Abduqayum Yo’ldoshev. Muammo

034    Худо “Ол, қулим!” деб турган эканми, Икром компьютер дастурчилари танловида ютиб чиқди-ю, Европа мамлакатлардан бирига саёҳат йўлланмасига эга бўлди! Бориш-келиш, яшаш, овқатланиш, қўйингки, ҳамма харажатлар ташкилотчилар зиммасида экан! Қувончдан Икромнинг боши осмонга етди.

Абдуқаюм Йўлдошев
МУАММО
045

Абдуқаюм Йўлдош 1962 йил 29 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган.Тошкент Политехника институтини (ҳозирги Техника университети) битирган (1985). «Қаро кўзим. Шайх ур-раис» (1990), «Сунбуланинг илк шанбаси» (1998), «Тимсоҳнинг кўз ёшлари» (2003), «Парвоз» (2004), «Бир тун ва бир умр» (2007) каби китоблари нашр этилган.Р. Бредбери, А. Кристи, Ф. Браун, Э. Поттер ҳикояларини, Е. Березиковнинг «Буюк Темур» романини (Ҳ. Шайхов билан ҳамкорликда), П. Шермухамедовнинг «Буюк Хоразмий» романларини ўзбекчага таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999)..

045

Худо “Ол, қулим!” деб турган эканми, Икром компьютер дастурчилари танловида ютиб чиқди-ю, Европа мамлакатлардан бирига саёҳат йўлланмасига эга бўлди! Бориш-келиш, яшаш, овқатланиш, қўйингки, ҳамма харажатлар ташкилотчилар зиммасида экан!
Қувончдан Икромнинг боши осмонга етди.

* * *

…Ҳаммаёқ ям-яшил. Йўллар ойнадай текис. Чанг, ғубор кўринмайди. Ҳатто дастлабки кунлари Икром дарахтлар, буталар баргларининг бу қадар тозалигидан ҳайратга тушиб, уларни кечаси ювиб қўйишармикан, деган ўйга ҳам борди; ўз тахминининг тўғри-нотўғрилигини аниқлаш учун бир-иккита баргни ялаб ҳам кўрди. Аммо таржимон буни осонгина изоҳлаб берди:
– Ҳаво намчилроқ. Чанг йўқ. Шу сабабли барглар топ-тоза тураверади…

Дарҳақиқат, таржимоннинг гапини исботлагандай, Икром бир ҳафта мобайнида кийиб юрган кўйлагининг ёқасида заррача бўлса ҳам кир кўринмади. Ваҳоланки, қишлоғида эканида ҳар куни кўйлагани алмаштирмаса бўлмасди…

Бу мамлакат одамлари нима учун хоналарга, ҳаттоки баъзан ётоқхоналарига бемалол туфлиларда кириб кетавериши сабабини ҳам Икром ана шунда тушунди: ахир, туфлилар ялтираб турибди, чанг йўқ. Бунинг устига, одамлар уйнинг ичидан гаражларига ўтишади, машинага ўтириб офисларининг олдига қадар келишади, яна теп-текис, баъзан гиламча тўшалган йўлакдан юриб иш кабинетларига киришади. Бунақа шароитда чанг қаёқдан пайдо бўлсин!

Лекин бу мамлакатда ҳамма нарса ҳам Икромга ёқавермади. Дейлик, эрталаб уйқудан уйғонган одамлар юзларини ювмасдан бурун, тўшакда ётиб қаҳва ичишадими-ей, ё бўлмаса шу ҳолларида гаплашиб кетаверадиларми-ей…

Икром қишлоғини эслади: саҳар уйғонганидан сўнг, юзини ювмасдан туриб наинки ота-онаси, балки ака-укаларига ҳам кўринмасди, улар билан гаплашиш-ку, инчунин…
Инглиз тилини ўргана бошлаган Икром бир куни интернетдан мамлакат парламенти сайтига кирди ва сўзларни ҳижжалаб таржима қила-қила, ахийри депутатларнинг бир гуруҳи… кўчада итларни қандай қилиб олиб юриш тўғрисида қонун тайёрлаётганини тушунгандай бўлди.

Икром анграйиб қолди. “Нотўғри таржима қилдим шекилли”, деган хавотирда эртаси куни таржимондан сўради.
– Тўппа-тўғри, – бамайлихотир жавоб қилди таржимон.
– Ахир… – баттар ҳайратланиб сўради Икром, – ахир депутатларнинг бундан бошқа иши йўқми?

Таржимон баайни икки карра икки тўрт эканлиги ҳақидаги оддий ҳақиқатни уқтираётгандай яна пинак бузмади:
– Ахир бошқа барча керакли қонунлар аллақачон ишлаб чиқилган бўлса, депутатлар нима қилишсин?
Жавобдаги мантиқ Икромнинг попугини пасайтириб қўйди…

Бу мамлакатда яна бир нарса Икромга маъқул бўлди. Буям бўлса – бир-бирларига мутлақо бегона одамларнинг кўча-кўйда, дўконда, истироҳат боғларида, иш жойларида, қўйингки ҳамма-ҳамма жойда бир-бирларига табассум билан қарашлари, бир-бирларига меҳрибонлик билан муомала қилишлари. Кўча-кўйда ота-онаси елкасидаги ёки болалар аравачидагими бирон гўдакни кўриб қолишса-ку, тамом – баайни мўъжизага дуч келишаётгандай ёш-қари гўдакка ҳайрат ва қувонч билан қарайди, иложини топиб, икки оғиз ширин сўз айтишади, сумка ёки чўнтакларидан ширинлик олиб узатишади…

Ўйлай-ўйлай, охири Икром бунинг сабабини топгандай бўлди – ахир оилада битта, кўпи билан иккита фарзанд бўлгандан кейин, бунинг устига ўн олтига тўлган йигит ёки қиз уйдан чиқиб кетиб, ота-онасидан олисда мустақил ҳаёт кечира бошлашганидан кейин бора-бора бу бечоралар гўдак исига, гўдак табассумига зор бўлиб қолишади, шекилли… Аммо қаршингдаги одамнинг сенга табассум қилиб туриши… Барибир ёқади.

Тўғри, аксар ҳолларда табассум чин юракдан эмас, сунъий, гўё одамлар юзларига табассумдан ниқоб осиб олишгандек. Аммо барибир ёқади-да…

Ҳатто, дастлабки кунлари Икром атрофидагиларга жиддийлик билан қарайвергани боисми, улар хавотирга тушишиб, таржимондан сўрашибди:
– Меҳмонимизнинг бирон муаммоси борми?

Икром кулиб юборишдан ўзини тийиб туролмади. Буни кўрган мезбонлар енгил нафас олишди.

Албатта, дуч келган одамга илжайиб қарайверишнинг ўзи бўлмайди. Бора-бора кечга бориб Икромнинг оғизлари оғриб қоладиган бўлди – ахир кун бўйи куйдирган калладай тиржайиб юришу, дуч келган одамга табассумлар ила оғизни тўлдириб “Хэлло! Хау ду ю ду?” дея айтаверишнинг ўзи бўладими…

* * *

Олис юртдаги эртакмонанд етти ҳафта ҳам ўтди-кетди.

Икром она юртига бир олам орзулар билан қайтди. Оқшом палла самолёт қанотлари остида минглаб чироқлари порлаб турган қадрдон шаҳарини кўрганда эса қувончдан кўзларига ёш тўлди.
Бироқ кўнгилда туғилган орзу бирдан амалга ошиб, ҳаётга татбиқ этилиб қолавермаслигига Икром эртаси куниёқ амин бўлди.

Эрталаб ўзининг танловда иштирок этишига барча шарт-шароитларни яратиб берган ишхонасидагиларнинг ҳар бирига атаб олинган совға-салом ҳамда тушлик маҳали қаҳвахонада уларга бир пиёла чой бериш ниятида ажратиб қўйган пули солинган ҳамёни жойланган кичкина рюкзакни орқасига осиб олган Икром йўналиш таксилари юрадиган бекат томон йўл олди.

Йигитнинг вақти чоғ. Ўз юртингга нима етсин! Майли, озроқ чанг-ғубор бўлсин, йўллариям нотекис бўлсин, аммо барибир бу ўзингники-да.
Шундай ўйлар оғушида чет элда ўрганиб қолган одати бўйича оғзи қулоғида Икром бекатга келди ва тартибсизроқ равишда йўналиш таксисини кутаётган йўловчилар охирроғида туриб олишга уринди.

Йўловчилар асабий тарзда йўлга қараб-қараб қўярдилар. Энг олдинда туриб олган, катак кўйлагига ярашмаган тарзда энли бўйинбоғ тақиб олган қирқ беш ёшлардаги жиккаккина, сочининг тепаси тўкила бошлаган йўловчи оғир уф тортди ва “Йўл-пўлда ўлиб қолганми булар!” дея ғудраниб қўйди. Икром сесканиб кетиб ён-верига қаради, аммо бу ҳақорат йўловчиларга таъсир қилмаганини кўргач, сал енгил нафас олди.

Шу пайт ўттиз ёшлардаги бир семизгина, шу ҳолига торроқ кўйлак кийиб олган жувон оғир рўзғор сумкасини кўтарган томонига қийшайганча ҳарсиллаб-пишиллаб келиб қолди. Икром одобли йўловчи сифатида навбатнинг охири ўзи эканини билдириб қўймоқ мақсадида жувонга жилмайиб қаради.

Лекин… Жувон шу куни чап тарафи билан турган эканми ё ўзи табиатан сал асабийроқми, ишқилиб, Икромнинг табассумига жавобан ўқрайиб, ҳаттоки ғазабланиб қараркан:
– Кўзгинанг тешилсин! – дея қарғаниб қўйди.

Икром қип-қизариб кетганини сезди. Бироқ буни билдирмасликка уриниб, ўзини одобли, зиёли йўловчидай тутишга уринди ва чет элда ўрганиб келган одати бўйича яна бир бор жилмайиб қўяркан, сал энгашиб:
– Келинг, сумкангизни кўтаришворай, – деди.
Ҳар қалай, йигит бу таклифни ўта самимий тарзда айтган эди.

Аммо… нимагадир чўчиб кетиб, ўзини четга олган жувон Икромга адоқсиз нафрат аралаш ғазаб билан қаради-да:
– Торт-э қўлингни! – дея ўшқириб берди.

Икром ёрдам учун қўлини чўзган ҳолида мустар бўлиб туриб қолди. Аммо бир амаллаб жилмайишга уринди. Ўрганиб келганидек. Аёлнинг кескин овози бошқа йўловчиларнинг ҳам эътиборини тортди шекилли, улар шу томонга ўгирилиб қарашди. Икромнинг юзидаги табассум семиз жувонга ёмон таъсир қилдими ё у йигит мени мазах қилаяпти, деб ўйладими, ишқилиб, кўзларииннг пахтаси чиққанча йигитга қараб энди очиқ-ошкор бақириб-қарғаниб берди:
– Гап отаман десанг ёш қизлар қуриб қолганми, ергина юткур! Онанг тенги хотин бўлсам!

Икромнинг бўлари бўлди. Нимадир деб ўзини оқлайин деса, лабини жуфтлашга жуфтлайди-ю, тилига сира гап келмайди. Ҳа, туҳматнинг тоши оғир бўларкан…

Бу орда энг олдинда туриб олган, бўйинбоғли жиккаккина одам гавдасига ярашмаган тарзда йўғон овозда орага қўшилди:
– Маняк бу, синглим, маняк. Бунақалар сизга ўхшаш… нима десам экан… лўмбиллаган, дўндиққиналарни пойлаб юради-юради-да, ана ундан кейин…

Бу гапни эшитган жувон баттар қутуриб кетиб, йигитга бор ғазабини соча бошлади:
– Санга кўрсатиб қўяман бегона хотин кишига гап отиш қанақа бўлишини! Яна иржайиб турганингга ўлайми!.. Қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ўйладингми? Келади, шундаям келадики!..

Орага яна катак кўйлакли йўловчи қўшилди:
– Милицияга бервориш керак бунақаларни! Касалиниям айтиш керак.

Йўловчилар ғала-ғовур қилишиб бу фикрни маъуллай кетишди. Энг ёмони – уларнинг барчаси Икромга нафрат билан, еб юборгудай тикила бошлашганди… Хайрият, Икромнинг бахтига шу пайт йўналиш таксиси келиб қолди-ю, йўловчилар ўзларини “Раф”га уришди.

Шунча олдинда тургани билан, бўйинбоғ таққан банда биринчи бўлиб машинага чиқа олмагани боисми, йўловчилар орасида бўғилиб бақириб-чақирарди:
– Қоч! Қоч дейман! Инсофинг борми, номард!.. Туртма! Туртма мени!..

Барибир, уч-тўрт йўловчи машинага сиғмай қолишди. Энг охирида келганига қарамай, қандайдир мўъжиза билан машинага чиқиб олган бояги семиз жувон эшик ёнидаги митти курсичага ёйилиб жойлашиб ўтириб оларкан, ҳамон жойида қоққан қозиқдай қотиб турган Икромга еб қўйгудай бўлиб тикиларди.

Машина ўрнидан оғир қўзғалди. Икром бекатда қолган уч-тўрт йўловчига бош кўтариб қаролмасди. Қани эди, ер ёрилса-ю, кириб кетса… У қўрғошиндай оғирлашган оёқларини аранг судраб, йўловчиларнинг нафратли нигоҳи остида бекатдан узоқлашди ва бу ердан икки юз қадамча наридаги автобус бекатига бориб турди. Номус, алам туйғулари йигитнинг юзини ловуллатарди…

* * *

Икром автобус бекатида қолган йўловчиларга нимагадир бош кўтариб қарай олмади. Гўё кимлардир ҳамон унга бармоғини бигиз қилиб ўқталиб тургандай…

Тез орада болали хотиндай оғир чайқалиб автобус келди. Икром орқа эшик томон юрди. Бир-бирини туртиб-суртиб салонга интилаётган уч-тўрт ўсмир ортидан энди олдинга юра бошлаган маҳал шундоқ ёнида аёл киши пайдо бўлганини кўрди. Бу беихтиёр юз берди. Ҳатто Икромнинг ўзи ҳам сезмай қолди.

У ортга ярим қадам чекинди ва йигирма беш-ўттиз ёшлардаги жувонга жилмайиб қараб, уни олдинга ўтказиб юбормоқчи бўлди. Бор-йўқ нияти шу эди унинг. Ахир дунёни кўриб келди. У юртларда аёл кишилар жамоат транспортига навбатсиз чиқишарди. Аёл кишига ҳурмат дегандай.

Аммо… Жувон бирдан тўхтади ва ўзига жилмайиб қараб турган йигитга қараб шартта:
– Одам кўрмаганмисан, бунча чақчаясан, харип?! – деди.

Йигит тамомила довдираб-эсанкираб қолди. Ҳатто, табассуми ҳам юзидан сидирилиб тушди.
Бир гап билан нотаниш “ухажёр”ни боплаганидан мамнун бўлган жувон липиллаб автобусга чиқиб олди. Эшик қарсиллаб ёпилди. Автобус чанг кўтарганча ўрнидан оғир қўзғалди.
Кимдир боплаб тарсаки туширгандай икки чаккаси ловуллаётган Икром жойида бўшашиб туриб қолди.

* * *

Қандайдир адолатсизлик, бемаъни тушунмовчилик юз бераётгандай эди. Ахир Икром… Бор-йўғи хорижда кўрганларини…

Йигит бир-бир босиб бекатга қайтди. Унинг кайфияти расвойи раддибало бўлиб кетганди. Бунақа аҳволда жилмайиб бўладими? Яхшиям бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким қолмагани. Акс ҳолда… ўлганнинг устига тепган бўлиб…

Шу пайт Икромнинг ёнгинасида машина сигнали чалинди. Йигит чўчиб шу томонга қаради. Анча оҳори кетган сариқ “Жигули”. Ҳайдовчининг ёнида бир йўловчи ўтирибди. Ўрта ёшлардаги, қорувли ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб:
– Қаёққа борасан, ука? – дея сўради.

Саволнинг дўқ аралаш берилганлиги, бунинг устига таксичининг умрида биринчи марта кўриб турган одамига “сен”лаб мурожаат қилаётгани сал оғир ботган бўлса-да, Икром ўрганиб қолган одатига кўра ёлғондан бўлса ҳам беихтиёр жилмайди ва манзилини айтди.

Таксичи ўйланиб қолди. Сўнг:
– Йўли тескари экан, – деди негадир баттар қовоғи уйилиб. – Майли. Соққасини келишсак ташлаб қўяман.
– Қанча? – аранг сўрай олди Икром.

Ҳайдовчи анча катта пул айтди. Аммо Икром савдолашиб ўтирмади. Зеро, унинг ўзини шармандаи шармисор қилган бу бекатдан тезроқ узоқлашгиси келарди.

Йигит орқа ўриндиққга ўтираркан, машинадагиларга “Ассалому алайкум”, деб қўйишни унутмади. Бунга жавобан иккалови ҳам миқ этишмади. Аксинча, ҳайдовчи баттар пешонасини тириштириб, ҳурпайиб олди. У, афтидан, бу ташқи кўринишидан ва ўзини тутишидан содда-гўл йўловчидан бир йўла янада кўпроқ пул сўрамаганидан афсусланмоқда эди.

Машинада радио ёки магнитофон ҳам йўқ экан. Худди уришган ёки гунг одамлардай бу тарзда жим кетавериш Икромга ўнғайсизроқ туюлди. У гап бошлашга баҳона қидираркан, ҳайдовчининг ёнида дунёнинг жами ғами бошига тушгандай тумтайиб, эзилиб, номаълум нуқтага бақрайганча тикилиб кетаётган, йўғон бўйнини жун босган йўловчига қаради. Йўловчи кўзига иссиқ кўринди. Икром бу тумтайган йўловчи томон ним эгилган кўйи табассум билан мурожаат этди:
– Кечирасиз, сизни қаердадир кўргандайман…

Ўзига мурожаат этишаётганини фаҳмлади шекилли, йўловчи бошини овоз келган томонга бурди. Икром қўрқиб кетди: унинг чағир кўзларида милсиз нафрат ва ёвузона таҳдид акс этарди.
– Ҳа, ман катта холангнинг тўртинчи эриман, – хириллади йўловчи. – Гапинг борми?

Икром сесканиб ўзини орқага ташлади. Ҳайдовчи пихиллаб кулди. Сўнг қаршисидаги кўзгудан Икромга боқиб, мазахомуз оҳангда деди:
– Чакиб олганмисан, нима бало, куйдирган калладай тиржайганинг-тиржайган!

Икром беихтиёр “Йўғ-э!” деб юбораркан, шу заҳоти юзидаги табассум сўниб, унинг ўрнини тошдай ҳиссизлик эгаллади. Энди бу юзни гўё ёғочдан ўйиб ишлашгандай эди – унда ҳис-туйғудан асар ҳам кўринмасди…
– Бўлмаса валдирамасдан жим кетавер, – ўзича насиҳат қилган бўлди ҳайдовчи. – Чарчаган одамга битта гап ҳам ортиқча.

Икром “Ахир кун эндигина бошланди-ку, қанақасига чарчаган бўлайлик?” деб эътироз билдирмоқчи эди, аммо вақтида тилини тишлаб қолди.
Ўсал бўлган Икром йўл бўйи миқ этмай келди. Ҳайдовчи бирданига кўп пул сўрамаганининг аламини олгиси келдими, ичкарига қайрилиб ўтирмай, катта йўл бўйида, ишхонадан анча берида тўхтатди машинасини. Икром пулни узатди ва барибир индамай тушиб кетгиси келмасдан “Раҳмат!” деб қўйди. У эшикни ёпаётган палла ҳайдовчининг яна пихиллаб кулганини ва “Булар чакса шунақа одобли бўлиб қолишади”, деганини эшитди.

* * *

Икром ишхонасига довур деярли бир бекат масофани пиёда босиб ўтди. “Чойдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деганларидек, энди у атрофга, қаршисидан пешвоз чиқаётган йўловчиларга алланечук ҳадиксираб қарай бошлаганди.

Ниҳоят, ниҳоят ишхонанинг муаззам биноси кўринди. Енгил тортган Икром кўксини тўлдириб нафас олди ва яна бир неча дақиқадан кейин ҳамкасбларига совғаларни қандай улашишини, тушлик маҳали эса қаҳвахонада бир пиёла чой, аниқроғи, тўкин дастурхон устида сафар таассуротларини қандай тўлиб-тошиб сўзлаб беришини тасаввур қилди-ю, ҳаяжонланиб кетди. Ҳаяжон эса йигитчанинг юзини яшнатди. Унинг лабларига табассум югурди, кўзлари ўт бўлиб чақнади.

Худди шу маҳал… Икром буни кутмаганди, бунга ҳатто умид ҳам қилмай қўйганди. Аммо йигит ўз кўзлари билан кўрди: йўлнинг шундоққина нариги тарафида турган йигирма-йигирма беш ёшлардаги, кўҳликкина, чиройли қоматини кўз-кўзлаётгандай анчайин очиқ-сочиқ либос кийган жувон шу томонга жилмайиб қараб қўйди.

Икромнинг етмиш икки томири бўшашиб кетгандай бўлди. “Бор экан-ку…” Йигитнинг кўнглидан беихтиёр шу ўй, шу шукроналик кечди. Биргина табассум-а… Бор-йўғи биргина табассум… Инсон кайфияти кўтарилиши, оламга, одамга қувонч-ҳаяжон билан термулиши учун бундан ортиқ нима керак ахир… Тирикликнинг ўзи шу билан гўзал эмасми ахир…

Бояги хижиллик, ўсаллик – бари-бариси унутилгандай бўлди. Олам яна қуёш нурларига ғарқ бўлди. Икром қаддини ростлади ва тетик-дадил қадам ташлаган кўйи йўлни кесиб ўтди. Бояги жувон ҳамон жойида йигитга табассум билан қараб турарди.
– Салом, – деди қизга яқинлашган маҳал Икром худди йигирма йиллик қадрдонини кўриб қолгандай самимий қувонч билан.

Не тонгки, оғзи қулоғига етган жувон ҳам шундоқ кўтаринки оҳангда жавоб қилди:
– Салом…
Мана, саломлашилди. Икки инсон бир-бирига жилмайиб қаради. Бўлди. Вассалом. Айтиш мумкинки, қиёмат қарз, инсонийлик бурчи адо этилди. Шу билан ҳар иккаловининг кайфияти кўтарилди. Энди ҳар иккалови мана шу кўтаринки кайфиятда ўз йўлларида давом этишса бўлади.

Икром мана шундай қилмоқчи бўлди. Бироқ ўз табассумига ғарқ жувон эҳтиром ила:
– Муаммо борми? – деб сўраганини эшитгач, жойида таққа тўхтади.
Йигит энтикиб кетди. Саволнинг нақадар танишлигини!

Ногаҳон Икром йўлнинг нариги тарафидаги ишхона эшиги ёнида йиғилишиб турган ҳамкасблари шу томонга деярли чопиб кела бошлашганини кўриб қолдию, шоша-пиша рюкзагини ечди. Ҳар қалай, қучоқлашиб кўришишлари аниқ. Рюкзак эса халақит беради. Буни жувон ҳам фаҳмлади чоғи, ўшандоқ хуш-хандон кайфиятда, узун-узун бармоқларини кўз-кўзлаётгандай аста қўл чўзди-да:
– Рухсат этинг, – дея нозик бир ҳаракат ила рюкзакни олиб ерга, шундоққина узун-узун оёқлари ёнига қўйди.

Бу қадар меҳрибончиликдан, иззат-ҳурматдан тўлиқиб кетган Икром ҳатто бир оғиз миннатдорчилик билдиришга ҳам улгуролмай қолди. Илло етиб келган ҳамкасбларнинг биринчи гуруҳи унга ташланишган эди.

Барибир, аёл кишини овора қилганидан хижолат чекаётган, бироқ айни пайтда кўзларидан тирқираб отилган қувонч, шукроналик ёшларини тия олмаётган Икром ачом-ачомлар орасида бир амаллаб ортига ўгирилди. Аммо рюкзак жойида йўқ эди. Аёл ҳам…

67

Abduqayum Yo’ldoshev
MUAMMO
045

091Abduqayum Yo’ldosh 1962 yil 29 fevralda Samarqand viloyatining Qo’shrabot tumanida tug’ilgan.Toshkent Politexnika institutini (hozirgi Texnika universiteti) bitirgan (1985). «Qaro ko’zim. Shayx ur-rais» (1990), «Sunbulaning ilk shanbasi» (1998), «Timsohning ko’z yoshlari» (2003), «Parvoz» (2004), «Bir tun va bir umr» (2007) kabi kitoblari nashr etilgan.R. Bredberi, A. Kristi, F. Braun, E. Potter hikoyalarini, YE. Berezikovning «Buyuk Temur» romanini (H. Shayxov bilan hamkorlikda), P. Shermuxamedovning «Buyuk Xorazmiy» romanlarini o’zbekchaga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999)..

045

 

Xudo “Ol, qulim!” deb turgan ekanmi, Ikrom komp`yuter dasturchilari tanlovida yutib chiqdi-yu, Yevropa mamlakatlardan biriga sayohat yo’llanmasiga ega bo’ldi! Borish-kelish, yashash, ovqatlanish, qo’yingki, hamma xarajatlar tashkilotchilar zimmasida ekan!
Quvonchdan Ikromning boshi osmonga yetdi.

* * *

…Hammayoq yam-yashil. Yo’llar oynaday tekis. Chang, g’ubor ko’rinmaydi. Hatto dastlabki kunlari Ikrom daraxtlar, butalar barglarining bu qadar tozaligidan hayratga tushib, ularni kechasi yuvib qo’yisharmikan, degan o’yga ham bordi; o’z taxminining to’g’ri-noto’g’riligini aniqlash uchun bir-ikkita bargni yalab ham ko’rdi. Ammo tarjimon buni osongina izohlab berdi:
– Havo namchilroq. Chang yo’q. Shu sababli barglar top-toza turaveradi…
Darhaqiqat, tarjimonning gapini isbotlaganday, Ikrom bir hafta mobaynida kiyib yurgan ko’ylagining yoqasida zarracha bo’lsa ham kir ko’rinmadi. Vaholanki, qishlog’ida ekanida har kuni ko’ylagani almashtirmasa bo’lmasdi…

Bu mamlakat odamlari nima uchun xonalarga, hattoki ba’zan yotoqxonalariga bemalol tuflilarda kirib ketaverishi sababini ham Ikrom ana shunda tushundi: axir, tuflilar yaltirab turibdi, chang yo’q. Buning ustiga, odamlar uyning ichidan garajlariga o’tishadi, mashinaga o’tirib ofislarining oldiga qadar kelishadi, yana tep-tekis, ba’zan gilamcha to’shalgan yo’lakdan yurib ish kabinetlariga kirishadi. Bunaqa sharoitda chang qayoqdan paydo bo’lsin!
Lekin bu mamlakatda hamma narsa ham Ikromga yoqavermadi. Deylik, ertalab uyqudan uyg’ongan odamlar yuzlarini yuvmasdan burun, to’shakda yotib qahva ichishadimi-yey, yo bo’lmasa shu hollarida gaplashib ketaveradilarmi-yey…

Ikrom qishlog’ini esladi: sahar uyg’onganidan so’ng, yuzini yuvmasdan turib nainki ota-onasi, balki aka-ukalariga ham ko’rinmasdi, ular bilan gaplashish-ku, inchunin…
Ingliz tilini o’rgana boshlagan Ikrom bir kuni internetdan mamlakat parlamenti saytiga kirdi va so’zlarni hijjalab tarjima qila-qila, axiyri deputatlarning bir guruhi… ko’chada itlarni qanday qilib olib yurish to’g’risida qonun tayyorlayotganini tushunganday bo’ldi.
Ikrom angrayib qoldi. “Noto’g’ri tarjima qildim shekilli”, degan xavotirda ertasi kuni tarjimondan so’radi.
– To’ppa-to’g’ri, – bamaylixotir javob qildi tarjimon.
– Axir… – battar hayratlanib so’radi Ikrom, – axir deputatlarning bundan boshqa ishi yo’qmi?

Tarjimon baayni ikki karra ikki to’rt ekanligi haqidagi oddiy haqiqatni uqtirayotganday yana pinak buzmadi:
– Axir boshqa barcha kerakli qonunlar allaqachon ishlab chiqilgan bo’lsa, deputatlar nima qilishsin?
Javobdagi mantiq Ikromning popugini pasaytirib qo’ydi…

Bu mamlakatda yana bir narsa Ikromga ma’qul bo’ldi. Buyam bo’lsa – bir-birlariga mutlaqo begona odamlarning ko’cha-ko’yda, do’konda, istirohat bog’larida, ish joylarida, qo’yingki hamma-hamma joyda bir-birlariga tabassum bilan qarashlari, bir-birlariga mehribonlik bilan muomala qilishlari. Ko’cha-ko’yda ota-onasi yelkasidagi yoki bolalar aravachidagimi biron go’dakni ko’rib qolishsa-ku, tamom – baayni mo»jizaga duch kelishayotganday yosh-qari go’dakka hayrat va quvonch bilan qaraydi, ilojini topib, ikki og’iz shirin so’z aytishadi, sumka yoki cho’ntaklaridan shirinlik olib uzatishadi…

O’ylay-o’ylay, oxiri Ikrom buning sababini topganday bo’ldi – axir oilada bitta, ko’pi bilan ikkita farzand bo’lgandan keyin, buning ustiga o’n oltiga to’lgan yigit yoki qiz uydan chiqib
ketib, ota-onasidan olisda mustaqil hayot kechira boshlashganidan keyin bora-bora bu bechoralar go’dak isiga, go’dak tabassumiga zor bo’lib qolishadi, shekilli… Ammo qarshingdagi odamning senga tabassum qilib turishi… Baribir yoqadi.

To’g’ri, aksar hollarda tabassum chin yurakdan emas, sun’iy, go’yo odamlar yuzlariga tabassumdan niqob osib olishgandek. Ammo baribir yoqadi-da…

Hatto, dastlabki kunlari Ikrom atrofidagilarga jiddiylik bilan qarayvergani boismi, ular xavotirga tushishib, tarjimondan so’rashibdi:
– Mehmonimizning biron muammosi bormi?
Ikrom kulib yuborishdan o’zini tiyib turolmadi. Buni ko’rgan mezbonlar yengil nafas olishdi.
Albatta, duch kelgan odamga iljayib qarayverishning o’zi bo’lmaydi. Bora-bora kechga borib Ikromning og’izlari og’rib qoladigan bo’ldi – axir kun bo’yi kuydirgan kalladay tirjayib yurishu, duch kelgan odamga tabassumlar ila og’izni to’ldirib “Xello! Xau du yu du?” deya aytaverishning o’zi bo’ladimi…

* * *

Olis yurtdagi ertakmonand yetti hafta ham o’tdi-ketdi.
Ikrom ona yurtiga bir olam orzular bilan qaytdi. Oqshom palla samolyot qanotlari ostida minglab chiroqlari porlab turgan qadrdon shaharini ko’rganda esa quvonchdan ko’zlariga yosh to’ldi.
Biroq ko’ngilda tug’ilgan orzu birdan amalga oshib, hayotga tatbiq etilib qolavermasligiga Ikrom ertasi kuniyoq amin bo’ldi.

Ertalab o’zining tanlovda ishtirok etishiga barcha shart-sharoitlarni yaratib bergan ishxonasidagilarning har biriga atab olingan sovg’a-salom hamda tushlik mahali qahvaxonada ularga bir piyola choy berish niyatida ajratib qo’ygan puli solingan hamyoni joylangan kichkina ryukzakni orqasiga osib olgan Ikrom yo’nalish taksilari yuradigan bekat tomon yo’l oldi.
Yigitning vaqti chog’. O’z yurtingga nima yetsin! Mayli, ozroq chang-g’ubor bo’lsin, yo’llariyam notekis bo’lsin, ammo baribir bu o’zingniki-da.
Shunday o’ylar og’ushida chet elda o’rganib qolgan odati bo’yicha og’zi qulog’ida Ikrom bekatga keldi va tartibsizroq ravishda yo’nalish taksisini kutayotgan yo’lovchilar oxirrog’ida turib olishga urindi.

Yo’lovchilar asabiy tarzda yo’lga qarab-qarab qo’yardilar. Eng oldinda turib olgan, katak ko’ylagiga yarashmagan tarzda enli bo’yinbog’ taqib olgan qirq besh yoshlardagi jikkakkina, sochining tepasi to’kila boshlagan yo’lovchi og’ir uf tortdi va “Yo’l-po’lda o’lib qolganmi bular!” deya g’udranib qo’ydi. Ikrom seskanib ketib yon-veriga qaradi, ammo bu haqorat yo’lovchilarga ta’sir qilmaganini ko’rgach, sal yengil nafas oldi.
Shu payt o’ttiz yoshlardagi bir semizgina, shu holiga torroq ko’ylak kiyib olgan juvon og’ir ro’zg’or sumkasini ko’targan tomoniga qiyshaygancha harsillab-pishillab kelib qoldi. Ikrom odobli yo’lovchi sifatida navbatning oxiri o’zi ekanini bildirib qo’ymoq maqsadida juvonga jilmayib qaradi.
Lekin… Juvon shu kuni chap tarafi bilan turgan ekanmi yo o’zi tabiatan sal asabiyroqmi, ishqilib, Ikromning tabassumiga javoban o’qrayib, hattoki g’azablanib qararkan:
– Ko’zginang teshilsin! – deya qarg’anib qo’ydi.

Ikrom qip-qizarib ketganini sezdi. Biroq buni bildirmaslikka urinib, o’zini odobli, ziyoli yo’lovchiday tutishga urindi va chet elda o’rganib kelgan odati bo’yicha yana bir bor jilmayib qo’yarkan, sal engashib:
– Keling, sumkangizni ko’tarishvoray, – dedi.
Har qalay, yigit bu taklifni o’ta samimiy tarzda aytgan edi.
Ammo… nimagadir cho’chib ketib, o’zini chetga olgan juvon Ikromga adoqsiz nafrat aralash g’azab bilan qaradi-da:
– Tort-e qo’lingni! – deya o’shqirib berdi.

Ikrom yordam uchun qo’lini cho’zgan holida mustar bo’lib turib qoldi. Ammo bir amallab jilmayishga urindi. O’rganib kelganidek. Ayolning keskin ovozi boshqa yo’lovchilarning ham e’tiborini tortdi shekilli, ular shu tomonga o’girilib qarashdi. Ikromning yuzidagi tabassum semiz juvonga yomon ta’sir qildimi yo u yigit meni mazax qilayapti, deb o’yladimi, ishqilib, ko’zlariinng paxtasi chiqqancha yigitga qarab endi ochiq-oshkor baqirib-qarg’anib berdi:
– Gap otaman desang yosh qizlar qurib qolganmi, yergina yutkur! Onang tengi xotin bo’lsam!
Ikromning bo’lari bo’ldi. Nimadir deb o’zini oqlayin desa, labini juftlashga juftlaydi-yu, tiliga sira gap kelmaydi. Ha, tuhmatning toshi og’ir bo’larkan…

Bu orda eng oldinda turib olgan, bo’yinbog’li jikkakkina odam gavdasiga yarashmagan tarzda yo’g’on ovozda oraga qo’shildi:
– Manyak bu, singlim, manyak. Bunaqalar sizga o’xshash… nima desam ekan… lo’mbillagan, do’ndiqqinalarni poylab yuradi-yuradi-da, ana undan keyin…
Bu gapni eshitgan juvon battar quturib ketib, yigitga bor g’azabini socha boshladi:
– Sanga ko’rsatib qo’yaman begona xotin kishiga gap otish qanaqa bo’lishini! Yana irjayib turganingga o’laymi!.. Qo’lidan hech narsa kelmaydi deb o’yladingmi? Keladi, shundayam keladiki!..

Oraga yana katak ko’ylakli yo’lovchi qo’shildi:
– Militsiyaga bervorish kerak bunaqalarni! Kasaliniyam aytish kerak.
Yo’lovchilar g’ala-g’ovur qilishib bu fikrni ma’ullay ketishdi. Eng yomoni – ularning barchasi Ikromga nafrat bilan, yeb yuborguday tikila boshlashgandi… Xayriyat, Ikromning baxtiga shu payt yo’nalish taksisi kelib qoldi-yu, yo’lovchilar o’zlarini “Raf”ga urishdi.

Shuncha oldinda turgani bilan, bo’yinbog’ taqqan banda birinchi bo’lib mashinaga chiqa olmagani boismi, yo’lovchilar orasida bo’g’ilib baqirib-chaqirardi:
– Qoch! Qoch deyman! Insofing bormi, nomard!.. Turtma! Turtma meni!..
Baribir, uch-to’rt yo’lovchi mashinaga sig’may qolishdi. Eng oxirida kelganiga qaramay, qandaydir mo»jiza bilan mashinaga chiqib olgan boyagi semiz juvon eshik yonidagi mitti kursichaga yoyilib joylashib o’tirib olarkan, hamon joyida qoqqan qoziqday qotib turgan Ikromga yeb qo’yguday bo’lib tikilardi.
Mashina o’rnidan og’ir qo’zg’aldi. Ikrom bekatda qolgan uch-to’rt yo’lovchiga bosh ko’tarib qarolmasdi. Qani edi, yer yorilsa-yu, kirib ketsa… U qo’rg’oshinday og’irlashgan oyoqlarini arang sudrab, yo’lovchilarning nafratli nigohi ostida bekatdan uzoqlashdi va bu yerdan ikki yuz qadamcha naridagi avtobus bekatiga borib turdi. Nomus, alam tuyg’ulari yigitning yuzini lovullatardi…

* * *

Ikrom avtobus bekatida qolgan yo’lovchilarga nimagadir bosh ko’tarib qaray olmadi. Go’yo kimlardir hamon unga barmog’ini bigiz qilib o’qtalib turganday…
Tez orada bolali xotinday og’ir chayqalib avtobus keldi. Ikrom orqa eshik tomon yurdi. Bir-birini turtib-surtib salonga intilayotgan uch-to’rt o’smir ortidan endi oldinga yura boshlagan mahal shundoq yonida ayol kishi paydo bo’lganini ko’rdi. Bu beixtiyor yuz berdi. Hatto Ikromning o’zi ham sezmay qoldi.

U ortga yarim qadam chekindi va yigirma besh-o’ttiz yoshlardagi juvonga jilmayib qarab, uni oldinga o’tkazib yubormoqchi bo’ldi. Bor-yo’q niyati shu edi uning. Axir dunyoni ko’rib keldi. U yurtlarda ayol kishilar jamoat transportiga navbatsiz chiqishardi. Ayol kishiga hurmat deganday.
Ammo… Juvon birdan to’xtadi va o’ziga jilmayib qarab turgan yigitga qarab shartta:
– Odam ko’rmaganmisan, buncha chaqchayasan, xarip?! – dedi.

Yigit tamomila dovdirab-esankirab qoldi. Hatto, tabassumi ham yuzidan sidirilib tushdi.
Bir gap bilan notanish “uxajyor”ni boplaganidan mamnun bo’lgan juvon lipillab avtobusga chiqib oldi. Eshik qarsillab yopildi. Avtobus chang ko’targancha o’rnidan og’ir qo’zg’aldi.
Kimdir boplab tarsaki tushirganday ikki chakkasi lovullayotgan Ikrom joyida bo’shashib turib qoldi.

* * *

Qandaydir adolatsizlik, bema’ni tushunmovchilik yuz berayotganday edi. Axir Ikrom… Bor-yo’g’i xorijda ko’rganlarini…
Yigit bir-bir bosib bekatga qaytdi. Uning kayfiyati rasvoyi raddibalo bo’lib ketgandi. Bunaqa ahvolda jilmayib bo’ladimi? Yaxshiyam bekatda o’zidan boshqa hech kim qolmagani. Aks holda… o’lganning ustiga tepgan bo’lib…

Shu payt Ikromning yonginasida mashina signali chalindi. Yigit cho’chib shu tomonga qaradi. Ancha ohori ketgan sariq “Jiguli”. Haydovchining yonida bir yo’lovchi o’tiribdi. O’rta yoshlardagi, qoruvli haydovchi oynadan boshini chiqarib:
– Qayoqqa borasan, uka? – deya so’radi.
Savolning do’q aralash berilganligi, buning ustiga taksichining umrida birinchi marta ko’rib turgan odamiga “sen”lab murojaat qilayotgani sal og’ir botgan bo’lsa-da, Ikrom o’rganib qolgan odatiga ko’ra yolg’ondan bo’lsa ham beixtiyor jilmaydi va manzilini aytdi.
Taksichi o’ylanib qoldi. So’ng:
– Yo’li teskari ekan, – dedi negadir battar qovog’i uyilib. – Mayli. Soqqasini kelishsak tashlab qo’yaman.
– Qancha? – arang so’ray oldi Ikrom.

Haydovchi ancha katta pul aytdi. Ammo Ikrom savdolashib o’tirmadi. Zero, uning o’zini sharmandai sharmisor qilgan bu bekatdan tezroq uzoqlashgisi kelardi.
Yigit orqa o’rindiqqga o’tirarkan, mashinadagilarga “Assalomu alaykum”, deb qo’yishni unutmadi. Bunga javoban ikkalovi ham miq etishmadi. Aksincha, haydovchi battar peshonasini tirishtirib, hurpayib oldi. U, aftidan, bu tashqi ko’rinishidan va o’zini tutishidan sodda-go’l yo’lovchidan bir yo’la yanada ko’proq pul so’ramaganidan afsuslanmoqda edi.
Mashinada radio yoki magnitofon ham yo’q ekan. Xuddi urishgan yoki gung odamlarday bu tarzda jim ketaverish Ikromga o’ng’aysizroq tuyuldi. U gap boshlashga bahona qidirarkan, haydovchining yonida dunyoning jami g’ami
boshiga tushganday tumtayib, ezilib, noma’lum nuqtaga baqraygancha tikilib ketayotgan, yo’g’on bo’ynini jun bosgan yo’lovchiga qaradi. Yo’lovchi ko’ziga issiq ko’rindi. Ikrom bu tumtaygan yo’lovchi tomon nim egilgan ko’yi tabassum bilan murojaat etdi:

– Kechirasiz, sizni qaerdadir ko’rgandayman…

O’ziga murojaat etishayotganini fahmladi shekilli, yo’lovchi boshini ovoz kelgan tomonga burdi. Ikrom qo’rqib ketdi: uning chag’ir ko’zlarida milsiz nafrat va yovuzona tahdid aks
etardi.

– Ha, man katta xolangning to’rtinchi eriman, – xirilladi yo’lovchi. – Gaping bormi?
Ikrom seskanib o’zini orqaga tashladi. Haydovchi pixillab kuldi. So’ng qarshisidagi ko’zgudan Ikromga boqib, mazaxomuz ohangda dedi:
– Chakib olganmisan, nima balo, kuydirgan kalladay tirjayganing-tirjaygan!

Ikrom beixtiyor “Yo’g’-e!” deb yuborarkan, shu zahoti yuzidagi tabassum so’nib, uning o’rnini toshday hissizlik egalladi. Endi bu yuzni go’yo yog’ochdan o’yib ishlashganday edi – unda his-tuyg’udan asar ham ko’rinmasdi…
– Bo’lmasa valdiramasdan jim ketaver, – o’zicha nasihat qilgan bo’ldi haydovchi. – Charchagan odamga bitta gap ham ortiqcha.
Ikrom “Axir kun endigina boshlandi-ku, qanaqasiga charchagan bo’laylik?” deb e’tiroz bildirmoqchi edi, ammo vaqtida tilini tishlab qoldi.
O’sal bo’lgan Ikrom yo’l bo’yi miq etmay keldi. Haydovchi birdaniga ko’p pul so’ramaganining alamini olgisi keldimi, ichkariga qayrilib o’tirmay, katta yo’l bo’yida, ishxonadan ancha berida to’xtatdi mashinasini. Ikrom pulni uzatdi va baribir indamay tushib ketgisi kelmasdan “Rahmat!” deb qo’ydi. U eshikni yopayotgan palla haydovchining yana pixillab kulganini va “Bular chaksa shunaqa odobli bo’lib qolishadi”, deganini eshitdi.

* * *

Ikrom ishxonasiga dovur deyarli bir bekat masofani piyoda bosib o’tdi. “Choydan og’zi kuygan qatiqni ham puflab ichadi” deganlaridek, endi u atrofga, qarshisidan peshvoz chiqayotgan yo’lovchilarga allanechuk hadiksirab qaray boshlagandi.
Nihoyat, nihoyat ishxonaning muazzam binosi ko’rindi. Yengil tortgan Ikrom ko’ksini to’ldirib nafas oldi va yana bir necha daqiqadan keyin hamkasblariga sovg’alarni qanday ulashishini, tushlik mahali esa qahvaxonada bir piyola choy, aniqrog’i, to’kin dasturxon ustida safar taassurotlarini qanday to’lib-toshib so’zlab berishini tasavvur qildi-yu, hayajonlanib ketdi. Hayajon esa yigitchaning yuzini yashnatdi. Uning lablariga tabassum yugurdi, ko’zlari o’t bo’lib chaqnadi.

Xuddi shu mahal… Ikrom buni kutmagandi, bunga hatto umid ham qilmay qo’ygandi. Ammo yigit o’z ko’zlari bilan ko’rdi: yo’lning shundoqqina narigi tarafida turgan yigirma-yigirma besh yoshlardagi, ko’hlikkina, chiroyli qomatini ko’z-ko’zlayotganday anchayin ochiq-sochiq libos kiygan juvon shu tomonga jilmayib qarab qo’ydi.
Ikromning yetmish ikki tomiri bo’shashib ketganday bo’ldi. “Bor ekan-ku…” Yigitning ko’nglidan beixtiyor shu o’y, shu shukronalik kechdi. Birgina tabassum-a… Bor-yo’g’i birgina tabassum… Inson kayfiyati ko’tarilishi, olamga, odamga quvonch-hayajon bilan termulishi uchun bundan ortiq nima kerak axir… Tiriklikning o’zi shu bilan go’zal emasmi axir…

Boyagi xijillik, o’sallik – bari-barisi unutilganday bo’ldi. Olam yana quyosh nurlariga g’arq bo’ldi. Ikrom qaddini rostladi va tetik-dadil qadam tashlagan ko’yi yo’lni kesib o’tdi. Boyagi juvon hamon joyida yigitga tabassum bilan qarab turardi.
– Salom, – dedi qizga yaqinlashgan mahal Ikrom xuddi yigirma yillik qadrdonini ko’rib qolganday samimiy quvonch bilan.
Ne tongki, og’zi qulog’iga yetgan juvon ham shundoq ko’tarinki ohangda javob qildi:
– Salom…
Mana, salomlashildi. Ikki inson bir-biriga jilmayib qaradi. Bo’ldi. Vassalom. Aytish mumkinki, qiyomat qarz, insoniylik burchi ado etildi. Shu bilan har ikkalovining kayfiyati ko’tarildi. Endi har ikkalovi mana shu ko’tarinki kayfiyatda o’z yo’llarida davom etishsa bo’ladi.

Ikrom mana shunday qilmoqchi bo’ldi. Biroq o’z tabassumiga g’arq juvon ehtirom ila:
– Muammo bormi? – deb so’raganini eshitgach, joyida taqqa to’xtadi.
Yigit entikib ketdi. Savolning naqadar tanishligini!

Nogahon Ikrom yo’lning narigi tarafidagi ishxona eshigi yonida yig’ilishib turgan hamkasblari shu tomonga deyarli chopib kela boshlashganini ko’rib qoldiyu, shosha-pisha ryukzagini yechdi. Har qalay, quchoqlashib ko’rishishlari aniq. Ryukzak esa xalaqit beradi. Buni juvon ham fahmladi chog’i, o’shandoq xush-xandon kayfiyatda, uzun-uzun barmoqlarini ko’z-ko’zlayotganday asta qo’l cho’zdi-da:
– Ruxsat eting, – deya nozik bir harakat ila ryukzakni olib yerga, shundoqqina uzun-uzun oyoqlari yoniga qo’ydi.

Bu qadar mehribonchilikdan, izzat-hurmatdan to’liqib ketgan Ikrom hatto bir og’iz minnatdorchilik bildirishga ham ulgurolmay qoldi. Illo yetib kelgan hamkasblarning birinchi guruhi unga tashlanishgan edi.

Baribir, ayol kishini ovora qilganidan xijolat chekayotgan, biroq ayni paytda ko’zlaridan tirqirab otilgan quvonch, shukronalik yoshlarini tiya olmayotgan Ikrom achom-achomlar orasida bir amallab ortiga o’girildi. Ammo ryukzak joyida yo’q edi. Ayol ham…

56

(Tashriflar: umumiy 218, bugungi 1)

Izoh qoldiring