Abdurauf Fitrat. Muxtasar Islom tarixi

qur'oni karim

Йигирманчи асрдаги айрим ҳужжат ва хотираномаларнинг гувоҳлик беришига кўра, Абдурауф Фитрат Истамбулдан қайтгач (1914), усули жадида ва мадрасалар ташкил этиб, унинг ўзи бу илмгоҳларда туркий ва форсий адабиётлар тарихи, исломшунослик ва шарқ тилларидан сабоқ ўқиган. «Мухтасар Ислом тарихи» ана шу илмгоҳлар талабалари учун қўлланма тарзида ёзилган эди. Услубнинг соддалигидан ва наҳвий (стилистик) қурилиши жиҳатидан бу қўлланма Фитрат маърузаларининг матни экани ҳам аёндир.

04

ФИТРАТ РИСОЛАСИ ҲАҚИДА

04

Йигирманчи асрдаги айрим ҳужжат ва хотираномаларнинг гувоҳлик беришига кўра, Абдурауф Фитрат Истамбулдан қайтгач (1914), усули жадида ва мадрасалар ташкил этиб, унинг ўзи бу илмгоҳларда туркий ва форсий адабиётлар тарихи, исломшунослик ва шарқ тилларидан сабоқ ўқиган. «Мухтасар Ислом тарихи» ана шу илмгоҳлар талабалари учун қўлланма тарзида ёзилган эди. Услубнинг соддалигидан ва наҳвий (стилистик) қурилиши жиҳатидан бу қўлланма Фитрат маърузаларининг матни экани ҳам аёндир. Асардага воқеа тасвирининг нотугаллигидан англаш мумкинки, бу манба асарнинг тўла матни эмас. Шундай экан, унинг давоми бўлиши табиий. Бироқ манба сақланаётган маҳкама ходимларининг қайдларига кўра, асарнинг тугал нусхаси шудир. Таржимага 1915 (ҳижрий 1333) Газаров матбаасида чоп этилган, «Императорский исторический Московский музей» (Москва императорлик тарих музейи)да ХII 28411 рақами билан сақланаётган нашр асос қилиб олинди.

Айни даврда Фитрат билан баробар Маҳмудхўжа Беҳбудий (1914), Шокир Сулаймон (1918) каби адиблар ҳам «Қисқа Ислом тарихи» тузганлари манбаларла қайд этилган. Бироқ Фитратнинг асари воқеаларнинг аниқ, жонли ифодаси, миллатпарварлик руҳи тасвир қатига сингдирилгани ва холис ёзилгани билан улардан фарқланади (диний ислоҳларни қўллашда дабдабали усул ва сунъий илтифот сезилмайди). Ҳозирда китобхонлар орасида тарқалган Алихонтўра Шокирхўжа ўғли Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадия» китобидан ва Билкиз Аладдиннинг «Муҳаммад тарихи» ва бошқа шу хилдаги асарлар билан чоғиштирилганда  Фитратдаги чуқур профессионализмни англаш қийин эмас.

Ислом тарихини Оврупо назаридан кузатган олим ва адиблар — О.Г.Болъшаковнинг «Халифалик тарихи», Л.И.Климовичнинг «Қуръон ҳақида китоб», В.Панова ва Ю.Вахтиннинг «Муҳаммад ҳаёти»ни эътиқод ва ихлос жиҳатидан Фитрат асарига чоғиштиришга ҳожат қолмайди.

Ҳамидулла Болтабоев

04

МУХТАСАР ИСЛОМ ТАРИХИ
Абдурауф Фитрат

04

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

МУҚАДДИМА

Тарих таърифи

Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир.

Тарих тақсими

Тарих икки қисмдан иборат: умумий тарих ва хусусий тарих. Барча миллат ва жамиятларнинг аҳволини баён қиладиган соҳа умумий тарих, деб аталади. Хусусий тарих биргина миллат ва биргина жамиятнинг тарихини ёритади. Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради; бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг дунёга келишларидан ва Ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир.

Биринчи қисм
САОДАТ ДАВРИ

Рум ва Эроннинг Исломдан аввалги аҳволи

Исовий (христиан) дини тарихининг беш юзинчи йиллари дунёда икки улуғ давлат мавжуд бўлиб, буларнинг бирини Рум ва иккинчисини Эрон, дер эдилар. Бу икки давлат подшоҳларидан бири доимо иккинчисининг устига лашкар тортиб, ўртада узоқ давом этган жанглар бўлар эди. Натижада икки томон ҳам ҳолдан тояр, иккови икки томонга чекинган ҳолда яна лашкар тўплар, халқнинг ҳисобига пул тўплаб, яна янгитдан жангга ҳозирлик кўрар эдилар. Жабр-зулм остида қолган бу мамлакатларнинг халқлари бот-бот исён кўтарар, турли диний ихтилофлар баҳонасида подшоҳларини ағдариб ташлаш қасдида бўлар, хуллас, фисқ-фужур, ахлоқсизлик, зўравонлик ва босқинлар бу юртларда кенг тарқалган эди. Натижа ўлароқ, бу юртлар кундан кунга хароб аҳволга келиб, халқнинг сони камайиб борарди.

Араб ярим ороли ва у ердаги халқнинг аҳволи

Бу икки мамлакатнинг жануб тарафида бошқа бир қитъа бор эди; уни Араб ярим ороли (Жазиратул-араб), деб атаганлар. Бу ернинг халқи асосан араблардан ташкил топган. Араб ярим ороли Рум ва Эрон юртлари каби обод эмас, балки кўп ерлари қумликдан иборат бўлиб, баъзи қитъалардагина обод манзиллар мавжуд эди. Бу қитъалардан энг машҳури ва мубораги Ҳижоздир, чунки бу қитъада Макка билан Мадина жойлашган. Харитага қарасангиз кўрасизки, Ҳижоз қитъасининг бир тарафи Қизил денгиз ва бошқа бир тарафи чўлдир. Бу жойларни Рум ва Эрон давлатлари эгаллай олмаганлар. Бу ерда яшовчи халқлар Рум ва Эрон каби ўз ҳукуматларига эга бўлмай, қабила-қабила, яъни тўп-тўп бўлиб яшаганлар. Ҳар бир қабиланинг ўз сардори бўлган.

Барча араблар жоҳил ва бадавий (саҳройи) бўлганлар. Чўпонлик ва қароқчилик билан кун кўрганлар. Бирон йил бўлмаганки, бир қабила иккинчисига ҳужум қилмаган, ўртада қон тўкилмаган бўлсин. Барча қабилаларнинг дини бутарастлик эди. Макка шаҳридаги Каъба хонасида 360 бут (санам) ўрнатилган бўлиб, ҳар бир қабила ўзига тегишли бутга сиғинар эди. Қиморбозлик ва шаробхўрлик уларнинг кўнгил очар ишлари бўлган. Агар уларнииг хотинлари қиз туғса, ор қилиб, бегуноҳ гўдакларии тириклайин ерга кўмар эдилар. Хуллас, на фақат Рум ва Эрон ёки Араб ярим оролидаги қабилалар, балки бутун олам давлатлари хароб аҳволга келган эди. Буюк Ҳазрати Парвардигор бу дунёнинг харобаликларини хоҳламас эди, шунинг учун бот-бот пайғамбарлар тайин қилиб, улар орқали панд-насиҳатлар қиларди. Аллоҳ таоло жуда кўп пайғамбарлар юборгандан сўнг, энди ҳақдин билан охирги пайғамбарни юборишга қарор қилди, аммо охир замон пайғамбарини Рум ва Эрон каби буюк давлатлардан танламади, чунки бу давлатлардаги одамлар кўп беахлоқ, беандиша ва беғайрат бўлиб кетган эдилар. Аммо Араб ярим оролидаги Ҳижоз араблари Рум ва Эрон подшоҳларига ҳеч вақт тобеъ бўлмаган ва у мамлакатларнинг халқлари билан борди-келди қилмаган эдилар; ҳарҳолда ахлоқда улардан мумтозроқ эдилар. Уларнинг хислатларидан баъзилари шуки, улар мусофирпарвар, ростсўз, ғайратли, сўзамол ва шоирлик иқтидорига эга эдилар. Бинобарин, Худойи таоло у буюк Пайғамбарни араб қавмидан тайин қилдики, ул жаноб бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад  ъалайҳиссалом бўлдилар.

Ҳазрати Расули акрам ъалайҳиссаломнинг дунёга келишлари

Юқорида айтдикким. араблар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Ҳижоз араблари ҳам шу каби бир неча қабиладан таркиб бўлган. Уларнинг ичида энг улуғ ва эътиборлиси Қурайш қабиласидирки, зеро Каъбага хизмат қилиш уларнинг қўлида эди. Қурайш қабиласининг бир сардори бўлиб, уни Абдул-Муталлиб, деб аташган, унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Абдул-Муталлиб бу ўғлини бошқаларидан кўпроқ яхши кўрардилар. Омина исмли араб қизини никоҳлаб бердилар. Орадан етти ой ўтгач, Абдуллоҳ савдогарлик важҳидан Мадинага бориб, у ерда вафот этадилар. Яна икки ойдан сўнг, исовий сананинг 570 йили, Рабъул-аввал ойининг 12-сида, душанба куни Аллоҳнинг раҳмати билан бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бинни Абдуллоҳ Макка шаҳрида Оминадан дунёга келдилар.

Ҳазрати Пайғамбарнинг тарбиялари

Демак, юқорида айтганимиздек, Пайғамбаримиз дунёга етим келдилар, оталари оламдан ўтган эдилар. Боболари Абдул-Муталлиб ул ҳазратнинг тарбияларини ўз зиммаларига олдилар. Макка халқининг бир яхши одати бор эдиким, янги туғилган гўдакларни саҳройи энагаларга бериб, шаҳар ташқарисига чиқариб юборар эдилар. Абдул-Муталлиб ҳам ул ҳазратни Ҳалима исмли дояга бериб, шаҳардан ташқарига чиқариб юбордилар. Ҳалима бир йил ул ҳазратни тарбия қилди, сўнгра қайтариб топширди.

Ҳазрат олти ёшга тўлганларида оналари вафот қилдилар, саккиз ёшда эканликларида боболари ҳам вафот этдилар. Амакилари Абу Толиб ул ҳазратни ўз тарбияларига олдилар. Ўн уч ёшга тўлганларида Абу Толиб билан Шом шаҳри томон йўлга отландилар. Йўлнинг ярмида Буҳайро исмли бир насроний роҳиб ул ҳазратни кўриб, у кишининг баъзи аломатларидан Пайғамбари охир замон эканларин пайқади ва Абу Толибга: «Бу йигитни Шомда яҳудийлар таниб қолиб, зарар етказинглари мумкин», деди. Абу Толиб Буҳайронинг сўзига кириб, Маккага қайтиб кетдилар.

Пайғамбарнинг уйланишлари

Ҳазратнинг ахлоқ ва одоблари бисёр мақбул ва комил бўлган; ҳеч вақт ёлғон гапирмаганлар, ҳеч кимга хиёнат қилмаганлар, ноинсофлик, мурувватсизлик ва беҳаёликдан йироқ эдилар. Бинобарин, ҳазратнинг эътиборлари ортиб, кундан кунга зиёда бўлган. Макка халқи ул зотни Муҳаммад Амин, деб атади. Ҳазрат йигирма тўрт ёшга тўлганларида маккалик Хадича исмли молдор аёл у кишига молини бериб, Шомга юбордилар. Бу дафъа ҳам йўлнинг ярмида Настуро исмли бир насроний роҳиби у кишини кўриб, Шом сафарини манъ қилди. Шул сабабли молларини ўша ерда катта фойда эвазига сотдилар ва қайтиб кетдилар. Хадича ул ҳазратдан жуда мамнун бўлдилар. Йигирма беш ёшда эканликларида Хадичани ўз никоҳларига олдилар.

Ваҳийнинг келиши

Юқорида биз ҳазратнинг одоб-ахлоқлари ҳақида гапириб ўттан эдик, ҳазратнинг яна бир хислатлари шундан иборат эдики, бошқа маккаликлар ёки умуман араблар сингари бутларга сиғинмас эдилар, уларни бир тош деб билиб, чандон эътибор қилмас ва ҳатто ёмон кўрардилар.

Қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан Жаброил орқали «Иқра, бисми раббука« ояти нозил бўлди ва сўнгги уч йил ичида ҳеч бир оят келмади. Сўнг «Я айюҳал-муддассиру қум фа-анзир» ояти келди ва у ҳазратни пайғамбарликка амр қилди. Ул ҳазрат бу хабарни аввал Хадичага, сўнг ҳазрати Абу Бакр ва Алига етказдилар; уларнинг ҳаммалари мусулмон бўлишди. Ҳазрати Али бу пайтларда гўдак эдилар. Айтадиларким, энг аввал мусулмон бўлган кимсалар — аёллардан Ҳазрати Хадича, эркаклардан ҳазрати Абу Бакр, гўдаклардан ҳазрати Али мусулмонликни қабул қилганлар. Бундан сўнг ҳазрати Абу Бакрнинг далолати билан Макканинг бир неча улуғлари мусулмон бўлдилар. Дастлаб мусулмонларнинг сони йигирма кишидан иборат бўлган. Ҳазрат бу янги мусулмонлар билан пинҳона ибодат қилардилар, суҳбат ҳам пинҳона эди. Аммо буюк ишларни доимо яшириб бўлмайди, шунингдек, янги дин ҳам буюк иш бўлиб, уни яширишнинг иложи бўлмади; ҳазратнинг Пайғамбарлиги Маккага овоза бўлди; ҳамма ҳайрон, баъзилари келиб ҳазратнинг ўзларидан сўрадилар ва ул зоти шариф тавҳид илмини уларга тушунтирдилар. Пайғамбар билан келиб суҳбатлашган баъзиларга янги дин маъқул келиб, улар ҳам мусулмон бўлдилар. Янги дин одамларни покизаликка, Худодан қўрқишга, эзгу ишларга даъват қилар экан, одамхўрлик ва беҳуда ишларни манъ қилар экан. Араблар бу динга рағбат кўрсатдилар. Лекин Макканинг айрим улуғлари, масалан, Абу Жаҳл ва Абу Суфён: »Агар биз мусулмон бўлсак, Муҳаммадга тобе бўлиб қолиб, улуғликни қўлдан берурмиз», — деб мусулмон бўлмадилар, айни пайтда мусулмонликни қабул қилган кишиларга ҳам кўп азоб бердилар. Ҳазрат кофирларнинг берган азобларидан нолимадилар, доимо Худо амрини бажо келтириб, уларни ҳам чарчамай Ислом динига даъват этдилар.

Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари

Ҳазратнинг доимий сабот ва саъй-ҳаракатлари натижасида арабларнинг атоқли баҳодирлари жаноби Ҳамза ва Умар мусулмон бўлдилар, бундан мусулмонларнинг диллари қувватланди. Ҳазрати Умарнинг далолати билан Пайғамбар ъалайҳиссалом ўз ёронлари билан Каъба масжидига бориб ошкора намоз ўқидилар, одамларни мусулмонликка даъват қилдилар, кишилар бирма-бир, аста-секин келиб мусулмон бўлдилар.

Пайғамбар ёронларининг Ҳабашга кетишлари

Ул ҳазрат Пайғамбарлигининг бешинчи йилида мусулмонлар сони 300 га етди. Мусулмонларнинг сони орта бориши билан кофирларнинг ҳам зулми кучайиб кетди. Шунинг учун ҳазрат кимнинг хоҳиши бўлса, Ҳабашистонга боришлари мумкинлигини айтдилар. Пайғамбарнинг олий ҳимматлари билан бир неча ашоблари Ҳабашистон юртига кетдилар ва у ернинг подшоҳидан мурувват кўрдилар. Ислом дини куч олгунга қадар ашоблар ўша ерда истиқомат қилдилар, сўнгра Ҳазратнинг хизматларига қайтиб келдилар.

Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари ҳамда муносабатларнинг узилиши

Кофирларнинг изза ва ҳақоратлари кўпайган сари мусулмон динига рағбат билдирувчиларнинг сони ҳам кундан кунга кўпая борди. Макка улуғларидан бўлган кофирлар мажлис ўтказиб, Пайғамбар ва у кишининг ёронлари билан ҳар қандай муносабатни узишга қарор қилдилар. Қарор натижаси ўлароқ аҳднома ёздилар: бундан кейин ҳеч ким мусулмонларга хотинликка қиз бермайди ва улардан хотин олмайди, улар билан саломлашмайди, савдо-сотиқ алоқаларини қилмайди. Бу аҳдномага имзо чекиб, Каъба дарвозасига осиб қўйдилар. Бу аҳднома уч йил ўз кучида турди. Кўпгина мусулмонлар бу аҳднома натижасидан кўп қийинчилик кўрдилар, аммо мусулмончиликни қабул қилувчи оламлар сафи тўхтамади. Оқибатда аҳдномадан ҳеч қандай наф бўлмай, кофирларнинг ўзлари бу аҳдномани йиртиб ташладилар, аҳли Ислом ундан халос бўлди.

Ҳазрат Пайғамбаримизнинг ваҳий ола бошлаганларининг ўнинчи йилида ҳазрати Хадича ва амакилари Абу Толиб дунёдан ўтдилар. Абу Толибнинг ўлимидан кейин Макка кофирлари Пайғамбаримиз ва мусулмонларга зулмларини ҳаддан ошириб юбордилар. Айни иайтда Расули акрамнинг меърожлари воқеъ бўлиб, ҳазрат моддий оламдан маънавий оламга сафар қилиб қайтдилар. Меърож тунидан бошлаб беш вақт намоз фарз бўлди.

Маккадан Мадинага ҳижрат

Кофирларнинг зулми ва зўравонлиги ҳаддан ошиб кетганлиги сабабли Расули акрам баъзан атрофдан келган мусофирларни Ислом динига даъват қилиш ва ўз тарафдорларини янада кўпайтириш учун шаҳар ташқарисига чиқар эдилар. Пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили бир куни Мадинадан келган бир неча одамни мусулмонликка даъват қилмоқ учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадиналиклар Пайғамбаримизга агар сиз Мадинага келсангиз биз ўз мол ва жонимизни сиз учун кўмак йўлида фидо қилар эдик, дедилар. Пайғамбаримиз уларнинг бу қасамларига ишониб, таклифни қабул қилдилар. Бу учрашув Ақоба мавзеида содир бўлгани учун уни тарихчилар « Ақоба иттифоқи«, деб атаганлар. Кейинги йилда Мадинадан яна бир неча улуғлар келиб »Ақоба иттифоқи»ни янгилаб кетдилар. Кофирларнинг қулоғига бу итгифоқ етиб боргач, мусулмонларга нисбатан ўз зулмларини янада кучайтириб юбордилар. Ҳазрат ўз ашобларига Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар ва мусулмонлар якка-якка ва жуфт-жуфт бўлишиб Маккадан ҳеч кимга сездирмай чиқиб кета бошладилар. Кунлар ўтган сайин Маккада Ҳазратнинг ўзлари Абу Бакр ва Али билангина қолдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг ёлғиз қолганликларини билгач, ул зотни тунда қатл қилмоққа маслаҳат килдилар, ул Ҳазратга Аллоҳ бу маслаҳатдан огоҳ этди ва ўринларига Алини ётқизиб, Абу Бакр билан бирга ўша куни Маккадан чиқиб кетдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг кетиб қолганликларини билиб, излашга тушдилар, айниқса, Ас-Сабоҳ деган кофир кўп қидирди, аммо изларини ҳам топа олмади. Ул Ҳазрат Абу Бакр билан бирга саломат ҳолда Мадинага бориб етдилар. Улар келган кунни Мадина аҳли катта байрам қилди. Ҳазрат Али ҳам орадан уч қун фурсат ўтгач, Мадинага кириб келдилар. Ҳижрати Пайғамбарнинг ўн тўртинчи йилида, исовий 622-санани мусулмонлар ўз тарих ҳисобининг ибтидоси, деб билурлар, яъни ҳижрий йил шу йилдан бошланган.

Масжид қурилиши ва қибланинг тайин бўлиши

Ҳазрат Мадинага келганларидан сўнг, Мадинанинг ташқарисидаги Қубо даҳасида бир масжид қурдилар ва кейинчалик ҳам Мадинанинг ўзида яна бир масжид бино қилдилар. Аллоҳ таоло ҳануз мусулмонларнинг қибласини тайин қилмаган эди. Мусулмонлар намоз ўқиганларида яҳудийлар қибласи бўлмиш Байтул-Мақдисга қарар эдилар, бинобарин, Мадинадаги икки масжиднинг ҳам қибласи ўша томонга қараган эди. Мусулмонлар бир қанча вақт Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқиганларидан кейин, қибла Каъбага қараши кераклиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ўша вақтдан буён мусулмонларнинг қибласи Каъба уйи тарафидадир. Бу воқеа Ислом тарихида қибланинг тайин бўлиши, яъни «Таҳвили қибла», деб аталади. Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри бир неча фойда ва ҳикматга эгадир. Зеро, бу амрнинг ҳикмати шундан иборатки, мусулмонлар ҳар намозда Каъбага қараб намоз ўқир эканлар, асл ватанлари бўлмиш Маккани ёд этадилар ва тезроқ қувватланиб, Маккани кофирлар қўлидан халос этмоққа саъй-ҳаракат қиладилар.

Жиҳодга буюриш

Қибла тайин бўлгач, мусулмонлар ўз ватанларини кофирлар қўлидан халос қилиш орзусида бўлиб, жиҳодни истар эдилар. Ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ томонидан жиҳод фарз қилинди. Шундан сўнг мусулмонлар кофирларга қарши кўпгина жанг қилдилар. Пайғамбаримиз иштирок этган ҳар бир жангни ғазот, деб атаганлар ва ўзлари иштирок этмай, лашкар юборган жангларни сарийя деганлар. Мусулмонлар қарийб йигирмата ғазот ва сарийя уюштирганлар. Улардан машҳурлари: Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳайбар, Макканинг фатҳ этилиши. Бошқалари ҳақида озрак ёзамиз.

Бадр ғазоти

Дастлабки ғазот Бадр юришидир. Ҳазрати Пайғамбар бу жангга 313 нафар жангчи билан келган эдилар. Макка кофирлари эса, қарийб минг киши бўлиб жангга кирдилар. Икки мухолиф лашкар Бадр деб аталган мавзеда тўқнашдилар. Мусулмонлар ҳақ йўлида яқдил бўлиб жанг қилганликлари учун ҳам ўзларидан уч баробар кўп бўлган душман лашкарини енгдилар. Бу ғазотда мусулмонлардан 14 киши, кофирлардан 70 киши ҳалок бўлди. Бу жангда Исломнинг ашаддий душмани Абу Жаҳл ҳам ҳалок бўлганлар орасида эди. Кофирлардан етмиш нафари мусулмонларга асир тушди. Ҳазрат Мадинага қайтгач, баъзи асирларни товон ҳисобига озод қилдилар. Товон тўлашга қурби етмаганларни эса, мусулмон болаларнинг хат-саводини чиқаришга мажбур қилинди, бу ишни бажаргандан кейингина озод килиниши шарт қилиб қўйилди. Бу ғазот ҳижратнинг иккинчи йили содир бўлган эди.

Уҳуд ғазоти

Кофирлар Бадр жангида мағлуб бўлиб, Маккага қайтдилар. Бир ой азадорлик қилиб, кейин қасос олиш ниятида жангга тайёргарлик кўра бошладилар. Кейинги йилда уч минг лашкар билан Мадинага қараб юл олдилар. Ҳазрати Пайғамбар кофирларнинг лашкарлари келганини эшитиб, ашобларининг мўътабарларини йиғиб машварат ўтказдилар ва душманларнинг лашкари кўп экан, агар биз шаҳар дарвозаларини беркитиб, ичкаридан жанг қилсак яхши бўлар, дедилар. Ашобларининг ғайратли ёшлари бу маслаҳатга қулоқ осмай, шаҳардан ташқарига чиқиб душман билан юзма-юз жанг киламиз, дедилар. Ҳазрат уларнинг ташқарига чиқиб жанг қилиш тарафдорлари эканликларини кўрдилар ва ҳеч нарса демай етти юз нафар мусулмонлар билан шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадина шаҳри ташқарисидаги Уҳуд тоғининг тагида душман билан юзма-юз келдилар. Ислом лашкарининг чап томонида бир дара бўлиб, Ҳазрат эллик нафар ўқчиларни ажратиб, сизлар шу жойда туринглар, асло бошқа жойга кўчманглар, агар душман бу ерга келиб ҳужум қилса, ишимиз мушкуллашади, дедилар. Жанг бошланди, мусулмонлар ҳужум қилдилар, кофирлар чекина бордилар, лекин бояги эллик нафар ўқчи Ҳазратнинг фармонини ёддан чиқариб, кофирларнинг ҳар ерда қолган молини ўлжа олиш учун дарадан келди. Бир қанча душман аскарлари бу фурсатни ғанимат билиб, ана шу дарани эгаллаб олдилар ва шу ердан Ислом лашкарига ҳужум қилдилар. Мусулмонлар мағлуб бўлдилар, етмиш нафар мусулмон шаҳид бўлиб, Пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрати Ҳамза ҳам шу қаторда эдилар. Ҳазратнинг ҳам бу жангда тишлари синиб, азият чеқдилар. Гарчи кофирларнинг қўллари бу жангда баланд келган эса-да, мусулмонларнинг яна куч тўплаб ҳужум қилиб қолишларидан қўрқиб чекиндилар.

Ҳандақ ғазоти

Ҳижратнинг бешинчи йили Макка кофирлари яҳудийлар билан иттифоқ тузиб, ўн минг кишини гўплаб, Мадина тарафга йўл олдилар. Ҳазрат бу хабарни эшитгач, ашоблари билан машварат қилдилар. Маслаҳатга биноан Солмон Форсий уч минг киши билан шаҳар ташқарисига чиқиб, шаҳар остонасида Ислом лашкарининг атрофида чуқур қазидилар. Кофирлар Ислом лашкарининг рўбарўсига келиб саф тортдилар, аммо хандақдан ўтолмадилар, ночор қолиб, хандақнинг нариги томонида туриб ўқ отдилар. Мусулмонлар ҳам бу тарафда туриб душман ўқига жавоб бериб турдилар. Оқибатда душман ҳеч қандай натижасиз қайтиб кетишга мажбур бўлди. Мусулмонлар музаффар ва мансур бўлиб Мадинага қайтдилар.

Ҳудайбияҳ сулҳи

Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳазрат беш юз нафар саҳобийлари билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида йўлга тушдилар. Жанг қилиш нияти бўлмаганлиги сабабли қиличдан бошқа жанг қуролларини олмасликни буюрдилар. Макка яқинидаги Ҳудайбияҳ мавзеъига жойлашиб, Макка аҳлига элчи юбориб, ўз ниятларини маълум қилдилар. Лекин Макка кофирлариниги сардорлари мусулмонларга бўлган эски адоватлари ҳамда гина-кудуратлари билан Ҳазрат Расули акрам ъалайҳиссаломга Каъба зиёрати учун рухсат бермадилар.

Шунча миқдор мусулмонни кўриб, уларнинг ниятларидан бехабар ёки хабардор бўлсалар ҳам атайлаб, дарҳол лашкар тўплаб, жангга ҳозирлик кўра бошладилар.

Жанг чиқишига сал қолди, лекин баъзи кишилар ғайрат қилиб, улар ўртасида сулҳ ва аҳднома туздилар. Бу сулҳга кўра, Ҳазрат бу йил Каъбани зиёрат қилмай қайтадиган ва кейинги йилда зиёратга келалиган бўлдилар; мусулмонлар ўн йил мобайнида Макка аҳли билан жанг қилмайдилар. Маккадан Мадинага қочган ҳар бир кимсани эса, қайтариб Маккага юборадилар ва Мадинадан Маккага қочган хар бир кимсани Макка аҳли Мадинага жўнатмайдилар. Ҳар икки томон ушбу аҳдномага имзо чекдилар, Ҳазрат Мадинага қайтиб кетдилар, кейинги йили эса Каъба зиёратига бордилар. Бу воқеани Ҳудайбияҳ сулҳи, деб атаганлар.

Ҳайбар ғазоти

Шом ва Мадина орасида Ҳайбар отлиғ қалъа бор эди. Бу жойда яҳудийлар яшардилар. Ҳазрат ҳижратнинг еттинчи йилида шу қалъани олмоқ учун минг нафар Ислом аҳли билан келдилар. Яҳудийлар шаҳар дарвозасини беркитиб, ичкаридан туриб жанг қилдилар. Ислом лашкари ўн кун мобайнида қалъани қатъий қамал қилди, натижада уни эгаллади. Бу шаҳардан Ислом лашкари қўлига беадад ўлжа тушди.

Ҳазратнинг элчилар жўнатишлари

Бу ғалабадан сўнг мусулмонларнинг овозаси ҳар тарафга ёйилди. Турли қавмлар Ислом аҳлининг қувватидан ҳайратга тушдилар. Ҳазрат фурсатни ғанимат билиб, атрофдаги иодшоҳларга элчи ва номалар юбордилар, бу номалар ва элчилар орқали уларни Ислом динига киришга даъват қилдилар. Ҳазрат қуйидаги олти мамлакатга ўз номаларини юборган эдилар: Эрон подшоҳига, Рум подшоҳига, Ҳабашистон подшоҳига, Миср ҳокимига, Яман ҳокимига. Уларнинг баъзилари Ҳазратнинг элчиларини иззат-ҳурмат билан қаршилаган бўлсалар, баъзилари таҳқирладилар.

Макканинг олиниши

Ҳудайбияҳ сулҳига биноан мусулмонлар Маккага қарши ўн йил давомида жанг қилмасликлари керак эди ва мусулмонлар бу аҳдда собит эдилар. Лекин сулҳ имзолангандан кейин икки йил ўтиб, яъни ҳижратнинг саккизинчи йили Макка кофирларининг ўзлари аҳдномани буздилар; Мадинага бот-бот ҳужум қила бошладилар. Ҳазрат ўн минг лашкар билан Маккага юриш қилишга мажбур бўлдилар ва шаҳар ташқарисига келиб, ҳар бир жангчига ўз чодирида олов ёқишни буюрдилар. Макка аҳли ҳомон мусулмонларнинг келганларидан бехабар эди. Шаҳар ташқарисидаги бунчалар кўп ўтни кўриб қўрқиб кетдилар. Абу Суфён хабар олгани келиб, мусулмон бўлиб қайтди ва Макка аҳлига воқеани англатди. Макка кофирларидан баъзилари жангга ҳозирлик кўролмай, ҳар томонга қочиб кетдилар. Ҳазрат жангсиз келиб Маккани олдилар ва Макка аҳлига умумий афв эълон қилдилар. Бошқалар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусулмонликии қабул қилдилар.

Ҳунайн ғазоти

Макка фатҳи ҳақидаги хабар ҳамма тарафга тарқалгач, баъзи мусулмон бўлмаган араб қабилалари ғазабга келдилар ва Ҳунайн деган мавзеъга тўпланиб, Ислом лашкарига ҳужум қилишга шайландилар. Ҳазрат бу хабарни эшитиб, 12 минг киши билан уларнинг устига юрдилар. Ҳунайн мавзеъида жанг бўлиб, номусулмон қабилаларнинг лашкари қаттиқ шикаст еди. Ислом аҳли уларнинг юртларини эгалладилар; бутун Араб ярим ороли мусулмонобод бўлди ва Ҳазрат Мадинага қайтдилар.

Табуқ ғазоти

У замонларда Шом вилояти Рум императорининг қўлида эди. Ҳазрат императорнинг фармони билан Шом вилоятида жуда кўп аскарлар жам бўлганини ва Мадинага ҳужум қилиш ниятида эканлигини эшитдилар, ул зот ҳам дарҳол лашкар тўплаш фикрига келдилар. Лекин Рум императорининг лашкари билан жанг қилиш мушкул эди. Бунинг учун жуда кўп лашкар тўплаш керак эди, аммо лашкар харажати учун маблағ топишнинг иложи йўқ эди. Охир-пировардида миллатга мурожаат қилиб, кўмак сўралди. Ҳар ким қўлидан келган нарсасини берди. Шу тариқа лашкарга керакли бўлган анжомлар тўпланди. Ҳазрат 30 минг лашкар билан Мадина ва Шом ўртасидаги Тобуқ мавзесига етиб келдилар. Душмандан асар ҳам кўринмади. Лашкарнинг улуғларини тўплаб машварат қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ, агар шомликлар жанг қилишни ният қилганларида бирор белги бўлур эди, ҳозир эса, улардан ҳеч бир хабар йўқ, маълум бўдадики, уларнинг жанг қилиш нияти бўлмаган, балки бизнинг бу ерга келганимиз уларни қўрқитиб юборган бўлиши мумкин, бунинг устига Шомда вабо тарқалган, агар шу ердан ортта қайтсак, маъқул бўлар эди, деб маслаҳат бердилар. Ҳазрат бу маслаҳатни маъқул топиб, Тобуқ атрофидаги қабилаларни бож тўлашга мажбур қилдилар ва Мадинага қайтдилар.

Видолашув ҳажи

Ҳижратнинг ўнинчи йилида Ҳазрат ҳаж қилиш ниятларини бутун мусулмонларга эълон қилиб, қирқ минг киши билан Маккага кирдилар. Атрофдаги мусулмонлар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб кела бердиларки, натижада уларнинг сони юз минг нафарга етди. Ҳазрат хутба ўқиб, бу дунёдан ўтишлари яқинлигини башорат қилдилар. Мусулмонларга насиҳат қилиб, сўнг Мадинага қайтдилар. Бу Ҳазратнинг сўнгги ҳажлари бўлиб, тарихда «видолашув ҳажи», деб аталган .

Пайғамбар ‘алайҳиссаломнинг дунёдан ўтишлари

Воқеан уч ойдан сўнг, ҳижратнинг ўн биринчи йилида, рабъул-аввалдан бир кун олдин Ҳазрат хасталандилар. Ашобларини жам қилиб шу тариқа насиҳат қилдилар: мен дунёдан кетяпман, Қуръонни сизларнинг ихтиёрларингизга қолдирурман. Доимо Қуръонга амал қилинглар. Бир-бирингизни севинглар, бир-бирларингизга мадад бўлинглар, асло эзгу ишлардая жудо бўлманглар, дунёни обод ва ислоҳ қилишга куч беринглар.

Ҳазратнинг хасталиги кучайиб, рабъул-аввал ойининг ўн иккисида, ҳижратнинг ўн биринчи йили олтмиш уч ёшда дунёдан ўтдилар».

Пайғамбар ‘алайҳиссаломнинг сифатлари

Пайғамбар ъалайҳиссалом энг олий хулқ ва раҳмли сифатларга эга бўлганлар, раҳм ва шафқат, карам ва саҳоват, мадад, ақл ва илм бобларида оламда тенгсиз эдилар. Беҳуда ғазабга келмас эдилар, дин ишларидан бошқа масалаларда жузъий камчиликларни кечирар эдилар. Инсоф доирасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмаганлар. Ҳар кимнинг билими ва имконига қараб иш буюрардилар. Бирон кимсадан тамаъ ҳам қилмаганлар ва садақа ҳам олмаганлар. Ўз хотинлари ва хизматкорларига доимо тавозеъ ва очиқ чеҳра билан муомала қилганлар.

Пайғамбар ‘алайҳиссаломнинг хотинлари ва фарзандлари

Пайғамбар ъалайҳиссалом ўн бир хотин олганлар. Улардан икки нафари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида оламдан ўтган ва тўққиз нафари ул зоти шарифдан кейин қолган эди. Хотинларидан энг машҳурлари: Хадича, Ойиша, Ҳафса ва Маймунадирлар. Уч ўғил ва тўрт қизлари бўлган. Ўғиллари: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим. Қизлари: Фотима, Зайнаб, Руқия, Умми Гулсумдирлар. Лекин ҳазрати Фотимадан ўзгалари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида вафот этганлар.

Иккинчи қисм
БИРИНЧИ ТЎРТ АСЛ ХАЛИФАЛАР

Ҳазрати Абу Бакр халифалиги

    Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг ҳаётлик чоғларида ҳамма мусулмонлар ул жанобнинг фармонларига тобеъ эдилар. Ул зоти шариф оламдан ўтганларидан сўнг, албатта, мусулмонларга бир йўлбошчи зарурати туғилди. Ҳазрат дунёдан ўтганларидан сўнг, ашоблар йўлбошчи тайинлаш фикрига тушдилар. Тўпланиб машварат қилдилар. Улар ўртасида ихтилоф туғилиб, низо чиқишига оз қолди. Ҳазрати Умар ғайрат ва шижоат кўрсатдилар; ҳазрати Абу Бакрни аҳли Ислом сардорлиғига тавсия қилдилар ва биринчи бўлиб ўзлари ул кишини тан олдилар. Шундай қилиб, ҳазрати Абу Бакр халифа, яъни Пайғамбаримизнинг ўринбосари бўлдилар. Ул киши минбарга чиқиб, халойиққа қарата нутқ сўзладилар: «Эй мусулмонлар! Мен халифаликка лозим бўлмасам ҳам, орангизда низо ва душманлик туғилмасин учун уни қабул қиламан. Менга Расули Аллоҳнинг айтганларига амал қилишда ёрдам беринглар ва ул зоти шариф сўзларидан чиқсам, менга итоат қилманглар».

Ҳазратнинг вафоти ҳақидаги хабар ҳар тарафга кетгандан сўнг купгина араб қабилалари диндан чиқдилар, яъни Исломдан қайтдилар. Бир неча киши сохта пайғамбарликни даъво қилишди. Мадина аҳли бу воқеани эшитиб, ғамгин ва ҳайрон қолди. Халифа Абу Бакр ғайрат қилиб биринчи навбатда барча диндан чиққанларга қарши жанг қилиб, уларни тор-мор келтирдилар, сўнгра сохта пайғамбарларнинг думини тугдилар.

Қуръоннинг   жамъ   қилиниши

Қуръони карим Пайғамбар ъалайҳиссаломга Аллоҳ таоло тарафидан оз-оздан нозил қилинган. Ул Ҳазрат ҳаёт вақтларида Қуръон оятлари жамъ қилинмаган эди. Баъзи ашоблар Ашоҳ томонидан юборилган барча оятларни ёд билганликларидан уларни ҳофизлар, яъни Қуръонни ёддан айпувчилар, деб атаганлар. Аксарият баъзи оятларни ёд билар, қолганларини ёзиб сақлар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр халифа бўлганларидан сўнг кўплаб ҳофизлар ғайридинларга қарши жангларда шаҳид бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр кўрдиларки, иш шу тариқа кетса, бир мунча муддат ўтиб ҳамма Қуръон ҳофизлари дунёдан ўтиши ва Қуръоннинг баъзи оятлари йўқолиб, унутилиб кетиши мумкин. Шу сабабли барча оятларни жамъ қилиб, бир жойга тўпладилар.

Ироқ  ва  Суриянинг фатҳ этилиши

Ўша замонларда дунёда икки улуғ давлат — бири Эрон ва иккинчиси Рум эканлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Араб ярим оролидаги барча одамлар мусулмон бўлганларидан сўнг Ислом аҳли энди бу икки буюк мамлакат сари бориб, у ердаги одамларни ҳам мусулмон қилишни лозим топди. Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ ушбу фикрга келганларидан сўнг, Холид бинни Валидни 18 минг нафар жангчига бош қилиб Эрон тарафига ва Обид бинни ал-Жарроҳни бисёр лашкар билан Рум мамлакати   чегарасига юбордилар. Холид бинни Валид Эрон лашкари билан қаттиқ жанглар қилиб, араб Ироқи номли кенг бир вилоятни қўлга киритди, сўнг Обид бинни ал-Жарроҳга ёрдамга етиб келди. Бу икки йирик саркарда ҳамкорликда Румнинг кўп лашкари билан жанглар олиб бориб, Румнинг кўп шаҳарларини эгалладилар. Шу вақтлар мобайнида ҳазрати Абу Бакр бетобланиб, ўз ўринларига ҳазрати Умарни халифа қилиб, дунёдан ўтдилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг ёшлари 63 да эди ва ул кишининг халифалик даври икки йилу уч ой ва яна 10 кун бўлди.

Ҳазрати Абу Бакрнинг фазилатлари

Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримизнинг энг биринчи ёронларидан ва маслаҳатдошларидан эдилар. Ҳижратга ҳам бирга кетган эдилар. Эркаклардан биринчи бўлиб мусулмонликни қабул қилган ҳам шул жанобдирлар. Ҳам товозели, ҳам шижоатли зот эдилар. Ул ҳазратнинг халифалик замонларида Ислом динининг кучга кириши учун кўп ишлар қилинди ва ул ҳазрат бор мол-дунёларини шу йўлда сарф қилдилар.

Ҳазрат Умар халифалиги ва Эрон жанглари

Ҳижратнинг ўн учинчи йилида ҳазрати Умар халифаликка ўтдилар. Мусулмонлар бул жанобга «Амир-ал-мўминин», деб тахаллус қўйдилар. Амир-ал-мўминин энг аввало ҳазрати Абу Бакр васиятларига асосан катта қўшин тўплаб, Саййид бинни Ваққос бошчилигида Эронга жўнатдилар. Бу лашкар эронликлар билан кўпгина жанглар қилиб, бир қанча шаҳарларни қўлга киритди. Бу жанглардан энг қаттиғи ва машҳури Қуддус учун олиб борилган муҳораба бўлди. Мазкур муҳорабада Ислом лашкаридан қирқ минг киши ва Эрон тарафдан бир юз йигирма минг киши ҳозир бўлди. Тўрт кун жанг бўлиб, мусулмонларнинг бешдан бири шаҳид бўлди, Эрон лашкари ҳам кўп талофот кўрди. Натижада Эроннинг пойтахти бўлган Мадойин шаҳри эгалланди. Мусулмонлар қўлига жуда кўп ўлжалар тушди.

Шом ва Қуддуснинг фатҳ этилиши

Ислом лашкари Эрон билан жанг қилаётган пайтда ҳазрати Умар Рум чегараларида жанг қилаётган лашкарга мадад юбориб, Абу Убайд бинни Жарроҳни барча лашкарларга амир қилиб тайин этдилар. Ислом лашкари Шом ва Халабни Рум давлати қўлидан тортиб олди ва лашкарнинг бир қисми бориб Байтул-Мақдисни қамал қилди. Ҳазрати Умарнинг ўзлари қамалга келиб, Байтул-Мақдисни сулҳ йўли билан олдилар ва бу жойдаги насронийлар Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг дунёдан ўтишлариҳақига кўп адолат ва мурувват кўрсатдилар.

Миср фатҳи

Шундан сўнг Амир-ал-мўминин Умар бинни ал-Ос исмли сардор бошчилигидаги тўрт минг кишини Мисрга юбордилар. Лашкар жанг билан Мисрни қўлга киритиб, Искандарияга келди. Уч ойлик қамалдан кейин Искандарияни ҳам олди.

Тарихни белгилаш

Ҳазрати Умар замонларида мусулмонларнинг шуҳрати ёйилди ва Ислом мамлакати ғоят кенгайди. Халифалик марказидан ҳар тарафга хатлар ва буйруқлар юбориларди. Бу хатлар ва буйруқларда бир муайян тарих ёзиш даркор бўлиб, мусулмонлар тарихини қачондан бошлаш керак, деган масала ўртага тушди. Ҳазрати Умар бу масала бўйича машварат тўпладилар ва маслаҳат давомида ҳазрати Али тарихнинг бошланишини Пайғамбаримизнинг ҳижрат қилганлари давридан, яъни Муҳаррам ойидан бошлашни таклиф қилдилар. Бу воқеа ҳижратнинг ўн еттинчи йили рўй берди.

Ҳазрати Умарнинг шаҳид бўлишлари

Ҳазрат Умар Ислом динининг авж олишига ва мусулмонлар шавкатини кўтаришга ғайрат қилдилар. Лекин ҳижратнинг йигирма учинчи йилида бир кун насроний қул ногаҳон ул жанобга пичоқ уриб шаҳид қилди. Амир-ал-мўмининнинг ёшлари олтмиш учда ва халифалик даврлари ўн йилу олти ой бўлган эди.

Ҳазрати Умарнинг фазилатлари

Ҳазрати Умар жуда қаноатли, одил, низомпарвар ва ғайратли эдилар. Ўзларига юклатилган вазифалардан бошқа ишлар билан шуғулланмасдилар. У киши машҳурлиги, Эрон ва Румни ларзага солган саркарда бўлишига қарамасдан ҳамиша ямоқ кийим кийганлар. Байтул-Мақдисга сафар қилган пайтларида бир қул билан туяни навбатма-навбат миниб борганлар. Ҳатто Байтул-Мақдис дарвозасига етиб келганларида ҳам азбаройи ғуломнинг навбати келгани сабабли уни туяга миндириб, ўзлари пиёда кириб борган эканлар.

Ҳазрати Усмоннинг халифалиги

Ҳазрати Умар хасталик даврларида ҳеч кимни халифа қилмадилар, балки ашобларнинг улуғларидан олти кишини тўплаб, ўзларингиз ўз ичларингиздан кимни лойиқ билсангизлар, ўшани халифа қилингизлар, дедилар. Ҳазрати Али, ҳазрати Усмон ва Абдур-Раҳмон бинни Авф шу олти нафар қаторида эдилар. Булар ҳазрати Умарнинг дафнларидан кейин бир уйга йиғилиб машварат қилдилар. Абдур-Раҳмон бинни Авфдан ташқари ҳаммалари Усмонни халифаликка лойиқ топдилар. Абдур-Раҳмон кўрдики, вазият бўлакча, ҳаммадан фарқланиб, халифа бўлишдан чўчиди. Бинобарин, эртанги кун одамлар масжидга тўпланганларида жаноб Абдур-Раҳмон минбарга чиқди, аввалан ҳазрати Алини олдиларига чақириб, баланд овозда сўрадилар: «Ё Али, мен сени халифаликка лойиқ билурман, шу шарт биланки, Пайғамбаримиз ҳазратлари ва аввалги икки халифа тутган йўлдан чиқмайсан». Бу мушкул шарт эди. Ҳазрати Али жавоб бердиларки, мен бунинг уддасидан чиқолмайман. Жаноб Абдур-Раҳмон бу дафъа ҳазрати Усмонни чақирдилар ва яна ушбу шарт билан халифаликни таклиф қилдилар. Ҳазрати Усмон қабул қилгач, одамлар ҳазрати Усмонни тан олдилар.

Фатҳлар

Ҳазрати Усмон замонларида ҳам Ислом лашкари ҳар тарафга музаффарона юриш қилдилар. Эрон ерида бўлган лашкар Эрон мамлакатининг барча жабҳаларини эгаллади ва энди Туркистонга юриш қилди. Рум давлати билан жанг қилаётган лашкар Сурияни эгаллади. Жанубда Африка ҳам шу тариқа зафарли ва ғолибона юришлар натижасида мусулмонликка ўтди. Ҳазрати Усмон замонларида Ислом мамлакатлари жуда кенгайди.

Денгиз жанги

Ҳазрати Пайғамбаримиз замонларидан ҳазрати Усмон замонларига қадар Ислом аҳли қанча жанг қилган бўлса, ҳаммасини қуруқликда ўтказган бўлиб, денгизда ҳеч жанг қилмаган эди. Бу халифа замонларида Ислом лашкари жанг кемалари ясаб, Родос ва Қибрис оролларини олдилар. Рум императори бу хабардан ғазабга келди ва ҳамма кемаларини ҳозирлаб, мусулмонлар билан денгизда қаттиқ жанглар қилди. Мусулмонлар кучли келиб, императорга шикаст етказдилар. Мусулмонларнинг дастлабки денгиз жанги ҳам шу тариқа воқеъ бўлди.

Фитна зоҳир бўлиши ва ҳазрати Усмоннинг ўлдирилиши

Ҳазрати Усмон халифаликка ўтиргач, ҳазрати Абу Бакр ва Умар тарафидан тайинланган вилоятларнинг аксар волийларини бекор қилиб, уларнинг ўринларига ўз қариндошларидан тайин қилдилар. Ҳазрати Усмон қариндошларидан баъзилари уларнинг замонларида қора ишлар билан машғул бўлганлар. Бунга қўшимча равишда ушбу волийлар вилоятларда зулм қилар эдилар. Бинобарин, мусулмонлар ҳазрати Усмоннинг бу ишларини олдинги шартларга мухолиф билиб, унга қарши чиқдилар ва натижада фитна зоҳир бўлди. Миср, Қўфа ва Басра халқи гуруҳ-гуруҳ бўлиб Мадинага келди ва ҳазрати Усмонга дедики, сиз шартингизга вафо қилмадингиз, энди халифаликни тарк қилинг, бизлар бошқа кишини халифа қилурмиз. Ҳазрати Усмон қабул қилмадилар. Одамлар халифанинг уйига ҳужум қилиб, ул жанобни шаҳид қилдилар.

Шундай қилиб, бу фитна мусулмонлар учун кўп ёмон бўлди. Ушбу фитна бошқа фитналарга сабаб ва асос бўлди. Кейинчалик Ислом аҳли ички фитналар билан машғул бўлиб, жаҳонгирликдан қолиб кетди. Агар шу фитналар бошланмаса эди, мусулмонлар аввалгидек ҳамжиҳат бўлиб, Исломни ёйиш билан машғул бўлганларида, бугун бутун олам мусулмонобод бўлган бўлур эди.

Ҳазрати Алининг халифалиги ва Жамал жанги

Ғавғочилар ҳазрати Усмонни ўлдирганларидан сўнг одамлар ҳазрати Алини халифа қилдилар. Лекин ҳазрати Усмоннинг қабилаларидан бинни Уммия ҳазрати Али халифалигини қабул қилмади. Шом вилоятида Муовия ал-Суфён деган киши атрофида одамлар жамъ бўлдилар. Муовия бинни Уммия қабиласининг улуғларидан эди. Бошқа тарафдан Зубайр ва Талха — икки улуғ саҳобалардан эдиларки, ҳазрати Али халифалигини улар-да қабул қилмадилар. Ва ҳазрати Ойиша билан биргаликда Басра шаҳрига келиб, ҳазрати Алига қарши жанг қилишга ҳозирлик кўра бошладилар. Ҳазрати Али аввалдан уларга хат ёзиб, насиҳат қилдилар, улар қабул қилмадилар. Ночор Мадинадан лашкар тортиб, улар устига юрдилар. Қаттиқ жанг бўлди ва бу жангда Зубайр билан Талха ўлдирилди, ҳазрати Ойиша асир олинди. Бу урушни Жамал жанги, деб атаганлар.

Сиффин жанги

Гарчи ҳазрати Али Жамал жангида музаффар бўлсалар-да, олдиларида ҳали улуғ ишлар бор эди. Зеро, Шом вилоятининг волийси Муовия бинни Уммия ўз қабиладошларини атрофига тўплаган эди. Булар ҳазрати Алини ҳазрати Усмоннинг кушандаси, деб унинг халифалигини қабул қилмадилар. Муовия Шом аҳлини ҳаяжонга солиб, ўзини халифа, деб эълон қилди. Ҳазрат Али ночор унинг устига лашкар тортдилар. Сиффин деган мавзеда икки Ислом лашкари рўбарў бўлиб, тўқсон кун жанг қилди. Ҳар икки тарафдан саксон минг мусулмоннинг қони тўкилди.

Ҳакамларнинг тайин қилиниши

Ҳазрати Али қарийб зўр келай деганларида Муовия ҳийла ишлатиб, сулҳ талаб қилди. Икки лашкар жангдан қўл тортдилар. Халифалик масаласини ҳал қилмоқ учун ҳар икки тарафдан икки ҳакам, яъни оқсоқолларни тайин қилишга киришдилар. Ҳазрати Али тарафидан Мусо Аъло Шаърий, Муовия тарафдан эса Умар бинни ал-Ос тайин қилинди. Бу икки оқсоқол бир жойда ўлтириб машварат қилдилар. Умар бинни ал-Ос Абу Мусога фириб бериб, икки лашкар олдига келиб, ҳазрати Алини бекор, Муовияни эса халифа тайин қилди. Ҳазрати Али тарафдорлари бу воқеадан ғамгин бўлиб, ул жаноб етагида Кўфага қайтдилар.

Хорижийларнинг пайдо бўлиши ва ҳазрати Алининг ўлдирилиши

Ҳазрати Алининг баъзи тарафдорлари Сиффин жангида фириб еганлари сабабидан қаттиқ ғамгин бўлиб, ўзларича ҳазрати Алидан гина қилдилар. Наҳравон шаҳрида жамъ бўлишиб, ҳазрати Алининг ўзлари билан жанг қилиш ниятида бўлдилар. Амир-ал-мўминин бу хабарни энгитиб, улар устига юриш қилдилар ва шикаст бердилар. Улар бу воқеадан дарғазаб бўлдилар ва бора-бора ҳазрати Алига душманроқ бўлиб қолдилар. Бу жамоани хорижийлар, яъни ҳавориж, деб атаганлар.  Ҳижратнинг қирқинчи йилида Абдур-Раҳмон бинни Балжом Қўфа масжидида ҳазрати Алини шаҳид қилди.

Мусулмонлар бу тўрт халифани «хулафо ар-рошидин», яъни асл халифалар, деб атаганлар.

Имом Ҳасан

Ҳазрати Али шаҳид бўлганларидан сўнг унинг тарафдорлари имом Ҳасанни халифа қилдилар, лекин имоми Ҳасан кўрдиларки, Муовия билан баробар келиб бўлмас, халифаликнинг баҳридан ўтиб, уни Муовияга бердилар.

Учинчи қисм
УММАВИЙЛАР ВА АББОСИЙЛАР

Уммавийлар халифалиги

Ўтган фасллардан англаганимиздек, ҳазрати Пайғамбарнинг вафотларидан сўнг Муовия замонига қадар халифалик махсус бир кишининг ҳаққи эмас эди. Мусулмонлар кимни хоҳлашса, ўшани халифа қилар эдилар. Имом Ҳасан истеъфосидан сўнг, Муовия халифаликка муқаррар бўлиб, халифаликда расмий сулолани расм қилиб, ўз ўғли Язидни валиаҳд қилди. Шундан сўнг халифалик уларнинг хонадонларида қолди. Улар бинни Уммия қабиласидан бўлганлари учун уларни уммавийлар, деб атаганлар. Бу жамоадан ўн тўрт нафар киши навбатма-навбат халифалик қилдилар. Уларнинг халифалик даврлари тўқсон етти йил давом этди. Пойтахти Шом шаҳри бўлган. Уммавийларнинг машҳур халифалари: Муовия, Язид, Валид бинни Абдул-малик ва уларнинг энг охиргиси Марвон бинни Муҳаммад эди. Энди уларнинг қисқа ҳолларини баён қилайлик.

Муовия бинни Абу Суфён

Муовия уммавийлар давлатининг асосчисидир. Ҳазрати Усмон замонларида Шом вилоятининг волийси қилиб тайинланган эди. Ҳазрати Усмон қатл қилинганларидан сўнг ҳазрати Алига қарши исён қилиб, ҳазрати Усмоннинг хунини даъво қилган ва бу Сиффин жангига сабаб бўлган. Ҳазрати Али ўлдирилгандан ва имом Ҳасан истеъфосидан сўнг халифалик тахтига эришган. Кўп тавозекор ва тадбиркор эди. Ҳар вилоятларнинг улуғларини пул зўри билан ўзига тарафдор қилган. Унинг замонида Ислом лашкари баъзи шаҳарларни қўлга олдилар, ҳатто Истамбул шаҳрини ҳам мусохара қилдилар, лекин ололмаганлар. Биринчилардан бўлиб Ислом вилоятларига қози ва муфтийларни юборган, янги йўллар қурдирган, почтани ҳам таъсис қилган шу зот эди. Ўзи тириклигида ўғли Язидни валиаҳд қилиб, ҳижратнинг олтмишинчи йилида вафот қилган.

Язид ва Карбало ҳодисаси

Язид бинни Муовия отасининг ўрнига ўгирди. Бу ишдан Макка ва Қўфа аҳли ғазабга келди. Қўфа аҳли имом Ҳусайнга хат қилдиларки, биз Язиддан безормиз, келинг, сизни халифа қилурмиз. Имом Ҳусайн уларнинг сўзларига алданиб, Байт аҳли ва ўзларига муталлиқ бўлган етмиш нафар киши билан Маккадан Қўфага равона бўлдилар. Язид бу воқеани эшитиб, лашкар юборди. Язид лашкари Карбало мавзеида ҳазрати Ҳусайнга рўбарў бўлишди. Ул ҳазратни тобелари билан баробар ўлдирдилар. Мусулмонларнинг дили раҳмсизона жиноятдан пархун бўлди. Бу ҳодисадан хурдсол (балоғатга етмаган) имом Зайнал-Обидин бинни имом Ҳусайндан бошқа ҳеч ким халос қолмади. Бу хабардан Макка аҳли ғазабга келиб, Абдуллоҳ бинни Забирни халифа қилдилар. Мадина аҳли ҳам унга тобе бўлди. Язид уларнинг устига ҳам лашкар юборди. Унинг лашкари аввалан Мадинани жанг билан олди, сўнгра Маккага келиб, уни мухосара қилди. Шу ҳангомда Язиднинг ўлганидан хабар топиб, орқага қайтдилар.

Валид бинни Абдул-малик

Валид отаси ўлгандан кейин, саксон олтинчи йили халифалик тахтига ўлтирди. Бу халифа замонида мусулмонлар кўпгина мамлакатларни қўлга киритганлар. Унинг Муҳаммад бинни Қосим исмли сардори Ҳиндистоннинг баъзи шаҳарларини, Қутайба бинни Муслим исмли бошқа бир сардори Туркистон ва Қошғарни забт қилди.

Андалус фатҳи

Андалус Оврупонинг ғарбий-жанубий чеккасида жойлашган. Харитига қарасангиз кўрасизки, бу мамлакат жуда кенгдир. Бизнинг замонамизда Испониё ва Партуғаз номли икки давлат бу ерларда ҳукмронлик қилади. Андалус мамлакати шимол тарафдан Франциё, жануб тарафдан Форс мамлакатига ҳамсоядир. Форс ва Андалуснинг ораларида бир бўғоз бўлиб, уни Сабата бўғози, деб атаганлар. Шундай қилиб, ушбу мамлакат ҳам Валид бинни Абдул-малик замонида мусулмонлар кўлига ўтди. Шу тариқа Мисрдан Форсга қадар бўлган ҳамма мамлакат Ислом аҳли қўлида бўлди. Бу жойларнинг Мусо бинни Насир исмли волийси Валидга мактуб ёздики, агар халифа ижозат қилсалар, мен Андалусни фатҳ қилурман. Валид ижозат қилди. Мусо бинни Насир ўз ғуломи Ториқ бинни Зиёдни озгина лашкар ҳамроҳлигида Андалус аҳволидан хабар олмоққа юборди. Ториқ бу озгина лашкар билан Сабата бўғозидан ўтиб, Андалус хокига келди. Бўғоз этагидаги тоғ этагида тўхтаб, аввалан кемаларга ўт қўйиб ёқиб юборди ва ҳамроҳларига айтдики, энди бизга қайтмоққа йўл қолмади, ғайрат қилингизлар, олдингга юрурмиз ва ул обод мамлакатни қўлга олурмиз. Сўнгра тоғ этагидаги йўлдан юрдилар. Андалус ҳукмдорлари билан жанг қилиб, уларнинг шаҳарларини олдилар. Ушбу тоғни ҳозирга қадар «Жабал-Ториқ», яъни Ториқ тоғи, деб атаганлар ва Сабата бўғозини ҳам «Бўғози Жабал-Ториқ», яъни Ториқ тоғининг бўғози, дейилган. Мусо бинни Насир бу хабарни эшитиб, ўз лашкари билан Андалусга келди. Иккала сардор қўшилдилар, биргаликда Андалус аҳлига қарши жанг қилиб, ул мамлакатни-да олдилар.

Марвон бинни Муҳаммад ва уммавийлар давлатининг заволи

Валид бинни Абдул-малик вафотидан сўнг, аксар халифа бўлган кишилар золим, хунрез ва фосиқ эдилар. Араб бўлмаган мусулмонларга жабр-зулм қилдилар. Зотан, мусулмонлар ҳодисасидан бошлаб улардан безордирлар, нафрат қилардилар. Лекин у пайтлар уммавийлар давлати зўр бўлган. Одамлар ўз нафратларини очиқ баён қилишдан қўрққанлар. Ҳижратнинг 127 йилида уммавийларнинг сўнгги подшоҳи бўлган Марвон бинни Муҳаммад халифалик тахтига ўлтирди. Бу одам кўп ғайратли ва илмли бўлган. Лекин не фойдаки, уммавийлар давлатининг асоси аввалғи ҳукмдорларнинг бахтсизликлари, зулм ва фисқ билан қопланган эди. Уни ўнглаб қолиш мумкин бўлмади. Халқ ҳар тарафдан исён қилиб, Марвонни Абу Муслим Хуросоний зоҳир бўлгунга қадар саргардон қилдилар. Абу Муслим эронлик миллатпарварлардан бири эди. У ўз миллатини уммавий халифалар зулмидан халос қилмоқ истади. Ўз атрофига одамларни тўплаб, уммавийлар тарафдорлари билан қаттиқ жанглар қилди. Абу Муслим айтар эканларки, бинни уммавийлар халифаликни эгаллаб олганлар, улардан халифаликни олиб, асл соҳибларига топширурмиз. Абу Муслимнинг бу сўзлари мусулмонларга маъқул бўлган. Унинг атрофига жамъ бўлишиб, кундан кун қувват топдилар ва ҳижратнинг 132 йили Марвон лашкарини тамоман маҳв этдилар. Марвон қочди. Абу Муслим ҳазрати Аббос авлодларидан бўлган Абу Аббос исмли кишини халифа қилди. Шундай қилиб, халифалик бинни уммавийлар хонадонидан бинни Аббос хонадонига ўтди.

Аббосийлар халифалиги

Ҳазрати Аббос ҳазрати Пайғамбарнинг амакилари эдилар. Аббосийлар ҳазрати Аббоснинг авлодларидирлар. Абу Муслим Хуросонийнинг саъй-ғайрати билан халифалик уммавийлардан уларга ўтди. Уларнинг аввалги бир-икки халифалари уммавийлардан қасос олмоқ ниятида кўп хунрезликлар ва ноинсофликлар килдилар. Бу икки-уч халифадан сўнг бошқа халифалар мусулмонларни илм ва санъатли бўлишга, Ислом мамлакатларини обод қилишга кўп ҳаракат ва хизмат қилдилар. Қолганлари завқ ва сафо билан машғул бўлганлар. Уларнинг замонида Ислом олами парча-парча бўлди. Ҳар тарафдан подшоҳлар ва амирлар пайдо бўлдилар. Аббосийлар жамоасидан ўттиз етти нафари халифалик қилди. Халифалик муддати 524 йил давом этди. Аббосий халифаларнинг пойтахти Бағдод эди. Уларнинг машҳурлари: Хорун ар-Рашид, Маъмун, охиргиси Мустаъсим Билло.

Хорун ар-Рашид

Хорун ар-Рашид ҳижрий 173 йили тахтга ўтирди. Аббосийларнинг бешинчи халифаси эди. Хорун ар-Рашид Исломнинг буюк подшоҳларидан биридир. Унинг замонида кўпгина мадрасалар, китобхоналар ва шифохоналар қурилган. Бу халифа ҳақиқатдўст, маорифпарвар, азамат ва шавкатли бўлган. Кўпгина илм-фан китобларини Эрондан, Румдан ва Ҳиндистондан келтириб, араб тилига таржима килдирган, санъатни ҳам ривож топдирган. Унинг замонида мусулмонлар зангдор соатни ихтиро қилганлар. Хорун ўша соатлардан бирини Фарангистон подшоҳларидан бирига юборган. У ернинг одамлари бунгача зангдор соатни кўрмаган эдилар. Бинобарин, мазкур соатни сеҳрли ва жодули деб қўрққанлар. Хорун ар-Рашид Рум императори билан жанглар қилиб, уни ўзига бож тўлайдирган қилди. Унинг вазири Яҳё бинни Холид Бармакий бўлган. Яҳёдан сўнг ўғиллари Фазл бинни Яҳё ва Жаъфар бинни Яҳё ҳам Хорунга вазирлик қилдилар. Бу учала вазир ҳам жаҳонда одилликлари, инсофликлари, хайру эҳсонпарварлиги билан машҳурдирлар. Тарихда уларни ал-Бармакий, яъни бармакийлар сулоласи, деб атаганлар.

Маъмун

Маъмун Хорун ар-Рашиднинг ўғли ва аббосийларнинг еттинчи халифаси бўлган. Илм ва маърифатнинг тараққийси хусусида отасидан ҳам кўпроқ ҳаракат қилган. Қаерда бирор олим ёки донони эшитса, уларни мамлакатга келтириб асрар ва қаерда ҳикматли китоблар хабарини эшитса, келтириб араб тилига таржима қилдирган. Барча илм олимлари дин ва мазҳабидан қатъи назар унинг атрофида жамъ бўлганлар. Боғдодда кўп билимли табибларни тўплаган ва олий даражадаги шифохоналар барпо қилган. Мусулмонларнинг санъати, тижорати ва зироати Маъмун даврида бошқа ҳамма ажнабий мамлакатлардан кўпроқ тараққий қилган эди.

Ал-Мустаъсим Билло ва аббосийлар давлатининг заволи

Маъмундан сўнг аббосийлар жамоасидан йигирма нафар киши халифалик қилди. Лекин уларнинг аксарияти беобрў, сусттабъ ва баъзилари бадахлоқ эдилар. Бинобарин, аббосийлар давлати кундан кун таназзул топди. Бора-бора Ислом мамлакатларининг ҳар тарафидан бир подшоҳ, кетидан иккинчиси пайдо бўла бошладилар. Аббосий халифалар эса, Боғдодда ўгириб, бу подшоҳлар фармонларининг тобеига айланиб қолдиларки, 640 (ҳижрий) йилда ал-Мустаъасим Билло халифа бўлди. Ал-Мустаъасим аббосий халифаларнинг охиргиси бўлиб, сусттабъ одам бўлган. Ўн беш йил халифалик қилиб, 656 (ҳижрий) йили Халокухон келиб Боғдодни олгач, халифани ўғли билан ўлдирди ва китобхоналарни ёндирди. Жаннатобод Бағдод қон ва оташ ичида қолди. Аббосийлар давлати барҳам еди. Ал-Мустаъсимнинг амакиси Халокухоннинг қўлидан қочиб, Мисрга борди. У ернинг амирига ўзини танитди. Сўнгра Мисрда ўн тўрт аббосий халифалик қилган. Лекин уларнинг халифалиги подшоҳлик қилиш бўлмай, балки шайхлик эди. Усмония давлати халифаликни шулардан  олган.

Андалусдаги уммавийлар давлати

Юқорида 132 (ҳижрий) йили Абу Муслим Хуросонийнинг саъй-ҳаракати билан халифалик уммавийлар хонадонидан олиб, аббосийлар хонадонига берилгани ва аббосийларнинг биринчи ва иккинчи бадният халифалари ўч олиш мақсадида кўпгина уммавийларни ўлдирганликларини айтган эдик. Шу замонда Абдур-Раҳмон бинни Муовия бинни Ҳишом исмли киши Андалусга қочиб кетган эди. Андалуслик мусулмонлар уни ўзларининг подшоҳи қилдилар. Абдур-Раҳмон 135 (ҳижрий) йилда Андалус тахти салтанатига ўлтириб, у мамлакат ободлиги йўлида кўп хизмат қилди, масжидлар ва мадрасалар қурдирди, каналлар ва йўллар очдирди. Мамлакат тижорати ва зироатини таракқий қилдирди. Шундай қилиб, Андалус мамлакатида ҳам бир Ислом салтанати таъсис қилинди. Андалус подшоҳлигининг энг катталари Малик Абдур-Раҳмон Солисдирки, 291 (ҳижрий) йили подшоҳ бўлиб, Андалус қитъасини илм ва маданият соҳасида дунёдаги энг олий мамлакатлар қаторига қўшди. У замонларда Фарангистон одамлари Андалусга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва фан ўрганиб, қайтиб кетар эдилар. Шу сабабли олам тарихининг билувчилари Андалус мусулмонларини Фарангистон устозлари, деб атаганлар. Андалус давлати 422 (ҳижрий) йилга қадар шу тариқа шавкатли ва қудратли бўлиб турган. Сўнгра, қўзғолонлар, мардум нифоқи, подшоҳлар андишасизликлари натижасида мамлакат парча-парча бўлди ва ҳар парчаси бир амирнинг қўлига ўтди. Бу амирлар мусулмон эканликларига қарамай бир-бирлари билан доимо жанг қилганлар. Ва насронийлар уларнинг ўзаро ихтилофларидан фойдаланиб, баъзи вилоятларни эгалладилар. Иш шу жойга етдики, Андалуснинг охирги подшоҳи бўлган Абу Абдуллоҳ ас-Сағир замонида Андалус олти қисмга бўлиниб, бир қисмигина унинг қўлида қолган, бошқалари эса, насронийлар қўлига ўтган. Андалус насронийларининг Фердинанд исмли подшоҳи Абу Абдуллоҳ ас-Сағир шаҳарларини ҳам аста-секин эгаллаб, пойтахти Гранадани мусохара қилди. Абу Абдуллоҳ чора топмай, тожу тахтини Фердинандга топшириб, баъзи нарсаларини, қариндошлари ва аёлларини олиб кўчиб кетган. Ушбу тариқа Андалус ҳукумати 870 (ҳижрий) йили ўша ернинг насронийлари қўлига ўтган.

Андалус мусулмонларининг оқибат аҳволи

Мусулмонлар Андалусда ҳукмрон бўлган замонларда ул ернинг насронийлари кўп осуда ва роҳатда бўлганлар. Уларга ҳеч важдан зулм ва жабр қилмаганлар. Лекин Ислом ҳукумати у ерда тугатилгандан сўнг ва мамлакат Фердинанд қўлига ўтгач, Ислом аҳли учун зулм ва мурувватсизлик дарвозалари кенг очилди. Уларни зўрлик ва жабр билан насронийликка ўтказдилар, уларнинг додларини сўрамаганлар. Масжид ва мадрасаларни вайрон қилдилар. Мусулмонларнинг баъзиларини ўлдирдилар, баъзиларини ўтда ёқдилар, қолганларини хийла қилиб, мамлакатдан чиқариб юбордилар. Шундай қилиб, мусулмонлар у ерда кўрган зулмларини ҳеч қайси ғолибдан кўрмаганлар. Шу сабаб бўлиб Андалусда мусулмонлар зўрлик билан барҳам топдилар. Ҳозирги кунда тамоми Андалусда (Испониё ва Партуғазда) бир мусулмон ҳам қолмаган.

04

FIRAT RISOLASI HAQIDA

04

Yigirmanchi asrdagi ayrim hujjat va xotiranomalarning guvohlik berishiga ko‘ra, Abdurauf Fitrat Istambuldan qaytgach (1914), usuli jadida va madrasalar tashkil etib, uning o‘zi bu ilmgohlarda turkiy va forsiy adabiyotlar tarixi, islomshunoslik va sharq tillaridan saboq o‘qigan. «Muxtasar Islom tarixi» ana shu ilmgohlar talabalari uchun qo‘llanma tarzida yozilgan edi. Uslubning soddaligidan va nahviy (stilistik) qurilishi jihatidan bu qo‘llanma Fitrat ma’ruzalarining matni ekani ham ayondir. Asardaga voqea tasvirining notugalligidan anglash mumkinki, bu manba asarning to‘la matni emas. Shunday ekan, uning davomi bo‘lishi tabiiy. Biroq manba saqlanayotgan mahkama xodimlarining qaydlariga ko‘ra, asarning tugal nusxasi shudir. Tarjimaga 1915 (hijriy 1333) Gazarov matbaasida chop etilgan, «Imperatorskiy istoricheskiy Moskovskiy muzey» (Moskva imperatorlik tarix muzeyi)da XY 28411 raqami bilan saqlanayotgan nashr asos qilib olindi.

Ayni davrda Fitrat bilan barobar Mahmudxo‘ja Behbudiy (1914), Shokir Sulaymon (1918) kabi aliblar ham «Qisqa Islom tarixi» tuzganlari manbalarla qayl etilgan. Biroq Fitratning asari voqealarning aniq, jonli ifodasi, millatparvarlik ruhi tasvir qatiga singlirilgani va xolis yozilgani bilan ularlan farqlanadi (diniy islohlarni qo‘llashda dabdabali usul va sun’iy iltifot sezilmaydi). Hozirda kitobxonlar orasida tarqalgan Alixonto‘ra Shokirxo‘ja o‘g‘li Sog‘uniyning «Tarixi Muhammadiya» kitobidan va Bilkiz Aladdinning «Muhammad tarixi» va boshqa shu xildagi asarlar bilan chog‘ishtirilganda Fitratdagi chuqur professionalizmni anglash qiyin emas.

Islom tarixini Ovrupo nazaridan kuzatgan olim va adiblar — O.G.Bol’shakovning «Xalifalik tarixi», L.I.Klimovichning «Qur’on haqida kitob», V.Panova va Yu.Vaxtinning «Muhammad hayoti»ni e’tiqod va ixlos jihatidan Fitrat asariga chog‘ishtirishga hojat qolmaydi.

Hamidulla Boltaboev

04

MUXTASAR ISLOM TARIXI
Abdurauf Fitrat

04

Bismillahir rohmanir rohiym.

MUQADDIMA

Tarix ta’rifi

Tarix millatlarning o‘tmishini, taraqqiyotini hamda tanazzulining sabablarini o‘rgatuvchi fandir.

Tarix taqsimi

Tarix ikki qismdan iborat: umumiy tarix va xususiy tarix. Barcha millat va jamiyatlarning ahvolini bayon qiladigan soha umumiy tarix, deb ataladi. Xususiy tarix birgina millat va biem/prgina jamiyatning tarixini yoritadi. Islom tarixi ham xususiy tarix jumlasiga kiradi; binobarin, Islom tarixi Hazrati Payg‘ambar (s.a.v.)ning dunyoga kelishlaridan va Islom dinining dunyoga tarqalishidan bahs qilib, Islom olamining taraqqiyotini tushuntirib beradi. Islom tarixini bilish barcha musulmonlar uchun farzdir.

Birinchi qism

SAODAT DAVRI

Rum va Eronning Islomdan avvalgi ahvoli

Isoviy (xristian) dini tarixining besh yuzinchi yillari dunyoda ikki ulug‘ davlat mavjud bo‘lib, bularning birini Rum va ikkinchisini Eron, der edilar. Bu ikki davlat podshohlaridan biri doimo ikkinchisining ustiga lashkar tortib, o‘rtada uzoq davom etgan janglar bo‘lar edi. Natijada ikki tomon ham holdan toyar, ikkovi ikki tomonga chekingan holda yana lashkar to‘plar, xalqning hisobiga pul to‘plab, yana yangitdan jangga hozirlik ko‘rar edilar. Jabr-zulm ostida qolgan bu mamlakatlarning xalqlari bot-bot isyon ko‘tarar, turli diniy ixtiloflar bahonasida podshohlarini ag‘darib tashlash qasdida bo‘lar, xullas, fisq-fujur, axloqsizlik, zo‘ravonlik va bosqinlar bu yurtlarda keng tarqalgan edi. Natija o‘laroq, bu yurtlar kundan kunga xarob ahvolga kelib, xalqning soni kamayib borardi.

Arab yarim oroli va u yerdagi xalqning ahvoli

Bu ikki mamlakatning janub tarafida boshqa bir qit’a bor edi; uni Arab yarim oroli (Jaziratul-arab), deb ataganlar. Bu yerning xalqi asosan arablardan tashkil topgan. Arab yarim oroli Rum va Eron yurtlari kabi obod emas, balki ko‘p yerlari qumlikdan iborat bo‘lib, ba’zi qit’alardagina obod manzillar mavjud edi. Bu qit’alardan eng mashhuri va muboragi Hijozdir, chunki bu qit’ada Makka bilan Madina joylashgan. Xaritaga qarasangiz ko‘rasizki, Hijoz qit’asining bir tarafi Qizil dengiz va boshqa bir tarafi cho‘ldir. Bu joylarni Rum va Eron davlatlari egallay olmaganlar. Bu yerda yashovchi xalqlar Rum va Eron kabi o‘z hukumatlariga ega bo‘lmay, qabila-qabila, ya’ni to‘p-to‘p bo‘lib yashaganlar. Har bir qabilaning o‘z sardori bo‘lgan.

Barcha arablar johil va badaviy (sahroyi) bo‘lganlar. Cho‘ponlik va qaroqchilik bilan kun ko‘rganlar. Biron yil bo‘lmaganki, bir qabila ikkinchisiga hujum qilmagan, o‘rtada qon to‘kilmagan bo‘lsin. Barcha qabilalarning dini butarastlik edi. Makka shahridagi Ka’ba xonasida 360 but (sanam) o‘rnatilgan bo‘lib, har bir qabila o‘ziga tegishli butga sig‘inar edi. Qimorbozlik va sharobxo‘rlik ularning ko‘ngil ochar ishlari bo‘lgan. Agar ularniig xotinlari qiz tug‘sa, or qilib, begunoh go‘daklarii tiriklayin yerga ko‘mar edilar. Xullas, na faqat Rum va Eron yoki Arab yarim orolidagi qabilalar, balki butun olam davlatlari xarob ahvolga kelgan edi. Buyuk Hazrati Parvardigor bu dunyoning xarobaliklarini xohlamas edi, shuning uchun bot-bot payg‘ambarlar tayin qilib, ular orqali pand-nasihatlar qilardi. Alloh taolo juda ko‘p payg‘ambarlar yuborgandan so‘ng, endi haqdin bilan oxirgi payg‘ambarni yuborishga qaror qildi, ammo oxir zamon payg‘ambarini Rum va Eron kabi buyuk davlatlardan tanlamadi, chunki bu davlatlardagi odamlar ko‘p beaxloq, beandisha va beg‘ayrat bo‘lib ketgan edilar. Ammo Arab yarim orolidagi Hijoz arablari Rum va Eron podshohlariga hech vaqt tobe’ bo‘lmagan va u mamlakatlarning xalqlari bilan bordi-keldi qilmagan edilar; harholda axloqda ulardan mumtozroq edilar. Ularning xislatlaridan ba’zilari shuki, ular musofirparvar, rostso‘z, g‘ayratli, so‘zamol va shoirlik iqtidoriga ega edilar. Binobarin, Xudoyi taolo u buyuk Payg‘ambarni arab qavmidan tayin qildiki, ul janob bizning Payg‘ambarimiz Muhammad ‘alayhissalom bo‘ldilar.

Hazrati Rasuli akram ‘alayhissalomning dunyoga kelishlari

Yuqorida aytdikkim. arablar qabila-qabila bo‘lib yashaganlar. Hijoz arablari ham shu kabi bir necha qabiladan tarkib bo‘lgan. Ularning ichida eng ulug‘ va e’tiborlisi Quraysh qabilasidirki, zero Ka’baga xizmat qilish ularning qo‘lida edi. Quraysh qabilasining bir sardori bo‘lib, uni Abdul-Mutallib, deb atashgan, uning Abdulloh ismli o‘g‘li bo‘lib, Abdul-Mutallib bu o‘g‘lini boshqalaridan ko‘proq yaxshi ko‘rardilar. Omina ismli arab qizini nikohlab berdilar. Oradan yetti oy o‘tgach, Abdulloh savdogarlik vajhidan Madinaga borib, u yerda vafot etadilar. Yana ikki oydan so‘ng, isoviy sananing 570 yili, Rab’ul-avval oyining 12-sida, dushanba kuni Allohning rahmati bilan bizning payg‘ambarimiz Muhammad ‘alayhissalom binni Abdulloh Makka shahrida Ominadan dunyoga keldilar.

Hazrati Payg‘ambarning tarbiyalari

Demak, yuqorida aytganimizdek, Payg‘ambarimiz dunyoga yetim keldilar, otalari olamdan o‘tgan edilar. Bobolari Abdul-Mutallib ul hazratning tarbiyalarini o‘z zimmalariga oldilar. Makka xalqining bir yaxshi odati bor edikim, yangi tug‘ilgan go‘daklarni sahroyi enagalarga berib, shahar tashqarisiga chiqarib yuborar edilar. Abdul-Mutallib ham ul hazratni Halima ismli doyaga berib, shahardan tashqariga chiqarib yubordilar. Halima bir yil ul hazratni tarbiya qildi, so‘ngra qaytarib topshirdi.

Hazrat olti yoshga to‘lganlarida onalari vafot qildilar, sakkiz yoshda ekanliklarida bobolari ham vafot etdilar. Amakilari Abu Tolib ul hazratni o‘z tarbiyalariga oldilar. O’n uch yoshga to‘lganlarida Abu Tolib bilan Shom shahri tomon yo‘lga otlandilar. Yo‘lning yarmida Buhayro ismli bir nasroniy rohib ul hazratni ko‘rib, u kishining ba’zi alomatlaridan Payg‘ambari oxir zamon ekanlarin payqadi va Abu Tolibga: «Bu yigitni Shomda yahudiylar tanib qolib, zarar yetkazinglari mumkin», dedi. Abu Tolib Buhayroning so‘ziga kirib, Makkaga qaytib ketdilar.

Payg‘ambarning uylanishlari

Hazratning axloq va odoblari bisyor maqbul va komil bo‘lgan; hech vaqt yolg‘on gapirmaganlar, hech kimga xiyonat qilmaganlar, noinsoflik, muruvvatsizlik va behayolikdan yiroq edilar. Binobarin, hazratning e’tiborlari ortib, kundan kunga ziyoda bo‘lgan. Makka xalqi ul zotni Muhammad Amin, deb atadi. Hazrat yigirma to‘rt yoshga to‘lganlarida makkalik Xadicha ismli moldor ayol u kishiga molini berib, Shomga yubordilar. Bu daf’a ham yo‘lning yarmida Nasturo ismli bir nasroniy rohibi u kishini ko‘rib, Shom safarini man’ qildi. Shul sababli mollarini o‘sha yerda katta foyda evaziga sotdilar va qaytib ketdilar. Xadicha ul hazratdan juda mamnun bo‘ldilar. Yigirma besh yoshda ekanliklarida Xadichani o‘z nikohlariga oldilar.

Vahiyning kelishi

Yuqorida biz hazratning odob-axloqlari haqida gapirib o‘ttan edik, hazratning yana bir xislatlari shundan iborat ediki, boshqa makkaliklar yoki umuman arablar singari butlarga sig‘inmas edilar, ularni bir tosh deb bilib, chandon e’tibor qilmas va hatto yomon ko‘rardilar.

Qirq yoshga yetganlarida Alloh tomonidan Jabroil orqali «Iqra, bismi rabbuka» oyati nozil bo‘ldi va so‘nggi uch yil ichida hech bir oyat kelmadi. So‘ng «Ya ayyuhal-muddassiru qum fa-anzir» oyati keldi va u hazratni payg‘ambarlikka amr qildi. Ul hazrat bu xabarni avval Xadichaga, so‘ng hazrati Abu Bakr va Aliga yetkazdilar; ularning hammalari musulmon bo‘lishdi. Hazrati Ali bu paytlarda go‘dak edilar. Aytadilarkim, eng avval musulmon bo‘lgan kimsalar — ayollardan Hazrati Xadicha, erkaklardan hazrati Abu Bakr, go‘daklardan hazrati Ali musulmonlikni qabul qilganlar. Bundan so‘ng hazrati Abu Bakrning dalolati bilan Makkaning bir necha ulug‘lari musulmon bo‘ldilar. Dastlab musulmonlarning soni yigirma kishidan iborat bo‘lgan. Hazrat bu yangi musulmonlar bilan pinhona ibodat qilardilar, suhbat ham pinhona edi. Ammo buyuk ishlarni doimo yashirib bo‘lmaydi, shuningdek, yangi din ham buyuk ish bo‘lib, uni yashirishning iloji bo‘lmadi; hazratning Payg‘ambarligi Makkaga ovoza bo‘ldi; hamma hayron, ba’zilari kelib hazratning o‘zlaridan so‘radilar va ul zoti sharif tavhid ilmini ularga tushuntirdilar. Payg‘ambar bilan kelib suhbatlashgan ba’zilarga yangi din ma’qul kelib, ular ham musulmon bo‘ldilar. Yangi din odamlarni pokizalikka, Xudodan qo‘rqishga, ezgu ishlarga da’vat qilar ekan, odamxo‘rlik va behuda ishlarni man’ qilar ekan. Arablar bu dinga rag‘bat ko‘rsatdilar. Lekin Makkaning ayrim ulug‘lari, masalan, Abu Jahl va Abu Sufyon: «Agar biz musulmon bo‘lsak, Muhammadga tobe bo‘lib qolib, ulug‘likni qo‘ldan berurmiz», — deb musulmon bo‘lmadilar, ayni paytda musulmonlikni qabul qilgan kishilarga ham ko‘p azob berdilar. Hazrat kofirlarning bergan azoblaridan nolimadilar, doimo Xudo amrini bajo keltirib, ularni ham charchamay Islom diniga da’vat etdilar.

Hazrati Hamza va hazrati Umarning musulmon bo‘lishlari

Hazratning doimiy sabot va sa’y-harakatlari natijasida arablarning atoqli bahodirlari janobi Hamza va Umar musulmon bo‘ldilar, bundan musulmonlarning dillari quvvatlandi. Hazrati Umarning dalolati bilan Payg‘ambar ‘alayhissalom o‘z yoronlari bilan Ka’ba masjidiga borib oshkora namoz o‘qidilar, odamlarni musulmonlikka da’vat qildilar, kishilar birma-bir, asta-sekin kelib musulmon bo‘ldilar.

Payg‘ambar yoronlarining Habashga ketishlari

Ul hazrat Payg‘ambarligining beshinchi yilida musulmonlar soni 300 ga yetdi. Musulmonlarning soni orta borishi bilan kofirlarning ham zulmi kuchayib ketdi. Shuning uchun hazrat kimning xohishi bo‘lsa, Habashistonga borishlari mumkinligini aytdilar. Payg‘ambarning oliy himmatlari bilan bir necha ashoblari Habashiston yurtiga ketdilar va u yerning podshohidan muruvvat ko‘rdilar. Islom dini kuch olgunga qadar ashoblar o‘sha yerda istiqomat qildilar, so‘ngra Hazratning xizmatlariga qaytib keldilar.

Xadicha va Abu Tolibning vafotlari hamda munosabatlarning uzilishi

Kofirlarning izza va haqoratlari ko‘paygan sari musulmon diniga rag‘bat bildiruvchilarning soni ham kundan kunga ko‘paya bordi. Makka ulug‘laridan bo‘lgan kofirlar majlis o‘tkazib, Payg‘ambar va u kishining yoronlari bilan har qanday munosabatni uzishga qaror qildilar. Qaror natijasi o‘laroq ahdnoma yozdilar: bundan keyin hech kim musulmonlarga xotinlikka qiz bermaydi va ulardan xotin olmaydi, ular bilan salomlashmaydi, savdo-sotiq aloqalarini qilmaydi. Bu ahdnomaga imzo chekib, Ka’ba darvozasiga osib qo‘ydilar. Bu ahdnoma uch yil o‘z kuchida turdi. Ko‘pgina musulmonlar bu ahdnoma natijasidan ko‘p qiyinchilik ko‘rdilar, ammo musulmonchilikni qabul qiluvchi olamlar safi to‘xtamadi. Oqibatda ahdnomadan hech qanday naf bo‘lmay, kofirlarning o‘zlari bu ahdnomani yirtib tashladilar, ahli Islom undan xalos bo‘ldi.

Hazrat Payg‘ambarimizning vahiy ola boshlaganlarining o‘ninchi yilida hazrati Xadicha va amakilari Abu Tolib dunyodan o‘tdilar. Abu Tolibning o‘limidan keyin Makka kofirlari Payg‘ambarimiz va musulmonlarga zulmlarini haddan oshirib yubordilar. Ayni iaytda Rasuli akramning me’rojlari voqe’ bo‘lib, hazrat moddiy olamdan ma’naviy olamga safar qilib qaytdilar. Me’roj tunidan boshlab besh vaqt namoz farz bo‘ldi.

Makkadan Madinaga hijrat

Kofirlarning zulmi va zo‘ravonligi haddan oshib ketganligi sababli Rasuli akram ba’zan atrofdan kelgan musofirlarni Islom diniga da’vat qilish va o‘z tarafdorlarini yanada ko‘paytirish uchun shahar tashqarisiga chiqar edilar. Payg‘ambarlikning o‘n ikkinchi yili bir kuni Madinadan kelgan bir necha odamni musulmonlikka da’vat qilmoq uchun shahar tashqarisiga chiqdilar. Madinaliklar Payg‘ambarimizga agar siz Madinaga kelsangiz biz o‘z mol va jonimizni siz uchun ko‘mak yo‘lida fido qilar edik, dedilar. Payg‘ambarimiz ularning bu qasamlariga ishonib, taklifni qabul qildilar. Bu uchrashuv Aqoba mavzeida sodir bo‘lgani uchun uni tarixchilar » Aqoba ittifoqi», deb ataganlar. Keyingi yilda Madinadan yana bir necha ulug‘lar kelib «Aqoba ittifoqi»ni yangilab ketdilar. Kofirlarning qulog‘iga bu itgifoq yetib borgach, musulmonlarga nisbatan o‘z zulmlarini yanada kuchaytirib yubordilar. Hazrat o‘z ashoblariga Madinaga hijrat qilishni buyurdilar va musulmonlar yakka-yakka va juft-juft bo‘lishib Makkadan hech kimga sezdirmay chiqib keta boshladilar. Kunlar o‘tgan sayin Makkada Hazratning o‘zlari Abu Bakr va Ali bilangina qoldilar. Kofirlar Payg‘ambarimizning yolg‘iz qolganliklarini bilgach, ul zotni tunda qatl qilmoqqa maslahat kildilar, ul Hazratga Alloh bu maslahatdan ogoh etdi va o‘rinlariga Alini yotqizib, Abu Bakr bilan birga o‘sha kuni Makkadan chiqib ketdilar. Kofirlar Payg‘ambarimizning ketib qolganliklarini bilib, izlashga tushdilar, ayniqsa, As-Saboh degan kofir ko‘p qidirdi, ammo izlarini ham topa olmadi. Ul Hazrat Abu Bakr bilan birga salomat holda Madinaga borib yetdilar. Ular kelgan kunni Madina ahli katta bayram qildi. Hazrat Ali ham oradan uch qun fursat o‘tgach, Madinaga kirib keldilar. Hijrati Payg‘ambarning o‘n to‘rtinchi yilida, isoviy 622-sanani musulmonlar o‘z tarix hisobining ibtidosi, deb bilurlar, ya’ni hijriy yil shu yildan boshlangan.

Masjid qurilishi va qiblaning tayin bo‘lishi

Hazrat Madinaga kelganlaridan so‘ng, Madinaning tashqarisidagi Qubo dahasida bir masjid qurdilar va keyinchalik ham Madinaning o‘zida yana bir masjid bino qildilar. Alloh taolo hanuz musulmonlarning qiblasini tayin qilmagan edi. Musulmonlar namoz o‘qiganlarida yahudiylar qiblasi bo‘lmish Baytul-Maqdisga qarar edilar, binobarin, Madinadagi ikki masjidning ham qiblasi o‘sha tomonga qaragan edi. Musulmonlar bir qancha vaqt Baytul-Maqdisga qarab namoz o‘qiganlaridan keyin, qibla Ka’baga qarashi kerakligi haqidagi oyat nozil bo‘ldi. O’sha vaqtdan buyon musulmonlarning qiblasi Ka’ba uyi tarafidadir. Bu voqea Islom tarixida qiblaning tayin bo‘lishi, ya’ni «Tahvili qibla», deb ataladi. Alloh taoloning har bir amri bir necha foyda va hikmatga egadir. Zero, bu amrning hikmati shundan iboratki, musulmonlar har namozda Ka’baga qarab namoz o‘qir ekanlar, asl vatanlari bo‘lmish Makkani yod etadilar va tezroq quvvatlanib, Makkani kofirlar qo‘lidan xalos etmoqqa sa’y-harakat qiladilar.

Jihodga buyurish

Qibla tayin bo‘lgach, musulmonlar o‘z vatanlarini kofirlar qo‘lidan xalos qilish orzusida bo‘lib, jihodni istar edilar. Hijratning ikkinchi yilida Alloh tomonidan jihod farz qilindi. Shundan so‘ng musulmonlar kofirlarga qarshi ko‘pgina jang qildilar. Payg‘ambarimiz ishtirok etgan har bir jangni g‘azot, deb ataganlar va o‘zlari ishtirok etmay, lashkar yuborgan janglarni sariyya deganlar. Musulmonlar qariyb yigirmata g‘azot va sariyya uyushtirganlar. Ulardan mashhurlari: Badr, Uhud, Xandaq, Haybar, Makkaning fath etilishi. Boshqalari haqida ozrak yozamiz.

Badr g‘azoti

Dastlabki g‘azot Badr yurishidir. Hazrati Payg‘ambar bu jangga 313 nafar jangchi bilan kelgan edilar. Makka kofirlari esa, qariyb ming kishi bo‘lib jangga kirdilar. Ikki muxolif lashkar Badr deb atalgan mavzeda to‘qnashdilar. Musulmonlar haq yo‘lida yaqdil bo‘lib jang qilganliklari uchun ham o‘zlaridan uch barobar ko‘p bo‘lgan dushman lashkarini yengdilar. Bu g‘azotda musulmonlardan 14 kishi, kofirlardan 70 kishi halok bo‘ldi. Bu jangda Islomning ashaddiy dushmani Abu Jahl ham halok bo‘lganlar orasida edi. Kofirlardan yetmish nafari musulmonlarga asir tushdi. Hazrat Madinaga qaytgach, ba’zi asirlarni tovon hisobiga ozod qildilar. Tovon to‘lashga qurbi yetmaganlarni esa, musulmon bolalarning xat-savodini chiqarishga majbur qilindi, bu ishni bajargandan keyingina ozod kilinishi shart qilib qo‘yildi. Bu g‘azot hijratning ikkinchi yili sodir bo‘lgan edi.

Uhud g‘azoti

Kofirlar Badr jangida mag‘lub bo‘lib, Makkaga qaytdilar. Bir oy azadorlik qilib, keyin qasos olish niyatida jangga tayyorgarlik ko‘ra boshladilar. Keyingi yilda uch ming lashkar bilan Madinaga qarab yul oldilar. Hazrati Payg‘ambar kofirlarning lashkarlari kelganini eshitib, ashoblarining mo‘‘tabarlarini yig‘ib mashvarat o‘tkazdilar va dushmanlarning lashkari ko‘p ekan, agar biz shahar darvozalarini berkitib, ichkaridan jang qilsak yaxshi bo‘lar, dedilar. Ashoblarining g‘ayratli yoshlari bu maslahatga quloq osmay, shahardan tashqariga chiqib dushman bilan yuzma-yuz jang kilamiz, dedilar. Hazrat ularning tashqariga chiqib jang qilish tarafdorlari ekanliklarini ko‘rdilar va hech narsa demay yetti yuz nafar musulmonlar bilan shahar tashqarisiga chiqdilar. Madina shahri tashqarisidagi Uhud tog‘ining tagida dushman bilan yuzma-yuz keldilar. Islom lashkarining chap tomonida bir dara bo‘lib, Hazrat ellik nafar o‘qchilarni ajratib, sizlar shu joyda turinglar, aslo boshqa joyga ko‘chmanglar, agar dushman bu yerga kelib hujum qilsa, ishimiz mushkullashadi, dedilar. Jang boshlandi, musulmonlar hujum qildilar, kofirlar chekina bordilar, lekin boyagi ellik nafar o‘qchi Hazratning farmonini yoddan chiqarib, kofirlarning har yerda qolgan molini o‘lja olish uchun daradan keldi. Bir qancha dushman askarlari bu fursatni g‘animat bilib, ana shu darani egallab oldilar va shu yerdan Islom lashkariga hujum qildilar. Musulmonlar mag‘lub bo‘ldilar, yetmish nafar musulmon shahid bo‘lib, Payg‘ambarimizning amakilari hazrati Hamza ham shu qatorda edilar. Hazratning ham bu jangda tishlari sinib, aziyat cheqdilar. Garchi kofirlarning qo‘llari bu jangda baland kelgan esa-da, musulmonlarning yana kuch to‘plab hujum qilib qolishlaridan qo‘rqib chekindilar.

Handaq g‘azoti

Hijratning beshinchi yili Makka kofirlari yahudiylar bilan ittifoq tuzib, o‘n ming kishini go‘plab, Madina tarafga yo‘l oldilar. Hazrat bu xabarni eshitgach, ashoblari bilan mashvarat qildilar. Maslahatga binoan Solmon Forsiy uch ming kishi bilan shahar tashqarisiga chiqib, shahar ostonasida Islom lashkarining atrofida chuqur qazidilar. Kofirlar Islom lashkarining ro‘baro‘siga kelib saf tortdilar, ammo xandaqdan o‘tolmadilar, nochor qolib, xandaqning narigi tomonida turib o‘q otdilar. Musulmonlar ham bu tarafda turib dushman o‘qiga javob berib turdilar. Oqibatda dushman hech qanday natijasiz qaytib ketishga majbur bo‘ldi. Musulmonlar muzaffar va mansur bo‘lib Madinaga qaytdilar.

Hudaybiyah sulhi

Hijratning oltinchi yili Hazrat besh yuz nafar sahobiylari bilan Ka’bani ziyorat qilish niyatida yo‘lga tushdilar. Jang qilish niyati bo‘lmaganligi sababli qilichdan boshqa jang qurollarini olmaslikni buyurdilar. Makka yaqinidagi Hudaybiyah mavze’iga joylashib, Makka ahliga elchi yuborib, o‘z niyatlarini ma’lum qildilar. Lekin Makka kofirlarinigi sardorlari musulmonlarga bo‘lgan eski adovatlari hamda gina-kuduratlari bilan Hazrat Rasuli akram ‘alayhissalomga Ka’ba ziyorati uchun ruxsat bermadilar.

Shuncha miqdor musulmonni ko‘rib, ularning niyatlaridan bexabar yoki xabardor bo‘lsalar ham ataylab, darhol lashkar to‘plab, jangga hozirlik ko‘ra boshladilar.

Jang chiqishiga sal qoldi, lekin ba’zi kishilar g‘ayrat qilib, ular o‘rtasida sulh va ahdnoma tuzdilar. Bu sulhga ko‘ra, Hazrat bu yil Ka’bani ziyorat qilmay qaytadigan va keyingi yilda ziyoratga kelaligan bo‘ldilar; musulmonlar o‘n yil mobaynida Makka ahli bilan jang qilmaydilar. Makkadan Madinaga qochgan har bir kimsani esa, qaytarib Makkaga yuboradilar va Madinadan Makkaga qochgan xar bir kimsani Makka ahli Madinaga jo‘natmaydilar. Har ikki tomon ushbu ahdnomaga imzo chekdilar, Hazrat Madinaga qaytib ketdilar, keyingi yili esa Ka’ba ziyoratiga bordilar. Bu voqeani Hudaybiyah sulhi, deb ataganlar.

Haybar g‘azoti

Shom va Madina orasida Haybar otlig‘ qal’a bor edi. Bu joyda yahudiylar yashardilar. Hazrat hijratning yettinchi yilida shu qal’ani olmoq uchun ming nafar Islom ahli bilan keldilar. Yahudiylar shahar darvozasini berkitib, ichkaridan turib jang qildilar. Islom lashkari o‘n kun mobaynida qal’ani qat’iy qamal qildi, natijada uni egalladi. Bu shahardan Islom lashkari qo‘liga beadad o‘lja tushdi.

Hazratning elchilar jo‘natishlari

Bu g‘alabadan so‘ng musulmonlarning ovozasi har tarafga yoyildi. Turli qavmlar Islom ahlining quvvatidan hayratga tushdilar. Hazrat fursatni g‘animat bilib, atrofdagi iodshohlarga elchi va nomalar yubordilar, bu nomalar va elchilar orqali ularni Islom diniga kirishga da’vat qildilar. Hazrat quyidagi olti mamlakatga o‘z nomalarini yuborgan edilar: Eron podshohiga, Rum podshohiga, Habashiston podshohiga, Misr hokimiga, Yaman hokimiga. Ularning ba’zilari Hazratning elchilarini izzat-hurmat bilan qarshilagan bo‘lsalar, ba’zilari tahqirladilar.

Makkaning olinishi

Hudaybiyah sulhiga binoan musulmonlar Makkaga qarshi o‘n yil davomida jang qilmasliklari kerak edi va musulmonlar bu ahdda sobit edilar. Lekin sulh imzolangandan keyin ikki yil o‘tib, ya’ni hijratning sakkizinchi yili Makka kofirlarining o‘zlari ahdnomani buzdilar; Madinaga bot-bot hujum qila boshladilar. Hazrat o‘n ming lashkar bilan Makkaga yurish qilishga majbur bo‘ldilar va shahar tashqarisiga kelib, har bir jangchiga o‘z chodirida olov yoqishni buyurdilar. Makka ahli homon musulmonlarning kelganlaridan bexabar edi. Shahar tashqarisidagi bunchalar ko‘p o‘tni ko‘rib qo‘rqib ketdilar. Abu Sufyon xabar olgani kelib, musulmon bo‘lib qaytdi va Makka ahliga voqeani anglatdi. Makka kofirlaridan ba’zilari jangga hozirlik ko‘rolmay, har tomonga qochib ketdilar. Hazrat jangsiz kelib Makkani oldilar va Makka ahliga umumiy afv e’lon qildilar. Boshqalar ham guruh-guruh bo‘lib musulmonlikii qabul qildilar.

Hunayn g‘azoti

Makka fathi haqidagi xabar hamma tarafga tarqalgach, ba’zi musulmon bo‘lmagan arab qabilalari g‘azabga keldilar va Hunayn degan mavze’ga to‘planib, Islom lashkariga hujum qilishga shaylandilar. Hazrat bu xabarni eshitib, 12 ming kishi bilan ularning ustiga yurdilar. Hunayn mavze’ida jang bo‘lib, nomusulmon qabilalarning lashkari qattiq shikast yedi. Islom ahli ularning yurtlarini egalladilar; butun Arab yarim oroli musulmonobod bo‘ldi va Hazrat Madinaga qaytdilar.

Tabuq g‘azoti

U zamonlarda Shom viloyati Rum imperatorining qo‘lida edi. Hazrat imperatorning farmoni bilan Shom viloyatida juda ko‘p askarlar jam bo‘lganini va Madinaga hujum qilish niyatida ekanligini eshitdilar, ul zot ham darhol lashkar to‘plash fikriga keldilar. Lekin Rum imperatorining lashkari bilan jang qilish mushkul edi. Buning uchun juda ko‘p lashkar to‘plash kerak edi, ammo lashkar xarajati uchun mablag‘ topishning iloji yo‘q edi. Oxir-pirovardida millatga murojaat qilib, ko‘mak so‘raldi. Har kim qo‘lidan kelgan narsasini berdi. Shu tariqa lashkarga kerakli bo‘lgan anjomlar to‘plandi. Hazrat 30 ming lashkar bilan Madina va Shom o‘rtasidagi Tobuq mavzesiga yetib keldilar. Dushmandan asar ham ko‘rinmadi. Lashkarning ulug‘larini to‘plab mashvarat qildilar. Abu Bakr Siddiq, agar shomliklar jang qilishni niyat qilganlarida biror belgi bo‘lur edi, hozir esa, ulardan hech bir xabar yo‘q, ma’lum bo‘dadiki, ularning jang qilish niyati bo‘lmagan, balki bizning bu yerga kelganimiz ularni qo‘rqitib yuborgan bo‘lishi mumkin, buning ustiga Shomda vabo tarqalgan, agar shu yerdan ortta qaytsak, ma’qul bo‘lar edi, deb maslahat berdilar. Hazrat bu maslahatni ma’qul topib, Tobuq atrofidagi qabilalarni boj to‘lashga majbur qildilar va Madinaga qaytdilar.

Vidolashuv haji

Hijratning o‘ninchi yilida Hazrat haj qilish niyatlarini butun musulmonlarga e’lon qilib, qirq ming kishi bilan Makkaga kirdilar. Atrofdagi musulmonlar ham guruh-guruh bo‘lib kela berdilarki, natijada ularning soni yuz ming nafarga yetdi. Hazrat xutba o‘qib, bu dunyodan o‘tishlari yaqinligini bashorat qildilar. Musulmonlarga nasihat qilib, so‘ng Madinaga qaytdilar. Bu Hazratning so‘nggi hajlari bo‘lib, tarixda «vidolashuv haji», deb atalgan .

Payg‘ambar ‘alayhissalomning dunyodan o‘tishlari

Voqean uch oydan so‘ng, hijratning o‘n birinchi yilida, rab’ul-avvaldan bir kun oldin Hazrat xastalandilar. Ashoblarini jam qilib shu tariqa nasihat qildilar: men dunyodan ketyapman, Qur’onni sizlarning ixtiyorlaringizga qoldirurman. Doimo Qur’onga amal qilinglar. Bir-biringizni sevinglar, bir-birlaringizga madad bo‘linglar, aslo ezgu ishlardaya judo bo‘lmanglar, dunyoni obod va isloh qilishga kuch beringlar.

Hazratning xastaligi kuchayib, rab’ul-avval oyining o‘n ikkisida, hijratning o‘n birinchi yili oltmish uch yoshda dunyodan o‘tdilar».

Payg‘ambar ‘alayhissalomning sifatlari

Payg‘ambar ‘alayhissalom eng oliy xulq va rahmli sifatlarga ega bo‘lganlar, rahm va shafqat, karam va sahovat, madad, aql va ilm boblarida olamda tengsiz edilar. Behuda g‘azabga kelmas edilar, din ishlaridan boshqa masalalarda juz’iy kamchiliklarni kechirar edilar. Insof doirasidan bir qadam ham tashqariga chiqmaganlar. Har kimning bilimi va imkoniga qarab ish buyurardilar. Biron kimsadan tama’ ham qilmaganlar va sadaqa ham olmaganlar. O’z xotinlari va xizmatkorlariga doimo tavoze’ va ochiq chehra bilan muomala qilganlar.

Payg‘ambar ‘alayhissalomning xotinlari va farzandlari

Payg‘ambar ‘alayhissalom o‘n bir xotin olganlar. Ulardan ikki nafari Hazratning hayotlik vaqtlarida olamdan o‘tgan va to‘qqiz nafari ul zoti sharifdan keyin qolgan edi. Xotinlaridan eng mashhurlari: Xadicha, Oyisha, Hafsa va Maymunadirlar. Uch o‘g‘il va to‘rt qizlari bo‘lgan. O’g‘illari: Qosim, Abdulloh, Ibrohim. Qizlari: Fotima, Zaynab, Ruqiya, Ummi Gulsumdirlar. Lekin hazrati Fotimadan o‘zgalari Hazratning hayotlik vaqtlarida vafot etganlar.

Ikkinchi qism

BIRINCHI TO’RT ASL XALIFALAR

Hazrati Abu Bakr xalifaligi

Payg‘ambar ‘alayhissalomning hayotlik chog‘larida hamma musulmonlar ul janobning farmonlariga tobe’ edilar. Ul zoti sharif olamdan o‘tganlaridan so‘ng, albatta, musulmonlarga bir yo‘lboshchi zarurati tug‘ildi. Hazrat dunyodan o‘tganlaridan so‘ng, ashoblar yo‘lboshchi tayinlash fikriga tushdilar. To‘planib mashvarat qildilar. Ular o‘rtasida ixtilof tug‘ilib, nizo chiqishiga oz qoldi. Hazrati Umar g‘ayrat va shijoat ko‘rsatdilar; hazrati Abu Bakrni ahli Islom sardorlig‘iga tavsiya qildilar va birinchi bo‘lib o‘zlari ul kishini tan oldilar. Shunday qilib, hazrati Abu Bakr xalifa, ya’ni Payg‘ambarimizning o‘rinbosari bo‘ldilar. Ul kishi minbarga chiqib, xaloyiqqa qarata nutq so‘zladilar: «Ey musulmonlar! Men xalifalikka lozim bo‘lmasam ham, orangizda nizo va dushmanlik tug‘ilmasin uchun uni qabul qilaman. Menga Rasuli Allohning aytganlariga amal qilishda yordam beringlar va ul zoti sharif so‘zlaridan chiqsam, menga itoat qilmanglar».

Hazratning vafoti haqidagi xabar har tarafga ketgandan so‘ng kupgina arab qabilalari dindan chiqdilar, ya’ni Islomdan qaytdilar. Bir necha kishi soxta payg‘ambarlikni da’vo qilishdi. Madina ahli bu voqeani eshitib, g‘amgin va hayron qoldi. Xalifa Abu Bakr g‘ayrat qilib birinchi navbatda barcha dindan chiqqanlarga qarshi jang qilib, ularni tor-mor keltirdilar, so‘ngra soxta payg‘ambarlarning dumini tugdilar.

Qur’onning   jam’ qilinishi

Qur’oni karim Payg‘ambar ‘alayhissalomga Alloh taolo tarafidan oz-ozdan nozil qilingan. Ul Hazrat hayot vaqtlarida Qur’on oyatlari jam’ qilinmagan edi. Ba’zi ashoblar Ashoh tomonidan yuborilgan barcha oyatlarni yod bilganliklaridan ularni hofizlar, ya’ni Qur’onni yoddan aypuvchilar, deb ataganlar. Aksariyat ba’zi oyatlarni yod bilar, qolganlarini yozib saqlar edilar. Hazrati Abu Bakr xalifa bo‘lganlaridan so‘ng ko‘plab hofizlar g‘ayridinlarga qarshi janglarda shahid bo‘ldilar. Hazrati Abu Bakr ko‘rdilarki, ish shu tariqa ketsa, bir muncha muddat o‘tib hamma Qur’on hofizlari dunyodan o‘tishi va Qur’onning ba’zi oyatlari yo‘qolib, unutilib ketishi mumkin. Shu sababli barcha oyatlarni jam’ qilib, bir joyga to‘pladilar.

Iroq va Suriyaning fath etilishi

O’sha zamonlarda dunyoda ikki ulug‘ davlat — biri Eron va ikkinchisi Rum ekanligini yuqorida aytib o‘tgan edik. Arab yarim orolidagi barcha odamlar musulmon bo‘lganlaridan so‘ng Islom ahli endi bu ikki buyuk mamlakat sari borib, u yerdagi odamlarni ham musulmon qilishni lozim topdi. Shunday qilib, Abu Bakr Siddiq ushbu fikrga kelganlaridan so‘ng, Xolid binni Validni 18 ming nafar jangchiga bosh qilib Eron tarafiga va Obid binni al-Jarrohni bisyor lashkar bilan Rum mamlakati   chegarasiga yubordilar. Xolid binni Valid Eron lashkari bilan qattiq janglar qilib, arab Iroqi nomli keng bir viloyatni qo‘lga kiritdi, so‘ng Obid binni al-Jarrohga yordamga yetib keldi. Bu ikki yirik sarkarda hamkorlikda Rumning ko‘p lashkari bilan janglar olib borib, Rumning ko‘p shaharlarini egalladilar. Shu vaqtlar mobaynida hazrati Abu Bakr betoblanib, o‘z o‘rinlariga hazrati Umarni xalifa qilib, dunyodan o‘tdilar. Hazrati Abu Bakrning yoshlari 63 da edi va ul kishining xalifalik davri ikki yilu uch oy va yana 10 kun bo‘ldi.

Hazrati Abu Bakrning fazilatlari

Hazrati Abu Bakr Payg‘ambarimizning eng birinchi yoronlaridan va maslahatdoshlaridan edilar. Hijratga ham birga ketgan edilar. Erkaklardan birinchi bo‘lib musulmonlikni qabul qilgan ham shul janobdirlar. Ham tovozeli, ham shijoatli zot edilar. Ul hazratning xalifalik zamonlarida Islom dinining kuchga kirishi uchun ko‘p ishlar qilindi va ul hazrat bor mol-dunyolarini shu yo‘lda sarf qildilar.

Hazrat Umar xalifaligi va Eron janglari

Hijratning o‘n uchinchi yilida hazrati Umar xalifalikka o‘tdilar. Musulmonlar bul janobga «Amir-al-mo‘minin», deb taxallus qo‘ydilar. Amir-al-mo‘minin eng avvalo hazrati Abu Bakr vasiyatlariga asosan katta qo‘shin to‘plab, Sayyid binni Vaqqos boshchiligida Eronga jo‘natdilar. Bu lashkar eronliklar bilan ko‘pgina janglar qilib, bir qancha shaharlarni qo‘lga kiritdi. Bu janglardan eng qattig‘i va mashhuri Quddus uchun olib borilgan muhoraba bo‘ldi. Mazkur muhorabada Islom lashkaridan qirq ming kishi va Eron tarafdan bir yuz yigirma ming kishi hozir bo‘ldi. To‘rt kun jang bo‘lib, musulmonlarning beshdan biri shahid bo‘ldi, Eron lashkari ham ko‘p talofot ko‘rdi. Natijada Eronning poytaxti bo‘lgan Madoyin shahri egallandi. Musulmonlar qo‘liga juda ko‘p o‘ljalar tushdi.

Shom va Quddusning fath etilishi

Islom lashkari Eron bilan jang qilayotgan paytda hazrati Umar Rum chegaralarida jang qilayotgan lashkarga madad yuborib, Abu Ubayd binni Jarrohni barcha lashkarlarga amir qilib tayin etdilar. Islom lashkari Shom va Xalabni Rum davlati qo‘lidan tortib oldi va lashkarning bir qismi borib Baytul-Maqdisni qamal qildi. Hazrati Umarning o‘zlari qamalga kelib, Baytul-Maqdisni sulh yo‘li bilan oldilar va bu joydagi nasroniylar Payg‘ambar ‘alayhissalomning dunyodan o‘tishlarihaqiga ko‘p adolat va muruvvat ko‘rsatdilar.

Misr fathi

Shundan so‘ng Amir-al-mo‘minin Umar binni al-Os ismli sardor boshchiligidagi to‘rt ming kishini Misrga yubordilar. Lashkar jang bilan Misrni qo‘lga kiritib, Iskandariyaga keldi. Uch oylik qamaldan keyin Iskandariyani ham oldi.

Tarixni belgilash

Hazrati Umar zamonlarida musulmonlarning shuhrati yoyildi va Islom mamlakati g‘oyat kengaydi. Xalifalik markazidan har tarafga xatlar va buyruqlar yuborilardi. Bu xatlar va buyruqlarda bir muayyan tarix yozish darkor bo‘lib, musulmonlar tarixini qachondan boshlash kerak, degan masala o‘rtaga tushdi. Hazrati Umar bu masala bo‘yicha mashvarat to‘pladilar va maslahat davomida hazrati Ali tarixning boshlanishini Payg‘ambarimizning hijrat qilganlari davridan, ya’ni Muharram oyidan boshlashni taklif qildilar. Bu voqea hijratning o‘n yettinchi yili ro‘y berdi.

Hazrati Umarning shahid bo‘lishlari

Hazrat Umar Islom dinining avj olishiga va musulmonlar shavkatini ko‘tarishga g‘ayrat qildilar. Lekin hijratning yigirma uchinchi yilida bir kun nasroniy qul nogahon ul janobga pichoq urib shahid qildi. Amir-al-mo‘mininning yoshlari oltmish uchda va xalifalik davrlari o‘n yilu olti oy bo‘lgan edi.

Hazrati Umarning fazilatlari

Hazrati Umar juda qanoatli, odil, nizomparvar va g‘ayratli edilar. O’zlariga yuklatilgan vazifalardan boshqa ishlar bilan shug‘ullanmasdilar. U kishi mashhurligi, Eron va Rumni larzaga solgan sarkarda bo‘lishiga qaramasdan hamisha yamoq kiyim kiyganlar. Baytul-Maqdisga safar qilgan paytlarida bir qul bilan tuyani navbatma-navbat minib borganlar. Hatto Baytul-Maqdis darvozasiga yetib kelganlarida ham azbaroyi g‘ulomning navbati kelgani sababli uni tuyaga mindirib, o‘zlari piyoda kirib borgan ekanlar.

Hazrati Usmonning xalifaligi

Hazrati Umar xastalik davrlarida hech kimni xalifa qilmadilar, balki ashoblarning ulug‘laridan olti kishini to‘plab, o‘zlaringiz o‘z ichlaringizdan kimni loyiq bilsangizlar, o‘shani xalifa qilingizlar, dedilar. Hazrati Ali, hazrati Usmon va Abdur-Rahmon binni Avf shu olti nafar qatorida edilar. Bular hazrati Umarning dafnlaridan keyin bir uyga yig‘ilib mashvarat qildilar. Abdur-Rahmon binni Avfdan tashqari hammalari Usmonni xalifalikka loyiq topdilar. Abdur-Rahmon ko‘rdiki, vaziyat bo‘lakcha, hammadan farqlanib, xalifa bo‘lishdan cho‘chidi. Binobarin, ertangi kun odamlar masjidga to‘planganlarida janob Abdur-Rahmon minbarga chiqdi, avvalan hazrati Alini oldilariga chaqirib, baland ovozda so‘radilar: «Yo Ali, men seni xalifalikka loyiq bilurman, shu shart bilanki, Payg‘ambarimiz hazratlari va avvalgi ikki xalifa tutgan yo‘ldan chiqmaysan». Bu mushkul shart edi. Hazrati Ali javob berdilarki, men buning uddasidan chiqolmayman. Janob Abdur-Rahmon bu daf’a hazrati Usmonni chaqirdilar va yana ushbu shart bilan xalifalikni taklif qildilar. Hazrati Usmon qabul qilgach, odamlar hazrati Usmonni tan oldilar.

Fathlar

Hazrati Usmon zamonlarida ham Islom lashkari har tarafga muzaffarona yurish qildilar. Eron yerida bo‘lgan lashkar Eron mamlakatining barcha jabhalarini egalladi va endi Turkistonga yurish qildi. Rum davlati bilan jang qilayotgan lashkar Suriyani egalladi. Janubda Afrika ham shu tariqa zafarli va g‘olibona yurishlar natijasida musulmonlikka o‘tdi. Hazrati Usmon zamonlarida Islom mamlakatlari juda kengaydi.

Dengiz jangi

Hazrati Payg‘ambarimiz zamonlaridan hazrati Usmon zamonlariga qadar Islom ahli qancha jang qilgan bo‘lsa, hammasini quruqlikda o‘tkazgan bo‘lib, dengizda hech jang qilmagan edi. Bu xalifa zamonlarida Islom lashkari jang kemalari yasab, Rodos va Qibris orollarini oldilar. Rum imperatori bu xabardan g‘azabga keldi va hamma kemalarini hozirlab, musulmonlar bilan dengizda qattiq janglar qildi. Musulmonlar kuchli kelib, imperatorga shikast yetkazdilar. Musulmonlarning dastlabki dengiz jangi ham shu tariqa voqe’ bo‘ldi.

Fitna zohir bo‘lishi va hazrati Usmonning o‘ldirilishi

Hazrati Usmon xalifalikka o‘tirgach, hazrati Abu Bakr va Umar tarafidan tayinlangan viloyatlarning aksar voliylarini bekor qilib, ularning o‘rinlariga o‘z qarindoshlaridan tayin qildilar. Hazrati Usmon qarindoshlaridan ba’zilari ularning zamonlarida qora ishlar bilan mashg‘ul bo‘lganlar. Bunga qo‘shimcha ravishda ushbu voliylar viloyatlarda zulm qilar edilar. Binobarin, musulmonlar hazrati Usmonning bu ishlarini oldingi shartlarga muxolif bilib, unga qarshi chiqdilar va natijada fitna zohir bo‘ldi. Misr, Qo‘fa va Basra xalqi guruh-guruh bo‘lib Madinaga keldi va hazrati Usmonga dediki, siz shartingizga vafo qilmadingiz, endi xalifalikni tark qiling, bizlar boshqa kishini xalifa qilurmiz. Hazrati Usmon qabul qilmadilar. Odamlar xalifaning uyiga hujum qilib, ul janobni shahid qildilar.

Shunday qilib, bu fitna musulmonlar uchun ko‘p yomon bo‘ldi. Ushbu fitna boshqa fitnalarga sabab va asos bo‘ldi. Keyinchalik Islom ahli ichki fitnalar bilan mashg‘ul bo‘lib, jahongirlikdan qolib ketdi. Agar shu fitnalar boshlanmasa edi, musulmonlar avvalgidek hamjihat bo‘lib, Islomni yoyish bilan mashg‘ul bo‘lganlarida, bugun butun olam musulmonobod bo‘lgan bo‘lur edi.

Hazrati Alining xalifaligi va Jamal jangi

G’avg‘ochilar hazrati Usmonni o‘ldirganlaridan so‘ng odamlar hazrati Alini xalifa qildilar. Lekin hazrati Usmonning qabilalaridan binni Ummiya hazrati Ali xalifaligini qabul qilmadi. Shom viloyatida Muoviya al-Sufyon degan kishi atrofida odamlar jam’ bo‘ldilar. Muoviya binni Ummiya qabilasining ulug‘laridan edi. Boshqa tarafdan Zubayr va Talxa — ikki ulug‘ sahobalardan edilarki, hazrati Ali xalifaligini ular-da qabul qilmadilar. Va hazrati Oyisha bilan birgalikda Basra shahriga kelib, hazrati Aliga qarshi jang qilishga hozirlik ko‘ra boshladilar. Hazrati Ali avvaldan ularga xat yozib, nasihat qildilar, ular qabul qilmadilar. Nochor Madinadan lashkar tortib, ular ustiga yurdilar. Qattiq jang bo‘ldi va bu jangda Zubayr bilan Talxa o‘ldirildi, hazrati Oyisha asir olindi. Bu urushni Jamal jangi, deb ataganlar.

Siffin jangi

Garchi hazrati Ali Jamal jangida muzaffar bo‘lsalar-da, oldilarida hali ulug‘ ishlar bor edi. Zero, Shom viloyatining voliysi Muoviya binni Ummiya o‘z qabiladoshlarini atrofiga to‘plagan edi. Bular hazrati Alini hazrati Usmonning kushandasi, deb uning xalifaligini qabul qilmadilar. Muoviya Shom ahlini hayajonga solib, o‘zini xalifa, deb e’lon qildi. Hazrat Ali nochor uning ustiga lashkar tortdilar. Siffin degan mavzeda ikki Islom lashkari ro‘baro‘ bo‘lib, to‘qson kun jang qildi. Har ikki tarafdan sakson ming musulmonning qoni to‘kildi.

Hakamlarning tayin qilinishi

Hazrati Ali qariyb zo‘r kelay deganlarida Muoviya hiyla ishlatib, sulh talab qildi. Ikki lashkar jangdan qo‘l tortdilar. Xalifalik masalasini hal qilmoq uchun har ikki tarafdan ikki hakam, ya’ni oqsoqollarni tayin qilishga kirishdilar. Hazrati Ali tarafidan Muso A’lo Sha’riy, Muoviya tarafdan esa Umar binni al-Os tayin qilindi. Bu ikki oqsoqol bir joyda o‘ltirib mashvarat qildilar. Umar binni al-Os Abu Musoga firib berib, ikki lashkar oldiga kelib, hazrati Alini bekor, Muoviyani esa xalifa tayin qildi. Hazrati Ali tarafdorlari bu voqeadan g‘amgin bo‘lib, ul janob yetagida Ko‘faga qaytdilar.

Xorijiylarning paydo bo‘lishi va hazrati Alining o‘ldirilishi

Hazrati Alining ba’zi tarafdorlari Siffin jangida firib yeganlari sababidan qattiq g‘amgin bo‘lib, o‘zlaricha hazrati Alidan gina qildilar. Nahravon shahrida jam’ bo‘lishib, hazrati Alining o‘zlari bilan jang qilish niyatida bo‘ldilar. Amir-al-mo‘minin bu xabarni engitib, ular ustiga yurish qildilar va shikast berdilar. Ular bu voqeadan darg‘azab bo‘ldilar va bora-bora hazrati Aliga dushmanroq bo‘lib qoldilar. Bu jamoani xorijiylar, ya’ni havorij, deb ataganlar.

Hijratning qirqinchi yilida Abdur-Rahmon binni Baljom Qo‘fa masjidida hazrati Alini shahid qildi.

Musulmonlar bu to‘rt xalifani «xulafo ar-roshidin», ya’ni asl xalifalar, deb ataganlar.

Imom Hasan

Hazrati Ali shahid bo‘lganlaridan so‘ng uning tarafdorlari imom Hasanni xalifa qildilar, lekin imomi Hasan ko‘rdilarki, Muoviya bilan barobar kelib bo‘lmas, xalifalikning bahridan o‘tib, uni Muoviyaga berdilar.

Uchinchi qism

UMMAVIYLAR VA ABBOSIYLAR

Ummaviylar xalifaligi

O’tgan fasllardan anglaganimizdek, hazrati Payg‘ambarning vafotlaridan so‘ng Muoviya zamoniga qadar xalifalik maxsus bir kishining haqqi emas edi. Musulmonlar kimni xohlashsa, o‘shani xalifa qilar edilar. Imom Hasan iste’fosidan so‘ng, Muoviya xalifalikka muqarrar bo‘lib, xalifalikda rasmiy sulolani rasm qilib, o‘z o‘g‘li Yazidni valiahd qildi. Shundan so‘ng xalifalik ularning xonadonlarida qoldi. Ular binni Ummiya qabilasidan bo‘lganlari uchun ularni ummaviylar, deb ataganlar. Bu jamoadan o‘n to‘rt nafar kishi navbatma-navbat xalifalik qildilar. Ularning xalifalik davrlari to‘qson yetti yil davom etdi. Poytaxti Shom shahri bo‘lgan. Ummaviylarning mashhur xalifalari: Muoviya, Yazid, Valid binni Abdul-malik va ularning eng oxirgisi Marvon binni Muhammad edi. Endi ularning qisqa hollarini bayon qilaylik.

Muoviya binni Abu Sufyon

Muoviya ummaviylar davlatining asoschisidir. Hazrati Usmon zamonlarida Shom viloyatining voliysi qilib tayinlangan edi. Hazrati Usmon qatl qilinganlaridan so‘ng hazrati Aliga qarshi isyon qilib, hazrati Usmonning xunini da’vo qilgan va bu Siffin jangiga sabab bo‘lgan. Hazrati Ali o‘ldirilgandan va imom Hasan iste’fosidan so‘ng xalifalik taxtiga erishgan. Ko‘p tavozekor va tadbirkor edi. Har viloyatlarning ulug‘larini pul zo‘ri bilan o‘ziga tarafdor qilgan. Uning zamonida Islom lashkari ba’zi shaharlarni qo‘lga oldilar, hatto Istambul shahrini ham musoxara qildilar, lekin ololmaganlar. Birinchilardan bo‘lib Islom viloyatlariga qozi va muftiylarni yuborgan, yangi yo‘llar qurdirgan, pochtani ham ta’sis qilgan shu zot edi. O’zi tirikligida o‘g‘li Yazidni valiahd qilib, hijratning oltmishinchi yilida vafot qilgan.

Yazid va Karbalo hodisasi

Yazid binni Muoviya otasining o‘rniga o‘girdi. Bu ishdan Makka va Qo‘fa ahli g‘azabga keldi. Qo‘fa ahli imom Husaynga xat qildilarki, biz Yaziddan bezormiz, keling, sizni xalifa qilurmiz. Imom Husayn ularning so‘zlariga aldanib, Bayt ahli va o‘zlariga mutalliq bo‘lgan yetmish nafar kishi bilan Makkadan Qo‘faga ravona bo‘ldilar. Yazid bu voqeani eshitib, lashkar yubordi. Yazid lashkari Karbalo mavzeida hazrati Husaynga ro‘baro‘ bo‘lishdi. Ul hazratni tobelari bilan barobar o‘ldirdilar. Musulmonlarning dili rahmsizona jinoyatdan parxun bo‘ldi. Bu hodisadan xurdsol (balog‘atga yetmagan) imom Zaynal-Obidin binni imom Husayndan boshqa hech kim xalos qolmadi. Bu xabardan Makka ahli g‘azabga kelib, Abdulloh binni Zabirni xalifa qildilar. Madina ahli ham unga tobe bo‘ldi. Yazid ularning ustiga ham lashkar yubordi. Uning lashkari avvalan Madinani jang bilan oldi, so‘ngra Makkaga kelib, uni muxosara qildi. Shu hangomda Yazidning o‘lganidan xabar topib, orqaga qaytdilar.

Valid binni Abdul-malik

Valid otasi o‘lgandan keyin, sakson oltinchi yili xalifalik taxtiga o‘ltirdi. Bu xalifa zamonida musulmonlar ko‘pgina mamlakatlarni qo‘lga kiritganlar. Uning Muhammad binni Qosim ismli sardori Hindistonning ba’zi shaharlarini, Qutayba binni Muslim ismli boshqa bir sardori Turkiston va Qoshg‘arni zabt qildi.

Andalus fathi

Andalus Ovruponing g‘arbiy-janubiy chekkasida joylashgan. Xaritiga qarasangiz ko‘rasizki, bu mamlakat juda kengdir. Bizning zamonamizda Isponiyo va Partug‘az nomli ikki davlat bu yerlarda hukmronlik qiladi. Andalus mamlakati shimol tarafdan Fransiyo, janub tarafdan Fors mamlakatiga hamsoyadir. Fors va Andalusning oralarida bir bo‘g‘oz bo‘lib, uni Sabata bo‘g‘ozi, deb ataganlar. Shunday qilib, ushbu mamlakat ham Valid binni Abdul-malik zamonida musulmonlar ko‘liga o‘tdi. Shu tariqa Misrdan Forsga qadar bo‘lgan hamma mamlakat Islom ahli qo‘lida bo‘ldi. Bu joylarning Muso binni Nasir ismli voliysi Validga maktub yozdiki, agar xalifa ijozat qilsalar, men Andalusni fath qilurman. Valid ijozat qildi. Muso binni Nasir o‘z g‘ulomi Toriq binni Ziyodni ozgina lashkar hamrohligida Andalus ahvolidan xabar olmoqqa yubordi. Toriq bu ozgina lashkar bilan Sabata bo‘g‘ozidan o‘tib, Andalus xokiga keldi. Bo‘g‘oz etagidagi tog‘ etagida to‘xtab, avvalan kemalarga o‘t qo‘yib yoqib yubordi va hamrohlariga aytdiki, endi bizga qaytmoqqa yo‘l qolmadi, g‘ayrat qilingizlar, oldingga yururmiz va ul obod mamlakatni qo‘lga olurmiz. So‘ngra tog‘ etagidagi yo‘ldan yurdilar. Andalus hukmdorlari bilan jang qilib, ularning shaharlarini oldilar. Ushbu tog‘ni hozirga qadar «Jabal-Toriq», ya’ni Toriq tog‘i, deb ataganlar va Sabata bo‘g‘ozini ham «Bo‘g‘ozi Jabal-Toriq», ya’ni Toriq tog‘ining bo‘g‘ozi, deyilgan. Muso binni Nasir bu xabarni eshitib, o‘z lashkari bilan Andalusga keldi. Ikkala sardor qo‘shildilar, birgalikda Andalus ahliga qarshi jang qilib, ul mamlakatni-da oldilar.

Marvon binni Muhammad va ummaviylar davlatining zavoli

Valid binni Abdul-malik vafotidan so‘ng, aksar xalifa bo‘lgan kishilar zolim, xunrez va fosiq edilar. Arab bo‘lmagan musulmonlarga jabr-zulm qildilar. Zotan, musulmonlar hodisasidan boshlab ulardan bezordirlar, nafrat qilardilar. Lekin u paytlar ummaviylar davlati zo‘r bo‘lgan. Odamlar o‘z nafratlarini ochiq bayon qilishdan qo‘rqqanlar. Hijratning 127 yilida ummaviylarning so‘nggi podshohi bo‘lgan Marvon binni Muhammad xalifalik taxtiga o‘ltirdi. Bu odam ko‘p g‘ayratli va ilmli bo‘lgan. Lekin ne foydaki, ummaviylar davlatining asosi avvalg‘i hukmdorlarning baxtsizliklari, zulm va fisq bilan qoplangan edi. Uni o‘nglab qolish mumkin bo‘lmadi. Xalq har tarafdan isyon qilib, Marvonni Abu Muslim Xurosoniy zohir bo‘lgunga qadar sargardon qildilar. Abu Muslim eronlik millatparvarlardan biri edi. U o‘z millatini ummaviy xalifalar zulmidan xalos qilmoq istadi. O’z atrofiga odamlarni to‘plab, ummaviylar tarafdorlari bilan qattiq janglar qildi. Abu Muslim aytar ekanlarki, binni ummaviylar xalifalikni egallab olganlar, ulardan xalifalikni olib, asl sohiblariga topshirurmiz. Abu Muslimning bu so‘zlari musulmonlarga ma’qul bo‘lgan. Uning atrofiga jam’ bo‘lishib, kundan kun quvvat topdilar va hijratning 132 yili Marvon lashkarini tamoman mahv etdilar. Marvon qochdi. Abu Muslim hazrati Abbos avlodlaridan bo‘lgan Abu Abbos ismli kishini xalifa qildi. Shunday qilib, xalifalik binni ummaviylar xonadonidan binni Abbos xonadoniga o‘tdi.

Abbosiylar xalifaligi

Hazrati Abbos hazrati Payg‘ambarning amakilari edilar. Abbosiylar hazrati Abbosning avlodlaridirlar. Abu Muslim Xurosoniyning sa’y-g‘ayrati bilan xalifalik ummaviylardan ularga o‘tdi. Ularning avvalgi bir-ikki xalifalari ummaviylardan qasos olmoq niyatida ko‘p xunrezliklar va noinsofliklar kildilar. Bu ikki-uch xalifadan so‘ng boshqa xalifalar musulmonlarni ilm va san’atli bo‘lishga, Islom mamlakatlarini obod qilishga ko‘p harakat va xizmat qildilar. Qolganlari zavq va safo bilan mashg‘ul bo‘lganlar. Ularning zamonida Islom olami parcha-parcha bo‘ldi. Har tarafdan podshohlar va amirlar paydo bo‘ldilar. Abbosiylar jamoasidan o‘ttiz yetti nafari xalifalik qildi. Xalifalik muddati 524 yil davom etdi. Abbosiy xalifalarning poytaxti Bag‘dod edi. Ularning mashhurlari: Xorun ar-Rashid, Ma’mun, oxirgisi Musta’sim Billo.

Xorun ar-Rashid

Xorun ar-Rashid hijriy 173 yili taxtga o‘tirdi. Abbosiylarning beshinchi xalifasi edi. Xorun ar-Rashid Islomning buyuk podshohlaridan biridir. Uning zamonida ko‘pgina madrasalar, kitobxonalar va shifoxonalar qurilgan. Bu xalifa haqiqatdo‘st, maorifparvar, azamat va shavkatli bo‘lgan. Ko‘pgina ilm-fan kitoblarini Erondan, Rumdan va Hindistondan keltirib, arab tiliga tarjima kildirgan, san’atni ham rivoj topdirgan. Uning zamonida musulmonlar zangdor soatni ixtiro qilganlar. Xorun o‘sha soatlardan birini Farangiston podshohlaridan biriga yuborgan. U yerning odamlari bungacha zangdor soatni ko‘rmagan edilar. Binobarin, mazkur soatni sehrli va joduli deb qo‘rqqanlar. Xorun ar-Rashid Rum imperatori bilan janglar qilib, uni o‘ziga boj to‘laydirgan qildi. Uning vaziri Yahyo binni Xolid Barmakiy bo‘lgan. Yahyodan so‘ng o‘g‘illari Fazl binni Yahyo va Ja’far binni Yahyo ham Xorunga vazirlik qildilar. Bu uchala vazir ham jahonda odilliklari, insofliklari, xayru ehsonparvarligi bilan mashhurdirlar. Tarixda ularni al-Barmakiy, ya’ni barmakiylar sulolasi, deb ataganlar.

Ma’mun

Ma’mun Xorun ar-Rashidning o‘g‘li va abbosiylarning yettinchi xalifasi bo‘lgan. Ilm va ma’rifatning taraqqiysi xususida otasidan ham ko‘proq harakat qilgan. Qaerda biror olim yoki dononi eshitsa, ularni mamlakatga keltirib asrar va qaerda hikmatli kitoblar xabarini eshitsa, keltirib arab tiliga tarjima qildirgan. Barcha ilm olimlari din va mazhabidan qat’i nazar uning atrofida jam’ bo‘lganlar. Bog‘dodda ko‘p bilimli tabiblarni to‘plagan va oliy darajadagi shifoxonalar barpo qilgan. Musulmonlarning san’ati, tijorati va ziroati Ma’mun davrida boshqa hamma ajnabiy mamlakatlardan ko‘proq taraqqiy qilgan edi.

Al-Musta’sim Billo va abbosiylar davlatining zavoli

Ma’mundan so‘ng abbosiylar jamoasidan yigirma nafar kishi xalifalik qildi. Lekin ularning aksariyati beobro‘, susttab’ va ba’zilari badaxloq edilar. Binobarin, abbosiylar davlati kundan kun tanazzul topdi. Bora-bora Islom mamlakatlarining har tarafidan bir podshoh, ketidan ikkinchisi paydo bo‘la boshladilar. Abbosiy xalifalar esa, Bog‘dodda o‘girib, bu podshohlar farmonlarining tobeiga aylanib qoldilarki, 640 (hijriy) yilda al-Musta’asim Billo xalifa bo‘ldi. Al-Musta’asim abbosiy xalifalarning oxirgisi bo‘lib, susttab’ odam bo‘lgan. O’n besh yil xalifalik qilib, 656 (hijriy) yili Xalokuxon kelib Bog‘dodni olgach, xalifani o‘g‘li bilan o‘ldirdi va kitobxonalarni yondirdi. Jannatobod Bag‘dod qon va otash ichida qoldi. Abbosiylar davlati barham yedi. Al-Musta’simning amakisi Xalokuxonning qo‘lidan qochib, Misrga bordi. U yerning amiriga o‘zini tanitdi. So‘ngra Misrda o‘n to‘rt abbosiy xalifalik qilgan. Lekin ularning xalifaligi podshohlik qilish bo‘lmay, balki shayxlik edi. Usmoniya davlati xalifalikni shulardan olgan.

Andalusdagi ummaviylar davlati

Yuqorida 132 (hijriy) yili Abu Muslim Xurosoniyning sa’y-harakati bilan xalifalik ummaviylar xonadonidan olib, abbosiylar xonadoniga berilgani va abbosiylarning birinchi va ikkinchi badniyat xalifalari o‘ch olish maqsadida ko‘pgina ummaviylarni o‘ldirganliklarini aytgan edik. Shu zamonda Abdur-Rahmon binni Muoviya binni Hishom ismli kishi Andalusga qochib ketgan edi. Andaluslik musulmonlar uni o‘zlarining podshohi qildilar. Abdur-Rahmon 135 (hijriy) yilda Andalus taxti saltanatiga o‘ltirib, u mamlakat obodligi yo‘lida ko‘p xizmat qildi, masjidlar va madrasalar qurdirdi, kanallar va yo‘llar ochdirdi. Mamlakat tijorati va ziroatini tarakqiy qildirdi. Shunday qilib, Andalus mamlakatida ham bir Islom saltanati ta’sis qilindi. Andalus podshohligining eng kattalari Malik Abdur-Rahmon Solisdirki, 291 (hijriy) yili podshoh bo‘lib, Andalus qit’asini ilm va madaniyat sohasida dunyodagi eng oliy mamlakatlar qatoriga qo‘shdi. U zamonlarda Farangiston odamlari Andalusga kelib, musulmon madrasalarida ilm va fan o‘rganib, qaytib ketar edilar. Shu sababli olam tarixining biluvchilari Andalus musulmonlarini Farangiston ustozlari, deb ataganlar. Andalus davlati 422 (hijriy) yilga qadar shu tariqa shavkatli va qudratli bo‘lib turgan. So‘ngra, qo‘zg‘olonlar, mardum nifoqi, podshohlar andishasizliklari natijasida mamlakat parcha-parcha bo‘ldi va har parchasi bir amirning qo‘liga o‘tdi. Bu amirlar musulmon ekanliklariga qaramay bir-birlari bilan doimo jang qilganlar. Va nasroniylar ularning o‘zaro ixtiloflaridan foydalanib, ba’zi viloyatlarni egalladilar. Ish shu joyga yetdiki, Andalusning oxirgi podshohi bo‘lgan Abu Abdulloh as-Sag‘ir zamonida Andalus olti qismga bo‘linib, bir qismigina uning qo‘lida qolgan, boshqalari esa, nasroniylar qo‘liga o‘tgan. Andalus nasroniylarining Ferdinand ismli podshohi Abu Abdulloh as-Sag‘ir shaharlarini ham asta-sekin egallab, poytaxti Granadani musoxara qildi. Abu Abdulloh chora topmay, toju taxtini Ferdinandga topshirib, ba’zi narsalarini, qarindoshlari va ayollarini olib ko‘chib ketgan. Ushbu tariqa Andalus hukumati 870 (hijriy) yili o‘sha yerning nasroniylari qo‘liga o‘tgan.

Andalus musulmonlarining oqibat ahvoli

Musulmonlar Andalusda hukmron bo‘lgan zamonlarda ul yerning nasroniylari ko‘p osuda va rohatda bo‘lganlar. Ularga hech vajdan zulm va jabr qilmaganlar. Lekin Islom hukumati u yerda tugatilgandan so‘ng va mamlakat Ferdinand qo‘liga o‘tgach, Islom ahli uchun zulm va muruvvatsizlik darvozalari keng ochildi. Ularni zo‘rlik va jabr bilan nasroniylikka o‘tkazdilar, ularning dodlarini so‘ramaganlar. Masjid va madrasalarni vayron qildilar. Musulmonlarning ba’zilarini o‘ldirdilar, ba’zilarini o‘tda yoqdilar, qolganlarini xiyla qilib, mamlakatdan chiqarib yubordilar. Shunday qilib, musulmonlar u yerda ko‘rgan zulmlarini hech qaysi g‘olibdan ko‘rmaganlar. Shu sabab bo‘lib Andalusda musulmonlar zo‘rlik bilan barham topdilar. Hozirgi kunda tamomi Andalusda (Isponiyo va Partug‘azda) bir musulmon ham qolmagan.

XDK

(Tashriflar: umumiy 690, bugungi 1)

Izoh qoldiring