Abdulla Qodiriy va Xolid Said.

092
“Холид афанди, — деб ёзган эди Назирахоним, — асли ўзбек бўлиб, Туркияда ўқиган ва Бокуда туриб қолган. Бу киши Ўзбекистон ССРнинг Озарбайжондаги вакили эди. ўоят дилкаш, саховатли ва меҳрга бой бўлган бу киши бизни очиқ чеҳра ва чексиз қувонч билан кутиб олди. Йигитларни ётоқхонага тақсимлаб, бизни квартираларга жойлаштириш кераклигини уқтирди”.

015
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ВА ХОЛИД САИД
Наим Каримов
021

Абдулла Қодирийнинг муборак номи оқланганидан сўнг унинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида ўнлаб монография, китоб ва рисолалар, юзлаб мақолалар эълон қилинди. Аммо ҳали ҳам бу сермазмун ва фожиали ҳаётнинг эътиборсиз қолган саҳифалари йўқ эмас. Хусусан, деҳқончилик, вассачилик, приказчиклик билан шуғулланган йигитнинг 1915 йилда адабиёт оламига дафъатан кириб келиш жараёни ҳали ҳам равшанлик касб этмаган. Қодирийнинг суддаги нутқидан аён бўлишича, 1913-1914 йилларда унда “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойна” журнал ва газеталарига “гап ёзиш фикри” уйғонади. Лекин “идорадагилар билан танишлиғи бўлмағони учунми ёки ёзган гаплари маънисиз бўлғони учунми” кўпинча унга “Идорадан жавоб” рукнидаги хатларгина келарди. Аммо Қодирий бу хатлардан “мамнун” бўлгани учунми ёки адабий истеъдодига ишонгани учунми, “ҳикоя ва романларга тақлидан” асарлар ёзишда давом этиб, 1915 йилда “Жувонбоз” ҳикоясини нашр этишга, М.Беҳбудийнинг “Падаркуши” таъсирида “Бахтсиз куёв” драмасини ёзиб, саҳналаштиришга муваффақ бўлади. Шу сўнгги асари билан туғилиб келаётган ўзбек театрига боғланганини сезган адиб 1917 йил Февраль инқилобидан кейин “Турон” жамиятига аъзо бўлиб киради. Бироқ орадан бирор ойдан сўнг “халқ милицияси”дан “озиқ комитети”га ишга ўтганида, “Турон”дан чиқарилганлиги ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб, ундан узоқлашади.

“Шу вақтларда матбуотда, — деган эди у 1926 йилги суддаги нутқида, — Россиядаги сиёсий фир­қалардан “социал демократ”, “социал революционер”, “кадет”, “интернационалист” сўзлари сўзланиб турар эди. Айтиб ўтишим керакки, ҳалиги сиёсий исмларга газета ўқийдирғон бўлғонимдан бери (таъкид бизники — Н.К.) таниш бўлсам ҳам, уларнинг чин маъноларига тушуна олмас эдим”.

Бу эътирофнома 1917-1918 йилларга қадар адиб дунёқарашининг шаклланиб улгурмаганидан, унинг кўпгина муҳим ижтимоий масалаларда ҳамон тебраниб турганидан дарак беради.

Ҳаёнинг Жулқунбой билан мусоҳабаси

“Абдулла Қодирий қомуси” устидаги ишни бошлашдан аввал камина бисотимдаги адибга доир ҳужжат ва материалларни тўплаб, тартибга солар эканман, “Жулқунбой билан мусоҳаба” деган мақола лоп этиб чиқиб қолди. Мақолани бундан бир неча йил аввал қўқонлик тиниб-тинчимас адабиётшунос олим Рустамжон Тожибоев менга юборган эди. Букун “Мусоҳаба”ни қайта ўқир эканман, унда Қодирийнинг юқорида қайд қилинган даврдаги иккиланишлари, дунёқарашининг шаклланишидаги қийинчилик ва зиддиятлар ўз аксини топганлиги мени ўйлантириб қўйди. Қодирий дунёқараши шаклланишидаги мураккабликнинг адиб замондоши томонидан илғанганлиги шу борадаги мушоҳадаларимнинг тўғри эканлигини тасдиқлагандек туюлди.

Мақола 1914 йил 26 июнь куни “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган. Унда зикр қилинган воқеа ўша йилнинг 14 июнида рўй берган. Шу куни бир неча дўст йиғилиб, кимнингдир боғида суҳбат қуришади. Суҳбат ҳам, суҳбат кечаётган жой ҳам шу қадар гўзал эдики, ҳатто дўстлар шу ерда ётиб қолишни ихтиёр қилишади. Мақола муаллифи эса уйига бориб тунаши лозимлигини ва эрта билан қайтиб келишини айтиб, дўстлари билан хайрлашади. Ва саҳарлаб туриб, улар даврасига етиб келади.

“…Чой ичиб, таом еб бўлганимиз баъдида, — деб ёзади муаллиф, — сўз орасида сўзимизни миллат тўғрисида юргузмоқни хоҳлаб гапурар эрдим ва газиталарни фойдалиги тўғрисида ҳам гапурар эрдим. Ўлтурушган дўстларим замонадин бехабарроқ, аммо бирини яқин вақтдин буён газитаға муҳаббат қилдириб, газита олдира бошлаган эрдим. Яхшиғина ўқуб юрур эрди. Ҳамма вақт тараққийпарварларға муҳаббатда эрдилар. Сўз уруниб келиб тараққийпарварларға келди. Ўша одам манго қараб айдиким: “Мани кўнглим тараққийпарварликдин савиди. Ман яқинда бир жойда ўлтуруб эрдим, тараққийпарварлардин бир-иккиси маст бўлушуб ўтдилар. Кўриб ҳайрон бўлдим. Буларни аҳволи ушбу-ку! Билмасман, бош­қалари қандайдур, деб тараққийпарварлардин ихлосим қайтди”, — дедилар ва бошқа далиллар келтуруб, мани уялтурмоқчи бўлдилар. Ман айтдим: “Олар фаришта эмас, албатта, бандаи худо. Баъзилари бўлса, ажаб эмас, ҳаммалари демоқингиз хатодур”. Ва бошқа далиллар бирлан сўзладим. Аммо олар бир-икки нафар бўлгонидин маъқул қилолмадим. Охири: “Ман тараққийпарварлиқдан қайтдим”, дедилар…”

Бу лавҳада тилга олинган, “яқин вақтдин буён газитаға муҳаббат” қўйиб, газита ола бошлаган, аммо энди “тараққийпарварликдан қайтган”ини эълон қилган киши Абдулла Қодирий (Жулқунбой) эди. Унинг бу сўзларини эшитган муаллиф аччиғи келиб, унга бундай сўзларни айтади:

“— “Эй Жулқунбой, биродар, мундай беҳуда сўзларни сўзламанг, яхши эрмас, бир-икки тараққийпарварман деб юрган одам мастона юрса ёки қабоқ(хона)ни эшикини олдидан ўтса, дарров ўшал яромас бўлдиму? Йўқ, мундай сўзингиз­ға инонмасман. Нимаики, сиз пиёниста бўлсангиз, қабоқ(хона)да ўлтурганингизда оларни ичишиб ўлтурғонини кўрсонгиз, ул вақтда мундай сўзласангиз бўладур. Бул сўзларни манго сўзладингиз, аммо бошқа одамларға сўзлаб юрмангки, сизға яхши бўлмас, — дедим. Шундай сўзлар бирлан қизоришиб олдим.

Биз замондошларнинг хотиралари орқали Қодирийнинг камтар ва камсуқум инсон бўлганлигини яхши биламиз. Яна шуни ҳам биламизки, у унча-мунча гапни кўтара олмайдиган, аччиғи тез кишилар сирасидан бўлган. Акс ҳолда у билан ўози Юнус ўртасида ўтган баланд-паст гаплар 30-йилларда матбуот орқали бутун республикага тарқалмаган бўларди… Ана шундай кишининг юқоридаги аччиқ сўзларни эшитиб, уларга жавоб бермай вазмин ўтириши ғайритабиий эди.

“Мубоҳаса” қуйидаги сўзлар билан тугаган: “Яна Жулқунбой жанобларини аччиғлари келиб, сўзламоқ бўлуб туруб эдилар, ман: “Мундан ортиқ вақтим йўқ”, деб хайр­лашиб, боғдин чиқиб кетдим”.

Ўйлайманки, мазкур мақола Қодирийнинг шу йилларда шаклланиб, мустамлака ўлкага янги ҳаёт шабадаларини олиб кираётган миллатнинг фидойи фарзандлари — тараққийпарварлар даврасига кириб келиши бир оз қийинчилик ва тебранишлар билан юз берганидан шаҳодат беради.


Ҳаё ким бўлган?

Юқорида икки лавҳаси келтирилган мақола тагига: “Ҳаё”, деб имзо чекилган. “Туркистон вилоя­тининг газети”га тузилган библиографик кўрсаткич”дан маълум бўлишича, газетада “Ҳаё”нинг фақат шу “кичкина фельетон”игина босилган, холос. “Садои Туркистон” газетасида эса унинг ўнга яқин мақолалари, шунингдек, “Таассуротим” деган шеъри ҳам эълон қилинган. Аммо бу ва бош­қа нашрларда Ҳаёнинг ким эканлиги масаласига равшанлик кирита олувчи бирор маълумот ёки шаъма учрамайди. Бироқ буни қарангки, камина сўнгги йилларда тез-тез мурожаат этаётганим “Тазкираи Қайюмий”да Хаёлий деган шоир ҳақида маълумот берилган экан. Шу манбада ёзилишича, “Бу шоир Тошканд шаҳридан бўлуб, Номи Холиддур. Отаси Муҳаммад Саййид бўлса керакдурки, Холид Сайид деб маъруфдур. Новча бўйли, қотма гавдали, буғдой рангли, европача костюмда бўлса-да, кичик саллали олим киши эди. 1913 йилда Хўқандда бўлуб, тахминан 33 ёшларинда бор эди. Хўқандда чиқа бошлаган “Садои Фарғона” газетасида бир мақоласи ила “дариғ” радифли ғазали босилиб чиқмиш эди. Сўнграги аҳволидан хабарим бўлмади”.

Мазкур тазкира академик Азиз Қаюмов томонидан катта меҳр билан нашрга тайёрланганига қарамай, анчагина фактик ва имловий нуқсонлардан холи эмас. Хусусан Ҳаё исмли шоирнинг иккинчи тахаллуси Хаёлий эмас, балки Ҳаёлидир.

Тазкира муаллифи Пўлатжон Қайюмий юқоридаги сўзлар билангина кифояланиб қолмай, Ҳаё (Ҳаёли)нинг “Садои Фарғона” ва “Садои Туркистон” газеталарида босилган “Намунаи таассуротим” сарлавҳали ғазалини ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этган.

Ағла, эй авлоди миллат, хору зор бўлдинг,дариғ1 ,
Жаҳл ила ғафлат юзидин тору мор бўлдинг, дариғ.

Ҳашмат2 у жоҳа3 етишди илм ила ағёрлар,
Жаҳл водийсида танҳо хоксор бўлдинг,дариғ.

Ҳоли помоли ҳақорат, фикри истиқбол йўқ,
Инқирозға юз тутуб, заллат5 шиор бўлдинг, дариғ…

Дилрабои маърифат оғуши ағёра тутуб,
Беҳамият бобида сен ошкор бўлдинг,дариғ.

Эй Ҳаёли руҳи поки, Мустафодин сўр мадад,
Уммати ислом ҳолидин на зор бўлдинг,дариғ.

Бизнинг бу ға­залдан каттагина парчани келтирганимиз боиси шундаки, миллатпарвар шоир Ҳаё Абдулла Қодирий (Жулқунбой) иштирокида бўлиб ўтган суҳбатда унга ва бошқа дўстларига миллат тўғрисидаги шундай дард ва ҳасратларини баён этмоқчи бўлган.

Шундай қилиб, “Мусоҳаба”нинг муаллифи “Ҳаё” ва “Ҳаёли” тахаллуслари билан шеър ва мақолалар ёзган киши Холид Саиддир.

Холид Саид ким бўлган?

Холид Саидхўжаев 1888 йили Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Қўшқўрғон қишлоғида деҳқон оиласида тўнғич фарзанд бўлиб туғилган. Унинг тўртта укаси ва сингиллари бўлган. Отаси Саидалихўжа тумандаги таниқли ва баобрў кишилардан. Шу сабабли бўлса керак, Холид қишлоқ мактабини тугатганидан сўнг, Тошкент шаҳридаги мадрасаларнинг бирида таҳсил олган. Мадрасани тугатгач, Қўшқўрғонга бориб, 5-6 ой мобайнида ер ўлчаш ишлари билан машғул бўлган. Ёшлигидан илм-фанга, маърифатга ихлос қўйган йигит 1911 йилда диндор отасининг розилигини ҳам олмай, тўплаган маблағи ҳисобига Туркияга йўл олади. У дастлаб Истанбул университетининг тиббиёт факультетида уч йил ўқиб, шифокорлик ихтисосини эгаллайди. 1913 йил ўрталарида она юртига қайтади ва Туркияда олган билимини ҳаётга тадбиқ этмоқчи бўлади. Аммо ватандошларининг оғир ижтимоий, иқтисодий ва маданий шароитда яшаётганини кўрган Холид дори-дармон билангина эмас, қалам ва сўз билан ҳам жафокаш халққа хизмат қилишни лозим деб топади. У шу мақсадда нафақат Тошкент, балки Қўқон, Фарғона ва бошқа шаҳарларга ҳам боради. Аммо, чамаси, ўзини зиёли деб билган аксар кишиларнинг тараққийпарварлик ғояларига лоқайдлигини кўргач, 1914 йили яна Туркияга кетади.

Холид Саид дастлаб Ганжада, сўнгра Бокуда ишлашда давом этади. 1920 йилдагина Тошкент­га қайтиб, айрим манбаларда айтилишича, шу ердаги “олий педагогика мактаби”га раҳбарлик қилади. Аммо орадан икки йил ўтгач, яна Озарбайжонга қайтиб, Бокунинг нефть районларидан бирида педагогик фаолият билан шуғуллана бошлайди. У турли йилларда Бокудаги ишчилар факультетлари, гидро- ва индустриал техникумлар, педагогика ва иқтисод институтларида ишлаб, олий ўқув юртларининг аспирантларига турк, араб ва форс тилларидан дарс беради.

Афсуски, Бокуда таҳсил олган Ҳалима Носирова, Ғайратий, Ҳоди Зариф сингари таниқли кишиларнинг хотираларида, маълум сабабларга кўра, Холид Саид номи тилга олинмаган. Аммо улар билан бир даврда Бокуда ўқиган Назира Алиева 1975 йилда чоп этилган “Санъат – менинг ҳаётим” китобида ёзишича, Ҳоди Зариф ёш санъаткорлардан аввал борганлиги учун уларни Бокуда кутиб олиб, “Холид Саидхўжаев деган бири кишининг олдига бошлаб борган”. “Холид афанди, — деб ёзган Назирахоним, — асли ўзбек бўлиб, Туркияда ўқиган ва Бокуда туриб қолган. Бу киши Ўзбекистон ССРнинг Озарбайжондаги вакили эди. ўоят дилкаш, саховатли ва меҳрга бой бўлган бу киши бизни очиқ чеҳра ва чексиз қувонч билан кутиб олди. Йигитларни ётоқхонага тақсимлаб, бизни квартираларга жойлаштириш кераклигини уқтирди”.

Холид Саид талабаларга маърузалар ўқибгина қолмай, тилшуносликнинг турли соҳалари бўйича илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб борган. Унинг “Усмон, ўзбек ва қозоқ тилларининг қиёсий грамматикаси”га бағишланган тадқиқоти 1926 йилда Бокуда Озарбайжонни текшириш ва ўрганиш жамияти томонидан нашр этилган. Б.Чўпонзода гарчанд 1936 йилда замона зайли билан бу асар муаллифини “бобоватан ва боботил” назариясини қўллаб-қувватлаганликда айблаган бўлса-да, 1935 йил 2 декабрь санали “Ўр. Холид Саид Хўжаевнинг илмий-педагогик фаолиятига тақриз”ида бундай ёзган эди: “Ўр. Х.С.Хўжаев малакали тилшунос-шарқшунослардан биридир. Ўр. Хўжаев арабий, форсий, туркий (шу жумладан, озарбайжон – Н.К.), ўзбек тилларини мукаммал эгаллаган, рус тилини ҳам яхши билади. Ўр. Хўжаевнинг 124 та илмий иши бор, улар орасида туркий тил синтаксиси ҳақидаги сўнгги ишини алоҳида қайд этиш лозим. Ўр. Холид Саид бу ишида Шарқ ва рус тилшуносларининг синтаксис назариясига оид барча асосий ишларидан ва кўп йиллар мобайнида туркий тилнинг синтактик қурилиши бўйича тўплаган материалларидан фойдаланган”. Чўпонзода ўзининг шу тақризи билан Хўжаевга диссертация ҳимоясисиз фан номзоди даражаси ва доцент унвонини бериш масаласини кўтарган экан.

Холид Саиднинг қизи Беҳижа Мамедованинг “Қатағон қилинган туркология” китоби (Москва, 2002) муаллифларига йўллаган хатидан маълум бўлишича, отаси ҳаётининг сўнгги йилларида СССР Фанлар академияси Озарбайжон бўлимининг тарих шуъбасида 1-разрядли илмий ходим бўлиб ишлаган ва айни пайтда тилшуносликнинг турли соҳалари (туркий тиллар грамматикаси ва стилистикаси, ёдгорликлардаги ёзувларни ўқиш ва бошқ.) бўйича талабалар ва аспирантларга маърузалар ўқиган.

Холид Саиднинг бизгача етиб келган ҳисоботидан аён бўлишича, у “Қиёсий грамматика”дан ташқари, “Янги алифбо бўйича олиб борилган ишлар хусусидаги хотиралар” (1928), озарбайжон тили асосида “Мухтасар стилистика” (1933), “Мукаммал синтаксис”, “Стилистика назарияси”, “Чиғатой адабиёти бўйича маърузалар”, “Туркий адабиёт назарияси”, “Туркистон тарихининг қисқача обзори”, “Эрон (форс) тили грамматикаси”, “Урхон ёзувларининг изоҳланган тадқиқоти” сингари илмий асарларни ёзган. Олимнинг шу йилларда олиб борган илмий изланишлари марказида “Девони луғотит турк” асарини туркий тилга таржима қилиш ва уни замонавий шарқшунослик илми тамойиллари асосида илмий шарҳлаш масаласи турди. Афсуски, 1-жилди нашрга тайёрланган “Девон” ҳам, Холид Саиднинг юқорида тилга олинган аксар асарлари ҳам 1937 йил гулханларида ёниб кул бўлган.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари туркий халқларнинг умумий ёзма ёдгорлигидир. Шу сабабли бу асарни кабардин, қозоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилиб бериш борасида Холид Саидга мурожаат қилишган. Олим 1935 йил 1 сентябрда “Девон”ни таржима қилишга киришиб, уни 1937 йил апрелида тугатган. 1 июлда эса “Девон” таржимасини (шарҳлари билан) Ленинграддаги муҳаррирлар — Крачковский билан Маловга юбориш ниятида бўлган. Минг афсуслар бўлсинки, Холид Саидхўжаев 1937 йил 4 июнда жосус сифатида қамоққа олиниб, шу йилнинг 13 октябрида отиб ташланди.

Ўзбек халқининг маърифатпарвар фарзандларидан бири Холид Саид ҳаёти шундай фожиали тарзда якунланди. Олим илмий ҳаётининг маъно-мазмунини ташкил этган “Девон” таржимаси ҳам ёниб кул бўлди.

“Ўткан кунлар” озарбайжон тилида

Маърифат ва маданият оламига шоир ва публицист сифатида кириб келган Холид Саид илмий-педагогик фаолият билан қанчалик банд бўлмасин, адабиёт билан, бадиий ижод билан шуғулланишга ҳам вақт топди. Олимнинг қизи Беҳижа Холидовнанинг айтишига қараганда, у озарбайжон шоирларидан Фузулийни айниқса, севган ва унинг шеърларини ўқиб, баҳри дили очилган. Шундай дақиқаларда бўлса керак, ўзи ҳам шоирлик ёшлигини қўмсаб шеърлар ёзган. Яқинда Бокуда нашр қилинган Азер Туроннинг “Холид Саид. Шаҳид туркшунос” деган китобида олимнинг шундай шеърларидан бири эълон қилинган.

Бадиий ижодга меҳр қўйган кишининг бу сеҳрли оламдан узоқда яшаши қийин. Холид Саид шоирликка асло даъво қилмаган бўлса-да, адабиёт мухлиси сифатида турк, озарбайжон ва ўзбек адабиётини имкон даражасида кузатиб борди, бу адабиётларда майдонга келган янги ва яхши асарларни ўқиб боришга интилди. У 1930 йили Рашид Нури Гунтекиннинг туркий оламда шуҳрат қозонган “Чолиқуши” романини озарбайжон тилига таржима қилди. Бу асардан олдин, 1928 йилда эса, у Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ёзганидан хабар топиб, уни ўқишга жазм этди. Тошкентлик эски таниши, ҳатто дўстининг бу асари унга ғоят манзур бўлди. Бир замонлар тараққийпарварлардан кўнгли қолиб, улардан узоқлашмоқчи бўлган йигитнинг ўн йил ичида забардаст ёзувчи даражасига кўтарилгани ва Ўрта Осиё халқ­лари адабиётида биринчи миллий романни яратгани уни ҳайратга солди. У шундай баркамол асарнинг барча туркий тилларга таржима қилиниб, нашр этилишини истади ва ўзи биринчи бўлиб озарбайжон тилига таржима қилишга киришди. Лекин олим асарни педагогик фаолиятдан ортган вақтида таржима қила бошлаган бўлса керакки, Қодирий романининг озар китобхонларига тезроқ етиб бориши лозимлигини ўйлаб, бу ишга Қамчибекни ҳам жалб этди. Ўзбекистонда яшагани, ўзбеклар орасида улғайгани учун ўзига Қамчибек тахаллусини олган бу зотнинг асл исм-шарифи Абдулла Гайнуллин бўлган. Холид Саид Қамчибек билан Янги турк алифбоси Марказий қўмитаси деб аталган муваққат муассасада танишган ва унинг ўзбек тилини “сув қилиб ичиб юборгани”ни кўриб, ғоят хурсанд бўлган эди. Хуллас, шу икки маслакдош ижодий меҳнатининг натижаси ўлароқ 1928 йилда Бокуда “Ўткан кунлар” романи озарбайжон тилида нашр этилди.

Романга илова қилинган “Сўзбоши”да икки таржимон, жумладан, бундай ёзган эдилар:

“…Асар ўзбек адабиётининг биринчи романларидан ҳисобланади; асарда, бир томондан, ўзбек ҳаёти, хотин-қизлар турмуши, уларнинг юмшоқ табиатлари, садоқатли, яхши одатлари тасвирланган. Иккинчи томондан, уларнинг оила ичидаги ҳаёти нафис суратда кўрсатилган. Қаҳрамон — ўзбек халқининг характерини ўзида акс эттирган, ўзбек қавмининг бир типидир. Асар реалистик. Шунинг учун ҳам реализм ғояси ўзбек адабиётига шу асар орқали қириб келган, де­йиш мумкин”.

Холид Саид Абдулла Қодирий романининг озар диёрида ҳам севилиб-севилиб ўқилишига шу тарз­да ўз ҳиссасини қўшди.

—————————————
1 Дариғ – ҳайф, афсус, аттанг.
2 Ҳашмат – улуғлик, эътибор, ҳурмат.
3 Жоғ – мансаб, мартаба.
4 Ағёрлар – бегоналар, рақиблар, душманлар.
5 Заллат (залолат) – адашиш, йўлдан озиш, гумроҳлик.

хдк

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring