Abdunabi Hamro. Shoirning janozasi

07
Ёмғир эрталабдан бери тинмаётганди. Оёқ остидаги олтинранг хазонлар ерга қапишди. Одамлар орасида жимгина турган аспирант йигитга гўё осмон ҳам марҳум Шоирга аза тутаётгандек туюларди…

004
Абдунаби Ҳамро
ШОИРНИНГ ЖАНОЗАСИ
001

08  Абдунаби Ҳамро 1961 йилда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтини тугатган. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бери бадиий ижод билан шуғулланиб келади. 1995 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Хиёнат” (1993), “Оқ алвасти” (1994), “Отам айтган қўшиқлар” (2002), “Йиртқич” (2003), “Унутилган қўшиқ” (2005), “Олис манзиллар сари” (2006), “Болаликка саёҳат” (2007), “Қишда очилган гул” (2008), “Вақт дарёси” (2010) каби шеърий ва насрий китоблар муаллифи.

001

Ёмғир эрталабдан бери тинмаётганди. Оёқ остидаги олтинранг хазонлар ерга қапишди. Одамлар орасида жимгина турган аспирант йигитга гўё осмон ҳам марҳум Шоирга аза тутаётгандек туюларди.

“Тиригида йўқламаганларнинг энди бўзрайиб туришларини қаранг! – дея хаёлидан ўтказди у. – Бечорани итдан хор қилишди-я… Ҳатто ўлигиям ўз уйидан чиқишдай бахтдан мосуво… Дарвоқе, ўзи уйи бормиди Шоирнинг…

Ниҳоят, майитни опчиқишди. Кўп қаватли “дом” олдидаги чоғроқ майдонча жанозага келганлар билан тўлганди. Ёмғир ҳануз майдалаб ёғар, кўпчилик шамсия тутиб олган, айримлар бош кийими устига елим халтача кийдириб қўйганди. Тўрт-беш киши майитни ўртага обкелиб қўйишди. Мана, ҳозир домла имом жаноза ўқиса, шу билан тамом. Шоирнинг бир-иккита яқинлари қабристонга боришса бўлди-да, шу ёмғирда ким ҳам эринмай… йўқ, ёш ва тажрибасиз йигитча ҳар сафаргидай адашганди: жаноза ўқишга чоғланган саллалик кишини четга суриб, соябон тутган бир зот олдинга чиқди.

“Ия, бу ким бўлди тағин? Шуниси етмай турувди ўзи…” – энсаси қотди аспирантнинг. У гарчи шоирликка даъво қилмаса-да, қалам аҳлининг кўпчилигини яхши танирди. Университетни тугатиб, аспирантура­да қолгач, илмий ишига асқотадиган барча нишондору бенишон, маълум ва мавҳум, унвонлию ҳамёнли қаламкашлар тўғрисида зўр бериб маълумот тўп­лаётганди.
– Нима бало, митинг қилишмоқчи шекилли? – дея тўнғиллади кимдир орқароқдан. – Тавба, ўликни маҳтал қилиб… бу нусха ким ўзи?
– Тш-ш! Отахон-ку бу! – кимдир унга танбеҳ берган бўлди.

Аспирант ёмғир пардаси оралаб, қарияга тузукроқ син солди. Ҳа, бу ўша, бир пайтлар бечора Шоирга кун бермай, уни маҳдудликда, совет воқелигига ёт руҳдаги пессимистик асарлар битаётган бадбин сифатида айблаб, сазойини бошлаб берган зот эди. “Қаранг-а, ҳалиям тирик экан-да бу, тўқсонни уриб қўйгандир ўзиям” дея кўнглидан ўтказди Аспирант.
– Ўртоқлар! – қариянинг овози бироз бўғиқ, ранги-рўйи каби ёқимсиз эди. – Адабиётимизнинг, шеъриятимизнинг юлдузларидан бири бўлмиш шоиримиз Хокисорни сўнгги йўлга кузатяпмиз…

– “Ўртоқлар”га бало борми шу замонда, уларнинг бари тўқсон биринчи йилдан нарида қолиб кетди, – дея кинояли шивирлади кимдир. Бояги тартибсевар эса уни ҳам тергаб қўйди:
– Тш-ш!
– Биз Хокисорни севардик! – дея минғирлади Ота­хон кўзларидаги ёшними, ёмғир томчисиними артиб. – Уни қадрлардик, унга қойил қолардик. Ҳа, у том маънода Шоир эди.

“Қадрлаганмишлар! Бечорани ур калтак-сур калтак қилганларнинг бошида ўзингиз турмаганмидингиз, устоз?! Шоирга гоҳ “пантуркист”, гоҳ ”панисломист” деган ёрлиқлар ёпиштириб, сал бўлмаса империализм агентига чиқарган ким эди? Хайриятки, юрт бахтига Истиқлол келди, адолатли раҳбарлар Шоир ижодига ҳаққоний баҳо беришди, у Халқ шоири бўлди. Акс ҳолда, сенлар уни қайта кўкармайдиган қилиб, қозиқдай ерга қоқиб ташлардинглар!”

Шу гаплар хаёлидан ўтган Аспирант кўз ёш тў­каётган қариянинг сўнгги сўзларини эшитмай қолди. Бу орада Отахоннинг ўрнини эгаллаган зот ҳам унга таниш эди. Бир пайтлар улуғ доҳийларни, уларнинг “ҳақ ишлари”ни кўкларга кўтариб, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар нашр эттирган, мустақиллик бўлиб, мезонлар ва қадриятлар ўзгаргач, беш-олти йил босим ўтириб, асарларини қайта ишлаган, энди ҳар йиғилишда, ҳар бир катта-кичик анжуманда китобларини чоп этишни истамаётган ноширларнинг гўрига ғишт қалаб юрган бу кимса ҳам бечора Хокисорнинг бу тахлит хор бўлишига ўзининг “баракали ҳиссаси”ни қўшганлардан эди.

– Мен Хокисорни жуда ҳурмат қилардим, – дея ўз дийдиёсини бошлади ёзувчи. – Биз у билан қалин дўст эдик, айтиш мумкинки, бир кўрпада тепкилашиб катта бўлганмиз. Унинг илк тўплами чиққан йиллари…

– “Ҳаҳ, дунёи қўтир-а! Ўлди – азиз бўлди, шишди – семиз бўлди! Бу акамнинг сайрашини қаранг энди. Ўша илк тўплами чиққан пайтлари бечора Ҳокисорнинг шўрига шўрва қуйганлардан бири ўзи-ку! Катта идораларнинг буюртмаси билан ёзиб, энг катта газетада чоп эттирган мақоласида Хокисорни «шеърларидаги “улуғ турк”, “ота Туркистон” жумлалари билан совет кишиларининг кўнглига шубҳа уруғларини экяпти”, деб бадном қилишга уринган ким эди ўзи?! Хокисорнинг шеърлари талабаларнинг оғзидан тушмай, машҳур ҳофизлар унинг шеърларига куй басталаб, куйлаб юрган кунлари оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолган ким аслида? Хокисор билан бирга ўқигани, ижара уйларда бирга яшагани рост, бироқ, қисматнинг ажабтовур ўйинларини қарангки, биров кўзга илмаган, пачоққина йигит машҳур Шоир бўлди. Бўйни ғўладай йўғон ёзувчи эса ҳамон итнинг кейинги оёғи…

ХХ асрнинг иккинчи ярмида ўзининг ўтли шеър­лари билан миллатни уйғотган уч-тўртта фидойи шоирлар орасида Хокисор ҳам борлигини, айнан унинг қадимий туркий қавмлар бирлиги ҳақидаги, буюк аждодлар жасорати тўғрисидаги фикрлари миллат фарзандлари кўнглини-ю руҳини ларзага келтирганини Ёзувчи билмайдими? Йўқ, жуда яхши билади! Чунки, у – ўзи айтганидек – Хокисор билан бирга ўйнаб, катта бўлган”.

Аспирантнинг жони бўғзига тиқилди. Одам дегани ҳам шунчалик сурбет бўладими? Ахир, бу ерда, тўпланганлар уни ҳам, Хокисорни ҳам, ораларида бўлиб ўтган воқеаларни ҳам яхши билишади-ку! Ёшроқлар билмаса-да, анови Отахонга ўхшаганлар барча сиру синоатдан хабардор. Аслида мана шу Ёзувчига ўхшаганларнинг тазйиқлари Хокисор бечорани икки бора касалхонага ётқизиб, юрак ўйноғига дучор қилмадими?! Илк тўпламини ўз исми, Рашид Парда тахаллуси остида чоп эттирган шоир Замонбекнинг лайчаларидан қутилиш учунми, ё ўз табиатидан келиб чиқибми, кейинги ижоди-да барча учун Хокисор бўлиб қолди. Жонини жабборга бериб томоқ қираётган ёзувчига боқиб, Аспирант тағин бир воқеани хотирлади. Гарчи шахсан ўзи гувоҳ бўлмаган бўлса-да, аниқ манбалардан эшитгани учун Аспирант бу воқеанинг чиндан ҳам рўй берганига шубҳа қилмайди. Хуллас, истиқлолнинг дастлабки йилларида оилавий турмуши дарз кетиб, у ер-бу ерда яшаб юрган, ғирт ишсиз бўлган Хокисорга обрўли бир журнал таҳририятидан қўнғироқ қилишади. Журналга эндигина бош муҳаррир қилиб тайинланган, истеъдоди ўртамиёна бўлса-да, ўзи ниҳоятда бағрикенг одам бўлган Болажон Шоир янги жамоани шакллантириш жараёнида ногоҳ Хокисорни эслаб қолади. “Кел, шу дарвешни ишга олай, мени дуо қилиб юрсин” дея ўйлаб, унга сим қоқади.

– Илоё умрингиздан барака топинг, ука! – дейди Хокисор, кутилмаган таклифдан қувониб, – яхши ўйлабсиз-да, бизга би-и-р раҳбарлик қилинг ўзингиз…

Қия очилган эшик ортидан икки шоир суҳбатини эшитиб қолган Ёзувчи бир нарсани баҳона қилиб ичкари киради. (У ҳам янги жамоага аъзо қилиб олинган, шўрлик Болажон Шоир уни ишга олиб, ўз бошига балони сотиб олганини ҳали билмасди).

– Шуларга қўл қўйиб берсангиз… – дейди у ипакдай эшилиб, қўлидаги икки варақ қоғозни раҳбарга узатаркан.
– Хокисор билан гаплашиб, розилигини олдим, эртадан иш бошлайди! – дейди Болажон Шоир терисига сиғмай, беихтиёр қоғозларга имзо чекар экан.
– А-а? Укагинам, мени кечирасиз, раҳбар сиз, аммо бир нарсани айтай… – Ёзувчи у ёқ-бу ёққа аланг­лаб курсига ўтиради. – Ахир, Хокисор “қора” рўйхатда туради-ку! У анови янги чиққан “инқилобчилар” билан оғиз-бурун ўпишиб юргани катта идораларга ёқмайроқ турибди ўзи. Сиз ёшсиз, авторитетингиз бор, карьера қилишингиз керак ҳали, катталар сизга ишонч билдиришган. Хокисорнинг Болтиқбўйи республикаларига сафари нима билан тугагани ҳаммага маълум-ку! Ўша ерда ҳар хил Янус-пануслар билан топишгани тўғрисида миш-мишлар бор. Қолверса, Хокисорнинг ҳеч қанақа ҳужжати йўқ, уни ишга олиш қийин бўлади.

– Нега энди ҳужжати бўлмас экан? – ажабланди Болажон Шоир. – Ахир, Университетни битирган-ку!
– Тўғри, битирган, лекин диплом олмаган, бу бизга ишончли жойлардан маълум. Паспорти йўқ, хотини билан ажрашгандан сўнг йўқотган, бу аниқ. Партбилети йўқ, партия аъзоси эмас эди, тем более, энди партиянинг ўзи ҳам йўқ. Хуллас, у комсомолга ҳам, касаба уюшмага ҳам аъзо бўлмаган. Фақат “у ёқ”да учётда турибди!
– Шошманг, ахир у Халқ шоири-ку?!
– Ну и что?! Бўлса бордир, за то, документи йўқ.

Алқисса, эртаси куни минг бир умид билан келган Хокисор тарвузи қўлтиғидан тушиб, қайтиб кетади. Болажон Шоирга “карьера”си азизроқ кўринадими ё ҳақиқатан ҳам Хокисор “бездокумент” эканми, иш­қилиб, бир савоб иш амалга ошмай қолади.

Хийла ивиб бўлган жасад устига брезентга ўх­шаган алламбало мато ёпиб қўйишди. Митинг эса тугай демас, бош кўтариб чиқиб, “Ҳой мусулмонлар, бу нима бедодлик, ахир! Ўлик маҳтал бўлиб қолди-ку! Ҳозир Мафкурахонимнинг замони эмас, бас қилинглар бу бемаъни томошани!” дейдиган эррайим йўқ эди. Хайриятки, ёмғир бироз пасайди, қарийб тинди. Энди у кўзга кўринмай шивалар, кўринмаса-да, ёғаётганини сездириб турарди.

Майит эгаси, уй эгаси, яъни сўнгги бир-икки йилда уй-жойсиз қолган Хокисор ўзининг сўнгги кунларини яшаш учун бекорга унинг уйини танламаган Камтариннинг феъл-атвори Хокисорга жудаям ўхшаб кетарди. Ўшандай содда, самимий, беғубор, алдам-қалдамдан йироқ…

– Хокисор акам билан барча қийинчиликларни бирга енгиб яшадик! – деган чийилдоқ товушни эшитиб, Аспирантнинг хаёли бўлинди. Тобут олдида турган аёлни кўриб, у сесканиб кетди. Икки бор уйланиб, бахти очилмаган бечора шоир охири шу хонимнинг чангалига тушиб, бутунлай тор-мор бўлганди. Мустабид тузумнинг сўнгги йилларида топишган икки юрак бироз тинч яшашди, сўнг Хокисорнинг ишлари кундан-кунга ортга кета бошлади. Кейинроқ аён бўлишича, унинг ҳар бир қадамини, ҳар бир олган нафасини керакли жойларга етказиб турган “савобталаб” айнан шу Ўргимчакхоним экан. (Сўнгги кунларида Ҳокисор бир суҳбатда уни шундай атаганди). Барча сир ошкор бўлгач, Хокисор у билан ажрашишга қарор қилди, бироқ, ўзи панд еди: Ўргимчакхоним уч хонали уйини ими-жимида ўз номига хатлаб олганлиги боис Хокисор кўчага ҳайдалди…

Худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртар экан: кўзига ёш келмагани етмагандек, ёмғир ҳам тинди, ноилож қолган Ўргимчакхоним дийдаларини тупук суртиб ҳўллашга мажбур бўлди ва табиийки, эрталаб ойна олдида ихлос билан суртилган қора бўёқ чапланиб, хоним мўри тозаловчи хотинга ўхшаб қолди.

Ниҳоят, маҳалла оқсоқолининг тоқати тоқ бўлди. У одамлар орасини ёриб ўтиб, олдинга чиқди.
– Бўлди-да энди, биродарлар, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Ўлик ҳам, тирик ҳам эзилди ро­са. Бу бечорани тиригида биров йўқлаб, шу ма­ҳаллага келганини кўрганим йўқ. Энди бўлса… Ҳа, но­тўғрими? Шошманг, сиз кимсиз?
– Мен унинг қишлоқдошиман, – дея изиллади юпун кийинган бир чол ҳиқиллаб, – бир маҳаллада ўс­ганман. Рухсат беринг, оқсоқол, икки оғиз гапирай…

Оқсоқол оёқ тиради.
– Э-э, тақсир, қўйинг энди, одамлар кутиб қо­лишди, айб бўлади.
– Икки оғизгина… – ялинди чол.
– Уф-ф, бўпти, тезлаштиринг. Тавба-ей!

– Хокисор катта одамларнинг фарзанди, тагли-зотли оиланинг ўғли эди. У умрини адабиётга ба­ғишлади, бировдан эҳсон кутмади. Уйи, ана, бир соатлик йўл шаҳардан, лекин йиллаб қишлоққа бормасди. Худо уни шундай яратган эди, сизлар ҳам уни шундайлигича қабул қилишингиз лозим эди. Унинг ўзбек халқи олдидаги хизматларини инкор қила оладиган мард борми ораларингда? Жимсизлар… демак, йўқ. У ўзини ўйламади, миллатим, Туркистоним, тилим деб ўтди. Мен тракторчи бўлганман, лекин унинг барча шеърларини ёд биламан. У Ватан қайғуси билан, Туркистон ёди билан яшади. Умрининг охирида, мана, хор бўлди, ҳатто ўлигиниям хўрладинглар. Суф сенларга-ей! Шоиру ёзувчи деганлари сенлар бўлсанг, минбаъд қўлимга китоб олмаганим бўлсин. Алвидо, дўстим! Биз гумроҳларни кечир…

Ёз осмонидаги момақалдироқдек янграган бу сўзлардан сўнг барчанинг дами ичига тушди. У ер-бу ердан йўтал, томоқ қиришлар эшитила бошлади. Тартибсевар одамларга дакки берди:
– Тш-ш-ш!..
– Э-э, ғалати бўлди-ку… – дея Оқсоқол каловланди, сўнг беўхшов жилмайди. – Қани домла, ўқинг жанозани!

Ўн беш дақиқадан сўнг майдонча бўшаб қолди. Аспирант намчил йўлкалардан аста юриб бораркан, ногоҳ юзига томган совуқ томчидан сесканиб кетди. Осмонга қаради: булутлар қуюқлашган, ёмғир қайтадан бошланганди. Осмоннинг улуғ шоирга тутган азаси ҳали тугамаганди. Ёмғир эзгин, Хокисорнинг ўзи битгани каби, шиғалаб ёғарди.

Манба: “Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.

002

Abdunabi Hamro
SHOIRNING JANOZASI
001

   Abdunabi  Hamro 1961 yilda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. Toshkent Davlat madaniyat institutini tugatgan. O’tgan asrning 80-yillaridan beri badiiy ijod bilan shug’ullanib keladi. 1995 yildan beri O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. “Xiyonat” (1993), “Oq alvasti” (1994), “Otam aytgan qo’shiqlar” (2002), “Yirtqich” (2003), “Unutilgan qo’shiq” (2005), “Olis manzillar sari” (2006), “Bolalikka sayohat” (2007), “Qishda ochilgan gul” (2008), “Vaqt daryosi” (2010) kabi she’riy va nasriy kitoblar muallifi.

001

Yomg’ir ertalabdan beri tinmayotgandi. Oyoq ostidagi oltinrang xazonlar yerga qapishdi. Odamlar orasida jimgina turgan aspirant yigitga go’yo osmon ham marhum Shoirga aza tutayotgandek tuyulardi.

“Tirigida yo’qlamaganlarning endi bo’zrayib turishlarini qarang! – deya xayolidan o’tkazdi u. – Bechorani itdan xor qilishdi-ya… Hatto o’ligiyam o’z uyidan chiqishday baxtdan mosuvo… Darvoqe, o’zi uyi bormidi Shoirning…

Nihoyat, mayitni opchiqishdi. Ko’p qavatli “dom” oldidagi chog’roq maydoncha janozaga kelganlar bilan to’lgandi. Yomg’ir hanuz maydalab yog’ar, ko’pchilik shamsiya tutib olgan, ayrimlar bosh kiyimi ustiga yelim xaltacha kiydirib qo’ygandi. To’rt-besh kishi mayitni o’rtaga obkelib qo’yishdi. Mana, hozir domla imom janoza o’qisa, shu bilan tamom. Shoirning bir-ikkita yaqinlari qabristonga borishsa bo’ldi-da, shu yomg’irda kim ham erinmay… yo’q, yosh va tajribasiz yigitcha har safargiday adashgandi: janoza o’qishga chog’langan sallalik kishini chetga surib, soyabon tutgan bir zot oldinga chiqdi.

“Iya, bu kim bo’ldi tag’in? Shunisi yetmay turuvdi o’zi…” – ensasi qotdi aspirantning. U garchi shoirlikka da’vo qilmasa-da, qalam ahlining ko’pchiligini yaxshi tanirdi. Universitetni tugatib, aspirantura­da qolgach, ilmiy ishiga asqotadigan barcha nishondoru benishon, ma’lum va mavhum, unvonliyu hamyonli qalamkashlar to’g’risida zo’r berib ma’lumot to’p­layotgandi.
– Nima balo, miting qilishmoqchi shekilli? – deya to’ng’illadi kimdir orqaroqdan. – Tavba, o’likni mahtal qilib… bu nusxa kim o’zi?
– Tsh-sh! Otaxon-ku bu! – kimdir unga tanbeh bergan bo’ldi.

Aspirant yomg’ir pardasi oralab, qariyaga tuzukroq sin soldi. Ha, bu o’sha, bir paytlar bechora Shoirga kun bermay, uni mahdudlikda, sovet voqeligiga yot ruhdagi pessimistik asarlar bitayotgan badbin sifatida ayblab, sazoyini boshlab bergan zot edi. “Qarang-a, haliyam tirik ekan-da bu, to’qsonni urib qo’ygandir o’ziyam” deya ko’nglidan o’tkazdi Aspirant.
– O’rtoqlar! – qariyaning ovozi biroz bo’g’iq, rangi-ro’yi kabi yoqimsiz edi. – Adabiyotimizning, she’riyatimizning yulduzlaridan biri bo’lmish shoirimiz Xokisorni so’nggi yo’lga kuzatyapmiz…

– “O’rtoqlar”ga balo bormi shu zamonda, ularning bari to’qson birinchi yildan narida qolib ketdi, – deya kinoyali shivirladi kimdir. Boyagi tartibsevar esa uni ham tergab qo’ydi:
– Tsh-sh!
– Biz Xokisorni sevardik! – deya ming’irladi Ota­xon ko’zlaridagi yoshnimi, yomg’ir tomchisinimi artib. – Uni qadrlardik, unga qoyil qolardik. Ha, u tom ma’noda Shoir edi.

“Qadrlaganmishlar! Bechorani ur kaltak-sur kaltak qilganlarning boshida o’zingiz turmaganmidingiz, ustoz?! Shoirga goh “panturkist”, goh ”panislomist” degan yorliqlar yopishtirib, sal bo’lmasa imperializm agentiga chiqargan kim edi? Xayriyatki, yurt baxtiga Istiqlol keldi, adolatli rahbarlar Shoir ijodiga haqqoniy baho berishdi, u Xalq shoiri bo’ldi. Aks holda, senlar uni qayta ko’karmaydigan qilib, qoziqday yerga qoqib tashlardinglar!”

Shu gaplar xayolidan o’tgan Aspirant ko’z yosh to’­kayotgan qariyaning so’nggi so’zlarini eshitmay qoldi. Bu orada Otaxonning o’rnini egallagan zot ham unga tanish edi. Bir paytlar ulug’ dohiylarni, ularning “haq ishlari”ni ko’klarga ko’tarib, yostiqday-yostiqday kitoblar nashr ettirgan, mustaqillik bo’lib, mezonlar va qadriyatlar o’zgargach, besh-olti yil bosim o’tirib, asarlarini qayta ishlagan, endi har yig’ilishda, har bir katta-kichik anjumanda kitoblarini chop etishni istamayotgan noshirlarning go’riga g’isht qalab yurgan bu kimsa ham bechora Xokisorning bu taxlit xor bo’lishiga o’zining “barakali hissasi”ni qo’shganlardan edi.

– Men Xokisorni juda hurmat qilardim, – deya o’z diydiyosini boshladi yozuvchi. – Biz u bilan qalin do’st edik, aytish mumkinki, bir ko’rpada tepkilashib katta bo’lganmiz. Uning ilk to’plami chiqqan yillari…

– “Hah, dunyoi qo’tir-a! O’ldi – aziz bo’ldi, shishdi – semiz bo’ldi! Bu akamning sayrashini qarang endi. O’sha ilk to’plami chiqqan paytlari bechora Hokisorning sho’riga sho’rva quyganlardan biri o’zi-ku! Katta idoralarning buyurtmasi bilan yozib, eng katta gazetada chop ettirgan maqolasida Xokisorni «she’rlaridagi “ulug’ turk”, “ota Turkiston” jumlalari bilan sovet kishilarining ko’ngliga shubha urug’larini ekyapti”, deb badnom qilishga uringan kim edi o’zi?! Xokisorning she’rlari talabalarning og’zidan tushmay, mashhur hofizlar uning she’rlariga kuy bastalab, kuylab yurgan kunlari oyog’i kuygan tovuqday tipirchilab qolgan kim aslida? Xokisor bilan birga o’qigani, ijara uylarda birga yashagani rost, biroq, qismatning ajabtovur o’yinlarini qarangki, birov ko’zga ilmagan, pachoqqina yigit mashhur Shoir bo’ldi. Bo’yni g’o’laday yo’g’on yozuvchi esa hamon itning keyingi oyog’i…

XX asrning ikkinchi yarmida o’zining o’tli she’r­lari bilan millatni uyg’otgan uch-to’rtta fidoyi shoirlar orasida Xokisor ham borligini, aynan uning qadimiy turkiy qavmlar birligi haqidagi, buyuk ajdodlar jasorati to’g’risidagi fikrlari millat farzandlari ko’nglini-yu ruhini larzaga keltirganini Yozuvchi bilmaydimi? Yo’q, juda yaxshi biladi! Chunki, u – o’zi aytganidek – Xokisor bilan birga o’ynab, katta bo’lgan”.

Aspirantning joni bo’g’ziga tiqildi. Odam degani ham shunchalik surbet bo’ladimi? Axir, bu yerda, to’planganlar uni ham, Xokisorni ham, oralarida bo’lib o’tgan voqealarni ham yaxshi bilishadi-ku! Yoshroqlar bilmasa-da, anovi Otaxonga o’xshaganlar barcha siru sinoatdan xabardor. Aslida mana shu Yozuvchiga o’xshaganlarning tazyiqlari Xokisor bechorani ikki bora kasalxonaga yotqizib, yurak o’ynog’iga duchor qilmadimi?! Ilk to’plamini o’z ismi, Rashid Parda taxallusi ostida chop ettirgan shoir Zamonbekning laychalaridan qutilish uchunmi, yo o’z tabiatidan kelib chiqibmi, keyingi ijodi-da barcha uchun Xokisor bo’lib qoldi. Jonini jabborga berib tomoq qirayotgan yozuvchiga boqib, Aspirant tag’in bir voqeani xotirladi. Garchi shaxsan o’zi guvoh bo’lmagan bo’lsa-da, aniq manbalardan eshitgani uchun Aspirant bu voqeaning chindan ham ro’y berganiga shubha qilmaydi. Xullas, istiqlolning dastlabki yillarida oilaviy turmushi darz ketib, u yer-bu yerda yashab yurgan, g’irt ishsiz bo’lgan Xokisorga obro’li bir jurnal tahririyatidan qo’ng’iroq qilishadi. Jurnalga endigina bosh muharrir qilib tayinlangan, iste’dodi o’rtamiyona bo’lsa-da, o’zi nihoyatda bag’rikeng odam bo’lgan Bolajon Shoir yangi jamoani shakllantirish jarayonida nogoh Xokisorni eslab qoladi. “Kel, shu darveshni ishga olay, meni duo qilib yursin” deya o’ylab, unga sim qoqadi.

– Iloyo umringizdan baraka toping, uka! – deydi Xokisor, kutilmagan taklifdan quvonib, – yaxshi o’ylabsiz-da, bizga bi-i-r rahbarlik qiling o’zingiz…

Qiya ochilgan eshik ortidan ikki shoir suhbatini eshitib qolgan Yozuvchi bir narsani bahona qilib ichkari kiradi. (U ham yangi jamoaga a’zo qilib olingan, sho’rlik Bolajon Shoir uni ishga olib, o’z boshiga baloni sotib olganini hali bilmasdi).

– Shularga qo’l qo’yib bersangiz… – deydi u ipakday eshilib, qo’lidagi ikki varaq qog’ozni rahbarga uzatarkan.
– Xokisor bilan gaplashib, roziligini oldim, ertadan ish boshlaydi! – deydi Bolajon Shoir terisiga sig’may, beixtiyor qog’ozlarga imzo chekar ekan.
– A-a? Ukaginam, meni kechirasiz, rahbar siz, ammo bir narsani aytay… – Yozuvchi u yoq-bu yoqqa alang­lab kursiga o’tiradi. – Axir, Xokisor “qora” ro’yxatda turadi-ku! U anovi yangi chiqqan “inqilobchilar” bilan og’iz-burun o’pishib yurgani katta idoralarga yoqmayroq turibdi o’zi. Siz yoshsiz, avtoritetingiz bor, kar`era qilishingiz kerak hali, kattalar sizga ishonch bildirishgan. Xokisorning Boltiqbo’yi respublikalariga safari nima bilan tugagani hammaga ma’lum-ku! O’sha yerda har xil Yanus-panuslar bilan topishgani to’g’risida mish-mishlar bor. Qolversa, Xokisorning hech qanaqa hujjati yo’q, uni ishga olish qiyin bo’ladi.

– Nega endi hujjati bo’lmas ekan? – ajablandi Bolajon Shoir. – Axir, Universitetni bitirgan-ku!
– To’g’ri, bitirgan, lekin diplom olmagan, bu bizga ishonchli joylardan ma’lum. Pasporti yo’q, xotini bilan ajrashgandan so’ng yo’qotgan, bu aniq. Partbileti yo’q, partiya a’zosi emas edi, tem bolee, endi partiyaning o’zi ham yo’q. Xullas, u komsomolga ham, kasaba uyushmaga ham a’zo bo’lmagan. Faqat “u yoq”da uchyotda turibdi!
– Shoshmang, axir u Xalq shoiri-ku?!
– Nu i chto?! Bo’lsa bordir, za to, dokumenti yo’q.

Alqissa, ertasi kuni ming bir umid bilan kelgan Xokisor tarvuzi qo’ltig’idan tushib, qaytib ketadi. Bolajon Shoirga “kar`era”si azizroq ko’rinadimi yo haqiqatan ham Xokisor “bezdokument” ekanmi, ish­qilib, bir savob ish amalga oshmay qoladi.

Xiyla ivib bo’lgan jasad ustiga brezentga o’x­shagan allambalo mato yopib qo’yishdi. Miting esa tugay demas, bosh ko’tarib chiqib, “Hoy musulmonlar, bu nima bedodlik, axir! O’lik mahtal bo’lib qoldi-ku! Hozir Mafkuraxonimning zamoni emas, bas qilinglar bu bema’ni tomoshani!” deydigan errayim yo’q edi. Xayriyatki, yomg’ir biroz pasaydi, qariyb tindi. Endi u ko’zga ko’rinmay shivalar, ko’rinmasa-da, yog’ayotganini sezdirib turardi.

Mayit egasi, uy egasi, ya’ni so’nggi bir-ikki yilda uy-joysiz qolgan Xokisor o’zining so’nggi kunlarini yashash uchun bekorga uning uyini tanlamagan Kamtarinning fe’l-atvori Xokisorga judayam o’xshab ketardi. O’shanday sodda, samimiy, beg’ubor, aldam-qaldamdan yiroq…

– Xokisor akam bilan barcha qiyinchiliklarni birga yengib yashadik! – degan chiyildoq tovushni eshitib, Aspirantning xayoli bo’lindi. Tobut oldida turgan ayolni ko’rib, u seskanib ketdi. Ikki bor uylanib, baxti ochilmagan bechora shoir oxiri shu xonimning changaliga tushib, butunlay tor-mor bo’lgandi. Mustabid tuzumning so’nggi yillarida topishgan ikki yurak biroz tinch yashashdi, so’ng Xokisorning ishlari kundan-kunga ortga keta boshladi. Keyinroq ayon bo’lishicha, uning har bir qadamini, har bir olgan nafasini kerakli joylarga yetkazib turgan “savobtalab” aynan shu O’rgimchakxonim ekan. (So’nggi kunlarida Hokisor bir suhbatda uni shunday atagandi). Barcha sir oshkor bo’lgach, Xokisor u bilan ajrashishga qaror qildi, biroq, o’zi pand yedi: O’rgimchakxonim uch xonali uyini imi-jimida o’z nomiga xatlab olganligi bois Xokisor ko’chaga haydaldi…

Xudo urganni payg’ambar ham hassasi bilan turtar ekan: ko’ziga yosh kelmagani yetmagandek, yomg’ir ham tindi, noiloj qolgan O’rgimchakxonim diydalarini tupuk surtib ho’llashga majbur bo’ldi va tabiiyki, ertalab oyna oldida ixlos bilan surtilgan qora bo’yoq chaplanib, xonim mo’ri tozalovchi xotinga o’xshab qoldi.

Nihoyat, mahalla oqsoqolining toqati toq bo’ldi. U odamlar orasini yorib o’tib, oldinga chiqdi.
– Bo’ldi-da endi, birodarlar, hamma narsaning ham chegarasi bo’ladi. O’lik ham, tirik ham ezildi ro­sa. Bu bechorani tirigida birov yo’qlab, shu ma­hallaga kelganini ko’rganim yo’q. Endi bo’lsa… Ha, no­to’g’rimi? Shoshmang, siz kimsiz?
– Men uning qishloqdoshiman, – deya izilladi yupun kiyingan bir chol hiqillab, – bir mahallada o’s­ganman. Ruxsat bering, oqsoqol,
ikki og’iz gapiray…

Oqsoqol oyoq tiradi.
– E-e, taqsir, qo’ying endi, odamlar kutib qo­lishdi, ayb bo’ladi.
– Ikki og’izgina… – yalindi chol.
– Uf-f, bo’pti, tezlashtiring. Tavba-yey!

– Xokisor katta odamlarning farzandi, tagli-zotli oilaning o’g’li edi. U umrini adabiyotga bag’ishladi, birovdan ehson kutmadi. Uyi, ana, bir soatlik yo’l shahardan, lekin yillab qishloqqa bormasdi. Xudo uni shunday yaratgan edi, sizlar ham uni shundayligicha qabul qilishingiz lozim edi. Uning o’zbek xalqi oldidagi xizmatlarini inkor qila oladigan mard bormi oralaringda? Jimsizlar… demak, yo’q. U o’zini o’ylamadi, millatim, Turkistonim, tilim deb o’tdi. Men traktorchi bo’lganman, lekin uning barcha she’rlarini yod bilaman. U Vatan qayg’usi bilan, Turkiston yodi bilan yashadi. Umrining oxirida, mana, xor bo’ldi, hatto o’liginiyam xo’rladinglar. Suf senlarga-yey! Shoiru yozuvchi deganlari senlar bo’lsang, minba’d qo’limga kitob olmaganim bo’lsin. Alvido, do’stim! Biz gumrohlarni kechir…

Yoz osmonidagi momaqaldiroqdek yangragan bu so’zlardan so’ng barchaning dami ichiga tushdi. U yer-bu yerdan yo’tal, tomoq qirishlar eshitila boshladi. Tartibsevar odamlarga dakki berdi:
– Tsh-sh-sh!..
– E-e, g’alati bo’ldi-ku… – deya Oqsoqol kalovlandi, so’ng beo’xshov jilmaydi. – Qani domla, o’qing janozani!

O’n besh daqiqadan so’ng maydoncha bo’shab qoldi. Aspirant namchil yo’lkalardan asta yurib borarkan, nogoh yuziga tomgan sovuq tomchidan seskanib ketdi. Osmonga qaradi: bulutlar quyuqlashgan, yomg’ir qaytadan boshlangandi. Osmonning ulug’ shoirga tutgan azasi hali tugamagandi. Yomg’ir ezgin, Xokisorning o’zi bitgani kabi, shig’alab yog’ardi.

Manba: “Yoshlik” jurnali, 2013 yil, 9-son.

07

(Tashriflar: umumiy 507, bugungi 1)

2 izoh

  1. Salom. Menga Abdulla Oripovning «Jannatga yo’l» drammatik dostoni kerak edi. Internetdan topolmayapman. Qayerga yozishni ham bilmay, shu yerga yozaverdim. Iltimos shuni topishga yordamlashivoringlar. juda zarur edida.

Izoh qoldiring