилоб шунга ўхшар эмиш. Келишмаган қилиқ ўлсун дейми? Буни ўқуб: Кула-кула ўласан!..

«Нашриёти Ғози Юнус»дан беш юз қирқ бир ва қирқ иккинчиси бўлған «Сўзлайтурган қўғурчоқ» ила «Туркистон табиби»си босилуб чиқди. «Нашриёти Ғози Юнус»нинг йўлларинда ҳам беш юз қирқ нечаланчи мартаба ноширдан бир-икки сўз бор. Буюк ношир Ғози Юнус жанобларининг нашриётларинда бўлатурған бир-икки сўзлари ҳақинда бир ўртоғим:

«Ҳар бир асарнинг бошинда бир-икки сўз ёзуб қоғозни бемаза қилуб юргандан кўра, бир-икки сўзларни ҳаммасини бирга йиғуб «Ноширдан бир-икки сўз» исминда бир нарса ёзуб нашр этса, китобнинг бошиға ёзғаниға қарағанда Ғози Юнус исмини чиқаришға қулайроқ, ҳам бир асар майдонга келган бўлмасми?», деган эди.

Бу сўзларга кула-кула ўласан! «Сўзлайтурган қўғурчоқ» озарбайжончадан буюк ноширнинг табдиллари эканки, тантана ила имзолари асар бошинда қўйилмишдир Биров «Калнинг таниғани шўра» десатағи: Кула-кула ўласан…

Мусулмонча «РЎСТА»[1] газетасининг Эски шаҳар шўъбасининг вакиллиғиға машҳур эсликли ёшлардан Ғулом Зафарий таъйин этилган. Ривоятларга қарағанда, Тошкандда бу ўрун учун ўзиндан бошқа эслик киши тополмағач, Ғулом Зафарий ўзини таъйин этдирган. Бу ўртоқ шу кундан бошлаб ўз атрофига эсликли ёш ўсмирларни йиға бошлади, дейлар… Тағи: Кула-кула ўласан!..

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 13 июн, 120-сон, 2-бет

——————————
[1] Мусулмонча РЎСТА — Россия Телеграф Агентлигининг Туркистон бўлими. Бу деворий газета ўзбек тилида Тошкент ва ўлка ҳаёти ҳақида қисқа хабар ва ҳодисалардан ёзиб турган. Тошкентда 1919, 1920-йилларда чиққан.

ИЖМОЛИ СИЁСИЙ
044

Юқоридаги сарлавҳани ўқуғач миянгизга Генуя канференсияси[1], Лўйд Жўржнинг ич оғриғи-ю Пуанқаранинг итланиши ва бошқа шунинг каби бир бирисига зид бўлған фикрлар қаторлаша бошлар. Агар чиндан ҳам шундай фикрлар қаторлашқан, чўчиткан ва юрагингизни безиллаткан бўлсалар, сиз тинчлана кўрингиз. Чунки манинг «Ижмоли саёсий» сарлавҳаси остида ёзатурған мақолам бошқа тўғридадир. Агар ичингиз келмай «Ижмоли саёсий»имни ҳозирдан билиб олмоққа юрагингиз шопириниб, иштибоҳингиз кучайган бўлса, бердисини ҳам айтиб қўя қолай:

Отинг қуруб, эгасиз қолғур масаланинг таъбири ҳам қийин… нима деб таъбир этсам экан?!

Масаланинг мавзуи — «Имлойи ижмоли саёсий»; йўқ, бу келишинқирамади; «Ижмоли саёсийи имло»; энди бу таъбир уттасидан ҳам қўполроқ чиқди. Бундаги таъбирларнинг иккаласи ҳам ўзимга ёқмайдир. Лекин сиз бу икки тўмтоқда бир нарса сезган бўлсангиз фақирингизга етар. Жойи келганда шуни ҳам айтиб ўтай: фақирингиз жаноб Али ҳазрат дарвеш каби алсабаснаи, шарқияи, ғарбияи, қалмоқиялардан таъбирлар тўқумоққа ва сухан гулистонининг булбули хуш алҳони бўлмоққа қўлимдан келмас.

Мақсадға кўчайлик:

Шарқ сиёсат дунёсининг айнуқса, турклик оламининг миясини айландирган масалалардан бири ва биринчиси имло саёсатидир. Шарқ саёсиюнларининг баъзиларининг сўзлариға қарағанда Шарқнинг бутун озодлиғи ҳам шу имло саёсатига келиб боғланур экан.

Бу кунгача имло политикаси қочиқ урушувлари каби, ундан-бундан парт-пурт товиш чиқариб қўйса ҳам, лекин кейинги кунларда, айнуқса, Тошкандда жиддий суратка кириб кетди. Тошкандда маъориф қурултойи бўлуб, белгуланган қурултой «Имло-ҳарб майдони» тусини олиб юборди. Бутун қиш бўйи бир бирисига қарши тишини ғижирлатиб келган икки фирқа ихтиёрсиз суратда бир-бирига ҳужум қилишди.

Аҳволнинг битишига қарағанда, чапларнинг муваффақияти очиқ кўриииб қолди. Чунки чапларнинг аванғардларидан бўлған Фитрат халфа Бухороға кетканидан бери кеча-кундуз тинмай, ўзининг негиз қўйған масаласига муваффақият тилаб ҳазрат Баҳоваддиннинг дахмасидан бир қариш ҳам ажралмаған. Ривоятларга қарағанда, унинг дуоси мустажоб бўлған дейдирлар. Бироқ ўнгларнинг бошлиқларидан саналған Мунавварқори гарчи ҳазрат Шайхҳовандитахур мозоридан бир қариш ажралмай тунаб ва кунаб чиққан бўлса ҳам, лекин бузрукнинг назари асносида кўпинча мудраб ғофил қолди, дейдирлар. Хўқанд атрофи Ашурали Зоҳирий ишоратида бўлса ҳам, бироқ ул амалий ишлар ишлай олмаған. Чунки бу кунгача ул чаплар билан биринчи тўқнашувда олған жароҳатини тузатмак билан саргардон бўлуб, бошқа ҳозирлиқлар кўра олмаған экан.

Ишончлиқ манбалардан олинған хабарларга қарағанда, бу даҳшатлик фожиъани ўз фойдалари билан битирмак учун ҳар икки томон ўз вакилларини дуогўй Назир махзум узлатхонасига киргизиб, назир бериб, холисона дуолар олған эканлар. Биринчидан, Назир махзумнинг кўнглининг юмшоқлиғи, иккинчидан, ўзининг ҳам қайси ёққа ўтмакка бўлған тараддуди сабаблари билан ҳали бир тарафка ҳам дуои хайр қилғанлиғи маълум бўлмай, бир томоннинг муваффақияти ва иккинчининг мағлубиятига йўл бермай қолғанлиғи маълум бўлди.

Имло политикасидан бошқа масалаларга ўтканда қурултой ағзоларининг турлук томонға туруб кетиб, устол ёнида президиумнинг ёлғуз қолған вақтларидағи тинчликлардан кўз юмуб ўтилса «Мухораба — қонлиқ борди», демакка арзиғулиқдир.

Бу тўғридағи афкори умумияга келганда ишлар бундайдир:

Тошканднинг Яҳяхўжа эшон, Этемас эшон ва Чўпқўймас эшонлари кеча-кундуз йиғлаб-сихтаб Мунавварқори ва Авлоний ҳаққиға дуо қилиб, чапларга лаънат ёғдириб ётадирлар.

Шарқда имло саёсати ва хорижий давлатларнинг қараши масаласига тўхтағанда иш бундай борадир:

Лўйд Жорж лўрдлар палатасида: «Шарқдаги янги имло политикаси агар ишка ошса, Ҳиндистоннинг исёниға ҳам буюк таъсири бўлмай қолмас», деган. Пуанқара ўзининг олий шўрода сўзлаган сўзи орасида: «Генуя канференсияси биз учун на даража машъум бўлса, Шарқнинг имло политикаси ҳам шунчалиқдир» деган.

«Наримон Наримонов ўзининг бир тўрба лотин ҳарфларини орқалаб, Туркистон йўлиға чиқди», деган хабарлар юрса ҳам, бироқ бу ишончлиқ манбадан олинған хабарга ўхшамайдир.

Ҳар ҳолда имло муҳорабаси жуда даҳшатлик бир равишга кириб бутун дунёнинг диққатини ўзига тортмоқдадир.

Ҳар икки томоннинг қаҳрамонлари сафка!

Жулқунбой

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 15 апрел, 164-сон

——————————
[1] Генуя конференцияси — 1922 йилнинг 10 апрел 19 май кунлари Италиянинг Генуя шаҳрида ўтказилган халқаро иқтисодий, молиявий конференция. Унда 29 давлат қатнашган. Конференция биринчи жаҳон урушидан сўнг Марказий ва Шарқий Европа иқтисодиётини тиклаш программасини ишлаб чиқиш мақсадида чақирилиб, унда асосан Совет ҳукуматини капиталистик мамлакатларга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бўйсундиришга уринилган.

хдк

(Tashriflar: umumiy 199, bugungi 1)

Izoh qoldiring