Abdusaid Ko’chimov. Boychechak

044     Том ортидаги тераклар устида жилмайиб турган тўлин ой ҳовлини сутдек ёритиб юборган, ҳар жой, ҳар жойда сув кўллаб қолган олачалпоқ супа пастида устига катта сават тўнкариб қўйилган сўри — ҳамма, ҳаммаси кундуздагидек аниқ кўриниб турар эди. Болалар «Бойчечак» айта-айта сўрига яқинлашиб келишди ҳамки, ҳеч ким чиқмади.

Абдусаид Кўчимов
БОЙЧЕЧАК
011

033Шоир, адиб Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 майда Самарқанднинг Ургут туманида туғилган. Тумандаги 37- мактабни (1967), Тошкент Давлат педагогика институтини озбек тили ва адабиёти факултетини тугатган (1968—1972). Меҳнат фаолиятини «Ленин учқуни» газетасида ишлашдан бошлаган.
Илк китоби- «Кашфиётчи болалар» 1975 йилда чоп этилди. Шундан сўнг унинг «Ҳалқа», «Қиёфа», «Менинг юлдузим», «Умид дараҳтлари», «Чаноқ», «Икки баҳор» каби шеърий ва насрий китоблари нашр қилинди. «Баланд тог’лар» (2002)сайланма китобига ёзувчининг қиссалари, достонлари, шеърлари киритилган . А. Кўчимов Ҳалқаро ЙУНЕСКО мукофоти, Ғафур Ғулом номидаги мукофот билан тақдирланган. Абдусаид Кўчимов томонидан болалар ҳаёти муаммолари бадиий таҳлил қилинади. Унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати» ордени берилган . 1990-1994-йилларда Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига, 1994-1999 ва 1999-2004-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.

011

Она-бола молхона деворига таппи ёпишарди: болакай эски челакда ўтинхонадан кўмир кукунини ташир, енгини тирсагигача шимариб олган онаси таппини кўмир увоқларига булаб, думалоқларди-да, сўнг деворга урарди. Болакай бировга зарда қилгандек пачоқ челакни дам-бадам даст кўтариб ерга тўнкарар, ботинкасининг бир ёни ейилган пошнаси билан челакни устма-уст тепкилар эди. Онаси шунда ҳам пинагини бузмасди. Илонтепада қизғин «жанг» кетаётган шундай паллада шалаббо бўлиб кўмир ташиётган болакайнинг аламдан бўғилиб йиғлагиси келарди…

Кўчада от туёқларининг таниш дупури эшитилди. Болакай кўчага отилмоқчи бўлди-ю, онасига қараб, турган жойида бўшашиб кетди. Онаси худди қулоқ билан кўчани кўриб бўладигандай хиёл бошини қийшайтириб, ўқрайиб қўйди:
— Қара, биров келганга ўхшайди!

Болакай кўчага отилди. Узун чакмонли киши дарвоза рўпарасидаги букри толга отини боғламоқда эди.
— Эна, Тош тоғам!

Болакай тоғлар орасида яшовчи чўпон тоғасини жуда яхши кўрарди. Тоғаси ҳар гал унга ғаройиб совғалар олиб келарди. Чиройли тош граната, ёғоч автомат ҳам шу кишининг совғаси эди.

— Оббо, азамат-эй! Қўзивоймас, Қўчқорвой бўлиб кетибсан-ку! — дея тоғаси гирдикапалак бўлаётган болакайни баланд кўтарди. Ана шунда Қўзивойнинг кўзи тоғасининг тулки телпагига қистирилган сап-сариқ бойчечакка тушиб қолди-да, унинг эркалаб айтган гаплари қулоғига кирмай қўйди. Кечагина Мурод чилим бошлиқ болалар лойга беланиб, қирдан бойчечак тополмай қайтишган эди. Мурод чилимдек одам тополмай шалвираб қайтган бойчечакни у — Қўзи лилипут кўтариб борса, қойил бўларди-да!

Тоғаси ҳовлига кирганда ҳам Қўзивойнинг кўзи телпакда бўлди. Ҳар қанча ийманса ҳам, барибир ўзини тутиб туролмади:
— Тоға, ановини қаердан олдингиз?

— Айтгандай, сенга бойчечак топиб келувдим, — деди телпагини қўлига оларкан, жиянининг ҳалидан бери бошига жавдираб турганига энди тушунган тоғаси. — Қара, қандай чиройли!
— Ростдан ҳам менгами? — деб болакай терисига сиғмай ирғишлай бошлади.
— Ҳа-да! — деб тоғаси бойчечакни телпагидан авайлаб олиб, унга тутди — Ановини қара!

Қаттиқ ердан қатраб чиққан бой-че-чак!
Юмшоқ ердан ялтираб чиққан бой-че-чак!

Қўзивойнинг қўлига бойчечак тегиши билан у теваракка лой сачратиб, Илонтепа томон шаталоқ отди.
— Ур-ре-э-э! — у бойчечакни қўлида ҳилпиратиб, тойчоқдек шаталоқ отиб чопар эди.
— Пиёзини лойлаб ол, сўлиб қолади! — деганча ортидан қичқириб қолди тоғаси.

Қўзивой Илонтепага яқинлашганда тепагузарликлар «тор-мор» этилган эди. Пастгузарликлар қўмондони Мурод чилим қўллари боғланган «асирлар» олдида ғўдайиб у ёқдан-бу ёққа юрганча уларга қандай жазо бериш устида бош қотирарди. Ўйин қоидасига мувофиқ кимдир отувга, кимдир осувга, кимдир сургунга ҳукм қилиниши керак.

Шафқатсизлиги билан донг таратган Мурод чилимнинг турқидан қўрққулик эди. У «наган»ини ҳавода ўйнатганча асабий одимлар, белидаги қиличи, этиги қўнжида осилиб турган ҳўл ва кир пайтаваси шап-шап этиб болдирига уриларди.

— Ўртоқ қўмондон, душманлар!
Қўмондон бир сакраб тушди.

«Банди»лар ялт этиб пастга қарашди. Қўзивой тепалик сари ўрмалаб келарди. Буни кўриб, «асир»лар нигоҳидаги оний қувонч сўнди: «Лилипутнинг қўлидан нима келарди? Отабек бўлганда…»
— Душман қанча? — деб Қўзивойнинг ёлғизлигини кўриб турган бўлса ҳам соқчига юзланди қўмондон.
— Биттага ўхшайди.

— Аниғи?
— Битта, ўртоқ командир!
— Тириклай ушлансин!

«Қуролланган» уч «жангчи» болакайни қуршаб ола бошлади.
— Мен ўйнамайман! Мен бойчечак олиб келяпман! — деб бақирди нафаси бўғзига тиқилган Қўзивой. — Мана!

У қўлидаги бойчечакни баланд кўтарди. Бойчечакнинг сап-сариқ япроқлари қуёш нурида тилладай товланиб кетди.
— Қаердан топдинг?
— Қойил!

Бойчечакнинг қуёш нурида товланиб турган тилла япроқчалари Мурод чилимдан бошқа ҳамманинг кўнглидаги гина-адоватга барҳам берди. Чилим ҳам бойчечакни кўриб бир энтикиб тушган бўлса-да, «жанг»дан кейин зўрға етишган лаззатли онлардан маҳрум қилгани учун Лилипутни ич-ичидан бўралатиб сўкди.
— Зўр-ку, қоғозмасми?— деди у ҳаммадан кейин бойчечакни қўлига олиб. — Хўб вақтида келдинг-да, пакашвой. Бу энди бизники бўлади!

Унинг соққадай кўзлари айёрона ўйнаб турарди.
— Нега сеники бўларкан? — дея чувиллашди тепагузарликлар.

— Сизларни енгдикми, енгдик! — деб баланд келди қўмондон. — Барча мол-мулкларинг ҳам энди бизники бўлиши керак.
— Тўғри, тўғри! — тасдиқлашди қўмондонларининг ақлига қойил қолган шериклари.

— Ўйин қоидасида бойчечак йўқ! — деб бўш келмади Рўзивой. (Отабек келмагани учун бугун у қўмондонлик қиларди). — Бермасанг, Отабекни чақирамиз!

Отабек билан Мурод тенгдош бўлса ҳам, Мурод ундан чўчирди.
— Учгача санайман. Берсанг бердинг, бўлмаса… Бир, икки, икки ярим, чоракам уч…

Мурод довдираб қолди. Лекин сир бой бергиси келмади.
— Отабек-потабегинг билан қўрқитолмайсан! — деди ингичка бўйнини ўрдакдек чўзиб. — ўирром!
— Ўҳ-ҳуу! Ҳали биз ғирром бўлиб қолдикми? — деди бу туҳматдан бўғилган Рўзивой. Сўнг ёнидаги болакайга буюрди: — Асад, Отабекка чоп!

Энди катта жанжал бўлиши аниқ эди. Буни Мурод ҳам сезди-да, чопишга шай турган Асаднинг енгидан ушлаб тўхтатди.
— Бўпти, жириллайверма. Қонун бўйича бизники тўғри бўлса ҳам гапингга кўнамиз. Фақат битта шарт билан: бойчечак ҳаммамизники бўлади.

Икки гузар болалари «Бойчечак» айтишда ҳам ўзаро беллашиб келишарди. Биринчи бўлиб «Бойчечак» айтганлар анчагача нариги гузарликларга гап бермай юришарди. Мурод эшитмаганларини топиб айтарди.

— Йўқ! — дея Рўзивой бурилмоқчи эди, Мурод қўймади.
— Шошма, балки Қўзивой розидир. У эсли бола, ҳар нарсага жириллайвериш яхшимаслигини тушунади. Тўғрими, Қўзивой?

Болалар шундан кейингина бир четда қолиб кетган Қўзивойни эслаб қолишди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дегандек бойчечагига хўжайинлик қилувчиларнинг кўпайиб кетганидан эзилиб турган болакайга Муроддек машҳур саркарданинг «Қўзивой» деб майин илжайиши ёқиб кетди.

— Бирга айтсак, нима бўпти! Қайтанга кўпчилик бўлсак, кучуклар яқинлашолмайди, тўғрими?
Хижолат чекаётган Қўзивой иккиланиб қолди.

Рўзивойнинг жаҳли чиқди:
— Кўнмоқчимисан, унинг гапига? Билиб қўй, ҳозир бойчечакни олмасанг, иккинчи сен билан ўйнамаймиз!

— Ўйнамаса, ўйнамас! — деб аврай бошлади Мурод. — Мана, биз бормиз. Биз билан ўйнайверасан. Сен эса, ҳей, ёш болага унақа дўқ қилаверма, абжағингни чиқариб қўяман.
— Шунақами? — деб Муродгамас, балакайга қараб аламли ҳайқирди Рўзивой, — Сотқин! Кетдик, жўралар!

Тепагузарликлар Қўзивойга ўқрая-ўқрая пастга туша бошладилар. Эсанкираб қолган Қўзивой ҳам уларга эргашмоқчи эди. Мурод кўнмади.

Қўзивой нимадир демоқчи бўлди-ю, томоғига гўшт тиқилгандек бурнини торта-торта ўртоқларининг орқасидан қараганча қолаверди. Тепагузарликлар кўздан ғойиб бўлиши билан Мурод:
— Қўзивой — бойчечакнинг эгаси, у бошқалардан уч ҳисса ортиқ ҳақ олади! — деб эълон қилди.
Қўмондоннинг ана шу одиллигидан сўнг болакайнинг чиройи очилгандек бўлди.

… Шомга яқин қишлоқ бўйлаб болаларнинг янгроқ овози жаранглади:

Бойчечак аввал баҳорда очилади-ей,очилади!
Яхшиларнинг қошида сочилади-ей,
Бой-чечак, бо-ой-че-чак!

Бу овоз ҳали мағзи илимаган далаларга, эндигина куртаклаётган дарахтларга, оқимтир осмондаги ялтироқ юлдузларга тегиб акс-садо бераётгандек туюларди.

Режа бўйича, «Бойчечак» айтиш Фотима фолбинникидан бошланди. Фотима фолбин қишлоқ четидаги ҳовлида ёлғиз яшарди. Унинг уч ўғли урушда ҳалок бўлган, фарзанд доғи момонинг руҳига қаттиқ таъсир қилган эди. Қишлоқда у ҳақда ҳар хил миш-мишлар юрарди: фолбин оқшомлари фариштаю малойикалар билан гурунглашармиш, ҳовуз бўйида ажиналар билан ноғора чалиб базм қилармиш. Кимки фолбиннинг жиғига тегса оғзини қийшиқ, оёғини шол қилиб қўярмиш…

Ҳовли атрофида нурайвериб ер бағирлаб қолган пахса девор чўкиб ётган туя, калласи хумдек айиқ ва яна алланима балоларни эслатарди. Бўғотда осилиб турган янтоқ пардалар шамолда Ибн Ҳаттоб чолнинг соқолига ўхшаб селкиллар, буралиб-буралиб ўсган жийда танаси битта, боши мингта аждардек кўнгилга ваҳима соларди.

— Калтаги борлар олдинга ўтсин! — буйруқ берди Мурод дарвозага яқинлашишгач. — Кучук чиқса, ҳеч ким қочмасин! — у овози борича куйлаб юборди:

Бойчечак айтган билан тўямизми-ё!
Бурунгилар одатини қўймизми-ё!
Бо-ой-че-чек!

Нимқоронғи уй эшиги ғийқиллаб, саватдек сочи устидан рўмол ўраб олган фолбин чиқди. Узун камзулини судраганча ҳассасини тўқиллатиб келаётган кампир алвастининг ўзгинаси эди.
— Ўргилайлар, баҳор келдими-я? — демаса баъзилар жуфтакни ростлаб, қочишлари турган гап эди.

— Бўлмаса-чи, мана, қаранг, — деб бойчечакни унга узатди Мурод.

— Айланиб кетай баҳор элчисидан. Бел оғриғидан қутуладиган бўлибман-да, — дея фолбин бойчечакни кўзларига суртди, япроқларидан авайлаб ўпди, сўнг қозондек рўмолининг қатларини узоқ тимирскилаб нимадир олди-да, Муродга берди.

— Ма, суюнчи!
— Қозонини шунча кавлаб ўттиз тийин берибди-я! — деди фолбиннинг пулини фонус ёруғига солиб қараркан

Мурод кўчага чиқишгач.

— Шунисига ҳам раҳмат десангчи, гап пулда эмас-ку! — деди босиқлиги ва билағонлиги учун «профессор» номини олган Баҳрилла. — Бечора момонинг бойчечакни кўриб севинганини қара! Йиғлаб юборди-я.
— Тўқи-я, тўқи! — деб қўл силтади Мурод.

— Йиғлади! Мен олдигинасида эдим, аниқ кўрдим, — деб шоша-пиша Баҳрилланинг сўзини тасдиқлади Қўзивой.

— Вой, лочин кўз-эй, қоронғида одам одамни базўр танийди-ю, бу киши кампирнинг кўзидаги ёшни кўрганмиш! — деб масхара қилди Мурод. Кейин муроса қилгандек қўшиб қўйди: — Майли, йиғласа, йиғлагандир. Тўридан гўри яқин одамларнинг бари шунақа — йиғлоқироқ бўлади. Қани, етишиб, етишиб юринглар. Бирортангни ҳап этиб кучук қопиб олмасин тағин.

Болалар кейинги ҳовлига яқинлашишди.
— Шу ерда бир зўр берасизлар, — деди Мурод дарвозадан кираётганларида. — Шодмон амакининг боласи йўқ, бир эритамиз:

Анов томнинг орқасида ой кўринар,
Ҳамма уйдан мана шу уй бой кўринар!

Том ортидаги тераклар устида жилмайиб турган тўлин ой ҳовлини сутдек ёритиб юборган, ҳар жой, ҳар жойда сув кўллаб қолган олачалпоқ супа пастида устига катта сават тўнкариб қўйилган сўри — ҳамма, ҳаммаси кундуздагидек аниқ кўриниб турар эди. Болалар «Бойчечак» айта-айта сўрига яқинлашиб келишди ҳамки, ҳеч ким чиқмади.

— Мановини тагида қатиқми, қаймоқми борга ўхшайди, — деди бетоқат болалардан бири саватнинг тагига бошини тиқиб. — Ҳеч ким чиқмаса, кади-падиси билан олиб жўнаймиз.

Худди шу гапин кутиб тургандек орқадаги деразада қизғиш шуъла пайдо бўлди. Кенг ола чопонини елкасига ташлаб олган Шодмон амаки йўтала-йўтала чиқиб келди.
— Ҳей! Нега чинқирасанлар, қулоқ-мияни қоқиб бердиларинг-ку! Ҳе, ўша!..

Бунақа дўқ-деварани кутмаган болалар кўчага қараб қочмоқчи бўлишган эди, Шодмон ака дарвоза томонни тўсиб олди.
— Ҳеч гўрга бормайсанлар! Ҳаммангни Мўйноққа талатаман. Мўйноқ, ҳо Мўйноқ!

Қўрқиб кетган болалар девор тагига ғуж бўлиб олишди. Кимдир йиғлаб юборди.
— Ким йиғлади?

Чурқ этган овоз чиқмади.
— Мен демайсанми! — деб негадир Мурод Қўзивойни олдинга итарди.

Қўзивойнинг дами ичига тушиб кетди.
— Сенмидинг? Яна бир йиғла, бўл! Йўқ, қўшиқ айт, биласанми қўшиқ?

Болакай аранг бошини қимирлатди.
— Зўридан айтсанг, мана, шу сеники. — Шодмон ака киссасидан бир чангал ғижимланган пул чиқарди.
— Айт, бўлмаса, еб қўйяман, вов-вов!

Муроддан эшитавериб миясига ўрнашиб қолган сўзлар беихтиёр болакайнинг оғзидан чиқиб кетди:

«Бойчечак» айтиб келдик эшигингизга.
Худойим ўғил берсин бешигингизга
Бойчечак…

Унинг қалтироқ овозини эшитган Шодмон ака бирдан бўшашиб кетди. Энкайиб болакайнинг юзларини кетмондек кафти билан силади. Қўланса арақ исидан Қўзивойнинг боши айланиб кетди.
— Яна битта айт, жон ўғлим…

Қўзивой боя айтганларини яна такрорлади.
— Айтганинг келсин, болам. — Шодмон ака хумдек бошини боланинг кўкрагига тегизиб мунғайиб қолди.

Табиатан камгап ва юмшоқкўнгил бу одам ичганда феъли айниб, ўзгариб кетарди. Шунақа пайтда «Шодмон ака кўча-кўйда болаларга қанд-қурс улашиб юрарди», десалар, ҳеч ким ишонгиси келмасди.

Тераклар орасидан қуйилаётган ой нури амакининг силкинаётган елкасини, сирғалиб ерга тушган ола чопонини ёритиб турарди. Бу ғаройиб тасодифдан болалар анқайиб қолишди.
— Энди кетинглар! — деди бирпасдан сўнг бошини кўтариб амаки.

Қўзивой Шодмон амаки берган пулларни ола ўзини дарвозага урди, қолганлар ҳам чувиллаб кўчага югуришди. Фонус ёруғида пулни санаб кўришди: ўн икки сўм! Бу — шу чоққача йиғилган пулларнинг ҳаммасидан кўп эди.

— Энди эрталабгача ухлаш йўқ!
— Бир йилдан бир кун ухламасак ўлмасмиз!

Шодмон амакининг сахийлиги болаларни руҳлантириб юборди.

Улар бирин-кетин ҳовлиларга кириб чиқа бошлашди. Ҳамма хонадонда уларни қувонч билан кутиб олишар, кампир-чоллар баҳор элчиси — бойчечакни кўзларига суртишар, урушдан кейинги оғир йил бўлишига қарамай болаларга қанд-қурс, майиз, ёнғоқ, пул беришар эди. Пулни Муроднинг ўзи олар, бошқаларини эса Ортиқ деган ялпоқ юзли бола халтага солиб, орқалаб борар эди. Агар Исмат чўлоқникида юз берган ҳодиса бўлмаганда, болалар ҳали-бери тарқалишмасди.

Исмат чўлоқнинг данғиллама ҳовлисига қадам қўйишлари билан, димоққа гуп этиб, тезак ҳиди урилди. Дарвозахонага туташ молхона деворларига бирор қарич жой қолдирмай таппи ёпилган эди. Молхона охирида лайлак қилиб қўйилган эшак араванинг шотиси ташқарига чиқиб турар, арава ёнидаги устунга боғланган эшак янтоқ чўкиртакларини кавшар эди.

Бойчечагим бийрондур-эй
бийрондур.
Қозон тўла айрондур-ур.р! Бой…

Ҳамманинг оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Осмоннинг таги тешилиб кетгандек, томдан устиларига шовиллаб тўкилган сув баданларини жунжиктириб, кийим-бошларини шалаббо қилди. Кейин итнинг юлқина-юлқина ириллаши эшитилди. Довдираб қолган болалар дуч келган томонга ура қочишди. Қўзивой жонҳолатда Муроднинг этагига ёпишди. Мурод унинг қўлига бир уриб, этагини бўшатди-да; «Ҳамма эски сарой томонга!», деганча тун қаърига сингиб кетди. Ҳайриятки, ит у тарафга қочганларни қувди, йўқса…

Болалар анчадан кейин эски саройда тўпланишди. Кимдир қуруқ хас-хашак топиб, гулхан ёқди.
Мурод ерга тўшалган газета ёнида чўккалаб, гулхан ёруғида йиғилган пулларни санаб чиқди.
— Ўн саккиз сўм.

— Йўғ-э, — Шодмон амакининг ўзи ўн икки сўм берувди-ку?
— Алишернинг бобоси беш, Гулсара мом уч сўм…
— Ҳаммаси шу! — деб болаларнинг сўзини кесди Мурод. — Итдан қўрқиб қочганимда тушиб қолганга ўхшайди.

Болалар гумонсираб «қўмондон»га тикилишди.
— Ишонмаяпсизларми? Мана, кўринглар, — деганча Мурод чўнтакларининг астарини ағдариб кўрсата бошлади.
— Майли, борини бўл!

— Ишониш керак-да, одамга. Менга кўпчиликнинг ҳақи керакмас! — Мурод қўли билан болаларни санади. — Ўн иккита эканмиз.
— Ўн учта!
— Ўн иккита.

— Қўзивой-чи?
— У ҳисобмас.

Бу гапни эшитган Қўзивойнинг тиши такиллашдан, бадани қалтирашдан тўхтаб қолди. Болалар ҳам ҳайрон бўлиб, «қўмондон»га қарашди.
— Устимиздан сув қуйган ким? Шунинг оғайинилари! Жўралари билан тил бириктириб, бизни музлатмоқчи бўлган у лилипут!

— Қўй-э, пешиндан бери ёнимизда-ку! — деб болакайнинг ёнини олди Баҳрилла, — оз бўлса ҳам бериш керак. Эви билан-да…
— Меҳрибонлигингни катта холангга қиласан! — деб Баҳриллага ўшқирди Мурод. — Ичинг ачиётган бўлса, ўзингникини берақол!

— Нега, Бойчечак меники-ку! Сенга уч ҳисса кўп бераман девдинг-ку? — деб йиғламсиради. Қўзивой.
— Меникимиш! Ма, пишириб е! — Мурод ерга тўшалган газетанинг бир четида ётган бойчечакни жаҳл билан

Қўзивойга қараб отди. Бойчечак сал наридаги кўлмакка тушди. Тилларанг япроқчалар қоп-қора булутлар қаърига кираётган куз қуёшидек балчиққа чўка бошлади. Чўкаётган бойчечагига тикилганча суратга тушаётгандек қотиб қолган Қўзивойнинг ҳўнграгиси, дод солиб депсингиси келар, лекин тушуниб бўлмайдиагн аллақандай туйғу уни соқов қилиб қўйган, азбаройи хўрлиги келганидан миқ этолмас эди.

Болаларнинг нигоҳи ҳам чўкаётган бойчечакка михланиб қолган эди. Уларнинг қалбида ўз «қўмондон»ларига нисбатан нафрат ҳислари уйғонган, лекин ҳеч қайсиси дилидагини тилига чиқаришга ботинолмас эди. Фақат Баҳрилла ўзини тутиб туролмади. У бирдан энкайди-да, лойқага қўл тиқиб, бойчечакни олди.

— Шунчаликмас-да, Мурод. Бойчечакда нима айб? Бу… бу…
— Э-э, бу-булайверма! — деб ўшқирди Мурод. Агар Баҳрилла яна бир оғиз тескари гап қилса, ёқасидан олгудек шашти бор эди унинг.

Баҳрилла аламини зўрға ичига ютди. Бойчечакнинг япроқларини этагининг учи билан арта-арта уни Қўзивойга тутди:
— Ма, Қўзивой, хафа бўлма, меникини икковимиз бўлишиб оламиз.

Баҳрилланинг меҳрибонлиги Қўзивойнинг сабр косасини тоширган энг сўнгги томчи бўлди.
— Мен… менга керакмас! Мен Усмонга бермоқчи эдим. Касал, онаси касал унинг! — деб алам билан ҳайқирди Қўзивой. Кейин ўпкаси тўлиб, ҳўнграб юборди.

Бу гапдан Баҳрилла ҳам, бошқалар ҳам титраб кетишди. Ҳатто ҳозиргина урушқоқ хўроздек ҳурпайиб турган Муроднинг вужуди ҳам ток ургандек зирқирарди.

Усмон Муродларнинг ён қўшниси эди. Урушнинг адоғида Усмоннинг отасидан қора хат келган, касалманд онасига қараш ёлғиз Усмоннинг зиммасида эди. Мурод кунора онаси пишириб берган овқатни Усмонларникига олиб чиқар, Усмонларнинг аҳволи ҳаммадан кўпроқ унга, Муродга аён эди. У бўлса… эртага сигарет олиш учун ўз ўртоқларига шумлик қилиб ўтирибди-я…
— Менга қара, Мурод…

Мурод ялт этиб Баҳриллага қаради. Баҳрилла уни койигани оғиз жуфтлади-ю, яна фикридан қайтди:
— Сенга бир гапни тушунтиргандан кўра… Болалар, Қўзивой жуда тўғри ўйлаган экан. Келинглар, ҳамма пулни Усмонга берамиз.

— Бўпти!
— Роса севинади бечора Усмон, — деб чуғурлашди болалар.

Мурод каловланиб қолди.
— Нега сен индамайсан? — деди унинг индамай қолганини ўзича тушунган Баҳрилла. — Бергинг келмаяптими? Ихтиёринг, зўрламаймиз. Ҳаққингни ол-у…

Мурод бошини шартта кўтарди. Бир нима демоқчи бўлди. Лекин тили гапга келмай, беихтиёр Қўзивойга қараб бир қадам ташлади-да:
— Шунақа экан, нега боя айта қолмадинг? — деди ўксиниб. Сўнг нафрат билан тикилиб турган болаларга бир қаради-да, шартта ўтириб этигини ечди, пайтаваси орасидан ғижимланган қоғоз пулларни олиб газетага ташлади.

— Жуда жойига яширган экан-у! — деб юборди кимдир.
— Бу киши яна қўмондош эмиш…

— Мен… мен… — Мурод сакраб турди-да, этик-пайтавасини олиб, ўзини тун қучоғига отди…
— Ўзидан кўрсин, — деди болалардан бири.

Баҳрилла пулларни шу ҳолича газетага ўради. Болалар энг қувончли хабарни юртдошларига етказишга ошиқаётган элчилардек гувиллаб Усмонларникига жўнашди. Олдинда пилдираб кетаётган Қўзивойнинг шодлиги ичига сиғмасди. Унинг хаёлида қўлидаги бойчечак машъала сингари ҳаммаларининг йўлини ёритаётгандек туюлар ва шунинг учун ҳам қўлини баланд кўтариб кетиб борарди.

002

Abdusaid Ko’chimov
BOYCHECHAK
011

033    Abdusaid Ko’chimov 1951 yil 15 mayda Samarqandning Urgut tumanida tug’ilgan. Tumandagi 37- maktabni (1967), Toshkent Davlat pedagogika institutini ozbek tili va adabiyoti fakultetini tugatgan (1968—1972). Mehnat faoliyatini «Lenin uchquni» gazetasida ishlashdan boshlagan.
Ilk kitobi- «Kashfiyotchi bolalar» 1975 yilda chop etildi. Shundan so’ng uning «Halqa», «Qiyofa», «Mening yulduzim», «Umid darahtlari», «Chanoq», «Ikki bahor» kabi she’riy va nasriy kitoblari nashr qilindi. «Baland tog’lar» (2002)saylanma kitobiga yozuvchining qissalari, dostonlari, she’rlari kiritilgan . A. Ko’chimov Halqaro YUNESKO mukofoti, G’afur G’ulom nomidagi mukofot bilan taqdirlangan. Abdusaid Ko’chimov tomonidan bolalar hayoti muammolari badiiy tahlil qilinadi. Unga «O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist» unvoni, «Shuhrat» medali, «Mehnat shuhrati» ordeni berilgan . 1990-1994-yillarda O’zbekiston Oliy Soveti deputatligiga, 1994-1999 va 1999-2004-yillarda O’zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi deputatligiga saylangan.

011

Ona-bola molxona devoriga tappi yopishardi: bolakay eski chelakda o’tinxonadan ko’mir kukunini tashir, yengini tirsagigacha shimarib olgan onasi tappini ko’mir uvoqlariga bulab, dumaloqlardi-da, so’ng devorga urardi. Bolakay birovga zarda qilgandek pachoq chelakni dam-badam dast ko’tarib yerga to’nkarar, botinkasining bir yoni yeyilgan poshnasi bilan chelakni ustma-ust tepkilar edi. Onasi shunda ham pinagini buzmasdi. Ilontepada qizg’in «jang» ketayotgan shunday pallada shalabbo bo’lib ko’mir tashiyotgan bolakayning alamdan bo’g’ilib yig’lagisi kelardi…

Ko’chada ot tuyoqlarining tanish dupuri eshitildi. Bolakay ko’chaga otilmoqchi bo’ldi-yu, onasiga qarab, turgan joyida bo’shashib ketdi. Onasi xuddi quloq bilan ko’chani ko’rib bo’ladiganday xiyol boshini qiyshaytirib, o’qrayib qo’ydi:
— Qara, birov kelganga o’xshaydi!

Bolakay ko’chaga otildi. Uzun chakmonli kishi darvoza ro’parasidagi bukri tolga otini bog’lamoqda edi.
— Ena, Tosh tog’am!

Bolakay tog’lar orasida yashovchi cho’pon tog’asini juda yaxshi ko’rardi. Tog’asi har gal unga g’aroyib sovg’alar olib kelardi. Chiroyli tosh granata, yog’och avtomat ham shu kishining sovg’asi edi.

— Obbo, azamat-ey! Qo’zivoymas, Qo’chqorvoy bo’lib ketibsan-ku! — deya tog’asi girdikapalak bo’layotgan bolakayni baland ko’tardi. Ana shunda Qo’zivoyning ko’zi tog’asining tulki telpagiga qistirilgan sap-sariq boychechakka tushib qoldi-da, uning erkalab aytgan gaplari qulog’iga kirmay qo’ydi. Kechagina Murod chilim boshliq bolalar loyga belanib, qirdan boychechak topolmay qaytishgan edi. Murod chilimdek odam topolmay shalvirab qaytgan boychechakni u — Qo’zi liliput ko’tarib borsa, qoyil bo’lardi-da!

Tog’asi hovliga kirganda ham Qo’zivoyning ko’zi telpakda bo’ldi. Har qancha iymansa ham, baribir o’zini tutib turolmadi:
— Tog’a, anovini qaerdan oldingiz?

— Aytganday, senga boychechak topib keluvdim, — dedi telpagini qo’liga olarkan, jiyanining halidan beri boshiga javdirab turganiga endi tushungan tog’asi. — Qara, qanday chiroyli!

— Rostdan ham mengami? — deb bolakay terisiga sig’may irg’ishlay boshladi.
— Ha-da! — deb tog’asi boychechakni telpagidan avaylab olib, unga tutdi — Anovini qara!

Qattiq yerdan qatrab chiqqan boy-che-chak!
Yumshoq yerdan yaltirab chiqqan boy-che-chak!

Qo’zivoyning qo’liga boychechak tegishi bilan u tevarakka loy sachratib, Ilontepa tomon shataloq otdi.
— Ur-re-e-e! — u boychechakni qo’lida hilpiratib, toychoqdek shataloq otib chopar edi.
— Piyozini loylab ol, so’lib qoladi! — degancha ortidan qichqirib qoldi tog’asi.

Qo’zivoy Ilontepaga yaqinlashganda tepaguzarliklar «tor-mor» etilgan edi. Pastguzarliklar qo’mondoni Murod chilim qo’llari bog’langan «asirlar» oldida g’o’dayib u yoqdan-bu yoqqa yurgancha ularga qanday jazo berish ustida bosh qotirardi. O’yin qoidasiga muvofiq kimdir otuvga, kimdir osuvga, kimdir surgunga hukm qilinishi kerak.

Shafqatsizligi bilan dong taratgan Murod chilimning turqidan qo’rqqulik edi. U «nagan»ini havoda o’ynatgancha asabiy odimlar, belidagi qilichi, etigi qo’njida osilib turgan ho’l va kir paytavasi shap-shap etib boldiriga urilardi.

— O’rtoq qo’mondon, dushmanlar!
Qo’mondon bir sakrab tushdi.

«Bandi»lar yalt etib pastga qarashdi. Qo’zivoy tepalik sari o’rmalab kelardi. Buni ko’rib, «asir»lar nigohidagi oniy quvonch so’ndi: «Liliputning qo’lidan nima kelardi? Otabek bo’lganda…»
— Dushman qancha? — deb Qo’zivoyning yolg’izligini ko’rib turgan bo’lsa ham soqchiga yuzlandi qo’mondon.
— Bittaga o’xshaydi.

— Anig’i?
— Bitta, o’rtoq komandir!
— Tiriklay ushlansin!

«Qurollangan» uch «jangchi» bolakayni qurshab ola boshladi.
— Men o’ynamayman! Men boychechak olib kelyapman! — deb baqirdi nafasi bo’g’ziga tiqilgan Qo’zivoy. — Mana!

U qo’lidagi boychechakni baland ko’tardi. Boychechakning sap-sariq yaproqlari quyosh nurida tilladay tovlanib ketdi.
— Qaerdan topding?
— Qoyil!

Boychechakning quyosh nurida tovlanib turgan tilla yaproqchalari Murod chilimdan boshqa hammaning ko’nglidagi gina-adovatga barham berdi. Chilim ham boychechakni ko’rib bir entikib tushgan bo’lsa-da, «jang»dan keyin zo’rg’a yetishgan lazzatli onlardan mahrum qilgani uchun Liliputni ich-ichidan bo’ralatib so’kdi.
— Zo’r-ku, qog’ozmasmi?— dedi u hammadan keyin boychechakni qo’liga olib. — Xo’b vaqtida kelding-da, pakashvoy. Bu endi bizniki bo’ladi!

Uning soqqaday ko’zlari ayyorona o’ynab turardi.
— Nega seniki bo’larkan? — deya chuvillashdi tepaguzarliklar.

— Sizlarni yengdikmi, yengdik! — deb baland keldi qo’mondon. — Barcha mol-mulklaring ham endi bizniki bo’lishi kerak.
— To’g’ri, to’g’ri! — tasdiqlashdi qo’mondonlarining aqliga qoyil qolgan sheriklari.

— O’yin qoidasida boychechak yo’q! — deb bo’sh kelmadi Ro’zivoy. (Otabek kelmagani uchun bugun u qo’mondonlik qilardi). — Bermasang, Otabekni chaqiramiz!

Otabek bilan Murod tengdosh bo’lsa ham, Murod undan cho’chirdi.
— Uchgacha sanayman. Bersang berding, bo’lmasa… Bir, ikki, ikki yarim, chorakam uch…

Murod dovdirab qoldi. Lekin sir boy bergisi kelmadi.
— Otabek-potabeging bilan qo’rqitolmaysan! — dedi ingichka bo’ynini o’rdakdek cho’zib. — o’irrom!
— O’h-huu! Hali biz g’irrom bo’lib qoldikmi? — dedi bu tuhmatdan bo’g’ilgan Ro’zivoy. So’ng yonidagi bolakayga buyurdi: — Asad, Otabekka chop!

Endi katta janjal bo’lishi aniq edi. Buni Murod ham sezdi-da, chopishga shay turgan Asadning yengidan ushlab to’xtatdi.
— Bo’pti, jirillayverma. Qonun bo’yicha bizniki to’g’ri bo’lsa ham gapingga ko’namiz. Faqat bitta shart bilan: boychechak hammamizniki bo’ladi.

Ikki guzar bolalari «Boychechak» aytishda ham o’zaro bellashib kelishardi. Birinchi bo’lib «Boychechak» aytganlar anchagacha narigi guzarliklarga gap bermay yurishardi. Murod eshitmaganlarini topib aytardi.

— Yo’q! — deya Ro’zivoy burilmoqchi edi, Murod qo’ymadi.
— Shoshma, balki Qo’zivoy rozidir. U esli bola, har narsaga jirillayverish yaxshimasligini tushunadi. To’g’rimi, Qo’zivoy?

Bolalar shundan keyingina bir chetda qolib ketgan Qo’zivoyni eslab qolishdi. O’roqda yo’q, mashoqda yo’q, xirmonda hozir, degandek boychechagiga xo’jayinlik qiluvchilarning ko’payib ketganidan ezilib turgan bolakayga Muroddek mashhur sarkardaning «Qo’zivoy» deb mayin iljayishi yoqib ketdi.

— Birga aytsak, nima bo’pti! Qaytanga ko’pchilik bo’lsak, kuchuklar yaqinlasholmaydi, to’g’rimi?
Xijolat chekayotgan Qo’zivoy ikkilanib qoldi.

Ro’zivoyning jahli chiqdi:
— Ko’nmoqchimisan, uning gapiga? Bilib qo’y, hozir boychechakni olmasang, ikkinchi sen bilan o’ynamaymiz!

— O’ynamasa, o’ynamas! — deb avray boshladi Murod. — Mana, biz bormiz. Biz bilan o’ynayverasan. Sen esa, hey, yosh bolaga unaqa do’q qilaverma, abjag’ingni chiqarib qo’yaman.
— Shunaqami? — deb Murodgamas, balakayga qarab alamli hayqirdi Ro’zivoy, — Sotqin! Ketdik, jo’ralar!

Tepaguzarliklar Qo’zivoyga o’qraya-o’qraya pastga tusha boshladilar. Esankirab qolgan Qo’zivoy ham ularga ergashmoqchi edi. Murod ko’nmadi.

Qo’zivoy nimadir demoqchi bo’ldi-yu, tomog’iga go’sht tiqilgandek burnini torta-torta o’rtoqlarining orqasidan qaragancha qolaverdi. Tepaguzarliklar ko’zdan g’oyib bo’lishi bilan Murod:
— Qo’zivoy — boychechakning egasi, u boshqalardan uch hissa ortiq haq oladi! — deb e’lon qildi.
Qo’mondonning ana shu odilligidan so’ng bolakayning chiroyi ochilgandek bo’ldi.

… Shomga yaqin qishloq bo’ylab bolalarning yangroq ovozi jarangladi:

Boychechak avval bahorda ochiladi-yey,ochiladi!
Yaxshilarning qoshida sochiladi-yey,
Boy-chechak, bo-oy-che-chak!

Bu ovoz hali mag’zi ilimagan dalalarga, endigina kurtaklayotgan daraxtlarga, oqimtir osmondagi yaltiroq yulduzlarga tegib aks-sado berayotgandek tuyulardi.

Reja bo’yicha, «Boychechak» aytish Fotima folbinnikidan boshlandi. Fotima folbin qishloq chetidagi hovlida yolg’iz yashardi. Uning uch o’g’li urushda halok bo’lgan, farzand dog’i momoning ruhiga qattiq ta’sir qilgan edi. Qishloqda u haqda har xil mish-mishlar yurardi: folbin oqshomlari farishtayu maloyikalar bilan gurunglasharmish, hovuz bo’yida ajinalar bilan nog’ora chalib bazm qilarmish. Kimki folbinning jig’iga tegsa og’zini qiyshiq, oyog’ini shol qilib qo’yarmish…

Hovli atrofida nurayverib yer bag’irlab qolgan paxsa devor cho’kib yotgan tuya, kallasi xumdek ayiq va yana allanima balolarni eslatardi. Bo’g’otda osilib turgan yantoq pardalar shamolda Ibn Hattob cholning soqoliga o’xshab selkillar, buralib-buralib o’sgan jiyda tanasi bitta, boshi mingta ajdardek ko’ngilga vahima solardi.

— Kaltagi borlar oldinga o’tsin! — buyruq berdi Murod darvozaga yaqinlashishgach. — Kuchuk chiqsa, hech kim qochmasin! — u ovozi boricha kuylab yubordi:

Boychechak aytgan bilan to’yamizmi-yo!
Burungilar odatini qo’ymizmi-yo!
Bo-oy-che-chek!

Nimqorong’i uy eshigi g’iyqillab, savatdek sochi ustidan ro’mol o’rab olgan folbin chiqdi. Uzun kamzulini sudragancha hassasini to’qillatib kelayotgan kampir alvastining o’zginasi edi.
— O’rgilaylar, bahor keldimi-ya? — demasa ba’zilar juftakni rostlab, qochishlari turgan gap edi.

— Bo’lmasa-chi, mana, qarang, — deb boychechakni unga uzatdi Murod.

— Aylanib ketay bahor elchisidan. Bel og’rig’idan qutuladigan bo’libman-da, — deya folbin boychechakni ko’zlariga surtdi, yaproqlaridan avaylab o’pdi, so’ng qozondek ro’molining qatlarini uzoq timirskilab nimadir oldi-da, Murodga berdi.

— Ma, suyunchi!
— Qozonini shuncha kavlab o’ttiz tiyin beribdi-ya! — dedi folbinning pulini fonus yorug’iga solib qararkan

Murod ko’chaga chiqishgach.

— Shunisiga ham rahmat desangchi, gap pulda emas-ku! — dedi bosiqligi va bilag’onligi uchun «professor» nomini olgan Bahrilla. — Bechora momoning boychechakni ko’rib sevinganini qara! Yig’lab yubordi-ya.
— To’qi-ya, to’qi! — deb qo’l siltadi Murod.

— Yig’ladi! Men oldiginasida edim, aniq ko’rdim, — deb shosha-pisha Bahrillaning so’zini tasdiqladi Qo’zivoy.

— Voy, lochin ko’z-ey, qorong’ida odam odamni bazo’r taniydi-yu, bu kishi kampirning ko’zidagi yoshni ko’rganmish! — deb masxara qildi Murod. Keyin murosa qilgandek qo’shib qo’ydi: — Mayli, yig’lasa, yig’lagandir. To’ridan go’ri yaqin odamlarning bari shunaqa — yig’loqiroq bo’ladi. Qani, yetishib, yetishib yuringlar. Birortangni hap etib kuchuk qopib olmasin tag’in.

Bolalar keyingi hovliga yaqinlashishdi.
— Shu yerda bir zo’r berasizlar, — dedi Murod darvozadan kirayotganlarida. — Shodmon amakining bolasi yo’q, bir eritamiz:

Anov tomning orqasida oy ko’rinar,Hamma uydan mana shu uy boy ko’rinar!

Tom ortidagi teraklar ustida jilmayib turgan to’lin oy hovlini sutdek yoritib yuborgan, har joy, har joyda suv ko’llab qolgan olachalpoq supa pastida ustiga katta savat to’nkarib qo’yilgan so’ri — hamma, hammasi kunduzdagidek aniq ko’rinib turar edi. Bolalar «Boychechak» ayta-ayta so’riga yaqinlashib kelishdi hamki, hech kim chiqmadi.

— Manovini tagida qatiqmi, qaymoqmi borga o’xshaydi, — dedi betoqat bolalardan biri savatning tagiga boshini tiqib. — Hech kim chiqmasa, kadi-padisi bilan olib jo’naymiz.

Xuddi shu gapin kutib turgandek orqadagi derazada qizg’ish shu’la paydo bo’ldi. Keng ola choponini yelkasiga tashlab olgan Shodmon amaki yo’tala-yo’tala chiqib keldi.
— Hey! Nega chinqirasanlar, quloq-miyani qoqib berdilaring-ku! He, o’sha!..

Bunaqa do’q-devarani kutmagan bolalar ko’chaga qarab qochmoqchi bo’lishgan edi, Shodmon aka darvoza tomonni to’sib oldi.
— Hech go’rga bormaysanlar! Hammangni Mo’ynoqqa talataman. Mo’ynoq, ho Mo’ynoq!

Qo’rqib ketgan bolalar devor tagiga g’uj bo’lib olishdi. Kimdir yig’lab yubordi.
— Kim yig’ladi?

Churq etgan ovoz chiqmadi.
— Men demaysanmi! — deb negadir Murod Qo’zivoyni oldinga itardi.

Qo’zivoyning dami ichiga tushib ketdi.
— Senmiding? Yana bir yig’la, bo’l! Yo’q, qo’shiq ayt, bilasanmi qo’shiq?

Bolakay arang boshini qimirlatdi.
— Zo’ridan aytsang, mana, shu seniki. — Shodmon aka kissasidan bir changal g’ijimlangan pul chiqardi.
— Ayt, bo’lmasa, yeb qo’yyaman, vov-vov!

Muroddan eshitaverib miyasiga o’rnashib qolgan so’zlar beixtiyor bolakayning og’zidan chiqib ketdi:

«Boychechak» aytib keldik eshigingizga.
Xudoyim o’g’il bersin beshigingizga
Boychechak…

Uning qaltiroq ovozini eshitgan Shodmon aka birdan bo’shashib ketdi. Enkayib bolakayning yuzlarini ketmondek kafti bilan siladi. Qo’lansa araq isidan Qo’zivoyning boshi aylanib ketdi.
— Yana bitta ayt, jon o’g’lim…

Qo’zivoy boya aytganlarini yana takrorladi.
— Aytganing kelsin, bolam. — Shodmon aka xumdek boshini bolaning ko’kragiga tegizib mung’ayib qoldi.

Tabiatan kamgap va yumshoqko’ngil bu odam ichganda fe’li aynib, o’zgarib ketardi. Shunaqa paytda «Shodmon aka ko’cha-ko’yda bolalarga qand-qurs ulashib yurardi», desalar, hech kim ishongisi
kelmasdi.

Teraklar orasidan quyilayotgan oy nuri amakining silkinayotgan yelkasini, sirg’alib yerga tushgan ola choponini yoritib turardi. Bu g’aroyib tasodifdan bolalar anqayib qolishdi.
— Endi ketinglar! — dedi birpasdan so’ng boshini ko’tarib amaki.

Qo’zivoy Shodmon amaki bergan pullarni ola o’zini darvozaga urdi, qolganlar ham chuvillab ko’chaga yugurishdi. Fonus yorug’ida pulni sanab ko’rishdi: o’n ikki so’m! Bu — shu choqqacha yig’ilgan pullarning hammasidan ko’p edi.

— Endi ertalabgacha uxlash yo’q!
— Bir yildan bir kun uxlamasak o’lmasmiz!

Shodmon amakining saxiyligi bolalarni ruhlantirib yubordi.

Ular birin-ketin hovlilarga kirib chiqa boshlashdi. Hamma xonadonda ularni quvonch bilan kutib olishar, kampir-chollar bahor elchisi — boychechakni ko’zlariga surtishar, urushdan keyingi og’ir yil bo’lishiga qaramay bolalarga qand-qurs, mayiz, yong’oq, pul berishar edi. Pulni Murodning o’zi olar, boshqalarini esa Ortiq degan yalpoq yuzli bola xaltaga solib, orqalab borar edi. Agar Ismat cho’loqnikida yuz bergan hodisa bo’lmaganda, bolalar hali-beri tarqalishmasdi.

Ismat cho’loqning dang’illama hovlisiga qadam qo’yishlari bilan, dimoqqa gup etib, tezak hidi urildi. Darvozaxonaga tutash molxona devorlariga biror qarich joy qoldirmay tappi yopilgan edi. Molxona oxirida laylak qilib qo’yilgan eshak aravaning shotisi tashqariga chiqib turar, arava yonidagi ustunga bog’langan eshak yantoq cho’kirtaklarini kavshar edi.

Boychechagim biyrondur-ey
biyrondur.
Qozon to’la ayrondur-ur.r! Boy…

Hammaning og’zidagi og’zida, bo’g’zidagi bo’g’zida qoldi. Osmonning tagi teshilib ketgandek, tomdan ustilariga shovillab to’kilgan suv badanlarini junjiktirib, kiyim-boshlarini shalabbo qildi. Keyin itning yulqina-yulqina irillashi eshitildi. Dovdirab qolgan bolalar duch kelgan tomonga ura qochishdi. Qo’zivoy jonholatda Murodning etagiga yopishdi. Murod uning qo’liga bir urib, etagini bo’shatdi-da; «Hamma eski saroy tomonga!», degancha tun qa’riga singib ketdi. Hayriyatki, it u tarafga qochganlarni quvdi, yo’qsa…

Bolalar anchadan keyin eski saroyda to’planishdi. Kimdir quruq xas-xashak topib, gulxan yoqdi.
Murod yerga to’shalgan gazeta yonida cho’kkalab, gulxan yorug’ida yig’ilgan pullarni sanab chiqdi.
— O’n sakkiz so’m.

— Yo’g’-e, — Shodmon amakining o’zi o’n ikki so’m beruvdi-ku?
— Alisherning bobosi besh, Gulsara mom uch so’m…
— Hammasi shu! — deb bolalarning so’zini kesdi Murod. — Itdan qo’rqib qochganimda tushib qolganga o’xshaydi.

Bolalar gumonsirab «qo’mondon»ga tikilishdi.
— Ishonmayapsizlarmi? Mana, ko’ringlar, — degancha Murod cho’ntaklarining astarini ag’darib ko’rsata boshladi.
— Mayli, borini bo’l!

— Ishonish kerak-da, odamga. Menga ko’pchilikning haqi kerakmas! — Murod qo’li bilan bolalarni sanadi. — O’n ikkita ekanmiz.
— O’n uchta!
— O’n ikkita.

— Qo’zivoy-chi?
— U hisobmas.

Bu gapni eshitgan Qo’zivoyning tishi takillashdan, badani qaltirashdan to’xtab qoldi. Bolalar ham hayron bo’lib, «qo’mondon»ga qarashdi.
— Ustimizdan suv quygan kim? Shuning og’ayinilari! Jo’ralari bilan til biriktirib, bizni muzlatmoqchi bo’lgan u liliput!

— Qo’y-e, peshindan beri yonimizda-ku! — deb bolakayning yonini oldi Bahrilla, — oz bo’lsa ham berish kerak. Evi bilan-da…
— Mehribonligingni katta xolangga qilasan! — deb Bahrillaga o’shqirdi Murod. — Iching achiyotgan bo’lsa, o’zingnikini beraqol!

— Nega, Boychechak meniki-ku! Senga uch hissa ko’p beraman devding-ku? — deb yig’lamsiradi. Qo’zivoy.
— Menikimish! Ma, pishirib ye! — Murod yerga to’shalgan gazetaning bir chetida yotgan boychechakni jahl bilan

Qo’zivoyga qarab otdi. Boychechak sal naridagi ko’lmakka tushdi. Tillarang yaproqchalar qop-qora bulutlar qa’riga kirayotgan kuz quyoshidek balchiqqa cho’ka boshladi. Cho’kayotgan boychechagiga
tikilgancha suratga tushayotgandek qotib qolgan Qo’zivoyning ho’ngragisi, dod solib depsingisi kelar, lekin tushunib bo’lmaydiagn allaqanday tuyg’u uni soqov qilib qo’ygan, azbaroyi xo’rligi kelganidan miq etolmas edi.

Bolalarning nigohi ham cho’kayotgan boychechakka mixlanib qolgan edi. Ularning qalbida o’z «qo’mondon»lariga nisbatan nafrat hislari uyg’ongan, lekin hech qaysisi dilidagini tiliga chiqarishga botinolmas edi. Faqat Bahrilla o’zini tutib turolmadi. U birdan enkaydi-da, loyqaga qo’l tiqib, boychechakni oldi.

— Shunchalikmas-da, Murod. Boychechakda nima ayb? Bu… bu…
— E-e, bu-bulayverma! — deb o’shqirdi Murod. Agar Bahrilla yana bir og’iz teskari gap qilsa, yoqasidan olgudek shashti bor edi uning.

Bahrilla alamini zo’rg’a ichiga yutdi. Boychechakning yaproqlarini etagining uchi bilan arta-arta uni Qo’zivoyga tutdi:
— Ma, Qo’zivoy, xafa bo’lma, menikini ikkovimiz bo’lishib olamiz.

Bahrillaning mehribonligi Qo’zivoyning sabr kosasini toshirgan eng so’nggi tomchi bo’ldi.
— Men… menga kerakmas! Men Usmonga bermoqchi edim. Kasal, onasi kasal uning! — deb alam bilan hayqirdi Qo’zivoy. Keyin o’pkasi to’lib, ho’ngrab yubordi.

Bu gapdan Bahrilla ham, boshqalar ham titrab ketishdi. Hatto hozirgina urushqoq xo’rozdek hurpayib turgan Murodning vujudi ham tok urgandek zirqirardi.

Usmon Murodlarning yon qo’shnisi edi. Urushning adog’ida Usmonning otasidan qora xat kelgan, kasalmand onasiga qarash yolg’iz Usmonning zimmasida edi. Murod kunora onasi pishirib bergan ovqatni Usmonlarnikiga olib chiqar, Usmonlarning ahvoli hammadan ko’proq unga, Murodga ayon edi. U bo’lsa… ertaga sigaret olish uchun o’z o’rtoqlariga shumlik qilib o’tiribdi-ya…
— Menga qara, Murod…

Murod yalt etib Bahrillaga qaradi. Bahrilla uni koyigani og’iz juftladi-yu, yana fikridan qaytdi:
— Senga bir gapni tushuntirgandan ko’ra… Bolalar, Qo’zivoy juda to’g’ri o’ylagan ekan. Kelinglar, hamma pulni Usmonga beramiz.

— Bo’pti!
— Rosa sevinadi bechora Usmon, — deb chug’urlashdi bolalar.

Murod kalovlanib qoldi.
— Nega sen indamaysan? — dedi uning indamay qolganini o’zicha tushungan Bahrilla. — Berging kelmayaptimi? Ixtiyoring, zo’rlamaymiz. Haqqingni ol-u…

Murod boshini shartta ko’tardi. Bir nima demoqchi bo’ldi. Lekin tili gapga kelmay, beixtiyor Qo’zivoyga qarab bir qadam tashladi-da:
— Shunaqa ekan, nega boya ayta qolmading? — dedi o’ksinib. So’ng nafrat bilan tikilib turgan bolalarga bir qaradi-da, shartta o’tirib etigini yechdi, paytavasi orasidan g’ijimlangan qog’oz pullarni olib gazetaga tashladi.

— Juda joyiga yashirgan ekan-u! — deb yubordi kimdir.
— Bu kishi yana qo’mondosh emish…

— Men… men… — Murod sakrab turdi-da, etik-paytavasini olib, o’zini tun quchog’iga otdi…
— O’zidan ko’rsin, — dedi bolalardan biri.

Bahrilla pullarni shu holicha gazetaga o’radi. Bolalar eng quvonchli xabarni yurtdoshlariga yetkazishga oshiqayotgan elchilardek guvillab Usmonlarnikiga jo’nashdi. Oldinda pildirab ketayotgan Qo’zivoyning shodligi ichiga sig’masdi. Uning xayolida qo’lidagi boychechak mash’ala singari hammalarining yo’lini yoritayotgandek tuyular va shuning uchun ham qo’lini baland ko’tarib ketib borardi.

09

(Tashriflar: umumiy 159, bugungi 1)

Izoh qoldiring