Abdunabi Boyqo’ziyev. Judolig’ dashti & Bobomning ketmoni va boshqa xotiralar

02    Олачалпоқ қор ҳам эриб, шудгордан ҳамал тафти таралаверса, раҳматли бобомнинг кенг-мўл ховлимиздаги дов-дарахтлар ичида куймаланиб юриши кўз олдимга келаверади. Айниқса, полиз экинлари учун эгат олганда, ҳаракатларини завқланиб кузатардим. Тупроққа шеър ёзяпти, бобом, деб ўйлардим…

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
ОЛИСЛАРДА ҚОЛГАН КУНЛАРИМ
003

Ashampoo_Snap_2017.11.10_12h15m38s_003_.pngАбдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.

003

БОБОМНИНГ КЕТМОНИ

09Олачалпоқ қор ҳам эриб, шудгордан ҳамал тафти таралаверса, раҳматли бобомнинг кенг-мўл ховлимиздаги дов-дарахтлар ичида куймаланиб юриши кўз олдимга келаверади. Айниқса, полиз экинлари учун эгат олганда, ҳаракатларини завқланиб кузатардим. Тупроққа шеър ёзяпти, бобом, деб ўйлардим. Олган ариқчалари текис, равон, шунчалар мутаносиб чиқардики…

Бозордан олиб келган, ҳилвирабгина турган кўчатларни расамади билан ўтқизиб, ариқчаларига милдиратиб сув тараганларидан кейин ўқийверинг эди, бобом яратган манзараларни.

Ҳа, бу жараён шеър ёзиш ёки расм солишнинг ўзгинаси эди.

Асли, бобом шоир экан, энди билсам. Фақат, у киши туйғуларини қоғозга эмас, шудгорга ёзаркан. Ҳис-ҳаяжонларини тупроққа кетмони билан битаркан.

Бир баҳор бобомга ўхшаб шоир бўлгим келди. Онамнинг ўтган кузда ювиб-тозалаб бостирмага илиб қўйилган кетмончасини олиб томорқада  куймаланаётган бобомнинг ёнига кириб, ёввойи ўтларни чопишга тушдим. Қилаётган ишимни кузатиб турган бобом, қўлимдаги кетмонни олиб ховлининг этагига оти-иб юборди-да, зарда билан деди:
– Бор, ўртоқларингминан ўйинингни ўйна!

Ўша куни бобомдан астойдил ранжидим. Нега бундай қилди? Мен ҳам  шеърга ўхшатиб эгат олмоқчи эдим-ку!

Мана, орадан йиллар ўтди. Ўйлаб ўтириб, бобомга ўшанда ишим нега  ёқмагани боисини англагандай бўламан. Чунки бобом ана ўша лаҳзаларда  ўзининг “энг зўр шеър”ини ёзаётган экан. Биласизми, сизга айтсам, шоир аҳли илҳом жазаваси устида бироз аччиқфеълроқ бўлишади. Дунёни унутиб, ўз оламига бурканиб олиб ишлаётган пайтида, шу, ҳеч ким халақит бермаса, деб туради. Бу ҳолатни шоир Муҳмамад Юсуфдан ўтказиб таърифлаш қийин. Унинг бир сатрлари бўларди эсласангиз:

Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ,
Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам.

Оламни эркалаб эрка сўз излаб,
Боламни эркалаб бир сўз айтмайман.
Мушукдай суйкалиб келса ҳам музлаб,
Бетидан бир ўпмай уйдан ҳайдайман.

Қалам ушладимми, демак – ўйин бас,
Яйраб очолмайди гул дудоғини.
Бундоқ юрак ютиб сўраша олмас,
Хонамда қолдирган қўғирчоғини.

Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун,
Билмам қандай ўй-у хаёл ичида.
Тузсиз шеърларим деб шириндан-ширин,
Болаларим юрар оёқ учида…

Чунки шеърни бир одам – шоирнинг ўзи ёзади-да. Бошқа биров, у хоҳ суюкли набираси бўлсин хоҳ бошқа… ижод куюти дамларида яқинлашмайроқ тургани маъқул.

Мен бўлсам… Ёввойи ўтнинг шудгор юзасида кўриниб турган  қисминигина чилпиб бобомни чалғитардим. Бобом бўлса, елпиштовоқдай  кетмонини бегона ўт чиққан жойга зарб билан ботирар, кўкатнинг бошини чуқурга, томирини қуёшга тиғлаб, ағдариб ташларди. Ана энди, қайта кўкариб кўрсинчи, бу беор ўт.

Умуман, бобом ер чопиғими, экинлар тагини юмшатишми, дарахтлар, айниқса токларга шакл беришми, сидқидилдан, ибодат қилгандай, астойдилбажарарди. Чопиқ қилса, ёнғоқдек кесакниям кетмон кети билан обдон уқалаб, ҳар бир кўчатнинг тагини алоҳида хўмлаб чиқарди.

Энди билсам, аксар ижодкорларга хос, ўзни унутиб ишлаш, иш устида зардалилик, қўйингки, қалам аҳлида зоҳир бўладиган айрим “инжиқ фазилат”лар менга, айнан, бобом – Бойқўзи бувадан ўтган экан.

Бувамнинг ўтиб кетганларига мана қирқ йилдан ошди. Деҳқончилик,  боғдорчиликдаги нозиктаъблиги, шоирларникидай тутумлари хали-ҳануз эл  оғзида. Бироқ, негадир, менинг силлиқ қоғозга ёзган машқларим эл оғзига  равон тушиб кетмаётгани ҳам бор гап. Бу ҳол бир шеъримизда шундай ифода топган эди:

Шаънсиз турбатда унгай турбатча шаъндин ҳеч вақо,
Нусратинг аҳбобға чек, зора кўкартирсанг бақо.
Гарчи наслинг шаън лавҳидин, асли турбат ҳайлисан,
Бошни ёрмоқликдан не наф, фарёд уриб, йиртиб яқо.
Бас қил оҳинг, гар муалло, туфроққа қўй бошларинг,
Турбат аҳлиға раво эрмасму туфроқий мақом?!

XИРГОЙИ

Турмушнинг рутубатлари эзиб ташлаган бечора отамнинг қўшиқ куйлаганини сира эшитмагандим. Хурсанд кайфиятда ашула айтишини, негадир, тасаввуримга сиғдира олмасдим. Чунки, Шўро қишлоқчилиги – фуқаро ҳаёти, турмуш шароити ниҳаятда оғир эди. Эҳтимол, ўша йилларда ҳам кимларгадир ҳар куни байрам бўлгандир. Лекин, ишонч билан айтаманки, ўшанда ҳам бу дунёнинг жаннатий ҳаёти нариги дунёда дўзаху жаннат борлигига имон келтирмаган бир чакса кимсалар насибаси бўлгани рост.

Кеч куз кунларидан бири. Колхоздан оиламизга ажратилган ғўзапояни боғлаш учун похолдан арқон эшадиган бўлдик. Билсангиз, бу ишни, асосан, икки киши бажаради. Бир одам ғарам ёнига ўтириб олиб сиқимида ўртача арқон йўғонлигидаги похолни йўриб узатиб туради. Иккинчиси ўроқнинг учи билан похолни илиб, айлантириб тортади.

Пичан арқон бошқа ўт-ўланлардан ҳам эшилади. Бироқ, энг мақбули похол ёки ботқоқ жойларда ўсадиган, қиёқ япроқли, бўйи икки ярим, уч  метргача ўрлайдиган ёввойи қўғай ўсимлигидир.

Ўша куни отам арқон эшиш маъромига берилиб, менинг борлигимни унутди шекилли, ичкин овозда қандайдир қўшиқни хиргойи қила бошлади. Қувончдан ичимга сиғмайман: «Менинг отам ҳам қўшиқ айтаркан!», «Менинг отам ҳам шеър ёдларкан!..».

Баъзан, тўй-тўйчиқларда маҳалламизда яшайдиган Худойқул бува билан Жонободдан келадиган Темирбой ҳофизлар ош тортилгунча, ликопи катта ашулалар айтишиб, издиҳом кайфиятини хуш қилган дамларда (у пайтларда ҳозиргидай гумбура-қасир ансамбллар бўлмаганми ёки қишлоқ шароити шуни тақозо қилармиди, билмайман) менинг отам нега мана шунақа ашулалар айтмас экан, деб ўксинардим.

Бу икки ҳофиз хониш қилса, тўйхонагиларнинг товоққа узатилган қўллари қотиб, оғизларида оши билан онграйиб қолар. Бутун олам қулоққа айлангандай, қушлар, хатто қурт-қумурсқалар ҳам тин олиб, фақат ҳофизларни тинглашаётгандай туюларди менга. Шундай дамларда Худойқул ҳофизнинг биз тенгқур ўғли Абдураҳимжонга ҳавасим келар. Чунки, бу депарада унинг отасигина ғазал биларди. Билардигина эмас, қўшиқ қилиб куйлаб, давраларни обод қиларди. Одамларни хўрсинтириб, селу селоблар қилар, кўз ёшларини оқизиб ташларди.

Падаримизнинг похолни ўзгача мароқ билан ҳимариб узатиши, дунё ғамларини унутган ҳолатдаги ичкин ҳонишидан билдимки, бугун кайфияти яхши. Отамизнинг кайфияти чоғ дамлар эса етишмовчилик нохушликларига ғаний оиланинг тўнғич фарзанди сифатида, мен учун байрам эди, деяверинг. Бироқ падаримиз куйлаётган қўшиқ оҳанги негадир ниҳоятда эзгин, одамнинг юрагини эзиб юборадиган даражада маҳзунлиги дилимни бир оз хира қиларди:

Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглима ҳар бирининг дарду балосинму дейин?!
Кўзи қаҳринму дейин, кипреки заҳринму дейин,

Бу кудуратлар аройа-а!..

Бир этак болани орттириб олиб, колхоз берадиган, икки қоп унга етиб етмайдиган маошга кўз тикиб, ақли танг қотган отамизнинг дил нолаларига айланган бу дардли мисралар ортидаги ҳаробатни орадан йиллар ўтиб, Навоий ғазаллари билан ошно тутингач, янада чуқурроқ ҳис қилдим.

Бироқ ўша дамдаги хурсандчилигимни тасаввур қилсангиз эди. Демак, менинг отам ҳам қўшиқ куйлайди. Демак, менинг отам ҳам китоб кўрган. Шеър, ғазал ёдлаган. Йўқса:

Зулфи долинму дейин, лаъли каломинму дейин,
Бирининг қаддин, яна бирнинг адосинму дейин?!

Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин,
Жонима ҳар бирининг жавру жафосинму дейин?! –

га ўхшаш ажойиб сатрларни қаердан биларди?

Ўроқни айлантириб тортаётганимда отамнинг қўллари орасидан эшилиб чиқаётган похолнинг чийраниши ҳам у кишининг димоғидан таралаётган қўшиқ оҳангидай ҳазин ва нолакор эди, гўё… Ўша дамларда мен ўроқни кун бўйи шу алпозда айлантириб тортишга, оёқларим эса отамнинг олдига минг, йўқ, милён топқир бориб келишга тайёр эди. Фақат, қўшиқ тугаб қолмаса бас…

Қани энди, падаримнинг ҳиргойи қилаётган шу ҳолатини бошқалар ҳам кўрса. Серфарзанд, аялманд, кетмон билан зўрға рўзғор тебратадиган Тўйчибойнинг ҳам шеър билишини, қўшиқ куйлашини билиб қўйсалар.

  Афсуски, ғазалнинг ҳам аввали-ю охири бўлганидай, қўшиқнинг-да, отамнинг қўлларидан эшилиб чиқаётган похолнинг-да, адоғи бор эди.

Отам шўрликни арқондай эшиб чийратиб ташлаган ўша оғир йиллар ҳам… ўтаркан – ўтди. Худо ҳоҳласа, мана, саксон беш баҳорни қаршилайман, деб турибдилар…

У кишини укаларим, сингилларим, невара-чевараларининг тўйларида кўзлари қувончдан пориллаб, яктаклари этагини ҳилпиратиб улкан оққушдай солланиб рақсга тушган дамларини ҳам бир-икки бор кўрдим. Бироқ, бутун дунёни унутиб, Навоийдан хиргойи қилгани ўша дамларни орзуманд кўзларим яна бир кўрсам, яна бир бор кўрсам, дейди! Ўша кунлар, ўша ғамгузор дамлар энди келмайди… Сира келмайди!..

ҲАР КУНИ БАЙРАМ БЎЛМАГАН

Мактабимиз жойлашган Оқ олтин қишлоҳи билан биз яшайдиган Тешикмозор маҳалласининг қоқ ўртасидан темир йўл кесиб ўтган.

Олтинчи ё еттинчи синфдамидигикин, ўртоқларим билан валақлашиб, ўқишдан қайтардик. Узоқдан Жамбилдин буванинг иккинчи ўғли Ҳамдуш ака (асли исми Ҳамидулло) велосипедини учириб келди ва «Набиш, (болалар ўртасидаги исмим), битта уканг йўқолиб қопди. Тезроқ бор!», деди-ю, шамолдай учиб Жонобод томонга ўтиб кетди. Оёғимни қўлтиқлаб уйга чопдим. Томимиз орқасидан эни икки қулочча келадиган, икки қирғоғида ялпизлар алаф бўлиб капалаб кетадиган ариқ оқиб ўтарди. Дарвозамизга эллик қадамлар қолганда, онамнинг:

– Вой болам! Оқиб кетди!Оқиб кетди! – дея кўкатлар орасини титкилаб, бўзлаб юргани устидан чиқдим. Шоша-пиша:
– Қайси бири, буви? – дейман. (Онамизни буви дердик).

Адашмасам, ўша пайтда саккиз фарзанд эдик. Оралиғимиз бир, бир ярим ёшга етиб-етмайдиган фарқ билан дунёга келганмизни айтсам, тирикчилиги колхознинг арзимаган маошига кўз тикиб яшайдиган ота-онамизга қанчалар оғир бўлганлигини англаш қийин эмас.

Бечора онамиз бўғриққанидан жон терга тушган, «вой болам”лаб гоҳ йўл ўртасига чиқар, гоҳ яна қайтиб алафларни титкилашга тушарди. Саволимга:

– Абдуғаппор! Абдуғаппорим!.. – деди-ю, ҳушидан кетди. Қарасам, думалаб сувга тушиб кетадиган. Даст, интилдим. Хайрият, қўлим кўйлагига илинди. Бу орада ўртоқларим ҳам етиб келишди. Онамни кўтариб уйга олиб кирдик. Отам айвон сўрисида ўнг қўлини бошига тираб, ёнбошлаб ётарди.

– Ота! – дейман, ховлиқиб, – Абдуғаппор йўқолиб қопти. Бувим хушидан кетиб қолди.

Отам, негадир, ҳотиржам эди. Ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймади. Ажабо, дейман ичимда. Бу ҳолат менга бироз малол келгани ҳам рост. Укам (ўша пайтларда уч-тўрт ёшларда эди) йўқолиб қолганини отамга яна бир бор  эслатдим. Шу пайт кимдир “Онангга сув сепвор”, деб қолди. Ариқдан муздай сув опкириб юзига сепдик. Бироз ўзларига келгандай бўлди. Бечора, ётган ерида яна: «Болам қани? Болам қани?» дея ингранади. Шунда отамиз ўрнидан сал қўзғалиб, нима деди денг?! Айтсам ишонармикансиз, бамайлихотир:
– Қўёвур, хотин. Бирартаси йўқолиб қоса ҳеч нарса қимайди…

Бу гапни эшитган онамиз яна ҳушини йўқотди.

Ўша воқеа асносида отамнинг бундай муносабатини мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳол, деб баҳолаганимни ҳам яширмайман ва бунинг изтиробини узоқ йиллар юрагимдан чиқаролмай юрганим ҳам рост. Ҳай майли, бу ҳақда кейинроқ…

Машойихларда “Ҳар бир одам, алоҳида хилқат”, деган ҳикмат бор. Феълу атворимиз синоатлардан иборат. Бугун мутлақо кечириб бўлмайди, деб ўйлаганимиз қандайдир ҳодисага бир-икки кун ўтиб, ҳаяжонлар босилгач, мутлақо бошқа хулосалар чиқарамиз.

Мана, ўша воқеага ҳам қирқ йилдан ошди. Бу орада ўша кунги манзараларни милён марта эслаган бўлсам керак. Уларни ёзсамми, ёзмасамми, деган андишаларга ҳам бордим. Кўп бор отамнинг ўрнига ўзимни қўйиб қўрдим. Ҳолатдан фожиа ясамай, ҳикмат излашга ҳам тиришдим ва охири… Ҳа, ҳикмат излаганга умрнинг ҳар сантими ҳикмат экан…

Тасаввур қилинг: бир этак бабажиш болали, қозони оби-ёвғондан нарига ўтмай, қўл учида кун кечираётган оддий кетмончи оиласидаги эр-хотин  ўртасида ҳар куни гап нимадан бошланиб, нима билан тугаши виждони озгина уйғоқ ҳар бандага аён. Албатта, бундай оилада бугунги айрим телеканалларда кўплаб бедард “яллачи хоним ва артист бачалар” ҳар ярим соатда таъкидлаб турганидай, “ҳар кун байрам” бўлавермаган.

Етишмовчилик, бир хилдаги қувватсиз таомлардан силласи қуриб, ўмганини кўтаролмай қолган чивиқдай аёл… Шунча болани орттириб олиб, калласини қай деворга уришни билмай, энсаси тўнгиб ётган чорасиз эр… Алам аччиғида бир-бирига айтиб-айтиб олгуликлари бўлмаган, дейсизми?

Турмушнинг бешафқат кўчаларида Ўзидан ўзга бир раҳнамоси бўлмаган бечора отамга, ейман-ичаман, кияману сияман, деб турган бир этак бола, қозони ўчоққа чиқолмай қолган рўзғор, тақдирнинг беадад ситамлари исканжасида куймаланиб ётган онайизорга осон бўлмаган экан, демоқчиман-да, мен сизга айтсам…

Минг жабру жафолар билан бизни – ўн бир фарзандни емай едириб,  киймай кийдириб катта қилган бу икки жафокаш инсон ҳаёти ҳақида  нималарнидир қоралаш асносида ёмбига қиёс қилгулик фикрларни ҳам  топиб бораётгандаймиз. Йўқчилик, қийинчилик заҳматларини тортаверсанг, азоб-уқубатлар ҳам қадрдонлашиб кетаркан…

Ҳа, дарвоқе, ўшанда йўқолиб қолган Абдуғаппорни излаб ҳар томонга тирқираб кетган укаларим уни ҳовлимиз этагидаги шолипоя полидан топиб келишди: адашиб, ухлаб қолибди. Кейинчалик ўзининг айтишича, уни “чиройли оқ капалак” адаштириб кетган экан. Отамизнинг ўзини бефарқроқ кўрсатиши боиси ҳам икки оқ капалак (Абдуғаппор укамизнинг ранги ҳам оқ-сариқдан келган эди-да) бир-бирининг ақлини оздириб ҳовли томонга ўтиб кетишганини кўрган, ариқда оқиб кетмаганига ишончи комил эди. Қолаверса, ноҳуш хабардан саросимага тушмаслик эркакнинг муҳим сифатларидан бири экан. Буни мана энди, орадан қирқ йиллар ўтиб, ўзимиз ҳам болали бўлгач, тетапоя Сарваржонимизни кўчада йўқотиб қўйиб, девонага айланиб қолаёзган аёлимдан фарқли ўлароқ, саросимага тушмай, совуққон калла билан болани топиш учун жўяли чоралар излаганимни ўйлаганимда отамни тушунгандай бўламан…

2013

ПЎЧОҚ ШЎРВА

Кенжатойимиз Дилёрбек тўрт ёшларда эди. Бир куни:

– Дада, шўрва пишириб берсам ичасизми? – деб қолди. Мурғаккина боласи шундай меҳрибончилик кўрсатиб турса қайси ота-она эриб кетмайди.

– Албатта, – дедим хурсанд бўлиб.

У балконга чиқиб уч оёқли қозонтуширгичда турган дегчамизга чойгумдан сув қуйди. Бурчакдаги челакка ташланган картошка, сабзи, пиёз пўчоқларидан (албатта, лой-пойи билан) қозонга ташлади. Бонкадаги мошга кўзи тушиб, ундан ҳам бир сиқим олиб солди-да, қозон остига қоғоз қалади. Ишқилиб, гугурт чақиб юбормасин-да, деб турибман. Хайрият, ўт ёқмади.

Ойиси иккимиз боланинг ҳаракатларини кузатиб, қувонамиз денг.

– Ҳа, баракалла! Ҳа, баракалла! – деб алқаб турибман. Ойиси ҳам  севинчини яширолмайди:
– Дадаси, қариганимизда шу бола боқадиганга ўхшайди!» – деб қўяди.

Бироз ўтгач, у:
– Шўва писди, – деди-да, чўмични олиб хонтахтадаги косаларга ярим-яримлатиб қуйиб, олдимизга келтириб қўйди.

– Ғалати иш бўлди-ю, – дейман аёлимга ҳайрон қараб. Ичайлик десак, пўчоқ-сўчоқ аралашган лойқа. Ичмайлик десак, ваъда қилиб қўйганман.

– Таваккал, – дедим ичимда. – Нима бўлса бўлди. Боланинг сазаси ўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсин… Пўчоқ шўрвани хўплаб-хўплаб ича  бошладим. Ойиси «Вой ўлмасам, вой ўлмасам»лаб кулади. Мен болагинам пишириб келган лойқа шўрвани мақтайман:

– Оҳ-оҳ, зўр шўрва бўлибди!

Аҳволимни сезиб турган аёлим ўзини тўхтатолмай, қиқир-қиқир кулади. Дилёржонимиз эса пиширган овқати дадасига маъқул келганидан ўзида йўқ хурсанд: нуқул илжаяди.

Мана, бу йил ўғлимиз Дилёржон ўн еттига кирди. Кап-катта йигит бўлди. Энди пиширган овқатлари ўша пўчоқ шўрвадай ширин чиқмаётганидан баъзан хафа бўламиз.

2012

05Olachalpoq qor ham erib, shudgordan hamal tafti taralaversa, rahmatli bobomning keng-mo‘l xovlimizdagi dov-daraxtlar ichida kuymalanib yurishi ko‘z oldimga kelaveradi. Ayniqsa, poliz ekinlari uchun egat olganda, harakatlarini zavqlanib kuzatardim. Tuproqqa she’r yozyapti, bobom, deb o‘ylardim…

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV
OLISLARDA QOLGAN KUNLARIM
003

Abdunabi Boyqo‘ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G‘afur G‘ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, “Mushtum” jurnalida, “Sovet O‘zbekistoni”, “Xalq so‘zi”, “Oila va jamiyat”, “Sharq haftanomasi” gazetalarida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O‘zbekiston OAVni qo‘llab-quvvatlash jamg‘armasida ishlagan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.

“G‘uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O‘zbeknavo yulduzlari”, “Judolig‘ dashti”, “Ko‘zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg‘ular”, “Besh navo”, “Besh so‘mlik kekkayish”, “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.

003

BOBOMNING KЕTMONI

04Olachalpoq qor ham erib, shudgordan hamal tafti taralaversa, rahmatli bobomning keng-mo‘l xovlimizdagi dov-daraxtlar ichida kuymalanib yurishi ko‘z oldimga kelaveradi. Ayniqsa, poliz ekinlari uchun egat olganda, harakatlarini zavqlanib kuzatardim. Tuproqqa she’r yozyapti, bobom, deb o‘ylardim. Olgan ariqchalari tekis, ravon, shunchalar mutanosib chiqardiki…

Bozordan olib kelgan, hilvirabgina turgan ko‘chatlarni rasamadi bilan o‘tqizib, ariqchalariga mildiratib suv taraganlaridan keyin o‘qiyvering edi, bobom yaratgan manzaralarni.

Ha, bu jarayon she’r yozish yoki rasm solishning o‘zginasi edi.

Asli, bobom shoir ekan, endi bilsam. Faqat, u kishi tuyg‘ularini qog‘ozga emas, shudgorga yozarkan. His-hayajonlarini tuproqqa ketmoni bilan bitarkan.

Bir bahor bobomga o‘xshab shoir bo‘lgim keldi. Onamning o‘tgan kuzda yuvib-tozalab bostirmaga ilib qo‘yilgan ketmonchasini olib tomorqada kuymalanayotgan bobomning yoniga kirib, yovvoyi o‘tlarni chopishga tushdim. Qilayotgan ishimni kuzatib turgan bobom, qo‘limdagi ketmonni olib xovlining etagiga oti-ib yubordi-da, zarda bilan dedi:
– Bor, o‘rtoqlaringminan o‘yiningni o‘yna!

O‘sha kuni bobomdan astoydil ranjidim. Nega bunday qildi? Men ham she’rga o‘xshatib egat olmoqchi edim-ku!

Mana, oradan yillar o‘tdi. O‘ylab o‘tirib, bobomga o‘shanda ishim nega yoqmagani boisini anglaganday bo‘laman. Chunki bobom ana o‘sha lahzalarda o‘zining “eng zo‘r she’r”ini yozayotgan ekan. Bilasizmi, sizga aytsam, shoir ahli ilhom jazavasi ustida biroz achchiqfe’lroq bo‘lishadi. Dunyoni unutib, o‘z olamiga burkanib olib ishlayotgan paytida, shu, hech kim xalaqit bermasa, deb turadi. Bu holatni shoir Muhmamad Yusufdan o‘tkazib ta’riflash qiyin. Uning bir satrlari bo‘lardi eslasangiz:

To‘pori baytlarim bitar paytim goh,
Ko‘zimga ko‘rinmay qolar bolam ham.

Olamni erkalab erka so‘z izlab,
Bolamni erkalab bir so‘z aytmayman.
Mushukday suykalib kelsa ham muzlab,
Betidan bir o‘pmay uydan haydayman.

Qalam ushladimmi, demak – o‘yin bas,
Yayrab ocholmaydi gul dudog‘ini.
Bundoq yurak yutib so‘rasha olmas,
Xonamda qoldirgan qo‘g‘irchog‘ini.

Burchak-burchakda jim tortishar burun,
Bilmam qanday o‘y-u xayol ichida.
Tuzsiz she’rlarim deb shirindan-shirin,
Bolalarim yurar oyoq uchida…

Chunki she’rni bir odam – shoirning o‘zi yozadi-da. Boshqa birov, u xoh suyukli nabirasi bo‘lsin xoh boshqa… ijod kuyuti damlarida yaqinlashmayroq turgani ma’qul.

Men bo‘lsam… Yovvoyi o‘tning shudgor yuzasida ko‘rinib turgan qisminigina chilpib bobomni chalg‘itardim. Bobom bo‘lsa, yelpishtovoqday ketmonini begona o‘t chiqqan joyga zarb bilan botirar, ko‘katning boshini chuqurga, tomirini quyoshga tig‘lab, ag‘darib tashlardi. Ana endi, qayta ko‘karib ko‘rsinchi, bu beor o‘t.

Umuman, bobom yer chopig‘imi, ekinlar tagini yumshatishmi, daraxtlar, ayniqsa toklarga shakl berishmi, sidqidildan, ibodat qilganday, astoydilbajarardi. Chopiq qilsa, yong‘oqdek kesakniyam ketmon keti bilan obdon uqalab, har bir ko‘chatning tagini alohida xo‘mlab chiqardi.

Endi bilsam, aksar ijodkorlarga xos, o‘zni unutib ishlash, ish ustida zardalilik, qo‘yingki, qalam ahlida zohir bo‘ladigan ayrim “injiq fazilat”lar menga, aynan, bobom – Boyqo‘zi buvadan o‘tgan ekan.

Buvamning o‘tib ketganlariga mana qirq yildan oshdi. Dehqonchilik, bog‘dorchilikdagi nozikta’bligi, shoirlarnikiday tutumlari xali-hanuz el og‘zida. Biroq, negadir, mening silliq qog‘ozga yozgan mashqlarim el og‘ziga ravon tushib ketmayotgani ham bor gap. Bu hol bir she’rimizda shunday ifoda topgan edi:

Sha’nsiz turbatda ungay turbatcha sha’ndin hech vaqo,
Nusrating ahbobg‘a chek, zora ko‘kartirsang baqo.
Garchi nasling sha’n lavhidin, asli turbat haylisan,
Boshni yormoqlikdan ne naf, faryod urib, yirtib yaqo.
Bas qil ohing, gar muallo, tufroqqa qo‘y boshlaring,
Turbat ahlig‘a ravo ermasmu tufroqiy maqom?!

XIRGOYI

Turmushning rutubatlari ezib tashlagan bechora otamning qo‘shiq kuylaganini sira eshitmagandim. Xursand kayfiyatda ashula aytishini, negadir, tasavvurimga sig‘dira olmasdim. Chunki, Sho‘ro qishloqchiligi – fuqaro hayoti, turmush sharoiti nihayatda og‘ir edi. Ehtimol, o‘sha yillarda ham kimlargadir har kuni bayram bo‘lgandir. Lekin, ishonch bilan aytamanki, o‘shanda ham bu dunyoning jannatiy hayoti narigi dunyoda do‘zaxu jannat borligiga imon keltirmagan bir chaksa kimsalar nasibasi bo‘lgani rost.

Kech kuz kunlaridan biri. Kolxozdan oilamizga ajratilgan g‘o‘zapoyani bog‘lash uchun poxoldan arqon eshadigan bo‘ldik. Bilsangiz, bu ishni, asosan, ikki kishi bajaradi. Bir odam g‘aram yoniga o‘tirib olib siqimida o‘rtacha arqon yo‘g‘onligidagi poxolni yo‘rib uzatib turadi. Ikkinchisi o‘roqning uchi bilan poxolni ilib, aylantirib tortadi.

Pichan arqon boshqa o‘t-o‘lanlardan ham eshiladi. Biroq, eng maqbuli poxol yoki botqoq joylarda o‘sadigan, qiyoq yaproqli, bo‘yi ikki yarim, uch metrgacha o‘rlaydigan yovvoyi qo‘g‘ay o‘simligidir.

O‘sha kuni otam arqon eshish ma’romiga berilib, mening borligimni unutdi shekilli, ichkin ovozda qandaydir qo‘shiqni xirgoyi qila boshladi. Quvonchdan ichimga sig‘mayman: “Mening otam ham qo‘shiq aytarkan!”, “Mening otam ham she’r yodlarkan!..”.

Ba’zan, to‘y-to‘ychiqlarda mahallamizda yashaydigan Xudoyqul buva bilan Jonoboddan keladigan Temirboy hofizlar osh tortilguncha, likopi katta ashulalar aytishib, izdihom kayfiyatini xush qilgan damlarda (u paytlarda hozirgiday gumbura-qasir ansambllar bo‘lmaganmi yoki qishloq sharoiti shuni taqozo qilarmidi, bilmayman) mening otam nega mana shunaqa ashulalar aytmas ekan, deb o‘ksinardim.

Bu ikki hofiz xonish qilsa, to‘yxonagilarning tovoqqa uzatilgan qo‘llari qotib, og‘izlarida oshi bilan ongrayib qolar. Butun olam quloqqa aylanganday, qushlar, xatto qurt-qumursqalar ham tin olib, faqat hofizlarni tinglashayotganday tuyulardi menga. Shunday damlarda Xudoyqul hofizning biz tengqur o‘g‘li Abdurahimjonga havasim kelar. Chunki, bu deparada uning otasigina g‘azal bilardi. Bilardigina emas, qo‘shiq qilib kuylab, davralarni obod qilardi. Odamlarni xo‘rsintirib, selu seloblar qilar, ko‘z yoshlarini oqizib tashlardi.

Padarimizning poxolni o‘zgacha maroq bilan himarib uzatishi, dunyo g‘amlarini unutgan holatdagi ichkin honishidan bildimki, bugun kayfiyati yaxshi. Otamizning kayfiyati chog‘ damlar esa yetishmovchilik noxushliklariga g‘aniy oilaning to‘ng‘ich farzandi sifatida, men uchun bayram edi, deyavering. Biroq padarimiz kuylayotgan qo‘shiq ohangi negadir nihoyatda ezgin, odamning yuragini ezib yuboradigan darajada mahzunligi dilimni bir oz xira qilardi:

Qoshi yosinmu deyin, ko‘zi qarosinmu deyin,
Ko‘nglima har birining dardu balosinmu deyin?!
Ko‘zi qahrinmu deyin, kipreki zahrinmu deyin,

Bu kuduratlar aroya-a!..

Bir etak bolani orttirib olib, kolxoz beradigan, ikki qop unga yetib yetmaydigan maoshga ko‘z tikib, aqli tang qotgan otamizning dil nolalariga aylangan bu dardli misralar ortidagi harobatni oradan yillar o‘tib, Navoiy g‘azallari bilan oshno tutingach, yanada chuqurroq his qildim.

Biroq o‘sha damdagi xursandchiligimni tasavvur qilsangiz edi. Demak, mening otam ham qo‘shiq kuylaydi. Demak, mening otam ham kitob ko‘rgan. She’r, g‘azal yodlagan. Yo‘qsa:

Zulfi dolinmu deyin, la’li kalominmu deyin,
Birining qaddin, yana birning adosinmu deyin?!

Charx ranjinmu deyin, dahr shikanjinmu deyin,
Jonima har birining javru jafosinmu deyin?! –

ga o‘xshash ajoyib satrlarni qayerdan bilardi?

O‘roqni aylantirib tortayotganimda otamning qo‘llari orasidan eshilib chiqayotgan poxolning chiyranishi ham u kishining dimog‘idan taralayotgan qo‘shiq ohangiday hazin va nolakor edi, go‘yo… O‘sha damlarda men o‘roqni kun bo‘yi shu alpozda aylantirib tortishga, oyoqlarim esa otamning oldiga ming, yo‘q, milyon topqir borib kelishga tayyor edi. Faqat, qo‘shiq tugab qolmasa bas…

Qani endi, padarimning hirgoyi qilayotgan shu holatini boshqalar ham ko‘rsa. Serfarzand, ayalmand, ketmon bilan zo‘rg‘a ro‘zg‘or tebratadigan To‘ychiboyning ham she’r bilishini, qo‘shiq kuylashini bilib qo‘ysalar.

Afsuski, g‘azalning ham avvali-yu oxiri bo‘lganiday, qo‘shiqning-da, otamning qo‘llaridan eshilib chiqayotgan poxolning-da, adog‘i bor edi.

Otam sho‘rlikni arqonday eshib chiyratib tashlagan o‘sha og‘ir yillar ham… o‘tarkan – o‘tdi. Xudo hohlasa, mana, sakson besh bahorni qarshilayman, deb turibdilar…

U kishini ukalarim, singillarim, nevara-chevaralarining to‘ylarida ko‘zlari quvonchdan porillab, yaktaklari etagini hilpiratib ulkan oqqushday sollanib raqsga tushgan damlarini ham bir-ikki bor ko‘rdim. Biroq, butun dunyoni unutib, Navoiydan xirgoyi qilgani o‘sha damlarni orzumand ko‘zlarim yana bir ko‘rsam, yana bir bor ko‘rsam, deydi! O‘sha kunlar, o‘sha g‘amguzor damlar endi kelmaydi… Sira kelmaydi!..

HAR KUNI BAYRAM BO‘LMAGAN

Maktabimiz joylashgan Oq oltin qishlohi bilan biz yashaydigan Teshikmozor mahallasining qoq o‘rtasidan temir yo‘l kesib o‘tgan.

Oltinchi yo yettinchi sinfdamidigikin, o‘rtoqlarim bilan valaqlashib, o‘qishdan qaytardik. Uzoqdan Jambildin buvaning ikkinchi o‘g‘li Hamdush aka (asli ismi Hamidullo) velosipedini uchirib keldi va “Nabish, (bolalar o‘rtasidagi ismim), bitta ukang yo‘qolib qopdi. Tezroq bor!”, dedi-yu, shamolday uchib Jonobod tomonga o‘tib ketdi. Oyog‘imni qo‘ltiqlab uyga chopdim. Tomimiz orqasidan eni ikki qulochcha keladigan, ikki qirg‘og‘ida yalpizlar alaf bo‘lib kapalab ketadigan ariq oqib o‘tardi. Darvozamizga ellik qadamlar qolganda, onamning:

– Voy bolam! Oqib ketdi!Oqib ketdi! – deya ko‘katlar orasini titkilab, bo‘zlab yurgani ustidan chiqdim. Shosha-pisha:
– Qaysi biri, buvi? – deyman. (Onamizni buvi derdik).

Adashmasam, o‘sha paytda sakkiz farzand edik. Oralig‘imiz bir, bir yarim yoshga yetib-yetmaydigan farq bilan dunyoga kelganmizni aytsam, tirikchiligi kolxozning arzimagan maoshiga ko‘z tikib yashaydigan ota-onamizga qanchalar og‘ir bo‘lganligini anglash qiyin emas.

Bechora onamiz bo‘g‘riqqanidan jon terga tushgan, «voy bolam”lab goh yo‘l o‘rtasiga chiqar, goh yana qaytib alaflarni titkilashga tushardi. Savolimga:

– Abdug‘appor! Abdug‘apporim!.. – dedi-yu, hushidan ketdi. Qarasam, dumalab suvga tushib ketadigan. Dast, intildim. Xayriyat, qo‘lim ko‘ylagiga ilindi. Bu orada o‘rtoqlarim ham yetib kelishdi. Onamni ko‘tarib uyga olib kirdik. Otam ayvon so‘risida o‘ng qo‘lini boshiga tirab, yonboshlab yotardi.

– Ota! – deyman, xovliqib, – Abdug‘appor yo‘qolib qopti. Buvim xushidan ketib qoldi.

Otam, negadir, hotirjam edi. O‘rnidan qo‘zg‘alib ham qo‘ymadi. Ajabo, deyman ichimda. Bu holat menga biroz malol kelgani ham rost. Ukam (o‘sha paytlarda uch-to‘rt yoshlarda edi) yo‘qolib qolganini otamga yana bir bor eslatdim. Shu payt kimdir “Onangga suv sepvor”, deb qoldi. Ariqdan muzday suv opkirib yuziga sepdik. Biroz o‘zlariga kelganday bo‘ldi. Bechora, yotgan yerida yana: “Bolam qani? Bolam qani?” deya ingranadi. Shunda otamiz o‘rnidan sal qo‘zg‘alib, nima dedi deng?! Aytsam ishonarmikansiz, bamaylixotir:
– Qo‘yovur, xotin. Birartasi yo‘qolib qosa hech narsa qimaydi…

Bu gapni eshitgan onamiz yana hushini yo‘qotdi.

O‘sha voqea asnosida otamning bunday munosabatini mutlaqo kechirib bo‘lmaydigan hol, deb baholaganimni ham yashirmayman va buning iztirobini uzoq yillar yuragimdan chiqarolmay yurganim ham rost. Hay mayli, bu haqda keyinroq…

Mashoyixlarda “Har bir odam, alohida xilqat”, degan hikmat bor. Fe’lu atvorimiz sinoatlardan iborat. Bugun mutlaqo kechirib bo‘lmaydi, deb o‘ylaganimiz qandaydir hodisaga bir-ikki kun o‘tib, hayajonlar bosilgach, mutlaqo boshqa xulosalar chiqaramiz.

Mana, o‘sha voqeaga ham qirq yildan oshdi. Bu orada o‘sha kungi manzaralarni milyon marta eslagan bo‘lsam kerak. Ularni yozsammi, yozmasammi, degan andishalarga ham bordim. Ko‘p bor otamning o‘rniga o‘zimni qo‘yib qo‘rdim. Holatdan fojia yasamay, hikmat izlashga ham tirishdim va oxiri… Ha, hikmat izlaganga umrning har santimi hikmat ekan…

Tasavvur qiling: bir etak babajish bolali, qozoni obi-yovg‘ondan nariga o‘tmay, qo‘l uchida kun kechirayotgan oddiy ketmonchi oilasidagi er-xotin o‘rtasida har kuni gap nimadan boshlanib, nima bilan tugashi vijdoni ozgina uyg‘oq har bandaga ayon. Albatta, bunday oilada bugungi ayrim telekanallarda ko‘plab bedard “yallachi xonim va artist bachalar” har yarim soatda ta’kidlab turganiday, “har kun bayram” bo‘lavermagan.

Yetishmovchilik, bir xildagi quvvatsiz taomlardan sillasi qurib, o‘mganini ko‘tarolmay qolgan chiviqday ayol… Shuncha bolani orttirib olib, kallasini qay devorga urishni bilmay, ensasi to‘ngib yotgan chorasiz er… Alam achchig‘ida bir-biriga aytib-aytib olguliklari bo‘lmagan, deysizmi?

Turmushning beshafqat ko‘chalarida O‘zidan o‘zga bir rahnamosi bo‘lmagan bechora otamga, yeyman-ichaman, kiyamanu siyaman, deb turgan bir etak bola, qozoni o‘choqqa chiqolmay qolgan ro‘zg‘or, taqdirning beadad sitamlari iskanjasida kuymalanib yotgan onayizorga oson bo‘lmagan ekan, demoqchiman-da, men sizga aytsam…

Ming jabru jafolar bilan bizni – o‘n bir farzandni yemay yedirib, kiymay kiydirib katta qilgan bu ikki jafokash inson hayoti haqida nimalarnidir qoralash asnosida yombiga qiyos qilgulik fikrlarni ham topib borayotgandaymiz. Yo‘qchilik, qiyinchilik zahmatlarini tortaversang, azob-uqubatlar ham qadrdonlashib ketarkan…

Ha, darvoqe, o‘shanda yo‘qolib qolgan Abdug‘apporni izlab har tomonga tirqirab ketgan ukalarim uni hovlimiz etagidagi sholipoya polidan topib kelishdi: adashib, uxlab qolibdi. Keyinchalik o‘zining aytishicha, uni “chiroyli oq kapalak” adashtirib ketgan ekan. Otamizning o‘zini befarqroq ko‘rsatishi boisi ham ikki oq kapalak (Abdug‘appor ukamizning rangi ham oq-sariqdan kelgan edi-da) bir-birining aqlini ozdirib hovli tomonga o‘tib ketishganini ko‘rgan, ariqda oqib ketmaganiga ishonchi komil edi. Qolaversa, nohush xabardan sarosimaga tushmaslik erkakning muhim sifatlaridan biri ekan. Buni mana endi, oradan qirq yillar o‘tib, o‘zimiz ham bolali bo‘lgach, tetapoya Sarvarjonimizni ko‘chada yo‘qotib qo‘yib, devonaga aylanib qolayozgan ayolimdan farqli o‘laroq, sarosimaga tushmay, sovuqqon kalla bilan bolani topish uchun jo‘yali choralar izlaganimni o‘ylaganimda otamni tushunganday bo‘laman…

2013

PO‘CHOQ SHO‘RVA

Kenjatoyimiz Dilyorbek to‘rt yoshlarda edi. Bir kuni:

– Dada, sho‘rva pishirib bersam ichasizmi? – deb qoldi. Murg‘akkina bolasi shunday mehribonchilik ko‘rsatib tursa qaysi ota-ona erib ketmaydi.

– Albatta, – dedim xursand bo‘lib.

U balkonga chiqib uch oyoqli qozontushirgichda turgan degchamizga choygumdan suv quydi. Burchakdagi chelakka tashlangan kartoshka, sabzi, piyoz po‘choqlaridan (albatta, loy-poyi bilan) qozonga tashladi. Bonkadagi moshga ko‘zi tushib, undan ham bir siqim olib soldi-da, qozon ostiga qog‘oz qaladi. Ishqilib, gugurt chaqib yubormasin-da, deb turibman. Xayriyat, o‘t yoqmadi.

Oyisi ikkimiz bolaning harakatlarini kuzatib, quvonamiz deng.

– Ha, barakalla! Ha, barakalla! – deb alqab turibman. Oyisi ham sevinchini yashirolmaydi:
– Dadasi, qariganimizda shu bola boqadiganga o‘xshaydi!» – deb qo‘yadi.

Biroz o‘tgach, u:
– Sho‘va pisdi, – dedi-da, cho‘michni olib xontaxtadagi kosalarga yarim-yarimlatib quyib, oldimizga keltirib qo‘ydi.

– G‘alati ish bo‘ldi-yu, – deyman ayolimga hayron qarab. Ichaylik desak, po‘choq-so‘choq aralashgan loyqa. Ichmaylik desak, va’da qilib qo‘yganman.

– Tavakkal, – dedim ichimda. – Nima bo‘lsa bo‘ldi. Bolaning sazasi o‘lguncha, shaytonning bo‘yni uzilsin… Po‘choq sho‘rvani xo‘plab-xo‘plab icha boshladim. Oyisi “Voy o‘lmasam, voy o‘lmasam”lab kuladi. Men bolaginam pishirib kelgan loyqa sho‘rvani maqtayman:

– Oh-oh, zo‘r sho‘rva bo‘libdi!

Ahvolimni sezib turgan ayolim o‘zini to‘xtatolmay, qiqir-qiqir kuladi. Dilyorjonimiz esa pishirgan ovqati dadasiga ma’qul kelganidan o‘zida yo‘q xursand: nuqul iljayadi.

Mana, bu yil o‘g‘limiz Dilyorjon o‘n yettiga kirdi. Kap-katta yigit bo‘ldi. Endi pishirgan ovqatlari o‘sha po‘choq sho‘rvaday shirin chiqmayotganidan ba’zan xafa bo‘lamiz.

2012

09

(Tashriflar: umumiy 187, bugungi 1)

Izoh qoldiring